Читать книгу АННА ГЕРМАН - - Страница 1
ОглавлениеАННА ГЕРМАН
Асрор МЎМИН
АННА ГЕРМАН
Эссе, шеър ва қўшиқлар
Эссе, стихотворение и песни
Ўзбек ва рус тилларида
На узбекском и русском
ТОШКЕНТ
“ТАФАККУР ҚАНОТИ”
2020
Таниқли эстрада хонандаси Анна Герман Урганч шаҳрида туғилган. У эстрада осмонида офтобдай порлаган кезларда ҳам туғилган юртини дилида сақлаган. Буни урганчлик мухлисига ёзган мактубидаги қуйидаги сўзлардан ҳам билса бўлади: “Болалик йилларим ёдимда ҳануз!..” Шу боис у дунёнинг машҳур саҳналарида қўшиқ куйламасин, Ўзбекистонга келишни орзу қилиб яшади. Анна Германнинг орзуси 1979 йилда рўёбга чиқди. Ҳатто Тошкентдаги катта санъат кошонасида тезкор суръатда концерти ташкил этилди. Концерт тезкор суръатда ташкил этилганига қарамай зал мухлисларга тўла бўлди.
Биз ушбу тўпламда эстрада юлдузимизга бағишланган эссени, шеър ва қўшиқларидан намуналарни, шунингдек, унинг суратларини эътиборингизга ҳавола этаяпмиз.
АННА ГЕРМАННИНГ “УМИД” ЮЛДУЗИ
Ўтган асрнинг 60-70-йилларида эстрада юлдузи Анна Германнинг дилбар қўшиқларидан барча шинавандалар ҳайратга тушарди. Унинг “Умид”, “Севги садоси”, “Боғлар гуллаганда”, “Аве Мария”, “Чарақла, чарақла менинг юлдузим” каби қўшиқлари янграганда олам тин олган, шинавандаларга тўлган нуфузли концерт заллари олқишларга кўмилган. Бу қўшиқлар ҳозир ҳам қаерда янграмасин шинавандалар ҳайрат билан тинглайдилар.
Кўпчилик ҳамюртларимиз Анна Герман эстрада юлдузи бўлиб танилгандан кейин Ўзбекистонга келганми деган саволга жавоб излашади. Бу табиий, албатта. Чунки Анна Урганчда Евгений Герман ва Ирма Мартенс оиласида 1936 йил 14 февраль куни дунёга келган. У отаси меҳрига тўймади. Келиб чиқиши немис бўлган, ун заводида бухгалтерлик қилаётган Германга чет эл жосуси деган айб қўйилиб, 1937 йил 26 сентябрда қамоққа олинди. Қатағон даврида бундай айб қўйилганлар омон қолмасди. Герман ҳам 1938 йил 11 октябрда қатағон қурбони бўлди(У 1956 йилда оқланди).
Ўқитувчи бўлиб ишлаётган Ирма эрининг отаси 1929 йилда қамоққа олинганидан кейин бедарак кетганлигини билгани, яқин қариндошлари бирин-кетин ҳибсга олинаётганини кўриб тургани учун хавотирда яшарди. У онаси ва қизини олиб бехавотир жойларга кетишни истарди. Балки шунинг учун ўз юртига олиб кетишга ваъда берган поляк Ядвит Германга турмушга чиққандир. Балки бу тақдирдир.
Шу ўринда бир ярим ёшда отасидан айрилган Аннанинг Ядвитга айтган гапларини эслашимиз керак: “Мен сизни онам севгани учун ҳурмат қиламан. Лекин сизни амаки дейман. Чунки менинг отам битта. Сиз менга амакисиз”. Аннанинг бу гапларини эслаб қолинг.
Энди уйда поляк мумтоз қўшиқлари ёзилган грампластинкалар тез-тез қўйиладиган бўлди. Бу Аннанинг қалбида мусиқага қизиқишини ошириб юборди. Бироқ уруш бошланди. Ядвит ҳам урушга жўнаб кетди. Ундан келаётган хатлар оқими 1943 йилда бирдан тўхтади(1950 йили келибгина унинг Белоруссиядаги жангда ҳалок бўлганидан хабар топишди).
Анна эса улғаярди. Болаларга қўшилиб қўнғироқдай овози билан қўшиқ куйларди. Онаси уни олти ёшида бир композиторнинг ижодий учрашувига олиб борди. Бу Аннада катта қизиқиш уйғотди. Кейинчалик онаси қизини мактабдаги мусиқа ўқитувчисининг тўгарак машғулотларига олиб бора бошлади. Айнан Урганчдаги мактабда Анна пианино чалишни ўрганган.
Уруш тугади. Ирма польшалик билан никоҳи қайд этилгани учун 1946 йилда онаси ва қизи билан бирга умр йўлдошини излаб Польшага йўл олди. Уларга Вроцлав шаҳридан бошпана беришди. Онаси аввал кир ювувчи бўлиб ишлади, поляк тилини ўрганиб олгач, ўқитувчилик қила бошлади. Аннани 3-синфга ўқишга қабул қилишди. Қобилиятли Анна поляк тилини тезда ўрганди. Буни 1947 йилда мактабда рус зобитлари билан учрашувда унинг таржимонлик қилганидан билсак бўлади. У 5-синфда Янги йил байрамида Қорқиз ролини ижро этди ва қўшиқ куйлади. Умуман олганда, мактаб даврида Анна рассомликка қизиқиб қолди. Лекин онасининг маслаҳати билан Вроцлав политехника институтининг геология факультетига ўқишга кирди.
Бари бир санъатга бўлган қизиқиш устун чиқди. Анна 1960 йилда талабаларнинг “Каламбур” ҳаваскорлик тўгарагида дастлабки қўшиқларини куйлади. Айнан ўша йили муҳандис Збигнев Тухолский билан танишиб қолди ва уларнинг севги достони бошланди. Аннанинг қобилиятини кўрган Юлиан Кшивка ўз ансамблига таклиф этди. Бу ижодий ҳамкорлик 1963 йилда Сопот фестивалида ўз самарасини берди. У фестивалда иккинчи ўринга муносиб кўрилди. 1964 йилдан Анна Германнинг юлдузли онлари бошланди. Ополь, Сопот, Вена, Сан-Ремо каби шаҳарларда ўтказилган фестивалларда Аннанинг ёрқин истеъдоди эътироф этилди.
Италия компанияси билан тузилган шартномага кўра Анна шу мамлакатда бир қанча концерт бериши керак эди. 1967 йил 27 август куни Форли шаҳарчасида берилган концертдан Миланга қайтиб келаётган вақтда ҳайдовчи ухлаб қолгани учун катта тезликда ҳаракатланаётган машина йўлдан чиқиб кетди. Анна машина деразасидан 10-15 метр нарига бориб тушди… Милан касалхонасида Анна 14 кун ҳушсиз ётди. Бу вақтда Миланга етиб келган онаси ва Тухолский бошида парвона бўлди. Бир муддатдан кейин Анна гипс ҳолида Польшага қайтди ва муолажани давом эттирди.
Қилт этмай гипсда ётган кунларида Аннанинг кўз олдидан Урганчда ўтган беғубор болалиги ўтарди. Тушларига Урганч кўчалари кириб чиқарди. Шу ўринда яна Аннанинг ўгай отасига айтган гапини эслашимиз керак;
– Мен сизни онам севгани учун ҳурмат қиламан. Лекин сизни амаки дейман. Чунки менинг отам битта. Сиз менга амакисиз.
Бир ярим ёшида отадан айрилган Аннанинг фикрини ўқир эканман, ҳар доим у беғубор болалигининг ўн йили ўтган Урганч, Ўзбекистон ҳақида нима дер эди деб ўйлайман. Агар Аннанинг феъл-атворидан келиб чиқадиган бўлсак, у бу борада шундай дер эди:
– Бизни бағрига олгани учун Польшадан умрбод миннатдорман ва Польша фуқароси бўлганимданан фахрланаман. Лекин одам учун Ватан битта бўлади. Мен учун Ватан – Урганч, Ўзбекистон!
Дарҳақиқат, Анна касал ётган вақтида мухлисларидан минглаб мактублар олди. У урганчлик мухлисига, жумладан шундай жавоб ёзганди: “Болалик йилларим ёдимда ҳануз!..”
Гипсланган Анна ўнг қўлини ҳаракатлантира олиши билан ўзи ҳақида китоб ёза бошлади. Муолажани уйда давом эттиришга рухсат беришганда, Тухолский ёрдамида жисмоний машқлар бажарди. Қолган вақтида “Соррентога қайт” китобини ёзиб тугатди. 1970 йилда кўп нусхада чоп этилган бу китоб қўлма-қўл бўлиб кетди. Бутунлай гипсдан фориғ бўлган Анна Збигнев Тухолский ижарага олган пианинода “Одамлар тақдири” туркум қўшиқлари ва петербурглик дугонаси Анна Качалина жўнатган қўшиқлар клавитураси устида ишлай бошлади. Бу қўшиқлар орасида Николай Добронравов шеъри, Александра Пахмутова мусиқаси билан айтиладиган “Умид” қўшиғи ҳам бор эди. Анна ҳассага таянганча овоз ёзиш студиясига бориб, бу қўшиқларни ёздирди. Бу қўшиқлар ёзилган грампластинкалар қайта-қайта минглаб нусхаларда сотувга чиқарилди. Айниқса, “Умид” қўшиғи нафақат шинавандаларга, балки Аннанинг ўзига ҳам умид бағишлади.