Описание книги
Ҳурматли китобхон! Биз мазкур қўлланмада Сизга кейс-услуби, унинг Гарвард мактабида илк бор юзага келганлиги, бир вақтлари унга «ёмон» кўз билан қаралгани ёки унинг таълим тизимидаги ўрни салбий баҳоланганлиги ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Чунки булар ҳақида илмий-услубий журналларда кўплаб мақолалар эълон қилинган, оммавий ахборот воситаларида эса кўплаб хабарлар тарқатилган ҳамда қўлланмалар ёзилган, шунингдек Интернет тармоғида кўплаб материаллар мавжуд. Лекин шунга қарамасдан, турли фанларга оид кейслар яратиш ва уларни ечиш услублари ҳақида ўзбек тилида ёзилган адабиётлар ҳанузгача етарлича эмас. Ўрта махсус, касб-ҳунар (шунингдек, Олий, умумий ўрта) таълим муассасаларида ўқитиладиган турли ижтимоий фанлар бўйича кейслар тузиш ва уларни ечишга қаратилган ўқув қўлланмалар умуман йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу қўлланмада маъруза ва амалиёт машғулотларида фойдаланиладиган ижтимоий-иқтисодий фанларга оид кейсларни қандай қилиб ечиш лозимлиги, амалиётда улардан фойдаланиб, машғулотлар, семинарлар ва интервьюлар ўтказиш мобайнида қандай ишларни амалга ошириш кераклигини, кейс жавобларини қандай ёзиш, муаммоларни ҳал этишга мўлжалланган тақдимотларни қандай тайёрлаш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтамиз.Қўлланма ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун мўлжалланган бўлиб, у умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар ва магистрантлар, педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтлари ўқитувчилари, шунингдек, кейс технологияси билан қизиқадиган барча китобхонларга кўмакдош бўлиши мумкин.