Читать книгу Мовароуннаҳр ёди ёҳуд султон Қутуз қиссаси - Коллектив авторов, Ю. Д. Земенков, Koostaja: Ajakiri New Scientist - Страница 1

Оглавление

Энг сўнги версия


Мовароуннаҳр ёди


ёҳуд султон Қутуз қиссаси

Пок Ихлос ичида Улуғ Мавлога юкуниб бошлайман.

Ушбуни раҳматли Отам Қаршибой Улуғбой ўғлининг ёрқин хотирасига бағишлайман.

МУҚАДДИМА

Неча асрлик аёвсиз истибдодга дебоча бўлган мўғуллар босқинига қарши кураш аслида Жалолиддин Мангуберди жасорати билан якун топган эмасди. Ишончли манбаларнинг шоҳидлик беришича, Жалолиддиннинг мўғуллар томонидан асир олиниб, сўнгра беном-бенишон кетган жияни, синглиси Хонсултоннинг фарзанди аржуманди – Маҳмуд Сайфиддин Қутузнинг дараги орадан йиллар ўтиб, мамлуклар султонлиги – Қоҳирадан чиқди. Ҳали норасида пайтида қул қилиб сотилган Маҳмуд асли туркий ғуломлардан бўлган, Мисрнинг илк мамлук султони амир Муизиддин Ойбек раҳнамолигида мансаб пиллапояларидан кўтарилиб, Миср нойиби даражасига етишган эди. Ойбек ўлимидан сўнг (1257) қўшинлар отабеги даражасида султонликдаги барча тизгинларни ўз қўлида жамлагач, Маҳмуд Сайфиддин Қутуз 1259 йилда Миср тахтини тўла-тўкис эгаллади.

Бу вақтда мўғуллар Шомни (Сурия) эгаллаб, Мисрга таҳдид қилмоқда эди. Айни таҳликали замонда ўзаро рақобатда бўлган кучларни бирлаштира олган Қутуз қўшинлари 1260 йил кузида Айн Жолут ёнида мўғуллар билан тўқнаш келди. Аёвсиз савашдан музаффарият яловини баланд тутиб чиққан султон Малик Музаффар («Зафарбардор шоҳ») дея алқанди. Бу ғалаба маъжусий мўғуллар истилосига тўғаноқ бўлган, уларнинг Ислом юртларига бундан буёнги юришларига амалда барҳам берган улуғ ҳодиса эди. Миср мамлуклар султонлиги тахтида лоақал тўлиқ бир йил ҳам ўтирмасдан, бутун араб юртларини қаҳрли мўғул тўдаларининг аёвсиз истибдодидан сақлаб қола билган Малик Музаффар Қуттузнинг бу ўлкаларда шу кунларга қадар афсонавий бир халоскор ўлароқ мадҳ этилиши шу боис бежиз эмасдир.

Эҳтимол, Қутуз ўз киндик қони тўкилган юртдан олисларда бўлса-да, хусусан, тоғаси Жалолиддин Мангуберди қалбига туккан Мовароуннаҳр учун интиқом қарорини шу тариқа амалга ошира олгандир… Эҳтимол, у Хоразмшоҳлар қонини қийратиш интиқомсиз қолмаслигини шу тариқа исботлай олгандир. Аммо, ҳар не бўлганда ҳам, Хоразмшоҳлар фожиаси ҳали ниҳоясига етган эмасди. Айн Жолут ёнидаги зафар шарафига шикор ва зиёфат уюштирилар экан, Малик Музаффар Қутуз айни зиёфат чоғи қаттол фитна қурбони бўлди – у ўз лашкарбошилари томонидан ўлдирилди. Фитна бошида турган бош хиёнаткор эса қипчоқ асилли Бийбарс эди. Даври даврон дорулсалтананинг – Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фурот ва Дажла дарёлари қадар ўз таъсирини ёйган Хоразмшоҳлар салтанатининг бошини еган фитнакор қипчоқларнинг яна бир насли бу сулоланинг, эҳтимолки, энг сўнгги вакилини шу тариқа маҳв этган эди.

Малик Музаффар Қутуз қисматининг баёни энди мана бу ҳикоямиздадир.

* * *

Ҳисларимда мени дарбадар этгувчи талваса бор эди; бу – руҳий бир инқилоб эди.

Нега мен дафъатан ўзим учун мубҳам бўлган бир ҳадик ичра қолдим?

Ҳилқатимдаги вазминлик қайга ғойиб кетди?! Ироданинг мудом вазминликка етакловчи қудрати қани? Нечун ғойиб бу дам у? Нега томирларим ичида қон эмас, бамисли оташ-олов муттасил кезинмоқда, вужудим аро аллақандай гулхан тобора ўрламоқда?! Муддаоим не ўзи?!

Ичимда юк бор эди – абгор ҳолга келтиргувчи оғир юк. Мен ўшал юкни зиммамда муттасил ортиб юрардим. Бир ўй мени забтига олди: ахир Жалолиддин Хоразмшоҳ ҳаёти зикрида битилмиш иккинчи роман муқаддимасида ҳам шундай ҳолга тушмаганмидим?!

Саналар муқаддам Жалолиддин Мангуберди ҳаётини яшаб ўтганим каби энди Сайфиддин Қутузнинг-да улкан дардини ичимда ташиб юрардим. Ичим ичимга сиғмасди. Чиндан юким оғир эди. Ҳадик ичида эдим. Мен бир заифа эдим, тимсол эса мамлук эди – жавонмарди баҳодир эди, Хоразмшоҳ аслли Жалолиддин Мангубердининг жияни – Мисрий мамлуклар ҳожаси Сайфиддин Қутуз эди. Ёзмоқ қайғуси тушиб бошимга, ичим ичимга сиғмасди. Бунинг уддасидан чиқа олармиканман, деган ҳадик мени гирён азобларга улоқтирарди. Юрагим деворини безовта тепиши, ҳисларимдаги бежо талвасанинг боиси шундан эмасмиди?!

Ижодий жазба ичида эдим. Қўлёзма эса қўлимда эди. Қулфнинг калити ўзимда эмасмиди?!

Шунда мен Макон ва Вақтнинг титилаёзган кўҳна қўлёзмалари ичида баайни қотиб қолган жисмимни юлқиб тортқиладим.

Ўрнимдан даст турдим… Мен Вақтнинг мудҳиш соҳилига бориб қолганимни англадим… Қон эмас, денгизлару уммонлар шовқини оқарди томирларимда. Қорачиғимдан томчи-томчи ёш ўрнида, жигаримнинг қаҳваси сизиб чиқарди.

Шамолларга суриниб, ўз соямга уриниб борардим.

Атрофимда фақат шамол бор эди. У иситмаси ошган вужудимни совутар, ғулу кўнглимни овутар эди. Ўнгим ва сўлимда икки ўпқон – икки баҳайбат кўл бор эди. Унинг иккиси ҳам мени ямлаб ютмоққа шай турган мустабид зулмкор эди. Юришда давом этарканман, тилим учида нечанчи бор айланган, нечанчи бор такрор этганим бир мантиқ бор эди:

– Мен ҳам шамол бўлганимда, ўз осмонимда озод эсардим.

Аслида бу мантиқ менинг забун ҳолимга жўнатилган раддия эди. Раддияки, ёзилажак асар мантиғи бунда мужассам бўлғай… Ва яна бу раддияда “Ўздан бадар кетиб, ҳурликка интилиш, яшаш муҳим эмас, фақат ёзиш, ёзиш даркор”, деган иддао ётарди. Қулфнинг калити ўзимда эмасмиди?!

Қулфнинг калити ўзимда эди…

Чор тарафим сув билан ўралгани боисдир, эҳтимол, совуқ денгизнинг дилдор тўлқинлари ва дилбар шамоллари гўё томирларим ичига қуйилиб оқди-ю, бир муддат илгари вужудимни ёққан ўт-оловни, иситмам тафтини босди-қўйди. Биламан, бу ҳол узоқ давом этмайди. Асарга дебочани бошлаб олсам бас…

Ўша совуқ денгизнинг жамил тўлқинлари ва ҳалил шамоллари менинг мувозанатимни барқарор этгани рост эди… Соҳил лабига тушиб борган чоғим хотираларим тиниқлашиб, руҳиятимга тағин хотиржамлик ва сокинлик қайтаётганини ҳис этдим.

Ва шунда… ва шунда мен, ниҳоят, Сайфиддин Қутуз ҳақидаги китобга дебочани қирғоқ бўйида қораладим....

****

Қай фасл кечган эди? Санаси нечанчи эди? Англай олмади, фақат…

Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фирот ва Дажла соҳили қадар туп қўйиб, палак ёзган дорулсалтанада бирдан сичқон болалаб, гап оёқлади. Сочига бит оралаб, юзи тараша мисол тиришган, лаби-лунжи хунук буришган, пажмурда сифат хотун Жайҳун қайирида ўтириб, дуч келганга, харами ҳумоюн томон шаҳодат бармоғини нуқиб кўрсатар, “…бул томондин ачиган сув ҳиди анқияпгандай”, дея валдирайвергач, гурганжликлар “…палакатинг ўзингга юққур! Еткурган напасинг бунча совуқ бўлмаса. Шумқадам, бир балони бошлаб келмаган бўлсанг гўрга эди”, дея ундан ҳазар қилиб қочишарди.

Айрим шоҳидлар бирдан ҳушёр тортади. Аммо халойиқ Гурганжда захоб пардасига ўранган кўланса ҳидин туймайди. Хотин тинмай валдирайвергач, авом бу иблис шевали аспижаллоб хотинга бошқа аҳамият бермай қўяди.

“Мен ўша куни ҳарами ҳумоюннинг юмуши юзасиндан ташқари чиқиб эдим. Қайтишда саватчалар тўла бундул, пушти буйригул ва савринжон олиб қайтаяпган эрдим, – дея эслади Ҳадича халфа. – Ўшанда анинг ҳомуза тортиб, тинимсиз валдирашининг дорулхалофатга қандай алоқаси бор эрди – буни ҳеч била олмадим, аммо недандир кўнглим беҳузур бўлғони чин эрди”, дея хабар етказди у бекасига.

Мана, Ҳадича халфа тағин эслади: иккинчи бор у хотунни Данғара дарбозаси ёнида учратмиш эди. Ўшанда олқинди совун мисол ўзини олдирган бу кўримсиз хотуннинг лаъин фуқароси экани маълум бўлди: у ғайбни кўриш билан ўзини машғул тутиб, кимсаларнинг юлдузига беорларча боққувчи эди. Учинчи бор халфа мунажжимани ҳарам атрофида учратди.

Ё Саттор, дея ошёна ҳатлаб ичкарига кирган халфа Хонсултонга шипшиди:

– Хонсултон бекам, бир абхорим бор сиза.

– Не эмиш ул абхор?

– Сиза димоғидин заҳоб ҳид анқиғон, адрасман тутатиб, аспижаллоблик қиладирғон бир хотун ҳақинда гапириб эдим…

– Хўш.

– Анинг ҳарами ҳумоюн атрофинда дайдиб юрғонини кўрдим. Магарам ул хотун ғайбни кўра оладур, юлдузингиза боқиб, эртанги кунингизни айтиб берадур!

Хонсултоннинг сочига куя тушиб, қатида оқ қуртлар ўрмалай бошлади. Бирда у фол очирмаганмиди, ахир? Ўшанда фолбиннинг башорати чин чиқмаганмиди? Ҳа, ҳа, Мамдуднинг қатли хусусида, ҳали ҳожаси завол топмасидан бир йил бурун мунажжима башорат қилганди. Ўшанда фол кўргич “Ҳожангизнинг хотимаси хайрли кўринмаётир. Анинг умри доли-гулиға етмиш. Магарам дарж этар бўлсам, анинг боши кундаға эгилмишдур”, демаганмиди? Алқисса, башорат чин чиққан эди.

Ой этак бирла ёпилмаски, магарам мунажжимани ҳузурига олиб кирар бўлса, бунинг овозаси волидаи калон Туркон қулоғига етиб бормасми?

Шунда соҳибжуръат Ҳадича бекасига яна жаҳд кўрсатди:

– Бекам, агар истар экансиз, амр этинг, ани ҳузурингиза мутлоқ хуфя олиб киргаймен, фақат менга инонсангиз бас!

Ҳадича хуфя юмуш бажармоқда устаси фаранг эди. Бекасига тоабад содиқ ва садоқатли жория эмасми, кимки Хонсултонга қасдлашса, хонумонига ўт қўяди. Бу эпчил чилбирни қўлга олар бўлса, ип эшгичнинг калавасига куя тушгай.

Бинойи саркаш ўзини эси паст, анқов кўрсатиб, отни етаклаб сувга олиб боради… Ё пирим-ай, ана, эрмак бўлишни кўринг шунда, силласи қуриган шўрлик от дарё лабидан тили осилганча суғориқсиз қайтади. Хай-ҳай, ҳийласи қурғурдан Худо сақласин! Макри етти эшакка юк бўлгуликмасми, халфа дегани, ўзини афанди-анди кўрсатиб, илму амалини ишга солади. Йўлин тўсганнинг оёқ-қўлини занжирлайди-да, лунжига оғу сочиб қочади. Бу устакор тадбир унга кимдан мерос қолган бўлса? Иши қиёмига етмагунча, “ишим биткирмасам ўламан Саттор”, дея юмуш ичига кўмилиб юради.

Қун пешинга оғар маҳал, жазирада димоғидан иссиқ нафаси анқиган Ҳадича “ё Раззоқ, қувват бер мана”, деганча Хонсултоннинг ҳузурига хотунни бошлаб кирди.

Не эди у, қорачиғидан сачраган учқун? Сукунатин муҳофаза этиб, назокатин қўриган бека, барги мустаму гули мадоҳил нақши бериб тикилган ипак кўйлагининг этагини тўпиғига довур туширди. Худди мана шу сонияда саратон қуёши ошёна меҳробидан бир кўриниш берди-ю, акси эса Хонсултон беканинг қорачиғида қарсиллаб синди.

Хотун занжабилни шимиб, Хонсултоннинг зиё сочаётган кўзига қараб узоқ турди. Сўнгра вужуди жунбушга келиб, димоғидан кўланса ҳид гупурди. “бир кулфати кабирни сезаётирман, бул томондин, – у ҳарами ҳумоюнга ишора қилди, – ачиган сув ҳиди анқияпгандай”, дея валдиради.

Ёсуман ҳилқи эшилиб, қарагичнинг унга қизиқиши ортган кез, хотун куфрона рақс ичида жавлон ура бошлади.

Маъжуси-жунун ичра чаппар урган иблис шевали хотун сеҳру жоду-ла Хонсултоннинг кўзини бойлаб, куфрони неъмат айлайди.

– Олисда бир шарпа кўринаётир. Ўғлингиз бор эмиш. Бекам, ҳазир туринг, кўлага яқинлашаётир! Кўланка-кўлага барчани баробар домиға тортаётир, аммо, – дея таъкидлайди хотин тағин эшилиб, – ўғлингиза ғайбдин қутқарув келаётир.

Шу тоб нариги ошёнада жавҳарлиму димламасини ичиб, тўрбеланчакда ётган Сайфиддин бу ёндаги ҳангомани эшитиб, бирдан ўрнидан турди. У қийрахон турган эшикни ланг очиб, ўктам қадамла онасининг ёнига келиб етди.

Занжабил шимигич ёсуман, бек боланинг атрофини бир қўр айланиб чиқди. Cайфиддин унга ижирғаниб боқаркан, онасига юзланди:

– Бек онам, бу хотуннинг не иши бор бизим саройда?

Хонсултон жориясига ишорат бергач, Ҳадича мунажжимани ошёнадан олиб чиқиб кетди. У фол кўргич хотунга тангалар солинган халтачани узатар экан:

– Қоранг ўчгур, даф бўл энди! Қайтиб бу ёнларда оғжим юзингни кўрсатма сира, – дея уни жеркиб қувди.


***

Туннинг қаро кўксини безаб чиққан юлдузлар, кўк юзида балқий бошлади. Тим қаро кўк юзи чақноқ юлдузлар билан зийнатланганди. Олис буржида сулув чайқалган Муштарий яшнаб ханда отади. Шу пайт бежо чайқалган бир парча булут лахча чўғ мисол ёнган юлдузни зимдан зулмат пардасига ўради, аммо юлдуз йилт этиб, булут кўксини ёриб чиқди-ю ўз буржида рақс тушиб яна қалқий бошлади.

Эшик очилган чоғ атрофда бежо кезинган шамол ўзини ичкарига урди.

– Қорнинг очғондир? – сўради ичкарига кечки таом олиб кирган сипоҳ.

Хонсултон индамади, аммо юраги кўксини бежо тепиб, хаёллари нолон тўзғиди. Ҳа-я, кеч кирипти. Мана, атроф зулмат пардасига ўранипти, буни англамаганини қара. Ҳадича шамни қачон ёққан бўлса?

– Сенларга емиш келтирдим.

Сипоҳ зарда билан таомни хонтахтага қўйиб, сўнгра чиқиб кетди. Хонсултон чанг мисоли тўзғиган хотираларини сокинлаштирмоқ ниятида титилаёзган мусибатли китобини ростлай бошлади. Гарчи кечки танаввул пайти бўлса-да, у емакка эҳтиёж сезмади.

Нима ҳақида ўй сураётган эди-я?

У тўзғиган хаёлларини тафаккур жомига жамлай бошлади. Ана шунда барчаси эсига тушди. Бирда у фол очирган эди, ўшанда мунажжима ҳожаси Мамдуднинг қатли хусусида башорат қилганди. Кейинги фол кўргич малъуна эса, сеҳру жоду-ла авраб, “бир кулфати кабирни сезяпгандайман, бул томондин ачиган сув ҳиди анқияпгандай…” дея кўзин бойлади.

Иттифоқо, олти ой ўтгач, кўланка аломатлари кўзга кўрина бошлади.

– Э воҳки, у куфрон қули бежиз валдираманган экан, – дея фикр қилди яна Хонсултон.

Ўшанда ҳукмдор отаси Мовароуннаҳрга Чингизхон юборган элчиларни қатл этишга фармон берганди. Атрофда қон ҳиди анқиб, Хонсултон нохуш сесканди, шунда унинг далли хаёлида қумурсқалар ўрмалай бошлади.

“Олисда бир шарпа кўринаётир. Ўғлингизга ҳазир туринг, бекам, кўлага яқинлашаётир! Кўланка-кўлага барчани баробар домиға тортаётир, аммо ўғлингиза ғайбдин қутқарув келаётир…“

Ўшанда хон Чингиз Мовароуннаҳрга қонли юриш бошлади.

Хонсултон ижирғаниб, жаҳд-ла ўрнидан турди-да, нима қиларини билмай, бошини чангаллаб узоқ турди. Сўнгра қайтиб яна жойига чўкди, қаро тун ридосига мотамсаро ўраниб, милт-милт ёнган шам ёғдусига тикилган кўйи узоқ ўтирди.

Аслида у Ҳадичадан хабар кутаётир эди, аммо бу мужда таҳликали эди ниҳоят.

Жория ичкарига кирган маҳал Хонсултон бирдан ҳушёр тортди. Аллақандай таҳлика ичида бекасига яқинлашган Ҳадича сирли шипшиди:

– Бекам, дедиклари чин эмуш, чиндан болани илон чаққанмуш.

– Демак чин эмуш. – Хонсултоннинг лаблари қимтинди, сўнгра фурсат ўтиб, – хўш, – дея оқсочига олазарак боқди.

– У ўлипдур.

Хонсултон ўрнидан туриб кетди.

– Ўлиптиму?

– Шундоқ.

– Демак, иш ниҳоят ҳал бўлажакдур.

– Иш, илло битажактур, бекам. Пайтдан фойдалангаймиз.

– Бу ҳақда оғанг Ҳамзага ишорат жўнатдингму?

Хадича боши билан унсиз “шундоқ” деган маънода бекасининг гапларини тасдиқлаб, “хабар учирдим” деди, аслида унинг Хонсултонга айтажак бошқа муҳим гапи ҳам бор эди:

– Бунда ўлган боланинг майитини олиб келурлар. Биздан эса бунинг эвазига ақча, нақ олтин тангалар талаб этмоқдалар.

– Бошқа турли бўлса, ақлим шошарди зотан… Албат, талабларин сўзсиз адо этажакмиз.

Хонсултон чуқур нафас олиб:

– Ниҳоят, ўғлум мўғулларнинг темир чангалидан қутулажакдур, ўлим чекилажакдур, “…ўғлингиза ғайбдин қутқарув келаётир…” дея рост айтмиш экан фолбин хотун, – эслади Хонсултон, кейин пичирлаган кўйи яна нималардир деди.

– Ул малъуна бир турли чин айтмиш экан, бекам, – дея сочига бит оралаган мунажжиманинг тараша мисоли тиришган кўримсиз юзини кўз олдига келтирди Хадича.

Хонсултон қўли билан оғзини беркитиб, унсиз йиғлай бошлади.

– Хайрлиси бўлажакдур! Аммо бекам, бу он йиғламоқнинг фурсатимасдур, шошмасак бўлмас.

– Чиндан шошмасак бўлмас. – У йиғисини тийиб, хобгоҳда ухлаётган ўғли ёнига борди.

– Толеъингга яна нелар битилган бўлса сенинг?..

Бек бола уйқу ичида недир деди-да, нариги ёнига ағдарилиб, ухлашда давом этди.

– Бекзодам, бекзодам, туринг. Туринг дейман!

Жория Сайфиддиннинг устидан ёпинчиғини тортиб уйғотди, сўнгра оҳорли либоси жанда кийимга алмаштирилди.

– Бизни холи қўй, – деди Хонсултон оқсочига.

Ҳадича нарига чиқди. У эҳтиёт шарт атрофга синчков боқди: шукрки ҳужрада кимса йўқ, аммо чор тарафи таҳликали ридо ичига ўранган мисол жуда қўрқинчи кўринди.

Хонсултон Сайфиддинни олиб чиқай демасди. Ҳадича ичкарига мўралаб:

– Бекам, вақт тиғиз, шошмасак бўлмас. – деди.

Волиданинг жигарбандидан ҳеч ажралгиси йўқ эди. У дилбандининг юз-қўзидан телбаларча ўпар, пичирлаган кўйи бир нималарни тинмай фарзандига уқтирар эди.

Сайфиддин нуридийдасига қараб:

– Бек онам, дедикларингизни илло уқтим. Бас, ортиқ йиғламанг, хавотир бўлманг,– деди.

– Хўп, энди йиғламагаймен. Роббим бошқа йиғлагулик қилмасун!

Хонсултоннинг норинж мисол зафарон юзи баттар синиқиб, дарду алами қорачиғида мунг каби қотди. У кўз ёшларини артиб, жигарбандини бағрига босган кўйи охирги бор уқтирди:

– Ҳар не бўлса бўлсин, ўғлум, иймонинг ва ақлингдин айрилма зинҳор. Суринар бўлсанг, йиқилмасликнинг чорасини кўр. Магарам йиқилар бўлсанг, юз карра қувватга дўниб тур. Фақат сен чўкма. Ва зинҳор ким эканинг унутма. Дедикларимни унутма!

У ўғлини яна маҳкамроқ қучди, аммо барибир чорасиз она унсиз йиғларди. Нуридийда селлари сира тўхтай демасди. Волиданинг жигарбандидан ажралгиси йўқ эди ё, ҳу!

– Бекам! Бекам, дейман, шошмасак бўлмас ахир!

****

Чорак соат ўтар-ўтмас ридога ўралган майит ичкарига киритилди.

Хонсултоннинг овози бутун оламни тутиб кетди.

Эртаси куни миш-миш тарқалди. “Хонсултоннинг боласини илон чаққанмуш, бояқиш бола тил тортмай ўлипдур!”

Иттифоқо, Сайфиддин исмига ўранган майит Жўжига етказилди.

Орадан уч кун ўтгач, улуғ хон Чингиз амр этди:

– Хоразмшоҳлар хонадони қатл этилсин. Кимсага шафқат лойиқ кўрилмасин!

Амрга кўра, банди шаҳзодалар қатл этилди. Шу тариқа Муҳаммад Хоразмшоҳ асилли Ануштегинийлар сулоласига тенгсиз футур етказилди. Хоразмшоҳнинг онаси Туркон Хотун Чингизга жория сифатида тортиқ этилди. Султоннинг хотинлари эса Чингизий шаҳзодаларга тақсим этилди. Хоразмшоҳнинг ёлғиз қизи Хонсултон Жўжи маҳрига топширилди.

****

Асад исми билан муваққат яширилган Сайфиддин, Ҳадичанинг оғаси паноҳига берилдики, “наққош” лақабли Ҳамза ғоят эътиқодли, ҳам қўли гул Гурганжлик бир ҳунарманд эди. У бўғажили туркманлардан бўлиб, Чингизхон Мовароуннаҳрни забт этгач, бир тўда ҳунармандлар қатори Мўғулистонга олиб кетилганди. Синглиси Ҳадича эса Хонсултоннинг тоабад содиқ хизматкори эди.

Ҳамза шаҳарма-шаҳар беркиниб, кўп сарсон бўлди. У Сайфиддинни паноҳида муҳофаза қилар экан, атрофда изғиган хуфялар таҳликаси кун келиб, уни ошкор этишини билгани учун бу юртдан чиқиб кетиш чорасини излай бошлади.

Субҳ тун зулматини ёриб чиқар маҳал салот ўқиш онлари яқинлашаётганини англаган Ҳамза дафъатан уйғониб, даричадан ташқарига мўралади. Ёруғлик шуъласи тобора кўк равоқига кўтарилаётгандек эди. Субҳи козиб, уни фажри козиб ҳам дейишади; бу ўз исми билан чиндан ёлғончи тонг бўлиб, бу пайтда ёруғлик қуйидан юқори томон кўтарила бошлайди. Ҳамза субҳи козиб – ёлғончи тонгга алданиб қолмаслик учун вақтни кутмоқни афзал билди.

Энди ёруғлик кўндалангига тарқала бошлади. Айни мана шу фурсатни – ёруғлик ёнлаб ёйилаётган онларни субҳи содиқ – фажри содиқ, янаям аниқроғи “рост тонг” дейишади. Бу асл фаслдир – бу вақт салот ўқиш фаслидир. Бу фаслнинг исми Бомдоддир.

Бомдодни ўқиб бўлгач, Ҳамза ҳужрани бир қур айланиб чиқди, сўнг хонтахта устида милт-милт ёнаётган шам ёнига келди. Дарича оралаб тонгги сабо ичкарига кирган маҳал, Ҳамза енгил тортди. У ухлаб ётган Асадга назар солиб, “Cен ўз нафаси ичига бўғилиб ўладиғон заволли эмассен. Шукрки, Чингизнинг жон олғувчи қиличидан омон чиқдинг. Аслинда сен, бешафқат ўлимдин қочиб қутулдинг. Ҳали омон-омон замон келадур ва сен улғайгайсан! Шуннин сўнра асл жавонмард йигитга дўнгайсан”, деди.

Уйқу ичра ғаму ташвишларни тамом унутган Асад эса ҳобгоҳда бир маромда тин олиб, ҳамон ухлар эди.

Бомдоддан сўнг Ҳамзани уйқу тутмади. Усти юпун эмасми, жунжикди. Кийимлари орасидан жомасини олар маҳал, қай бир тугун пастга сирғалиб тушди. Жомани елкасига илиб, тугунни очди ва шу маҳал шам ёғдусида олтин тангалар ярқираб кетди. Бу олтин тангалару ёмбилар ичида Хоразмшоҳлар хонадонига мансуб, эндиликда Асад исмига яширилган Сайфиддиннинг таҳликали ҳаёти пинҳон эди гўё. Ҳамза Хонсултон жўнатган бу тангаларни сафар олдидан қай йўсин беркитиб олиб чиқиш чорасини излай бошлади.

Оғудан ўткирроғи, шамширдан кескирроғи йўқ, дейишди. Бу аслида нисбий фикр эди. Заҳардан ўткири, қиличдан-да кескири ақлдир, илло оғу ва шамширни ақл ва иқтидор эгалари ўйлаб топмишлар. Инсон боласи умри давомида ўткинчи ташвишлару ожиз ўйларнинг комида қолиши тайин. Шунда уни ўша ёвуз ўпқон комидан фақат ўткир ақли ва букилмас иродаси омон олиб чиқа олажакдир.

Ҳамза керакли анжомларини чорсига маҳкам тугиб, сўнг хуржунларига жойлай бошлади. У шу тариқа ўзига-ўзи неларнидир уқтириб, йўлга ҳозирлик кўрди.

Бугун карвон йўлга чиқажак. Улар бунда қарвонга қўшилиб, олис-олисларга кетмоқни мақсад қилдилар.

Ниҳоят, икковлон кўпнинг қаторига қўшилди.

Карвон бошида бўйнига қўнғироқлар осилган нортуя издиҳоми карвонни ортидан эргаштириб, олдинга томон йўл солди.

Бул карвон орасида Ҳорун исмли савдогар ҳам бор эди, у келгуси савдо ришталарини боғламоқ истаб, олис турк бекликлари томон жўнаётир эди.

Бозоргон Ҳорун, кўплаб тижорат шаҳобчаларидан иборат савдо масканига ўзига содиқ бўлган Аббос Шошийни бошчи этиб, ўзи йўлга чиққанди.

Улар бунда узоқ йўл босишди. Икки кун ўтиб, қуёш асрга оғар маҳал, ер тагидан отилиб чиқаётган булоққа дуч келишди. Ўзида абру найсонларнинг шаффоф томчиларини мужассам этган булоқ, не тонгки, на ўзидан жилға ҳосил қилган ва на-да ирмоқ. Унинг биргина маслаги саҳро йўловчиларининг чанқоғини қондирмоқ эди.

Аввалига карвон аҳли навбат билан идишларига сув ғамлади, сўнгра туялар бир-бир суғорилди. Булоқ, чиндан, бу саҳродан ўтаётган йўловчиларнинг оби ҳаёт чашмаси эди.

Булоқни ортда қолдириб, карвон яна йўлга чиқди. Аравада бир маромдаги чайқалишига ҳамоҳанг бораётган Сайфиддиннинг кўзига уйқу илинди… Бир маҳал арава қаттиқ силкиниб, Сайфиддин чўчиб уйғонди. Шунда у йўл азоби не эканини англай бошлади. Аслида қайси йўлни босиб ўтмоқда у? Нега унинг шоҳона ва сокин ҳаёти йўқчилик ва мудом нотинч йўл азобига алмашди? У ҳаётининг қайси мавсумини яшаб ўтмоқда ўзи? Англай олмасди. Ҳа, шундай: аслзода эди у, эндиликда саройда кечган доруломон ҳаёти қумлар ўпқонига кўмилди ва у буткул чорасиз кимсага айланди.

Улар чошгоҳдан сўнг бир карвонсаройга етиб келишди. Хизматкор ҳужрага овқат олиб кирди. Икковлон танаввулдан сўнг ётишга чоғланди.

Бозоргон Ҳорун ҳам карвонсаройга етиб келганига шукр қилмоқда эди. У хос хонага жойлашгач, таомланмади: йўлда бошланган қорин оғриғи ҳали ҳам тингани йўқ. Ҳоли мадори қолмаган эса-да, савлатини зўр бериб базўр тутиб турарди. Ошқозони зирқираб оғрир, шу важдан азобланиб, чуқур-чуқур нафас оларди. Хизматкори табиб суриштириб, карвонсарой ҳожасидан кўмак сўради.

Ҳоруннинг ҳарорати кўтарилиб, ўт ичида ёнаётганини кўрган ҳожа ҳам ўзини қўярга жой тополмай қолди. У зудлик билан табиб олиб келмоғини хизматкорига буюрди.

Тез орада хаста ҳузурида ҳозир этилган табиб ҳароратни туширмоқ учун малҳамдори ичирди. Беморнинг ҳолини синчиклаб кузатиб, оғриқ тафсилотларини обдон суриштирди. Бемор малҳам таъсирида ором олгандек бўлди ва ҳориб уйқуга кетди. Кўзини очганида кун пешиндан оққан эди.

Аҳли карвон бугун бунда қолиб, эртаси тонг саҳар яна йўлга чиқади.

Карвон ўтар маҳали итлар аёвсиз ҳурди. Ҳорун итларнинг жағи-жағига тегмай тинимсиз аккиллашини яхшиликка йўймади. У ҳадиксираб, нимадир дегандек бўлди.

Улар карвонсаройдан ҳали олислаб кетишгани йўқ. Йўл ёқасида бир тўда болалар чуғурлашади. Қўйларини ўтлатиб юрган бу чурвақалар тобора ортда қолишди.

Саксовулзорга етиб келишди. Мана, улар юлғинзордан ўтишди.

Ҳамза жимиб қолган Сайфиддинга қараб:

– Ҳолинг нечук? Недин жимиб қолдинг? – дея савол қотди у нақши шамдон адипли яктагининг енги билан пешонасидаги терларини сидирган кўйи.

– Ўзим шундоқ.

– Шундоқ дегин? Ман эсам жимиб қолғонинг-чун хавотир бўлдим.

– Аслида бир хусус бор, – деди Сайфиддин ҳижолатомуз оҳангда.

– Бир турли не деганинг, анламадим?

– Шу-у, пича бўлди тиззамда оғриқ бошланганига…

– Э-э, олдинроқ айтмайсанму? Баласон дарахтидан тайёрланган ўткир малҳам бор эди. Ани дарҳол сурмак лозим, шифо бўладур.

Малҳам таъсирида Сайфиддиннинг тиззасидаги оғриқ пасайиб, жони ором топди.

Бозоргон Ҳорун, таассуфларким, кўзлаган манзили – турк бекликларига омон етиб бора олмади. Воқеа эса бундай бўлган эди.

Бироз ўзига келган Ҳорун яна оғриқ бошланаётганини сезиб, малҳам доридан сўради. Хизматкори эҳтиётсизлик қилиб малҳамни тўкиб қўйганини ҳали билмасди. Эшитгач, унинг бу тутумидан дарғазаб бўлиб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Олис йўл босар экан, ошқозонида бошланган оғриқ тўхтамас бўлса, ҳоли не кечади унинг? У табиатан қизиққон ва қайсар кас эди. Хизматкорини койиб турган маҳал жуда олисларда отлар дупури эшитилди.

Қум қати қайнаб, жазирама авжига чиққан кез. Бир тўда отлиқ карвонга яқинлашди. Улар “Бошсиз сарбозлар” номини олган қароқчи мўғуллар тўдаси эди. Зумда қий-чув бошланиб, атрофни қиёмат қўпди. Ҳамза қирғин ҳамласини сезиб, жон қайғусида ўзи билан бирга Сайфиддинни арава остига олди.

Отлиқ мўғуллар қилич сермаб, дуч келганнинг бошини танидан жудо этди. Карвон аёвсиз саваш ичида қолди. Кимдир кимнидир пичоқлади. Барчага жон ташвиши баробар тушди. Арава остида жонини ҳовучлаб, Сайфиддинни паноҳида беркитган Ҳамза нима қиларини билмасди. Уни даҳшат босди. Бир вақт арава ёнига яна бир арава келиб урилди. Ўша пайт туя қаттиқ иҳраган чоғ, бир қароқчи овоз келаётган томонга қаради. Унинг арава остидаги Ҳамзага кўзи тушиб, қилич қайратиб яқинлашди. Ҳамза пичоғини қўйнидан чиқарди. Шу он кутилмаганда сарбоз қиличини Ҳамзанинг кўксига суқди ва у ерга қулади. Жон талвасасида қолган Ҳамза сўнгги мадори билан Сайфиддинга қараб:

– Ўзингни эҳтиёт қил! – деди, кейин афсус ва надомат ичида: – аттанг, сен менга омонат топширилгандинг. Сени қўриқлай билмадим. Кимлигингни унутма, сени Оллоҳга омонат топшира кетурман. – У кўксига қўлини қўйди, аммо дардига малҳам топа билмади. Кўксидан шариллаб қон оқаётганди. Ҳамзанинг бошини еган Монҳ-Орҳил номли қароқчи тап тортмай яна уч-тўрт одамни баравар жувонмарг этди, сўнгра Сайфиддинни олиб, отига ортди.

Атрофни қиёмат қўпган; тил тортмай ўлганлар ва иҳраган туяларнинг саноғи йўқ эди. Қирғин тугаб, мўғулий қароқчилар тўдаси Ҳорун ва унга эргашган савдогарларнинг қимматбаҳо молларига эгалик қилиб, саҳрони тарк этишди.

Нурлар битта-битта йиғиштирилиб, уфқ узра шафақ ҳам умидсиз сўнди. Сайфиддин эса Монҳ-Орҳил исмли мўғулнинг ўлжасига айланди.

Бир маҳал Сайфиддин қаттиқ чўчиб, бехос уйғониб кетди. Атроф жим-жит, чиндан ўлик сукунат ҳукмрон эди. Сайфиддин бир қултум сув истаб, қуруқшаган оғзини очиб-ёпиб ютоқди, шунда томоғи бироз намиққандек бўлди. У сувсизликдан кўп азобланди.

Очликка маълум муддат тоқат этмоқлик мумкиндир, бироқ чанқоққа чидаш мушкул. Ёнида хуррак отиб ухлаётган, халоскори Ҳамзанинг бошини еган қотилга нафрат ичра боқди. Монҳ-Орҳил чиндан ҳазар қиларли даражада бадбашара, ҳам бадбўй кимса эди.

Сайфиддин ундан жирканиб, нари ёнига ағдарилди, сўнгра яна қандай уйқу элитганини ўзи ҳам билмай қолди.

Ишончли манбаларнинг ёзишича, Сайфиддин Кутузнинг асл исми Маҳмуд ибн Мамдуд Сайфиддин эди. У табиатан қўрқмас, кучли, ўзига жабр қилгувчиларга шафқатсиз бўлгани боис унга қопағон ит – Кутуз лақабини айнан мана шу мўғулий сипоҳ Монҳ-Орҳил берган эди.

Тақдири азали уни аввалига Мовароуннаҳрдан Онадўлига етаклаб келди. Сўнгра эса уни Дамашқда қул қилиб сотишди. У мамлук бўлди. У ғуломга айланди, аммо мудом Мовароуннаҳр ёди ила яшади, юрт хаёли билан нафас олди.

Бу мелодий 1221 йилнинг ёмғирли кунида содир бўлди.

Кечадан буён ёмғир ёғавериб, Монҳ-Орҳил ичкарига қамалиб қолди. Хайрият, бугун қуёш чиқди, аммо сал ўтмай тағин булутлар орасига кўмилиб кетди. Ҳам ҳаво аллақандай димиққан, осмон қуёшсиз ва ҳам Монҳ-Орҳилнинг авзойи бузуқ эди. У Сайфиддинга қараб:

– Нега қотиб турибсен! Юр, юр, деймен! – деди ва уни қамчи билан савалай кетди. Сайфиддин оғриқ зарбидан елкалари қисилганча, базўр қадам ташлади. Монҳ-Орҳил шафқатсизлиги билан ном чиқарган мўғулий сарбозлардан эди. У қонли савашларда қатнашавериб, жанг майдонида обдон чиниққан, бешафқат, айни пайтда тажрибали бир жангчи эди.

Орҳил cипоҳига қараб:

– Шуни олиб кир, – деди.

Ўрта бўйли, тепакал ва доим баджаҳл кўринадиган сипоҳ Сайфиддинни туртиб:

– Юр, – деди ўдағайлаб, – санга жойингни кўрсатурмен.

Сайфиддин сўзсиз унга эргашди. Сипоҳ уни чодир ичига итарди, сўнг эшикни ёпиб, кечга қадар қорасини кўрсатмай кетди.

Чодир ичи қоронғу ҳам димиқ эди. Сайфиддин гарангсиб, пича туриб қолди, сўнг тушкун ва ҳорғин бир алфозда чодирнинг бир бурчига бориб чўкди. У ҳали қисматига кўникмаган, қўникмаган сари далли хаёлини мажҳул ўйлар беомон ўртар, ўртаган сари руҳиятида бир ғалаён беомон қўзғалаётир эди.

Бола оғриниб ютунди. Мана шунда хўрлик ва азоб уни баттар сиқувга олди, оғриқ берди. У бамисоли ўйлашдан тўхтаган кимса каби қўлларини бошига олиб борганча жимиб қолди. Орадан икки кун ўтгач, Монҳ-Орҳилнинг навкари Сайфинддин қамалган чайлага тағин уч болани олиб кирди.

Тушлик қилиб бўлгач, Монҳ–Орҳил беҳузур бўла бошлади. У қаппайган қорнини авайлаб ўрнидан турди, ҳаддан ташқари кўп егани боис, қийналиб қадам ташлади. Еган таомини ҳазм этиш ниятида ташқарига чиқди. Қулоғига аввалига аллақандай саслар келиб урилди, бироздан сўнг саслар шовқинга дўнди. Монҳ–Орҳил хавотирланиб, чодир томон юрди. Шовқин асир болалар қамалган шу чодир ичидан келаётган эди. У қадамини тезлатиб зумда ичкарига кириб борди.

Афтидан, болакайлар жанжаллашиб бир-бири билан олишар эди. Муштлашув узоқ давом этмади. Сайфиддин шерикларининг ҳар уччовига-да бас кела олди: рақибларига бирин-кетин мушт тушириб, даф этди. Болаларнинг бири оёқларини ушлаган кўйи чайланинг четида инграб ётарди. Бири эса қон оқаётган бурнини артар экан, Сайфиддинга қараб ғингшинди. Яна бири лол-мим демай, калтак егани алам қилганидан пусиб, нигоҳлари билан ер чизиб турар эди.

Монҳ-Орҳил Сайфиддинга қараб:

– Бери кел, – деди. – Чакки эмассан, қутуз! – дея хохолаб кулди. – Болаларнинг учовига бир ўзинг бас келдинг, яша ўғил бола, қутузсен! – дея Сайфиддинни яна олқишлаган бўлди. – Қутуз не эканин билурмисен? – дея сўради.

– Билмасмен, – жавоб берди Сайфиддин.

– Қутуз мўғулийда кимcадин қўрқмайдиғон жангари, қопоғон ит, демакдур. Эшитинглар, – дея болаларга юзланди у, – энди анинг исми Қутуздур.

Орҳил чайладан чиқиб кетди. Дами ичига қайтиб, шаштлари пасайиб қолган болалар эса Сайфиддинни шундан буён Қутуз лақаби ила чақирадиган бўлишди.

Тонг ёришган чоғ сипоҳи уларнинг ҳар бирини таёқ билан туртиб уйғотди. Чайладан ташқарига олиб чиқилиб, ёш-яланг бошқа асирлар сафига қўшилди. Мўғуллар асирларни мисоли қўй каби ҳайдаб, олисларга олиб кетишди. Шу йўсинда улар икки кун йўл юриб, карвон йўлидаги деворлари нурай бошлаган кўҳна бир кулбага етиб келишди.

Эртага улар қул бозорига олиб борилади.

* * *

Мўғул даштида тонг ёришди. Саҳар чоғи вужудни жунжиктирадиган салқин борган сари пасайиб, чошгоҳдан кун исий бошлайди. Пешин маҳали, куёш тик кўтарилиб, оламни роса иситди.

Жуфтлашувдан сўнг чиябўри болаларини икки ойдан зиёд қорнида кўтариб юрди. Ниҳоят, у ой-куни яқинлашаётганини фаҳмлаб ўзини авайлаб қолди. Ўзи учун пана жой ахтарди. Чиябўри даштда изғий-изғий чакалакзорга етиб келди. У бир улкан дарахт панасида паноҳ топди. Шу дарахтнинг тагидан ин қазиб, тунни ўтказди. Тонг отгач, инидан ташқарига мўралади. Қорин тўйғизмоқ илинжида чакалакзорда изғий бошлади. Димоғига бир ёқимли ўлжа иси урилди. У шамол олиб келган ҳид манзили томон йўл солди.

Яқин кунларда шу атрофда ёввойи эчки болалаганди. Эчки боласини ёлғиз қўйиб, қаергадир кетган. Ҳали ваҳшийлик не эканини билмаган норасида улоқча уни онаси қолдирган жойда хавф-хатарлардан бехабар бемалол ётарди. Йўқса омонлик истаб курашмасмиди? Чиябўри аввалига кўзлари қўзмунчоқ, эндигина дунё юзини кўрган жонлиққа қизиқсиниб қараб турди, сўнг пусиб у томон тобора яқинлашди. Ваҳший табиат барчасидан устун – дафъатан ҳамла қилди. Бечора ўлжанинг этларини ғажиб-бурдалаб, ямламай ютди. Шу билан нафси ором топди.

Худди шу дам асир болаларга чакалакзор атрофида ҳожат чиқармоққа рухсат берилди. Шерикларидан олислаб кетган Сайфиддин иттифоқо чиябўрини кузатиш билан машғул эди. Алқисса, жондорнинг бу атрофда ўзини ҳоким билиб, кўндаланг тушиб ётгани Сайфиддинниннг қахрини келтирди.

Чиябўри нашъа қилиб керишди ва ҳомуза тортди. Зотан, у атрофда хатар сезмас, унга ҳам аталган тақдирнинг таҳқирли ўйини борлигини ҳали билмас эди. Сайфиддин қўйнига яширган пичоқни олиб, ваҳшийни нишонга олиб отди. Нақ кўксидан жой олган тиғ азобидан чиябўри жон талаш рақсида чаппар уриб айланди. Сайфиддин етиб борди-да, норасида улоқнинг бошини еган қонхўрга қайта-қайта пичоқ урди. Чиябўри ғингший-ғингший жон таслим этди.

Инсониятнинг ёзилмаган қонунлари бу эди: ҳаёт – шафқатсиздир. Кимки кучли, зийрак ва ҳам тадбиркор бўлса, ўша ғолиб бўлажакдир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажак. Сайфиддин бунга илк бор иқрор бўлди. Зўр – зўрни енгажакдир. Ҳаёт буни унга ўргатди ва у шунда етарли сабоғини олди.

Шерикларидан ортда қолган Сайфиддин чакалакзор ичидан чиқиб келар экан, даштнинг кўрки саналган юлғин, янтоқ ва ёвшанга узоқ қараб қолди. Улар-да Сайфиддинга даштнинг ёзилмаган тилсимли қонунлари ҳақида гўё шивирлаб қисса сўйламоқда эди. Ҳа, шундай: ёзилмаган қонунлар бор. Ҳаёт – шафқатсиздир. Зўр зўрни ақли ва кучи билан енгажакдир.

***

Бир кун волидаси Хонсултондан сўрашган эди, ҳар нарсанинг бордир чораси, дея жавоб берди. Сўнгра волидаси ўкинч ичида бир мантиқни унутганини таассуф-ла айтиб юрди: вақтни ортга қайтаришнинг чораси йўқ эди.

–Ўлмоқ – ташвишлардан қутулмоқнинг энг осон йўлидир. Ҳаётда ўлолмай юрганлар қанча-а!

Хонсултон бу гапни айтган чоғ Ҳадича унга ялт этиб қаради. Афтидан унинг ақли шошди, қаҳрнинг панжасида дир-дир титраган қўрқув каби.

– Ҳа, шундай ва шаксиз барчамиз бир кун Ҳокимимутлақ буюрган манзилга қайтурмиз. Жаҳоннинг, жумлаи жоннинг Тажаммули Мутаолийси юборган шаффоф ҳаводан сўнгги бор сипқорар эканмиз, Уни – Ҳокимимутлақни ёдга олурмиз.

Хонсултон жимиб қолди.

Иймон нури қалб меҳварини музайяна этади. Унингсиз ҳаёт мазмунини, умр эса ўз моҳиятини йўқотади. Шундай эса-да, инсон кайфияти тўрт фасл сингари ўзгарувчандир. Хонсултон инсон кайфияти мавсумини фаслларга менгзаганида жуда ҳақ эди. Чиндан тўрт фасл ўз бағрида инсоний кечинмаларни пинҳон этгандек. Чиндан фаслларда инсоннинг турфа кўриниши, турфа кайфияти яшириндек. Баҳордан сўнг ёз, сўнгра куз, куздан сўнг эса қиш келаверади. Фасллар ўрнини фасллар эгаллайди, шу тариқа янги кунга дебоча очилаверади, худди тириклик қисмати инсонни умидсиз умидлардан умидвор этгани каби.

– Аммо кимсага биргина умиднинг ўзи камлик қилур, ўғлим, мақсадга ўлик умид биланмас, тирик ишонч ҳамда матонат ила эришилур.

Оғудан ўткирроғи, шамширдан кескирроғи йўқ, дейишди.

Бу аслида нисбий фикр эди.

Заҳардан ўткири, қиличдан-да кескири – бу ақлдир, – деди Хонсултон, -чунки оғу ва шамширни ақл ва иқтидор эгалари ўйлаб топмишлар. Инсон боласи умри давомида ўткинчи ташвишлару ожиз ўйлар комида қолиши мумкин. Шунда уни ўша ёвуз ўпқон комидан фақат ўткир ақли ва букилмас иродаси омон олиб чиқа олажакдир.-Хонсултон ўғлининг қўлларидан тутиб, хобгоҳга ўтди.

Шунда Сайфиддин волидасидан сўради:

– Бек онам, биз банди тушдикму? Бизни қутқарувчи ҳеч кас топилмасму?

– Қутулгайсен! Ўғлим, қутулгайсен! Сен бу ерда қолмассен.

– Сиз-чи?

– Мени қўябер!

Сайфиддин чалғиб кетди. Ҳув олисда волидаси худди сароб мисоли кўриниш бериб, сўнгра ғойиб кетди.

У бироз юргач, яна нарида тўхтади, сўнг пастга эниб, қуёшнинг оташ тафтида сувсизликдан қовжирай бошлаган туронғил ва оқбошга боқди. Бир дам бўлса-да асир эканини унутмоқ истади, аммо бунинг уддасидан чиқа билмади.

***

Саҳар чоғи карвон яна йўлга чиқди. Нортуялар оёқлари остида шиғиллаб оқаётган қум уюрларини босиб, юришда давом этади. Улар саратонда гармселни, қаҳрли қишда эса изғиринни писанд этмайди.

Карвон издиҳоми орасида Абдулазиз Раҳим ҳам бор. У қароқчилар ҳамласидан қўрқиб, хавотир ичида жонини ҳовучлаб кетарди. Кечаги кун тужжор мўғулий сипоҳлардан асир болаларни арзон нархда улгуржи сотиб олганди. У болаларни Онадўлига олиб боргач, қул бозорида сотмоқни ният қилган.

Абдулазиз Раҳим соябон аравада бир маромда чайқалиб борар экан, мизғий бошлаганини англамай қолди. Хизматкори Билол ҳожасига яқинроқ бўлиш учун туяни қичади.

– Абдулазиз Раҳим ҳазратлари.

У чўчиб уйғонди. Сўнг ўзига келгач, нигоҳларини Билолга қадади.

– Абдулазиз Раҳим ҳазратлари…

– Сўйла.

– Болалардан бирининг ҳоли ёмон. Кўпга бормайдур.

– Дарди не эмиш?

– Иситма ичида ёнадур. Дарди не экани кимсага маълум эмас. Болакай на гапира биладур, на гапингизни эшитадур. У бир гунг-соқов бола эмиш.

– Тўхтат! – Тужжор аравакашга буйруқ берди, хаста болакайнинг ҳолидан хабар олиш ниятида аравадан пастга тушди.

У кўп раҳмдил инсон эди, қўл остидаги хизматкорларига ортиқча зулм қилмасди. Тужжорлар ва бутун шаҳар аҳли ичида айнан раҳмдиллиги учун – Абдулазиз Раҳим деган шарафли лақабга сазовор бўлган эди.

Болакайнинг ҳоли чиндан оғир: иситмаси ошиб, жон талвасаcида инграниб ётарди.

– Сувдан тут, – буюрди Абдулазиз Раҳим.

Хизматкор лаблари иситмадан ёрилаёзган болакайга сув тутди. Не ёзиқки, ҳолдан тойиб, азоб ичида омонсиз ёнган хаcтажон фақат бир қултумгина сув ичди. Сўнгра у бир нималар демоқни истаб, ғулдиранди. Э воҳ, у бирдан тинчиб қолди: нафас олмоқдан тўхтаб, нолон кўзларини тепага қадаган кўйи жимиб қолди. Оғзидан бир қултум қуюқ қон ёстиққа оқиб тушди. Бир қултумгина қон! Наҳот, қайноқ қони қуюлди? Наҳот ўз нафаси ичида буткул бўғилди? Миттижон барчанинг кўз ўнгида шу тариқа – забун ҳамда хору нолон жон таслим этди. Сайфиддин кўзлари мангу уйқуга кетган беозор шеригининг жонсиз қўлларидан тутди. Майитнинг бармоқлари ҳануз иситма ичида ёнарди. Ё, ҳу! Унинг танаси ҳали совумаганди.

Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган даштда қабр қазилди. Ювиқсиз майит, қазо чойшабисиз, жанда кийимида кўмилди. Ҳатто ўз исмини-да билмаган бир норасида болакай кимсасиз дашт бағрига – қуёшнинг оташида қизиган тупроқ қатига топширилди…

Мана, карвон тағин олис йўлга отланди.

Ғариб қабр ортда қолди. Сайфиддин безовта юрагини юпатмоқ бўлгандек кўксига қўлини қўйди, ўртаниб йиғлагиси келди, аммо йиғламади, фақат кимса эшитмасин учун ичида нималардир деди. Аравада бир маромда чайқалиб кетар экан, ортига сўнгги бор қаради: бир ёнда тиконларини санчмоққа шай турган янтоқ, ёвшан ва юлғин буталари, бир ёнда эса қуёшнинг оташ тафтида сувсизликдан қовжирай бошлаган туронғил, оқбош ёмғирни соғиниб, карвон аҳли билан хайр-хўш қилаётгандек ортда қолиб кетди.

Абдулазиз Раҳим олис йўл босиб келганидан сўнг, болаларга икки кун хордиқ берди. Кейин улар ойлаб тужжорнинг хизматини қилишди.

Ўтган ҳафта тужжор улардан ўн нафарини қул бозорига олиб чиққан, энди эса қолган беш нафарини ҳам лойиқ харидорига топширмоқни режалаган эди.

Тонг отгач, отлар аравага қўшилди ва хизматкорлар қўлларига кишан урилган болаларни аравага олиб чиқишди. Улар тош деворлар тугаб, ғиштин деворлар қад кўтарган кўчага етиб келишди. Сўнгра орада уйсиз-иморатсиз, ўнқир-чўнқир кимсасиз йўллардан ўтиб, ялангликка чиқишди. Ниҳоят, қул бозори қаршисида пайдо бўлишди.

Тужжор гумашталаридан бири дарвозабонга бож тўлагач, ичкарига кирмоққа рухсат берилди.

Улкан қул бозори тепаликда ростланган бўлиб, бу ерда қулларни айрибошлаш эрта тонгдан бошланар эди. Айни дам бу ер тужжор қулдорлар-у қуллар ҳамда бозор хизматчилари-ю чаққон даллоллар билан гавжум эди. Бу гал Миср ва Дамашқдан келган тужжорларнинг бозори хўп қизиди.

Дамашқлик Носир Абумаъфиб эрта тонгда бозорга отланганди. У одамлари қуршовида бозорни обдон айланиб чиқди. Иттифоқо, тонгдан унинг савдоси хўб юришди: қулларни арзон нархда сотиб олди.

Мана, у кўзлари катта-катта, зийрак, елкалари бақувват бир боланинг ёнида тўхтаб, уни саволга тутаётир.

– Қаердан келдинг сен!

Сайфиддин ўт ичида ёнар, унинг ҳарами ҳумоюн ичида кечган шоҳона ҳаёти завол топиб, вужуди қуллиқнинг темир панжалари ичига улоқтирилаётган эди.

У ғазабдан титради, бироқ ичида кечаётган ғалаённи босиб, оғир ютунди, бир нуқтага тикилган кўйи қилт этмасдан тураверди.

– Қаердан келдинг, дейман!

– Жаҳаннамнинг тубидан, – жавоб қайтарди у.

Аслида-чи? Аслида бу рост эмасмиди? Мовароуннаҳр куйиб, кулхонага айлангани ёлғонми?

Носир Абумаъфиб болага ҳайрат-ла боқди.

– Жаҳаннамнинг тубидан келдим, де?

Сайфиддин индамади.

– Жаҳаннамдан келган бола, исминг не сенинг?

– Қутуз!

Қулдор кўзлари катта-катта, зийрак, елкалари бақувват, тап тортмай тик қараб турган Сайфиддинга узоқ тикилиб турди. Кейин боланинг эгаси билан савдолашди. Савдоси битгач, қулдорнинг одамлари Сайфиддин қўлига Носир Абумаъфиб тамғаси босилган кишан солиб олиб кетишди.

***

Чингизхон икки дарё оралиғига қонли юриш бошлаб, бутун Мовароуннаҳрни маҳв этганди. Асли уйғур наслли Эдиқут билан Олмалиқ ҳокими Сиғноктакин кучлари Чингиз босқинчиларига қўшилди. Иртиш бўйлаб эниб келган мўғуллар Сайҳун соҳилигача бўлган бепоён ҳудудни ҳеч бир қаршиликсиз ишғол этди. Ўтрорга тиш қайраган Чингиз Мовароуннаҳрни бир ҳамла билан олишни истарди. Шу боис қўшинни тўрт қисмга бўлди. Ўғиллари Чиғатой билан Ўқтой иккови Ўтрорни қамал этди. Бунинг учун юз минг лашкар ажратди хон.

Жўжи эса Сайҳун этакларини забт этди.

Ўзган, Cиғноқ, Барчинликент, Жанд билан Янгикент ҳам босиб олинди. Олоқнўён билан Сукету Чэрби Сайҳуннинг юқори оқимида жойлашган Бинокат ва Хўжандни эгаллашди.

Чингизхон кичик ўғли Тўлуйхон билан бирга Мовароуннаҳрнинг асосий бўлгасига, унинг, ўз таъбири билан айтганда, юрагига ҳужум қилди.

Мароқанд, Бухоро ва Хоразм маҳв этилди.

Беаёв жанг Илок қалъа ҳимоячиларининг силласини буткул қуритиб, вазият эса кундан-кунга оғирлашиб борарди. Сайфиддин момоси Туркон Хотун раҳнамолигида ҳамда волидаси Хонсултон паноҳида эди. Улар Илок қалъасига яширинди.

Илок қамали тўрт ой давом этди. Улар сўнгги нафасигача ёвузларга қарши курашди. Шунга қарамай қалъа беаёв ғорат қилинди. Туркон Хотун бойликлари таланди, Мовароуннаҳр салтанати ворислари – шаҳзодалар қатл этилиб, умрлари фожеали завол ила сийланди.

Бу – қонли хотима эди.

Бу – сулола инқирози эди.

Илок қалъасида Туркон Хотун ва келинлари, невара қизи Хонсултон тириклайин қўлга олингач, уларни хон ҳузурига олиб келишди.

Чингизхон ўшанда амр этди:

– Султоннинг хотинлари ва ёлғиз қизи – Хонсултонни ўғилларимга бўлиб берғаймен. Энди алар бизнинг хизматимизда мангу қолғайлар.

Ўғлининг қўлларини тутган Хонсултонни титроқ босди. Бу титроқ Сайфиддинга ҳам кўчди. Хонсултоннинг юраги қўпорилиб, хонумонига ўт кетди. Онасининг ҳолини кўриб турган Сайфиддин ортиқ дош беролмади.

Онаси пичирлаб, “Яшамагур! Ергина юткур! Бошимизни единг сен! Сенга ҳам боққан бало бордур”– дея қарғанди.

Атроф ғоят қўрқинчли эди, унинг устига нарида турган момосининг ҳам аҳволи жуда аянчли кўринди кўзига.

Туркон Хотун чиндан таҳлика ичида эди, у бошини чангаллаб тепага қараган пайт шифтдан қуйи томон ўрмалаётган қуртларга кўзи тушиб, эти бирдан жимирлаб кетди. Уйнинг боролларига қурт тушганди. Хотун шамни кўтариб, тағин тепага қаради, қуртлар қайнаб қуйига ўрмалаётир эди. Худди ғам лашкари бостириб киргандек, Туркон сесканди, шунда бехос қўлидаги шам кийгиз устига тушди.

Хонсултон момосининг ёнига югуриб келди-да, бирдан шамни қўлига олди. Хайриятки, наматга ўт кетмаган, бироқ шам ўчиб қолганди.

Сайфиддин онаси имлаб чақираётганини кўриб югурди.

– Обдастани келтирсанг.

Сайфиддин обдастани олиб келиб онасига узатди.

Онаси бир қўли билан обдастанинг бандидан, иккинчи қўли билан жўмрагидан тутиб, ҳали шам тушган кийгизга сув қўйди.

– Эҳтиёт шарт, тағин ёнғин чиқмасун! Ўзи шундоғам беаёв ёнганимиз етар!

Шу пайт кўланка кўринди.

– Бу нимаси бўлди? Кўлагаму бу? Ҳей, тўхта, кимсан?

Кўланка лип этиб кўриниш берди-да, сўнгра кўздан ғойиб кетди.

– Яшамагур, тўхта дейман, – Хонсултоннинг овози Турконинг юрагини ўртаб юборди.

Сайфиддин ёниқ шамни онасига тутди…

* * *

Ўтган кунлари кўз ўнгидан кетмай дилхун бўлган Қутуз ўз дарди ичига кўмилиб, узоқ ўтирди. Ўлкага ёв ёпирилган мисол, совуқ ваҳима кўнглига оралади. Комига тортаётган ўтмиш ҳодисалари уни яна забтига олар пайт, чидай олмай “Ўпқон коми битармикан ҳеч? Бу зулмат кунларнинг охири бормикан?”, деди ўпкаси тўлиб.

Найласинки, кўз олдида момоси Туркон титраб турарди.

Волидаи калони қўлида тилла патнис кўтариб, ўтовга кирди.

Ўтов ичи кенг: ерга қалин ва майин гиламлар ёзилиб, ўртага хонтахта қўйилганди. Туркон ширинлик ва меваларга тўла баркашни унинг ёнига қўйди. Жўжи лаззатланиб таом емоқ билан машғул эди. Шунда Туркон ўтов тўрида ёзилган тўшакка кўзи тушди. Фаросатсиз Жўжи тамшаниб-тамшаниб таомланар эди. Чунон бетакаллуф ва орсиз ғаним ҳузурида тамом ночор экани Турконни алам оташларига улоқтирди.

Жўжи ёғли қўлини артаётиб:

– Боғингда ягона гулинг борлигидан хабарим бордур, – деди. – Ва ўшал гул маним насибамдур. Шамолдек елиб, ул гулни узиб, маним ёнимга олиб келғайсен!

Таҳқир эшитган Турконнинг вужуди музлаб, томирида гўё қони қотди. Хотун бундай карахт бир ҳолга илк бор ўғли Муҳаммад Хоразмшоҳ Мовароуннаҳрни тарк этган чоғда тушганди. Ҳоли хароб Хотун дилтанг, бир ҳимога маҳтал ҳолда атрофга боқди, бироқ унинг жовдираган кўзлари ўзига қадалган мазах ва таҳқир тўла Жўжининг нигоҳига дуч келди, кўзларини юмиб, “ўла–ўлгунимча сенларни қарғаб ўтгаймен!” дея пичирлади.

Бу гал ўқ Муҳаммаднинг танҳо қизи – Хонсултонга қаратилганини билган Турконнинг хонумонига яна ўт кетди. Ботинидаги бу ўт кўзларида сонсиз-cаноқсиз юлдузчалар бўлиб тарқалди. У ўзини чулғаб олган қўрқувдан титради, кейин қўлларини оғриқли бошига олиб борди. Ўтов ташқарисида сипоҳларнинг шивир-шивири ва оёқ товушлари эшитилди.

Яна шўр пешонасига нелар битилмиш? Тағин не савдолар тушмиш бошига? Уни ташқарига олиб чиқишди. Қош қорайган, кўкдаги юлдузлар кўзига ғариб кўринди. Турконни муттасил ўй ва жонини чатнатувчи азоб адо қилган эди, у лабини тишлаб, асабий титради, кўзидан эса алам ва ситам ёшлари яна ва яна, қайта ва қайта ҳалқаланиб, иссиқ сел каби юзига қуйилиб оқди. Аччиқ кўз ёшларига чўмилган Хотун ҳасратли кўлобларини ғаними кўрмасин учун, гўё ичкарига қайтармоқ истаб, оғир ютунди. “Худойим, сен мени қўлла! Чингиз офатидан асра! Хонлигинг куйсин сенинг Чингиз, қиёмат қадар сени дуойибад этгум”, дея тағин ўртаниб қарғанди…

–Улуғ Хон сен эси паст-анқовни хизматкор этиб тайинлагани наҳот эсингдан чиққан бўлса? Бор, оёғингни қўлингга олиб югур, неварақизинг Хон- султонни Жўжихоннинг ёнига чорла. Жўжихон сен боғингда асраб ўстирган гулни ҳидламоқни ихтиёр этгандир…

Сипоҳ тош қотган Турконнинг сочини бураб, бўйнига дор этди. Жон сақлаб, қаттол қўлидан омон чиққан Туркон телбанамо қадамлар билан невараси турган хонага кирди. Хонсултон Сайфиддиннинг устига ёпинчиқ ташлаётган чоғ, милт-милт шам ёғдусида Волидаи калони ичкарига кирганини кўриб, унинг қаршисига югуриб келди. Кўрдики, момосининг ҳоли чиндан танг. Туркон вужудини чулғаб олган даҳшатни қувмоқ истаб, неварасига тикилди.

– Шўримиз қуриб қолди, болам! – пичирлади у.

– Шўримиз қуриганига кўп бўлган, Бек Онам!

– Сени Жўжи ҳузурига чорлади.

Шум хабардан зумда кўзлари ола-кула бўлган Хонсултонни ваҳшат қўпди. У қалтираган қўлларини юзига олиб бориб, ичида нола қилди. Унинг асаб торлари таранг тортилиб, азбаройи нима қиларини билмай қолганидан дағ-дағ титрай бошлади. Ниҳоят далли хаёлини қувмоқ учун ўзида журъат тўплаб, момосига қаради, бироқ унга бир сўз қотмади.

Момоси ҳўнграб йиғлаган чоғ Сайфиддин уйғониб кетди. У не ҳол юз бераганидан бехабар, дам волидаси Хонсултонга, дам волидаи калонига қарар эди.

Хонсултон хона тўридаги жовонда тахланган, тарқу юнгидан тўқилиб, ёқут тошлар қадалган камзулини устига кийди-да, шошиб бошига рўмолини танғиди. Она Сайфиддиннинг қўлидан тутиб, дарича ёнига борди. Қани энди ўғлини олиб олисларга, мўғуллар қадами етмайдиган муборак маъволарга равона бўлса!

Ташқарида оёқ товушлари ва кимларнингдир шивирлагани эшитилди. Сал ўтмай ичкарига бир мўғулий сипоҳ кирди. Хонсултон унга чап бериб ўтиш учун биринчи қадамини босган эдики, шай турган бошқа сипоҳлар унинг йўлини тўсишди.

Туркон нарида невараси томон қиличини яланғочлаб келаётган сипоҳнинг бирига жон ҳолатда ташланди. Сайфиддин эса бошқасига. Улар бир зумда Туркон ва Сайфиддинни тинчитиб, Хонсултонни қизил рўдапога ўраб чирмашди.

Бир пайт атрофда аянчли нола эшитилди. Бу волидаси Хонсултоннинг ноласи эди. Унинг тирноғига тош теккан чоғ, волидаи калон Турконнинг илкида қувват, томирида қон, бўғзида эса жони соб бўлди. Нола-ю фарёди баайни бутун Мовароуннаҳрни ларзага солди. Хотун дарбадар, ўксик кезинди, кейин нақ жони қўпорилиб, ҳеч нимани ҳис этмай қолди.

Сайфиддин эса ерга чўккалади. Зубаржат юлдузлар оралаб чиққан ой кўнгил балосида ғариб чўкиб, қайтиб чиқмас бўлиб ботди. Ё Раббим, қудратингдан! Наҳот шундай кулфат, шундай фалокат ёқасида тағин юлдузлар пешонангда чарақлаб турса! Наҳот тун зулмат ичига ботса, аммо тонг ҳарир пардасини йиғиб, қуёш яна ҳеч нарсадан бехабардек офтобини оламга отса…

Сайфиддин қалтираган қўллари билан оғриқли бошини чангаллади. Волидаи калони Туркон Хотун эса қиров босган сочларини юлиб, силкиниб-ўксиниб йиғлар эди. Унинг кулфати мислсиз эди – хоразмшоҳлар ҳалокати эди бу! Туркон йиғлай-йиғлай толди, кейин ҳеч қаерда ва ҳеч қачон бўлмагандек тугаб-бўшаб қолди. Кўзларини бир нуқтага қадаган кўйи тураверди-тураверди.

Далли хаёлига қай бир савдойи ўй келиб, уни буткул телба этди. Юрди-суринди, йиқилди–турди, йиғлади-овунди. Қақшади-юкунди. Аммо Хон султоннинг ноласи Туркон Хотуннинг қулоқлари остида муаллақ эшитилиб тураверди, тураверди…

Носир Абумаъфиб Сайфиддиннинг кечаги кун кечган ўтмишидан шу тариқа воқиф бўларкан, не деярин билмай қолди. Аҳволи руҳиясини тобора ўраб, комига тортаётган Хоразмшоҳлар фожеаси қалбини ларзага келтирганди. У оғир туш кўрган одам каби қайғуга ботди, юпатай деса, тилига бир калима калом келмасди.

– Инсон қанчалар оғир кунларни бошидан ўткармасун, барибир яшамоқни истайдур, аслинда унинг бошқа чораси, яшамоқдан бошқа чораси йўқдур. Эй воҳким, инсон яшамоққа маҳкум этилгандур. Бардам бўл ўғлон,– дея Сайфиддинга қараркан, айни замонда унинг аянчли ҳолига боқишнинг ўзи азоб эканини ҳис этиб, оғир хўрсинди.

Сайфиддин лом-мим демади, зеро унинг нимадир демоққа мажоли қолмаганди. Шу пайт ташқарида момақалдироқ гумбурлади. Бу гулдурак уларнинг ҳар иккисининг-да хаёлларини тўзғитиб юборди.

* * *

Абумаъфиб одамлари ўз бўлмаларига кириб кетишган. Ташқарида савалаб ёмғир ёғарди. Карвонсарой олдига чодир тутиб қўйилган, ташқари совуқ эди. Ҳамма ичкарида, атрофда зоғ кўринмайди.

Карвонсарой оғасининг айтишига қараганда, ҳозир ўлкада ёмғир мавсуми эмиш. Ёмғир бора-бора жалага айланди. Момақалдироқ осмону фалакни ёриб юборгудай гумбурлар, тез-тез чақнаётган чақмоқ ёруғида шаҳарнинг паст-баланд тепаликларидаги уйлари кўриниб кетади. Тарновлардан шовуллаб сувлар оқар, шаррос қуяётган жала томларни аёвсиз калтаклар эди.

– Ёмғир тағин кучайдиму, деймен? – Хавотирланиб сўради Абумаъфиб.

Унинг безовталанаётганини кўрган Сайфиддин:

–Ҳа, кучайди, – деди.

– Бай-бай, ана боқинг, тақсир, ёмғир жалага дўнди, – деди шу чоққача жим турган карвонсарой оғаси ҳам.

–Тез-тез шундай жала қуйиб турадиму?

–Жала дедингизму? Ҳа, йўғ-а. Аммо юртда ёмғир мавсумимасми, ора кунда ёмғир ёғиб турадур.

–Ҳа, кўриб турибмен, бул ушмундоқ ёмғирга ўхшамайдур, магарам тинмас бўлса, – дея эътироз билдирди Абумаъфиб, – унда тағин бул ерда қолиб кетувга тўғри келадур.

–Жала қуюн мисолидур. У бир кўтарилиб, сўнгра ўтиб кетадур, жала тинадур, тақсир.

Дарахтлар ёмғирда шалвираб қолган, ушласангиз шохлари узиламан дейди. Карвонсарой жанубидаги, шаҳар аҳли фойдаланмайдиган паст-баланд тошлоқ ерлар чакалакзорга бориб туташган. Чакалакзорнинг нарида одамлар нисбатан тоши кам ерларни ўзлаштириб экин экишган. Сирасини айтганда, карвонсарой оғаси Асаднинг ҳам ўша ерда улуши бор. Агар жала тинмас бўлса, экинлари нобуд бўлишини кўз олдига келтириб, унинг хавотири баттар ошди.

Бу ўлкада ҳосил олиш – юмушларнинг осони эмас, юзаси тупроғу таги ғичирлама тошлоқ бўлиб, кетмон ҳар гал тошга текканида, Асад беҳузур бўларди. Шунда унинг юраги безиллаб, бармоқлари қавариб, қайтиб қўлига кетмон олмасликка қасд қиларди.

– Бу йил қиш чўзилиб кетди, шул сабабдин кечикиб экин экдик, мана энди шукур, ёмғир қўйиб беряпти. – дейди карвонсарой оғаси Носир Абумаъфибга қараб, – магар, жаланинг тўхтовсиз қуйиши яхшиликка олиб келмайдур. Деҳқоннинг экинлари пайҳон бўладур. Тер тўкиб қилган меҳнатимиз зое кетадур, шунисига ачинамен.

Барча ўз ташвиши билан банд, барчага ёмғир қайғуси баравар тушганди. Шимол тарафдан салқин шамол эсиб, этни жунжиктиради.

–Тақсир, агар ёмғир тинмас бўлса, тағин бир кун бул ерда қолганингиз маъқулдур.

– Қани унда кутурмиз, Худо подишоҳу эгамдур.

Токчаларга ёруғроқ бўлсин учун иккитадан милт-милт ёқиғлик шамлар қўйилган. Шамлар тобора липиллаган сайин карвонсарой оғасининг девордаги баҳайбат сояси сакрай бошлайди.

Тун иккинчи ярмига оғар маҳал, хуморидан чиқди шекилли, ҳар тугул ёмғир тинди. Эртасига карвонсаройни ортда қолдирган Носир Абумаъфиб янги харид қилинган қуллари билан Дамашқ томон йўл солди.

***

Носир Абумаъфиб Дамашқдаги йирик қулдорлардан бўлиб, ”Ҳожа” лақаби билан танилган эди. Ҳожа баланд бўйли, елкадор, жағлари бўртиб чиққан, бурни эса гўштдор ҳамда жуда бесўнақай, қорачадан келган, чайир кимса бўлиб, салобати кўрган кишини ҳайиқтирар эди. Унинг тасарруфидаги қулларнинг ҳеч саноғи йўқ. Йирик корчалон қулларини салоҳияти, кучи ва ишчанлигига қараб тоифаларга ажратиб чиқарди. Шунга кўра қуллар алоҳида бўлмаларга жойлаштирилар, кўпчилиги деҳқончилик, чорвачилик ҳамда ҳунармандчилик ишларига жалб қилинарди. Улар устахоналарда оғир юмушларни бажарар, мисга қалай аралаштириб, бу қоришмадан ҳарбий аслаҳалар – қилич, ханжар, қалқон, отларга тўқимлар, аравалар ҳамда уй-рўзғор буюмларини ясашарди. Шунингдек, турли зебу зийнатлар тайёрлаш ҳам улар гарданида эди. Носир Абумаъфибга қуллари катта даромад келтирар эди. Кундан-кунга унинг маҳсулотларига талаб ортиб, корхоналари кенгайиб борди.

Ҳожанинг қуллари орасида яна бир тури бор эдики, улар алоҳида масканда сақланиб, хизмат ишларига доим ҳам жалб этилавермас эди. Булар бақувват ва кучли, айни пайтда ақлли, шунингдек, хавфли қуллар саналар эди. Курашчи, қиличбоз, полвон бу қуллар фақат мусобақаларда қатнашиб, ҳожасига яна мўмай даромад ва обрў келтирар, Носир Абумаъфибнинг ўзи уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олиб турарди.

* * *

Қуббаи Дур хиёбонининг ҳайбатли гумбази олисдан кўзни қамаштиради. Ранг-баранг нақшлар билан безатилган гумбаз қуёш нурида янаям ажойиб товланади. Боғ кўркам чаманзор эди. Рангин гуллар ўзидан муаттар ҳид таратиб, кишини хушҳол қилади. Оппоқ кабутарлар гумбазга дам сирпаниб қўниб, дам айланиб, сўнг олисларни кўзлаб, шошиб учади.

Боғнинг бир томони тепаликка бориб қадалган, ўша тепаликдан сув шовуллаб қуйига оқмоқда. Бир-бирига яқин ўтқазилган сарв дарахтлар ерга тангадек офтобни туширмайди. Тўрт томони темир панжаралар билан ўралган боғ чиндан баҳаво ва сўлим оромгоҳ эди. Бу оромгоҳда бугун Мисрдан келадиган нуфузли меҳмон шарафига катта зиёфат ҳамда баҳодирлар мусобақаси уюштирилади. Шунга кўра оромгоҳ тантанага бўлакча шайланган эди. Хизматкорларнинг бари ўз юмуши билан банд, уларнинг аксари бир хил либосли, фақат ҳожанинг хос аскарларигина ҳарбий кийимда боғни қўриқлаб юришар эди.

– Ҳозирликлар тамомму? Ҳар кас шайму?

– Ҳар кас шайдир, Ҳожам. Ташрифингизни кутмакдадирлар.

Абдуллоҳ Фатҳ ҳожанинг энг ишончли ва содиқ кишиларидан саналиб, бу хос аскарни у мудом ёнида олиб юрарди. Носир Абумаъфиб унга қараб буюрди:

– Яхши! Унда боғ томон кетғаймиз.

Ҳожа Дамашқнинг аслзодаси сифатида ўзининг нуфузи ва мавқеини ифодаловчи рамз ва туғ: ҳашаматли соябонлар, тоқига қўтос думи боғланган яшил рангли туғ осиб юрарди. Ҳожа Носир Абумаъфиб бошқа зодагонлардан ўзининг ҳайбати билан ажралиб турарди. У кўпинча юнги офтобда бахмал мисол товланган коп-қора хос отида, баъзан эса бақувват ва чидамли туялар устида бутун Дамашқни дабдаба билан кезишни хуш кўрар эди. Бугун ҳам у шу алфозда оромгоҳ томон йўл олди.

Улар боғдаги машғулот майдонига кириб келишганида кун чошгоҳга қараб оғган, Сайфиддин машқ билан машғул эди. Майдон боғнинг чеккасида жойлашган бўлиб, бунда уч томони очиқ, ҳашаматли чодир қад кўтарганди. Ҳожа одамлари қуршовида шу чодирнинг тўридаги ўриндиққа бориб ўтирди. Сайфиддин ўз машқида давом этди. Носир Абумаъфиб Сайфиддиннинг машқини обдон кузатгач, сардорига нималарнидир тайинлаб, ўрнидан қўзғалди.

Бугун ҳожа ўзига бошқача оро берган, ҳарбийларга хос кийиниб, бир ёнига қилич, бошқасига ханжар таъқиб олганди. У қора қаҳрабо ва сариқ лаъл, четларига эса ҳошия мисол зумрад тошлари қадалган қўнжи узун, фил терисидан тикилган этигида у ёқдан бу ёққа бориб келди. Кун пешинга оғар маҳал Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ Дамашққа кириб келгани ҳақидаги хабарни олди. Барча оёққа қалқди, Ҳожа одамлари қуршовида нуфузли меҳмонни қарши олгани чиқди.

– Марҳабо, хуш келдингиз, – у тирсагига тегиб кетган қиличини қўлида бироз сурди-да, қучоқларини очган ҳолида меҳмонни қаршилади.


Қоҳирадан ташриф буюрган Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ нуфузли зотлардан саналиб, олис йиллардан буён Ҳожа билан дўстона муносабатда эди. У қорамағиз, ўрта бўйли, кўркам ва елкадор, феъли хуш бир киши эди.

У Миср султони подшоҳ Салоҳиддиннинг мулозими ва энг ишончли вакилларидан. Пайваста қуюқ қошлари ортида мудом чақнаб турувчи қўйкўзлари унинг хушфеъл ва самимий инсон эканидан далолат бериб турарди. Чўққи бурни ва серсоқол ияги узун юзига жуда ярашиқли эди. Замонасининг пешқадам ва закий инсонларидан саналган бу киши узоқ йиллар подшоҳ Солиҳ ҳузурида сидқидилдан меҳнат қилганди.

Оқибатли инсонлар дунёнинг дарз кетаёзган қатламини меҳрли ришталари билан боғлаб туради. Ҳаёт ана шундай инсонлар билан мазмунлидир. Қоҳиранинг кўплаб зодагонларига насиб этмаган бахтга айнан у ҳукмдорига ўта содиқлиги туфайли эришган эди. Шунингдек, у оддий халқ орасида авомга хайриҳоҳлиги билан танилган, шу самимий хислатлари боис халқ уни жуда эъзозлар эди. Харами ҳумоюнда шуҳрат ва илтифот қидирган зодагонларнинг кўпи Абдуллоҳ ибн Мажиднинг мана шу эзгу ҳислатлар соҳиби экани боис мудом унга ҳасад кўзи билан қараб келишарди.

Ҳожа унга иззат-икром кўрсатиб:

– Қани, лутфан ичкарига, – дея меҳмонни чодир ичига олиб ўтди.

Чодирнинг уч томони барқут матоҳда ўралган бўлиб, олд қисмига ҳарир парда тортилган эди. Майин эсаётган шамолда пардалар оҳиста тебраниб, дилни хушҳол қилади. Чодирнинг тўрт тарафидан Ҳожанинг девкелбат қўриқчи ғуломлари жой олган.

Ҳурларга бензаган навниҳол қизлар неъматлар тўла патнислар кўтариб ўта бошлади; улар меҳмонлар учун дам шарбат, дам нон, дам мева ва ширинликлар ташиди. Сўнг лаган-лаган лаззатли таомлар, косаларда шўрвалар келтирилди.

Мартабали қўноқ ҳожа ва унинг одамлари билан дилдан суҳбат қурди. Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ чиндан иззат-икромга лойиқ меҳмон эди. Уч йил бурун Абдуллоҳ Ҳожанинг қизи Нажмияни ўғлининг никоҳига олиб бергач, улар орасидаги дўстлик робитаси қуда-андалик ришталари билан яна ҳам жипс боғланди.

Машшоқлар чалган мусиқа авжига чиқиб, зиёфат ҳам маромига етгач, кўпдан кутилган томоша бошланди.

Улар икки нафар жавонмард, полвон, довюрак курашчи ва моҳир қиличбоз – Сайфиддин Қутуз ҳамда Жунайд Ашъас номи билан танилган баҳодирлар эди. Уларнинг иккови ҳам елкадор, икковининг-да билагида кучи қайнаган баҳодир жангчилар эди.

Икки шерюрак ўзаро олишувга ҳозир, фақат ишора кутишмоқда холос. Тўсатдан ноғоралар чалиниб, боғ бамисли таҳлика ичида қолиб кетгандек бўлди. Чодирнинг ҳарир пардалари сурилиб, саҳнада икки жавонмард баҳодир кўринди.

Шу он ўртакаш бугун Сайфиддин Қутуз ва Жунайд Ашъас номи билан танилган баҳодирлар куч синашини тантанали тарзда эълон қилди.

Қарсаклар чалиниб, оломоннинг қий-чуви оламни тутиб кетди.

Олишув қай натижа билан тугашини кимса билмаса-да, мусобақада кимдир мутлоқ ғолиб бўлиши аён эди.

Ноғора садоси тиниб, Сайфиддин Кутуз ва Жунайид Ашъас беллашмоқ учун майдонга чиқди.

Барча ғолиб бўлмоқ учун майдонга чиқади, аммо музаффарият туғини қучиш фақат биргина кимсага насиб этгуси. Бу майдон бежизга мардлар майдони, дейилмас.

Сайфиддин Кутуз қисқа вақт ичида Жунайид Ашъаснинг заиф ҳамда нозик жиҳатларини англаб олди. Жунайид чапдаст эди. Қутуз рақибига чанг солди. Мана, у Жунайид Ашъаснинг оёғидан чалди. Бу ҳамладан бир фурсат довдираб қолган Жунайид чап бермоққа тиришди, аммо Қутузнинг ҳужуми шиддатли эди, рақиби дош бера олмади ва ерга қулади. Оёқлар оёқларни, қўллар эса қўлларни илон каби ўрай бошлади. Жунайд Ашъас чирмовуқ мисол танасини ўраб олган рақибидан халос бўлиш чорасини топа олмас, ҳар қанча уринмасин ўртадаги мувозанатни тиклаш уринишлари беҳуда эканини билиб, алам устида ўкирди ва дафъатан боши билан Қутузнинг бошига зарба берди.

– Уввв! – Томошабинлар ўринларидан туриб кетишди.

Рақибининг курагини ерга теккизмоқ пайида олишаётган Қутуз кутилмаган зарбадан эсанкираб қолмади, билъакс, у ҳам жавобан худди шундай зарба берди. Жунайид довдираб қолди, унинг кўзларида саноқсиз юлдузлар чақнаб, оғир-оғир нафас олди ва иложсиз ўзини таслим этди.

–Уввв!

–Уввв!

Барча қарсак чалиб ғолибни олқишлади.

Зафар қучган Қутуз қаддини тик ростлади.

Кимса, у қандай вазиятда бўлмасин, ўз ўрнини билиб, хотиржам тургани бу унинг ким эканини кўрсатади. Аслида, инсон сукути билан хотиржам эканини, ҳаракати билан эса неларга қодир эканини намойиш этади.


Сайфиддин мустаҳкам иймон ҳамда зафар қучмоқликни сўраган эди. Яратган уни музаффар этди. Инсон баъзан бахт ичида завол топади, баъзан эса кулфат ичида улғайиб, сўнгра юскакларга кўтарилажакдир.

“Танани тик тутадиган, вужудга қувват бағишлайдиган бу ирода кучидир. Токи ирода кучи вужудни кўзга кўринмас қўллари ила тутиб турар экан, қалб ташқи кучга эҳтиёж сезмас. Оташ бўлмаган жойда, билки, олов ҳам бўлмайдур”. У шундай деган кўйи ўзини олқишлаётган мухлисларига миннатдор қўл силтади.

Ноғоралар садоси ҳамда томошабинлар ҳайқириқлари оламни тутиб кетди.

Сайфиддин қўриқчи ғуломлар қуршовида ҳордиқ чиқариш учун хос-чодирга ўтди. У ютоқиб сувдан сипқорар экан, ҳали ҳам вужуди оташ ичида ёнаётганини ҳис қилиб, муздек сув билан юзини ювди.

Ҳарир либосларга ўранган қизлар ясоғлик патнис кўтариб, ичкарига кира бошлади. Улар ғолибни унсиз табрик этишган кўйи, жилмайишиб, дастурхонни нозу неъматлар билан тўлдиришди. Сўнгра Қутузнинг танаввули учун лаззатли таомлар олиб киришди. Гарчи бор қувватини курашга сарфлаб, қорни ниҳоят очган эса-да, Сайфиддин тўкин дастурхонга боқмади. Бу дам у ғалаба нашидасини сурмоқ истарди.

Чодирнинг уч тарафи барқут мато билан ўралган бўлиб, олд қисмига ҳарир парда тортилган. Майин эсаётган эпкинларда пардалар оҳиста тебраниб, Сайфиддиннинг дилини хушҳол қилади. Чодирнинг тўрт тарафини Ҳожанинг баҳайбат ғуломлари қўриқлаб турарди. Атроф одамлар билан гавжум, аммо Сайфиддин ўзини ёлғиз ҳис этади. У чиндан ёлғиз эди, у одамлар орасида кимсасиз эди.

“Ёлғизликдан чўчимаслик даркор, – деган ўй келди хаёлига, – зеро киши танҳоликда ҳаёт фалсафасини теранроқ англайдур.”

Шу боисдир эҳтимол, Сайфиддин ёлғиз қолиб, ўзини тингламоққа эҳтиёж сезарди.

Юзлари чаман, навниҳол бир қиз патнис кўтариб Қутузнинг ёнига келди.

– Малак, исминг не сенинг?

Қиз баҳодирга идишда шарбат узатар экан:

– Руқия, – дея жавоб берди. – Кишмиш шарбатидан тотининг.

Сайфиддин қиз тутган шарбатдан сипқорди.

Шу чоғ Ҳожанинг одамларидан бири ичкарига кириб келди:

– Ҳожамиз амр этдилар. Алар мартабали меҳмон Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ сизни сўраётганини айтдилар, – деди.

– Шундоқму? – Сайфиддин бирдан ҳушёр тортди.

Мартабали қўноқ Ҳожа ва унинг одамлари билан дилдан суҳбат қурарди. Ўтган гал Ҳожа Мисрга борган чоғи подшоҳ Солиҳ Сайфиддинга қизиқиш билдиргани ҳақида қудаси оғиз очганди.

Сайфиддин чодирга кириб борган пайт мусиқа айни авжида эди. Хос аскарнинг ишорасидан сўнг, бирдан мусиқа тиниб, Абдуллоҳ Фатҳ Сайфиддин Қутуз ташриф буюрганини эълон қилди.

– Кирсин! Ичкарига кирсин! – буюрди Ҳожа.

Аҳад ибн Мажид Абдуллоҳ кўрдики, Сайфиддиннинг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадики, билаги йўғон бу баҳодир ҳамласини чинакам саваш майдонида қўлласа ярашади.

– Сен қайдан келгансен?

– Мовароуннаҳрдан.

Аҳад Абдуллоҳ синчков нигоҳларини яна Сайфиддинга қадади.

– Мовароуннаҳр! Икки дарё орасидаги юрт демакдур.

– Тақсир, бул маҳобатли номни араблар бермишлар.

– Яша, асл баҳодир экансен!

– Лутф кўрсатдингиз, ташаккур!

Аҳад Абдуллоҳ Ҳожага қараб:

– Жаноблари рухсат этсалар, бул баҳордир йигит, – деди у Қутузни назарда тутиб, – энди қиличбозликда ҳам маҳоратини кўрсатса.

Ҳожа маъқул деган кўйи бош эгди ва Сайфиддинга амр этди:

– Тадоригингни кўр!

Сайфиддин ўрнидан турди.

– Агар маъқул бўлса, -дея яна Ҳожага қарата айтди мисрлик меҳмон, – Қутуз маним хос аскарим Мансур Қоя билан куч синашса!

– Бош устига, маъқул! – Ҳожа шундай деган кўйи, ёнида осиғлик қиличини қўли билан тўғирлаб қўйди, сўнгра нигоҳларини Сайфиддинга қадаб:

– Ҳозирмисен? – дея сўради.

– Ҳозирмен! – Жавоб қайтарди у.

Мансур Қоя Аҳад Абдуллоҳнинг хос аскарларидан эди. У бағоят қувватли ва кўркам савлатли аскар бўлиб, курашларда мудом ғолиб бўлгани боис “Қоя ”лақабига раво кўрилган.

Улар кенг майдонга ўтишди.

Қиличбозлар майдонга тушди.

Кутуз қиличини қайраб, янги рақиби томон яқинлашди.

Унинг олган мўлжали нақ жойига бориб тегди, аммо рақибининг кучли зарби тезда Кутузнинг шамширини қайирди.

Қиличбозлар майдонда узоқ кезинишди. Бу чиндан саваш майдони эди.

– Мўлжалга ол. Мўлжалга ол, қайра қиличингни!

– Бўш келма! Бўл!

Атрофга йиғилганлар, галма-гал қиличбозларни олқишлар эди.

Мансур Қоя ортига тисарилиб, дафъатан рақибига зарба берди.

Бақувват панжалари қилични маҳкам тутган Қутуз рақиб шамширини қайириб, қуйига эгди. Шу топ ўзини ўнглаб олган Мансур Қоя шамширни яна ҳавода сермади. Сайфиддин сўнгги шиддатли зарби билан рақиб қиличининг дамини кесди.

– Уввв! – Томошабинлар ўринларидан туриб кетишди.

– Яша, бўш келма!

Томошабинлар бирини қўйиб, бирига таҳсин ўқишарди.

– Аъло! – Олқишлади Ҳожа, – қани энди ҳамлага ўт!

Навбатдаги ҳужум кутилмоқда эди.

Бу чоғ рўпарасида юзини қалқон билан тўсиб турган Маҳмуд Қоя пайт пойлаб Сайфиддиннинг кўксига кескир қилич учини тирамоққа уринди, ҳайриятки Сайфиддин қилич зарбини қайтарди.

Сўнг яна шамширлар қуёш нурида товланиб ҳавода ўйнади. Сайфиддин устма-уст ҳужумга ўтди.

–Уввв!

–Уввв!

Бежо кезинган шамол томошабинларнинг ҳайратли ҳайқириқларини ҳар томонга олиб қочади.

– Бале, бале! Мўлжални айни вақтида олдинг, баҳодир! – деди бу гал Қоҳиралик меҳмон. Ўзига содиқ бўлган аскарининг ҳоли Аҳад Абдуллоҳни ортиқ энди ранжитмас, чунки у зўрни зўр енгажагини биладир. Барибир зўр зўрни енгадир.

Қутуз шамширини Мансур Қоянинг кўксига тираган он, рақиби тишларини тишларига қўйди, шунда у рақиби нишонни тўғри олганини англади ва таслим эканини билдиришдан бошқа чора тополмади.

Қутуз ёвқур ҳамласи билан Мансур Қояни-да таслим этди.

Кўрдиларки, Сайфидиннинг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадиларки, бу билаги йўғон қиличбоз ёвқур ҳамласини чинакам саваш майдонида қўлласа ярашадир.

Мовароуннаҳр ёди ёҳуд султон Қутуз қиссаси

Подняться наверх