Читать книгу Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари - - Страница 1

Оглавление

Мамлакатимизда қадимий манзиллар анчагина. Ана шундай табаррук гўшалардан бири Қашқадарё вилоят Косон туманидаги Пўлати қишлоғи бўлади.

Йигирма мингдан ошиқ кишилар яшайдиган бу қишлоқ аҳли аксарият кўпчилигининг аждод-авлодлари араб миллатига мансуб, турмуш тарзи, уй-жойлари, ҳовли-боғлари, урф-одатлари Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада яшовчи араблардан тарқаган мусулмонларникига монанд.

Яқин Шарқ, дарвоқе, Пўлатидан уч минг чақиримча нарида бўлса-да, бу манзил-маконга араб миллати вакиллари қачон ва қандай келиб қолган, қуёш ботмас диёр – Қарши чўли қоқ марказида, Ўртачўл дашти соҳиллари бўйлаб қай тариқа ватан тутган деган саволлар туғилиши табиий.

Қадимшунослар берган маълумотларга қараганда, Шарафиддин Али Яздий «Зафарнома»сида ёзилишича, 1384 йил баҳорида Соҳибқирон Амир Темур Амударё устида муҳташам кўприк қурдирган экан. Ўйлаб қоласан, қайдам, пўлатиликларнинг аждод-авлодлари ана шу кўприкдан қўй-қўзиларини ҳайдаб ўтмаганмикан?

Пўлатиликлар ушбу манзил-маконда ўтроқ, шод-хуррам яшаб келмоқда. Айрим тушунча ва жумлаларида, умуман, шевасида арабий калималар ва лаҳжалар унсурлари учраб турса-да, ўзбекчани «она тилим», зуваласи нур, офтоб ва эзгулик билан йўғрилган Ўзбекистонни «ота юртим» деб эъзозлайдилар, айни маҳалда ўз урф-одатларига ҳам қатъий риоя қиладилар, араб миллий маданияти унсурларини сақлаб қолиб, қадриятларни асраб-авайлаб яшамоқдалар.

Жаҳон тарихига назар ташлайдиган бўлсак, милодий 610–632 йилларда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қурайший ал-Арабий, яъни Муҳаммад пайғамбаримиз Исломни дунёнинг янги дини деб эълон ва таъсис этган, Арабистон яриморолидан Сурияга, Суриядан Ироққа, Ироқ орқали эса Эрон империяси сарҳадларига, ниҳоят, Ўрта Осиёга – Туркистон заминига кириб келган, хуллас, мусулмонлик таълимоти ва тамаддуни Каспий денгизи шимолий соҳилларига қадар етиб борган эди.

Азамат вилоятларимиздан бири Қашқадарёда яшовчи арабларнинг аждодлари Ислом дини тарғиботчилари сафида келган бўлса ҳам ажаб эмас.

XIV аср охирида Амир Темур араб мамлакатларидан Ироқ ва Сурияга қўшинлар киритган ва маълум муддат забт этган, Дамашқни қамалда сақлаган ва бўйсундирган, асир тушган арабларни, хусусан, Дамашқ ва Басра атрофларидан Мовароуннаҳрга жўнатган экан.

Умуман олганда, Қашқадарёда яшовчи араб миллатига мансуб эл-элат Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий ва Саъид ал-Хароший ал-Баттол ал-Қурайший қўшинлари сафида келган бўлса, айримлари Соҳибқирон Амир Темур қўшинлари ҳайдаб келган асирлардан бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Одамлар орасида сақланиб қолган ривоятлар ҳам шунга ишора этади. Шевада эса Саъид Баттолнинг лақаби шўх ва серғайрат болакайларга нисбатан «баттолча», «баттоллик қилмагай» тарзида янграб келмоқда.

Кўпчилик тадқиқотларда, хусусан, В.Бартольд, Жаъфар Наршахий, С.Қораев, Б.Кармишева, А.Васильев, Т.Нафасов, Х.Дониёров, В.Массон, В.Ромодин, Б.Аҳмедов ўз илмий изланишларида Туркистонга келиб турғун яшаб қолган араблар аждодлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришган. Ана шу олимларнинг талқинларида ҳам аниқ маълумотлар учрамайди, улар тахминларга ишонган ва таянган, холос.

Ўтмишини билмаган кишининг сўқирдан фарқи бўлмайди, бундай кимсалар келажакни ҳам кўра олмайди.

Тарих роса олис, чек-чегарасиз бир дунё. Ўтганларимиз – улуғ аждодларимиз ҳаёти ва қаҳрамонликларини англаш учун қанча фурсат, қанча меҳнат керак бўлади? Тарих ўзи бировнинг мадади-ю кўрсатмасига муҳтож бўлмаган, дунёдаги ҳеч бир эзгуликка осонлик билан эришилган эмас, барча-барчаси азоб ва машаққат, қон ва жон эвазига дунёга келган.

Тарих барча сохтакорликлардан сарбаланд, адолат ва тўғрилик дунёси доимий ҳаракатда ва ўзгаришда, тўхташ ва тин олиш нималигини билмас тарих ўз бошида асрлар залвори, мамлакатлар ва халқлар тақдирини кўтариб юради, унинг юзи ҳамиша ёруғ, оқни – оққа, қорани эса қорага ажратишда ҳеч маҳал алдамчилик, риёкорлик, мунофиқлик ва қаллоблик қилмайди.

Ўтган авлод-аждодлари ва халқ қаҳрамонлари тарихини билиш ҳам маърифат ва маданият нишонаси.

Илмий изланувчилар ва олимларимиз олдида залворли вазифалар турибди, пўлатиликлар бўй-бастини халқимизга аниқ ва ишончли далиллар билан очиб бериши лозим. Бинобарин, нафақат Ўзбекистонда, қолаверса, бутун Марказий Осиё минтақасида аждодлари ислом фотиҳлари, Пайғамбар, халифалар авлодларига бориб тақалувчи кишиларнинг авлодлари йирик-йирик қишлоқлар бўлиб яшайдиган аҳоли манзиллари ҳам анчагина. Улар ўзини шунчаки «араб», «саййид», «махдум», «хожа» деб атайдилар, «мулла», «эшон» ва бошқа маҳаллий тиллардан чиққан терминлар билан аталувчи тоифалар қаторида Минтақа ислом цивилизацияси, маънавияти ва маданияти шаклланиши ва мавжуд бўлиб туришида иштирок этадилар. Ўзбекистон вилоятларидаги «Араб», «Арабхона», «Арабсарой», «Арабҳо», «Арабон», «Махдумон», «Саййидон», «Хожа» сингари бевосита топонимлардан ташқари, дейлик, бизнинг «Пўлати» сингари билвосита арабча топонимларга ҳам ишора этувчи жой номлари мавжудлиги тарих меваси ва минтақа кечмишлари ҳақиқатидир. Ўзбекистон араблари, асосан, Бухоро ва Қашқадарё араблари она тили – араб тилини сақлаб қолган араблар, шу билан бирга ўзбек, тожик ва ҳатто туркман тилини она тили деб билувчи – араб тилида сўзлашмайдиган арабларга бўлинади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам араб тили бутунлай истеъмолдан чиқиб кетмаган, негаки у ибодат – сажжода ва масжид тилидир, яъники ал-Қуръон ал-Азим уш-Шаън тилидир.

«Совет энциклопедияси»нинг эллигинчи жилдида Ўрта Осиё халқлари ва миллатлари тўғрисида маълумотлар берилган, уларнинг нуфуси – аҳоли сони тўғрисида қисман ёзилган, ҳатто 350 кишигина сўзлашадиган чуван тили тўғрисида ҳам мақола, маълумотлар ва шарҳ тузилган экан. Бунда қомус тузувчилар «араб», «араб тили» ва бошқа тушунчаларга таърифу талқин берганда фақат Совет Иттифоқидан ташқаридаги араб мамлакатлари ва маданиятини назарда тутган, холос.

Қизил империя даврида бирорта адабиётда «маҳаллий араблар», «бухоро араблари», улар тарихи тўғрисида бир жўяли сўз айтилган эмас, мустақиллик шарофати билан, шукурки, мамлакатимиздаги араб манзиллари мукаммал ўрганилмоқда. Совет давридаги яккам-дуккам тадқиқотлар сафига янгидан-янги изланишлар келиб қўшилмоқда. Ўзбекистонда, асосан Ўртачўл минтақасида Араб миллий маркази ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Пўлати қишлоғи пайдо бўлганидан бери қарийб 10–12 аср ўтган бўлса-да, унинг тарихи тўғрисида илмий ишлар ёзишга фақат энди-энди киришилмоқда, умидвормизки, бу жараёнда, албатта, пўлатиликлар ҳам фаол иштирок этади.

Пўлати қишлоғи жойлашиши ҳақида икки оғиз сўз: «Худойибоши» маҳалласи Пўлати қишлоғининг остонаси («Ариқ ёқаси» ҳам, «Калтатой» маҳалласи ҳам қўшилган), кейинчалик пайдо бўлган «Марказ» маҳалласи, «Мерганча» маҳалласига янги тузилган «МТС»га кўчиб келганлар ҳам қўшилган, «Кўтарма» маҳалласи, «Қорабўйин» маҳалласи (бундай маҳалла ёки қишлоқлар Ўзбекистон вилоятларида ҳам мавжуд, яъни «Қорабўйин» арабча «Қорийатун» (Қишлоқ манзили) деган сўздан келиб чиққан, «Чуқурқишлоқ» маҳалласи, «Бешқўтон» маҳалласи, «Фозил» маҳалласи мавжуд бўлиб, кўпларининг ўтмишдаги номи сақланиб қолган.

Эскидан Пўлати қишлоғида яшовчилар орасида бир яхши одат бўлган: улар остона ҳатлаб, уйдан чиқиши биланоқ тулпорига минмайди, отини аста-аста етаклаб хонадонидан йироқлашади, холисроққа бориб эгарга қўнади.

Бу фурсатда қиладиган ишларини режалаштиради, олдидаги мақсадларини ақл тарозусида ўлчаб-чамалаб кўради, борган жойида гапириш керакми ёки тилни тийиб туриш лозимми, яхшиси, доно сўз бўлса, гапириш зарур, деб обдон ўйлаб олади. Дарвоқе, айтилмай қолган сўз роса алам қилади, танимаган одам бир ёпиқ қозон, қозонни очмасанг, нима пишаётганлигини билмайсан, ўчоқ ва қозондан бошқа нарса қоронғу. Кўриб турибсизки, бу одамни ўрганиш учун анча вақт талаб қилади.

Арабларнинг бу одати бошқа халқларга ва мамлакатларга ҳам тарқалиб, ўзига хос умуминсоний чавандозлик одатига айланиб кетгани ҳам рост.

Пўлати қишлоғимни ва элдошларимни кўргали, ҳатто қум ва тупроғини кўзларимга сурмайи Сулаймон қилиб сургали келаман, меҳрибон ҳамқишлоқларимни соғиниб келаман, мен туғилиб, ўсиб-улғайган ва болалигим кечган гўшани қўмсаганимдан келаман.

Қишлоғимни бир умр тасаввуримда севимли Отамга ўхшатаман, доимо шу қишлоғимда яшашни истайман. Ёшим бир жойга борганда, қишлоғимга қайтишга, шу манзилда яшаш менга завқ бағишлайди, ўз элим тупроғини, ота-боболарим ётган мозоримиз ғуборини кўзимга суртмоқ учун келаман.

Пўлати қишлоғим, унинг аҳлини кўп севадиган, ҳурмат қиладиган инсонга айланиш ҳам ўзи катта бахт.

Мен деҳқонман, осмонда ҳаракатланаётган булутларга доим қараб юраман, йироқ-йироқлардан келаётган қушлар учишини узоқ кузатаман ва чуғурлашини роса мириқиб тинглайман, ер ҳайдаш, экин экиш, соғлом кўчат олиш, боғу бўстонлар яратиш ҳақида ўйлайман.

Экинзорлар оралаб хаёллар сураман.

Ҳосилни йиғиб-териб олгандаги деҳқоннинг қанча заҳматлари, умидлари, қувончлари кўз олдимдан кетмайди, деҳқончилигимни олтину зарларга қиёс қилмайман, улар шодлик ва қувончим, машаққатли меҳнатим, оддий кетмончининг кундалик ташвишлари, меҳнатдаги шон-шуҳрати, орзу-ниятлари тўғрисида ўйлаганимда кўз ўнгимда меҳнаткаш пўлатиликлар, уларнинг раҳнамоси Отам Тўра Орзиқулов намоён бўлади, қишлоқдошларимнинг порлоқ эртаси тўғрисида ўйлайман.

Қуйидаги назарингизга ҳавола этилаётган хотираларни Пўлати қишлоғи, элнинг мушкул кезлардаги раҳнамоси Тўра Орзиқулов ва жонажон Ўзбек мамлакати, киндик қоним тўкилган юртимдан чиққан азиз одамлар ҳақида деҳқоннинг ёзмишлари, ёзувчилик, ҳатто жайдари қаламкашликка даъво қилмайдиган Фарзанд дил изҳорлари ўрнида кўргайсиз дея умид қиламан.

Ниҳоят, мен ҳам тулпоримни остонамдан йироқлатиб, катта йўлга, Сиз билан мулоқот сари отландим.

Нопок ва ноҳалол йўлларга кирган ҳар бир инсонни яхши йўлга солиш, эзгу амаллар, пок хислатларга бошлашни Оллоҳим хуш кўради, ҳар бир яхши фазилатнинг Арши Аълода ҳисоби бор дейдилар-да.

Пўлатиликлар ўта ор-номусли ва бир сўзли кишилар.

Ўз йўлини ҳамиша порлоқ фикрлари билан ёритган эл; улар қизларини турмушга узатаётганда фарзанд розилигини сўрамайдилар, фақат ўз қарорини айтадилар, ҳатто ўғилнинг ҳам розилигини сўраб ўтирмайдилар. Ота-онанинг уйига келган меҳмон ва беморларнинг хизматидан бўйин товламайдилар.

Отам ақлимни таниганимдан бошлаб: – Бир умр инсон бандасига ёмонлик қилма, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаргин. Ёмонларни Оллоҳ ҳукмига ҳавола қил. Қаерда ишласанг ва яшасанг, ўз йўлингни поклаб юр, сенга ситам қилган кишини кечиргин. Сенга ёмонлик қилган кишини қоралашдан тийилгин. Бегона киши бир нима ҳақида сўраса, одоб билан жавоб бер. Халқ учун фақат фойдали иш қил. Белбоғи бўлгани билан ҳар ким ҳам эркак бўлавермайди! – деган сўзларни кўп маротаба такрорлар эди.

Ақлимни танигандан бери рақибларим билан очиқчасига курашдим, бу эски жароҳат ҳануз қалбимни ўртайди. Бу курашлардан қишлоқдошларим турли-турли тўқима ҳангомалар ўйлаб топишган. Бу тортишувлар ҳақида гапдонларимиз ҳикоятлар айтган. Элда қаҳрамонликларга хос эртак бўлиб кетган.

Пўлатида рақиблар тўқнашуви ҳеч қачон унутилмайди: ким ҳақ, ким ноҳақ – бу Оллоҳга аён. Бу тортишувлар ҳаводаги булутга ўхшайди, баъзида тўлиб-тўлиб ёмғир ёғган, баъзида осмон гулдираб, момақалдироқ бўлиб-бўлмай ўтиб кетган, холос.

Ўша бесамар тортишувларни кўпиртирувчилар ҳам бўлган, албатта.

Буларнинг бариси, кўз ёшидан қолган юздаги шабнамдан бўлак нарса эмас.

Ҳозир ҳам ҳамқишлоқларим даврасида ўша ўтган ишлар бош мавзу бўлиб қолган.

Нима ҳам дердим?

Хонадонимиз тўрида отамнинг сурати туради. Бир қарашдан сезилади ундаги қароғ қанчалик синчков эканлиги. Унинг қудрати кўзида эди, қариган чоғида раҳматли Отам тортишувларни мутлақо тўхтатиш, рақиблар билан дўст ва қариндош бўлишни истади, ёлғонлар, мишмишлар, туҳматларга чек қўйишни ихтиёр айлади. Бундан кейин ёлғон мишмишлар даврон сурмайди, деган қатъий тўхтамда оёқ илди.

Отамга 90 ёшида ёпишган дард Оллоҳ даргоҳига олиб кетди, отам тириклигида мабодо хато қилган бўлсам, кечикиб эса-да, қабрига бориб йиғлаб узр сўрадим, йўл қўйган хатоларимни (агар хато қилган бўлсам) руҳи поки кечириши учун тавоф қилдим.

Элим, қишлоқдошларим ва болаларим деб яшаган Отам рақибларига ҳеч қачон омонлик бермаган, уларни иши билан, сўзи билан, меҳри билан эритган, қаҳри ҳам посангида доим тўғри тортилган эди.

Кечалари чироқни ўчиришим биланоқ Отам деразам олдида намоён бўлади.

Отамнинг руҳи мени тонг отгунча қўриқлаб чиқади, сен беморсан, узоқларга бориб даволангин дегандай бўлади, отам бизларни тириклигида қўйнига жойлаб балою қазолардан сақлаганди-да.

Отам тушларимга кириб: – Болам, жанжал – фалокат. Мени рақибларим қанчалаб ноҳақ яралади. Миқ этганим йўқ. Қара, гавдамда тешилмаган жой борми? Кўксимга ўқ отганлар Худодан топди. Чида, Худога сол. Мен элим, ўз йигитлик орим учун рақибларим ёқасидан тутдим. Улар билан курашганим рост, энди, жоним болам, тортишувга ҳожат йўқ. Элимизнинг тинчлигини Оллоҳдан сўрагин, қўлингдан келса, уларга раҳнамо бўлгин.

Отам тоза сўзли инсон эди: у ҳаловат билмади, фақат меҳнат қилди. Унинг кўнглига маишат сиғмаган.

«Болам, ўйлайман, ўжар фикримда туриб, балки ишларимиз хатодан хатодир, деб фикр ҳам қиламан. Лекин элим ризқига хиёнат қилмадим. Кимларнидир ноҳақ хафа қилгандирман, аммо мен ҳақ эдим. Ҳақлигимча омонатимни Эгасига топширдим», деб тонггача менга тикилиб тургандай, тасалли ва таскин улашгандай туюлади.

Отам олдида нима ҳам дер эдим.

Отамнинг сўнгги сўзларини бажаришим шарт.

Бу менинг мақсадим бўлиши керак.

Рақибларимдан узр сўрашимнинг эса ҳеч имкони йўқ.

Ўзлари бу дунёни тарк этган, лекин рақибларимнинг гуноҳ ишларини хотирамдан ўчира олмайман.

Фақат Отамдан тиз чўкиб узр сўрашим керак, Отам мени кечиради, сўнгги насиҳатлари мен учун ҳаёт ва катта йўл эди.

Отам бошимни ўз қўллари билан силаб қўйган.

У мени чин дилдан яхши кўрган, бу айни ҳақиқат.

Тўғрисини айтсам, отамсиз бу дунё офтоб нури тушмаган ғорга ўхшайди.

Шуни тан олишим керакки, отасиз ғариб ва бахтсиз кишилар бир умр падарига талпинади, уларнинг ҳаёти баргсиз дарахтга ўхшайди.

Отам рақиблари билан кураша олди. Тўғри келса, муроса ҳам қила билди. Ҳаммасига ҳалоллик ва покизалик билан эришди.

Отам – ҳамиша бедор.

Отам Тўра Орзиқуловнинг бедор арвоҳи жонажон Ватаним, мустақил Ўзбекистонимни, кечаси ҳам, кундузи ҳам ўз халқи, фарзандларини ўйлайди, баркамол вужуди тўлиб-тошиб нафас олаяпти, яшаяпти, қадам боссангиз, ўғлим, ҳа, сенмисан дегандек бўлади, бирданига руҳингизни ҳаяжон чулғайди.

Отада ғурур бор, шаън-шавкат бор, ифтихор бор. Унинг қалбида элу юртининг орзу-мақсадлари муқаддас тимсолларга айланган, шундай порлоқ кунларга етишгунча қанча жафоларни, не-не ранжу аламларни кўрмади, дейсиз. Отам тирик чоғида болаларим, қариндош-авлодларим, халқим ва элим деган эътиқод билан яшади.

Ўзини савобли ишларга бахшида этди, чунки отам ўткир ақл соҳиби эди.

Отам узоқ соғинган Истиқлол миллион-миллион ўғил-қизларимиз иқболи ва истиқболидир, уларга эркин яшаш, меҳнат қилиш бахтини инъом айлади.

Таъбир жоиз бўлса, туғилган қишлоғим, табаррук Ватаним-да, ота-онам, мактабда ўқитган муаллим, устозлар сингари бизни тарбиялади, таълим берди.

Пўлатиликлар ҳар қадамда эзгуликдан сўйлайдилар, сени қишлоқда кўриб қолгудек бўлишса, фақат яхшиликларга чорлашади ва ўзлари ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Уларнинг донолиги, меҳрибонлиги, ҳар бир меҳмонни ҳаяжонга солади.

Пўлатиликлар инсон боласининг қўлидан фаришталар қўлидан келадиган ишлар келишини жуда яхши билади.

Дарҳақиқат, ҳаёт қанчалик мураккаб бўлмасин, нур ва зулмат, адолат ва разолат, эрк ва зулм, гул ёнида зоғ, барча-барчаси ёнма-ён, улар одамзод умрининг иқболими ёки заволи-ми – бу жумбоқ.

Яхшилик осонлик билан вожиб бўлмайди, эркинлик ва эзгулик дарҳол қарор топа олмайди.

Инсонга меҳр кўрсатиш – киши умрининг гултожи ҳам зийнати.

Пўлатида меҳмондўст ва дастурхони очиқ инсонлар яшайди.

Кўп юртларда эшикларда шундай сўзлар ёзилган экан: «Йўловчи, уйимга кирмасдан ўтсанг, менда айб йўқ, бунинг гуноҳи сенда. Эй меҳмон, уйимдан хафаҳол кетсанг, сенда айб йўқ, бунинг гуноҳи менда. Эшик зулфинини уриб тақиллатма, менинг уйим очиқ, кириб бир пиёла чойимни ич».

Кўриб турибсизки, бир инсоннинг кулбасига кириб, бир пиёла чой ичиш хонадон эгасига қанчалик шодлик олиб келади экан.

Келган меҳмонни кутиб олмайман деган фикр пўлатиликларда ҳеч қачон бўлмайди, бундай қилса тили танглайига ёпишади, келган меҳмонни ёқтирмаса, бундай хонадондан хайр-барака йўқолади, шундан-да, улар меҳмонга катта эътибор, ҳурмат билан қарайди. Топганини дастурхонига қўяди, қўйлар сўйиб шўрва, кабоблар билан меҳмонни сийлайди, саховат араблар кўрки эканини билади.

Пўлатига келган меҳмон қайси уйга киришини билмай турганда, тандирда ёпилаётган нон, қўй гўштидан тайёрланган қайнатма шўрва ҳиди келган уйда меҳмон бўлишни хуш кўради.

Пўлатиликлар ўз меҳмонини ўта дид ва тўкинчилик билан кутиб олади, уларнинг эшиклари беҳишт дарвозасидай очиқ.

Улар келгувчи меҳмонни ҳам, гадони ҳам соғиниб кутади, остона ҳатлаган меҳмон кўнглида не амри бор, пўлатиликлар учун унча катта аҳамиятга эга эмас, эшикдан келган ҳар бир меҳмонни отасини соғингандек кутиб олади.

Меҳмондўстлик – қишлоқдошларимнинг энг яхши инсоний фазилатларидан энг юксаги.

Улар ўзининг олижаноб меҳмондўстлиги билан қадимдан ном чиқарган, бу хислатлари бобокалонларидан мерос бўлиб, бардавом одатга айланган. Таклиф қилинган, кутилаётган меҳмон ҳам, кутилмаган, тасодифан келиб қолган меҳмон ҳам иззат-эҳтиром билан қарши олинади, ҳурмати жойига қўйилади.

Аслини олганда, меҳмон сизнинг ош-нонингизни деб эмас, ўзингизни деб, сизнинг яхши фазилатларингизни қўмсаб, соғиниб келади.

Пўлатиликларнинг олти минг хонадондан, Райимсўфи, Мўлали, Қаниали, Оққудуқ, Андабозор, Хўжақудуқ, Алачабоб қишлоқларида, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларида, Сурхондарё, Қарши чўлида қарор топган шахобчаларидан ташқари тағин неча-неча минг мўриси, қозон ўчоғи бор.

Унумдор ва серҳосил бўз тупроқли ерлари бор.

Пўлатиликларнинг табиий газга муҳтожлиги йўқ, ғўзапоя, қўй қийи ёқади, овқати ва кўк чойи роса мазали бўлади.

Бир замонда пўлатилик Олий Совет депутати Нормат Ҳасанов Москвага борганда ўша улкан шаҳарда овқат тайёрлаш учун уйида ўт ёқишмаганлигини, бирорта уйда мўри йўқлигини, уйларда тарнов йўқлигини кўриб ҳайратга тушганлигини, кўчаларида бирорта ҳайвонни кўрмаганлигини, меҳмонни сийлаш учун гўштни қаердан олар экан деб, бечора чўпоннинг боши қотганлигини, бундаги ҳаётга қойил қолмаганлиги, ўзининг Пўлати, Раимсўфи, Андабозор, Алачабоб қишлоқлари ҳаммасидан обод эканлиги тўғрисида Отамга сўзлаб берган экан.

Содда чўпон Москвадаги ҳаётни ўз билганича таҳлил қилган-да.

Бу инсон ўз Пўлатисини Москвадаги ҳаётдан устун қўйган, ўз Пўлатисини ҳаддан зиёд яхши кўрган одам эди, ўз қишлоғини ҳар қандай пойтахтдан афзал кўрган зот ҳозир бу дунёдан ўтган.

Тўғриси, мен ҳам бу дунёнинг кўп мамлакатларида бўлдим, гўзал чеҳраларни кўрдим, кошона ва эҳромларда кездим, бир-биридан жозибадор бўлса-да, ўзим туғилиб ўсган қишлоғимни севаман, дунёнинг чек-чегараси йўқ, кўз ўнгимдан қишлоғимдаги инсонлар бирма-бир ўтиб туради.

Дубайда қурилган «Буруж ал-Араб», 824 метрлик, дунёдаги баланд кошона ҳам, Қизил денгиз, Ўртаер денгизи ва Ўлик денгиз ҳам, жонларга дармон бўлган Карло-Вари суви ҳам, Ҳиндистондаги гўзал Тожмаҳал ҳам, Буюк Хитой девори ҳам, ҳамма-ҳаммаси, мени кечирсинлар, Каъбам Ўзбекистон, 6 минг хонадон яшайдиган ўзимнинг Пўлатим ва унинг заҳматкаш оддий халқи барча-барчасидан устун.

Қишлоғим барча гўзал шаҳарлардан-да гўзал, бир даста янтоқ чопган ҳамқишлоғим дунёдаги забардаст паҳлавонлардан сарбаланд, унинг баҳори, кузи, ёз ва қиши бир-биридан сафоли, лой тупроқ, хуллас, Пўлатининг йўллари жаннатга борадиган йўлларга ўхшайди.

Пўлатининг кузи ҳам сафолик, кўз ўнгимизда сим-сим ёғаётган ёмғир, эсаётган сокин шамол, дарахт остига тушиб ётган барги хазонлар, доно чолдай турган дарахтлар, ғамгин ва ярадор қорақоплондек беғубор зим-зиё тун, қанчалик узоқ бўлса-да, барибир ёқимли.

Эрта тонгда ўз жамолини кўрсатган қуёш нурининг куз фаслидаги нурафшонлигию меҳрибонлигини таърифлашга сўз ила қалам ожиз.

Болалик ва ўқувчилик йилларига қайтаман.

Косон туманида иккита ўн йиллик мактаб бўлар эди: биттаси туман марказида, иккинчиси Пўлати қишлоғида – Михаил Ломоносов номли мактаб.

Пўлатидаги мактабда туман ярим аҳолисининг болалари 8–10-синфларда, шароити йўқ, яшашга мослашмаган ётоқхоналарда яшаб ўқир эди, бозор кунлари 8–15 километр пиёда йўл босиб уйларига бориб келар эди.

Мактабда Бекмуродов, Суяров, Авазов, Омонов домлалар раҳбарлик қилган эди.

Ўқитишдан кўра мафкуравий тарбия қаттиқ олиб борилар эди.

Ҳарбий таълимдан Ширинов деган устоз ўқитар, у киши кўп яхши инсон, аммо урушнинг таъсири анча сезилар эди, бизларга милтиқ отишни ўргатар эди.

Урушдан кейинги йиллардаги очарчилик, йўқчилик одамларнинг тинка-мадорини қуритиб бўлган, халқ хўжалигини тиклаш учун Совет давлати аҳоли турмуш тарзини ижобий томонга буролган эмас, бундай шароитда мактабда ўқувчиларни мукаммал ўқитиш имкони чегараланган эди.

Ўқувчилар мактабдан кейин ота-онасига ёрдам қилиши керак, мол боқиш, ўт териш ва бошқа кундалик ишларни бажаришга тўғри келарди.

Пахта йиғим-теримида барча ўқувчилар учун ялпи сафарбарлик гўё қиёмат қойимни эслатар эди.

Кундузи пахта териб, кечқурун кўсак чувир эдик.

Пахта йиғим-теримига «ёрдам» сифатида 200–250 километр олисдаги Сурхондарё вилоятига ўқувчиларни жўнатишар эди, ғўзани яганалаш, чопиқ қилиш, бегона ўтлардан тозалаш ҳам мактаб ўқувчилари зиммасида эди.

Қишлоқдаги ёшларнинг кўпчилиги катталар билан баробар меҳнат қилар, бозорга, тўю томошага улар билан бирга қатнашар эди.

Мактабда озми-кўпми билимдон ўқитувчилар ҳам бўлган. Химия фанидан дарс берувчи Шукур Авазов домла бизни ўзининг шиддаткорлиги билан қўрқитар, дарсни ҳамма тинглар, савол-жавоблар бўлиб турар, саволларга аниқ жавоб берар эди.

Абдинаби Ширнаев ҳам роса билимдон, жиддий инсон эди.

Абдинаби домла ҳам химиядан яхши дарс берар эди.

Биринчи синфда Бойматов домла ўқитган эди, ўта камтарин, ширин муомалали инсон бизга ҳарф ўргатган.

Муаллимлар ҳаммаси бу дунёдан ўтиб кетди, ётган жойлари жаннатдан бўлсин.

Ҳали-ҳануз ёдимда, 5-синфда ўқир эдик.

Дониёров Ҳайит деган синфдошимизга Эргашев деган ўта самимий ва роса билимдон меҳрибон домулла Карл Маркснинг суратини кўрсатиб: «Бу улуғ одам ким?» – деди. «Бу киши Жуманазар бобо», – деб жавоб берди, ҳамма кулиб юборди, лекин Эргашев домла сир бой бермай, дарсни давом эттирди.

Мактабни иситиш учун чўян печка бўлар, унга кўмир, ўтин, баъзида бўлар, гоҳида у ҳам йўқ. Қаҳратон қишда қалин чопон кийиб, партада ўтирар эдик, муаллимларимиз ҳам чопонсиз мактабга келмас эди.

«Керзовой» этиклардан, оёққа ўралган пайтавалардан ҳам нам ўтиб кетар эди.

Баҳор, ёз ва куз ойларида ўқувчилар, озгина бўлса-да, латта ботинка ва калишлардан кийиб ҳузур қилар эди.

Пўлатиликлар эккан дов-дарахтлар улғайиб, осмондек жамол кўрсатиб туради, катта тут тагида, тупроқ супада кексалар куз ва қиш қандай келишини таҳлил қилади, ёшларнинг бебошлиги-ю кексаларнинг эътиборсизлиги ҳақида сўзлашади.

Бир кун оч қолган кишидан қирқ кун ақл қочади, дейдилар ўша очарчилик, қаҳатчилик ва об-ҳаво қурғоқчилиги, бир томонда вабою ўлат изғиган йиллар ҳақида, ўтиб кетган аждод-авлодлари тўғрисида ўз фикрларини ўртага ташлайдилар.

Қаҳатчилик кезларида очликдан жон берган болаларни, хотин-қизларни, Сибирга сургун қилиниб элга қайтмаган юртдошларини эслайди.

Эл учун жонини фидо қилган, Иккинчи жаҳон урушида изсиз кетган ҳамқишлоқларини хотирлайди.

Афсус-надоматлар билан урушдан кейинги ҳаёт машаққатларини эслайди.

Тошни тиш билан чайнаш афсона эканлиги ҳақида суҳбатлашади, ҳамма ўтганларини ойболта кўтариб келган тақдирга юклайди.

Дунёнинг томи жуда баланд, бу менинг қалбимдаги армонлардан ҳам юксак, мен ҳамиша пўлатиликларнинг ғуломи эканлигимни унутмадим.

Кўп сарсон-саргардон бўлганимда ҳам ўзимни уларнинг қулидек тутдим, баланд-паст қирлардан ҳам, улуғ ва мағрур чўққилардан ҳам баланд деб билдим.

Оқаётган дарёлардан ҳам шиддатли бир нарса борки, у ҳам бўлса Отанинг пойи ҳисобланади.

Отам ва элдошларим кўз ўнгимда гавдаланади.

Қалбимда уларга ҳайкал қўйганман.

Пўлатилик деҳқонлар ўз чайласида сизга бир тилим «варқоний» қовунини сўйиб беради, нон билан есангиз – бу дунёда мавжуд экансиз, шираси асло томоғингиздан кетмайди. «Варқоний» қовун нави Темур бобомиздан ёдгор қолган мерос десак адашмаган бўламиз. Бу нав қовунларнинг ҳидию мазаси ўша даврлардаги аждодларимиздан ёдгорлик бўлиб келмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1494 йилда қайд қилганидек, «Сайхун дарёси қўрғонининг ерларида қовуни яхши бўлар, бир нав қовундирким, «Мир Темурий» дерлар, андоқ қовун, маълум эмаским, оламда бўлгай».

Қайдам, «Варқоний» қовун нави – «Мир Темурий» қовун навининг бобокалонларидандир.

Ўзбек халқи мангу халқ, ризқ-рўзи ҳалол, улардан тарқалган авлодлар ҳам ота-боболари удумларини давом эттиради, эрта баҳорда учиб келган беозор лайлаклар беозор ерларда ин қуради, уларни «она лайлаклар» деб аташади.

Лайлаклар бир манзил-макондан келиши, келган манзилу маконга файзу барака, тинчлик ва осойишталик, бахту иқболнинг келишидан дарак беради.

Парвардигор Ойни яратди, Қуёшни яратди, Тонг билан Тунни яратди, йўқса, одамзоднинг ҳоли не кечар эди?

Шунинг учун ҳам инсонларнинг кундузги ҳаёти эрта тонгдан бошланади. Саҳар туриш, тонгни қаршилаш қишлоғимизда азал-азалдан хайрли саналган, шунинг учун ҳам пўлатиликлар эрта тонгдан онажоним деб Ватанга мурожаат қилади, табиат эса ўзи яратган борлиқни ҳамиша сақлайди, элим, юртим деб яшаётган сарбонимизга абадият қадар шарафлар ёғдиради.

Алломаларнинг фикрича, дунё яралганда биринчи Табиат пайдо бўлган, кейин – инсон. Дунёга келган инсоннинг бутун ҳаёти табиат билан алоқасига боғлиқ, у Табиат қонунларидан ташқарида яшай олмайди, ер, сув, ўсимлик, фойдали қазилмалар, шамол ва бошқалардан ўз эҳтиёжлари учун, талабларини қондириш мақсадида фойдаланади.

Табиат билан Инсон ўртасидаги алоқа ва мулоқот узлуксиз кенгайиб боради.

Дунё безаги тоғлар, дов-дарахтлар, қор ва ёмғир, ой ва юлдузлар, буюк қуёш ва экин-тикинлар, қисқаси, Оллоҳим яратган Табиат ҳамма нарсадан улуғвордир.

Табиатнинг ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди, тўғрисини айтсам, инсондаги яхши фазилатлар, раҳм ва шафқат, самимий муҳаббат, ғурур ва ифтихор, ғам-ситам, чинакам ватанпарварлик деган хислатлар бор, бу улуғ туйғулар Табиат қўйнида яшаб умргузаронлик қилган инсонларда шаклланади. Дунёда Табиатни севмайдиган одамзоднинг ўзи йўқ, ҳар бир инсон қалбига Табиат шавқ-завқ солади, инсон уйида ҳам, хизмат жойида ҳам, уловларда кетаётганда ҳам Табиат билан сўзлашади, сирлашади ва ич-ичидан дардлашади.

Инсон табиатга зўравонлик ўтказа олмайди.

Бир ўйлаб кўринг, саратонда қор ёғдирмоқ инсоннинг қўлидан келмайди-ку, ёки икки вагон қор олиб келиб қиш қаҳратонини пайдо қила олмайди-ку?

Тулпорлар кишнаб туёқларини ерга уриб олмос кўзлари билан Табиатга боқишини ҳамма ҳам тушуна олмайди-ку?

Турналар, лайлаклар ноласини ким ҳам фаҳмлай олади, буларнинг ҳамма-ҳаммаси англаб бўлмайдиган мураккаб жумбоқ, холос.

Табиатни қанчалик таъриф қилмайлик, барибир, уни жиловлаб, ўзи учун тирикчилик манбаига айлантириш учун барча жонивор ва инсонлар курашадилар. Қадим замонларда Месопатамияда, Грецияда, Кичик Осиёда ва бошқа жойларда ғалла экиш ва ҳайдов ерларини очиш учун инсонлар ўрмонларни қўпориб ташлаганлар, кейинчалик бу ерлар харобазорга, очиғи, даштга айланган.

Модомики шундай экан, чувалчанглар лой ютиб бўлса-да, яшашга ҳаракат қилади, ҳайвонлар ва жонзотлар олами, инсонлар бир-бирига кушандага айланади. Бу борада онгли инсон ўзини яратган Оллоҳдан қўрқиб, инсоф ва адолат билан иш тутади. Одамзод боласи Табиат бағрида дунёга келади, сутдан тўйиб эмаклайди, секин-аста қадам босиб тилга киради, ўсади ва улғаяди, онги тўлишади, ёмонлик ва яхшилик унинг истагига айланади. Дунёга келган чақалоқнинг дастлабки даврида сўзлашидек улуғ неъмат бўлмайди, кейинчалик яхши-ёмон сўзларни айта бошлайди.

Ота ҳурмати ва меҳрини қўзғатиш кераклигини ўрганади. Худди отасидек бўлиб етишишни ўйлаб улуғлай бошлайди. Отасининг отини ҳам, эгарини ҳам, қамчисини ҳам, ҳатто ўткир пичоғини ҳам «Отамдики» дейди.

Оллоҳим ҳамма бандасига бош бериб, Табиатни бошқариш, уни улуғлаб ардоқлаш, экинларни парваришлаб, юқори ҳосил олиш учун яратади, қарангки, бир хил бош беради, лекин бири Табиатни севади, иккинчиси қуритади. Қодир Оллоҳим, қани энди ҳамма бандасининг миясига Алишер Навоийнинг тафаккурини жойлаганда, дунёда озор деган нарсанинг ўзи бўлмас эди.

Бойсун ва Шерободга кетадиган йўл ёқасидаги азиз-авлиёлар ёнида ўсган икки туп чинорга ҳавасим келади. Бу улкан дарахтлар остида қанчадан-қанча инсонлар, қаландарлар паноҳ излаб яшаб ўтиб кетдилар. Ҳатто унинг танасини йўниб олиб, қизил шўролар ишхона қилдилар. Йўл ёқасида бўлганлиги учун қанча шоҳлар, султонлар, саркардалар қўшинлари соялади. Буни айтсам адоғи йўқ, бу буюк савобталаб чинорни ким эккан деб тарихчилар ҳам, фолбинлар ҳам бир фикр айта олмай ўтмоқда.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда Адабиёт ўқитувчим мени ўрнимдан турғазиб: «Айт-чи, «ҳақиқат» деган сўзнинг маъносини деб савол берди, яна қўшимча қилиб: «Ҳақиқат» деган сўз нимани англатади?» – деб туриб олди; ўқитувчининг саволи менга мутлақо ёқмади, лекин ўқитувчим менга қараб: «Саволга жавоб бер», – деб тепамга келиб турди, мен эса: «Ўқитувчини ўқитувчи дейиш, тут дарахтини тут дарахти дейиш, олма дарахтини олма дарахти дейиш, ўзи ҳақиқат» дедим, Ўқитувчим эса менга: «Саводсиз» деб тўнғиллади, мен ўқитувчига: «Саводсиз деб тўғри урушаяпсизми? Сиз қабристонни боғу гулзор дея айтсангиз, тўғри бўладими? Йўлни жар десангиз, қанақа бўлади? Табиатни табиат, бўрини бўри деб ўрганганман!» дегандим, жаҳли чиққан ўқитувчим мени дарсдан чиқариб юборди.

Ўша қаттол замонда битта-иккита меҳрибон раҳбарлар бўлар эди. Улар меҳнат қилган инсонларни эъзозлар эди.

Собиқ Ульянов, ҳозирги Касби тумани қишлоқ хўжалиги бошқармасида бошлиқ бўлиб ишлар эдим, райком котиби Муродилла Саидов билан республика пахтакорлар кенгашида қатнашдик. Қишлоқ хўжалиги вазири Эркин Шайхов билан учрашдик. Эркин Турдиевич ўта синчков инсон экан.

– Иккалангиз ҳам озиб кетибсиз, Ульяновга қайтмасдан тезда Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасидаги Урумчи деган жойга борасиз. У ерда машҳур «Дунган» деган табиб бор. Сизларни Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ходимлари кутиб олиб, ўзлари табибга олиб бориб келади, – дедилар ва Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазирига телефон қилдик.

Кечқурун самолётда биз Фрунзега, ҳозирги Бишкекка учиб кетдик. Қирғизистон ҳукумати меҳмонхонасидан жой қилиб беришди. Эрталаб «Дунган» табиб жойлашган давлат хўжалиги раҳбари ҳамроҳлигида чамаси 3 соат йўл юриб, тоғ қўйнига етиб бордик.

Касалванд одамлар сони жуда кўп. Табиб ҳаммасига ўз хўжалиги ишларини бўлиб ташлаган. Сигир, от, қўй, қўзилар, ҳатто паррандалар, санасанг, адоғи йўқ. Собиқ СССРнинг ҳамма бурчагидан беморлар етарли. Даволангани келганларга парҳез ва кундалик овқат пишириб берар экан. Тоғ ҳавоси, ундаги ўт-ўланларни кўриб, Табиат инсонларга шундай манзилларни инъом қилганини изоҳлашга сўзнинг мадори етмайди. Оқаётган дарё ва жилғаларнинг таърифи йўқ. Дастурхонга қўйилган қимиз, қумрон, сут, қатиқ, бринзанинг мазаси тилни кесади.

Бизни табиб қароргоҳига олиб боришди. 80 ёшлардан ошган, ўта бақувват, юзидан нур ёғилиб турган, қирғизча чакмон, бош кийим кийиб олган, соқоли ҳам ўзига ярашган табиб ҳузурига олиб киришди. «Кел», деб менга жой кўрсатди. «Ўлтириб туринг» деб алоҳида курсини кўрсатди Муродилла Саидовга. Дафтарига арабча имлода менинг исми-шарифимни ёзиб олди, қўл томиримни икки дақиқача ушлаб туриб: «Бўтам, қонинг тоза, сен сариқ касал кечиргансан. Гиёҳлар бераман, мол ёғини тановул қилма, ичиш ва чакишдан узоқ бўл, кўп узоқ яшайсан. Ҳар йили бағрингни даволатиб тургин. Асабни жиловла. Мен сенга дори сув бераман, фақат овқатдан кейин бир пиёла ичгин», деб кўздан кечиришни тугатди.

Навбат Муродилла Саидовга келди. «Дунган» табиб: «Сиз форсийлармисиз?» деганди Саидов: «Бизлар араб миллатига мансубмиз», деди.

«Дунган» табибнинг чеҳраси ёришди.

Муродилла Саидовнинг қўл томирини озгина ушлаб турди, кўзларига қаради, панжалари билан сочларини кўрди, икки елкасига қўли билан босим ўтказди: «Қисқаси, ўт пуфагингизда қурт бор. Ҳазм тизимингизда яралар бор. Асабни чарчатгансиз. Ўзингизни пичоққа берманг. Ҳар йили икки марта гиёҳлардан даво олинг», – деб кўрикни тугатди.

Муродилла Саидов билан табиб араб тилида гаплаша бошлади, бизлар табиб ҳузурида кўп туриб қолдик. Ўз бисотидаги инсонни ҳамма дардларидан фориғ қиладиган 200 грамм иккита қоғозга ўралган қотирилган гиёҳ берди, фақат ётишдан олдин истеъмол қилишимизни тавсия қилди.

Мен дадил табибдан сўрадим. «Сизни нега «Дунган» табиб деб аташади деганимда, бир зум ўйга толиб: «Бўтам, – деб гап бошлади, – менинг бобом Сўғди Арабистоний Қашқардаги Ғулжа шаҳрига келган. Шу жойда дунган миллатига мансуб аёлга уйланиб, яккаю ягона отам дунёга келган. Мени онам ҳам дунган бўлган. Мен Қозоқ ва Қирғиз чегарасидаги Урумчи деган шу жойда чўпон бўлиб кўп йиллар ишладим. Табиблик бобомдан ўтган, отам ҳам табиб бўлган. Ўт-ўлан, гиёҳларни яхши фарқлайман. Кўп юртлардан дардманд беморлар келади, Оллоҳим иродаси билан мен уларни гиёҳлар билан даволайман. Мен белгилаган тадбирни бузмаса, Оллоҳим уларнинг кунини калта қилмаган бўлса, албатта, тузалиб кетади. 85 ёшга кирдим, 5 марта уйландим, Худо менга фарзанд насиб қилмаган экан. Урумчидаги ота-онасиз қолган кўп инсонларни фарзандликка олиб тарбияладим, сизларни олиб келган раҳбар ҳам менга тутинган ўғил бўлади. То кўзим очиқ экан, эл-халққа, касал беморларга ақлим етганча ёрдам бериб даволайман. Менинг даволарим ҳаммаси бепул, фақат гиёҳлар учун беморлар пул ташлаб кетади. Мен уларни гиёҳ терадиган ишчиларга бераман», деб сўзини якунлади. «Энди меҳмондорчиликка келинглар, Қаршида Хонобод деган жой бор, унда осмонга учадиган самолёт ҳайдовчилари қишда киядиган яхши тикилган «чопон» бор. Шундан бир дона олиб келинглар, ақчасини бериб юбораман», деди, бизлар кулишдик. «Уни «бушлат» дейди, чолвори ҳам, пинжаги ҳам иссиқ тутади», деб тушунтирдик. «Шунинг учун ҳам мен сизлардан илтимос қилдим. Чўпонлик давримда оёқ панжаларимни совуқ олган. Қариганимда ўз кучини кўрсатаяпти», деб бир лаҳза жим қолди.

«Дунган» табиб дардининг оғирлигини яхши билганга ўхшайди.

Биз иккита идишда гиёҳ сувини олиб изимизга қайтдик.

Йулда ҳар қадамда қишлоқ аҳолиси идишларга солинган «Дунган» табиб гиёҳи деб табибга етиб боролмаган беморларга сотар экан, Муродилла Саидов кулиб: «Исрамбой, бозор чаққон-ку, беморлар алданиб қолмайдими?» – деди.

Исрам, «меҳмон», деб мурожат қилиб: «Бу яқин атрофдаги одамларнинг шу иш тирикчилиги, лекин ҳеч ким ҳақиқий гиёҳ суюқлиги деб кафолат бермайди», – деди.

Биз қайтиб келиб гиёҳ суюқлигини табиб айтгандек қилиб ичдик, озми-кўпми, дўстларимизга бердик, айниқса, қотирилган гиёҳ кўп дардларни енгил қилиб тузатди.

Олти ойдан кейин яна Урумчига табиб айтган кийимни олиб бордик, қай кўз билан кўрайликки, «Дунган» табиб лампалик сварка қиладиган ускуна билан қуриган оёқ панжаларини куйдириб турган экан, ранглари учган, хаёли паришон, олиб борган совға учун раҳматлар айтиб, яна кўришиш насиб қилган экан, тақдирдан қочиб бўлмайди, бизнинг саломатлигимиз билан қизиқиб, яна қўшимча гиёҳлар бериб, меҳмон қилиб кузатиб қўйди.

Инсон деган улуғ хилқатни бемор бўлмасдан соғ-саломат яшаши учун Табиатнинг ўзи дармон. Улуғ ватанимизда ўсадиган ҳар бир гиёҳ, дарахтлар, мевалар, сабзавотлар инсоннинг малҳами.

Одатда, осмонда учувчи қушлару паррандалар бирор юртга таклиф билан келмайди. Улар ўзлари яшаш учун қулай иқлим ва табиатни излайди. Оққушлар, турналар ва лайлаклар, ҳатто булбуллар ўз масканларини ўзлари танлайди.

Сибирдаги нозикмижоз оқ турналар ҳам ўзига мос маконларда қўним топади, урчийди, кўпаяди. Барча жонзотларда ватан соғинчи деган сўз билан ифодаланмайдиган туйғу бор. Бу туйғу ҳатто қушларда ҳам мавжуд. Тоғу тошларда, тиканли бута ва дарахтлар устидан учиб юрган қушларни қафасга солганда, кечаю кундуз фақат «она ватан» деган сўзни такрорлар экан. Қушни қафасда ушлаган киши унинг ватани нима экан, қаерда экан, балки Оллоҳим томонидан яратилган Жаннат қушларимикан, деб қафасдан уни озод қилади, қуш бир оз учиб бута ва дарахтлар шохига қўнади, чунки қушнинг уяси шу жойда экан, қушлар ватани она табиат, булбул ўз уясида сайрайди, бу бор ҳақиқат.

Қуёш жумла мавжудотга бирдай ўз нурини сочади, табиат қўйнида дарахтлар неча бор баргини тўкади, бу оламда қанча баҳор келиб кетгани бу Эгасига аён.

Инсон табиатнинг ҳар бир кароматига боқиб чарчайди ва ором олади, гулзор ва майсазорларга фақат ҳайрат билан қарайсан, бу олам, она тупроқ чексиздир, баҳорни ҳамиша соғиниб, севиб яшаймиз.

Биз дунёда тўртламчи даврда яшаётган бўлсак, келажакда бизни қай бир шодлик ва балолар кутаётганини тасаввур қилиш анча мушкул. Дунё захирасидаги ичимлик ва суғориш сувлари чегараланган, кейинги 25–30 йил ичида кўз ўнгимизда мовий Орол денгизи йўқолди, бунда бир оддий чашма эмас, катта денгиз ҳалокатга йўлиқди, бунга сабабчи ким?

Янги ерларни ўзлаштириш оқибатими, ёки сувдан бетартиб фойдаланиш ҳисобиданми? Тўғриси, ҳар иккаласи ҳам.

Агарда янги ерлар ўзлаштирилмаганда аҳолини уй-жой, экин экадиган майдонлар билан таъминлаш иложи топилмас эди. Масаланинг икки томони ҳам баб-баравар аҳамиятга эга, ҳозирги даврда сувдан, ер ости бойликларидан фойдаланишнинг чегараси мавжуд.

Африкада кейинги 50–100 йил ичида давлатларнинг йўқолиб кетиш хавфи бор. Чунки озиқ-овқат таъминоти етишмовчилиги оқибатида давлатларнинг йўқолиши табиий ҳол. Бу давлатларда инсонлар ичимлик суви табиий захирасига, аниқроғи, бир қултум сувга зор. Табиат қонунларини тан олмаслик, ундан имкониятдан ортиқ нарсани олишга интилиш оқибати кўп хуник натижаларга олиб келмоқда.

Амударёни хомталаш қилиш ўтган асрнинг 50–60-йилларида Туркманистонда 1000 километрлик улкан Қорақум каналини қуриш, унда оқаётган сувнинг қарийб ярми қумга сингиб йўқолиб кетиши билан бошланган катта фожиа бўлди. Сизга битта Амударё сувидан самарасиз фойдаланиш оқибатида қумга сингиб, ҳавога парланиб йўқотиладиган сув ҳисобининг ўзи ҳам кифоя қилади.

Сувсиз инсониятнинг бир дақиқа ҳам куни ўтмаса-да, ундан самарасиз фойдаланишга ўрганиб қолганмиз.

Буларнинг барчаси тузатиб бўлмайдиган муаммоларга олиб келади.

Сув бўлмаса гуллаган водийлар, чаманзорлар, мўл ҳосил берадиган ерлар, боғ-роғлар, ҳамма-ҳаммаси қурийди.

Ҳаёт йўқолади, айниқса, ҳаво ҳарорати баланд бўлган водийлар ва воҳалар саҳрога айланади.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 0,5–2 см қалинликдаги унумдор тупроқ қатлами ҳосил бўлиши учун 100 йил керак. Ана шу қатлам сув, шамол эрозияси оқибатида яроқсиз ҳолга келади. Ҳозирги даврда Ер шарида юзага келган чўлланиш ва қурғоқчилик жараёнлари кучайиб бормоқда. Дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатида бундай жараёнлар озми-кўпми давом этмоқда, яъни 40 % майдонни қамраб олган. Ер тирикчилик манбаи, инсоният ҳаётига ҳозирги кунда қилич кўтариб турган ядро тўқнашуви, ёппасига тарқалган касалликлар ва экологик муаммолар эътиборга олинса, энг хавфлиси – экологик муаммо ҳисобланади.

Бугунги кунда Ер шарида турли ёқилғиларнинг ёниши оқибатида ҳар йили ҳисобсиз кислород сарф бўлмоқда. Қишлоқ хўжалиги учун фойдаланиш имконияти бор ерларнинг 70 %и, чучук сув захирасининг 20 %и мутлақо ўзлаштириб бўлинди, ўрмонлар йилдан-йилга камайиб, чўл зонасига айланмоқда. Ҳаво ҳарорати ошиб бормоқда, боз устига, дунё аҳолиси шиддат билан кўпаймоқда. Табиат захиралари ўзлаштирилиши туфайли камайиб кетмоқда, инсон ўзи яшаш жараёнида атроф табиий муҳитга жиддий зарар етказмоқда. Буларнинг барчаси Табиатни ҳалокатга олиб келмаслигига ким кафолат беради?!.

Табиат билан тиллашиш ҳеч кимга ёмонлик олиб келмайди, фақатгина инсонни бадавлат қилади, дилини табиатга боғламаганлар мисоли бир жонсиз тош.

Баҳорнинг кўтаринки ва яшнаган дов-дарахтлари, кузнинг барги хазонлари инсон учун доимий жараён.

Одамзод дунёга келганидан буён Табиат бағрида яшайди. Табиатнинг бағри жонзотлар учун очиқ. Шунга қарамасдан, одамзод табиатга даҳшатли азобларни раво кўради. Булар тўғрисида ўйлар экансан, хаёл беихтиёр тарих томон етаклайди.

Ўтган замонларда инсонлар дарахтларга саждалар қилган, агарда бирорта дарахт қуриса, катта фожиа, ҳатто дарахтнинг шохини синдириш ҳам улкан гуноҳ ҳисобланган.

Дарахтлар шарафига маросимлар ўтказилган.

Мусо пайғамбар Худонинг васлига етмоқ учун узоқ излаб, уни табиат бағридан топади. Ёнаётган бир дарахт «Худо менман» деган овоз чиқарган экан.

Кўриб турибсизки, табиат қанчалик илоҳий, шунинг учун ҳам дунёда бирорта диёнатли одам топилса, ҳеч қачон Қиёмат бўлмайди деб бекорга айтилмаган.

Мамлакатимизда 68 хил ўрмон дарахти, 320 хил бута, 134 хил яримбута ва 2953 хил гиёҳ турлари мавжуд. Дунё миқёсида 4 миллиард 126 минг гектар ўрмон майдони мавжуд ёки қуруқликнинг қарийб 30%ини ташкил этади.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бир гектар 10–15 йиллик яшил дарахтзор бир йилда 50 тонна чангни ютиб фильтрлайди, 30 тонна кислород, шу билан биргаликда 3,5 тоннагача карбонат ангидрид газини ютади.

Бир туп бўлиқ дарахт бир йилда 3 кишига етадиган кислород чиқаради, бир киши бир кунда 25 кг тоза кислород ҳазм қилади.

Бир реактив ҳаво лайнери Америкадан Европагача 8 соат учиб 75 тонна кислородни йўқотади, буни 8 соат ичида 50 гектар дарахтзор ишлаб чиқарган ҳавони қайта кислород билан таъминлайди.

Турли ўсимликлар атмосферага 350 миллиард тонна соф кислород чиқаради.

Канадада бир кишига 24,0 гектар, Финляндияда 5,0 га, Россияда 5,0 га, Украина ва Швецияда 3,0 га, АҚШда 1,5 га, Ўзбекистонда 0,12 га ўрмон тўғри келар экан.

Республикамиз шаҳарларида нормал яшаш учун ҳар бир кишига 30 м. кв. яшил дарахтзор тўғри келиши керак. Бу кўрсаткич 10 м. кв.ни ташкил этади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 га ўрмонзор дарахтидан 280 кг целлюлоза, 160 кг сунъий ипак, 170 кг сунъий жун, 2 дона автомобиль шинаси, 100 жуфт резина пойабзал, 400 жуфт ипак пайпоқ, 600 дона трикотаж спорт кийими, 90 литр спирт олиш мумкин экан.

Тоғлар Ер юзи қуруқлик қисмининг 43 %ини ташкил этади. Республикамизда тоғлар 96 минг кв. км.ни, яъни 21,3 % майдонни эгаллаган. 1987 йилги маълумотларга қараганда, 2 миллион аҳоли тоғлиқ туманларда яшайди.

Дарҳақиқат, табиат Оллоҳ томонидан ато қилинган буюк неъмат. Табиат ва инсонни бир-биридан ажратиб бўлмайди.

Табиат гўзалликларини асраш, табиатни пайҳон этмаслик ҳақида бугунги кунда ташвиш билан гапирамиз.

Ёзнинг жазирама саратон ойида барча экинлар сувталаб бўлиб, бутун экинзордаги ўсимликлар дошқозонда қайнайди.

Баҳорда табиатнинг уйғониши бутун Борлиқ яшил либос кийиши ҳисобланади, далалар ва боғлар қушлар қий-чувига тўлиб кетади.

Парвардигор Эгам, Ер юзида кўпроқ дон экилса, кўп мева-чевалар етиштирилса, суғориладиган ерлар кўп бўлса, шунча мамнун бўлади. Чорвачилик ривожланган масканларни жаннатмакон диёр деганлар.

Олимларнинг тахминий фикрларига кўра, Ер сайёрамизда биздан олдин ҳам тўрт марта такроран ҳаёт кечган экан. Бундан келиб чиқадигани – биз Ердаги бешинчи ҳаёт қучоғида ўтиш даврида яшаяпмиз.

Хўш, инсоният Ер сайёрасини муқаррар ҳалокатдан асрай оладими, йўқми?

Агар келажакда инсонлар Табиатга муносабатини тубдан ўзгартирмаса, шак-шубҳасиз, бани башар мисли кўрилмаган ҳалокат ёқасига келиб қолади. Етти миллиард аҳолисига эга бу дунёда ҳар бир одам бир туп кўчат экса, табиатга қанчалик яхшиликлар қилинганлигини кўз ўнгингизга келтиринг-чи.

Германияда одамлар шахсий томорқасида ўстирилган дарахт, бута, кўчатлар аниқ ҳисобга олинади. Бордию ўша томорқа сотилса, сотиб олган киши дарахтни йўқотмаслиги учун шартномага қўл қўяди экан.

Ҳамқишлоқларим билан суҳбатлашаман, авлод-аждодларимиз ҳақида савол-жавоб қиламан, билса, аждодлардан уч-тўрт бўғинини билади, нарёғига ўйланиб қолади.

Мен ҳам изланаман, авлод-аждодларим, етти пуштим ҳақида сўраб-суриштираман, бир-биридан чалкаш-чулкаш жавоблар оламан, афсус, қисқа маълумотга эгаман-да.

Пўлатиликларнинг шажараси, кексаларининг гувоҳлик беришича, Амин оқсоқол деган инсондан бошланган. Ўз қишлоқдошларини кўп яхши кўрган бу оқсоқол Бухоро амири олдига бориб, бир масалада ёрдам кўрсатишини сўраб мурожаат қилади.

Бухоро амири Мозори Шарифдаги бир улуғ инсонни ном тутади, ўша кишининг қўлидан бориб олиб келинг деган таклифига биноан пўлатиликларнинг шажараси олиб келинади, кейин Мулла Карим бобога сақлаш учун берилади, қандайдир сабабларга кўра шажара изсиз йўқолади.

Бу катта йўқотиш – ота-боболаримизнинг тарихини мукаммал билмаслигимиз бизга кўп ишларимизда панд бериб келади.

Одам насли дунёга инсон бўлиб келиб, ўзини яшаш жараёнларида бир-бири билан муомала қила бошлайди, бу ёруғ дунёда яшашдек улуғ дарсни ўқийди ва бу жараён ҳеч тугамай давом этади.

Жаҳон майдонида пайғамбарлар, авлиёлар, муҳаддислар ва донишмандлар умрларини илму фанга бағишлаб, дунё кезиб, илм ва маърифатни ўқиб, бу кекса оламнинг поёнига етмай тарк этганлар.

Инсон масжид, мадраса, кошоналар барпо этди, қанча-қанча дарахтлар экиб ўстирди, чўлларга сув олиб келди. Одамзоддаги меҳрибонлик туйғуси, яхшилик хислатлари, киндик қони тўкилган тупроқни, буюк Ватанини севишини қай бир подшо эълон қилган фармон билан эмас, она диёрини чин дилдан севади, холос.

Ватанпарвар бўлиш хислатини Оллоҳ инсон кўнглига солган.

Буюк Ўзбекистон мустақиллиги халқимизга масжидларимиз, муқаддас китобларимиз, унутилган байрамларимизни, удумларимизни, одатларимизни қайтариб берди.

Ўз қадрини билган ҳар бир ўзбек фарзанди йўқотган қадрини қайта топганлигини буюк бахт деб билади.

Тарихимиз, маданиятимиз бутун жаҳонда ўзига муносиб ўринда эканлиги Ўзбекис- тонга бўлган меҳримизни янада оширади.

Қадимги донишмандларимиз қолдириб кетган ақл дурдоналари бизга битмас-туганмас мерос бўлиб келмоқда, бу борада жаҳон маданиятининг равнақи учун Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Наср Муҳаммад ал-Фаробий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Аҳмад ал-Беруний, Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари кўплаб буюк олим ва мутафаккирлар етиштириб берган халқимиз маданияти, донишмандлиги, умуман, камолотини Ер юзи аҳли азал-азалдан эътироф этиб келмоқда.

Биз дунё илмида бебаҳо мерос қолдирган олимлар, мутафаккир донишмандлар илмидан баҳраманд бўлганимиз, илм учун, улар чеккан азоб-уқубатлар, илмий мерослари бизга дастуриламал бўлиб келмоқда.

Шуни зўр ғурур билан айтамизки, дунёда биринчи академияга – Хоразмшоҳ Маъмун томонидан бизнинг тупроқда – Кўҳна Урганчда асос солинган.

Кейинчалик, Самарқандда Мирзо Улуғбек академияси пайдо бўлиши, Ҳиротда эса Алишер Навоий академияси фаолият кўрсатиши ўта ноёб ҳодиса бўлган.

Илм ва мантиқ маркази бўлган университетлар Европада 1200-йиллардан вужудга кела бошлади. 1400 йилларда Европада 76 та университет мавжуд эди.

«Университет» сўзи талабалар ва ўқитувчиларнинг уюшмаси маъносини англатган.

Мерцион Копелли 425 йилда Римда «Тривиум» ва «Квадривиум»дан динда фойдаланишни ишлаб чиқди.

Тривиумга грамматика, риторика ва логика кирган. Квадривумни геометрия, арифметика, астрономия ва мусиқа ташкил этган.

Бундан ташқари, Тривиум руҳонийлар учун нотиқлик санъатини самарали ўқитиш учун фойдаланар эди.

Квадривум эса черков байрамлари вақтларини аниқлашига ёрдам берарди. Бу машғулотлар Буюк Карлнинг мактабида олиб борилган. Бу машғулотлар 550–1100-йиллардаги монастр мактабларини эслатар эди.

Олий мактабларнинг бошқа марказлари – епископларнинг черков кафедралари мавжуд эди.

Франциядаги дастлабки университет Париждаги Биби Марьям черкови мактаби – кафедраси асосида ташкил қилингани ҳам айни ҳақиқат.

Университетлар вужудга келишининг бошқа сабаблари эса машҳур олимлар фаолиятига бориб тақалади. Масалан, XI асрда Ирнерий Рим ҳуқуқшунослигининг машҳур тадқиқотчиси сифатида танилади ва Болонья шаҳрига унинг маърузаларини тинглаш учун талаба ва қизиқувчилар оқиб кела бошлайдилар. Тез орада бу ерда Болонья университети ташкил топади.

Абелярнинг ўқитувчилик шуҳрати эса Париж университети вужудга келишига сабаб бўлди.

Айрим сабабларга кўра Париж университети муаллимлари ва олимлари 1168 йилда Англиянинг Оксфорд шаҳрига кўчиб кетдилар, машҳур Оксфорд университети кўп жиҳатдан шу туфайли вужудга келган экан.

Кембриж университети эса талабаларнинг ғалаёни ва уларнинг 1209 йилда Оксфорддан Кембрижга кетиши туфайли вужудга келган.

Болонья университети ҳуқуқни тадқиқ қилишда донг таратган бўлса, Салерно университети тиббиёт соҳасидаги тадқиқотлар билан ном қозонди, бинобарин, у Шимолий Европадаги университетлар намунасида ташкил қилинган эди.

Ўрта аср университетларига 14 ёшдан кириш мумкин бўлса-да, асосан 16–18 ёшдагилар талабаликка қабул қилинган ва таҳсил олган.

Объектив идеализмга асос солган, кўзга кўринган мутафаккир Сократ (милоддан аввалги 469–399-йиллар) аввало ҳайкалтарош бўлиб, Афинада ўз фалсафий таълимотини, жумладан, ахлоқий муаммоларни оғзаки тарғибот қилган.

Суқрот – Сократ ўз даврида ҳукм суриб келаётган кўпхудолик диний таълимотлари ва демократик тузумга қарши чиқа олганлиги учун Анит бошлиқ демократ ҳокимлар унинг ишини судга оширгандан кейин, ўз устидан чиқарилган ҳукмга эътироз билдирмай, ўлимни ихтиёрий равишда танлаган – заҳар ичган.

Суқрот қадимги юнон файласуфларининг Табиат тўғрисидаги барча назарияларини бефойда деб билган, унинг фикрича, Табиатни ўрганиш инсон учун ёт, Табиатни фақат Худо билиши мумкин деган қарашни илгари сурган.

Инсон фақат ўзига тегишли нарсаларни билади, яъни ўз-ўзини билиши зарурдир деб ҳисоблайди Сократнинг шогирдларидан бири Платон ва бир қанча асарларида айнан ўз устозининг фикрларини баён қилган.

Сократ – Суқрот ўзидан кейин бирон-бир ёзма манба қолдирмаган.

Диоген Лаэртский эсдаликларидан, Платоннинг Суқрот ҳақидаги диалогларидан Сократ тўғрисида биламиз, холос.

«Ғоя» деган тушунча юнон фалсафасига биринчи бўлиб Платон эмас, балки замондоши Демокрит томонидан киритилган, у моддий заррачаларни, яъни атомларни «идея» деб атаган.

Аслида «идея» юнон тилида «шакл» ёки «фигура» деган маънони англатган.

Шундай экан, Демокрит кўзга кўринмас майда заррачаларни «тур» ёки «ғоя» деб атаган, атомлар бир-биридан шакл жиҳатидан фарқ қилади, бу шакллар – атомларни оддий кўз билан кўриш ва билиш мумкин эмас, фақат ақл орқали биламиз.

Ғоя – шакл орқали билинадиган жисмларнинг асосини майда заррачалар ташкил этади, деб қайд қилган Демокрит.

Бундай эътирофни Платон маъқулламайди, «Ғоя – бу қонун» дейди.

Дарҳақиқат, ҳар бир нарсанинг ғояси нарсаларнинг маъносини англатади.

Платоннинг фикрича, «Ғоялар дунёсида энг олий яхшилик, бахт ғояси Худодир».

Оллоҳ яратган барча жонзотлар, мевалар, гуллар, табиат, мавжудотлар бўй-басти, шакли, туси, ранги ва ҳиди бўлади, жумладан, бир-биримизга қилаётган мурувват ва инсофнинг ҳам чегараси бор, лекин мурувват ва инсоф олам ва одам қалбидан йўқотилганига анча бўлган экан.

Илм-фан ривожланишига ўзининг бебаҳо ҳиссасини қўшган юнон фалсафасида янги даврни бошлаб берган буюк мутафаккирлардан бири Аристотел (милоддан аввалги 384–322 йиллар) Эгей денгизи бўйидаги Фракиянинг Сташра шаҳрида туғилган. Унинг отаси Македония подшоси Аминта II нинг сарой табиби эди. 15 ёшда етим қолган Аристотел ҳар томонлама ўқимишли ҳомий қўл остида таълим-тарбия кўради, ўн етти ёшида устози ва дўсти Платон ташкил этган Академияга ўқишга кириб, йигирма йил давомида, яъни Платон вафотигача шу даргоҳда таълим олади.

Манбаларда келтиришича, Аристотел Платоннинг дўстлари ва шогирдлари орасида ақл-заковати, илмга бўлган қизиқиши билан ажралиб турар экан. Ҳатто устози Платон билан турли масалаларда баҳслашиб қолар, айрим ҳолларда унга эътироз ҳам билдирар экан. Аристотел Македония подшоси Филиппнинг илтимосига биноан ўғли Александрга 3 йил давомида таълим-тарбия беради. Ҳокимиятни бошқариш 16 яшар Александрга қолгач, давлат ишлари унинг таълим олишига имкон бермайди.

Александр отасидан қолган улкан давлатни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида кўп мамлакатларга, Шарқ ва Ғарбга юришлар уюштиради, дунёнинг кўп қисмини забт этишга муяссар бўлади, ана шундай зафарли юришларида ўзининг энг яқин маслаҳатчиси сифатида Аристотелни ҳам бирга олиб юради, ўн икки йил сафардан кейин Аристотел 334 йилда – эллик ёшида Афинага қайтиб келади.

Аристотел Александр Македонский билан юришлар чоғида жуда катта илмий ишлар учун маълумотлар тўплаш билан шуғулланган, унинг ҳурмат-иззати баланд бўлган.

Александр Македонский Аристотелни табиий-илмий тадқиқот ишларини кенг олиб боришида катта иқтисодий кўмак бериб турган. Аристотел Афинада ўзининг хусусий мактаби – Лицейни очишга эришган. Мактаб Апполон Лицей ибодатхонаси яқинида очилгани учун шундай номланган ва катта кутубхонага ҳам эга бўлган. Шогирди Теофастга қолдирган, аммо Теофаст вафотидан кейин бу илмий хазина унинг қариндошлар қўлида 200 йил давомида ертўлада чанг ва мағор босиб ётади.

Милодий биринчи асрга келиб Афина забт этилгач, бу китоблар Римга келтирилиб қайта кўчирилиб чоп этилади.

Ана шу асарларнинг кўпгина қисми Юлий Цезар ҳукмронлиги даврида ёқиб ташланган.

Александр Македонский ҳаётининг сўнгги йилларида Аристотелнинг Афина зодагонлари билан муносабати анча ёмонлашади, Александрнинг ўлимидан кейин Аристотелнинг Афинада қолиши анча хавфли эди, шунинг учун Аристотел милоддан аввалги 323 йил таъқибларидан қочиб Афинани тарк этади ва Эвбей оролидаги Халкидага кўчиб келиб, орадан бир йил ўтгач, 322 йили вафот этади.

Аристотел улкан файласуфгина эмас, балки кўпгина фан соҳаларида қалам тебратган забардаст мутафаккир, у мантиқ, психология, фалсафа, этика, риторика, табиий фанлар бўйича ўлмас асарлар ёзиб қолдирган.

XIII асрда Ғарбий Европада Аристотел таълимотининг ижобий томонларини улоқтириб, диний жиҳатларини кўкларга кўтариб, тарғиб қила бошладилар. Аристотел ва унинг таълимотини ҳаққоний равишда талқин қилмоқчи бўлган кишиларни ўлим кутар эди, хусусан, 1029 йилда, Людовик XIII ҳукмронлик қилган кезларда Аристотел таълимотини ҳаққоний равишда баён қилишга киришган Рамус деган олим қатл этилган.

Схоластик таълимотларга қарши курашган Френсис Бэкон «Аристотелни ёқиш керак» деган. Кейинчалик кўпгина гениал кишилар ҳақиқий Аристотелни билмай, унинг номини лаънатладилар, уларга ҳақиқатни гапириш ман этилган эди.

Ўша давр дорилфунунларида Аристотел фалсафасини ўқитиш католик руҳонийларининг талаби билан киритилган, лекин ҳақиқий Аристотел ва унинг илғор фалсафий таълимоти мактаблардан ва дорилфунунлардан сиқиб чиқарилган эди.

Немис файласуфи Лейбниц Аристотелга бўлган бундай адолатсиз муносабатдан ҳайратланган ва унга нисбатан ҳурмат билан қарашга даъват этган. Кейинчалик Конт Германияда ва Кузен Францияда Аристотелга бўлган ноҳақликни, хатоликни тўғрилашга, унинг номи ва меросига ҳаққоният билан қараш йўлида курашадилар.

Янги даврда Буюк Альберт унинг асарларига юқори баҳо берган, илмнинг барча соҳаларидаги мутахассислар Аристотелни ўз оталари деб билганлар. Дарҳақиқат, Аристотел қадимги даврнинг «тирик қомуси» бўлган. XVIII аср француз файласуфлари Гольбах, Дидро, Гельвиций Аристотелдан Табиат ҳақидаги таълимотни қабул қилиб, табиатнинг абадий ва объектив эканлигини тан олганлар.

Гегель ўзининг диалектика ҳақидаги таълимотини яратишда Аристотелнинг диалектик таълимотидан фойдаланган ва уни ривожлантирган. 2,5 минг йил муқаддам яшаб ижод этган аллома Аристотелнинг бебаҳо, ўлмас меросига бўлган қизиқиш ҳозирги кунда ҳам ошиб бормоқда.

Айниқса, унинг ахлоқ-одоб тўғрисидаги таълимоти бугунги куннинг муаммоларини ечишда катта роль ўйнайди.

Биз қисқа бўлса-да, ўтган олимлар тўғрисида, уларнинг илмни тарқатиш ва ўқитиш борасида фикрларини ўртага ташладик.

Илм барча даврларда ҳам инсоният гултожи бўлган, гоҳ ҳақ, гоҳ ноҳақ бўлса-да, инсониятни ғафлатдан уйғотиб келган.

Тағин Пўлати ва пўлатилик элга қайтамиз.

Туни билан осмондан тушаётган ёмғир томчилари қанчалик оғриқли бўлса-да, шунчалик қувончлидир, чунки деҳқон бу ёмғирга интиқ, ёмғир экинларга ҳаёт бағишлайди.

Кетмонини қўмсаган деҳқон туну кун ўз экинзорларини ўйлайди, дашту далаларини соғиниб яшайди, меҳнати нечоғли заҳматли, оғир бўлса-да, буюк Ватанимизнинг тандирдек қайноқ бағрига талпинади.

Чопонидаги тупроқ чанглари билан, минг хил ташвиши билан яшайди, ортиқча ғалва билан иши йўқ, у фақат ўз даласини ўйлайди.

Инсон турмуш ва ҳаёт қийинчиликлари қаршисида мағлуб бўлиш учунгина ёруғ дунёга келмайди. У эгилади, синмайди, енгилса-да, мағлуб бўлмаслик учун дунёга келади.

Ўзбекистон деган меҳрли юртини жондан ортиқ севади. Осмондаги қуёш нурида тобланади, кўк чойи ва бир бурда буғдой нонини эсдан чиқармайди, ўз тулпорларию қўй-қўзиларини боқиш билан банд, уларнинг муҳаббати – маҳбубаси тупроқдир, у билан дардлашади, тупроқ кўчмас, улар ҳам кўчмайди.

Бу улар учун катта шараф, ҳамқишлоқларим хасдек беозор, дўстлар қувончига шерик, Абдураҳмон халфадан қолган пуфласа ўчмайдиган шамдек беозор қалдирғочларга ўхшаб яшаб келмоқда.

Пўлатиликлар мана шундай яшайди, умргузаронлик қилади.

Қишлоғимнинг ҳар бир қадамида учрайдиган дов-дарахтларга қараганимда гўёки отам чопон кийиб тургандай кўринади, отам эккан дарахтлар, «одам» қилган кўчатлари ҳаммаси менга меҳнаткаш халқимиз бўлиб кўринади. Отамнинг сафдошларидан Нормат Саноев, Анор Жумаев, Шукур Авазов, Сувон Жумаев, Турсун Чўлиев, Қутфиддин Сувонқулов, Шомурод Мирзаев, Нормамат Рустамов, Қўзибой Раҳимов, Равшан Отамуродов, Мамат Холлиев, Усмон Зоиров, Қўзибой Хўжаев, Холмамат Авазов, Оқназар Кунназаров, Жўра Толиповлар бу дунёдан ўтиб кетди.

Оллоҳим уларни раҳматига олсин.

Кўпчилиги соғ-саломат эл-халқни хизматида юришибди: булар Суяр Чўлиев, Зикир ва Рустам ҳожи Саидаҳмадовлар, Шермурод Абдиев, Холмўмин Авазов, Абил бобо Авазов. Уларнинг умрлари узун бўлсин.

Мен кўпгина шаҳарларни пиёда кезганман. Бу менга ёшлигимда отам берган тарбия.

Пиёда юришни Отам ҳам яхши кўрар эди.

Пўлати қишлоғимда пиёда юриш мен учун қанча қувонч, буни сўз билан ифодалаш қийин.

Уйимиздаги бешик аждод-авлодларимиздан бизга қолган мерос. Унда отам ҳам, мен ҳамда укаларим ва фарзандларим вояга етишган. Қанчалик қадрли бойлик, қишлоқдагилар хонадонидаги бешиклар доим тебрансин, бу бешиклар бизнинг авлодларимизга буюрсин, улар бу бешикларда тинч ухласин, улар эрка бўлиб, она Ватан деб ўсиб улғайсин.

Инсон умри овчидан қочиб кетаётган оҳунинг шарпасидек тез ўтади, шунинг учун ҳам яшаётган ҳаётимизни беш кунлик дунё дейдилар-да.

Инсон умри ботиб бораётган ҳаёт қуёшига ўхшайди, ҳар ким бу дунёда қилганларига яраша Оллоҳдан мукофот олгай, ажр топгай. Бу дунёдан кетганлар ҳақида яхши фазилатларни гапирайлик, улар қилмишларига яраша мукофот ёки жазо оладиган жойга кетганлар, уёғи Оллоҳимнинг измида.

Пўлатиликларнинг қабристони мен учун ҳамма эҳромлардан баланд, унда эскирган ва янги қабрлар ҳам бор, бу жой қанчалик муқаддас ва улуғ, менинг қишлоқдошларим, ота-онам, аждод-авлодларимнинг табаррук хоки ётибди, уларнинг ётган жойлари жаннатдан бўлсин.

Қабристонда ота-онам руҳига Қуръони каримдан тиловат қилаяпман. Бу маконда элимизнинг тожлари ва сардорлари бир умрга абадий ором топган.

Дарҳақиқат, ҳаётда инсон умри дарахтга ўхшаб кетади, баъзилари узоқ умр кўради, баъзилари шафқатсиз кесилади, айримлари эса бевақт қурийди, қолганлари уларни эслаб афсусланади.

Бундан тахминан уч аср аввал яшаб ўтган Абдураҳмон халфа қабристонида қўним топган пўлатиликларнинг авлод-аждодларининг жойи жаннат бўлсин.

Бу дунё қанча азизларни ўзидан ўтказган работ, ҳеч инсонга вафо қилмаган.

Фақат қилинган яхшилик эскирмайди, йўл қўйилган гуноҳлар унутилмайди.

Диёнат қандоқ бўлса, жазо ҳам шундоқ бўлади.

Фақат Парвардигорнинг ўзи мангудир.

Карвон бехатар, одамзод қазою қадрсиз бўлмайди: бу қонуният тақдир қонуниятидир.

Абдураҳмон халфа ўз даврида улуғ фазилатлари билан Пўлати қишлоғимизнинг тарихини безаб кетган. Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, Абдураҳмон халфа Пўлати қишлоғидаги Масжид домлаларидан диний билим олади. Кейинчалик Бухорода, сўнгра Саудия Арабистонида ўқиб таҳсил кўради. Бу сиймо ўта зукко, қувваи ҳофизаси беназир, ноёб қобилият эгаси, устозлар дуосини олган инсон бўлган экан.

Тўғри хулоса қилсак, ҳар бир одамнинг дунёга келиши ноёб ҳодисадир.

Шундай улуғ зот пўлатиликларни кўп йиллардан бери унута олмаган пири ҳисобланиб келмоқда.

Пўлати қишлоғидаги Абдураҳмон халфа масжиди учун ўзи айлана чизиб масжид барпо қилади, бу ибодатхона ҳозиргача фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўз даврида ўзбошимчалик билан масжид қурилиши дараги Бухоро амирига етказилади, лекин Амир, Абдураҳмон халфа қурдираётган масжидга монелик қилмайди.

Амир, Абдураҳмон халфани ҳурмат қилган, масжид ва мадрасалар қуришга катта эътибор берган экан.

Миноралар, масжидлар, мақбаралар – улар муқаддас хилқатларки, бу ҳақиқат Абдураҳмон халфа қурдирган масжидга ҳам тегишли: қанча-қанча савобли ишлар қилиниб, бўзбола маънавий мерос қолди, ота-боболар яратган бирор нарса изсиз – самарасиз йўқолмаслиги керак.

Инсон иморатлар, қанча улуғ қасрлар қурди, қанча инсонларга яхшиликлар қилди, савобли иш ҳеч қачон унутилмаслиги лозим.

Ҳар бир қилинган савобли иш кўп эсланади, улуғлар эса ардоқланади.

Бухоро амири Шаҳрисабзни бўйсундириш учун катта қўшин билан ҳаракатланиб Пўлати қишлоғида Абдураҳмон халфа хонадонида жойлашади, ўз мавридини топиб Амирга Абдураҳмон халфа:

– Шу кеча-кундузда Шаҳрисабзга қўшин тортишнинг ҳожати йўқ кўриняпти, бу жуда хатарли юриш бўлади, – деб тушунтиради. Амир ўз қароридан қайтмай, юришни давом эттиради ва муваффақиятсизликка учрайди, қайтишда эса халфага:

– Сиз ҳақ экансиз, – деб ўтиб кетади.

Шаҳрисабзга Амир кейинги юриш қилганда:

– Буёғи қандай бўлади? – деганда:

– Зафарли бўлади, – деб жавоб беради, амир зафар қучиб қайтади.

Халфага инъомлар ҳадя этади.

Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир пўлатилик Абдураҳмон халфа қабристонидан ўтганда ётганлар руҳи покларига дуолар қилиб ўтади.

Бу ерда боболар ва момолар, уларнинг нидолари, кўксининг битмаган яраси, ҳеч кимдан ёмонлиқ кутмаган дуолари, бир калима Қуръони карим оятларига зору муштоқлар ётибди.

Пўлатида Абдураҳмон халфа сингари улуғликни ўзида мужассам этган кўп инсонлар ўтган бўлса керак.

Қизил империя бундай муқаддас ва мўътабар жойларнинг кўпини динпарастлар маскани сифатида қийратди, яксон қилди.

Дунё азалдан ҳисоб-китоблидир, унинг мушкули ва тугунлари кўп, инсон тўқ юрган дамларида Оллоҳга шукрлар қилиб яшаши керак.

Қоҳирада, Дамашқда, Марокашда, Қозонда ва Бухорода таҳсил олиб, Қуръони каримни ёддан биладиган муллаларимиз исломий ва дунёвий илмларни мукаммал билган, лекин улар илмсиз деб ерга урилган, араб имлосида улар берган савод натижасида ўқувчилар Шарқ ва Ғарб илмини сувдай билганлар. Фақат русча таълим олган ўқувчиларгина саводли ҳисобланган, араб имлосида ёзишни, ўқишни биладиган кишилар умуман эътиборга олинмаган, имкон топилса-топилмаса турли йўллар билан улар қатағон қилинган.

Озод яшаш ҳуқуқидан маҳрум эди.

1960 йили миллий республикаларда, айниқса, ислом дини кенг тарқалган Ўрта Осиёда мачитлар ишлаши қаттиқ назоратга олинган, кўпчилиги ёпилган, ҳатто эскириб кетган деган баҳона билан бузиб ташланган.

Дин қўмитаси кексалар билан мажлис ўтказиб, эскирган деган баҳона билан бузиб ташлансин деган қарор ёзилиб, амалга оширилган.

Худди шундай қарор мачит эскирган, зудлик билан бузиш керак деб Пўлатидаги Абдураҳмон халфа мачити тўғрисида ҳам қабул қилинган, отам хабарни аниқ билгандан сўнг, зудлик билан қарияларни ва мачит имомини Абдураҳмон халфанинг чевараси Махсум бобоникига тўплаб:

– Ота-боболаримиздан бизга ёдгорлик бўлиб қолган ягона мачит бузилиши керакми? Ёки вақтинча колхозга омборхона қилиб қўйишимиз маъқулми? – деб мурожаат қилади.

– Раис, оғалар кейин сизни ўз ҳолингизга қўймайди. Сўқир ҳам ёрқин туш кўра олади, қафасдаги қуш билан учиб юрган қушни бир тасаввур қилинг, эркинлик хумори кимни соғинтирмайди. Халқимизни бахтига сиз кераксиз, масжидни бузаверсин, бизлар розимиз, – деб Махсум бобо йиғлаб юборади.

– Йўқ, мен масжидни буздиролмайман, қабрғистонда ётганларнинг арвоҳи қўймайди, эрталабгача колхоз мол-мулкини ташиб омборхона қиламиз, унга учта қоровул тайинлаймиз. Бу ёғини менга қўйиб беринглар, – деб отам мачитни колхоз кийим-кечак омборхонасига айлантиради.

Эрталаб вилоятдан келган Махсус маҳкама вакиллари қишлоқ шўроси раиси билан колхоз идорасига чақириб, раиснинг олдига боради ва мақсадга кўчиб, бугун тунда мачит яксон қилинишини ва бу ишни амалга ошириш учун механизмлар ва ишчилар билан таъминлаши зарурлигини талаб қилади.

Раис қишлоқдаги Абдураҳмон халфа мачити ишламаётганлиги, у жой колхоз омборхонаси эканлигини уларга чиройли қилиб тушунтиради ва ҳақиқий аҳволни кўрсатади.

Келган вакиллар бу ўйинни яхши англаб, изига қайтиб кетиб, раисни Термизга, вилоят марказига чақиртириб, Махсус маҳкама бошлиғи дағдаға қилиб:

– Мен сени ишдан олиш ва партиядан ўчириш ҳақида Обком бюросига тақдимнома киритдим, – дейди.

Раис Обком секретари Шамсиддиновга аҳволни тушунтириб:

– Мачитни буз десангиз ҳозироқ бузиб ташлайман. Лекин аҳоли ўртасидаги вазият бу ишни тақозо қилмайди. Мачит ишламайди, колхоз омборхонасига айлантирилган. Энг хунуги, масжидга тегилса, 30 минг одам кўчага чиқиб намойиш қилади, керак бўлса, Обком, ҳатто КПСС Марказий Комитетигача боради. Нима қиласизлар арининг уясини бузиб, мен сизларга бор гапни айтдим, – деганда Фахриддин Шамсиддинов:

– Одамлар сенинг айтганингдан чиқмайди, сен бу топшириққа жавобгарсан ва бажара- сан, – деб гап бошлаганда:

– Мен бу жавобгарликни бўйнимга ололмайман, халқ мени болаларим билан у жойдан кўчиради. Яхшиси, мен ариза ёзиб бераман, ишдан олинглар. КГБ бошлиғи ўзи бориб мачитни буздираверсин, мен бўладиган бор гапни айтдим, яна сиз бюро аъзолари билан бир ўйлаб кўриб қарор қабул қиларсизлар, менга рухсат беринглар, – деб чиқиб кетади.

Ҳаётнинг оддий бир қонуни бор: ниманидир бой бериш ҳисобидан нимадир сақлаб қолинади.

Отам ҳаётида тўсиқ ва қаршиликларга дучор бўлган бўлса-да, уларни писанд этмай мардона кун кечирди. Шу боис ҳам элдошлари орасида кўп нарсаларда намуна бўла олди, ўша даврнинг исканжасида ўзидаги бор имкониятларнинг ҳаммасини элдошларига бағишлай олмаган бўлса-да, ҳеч кимдан тили қисиқлик жойи ҳам йўқ эди.

Отам ўзига ишонган кишига хос ирода соҳиби эди.

Шу билан табаррук мачит бузилмасдан, ҳозиргача Оллоҳнинг уйи сифатида ишлаб келмоқда.

Мени улғайтган Пўлати қишлоғим, сендан кўп яхшиликлар кўрдим, қарзим кўп, ота-онамдан олган қарзларимни тўлдиролмадим, ҳатто улар босган изларини тополмайман.

Абдураҳмон халфа қабристони ёнидан кимлардир чўчиб ўтади.

Қишлоғимиздаги кўп инсонлар бу ерга абадий кўчиб ўтганлар.

Абдураҳмон халфа қабристонида қанча оқил ва заковат соҳиблари ётибди, афсус, бу қисмати азал.

Бу дунёдан ҳаммамиз шундай ўтамиз.

Пўлатида яна битта қадимги, бундан IV–V аср муқаддам бунёд бўлган «Ғойибота» қабристони ҳозирги кунгача мавжуд, бу қабристонда пўлатиликларнинг бобокалонлари, улуғ момолари қўйилган, қабристондаги ҳар бир мозор устида ўз даврида Нуротадан туя билан олиб келинган кулранг мармар қабртошларида араб имлосида, қабрида ётган инсон исми, отаси ва катта боболари номлари, туғилган вақти ва бир калом Қуръони карим оятлари ёзилган бўлиб, марҳумнинг авлодлари томонидан ўрнатилган.

КПССнинг динга қарши 73 йиллик сиёсатидан «Ғойибота» қабристони ҳам қурбон бўлди, бу қабристонни обод қилишга ҳам, қабртошларни қўриқлашга ҳам имкон берилмади.

Қабртошлар ўша Қизил империя давридаги «Оллоҳнинг қаҳрига учраган» арман, рус, ўзимизнинг маҳаллий қурувчилар томонидан ўғирлаб кетилди, мутасадди раҳбарлар «ғинг» демай, кўрмасликка олди.

Қабртошлар қайси бир партия ва совет идораларининг биносига зинапоя қилиб ишлатиб юборилди, пўлатиликларнинг тарихи бир зумда осмонга учиб кетгандай йўқотилди.

Бир тасаввур қилинг, бу қабристонда мангу макон топган Пўлатининг гавҳарлари Муҳаммад, Шомурод ва Рустам элбегиларни, Шароф оқсоқолни, Келдиёр бойни, моҳир мерганлар: Холмурод, Рустам, Камолиддин, Шарофиддин, Ғиёсиддин, Сайфуддин, Сайиддин, Асад, Қулмурод, Тошмат, Эшмат мерганларни, Расулберди карвон, бундан ташқари, улуғ Саййидзода пирларнинг қабрини ким топиб беради? Тилимиз куйиб, дардимизни ичимизга ютиб келдик, шонли Пўлатининг тарихи кўз ўнгимизда йўқотилди.

Айтаверсак дардимиз адо бўлмайди, инсонни тириклайин ёндириб юборади, ситамлар халқимизнинг армонлари бўлиб қолди.

Халқимиз тарихининг мунгли саҳифаларини варақлаш бу кўҳна дунёдан қанча одамлар ватан деб ўтиб кетганидан, улар сиртдан бахтлидек кўринган бўлса-да, аслида ватансиз, бахтсиз, эрксиз инсонлар эди.

Отам айтар эди: дунё – ўткинчи, дунё – ёлғончи.

Худо раҳматига олсин, гўри нурга тўлсин, отам ҳақ экан.

Жаннат каттами ё дўзах кенгми, буни фақат Оллоҳим билади.

Дунё яралгандан буён дашт саҳролар, мангулик деб оққан дарёлар, улуғ зот подшоҳларига зор бўлган. Бу мулкларга келиб кетган не-не карвонлар, сарвару сарбонлар номсиз кетди, Оллоҳ уларга бош берди, тож берди, тараф ва шараф бермади.

Ер юзида инсонларнинг бошини силовчи, ўз юрти элини севгувчи саховатпеша одамлар жуда озчиликни ташкил этади.

Кабутарлар уялари бойқушларга ошён бўлса, бу жаҳолат-ку?

Чирқираган оналарнинг оҳу нолаларига буюк Помир ва Олой тоғлари силкинган, бир ниҳол экмасдан бу дунёдан ўтганлар қанча, масжиду мадрасаларни сотганлар қанча, халқимиз бошига мислсиз балоларни олиб келган, ҳаттоки тоғдаги қоримизни сотганлар ҳам анча экан, Оллоҳим уларни иймону инсоф деганидан қисди, ҳозирги кунга келиб қотил қайси, қурбон қайси, шайтон ким бўлган, раҳмон ким бўлганлигини билиш жуда мушкул, кўп давру давронлар ўтди, бойликларимиз ташиб кетилди.

Сайхун ва Жайхун ҳам талаш қилинди, ён қўшнинг сувингни боғласа, бағрингни қон қилмайдими?

Халқимизнинг чин маънодаги халқпарвар, жасур Сарвари бор, мустақил юрт ва халқнинг бундай улуғ Сарбонининг саййиди ва хожаси ҳам Парвардигори оламдир.

Пўлатиликларнинг ота-боболари кўп заҳматлар чеккан, шунинг учун ҳам улар Юрт сарбонини дуо қилиб яшайди.

Кўпгина тажрибали деҳқонлар тўқай, чўл, дашт, адир ва тоғларда истиқомат қилувчи аҳолига ўсимликлар то уруғини тўкиб бўлмагунча, уларни кесмаслик, ўрмаслик, ковлаб олмасликни маслаҳат берганлар, чунки экинларнинг уруғи ерга сочилиши керак, келгуси йилда ҳам кўкариб чиқиши зарур.

Жаҳон қишлоқ хўжалиги бир неча асрлардан бери такомиллаштирилиб келинди. Илгарилари ҳосил ўроқда ўриб олинар, ер ҳўкиз ва отлар билан шудгорланар эди. Бирданига трактор ва ер ағдаргичлар ўйлаб топилди, шудгорлаш эса кенг доирада кўп майдонларда ўтказиладиган бўлди, ҳосилни эса йиғиб олиш учун ўроқ ўрнига «косилка» ва «комбайн» ўйлаб топилди, улар минглаб ўроқчилар ўрнини босиб оладиган бўлди, қишлоқ хўжалигида ҳамма ишлар тез ва сифатли бажариладиган бўлди, битта машина ўриб олса, бошқаси йиғиштирса, учинчиси ташиб қўйса, тўртинчиси янчса, бешинчиси совурса, олтинчиси қуритса, ҳаммасини жамласа, «комплекс механизация» деб юритиладиган бўлди.

Қишлоқ хўжалигида бажариладиган ишлар вақти бутунлай қисқарганлигини кўрасиз.

Қишлоқ хўжалигида, айниқса, қуруқ иқлимли Ўзбекистонда «сув» экинлар суғориладиган деҳқончиликда фақатгина барқарор ҳосил олишни таъминлай олади, холос. ХХ аср охи- ри – XXI аср бошига келиб мамлакатимизда сув манбалари тўлиқ ўзлаштирилди, аҳоли кўпайиш жараёнлари жадал бормоқда, кишиларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш масалаларини чуқур ўйлашга тўғри келади.

Деҳқончилик экинларини суғоришда сувдан тежамкор технологиялар билан фойдаланиш, мавжуд суғориш каналларида сув исроф бўлишига қарши чора-тадбирларни аниқ ва жадал қўллаш муҳим.

Айни пайтда дунёнинг кўпгина мамлакатларида суғориладиган майдонларни кенгайтириш жадал олиб борилмоқда, жумладан, АҚШда сўнгги 10 йил мобайнида суғориладиган ерлар 1,5 баробар, Канадада 1,7 баробар, Бразилияда 2,8 баробар кўпайди.

Нега бизда ҳам суғориладиган ерларни кўпайтириш муҳим муаммо бўлиб турибди?

Ҳозирги даврда суғориш шахобчаларида 35–40 фоиз сув ерга шимилишини, 10–15 фоиз сув эътиборсизлигимиз оқибатида коллектор зовур тармоқларига оқизилишини инобатга олсак, кўп миқдорда сувни тежаш имкониятимиз бор. Фақатгина ирригация тизимини қайта қуриш ҳисобига бундай имкониятга эга бўламиз.

Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини Ўрта Осиё ва Қозоғистонга келтириш муаммоси, айниқса, Иртиш ва Обь дарёлари сувлари олиниши Шимол табиатига таъсир қилади деган асоссиз баҳона билан собиқ Иттифоқ ҳукумати бу лойиҳани тўхтатиб қўйди. Баъзи мутахассис экспертлар агарда Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга оқизишда юзлаб километр масофадан – шўрхок ерлардан ўтиб, сув шўрланиб, сифатсиз бўлиб кетади деган мутлақо фанга тескари сохта фикр билдирдилар.

Ҳисоб-китобларга қараганда, бир гектар ерни суғоришга тайёрлашнинг қиймати ўша даврдаги рус пулида уч минг сўмга тўғри келар эди. Умуман олганда, Сибирь дарёлари сувларидан бир қисмини Қозоғистон ва Ўрта Осиёга келтириш Иртишда, Тобольск яқинида тўғон қуриш ҳамда катта сув омбор барпо қилиш, агарда Иртиш суви бу ерда етарли бўлмаса, сув омборига Обь дарёсидан сув келтириш кўзда тутилган эди. Бунинг учун Иртишни Тобольскдан Обгача бир неча тўғонлар билан тўсиш, сўргич насослар ўрнатиш ва аста-секин Тобольск сув омборини тўлдириш мўлжаланган эди. Обь сувининг ана шу тўғонлар орқали кўтарилиши назарда тутилганди.

Кейинчалик мислсиз қудратли кучга эга бўлган насослар ёрдамида сувни 110 метрли сув айлантиргичга кўтариш белгиланган эди. У ердан сув ўз оқими билан канал бўйлаб Турғай чўкмалари орқали Сирдарё ва Амударёгача етиб бориши белгиланиб, узунлиги 2300 км, кенглиги 300 метр ва чуқурлиги 15 метр келадиган канал бунёд бўлиши, канал бўйлаб йилига 25 куб км. сув оқизиш мўлжалланган эди.

Мазкур лойиҳада ҳамма жойни сув босиб ётган Сибирдан озгина, янада аниқроқ айтсак, Обь дарёсидан кичик бир қисми – 7% сувни олиш режалаштирилган эди. Бу сув, барибир, Шимолий муз океанига бориб қуйиларди.

Сибирнинг хўжалик-иқтисодий ҳаётига ҳам, экологик ҳолатига ҳам зиғирча таъсир кўрсата олмайди, лекин етти фоизлик сув Обь дарёси бўйидаги қанча-қанча ерларни ботқоққа айлантириб ётибди-ку?

Россиянинг сув етишмайдиган Курган вилоятига суғориш учун 5 куб км, Қозоғистоннинг қўриқ ва тақир ерларидаги ғалла экинларини суғориш учун 4 куб км. сув олиниши мўлжалланган эди.

Марказий Осиёда қишлоқ хўжалик экинларидан, мева-сабзавотлардан мўл ҳосил олиш, Россиянинг бу манзилларида саноат, энергетика, транспорт коммуникациялар, темир йўллар ривожланган бўлар эди. Модомики, шундай экан, бундай улуғвор мазмундаги лойиҳа нега тўхтатиб қўйилди, аниқроғи, унга нега вето қўйилди?

Сув манбаларини буриб оқизиш бўйича Ҳиндистонда катта ишлар амалга оширилди, Ганга дарёси суви мамлакат марказий штатларининг қурғоқчил ерларига буриб оқизилиши ҳисобига қурғоқчил ҳудудларда экин ерлари 8 миллион гектарга кўпайтирилди.

Худди шундай АҚШ қурғоқчил минтақаларига Канада ҳудудидаги сувлардан бир қисми буриб оқизиляпти. Ўтган аср мобайнида дунёда суғориладиган ерлар 8 баробар кўпайган ва ҳозирги кунда бундай ерлар 300 миллион гектарни ташкил этади.

Марказий Осиёда Орол денгизи ҳавзаси атрофида эса бу даврда суғориш майдонлари атиги 2,3 баробар кўпайди, яъни бундай ерлар 3,4 миллион гектардан 7,9 миллион гектарга етди.

Қисқаси, КПСС Марказий Комитети Сиёсий бюроси ва собиқ СССР ҳукумати бу лойиҳага миллатчилик қутқуси билан чек қўйди.

Сирдарё ва Амударё бир неча асрлардан бери ҳар хил ном билан аталиб, Ўрта Осиё халқлари ризқ-рўзи ва тирикчилик манбаи бўлиб келган.

Тарихий маълумотларга суянган ҳолда, бу буюк икки дарё ўз даврида дунё океанининг қўлтиғи деб белгиланиб, сув ҳавзаси шаклида «Хазар» денгизи деб тилга олинган. Бундан ташқари, Обискун, Гурган, Дарбанд ва Гилан денгизи каби номлар билан аталган. Лекин Геродот бу денгиз дунё океани билан туташмаган бир ҳавза деб тўғри номлаган.

Шунингдек, Геродот «Окс» номли дарёнинг Хоразм ўлкасига оқишини эътироф этган.

Ўша даврда Геродот Амударё ҳақида ёзганлиги аниқ ҳақиқатдир. Милоднинг бошларида Клавдий Птолемей ўзининг «География» номли асарида Марказий Осиё харитасини тузган, бу харитада Амударё (Окс) ва Сирдарё (Яксорт) деб Каспий денгизига қуйилишини қайд қилади.

Милодий IV асрга келибгина Рим олими Аммиан Марцеллин Суғд тоғларида иккита – Араксот ва Дима дарёлари Орол денгизига қуйилишини биринчи марта кўрсатиб ўтади.

Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий Амударё (Баҳри Балх) ва Сирдарё (Узун дарё) бир кўлга қуйилади, бу кўл яна Орол, иккинчи номи Хоразм денгизига қуйилишини аниқлаб, чекка нуқталари координаталарни ҳам кўрсатиб ўтган.

Абу Райҳон Беруний Орол денгизи тўғрисида батафсил маълумот беради. Кейинчалик «Жайхун» ва «Сайхун» дарёси номи билан атала бошлаган икки буюк дарё – Аму ва Сир бир неча асрлар давомида Ўрта Осиё халқларига ўз борлиғини бахшида қилиб келган.

Қизил империянинг мустабид тузуми тугатилгандан кейин Сирдарё ва Амударёни ҳар ким ўз билганича кашф қила бошлади, бу икки азим дарё сиёсатга айланди, «оға»ларимиз пайтни пойлаб турли лойиҳаларни кўндаланг қилиб, «трансчегаравий дарёлар» деб номлаб ўз таъсирини бўшаштирмаслик чораларини кўра бошлади.

Табиат устидан зўравонлик қилиш, азалий мувозанатни бузиш оқибатлари сон-саноқсиз қурбон ва касофатларга олиб келишини азалдан ҳаммага маълум. Бир кўз ўнгингизга келтиринг: Семиплатинский ядро полигони, Чернобил фожиаси, Орол денгизи қуриши, Тожикистон алюминий заводидаги заҳарли оқимни нима билан изоҳлаш мумкин?

Вахш сув омбори тепасида Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи, Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ўз оқимида келаётган сувни боғлаб, Табиат устидан кулиш, зўравонлик эмасми?

Бу ишларни сиёсатга айлантираётган «оға»лар четда туриб, катта кредитлар ажратиб томоша қилиб ўтиргани ҳаммасидан ачинарли.

Улар виждони олдида ҳисобот бериши керак.

Бу икки азим дарёнинг йўлини тўсиш, сув омборлари қуриш натижасида халқ бошига келаётган хатарли ишларнинг оқибати нима билан якунланишини билмаслиги жуда ажабланарли ҳол.

Ишлар шундай кетаверса, бир кун келиб дўконлардан ҳавони ҳам сотиб олишимизга тўғри келади.

Ўрта Осиёда оқар сувларнинг етишмовчилиги ҳаммага аён. Минтақадаги трансчегаравий сув ресурсларни юқори ва қуйи оқимида жойлашган барча беш давлатда сув аҳоли сони, суғориладиган ер майдонига қараб тақсимланиши зарур. Бу тўғрида 1997 йилги халқаро дарёлар оқимларидан фойдаланиш ҳуқуқлари тўғрисида ҳамда 1992 йилги Трансчегаравий дарёлар ва халқаро сув ҳавзаларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияларга мутлақо бўйсуниш керак.

Рўғин ГЭСи кўлами ва миқёси жиҳатидан ғоят катта иншоот, ГЭС лойиҳаси собиқ Иттифоқ даврида, бундан 50 йил муқаддам тузилган. Бу эскирган лойиҳага мутлақо ишониб бўлмайди. ГЭС сейсмик зилзила шкаласи юқори бўладиган баланд тоғ зонасида қурилишини ҳисобга олсак, бунинг касофат оқибати нималарга олиб келишини инсон ақлига сиғдириш қийин. Кучли зилзила бўлмайди деб ким кафолат беради? Буларнинг ҳаммаси ўта хатарли жараёндир, ўз бағрига 11 миллиард куб метр сув ушлаб турган омборнинг суви қаерларгача боради? Булар инсон тасаввурига сиғмайди. Сўзимизни исботлаш учун табиатнинг нодир ҳодисаси тўғрисида сўз юритамиз.

1911 йил 19 февралдан 20 февралга ўтар кечаси кучли ер ости силкиниш натижасида вужудга келган Сарез кўли бир кечада Тоғли Бадахшон автоном вилоятида тоғ устида пайдо бўлди ва жаҳонда йирик сунъий тоғ кўли ҳосил бўлган эди. Помирнинг марказий қисмида жойлашиб, шимолдан Олойорти, жанубдан Ҳиндукуш, шарқдан Кошғар, ғарбдан эса Лолатоғ ўраб туради.

Ҳозирги кунда мутахассисларни ҳисоб-китобига кўра, Сарез кўлида 17 куб км сув йиғилган, 5 миллион аҳоли яшайдиган маконга хавф солиб турибди. Сарез кўлидаги ёриқ, тешиклар ва табиий тўғон очилиб кетса, Худо кўрсатмасин, қандай охирзамон бўлади, бу хавфли масала ҳам шу кунларда ўз ечимини кутмоқда.

Азалдан оғалардек яшаган Ўрта Осиё халқлари бу масалани ҳамжиҳатлик билан ҳал қилади деган умид бизни ҳеч қачон тарк этмайди.

Сув тарихан мавжудотнинг асосий қисмини ташкил этади. Инсон танасининг 60 %дан кўпроқ, судралиб юрувчи ҳайвонлар танасининг 65 %, балиқларнинг 80 %, сув ўтларида 95 %, ўсимликларнинг 50–70 %гача сув ташкил этади.

Инсон ўзига-ўзи кушанда, улар туфайли кўплаб ҳайвон турлари қирилиб битди, минглаб квадрат метр ўрмонлар қисқарди. Унинг техноген фаолияти азон қатлами ёриқларини келтириб чиқарди, эҳтимол, глобал исишга олиб келди.

Сизга оддий бўлиб кўринган даҳшатли маълумотлар Кембриж университети, Россия Фанлар академияси Зоология институти, МДУ зоология кафедраси гувоҳлик беришига қараганда, Россияда бор-йуғи 30 та қоплон қолипти. Ўйлаб қолдим, бошқа ҳайвонлардан қанча қолган бўлса?

Бутунжаҳон Ёввойи табиат фондидан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, Халқаро Қизил Китобга 5000 ҳайвон тури киритилган, шундан 900 таси умуртқалилар, Россияда қоплондан кейин кам қолган Амур йўлбарси ҳам атиги 100 бошни ташкил этар экан.

Ер юзи бўйича целикант (латимрия) балиғи 5 дона, овланган энг ноёб ҳайвонлардан сариқ бўйин капуцин маймунидан Бразилия ўрмонларида 10 дона қолибди.

Кўриб турибсизки, бу маълумотлар қанчалик даҳшатли.

XXI аср бошида Ер куррасида 13 млрд гектар ер майдони мавжуд, бу қуруқликнинг тахминан 10 %. 1,5 млрд гектар майдонда деҳқончилик қилинади.

Пўлати ва пўлатиликлар. Умр хотиралари

Подняться наверх