Читать книгу ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб - - Страница 1
ОглавлениеНАШРГА ТАЙЁР!!! МУКАММАЛ ВАРИАНТ!!!
С. Сухинов
Таржимон Алишер Саъдулла
ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ
Биринчи китоб
Эртакчи бобонинг вориси.
Азиз болажонлар!
Бир неча авлод китобхонларнинг севимли ёзувчиларидан бири бўлган Александр Волковнинг “Зумрад шаҳар сеҳргари” эртак қиссаси Сизлар учун ҳам аллақачон энг мароқли китоблардан бирига айланиб улгургани шубҳасиз. Элли исмли ёқимтой қизалоқнинг кулбачасини бўрон учириб, сеҳрли бир мамлакатга олиб кетгани, у ерда Эллининг бошидан кечган саргузаштлар, унинг Темир Ўтинчи, Похол Қўриқчи ҳамда Қўрқоқ Шер билан дўстлашгани, барчалари Сариқ ғиштли йўл бўйлаб бориб, Зумрад шаҳарга дуч келганлари, шаҳарнинг сеҳргар ҳукмдори Буюк Гудвиндан ёрдам сўраганлари, Бастинданинг сеҳрли ковушчалари ёрдамида Элли қадрдон уйига қайтгани ҳамон ҳозиргидай ёдингизда, албатта. Сеҳрли мамлакатда истиқомат қилувчи кўплаб ажойиб қаҳрамонларнинг бюшдан кечирган ғаройиб саргузаштларини муаллифнинг “Урфин Жюс ва унинг ёғоч аскарлари”, “Етти ер ости подшоҳи”, “Марронларнинг олов маъбуди”, “Сариқ туман” ҳамда “Ташландиқ қаср сири” китобларидан ўқиб, билиб олгансизлар.
Сеҳрли мамлакатнинг узоқ тарихидан ҳам, Эллининг сафаридан аввал ва кейин у ерда қандай ҳодисалар содир бўлганидан ҳам барчамиз бехабар қолган эдик. Чунки эртакчи Александр бобо кексайиб, саёҳатларга чиқа олмай қолганидан кейин митти одамчалар ўлкасидан ҳеч қандай хабарлар келмай қўйди. Шундан сўнг эртакчи бобонинг ғойибона вориси Сергей Сухинов Сеҳрли мамлакат ҳаёти билан танишиш ва у ерлик аҳолининг қувонч ва ташвишларидан эртаксевар китобхонларни воқиф этиш учун олис ва хатарли хаёлот оламига сафар қилди. Чунки у ҳам бизлар каби Сеҳрли мамлакатнинг тарихини ўрганишга, Соҳира Виллинанинг, Пари Стелланинг, Жодугар Гингеманинг ва Ялмоғиз Бастинданинг сирларини аниқлашга, Сариқ ўлкада кимлар яшашини билишга, Пушти юртга сафар қилишга орзуманд эди.
Ана шу хаёлий саёҳат сабаб бўлиб, бизлар С. Сухинов қаламига мансуб “Гингеманинг қизи” китобини мутолаа этиб, жодугар Гингеманинг Сеҳрли мамлакатга қандай келиб қолганини билиб оламиз, унинг асранди қизи – ялмоғиз Коринанинг ҳаёти билан танишамиз… Хуллас, буларнинг ҳаммасини саргузашт давомида билиб бораверамиз… Демак, қадим-қадим замонда…
Биринчи қисм
ЯЛҚОВ ЖОДУГАР
Биринчи боб
ЖОДУГАР ГРАФ ХОНИМ
Қадим-қадим замонларда олис Фарангистонда Гингема исмли қудратли жодугар яшаган эди. У қалин ўрмондаги чуқур хандақ билан ўралган, баланд тош деворли файзсиз қасрда истиқомат қиларди. Гингема тез-тез ўз узлатхонасини тарк этиб, Парижга – подшоҳ Луи саройига ташриф буюрарди. Бу ерда уни Барр граф хоним номи билан билишар ва у подшоҳликдаги энг гўзал аёллардан саналар эди. Граф хонимнинг сочлари тимқора, ўзи қордай оппоқ, жигарранг кўзлари эса ўрмон ёнғоғи тусида эди. Граф хонимни севиб қолган подшоҳ унга турмушга чиқишни таклиф этди.
Луининг онаси бу ҳолдан қайғуга тушди. Чунки Барр граф хонимнинг жин-ажиналар билан алоқаси борлиги тўғрисида ҳар хил гап-сўзлар юрарди. Маликанинг буйруғига кўра, ҳарбий тўралардан бири граф хонимнинг қасрига яширинча кириб, унинг хонаси қуритилган илонларга, ўргимчак ва сичқонларга тўла эканини кўрди. Гингема унинг кўз ўнгида чигал сочлари оппоқ, чангактумшуқ кампирга айланиб, занг босган иркит қозонда қандайдир дамламани қайнатиб, қўрқинчли афсунларни ўқий бошлади.
Буни эшитган подшоҳ Луининг ғазаби қўзиб, жодугарни ҳибсга олишни буюрди. Гингеманинг қасри подшоҳ саройи қўшинларининг қуршовида қолди. Қасрнинг мусти-маҳкам деворлари замбарак ўқларидан зир титрарди. Жодугар ер ости йўли орқали жуфтакни ростламоқчи бўлди-ю, лекин ҳарбий бўлинма қўмондони ертўлага хандақнинг сувини оқизишни буюрди. Чўкиб кетишига бир бахя қолган Гингема қайтадан қасрга қочиб кирди.
У бош минорага кўтарилди-да, ўша ердан пастга қаради. Ўрмон аскарларга тўлиб кетганди. Машъалалар ва гулханлар шуъласидан жодугарнинг кўзлари қамашди.
Ҳамма томондан: “Жодугарга ўлим! Ўлим ялмоғизга!” – деган хитоблар янграрди. Оқ кўйлакли шарпани кўргач эса, ҳарбийларнинг қўрқувдан юраклари товонларига тушиб, ҳаммалари жимиб қолишди. Шунда Гингема уларга қаҳрли қичқирди:
– Менинг малика бўлишимни истамадингиз, жирканч маҳлуқлар. Энди эса ўзларингдан кўрларинг – мен сизларнинг ажалингизга айланаман! Онт ичиб айтаманки, ҳаммангизни қириб ташлайман, ночор одамчалар! Ер юзида фақатгина менинг суюкли ўргимчакларим ва сичқончалар, илон ва қурбақалар, чаён ва қовоғарилар қолишади!
Гингеманинг кўзларида ёвузлик учқунлари чақнади ва қорачиғидан одамлар устига мовий чақмоқлар отилди. Ердаги ўт-ўланлар шу ондаёқ ловиллаб ёна бошлади.
Аскарлар қўрққанларидан қочиб қолишга шайланишди. Лекин бўлинма қўмондони жодугарнинг таҳдидларига кулиб қўя қолди:
– Гапни кўпайтириб, вақтни чўзиб нима қиласан, бадбуруш тавия? Шунчалик зўр бўлсанг, сеҳр-жодуларинг билан аскарларимни тезроқ ёндириб юборақолмайсанми?!
Аламдан Гингеманинг тишлари ғижирлаб, қўмондонга кўзларини чақчайтирди.
– Ҳозирча шунга қодир бўлмайроқ турибман! – бўкирди у. – Лекин ғайриоддий кучга эга бўлган жодуни қаердан олишни биламан. У ҳали шунақанги кучли бўронни қўзғайдики, ер юзида биттаям одам қолмайди. Эшитдиларингми? Биттанг ҳам қолмайсан!
Кутилмаганда Гингема қўрқинчли, бадбуруш букри кампирга айланди ва супургисига сакраб миниб, ҳавога кўтарилди. Аскарлар қўлларидаги қурол-яроғларини улоқтириб, ерга таппа-туппа қулашди.
Ўшандан кейин Барр граф хонимни Фарангистонда ҳеч ким кўрмадиям, эшитмадиям.
Гингема Сеҳрли мамлакат ҳақида, уни барпо қилган қудратли Торн ҳақида, бутун дунёдаги сеҳр-жоду афсунлари жамланган учта китоб тўғрисида Афсонавор мавжудотлар халқидан эшитган эди. Билағон гномлар унга Торннинг қачонлардир вафот этиб кетганини, ўзининг янги мамлакатига Афсонавор халқнинг кўчиб ўтишини кўришга муваффақ бўла олмаганини, ҳолбуки ўша Сеҳрли ўлкани айнан Афсонавор халқ учун атайин бунёд этганини сўзлаб беришганди. Ҳозир эса у ерда ҳеч қандай сеҳр-жоду сирларидан бехабар ювошгина митти одамчалар яшашар эмиш.
“Айни менбоп жой экан! Мен ўша мамлакатнинг соҳибаси бўла оламан, – хаёлга толди Гингема, тунги осмонда дарахтларнинг шундоққина тепасидан учиб ўтаётиб, ўрмондаги барча бойқуш ҳамда уккиларни чўчитиб ўтган кўйи. – Менинг жодуларим ўша ерлик тентак аҳолини ваҳимага солиш учун бемалол етиб-ортади. Мендан бошқа ким ҳам бўрон ва жалаларни қойилмақом қилиб қўзғата оларди? Латтаки-шарттаки-суваки-челаклаки… Ярамас пакана одамчалар ҳали оёғим остида эмаклаб-ўрмалашади! Улар туну кун мен учун илон, ўргимчак ва қурбақа йиғишади, мен эса бу пайтда Торннинг афсун китобларини излаш билан банд бўламан. Айёр чол уларни ҳеч ким топа олмайдиган қилиб яшириб кетгани шубҳасиз. Лекин мени гўл қилиб бўпсан… Мен барча сеҳрли афсунларни ўрганиб олганимдан кейин эса… Ана ўшанда Подшоҳ Луи билан ҳам, бошқа барча одам-подамлар билан ҳам ҳисоб-китобни калта қиламан. Ана ўшанда мен малика бўламан, лекин Фарангистонга эмас! Ҳа-ҳа-ҳа, ҳудуди бир қарич мамлакатчани бошимга ураманми? Мен бутун оламларга ҳукмронлик қиламан”.
Гингема жуда унчалик қудратли жодугар бўлмаса ҳам, лекин ҳаддан ташқари ўзига бино қўйиб юборган эди. У дунёда бошқа соҳиралар ҳам борлигини ҳисобга олмаётганди.
Жодугарнинг уммон узра саёҳати ниҳоятда машаққатли ва хатарли кечди. Гингема бир неча марта довулларга дуч келди: бундай даҳшатли офатни ҳатто унинг сеҳр-жодуси ҳам тўхтата олмади. Баъзан у ўзининг супургиси билан шу қадар пастлаб кетар эдики, ҳатто оёғи тўлқин ўркачларига тегай-тегай деб қоларди. Гингема қўрқувдан чўчқачадай чийилларди – чунки сувда сузишни билмасди-да – ваҳиманинг зўридан яна рутубатли осмонга кўтарилиб кетарди. Атрофда чақмоқлар чақнайди, ҳаво момақалдироқ гумбурларидан парчаланиб кетай дейди. Жодугар энди малика тожи ҳақида эмас, балки қандай тирик қолиш ҳақида ўйлаш билан овора эди.
Тонгга яқин Гингема ниҳоят Америка қитъасига етиб борди. Яна бир неча кунини Айлана Дунё тоғларини излашга сарфлади. Жодугар сўнгги кучларини сарфлаб, довондан учиб ўтгач, қуёш нурлари ҳовуч-ҳовуч тўкилиб турган, атрофи мевали боғлар билан қуршалган майсазорга келиб тушди. Меваларнинг ғайриоддий таъмидан у ўзининг Сеҳрли мамлакатда эканини фаҳмлади. Энди кирлаб кетган афт-башарасини ювиб, йўлда иркит бўлиб кетган кўйлагини тозалаш ва ўлкани истило қилиш қолганди, холос. Ана ундан кейин эса машаққатли сафар поёнига етгани муносабати билан бир оз ҳордиқ чиқариб олса арзийди.
Лекин уйдаги гап кўчага тўғри келарканми! Кутилмаганда мовий осмонда бирваракайига учта булут кўзга ташланди. Улар асталик билан майсазорга қўнди ва яна уч нафар соҳираларни кўрган Гингема қайғуга ботди. Уларнинг орасида Гингеманинг опаси Бастинда ҳам бор эди – қўлтиғи остига ёмғирпўш қистириб олган бир кўзли бадбуруш кампир. Кўзида меҳр учқунланиб турган, ўрта ёшлардан ўтган соддадил аёл ўзини Виллина деб таништирди. Оқ-сариқ сочли соҳибжамол эса Стелла экан. Гингема уларнинг қудрати ҳақида илгари кўп эшитган эди, шу боис ҳам кутилмаган рақибаларини кўрган заҳотиёқ ранги гезариб, башараси буришиб, пешанаси тиришиб кетди.
– Э-э, бу менинг суюкли сингилгинам-ку! – ғижирлаган товушда деди Бастинда. – Кўпдан бери кўришмагандик. Эшитишимча, сени аллақайси подшоҳликдан қувиб чиқаришганмиш? Демак, кексайибсан, қариб, тамом бўлибсан, ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!
Гингема эътироз билдириш учун энди оғзини очмоқчи бўлувди, шундоққина ёнгинасидан оқиб ўтаётган сойдаги аксига кўзи тушиб, овози чиқмай қолди. У қиёфасини ўзгартиришни буткул унутиб, қари жодугар ҳолича қолиб кетган экан. У ўзига кечаги ҳуснини қайтармоқчи бўлди-ю, Стеллага қараб туриб, фикридан қайтди. Ёш соҳира барибир Гингемадан кўра ЧИРОЙЛИРОҚ эди!
– Бу ердан йўқолларинг! – чинқирди Гингема, оғзидан тупугини сачратиб. – Бу менинг мамлакатим, мен бу ерга биринчи бўлиб учиб келдим!
– Э, қўйсанг-чи, – ишшайиб қўйди Бастинда ва соябонини таҳдидли селпиди. – Сен болалигингдан бирор нарсани бўлишишни хоҳламасдинг, лекин бу сафар мажбурсан. Мен шу ерда, Торннинг юртида қўним топишга қарор қилдим. Катта дунёда тинч яшаб бўлмай қолди, ҳаммаси балогинага йўлиқсин! Бу ерда қуёш нурлари мўл, иқлими иссиқ…
– Қуёш тафтини хоҳлаб қолганмиш! – ишонқирамай тўнғиллади Гингема, икки қўлини икки биқинига тираб. – Сенинг мақсадингни биламан. Торннинг сеҳргарлик китобларини ўзингники қилиб олмоқчисан шекилли-да? Ҳар бир қора булут соясини кўрганингда қўрқувдан титраб-қақшаш жонингга тегдими, а?
– Афсун китобларини ҳали аввал топиш керак, – деди майингина овозда Виллина, бошини сарак-сарак қилиб опа-сингил ялмоғизларга синовчан тикилганича. – Китобларнинг сеҳрини шу ғаройиб ўлка аҳолисининг фаровонлиги учун ишлатишга хоҳишларинг бормикан ўзи?
– Тўғри фикр! – дея унинг сўзларини қувватлади Стелла кумуш қўнғироқчалар жарангидай оҳангдор товушда. – Сеҳрли мамлакат аҳолиси сизлар каби ёвуз меҳмонларни ўз тупроғида қабул қилишни истармикан?
Гингеманинг энсаси қотди.
– Уларнинг истаклари мен учун сариқ чақага ҳам арзимайди. Асосийси, мен бу мамлакатга ҳукмронлик қилишни хоҳлашимда. Дарвоқе, бу ўлка қандай аталар экан ўзи?
Виллина нафис кўйлагининг бурамалари орасидан миттигина китобча олди-да, унга енгил пуфлади. Китобча соҳираларнинг кўз ўнгида сеҳрли битикка айланди. Виллина уни варақлаб, Торннинг юртида Мовий, Сариқ, Бинафша, Яшил ва Пушти юртлар борлигини ўқиб билди. У соҳираларга бу мамлакатларни ўзаро бўлишиб олишни ва мана шу ғаройиб ўлканинг аҳолиси бошига кўплаб кулфатлар келтирувчи урушларга йўл қўймасдан, ўзаро муроса қилиб яшашни таклиф этди.
Гингема рақибаларига норозилик билан тикилди. Бастиндани болалигиданоқ кўргани кўзи йўқ, лекин ундан бир оз чўчиб турарди. Опасининг бошида олтин дубулға ярқираб турибди – гап-сўзларга қараганда, Бастинда унинг ёрдамида қудратли Учар Маймунлар қабиласига ҳукмронлик қилган экан. Виллина оқкўнгил соҳиралар ичида энг донишманд пари экани билан танилган, Стелла – бениҳоя қудратли, бундан ташқари у абадий ёшлик сирининг соҳибаси. Улар билан ўчакишишга Гингеманинг юраги дов бермайди.
– Бўпти, – тўнғиллади у. – Биз ҳозир қайси юртда турибмиз?
– Мовий ўлкада, – жавоб қилди Виллина, китобига яна бир нигоҳ ташлаб қўйиб. – Бу ерда Тамшанувчилар халқи истиқомат қилади.
– Менга Тамшанувчилар ҳам бўлаверади, – розилик берди Гингема. – Энди менинг мамлакатимдан йўқолларинг, иккинчи марта кўзимга кўринмаларинг!
Қолган учта пари қуръа ташлашди. Бастинданинг чекига Бинафша мамлакат тушди, Виллинага – Сариқ юрт, Стеллага эса Пушти мамлакат насиб этди. Шундан сўнг париларнинг учовлари оппоқ булутчаларга ўтиришди ва ўз салтанатлари томон учиб кетишди. Лекин парвоз олдидан Виллина ялмоғизларни огоҳлантирди:
– Билиб қўйинглар, Гингема ва Бастинда, сизлар ўз мамлакатингиз сарҳадларини тарк этмаслигингиз лозим. Акс ҳолда мен сизларга қарши уруш эълон қиламан. Биламан, икковингиз ҳам Торннинг китобларига эга бўлиб, янада кўпроқ қудратга эришмоқчисизлар. Бу ерга айнан шунинг учун келдинглар. Агар сизлар Олий Жоду сиридан воқиф бўлиб қолсангиз, ер юзида нималарни содир этишингизни ўйлашнинг ўзи ҳам даҳшат! Мен сизларни кузатиб тураман ва Вайронкор Ёвузлик амалга ошишига йўл қўймайман. Тағин ким билсин, бу ғаройиб юртнинг эзгуликка йўғрилган ҳавоси, шу тупроқда истиқомат қилувчи жонзотларнинг меҳрга тўла қалби балки моғор босган чиркин юракларингиздаги ифлосликларнинг барҳам топишига сабаб бўлар? Бу салтанат фақат Буюк Эзгулик учун яралган. Торн бу мамлакатни ўзининг Афсонавор халқи учун бунёд этган, лекин бу ерда жой ҳаммага етади! Аммо Ёвузликка бу тупроқда ўрин йўқ.
Гингема уч нафар рақибаларининг мовий осмонда кўздан ғойиб бўлишларини иложсиз бир ғазаб билан кузатиб турди. Унинг Сеҳрли мамлакатга биринчи қадамини қўйган пайтидаги хушнудлик кайфиятидан энди асар ҳам қолмаганди.
Сўнг баланд қоя тепасига чиқиб, аламидан чийилдоқ овоз билан шунақанги чинқирдики, бу қичқириқдан атрофдаги барча қишлоқларнинг аҳолиси ўрмон чеккасига тўпланди. Шунда Гингема ўзини Мовий ўлка маликаси дея эълон қилди ва аҳли раиятни довул, сув тошқинлари ва қурғоқчилик билан ҳалок этиши мумкинлигини айтиб, дағдаға қилди. Тамшанувчилар иккиланиш билан бир-бирларига қараб қолишди. Лекин осмонда чақмоқлар чақнаб, дарахтлар бўрон забтига дош беролмасдан ерга қулашни бошлагач, ювош одамчалар итоаткорона тиз чўкдилар. Улар қўрқувдан дод-вой солиб, Гингемани ўз маликалари дея тан олишга рози эканларини билдиришди. Жодугар дарҳол уларга ўлпон солди. Тамшанувчилар ҳар куни унга бир саватдан илон, қўнғиз, бақа ва ўргимчак келтириб беришлари шарт. Тамшанувчилар янада қаттиқроқ ариллаб, бош ирғаган ҳолда розилик билдиришди. Улар илонлардан қаттиқ қўрқишади, ўргимчаклардан ҳазар қилишади, лекин шундай қудратли жодугарга итоат этмасдан бўларканми?
Гингема аввалига ўзи учун ҳашаматли сарой қурдирмоқчи бўлди – у Фарангистон подшоҳининг қасридан ҳам кўркамроқ бўлиши шарт, – аммо тезда бу фикридан қайтди. У ҳатто мана шу тупканинг тагида, Торннинг мамлакатида ҳам ягона малика эмаслигини ўйлаб, шу заҳотиёқ руҳи тушиб кетди. Қудратли соҳира қўшниларинг биқинингга бигиздай ботиб турса, бутун дунёни қандай қилиб эгаллайсан?
Ҳамма нарсадан норози, ғамга ботган жодугар тоғ этакларида топиш мумкин бўлган энг қоронғи ва зах босган ғорга жойлашди. Деворларга шолча ўрнига қуритилган сичқонларни боғлам-боғлам қилиб осиб қўйди. Ғорни мармар ҳайкаллар ўрнига тимсоҳ тулуми билан безади. Ҳурковуч Тамшанувчилар қўрқув ичида унинг ғорига яқинлашишди. Уларнинг кўзларидаги ваҳимани кўриш Гингемага жуда ёқиб қолди.
Йиллар ортидан йиллар ўтаверди, лекин жодугарнинг қудрати мисқолча ҳам ортгани йўқ. У ўз мамлакатининг барча бурчак-мурчакларини титиб, ҳамма ғорларга кириб-чиқди, барча ўрмонларни айланди, аммо Торн яшаган масканни топа олмади. Парилар ҳеч ким эгалик қилмаслигига келишиб олишган Яшил мамлакатдан ҳам унинг изларини топа олмади. Демак, Торн бошқа жойда яшаган. Лекин қаерда? Агар унинг қалъасини Бастинда топган бўлса-ю, ўз рақибаларини, шу жумладан синглисини ҳам ҳалок қилишга тайёрланаётган бўлса-чи? Торннинг китоблари Стелланинг қўлига тушган бўлиши ҳам мумкин. У ҳолда ўша ойимча бутун Сеҳрли мамлакатни ёвузликдан тозалашга уриниши шубҳасиз. Вой-вой-эй, бу ҳақда ўйлаганингнинг ўзидаёқ сочларинг оқариб кетади-я! Агар буюк сеҳргарнинг меросини Виллина топиб олса-чи?… Ким биладики, меҳрли кўзларида донолик акс этган бу кўримсизгина аёлдан қандай нағмаларни кутиш мумкин. Виллина ўзининг Сариқ юртида гўёки ташқи оламдан кўринмас девор билан тўсилиб олган каби яшаяпти. Гингема уч марта у ерга суқилиб киришга уриниб кўрди, лекин ҳар сафар қандайдир номаълум куч уни йўлидан адаштириб юбораверди. Ўрмондаги тўғри сўқмоқ бўйлаб юради-юради-да, кутилмаганда яна ўзининг Мовий мамлакатида бўлиб қолади. Гингема бу сирли жумбоқни ҳеч қанақасига еча олмади.
Ниҳоят, орадан ярим аср вақт ўтиб, ёлғизлик Гингеманинг жонига тегди. У ўлардек бўлиб ким биландир сўзлашгиси, дардини айтиб, ҳаётидан нолигиси кела бошлади. Аммо анави қуёнюрак Тамшанувчилар билан дардлашиб бўларканми? Ҳатто унинг қадам товушини эшитишлари билан тутқаноқ тутгандай қалтираб қолишади-ку.
Охир-оқибат Гингеманинг сабри чидамади ва ўзининг асосий афсунини қўллашга қарор қилди. У яна гўзал ёш аёлга айланди ва ўрмон сўқмоғи бўйлаб энг яқин қишлоққа йўл олди. У қишлоқ болаларини сийлаш учун кўп йиллар мобайнида биринчи марта ўз қўли билан варақи пиширди. У бир соатга бўлса ҳам яна Барр граф хоним бўлиб қолгиси ва ўз фуқароларининг нигоҳларида фақатгина қўрқувни эмас, ҳавасни ҳам кўргиси келганди.
Қалин қарағайзорга киргач, Гингеманинг кўнгли қаттиқ ғашланди. Унга гўё ортидан кимдир кузатиб келаётгандай туюлаверди.
Тез орада қирққулоқ буталари орасидан улкан қашқир чиқиб келди ва сўқмоқда тўхтаб, бошини эгганича, қозиқ тишларини ирғайтирди. Гингема титраб кетди – қашқирнинг тишлари темирдан эди!
– Ҳа, соҳибжамол, ўрмонда ёлғиз сайр қилгинг келиб қолдими? – таънаомуз сўради маҳлуқ. – Агар чангалзорда бўзқашқир ҳамла қилиб қолса нима бўлади?
– Қашқир дейсанми? – таажжубланди Гингема. – Мовий ўлкада қашқирлар борлигини эшитмаган эканман. Кучуклар учраб туриши бор гап, лекин хивич билан уларнинг адабини бериб қўйиш мумкин.
– Майли, уриниб кўрақол, – ваҳимали товушда жавоб қилди қашқир ва аёл томонга қадам ташлади.
Гингема тиржайиб қўйди. Жодугарнинг юрагидаги қўрқув хуружидан энди асар ҳам қолмаганди.
“Сеҳргар бўлиш яхши нарса-да, – дея ўйлади у. – Бу темиртишнинг суробини тўғирлаб қўйиш қўлимдан келади…”
Қашқир сакрашга тайёрланиб, орқа оёқларини букди, ана шу тобда Гингема ёш соҳибжамолдан яна бадбуруш кампирга айланди. Қўлини юқори кўтариб, қандоғоч дарахтининг битта шохини синдириб олди. Шох шу заҳотиёқ алангаланди. Гингема ҳайратга тушиб қолган йиртқичнинг шундоққина тумшуғи олдида қўлидаги ёниб турган ёғочни селпиди – ердаги ўт-ўланлар гуриллаб ёна бошлади.
– Нега ҳамла қилмаяпсан? – ишшайиб туриб кесатиқ гап қилди жодугар.
Қашқир қулоқларини қисганича, ерга ястаниб олди ва қўрқувдан кучукболадай ангиллаб юборди.
– Мени кечир, Гингема, сени танимабман. Аслида хизматингга ёлланиш учун ҳузурингга келаётган эдим.
– Менинг хизматимга-я? – ҳайрон бўлди жодугар ва битта қошини чимириш билан оловни ўчирди. – Сенга бунинг нима ҳожати бор? Ўрмонда ўлжа тополмай қолдингми? Бу ерда қуёнлар билан тулкилар ов учун етарли-ку.
Йиртқичнинг кўзлари ёвуз чақнаб кетди.
– Мен қасос олмоқчиман.
– Кимдан?
– Опанг Бастиндадан.
– Нима-а? Сен кимсан ўзи опамга таҳдид қиладиган?
Қашқирнинг лақаби Нарк эди. У Бинафша ва Сариқ юртлар чегарасидаги қалин ўрмонда яшовчи темиртиш бўрилар тўдасининг етакчиси экан. У ерларда қашқирлардан кўра ёвузроқ ва шафқатсизроқ ҳайвонлар йўқ эмиш. Ҳатто ханжартиш йўлбарслар ҳам бу ваҳший, қўрқмас маҳлуқларнинг ҳамлаларига чидай олмасдан, бошқа манзилларга жўнаб қолишга мажбур бўлишибди. Бўрилар орасида энг кучлиси ва ақллиси Нарк экан.
Лекин бир куни ўрмонга қандайдир кампир келибди, ўзини Бастинда деб таништирибди ва темиртишларнинг унга итоат этишларини талаб қилибди.
“Бугундан бошлаб абадул абад менинг хизматимда бўласизлар, – эълон қилибди кампир. – Сизларни биринчи чорлашимдаёқ зудлик билан Бинафша саройга етиб келасизлар ва…”
Нарк тишларини ирғайтириб, унга дўқ урибди:
“Бу ердан йўқол, ипирисқи маҳлуқ! Бахтингга қуруқшаган танангда бир бурда ҳам этинг йўқ экан. Акс ҳолда сени аллақачон бурдалаб ташлаган бўлардим. Темиртишлар ҳеч қачон одамзотга хизмат қилган эмас ва унга итоат этмайди ҳам. Сен, бадбўй дала сичқони, бизни хонаки ит ўрнида кўриб, буйруқ беришга журъат этдингми?”
“Журъат этдим, оповси, журъат этдим, − тиржайибди Бастинда. – Бўрика- мўрика-кучика-итика…”
У афсунини ўқиб бўлиши биланоқ, Нарк оёқларининг ўз хоҳишига қарши букилиб бораётганини ҳис этди. Бутун тўда ерга ястаниб, кампир томонга эмаклади ва унинг ковушларини ҳафсала билан ялай бошлади. Нарк қанчалик иродасини жамлашга уринмасин, қандайдир кўринмас куч шериклари қилган ишни такрорлашга уни ҳам мажбур этди.
“Мана бу бошқа гап, – яна иршайди Бастинда. – Эсларингда бўлсин, кучукчаларим, мен – энг қудратли жодугарман. Менга ҳатто буюк Торннинг энг маҳфий афсунлари ҳам маълум! Бундан буён сизлар менинг, фақат менинг хизматимда бўласизлар. Тез орада бутун Сеҳрли мамлакат менга итоат этади!”
Ўша кундан бошлаб темиртишларнинг ҳаёти буткул азоб-уқубатга айланди. Улар эркин овчилик ҳаёти ва қашқирона шўхликлар ҳақида унутишларига тўғри келди. Бастинда ҳар куни ўзига қарши қандайдир фитналар уюштирилаётганидан шубҳаланаверарди. Ўрмондаги ҳар бир тўнка унинг кўзига душман аскари сувратида кўринар ва сарой деразасидан ташқаридаги ҳар бир шовқин ёки шитирлаш унга қўзғолон бўлиб туюларди. Унинг итоати остидаги Пирпиркўзлар журъатсиз Тамшанувчилардан кўра анча дадил эдилар ва темирчи усталарининг маҳорати ва уқуви билан донг таратган эдилар.
Ким билсин, балки улар дабдурустдан исён кўтариб, ўз маликаларини тахтдан ағдаришга тайёргарлик кўришаётгандир? Шу боис, жодугар ҳар дақиқа сеҳрли ҳуштагини чалиб, темиртишларни ҳузурига чорлайверарди. Уларнинг ёрдамида жодугар Бинафша мамлакат аҳолисини қўрқувда тутиб турарди.
Охир-оқибат буларнинг барчаси Наркнинг жонига тегди. У бир куни бор иродасини жамлади ва Бастинданинг саройига борди.
“Мени ўз чорловларинг билан жонимдан тўйдириб юбординг, васвасачи кампир, – ириллади у. – Сен бизга ҳам, шўрпешана Пирпиркўзларга ҳам тинчлик бермай қўйдинг. Торннинг афсунларига қандай қилиб эга чиқиб қолганингни билмадим-у, аммо афсуски, улар ифлос қўлларга тушиб қолибди!”
Ваҳимага тушиб қолган Бастинда темиртишларни бўйсундириш афсунини ўқишни бошлади, лекин саросимага тушиб қолганидан сеҳрли сўзларнинг ўрнини алмаштириб юбораверди. У ярадор каламушдай чинқириб, сарой бўйлаб югурар, Нарк эса катта-катта қадам ташлаб, жодугарни таъқиб қиларди. У ўз ситамгарини бурдалаб ташлашга шошилмади, аламзада қашқир ғалаба онларини узоқроқ чўзишни истарди.
Бастинда бор овози билан бўкирганича ётоқхонасига югуриб кирди ва қалтироқ қўллари билан сандиғини тита бошлади. Нарк эса остонага ўтириб олиб, ваҳимадаги кампирни мазаҳ қилгандай тикилиб ўтираверди. Эсини еб қўйган бу кампирнинг қўлидан нима ҳам келарди?
Лекин у Бастиндани писанд этмасдан хато қилганди. Жодугар сандиқдан қандайдир Олтин қалпоқ олди ва шоша-пиша минғирлади:
“Шумбало, гумбало, думбула, хумбола, ағдан баққа, мағдан лўққа! Ҳузуримда ҳозир бўлинг, Учар Маймунлар!”
Нарк кўз юмиб-очишга улгурмасидан, устига учар маҳлуқлар ёпирилишди.
“Мана бу нобакор қашқирни энг чуқур жарликка улоқтирларинг! – чинқирди Бастинда. – У менга – ўз бекасига ҳамла қилди!”
Маймунларнинг тўрттаси тиш-итирноғи билан қаршилик кўрсатаётган, жонҳолатда типирчилаётган Наркни дераза орқали ташқарига судраб чиқишди ва Айлана Дунё тоғлари томон учиб кетишди. Бу ерда улар қашқирни серқоя тоғдарага ташлаб юборишди ва ортларига қайтиб кетишди.
Темиртишнинг омади бор экан. У баланд ўсган қорақарағайнинг устига қулади-да, шохдан шохга урилиб пастга думалади. Кейин эса кичик бўлса ҳам анча чуқур кўлга йиқилди.
– Ўша кундан бери менинг биттагина орзуйим бор – собиқ соҳибамдан қасос олиш, – бўғиқ овозда ўз ҳикоясини тугатди қашқир. – Битта олмахон менга Бастинданинг ашаддий душмани Мовий мамлакат маликаси, деб айтиб қолди. Мени ўз хизматингга ол. Иккимиз биргалашиб опангни албатта маҳв этамиз!
– Бўпти, – бир оз ўйланиб тургач, ниҳоят розилик берди Гингема. – Юр, менинг ғоримга борамиз.
Энди унинг Тамшанувчилар қишлоғига боргиси келмай қолганди: тақдир ҳамдард дўстни ато этди – жодугарга бундан бошқа нима ҳам керак?
Ўша вақтдан бошлаб Гингема бутунлай тинчини йўқотди. Энди у опаси Торннинг китобларидан ҳеч бўлмаганда биттасини топганини аниқ биларди. Демак, қандай қилиб бўлса ҳам Бинафша саройга кириб олиш ва афсунлар китобини ўғирлаш керак. Лекин буни қандай амалга ошириш мумкин?
Тез орада тақдир Гингемага яна битта совғани инъом этди.
Иккинчи боб
КОРИНАНИНГ БОЛАЛИГИ
Гингеманинг ғоридан бир неча чақирим нарида, ўрмоннинг ўртасидаги кичкина ялангликда Дармон қишлоғи жойлашган. У ерда қўзиқорин терувчилар ва шифобахш гиёҳларни йиғувчилар яшашади. Мовий ўлканинг бошқа ҳеч бир ерида улар каби ажойиб табибларни топиб бўлмайди – лекин афсуски, ҳатто шу саломатлик маконида ҳам одамлар касал бўлиб туришарди. Мовий мамлакатнинг бошкенти Когида бозорига Дармондан қўзиқорин йиғувчилар келганларида уларнинг аравалари ёнига теварак атрофдаги барча қишлоқлардан Тамшанувчилар югуриб келишарди. Фақат дармонликлардангина энг ноёб ва хуштаъм қўзиқоринларни сотиб олиш мумкин. Уларни мазали қилиб қуритиш ва сиркалашга фақат дармонликлар ниҳоятда уста эдилар. Тамшанувчилар таомнинг фарқига борар эдилар, шу боис ҳам дармонлик савдогарларнинг харидорлардан камчиликлари йўқ.
Айтиш жоизки, дармонликлар ўз ҳунарларининг барча сирларини доим маҳфий тутардилар. Мовий ўлка фуқароларининг ҳеч бири ноёб шифобахш гиёҳлар териладиган ўтлоқлар қаерда эканини ҳам, ширин хол-хол қўзиқоринлар ўсадиган ўрмон чангалзорларини ҳам билмас эди. Дармонликлар шифобахш дамламаларнинг сирларини аждодлардан авлодларга қолдириб келишади. Улар фойдаланадиган маҳфий қўзиқорин қайнатиш усули туфайли ҳатто зарғалдоқ қўзиқоринлар ҳам ўз рангини тўла сақлаб қолиб, қалпоқчасининг туси заррача ўзгармас эди.
Гингема учар супургисига миниб, Дармонга икки марта келиб-кетди. У жодуловчи дамламалар таёрлаш учун зарур бўлган гиёҳларни теришга маҳаллий аҳолини мажбурламоқчи эди. Лекин ҳар сафар дармонликлар бир зумда қоронғи чакалакзорларда ва чуқур ўрмон жарликларида яшириниб олишар ва ҳатто жодугар ҳам у ерлардан Тамшанувчиларни топа олмас эди. Охир-оқибат Гингема дармонлик саркашларни ўз ҳолига қўйишга қарор қилди – ўшаларсиз ҳам унинг хизматкорлари бисёр.
Бир куни Дило Нови ва унинг хотини Гона қиз кўрдилар. Улар анча қариб қолган пайтларида фарзандлик бўлишди. Қизчанинг ғаройиб зангори кўзлари ва қип-қизил сочларини кўриш учун бутун қишлоқ аҳолиси югуриб келди. Эндигина туғилганига қарамасдан, бу митти мўъжиза худди ниманидир чайнаётгандай, жағларини жуда қизиқ қимирлатиб тамшанарди!
Чақалоққа Корина деб исм беришди. Отаси уни қишлоқдаги энг уста қўзиқорин терувчи қилиб тарбиялашни мақсад қилиб қўйди. Онаси эса унга гиёҳ йиғишнинг барча сирларини ўргатишга аҳд қилди.
Афсуски, кекса ота-онанинг орзулари рўёбга чиқмайдиган армонга айланди. Корина ҳаддан ташқари ялқов ва инжиқ қиз бўлиб ўса бошлади. У ўрмонни кўргани кўзи йўқ, қўзиқоринларни ёқтирмайдиган миттиой бўлиб, қизилбарг ёки марваридгул каби гиёҳларнинг ёнидан жажжи бурунчасини жийириб ўтарди. Гуллар ичида унга фақат қизил атиргуллар ёқади. Бу ўсимликнинг гулбаргларидан хушбўй мой олингани ёки ундан жуда лаззатли мураббо пиширилгани учун эмас, балки ниҳоятда гўзал ва нафис бўлгани учунгина Корина уларни яхши кўради. У атиргулни ўзининг қалин ўсган сочларига қадаб олиб, қишлоқда сайр қилиб юришга ҳамда одамлар унинг ҳусну латофатига завқ ва ҳавас билан боқишларига ишқибоз эди.
Отаси уни хол-хол қўзиқорин териш учун ўрмонга мажбурлаб олиб борганида Корина беш ёшда эди. Бундай қўзиқоринлар ўрмонда жуда кам учрар ва шу боис Когида бозорида жуда юқори қадрланар эди. Дило Новидан бошқа ҳеч ким уларнинг Рутубатли Ботқоқ ўртасидаги Қорақарағай оролида мўл бўлиб ўсиб ётганини билмас эди. У ерлар жуда овлоқ, хавфли, ботқоқдаги ёлғизоёқ йўл эса ниҳоятда тор эди. Бир қадамгина четга чиқсанг, бир зумда қора балчиққа сўрилиб кетасан – ҳатто қичқиришга ҳам улгурмайсан. Лекин Дило буталар ва чириган қарағайлар орасидаги ёлғизоёқ йўлни якка ўзи билар ва қизи ҳам уни яхши эслаб қолишини истар эди.
– Хол-хол қўзиқоринларни ой тўлган пайтда, айниқса, кучли ёмғирдан кейин териш керак, – деди Дило ўрмон сўқмоғида, Коринадан сал олдинроқда борар экан. – Холлари тиниқ рангли қўзиқорин қалпоқчаларини саватга эҳтиётлаб териш керак, қўзиқорин оёқчалари аввал булоқ сувида яхшилаб ювилади, кейин эса саватга марваридгул барглари билан аралаштириб солинади. Ойинг сенга ундан шифобахш дамалама қайнатишни ўргатади, у шамоллашда яхши фойда беради… Гапларимни эштияпсанми, қизим?
– Ҳа, эшитяпман, – тўнғиллади бунга жавобан Корина.
Тўғрисини айтганда, дадасининг сўзлари аллақачон ўжар қизнинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетиб бўлган эди. Йўқ, Коринанинг орзуси қаёқдаги ола-була қўзиқоринлар эмас! Бир марта унинг онаси қачонлардир Торннинг мамлакатига учиб келган соҳиралар ҳақида сўзлаб берган эди. Ўшандан бери Коринанинг тинчи йўқолган. У тушларида ўзини Виллина каби қудратли, Гингема каби ваҳшатли, Бастинда каби маккора, ва худди Стелладай гўзал пари қиёфасида кўради. Унинг ҳашаматли саройларда яшагиси, башанг либослар кийгиси ва қўлининг битта ҳаракати билан мўъжизалар яратгиси келарди.
“Сеҳргар бўлиш қандай ҳам яхши, – дея ўйларди қизча. – Ҳеч қандай иш қилишнинг ҳожати йўқ, маликалик тахтида ўтириб, истаганингча шакаркулча ейсан, қўлингни бир силкитсанг, истаган нарсанг муҳайё бўлади. Битта имо қилсанг, осмонда чақмоқлар чақнайди. Иккинчи қўл силташингда шундоққина сарой деразаси остида минглаб атиргул буталари пайдо бўлади. Учинчи ҳаракат билан эса қасрдаги барча ертўлалар тузланган қўзиқорин солинган сон-саноқсиз хумларга ва қуритилган гиёҳлар қават-қават қилиб терилган саватларга тўлиб қолади. Эрталабдан кечгача мана бу ёқимсиз ўрмонда изғиб юриш ҳам шарт эмас, қонсўрар чивинларга ҳам таланмайсан, бирорта бўрига дуч келиб қолганингда ёки уккининг “ҳу-ҳу”сини эшитганингда қўрқувдан қалтираб қолмайсан… Наҳотки унинг бутун умри мана шу ириб-чириган ўт-ўланлар ва қурбақасаллалар орасида ўтиб кетса?”
– Бўлди, етиб келдик, – деди Дило.
Қизча атрофга аланглаб, ора-сира қийшиқ-қинғир қарағайлар сийрак ўсган ва пастак буталар билан қопланган улкан ботқоқликнинг чеккасида турганларини кўрди. Эрта тонг, қўнғир-яшил ботқоқлик тепасини қатлам-қатлам қалин туман қоплаган. Совуқдан Коринанинг эти жунжикиб кетди.
– Наҳотки биз мана шу… уфф-фф-фо-ооо… мана шу сассиқ балчиққа тушсак? – ҳавотир билан сўради у.
– Бошқа иложимиз ҳам йўқ, – елка қисди Дило. – Сен қўрқма, бу фаслда ботқоқлик анча саёз бўлади. Бу этигинг билан Қарағай оролигача бемалол етиб бориб, ҳатто оёғинг ҳўл ҳам бўлмайди. Фақат менинг изимдан қадам-бақадам юриб, йўлни эслаб қолсанг бас. Мен яширин кечувга белги қўймаганман, акс ҳолда эртага бутун қишлоқ югуриб келиб, ҳамма қўзиқоринларимизни териб кетади.
У хира тортиб ётган сувга шаҳдам қадам қўйди. Корина ҳатто кўзларини юмиб олди: унга худди ҳозирнинг ўзидаёқ дадаси бор бўйи билан балчиққа чўкиб кетадигандай туюлди. Лекин Дило фақат болдиригача балчиққа ботди, холос.
Дило ортига қараб, қизига кўз қисиб қўйди:
– Қўрқма, қизим! Бу ердан оролгача қўл узатсанг етади. Қўзиқоринларни йиғиштириб олиб, эртага катта бозорга олиб тушамиз. Ойинг сенга берган ваъдасига мувофиқ янги кўйлак ва ковушчалар олиб беради. Лекин ҳозирча мендан ортда қолиб кетма ва четга бир қадам ҳам боса кўрма.
Корина истамайгина отасига эргашди. Ҳеч қанча ҳам вақт ўтмасидан, қизчанинг оёғи тойиб сирпаниб кетди ва балчиққа ботишига бир бахя қолди – яхшиямки, отаси уни дарҳол қўлларига кўтариб олди.
– Сизнинг касофат оролингизга бормайма-аа-аа-ан! – ариллай бошлади Корина. – Ўзингиз боравери-ии-ии-инг!
У қорақарағай остидаги харсангтошга ўтириб олди ва ичига озроқ сув кирган этикчаларини ечди.
– Сени нима қилсам бўларкин-а! – ҳафалик билан деди Дило. – Эҳ, ўғил бола бўлганингда-ку… Бўпти, майли, шу ерда кутиб ўтир. Лекин айтиб қўяй – ҳеч қандай баҳона билан шу ердан бир қадам ҳам жилма. Мен тезда қайтаман – бир соатда, балки ундан ҳам олдинроқ. Келишдикми?
Корина ҳиқиллаганича бош силкиб қўйди.
Отаси кетиши биланоқ унинг юрагини ваҳима босди. Ботқоқликнинг тепасидаги туман янада қуюқлашди. Қаерлардадир баланд қорақарағайлар учида қарға қағиллади. Корина атрофга олазарак қараб, буталар орасида чақнаб турган бир жуфт кўзни пайқаб қолди.
– Бўри… – шивирлади у, қўрқувдан кўзлари ола-кула бўлиб. − Бўў-ў-ўри-ии-и!
Корина ҳўл этикларини шоша-пиша кийганича, харсангдан сакраб тушди. Ростдан ҳам қандайдир маҳлуқ келаётгандай, буталар қарс-қурс қила бошлади.
– Бўри! – додлаб юборди Корина. – Дада, қутқаринг, бўри-и-ии-и-и!!
Даҳшатдан эс-ҳушини йўқотган қизча сўқмоқ бўйлаб ботқоқдан нарига қоча бошлади. У ортида кимдир хирқираб нафас олаётганини эшитаётгандай эди гўё.
У буткул ҳолдан тойганидан кейингина югуришдан тўхтади. Оғир нафас олган кўйи атрофга аланглади-ю, лекин ҳеч кимни кўрмади.
Чириган тўнка устига ўтириб олган Корина бир оз нафасини ростлаб олгач, ўрмонда адашиб қолганини туйқус англади.
У сўқмоқдан четлашиб, қорақарағайзор орасидаги қуюқ чакалакзорга кириб кетганини ўзи ҳам сезмай қолибди. Бу жой унга нотаниш эди.
– Дада! – додлаб юборди ваҳимага тушган қиз. – Да-аа-даа-аа-а-а!
Атрофдан фақат бўғиқ акс садо эшитилди.
Корина отасининг сўзига қулоқ солмаганидан биринчи марта афсусланди. Ҳолбуки дадаси ҳар доим унга тинмай бир нарсани такрорлашдан чарчамас эди:
“Бу ўрмонда фақат аҳмоқ одамгина адашиб қолиши мумкин. Эсингда бўлсин, қизалоғим, бизнинг уйимиз ботиб бораётган қуёшдан ўнг томонда жойлашган…” Ёки чап томонда деганмиди? Корина буни аниқ эслай олмади. Отаси унга дарахт танасидаги йўсинлар ва чумоли уялари ёрдамида тўрт томонни аниқлашни ҳам ўргатиб қўйганди… Ўшанда нега яхшилаб эшитиб олмаган экан-а?
Қизча ҳиқиллаганича, дуч келган тарафга йўл олди. Умрида у ҳали бунчалик қаттиқ қўрққан эмасди. Юқорида − дарахт учлари орасида қуёш нурлари аҳён-аҳён жимирлаб қолар, лекин офтобнинг ёруғи пастга қадар етиб кела олмасди. Тупроқ устига тўкилган дарахт игнабарглари сарғайиб кўринади. Коринанинг йўлида тинмасдан баланд ўсган қирққулоқ поялари, улкан заҳарли қизил қўзиқорин ва турли хил бошқа замбуруғлар учрайверади. Қизчанинг ниҳоятда қорни очиб, қаттиқ чанқади. У айрим турдаги елпиғичсимон қирққулоқнинг ёш новдаларини ва баъзи бир қўзиқоринларни хомлигича ейиш мумкинлигини биларди, аммо вақтида уларнинг фарқига боришни ўрганишни истамаганди.
Фақат кечга бориб, тинкаси қуриган, ўлгудай қўрқиб кетган қизча ниҳоят ўрмондан чиқиб олди. Унинг қаршисида улкан, бўз булутларга қадар бўй чўзган тоғ юксалиб турарди. Унинг этагида файзсиз бир ғорга кириш йўли қорайиб кўринди. Ғорнинг ёнгинасида қозиққа қадаб қўйилган отнинг калла суяги тишларини иршайтириб турибди.
– Ойижон… – пичирлади Корина, кўз ёшларини оқизган кўйи ўзига нотаниш бўлган қўрқинчли жойни кўздан кечира туриб. – Ойи-и-и… Вой!
Ғордан улкан қашқир чиқиб келди. Қизчани кўриб, паст товушда ириллаб қўйди.
– Буни қара, расвойи олиялари, ҳузурингга ким меҳмон бўлиб келибди, – деди Нарк.
Корина оҳ-воҳлаб юзини кафтлари билан тўсиб олди. Гингема истамайгина уй юмушларидан бош кўтарди. У кечки таомга ёғлиқ илонбалиқ қовуриб, ўрдакдан қайнатма шўрва пишираётган эди.
– Одам боласини еб қўйсам майлими, расвойи олиялари? – темир тишларини ирғайтирди Нарк.
Гингема қўлларини этагига артганича, ғордан чиқиб келди.
– Вой-бў, биз томонларга адашиб келиб қолган қуёнчани кўринг-а! – иршайиб қўйди жодугар… – Анчадан бери Тамшанувчилар бизнинг ҳудудимизга ўз хоҳишлари билан келмай қўйишганди… Бу қизча ёқимтойгина экан, Нарк. Сочларининг қалинлигини қара! Қўлларининг оппоқлиги-чи! Худди ўзимнинг ёшлик пайтимга ўхшайди, ўлай агар.
Нарк оқсоч кампирга олайиб қаради-да, минғирлади:
– Жодугарлар ҳам қачонлардир ёш бола бўлишини билмас эканман.
– Жодугарлар? Сиз жодугар Гингемамисиз?
Коринанинг қўрқуви шу заҳотиёқ тарқаб кетди. У кўзларида ҳавас ўти чақнаб, кампирга тикилди.
– Вой, мана бу зўр иш бўлди. Бувижон, сеҳргарликни менга ҳам ўргатасизми? Анави довдир Тамшанувчилар ўзларининг қўзиқоринлари ва тармевалари билан шунақанги жонимга тегиб кетишганки.
– Қанақасига мен сенга буви бўлай! – ғазабдан Гингеманинг кўзлари қисилиб кетди. – Лекин… умуман олганда… буви бўлишнинг нимаси ёмон?
Ўша кундан бошлаб Корина Гингеманинг ғорида яшай бошлади. У ўз ота-онасини эсламай ҳам қўяқолди. Бечора Дило ва Гона ўрмоннинг энию бўйини бир қарич қолдирмасдан титиб чиқишди, лекин ғойиб бўлган қизчаларининг изини ҳам топа олишмади. Уларга атрофдаги барча қишлоқларнинг аҳолиси ёрдамга келди. Аммо қизча Мовий мамлакат маликасининг рутубатли ғорида яшаётгани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ… Тамшанувчилар уни бир-икки ҳафта ҳафсала билан қидиргач, охири, қизчани бўри еб кетган ёхуд сон-саноқсиз ботқоқлардан бирига ғарқ бўлган, деган қарорга келишди. Коринанинг ота-онаси бу мусибатга дош бера олмасдан, тез орада вафот этишди. Улар ўз қизалоқларининг қудратли жодугар ҳузурида афсунлаш сабоқларини олаётганини билмай ўтиб кетдилар.
Учинчи боб
СЕҲРГАРЛИК САБОҚЛАРИ
– Дўл пайдо қилма, ёмғирни чақир! Вой бурним! Бу нима қилганинг, бесавод?!
Катталиги олхўридай келадиган дўл донаси Гингеманинг чангаксимон тумшуғига келиб урилди ва жодугар оғриғига чидолмасдан, турган жойида пилдироқ каби чириллаб айлана бошлади.
Корина ҳингиллаб кулди. У отнинг калла суяги қўндирилган қозиқ ёнидаги ясси тош устида ўтириб олиб, афсун ўқиётган эди. Тўғрироғи, жодулашга ҳаракат қилаётган эди-ю, аммо ҳамма иши тескарисидан келаётганди. У афсун сўзларини чалкаштириб, масалан, “бувайни-мудайни-хубайни” каби сўзларни талаффуз этиш ўрнига “мухайни-додайни-шувайни” деган сўзларни айтиб юборар, чап қўл ўрнига ўнг қўлини кўтариб қолар ва қўлларидаги жимжилоқлар ўрнига бош бармоқларини букиб қўйган пайтлар ҳам бўлар эди.
Бунинг оқибати осмонда баъзан енгил оқ булут ўрнига қора булутлар тўдаси пайдо бўлар ва ҳатто гоҳида ёмғир ўрнига зоғча қушлар ёғиб қоларди. Жануб шамоли ўрнига атрофни муздай туман қоплайди, зилзила ўрнига учар қурбақалар келиб қолади, момақалдироқ ўрнига қор ёға бошлайди. Кўпинча Корина битта ҳам жоду қила олмай қоларди. Чунки Гингеманинг сабоқлари унинг миясида аралаш-қуралаш бўлиб кетаверарди. Бу дарсларни ўзлаштириб олиш осон эмасди. Сеҳргарлик ниҳоятда машаққатли иш эканини англаб етган Коринанинг ҳафсаласи пир бўлиб кетди. Бундан ташқари, ёмғир ёғдириш ёки бўрон кўтариш ҳам жодугарлик бўптими?! Демак, қудратлиман деб мақтаниб юрган Гингема ҳеч ҳам қудратли эмас экан. У ҳатто афсун кучи билан ўз тақсимчасида буғланиб турган қайноққина варақи пайдо қилишни ҳам билмайди. Ўргилиб қўйдим сендака жодугардан!
Нарк ҳар доимгидай, сал нарироқда ўтириб олиб, тилини осилтирганича, Коринанинг муваффақиятсиз тажрибаларидан кулиб ўтирибди. У ўтган уч йил давомида қизча билан анча дўстлашиб олди. Корина жуда эринчоқ ва инжиқ, тантиқ ва қайсар эди. Лекин Гингемадан фарқли ўлароқ, меҳрибонлик хислати ҳам йўқ эмасди. Баъзан кутилмаганда қашқирнинг бўйнидан қучиб, қулоғининг орқасини қашиб қўяр, уни пичирлаб эркалашни ёқтирарди. Умрида ҳеч кимдан меҳрли сўз эшитмаган Нарк бундай онларда ёз жазирамасидаги сариёғдай эриб кетарди. Бунақа дамлар жуда кам бўларди албатта. Кўпинча Корина қашқирни турли хил совуқ ҳазиллари билан қийнайверишни одат қилиб олганди: гоҳ унинг думига ёниб турган похол тўпини боғлаб қўяди, гоҳ бир челак муздай сувни йиртқичнинг устидан қуйиб юборади. Лекин барибир бу қизча баъзан қашқирга кичиккина бўлса ҳам яхшилик қилиб қўяр эди. Ана шу ногаҳоний эзгулик лаҳзалари туфайли ҳам Нарк ёш бекасининг ҳар қандай шумликларига сабр билан чидашга тайёр эди.
Аввалига бу улкан маҳлуқ билан жимжилоқдай қизчанинг дўстлиги Гингеманинг ғазабини қўзғади, лекин орадан вақтлар ўтиб, бу икковининг муносабатларига қўл силтаб қўя қолди. “Қизчаси тушмагур ҳали буюк ишларга қодир!” – ўйларди у Коринага яширин ҳасад билан боқиб, қизалоқнинг ҳингир-ҳингир қилиб ҳайбатли темиртиш маҳлуқни думидан судрашга урингани, ёки ўрмонда уни от қилиб миниб юрганини кўрганида. Бошқа барча жиҳатлардан эса Корина унинг ҳафсаласини пир қилганди. Қизча тенги йўқ танбал эди. Овқат пиширишни билмайди, ғорни тоза тутишга иштиёқи йўқ, кир-чир ювишдан кўра увадага ўралиб юришни маъқул кўради, тикиш-бичиш деса, тутқаноғи тутади – хуллас, у ҳеч нарсада йўқ. Бундан ташқари, қизча ҳеч нарсани ўрганишни истамайди. Бир куни жодугар қизчани ухлаб ётган ўрнидан турғазиш учун жаҳл устида кийиниш афсунини ўқиди. Биттагина шу сеҳрни Корина ҳафсала билан ёдлаб олганди ва ўша пайтдан бери Гингема ҳар тонг Коринанинг катчаси ёнига ковушчалари олифтагарчилик билан сирпаниб келаётгани, уларнинг ортидан пайпоқчалари худди ипак қурти каби судралиб бораётгани, сафнинг энг охирида эса кичкина кўйлакчаси гўё пуштиранг парқу булутча мисоли парвоз қилаётганига гувоҳ бўларди.
– Мана бунақа сеҳргарликлар менга ёқади, – деди Корина ҳатто бармоғини ҳам қимирлатмасдан кийиниб қолганидан кейин. – Ойи, менга ўтинлар ўз-ўзидан ўчоққа қаланиб қоладиган, қозон эса ўзи сойга бориб, сувга тўлиб келадиган афсунларни ҳам ўргатиб қўйсангиз жуда зўр иш бўларди-да.
Қизча уни ойи деб атагани Гингемага жуда ёқиб тушарди, аммо унинг бу каби илтимосларини қатъиян рад этарди.
– Ялқовлар бундай нарсаларни билишлари яхши эмас, – қовоғини солиб дерди у. – Агар сенга эрк бериб қўйса, ётган жойингдан турмасдан яшайсан. Жодугарлик – ниҳоятда оғир иш, қизгинам. Сен аввал мен билган нарсаларнинг ҳаммасини ўрганиб олишинг, кейин эса мендан ҳам ўзиб кетишинг лозим. Бир кун келиб, биз Торннинг афсун китобларини қўлга киритамиз ва ана ўшанда менинг бир кўзли опажонимни ва такаббур Стелла ҳамда мағрур Виллинани Сеҳрли мамлакатдан қувиб юборамиз. Кейин эса… кейин мен бутун олам маликасига айланаман! Сен билан икковимиз ер юзини биргаликда бошқарамиз…
– Э-э, – яна дангасалиги тутиб эснади Корина. – Бу хомхаёлни юз марталаб эшитганман. Дунё маликаси эмиш, ҳа-ҳа-ҳа-ҳа! Худди айиқларга ўхшаб ғорда, ўргимчаклар, қуритилган каламушлар ва бошқа жирканч нарсалар орасида кун кўряпмиз. Фу, кўнглим айниб кетяпти! Бунақа ҳаёт жонга тегди! Саройда истиқомат қилиш, башанг либослар кийиш, хушқомат аслзодалар билан рақслар тушиш эса бутунлай бошқа гап.
– Бунақа ҳаётни орзу қилишга ҳали ёшлик қиласан! – Гингема жаҳл билан ҳассасини ерга урди.
– Нега ёшлик қиларканман, ойижон? – эътироз билдирди Корина. – Гиёҳ қайнатмасига лиммо-лим тўла оғир қозонларни ташишга кичиклик қилмайман-у, сарой зиёфатларида рақс тушишга дарров ёшлик қилиб қолдимми?! Мен сизга айтсам, аллақачон саккиз ёшга тўлиб бўлганман, ойижонгинам!
Жодугар бўйнини қашиганича ўйланиб қолди. У Коринанинг улғайиб бораётганини, тез орада баркамол қизга айланишини умуман хаёлидан чиқариб юборибди. Навқирон малика! Лекин унинг ақли ва билими ёш гўдакникидан ортиқ эмас. Агар аҳвол шундай давом этаверса, Корина ҳатто енгил шамолни қўзғатишни ўрганишга ҳам улгурмасдан, қариб-қартайиб бўлади. Ахир бундай уқувсиз дангаса бошқа париларни маҳв эта оларканми? Гингема ҳам барҳаёт эмас, вақти келиб у ҳам дунёдан кўз юмади. Ана ўшанда тентак қизчасининг аҳволи нима кечади? Бастинда уни ямламасдан еб қўяди-ку! Энди бу қизни нима қилиш керак?
Гингема алам ичида ҳассасини кичкина тошга шунақанги қаттиқ урдики, ундан чақмоқ чақнаб, илондай тўлғонганича осмонга ўрлади. Кейин қулоқни батанг қилиб момақалдироқ гумбирлади.
– Сен сабоқ ўрганасанми, йўқми, телба қиз? – жодугар шунақанги ваҳшат билан бўкирдики, ҳатто Нарк ҳам қўрқувдан ерга чўккалаб қолди. – Гапир, ўрганасанми?
Лекин Корина бу чинқириққа парво ҳам қилмади.
– Э-э-э… – тилини чиқариб қийшанглади у. – Қўрқиб кетдим, у-у-у-у-у!.. Сиз мени эмас, анави тентак Тамшанувчиларни қўрқитинг. Озгина сабр қилиб турсангиз, яқинда улғайиб, вояга етаман-у, сизнинг ғорингиздан ўзим кетаман. Зах босган тош ўрангизда бир умр яшайман деб жуда кўзим учиб турувди-да! Мен саройда истиқомат қилмоқчиман. Ҳамма одамлар менга таъзим қилишсин ва фақат менинг буйруқларимни бажаришсин! Йигирма ёшга етиб олай, ўшанда балоғат даврим келган бўлади ва ундан кейин…
– Балоғат давринг? – қаттиқ ер тепинди Гингема. – Сен ҳали шуни кутяпсанми, ишёқмас? Бўпти, розиман, лекин сен икки юз йилдан кейин вояга етасан!
У ҳассасини кўтариб, аждарнинг боши шаклидаги каллагини Коринага қаратди ва афсун ўқиди:
– Танбала, банбала, вояга, пояга, қанийди, танийди…
Қизча шўх-шодон ҳолда оёғини ликиллатиб, афсунни эшитиб ўтирди. Ҳатто асодан чақмоқ чақнаб, Коринани мовий шуъла қамраб олганида ҳам қизча пинагини бузмади. У Гингеманинг ғорида яшаган уч йил давомида жуда кўп мўъжизаларни кўрди. Жодугар қизчани ялқовлиги учун ҳар турли жазолар билан қўрқитмоқчи бўлиб, неча марталаб таҳдид қилган-у, лекин шу пайтгача ҳатто бармоғини ҳам қимирлатиб қўймаганди. Бу сафар ҳам ҳеч нарса юз бермади.
– Ҳи-ҳи, қўқитвордиз! – ҳингирлади Корина. – Барибир мен яқинда катта бўламан ва сизга қулоқ солмай қўяман. Ҳозир эса хўжағат егим келяпти.
– Сурбет қизча, – тўнғиллади жодугар. – Биз ҳали сабоқни тугатганимиз йўқ!
– Эртага тугатармиз, – Корина ғаройиб зангори кўзларини юмиб эснади. – Жуда чарчадим, дам олгим келяпти. Нарк, мен билан юр.
Қашқир норозилик билан бошини сарак-сарак қилди, лекин барибир харсангтош ёнига бориб, ерга ястанди. Корина тош устига чиқиб, қашқирнинг белига миниб олди.
– Хайр, онагинам! – шодон қичқирди қизча ва Гингемага ҳаво орқали ўпич йўллаб, ўрмонга елиб кетди.
Жодугар унинг ортидан ўйчан тикилиб қолди.
– Эҳ, бекор шу ишни қилдим, – шивирлади у. – Энди бу афсунни ортга қайтариб бўлмайди… Майли, айб қизалоғимнинг ўзида! Лекин хоҳлайдими, йўқми, барибир жодугарликни ўрганишга мажбур қиламан. Бунинг учун энди керагидан ҳам ортиқ вақти бор.
Орадан бир йил ўтди, кейин бошқаси. Корина ҳар доимгидай кунларини эртадан кечгача ўрмонда ўтказар, Нарк билан шодон қувалашар, бўккунича тармева еб, ўрмон ҳайвонлари билан турли ўйинлар ўйнаб юрарди. У бир нечта олмахонлар, тулкичалар ва типратиканлар билан дўстлашиб олган, улар қизчани ёнғоқлар билан, маймунжонлар ва энг мазали қўзиқоринлар билан сийлашади. Сеҳрли афсунлар билан у ҳамон чала-чулпа шуғулланади, лекин Гингема бунинг учун энди танбеҳ бермай қўйган.
Охир-оқибат Корина ўзининг ўсмай қўйганини пайқаб қолди. Йиллар ортидан йиллар ўтиб боряпти-ю, эгнидаги кўйгаги ҳали ҳам ўзига лоп-лойиқ, ковушчалари ҳам оёғини қисмаяпти. Бу ҳолдан ташвишга тушиб қолган қизча ўн бир ёшга тўлган кунида ўзининг бўйини ўлчаб, қорақарағай дарахтига белги ўйиб қўйди. Бир йилдан кейин эса юрагида қандайдир ҳавотир билан қорақарағай ёнида туриб, ўзининг бўйини ўтган йилги чизиққа чамалаб кўрди. Қарасаки, ҳали бир бармоқ энича ҳам ўсмабди. Ҳолбуки, у энди ўн икки ёшда эди!
У Наркнинг устига миниб, ғор томонга елиб кетди ва Гингемани сафарга тайёрланаётган пайтида учратди. Жодугар йилда бир неча марта Сариқ ва Бинафша ўлкалар ўртасида жойлашган қалин ўрмонларга йўл оларди. Қадимий афсоналарга кўра, Торннинг қасри ўша ерларда бўлган экан, лекин ҳеч ким, ҳатто ҳамма жойда ҳозиру нозир қушлар ҳам уни кўришмаган экан.
“Қаср афсунлаб қўйилгани аниқ, – ўйларди Гингема. – лекин модомики менинг опагинам бир марта у ерга кириб, афсунлар китобини ўғирлашга муваффақ бўлган экан, нега энди мен шундай қилолмаслигим керак?”
– Мени нима қилиб қўйдингиз, тавия кампир? – чинқирди Корина қашқирнинг устидан сакраб тушганича, тугунчасига сеҳрли дамлама ҳамда суртмалар солинган шиша идишларни ва қутичаларни жойлаётган Гингеманинг ёнига югуриб келиб. – Мен ахир ўсмай қўйибман-ку?! Умуман улғаймаяпман!
– Ўсяпсан, ўсяпсан, – кулиб қўйди тугунчасини тугиб турган Гингема. – Абадий ёшлик сири фақат Стеллага маълум. Мен бу афсундан хабардор эмасман. Аммо сен бошқа Тамшанувчиларга қараганда, ўн марта секинроқ улғаясан, икки юз йилдан кейин эса вояга етасан. Балки шу давр мобайнида сен балки озгина ақл тўплаб, ҳеч бўлмаса уқувсизроқ бир жодугарга айланиб оларсан!
– Сиз… сиз… – вишиллади Корина, ғазаби қўзиганидан тили сўзга келмай, кейин йиғлаб юборди. – Мени қайта афсунлаб қўйинг, фитначи! Сизга ваъда бераман, интизомли қиз бўлиб, ўша аҳмоқона афсунларингизни ўрганаман!
Гингема афсус билан хўрсинди.
– Сендан бу афсунни даф қила олмайман. Унинг зиддижодусини билмайман.
– Ваа-а-а!
– Ариллама, ўзинг айбдорсан. Агар омадим келиб қолса, Торннинг сеҳргарлик китобларини шу сафар топиб келаман. Балки ўша китобларда сени яна оддий қизга айлантира оладиган афсунлар бордир…
– А-а-аааа!.. Сиз ўша қуриб кетгур китобларни топишни юз марталаб ваъда қилгансиз, лекин шу пайтгача олиб келганингиз йўқ… У-у-у, ишқилиб бирорта сасиб ётган ботқоқликка чўкиб ўлинг-да!
– Сен шуни менга, ўз онангга раво кўряпсанми? – Гингеманинг жаҳли чиқди.
– Ҳеч қанақасига сиз менинг онам эмассиз, а-а-а-а!.. Сиз жирканч, бадбуруш жодугарсиз, ғорингизни моғор босган, илонларингиз ҳам ўзингизга ўхшайди… А-а-а!..
– Йиғлайвер, йиғлайвер, – кулиб қўйди Гингема. – Ариллаш жонингга теккач, ғорни тозалаб қўй, сичқонларни саралаб, қозонни яхшилаб юв. Бу сафар қуруқ қўл билан қайтмаслигимни кўнглим сезяпти!
Жодугар супургисига минди-да, осмонга парвоз қилди. Корина унга ёвуз нигоҳ билан қараб қолди.
– Бўпти, шаллақи кампир, – шивирлади у. – Бир кун келиб тавбангга таянтираман-ку… Ҳозир эса мен бу ердан кетаман. Шу чиркин ғорда бир кун қолишга ҳам тоқатим йўқ!
Корина ғорга кирди. У ерни тозалаб йиғиштириш ўрнига, қурбақа ва илонлар қайнаб турган қозонни ағдариб ташлади, ҳамма кўзачаларни уриб синдирди, девордаги қуритилган сичқон боғламларини олиб, ерга сочди, қутилардаги жодугарлик ўтлари ва илдизпояларни ҳар томонга улоқтирди. Кейин Гингеманинг афсун китобини роса излади-ю, аммо ҳеч қаердан топа олмади.
– Нарк, биз кетамиз, – асабийлашган кўйи деди Корина. – Бу исқирт уяда олиб кетишга арзийдиган нарсанинг ўзи йўқ экан!
Темиртиш талмовсираб қолди. У ўзининг митти бекасини ёқтирарди-ю, лекин жодугарнинг ғазабидан қаттиқ қўрқар эди.
– Биз қаёққа ҳам бора олардик? – иккиланиб сўради у. – Гингемадан қутулиб бўларканми?
– Биз Бинафша юртга борамиз, – деди Корина егуликларни тугунига сола туриб. – Гингема бизни у ердан изламайди. У Бастинданинг ҳар куни ўз юрти сарҳадларини кўрикдан ўтказишини ва ҳеч қачон бирорта ҳам парини чегарасидан қўймаслигини яхши билади. Онагинам Учар Маймунлардан ўлгудай қўрқади ва шу боис ҳам… Вой, кечирасан Нарк!
Қашқир Учар Маймунлар деган сўзнинг ўзидан қалтираб қолди. Шунда Корина унинг катта бўз калласини бағрига босди ва дўнг пешанасини меҳр билан силаб қўйди.
– Қўрқма, мен сени ҳафа қилдириб қўймайман, – деди қатъий оҳангда. – Ҳар ҳолда камроқ бўлса ҳам жодулашни биламан-ку. Менга озгина муҳлат бергин, сеҳрлашни ўзлаштириб олай, ана ўшанда Бастинданинг кунини кўрсатиб қўямиз. Менга бемалол ишонавер, қачондир бир кун келиб мен саройда яшай бошлайман ва бутун Сеҳрли мамлакатга якка ўзим ҳукмронлик қиламан!
Нарк у билан гап талашиб ўтирмади. Ғорда яшаш аллақачонлар унинг ҳам жонига тегиб бўлганди. У ўзи униб-ўсган қалин ўрмонларни қўмсар, ўзининг тўдасидаги шерикларини соғинганди. Балки Бастинда уларни ўз ҳолига қўйган ва Нарк яна темиртишларга етакчилик қилишига имкон туғилгандир?
– Елкамга мин, бекақиз, – деди у кўзлари чақнаб. – Мен Бинафша юртга олиб борадиган яширин сўқмоқни биламан – уни ҳатто Гингема ҳам тополмайди.
Бир неча кун ўтиб, жодугар ғорга кириш йўли яқинига қўнди. Унинг елкасида ўзи ўрмонда учратиб қолган қарға бор эди. Қуши тушмагур тасаввурга сиғмайдиган даражада ақлли чиқиб қолди. У жодугарга қачонлардир Айлана Дунё тоғлари яқинида ўсиб турган учта азим қарағайларнинг ковакларида яшаган қари уккиларнинг уяларини тинтиб кўришни маслаҳат берди. Айтишларича, ўша уккилардан бири бир даврлар Торннинг қасрига қатнаган экан.
Гингема қарғанинг айтганини қилди. У ўзининг супургисида юқорига кўтарилди ва узоқ вақт қарағай ковакларини титкилади. Қарға Қарроқ уни алдамаган экан – жодугар уяларнинг бирида Торннинг афсунлар китобини топди! Унда эса кампир анча вақтдан бери излаб юрган жоду бор экан – бутун дунёни остин-устун қилиб юборишга қодир бўлган қудратли бўронни уйғотиш афсуни.
Гингеманинг кулгиси қарағайзорда узоқ вақтгача жаранглаб турди. Энди тамом! Тез орада Катта дунё одамлари ер юзидан супурилади! Гингема шу пайтгача ўзи тортган хўрликлар учун ҳаммасидан қасос олади! Кейин эса анави сурбет қўшни парилар билан ҳисоб-китоб қилиш навбати келади.
Бошқа ковакда Гингема яна бир қимматли ўлжага эга бўлди – кумуш ковушчалар. Торннинг китобида ёзилишича, улар истаган кишини ер юзининг ҳар қандай ҳудудига олиб бориб қўйиши мумкин экан. Жодугар ниҳоятда қувониб кетди. “Ҳи-ҳи, қизимга ажойиб совға олиб борадиган бўлдим”, – ҳингирлади у.
Лекин маконига қайтгач, Гингема қизчани ҳам, Наркни ҳам топа олмади. Ғорда ҳамма нарса остин-устун бўлиб ётар, Коринанинг эса на иси, на изи бор эди.
– Қочиб кетибди! – чинқирди Гингема, қоқсуяк қўлларини силкитганича. – Унинг кунини кўрсатиб қўяман!
Қарға Қарроқ ғор девори орасидан ёриб чиққан қуруқ илдиз устига қўнди ва хотиржамлик билан деди:
– Бунчалик тутақиб нима қиласиз, расвойи олиялари? Агар улар Бинафша юртга кетишган бўлса-чи? Ахир Нарк ўша ердан келган-ку. Бастинда билан эса фақат жонидан тўйганлар ҳазиллашишади!
Гингема қутурган Учар Маймунларни эслаши биланоқ дарҳол шаштидан тушди.
– Майли, – тўнғиллади у. – Корина мендан ҳеч қаерга қочиб қутулолмайди. Пирпиркўзларнинг орасида ҳам бир яшаб кўрсин-чи. Улар жуда меҳнаткаш халқ, дангасаларни ёқтиришмайди.
– Ва яна сенинг қизчанг Буюк ва Даҳшатли Гудвиннинг панжасига тушиб қолиши ҳам мумкин, – қағиллаб қўйди Қарроқ.
Гингема сергакланди.
– Буниси яна ким бўлди? – ҳавотир билан сўради у.
Қарғанинг думалоқ, пирпирамайдиган кўзлари косасидан чиқиб кетгундай бўлиб, жодугарга тикилди.
– Буюк ва Даҳшатли Гудвин ҳақида эшитмаганмисан? У ахир қудратли сеҳргар-ку! У Яшил ўлкада беш йил муқаддам пайдо бўлиб қолганди. Ҳамма қушлар фақат у ҳақда гапиришади.
– Бир камим энди қушларнинг чуғурини эшитиш эди, – минғирлади Гингема, ўзи эса ичида ўйлаб қолди:
“Менга энди шуниси етмай турувди! Бастинда, Виллина ва Стелла учови ортиқчалик қилиб турган пайтда энди қаёқдаги бир сеҳргар пайдо бўлиб ўтирса-я!”
– Сен айтган ўша Гудвиннинг қўлидан нима келаркан ўзи? – қизиқиб сўради Гингема.
– О! Буюк ва Қудратли афсунгар ҳамма нарсага қодир! – тантанавор хитоб қилди қарға. – У Яшил мамлакатга мўъжизавий учар куррада келиб, ўзини ҳукмдор деб эълон қилди ва катта шаҳар барпо этишни бошлаб юборди. Ҳозир шаҳар қурилиши якунланиш арафасида. Зағизғонларнинг чирқиллашларига қараганда, Гудвин уни улкан зумрадтошлар билан безатмоқчи экан. Кейин эса бошқа мамлакатларни ҳам босиб олиш ниятида эмиш. У олти панжали маҳлуққа ҳам, ёнар куррага ҳам, сув парисига ҳам айлана оларкан…
– Овозингни ўчир! – қаҳр билан депсинди Гингема. – Менинг ҳузуримда ўша Гудвиннинг исмини айтишга ҳам ботинма! Сенга ўхшаган бўшкалла қушларни яхши биламан: ёлғон билан аҳмоқона гаплардан бошқасини билмайсанлар.
Қарға қўрққанидан жим бўлиб қолди.
Ваҳимага тушиб қолган Гингема эса қудратли, вайронкор бўронни чақиришга тайёрлик кўра бошлади. Торннинг афсунидан ташқари, бу жоду учун мингта илон, сичқон, сувилон, бақа ва ўргимчаклардан тайёрланадиган махсус қайнатма ҳам керак бўларди. Тамшанувчилар олиб келган маҳлуқлар эса бунга камлик қилади. Гингема уларга солинган ўлпон миқдорини оширишга қарор қилди.
Оқибатсиз бўлиб чиққан Корина ҳақида энди ёвуз жодугар эсламасликка ҳам ҳаракат қиларди.
Тўртинчи боб
ҚОЧИШ
Корина Бинафша ўлкага етиб олиши учун нақ бир ҳафта вақт керак бўлди. Нарк яширин сўқмоқлардан юрар, Тамшанувчиларнинг қишлоқларини четлаб ўтишга ҳаракат қиларди. Бир неча марта улар балчиқзорларни кечиб ўтишга ва ҳатто қўнғир-яшил ботқоқлар орасидаги оролчаларда тунаб қолишга мажбур бўлдилар. Оролчалардан бирида улар тошдан ясалган, моғор қоплаган ҳайкалга дуч келишди. Унинг ирғайган тишларини кўрган қизчанинг юраги товонига тушай деди ва у Гингеманинг ғорини ташлаб кетгани учун биринчи марта афсусланди. Жодугар ўлгудай унинг жонига тегиб кетган бўлса ҳам, ҳар ҳолда ўз онасидай бўлиб қолган кампир билан яшаш хавфсиз, озиқ-овқат топиш ҳақида эса ҳатто ўйламас ҳам эди.
Корина йўлга бир неча бўлак сур гўшт ва бир нечта жавдари нон олган эди. Афсуски, бу егулиги ҳам тезда тугаб битди. Нарк кунига бир неча марталаб овга чиқар ва ҳар сафар қорни тўқ ва ўзи мамнун ҳолда қайтар эди. У Коринага товушқон тутиб келтирар эди-ю, лекин қизча хом гўшт ея олмасди. Ўт ёқиш учун чақмоқтоши йўқ. У фақат тармевалар билан қаноатланишга мажбур бўлиб қолди. Бундан эса иштаҳаси баттар очилиб кетди. Лекин бошқа нима ҳам қила оларди?
Корина тошҳайкал тагидаги тош устида ўтириб, икки сиқим тармевалардан еб олди ва ўт устида ётган семизгина, ёғлиққина товушқонга қараб чуқур хўрсинди.
– Қорним очиб кетди, – инжиқлик билан деди у. – Ўрмондан ейишга арзийдиган бирор нарса топиб кела олмайсанми?
Нарк масхараомуз иршайиб қўйди.
– Ҳафа бўлмайсан, бекақиз, лекин қовурилган тустовуқлар ҳатто Сеҳрли мамлакатда ҳам ўрмондаги дарахтлар оралаб югуриб юрмайди, – жавоб қилди у. – Гулхан ёқишинг учун қуруқ шох-шабба йиғиб келайми?
– Уни қандай ёндираман? – норозилик билан сўради Корина. – Тавия жодугарнинг ғорида ҳатто чақмоқтош ҳам йўқ экан.
– Гингемага чақмоқтошнинг кераги йўқ, – тушунтирди Нарк. – У ўт ёқиш учун “тезолов” афсунидан фойдаланади. Уни сенга ҳам ўргатган эди.
– Қаранг-а! Менга ҳам ўргатганмиш, – тўнғиллади Корина. – У менга минг хил нарсани ўргатган, уларнинг ҳаммасини эсда сақлаб бўларканми?!
– Сен бир уриниб кўр, – маслаҳат берди қашқир. – Акс ҳолда товушқонни ўзим еб қўяқолишимга тўғри келади.
Корина юзини буриштирди, лекин бошқа иложи йўқ эди.
– Бўпти, уриниб кўраман. Сен шох-шабба билан кўпроқ қуруқ йўсин йиғиб кел.
Нарк Гингеманинг жала ёмғири остида ҳам, ҳар қандай йўсинсиз ҳам гулхан ёқа олганини айтмоқчи бўлди-ю, индамай қўяқолди. Бирпасда тошҳайкал остида бир уюм шох-шабба тўпланди ва унинг устига оқимтир йўсин ташланди.
– Ана шунда-аа-ай, – тайёрлик кўра бошлади Корина. – Бошлаймиз. Э-э… Аввал чап қўлдаги номсиз бармоқ букилади ва ўнг кўз қисилади… ёки аксинчамиди-я?
Нарк хижолат бўлиб, қулоғининг орқасини қашиб қўйди. У Гингеманинг жуда кўп сабоқларини кўрган, лекин бирор нарсани эслаб қолишга ҳаракат қилмаган эди: барибир бўрилар жодулашни билишмайди, кейин уларнинг номсиз бармоқлари ҳам йўқ.
– Менимча, тескариси бўлиши керак эди-ёв, – ишончсизгина деди у. – Тўғри, тескариси.
Қизча ўнг қўл бармоғини букди ва чап кўзини юмди.
– Энди олов ёқиш афсунини эслашим керак… Юмрона, пумрона, қозиқа, мозиқа, қайнада, айнада!
Шох-шаббалар уйиб қўйилган жойда тупроқ қайнай бошлади ва ер остидан юмронқозиқ ўрмалаб чиқди. У ҳайрон бўлиб, митти тумшуқчаси билан атрофни искаб кўрди ва яна уясига кириб кетди.
– Бу юмронқозиқни чорлаш афсуни эканини билмабсан-да, – қизга пичинг қилиб қўйди Нарк.
– Айтмасанг ҳам кўриб турибман, – жаҳл билан жавоб қилди Корина. – Нима, одамнинг бир мартагина янглишишга ҳам ҳаққи йўқми? Гингеманинг афсуни қанақа эди-я? … А! Эсладим, эсимга тушди! Мабуду, қадамуду, жилсуну, сурсуну, юрсуну!
Шу пайт тошҳайкал турган жойидан қўзғала бошлади. Унинг кўзлари ёниб, ёқутранг тусда чақнади, улкан оғзи катта очилди ва икки қатор ўткир тишлари кўринди. Тошҳайкал кучли қўллари билан ерга таянаб, ўзининг узун танасини тупроқ юзасига чиқариб олишга урина бошлади.
Корина даҳшатдан додлаб юборди ва жонланиб қолган тошмаҳлуқдан қочиб кетиш учун жонҳолатда югуриб қолди. Нарк ҳам қўрқиб кетди-ю, лекин ҳар ҳолда қизчанинг этагига тирноқларини ботириб, уни тўхтатиб қолишга улгурди.
– Йўл бўлсин? – ириллаб қўйди у. – У томон ботқоқ, балчиқзор! Сен яхшиси тезроқ зидди-афсунни ўқи!
Қизча шоша-пиша ғўлдирай кетди:
– Мабади, нақадамади, ташбала, машбала, қотсуна!
Ҳайкал тупроқ юзасига чиқиб олишга ҳам улгурмасдан, турган жойида тошқотди. Кўзидаги олов ўчиб, даҳшатли оғзи қайтадан ёпилди.
Нарк чуқур хўрсиниб қўйди.
– Кел, шу бугун бошқа жоду қилмай қўяқол, – деди у ялинчоқ овозда. – Негадир ҳамма нарсани чалкаштириб юборяпсан. Бунақада ботқоқдан юҳо1 чақириб қўядиганга ўхшайсан!
Корина ҳаётида биринчи марта уятдан қип-қизариб кетди. Наҳотки у шунчалик ношуд ва уқувсиз бўлса? Гингема билан ўтган етти йил давомида ҳеч нарсани ўрганишга муваффақ бўла олмадими?
– Ҳозир, шоширмай тур, – деди у. – Афсунни эслайман, барибир эслайман…
Қизчанинг хаёллари худди уяси бузилган чумолилар мисоли ҳар томонга тўзғиб кетиб, фикрларини ҳеч бир ерга жамлай олмасди.
– Эпкин, сепкин, кулларина, чўғларина, қарси, чирси… – қатъиятсизгина талаффуз қилди Корина ва қўрқувдан ҳатто кўзларини юмиб олди. У кўзини очганида йўсин уюми устида оловнинг қип-қизил тили ёнилғи ямлаб югуриб юрган эди. Бир пасда гулхан шўхчан ёлқин сочганича, чирсиллаб ёниб, оқиш тутуни юқорига ўрлаб кетди.
– Мана бу бошқа гап, – тетик оҳангда сўз қотди Нарк. – Биз ҳозир бу товушқонни бирпасда пишириб оламиз… Сенга нима бўлди?
Корина кўзлари ола-кула ҳолда, калласини ликиллатиб, индамай турарди.
– Бирор нарса бўлдими? – ташвишланиб сўради Нарк.
– Мен… мен сеҳр-жодуни амалга оширдим… – ичидаги ғурурни зўрға юзага чиқарди қизча. – Биринчи марта!
Нарк жимгина ишшайиб қўйди.
Шу пайтдан бошлаб икковлон қочқинлар унчалик ҳам машаққат тортмасдан яшай бошлашди. Корина ўзи сезмаган ҳолда Гингеманинг сон-саноқсиз сабоқларидан айримларини унча-мунча эслаб қолган экан. Энди ҳордиқ пайтларида қизча асосан жодулаш сўзларини ёдга олиш билан кўпроқ банд бўла бошлади. Унинг машқларидан сўнг баъзида майсазор дала ўртасида бирданига чашма отилиб қолар ёки қичитқи ўт поялари гул тупларига айланарди. Нарк иршайган кўйи ўзининг қизбекасига тикилиб ўтираверарди. Корина аввалгидай саккиз ёшли қизалоқ қиёфасида бўлса ҳам, лекин руҳан улғайиб бораётгани сезила бошлаганди.
Ниҳоят улар кунларнинг бирида дарахтлари зич ўсган қалин ўрмондан очиқ ялангликка чиқиб келишди. Тўғрироғи, бу жойлар пастак дарахтчалар сийрак ўсиб турган кенг ўтлоқ ерлар эди. Бу – Пирпиркўзлар юрти.
– Буёғига нима қиламиз, бекақиз? – сўради Нарк. – Балки ғарбга, Қора ўрмон томонга юрармиз? Мен ўша томонларда туғилганман, ҳар бир сўқмоғи менга таниш.
– Йўқ, – бош чайқади Корина. – Ўрмонлар жонимга тегиб кетди. Ҳафа бўлмагин-у, Нарк, лекин мен Пирпиркўзлар орасида яшамоқчиман. Бирорта қишлоққа бораман-да, кимни кўрсам, йўлдан адашиб қолдим дейман.
– Шунақаликка шунақа-ку… – тараддудланиб қулоғининг орқасини қашиб қолди қашқир. – Аммо лекигин…
Корина саросимада қолган қашқирга қараб илжайиб қўйди.
– Нимани ўйлаб қолганингни биламан. Бир-икки йилдан кейин қишлоқдагилар менинг ўсмаётганимни сезиб қолишади. Шундайми?
Нарк бош ирғади.
– У ҳолда мен бошқа қишлоқққа жўнаб қоламан, кейин учинчисига, тўртинчисига… – хотиржам тушунтирди Корина. – Пирпиркўзлар ўлкаси анча бепоён. Улғайиб олишим учун етарлича жой топилади. Вояга етганимдан кейин эса…
Қизча кўзларини айёрона қисди. Нарк соҳибасига қараб туриб, ғужанак бўлиб олди. Коринанинг чиройли чеҳраси ғазабдан шунақанги бадбуруш бўлиб кетдики, ундаги ёвузлик асарини кўриб, ҳатто қашқир ҳам қўрқувдан қақшаб қолди.
– Ўшанда нима бўлади? – қўрқа-писа сўради у.
Корина жавоб бермай қўяқолди.
Улар тез-тез кўришиб туришга келишиб олишди. Қизча яқинроқдаги қишлоққа йўл олди, қашқир эса ўрмонда қолди. У бўш қолган тулки уясини топиб, кенгайтириб, чуқурроқ қилиб қазиди ва ўша ерда яшай бошлади. Нарк Пирпиркўзларнинг назарига тушмасликка ҳаракат қилар, улар эса шундоққина ёнгиналаридаги ўрмонда қудратли йиртқич пайдо бўлганини хаёлларига ҳам келтирмасдилар.
Шу ерда Коринанинг янги ҳаёти бошланди.
У Чашмалар номли қишлоққа кирди ва қўрғондаги энг ҳашаматли уйни танлади. Бу уйда Рон исмли ўймакор устанинг оиласи яшар экан. Ўзи Пирпиркўзлар моҳирликлари билан донг таратишган. Уларнинг орасида кўплаб моҳир мурватсозлар2 ва темирчилар, дурадгор ва ёғочсозлар яшайди. Лекин деҳқончиликка нима учундир Пирпиркўзларнинг унчалик уқувлари йўқ. Улар буғдойни Яшил ўлкадан, сархил меваларни ва шифобахш гиёҳларни Мовий юртдан келтиришади. Ўзлари экин етиштиришга жуда ношуд халқ.
Корина кўзларини қизартириш учун қўллари билан қаттиқ-қаттиқ ишқалади ва баланд овозда ариллай бошлади.
Сочлари оппоқ кекса Рон остонага чиқди ва ғижим, чанг босган кўйлакдаги жуда чиройли қизчани кўриб, ҳайрон бўлиб қолди.
– Нега йиғлаяпсан, қизалоғим? – сўради у.
– А-а-а… – ҳиқилларди Корина кўз ёшларини оқизиб. – Адашиб қолди-ии-ии-им…
Рон уни қўлидан тутиб, уйга олиб кирди. Ичкарида унинг хотини Дора уй юмушлари билан куйманишиб юрибди. Эр-хотин анча кексайиб қолишган, фарзандлари улғайиб, ҳар томонга тарқаб кетишган, тўнғич қизлари Лина эса малика Бастинданинг саройида чўри бўлиб хизмат қиляпти. Рон билан Дора ёлғиз яшашар ва фарзанд дийдорига зор эдилар.
Йиғлаб турган қизчани кўриб, Дора қўлидаги буғланиб турган варақи тўла тақсимчани ерга тушириб юборай деди.
– Вой, бу ширин қизча кимнинг боласи экан? Қизалоғим, нега йиғлаяпсан?
– У-у-у!.. – баттар ариллади Корина кўзларини зўрма-зўраки ишқалаб.
Чол-кампир уни бир амаллаб овутишди. Дора қизчани чўмилтириб-ювинтириб дастурхон ёнига ўтқизди. Коринанинг худди бир ҳафта оч қолган одамдай варақиларни пешма-пеш оғзига тиқаётганини кўриб, Рон ва Дора ачиниш билан бош силкиб ўтиришди.
Қизча яхшилаб тўйиб олгач, қариялар уни саволларга кўмиб ташлашди. Корина жавобларини аввалдан тайёрлаб қўйганди. У қарияларга ота-онаси вафот этиб кетишганини (буниси аслида ҳам рост гап эди) ва у Каллаварамлар қишлоғида яшайдиган холасининг уйига йўл олгани, лекин ўрмонда адашиб қолганини айтди.
Рон оғир хўрсиниб, елка қисди:
– Сенга қандай ёрдам беришни ҳам билмайман, қизим… Мен Каллаварамлар қишлоғи ҳақида ҳатто эшитган ҳам эмасман – агар алдаётган бўлсам мени чақмоқ уриб қўяқолсин. Энди сени нима қилсак экан-а?
Дора эрининг биқинига туртиб қўйди.
– Бунинг ўйлайдиган нимаси бор? – хушмуомалалик билан деди у. – Қизалоқ бизнинг уйимизда қолаверади. Агар холаси топилиб қолса, начора, у ҳолда Коринани унга топширамиз. Агар топилмаса – айни муддао, учовимиз биргаликда шодон ҳаёт кечираверамиз.
Корина қувончдан чапак чалиб юборди ва ўзининг янги ота-онасини қаттиқ қучоқлаб олди.
Шу тарзда учовлашиб яшай бошлашди. Рон ва Дора жуда кўп вақтларини меҳнат билан ўтказишарди. Улар ёғочдан шунақанги нафис бардоқ3, тақсимча, қошиқларни йўнишар эдики, буларни кўрган кишининг ақли лол қолар эди. Кексалар ўз ҳунарларини Коринага ҳам ўргатмоқчи бўлишди-ю, лекин қизча бу ишни эплай олмади.
– Ҳечқиси йўқ, ҳали ўрганиб улгуради, қизимиз ҳали жуда ёш, – меҳр билан деди Рон. – Ҳозирча болалар билан ўйнаб юраверсин.