Читать книгу Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари. - - Страница 1

Оглавление

Норқизил Кенгбоев

Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари.

“Китоб-беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи.”

“Халқ оғзаки ижоди-гўёки бир чаманзордир.”

Ҳазрат Алишер Навоий

“Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийидир.”

Соҳибқирон Амир Темур

“Мен шунга аминман-китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ.”

“Китоб мутолааси ва тарғиботига эътибор фарзандларимизнинг таълим- тарбияси ҳамда тақдирида муҳим аҳамиятга эга.”

Ш.М.Мирзиёев

Ўзбекистон радиоси орқали ҳар жума куни тонгда бахшилар ҳақида “Бахшилар баёти” эшиттиришида тараладиган наво.

                  Байти билан таслим этар дилларни,

                  Ортга ташлар самар бермас йилларни.

                  Шамолларнинг қанотида учади,

                  Чечанликда обрў-шараф қўчади.

                  Масофалар танобини тортади,

                  Елкангизга завқ юкини ортади.

                  Эл мулкида достонлардан ганжи бор,

                  Нопокларни айтар чоғи ранжи бор.

                  Айтишувлар бобида у зафарли,

                  Худбинларни савар сўзи заҳарли.

                  Ватан учун жон фидолик байти бор,

                  Гоҳо сокин, гоҳ бўрондай пайти бор.

                  Маънолардан тизиб қўяр мисралар.

                  Бахт йўлини чизиб қўяр мисралар,

                  Бахши деган номи бордир шарафли,

                  Ҳар қадамда таъзим ёрдир шарафли.

                  Оллоҳ улар умрин шеърга белабдир,

                  Нури омад азиз бошин силабдир.

Дунёни дўмбира билан забт этган ўзбек бахшилари.

Аждодларимиз жаҳон намуналари оғзаки ижоди меросига ўзининг эртаклари, қўшиқлари, мақол, топишмоқлари, аскияси; айниқса, достонлари билан муносиб ҳисса қўшган миллат мақомига эгадир. Дунёда “Алпомиш”, “Гўрўғли” туркуми достонлари даражасида халқ қаҳрамонлик эпосига эга халқлар бармоқ билан санарли эканини фольклоршунос олимлар қайд қилиб бўлишган. Яратганга шукурлар бўлсинки, биз бугунги кунда ҳам ота-боболаримиз, момоларимиз ўз вақтида баҳраманд бўлган достонлар ижросида қатнашиш, “Рустамхон”,“Алпомиш”, “Гўрўғлининг туғилиши”, “Маликаи айёр” каби гўзал ижод дурдоналарини тинглаш имкониятига эгамиз. Шубҳасиз, бундай ноёб имконият замонани қадим-қадим замонларда Жасоқ, Фозил Йўлдош ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пўлкан, Абдулла шоир, Қодир бахши, Чори Хўжамбердиевлар яратиб кетишган бўлса, ҳозир Шоберди бахши, Шомурод бахши, Қаҳҳор бахши, Абдумурод бахши, Баҳром бахши, Шоқул бахши . Зиёдулла бахши, Бойқўчқор бахши, Панжи бахши, Аҳрор бахшилар тўрғай бўлиб сайрашмоқда, Жуманбулбуллар анъаналарини фидойи шогирд сифатида давом эттиришмоқда.

1992-йилда устозимиз-филология фанлар доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Муҳаммаднодир Саидов бошчилигида мен, Тойир Ҳайдаров, Дилшод Долимов Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманидаги Хўжамаҳмуд қишлоғига машҳур санъаткор Қодир бахши Раҳимов хотирасини ёд этиш мақсадида бордик. Бизга ўз ҳудудининг машҳур олимлари Абдимўмин Қаҳҳоров ва Абдиолим Эргашев ҳамроҳ бўлишди. Ёдгор бахшининг ўғли Қаҳҳор бахши эндигина Америка сафаридан қайтган экан. Биз меҳмон бўлиб борган кунимиз Қаҳҳоржонга йўқолган сигири топилгани ҳақида хабар келди. Эндигина салом-алик қилиб турсак, ҳовлида мотоцикл овози эшитилди. Хотирам адаштирмаса, биз мезбонникига эшик тақиллатиб кирганимиз йўқ. Чунки биз тасаввур қиладиган ҳовли, девор, эшикнинг ўзи йўқ эдида. Шундай бўш дала. Истиқомат қиладиган уй. Уйнинг ёнида ярим машина қум. Мотоцикл овозини эшитган Қаҳҳоржон яна меҳмон келди шекилли деган фикр билан ташқарига чиқиб кетди. Кўп ўтмай ўзи мамнун, табассум билан кириб келди. Қўшни қишлоқдан тўй ўтказадиганлар келишган экан. Энди ўзингиз ўйланг. Кечагина Американи забт этиб Ўзбекистонда йўқ тасвир ва овоз қурилмаларини олиб келган бўлса, йўқолган сигири топилса, устига устак тўй хабари келса, бахшини тўхтатиб бўладими. Бизнинг келганимизни эшитиб Қаҳҳоржон ишлайдиган мактаб директори, шогирдимиз Болтавой кириб келди: давра яна кенгайди. Бошланди достончилик. Қани энди Қаҳҳоржонни тўхтатиб бўлса. Бир қайнади, бир қайнади. (бахшиларнинг тўлқинланиб достон айтишлари “қайнаш” дейилади). Эрталаб бошланган достончилик тунда Болтавойникида тонггача давом этди. “Алпомиш” дан дейсизми, “Малла савдогар” дан дейсизми. “Алпомиш” даги кўпкарида қатнашган отлар таърифининг ўзини яқин икки соат эшитдик. Магнитафон ишлаб ётибди, дастурхонга қўйилган таомлар совуб қолган, пиёлага чой қўйилади, аммо ичилмай қолиб кетаверади.

Ўша суҳбатда Қаҳҳоржон бир ибратли воқеани айтиб берган. Бахши Америкага борганида уни бир кишилик, аммо жуда ўрта хонага жойлаштиришибди. Кечқурун концертга унга узоғи билан беш-ўн дақиқа достондан парча айтишни топширишибди. Достон айтиш бошланибди. Белгиланган пайтда бахши достон айтишни тўхтатибди. Аммо томошабин-тингловчилар гўлдирос қарсаклар билан бахшига саҳнадан кетишига жавоб беришмабди. Дўмбира чертиш давом этибди. Ўша куни узоғи билан ўн дақиқага мўлжалланган достон айтиш бир соату йигирма дақиқа давом этибди. Ваҳоланки, залда бевосита ўзбек миллатига таллуқли тингловчилар у қадар кўп эмас экан. Америкада концерт йўналишини ҳам пул тўлаган томошабин белгилар экан. Эртасига бахшига нисбатан муносабат ҳам ўзгарибди. Концерт сони кўпайибди. Муддати ўзайибди. Мен бежиз мақоламнинг сарлавҳасини “Дунёни дўмбира билан забт этган ўзбек бахшилари” деб атамадим. Ҳақиқий маънодаги маҳоратли санъат намунаси давлат, ҳудуд, тил, дин, миллат танламайди, деб шунинг учун айтишган экан. Тахминан 2010-2011 йилларда Қаҳҳор бахши укаси Баҳром бахши билан Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетига меҳмон бўлиб келди. Университетнинг катта маданий саройида достон кечаси ўтказдик. Бўлди томоша, бўлди томоша. Бутун зал ўйинга тушиб кетди. Бахши залда ўйнаётган ҳар бир томошабинга бағишлаб алоҳида-алоҳида термани ўша заҳоти тўқиб ташлади. Қизларнинг пальтоси-ю, йигитларнинг телефони ҳам қолмади. Залнинг совуқлиги ҳам билинмай кетди. Менимча, залдаги совуқ айтилаётган достоннинг, бадиҳа термалар тафтидан эриб кетди, назаримда. Отаси Қодир бахши Париждаги французларни ўйинга тушириб юборган бўлса, ўғли Қаҳҳор бахши америкаликларга ўзбекнинг достони қандай бўлишини кўрсатган бўлса, ўзининг ўзбекларини осмонда учира олмайдими, деб ўйладим мен.

Норқизил Кенгбоев “Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари” ( Абдулла шоир Нурали ўғли, Қодир бахши, Қаҳҳор бахши Раҳимов ва бошқалар) китобида эл қалбида меҳр уйғотган моҳир санъаткорлар ҳақида ҳикоя қилади. Норқизил Кенгбоевнинг ўзи биология фани ўқитувчиси. Аммо биология фанидан мутахассис бўлиш унга юртидаги дунёни забт этган бахшилар ҳақида дил сўзларини битишига монелик қилмаган. Қани энди аниқ фандан дарс берадиган ҳамма зиёлилир, муҳандислар, турли касб эгалари ўзлари яшаётган ҳудуд халқ оғзаки ижодига, миллатимиз қадриятларига Норқизил каби тамасиз хизмат қилишса, меҳр кўрсатишса. Мен аввалига қўлимдаги матнга бир оз эътиборсизлик билан қарадим. “Дебоча” ни ўқиганимдан кейин қизиқишим ортди. Чунки бу саҳифаларда хавотир эмас, яхшигина фольклоршунос мулоҳазалари ўрин олган эди. “Абдулла шоир Нурали ўғли” ни ўқиганимда бу фольклоршуноснинг тарихий маълумотларини билишига таҳсин ўқидим. “Қодир бахши Раҳим ўғлининг ҳаёти ва ижоди ҳақида” боби билан танишиш эса Қодир бахшини қайтадан кашф қилишимга сабаб бўлди. Сизга ҳам шу фаслни қайта-қайта ўқишни тавсия қиламан. Гап шундаки, Норқизил бу бахши ҳақида шундай эҳтирос ва меҳр билан ёзадики, Қодир бахши қаршингизда тургандек, сиз билан мунозара қилишга тайёрдек, ҳатто, илтимос қилган достонингизни айтиш учун бармоқлари билан дўмбира торларини чертиб созлаётгандек бўлади. Бахшининг отаси иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганидан мусибатда қолган онасининг кўнглига оро бериш учун айтган термасини эсланг:

      Онажон, қўй, сатқа бўлай бошингдан,

      Гуллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.

      Посбон бўлай доим кўзу қошингдан,

      Чўллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.

Бундай мисраларни ўқиган кўнгли бўш китобхоннинг ўзи йиғлаб юборади. Энди бу мисраларни дўмбира жўрлигида хушовоз моҳир санъаткордан эшитган тингловчи қай ҳолга тушган экан.

Муаллиф ўқувчисига ҳамма фикрларини очиқ айтавермайди. Ўз ўқувчиси учун фикрлаш имконини ҳам қолдиради. Масалан, мен саҳифаларни ўқир эканман Норқизилнинг Қодир бахшига деярли ҳар сафар янги гап айтиш қобилиятига эга эканига ишонч ҳосил қилдим. Ўзингиз баҳо беринг. Бахшининг Деҳқонобод ҳақидаги термасидан шундай парча келтиради:

      Қодир, сени жўшиб айтарман.

      Завққа тўлиб, тошиб айтарман.

      Ойдан нишон, қуёшдан орден

      Тақиб олган Деҳқонободсан.

Тўғрисини айтсам, не-не ижодий кашфиётларни биламан. Шоирларни ўз ўқувчисига етказган янгиликларни ўқиганман. Ўз юрти, шаҳри, қишлоғини мақтаган ижодкорлар билан танишман. Аммо ватанини Ойдан нишон, Қуёшдан орден таққанидан завқланган соҳибни кўрмаганман.

Халқ дардини халқ билан ҳамнафас одам билади, тушунади, ҳис қилади. Бахшилар қадимдан ўзлари мансуб миллат вакилларининг нафаси билан яшаганлар. Қодир бахши ана шундай эл ташвишини ўзида ҳис қилган, ҳамқишлоқларининг кўнглидаги гапларни элда достон қилган зукко санъаткор эди. Йўқса, унинг ўғли Қаҳҳор бахши эслаганидек, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошида не-не арбоблар Москвадаги Кремлга қуллуқ қилиб турган бир пайтда қуйидаги тўртликни айтармиди:

      Ҳулкар билан тарози,

      Бир-биридан норози.

      Бемаҳал қичқиради,

      Кремлнинг хўрози.

Устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддинов бирон бадиий асарни таҳлил қилишдан аввал уни ҳис қилиш керак. Шеърларнинг орасидан ҳақиқий намунани танлаб олиш уни шунчаки таҳлил қилишдан афзал эканини кўп таъкидлар эдилар.

Норқизилнинг китобида ҳаваскор фольклошуносда учрайдиган камчиликлар бор. Хусусан, кўп ўринларда муаллиф фольклор ҳақида ҳаддан ташқари умумий фикрларни баён қилади. Унинг ёзган мулоҳазаларида такрор ўринлар бор. Баъзан термалардан келтирилган парчалар ҳажм жиҳатдан катта бўлиб, айни ўринда ўзини оқламайди. Аммо матн муаллифидаги битта фазилат бу нуқсонларни, менимча, ювиб кетади. Бу фазилат Норқизил келтирган шеърий парчаларнинг, насрий мисолларнинг жуда нозик табиат билан танлаб олинганида аниқ сезилади. Юқорида мен келтирган мисолларнинг китоб саҳифаларидан ўрин олишининг ўзи фикримни далиллайди, деб ўйлайман. Биз фольклоршунослар Норқизилнинг ушбу рисоласидан камчиликлар изламасдан, унинг меҳнатсеварлигини, изланувчанлигини қадрлаган ҳолда уни қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Қаҳҳор бахши ҳақида айтилган мулоҳазаларда яна битта фазилатга эътибор бериш менинг диққатимни ўзига тортди. Муаллиф Қаҳҳор бахшининг ўз отасига бўлган ҳурматини ўз ўқувчисига юқтиришга ҳаракат қилади. Мисол келтираман: “Аммо отамнинг йўриғи бошқа, -дейди Қаҳҳор бахши, -таниш билишларимиз Қодир бахшининг инсонлар қалбига кириб бориш ҳислати, ижоди, сўзи достонлари Қаҳҳорга; дўмбира нағмалари, оҳанглари, соз чертиши Абдумуродга; қадди-басти, камтарлиги, қочиримлари, инсонийлиги Баҳромга; соддалиги, ишонувчанлиги Баҳодирга; қолганлари шогирдларига ўтган дейишади. Гапнинг сираси, тўрт ўғил бир бўлиб ҳам бир отамнинг ўрнини босишимиз гумон-а…”. Қаҳҳор бахши Тошкентдалигида бизнинг уйимизда меҳмон бўла туриб, шундай деган эди: “Менинг бадиҳагўйлигимни, Абдумуроднинг дўмбира чертишини, Баҳромнинг овозини, Баҳодирнинг феълини қўшса, Қодир бахши пайдо бўлади”. Юқоридаги икки мулоҳаза шаклан бошқа-бошқа бўлса ҳам мазмунан бири бирини тўлдиради. Умумий мазмун уйғунлиги ҳосил бўлади.

Хуллас, Норқизил Кенгбоев ўзининг рисоласида Абдулла шоир Нурали ўғли, Қодир бахши Раҳим ўғли, Қаҳҳор бахши Қодир ўғли ва бошқа бахшиларнинг ҳаёти, ижоди, бахшилик маҳорати ҳақида эътиборга лойиқ мулоҳазалари билан халқ оғзаки ижоди мухлисига фойдали маълумотлар беради. Абдулла шоирнинг анъанавий достончилик ривожида тутган ўрнини тўғри изоҳлайди. Айниқса, Қодир бахшининг маҳорат даражаси XX аср 60-80-йилларида ўзбек достончилигида алоҳида аҳамият касб этганини исботлайди. Чет элларда ўзбек миллати қадриятларини тарғиб қилишда Қодир ва Қаҳҳор бахшиларнинг фаолияти муҳим бўлганини таъкидлайди. Рисола билан танишган ўқувчи ўзбек бахшиларининг дўмбира чертиб достон куйлаш билан бутун дунёни забт этганларига тўла ишонади.

Филология фанлари

номзоди, доцент Омонулла Мадаев



Ушбу китобимни падари бўзрукворим Кенгбой бобо Қўшоқ ўғлининг ҳамда муҳтарама волидам Тўлғоной Холли қизининг ёрқин хотираларига бағишлайман.

Муаллиф


Дебоча.

Нафосат оламининг бир томони халқ оғзаки ижодиётига бориб тақалади. Инсон ақл-заковатининг безаволлиги, хаёлотининг теранлигини мушоҳада қилсак, табиат ва жамият ҳодисалари ҳақида ибтидоий қарашдан тортиб синфий курашнинг залворли тўлқинларигача бўлган воқеалар омманинг бадиий тафаккури меваларида сўнмас из қолдирган. Чинакам ҳаётий заминда авлод-аждодларимиз томонидан қалб қури,зеҳни, билими ва донолиги билан яратилган сўз санъатининг боши-оғзаки асарлар омманинг кўнгил махзани ижодхонасида асрлар бўйи сайқалланиб бизгача етиб келди. Бадиий маданиятни замонлар оша кўз қорачиғидай асраб келган илк жарчилардан бири халқ бахшилари бўлган. Эпосимизнинг қаҳрамонлик анъаналари бўртиб кўринган достонларда ҳам халқ бахшилари ижросидаги асарларда ҳам халқ ҳаёти, ижтимоий давр ҳодисалари бевосита эмас, балки, асосан, билвосита, рамзий, тимсолий тасвир воситалари орқали акс эттирилади.

Нур ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик, адолат ва нохақлик, мардлик ва номардлик, эзгулик, меҳр-шафқат ва ёвузлик, худбинлик, эл юртга садоқат ва сотқинлик, шахсиятпарастлик ўртасидаги зиддият халқ яратган асарларда ўзига хос таъсирчан бадиий шаклда тараннум этилади. Дарвоқе, халқ ижоди асарларининг умрбоқийлиги, ўлмаслиги уларда халқ идеалини ифодаловчи образларнинг зоҳиран ва ботиндаги гўзаллиги, мутаносиблиги, тасвирлаш усуллари буёқларнинг хилма – хиллиги, тилнинг бийронлиги, мусиқийлиги барча даврларда ҳам сарчашма, битмас туганмас хазина бўлиб келган.

Ўзбек халқ оғзаки ижоди бой ва ранг-баранг. Халқ донолигининг бу дурдонаси жуда қадим замонларга бориб тақалади. Тилдан-тилга, дилдан-дилга ўтиб келган оғзаки адабиёт бизнинг давримизгача ўзининг софлиги ва мусаффолигини сақлаб қолган. Оғзаки адабиётда халқимизнинг яшаш шароити, турмуш тарзи, босқинчиларга қарши олиб борган кураши, орзу умидлари ўз аксини топган. Оғзаки адабиётда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, қаҳрамонлик, ҳалоллик, элу халқ учун фидоийлик мадҳ этилган. Қаллоблик, ёлғончилик, дангасалик, мунофиқлик, текинхўрлик каби иллатлар устидан заҳархандалик билан кулинган.

Халқ оғзаки ижодиётининг дурдоналари халқимизнинг маънавий бойлиги ва мулки бўлиб қолди. Қадим замонларда бахшилар дўмбира чертиб, қўшиқ куйлаб одамларни олға ундаган, мадад бўлган. Шу сабабдан бўлса керак "Бахшили эл-бахтли эл" ибораси бежиз айтилмаган. Халқимизнинг оғзаки ижод соҳасидаги қадим анъаналарини давом эттириб келган бахши – шоирлар серқуёш Республикамизда кўплаб топилади. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пулкан шоир, Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир шоир Сафаров, Қодир бахши Раҳимов, Азим бахши Хўжаев ва бошқалар шулар жумласидандир. Улар халқ достонларини ёддан билишдан ташқари ўзлари ҳам замонавий мавзуларда термалар ижро этишган. Ўзбек халқ қаҳрамонлик достонлари асрлар довомида яратилди ва улар халқ санъаткорлари бахшилар томонидан жонли анъаналарда оғзаки равишда бизгача олиб келинди.

Асрлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ оғзаки ижодининг дурдона асарлари терма, достонларда халқимизнинг мардлик, ватанпарварлик туйғулари ўз ифодасини топган. Терма достонларнинг янада бойиши, уларнинг халқ орасида оммалашишида бахшичилик санъати ўз аҳамиятига эга. Бахшичилик мактаби юзлаб терма, достонларнинг дўмбира сози оҳангида айтилишининг ўз услуб, йуналишлари бор. Халқ оғзаки ижоди бўлган терма, достонлар дўмбиранинг жарангдор овози билан бахшилар томонидан мароқ билан ижро этилади.

Фолъклар ўзбек халқининг маънавий меросида алоҳида ўрин тутади. Биз бу бойлигимизнинг хилма-хиллиги, сон ва сифати билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Эътиборли жиҳати фолъклор бугунги кунда фақат мерос шаклида қолган эмас, аксинча, замон билан мос жараёнда яшаб келмоқда. Хусусан, мавсумий маросимга тегишли Наврўзнинг умумхалқ байрами сифатида тантана қилинаётгани, Наврўз билан боғлиқ фолъклор намуналарининг қайта жонланиб, куйланаётгани фикримизни тасдиқлайди.

Фолъклорнинг алп жанри бўлмиш достонларга ва халқ эпосининг ижрочилари-бахши шоирларга бўлган эътибор ҳам алоҳида диққатга сазовор. Бу ўринда "Ўзбекистон халқ бахшиси" унвонининг таъсис этилиб муносиб эгаларини топаётганлиги, ёш умидли бахшиларнинг "Ниҳол" мукофоти билан тақдирланиб келинаётганлиги ушбу санъатнинг янада ривож топишига қўл-қанот бўлмоқда.

Халқ: "Бахшили эл-ботир эл", деб айтган. Бу шунчаки қилинган хулоса эмас. Қадим-қадимдан бахшининг жамиятда тутган ўрни, халқнинг маънавий, ижтимоий ҳаётдаги мавқиедан келиб чиқиб берилган баҳодир. Бахшичилик санъатининг пайдо бўлишини халқ шоирлари:

Соз билан суҳбатни ёлғон деманглар,                   Одам Ато бино бўлгандан бордир.                         Ҳобил билан Қобил момо қорнида,       Улар ер юзига келгандан бордир,

–дея, одамзод ибтидоси билан боғлаб талқин этишади. Бу фикр қанчалик муболағали туюлмасин, бир ҳақиқатни қунжида сақлаган. У ҳам бўлса бадиий сўз ва куйнинг одам насли ўзини англаган даврдан бери борлиги ва бахшичилик санъати ҳам билвосита унга дахлдор эканлигидир.

Халқнинг тасаввурига кўра бахши ҳам танланган шахс саналади. Жуманбулбул, Пулкан ва бошқа кўплаб бахши шоирлар тушида Хизрни кўриб бахши бўлганлари ҳақидаги нақлларнинг илдизи ана шу ишончларга бориб боғланади. Бахши халқ дилининг тили, у шунчаки қўшиқ, терма, достон куйламайди. Бахши одамларни эзгу амалларга чорлайди, яхшини ибрат қилиб ёвузлик лашкари сари курашга ундайди. Қийин шароитда эл кўнглига далда бўлади. Бефарқлик ботқоғига ботиб, чўккан руҳларни уйғотиб, халқни ҳақиқат ва орият манзилларига йўллайди. Чинакам бахши элнинг доно маслаҳатгўйи ҳисобланади. Афсонавий Қўрқит ота ана шундай бахши шоирларнинг тимсоли ҳисобланади. Қўрқит ота ҳақидаги афсоналарда у бахшилик сози-қўбизни ясаган киши, юртнинг оқил маслаҳатчиси, маросим тўйларнинг йўриқчиси сифатида тасвирланган.

Ҳар бир касбнинг ибратли тимсоллари, пиру устозлари бор. Бахшичилик санъати ҳам бундан мустасно эмас. Эргаш шоир уз ижоди ҳақида куйлар экан:

Қариганда кўп достонни                                           Мен юбордим элга ёйиб:                                          Аввал "Холбека"ни айтдим,                                          Менинг устозим кўр Ғойиб,

–деб Бобо Қамбар, Ошиқ Ойдин каби бахшилик тимсолига айланган Кўр Ғойибни тилга олган. Эл орасида Овул патта, Жийрон чечан каби афсонавий бахшилар Оллаберган-Олчинбек мисоли тарихи достонга айланган шоирлар қанчадан-қанча. Эпик меросда "Ошиқ Ойдин", "Кўр Ғойиб", "Оллаберган-Олчинбек" каби бахшилар ҳаётини куйлаган достонларда бахши шоирнинг миссияси, эстетик принциплари, унинг шахс сифатида жамиятдаги ўрни, сўз ва сознинг қадр қиммати бадиий шаклда ифода қилинган. Фолъклоршунос Ш. Қаҳҳорова "Оллоберган-Олчинбек" достонида бахшиликнинг ижодкор ва шахс сифатида амал қилиши лозим бўлган бурчларни устознинг шогирдига берган ўгитлари асосида қуйидаги шаклда яхлитлаштирган.

I. Бахшининг шахс сифатидаги бурчлари, яъни ахлоқий принциплари:

1. Номарднинг хизматини қилма. 2. Аввал элингни рози қилиб, меҳнатингни миннат қилма. 3. Беморлар кўнглини овла. 4. Майга берилма. 5. Тўйга айтишса боргин. 6. Ваъдангдан қайтма. 7. Нафсингни тийиб, ёмонга қўшилма. 8. Кўп билан ўйнашма. 9. Ўғри ва ғарга ҳамроҳ бўлма. 10. Камтар бўл, ўзингни кўз-кўз қилма. 11. Улуғлар номини камситма. 12. Ўзингни бозорга солма, яъни манман бўлма. 13. Худони улуғ билиб, Қуръонни унутма. 14. Хизматингни қадрлашмаса айтма, яъни иззатталаб бўлма. 15. Саломатлигингни қадрига ет. 16. Қиз-жувонга берилма, яъни маиший бузуқ бўлма.

II. Бахшининг ижодкор сифатидаги бурчлари, яъни бевосита сўз санъати ва ижрочиликка доир принциплар:

1. "Сўз билан одамлар қалбини жовла…", яъни овла. 2. "Дўмбира, қўшиқни

муқаддас бил". 3. "Достон айтганингда чала ташлама, ҳар жойидан кемириб, чайнаб лошлама, билмасанг, достонни бўзиб бошлама…". 4. "Шогирдинг ўзганда душманлик қилма…", яъни ҳасадгуй бўлма. 5. "Касбдошларингни ҳеч жойда сотма", яъни ёмонлама, касбингга хиёнат қилма. 6. "Яхши кунда сайрат чечан тилингни". 7. "Созингни алмашиб, қаллоблик қилма". 8. "Ҳар доим устозингни бошингга кўтар, ҳеч қачон устозга ёмонлик қилма".

Бу принцип ва бурчларни бошқа достончилик мактаблари вакиллари айтган терма, достонлар асосида яна тўлдириш мумкин. Асосийси шуки, айни ақида, қоидалар халқимизда бахшиликнинг мукаммал санъат сифатида тўлиқ камол топганлигини, ўз фалсафаси, адабий-эстетик қарашлари, олами мавжудлигини далиллаб бермоқда.

"Ёлғиз отнинг донғи чиқмас, донғи чиқса ҳам чанги чиқмас". Қачонки анъаналар ирмоқларни ҳаракатга келтириб, уларнинг бошини қўшиб катта дарёга айлантирувчи мактаб бўлмаса, бир талант, ижодкорнинг ҳаракати улкан эпик мерос юкини кўтара олмайди. Фолъклоршунослиқда "достончилик мактаби" атамаси билан аталувчи ҳодиса айнан ана шундай куч ҳисобланади. Биз билган "Қўрғон", "Булунғур", "Нарпай", "Шеробод", "Бойсун", "Шаҳрисабз-Китоб", "Хива" ва яна ўнлаб достончилик мактаблари, уларнинг минглаб вакиллари ижод қилиб ўтдиларки, ўзбекнинг эпик мероси маънавий хазинамизнинг дурдоналари бўлиб турибди.

"Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа". Бахши анъаналар изидан боради. Лекин ҳар бир ижодкорнинг ўзига хос бетакрор ижро усули, баёни бор. Ижодкор. аввало, одам. Ҳаётда ҳар бир одамнинг тақдир йўли бетакрор. Бахши "эскилар изидан" борар экан, воқеликни ўз қалб дарёсидан оқизиб ўтади. Қўрғон достончилик мактабининг гўзал достони "Равшан"ни халқ "Жуманбулбулнинг қўш ҳайдаган шудгори", деб таърифлайди.

Отинг Хумор, ўзинг Хумор, Хуморсан,                   Гир атрофи учбурчакли туморсан,                         Ошиқларни кўзинг билан жуморсан,                   Ёр айланай қалпоқ тиккан қўлингдан.

Жуманбулбулнинг Анорхол деган аёлга бўлган муҳаббати бу достонни ўзгача завқ-шавқ билан ишқ-муҳаббат иқлимида куйлашига сабаб бўлган. Эргаш шоирнинг аччиқ қисмати "бузуқ достон"-(трагик) "Қунтўғмиш"нинг янада теран мазмунда куйланишига, янгиланишига замин яратди.

"Алпомиш", "Гўрўғли" каби мумтоз достонларимиз бахши шоир боболаримизнинг ана шундай илҳомий парвозларининг мевасидир.

            Йилқичинда ўзи келган синлидир,                                                       Тубишқон туёқли, марол беллидир,

            Аросат кунида ажаб холлидир,                                                      Қиммат баҳо экан ўзбекнинг оти…                                                 Бедов миниб, от абзални шайласанг,                                                 Пойга қилиб кўп шумликни ўйласанг,                                                Пойганинг бошида тортиб бойласанг,                                                Ўн беш кун илгари берман ҳайдасанг,                                                Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти…

Халқнинг руҳини, феълини бахши каби яқиндан билгувчи йўқ. Бахши борини рост сўзлайди. Ўзбекнинг оти ўзишини билди, айтди, шундай бўлди.

От достонларимизда улкан тимсол. Бахши шоирларимиз қолдирган улкан хазина ҳам илҳом тулпорининг ёнида кўпириб турибди. Биз бу мерос жиловини қўлга олсак, ҳақ йўлига солсак, ўзбекнинг маънавият тулпори маррага аввал етишига шак-шубҳа йўқ.

Тарихдан маълумки, халқимиз орасида эл юрт озодлиги учун мардоновар курашган шахсларнинг қаҳрамонликлари тиллардан – тилларга ўтиб куйланиши халқ оғзаки ижодининг пайдо бўлишига сабаб бўлган.

      Болалиқдан ҳар биримиз "Алпомиш", "Равшан", "Рустамхон", "Гўрўғли", "Авазхон", «Кунтўғмиш», "Юсуф ва Зулайхо" каби кўплаб достонларни ўқиганмиз. Улардаги қаҳрамонларнинг мислсиз жасорати, она Ватан, содиқ дўст, вафоли ёрга садоқатию муҳаббатига ҳайрат ва ҳавас билан улғайганмиз. Ўтмишнинг сеҳрли дунёси, аждодларимизнинг буюк заковатидан сўзловчи бу каби халқ достонлари бизни фидойиликка, комилликка чорлаши шубҳасиз. Шу боис ҳам, сўз санъатининг бундай ноёб намуналари асрлар оша яшаб келмоқда.

Айтиш жоизки, ўзбек халқ оғзаки ижодида достонлар азалдан муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг тилдан тилга ўтиб, аждодлардан авлодларга ўтгани, йирик достончилик мактаблари ва устоз шогирд анъаналари шакллангани ҳам айни фикримизнинг ёрқин тасдиғидир. Маълумотларга кўра бундай достончилик мактаблари ХV-XVI асрдан бошлаб вужудга келган. XIX-XX асрлар эса достончилик тараққиётининг муҳим даври сифатида эътироф этилади. Олимлар, хусусан, XIX аср охирларидан ХХ асрнинг иккинчи ярмига қадар ўзбек бахшилари томонидан куйланган 150 та вариантлари билан қўшиб ҳисоблаганда 400 тагача халқ достонларини ёзиб олингани достончилик ривожидан дарак беради.

Халқимиз куйлаб келган достонлар орасида "Гўрўғли" туркуми алоҳида ўринга эга. Бу туркумдаги достонлар Туркман, Қозоқ, Қорақалпоқ, Татар, Турк, Озарбайжон, Тожик, Арман, Гуржи халқлари орасида ҳам машҳур. Бу достонлар Эргаш Жуманбулбул ўғли, Ислом шоир, Фозил шоир, Тилла кампир, Султон кампир,

Жолмон бахши, Бўрон шоир, Жоссоқ, Йўлдош булбул, Саидмурод Паноҳ ўғли, Берди бахши, Суяр шоир каби машҳур бахшилар ижросида халқимиз тилидан ва дилидан янада чуқур жой олди.

Достонларда халқимизнинг бахтли кунларга, эзгуликка интилиш истаги мужассамдир. Достонларимизга хос яна бир хусусият – уларда асосан саргузашт, қаҳрамонлик каби мавзулар етакчилик қилишидир. Шу жиҳатдан уларни қаҳрамонлик, жангнома, романтик, тарихий ва китобий достонларга ажратиш мумкин. Халқ достонларининг матни шеър ва насрнинг уйғунлиги асосида яратилади. Достонлардаги қаҳрамонларнинг ўй мулоҳазалари, ўзаро сўзлашувлари, от чопишию жанг манзаралари, персонажларнинг тезкор ҳаракатлари асосан шеър орқали ифодаланади. Бундай назм намуналари одатда ўнбир, айрим ҳолларда достонлардаги тасвир талабига кўра, 7 – 8 бўғинли бармоқ вазнида бўлади.

Эътиборли жиҳати достонларимизнинг тили ниҳоятда енгил ва равон. Улардаги ранг – баранг бадиий тил воситалари халқимизнинг бой сўз хазинаси, кенг тафаккур дунёсини намоён этади. Ҳатто достонларимиздаги баъзи байтлар халқ орасида ҳикматли сўзлар даражасига кўтарилган. Масалан, "Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил", "Зарнинг қадрини заргар билар ҳар ерда", "Яхшиларнинг юзини кўрсанг жаннатдир. Ёмон одам қилган иши миннатдир". Каби жумлалар шаклан бироз ўзгарган ҳолда нутқимизнинг ўзига хос безакларига айланиб улгурган. Халқ достонларидаги насрий тасвирлар ҳам ўзига хос бўлиб, кўпинча саъж, яъни қофияли сочма кўринишида келади. Бу эса асарнинг ифода даражасини юксалтириб, бадиий таъсирчанлиги ортишига хизмат қилади. Достонларимизнинг бадиий жозиба ва сайқали, айниқса бахшиларнинг дўмбира жўрлигидаги ижросида янада яққол намоён бўлади. Ўтмишда тўй базм ва байрамлар бахшилар иштирокисиз ўтмаган.

Халқ оғзаки ижодидаги достонлар ёзма адабиётдаги достонлардан фантазия кўлами, ажабтовур воқеалар, ақлбовар қилмас қаҳрамонликлар тасвири билан фарқ қилади.

"Яхшилиқ қил, дарёга ташла-балиқ билади, балиқ билмаса-Холиқ билади", "Эски чориғингни унутма", "Бир онанг дўст, бир тананг дўст"-бўлар бизнинг қулоғимизга ёшлиқдан сингган мақоллар. Улар бизга ҳаётий сабоқ беради, тўғри йўл кўрсатади. "Кичкина дикча, ичи тўла михча" – бу ихчам шаклли, маъноси келишимли топишмоқни эшитганимиз ҳамон юзимизга табассум югуради, ахир болаликда, илк марта эшитганимизда, анча бош қотириб, жавобини билганмиз. Кенжа ботир, Гулиқаҳқаҳ пари, Муқбил тошотар, Юлдузсанар, Дарё-боғлар, Қилич қарача-бу қаҳрамонларни эртаклардан қўп ўқиганмиз, улар бизнинг тасаввуримиздаги идеал одамлар. Эшагини йўқотганида отаси қилган ишни қилажагини айтиб, ҳазилкаш ўғриларни чўчитган, ўз тўрига ўзларини илинтирган Насриддин афанди латифаларини бўлса, айтарли ҳар бир ҳолат, вазият учун мос келадиганларини ёшлигимиздан бизнинг онгимизга сингдиришган. Бахши кирган давра борки, Алпомишу Кунтўғмиш, Гўрўғлию Авазхон саргузаштлари куйга солинади.

Халқ аслида энг хассос ижодкор. Минг йилликларни ошиб ўтган бой тажрибаси у яратган турли-туман, ранг-баранг, жилосию таровати бир-бирига ўхшамаган ижод намуналарини адабиётнинг олтин хазинасига дахлдор қилган, неча-неча асрлар оша неча-неча даҳоларга маънавий озуқа бериб, қанча асрларга теран илдиз бўлган. Халқ оғзаки ижоди бизни алла айтиб улғайтирган бўлса, эртак сўйлаб тарбиялайди. Топишмоғу маталлари билан ақлимизни, зеҳнимизни пешлаган ҳам, лапар, ўлану бошқа айтимлардаги гўзал бадиий латофати билан дидимизни ўстирган ҳам шу ижод. Бу шундай хазинаки, сарвати олган сари кўпаяди, асло камаймайди, ўрганган сари янгидан-янги қирралари, минг бир қиёфасини кашф этаверади.

Келажак авлодга бу хазинани бус-бутунлигича етказиш маъсулияти эса ҳар бир юксак маънавият эгасини бу нодир меросни асраб авайлашга ундайди. Мамлакатимизда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бу соҳада янги босқич бошланганидан, далолат дейиш мумкин. Республика Вазирлар Махкамасининг 2010 йил 7-октябрда қабул қилинган "2010-2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ва шу дастур асосида халқ оғзаки ижодининг янги намуналарини тўплаш, уларнинг электрон шаклини яратиш, китоб ҳолида нашр эттириш каби ишлар олиб борилаяпти.

Ҳозирда бутун Республикамиз бўйлаб халқ оғзаки ижоди намуналарини ёзиб олиш, тўплаш, ўрганиш ишлари давом этаяпти.

Халқ оғзаки ижодининг 100 томи нашрга тайёрланмоқда. Биринчи томга "Алпомиш" достонининг Фозил Йўлдош ўғли айтган ва Ҳамид Олимжон томонидан ёзиб олинган варианти киритилган. Шу билан бирга, "Ўзбекистон халқ бахшиси" Қаҳҳор бахши Раҳимов куйлаган, "Алпомиш" ва "Бева Барчин" деб номланган қисмлардан иборат версия ҳам китобдан ўрин эгаллаган.

Мазкур 100 томлик тўпламнинг 60 томи халқ оғзаки ижодидаги энг йирик жанр – достонларни ўз ичига олади. Ҳозирда Жанубий Ўзбекистон бахшичилиги йўналишига мансуб бир нечта достонлар ёзиб олинди ва эндилиқда нашрга тайёрланаяпти.

Бугунги кунда халқ оғзаки ижодига бағишланган 100 томлик тўпламнинг дастлабки томлари китобхонлар қўлига бориб етганлиги қувонарли ҳолдир. Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги "Темур ва Боязид", "Гўрўғли" туркумидаги "Нуралининг туғилиши", Қашқадарё-Сурхандарё бахшилари ижодига мансуб бўлган "Оллоназар ва Олчинбек" каби достонларнинг нашрга тайёрланаётгани Қашқадарё вилоятида яшаб ижод қилаётган бахшилар ижодини ўқувчиларга етказишда айни муддао бўлмоқда деб ўйлаймиз.

"Алпомиш" достонининг Фозил Йўлдош ўғли томонидан куйланган варианти XX-аср бошларидаёқ китоб ҳолида нашр қилинган ва ўқувчилар фақат шу вариантни ўқишган. Лекин Деҳқонободлик Қодир бахши томонидан айтилган вариант ҳам мавжуд бўлиб, у аввалги "Алпомиш"дан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Достоннинг бошида Бойсари ва Бойбўрининг фарзанд тилаб, Шоҳимардон пир равзасига йўл олиш воқеаси келтирилади. Қодир бахши айтган вариантда шундай: йўлда ака – уканинг олдидан бир кийик чиқиб қолади. Шунда Бойсари уни отишни таклиф қилади, аммо Бойбўри синчиклаб қараб, кийикнинг боласи борлигини пайқайди ва бу ишни қилмасликни сўрайди. Уларнинг тақдири шу ҳолатга муносабатидан келиб чиқиб белгиланади. Яъни Бойсарига фақат бир қиз фарзанд, Бойбўрига эса биратўла ҳам қиз ҳам ўғил фарзанд ато этилади. Достоннинг иккала версиясида бундай фарқли ўринларни кўплаб учратиш мумкин.

Уларнинг биргалиқда нашр қилиниши ўқувчига ҳар икки версия билан ҳам бирваракайига танишиш имконини беради.

Эътиборли жиҳати ёзиб олинаётган достонлар ҳам китоб ҳолида, ҳам электрон куринишда (ДВД ва СД тарзида) тайёрланаяпти,Уларнинг бу тарзда ўқувчиларга ҳавола этилаётгани халқ оғзаки ижодини кенгроқ тарғиб этиш, уларни китобхонлар, тингловчи ва томошабинлар оммасига яқинлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Қашқадарёлик бахшилар Зиёдулла Аҳмедов, Бойқўчқор Аҳмедов, Бойқул Мирзаев, Муҳаммади Даминовлардан ҳам бир нечта достонлар ёзиб олинди. Улар куйлаган "Юсуф ва Аҳмад", "Эрали ва Шерали", "Ота дуоси", "Хон Далли" сингари достонларнинг ҳам вариантлари қоғозга туширилиб, электрон шаклда тайёрланди.

Албатта, халқ оғзаки ижоди бамисли бир уммон. унинг тубида яна қанчалаб нодир жавоҳирлар ўз ғаввосини кутмоқда. Бошланган хайрли ишлар, давлат томонидан қаратилаётган эътибор эса бу бой мероснинг муҳофазасини таъминлайди, умрини узайтиради.

Айтишларича, ҳар бир инсоннинг сийратида 360 минг ҳикмат мавжуд бўлар экан. Инсон шунчалик ҳикматларга бой бўлиб туғилар экан. Гап шундаки, инсон бў ҳикматларни эҳтиёт қилиб сақлай билиши лозим. Аммо инсоннинг бир нотўғри қадамида, бир нотўғри ҳаракатида 99 ҳикмат йўқ бўлар экан, Барчин ва Алпомишлар эса ҳикматлар билан туғилиб, ана шу ҳикматлар билан яшаб ўтдилар.

Бугун Барчин ва Алпомишлар ҳикмати биз учун ўзликни , миллийликни чуқурроқ англашга ибрат бўлмоқда.

Абдулла шоир Нурали ўғли

(1874-1957)

Ўзбекистон фолъклор ватани. Мамалакатимиз ҳудудида турли даврларда ажойиб халқ шоир ва бахшилари етишиб чиққан. Булардан айниқса, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Муҳаммад Жомурод ўғли Пулкан, Ислом шоир Назар ўғли, Абдулла шоир Нурали ўғли ва бошқалар ўз ижодий маҳсулотининг бойлиги, ранг-баранглиги билан бошқа шоир ва бахшилардан ажралиб туради. Бу машҳур шоирлар ижоди халқ ва мамлакат ҳаётининг ўзига хос йилномаси ва бадиий тарихи деса бўлади. Зеро, бу шоирларнинг бадиий бисотида халқ афсоналари асосида яратилган ва юз йиллар давомида қўлланиб, оғиздан-оғизга ўтиб келган достонлар билан бирга, юзлаб замонавий терма ва қўшиқлар, долзарб шеърлар ва хилма-хил ҳаётий поэмалар ҳам мавжуд.

Шуниси муҳимки, халқ шоирлари фақат тайёр нарсаларни, анъанавий сюжетли достонларни оддийгина куйлаш билан кифояланмаганлар. Аксинча уларга ижодий муносабатда бўлиб, фолъклор асарларини ғоявий мазмун ва бадиий маҳорат жиҳатидан сайқаллаштирганлар ва янада гўзаллаштирганлар. Буни Абдулла шоир Нурали ўғли мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Абдулла шоир Нурали ўғли турли мавзуларда яратилган “Алпомиш”, “Юсуф ва Аҳмад”, “Кунтўғмиш”, “Гўрўғли” туркумига оид ва бошқа кўплаб достонларни босиқ ва ёқимли оҳангда ёддан қойил қилиб куйлаш маҳоратига эга бўлган. Абдулла шоир Нурали ўғли куйлаган достонлар бошқа шоирлар оғзидан ёзиб олинган асарлардан шакл ва мазмуни жиҳати билан фарқ қилиб, ажралиб туради. Ана шунинг ўзи ҳам Абдулла шоирнинг юксак ва ноёб истеъдод соҳиби халқнинг ҳақиқий бахши шоири бўлганидан далолат беради. Дарҳақиқат, Абдулла шоир ижодининг фазилатлари кўп. Зеро, шоир ижоди халқ ҳаётининг ойнаси бўлиши билан бирга, халқ донишмандлигининг битмас-туганмас манбаи ҳамдир. Абдулла шоир куйлаган ва у яратган достонлар, қўшиқ ва термалар бадиий тасвирий воситаларнинг энг гўзал намуналарига, шеърий вазнимизнинг турли-туман енгил ва равон шаклларига, халқ юмори ва офаризмларга , мақол ва образли ибораларга йўғрилган гўё бир улкан хазинадир.

Абдулла шоир Нурали ўғлининг номи халқимизнинг Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил шоир Йўлдош ўғли, Пулкан шоир каби йирик достончи – шоирлари билан ёнма-ён туради. Унга 1936-йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган эди. Абдулла шоир ижодини илк бор ўрганган йирик фолъклоршунос олимлардан бири Ҳоди Зариповдир. Ҳоди Зарипов 1936 йилда Китоб туманига келиб Абдулла шоирнинг ижодини яқиндан ўрганади ва уни Тошкентга олиб кетиб пойтахтимизнинг кенг жамоатчилигига таништиради. 1937-1938-йилларда пойтахтдаги фолъклоршунослар томонидан Абдулла шоир Нурали ўғлидан “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Равшанхон”, “Авазхон”, “Хондалли”, “Хушкелди”, “Маликаи айёр”, “Гулихиромон”, “Қиронхон”, “Сайдимхон”, “Кунтўғмиш” каби ўндан ортиқ достонлар ёзиб олинган. Абдулла шоир Ўзбекистон адабиёти ва санъатининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган ўн кунлик декадасида ҳам қатнашди.

Абдулла шоир ижоди ҳақида фолъклоршунос олимлардан Чори Ҳамро, А.Қаҳҳоров, Т.Турдимов, А.Эргашевлар ҳам илмий –тадқиқот ишлари олиб борганлар. Айниқса, фолъклоршунос олим Чори Ҳамро Абдулла шоир ижодини ўрганиш борасида катта жонбозлик кўрсатган. У бир неча йиллар шоирга котиблик қилиб кўплаб достонлар, термалар, қўшиқларни ёзиб олади. Лекин шунга қарамасдан Абдулла шоир ижоди ҳали атрофлича чуқур таҳлил қилинган эмас. Унинг ижод дунёсига янада чуқур кириб бориш, шоирдан ёзиб олинган достонлар ва термаларни тадқиқ этиб нашр қилдириш фолъклоршуносларимизнинг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки шу вақтгача Абдулла шоир Нурали ўғлининг 1991 йилда “Чўлпон” нашриёти томонидан чоп этилган “Назарингга тушсин назарим” номли мўъжазгина китобчасидан бўлак бошқа юзлаб асарлари нашр этилмасдан келмоқда.

Абдулла шоир ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритганда энг аввало унинг “Дўмбирам” шеъридаги қуйидаги мисраларни эсламоқ жоиздир.

Жойим Қайнарбулоқ, тоғлар ораси,                          Ўзим Нурали подачининг боласи.

Оддий камбағал оиласидан чиққан Абдулла ёшлигини шундай эслайди:

–Тўққиз ёшимда отам ўлди. Шерали, Пўлат деган акаларимнинг қарамоғида қолдим. Ёрбой деган бой, йилига бир ботман буғдой бераман деб акаларимдан мени ўзига етимликка олди. Ўн олти ёшга етганимда Ёрбойнинг бош чўпони бўлиб, етимлик ҳақимни ўзим оладиган бўлдим. Дўмбира чертиш, термалар айтишни чўпонлик йилларимда машқ қилар эдим. Йиллар ўтиб борар, мен тўйларда бахши шоирлардан эшитганларимни такрорлаб, дўмбира машқига солиб юрардим. Башир қишлоғида катта тўй экан, хўжайинимдан сўраб ўша тўйга бордим. Шу тўйда Ражаб шоирга яқин бўлиб, унга шогирд тутиндим. У билан тўй-маъракаларда иштирок қилиб юрдим.

Ражаб шоир асли Чироқчилик бўлиб топқир ва жўшқин бахши сифатида танилган, кўплаб шогирд оқинлар етиштирган. Абдулла шоир Ражаб шоирдан кўп достонларни ўрганди. Лекин у достончиликда устози репуртуарига ижодий ёндошиб ўрганган достонларини ўзига хос услуб ва янги вариантларда айта бошлади, изланувчан ижодкор бахши сифатида донг таратди.

Озодликни, Ватанингни сақласанг,                                      Жаҳон-олам меҳнаткаши “раҳмат!”–дер.                   Суюклисан, эл қўшиғини куйласанг.                          Ақллисан, юрт ўйини ўйласанг.                                      Ҳурматлисан, кўпчиликни фикрини                               Муддаога етар қилиб сўйласанг.                                     Асл муддаога етган кунларим.

Абдулла шоирнинг Чори Ҳамро ва Шарофжон Орифий ёзиб олиб нашрга тайёрлаган “Чўлпон” нашриётида 1991 йилда чоп этилган терма ва достонларини ҳамда ҳали эълон қилинмаган кўплаб асарларини кўздан кечирар экансиз, унинг ниҳоятда ҳозиржавоб, даврнинг ижтимоий-сиёсий воқеаларини тез англаб, чуқур идрок эта оладиган санъаткор эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.

Ўзбекистон Республикасининг      биринчи Президенти Ислом Каримов “Алпомиш” достонининг 1000 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Бахши-шоирлар ўз халқининг бийрон тилидир. Улар юртимизда доимо “Бахшили эл-яхшили эл” –деб улуғланган,” дейиш билан бирга, Абдулла шоир сингари ноёб истеъдод соҳиблари фаолиятига юқори баҳо берди. Биринчи Президентимиз “Бугун биз…Эргаш Жуманбулбул, Фозил Йўлдош ва Пулкан шоир, Ислом шоир ва Абдулла шоир, Рахматулло Юсуф ўғли, Бекмурод шоир каби достончиларнинг номларини эҳтиром билан тилга оламиз.” Уларнинг ноёб қобилияти, юксак маҳорати туфайли “Алпомиш” бор салобати ва нафосати билан яшаб келмоқда” деган эдилар. Абдулла шоир ижро этган асарлар кишиларга бадиий завқ бериши билан бирга, ёш авлодни қаҳрамонлик, инсонпарварлик, дўстлик –биродарлик, юксак ахлоқ-одоб, меҳр-муҳаббат ва тантилик руҳида тарбиялайди. “Алпомиш” достони нафақат туркий қавмлар, эл-юртларнинг шоҳ асарларидан, айни бир пайтда дунё халқлари тўплаган бой-бадиий тафаккурнинг нодир дурдонаси ҳисобланади.

У ёки бу халқнинг қадрияти, кимлиги, ёрқин ойнаси ҳисобланган мумтоз оғзаки ижод намуналари абадул-абад, инсоний улуғворлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик, жавонмардлик, ҳалоллик, муҳаббат, садоқат, эзгулиқдан сабоқ беради. Муайян миллатнинг миллий романи бўлиб хизмат қилади. Умумбашариятга тааллуқли “Иллиада”, “Одессиа”, “Тўмарис”, “Широқ”, “Авесто”, “Маҳобҳорат”, “Рамояна”, “Гўрўғли”, “Монас”, “Додақўрқут”, “Қўбланди ботир” каби ўнлаб эпосларини бир эслаб кўринг. Эндилиқда кўзимизни каттароқ очиб қарамоғимиз, аждодларимиз яратган барча маънавий меросни оғзаки ва ёзма асори-атиқаларни атрофлича, чуқур бузмасдан ўрганмоғимиз ва келгуси авлодларга бус-бутунлигича етказмоғимиз ҳам қарз ҳам фарз ҳисобланади.

Шу билан бирга, жаҳон фани маданиятини ҳам илмий тадқиқу-таҳлил этишга кенг ва одил йўл очиб, халқ донишмандлигини тўла тиклаш, жумладан фолъклор жавонларини бутунлигича халқимизга етказмоғимиз лозим. Шундагина, бор маънавий бойлигимиз миллий ифтихоримизга айланади, жумлаи олам бадиий марварид маржонига товланиб турган шода бўлиб қўшилади.

Абдуллла шоир яратган термаларнинг , мавзуи ниҳоятда ранг –барангдир. Унинг “Гўрўғли тилидан”, “Наврўз”, “Шуни айтади”, “Унутмагин”, “Терим полвони”, “Айтишув”, “Кўчма элим”, “Куйларим”, “Дўмбирам”, “Ё рамазон” каби термалари, “Кунларим”, “Жонгул ва Али”, “Мардоннинг дўсти” каби достонлари халқимизнинг бебаҳо мулкига айланиб қолди. Шоирнинг жуда кўп термаларида ватанпарварлик, инсонийлик улуғланади, қаҳрамонликка даъват этилади, қўрқоқ ва хоинлар, эл бойлигини таловчилар аёвсиз фош этилади. Шоир бир термасида:

Ўзингдан чиққан ўт ёмон,                                          Ўзингдан чиққан ёт ёмон.                                            Юртини қилар хонумон.

деб хоинликни қораласа, иккинчи бир термасида эса дўстликни улуғлайди:

Ёшингга қарасам, оға дегулик,                                Ишингга қарасам, оға дегулик,                               Бошингга қарасам, оға дегулик,                               Кўнгил уришларинг чоға дегулик.

Абдулла шоирнинг термалари ичида “Замон бу” номли термаси алоҳида ўрин тутади. Шоир мазкур термасида чор Россияси ҳукмронлиги даврида кечган оғир қийинчиликларни эслайди, давр фожиасининг пардасини очиб кўрсатади:

Ўз элимдан айрилиб,                               Бездириб ўтган замон бу.                                      Қанотимни қайириб,                                           Ўздириб ўтган замон бу.

Ёшликда адо қилиб,                               Дўстларни жудо қилиб,                                     Дарбадар-гадо қилиб,                                           Кездириб ўтган замон бу.

Далада юрдим мол боқиб,                                           Аёғим тиконлар чақиб,

Юрагим ўтларга ёқиб,                                Бездириб ўтган замон бу.

Танимга юпун ёполмай,                                Бир бурда нон тополмай,       У ён бу ёнга чополмай,                                    Тўздириб ўтган замон бу,

Шу нарсани алоҳида қайд этиш керакки, Абдулла шоир қутлуғ Рамазон ойи бошланиши билан айтиладиган анчагина қўшиқларни яратганлигини кўпчилик билади. Масалан, “Ё рамазон” деган эл ичида машҳур бўлган қўшиқнинг муаллифи ҳам Абдулла шоирдир:

Абдулла шоир ижодида фашизмга қарши кураш ҳақидаги термалар салмоқли ўринга эга. Мазкур мавзудаги термалар жанговарлиги, душманга нисбатан нафрат руҳининг бўртиб туриши, адолатнинг ва ҳақиқатнинг ғалабасига ишончи кучли эканлиги билан ажралиб туради:

Ғарбнинг қутурганлари,                                      Уриб бир-бирин йиқди,                               Немислардан одамхўр,                               Фашист азроил чиқди.                                     Беш йил қон терим оқди,                                      Солдат бўлган йилларда,                                Менинг жангу–жадалим,                          Кечди қардош элларда.                                     Каска кийган йилларим,                                      Жангоҳларда бўлдим мен.                                      Ёв ўлганда яшнасам, Дўст ўлганда сўлдим мен.

Бундай оташин сатрларни ўқир экансиз, уларнинг ҳар бир қаторини шоир ўзининг юрак қони ва ақл чироғи билан ёзганлигига амин бўласиз.

Уруш йилларида Абдулла шоир жанговар термалари билан немис фашист босқинчиларига қарши ўз жонажон Қайнарбулоғидан туриб ўт очди.

Амуга тонгда қон томди,                                      Ёш томди дарёмизга.              Урушга кетган эрлар,                                            Кўпи қайтмади изга.                                     Солдат қайиши билан,                                      Боғладик белимизни.                                            Қорачукдай сақлаймиз,                                Она юрт-элимизни.

Абдулла шоирнинг уруш ҳақидаги термаларида ўлим ва ҳаёт, инсон ҳаётининг маъноси, қадр-қиммати ҳақида фалсафий мушоҳадалар юритади. Масалан, фашист солдати номига қарата ўз қариндошлари номидан айтилган аччиқ ҳақиқат ниҳоятда ҳаққоний ва даҳшатли жаранглайди:

Одам бўлиб одамдай                                            Яшаб юрган бўлмадинг,        Одам бўлиб одамдай                                            Ўз ерингда ўлмадинг…

Бегоналар ерида                                            Бегона ўқдан ўлдинг.                                            Қолдинг маслиқдай ётиб,                                      Очиқ гўрга зор бўлдинг…

Абдулла шоирнинг яна бир туркум термалари “Фронтдаги ёрга” деб номланган. Шоир уларда маъшуқа ва ошиқ образларини яратади, соғинч, ҳижрон азоби, қелажакка ишонч туйғуларини улуғлайди. Абдулла шоир уруш даврида сермаҳсул ва фидокорона меҳнати билан бадиий ижоднинг яна бир юксак босқичига кўтарилди.

Абдулла шоирнинг урушдан кейинги даврдаги терма ва қўшиқларида асосан халқимизнинг яратувчилик меҳнати ва Ватан табиати завқи, инсоний олий қадриятларни улуғлаш, ўзининг босиб ўтган ҳаёт йўлига назар ташлаш мотивлари кўпроқ куйланган:

Қаршининг оқар суви шаробча бор,              Қиз боланинг бадани оловча бор.                    Ой юзингдан олганим битта бўса,              Қўй гўшти, қўйруқ ёғлиқ половча бор.

Ёки:

Яхшилар дўстлашмоққа келади,                    Чечанлар сўйлашмоққа келади.                    Маъракага маъқул бўлмаган овсар –        Тентак ёқа йиртишмоққа келади.

Тоғлар азиз бўлар қадамлар билан,                    Боғлар азиз бўлар боғбонлар билан.        Йўллар азиз бўлар карвонлар билан,              Жойлар азиз бўлар одамлар билан.

Абдулла шоирнинг “Кунларим” достони анъанавий руҳда айтилган бўлиб, унда шоир ўзининг босиб ўтган ҳаёт йўлини, ўтмишдаги оғир ҳаётини эслайди, илк ижод машаққатлари ҳақида фикр юритади:

Дунёнинг ғуссаси, ғамидан бездим,                                Ўн саккиз ёшимда юриб эл кездим.                                Ражаб шоир устозимдан ўрганиб,                          Қўшиқ айтишликда кўплардан ўздим. Эл юриб дўмбира чалган кунларим,                          Дунёда кўп экан мендай куйганлар,                                Жафо чекиб, азиз жондан тўйганлар,                    Тақдирга тан бериб кетган ундан кўп,                    Нодонлик қаърида қолиб ўлганлар,                                Қўшиқ айтиб дил овутган кунларим.

Абдулла шоир “Мардоннинг дўсти” (ёки “Жангил ва Али” ) достонида эса Али ва Жангилларнинг соф севгиси ҳақида ҳикоя қилинади. Достон икки ёшнинг яқинлашиб келаётган ниқоҳ тўйлари ҳақида дарак берувчи шодон сатрлар билан якунланади:

Осмонда учар лочин,                                            Тоққа ёзар қулочин.                                            Бу гапларнинг бари чин,                                      Али кўрсатар кучин.                                            Жангил бажарар бурчин,                                      Аввал қуриб янги уй,                                            Кейин қилишар бир тўй.                                      Сўйилади серка, қўй.                                            Полов бўлар тизза бўй.

Умуман Абдулла шоир ижодида халқнинг орзу-интилишлари, руҳияти, самимий туйғулари ўз ифодасини топган. Шоирнинг терма ва достонлари ҳаммага тушунарли, ёрқин тасвирий воситалар ва услубларда баён этилган. Ўзбек халқ оғзаки ижодига мос бўлган азалий мотивлар, анъаналар Абдулла шоир яратган асарларнинг ғоявий бадиий руҳига ниҳоятда чуқур сингиб кетганлиги шоир ижодининг баркамоллигини, халқчиллигини таъминлаган.

Абдулла шоир асарларида борлиқ ҳаётни севиш, унинг қадрига етиш ўқувчига ҳаётбахш руҳ бериб туради. Унинг термаларида озодлик ва адолат учун босқинчи ёвларга, золимларга қарши олиб борган курашлари ҳам ёрқин акс этади. Унинг куйлаган барча достонларида эл-юртга, она Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, зулм ва хиёнат дунёсига нафрат руҳи бўртиб туради. Бинобарин оддий китобхонларгина эмас таниқли ёзувчи ва олимлар ҳам унинг асарларини севиб ўрганганлар ва ундан ижодий фойдаланганлар.

Абдулла шоир Нурали ўғлининг ижоди халқимизнинг ноёб қадрияти, бебаҳо маънавий бойлиги бўлиб, кишиларимизни, хусусан, ёш авлодни қаҳрамонлик, ватанпарварлик, халқпарварлик, дўстлик, юксак ахлоқ руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Қодир бахши Раҳим ўғлининг ҳаёти ва ижоди хақида

(1937-1986)

Халқ оғзаки ижодиёти муқаддасдир. Унинг ҳар бир сўзи нондек азиз, сувдек тиниқ, туздек зарурдир. Халқ достонлари азал – азалдан инсониятни муҳаббат, ахлоқ – одоб руҳида тарбиялаб келган ва ҳозирги кунда ҳам тарбия дастури бўлиб хизмат қилмоқда. Миллий ғуруримизни шакллантиришда ўзбек халқ ижодиётининг, халқ достонларининг, яъни сўз санъатининг аҳамияти беқиёсдир.Халқ оғзаки ижодиёти муқаддасдир.

Деҳқонобод тоғлар диёри Қодир бахши 1937 йилда ана шу муқаддас жойда бир чети Ҳисор тоғлари этакларигача чўзилиб кетган Хўжамахмуд қишлоғида таваллуд топган.

Дехқонобод азалдан бахшилар юрти эканлигини кўпчилик яхши билади. Бу қутлуғ маскандан асрлар давомида қанчадан – қанча достончи бахшилар – халқ талантлари етишиб чиққанлар. Деҳқонободнинг бугунги кунда ҳам ўзига хос достончилик мактаби бор. Бу мактабга асос солган буюк халқ достончиси Қодир бахши Раҳим ўғли эканлигини яхши биламиз. Бу достончилик мактабини ўтаган бахшилар сўзга тўн кийдириб, дўмбирани булбулигўёдек сайратиб чечанлик билан куйлаб келмоқдалар.

Қодир бахши янги замонавий достонлар, термалар яратганида тарихий ҳақиқатни бадиий тўқималар қуйма сифатлашлар билан заргарона омухта қилиб такомилига етказади. Шу боис ундан кўплаб умрбоқий достонлар қолди. У ўз ижоди давомида анъанавий халқ достонларини қиёмига етказиб, қувваи ҳафизасида сақлаб бойитиб, тўлдириб, сайқал бериб ижро этиб келганлиги ҳамда бу тажрибани кўпдан – кўп шогирдларига ўргатганлиги билан ўзбек халқ достончилигини янги поғонага кўтарди.

Қодир бахши номининг унутилмаслиги, тилдан – тилга, элдан – элга ўтиб юрганлиги, ижро услуби кўплар учун мактаб бўлиб қолганлиги, аниқроғи халқ достонларини куйлаш ва унга қайта сайқал беришда Қодир бахши мактаби яратилганлигининг сабаби ҳам шунда. Унинг қўнғироқдай жарангдор, ширали овози билан заргарона айтилган халқимизнинг ўлмас достонлари, термалари, ўзи яратган замонавий достон ва қўшиқлари нафақат унинг Ватани – Ўзбекистонда, шу билан бирга Ўрта Осиё ва чет мамлакатларда ҳам минглаб миллионлаб ўз мухлисларини топди.

Қодир бахшининг довруғи ўзбек заминидан чиқиб узоқ – узоқларга кетганлиги, фольклоршунос олимлар томонидан эътироф этилган ноёб талант эгаси бўлганлиги шубҳасиздир. У ҳақиқатдан хам достончиликда тамал тошини қўйган устоз бахши эди. Бу соҳани мукаммал ўрганган моҳир, овоздор бахши, дўмбирада куй чалиш санъатини том маънода эгаллаган истеьдод соҳиби эди.

Халқ орасида "Бахшини бахши қилган унинг овози, сўзи ва дўмбираси" деган нақл бор. Аслида бу гапда ҳақиқат бўлса керак. Бахши ўзини бир зум ҳам дўмбирасиз тасаввур этиши қийин. У элга мурожаат қилганида албатта дастлаб дўмбирасини таърифу тавсиф этади. Қодир бахши ҳам бундан мустасно эмасди.

Қодир бахши ширадор овози билан достон бошлаганда достондаги ҳар бир воқеа – ҳодисага достоннинг ҳар бир мисра – сатрларини боғлаб – тизиб, шундай берилиб куйлардики, дўмбирада чалган куйлари оҳанграбо касб этиб, тингловчиларни бутунлай сеҳрлаб қўярди. Гўё у тингловчиларни бемалол достондаги воқеа – ҳодисалар ичига олиб кириб, унинг қаҳрамонлари билан юзма – юз суҳбатлаштирарди. Унинг бу соҳадаги маҳоратини изоҳлашга сўз ҳам ожизлик қиларди. Қодир бахшининг достонини тинглаётган тингловчилар гўё кино кўраётгандек сеҳрланиб тинглар ва катта таассуротга эга бўлиб, бу сўҳбатни ойлаб давраларда мароқ билан гапириб юришарди.

Ражаб бахши Нормурод ўғли, Ўмир бахши Сафар ўғли унинг устозлари бўлишган. Бу бахшилар ўз замонасининг атоқли бахшилари бўлиб, элда ном қозониб эътибор топган эдилар. Қодир бахши ёшлигидан достончилик санъатини севиб, устозларининг анъанавий йўлини давом эттирди. Қодир бахшининг отаси Раҳим Жобборов Ватан урушида вафот этади. Ёш Қодир Раҳимов она тарбиясида қолади. Онаси Норхол Турди қизи, бир ўғил ва икки қизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказади, айниқса, ўғли Қодирнинг тарбиясига оналик меҳри билан қараб камолга етказади.

Қодир бахши Раҳим ўғли ўрта мактабни битиргач, олий маълумотни Бухоро Педагогика Институтида олади. Институтни битиргач, Хўжамахмуд қишлоғидаги Бобур номли ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Ана шу даврда унинг халқ ижодиёти соҳасидаги фаолияти кенг миқёсда бошланади.Ватанга, халққа бўлган ички туйғуларини терма ва достонлари билан намойиш эта бошлади. Бағрикенг, хулқи пок, фозил бу инсон ўз умрининг босимини одамлар орасида, дўстлар даврасида дўмбира чертиб достонлар куйлаб термалар айтиб ўтказади, йигитлик кучини, онг ва билимини шунга сарф этади. Шу маънода "Айрилса" термасига эътибор берайлик.

                  Турналар учолмас хилдан айрилса,                                                      Бедовлар юролмас йўлдан айрилса,                                                      Тоғлар букчаяди белдан айрилса,                                                      Булбуллар сайрамас гулдан айрилса.      

Йигит бўлса – бўлсин унда номус – ор,                               Ёмон қўрсин, кенг дунёни қилар тор,                        Баланд тоғда ўсган гиёҳ сарғаяр,                                    Агар ҳаво билан қордан айрилса.

      Буюк тоғлар яшин тушса – вайрона,                                     Бу фалак ишига ҳамма ҳайрона,                                           Мард йигитлар бахти кетса – девона.                                     Севиб олган санам ёрдан айрилса.

      Сабаб билан кўкдан ҳаво тўкилар,                                           Йўлни яхши билмас бедов қоқилар,                                           Одамзоднинг қадди шундан букилар,                                     Меҳр қўйган эрка улдан айрилса…

      Булутсиз бўлмайди қаддили тоғлар,                                     Гул тилар доимо гули йўқ боғлар,                                           Тушакка ўтганда кампирлар йиғлар,                                     Бирга яшаб турган чолдан айрилса.

      Арилар бош эгар болдан айрилса,                                           Бедовлар мунғаяр ёлдан айрилса,                                          Қарилик етгани шулдир ёронлар,                                           Дармон кетиб нордай белдан айрилса.

                  Кенг дунёнинг ўтгани шул ёронлар,                                                 Кўрар кўз-у, сўзлар тилдан айрилса…

Қодир бахшининг ижод этган термалари ранг – барангдир. Унда шундай бир табиий куч ва жўшқин талант бор эдики, у дўмбирасининг овозига қўшилиб гоҳ йиғлашга, гоҳ кулишга одамни мажбур қилар эди. Тўғрироғи сеҳрлаб, беихтиёр шундай ҳолга туширарди. Дўмбирани қўлига олиб бир икки нағмани қайтариши биланоқ бутун тингловчиларни сеҳрлаб ўз таъсирига олар эди. Ҳатто Қодир бахшининг ўзи ҳам куйлаётган достонига қўшилиб, мунгли жойларида йиғлаб юборган жойлари бир неча марталаб бўлган. На олимлар, на шогирдлар, на ҳамнафас бўлган бахши шоирлар Қодир бахшининг неча хил куй ва оҳангда куйлашининг саноғига етолмаганлар. У ана шундай буюк халқ достончиси эди.

Қодир бахшининг шогирдларига айтадиган ўгитларидан бири шундай: "Ҳов йигитлар, қулоқ солинглар! Нима учун сув оз бўлсада ариқ шилдираб оқади. биласизларми? Бўлмаса, қулоқ солинглар. Ариқда озгина сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ, у шунинг учун бир фасл шилдираб оқади, иссиқ келиши билан эса қурийди. Денгизчи, денгиз? Денгизда сув ҳам мўл, унинг тагида қанчалаб қимматбаҳо тошлар, марварид, олтинлар чексиз, чегарасиз бойликлар мавжуд. Боз устига унда баҳайбат жониворлар ҳам бор. Шул сабаб денгиз жимиб оқади, у ҳеч қачон қуримайди.

Денгизнинг ичи ҳар хил дурларга тўла. асрлар оша эл юртга оби – ҳаёт беради. Сиз шогирдлар ҳам "ариқ" бахши бўлмай, денгиз бахши бўлинглар" – деб такрорларди.

Қодир бахши ҳофизаси кучли, бадиҳагўй достончи эди. У ўз соҳасининг билимдони, донишманд ва камтар, содда ва салобатли инсон бўлиб, шогирдларига ҳеч қачон ёмон ният билан қарамаган, ҳасадни эса жуда ёмон кўрган. Хизмат ҳаққини тилаб олмаган, оқсоқоллар нимани маъқул қўришса бахшига ҳам шу маъқул бўлган. Манманликни, кибр ҳавони, ўзини одамларга кўз – кўз қилишни хаёлига ҳам келтирмасди. Одам қиёфасидаги шайтонлардан ҳазар қиларди. Ҳатто озроқ ҳурматга эга бўлиб, кейинчалик ўзига қарата кесак отган шогирдларини ҳам кечирган. Учрашганда доим қучоқ очиб кўришган. У ижод пиллапоясининг барчасини забт этган Ўзбекистон булбули эди. Чин маънодаги сеҳрли соз, сирли овоз соҳиби, туғма достончи, ҳозиржавоб термачи ижодкор эди. Ҳар бир достонни куйлаганда шу достонга мослаб дўмбира чертар, ўз усули, куйи, оҳанги билан достон бошларди, достоннинг мазмунига қараб куй яратарди. Достон воқеа ҳодисаларига дўмбирасини ҳамоҳанг қиларди. “Қашқадарё” термаси бунга яққол мисол бўлади.

            Чўлларинг чирой очди келинчакдай шайланиб,                                           Оқ олтиндан хирмонинг турна ўтолмас айланиб,                                     Келмаганлар кеп кўрса бармоқ тишлар ўйланиб,                                     Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай,                                           Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.

            Бир томонда Қашқанг бор, товланар сулув қиздай,                                     Қарши билан Шаҳрисабз кечаси ҳам кундуздай,                                     Китоб билан Ғузоринг осмондаги юлдуздай,                                           Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай,                                           Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.

            Тоғ бошида оппоқ қор, тинмай соғар сутини,                                           Роҳатланиб Қарши чўл, қамчилайди отини,                                           Деҳқонобод қўйлари кўтаролмас етини,                                                 Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай,                                           Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.

            Бир томонда тоғларинг, бир томонда боғларинг,                                     Бир томонда уйларинг, бир томонда шерларинг,                                     Бир томонда қўйларинг, бир томонда яйловинг,                                     Шоир айтса айтгудай, минг кечага етгудай.                                           Гўзал Қашқадарём, ғазал Қашқадарём.

Қодир бахшини достончилик санъатининг виждони десак муболаға бўлмайди. Халқ оғзаки ижодиётидан инсоният маданияти, маънавияти қирраларини ўрганиш, моҳиятини кўпчиликка етказишга интилиш ва бу соҳада ҳақиқий эл бахшиси бўлиб етишиш тасодифий эмас. У тинимсиз ижодий меҳнатда бўлди. Қодир бахши томонидан айтилган достонлар тингловчилар қалбини забт этиб сел қилиб эритиб юборарди. Ундан бизга мерос бўлиб қолган достон ва термалар ўлмас асарлар дебочасидир. Севикли бахши ҳаётлигида ёшлик инсонга бир марта берилади, унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, элу -юрт равнақи йўлига бахшида этиб, эзгу ниятларга сарф қилиш лозим деб таъкидларди. Бу ибратомуз сўзлари ўттиздан ошиқ шогирдлари қалбига муҳрланиб, бугунги кунда машъал бўлиб, уларнинг йўлини ёритиб, у айтган юксак мақсадларга чорлаб турибди.

Қодир бахши нафақат атоқли достончи, моҳир созанда, балки ўнлаб эртак, шеър ва тўртликлар яратган иқтидорли шоир ҳам эди.

Айниқса Қодир бахши яратган фалсафий тўртликлар бугун ҳам халқимизни нурафшон манзиллар томон етакламоқда:

Ота осмон бўлса ёмғирли, қорли,                                     Онамиз заминдир ёзли, баҳорли…                              Иккисин ҳурматин эъзозлай билсанг,                  Сенгадир фасллар баҳори, бори…

Ушбу тўртлик инсон умрининг фасллари ҳар ким учун энг азиз бўлган ота ва онага бориб боғланиши, уларнинг ҳурмат – иззатини ўрнига қўйиш лозимлигини ўқтириб ўтади.

Ёмонлик ўзингга тоғ бўлиб келар,                                     Ямлаб ютиш учун чоғ бўлиб келар,                                     Яхшилик қилсанг ҳам қайтар бир куни,                               Кичиги сояли боғ бўлиб келар.

Бу ҳикматона сатрлар асрлар давомида халқнинг дилида йиғилиб, бахшининг тилидан юзага чиқаётган гаплар. Уларда ҳаётий тажриба, йиллар, асрлар сўнгидаги чуқур хулосалар бор. Инсоният бир умр яхшиликни ёқлаб, унга интилиб келган. Ёмонликни қоралаб, ундан қочган. Қодир бахши севиб айтадиган яна бир тўртликда шундай сўзлар бор:

Тошда Кўриб кийикларни ҳуркак деймиз,                         Андишали одам бўлса қўрқоқ деймиз.

Энг аввал ўхшатишнинг нақадар асослигига эътибор қилинг.

Бир жониворнинг ҳалокати билан инсон характерининг муқаяса қилинишида шоир энг муҳим, диққатга сазовар фикрни ўртага ташлайди.

Энди яна бир тўртликка эътибор қаратамиз:

Битмайди дунёнинг ўзи бири кам,                                     Бир учун нечалар тортди ғам алам.                               Дўстлар даврасида ўтирсанг бир дам,                               Жаҳон султонлиги сенда мужассам.

Қодир Раҳим ўғли устозларидан 60 дан ортиқ анъанавий достонлар, 200 дан ортиқ терма ўрганиш билан бирга ўзи ҳам "Ойчинор", "Бева Барчин", "Махтумқули", "Жаҳонгир", "Эшқора билан Дўстқора" каби ўнлаб янги достонлар ижод қилганди. Қодир бахши куйлаган достонлардан 12 таси бошқа ҳеч бир бахшилар ижодида учрамайди. Унинг бой ва ранг-баранг ижодидан бор йўғи 10 та достон, 40 та тўртлик, 50 дан зиёд термалар ёзиб қолинган.

Қодир бахши достон куйлаганда беихтиёр инсон қалбини ўзига мафтун этарди.Қодир бахшида яна бир фазилат бор эди. У бирон терма ёки достон куйлаганда, унга қўшилиб ўз юртининг Оқбош ва Чакчак каби улкан боғлари, ҳар бир харсанг тош ва тоғ қоялари, қир адирларию кенг яйловлари ҳамма ҳаммаси бутун коинот бахшининг терма ва достонларида тилга кириб сўзлашар эди. У достонларга жўр бўладиган куйларни чалишдан ташқари, дўмбирани 30 хил оҳангда куйлата оларди. Куй – Қодир бахши ижодида бир калит эди. Шу калит билан у тингловчилар қулфи дилини оча биларди.

У оҳува куйини чертганда шўх қизларнинг, ёш ялангларнинг сой бўйида, сўлим дарахтлар соясида арғимчоқ учаётгани, бир бирини қувалашиб ўйнаётгани кўз ўнгимизда намоён бўлар, "Иззатой" куйини чалганда тингловчи кўз олдида таҳқирланган қиз, эрки топталган аёл, эркаклардан тафт тортмайдиган жасур хотин, дам даврага чиқиб эл обруси учун курашаётган шижоатли аёл гавдаланарди.

Қодир бахши "Иқболой", "Ўғилой", "Куй қайтариш", "Қизлар сайли", куйларини ижро этганда эса дўмбира торларидан сузиб чиқаётган нолаю фиғон, шодлик садолари киши қалбини беихтиёр аллаларди.

Зеро дўмбира торларини бахши чертади, тор толаларида куй оқади, куй шоирни даврага тайёрлайди, сўз айтишга чорлайди, куй оғушига чумган бахши сўз уммонида сайрга чиқади. Куй энди шоирни ҳам, унинг сўзини ҳам бошқаради. Куй шоирга илҳом бахш этади, овозига овоз, парвозига парвоз қўшади:

Сени чертсам кўнглим гулдай яйрайди,                   Булбулдайин сайраб чиққан дўмбирам,                         Қўшша торим қўшилганда сайрайди,

Кўксим очиб яйраб чиққан дўмбирам.

Қодир бахши эридан қора хат олиб мунғайиб қолган онасига илк бор шундай далда беради:

Онажон, қўй, сатқа бўлай бошингдан,                               Гуллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.                               Посбон бўлай доим кўзу қошингдан,                               Чўллар йиғласа ҳам сен йиғламагин.

      Сен йиғласанг она тоғлар бўшайди,                               Тош юрак ҳам сувдай булиб шовшайди.                               Сен йиғласанг қора тошлар қақшайди,                               Тошлар йиғласа ҳам сен йиғламагин.

Отам Ватан учун берди жонини ,                                      Миллион шерлар каби тўкди қонини.                                Эшитмасин ёрнинг йиғлаганини,                                      Дарё йиғласа ҳам сен йиғламагин.

Она жойдан турди кўзин шишириб,                                Шу онага келди тоғлар бош уриб,                                      Тинчлик бўлсин дейди қўлин қўшириб,                                Элинг айтар она сен йиғламагин.

Онажон сен замин, сен ой, офтоб,                                     Уруш ҳеч қалбингга беролмайди тоб,                                Халқим бор экан тинчлик барқарор,                                Қодир айтар она сен йиғламагин.

У иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 40 йиллиги арафасида бироз чўзиқ бўлган бу термасини қайта ишлаб: "Уруш қурсин битмас яра соп кетди, ҳар юракда унинг доғи қоп кетди. қонхўрларни ер қаърига обкетди. Дарё йиғласа ҳам сен йиғламагин" сингари пухта образли бандлар билан тўлдирди, сайқал берди…

Қодир бахши термалар айтганда қотириб, қаловини топиб, кифтини келтириб айтардида! Айтганда ҳам билиб, сел бўлиб, эшитганни ҳам сел қилиб айтарди!

Қодир бахши ижодида "Ойхумор" термаси алоҳида ўрин тутади. Қирқ канизак олдида ойдек бўлиб келаётган Ойхуморнинг бўй басти, юриш туриши шундоққина аён бўлади. Гўё кўз олдингизда ойдай яшнаб кундай кулиб Ойхумор келаётир. Ҳатто феъл – атвори, ҳар ҳолатда характерининг турланиб туришини ҳам кўриб турасиз: "Ҳой, узилиб – узилиб, наргиз кўзи сузилиб, ёмон сўзни эшитса феъли борар бузилиб, қирқ канизи боради, мунчоқдай буб тизилиб, ҳайло кетиб боради, қирқ каниздан илгари…"

Қодир Раҳим ўғли ўлкамизни қадамба – қадам кезган ижодкорлардан эди. У туғилган маскани Деҳқонобод ҳақидаги термасини шундай тугаллайди: "Қодир, сени жўшиб айтарман, завққа тўлиб – тошиб айтарман, ойдан нишон, қуёшдан орден тақиб олган Деҳқонободсан".

Зотан, қиёси йўқ Республикамизнинг қаерида бўлманг, "Ойдан нишон", "Қуёшдан орден таққан" масканлар ҳуснига маҳлиё бўласиз, яшариш ва яратувчилик мўъжизаларидан фахрланасиз. У қўшни Республикаларнингҳам кўпини кезган, дўст – қардошлари иши-ю, мўъжизаларидан ҳайратланган бахшилардан эди. У Москвада ўтган халқ бахши – шоирларининг I ва II Жумҳуриятларора олимпиадалари ғолиби бўлганда бир қувонди. 1982 йили Олма Ота шаҳрида ўтган бахши –шоирларнинг Бутуниттифоқ анжумани ғолиби бўлганида иккинчи бор қувонди. 1983-1986 йилларда Жумҳурият бахшилар танловининг кетма-кет ғолиби бўлганида яна-яна қувонаверди.

Бу сафарлар, кўрган-кечирганлари Қодир бахшининг дунёқарашида жаҳонворлик, улуғворлик касб этди. Мавзу доирасини кенгайтирди. Замонавий терма достонларида жаҳон ташвиши, башар тақдири учун қайғуришдек умумбашарий туйғулар етакчилик қила бошлади.

Халқимиз азал-азалдан ўз орзу – армонларини, она тупроқ ва яхшиликка садоқатини, ёмонлик ва ёвузликка нафратини достонларда куйлаб қелди. Гўрўғли ва Алпомиш, Кунтўғмиш ва Маликаи айёр, Холбека ва Орзигул, Рустам ва Аваз, Барчин ва Юнуспари, Равшан ва Зулхумор, Ширин ва Шакар, Ҳасан ва Далли, Гулихиромон ва Холдорхон, Қундуз билан Юлдуз сингари юзлаб қаҳрамонлар тимсолида мардлик ва матонат, гўзаллик ва боқийлик, келгуси кунларга ишонч ва умид туйғуларини мужассам этди.

Достонларда ҳоҳ жанг майдонларидан ҳикоя қилинсин, ҳоҳ меҳнат майдонидаги шижоат кўрсатилсин, ҳоҳ севги – садоқатдан куйлансин, ҳоҳ ёвузлик устидан яхшилик тантанасини тараннум этсин – одамларни мардликка, жасоратга, меҳнатга чин муҳаббатга, яхшилик ва эзгуликка ундаб, ёмонликка эса нафратини қўзғаб келди.

Достончилик қадим қадимдан халқимизнинг атоқли бахши шоирлари ижодидан тушмай келганлиги, давлатимиз томонидан бахши шоирлар ижодига катта ғамхўрлик қилиб келинаётганлигининг ҳам боиси шунда…

"Қодир бахши Раҳим ўғли юксак ҳофизликқудрати ва улкан шеърий салоҳиятга эга бўлган халқ санъаткорларидан бири эди. Унинг достончиликдаги ўрнини белгилашда ана шу муҳим жиҳатларга алоҳида эътибор бериш керак бўлади”,– деб ёзганди таниқли фолъклоршунос олим, Беруний мукофоти совриндори, профессор Тўра Мирзаев.

Қодир бахши Раҳимов 30 дан ортиқ халқ достонларини жуда маромига етказиб куйлай оларди "Алпомиш", "Бева Барчин", "Ойчинор", "Нурали", "Зайдуной", "Малла савдогар", "Ёзи ва Зебо", "Норгулой" каби достонлар унинг репертуаридан мустаҳкам ўрин олганди. Уларнинг айримларини фолъклоршунослар томонидан ёзиб олинаётган пайтдаги ижросида шу даражада маҳорат кўрсатдики бу вариантлар (айниқса "Ойчинор", "Зайдиной") унинг номи билан абадий муҳрланиб қолди. Худди "Алпомиш" Фозил Йўлдош, "Равшан" Эргаш Жуманбулбул, "Орзугул" Ислом шоирлар номлари билан асрлардан – асрларга муҳрланиб қолганидек"…

Қодир бахши Раҳим ўғли замонавий, шу билан бирга новатор шоир эди. У моҳир дўмбирачи, кўплаб халқ куйларининг билимдони ва ижодкори сифатида достон ва термаларни хилма-хил куйларда ижро этарди. Одатда халқ бахшилари достонларни 7-8 куйда ижро этганлари ҳолда унинг куйлари ниҳоятда кўп ва хўб эди. У достон ижросига чанқовузни олиб кирган ва унинг жўрлигини таъминлаган ягона бахшидир. Гарчи бундай ҳолат эпик анъанада илгари учрамаган бўлсада, уни дадил экспримент сифатида баҳолаш мумкин. Чунки сўзда бадиҳа етакчилик қилган қаҳрамонлик эпоси ижросида иккинчи мўсиқа асбоби жўрлигини таъминлаш бахшидан жуда юксак маҳорат талаб қилади. Қодир Раҳим ўғли ана шундай маҳоратли ижодкор эди.

Қодир бахши ижодида "Ойчинор" достони алоҳида ажралиб туради. Достоннинг ўзига хослиги шундаки, унда бобокалонимиз Бобурнинг мураккаб тақдири ҳикоя килинган.

Маълумки, Бобур улуғ саркарда бўлиш билан бирга адабиётимиз тарихида ўзининг ўлмас адабий мероси билан ўчмас из қолдирган буюк сиймодир. Бобур шахсининг халқ оғзаки ижодида илк бор ёритилиши ёзма адабиётимиз учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилиши табиий.

"Ойчинор"-тили, ижро услуби жиҳатидан ҳам ўзига хосдир. Достонда Ойчинор иомли ўзбек қизининг гўзал қиёфаси, босқинчилар билан мислсиз жангдаги жасорати куйланади. Достон Ойчинорга қисқача таъриф бериш билан бошланади. "Холиёрнинг пешонасида бир қизи бор эди. Отини Ойчинор дер эди. Ўн еттига тўлган эди. Худо ҳамма ҳуснни унга берган эди. Қадди – қомати ҳуснига мос тушган эди, чеккасидаги кокили эгнидан ошган эди".

Достоннинг тили самимий, содда, халқимизнинг сўзлашув услубига яқин. Ҳар бир сўзга халқ донишмандлиги сингдирилган. Шоирнинг шеърий мисралари ҳам гоҳ ўйноқи, гоҳ майин, гоҳ кинояли, гоҳо мунгли…

"Қабатида отаси ойдай бўлди Ойчинор,                         Биясига эргашган тойдай бўлди Ойчинор".

Қодир бахши қисқа умрида халқ ичида кўп бўлиб, халқимизнинг мақол ва маталларига бой тилини тинимсиз дилига муҳрлади. У достонларида юзлаб халқ мақолларидан ўринли фойдаланибгина қолмасдан, ўзи ҳам ўнлаб янги мақол ва ҳикматли сўзлар яратди:

Тўда – тўда қизларга-я, оҳува,                          Бир тўдана тол керага, оҳува,               Заҳари бор замбиргая, оҳува,                          Ширин – шакар бол кераг-а, оҳува.

Бол – болгина, болгина-я, оҳува,        Сой бўйида толгина-я, оҳува,             Қизни сулув кўрсатар-а, оҳува,                     Ўнг бетида холгина-я, оҳува.

Бу ўринда Қодир бахши фақат оҳанглар товланишинигина эмас, балки маънолар товланишини ҳам юзага чиқарган.

Аслим пари Кўҳиофдан бўламан,             Қиш қиларман баҳор бўлса фаслингни.

Бу Ойчинорнинг атайин, жўртакка айтган гаплари. Эътибор қилинг, инсон умри фаслларга менгзалади. Баҳор – гуркираб турган даври бўлса, қиш – инсон ҳаётининг сўнгги манзиллари кўриниб қолган дамларга ўхшатилади.

Қодир бахши ижодида "Норгулой" достони ҳам бадиий жиҳатдан алоҳида ўрин тутади. Достоннинг бош қаҳрамони жасур, мард қиз Норгулойдир. Достонда таърифланган Норгулойнинг чиқиб келишини қаранг:

                  Норгулой чиқди ҳилпиллаб, бетида тери жимиллаб,                                     Пешонасидан оққан терига, латибалари қимирлаб,                                     Норгулни кўрган кекса ҳам олти ой ётар инқиллаб.

Достонда Норгулойга, унинг фазилатларига берилган таърифлар ҳам муҳим ўрин эгаллайди:

                  У босган жойлар миннатдор, босмаган жойлар гинадор,                               Босиб ўтмаган жойларни босса дея умидвор,                                           Кетаётир Норгулой ҳамма қиздан олдда ой,                                           Эшик олди зарпечак юлиб олсанг бир қучоқ.                                           Босиб ўтган йўлидан, югуриб чиқар бойчечак,                                           Кетаётир Норгулой ҳамма қиздан олдда ой…                                           Қилиқсиши қудча бор, оқ бадани сутча бор,                                           Қуш каптарни тугмаси жавзода пишган тутча бор.

Бу улкан бахши ҳақида гап кетса, унинг қўшиғини тинглаган, дўмбира нағмаларидан баҳра олганлар у бахшилар сардори, дея ифтихор билан эсга олишади. Дарҳақиқат, Қодир Раҳим ўғли ўлкамизда донг таратган бахши шоирлардан бири эди.Шунинг учун ҳам у яратган деярли барча достон ва термалар халқ орасида тарқалиб кетган.

Қодир бахши қўлига дўмбира олиб достон куйлаганда бутун бошли қишлоқ ва овуллар лол бўлиб тингларди. Шўх – шўх термалар айтганда давраларга гўё жон кириб кетарди. Давра тўридан жой олиб анъанавий достон бошласа, келганлар тонг отганини сезмай қоларди. Тинглаётган юраклар достоннинг мазмунига қараб гоҳ андуҳга тўлиб кетар, гоҳи эса висол онларидаги ҳолатдан диллар ҳафриқар, кулгили ҳолатлар келганда эса, даврадаги қаҳ-қаҳаю кулги осмонга урларди.

1983 йилнинг эрта баҳорида Деҳқонободда бўлиб ўтаётган катта бир тўйда Қодир бахшига сўз навбати етиб келганида у аввал тўй эгасини таърифлаб, келган меҳмонларнинг кўнглини хушлаб, даврадаги йигитларга мослаб бир термани мароқ билан куйлай бошлади:

Орқа тов деб суянгали,        Йиқилганда таянгали Кўкрак кериб сўз айтгали, Олдиндан душман қайтгали,                                Ота ҳам керак йигитга.

Умрингни тилагали,                          Кетсанг йўлга қарагали,                          Мазанг қочса сўрагали,                    Устинг супо бўб юргали,                          Она ҳам керак йигитга.

Келмай қолсанг излагали                          Ўлсанг бошда бўзлагали,                    Душман бўлса хезлагали                                Ор номусинг олгали,                                      Оға ҳам керак йигитга.

Ўлчаб тунингни бичгали                                    Сен учун жондан кечгали,                                     Кўриб қучоғин очгали,                                          Борин олдингга сочгали                                     Сингил ҳам керак йигитга.      

Олпинчоқли – солпинчоқли                                          Ўрта буйли, кенг қучоқли,                                           Оқ тушда садаб мунчоқли,                                           Саксон нозли, тортинчоқли,                                           Бир ёр ҳам керак йигитга.

Ўнг тиззангда ўтиргали,                              Орқангдан кеб осилгали,                              Қариганингда боққали,                                          Ўчган чироғинг ёққали,                                          Фарзанд ҳам керак йигитга…

Бир сафар Шаҳрисабзда бўлиб ўтган бахши шоирларнинг кўрик танловида Ўзбекистон телевидениесининг журналисти Ўрол Ўтаев Қодир ака, умуман нечта достон биласиз, деб сўраганида у киши дўмбирасини қўлига олиб бир паста "Нима айтай?" термасини тўқиб ташлаганди:

Ботирлар ҳайдайди майдонга отди,                               Элга эл қўшилса бахтдир , давлатдир.                               Ўн саккиз ёшимда дўмбира бериб                                     Қўшиқ айт деб устозларим ўргатди.

Қулоқ солсанг даврадаги халойиқ,                                     Достонларни бир-бир қатор қилайлик,                               Яхшисини қочирмайин ушланглар,                                     Кўпайишиб хўб айтишиб кўрайлик.

Ёмон достон куйлаб, яхши қолмасин,                               Тингловчилар "бўлмайди" деб турмасин,                               Кўпайишиб биттасини ушланглар,                               Ботир бўлсин асло қўрқоқ бўлмасин.

Сафда турар мана "Ширин ва Шакар",                               От устида қилич сермар "Гулковсар",                               Ошиқ бўлиб оҳ, деб ўтди жаҳонда,                               Моҳна билан айтишолмай Ойсавсар.

Рустам ўтди икки кўзи кўр бўлиб,                                     Рустам ўтди бу дунёда зўр бўлиб.                                     Айтайми, қўнғиротнинг шеридан,                                     Душманини сермаб отган нор бўлиб.

Айтайинми "Холбека"дай ошиқдан,                               "Тоҳир – Зуҳра" гул узатган бешикдан,

"Юсуф – Зулайхо" ҳам ўтган оҳ уриб,                              "Лайли – Мажнун" зор йиғлаган ёшликдан.

Гўрўғлининг ўзи ўттизта достон                                     Ўн беш достон бўлиб юрар "Авазхон".                               Икки ойда етолмаган устозлар –                                     Айтганда ҳам қолиб кетган "Гулнозхон".

      "Ҳасанхон"дан сўйлайинми, "Равшан"дан,                               Ё "Нурали" кезган боғу гулшандан,                                           «Кунтўғмиш» ёхуд "Ойчинор" бўлсин,                                     Ё давримиз қозонган довруғи шондан.

Достонлар сафида турар "Зайдиной",                               Ундан қолишмайди асло "Гулшаной",                               Барчасидан гўзалликда беназир,                                     Нафосатли, назокатли "Келиной".

Ботир билмас юрса товнинг ўрини,                               Қўнғиротнинг "Алпомиш"дай зўрини,                               Барчин бека ўзи битта достондир,                              Ё айтайми, "Ёдгоржон"дай шерини.      

Гоҳи давраларда қўшиқ куйладим,                                     Инсон дардин бор вужуддан сўйладим,                               Қайғу ғамлар қолди бугун орқада,                                     Улуғ замон ҳақда достон айладим.

Ойша ўтди душманлардан ўч олиб,                               Омон ўтди мажнунтолдай ирғалиб.                               Эшқораман Дўстқорадан айтайми,                               Олишганда чиққан душмандан ғолиб.

Эртаклар ҳам ошар икки бор юздан,                               Термалару қўшиқлар ҳам юз-юздан,                               Топишмоқ, мақоллар саноғи йўқдир,                               Қайсидан айтай, деб сўрайман сиздан.

Қуёш эритади товнинг қорини,                                     Сизга айтай бисотимда борини,                                     Қайсисини агар маъқул десангиз,                                     Мақтай-мақтай айтай ўша зўрини.

Қодир бахши бу дам жўшиб бораман,                               Айтай деман селдай тошиб бораман,                               Дўмбирамдан шод нағмалар келтириб,                              Оҳангига маъно қўшиб бораман…

Ҳа, бу ҳам Қодир бахши талантининг ўзига хос, янги қирраси. Бу ўринда бахшининг бадиҳагўйлик қобилиятидан ташқари унинг ижодий имконияти нақадар ранг-баранг, бой ва сермазмун эканлигидан далолат берар эди. Қодир бахши Раҳимовни 1982 йилнинг баҳорида Олма Отага чақириб қолишади. Бахшилар танловида 200 дан зиёд бахши иштирок этади. Анжуманда Қозоқ, Туркман, Тожик, Қирғиз, Озарбайжон, Муғул,Балқардан машҳур бахшилар, моҳир созчилар йиғилишади. Беллашувнинг илк шартига кўра ҳамма ўз созини мақтайди. Сўнгра юрт таърифига ўтилади. Қодир бахши дўмбира куйини бироз ўзгартириб, ўйноқи, шўх оҳангда "Ораласам бўстоним, айтаверсам достоним, қуёшдайин порлайвер менинг Ўзбекистоним" термасини маҳорат билан ижро этади.

Достончиликдаги анъанавий усулда ҳар ким ўз мардини куйлаш шартидан сўнг даъвогарлар анча сийраклашиб қолади. Хуллас, уч кунлик беллашувдан сўнг биринчиликка даъвогар Қозоқ оқини билан Қодир бахши қолади. Шунда бош ҳакам икковинг ҳам мактаб кўрган, устоз фотиҳасини олган, илдизи бақувват чинор экансизлар,-деб роса мақтаб шундай шарт қўяди: ўзбекнинг Жуманбулбули, Ислому Пулкани бор, Қозоқнинг Абайи бор. Қозоқ оқинига сен ўзбек оғангнинг улуғларини мақта, сен Қодир Жамбул, Абайни таърифла, деб биринчи навбатни Қодир бахшига беради бир дақиқалиқ танаффусдан сўнг микрафонга яқинлашган Қодир бахшининг кўз ўнгидан бир-бир устозлари, пирлари сиймоси ўтади. Худо мададкор бўлсин, дея қозоқ элининг булбулларини таърифлай бошлайди:

Қозоқнинг зўр оқинлари,                          Халқ қалбининг чақинлари,                                      Ўзбек элнинг яқинлари,                                      Жамбул билан Абай-иков.

Қозоқ элин улуғлигин                                      Ҳосилининг булуғлигин                                            Лекин ранги сулуғлигин                          Куйлар Жамбул, Абай-иков,

Халқлар доим қардошлигин,                                      Ўзбек, Қозоқ қондошлигин                                      Яшашда ҳам ёндошлигин                          Сўйлар Жамбул, Абай-иков.

Оқинлариман айтишиб,                                                 Ғолибликка хўп тортишиб,                                                 Куйладикда илҳом тошиб,                                                 Ўзбек мену Қозоқ иков,

Улар элга бўлиб падар,                                            Бахт улашди само қадар,                                Қодир айтдим имкон қадар                          Устоз Жамбул, Абай-иков.

Қодир бахши термани тугатиши билан залдаги томошабинлар, беллашувда иштирок этган бахшилар-у созчилар, ҳатто ҳайъат аъзолари ҳам ўрнидан туриб чапак чала бошлайди. Дўмбирасини созлаб айтишувга шайланиб турган рақиби-Қозоқ оқини югуриб келиб Қодир бахшини бағрига босади. Бугунча ўзбегим, ўз оғам ғолиб дея унинг қўлини баланд кўтаради.

1974 йилда эса дунё маданиятининг бешикларидан бири Париж шаҳрида ўтказилган халқ оғзаки ижодкорларининг Бутунжаҳон конгрессида Қодир бахши ҳам иштирок этади.

Жаҳоннинг манаман деган оқину бахшилари қатнашган йиғинда ҳар бир иштирокчи учун ўз саньатини намойиш этишга беш дақиқадан вақт берилади. Анжуман ҳакамларига дастлаб мўъжазгина бўлиб кўринган Қодир бахшининг вужуди у куйлаган сайин улуғворлик касб эта боради. Қодир бахши қисқагина термасида ўз юрти, унинг гўзал тоғлари, хазиналарга бой даштларини таъриф ва тавсиф этади. Унинг ширали ва жарангдор овози, дўмбирасининг саси тўпланганларни сеҳрлаб қўяди.

Беш минг кишилик йирик концерт залида ҳамма оёққа қалқиб, қарсак билан Қодир бахшини олқишлашади.

1981 йил сентябр ойининг бошлари,қўшни Тожикистонда ўзбек адабиёти ва санъати кунларини ўтказиб қайтаётган санъаткорлар, адиб ва шоирлар тоғли Деҳқонободда бир муддат тўхтаб тушлик қилишни лозим топишади. Улар сафида ўзбек адабиётининг таниқли вакиллари Зулфия Исроилова, Сарвар Азимов, Пиримқул Қодиров, Мирмуҳсин, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Назармат ва бошқалар бор эди. Адабиёт ва санъат намоёндаларининг Деҳқонободда тўхташини билган туман фирқа қумитасининг котиби Қодир бахшини айттириб келади. Давра айни қизиган, мушоира авж олганда, котиб "Бизда бир бахши бор, эшитиб кўрмайсизларми?" дея Қодир бахшини таништиради. Халқ оғзаки ижодининг яхши билимдони, болалиқда Фозил шоирдек достончиларни кўп бор тинглаган таниқли адиб, драматург ва адабиётшунос, ўша вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган Сарвар Азимов бу таклифни хурсандчилик билан маъқуллайди.

Давранинг қуйироғида ўтирган Қодир бахши меҳмонларга салом бериб, дўмбирани қўлига олиб, бир шўх куйни ижро этгач, "Қашқадарё" термасини бошлайди. Терманинг учинчи банди ўта кўтаринкилик билан ижро этилганда, давранинг тўрида утирган Зулфия бундан таъсирланиб, бахшидан ўша бандни яна қайтаришни сўрайди:

Тоғ бошида оппоқ қор,                                           Тинмай соғар сутини,                                           Бир томонда Қашқанг бор,                               Қамчилайди отини.

Барча ижодкорлар қатори Зулфияхоним ҳам ҳайрат билан юқоридаги сатрларни такрорлашиб, "Қойил, бахши, шунча йил ижод қилиб, бундай мукаммал тасвирни учратмагандик", дея бу кутилмаган ташбеҳга юксак баҳо берадилар.

Бахши яна "Ойпари" ва "Ўзбекистон" термаларини ҳам куйлайди. Эртаси куни вилоят маркази-Қарши шаҳрида ўтказилган Ёзувчилар уюшмасининг кўчма мажлисида, ҳали ҳеч қандай китоби чиқмаган бўлсада, ўша вақтдаги анъанага зид ҳолда Қодир бахши Раҳим ўғли Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинади. Унинг уюшма аъзолигига қабул қилиниши учун эса Зулфия, Мирмуҳсин. Назармат тавсиянома беришади.

Бу ҳаётий воқеа орқали биз севимли шоирамиз Зулфияхонимнинг халқ оғзаки ижоди вакилларига, хусусан, бахши шоирларга юксак ҳурмат-эҳтиромини ҳис этамиз.

Шўро мафкурасининг қиличи бошда ўйнаб турган 1981 йилда Зулфия тавсияси билан бу эзгу ишга қўл урилганидан, севимли шоирамизнинг нафақат вафо ва садоқат тимсоли, балки катта жасорат соҳиби экани яққол намоён бўлади.

Зеро Қодир бахши ҳалол, пок яшашни умрининг мазмуни, деб билган, ёшлигидан етимлик азобини бошидан кечирган тили билан дили бир инсон эди.

1986 йили Қодир бахшининг вафот этганлиги ҳақидаги шум хабарни эшитган барча инсонлар, мухлислари, шогирдлари қаттиқ изтироб чекдилар. Қодир бахши вафотидан сўнг етим бутадай бўзлаб, юрак бағрини тузлаб юрган “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”,давримизнинг етук адабиётшунос олими, таниқли фольклоршунос Абдиолим Эргашев "Қодир бахшининг айтилмаган сўнгги қўшиғи" шеърини ёзди.

                  Дарёдайин жўшган эдим                                                            Қирғоқлардан тошган эдим                                                            Қайдан билай, уларим-ай,                                                            У бошгинам тошдан девдим.

                  Ғунча банддан узилди-я                                                                  Нечун кўнгил бузилди-я                                                                  Нетай армон билан кетдим                                                            Умрим ипи узилди-я!

Қолди сонсиз, достонларим,                                          Олисларда осмонларим…                                          Айтарман-ку, кейин девдим                                           Айтилмади достонларим.

                  Ўйлаб-ўйлаб сўйладим, ҳей,                                                             Не йиғинда куйладим ҳей,                                                             Кулдириб гоҳ йиғлатиб-а,                                                             Фақат элим ўйладим, ҳей.

Созимни хўб елдирдим мен,                    Дўстларимни кулдирдим мен.                          Достон сўйлаб, терма сўйлаб,               Нопокларни ўлдирдим мен.

Орзуларим кўп эди-ей,                                      Ижод сомон йўл эди-ей                                Тушмай қолган қоғозга-я                                Кўзда ёшим мўл бўлди-я.

Узр элим, дардларимни                          Юракдаги гардларимни,                                Сизга достон қилолмадим,                                     Қанча майдон мардларимни.


Умримга бир қарадим-ку,                                           Билмаганим ўрадим-ку,                                           Айтишувда зўрлар билан,                                           Пойгаларда ярадим-ку.

Аммо дилим тилмагайман,                                           Армон билан синмагайман,                                           Сойдай тошиб ўтдим мано,                                           Қуримасман тинмагайман.

Қодир бахши чинакамига ел назарига тушган, Хизр назар қилган ижодкор эди. Бахши кирган давраларга гуркираб илоҳий бир руҳ кирар эди. У кишининг илҳоми доимо ўзи билан бирга юрар эди. Қуйма мисралар, шеър, терма ва достонлари давраларга ўзидан илгари етиб борар эди.

Бир гал ижодкорлардан бири Қодир бахши Раҳим ўғлидан бахшичилиқда устоз ва шогирд анъаналари хусусида сўраганларида у шундай деганди: "Мен шогирд танлашда ҳам устозим Умир бахши анъанасига амал қиламан. Яъни ҳар бир шогирдни беш-олти ой ҳар томонлама синовдан ўтказиб, кейин санъатимни ўргатаман. Шу тариқа Қоҳҳор, Абдумурод, Баҳодир, Баҳром Раҳимовлар, Маҳматмурод бахши, Шодмон бахши, Муҳаммад Эшбоев, Мусурмонқул, Абди ва Дархонлик Абдураҳмон, Нортожи, Абдирашид бахши Боймуродов, Рўзи Қултўраев, Бобораҳим Маматмуродов, Бекназар Раҳматов, Ёдгор Хўжаев каби ўнлаб шогирдларни тайёрладим. Шогирдларим орасида Сурхандарёлик Шодмон Хўжамбердиев бахшилик санъатига жуда барвақт қадам қўйди. Шодмон сўзга чечанлиги, хотираси кучлилиги ва халқ услубида термалар айтиш салоҳияти билан бошқалардан ажралиб туради". Зотан Шодмон бахши шу кунгача кўплаб халқ достонларини ўрганди. Бу ҳар қандай ёш бахши ҳавас қилса арзигулик муваффақият. Зеро, Шодмоннинг яна бир фазилати шундаки, у доим изланишда. Ҳар бир термани ўз куйи ва овози билан айтишга ҳаракат қилади. Достонлар айтганда эса, сўзнинг, воқеанинг келишига қараб куй чалади.

Ҳар гал атоқли бахши Қодир Раҳим ўғлини эслаганимизда беихтиёр унинг шогирдларидан бири куйлаган қуйидаги қуйма мисралар ёдга тушаверади .

Сен борган ерларинг миннатдор бўлиб,              Бормаган ерларинг гинадор бўлиб,                    Тинглаган дилларни элу-дўст билдинг,                    Ёлтоқ ғанимларни песу-паст билдинг, Айтмаган сўзларинг дўмбиранг айтди,                    Париж ёқлардан ҳам гумбирлаб қайтди…

Одатда элнинг ардоқли, севикли фарзандлари халқнинг келажагига жонини фидо қилиб яшайди. Ана шундай фидойи инсонлардан бири Қодир бахши Раҳим ўғли эди. Қашқадарёнинг ҳадсиз, ҳудудсиз кенгликлари каби қалби ҳам сарҳадсиз бахши, созчи, овози булбулни доғда қолдирувчи куйчи эди у. Хуллас, ошуфта қалбларни ўзига бир нафасда ром қилувчи овоз соҳиби, қувваи ҳофизаси теран шоир Қодир Раҳим ўғли худди шундай беназир, бетокрор ижодкор эди.

Қаҳҳор бахши Раҳимов

“ Ўзбекистон халқ бахшиси”

Бахшичилик – санъат, мактаб. Тарихи минг йилларга туташ бу мактаб ҳақида сўз очганда Эргаш Жуманбулбул ўғли, Пулкан шоир, Фозил шоир, Ислом шоир, Абдулла шоир, Умир шоир… Қодир бахшилар кўз олдимизга келади. Улар ўзининг сеҳрли сози, ширали овози билан минглаб, миллионлаб қалбларни ҳаёжонга солган. Устозлар йўлини тутиб, шундай гўзал анъанани давом эттираётган, кўнгилга чинакам маънода соз ва сўз сеҳрини жо этаётган забардаст бахшилардан бири – Қаҳҳор бахши Раҳимовдир.

Қаҳҳор бахши Раҳимов 1957 йилнинг 2- февралида Деҳқонобод туманининг Хўжамаҳмуд қишлоғида бахшичилиқда донг таратган машҳур Қодир бахши Раҳимовнинг хонодонида дунёга келди. Бахшичилик Қаҳҳорнинг қонида бор. Қаҳҳор бахшининг онаси Мопархол опа унинг болалигини шундай ҳикоя қилади.

–Дўмбира Қаҳҳорнинг эгизаги десам хато бўлмайди. Раҳматли эрим йўргақдаги Қаҳҳорни бир суйса, созини икки суярди. Қаҳҳор кўкрак ёши чоғида ўчоқ бошида куймаланиб, тандирга олов қалаб юрганимда йиғлаб қолса, отаси раҳматли соз чалиб овутарди. Сизга ёлғон, менга чин, дўмбира садоси янграши билан йиғлаб турган чақалоқ тиниб, оҳангга қулоқ тутганча бир зумда пишиллаб уйқуга кетар, сўнгра отаси:

– Онаси, йиғлоқи ўғлинг ухлади, – дердилар.

Шу – шу Қаҳҳор дўмбирадан бир қадам ҳам узоқлашмади. Оёқ чиқарганидан отаси мактабга ( у киши мактабда ўқитувчи бўлиб ишлардилар) кетганда дўмбирани попугидан ушлаб судраб юрарди.

– Бунинг бир куни дўмбирамни синдириб қўяди, – деб койинардилар отаси. Тўрт ёшга кирганида бўйига мослаб, қошиқдан сал катта дўмбира олиб бериб қутулдилар. Қаҳҳор бахши ёшлик чоғларини қуйидагича ифодалайди.

– Уйимизда тез – тез бахшилар гурунги, гап – гаштак бўлиб турарди. Ҳеч бўлмаганда отамнинг беш – олти жўралари келиб:

– Қодир, янгиларидан айтиб бер – дейишар, отам онамга қозонга ўт қалатиб, овқат тадорогини кўрдирар, сўнгра дўмбира чертиб, достон айтишга тушардилар.

Меҳмонхонамизга айвондан ўтиб кириларди. Кўпинча менга хонадан жой етмаса, шу ерда ўтириб олардим.

Ҳам соз, сўзнинг унчалик фаҳмига етмасамда, давра тарқамагунча жойимни тарк этмасдим. Шундай гаштакларнинг бирида меҳмонхона тўлиблар кетди. Кўпчилик ичкарида жой етишмаслигидан айвонда чордона қуриб ўтиришди. Мен ҳам уларнинг сафига қўшилиб олдим. Отам шу куни ҳар кунгидан ҳам жўшиблар айтди, дўмбира сайради десам кам бўлар, бир парча ёғоч нолалар қилди.

Ўтирибман, вужудим зир қаҳшаб, достоннинг охири кўринмас, одамлар тарқалишни хаёлларига ҳам келтирмасди. Олти ёшли гўдак, туриб кетай десам даврани кўзим қиймайди, тун ярмидан оққанда уйқу элитибди. Онам секингина кутариб, жойимга келтириб ётқизибдилар. Кўп ўтмай уйғониб кетибман, дўмбира овози баландлагандан, баландлаб борарди, сакраб ўрнимдан туриб:

– Достон эшитмоқчи эдим, мени ким бу ерга келтирди? – деб хархаша қилган чатағин даврага бориб қўшилибман.

Отам бирров ҳовлига чиққанларида яна кўзим илинган экан.

– Болангга қарасанг бўлмайдими, – деб онамни койибдилар.

– Нима қилай, боя жойига кўтариб келгандим, уйғониб кетиб, тоза ғингшиди, охири "Бор-ей, уйқудан қолсанг ўзингга", деб чиқариб юбордим.

Отам:

– Бунингнинг қулоғи дўмбирадан бошқа нарсани эшитмайди. Майли сен дамингни олавер, Қаҳҳорни ёнимга олиб кираман, ётса ичкарида ётар, – дебдиларда,мени меҳмонхонага олиб кирибдилар…

– Мен достон куйлашни бешикдалик чоғимдаёқ ўрганганман, – деди Қаҳҳор бахши отамерос дўмбирасини созлай туриб-отам қирқ ёшга тўлганида бахшичиликнинг энг юқори поғонасини забт эта олган. Негаки шу ёшида мамлакатимиз бахшилари орасида энг кўп – 74 та достонни ёд олган ва эл орасида куйлаган. Рости, дўмбиранинг саси қон – қонимга сингиб кетган. Бусиз ҳаётимни тасаввур этолмайман.

– Болалигимизда уйимизга Қашқадарё ва Сурхондарёнинг барча туманларидан отамнинг шогирдлари тез – тез келиб турарди. Тонгга давур достонлар куйлашарди. Отам ўзи раҳмдил, бироқ талабчан устоз эди. Қай бир шогирдини баҳсу беллашувда рағбатлантирса, бошқасини жазоларди. Жазога тортилган шогирдларини айтишувдан сўнг алоҳида олиб қолиб, батафсил тушунчалар берар, узр сўрашни ҳам унутмас эди. Отамнинг ана шу хислатларими, шогирдларига ёқиб тушиб, устозидан ҳеч ҳам хафа бўлмасди. Аксинча, атрофида парвона бўлаверарди. Отам шогирдларини, баъзида мени ҳам ёнига олиб, ҳафталаб, ойлаб элнинг тўю маъракаларида хизматда бўларди. Бу эса биз учун "Маҳорат мактаби" вазифасини ўтарди. Нимаики ўрганган ва билган бўлсам, отам ва шогирдлари ёнида юриб, илғаб олганман. Отам зеҳнимга кўп бора тасанно айтгани ёдимда. Бугун шогирдларимдан ҳам шуни талаб қиламан. Чин бахши халқона бўлади. Халқона дегани бу туғма талант дегани. Бахшига Худо истеъдод бермаса бахши бўлмайди.

Қаҳҳор бахши, умуман, Раҳимовлар сулоласи ҳақида гап кетганда, дастлаб унинг падари Қодир бахши Раҳим ўғли, бобоси Раҳим бахши, катта боболари Жоббор бахшиларни эсламасликнинг сира иложи йўқ. Негаки, улар ҳаёти мазмунини бахшичилиқдагина деб билмасдан, халқ оғзаки ижоди маҳсули саналган достон, лапар ва термаларни устозларидан пухта ўрганиб, келгуси авлодга етказишда кўприк вазифасини ҳам ўтаган. Қаҳҳор бахшининг тоғалари – Ражаб бахши, Нормурод бахшилар ҳам бахшичилиқда ном таратган, "тўрғай" овоз соҳиби бўлишган.                  Термаю достонларни маромига етказиб куйлаган. Демакки бахшичилик Қаҳҳор бахши Раҳимовлар сулоласининг қонида бор бобомерос дўмбира ҳеч қачон ерда қолмагай. Улар – бахшичиликнинг ҳақиқий усталаридир.

Қаҳҳор бахши отасига атаб марсия ёзган: У "Кўринмас" деб номланади. Бу марсияда Қодир бахшига хос хислатлар маҳорат билан куйланади.

                  Чўлда карвон келяпти, олдида нор кўринмас,                                          Осмонда булутлар кўп тоғларда қор кўринмас.                                          Давом этар йиғинлар атрофларга қарайман,                                           Келбатли, салобатли Отажоним кўринмас.

                  Карвон юрса йўлларда йўл бошлаган нор эди,                                           Бахшилар бел боғлашса, ҳар йиғинда зўр эди.                                           Ҳурматли эди элда, барча баробар эди,                                                 Ор талашган сардорим эл ичида кўринмас.

                  Оқшом бошлаб достонни, қирқ кечада биткариб,                                     Алпомишни Ойбарчиннинг висолига еткариб,                                           Ёш – қарининг қалбидан бор армонни кеткариб,                                     Тебраниб куйлаётган денгиз отам кўринмас.

                  Гўрўғлини ўйнатиб толғир отга миндириб,                                           Боғ эрамда Мисқолнинг юрагини ёндириб,                                           Зарба қилса арчанинг танасини синдириб,                                           Сел каби оқаётган тошқин дарё кўринмас.

                  Овозидан қув ёғоч мева боғлар шохига,                                                 Ҳай – ҳай деган товуши етар Кўтан товига,                                           Мамизига Гўрўғли ташлар эди ёвига.                                                 Чин берилиб куйласа тоғу – тошлар йиғларди,

                  Тулғониб куйлаганда музлар оқар сел бўлиб,                                           Гар ёғочни мақтаса очиларди гул бўлиб,                                                 Даврадаги чолларнинг кўз ёшлари кўл бўлиб.                                           "Қунтўғмиш"ни айтганда нор отам йиғларди.

                  Достон айтса баланд тоғ силжиб келар қошига,                                     Ҳавас билан кўп булут соя солар бошига,                                           Ҳатто метин тошларни келтирарди ҳушига,                                           Гоҳ хўрланиб куйласа полвон тошлар йиғларди.

                  Минг нағмада чертарди қўлидаги созини,                                           Тоғдай маънога буркаб гапирарди сўзини,                                           Овозга соз қўшарди қўй топгандай қўзини,                                           Жамиратиб айтганда кўкда қушлар йиғларди,

                  Боғбон эди гулларга гуллар ўсиб барқ урар,                                           Қодир бахши номини асрларга топширар,                                           Фарзанди, шогирдлари сел мисоли жўш урар                                           Улуғ бахшини эслаб гўдак ёшлар йиғларди.                                           Норинг ўлса норчанг бор юкинг ерда қолмайди,                                     Бегинг ўлса бекчанг бор соз эгасиз бўлмайди,                                           Қаҳҳор бахши отланса мисол яшин келмайди,                                           Хафа бўлма ўзбегим жоним Ўзбекистоним.

Йиллар карвони из солиб ўтаверди. Кунлардан бир кун Қаҳҳор қисматига бахшиликнинг нони ёзилганини дилдан ҳис қилди.

– Отам ҳақида гапирмай қўяқолай, онамнинг алласини бир эшитсангиз эди. Бу овозда оналарга хос меҳр-муҳаббат, аёлларга хос мунг, дилларни ўртагувчи оҳанг бор эди. Онам алла айтганларида қўни-қўшнилар ҳам, шу яқиндан ўтиб бораётганлар ҳам эшиқдан сездирмай қараб туришар экан. Ўзимизнинг қишлокку майли, ҳатто қўшни қишлоқлардан ҳам оналар йиғлоқи болаларини олиб келиб, онамга алла айттиришарди. Мактабга бориб, саводим чиққандан сўнг мен "ўғри"га айландим. Йўқ, бу бировларнинг мол ҳолини умариш маъносидаги ўғрилик эмас эди, отам ишга кетишлари билан астагина, ҳатто онамга ҳам сездирмасдан у кишининг хоналарига кириб олар, тун буйи қилган ижодларини ўқир, давомини ёзишларини сабрсизлик билан кутардим. Айни ўша кезларда мен ўқиганларим таъсирида дўмбира чертиб, хиргойи этишни одатга айлантирдим. Гапнинг сираси, қулоғим отам чертган дўмбира оҳанглари билан очилди, ғазалхонлигим онамнинг алласидан нолаларини эшитиб шаклланди, бахшилигим "Алпомиш"ни тинглаб юз кўрсатди. "Алпомиш" катта мактаб экан, мукаммал мактаб экан. Бахши бўламан дегани уни тинглаб, мисраларини ёд олиб, оҳангларга жўр бўлиб шу йўлга тетапоя қилар экан. Мен ҳам "Алпомиш" билан давраларга кириб келдим. Отамнинг етовида, у киши айтган достонларни, у киши ижод қилган термаларни куйлаб аста-секин эл дилидан жой топиб бордим.

Қашқадарё воҳасининг бахши-оқинлари.

Подняться наверх