Читать книгу АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб - - Страница 1
ОглавлениеАБДУЖАЛОЛ РАҲИМ
АБУ АЛИ ИБН СИНО
(РОМАН)
Биринчи китоб
Тошкент – 2019
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
“Ижод” жамоат фонди
Абдужалол РАҲИМ
АБУ АЛИ ибн СИНО
(роман)
Биринчи китоб
Шарқу Ғарбда бир овоздан Шайх ур-раис (Олимлар йўлбошчиси) дея эътироф этилган Абу Али ибн Сино илмий, адабий, фалсафий мероси дунё илм-фани ва маданияти тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилганини яхши биламиз. Шу боисдан ҳам ўрта асрларга оид миниатюраларда ул зотни ҳақли равишда Аристотель, Платон, Птомелей, Гиппократ, Гален, Эвклид каби фаннинг буюк намояндалари билан бир қаторда тасвирлаб келишган.
“Ибн Сино ўзининг ижоди ҳамда яратган асарларининг аҳамияти жиҳатидан бутун инсониятга тегишлидир. Унинг фаолияти ҳақиқат ва ақл-идрок талабларига асосланган эди”, дея таъкидланади Жаҳон Тинчлик Конгресси ҳужжатларида.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Энг яхши асарлар” (2018) танлови ғолиби сифатида эътироф этилган мазкур романда буюк ватандошимизнинг болалиги, ўсмирлиги, ҳаётининг 1005 йилгача, яъни йигирма беш ёшигача Бухорода кечган даври қаламга олинган.
Маслаҳатчи:
Абдукарим УСМОНХЎЖАЕВ,
тиббиёт фанлари номзоди, Ибн Сино жамоат фонди илмий маслаҳатчиси.
Тақризчилар:
Қозоқбой ЙЎЛДОШ, педагогика фанлари доктори, профессор.
Маҳкам МАҲМУД, ёзувчи, филология фанлари номзоди.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ, ёзувчи.
Рисолат ҲАЙДАРОВА, ёзувчи.
Исажон СУЛТОН, ёзувчи.
Тошкент – 2019
ИБН СИНО ҲАҚИДА РОМАН
Ўрта асрлар Ғарбий Европа мамлакатларида черков ҳукмронлик қилиб, турғунлик узоқ давом этган бўлса, Шарқда қадимги ҳинд фалсафаси, зардуштийлик, монийлик, янги афлотунчилик, эллинизм маданий меросини ўрганиш ва энг муҳими, исломият маданиятида илм-фанларни излаш ва калом, ҳадис, адаб фанлари гуллаб-яшнади. Уйғониш, маънавий тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Ёқуб ибн Исҳоқ ал-Киндий, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Беруний, Абу Бакр ар-Розий, Абу Али ибн Сино, Зайниддин Ғаззолий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Божжа, Ибн Туфайл, Ибн Арабий, Ибн Рушд ва бошқа алломаларнинг илмий-ижодий мероси кейинчалик Ғарб уйғониш даврининг бошланишига кучли таъсир кўрсатди.
Абу Али ибн Сино тиббиёт илми даҳоларидан бири, Арасту ва Форобийнинг издоши, руҳшунослик, тиббиёт, фалсафанинг турли соҳалари – мантиқ, ахлоқшунослик, эстетика, онтология (борлиқни ўрганиш), гносеология (билиш назарияси), калом-илоҳиёт соҳаларида қолдирган нодир асарларини жаҳон олимлари минг йилдан буён ўрганиб келмоқдалар. Ибн Сино ҳажман кичик, лекин мазмунан жуда кенг кўламли бўлган “Рисола фи-л-Ишқ” асарида Форобий фалсафасини янада ривожлантириб, табиатдаги барча мавжудотларнинг озиқланиш, ўсиш, ҳаракатланиш, интилиш ва хавф-хатардан сақланиш, жон, нафс, руҳ қувватлари асосида ҳаётга муҳаббат, нурга – ёруғликка, гўзалликка, заминга меҳр, ўз умрини авлодлари орқали абадий давом эттиришга, вайронликка эмас, балки ўсишга, галлаб-яшнашга интилиш қонунияти амал қилишини теран фалсафий мушоҳадалар билан далиллаб беради.
Ибн Синонинг Шарқ ва Ғарбда машҳур бу асарини заковатли замондошимиз, серқирра илмлар соҳиби Нажмиддин Комилов ўзбекчага таржима қилмоқчи эканлигини суҳбатларда айтган эди, аммо афсуски, вақти етмади. Биз яқин дўстимиз ишини давом эттириш маъносида бу асарни Грузия олими К.Серебряков тадқиқ этган ва русча матни бўлган Тифлис нашридан, ҳар икки тил асосида таржима қилдик. (Шоир Зайниддин Баҳриддинов билан ҳамкорликда).
Ўрта асрларда Шарқ Уйғониш даври бўлганлиги ҳақида ёзишга шўролар мафкураси сиёсати йўл бермасди. Шўролар мафкураси Ғарб мамлакатларида ўрта асрларда христиан дини ва черков ҳурфикрликка қарши шафқатсиз курашган даврдаги турғунлик ҳолатини Шарқ ўрта асрларига ҳам механистик, кўр-кўрона кўчирган эдилар. Шўролар мафкураси даҳрийлик – атеизмга асослангани сабабли совет олимлари фан ва динни доимо қарама-қарши қўйиб келдилар.
Шўролар даврида бўлган илмий тадқиқотларда, хусусан Марказий Осиё олимларининг тадқиқотларида ҳам ал-Киндий, Форобий, Абу Бакр Закариё ар-Розий, Беруний, Ибн Сино каби мутафаккирларни динга қарши курашган, моддиюнчи, материалист, даҳрий қилиб кўрсатар эдилар. Академик М.Хайруллаев ўзининг тадқиқотларида муҳим, теран ва холис фикрларни айтиш билан бирга айрим ўринларда марксизм талабларига мувофиқ фикрлайди: “Халифалик ўрнатилиши ва унинг дастлабки тараққиёти даврида араб феодаллари халифа бошчилигида дунёвий билимларга нисбатан кескин салбий позицияни эгаллади”. М.Хайруллаев бу фикрини далиллаш учун Е.Э.Бертельснинг ҳам шўроча руҳдаги фикрини келтиради: “Исломнинг биринчи тарафдорлари ҳар қандай ҳақиқий илмга илтифотсизлик билан қаради. Улар “исломий илмларгина ўрганишга арзийди”, дер эдилар. Муҳаммад пайғамбарнинг саҳобалари илмий бойликларни атайлаб йўқ қилдилар1. В. В. Бартольд эса IХ–Х асрларда Тигр ва Евфрат (арабча Дажла ва Фирот) ҳавзасида қадимги маданий марказлар Басра ва Харронда антик давр маданий меросини яхши билган илмий кучлар тўпланганлигини айтади.2 Бу ерларда юнон фалсафаси ва юнонлар Миср, Ҳиндистон, Эрон донишмандларидан ўрганиб олган астрономия, геометрия, география, кимё, физика, механика, оптика каби дунёвий фанларга доир асарлар ёзган, бу асарлар Антиохия, Жундишопур маданий марказларидан халифалик маркази Бағдодга етиб келган. Академик Музаффар Хайруллаев тўғри кўрсатганидек, IX–X асрларда Бағдод халифалик маркази, ислом таълимоти, ҳадис ва калом илмлари, савдо йўллари, моддий ва маънавий бойликларнинг маркази бўлибгина қолмай, дунёвий, табиий илм-фанларнинг ҳам марказига айланган. Исломий маданиятни, диний ва дунёвий илм-фанларни ривожлантиришда Хуросон, Эрон, Марказий Осиё шаҳарларидан келган Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Абу Исо Муҳаммад Термизий, Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий-Самарқандий, Муҳаммад ибн Язид ибн Можжа Қазвиний, Абу Довуд Сулаймон Сижистоний, Аҳмад ибн Али Насоий, Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий-Найсабурий (Нишопурий), Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий, Абумансур Мотурудий ва бошқа мутафаккирлар ҳадис, фиқҳ, калом каби диний илмлар соҳасида етук алломалар бўлиб, булардан олтитаси (ал-Бухорий, Муслим ибн Ҳажжож, Термизий, Насоий, Доримий-Самарқандий, Абу Довуд Сулаймон Сижистоний) жаҳонга машҳур олти “Жомеъ-ас-Саҳиқ (“Сиҳиҳи ситта”) китобларининг муаллифлари бўлиб, шуларнинг ижоди туфайли IX–X асрлар ҳадис илмининг олтин асри деб шуҳрат топган.3 Абу Мансур Мотурудий эса калом илмида етук алломалардан эди. Ибн Сино шундай муҳитда туғилиб ўсди.
Шарқ Уйғониш даври мутафаккирлари Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Жайҳоний, Абу Зайд Балхий, Абу Бакр Закариё Розий, Абу Бакр Хоразмий, Яқуб ал-Киндий, Муҳаммад Форобий, Ибн Можжа, Ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Беруний, Ибн Сино, Муҳаммад Наршаҳий география, астрономия, математика, тиббиёт, кимё, тарих, этнография каби дунёвий илм-фанларни ривожлантиришга буюк ҳисса қўшган алломалар эдилар.
Форобийнинг издоши Ибн Сино ақлий ва ҳиссий билимлар бир-бирини тўлдириши ҳақида ёзади. Ибн Сино фикрича аввалги (ҳиссий) билимлар сезгилар ёрдамида ҳосил қилинади. Аммо мураккаб билимлар фақат ақл билан ҳосил қилинади ва ақл билан идрок этилади, тушунилади. Масалан, руҳ ўлмайди, деган ҳукм.
Иккинчи турдаги билимлар инсон тасаввур қилувчи ва тасдиқ этувчи нарсалар бевосита сезгилар (беш сезги: кўз (кўриш), қулоқ (эшитиш), бурун – ҳидлаш, қўл, бадан) билан билинади. Масалан, (1) иккита ўзаро тенг нарсадан бирига учинчи нарса тенг бўлса, бу уччала нарса тенг бўлади. (2) Қуёш нурини кўзимиз билан кўриб, тасдиқлаймиз. (3) Баъзи ҳукмларни обрўли, доно одамлардан, шариат қонун-қоидаларини билувчи фақиҳлардан ва имомлардан эшитиб биламиз. (4) Халқ орасида урф, одат бўлган, бизга одоб тарбиясидан маълум бўлган ҳақиқатлар, масалан, ёлғончилик – ёмон, ноҳақ ишларни қилмаслик керак, деган тушунчалар. (5) Ёки биз қуйида кўриб чиқадиган турли йўллар билан билинадиган ҳақиқатлар.4
“Аввал билганимиз ёрдамида янги билим ҳосил қилишимизга яна бир мисол, – дейди Ибн Сино, – агар биров бизга олам шаклга эга деб ўргатса, хулоса қиламизки: шаклга эга бўлган барча нарсаларни кимдир ясаган, пайдо қилган, деган билимимиз ёрдамида оламни ҳам кимдир (яъни Худо) яратган деган хулосага келамиз”.5
Ибн Сино фикрича, мантиқ – меъзон (яъни, ҳақиқатни аниқловчи) илмдир. Охиратда нажот топиш учун руҳини поклаш зарур.
Ибн сино фикрича, нафс (жон) моддий эмас. Инсон руҳи маънавий вужуд ва у сон-саноқсиз қувватларга ва имкониятларга эгадир. Айни вақтда унда соддалик ҳам бор.
Руҳ турли мақсадларни амалга ошириш учун ақлий қувватини ишга солади. Бу қувват аслида руҳники бўлиб, руҳ ва ақл ўртасидаги муносабат сабаб ва оқибат ўртасидаги муносабат кабидир. Руҳ (агар турли тубан истак, майллар билан ифлосланмаган, тоза бўлса – М.М.) зиддият ва қарама-қаршиликлардан холидир ва шу сабабли у йўқолмайди. (Бундан чиқди, ифлос руҳлар йўқолади).
Руҳ ва вужуд алоқаси олдинма-кейинлик муносабатида эмас. Руҳ вужуд воситасида ҳаракат қилади ва танада жон йўқолганида руҳ ўз вазифасини бажариб бўлади. Лекин тананинг бузилиши (фасоди) ва йўқолиши руҳнинг бузилишига ва йўқолишига олиб келмайди. (“Ан-Нажот”, Избр. произведения мыслителей стран Ближнего и Среднего Востока. М. 1961.)
Руҳ сабабли инсон пайдо бўлади. Руҳ тана учун ҳаётий, маънавий, руҳоний қувватларни ташкил этади. Шу сабабли, руҳ маънавият ҳодисасидир. Инсон туғилган кунларидан ўз руҳини кўрсата бошлайди. Ибн Сино шу масалада кўп сирлар борлигини айтади. Аллома фикрича, руҳ ўз ҳолича баданга итоат қилмайди. (Яъни, у бадан хизматкори эмас – М.М.) Азалий руҳ мусаффодир, шу сабабли у азалий жойига, мусаффоликка қайтишга интилади.
Бадиий ва илмий-оммабоп асарлардан М.Осим, Азиз Қаюмов, Ш.Шомуҳамедов, А.Ирисов, Н.Комилов ишларини, Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романини эслаймиз. Камина кейинги йилларда Ибн Синонинг “Ат-Танбеҳ ва-л-ишорат” асаридан баъзи бобларни, З.Баҳриддинов билан ҳамкорликда “Ишқ рисоласи”, “Азҳавия” (“Ёруғланиш ёхуд Маод”) асарларини таржима қилиб нашр этдик. Ибн Сино даврида адаб фанлари – 12-15 санъатдан иборат фанлар мажмуаси ривожланган эди.
Афсуски, буюк ватандошимиз Ибн Сино ҳақида жиддийроқ, салмоқлироқ бадиий асар шу вақтгача ўзбек адабиётида ёзилмаган эди. Людмила Салдадзенинг тарихий, илмий-фалсафий романи бундан мустасно.
Албатта, Беруний ва Ибн Сино даври ижтимоий-сиёсий, маданий, ахлоқий муҳитини яхши ўрганмай туриб, бадиий эпик асарда минг йил аввалги халқимиз ҳаётини ҳаққоний акс эттириш, Арасту ҳаким “Поэтика”сида айтганидек, воқеаларни ва қаҳрамонларни аслида бўлганидек тасвирлаш учун адиб, ижодкордан кучли билим, тасаввур, хотира, турли инсонларнинг феъл-атворини, руҳиятини тушуниш, мимесис–тақлид, ҳаётдагига ўхшатиш каби иқтидор, фазилат, истеъдод талаб этилади. Адиблар замонавий ҳаётни тасвирлашлари учун ҳам шундай қобилият керак, аммо тарихий бадиий асарни адиблар анча-мунча тажриба тўплаб, етилган вақтида ёза бошлайдилар. Ойбек “Навоий” романини, Одил Ёқубов “Улуғбек хазинаси”ни, Мирзакалон Исмоилий “Фарғона тонг отгунча”, Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони”, “Она лочин видоси”ни, Мирмуҳсин “Меъмор” романини ана шундай етилган паллада ёзганлар. 1953 йилда туғилган, аввал бир неча ҳикоялар ва қиссалар ёзиб нашр этган чинозлик адиб Абдужалол Раҳим ҳам аллома Ибн Сино ҳақидаги романини ёши 60 дан ўтганида ёзибди. У ўзича, тез-тез ва кўп ўртача асарлар ёзгандан кўра, сабр-тоқат билан узоқ ва машаққатли меҳнат қилиб, гўзал бир асар ёзишни орзу қилган кўринади. Назаримда Абдужалолнинг бу қутлуғ орзуси ушалган.
Мен бу асарни ўқиётганимда муаллифни бухоролик экан, деб ўйладим. Чунки, асосий воқеалар Бухоро аркида, сомонийлар амири Нуҳ ибн Мансур (976-997) саройида, Бухоро шаҳри ва қишлоқларида; Хурмитан (Ромитан), Афшонада бўлиб ўтади ва бу жойларда юз берган воқеалар (М.Бахтин таъбирича, хронотоп–вақт ва макон) анча жонли, равшан тасвирланади. Ибн Сино ўзи ёзган, сўнг шогирди Абдувоҳид Жузжоний давом эттирган таржимаи ҳоли (бу нодир ҳужжат илк марта Умар Хайёмнинг замондоши Заҳириддин Байҳақийнинг “Татимма ас-Сивон-ал ҳикма” (Абу Сулаймон Муҳаммад ибн Тохир Сижистонийнинг “Ҳикмат хазинасига қўшимча”) асари таркибида бизгача етиб келган) ва бизнинг азиз устозларимиздан атоқли шарқшунос Абдусодиқ Ирисовнинг “Ҳаким Ибн Сино” китобларида берилган нодир маълумотлардан унумли фойдаланган. “Таржимаи ҳол”да Ҳусайн ўз отаси Абдуллоҳ ҳақида меҳр билан ёзади, ота ўз фарзандининг келажакда даҳо аллома бўлиб етишувини сезган, орзу қилган ва яхши устозлар топиб берган. Заҳириддин Байҳақий асарида Ҳусайн жуда ёшлигидан иззат-ҳурмат топганидан ғурурланиб, касбдошларига эътирози (шу жумладан, Хоразм Маъмун академияси суҳбатларида, тарихчи Ибн Мискавейхни танқид қилгани) айтилган. Феълидаги шу кабилар сабабли ёш аллома ўзига кўп душман орттирган бўлиши мумкин. Абу Али ибн Сино ўз тилидан ёзиб олинган таржимаи ҳолида илк устозларидан фалсафа олими Нотилийни ҳам шу йўсинда тилга олади. Аслида Нотилий ҳам кўп соҳаларда машҳур олим, жуда камтарин бўлган экан. Абдужалол Раҳим романида Ҳусайн маълум даражада идеал қилиб, жуда камтарин қилиб тасвирланади, адиб бундай тасвирлашга ҳам ҳақлидир. Абдужалол Раҳим Ибн Сино ҳақидаги романида у яшаган илмий муҳитни тасвирлайди ва бу ўринлардаги талқинда унинг фалсафий асарларидаги фикрларига таянади.
Арасту “Поэтика”сида ёзишича, бадиий асарда оддий, жўн одамлар ва дуч келган воқеалар эмас, балки ажойиб-ғаройиб воқеалар ва ажойиб инсонлар тасвирланса китобхонларга кучли таъсир кўрсатади. Шу каби, Абдужалол романида ҳам кўп ўринларда, тарихда бўлганидек, золим мансабдорларнинг нафратга сазовор тубанликлари, қирғин урушлар, табиий офатлар, фидокор табибларнинг буюк ғайрат-шижоати, маҳорати, ёвузлик ва эзгулик тўқнашувлари, табиат гўзалликлари ва жазирама қум кўчкилари билан олишувлар яхши тасвирланади. Асарда севги мавзуи ҳам таъсирли.
Адиб айтишича, роман ҳали тугалланмаган. Бу эҳтимол, роман-трилогия бўлар.
Асарнинг ҳозир тугалланган биринчи китобида ҳам минг йил аввалги ватандошларимизнинг моддий ва маънавий ҳаёти, ёвузлик ва эзгулик, тубанлик ва юксаклик тўқнашувлари табиий, ишонарли, сюжет йўллари, шиддатли воқеалар асосида кўрсатилган. Бош қаҳраман атрофидаги персонажлар, Ҳусайн ибн Синодай даҳолар йўлида учраган машаққатлар ҳаётий тасвирланади. Назаримда Миллий Истиқлол даври ўзбек бадиий насри яна бир яхши асар билан бойитилди, дейиш мумкин.
Маҳкам МАҲМУД,
ёзувчи, филология фанлари номзоди.
БИРИНЧИ ҚИСМ
Ҳижрий 375 йилнинг6 кузи. Тунлар салқин бўлиб қолди. Чўл тарафдан эсган шабада этни жунжиктиради. Бироқ, ҳали қишнинг кийими сандиқлардан олинмаган. Шундай бўлса-да, ҳовлидаги супаларида ётиб юрган одамлар уй-уйларига кириб кетишган. Шолчаси йиғиштирилган супа тонггача хазон билан қопланиб қолади. Дарахтларнинг барги учидан тўкилмоқда. Бу қишнинг қаттиқ келишидан дарак.
Ҳусайн ҳали тонг ёришмасдан уйғонди. Тўшакда ўтирганича тўғридаги нурланиб турган ойнаванд даричага тикилди. Ойнадан тўлин ой мўраларди. Ойнинг тилларанг ёғдуси боланинг чақноқ кўзларини ёритди. Оймомони томоша қилмоқчи бўлиб, сассиз ўрнидан турди. Ёнидаги ўринда ухлаётган онасига бир қараб қўйди-да, ўша томонга юрди. Бўйи даричанинг рафига базўр етди. Шу ҳолатда оймомога тикилиб қолди. Ундаги доғлар жудаям ғалати шаклларда эди. “Алифбо” имлоларига ўхшар экан, – дея ўйлади. – Манави камондек эгилгани “Бо” ҳарфининг худди ўзи. “Дол” билан “Зол”га ўхшаган чизиқлар ҳам бор…”
Ҳусайннинг отаси Абдуллоҳ ибн Ҳасан Афшонадаги илмли кишилардан. Ўғли ҳали беш ёшга ҳам тўлмасидан алифбони танитди. Ҳусайн фавқулодда зеҳни тез бола эди. Ёши элликни қоралаган, жуда кўп аҳли донишларни кўрган Абдуллоҳ бундан ҳайратда. Ўғлининг зукколигидан дили равшан. Уни билимли қилишга қаттиқ киришган.
Ҳусайн Ой юзидаги доғларни аввал ўзи ёд олган ва отасининг назоратида қоғозга туширган ҳарфларга қиёслади. Сўнгра пичирлаб, уларни бир-бирига қўшиб ўқимоққа уринди. Кўз олди жимирлашиб кетди. Шунда ойни яхшироқ кўрмоқчи бўлди. Уй эшигининг бир тавақасини авайлаб очиб, ташқарига чиқди. Кўз ўнгида кундузгига ўхшамаган сирли бир олам пайдо бўлди. Атрофга оппоқ нур ёғилган. Ҳовли этагидаги сайҳонликда тилларанг ёғдулар ўйнайди. Бу сайҳонлик кундузлариям энг кунгай жой эди. Авваллари бувиси лойдан ўйинчоқлар ясаб, шу тепаликда қуритиб берарди. Ҳозир бу жойга фалакдан олтин ипларга осилиб ойнинг бир парчаси тушиб олган. Соҳир нурлар кўзни олиб жимирламоқда. Аллақандай шарпалар кезиб юрганга ўхшади. Ҳусайн кўзини юмиб-очди. Яна ўша шарпалар ўйини бошланди… Булар ҳали уйқуси тўлиқ очилмаган боланинг хаёлидаги ғалати манзаралар эди. У оймомога тикилиб олди. Оймомо атрофида юлдузлар кўринмади. Чапга ўгирилди. Бу томондаги осмон отасининг қишки чакмонидек қоп-қора. Чакмоннинг этагига сонсиз-саноқсиз юлдузлар сочиб юборилган…
– Ўғлим, сенга не бўлди?! – онасининг хавотирли овози Ҳусайнни ўзига келтирди.
Ҳали йигирма бешга ҳам тўлмаган, нозиккина Ситорабону шошилиб уйдан чиқди. Югуриб келиб, ҳовли ўртасида турган Ҳусайнни қучоқлади.
– Совуқ қотибсен! Нечун бевақт уйғондинг? Ҳали тонг отмоғига анча бор.
– Онажон, оймомо юзидаги битикларга қаранг, – Ҳусайн кўрсаткич бармоғини фалакка ниқтади. – Алифбо имлоларига ўхшайдур. Ҳарфлар шаклини шундан олганмилар?
Чўк тушиб, ўғлини бағрига босган Ситорабону жим бўлиб қолди. Ҳали гўдак билган ўғлининг саволи уни лол қилиб қўйганди.
– Балки шундайдир, – деди оҳиста. – Буни отангдан сўраб олгайсен.
– Хўп бўлади, онажон.
– Балли! Энди уйга кирайлик. Тун салқин, бу аҳволда шамоллаб қоласен.
– Совуқни сезмаётирмен, онажон. Хаёлим оймомо билан банд. – Унинг овози хўрознинг қичқириғига қўшилиб кетди.
– Ана хўроз қичқирди, тонг отаётир, онажон!
– Йўқ, болам, хўроз адашди. Ҳали осмон тўла юлдуз. Сен ҳам бевақт уйғонибсен.
Ҳусайн онасининг бу гапига эътироз билдира олмади. Ситорабону ўғлини етаклаб уйга олиб кириб кетди.
* * *
Асли Балх7 шаҳридан бўлган Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ёшлик йиллари ўзи дарбадар кезган карвон йўлларида қолиб кетди. Ниҳоят, ёши қирққа борганда Бухоро амири Нуҳ ибн Мансурнинг саройида қўним топди. Илмли, тадбирлилиги боис Хурмитан қишлоғига солиқ мулозими этиб тайинланди. Кейинги йил баҳорида ер ўлчовлари билан бўлиб, Афшона қишлоғида анча пайт қолиб кетди. “Афшона” сўзи “дуо мустажоб бўладиган жой” маъносини англатар экан. Боғлар ифорига чўмилган қишлоқ, чўлдан эсаётган майин насимлар Абдуллоҳга хуш ёқди. Кўнглида йигитлик шижоати уйғонди. Афшона шаҳристонидаги қалъа яқинидан вақтинча яшаб туриш учун уй изларкан, унга Исфана ариғи бўйидан, аввалда қишлоқ оқсоқоли бўлган Амрилло бобонинг уйини таклиф қилишди. Ҳовли унга ёқди. Анча муддат шу уйда истиқомат қилди. Уй соҳибининг Ситорабону деган ёлғиз қизи бўлиб, у зардўзлик ҳадисини олган, чопон ва тақяларни зарлашда моҳир эди. Ақлли, юмшоқ феълли, хушрўйгина бу қиз Абдуллоҳнинг кўнглини асир этди. Буни пайқаган Амрилло оқсоқол Абдуллоҳнинг илмли, мўмин йигит эканига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, қизини унга никоҳлаб берди. Шундай қилиб Абдуллоҳ Афшонада муқим яшаб қолди. Орадан бир йил ўтиб, ўғилли бўлишди. Унга бобоси Ҳусайн деб исм қўйди.
Ҳусайн соғлом, дуркун бола бўлиб ўсди. Тили эрта чиқди. Бир ёшдан ошганида сўзларни равон талаффуз қиларди. Катталардан эшитган сўзларни ёдлаб олиб, отасини лол қолдирадиган саволлар бера бошлаганида уч ёшга тўлган эди.
Ёзнинг иссиқ кунларида ҳовлидаги супага жой солиб ётишар, Жомеъ тарафдан янграган муаззин овози баралла эшитилиб турарди. Бир кун Ҳусайн ҳам бомдодда отаси ва онаси билан бирга уйғонди-да, ўтирган ерида азон калималарини такрорлай бошлади. Буни кўрган Абдуллоҳ ғалати бўлиб кетди.
– Ҳусайн, азонни ёдлаб олдингми? – деди ўғлининг бошини силаб.
– Ҳа, ота. Азон нега айтидаи?
– Ўғлим, азон айтмоқлик, бу намоз ўқимоққа чорламоқдир.
– Аллоҳу акбар нима дегани, ота?
– Аллоҳу акбар улуғ калима, болам. Аллоҳ улуғдир, Аллоҳ буюкдир, деган маънони англатади.
– Ота, буларни қайдан билиб олдингиз?
– Муқаддас китоблардан, ўғлим.
– Мен ҳам китоб ўқисам бўладими?
– Бўлади ўғлим. Фақат бунинг учун ҳарф танимоғинг лозим.
– Менга ҳам ўргатинг, ота! Китоб ўқигим келаяпти…
Абдуллоҳ жажжи Ҳусайннинг иштиёқдан чақнаб турган кўзларига боқиб, меҳри товланди. Ўғлини қучоқлаб, юзидан ўпди.
– Майли, ўғлим, ўргатганим бўлсин, шу кундан алифбога киришгаймиз…
Ҳусайн машғулотга иштиёқ билан киришди. Отасини тиндирмади. Бугунга етар, толиқдинг деганига ҳам кўнмас, йўқ, йўқ, толиқмадим, отажон, деб ёзгани ёзган, чизгани чизган эди. Отаси бундан завқланар, унга сабоқ беришдан чарчамасди. Алифбодаги йигирма саккиз имлони болакай қисқа бир фурсатда ўрганиб, ўзлаштириб, ҳатто айрим товушларни ифодалайдиган белгию ишораларни ҳам сира адашмасдан қўллай бошладики, гўё буларни унинг қулоғига аввалдан кимдир қуйиб қўйгандек эди. Ота бу мўъжизадан лол эди. Боиси унинг ўзи ҳам болалигида алифбони бу даражада жадал ўрганиш у ёқда турсин, мударрис белгилаган муддатда ҳам бажаролмай, роса дакки эшитган эди. Ўғилчаси бўлса… Бундан бир ўзида йўқ қувонса, бир ташвишга тушарди. Кўз тегмасин ишқилиб, деб қўярди.
* * *
Орадан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Бу пайтда энди Ҳусайн ҳарфларни бир-бирига қўшиб ўқийдиган, ҳавас қилгулик даражадаги ҳуснихат билан ёзадиган, кунига бутун бошли саҳифаларнинг бир нечасини тўлдирадиган даражага етган эди…
Абдуллоҳ қайнотаси Амрилло оқсоқолнинг ташқи ҳовлисида истиқомат қиларди. У Ситорабонуга уйланадиган бўлгач, Афшонадан бошқа ҳовли-жой сотиб олмоқчи бўлди. Аммо, қайнотаси бошқа таклифни қилди. Ўғлим, ҳовли-жой ташвишини чекманг, ташқи ҳовли сизларники. Биз эр-хотин қаридик, бағримизда бўлсангизлар, биз ҳам хотиржаммиз. Ситора ёлғиз зурёдимиз, тушунасиз. Қайнона бўлмишингиз ҳам шу фикрдалар, деди. Шундай қилиб, қўш ҳовлининг ташқиси куёвга аталди. Бу иш Абдуллоҳга ҳам маъқул тушди. Сабаби, хизмати юзасидан, унинг чекка қишлоқларда ҳафталаб қолиб кетиши бор, Ситора ёлғиз қолиб кетиши мумкин эди. Энди бундан ташвиш қилмайди. Абдуллоҳ кўп ўтмай шундоқ ёнбошидан яна бир ҳовлини сотиб олди. Бу ҳовлида мол-қўй боқа бошлади.
Амрилло бобо билан Суйимхон момо зукко невараларини еру кўкка ишонишмасди. Унга бор меҳрларини бериб, эркалатишади. Бироқ жиддий феълли болакай тўрт ёшидаёқ саводхон бўлиб қолди. Отаси қатори бобоси ҳам Ҳусайннинг илм олишга қаттиқ берилиб кетганидан хавотирга тушди. Унинг наздида ҳали бешга тўлмаган болага бу машғулотлар оғирлик қилар эди. Шу ўйда неварасини бироз чалғитишга уринди. Бўш қолгани ҳамон уйларининг ёнбошидаги Исфана ариғи бўйларига чиқариб юборади. Бу ерда куёвининг қўй-қўзилари ўтлайди. Амрилло бобонинг ити подани қўриқлайди.
Бугун ҳам кичкина Ҳусайн қўй-қўзиларига эргашиб, Исфана ариғи бўйидаги ўтлоққа чиқди. Ёз қуёши атрофни аямай қиздиради. Бироқ ҳаво тоза, Исфана соҳиллари ниҳоятда гўзал. Ўтлоқнинг қуруқ жойларини жинғил буталари қоплаган. Сув сизиб чиққан пастликларда киши қулочи етмайдиган катта-катта қиёқ тўплари ўсган. Қўй-қўзилар барра ажриқ, ғумайларни чимдиб, ўтлоққа ёйилди. Думи билан қулоғи кесилган Олавой қиёқ соясида турган Ҳусайннинг олдига келди. Ҳусайн итининг пешонасидаги момиқ юнгидан тортиб эркалатди. Олавой тилини осилтириб бир ғингшиди-да, кучли тумшуғи билан Ҳусайннинг елкасига суйкалди.
– Олавой, қўйларга қара! – деди Ҳусайн амирона.
Ит тушунди. Баҳайбат гавдасини силкитиб олди-да, ўтлаётган қўйлар томонга кетди. Бола унинг ортидан ўйчан кулимсираганча қараб қолди.
Амрилло бобо Олавойни гидиклигида8 Амул чўлларидан олиб келган. Кучукча қўрқмас, кучли бўлиб ўсди. Йил ўтиб, хўжайинининг уйи, мол-ҳолини қўриқлайдиган садоқатли бўрибосарга айланди. Олавой ақллилиги, вафодорлигини кўп бор исботлади.
Ўтган йилнинг қиш чилласида қор кўп ёғди. Ҳовлида ёлғиз ўзи яхмалак учаётган Ҳусайн бехос ҳаракат қилиб, қорга ботиб қолди. Ҳарчанд уринсада том куралганда тўпланган қор уюмидан чиқа олмади. Типирчилаб силтанганида қор оёқларини пастга тортарди. Бирпасда қўллари музлаб, бутун бадани қалтирай бошлади. Отаси доим, ўғил бола йиғламайди, дер эди. Шуни эслаб, алам бўғзига тиқилиб келса ҳам йиғлашдан ор қилди. Титраб-қақшаб олдинга тирмашган сари, қорли аждаҳонинг муздек совуқ нафаси комига янаям чуқурроқ тортиб ола бошлади. Озғингина болакай салкам томоғигача қорга ботди. Энди ваҳима босиб, кўзларини юмиб олди. Шу пайтда юзига иссиқ нафас урилди. Кўзини очганида тилини осилтириб турган итининг хумдек калласини кўрди. Суюнганидан овози борича “Олаво-ой!” деб қичқириб юборди. Бироқ совуқдан кўкарган лабларидан эшикнинг ғижирлашига ўхшаган мубҳам товуш чиқди. Кўзларидан тирқираб ёш оқди. Олавой кичкина хўжайинига далда бермоқчидек узун, қип-қизил, қайноқ тили билан Ҳусайннинг муздек юзини ялаб олди. Баҳайбат ит узун, текис, оппоқ олдинги оёқлари билан тупроқ тортаётгандек қорни тирнай бошлади. Олавой бу ишни шиддат билан, ўта аниқ бажарарди. Бир зумда Ҳусайннинг икки томони қордан бўшади. У қўлларини Олавойнинг куч ёғилиб турган бўйнига чўзди. Совуқдан қотиб қолган қўллар болага бўйсунмади. Кафтлари итнинг юмшоқ юнгига тегди-ю, муздек қорга шалвираб тушди. Ит ғингшиди, аллақандай овоз чиқариб ириллади. Ҳусайн аламдан додлаб юборай деди. Олавой унинг муздек қўлларини ялади. Қордан чиқиб қолган зар чопонидан тишлаб, секин-аста ортига тисарилди. Ҳусайн Олавойнинг пешонасидаги оқ қашқаси, қора момиқ юнг қоплаган кўзларига тикилиб олди. Шу ҳолатда сирғалиб, қор уюмидаги даҳшатли бандиликдан озод бўлди.
Ҳозир Олавойга қараб шуларни эслади. Ити ёйилаб ўтлаётган қўй-қўзиларнинг атрофида эринчоқлик билан айланиб юрарди. Бироз кузатиб ўтирди-да, юмшоқ ажриқ узра чўзилди. Хаёлида отасининг саҳарги сабоғини такрорлай бошлади. Ҳарфларни бир-бирига қўшиб, ўзича сўзлар ясади. Ости ёки устига қўйиладиган забар, зер, дамма, фатҳа белгилари билан келиб чиқадиган янги товушларни эслади.
Ўтлоқда бирор кимса кўринмайди. Овлоқдаги бу ёқимли сокинликни қўйларнинг кирт-кирт қилиб ўт чимдишларигина бузади. Ҳар-ҳар замонда бирорта қўзи “ба-а-а”лаб нола қилиб қўяди. Исфана ариғида тўлиб оқаётган сувнинг шалоплаб қирғоққа урилгани эшитилади.
Ҳусайн хаёл суриб ётиб ухлаб қолди. Тушида худди шу ажриқзорда, улкан қиёқ тўпининг соясида ўтирган эмиш. Қўйлар ўтдан бош кўтаришмаётир. Олавой вазифасини ҳалол бажармоқда; поданинг ёйилиб кетишига йўл қўймай, теграсида ҳушёр айланади.
Ногаҳон, шундоққина Ҳусайннинг қаршисида оппоқ соқоли кўксига тушган чол пайдо бўлди. У чолга ажабланиб тикилди. Бу нуроний қарияни аввал сира кўрмаганди. Аллақаери Амрилло бобосига ўхшаб кетаркан. Ҳатто кўзлари ҳам бобосиники сингари меҳрибон боқади. Шунинг учун ундан сира қўрқмади. Ўрнидан сакраб туриб, қўлини кўксига қўйиб салом берди:
– Ассалому алайкум, бобожон.
– Ваалайкум ассалом. Болам, зерикмадингми?
– Йўқ, бобожон, – Ҳусайн бурро-бурро жавоб қайтарди. – Отам ўргатган ҳарфлар, сўзларни фикримда такрорлаётирмен. Гарчи…
– Бўтам, нима демоқчи эдинг, ботинингдаги фикрингни айт?
– Бобожон, алифбо имлоларни аллақачон ёд олганмен. Хотирамдан сира-сира фаромуш бўлмас. Шундоқ бўлса-да, отам бот-бот такрорлаб юришимни тайинлайдилар.
– Хотиранг кучли бўлса ҳам такрорламоқнинг зиёни йўқ.
– Менинг устозим отажонимнинг ўзлари. Отани ҳурмат қилмоқ фарзанд учун фарздур. Агар ота устоз ҳам бўлса, икки ҳисса таъзимда бўлмоқ жоиз. Шундайми, бобожон?
– Балли, ўғлим!
– Бобожон, тик туриб чарчадингиз. Келинг, сояда ором олинг. – Ҳусайн қиёқ тўпининг соясидан кунгайга чиқиб, жой бўшатди.
– Буни ҳам тўғри фаҳмладинг. Фақат бир юмушни адо этайлик, ундан кейин ором олурмен. Ҳозир ариқ бўйидаги катта-катта кесаклардан кучинг етганича териб кел.
Ҳусайн бу нечун даркорлигини сўрашни беодоблик деб ўйлади. Аммо шундай қилиш зарурлигини тушуниб турарди.
– Хўп бўлади, бобожон! – деди-да, Исфана ариғи бўйига чопқиллаб кетди.
Бир ярим қулоч бўлиб оқадиган ариқ вақти-вақти билан кавлаб турилар эди. Ариқ рошида ҳосил бўлган дўнгликларда гувалак катталигидаги, ундан ҳам дадилроқ кесаклар сочилиб ётибди. Ҳусайн икки қўллаб катта бир кесакни шахт билан кўтарди. Илкис қилган ҳаракатидан ортга қулашига бир баҳя қолди. Қўйнинг калласидек кесакни кўтара олганига ўзи ҳам ажабланди. Оёғи ерга тегмай, кесакни қиёқ тўпининг ёнбошига олиб келди. Оҳиста ерга қўйиб, яна Исфана бўйига кетди. Кун иссиқ эди, уч-тўрт бор қатнаганидан сўнг терлаб-пишиб кетди. Ҳали беш ёшга тўлмаган болага бу дўнгликлар баланд тоғ бўлиб кўринди. Бир пайт қараса, қиёқ тўпининг олдида кесаклардан каттагина уюм пайдо бўлибди. Оқсоқол улардан ўчоқ ясашга киришиб кетди. Ҳусайн қўлидаги охирги кесакни тўпга қўшди. Қариянинг ишига бир муддат тикилиб турди-да, ўтин тергани кетди. Жинғилзордан бир қучоқ шох-шабба йиғиб келди. Бу пайтда ўчоқ ҳам тайёр бўлганди. Чол ўзи билан келтирган қозонига ариқдан сув олиб, ўчоққа қўйди. Ўт ёқди. Халтасидан бир парча эт олиб, қозонга солди-да, қайната бошлади.
– Болам, сен ўчоққа ўтин ташлаб ўтир, олов ўчмасин, – деди.
Ҳусайн “Хўп бўлади, бобожон”, деб, ўчоқнинг олдига ўтирди. Оқсоқол қиёқ соясидаги ажриқларга ёнбошлаб, мудрай кетди.
Қозондаги гўшт пишганда Ҳусайн чолни уйғотди:
– Ота, туринг, гўштингиз пишди, – деди оҳиста.
Оқсоқол ўрнидан туриб, унинг бошини уч марта силади. Ҳусайннинг миясида йилдирим чақнагандек бўлди. У сесканиб кетди.
– Бул тансиқ таомни тановул қилмоқ сенга насиб этган, – деди оқсоқол ва ўша лаҳзанинг ўзида кўздан ғойиб бўлди…
Ҳусайн уйқудан уйғониб, атрофга аланглади. Қиёқ тўпидан ўсиб чиққан савағичларга кўзи тушди. “Бобожон…”, – деди-ю, тутилиб қолди. Ўтлоқда қўй-қўзилари, уларнинг атрофида айланиб юрган итини кўрди. Ўзи қиёқ тўпининг соясида ўтирарди. Оппоқ соқолли нуроний чол ҳам, қозон-ўчоқ ҳам йўқ. Кўзларини ишқалаб атрофга аланглади. Ўрнидан турмоқчи бўлди. Шу пайт бошида яна чақмоқ чақнаб, йиқилиб тушаёзди.
– Олавой! – қичқирди у жон ҳолатда.
Ёйилиб ўтлаётган қўйларни тўпига ҳайдаётган бўрибосар югуриб кетаётган жойида тўхтади. Аввал оқ-қора юнгларини ҳурпайтирди. Кейин бошини қийшайтириб, кичкина хўжайинига ажабсиниб тикилди-да, шитоб билан олдига етиб келди. Нимадир демоқчидек тилини осилтириб “хах-ха-ха”лаб тикилди. Тили билан тумшуғини ялаб, чордона қургандек орқа оёқларини йиғиб ўтириб олди.
– Олавой, уйга қайтамиз, – деди Ҳусайн базўр.
Ит ўтлоққа ёйилган пода томонга югуриб кетди. Йўғон овозда вовуллаб, қўй-қўзиларни бир жойга тўплади. Эсарланаётган қўчқорга жаҳл билан ириллади. Қўчқор ер депсиниб турди-да, бўрибосарнинг важоҳатидан қўрқдими, қўй-қўзиларни уй томонга бошлади.
Ҳусайн қиёқ соясидан чиқди. Яшил ўтлоқ ўртасида турган болани офтобнинг заррин нурлари қучоғига олди. Бола ёруғ оламни энди кўраётгандек қуёшга юзини тутди.
* * *
Ҳусайндаги ўзгаришлардан отаси янада ҳайратга туша бошлади. Энди у ҳар кунги сабоқларга қаноат ҳосил қилмасди. Ўқиш-ёзишни ўрганиб олгани ҳамон мустақил мутолаага берилди. Беш яшар боланинг хотираси ҳар қандай илғор талабаникидан кучли эди. Бир марта эшитгани, ўқигани хотирасига ўчмас бўлиб муҳрланади. Боланинг хотира сандиқлари беҳисобдек эди. Синамоққа бундан бир неча ой аввал ўтилган мавзуларни сўраб кўрди. Ҳусайн адашмасдан, бурро-бурро жавоб қайтарди. Ёд олган матнларини бехато такрорлади.
Абдуллоҳ ўғлида фавқулодда истеъдод борлигини тушунган эди. Шундан сўнг уни Бухорода ўқитишни режалаштира бошлади. Ўйлаб кўрса, бундан фақат ютар экан. Аввало, Бухоро қадимдан алломалар макони бўлган. “Бухоро” сўзи суғдлар тилида “Тангри жамоли” маъносини англатиши ҳам бежиз эмас. Ҳусайн бу шариф шаҳарда билимли инсон бўлиб етишмоғи мумкин. У бор бойлигини сарфлаб бўлса ҳам ўғлини алломалар оламига олиб киради. Зотан, ундаги ноёб зеҳн, иқтидор келажакда улуғ инсон бўлмоғидан дарак бермоқда.
– Ўғлим, Бухорои шариф ҳақида сўзлаганларим ёдингдами? – деди бир куни Абдуллоҳ сабоқ пайтида.
– Ёдимда, отажон.
– Биз Бухорога кўчиб борурмиз.
– Нечун? – ажабланди Ҳусайн.
– Сен илм олмоғинг даркор.
– Бунинг учун сизнинг сабоғингиз кифоя.
– Ундай эмас, ўғлим.
– Сизни, фақат сизни устоз деб биламен!
– Ҳусайн, мендан олганинг илмлар уммонининг бир томчиси, холос. Сен келажакда бу беҳудуд уммонда балиқдек эмин-эркин сузмоғинг даркор. Ул баҳрда янги оламларни кашф этурсен, деб умид қиламен.
– Ота!
– Не дейсан, ўғлим? – хаёл суриб қолган Абдуллоҳ ўғлига қаради.
– Мени ўшал оламлар жозибаси чорлаётир.
Отаси кичкина Ҳусайнга янада ажабланиб тикилди:
– Сен… гапларимни тушундингми?
– Алифбони қандай билиб олган бўлсам, худди шандай, дарҳол тушундим.
Ўғлининг дадил жавоби Абдуллоҳнинг кўнглини кўтарди.
Шундай қилиб, асли Балхдан бу томонларга келиб қолган Абдуллоҳ ибн Ҳасан энди бу ердан Бухорои шарифга кўчиш тадоригини кўра бошлади. Ситорабонуга қолса, ота-онаси бағридан кетишни асло истамасди. Аммо, эри шуни хоҳлаяпти, қолаверса, у ҳам ўз ҳою ҳавасини деб эмас, ўғиллари келажагини ўйлаб шундай қарорга келиб ўтирибди. Абдуллоҳнинг қарори, айниқса кексаларга – Амрилло оқсоқол билан Суйимхон момо учун кутилмаган гап бўлди. Ўзи бўладими. Кексайган чоғларида ёппа-ёлғиз овунчоқлари бағирларини ҳувиллатиб кетиб қолса… Яшашнинг қизиғи қолмайди-ку. Ситорабону ҳам отасининг ҳамдарди эди. Бундан ташқари, у яна кўзи ёриш арафасида.
Узоқ маслаҳатлашиб, бир қарорга келишди. Бухорога кўчиш Ҳусайннинг келажаги учун зарур экан, бунга рози бўлмасликнинг иложи йўқ. Бироқ, ой-куни яқинлашган Ситорабону узоқ йўлга ярамайди. Ҳозирча Ҳусайн билан Афшонада қолишади. Шундай қилиб, ҳижрий 375 йилнинг кузида Абдуллоҳнинг ёлғиз ўзи Бухорога жўнади.
Абдуллоҳнинг Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур саройида қадрдонлари кўп, ҳатто ўзи туғилиб-ўсган Балх шаҳридан келиб қолганлари ҳам бор эди. Ҳамшаҳарлар қўллаб-қувватлашлари билан амир девони мулозимлари сафига қўшилиб олиши қийин бўлмади. Яна шу ҳамшаҳарлар кўмаги билан Арк яқинидаги маҳалладан ҳовли-жой ҳам сотиб олди. Ҳовли бой савдогарларга тегишли экан. Оталари вафот этганидан кейин ўғиллари бу ерда қолишни исташмабди. Она юртлари Самарқандга кўчиб кетишга шошиб туришган экан, шу боисдан бу ички, ташқи ҳовлили уйнинг баҳоси ҳам айтарли қиммат бўлмади. эди. Ҳовлиларга узун долон орқали кирилади. Ичкари ҳовлининг этагига каттагина боғ туташиб кетган. Боғ этагидан кулолчилар ҳовлиси бошланаркан. Ташқари ҳовлига ҳам қаторлатиб бодом кўчатлари экилган. Ёш ниҳоллар ҳали ҳосилга кирмаган. Бироқ катта боғдаги олма, хурмоларнинг шохлари меваси мўллигидан ерга тегай-тегай деб турибди.
Абдуллоҳ ўзининг уйида яшаб, хизматга қатнаб юраверди. Орадан бир ойлар чамаси вақт ўтди. Куз ўрталарида уни Афшонага чақиртирдилар. Ситорабонунинг кўзи ёриган эди. Яна ўғил фарзандли бўлганини эшитиб, боши осмонга етди. Амрилло оқсоқол бу неварасига Маҳмуд деб исм қўйди.
Чақалоқнинг чилласи чиққандан кейин Абдуллоҳ оиласини Бухорога кўчириб келди.
* * *
Бухородаги уйлари Ситорабонуга ёқди. Абдуллоҳ бу уйни сотиб олгани ҳамон яхшилаб таъмирлатган, қўли гул усталар қисқа фурсатда ичкари ва ташқари ҳовлидаги уйларни ганчлаб беришган эди. Улар ичкари ҳовлидаги катта уйга жойлашдилар. Бу ердаги шароитлар қишлоқдагидан анча афзал эди. Айниқса, ёзги, қишки ошхоналарнинг алоҳидалиги Ситорабонуни қувонтирди. Шаҳарнинг катта бозори ҳам уйларига яқин жойда экан.
Абдуллоҳ ташқари ҳовлидаги меҳмонхона қилиб қурилган уйни дарсхонага айлантирди. Ўзи йиллар давомида жамлаган ноёб китобларини ҳам шу хонадаги токчаларга жойлаштирди. Ҳусайн янги дарсхонасида завқ-шавқ билан сабоғини бошлаб юборди. Энди у отасининг кўп вақтини олмас, мустақил ўқиш-ёзишга берилиб кетганди.
Бухоро Ҳусайннинг ҳаётида янги бир олам очди. Шаҳарнинг тош ётқизилган кўчалари, улуғвор сарой ва кўркам уйлар бола тасаввурини алғов-далғов қилиб юборди. Шариф шаҳарга бир умрлик меҳр қўйиб қолди. Отаси энди девондаги ишлар билан қаттиқ банд эди. Шу боисдан унга алоҳида муаллим тайинлади. Бу – ўттиз ёшлардаги, узун кулоҳ кийган, катта-катта кўзлари синчков боқадиган Абдулваҳҳоб ибн Али деган кимса эди. У қоқсуяк, озғин гавдасига мос жарангдор овозда гапирарди. Биринчи кўришганларида муаллимнинг ўзини тутиши ғалати туюлди. У меҳмонхона тўридаги қаватлаб солинган юмшоқ шоҳи кўрпачага ўтириб олди. Ҳусайн устозининг қаршисидаги лавҳга китобини қўйиб, тиз чўкди.
– Хў-ўш-ш, Ҳусайн, менга диққат қил! – деди Абдулваҳҳоб ибн Али қироат билан. – Отангни айтишига кўра, имлони билурсен, шундайми?!
– Шундай, тақсир! – Ҳусайннинг овози майин, ёқимли эди. – Бироқ имло маъно англатмайдур. Маълум тартибда бирлашса, маъноли сўзлар ҳосил бўлур.
Абдулваҳҳоб ибн Али қаршисида одоб билан тиз чўккан озғин болакайга ажабланиб қаради.
– Ёшинг нечада?
– Беш ёшга тўлдим, тақсир.
– Ўқишни ҳам билурмисен?
– Шундай, тақсир, – деди Ҳусайн яна одоб билан. – Отажоним ўқиш ва ёзишни ўргатдилар.
– Китобингни ўқи-чи?
Ҳусайн бир қалқиб, қулайроқ ўтириб олди. Қўлларини тиззасига қўйиб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деди ва Қуръоннинг “Фотиҳа” сарасини қироат билан ўқий бошлади.
– Ҳусайн!
– Лаббай?
– “Йо”ни чўзиброқ ўқи.
Ҳусайн сурани қайта ўқимоққа киришди…
Энди Абдулваҳҳоб ибн Али ҳар куни эрталаб сабоқ ўтгани келарди. У кичкина шогирдининг фавқулодда иқтидоридан борган сари кўпроқ ҳайратланар, ўзига юклатилган масъулиятни чуқурроқ ҳис қиларди. Ҳусайнга кун-бакун янги-янги талаблар қўя бошлади. Бола устозининг сўзларини хотирасига қўрғошиндек қуйиб оларди. Ой эмас, кун сайин билими мукаммаллашиб борди. Ҳар сафар сабоқ якунида ўйлаб юрган саволларини беради.
– Устоз, одамлар имлони қачон ўрганганлар? – деб қолди бир куни.
Абдулваҳҳоб Ҳусайнга ажабланиб қаради. У ихлос қўйган устозига иштиёқ билан термулиб турарди. Бу саволга сарбаст жавоб бермоқ мушкул. Рад этмоқ эса устозлик мақомига муносиб эмас.
– Қадимдан, жуда қадимдан ўрганганлар, – деди. – Минг йиллар аввал.
– Минг йил?
– Ҳа.
– Бу жуда кўпми?
Шундагина Абдулваҳҳоб ибн Али шогирдининг ҳали бола эканини эслади. Ахир, у ҳисоб илмидан сабоқ олмаган.
– Жуда-жуда кўп, – деди бўшашиб.
– Ўшанда ҳам шундай имло бўлганми?
– Мен ундай демадим, – Абдулваҳҳоб бир муддат тараддудланди. – Билсанг, Ҳусайн, қачонлардир қоғоз ҳам, китоб ҳам бўлмаган, – у Ҳусайннинг олдидаги лавҳга ишора қилди. – Аммо одамлар, улар бизнинг ўтмиш аждодларимиз, кўнгилларида яралган туйғуларини ифода этмоқни жуда-жуда исташган. Ҳатто тошларга ҳам хат битганлар. Оламда имлоларнинг тури бисёр. Масалан, Юнонистонда9 араб ҳарфида эмас, ўзгача имлода ёзадилар.
– Юнонистон?
– Ҳа, Юнонистон. Устози аввал Арасту ҳакимнинг Ватани, – Абдулваҳҳоб Ҳусайнга қараб қўйди. – Юнонистон Бухородан жуда-жуда йироқдаги ғаройиб юрт. Мавжланиб турган уммондан ўтиб борурлар.
Ҳусайн устозига ҳавас билан тикилди. Абдулваҳҳоб эса кичкина шогирди оддий бола эмаслиги, бу ўзига жуда катта масъулият юклашини аллақачон тушунганди. Ҳусайн устозининг ҳар бир сўзини хотирасида сақлаб, қурби етганча таҳлил қилади. Абдулваҳҳоб буни билгани учун, шогирдига уламолар талаб қилган жавобни уқтирди:
– Сендин сўрсалар, биринчи хат ёзган Одам аллайҳиссаломдир, демоғинг лозим. Ул зотга ёзув таълимини берган Аллоҳ Роббул иззадир. Қуръони каримнинг Бақара сурасида, Аллоҳ Одамга барча номларни ўргатди, деб марҳамат қилинган.
Абдулваҳҳоб ибн Али ҳафта давомида дарс ўтиб кетади. Бўш пайтларида Ҳусайннинг ўзи сабоғини такрорлаши лозим. Буни у чин дилдан, ихлос билан бажаради. Устози кун сайин ёш шогирдидаги фавқулодда иқтидорнинг янги-янги қирраларини кашф этарди. Шундан сўнг машғулотларни икки қисмга бўлди. Сабоқнинг биринчи қисмида қироат билан машғул бўладилар. Кейинги дарс эса ёзув машқига бағишланади. Шогирди тез орада ҳуснихатда ҳам илғорлаб кетди.
Ҳусайн бутун вужуди билан, шиддатли шамол каби илм оламига кириб борарди. Тенгдошлари ўйин-кулгига берилган паллада унинг фикр-ўйи илм олишда бўлди. Орадан бир йил ўтгач, устози Қуръон тафсири10 сабоғини бошлаб юборди. Бу машғулотларда ҳам Ҳусайннинг ютуқлари лол қоларли бўлди. У Қуръони карим сураларини жуда тез ёд олиб, тафсирларини ўзлаштирди.
Абдулваҳҳоб ибн Али ўзини Бухоронинг билимдон йигитларидан ҳисобларди. Турфа фанларда илғор бўлгани боисдан ҳали сабийлик давридаги шогирдини босқичма-босқич билимлар оламига олиб кирди. Тез орада “Адаб илми” сабоғини бошлади. Араб тили сарфу наҳви11, адабиёт, шеър санъати билан машғул бўлдилар.
* * *
Шундай қилиб, орадан беш йил ўтди. Ҳусайн йил сайин болалик давридан йироқлашиб борарди. Бу унинг юриш-туриши, ўзини тутиши, қизиқишларида бошқа тенгдошларига нисбатан жуда-жуда яққол сезилади.
Ёз кунларининг бирида отаси Ҳусайнни бозорга олиб борди. Бухоро бозорининг айни қизиган пайти эди. Чумолилар карвонидек қаторлашиб ҳар томонга юрётган одамларнинг шовқин-суронидан кўз тиниб, бош айланади. Бошига сават, тугун қўйган бозор аҳли бир дақиқа тиним билмайди. Кимдир олмасини, яна бошқа биров “тилими тилни ёрадиган” қовунини бор овозда қичқириб мақтайди. Айниқса, зардўзлар растаси ўтган-кетганнинг кўзини куйдириб, оҳанрабодай ўзига тортади. Қуёш нурида жилоланаётган тилларанг нақшлар билан безатилган чопон, нимча, дўппи, маҳси-ковушларнинг харидори-ю, ҳавас билан томоша қилувчиси кўп.
Бухоронинг оламга машҳур катта бозорида савдо-сотиқдан холи бўлган кенг бир майдон бор. Бу саҳнни тумонат одам босган. Уларнинг “Оҳ-оҳ!”, “Иби-иби-иби!”, “Офари-ин!”, “Аъло!” деган эҳтиросли ҳайқириқлари Ҳусайннинг эътиборини тортди. Отаси қўлидан ушлаб олган эди. Китоб ўқиб, оқ-қорани ажрата бошлаган ўн яшар йигитчага бу эриш туюлди. Секин қўлини тортди.
– Одам кўп, мендан қолиб кетсанг бўлмайди, – деди отаси.
Бояги шовқин-сурон яна кучайди. Давра бўлиб олган одамларнинг ҳис-ҳаяжонга тўла овозлари эшитилди.
– Морбозларни кўрмоқни истармусен? – деди Абдуллоҳ ибн Ҳасан ўғлига.
– Морбозлар шу ердами?! – ажабланди Ҳусайн. – Аввал келганимда кўрмаган эдим.
– Сени морбозлар ўйингоҳига олиб бормаган эканман-да?
– Йўқ, отажон, бу бозор жуда катта экан, буткул айланиб чиққан эмасмен..
– Морбозлар – илон ўйнатувчи ҳиндилар. Уларнинг томошасидан чўчимайсенми?
– Илонданми?
– Ҳа.
– Йўқ, отажон, Афшонадаги ўтлоқда илонлар жуда кўп. Мен уларни бўйинларидан тутиб, кейин қўйиб юборар эдим.
Отаси Ҳусайнга ажабланиб қаради. “Бошқа болаларга ўхшамайди, – дея ўйлади. – Баъзан уни таниёлмай қоламан. Қисқа фурсатда шунча ўзгариш?”
– Нечун ундай қилдинг?! – деди хавотирланиб. – Морнинг заҳри ўткир. Чақиб олмоғи мумкин эди.
– Илон беозор жонивор. Мен уларни дарҳол қўйиб юборар эдим. Ҳар сафар ўрмалаб, алафлар орасига кириб кетганлар… Илон заҳаридан табиблар дору тайёрлайдилар.
– Буни қайдан билдинг?
– Устозим Абдулваҳҳоб ибн Али табобатда ҳам моҳир. Дорую дармонлар хусусидаги суҳбатларини жон қулоғим билан тинглаймен.
– Табобатга қизиқдингми?
– Ҳа, отажон. Табиблик аъмолига беҳад ҳавасдамен.
– Ахир, табобатни англамоқ, теран тушунмоқ учун жуда ёшсен.
– Табобатга оид суҳбатларга ниҳоятда ташнамен. Бироқ бундай суҳбатлар асосий сабоқдан сўнг бўлаётир. Сабоқни тез ўзлаштириб оламен. Устоз хурсанд бўлиб, илтимосимни рад этмайдилар.
– Неларни илтимос қилдинг?
– Инсон жисми, ботинига қизиқдим. Устоз тушунтириб бердилар.
– Неларни тушундинг?
– Инсонда юрак, бир жуфт ўпка, меъда, ичаклар борлиги, уларнинг вазифаларини билиб олдим.
– Шуларни тушундингми?
– Ҳа, отажон. “Қўй сўйганларини кўрганмисен?”, дедилар устоз. Бобожонимнинг Афшонадаги уйларида кўрганимни айтдим. Инсоннинг ботиний аъзолари қўйникига ўхшар экан. Мен буни тасаввур қилдим. Ҳозир юрак, иккала ўпка, жигар ва ичакларим жисмимнинг қаерида эканини биламен.
– Сабоқларинг мушкул эмасми?
– Йўқ, отажон. Айни пайтда устоз таътил бердилар. Ўзим мустақил китоб ўқиётирмен. Меҳмонхонамиздаги токчада сизнинг китобларингиз кўп. Табобат илмига оидлари ҳам бор.
Абдуллоҳ ибн Ҳасан ўйланиб қолди. Нозик, қотмагина ўғлига тикилди: “Ҳали гўдак-ку. Китобларга бунчалар муккасидан кетмаса. Тенгдошлари ҳали ўйин-кулгудан бўшамайдилар. У эса Қуръонни хатм қилди, табобатни ўрганмоқда. Бу аҳволда зўриқиб, хасталаниб қолмоғи мумкин”.
– Ҳусайн, таътилинг ўтиб бормоқда. Афшонага олиб борайми?
– Бажонудил борурмен. Бобожоним, моможонимни соғиндим.
– Ундай бўлса, саҳарда йўлга чиқурмиз. Ҳозир эса, юр, ўғлим, морбоз, найрангбозларни кўрурсен.
– Найрангбоз?
– Бу сўзни энди эшитдингми?
– Ҳа.
– Бу ерда ҳинди найрангбозлар бор. Мана, улар!
Ота-бола одамлар издиҳомидан ўтдилар. Давра ўртасида ўрта ёшлардаги, қоп-қора, чиллашир бир ҳинди эртакдаги аждар сингари оғзидан олов пуркаб ҳаммани лол қолдирарди. Бир пайт юлдузлар тасвири туширилган авра чопонини ҳилпиратиб чир айлана бошлади. Шу ҳолатда икки томонга ёйилган қоқсуяк қўлларида биттадан оппоқ каптар пайдо бўлди. Издиҳом ҳайратдан бир қалқди. Ҳар томондан “Офари-ин!” деган ҳайқириқлар эшитилди. Найрангбоз бирдан каптарларни осмону фалакка улоқтирди. Каптарлар қанотларини тапиллатиб парвоз қилишди. Томошаталаблар ложувард осмонда жуфт бўлиб учаётган каптарлардан кўз узолмай қолишди.
Ниҳоят каптарлар кўздан йўқолди. Одамларнинг нигоҳи яна ўзлари доира бўлиб ўраб олган саҳнга қадалди. Энди давра ўртасида катта оқ саллали яна бир ҳинди ўтирарди. Унинг қўлида бу ерларда ўсмайдиган ғаройиб қамишдан ясалган най бор. Олдига тол хивичдан тўқилган сават қўйиб олган. Ҳусайн қизиқиб олдинга бир қадам ташлади. Отаси уни елкасидан ушлади:
– Тўхта! Яқинлашма, саватда илон бор!
– Биламан, ота, капча илон бор. Устозим морбозлар ҳақида сўзлаб берганлар, – Ҳусайн ниҳоятда ҳаяжонланарди. – Бу томошони кўрмоқ иштиёқида эдим.
– Шунда ҳам яқин борма. Капча илон заҳарли!
– Хўп, отажон.
Шу пайт саллали ҳинди саватнинг қопқоғини очиб, энгашди. Саватга қараб нимадир дегандек бўлди. Издиҳом бирдан жимиб қолди. Ўша заҳоти саватда бўйнини шишириб олган илоннинг боши кўринди. Даврадаги одамлар увиллаб юборишди.
– Бу ҳинди илонга қандай сеҳрли сўзни айтди?! – Абдуллоҳ ибн Ҳасан ҳам ажабланганини яшара олмади.
– Отажон, ҳинди илонга сув пуркади.
– Сен қайдан билдинг?
– Сув пуркаганин кўрдим. Буни жуда тез бажарди.
Морбоз қўлидаги қамиш найини лабига олиб борди. Илон ўзини орқага тортиб, қотиб қолди. Найдан ғалати куй таралди. Ҳусайн бундай майин оҳангни аввал эшитмаганди. Илон куйга маҳлиё бўлгандек морбозга тикилиб турарди. Ҳинди эса най чалишдан тўхтамас, гавдаси куй оҳангига мос чайқаларди. Энди илон рақс тушаётгандек тебрана бошлади. Морбоз най чалишга шунчалар берилиб кетдики, ҳозир қаерда эканини ҳам унутиб қўйгандек эди. Издиҳомдан ҳар замонда “Э воҳ!”, “Ё тавба!”, “Офари-ин!” деган эҳтиросли товушлар эшитилади. Томошаталаблар борган сари кўпаярди. Гўё бу ерга бутун бозор аҳли йиғилиб келаётгандек.
Томоша роса авжига чиққанда ғалати ҳодиса юз берди. Куннинг иссиғи таъсир қилдими, морбознинг қўлидаги най тушиб кетди. Унинг боши илондек бир чайқалди-ю, қоқсуяк гавдаси ерга қулади. Қўли беихтиёр саватга тегиб, ағдариб юборди. Шу пайт кутилмаганда тутқунликдан озод бўлган капча илон саватдан судралаб чиқди. Илон жуда тез ҳаракатланарди. Киши қулочидек келадиган чипор илон жазирама қуёш нурларидан яширинмоқчидек бир чап томонга, бир ўнгга ўрмалай бошлади. Бу одамларни даҳшатга солди. Ёшу қари бир-бирини суриб, итариб дуч келган томонга тумтарақай қочди. Морбознинг боягина оғзидан олов пуркаган шериги уни ўрнидан турғазишга уринарди. Эгасиз қолган илон бирор кавак тополмасдан ҳамон саҳнда гир айланарди. Отаси Ҳусайнни қўлидан ушламоқчи бўлиб ёнбошига қаради. У жойида йўқ эди! Илоннинг ортидан югураётган ўғлига кўзи тушиб, бор овозда қичқириб юборди.
– Қайт, қайт! – деди титраб-қақшаб.
Бу пайтда Ҳусайн гангиб ўрмалаётган илонга рўпара турарди. У чап қўлидаги чўпни бир-икки қимирлатди. Капча илон томоша пайтидагидек тик бўлиб олди. Ҳусайн чаққон ҳаракат қилиб, ўнг қўли билан илоннинг бўйнидан маҳкам ушлади. Ҳар томонга қочаётган одамларнинг айримлари тўхташди. Қўлида капча илонни ушлаб турган болага ҳайрат ва қўрқув билан тикилиб, тахтадек қотиб қолишди.
Ҳусайн типирчилаётган илонни ағдарилиб ётган сават томонга судради. Морбоз ҳамон ерда беҳуш ётибди. Қўрқиб кетган найрангбоз унинг лабига сопол пиёлада сув тутарди. Бир қулоч келадиган илонни судраб келаётган қотма болакайга қараб олди-да, ҳарқалай ағанаб ётган саватни тўғирлаб қўйди. Ҳусайн илонни саватга жойлаб, қопқоғини ёпди. Шу пайтда отаси югуриб келиб, қучоқлаб олди.
– Мор чақмадими, ўғлим?! – Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг овози титраб кетди.
– Йўқ, отажон.
Атрофни одамларнинг қийқирган, ҳайқирган овозлари босди. Ҳозиргина ҳар томонга тирқираб қочган катта-кичик ёшдаги одамлар Ҳусайнни олқишлашар эди.
Шу куни заҳарли капча илонни тутган бола ҳақидаги шов-шувлар Бухорои шарифдан ташқаридаги қишлоқларга ҳам тарқалди…
Ёз охирида Абдуллоҳга байтул молдаги12 хизматидан таътил беришди. Ситорабону ёлғиз қолган ота-онасини ўйлаб эзилиб юрганди. Эри билан келишиб олди-ю, йўл ҳаракатига тушди. Икки-уч кунда зардўзлик буюртмаларини шошилинч якунлади. Оилада сафар тадориги кўрила бошланди. Бу пайтда Маҳмуд беш ёшга тўлганди. Афшона хабари ҳаммадан кўп уни қувонтирди. Кўкламда Амрилло бобоси билан Суйимхон момосининг олдиларида анча пайт бўлиб, уларга ўрганиб қолганди. Устози ўтадиган машғулотлар ҳамда мустақил китоб ўқимоқдан бўшамайдиган Ҳусайн ҳам қишлоқни соғинганди.
Афшонага тонг саҳарда, от аробада йўлга чиқишди. Қўш отли аробага қават-қават кўрпачалар солинган бўлса ҳам йўл азоби анчагина чақиб юборди. Шомда қишлоққа етиб келишганда ҳаммалари ҳолдан тойган эдилар. От кишнаганини эшитиб, Амрилло бобо билан Суйимхон момо югургудек бўлиб дарвозадан чиқиб келишди. Уларни кўриб, Маҳмуд қийқириб юборди. Бобоси билан момосига талпиниб, аробадан туша олмасдан типирчиларди. Севимли набирасини анчагина кексайиб қолган Амрилло бобонинг ўзи кўтариб олди. Ситорабону чор аробадан13 туша солиб онасининг қучоғига отилди. Суйимхон момонинг севинчи оламга сиғмасди. Минг айланиб, ўргилиб қизи, невараларини ўпиб, алқай кетди. Қўш отнинг юганларини ушлаб турган Абдуллоҳ жилмайиб уларни кузатарди. Маҳмудни кўтариб олган Амрилло бобо куёвининг олдига келди.
– Ассалому алайкум, ота, – деди Абдуллоҳ қўлини кўксига қўйиб.
– Ваалайкум ассалом, ўғлим.
Амрилло бобо куёви билан қучоқ очиб кўришди Бўйнига осилиб олган Маҳмудни ерга қўйиб, отнинг юганларига қўлини узатди.
– Баҳузур, ота, мен ўзим.
Абдуллоҳ бобосига осилаётган Маҳмудга қаради:
– Ўғлим, катта йигит бўлиб қолдинг. Энди бобонг кўтарсалар уят бўлур.
– Ҳали қувватим бор, ўғлим, – Амрилло бобо Маҳмуднинг бошини силади. – Набираларим бағримга келсалар ёшариб кетурмен.
Бу ҳаяжонли учрашувни бир четда кузатаётган Олавойга ҳеч ким эътибор бермади. Ит ўзининг шу ердалигини билдириб қўймоқчидек чўзиб-чўзиб акиллади. Ҳамма ўша томонга қаради.
– Олавойимиз ҳам набираларимни соғинган, – кулди Амрилло бобо.
Аввал момоси, кейин бобоси билан кўришган Ҳусайн Олавой томонга юрди. Ит уч оёқлаб бир-икки қадам ташлади-да, Ҳусайнга суйкалди. Олавойнинг олдинги ўнг оёғи икки букилиб, шалвираб қолганди. Ҳусайн тиз чўкиб, итнинг оёғини сийпалади. Олавой ангиллаб оёғини тортиб олди.
– Бобожон, Олавойнинг оёғига не бўлди? – деди бобосига қараб.
– Не бўлганин билолмадик, – Маҳмудни етаклаган Амрилло бобо Ҳусайннинг олдига келди. – Кеча ўтлоққа қўйлар билан қўйиб юборган эдим. Уйга оқсоқланиб қайтди. Бировнинг йирик моли ёки отнинг туёғи остида қолган-ов.
– Шундай бўлмоғи мумкин. Суяк синибди.
Амрилло бобо неварасининг катталардек гапиришидан ажабланди.
– Сен буни қайдан билдинг, болам?
– Бобожон, устозим Абдулваҳҳоб ибн Али табобат илмида ҳам етук инсон. Бул соҳага қизиққаним боис табобатдан қўшимча сабоқ олаётирмен.
Амрилло бобо куёви Абдуллоҳга қаради. У ўғлининг гапларини тасдиқлаб жилмайиб турар эди. Ҳусайн рухсат сўрамоқ мақсадида бобосига мулоҳазасини айтди:
– Олавойнинг оёғини тахтакачлаб қўймоқ лозим. Шунда суяк тўғри битади?
– Ихтиёринг, ўғлим! Яна неларни ўрганаётирсен?
– Бобожон, ҳинд ҳисобини ўрганмоққа киришдим. Бу илм ҳам уммон каби беҳадду ғоятдур14. Айни пайтда мустақил китоб кўрмоқдамен. Ҳар турли илмларда мумтоз бир устозга эҳтиёжим бор.
– Бухоро илмкишлар15 шаҳридур. Отанг сенга бир аллома устоз топгай, албатта. Илмга рағбатинг шуни тақазо этади. – Амрилло бобо меҳр билан неварасининг бошини силади.
Абдуллоҳ икки отли аробани дарвозадан олиб кирди. Отларни шотидан чиқариб, сайисхонага етаклаб кетди.
Ҳусайн билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. У ҳовлининг шох-шаббалар уйиб ташланган бурчагига келиб, иккита равон чўп топди. Уйдан пичоқ олиб чиқиб, чўпларнинг қирраларини йўниб силлиқлади. Бир парча эски матони чўпларга ўради. Шундан сўнг Олавойнинг оёғини тахтакачлашга киришди. Ит аввал инжиқлик қилди. Оёғини тутқазмай ангиллади. Кейин кичик хўжайиннинг нияти эзгулигини тушунгандек жимиб қолди.
* * *
Тарихдан маълумки, ҳижрий 260 йил, муборак рамазон ойининг ўн иккинчиси, душанба16 кунида Бухоро Сомонийлар қўлига ўтгач, амир Исмоил ибн Аҳмад давлат бошқарувини девонлар орқали амалга ошира бошлаган. Кирим-чиқим ишларини юритиш, солиқларни назорат қилиш Девони муставфий зиммасида эди. Солиқдан озод қилинмаган деҳқон ерлари ана шу девон назоратида бўлди. Бундай давлат бошқаруви, орадан юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам, ҳамон давом этиб келарди.
Абдуллоҳ ибн Ҳасан Афшонадан қайтган ҳамон хирож – ер солиғи ишларига жалб қилинди. У қўл остидаги мулозимларни роботдаги қишлоқларга йўллади. Кузда пахта, ғалла, қовун-тарвуз эккан деҳқонлар шошилинч ҳосил йиғмоққа киришадилар Уларнинг кўпчилиги “муқосама” солиғига шартлашган бўлиб, бунда ҳосилнинг учдан бир қисмини солиқчилар ихтиёрига топширишар эди.
Хирож тўплаш бошланганига ўн кун бўлар-бўлмас Абдуллоҳ ибн Ҳасанни тонг саҳарлаб қози17 чақиртирди. Зармуҳаммад ибн Юсуф исмли бу қози билимдонлиги, ҳақгўйлиги билан Бухорода танилган. Абдуллоҳ унинг ҳузурига кирганида қозининг кайфияти ёмонлигини сезиб, ҳушёр тортди. Қози унинг саломига базўр алик олди.
– Хурмитанга хирож тўпламоққа кимни йўллаган эдингиз? – деди дабдурустдан.
Абдуллоҳнинг юраги бир қалқиб тушди. Хурмитанга юборган мулозимидан ўзининг ҳам кўнгли тўлмай юрган эди.
– Жаббор ибн Азларни, – деди оҳиста.
– Хурмитанлик деҳқонлар норозилик билан Девони муставфийга келганлар! Бунга не дейсиз?!
Абдуллоҳ нима деб жавоб қилишни билмасдан кўзини ерга тикди.
– Биламен, сиз ҳалол иш олиб борасиз, – Зармуҳаммад ибн Юсуфнинг гап оҳанги бироз юмшади. – Шу боисдан энг одил қарорга келдик. Хурмитанга ўзингиз бориб, ҳақни қарор топтирурсиз. Зудлик билан йўлга тушинг!
Абдуллоҳ ибн Ҳасан олиму фозил, халқнинг ҳурматига сазовор қозининг таънасини эшитиб ботинан эзилди. Аммо, айб ўзида, Жаббор ибн Азларнинг феълини яхши билар эди; ғаддорлиги, олчоқлигини ҳам. Уни мулозимлар етишмагани боисдан Хурмитанга жўнатди. “Ўзим назорат қиламан”, деб ўйлаган эди. Тилёғламалиги кўзини кўр қилиб қўйди. Нопок ишларини билиб юрса ҳам Девондаги хизматидан четлатмади. Мана оқибат! Адолатпеша қозининг олдида ўзининг бўйни эгилди. Энди унга шафқат қилса, давлатга хиёнат билан баробар бўлур.
Абдуллоҳ шошилинч тадорик кўриб, дарҳол йўлга тушди. У минган тўриқ от Бухоро шаҳридан чиқаверишдаги Руди зар анҳорига етиб келганда кун эндигина кўтарила бошлаганди. От кўприк олдида тўхтаб қолди. Абдуллоҳ анҳорда тўлиб оқаётган сувга қараб ўйга чўмди: “Ажаб, одамларнинг қиёфалари бир-бирларига ўхшаши мумкин экан-у, ботинлари турлича. Хурмитан, Афшонада истиқомат қилганида хушфеъл, бағри кенг одамларни кўп кўрди. Улар бутунлай ўзгача инсонлар. Қалъа мулозимлари орасида эса фитна-фужур, қаллоблик болалаган. Гарчи, улар авом халқдан саводли, зукко бўлсаларда… Жаббор ибн Азлар ўзи билан тенгдош, ҳаётнинг паст-баландини кўрган. Бироқ, ҳануз нафсини тия олмайди. Ёшига ёш қўшилган сайин қинғирлиги ортиб бормоқда. Энди қатъий чора кўрмаса бўлмас. Зотан, қози ҳазратларининг талаблари ҳам шундай”.
Руди зар анҳори тўлиб оқарди. Тиниқ сувнинг қирғоққа урилгандаги шовқини эшитилди. Отини ниқтаб, тахта кўприкдан ўта бошлади. Абдуллоҳнинг юзига салқин ҳаво урилди. От кўприкдан ўтгандан сўнг жадал йўртиб кетди. Бу пайтда унинг ёши элликка яқинлаб қолганди. Аммо, ҳали бақувват, соғлом. Куз ҳавосида отда йўл юрмоқ унчалик ҳам машаққатли эмас. Тўхтамасдан илгарилаб, йўлдаги қишлоқлардан бирида тушлик қилди. Аср олдидан манзилга яқинлаб қолди.
Наҳр ул-Бухородан ўтаётганида Хурмитандаги кўҳна қалъа харобалари кўринди. Қадимги ҳокимлар қароргоҳи бўлган бу маҳобатли саройнинг қор-ёмғир ювган деворлари уфққа чўкиб бораётган қуёш нурларида мунғайиб турарди. Бу манзара ўн беш йил аввалги хотираларни ёдига солди. У пайтларда Абдуллоҳ ёш ва қизиққон эди. Амир девонидан Хурмитанга хирож мулозими этиб тайинланди. Хирож йиғиш пайтида муаммолар, ҳатто жанжаллар ҳам бўлиб турарди. Бироқ, қишлоқнинг кенг феъл одамлари, айниқса, одил ва сермулоҳаза оқсоқолларнинг доноликлари туфайли борки муаммолар бартараф этилган. Нечун Жаббор ибн Азлар оқсоқоллар кўмагига суянмади? Қандай гумроҳликлар қилди? Холис бўлганида қишлоқ кишилари девонга арз қилиб бормас эдилар…
Абдуллоҳ шундай ўйлар билан қишлоққа кириб келди. Амирлик мулозими ҳали далаларда экан. Буни йўлда учраган одамлардан билиб олди. Вақтни бой бермаслик учун оқсоқолнинг уйига бориб, ундан вазиятни аниқлашни маъқул кўрди.
Йўл-йўлакай учраган одамлар унга тавозе билан салом беришарди. Ёши улуғ кишиларнинг айримлари таниб ҳам қолишди. Абдуллоҳ буни уларнинг нигоҳларидаги умид учқунларидан пайқаб олди. Бу ўзига бўлган ишончдан эканини ҳам тушунди.
Қишлоқ оқсоқолининг исми Мусожон ота эди. Абдуллоҳ уни аввалдан яхши танир, уйини ҳам биларди. Шунинг учун отини қишлоқнинг қоқ ўртасидан кесиб ўтадиган йўлга бурди. Оқсоқолнинг Хурмитандаги томсувоқ уйлардан унчалик ҳам фарқ қилмайдиган уйига етиб келганида юраги бир қалқди. Қишлоқда турган пайтларида Мусожон ота унга кўп яхшиликлар қилган. Ўз ўғлидек кўриб, хонадонидан жой берган.
Ислими нақшлар билан безалган таниш дарвоза ёшлик йилларини эслатди. Мусожон отанинг уйида туриб, Афшонага қатнаганлари, қайта олмаган куни Амрилло бобоникида ётиб қолгани, Ситорабонуни илк бор учратгани ёдига тушди.
Отини етаклаб келиб, қадрдон дарвозани қўли билан беозор урди. Бироз ўтиб, ичкаридан оғир қадамлар билан оқсоқолнинг ўзи чиқди. Мусожон ота анча кексайиб қолганди. Бир пайтлар гавдаси қорувли бўлган забардаст эркак озиб, бўйи ҳам чўккан. Унинг оппоқ соқоли нуроний чеҳрасига ярашибди. Кўзларида қарияларга хос аллақандай мунг бор. Мусожон оқсоқол Абдуллоҳни таниб, севиниб кетди.
– Оҳ, тақсир, ким келар экан, деб безовта эдим, – оқсоқол қучоқ очиб кўришди. – Амирликдан тафтишчи келур, деганларидан буён аҳвол шу.
– Ота, аввалгидек Абдуллоҳ деяверинг.
– Энди мартабангиз улуғ, ўғлим. “Тақсир” деб мурожаат қилмоқ жоиздур.
– Ота…
– Ичкари кирайлик. Узоқ йўлдан толиқиб келдингиз.
Мусожон оқсоқолнинг уйи ичкари-ташқари ҳовлили. Улар ташқари ҳовлидаги меҳмонхонага киришди. Томсувоқ, шифти вассажуфтли бу хонада бир пайтлар Абдуллоҳ қўним топган. Шу уйда яшаб, атроф қишлоқларда амирликнинг хирож мулозими вазифасини бажарган. Энди эса ўзи Хурмитанга йўллаган мулозим ишини тафтиш қилади. Жаббор ибн Азларнинг деҳқонларга қилган ноҳақликларини девонда айтган эдилар. Абдуллоҳ Мусожон оқсоқолдан бу арзномаларнинг асл сабабини билиб олишни истарди.
– Ота, Хурмитанлик деҳқонлар девонга арз билан борибдурлар, – деди чой ичиб ўтирганларида ўсмоқчилаб.
Мусожон оқсоқол қўлидаги пиёлани айлантирганича ўйланиб қолди. Нигоҳини дастурхонга қадаб, оғир-босиқлик билан сўзлай бошлади.
– Аввало, қишлоғимиз фуқароларининг Бухорога борганларидан хижолатдамен…
– Фуқаронинг талаби ҳақ бўлса, бу гуноҳ эмас, ота.
– Шундай, тақсир. Хирож қоидаларин сиздан яхши биладургон киши йўқдур. Шуларга амал қилинмагани рост.
– Ота, бу қандай бўлди? Сабабини аниқ айтинг?
– Биласиз, қишлоғимиз одамлари пахта, буғдой, кунжут, зиғир, нўхот, айрим ҳудудларда шоли экиб деҳқончилик қиладилар. Ҳосилнинг учдан бир қисми хирожга тўланмоғи амирлик девонидан белгиланган. Жаббор ибн Азлар ана шу қоидага риоя қилмадилар. Солиқдан ташқари яна олтин, кумуш тангалар йиғиб олинди. Ҳосили яхши бўлмаган деҳқонлардан ҳам ана шундай маблағ талаб қилинди.
Абдуллоҳ оқсоқолнинг фикрларини эшитди-ю, шу хусусда анча пайт ўйланиб ўтирди. Жаббор ибн Азларни Хурмитанга юборганига яна бир бор афсусланди. Демак, девонга арз билан борган деҳқонлар ҳақ бўлишган. Ахир, шунчалар ҳам инсофсизлик бўладими! Ҳосил ололмаган деҳқон бола- чақасини нима билан боқади? Бунинг устига, солиқчи улардан олтин, кумуш тангалар талаб қилса-я!
Абдуллоҳ буларнинг барини деҳқонларнинг ўзларидан эшитиб билмоқчи бўлди. Оқсоқол билан суҳбатларидан кейин шу мақсадда далага чиқди. Шомгача бир нечта деҳқон билан учрашди. Улар ҳам оқсоқолнинг гапларини тасдиқлашди.
Шом аввалида оқсоқолнинг уйига ҳовлиққанича Жаббор ибн Азларнинг ўзи кириб келди. Ҳеч нарсадан хабари йўқдек Абдуллоҳ билан қучоқ очиб сўраша кетди. Бироқ, унинг сохта муомаласи остига яширинган кибру ҳаво шундоққина билиниб турар эди. Унчалик ҳам узоқ давом этмаган суҳбатлари асносида Абдуллоҳ бор гапни тўкиб солди. Девондан топшириқ берилгани, вазият қанчалик қалтислигини тушунтирди. Аммо, Жаббор ибн Азлар отдан тушса ҳам эгардан тушмади.
– Арзчи деҳқонлар амир хазинасининг душманларидур, – деди дабдурустдан. – Халқдан тўпланадургон хирож давлатимиз равнақига сарфланажак. Буни ул шаккокларга тушунтириб қўюрсиз, деган умиддамен.
– Эртага деҳқон далаларига чиқурмиз, – Абдуллоҳ босиқлик билан жавоб қайтарди. – Ҳақ-ноҳақ жойида ҳал бўлгани маъқул.
Унинг бу гапига Жаббор ибн Азларнинг ғаши келди. Эътироз билдиришга уриниб кўрди. Аммо, бунинг уддасидан чиқолмади.
Саҳарда Мусожон оқсоқолни ўзлари билан бирга олиб, далаларга жўнашди.
Хурмитан атрофидаги катта-кичик пайкалларда деҳқонлар аллақачон иш бошлаб юборишган. Улар кузнинг илиқ-иссиқ кунларида бола-чақаларининг ризқи бўлган ҳосилларини йиғиштириб олишга шошишарди. Олинадиган ҳосил келгуси йил кузигача бутун оилани боқиши лозим. Жаббор ибн Азлар қўйган шарт бўйича эса деҳқонлар қишнинг қора совуғида очликка маҳкум бўлишади. Айни пайтда уларнинг ичини ит тирнаётганини Абдуллоҳ яхши тушунди. Ижарачи деҳқонлар буни таъкидлаб-таъкидлаб гапиришди. Кузги ҳосил ҳаёт-мамот масаласига айланганда ҳар қандай истиҳолалар четга суриб қўйилиши табиий. Ўндан ортиқ ўртаҳол деҳқон Жаббор ибн Азларнинг ҳосил солиғидан ташқари қанча миқдорда олтин, кумуш тангалар олганини рўйирост айтишди.
Хурмитанлик деҳқонларнинг аксарияти ҳалол, ростгўй, кези келганда ўзларини ҳимоя қила оладиган чапани кишилар эди. Амирликдан тафтишчи келганини эшитиб, Ибодулло исмли ўртаҳол деҳқоннинг чайласига йиғила бошлашди.
– Ҳозир иш авжида пайт, деҳқонларни бир ерга тўпламанг, – деди Жаббор ибн Азлар.
– Қўяберинг, шундай бўлгани маъқул, – Абдуллоҳ унга эътироз билдирди.
– Улар амирликка қарши исёнчилар! – Жаббор ибн Азлар тишини ғижирлатиб, Абдуллоҳга ўқрайди.
– Мени амирлик девонидан айнан деҳқонлар эътирозларини тингламоқ, ҳақни қарор топдирмоқ учун Хурмитанга йўлладилар. Шуни билурмисиз?!
Жаббор ибн Азлар лом-мим деёлмади. Ижирғаниб, тескари ўгирилиб олди. Отда, эшакда, ҳатто араваси билан келаётган деҳқонларнинг сони ортиб борарди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ибодуллонинг чайласига ўттиз чоғли одам йиғилди. Вақт пешинга яқинлаб қолганди. Ариқ бўйидаги толнинг соясида ўтирган Абдуллоҳ улар томонга юрди. Қовоғи уюлган Жаббор ибн Азлар ҳам ноилож унга эргашди. Деҳқонларнинг бир қисми чайлага туташтириб тол ёғочларидан тикланган сўри остида ўтириб олиб, гурунглашишарди. Абдуллоҳ билан Жаббор ибн Азлар келаётганларини кўриб ўринларидан туришди. Чайла ичкарисидагилар ҳам уларга қўшилишди. Ҳаммалари қўлларини кўксиларига қўйиб салом беришди. Издиҳом шивир-шивирлар, кимларнингдир бир-бирларига луқма ташлашларидан гувиллаб турибди. Абдуллоҳ “жим” ишорасини қилиб, ўнг қўлини баланд кўтарди. Шу пайтда туйқусдан Жаббор ибн Азлар олдинга чиқиб, деҳқонларга дўқ ура кетди.
– Амирлигимизнинг равнақ топмоғига қарши бўлганлар ким ўзи?!
Одамлар бирдан жимиб қолишди. Бу қалтис гап содда кишиларга “подшоҳингга қарши бош кўтардингми” дегандек эшитилди. Олдинда турган бир-икки деҳқон қимтиниб, нигоҳларини ерга қадашди. Шу пайт чайланинг эгаси Ибодулло издиҳомни ёриб олдинга чиқди. У қирқ ёшлардаги, ғўлабирдан келган, ихчам соқолли бир йигит эди.
– Тақсир, ундай деманг, – Ибодуллонинг гулдураган овози чийиллаб пўписа қилишдан тўхтамаётган Жаббор ибн Азларнинг кучаниб айтаётган сўзларини босиб кетди. – Хирож тўловидан ҳеч ким бош тортмади. Биз ҳақ қарор топмоғини истаймиз, холос. Ахир, бола-чақамизнинг ризқи бизга тегадиган ҳосил салмоғига боғлиқ. Зотан, улар ҳам амиримизнинг фуқароларидур.
Абдуллоҳ яна бир бор ўнг қўлини баланд кўтариб, деҳқонларни жим бўлишга чорлади.
– Мен амирлик девонининг вакилидурмен!
– Сизни биламиз, танидик, тақсир! – бир-икки ёши улуғ деҳқонларнинг хитоблари янгради. – Сизга ишонамиз! Ҳалол инсонсиз!
– Ундай бўлса, шовқин-суронсиз, бир-бир чиқиб, арзингизни айтинг. Шунга қараб хулоса чиқармоғим лозим.
Абдуллоҳнинг бу гапидан издиҳом бир қалқди. “Сизга ишонамиз” деган деҳқонлардан бири олдинга чиқиб, ҳосил солиғи йиғишда ноҳақликка йўл қўйилганини куйиниб гапирди. Олтин, кумуш тангалар талаб қилинганини айтганида Жаббор ибн Азларнинг ранги оқариб кетди. Шундан сўнг дадил деҳқонлардан яна уч-тўрт нафари бирин-кетин сўз олди. Одамлар қўрқмасдан Жаббор ибн Азларнинг ноинсофлиги, юлғичлигини айта бошлашди.
Жаббор ибн Азлар хурмитанлик деҳқонларнинг ҳақ гапларидан қалампир ютгандек тиришиб қолди. Яна бир-икки кучаниб, ҳамла қилмоқчи бўлди. Аммо, ҳақ қарор топмоғига ишониб қолган деҳқонлар бир-бирларидан қувват олиб, унинг бошқа қилмишларини ҳам фош қилиб ташлашди. Абдуллоҳ вазиятни ўз қўлига олди. Арздорлар рўйхатини тузиб, қўшимча ундирилган хирож миқдорини гувоҳлар иштирокида белгилаб чиқди. Жаббор ибн Азлар лом-мим деёлмади. Гуноҳини енгиллатмоғи учун шарт қўйилганда эътирозга ўрин қолмаганди. Шу куннинг ўзидаёқ олтин ва кумуш тангалар эгаларига қайтарилди.
Абдуллоҳ айби фош бўлган Жаббор ибн Азларни ўзи билан Бухорога олиб кетди. Тез орада ишни қозига топшириш тўғрисида девонхона Фармони чиқарилди. Қози уни катта миқдорда жаримага тортиб, лавозимидан маҳрум қилди.
Жаббор ибн Азларнинг жон-жонидан ўтиб кетган бу оғриқнинг алами узоқ вақтгача тарқамади. Бухорода ҳокимият алмашиб, янги лавозимга илиниб олганида ҳам ўша воқеаларни унутмаган эди…
* * *
Бухорога бу йилги қишда қор кам ёғди. Шундай бўлса-да, чўл томондан эсган изғирин юзларга игнадек санчилиб, кўз очиргани қўймади. Кул билан қоплангандек қовоғини уйган осмоннинг очилмоғидан сира-сира дарак йўқ. Борган сари забтига олаётган совуқ қават-қават пахталик нимча-ю, чопонлардан ҳам ўтиб, баданни увиштиради. Увиллаган шамол кўчада қолган кимсанинг юзини пичоқ билан тилиб юбораётгандек юлқилаб ачиштиради.
Ҳусайн ўтган йилнинг кузидан бошлаб Исмоил Зоҳид исмли фақиҳнинг18 уйига қатнай бошлади. Ундан фиқҳ19 илмидан таҳсил олади. Исмоил Зоҳид отаси тенги бир киши бўлиб, аввалига Ҳусайнга сабоқ беришни қатъий рад этганди.
– Ўғлингиз жуда ёш, – деганди Абдуллоҳ ибн Ҳасанга. – Фиқҳ ёд олмоқдан иборат илм эмас, ўқиганларини фаҳмлаш, англаш ҳамдир. Фиқҳ қоидалари Қуръони карим оятларига асосланади. Буни ўзингиз ҳам билурсиз.
– Тақсир, ўғлим Қуръонни хатм қилган.
Исмоил Зоҳид ишонқирамай бир Абдуллоҳга, бир қўлини қовуштириб ўтирган қорача, қирра бурун, озғин болакайга термилди. Лавҳдаги Қуръони каримни варақлаб, саҳифалардан бирида тўхтади.
– Таҳоратинг борми, ўғлим? – деб сўради.
Ҳусайн кўзини ердан олиб, Исмоил Зоҳидга қаради:
– Устоз, бетаҳорат юрмасмен.
– Балли! Ундай бўлса, кел, мана бу сатрдан бошлаб ўқи-чи? – Исмоил Зоҳид кўрсаткич бармоғи билан зарли нақшлар билан безалган саҳифадаги сурага ишора қилди.
Ҳусайн лавҳ олдига бориб, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деб чўк тушди. Саҳифага бир назар ташлади-да:
– Наҳл сураси, қирқ тўртинчи оят, – деб бошини эгди.
Бир-икки сатр ўқиди. Шундан сўнг кўзини юмиб, тиловат қила бошлади.
Исмоил Зоҳид Ҳусайнга тикилганича тошдек қотиб қолди. Боланинг тиниқ, беғубор овози, оҳангларга йўғрилган талаффузи юрагининг туб-тубигача етиб борди. Унинг кўзларидан ёш томчилади.
– Суранинг тафсирин20 англадингми? – деди бироз сукутдан сўнг.
– Шундай, тақсир, – Ҳусайн бир ютиниб олди. – “(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик”21.
– Фиқҳ – энг мўътабар илмлардан биридур. Шуни ҳам билурмисен?
– “Фиқҳ”нинг маъноси – билмоқ, фаҳмламоқ ва англамоқдур.
– “Фиқҳ”нинг лисоний маъносин шундай демоғимиз тўғри. Уламолар22 “Охират саодатига эришмоқ учун, аниқ шаръий далиллар асосида фаръий23 амалий ҳукмларни чиқариб олмоқ”, дея таъриф берадилар. Фиқҳ – мусулмон кишиси зиммасидаги ҳаётнинг турфа соҳаларида дуч келадургон юмуш ҳамда ибодатларни тартибловчи илмдур.
Исмоил Зоҳид яна анча тафсирларни баён қилди. Баъзан тўхтаб, Ҳусайнга савол билан мурожаат этар, тушунган ё тушунмаганини сўрар эди. Ҳусайн эшитганларини сўзма-сўз такрорлаб, англаганларини муфассал баён қилиб борди. Ниҳоят, Исмоил Зоҳид бир муддат ўйга чўмиб қолди. Абдуллоҳ томоқ қириб, фақиҳга юзланди:
– Тақсир, шогирдликка қабул қилурмисиз?
Исмоил Зоҳид унга жилмайиб қаради:
– Илк мухтасар таҳсилимиз якунланди. Келаси сафар иншооллоҳ “Усул ал-фиқҳ” сабоғин бошлармиз.
* * *
Бухоронинг етти дарвозаси бутун оламга очилган эди. Шариф шаҳарга турли юртлардан савдогарларнинг карвонлари кириб келади. Денгизлар, дарёлар, тоғу тошлар, қумли саҳролардан ўтган бу карвонлар билан юзлаб, минглаб одамлар шаҳарнинг муборак заминига ташриф буюради. Улар орасида номдор олиму фозиллар ҳам бор.
Кунлардан бирида Абдуллоҳ ибн Ҳасан уйига бир файласуфни бошлаб келди. Унинг исми Абу Абдуллоҳ Нотилий эди. Ўрта ёшлардан ўтган бу киши уй эгаси билан деярли тенгдош экан. Илмли ва кўпни кўрган жаҳонгашталиги унинг юз-кўзи, дадил ва мулозаматсиз гапиришидан ҳам билиниб турарди. Меҳмонхонага шоҳи кўрпачалар солиниб, дастурхон ёзилди. Нотилий уй тўридаги тўрт қават қилиб солинган кўрпачага ўтирди. Унинг ёнбошидан отаси, қуйидан Ҳусайн жой олишди. Ҳусайн ёши улуғ меҳмонга ҳурмат юзасидан бошини бироз эгиб ўтирди. Бироқ бўлажак устозини зўр қизиқиш билан зимдан кузатарди.
Нотилийнинг эгнидаги кийимлари ғалати. Ёз яқинлаб, кунлар исиб қолганига қарамасдан қора чопон кийган. Бошидаги оддий кулоҳи ҳам сурмаранг шоҳидан. Фақатгина оппоқ салласи кибрли чеҳрасини бирозгина нурлантирган. Қуралай кўзларидан ақл-заковат ёғилиб турибди.
– Хў-ўш, зукко ўғлингиз шул йигитми? – деди Ҳусайнга синчков нигоҳини қадаб.
– Шундай, тақсир, – отаси Ҳусайнга қараб қўйди. – Ўғлимнинг илмга иштиёқи баланд. Сабоғингиздан баҳраманд қилсангиз, сиздек улуғ алломага лойиқ шогирд бўлур, иншаоллоҳ.
Нотилий Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг гапига эътибор бермади. Рўпарасида жимгина ўтирган, ҳали ўсмирлик ёшига ҳам етмаган болага қаради.
– Саводинг қай даражада, ўғлим?
– Қуръони каримни хатм қилдим, тақсир. Адаб илмларидан ҳам ўргандим. Айни пайтда фақиҳ устоз машғулотига қатнаймен.
Нотилий унга ажабланиб қаради. Томоғини қириб, Абдуллоҳ ибн Ҳасанга тикилди.
– Ўғлим бирлан имло сабоғин бошлаганимда тўрт ёшга ҳам тўлмаган эди, – деди Абдуллоҳ. – Шундан буён сарбасар устозлар таълимин олаётир.
– Фиқҳда тайин қилинган ҳукмларни билурмисен? – Нотилий Ҳусайнга савол билан мурожаат этди.
– Фиқҳ – турфа соҳалардаги амаллар, шунингдек, ибодатларга тартиб бериб турувчи илмдур, – Ҳусайн ўйланмасдан жавоб берди. – Ҳалол, харом, фарз, яъни Оллоҳнинг ижроси зарур бўлган буйруқлари, вожиби – бажарилмоғи шарт бўлганлари, шунингдек…
– Бас, ўғлим. Мен ўйлагандан ҳам ақлли эркансен. Энди менинг ҳам шогирдим бўлдинг. Юнон фалсафасига ақлинг етадургон бўлиб қолибдур. Сен билан Порфирий ҳазратнинг “Исоғужи”, яъни мантиқ илми тўғрисидаги рисоласини ўрганурмиз. Мантиқ эса муҳокама юритмоқнинг қонун, қоидалари борасидаги илм.
Ҳусайн дарҳол ўрнидан туриб, Абу Абдуллоҳ Нотилийга таъзим қилди.
– Энди сенга рухсат. Биз отанг билан суҳбатлашурмиз.
Ҳусайн отаси билан Нотилийга яна бир бор таъзим қилиб, меҳмонхонани тарк этди. Нотилий бир муддат ўйга чўмиб ўтирди.
– Мен Бағдодда таҳсил олганмен, – деди ниҳоят гапни узоқдан бошлаб. – Турфа илмларни ўргандим. Файласуфлик даъвоим бор. Бироқ, тиб илмида ҳам анча илғорлаб кетдим. Ўғлинг жуда ёш, биродар. Ўн-ўн бир ёшли болада бундай даражанинг бўлмоғи ноёб ҳолат. Аминменки, Ҳусайн келажакда улуғ бир аллома бўлур, иншаоллоҳ. Майли, мен унга устозлик қилай.
– Тақсир, менинг уйимда қолишингизни тавалло қилсам, не дейсиз?
Бу Абу Абдуллоҳ Нотилий учун кутилмаган таклиф эди. Мезбонга бир қараб олди-да, яна ўйга чўмиб қолди: “Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўзи турфа соҳалардан хабардор илмли инсон. Фарзанди фавқулодда зукко бола бўлибдур. Бу таклифга кўнса, меҳнати зое кетмайди”.
– Мен рози, – деди Нотилий.
Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг чеҳраси очилиб, енгил тортди.
– Сизга ишонган эдим, тақсир, – деди. – Лутфингиздан бошим осмонга етди. Ҳусайннинг илм олмоғи учун молимни ҳам, жонимни ҳам аямагаймен!
* * *
Бухоро боғларининг оқ, нофармон гуллар билан безаниши, жазирама иссиғи-ю, полизларида мазаси тилни ёрар қовунларининг пишмоғи, изғирин шамолли қора совуқлари билан яна тўрт фасл ўтди. Абу Абдуллоҳ Нотилий ёш шогирдига қаттиқ боғланиб қолди. Жумадан бошқа кунларда унинг билан узоқ-узоқ сабоқ ўтар, бу машғулотлар кўпинча устоз ва шогирд ўртасидаги мароқли суҳбатларга эврилиб кетар эди. “Исоғужи”дан кейин Арастунинг “Ахлоқи кабир” асарини ҳам хатм қилдилар. Бу даврда Ҳусайн мантиққа доир мажмуаларни мустақил мутолаа қила бошлади.
Кунларнинг бирида Нотилий ўзи билан бир даста қалин-қалин китобларни олиб келди. Булар юнон алломаси Дисқуридуснинг24 “Дориворлар ҳақида” деб номланган асари эди.
– Мен бу китобларни Бағдоддан ўзим билан олиб келган эдим, – деди фахр билан, – Баҳоси йўқ асарлар! Саҳифаларида мингдан ортиқ дори-дармонлар баён қилинган. Шулардан саккиз юз ўн учтаси шифобахш ўсимликлар, бир юз биттаси хасталикка даво жониворлар, бир юз иккитаси маъданлар.
Ҳусайн ҳиссиётлар оғушида мағрур ўтирган устозининг қўлидаги китоблардан бирини оҳиста олди. Очиб кўриб, ҳайратланди:
– Бу сизнинг имлоингиз?!
– Ҳа, қўлёзмани мен битдим! Дисқуридуснинг бу асарини арабчага Бағдодлик Истифон ибн Басил ўгирган. Ҳунайн ибн Исҳоқ эса таҳрир қилди. Бироқ шунда ҳам ноаниқликлар кўп эди. Мен ҳар бир доривор ҳақидаги битикларни яна қайта таҳрирлаб, аниқлик киритдим! Бу асар оламда ягона ва энг юксак эътиборга лойиқдур!
– Мутолаа қилмоққа ижозат этурмисиз? – Ҳусайн қўлидаги китобни бағрига босди. Унинг нигоҳидан ўтинч, илтижо ёғилиб турар эди.
Абу Абдуллоҳ Нотилий жилмайди:
– Бу асарни айнан сен ўқиб-ўрганмоғинг учун узоқ вақт қайта таҳрир қилдим.
Шундан сўнг устози машғулотларни маълум муддатга тўхтатди. Ҳусайн Дисқуридуснинг “Дориворлар ҳақида” асарини зўр иштиёқ билан ўрганди. Бу китоб унинг тиббиётга бўлган беадад иштиёқини янада кучайтирди. Устози тиб қоидалари илмидан ҳам сабоқ бера бошлади…
Абу Абдуллоҳ Нотилий табобат билан мунтазам шуғулланар, у қаерда бўлмасин, шифо истаган хасталар излаб келишар эди. Ҳусайн устозига муолажа амалларида ҳам кўмаклаша бошлади. “Табиб муддаога ҳис25 ва ташриҳ26 орқали эришмоғи мумкин”, дер эди Нотилий.
Ҳусайн инсон аъзоларининг тузилиши, хасталик далилларини ўрганишга қаттиқ киришди. Шунинг билан бирга, Дисқуридуснинг “Дориворлар ҳақида”ги асарида баён қилинган гиёҳ ва бошқа унсурлар таъсирини таҳлил қилди. Нотилий билан йилда бир неча бор чўлга чиқиб, гиёҳлар йиғдилар.
Устози Ҳусайнга хасталарни муолажа қилишга ҳам изн берди. Нотилий турли юмушлар билан тез-тез қишлоқларга чиқиб кетар эди. Шундай кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг уйига бир хастани олиб келишди. Дарвозани очган Аробада кўзлари ола-кула бўлиб ётган хастани кўриб қўрқиб кетди. Бу ўн уч-ўн тўрт ёшлардаги, Ҳусайн тенги йигитча эди. Унинг аҳволи шунчалар забунки, ўлиб-нетиб қолмоғи ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Аксига олиб Нотилий уйда йўқ. Ёз чилласи жазирамасидан хастанинг азобига азоб қўшилмоқда. Алаҳлаб, тиришиб ётган бечора бола бу аҳволда узоққа бормаслиги тайин. Абдуллоҳ нима дейишни билмасдан, бир муддат туриб қолди.
– Нотилий ҳазратлари уйда йўқ эдилар, – деди ниҳоят тилга кириб.
Болани олиб келган ўрта ёшлардаги, соқол-мўйловига оқ оралай бошлаган киши бирдан бошини чангаллаб олди.
– Энди не қилдик?! Боламдан айрилиб қолама-ан! – деди бор овозда дод солиб. – Тўрт қиздан кейин топган ёлғиз ўғлим!.. Ўзингиз муолажа қилинг! – У Абдуллоҳнинг билакларидан ушлаб силкита бошлади. – Нима қилай, айтинг?!
Шовқин-суронни эшитиб, ичкаридан Ҳусайн чиқди. Абдуллоҳ унга хавотирланиб қаради. Ўғли ҳали ёш. Бир гап бўлса, озор етмоғи мумкин. Ахир, хаста боланинг отаси аламга тўлиб турибди. Ундан ҳамма нарсани кутмоқ мумкин.
– Сен ичкари кир, ўғлим, – деди секин.
Бу пайтда Ҳусайн аробанинг олдига бориб қолган эди. Отасининг гапини эшитмади чамаси, аробада тиришиб ётган йигитчанинг пешонасига кафтини қўйди. Қобоғини кўтариб, диққат билан тикилди. Кўзининг қорачиғи кенгайган эди.
– Исминг нима? – деди.
– Раззоқ, – йигитчанинг томоғидан хириллаган товуш чиқди.
– Теринг қизарган. Нима истеъмол қилдинг?
– …
– Оғриқ қай ерингда?
– Бошим-м, – йигитча бошини ушлаб, ўқчий бошлади.
Ҳусайн хастанинг қўлини тутиб қолди. Акашак бўлиб қолган бармоқларини куч билан очди. Кафтидан икки-уч дона кўзачасимон ўт уруғи тушди. Улардан бирини олиб, қопқоғини очди. Йигитчанинг отаси Ҳусайннинг қўлига қараб, изоҳ бера бошлади:
– Ўғлимнинг жўралари, ўтнинг уруғини ютиб юборган, дейишди. Бир нобоп бола билан бас бойлашибди.
– Қанча вақт бўлди?
– Яқинда.
– Мингдевонадан заҳарланибди! – деди Ҳусайн кескин. – Тез ичкарига олиб киринг!
“Заҳарланибди” деган сўзни эшитиб, боланинг отаси қўрқиб кетди. Хаёлида ҳозир ўғли ўлиб қоладигандек эди. Ранги оқариб, бир лаҳза Ҳусайнга тикилди. Ҳусайн “тезлашинг” деган маънода аробадаги болага ишора қилди.
– Раззоқжон! – деди отаси аробага энгашиб.
Раззоқжоннинг ўрнидан туришга ҳоли келмади. Отаси кўтариб олишга чоғланди. У жуда бақувват эркак эди. Нигоҳи шошилмоқ лозимлигини айтиб турган Ҳусайнга бир қараб олди-да, ўғлини бағрига олди. Ҳусайн дарвозани очиб, уларни долонга бошлади. Нима қиларини билмаётган Абдуллоҳ ҳам ортларидан эргашди. У ўғлининг қатъиятидан ҳайратланди. Шунинг баробарида, хастанинг тақдирига жавобгар бўлиб қолмоғидан ҳамон хавотирда. Ахир, у ҳали табиблик билан мустақил шуғулланган эмас. Устози Нотилий назоратида хасталарни даволаганини билади… Бу пайтда Ҳусайн ота-болани ташқари ҳовлига бошлаб кирди. Кун пешинга яқинлаб қолган, тиккага келган қуёш борлиқни қиздиради. Кўчада дарвоза томонга чорбоғнинг салқини уриб турарди. Ҳовли саҳни эса тандирдек қизиб кетган. Бирин-кетин Нотилий хасталарни кўрадиган уйга киришди. Бу уй икки хонадан иборат бўлиб, ичкари хонада дориворлар сақланар эди.
Отаси Раззоқни пойгакдаги курсига ўтқазди. Бола тамом ҳолдан тойганди. Ҳеч кимни танимас, заиф овозда инграрди.
– Зудлик билан меъдани ювмоқ зарур! – деди катта косада сув олиб келган Ҳусайн. – Акс ҳолда…
Отаси ялт этиб Ҳусайнга қаради. Нигоҳида илтижо, шунинг билан бирга, ёш табибга ишончсизлик акс этиб турарди. Бироқ айни пайтда унинг талабига бўйсунмоқдан ўзга иложи ҳам йўқ.
– Акс ҳолда, заҳар тобора қонга сўрилади, – деб хулоса ясади Ҳусайн ва хона бурчагидаги мис тоғорани олиб келди.
Раззоқжон отасига суяниб ўқчий бошлади. Ҳусайн йигитчанинг юзига озгина сув сепди. У бехос сепилган муздек сувдан сесканиб, бошини кўтарди. “Яхши”, – деди ўзича Ҳусайн ва косани унинг оғзига тутди. Қалтис вазиятда отаси ўта зийрак бўлиб қолган эди. У Ҳусайнга ёрдамлаша бошлади. Ўғлининг орқа томонига ўтиб, бироз бошини кўтарди. Кетмон чопавериб қадоқ бўлиб кетган кафтларини унинг икки юзига босди. Беихтиёр боланинг лаблари очилди. Ҳусайн пайтдан фойдаланиб сув тўла косани тутди. Бемор ҳушёр тортиб, сув ича бошлади. Косадаги сувнинг сўнгги қултумини ютганида ўқчиди. Ҳусайн дарҳол томоғига кўрсаткич бармоғини юборди. Йигитча унинг қўлини итариб ташлаб, бирдан қайт қилиб юборди. Зўриқиб, пешонасидан тер чиқиб кетди. Ҳусайн уни тўшакка ётқизди. Бир муддат билагини ушлаб, ўрнидан турди.
– Юрак тез урмоқда, доруи обакий бермоқ лозим, – деди.
Раззоқнинг отаси билан Абдуллоҳ ёш табибнинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатишар эди.
– Ўғлим, устозинг ўгитларин унутмай муолажа қилгил, – деди отаси.
Ҳусайн “Хўп, отажон”, деб ичкари хонага кириб кетди. Зум ўтмасдан қўлида жажжи кўзача билан чиқди. Токчанинг олдига бориб, кўзачанинг қопқоғини авайлаб очди. Пиёлага сув қуйиб, доруи обакийдан томизди. Хонани ялпизнинг ўткир иси тутиб кетди. Раззоқнинг отаси ўғлининг бошини кўтариб турди. Ҳусайн пиёладаги дори аралаштирилган сувни ичирди.
Бироз муддатдан сўнг хастанинг аҳволи яхшилана бошлади. Йигитча кўзини очиб, енгил нафас олди. Ҳусайн унга кўмир кукунидан тайёрланган ҳаб дори27 ичирди
– Оқшомгача шу ерда бўлурсиз, – деди Раззоқнинг отасига.
– Балли, табибжон! – у қўлини кўксига қўйди. – Ўғлим бардамлашиб қолди. Уйда онаси фарёд чекиб қолган. Қайтсакмикан?
– Муолажани давом эттирмоқ лозим. Хаста узликиб қолади, – чўрт кесди Ҳусайн. Шундан сўнг унинг ўзи болани ўринга ётқизди.
Ўғлидаги бу дадилликдан Абдуллоҳ ибн Ҳасан янада ҳайратланди. Нотилийга қаттиқ ишонганидан устоз-шогирд муносабатларига анча пайт аралашмаганди. Шу боисдан Ҳусайн дафъатан улғайиб қолгандек туюлди.
Улар Раззоқжон билан отасини холи қолдириб, ташқарига чиқишди.
– Ўғлим, мингдевона уруғининг заҳри борасида гапирдинг, – деди Абдуллоҳ. – Бу қандай алаф?
– Отажон, миндевона доривор гиёҳ, – Ҳусайн дона-дона қилиб гапирди. – Оғриқ қолдирмоқ, қон кетишин тўхтатмоқ, шунингдек, кишига уйқу бағишламоқ каби кўп хусусиятлари бор. Бироқ заҳарли алаф. Уни табиб назоратида истифода қилмоқ лозим.
– Ажаб, шундай гиёҳлар ҳам борми?
– Ҳа, отажон. Дисқуридуснинг “Дориворлар ҳақида”ги китобида гиёҳларнинг хусусиятлари баён қилинган. Узоқ истеъмол қилинса, аччиқ шувоқ ҳам заҳарли таъсир кўрсатмоғи мумкин.
– Ҳушёр бўл! Ўзинг ҳам гиёҳ йиғмоққа берилиб кетгансен.
– Отажон, Бухорода ўсадургон кўп гиёҳлар Дисқуридус китобида йўқ. Мен уларни аввал жониворларда тажриба қилиб ўрганмоқдамен.
– Шундайми? – яна ажабланди отаси.
– Ҳа, ўтмиш табибларининг китобларида бу усул энг мақбуллиги баён қилинган.
– Майли, ўғлим, не қилсанг ҳам устозинг билан ҳамкор бўл. Бу файдадан холи эмас.
– Хўп бўлади, отажон.
– Энди хастанинг ҳузурига кир. Ҳолидан хабар ол. Бугун табиблик масъулияти сенинг зиммангда.
Ҳусайн отасига қуллуқ қилиб, ҳужрага кирди. Раззоқ ўринда беҳол ётар, аммо чеҳраси очилиб қолганди. Ҳусайн кирганида боланинг отаси ўрнидан турди.
– Бухорода бир ёш табиб бор, дейишар эди. Шул ёш табиб сиз экансиз-да? – деди.
– Камина, устозлар сабоғин олаётган шогирдмен.
Ҳусайн хастанинг олдига тиз чўкди. Пешонасига кафтини қўйди. Қўли билан қорнини босиб кўрди.
– Шом салқинида уйингизга қайтурсиз, – деди. – Яхшики, заҳар кўп миқдорда тарқалмай етиб келдингиз. Хатарнинг олди олинди. Ҳозирча танда ҳарорат бўлмоғи табиий. Бундан чўчимангиз.
Шундан сўнг ўзига келиб қолган Раззоққа пешоб ҳайдовчи маъжун берди. Олдида ўтириб, оз-оздан қатиқ ичирди…
Шомга яқин беморнинг иссиғи тушиб, қорнидаги оғриқлар босилди. Қувватсизлигини айтмаса, ўзи ўрнидан туриб юра бошлади.
– Табибжон, энди ижозат беринг, уйимизга қайтайлик? – деди отаси.
Ҳусайннинг қиёфаси жиддий эди. Анча пайт хастанинг билагига бармоқларини босиб турди. Шундан сўнг ўзига миннатдорлик билан тикилиб ўтирган Раззоқнинг отасига юзланди:
– Майли, фақат ўғлингизни уринтириб қўйманг. Икки-уч кун уйдан чиқмасдан қувватга кирмоғи лозим.
Ҳусайн ота-болани кузатиб, ташқари ҳовлига қайтиб кирди. Юзини қиблага буриб, шивирлай бошлади: “Оллоҳим! Хасталарнинг дардига ўзинг шифо бер! Мен, бандаи мўмин, бунга бир воситачи бўлиб қолай. Табиблик аъмолига умримни бағишлагаймен. Бу йўлда мендан марҳаматингни аямагил, Парвардигори олам!”
ИККИНЧИ ҚИСМ
Ҳижрий 386 йилнинг28 кўклами серёғин келди. Булутли кунлар одамларни диққинафас қилиб юборди. Икки-уч кундан бери тинмай ёғаётган ёмғирдан кўнгилларга аллақандай мискинлик чўккан.
Етти иқлимга маълум ва машҳур Бухорои шарифнинг шаҳристонида улуғвор Арк қад ростлаган. Узоқ-узоқлардан кўзга ташланиб турадиган бу кўҳна қалъа қўрқинчли ҳайбати билан қора булутларга бўй чўзган. Аркни шоҳи белбоғдек сирмаган регистон майдони қалин девор билан ўралган. Ана шу девор ташқарисидан бошланган бой савдогар ва зодагонларнинг ҳашаматли қўрғонлари гўё қалъанинг пойини ўпиб тургандек унга янада ҳашам бахш этади.
Шаҳристон ортини работ дейдилар. Бу ҳудудни сонсиз-саноқсиз косибу ҳунармандлар макон тутишган. Работ ва унга туташиб кетган қишлоқларда Арк ҳақида турфа афсоналар чувалчангдек болалайди. Айниқса, қалъа зиндони хусусидаги шов-шувлар шамолда кўтарилган чанг-тўзон мисоли борлиқни тутиб, беадоғ сирли суҳбатларга мавзу бўлади. Эмишки, Аркда махфий ер ости хоналари бўлиб, улардаги хазиналарнинг қийматига рақам, таърифига тил ожиз. Бу дуру жавоҳирлар ёнбошида зиндон бор. Қаро ер қаърида Худо ҳам, бандаси ҳам қарғаган зиндонбандлар ҳамнишиндирлар. Уларнинг ваҳшиёна қийноқлардан чекаётган дод-фарёдлари амир хазинасининг қуйма тилло ғиштлардан тикланган хоналарида акс садо бериб турар эмиш…
Ана шу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бойликларнинг эгаси, Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур оғир хасталикка дучор бўлган. Эндигина ўттиз уч баҳорни қаршилаган, канизларининг бўсасига тўймайдиган ёшдаги навқирон амир кун сайин кучдан қолиб, қуриб-қақшаб бормоқда. Шишиб қолган қобоқлар остидаги нурсиз кўзларига беҳисоб бойликлари йилт этган учқун бағишлай олмайди. Тунлари кўзига уйқу инмайди. Енгил мудрайди-ю, нохуш, қўрқинчли тушлар кўриб сесканади.
Қалъа табибхонасида улуғ давлатнинг номдор табиблари жам бўлишган. Сарой дорихонасига йироқ-йироқ кишварлардан дори-дармонлар келтирилади. Эл оғзига қулоқ тутсак, бу ерда анқонинг уруғи29 ҳам бор эмиш. Бироқ Бухоронинг номдор табиблари ёш амирнинг сирли хасталигига жўяли ташхис қўя олишмаётир. Дунёнинг бевафолигини қаранг, донғи оламни тутган табибларнинг муолажалари-ю, ўша – анқонинг уруғи бўлмиш дори-дармонлар ҳам амирга заррача наф бермаётир.
Улуғвор қалъада ҳаёт аввалгидек эмас. Шовқин-суронли базму жамшидлар аллақачон барҳам топган. Мулозимлар ҳам ҳар замонда, зарур бўлгандагина уёқдан-буёққа мушукдек писиб, овозсиз ўтиб қолишади. Нуҳ ибн Мансур хонанишин бўлиб қолган. Аммо ушбу ҳолида ҳам фикри тиниқ, бу дарддан қутулмоқ йўлини излайди. Бугун ҳам ўзи билган, таниган табибларни бир-бир кўз олдидан ўтказди-да, тугал фикрга келди. Аввалги амирлар давридан Абу Мансур ал-Хасан ибн Нуҳ ал-Қумрий Арк табибхонасининг бош табиби эди. Не бўлди-ю, бу улуғ олимнинг бир оғиз гапи хуш келмай, бош табиблик хизматидан мосуво қилган эди. Энди кўзига ал-Қумрийдан ўзга табиб кўринмай қолди. Бугун ал-Қумрийни ҳузурига чорлади.
Ўй суриб ётган амирнинг хосхонасига соқчилар бошлиғи кирди.
– Амир ҳазратлари, табиб ал-Қумрий ташриф буюрдилар.
– Айтинг, кирсин.
Ал-Қумрий амир ҳузурига қўлини қовуштириб, боши эгик ҳолатда кирди. Нуҳ ибн Мансур орифона кийинган кекса олим ва машҳур табибнинг саломига ҳазин овозда алик олди.
– Табиб ҳазратлари, дилингизни оғритганмен, – деди қисқа-қисқа сўзлаб. – Илло, биламенки, доим ҳақ сўзни айтурсиз. Мени давлатимизнинг эртанги куни безовта қилмоқда. Бу эса амирнинг саломатлигига билвоситагина эмас, бевосита ҳам боғлиқдур. Хасталик эса кун сайин ривож топмоқда. Бу борада ботинингиздаги ўйни билмоқ истаймиз.
– Хизматингизга ҳозирмен, – ал-Қумрий эгилиб таъзим қилди.
– Айтинг, Бухорода бизни кўрмаган номдор табиб қолдими?
Соч-соқоли садафдек оппоқ, кекса ал-Қумрий бошини қуйи эгиб, чуқур ўйга толди. Шу дамда хаёлидан типирчилаб кўкка талпинган қушлар галасидек минг бир ўй ўтди. Не-не соҳиби илм, аллома табиблари бўлган саройга Бухоронинг яна қай бир табибини бошлаб келмоғи мумкин? Бу ишга қўл урмоқ ниҳоятда хавфли. Амирнинг қаҳрига учраса ўзининг ҳам, бошлаб келган бечора табибининг ҳам боши кетиши мумкин… Ана шундай ўйлар силсиласида беадад меҳр қўйган шогирди Ҳусайннинг жиддий қиёфаси кўз олдига келди. Бундан ўзи ҳам чўчиб кетди. Ал-Қумрийнинг икки ўт орасида ўртанаётгани амирнинг хаста аҳволида ҳам ўткир бўлган зийрак назаридан четда қолмади.
– Неларни ўйлайдурсиз? – Нуҳ ибн Мансурнинг заиф овози эшитилди.
– Амирим…
Ал-Қумрий яна жимиб қолди. Суюкли шогирди энди ўн еттига қадам қўйди. Сабийлик давридан зукколикда ягона бўлган бул навжувоннинг салоҳияти чексиз-чегарасиз! Уни саройга бошлаб келмоқ кексайган устозини гуноҳ дарёсига ғарқ қилмайдими? Ё Оллоҳ! Осий бандангга ўзинг паноҳ бер! Бундай қилолмасмен!
– Айтинг! – Амирнинг гап оҳанги бир зумда ўзгариб, илоннинг вишиллашидек ғазабнок товуш эшитилди.
Унинг лаҳзада тутақиб кетадиган бу феъли ал-Қумрийга яхши таниш эди. Бунинг талх жабрини тотиб кўрган.
– Бир ёш табиб бор, – деди овози титраб.
– Ким эркан, ул табиб? – Нуҳ ибн Мансур жонланиб, ёстиққа ёнбошлаб олди.
– Мулозимингиз Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг тўнғич фарзанди, ҳозиқ табиб Ҳусайн ибн Абдуллоҳ! – деди ал-Қумрий тантанавор оҳангда. Бу билан суюкли шогирдини амирнинг ғазабидан ҳимоя қилаётгандек бўлди.
– Шогирдингизми?
– Шундай, амирим. Ҳусайн менинг энг истеъдодли шигирдим. Беадад фикрлай оладургон табиб. Қўли енгиллиги билан Бухорода ном қозонган.
– Улуғ ёш, номдор табиблардан ҳам устунми ул?
Амирнинг илмоқли саволи ал-Қумрийни бир зум довдиратиб қўйди. Бироқ энди ортга йўл йўқ эди. Дилидаги гапни айтмоқдан ўзга иложи қолмади:
– Бундай демоғим ножоиздур. Илло, табиб Оллоҳнинг бандаси. Ул ҳам Яратгандан мадад сўрайдур. Ҳусайн сабийлик давридаёқ, ўн ёшида Қуръонни хатм қилди. Мендан аввал аллома Нотилийдан сабоқ олди.
– Сарой табибларидан фарқи недур?
– Ул навжувон30 гиёҳлар таъсирини чуқур ўрганган. Одамлар уни “гиёҳлар билан сўзлашадургон табиб”, демоқдалар.
– Шундайми? – амир бир зум ўйга толди. – Сизга ишондик. Шогирдингизни ҳузуримизга чорланг.
– У жуда ёш…
– Амримни бажаринг! – Нуҳ ибн Мансур унинг кўнглидан ўтган гапни билиб, қўшиб қўйди. – Не бўлганда ҳам навжувон шогирдингизнинг жонига қасд қилмасмен.
Ал-Қумрий амирнинг хаста ҳолида ҳам бу қадар ҳушёрлигидан лол эди. Ажабланиб, бир зум жимиб қолди. Енгил тортиб, таъзим бажо келтирди. Хилватхонадан чиқаётганида амирнинг бош табибни ҳузурига чорлаган овозини эшитди.
* * *
Нуҳ ибн Мансурнинг хосхонасига ўрта бўй, қорамтир юзли, кўзлари катта-катта, сийрак чўққи соқолли қария кирди. Бошидаги ҳаддан ташқари катта салласи-ю, узун адрас чопони унинг чувак юзи, букчайган гавдасига бирмунча салобат бағишлаб турибди. Бу – бош табиб Ғайс ибн Ваққос. У аввалги бош табиб ал-Қумрийнинг ўрнини эгаллаганидан буён ўта фитнакорлиги, чақимчилиги билан сарой табиблари ўртасида ваҳима, қўрқув уйғотиб келади.
Ғайс ибн Ваққос партўшакда ётган амирга бош эгиб, таъзим қилди. Ал-Қумрийнинг амир ҳузурига чақирилгани унинг кўнглида ғашлик, шубҳа уйғотганди. Шунинг баробарида амир нечун чорлаганини билолмай ҳадиксирар эди.
– Сиҳатларида ўзгариш борми, амирим? – деди овозига майинлик бериб.
– Бирдек, – Нуҳ ибн Мансур совуққонлик билан чўрт кесди. – Айтингчи, бош табиб жаноблари, сиз Ҳусайн исмли навжувон табибни билурмисиз? Ҳусайн ибн Абдуллоҳ…
Ғайс ибн Ваққос ҳушёр тортди. У амирнинг ал-Қумрий ҳақида сўзлашини кутиб безовта эди. Бироқ ундай бўлмади. Бу унинг шубҳа-гумонларини янада оширди. Амир ундан ёш бола ҳақида сўрамоқда. Амирлик мулозими Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг ўғли Ҳусайн бир неча йилдан буён ал-Қумрийнинг суюкли шогирди экани, эндиликда Бухорода устозиданда машҳур бўлиб кетганини яхши биларди. Амирнинг ҳузурида ёлғон гапириш имконсиз. Ҳазрат шу қадар сершубҳаки, суҳбатдошининг ҳар бир гапини хуфиялари орқали суриштириши мумкин. У осмондан юлдуз учиб тушгандек ялт этиб Нуҳ ибн Мансурга қаради.
– Биламен, амирим, бироқ у жуда ёш.
– Бухорода қўли енгиллиги билан танилган эмиш?
– Авомда шундай гап юрадур.
– Демак, тасдиқлайсиз?
Ғайс ибн Ваққос беихтиёр бош эгди.
– Сизга рухсат бердик.
Бош табиб бошқа сўроққа тутилмаганидан енгил тортди. Даволаш борасида танбеҳ эшитмаганига шукр қилди. Таъзим билан хосхонадан чиқар экан, ал-Қумрийнинг амирни даволаш учун шогирдини тавсия қилганига ажабланди. Балиқнинг куни кўл билан бўлганидек, Ғайс ибн Ваққос ўзгача фикрлай олмади. “Бул қария амирнинг ғазабидан қутулиб қолмоқ мақсадида шогирдини рўбарў қилган”, деб ўйлади.
* * *
Ал-Қумрий Аркнинг салобатли зиналаридан регистон майдонига тушганида фалакда қора булутлар кезарди. Ҳар-ҳар замонда ёришаётган осмон даричасидан йилт этган бир тутам нур кўриниб қолади ва яна лаҳзада чексиз гардуннинг сирли пучмоқларига беркиниб олади. Булутларнинг пастлай бошлагани тез орада қайта ёмғир ёғишидан дарак. Кекса табиб осмонга қараб олди-да, тез-тез юриб регистон майдонидан чиқиб кетди.
Бухоро кўчалари одамлар билан гавжум. Кимдир бозорга шошади, яна бир толиби илм қўлтиғига китобини қистириб олганича мадрасага. Бозор четидаги ҳунармандлар растасига яқинлашганида темирчи устахонасидан сандонга урилган болғанинг тарақа-туруқ шовқини эшитилди. Унга мисгар болғачасининг чиқ-чиқ товушлари қўшилиб кетди. Ал-Қумрий бу шовқин-сурондан безиб, қадамини тезлатди ва бозор ортидаги мулозимлар маҳалласига кириб борди.
Ал-Қумрий дарахт новдаларидек ўнг ва чапга тарвақайлаган тор кўчаларга бурилмай анча юрди. Ниҳоят, катта кўчанинг ўнг тарафидаги ислими нақшлар ўйиб ишланган катта дарвоза рўпарасида тўхтади. Уй олди бодомзор боғча. Ўртада бир йўлак. Йўлакдан ўтиб бориб, дарвозани очди ва ҳеч иккиланмай ичкарига кирди. Бу хонадонда амир саройи мулозими Абдуллоҳ завжаси Ситорабону, ўғиллари Ҳусайн ҳамда Маҳмудлар билан истиқомат қилишар эди. Дарвозахона – долоннинг қарши ва ўнг томонларида кичик эшиклар бор. У тўғрига юриб, қаршидаги эшикни оҳиста қоқди. Бироз ўтиб қадам товушлари эшитилди. Эшик очилиб, ичкари ҳовлидан уй соҳиби чиқди. Ёши улуғ бўлсада, қомати тик, қорачадан келган Абдуллоҳ енгил авра чопонда эди.
– Хуш келибсиз, тақсирим, – деди қадрдони ал-Қумрийни кўриб. – Бугун хизматдан эрта қайтиб, зерикаётган эдим. Қандай соз бўлди, кўнглимни равшан этдингиз!
Улар етаклашиб, долоннинг ўнг тарафидаги иккинчи бир эшикдан ташқари ҳовлига кирдилар. Ҳовли саҳни батартиб, тозалаб супурилган. Кунгайга қаратиб солинган иморатларнинг рўпарасидаги бодомзор ҳовлига кўрк бериб турибди. Меҳмонхонанинг эшиги очиб қўйилган экан.
– Шогирдингиз ҳам шу ерда чамаси, куну тун мутолаа билан машғул, – Абдуллоҳ ибн Ҳасан ичкарига ишора қилди. – Беадад хонанишин йигит бўлди. Бу қадар узлатга31 берилмоғидан безовтамен. Ул тенги йигитларнинг бошлари бир ерга қовушади, базму жамшидга ўчдирлар. Бу эса…
– Сира безовта бўлманг, – меҳмонхона томонга юраётган ал-Қумрий тўхтаб, унинг елкасига қўлини қўйди. – Ҳусайннинг ўз йўли бор, бу илму урфон йўлидур.
– Шундай, тақсир.
– Мен шошилинч тадбир билан келдим. Ичкари кирайлик, Ҳусайннинг шу ерда экани айни муддао.
Абдуллоҳ ибн Ҳасан билан ал-Қумрий меҳмонхонага киришди. Бу катта хона Хоразм гиламлари билан безатилган. Тўрдаги мовий сандиқларга шоҳи, барқут кўрпа-ёстиқлар тахланган. Ҳовли томонда икки дарича, қарама-қарши тарафда яна бир дарича бор. Бу даричалар иссиқ ёз ойларида елвизак билан хонани салқинлатиш учун бир-бирларига қарама-қарши қилиб жойлаштирилган.
Ҳусайн мутолаага қаттиқ берилганидан уларнинг кирганларини сезмади. Отаси томоғини қирганидан сўнг эшик томонга қаради-ю, сапчиб ўрнидан турди. Ал-Қумрий бўйчан, чўзиқ юз, отаси сингари қорача, лабларини қимтиб олган, нигоҳидан заковат ёғилиб турган шогирдига ҳавас билан тикилди. Унинг шу ҳолати икки томондаги даричалардан тушаётган ёруғлик кесимида сирли ва жозибали эди. Ҳусайн қўлини қовуштириб, отаси билан устозига таъзим билан салом берди. Шундан сўнг алвон ранг шоҳи кўрпачаларга ўтирдилар. Ал-Қумрий ихчам дуо ўқиб, қўлини юзига тортди.
– Ўғлим, устозингни меҳмон қиламизми? – Абдуллоҳ ўйга чўмиб ўтирган ўғлига мурожаат қилди. Шундан сўнг жилмайиб ал-Қумрийга қаради. – Айтдим-ку, шогирдингиз хонанишинлиги баробаринда феъли ҳам ғалат бўлиб бормоқда. Фикр-хаёлида китоблару гиёҳлар.
Ҳусайн хижолат бўлиб ўрнидан тураётганида ал-Қумрий ишора билан тўхтатди.
– Қадрдоним Абдуллоҳ, ҳозир амир суҳбатида бўлиб келаётирмен. Ҳусайн билан ул зоти олийнинг ҳузурларига шошилинч бормоғимиз лозим.
Бу гапни эшитиб, Арк қалъасидаги шарт-шароитларни, амирнинг қалтис феълини яхши билган Абдуллоҳнинг ранги ўчди. Не деярини билмасдан бир муддат каловланди.
– Нечун?! Не сабабдан?! – базўр тилга кирди у.
Абдуллоҳ кўп йиллардан буён қалъа хизматида эди. Амирнинг қаҳрига дуч келганларнинг забун ҳолини кўп кўрди. Шу дамда ўғлидан айрилиб қолаётгандек титроққа тушди. Ал-Қумрий унинг аҳволига қараб хижолат бўлди.
– Хавотирга ўрин йўқ, – деди. – Мен шошиб сизни чўчитиб қўйдим.
Шундан сўнг амир ҳузурида бўлган суҳбатни оқизмай-томизмай айтиб берди.
– Эҳтиёт – нисфи ҳаёт32, – Абдуллоҳ бироз бўшашди.
– Ҳа, барчамизни Худо асрагай. Менинг лисоним фалакдин ёғилгандек бўлди. Узримни қабул айланг. Амир қабулидан сўнг Ҳусайнни фариштали хонадонингизга ўзим олиб келгаймен. Оллоҳ ёр бўлиб, зора амир дардига шифо топса.
Шу пайтгача отаси билан устозини жим тинглаб ўтирган Ҳусайн бирдан безовталаниб қолди. Унинг ботинидан ўтган гаплар биргина ўзига аён эди. Босиқ феълли, одатда камгап бўлган йигит тўлиб-тошиб сўзлай бошлади:
– Ота, устоз! – у ҳаяжонланиб бир отасига, бир ал-Қумрийга қаради. – Амирнинг ҳузурига борурмен! Бул хусусда бисёр ўйлаб кўрганмен. Устоз аввал ҳам давлатпаноҳнинг хасталиклари борасида сўзлаб берганлар. Шундан буён ташхис излаймен. Бироқ, хастани кўрмай ташхис қўймоқнинг иложи йўқ. Аросатда эдим. Бул имконият менинг учун рағбатдин ўзга бир нарса эмас!
Шогирдининг ҳис-ҳаяжонга тўла сўзлари ал-Қумрийни шошириб қўйди:
– Ҳусайн, айт-чи, – у кимдир гапларини эшитаётгандек овозини пасайтирди, – амир хасталиги борасида хулосанг недур?
– Хасталик ҳолатларининг юз бериши бир текис – кўпаймайди ҳам, пасаймайди ҳам деган эдингиз.
– Ёдимда.
– Шунинг ўзи ҳам муолажа натижасига умид уйғотади.
– Балли!
– Аниқ хулосаларни далилларга асосланиб чиқармоқ лозим.
– Тасанно!
Ҳусайн устозининг мақтовига бефарқ қолди. Фикру ёди Нуҳ ибн Мансурнинг хасталиги хусусидаги ўй-хаёллар билан қаттиқ бандлиги юз-кўзидаги таранг ифодалардан сезилиб турарди. Устоз-шогирднинг суҳбатларини эшитиб отаси бироз енгил тортди. Амирнинг ёш табибга озор етказмаслик борасидаги ваъдаси изтиробга тўлган кўнглига бироз далда бўлди.
Ал-Қумрий амирнинг топшириғини бажармоқ учун шошар эди. Фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди. Ота-бола унга эргашдилар. Учовлон нимқоронғи долондан ўтиб, кўчага чиқишди. Ал-Қумрий яна бир бор Абдуллоҳга хотиржам бўлишини тайинлади…
Енгил баҳор еллари эсарди. Йўлак четидаги яшил баргли бодом новдалари шабадада силкинади. Кексая бошлаган Абдуллоҳ ўғлини, унинг устозини ортларидан кузатар экан, пичирлади: “Оллоҳим, ўғлимни, унинг некбин устозини ўз паноҳингда асрагил. Биз бандаларингни беадад мурувватингдан бенасиб этма”. Тортилиб турган бодом шохи беихтиёр қўлидан чиқиб кетди… Амирлик тасарруфидаги қишлоқларда бўлиб қайтгани ва молиявий ҳисобот тайёрлаши лозимлигини эслади. Юрагида эса ўғлининг амир ҳузурига кетганини завжаси Ситорабонуга қандай етказиш ташвиши бор эди. Ал-Қумрийнинг Ҳусайнни ўз фарзандидек кўришига ишонади. Бироқ, бу ўй ҳам таскин бермади. Кўнглидаги хавотир тарқамади. Ҳусайндан беш ёш кичик, айни пайтда ичкари ҳовлида, онасининг ёнида бўлган ўғли Маҳмуд кўз олдига келди. Бу оламда мана шу икки фарзандидан ўзга кими бор? Қариндошлари ҳам йироқ-йироқларда, болалиги, ёшлигида қолиб кетган. Балхда… Юрагидаги жарлик ёқасига келиб қолган кимсаникидек сесканиш тарқамаётир… Тош кўчадан кетаётган ўғли ва биродари ортидан улар кўздан йўқолгунча ўйчан термулиб турди. Йўлдан елкасига хуржун ташлаб олган девона ўтди. Кулоҳ кийган бундай гадолар Балхда ҳам кўп эди. Иттифоқо хаёлида ўзи туғилиб-ўсган Балх шаҳрининг кўҳна саройлари жонланди. Болалигида бу саройлар ҳам Бухоро Арки сингари сирли ва ваҳимали кўринган…
* * *
Тунд осмонда булутлар ҳамон қуюқлашиб бормоқда. Ёмғир бир-икки чак-чак этиб томчилади-ю, тиниб қолди. Устоз ва шогирд гоҳ суҳбатлашиб, гоҳида жим юриб боришарди. Бири кекса, бири ёш бу икки табибнинг хаёлини олдинда ўзларини кутаётган воқеалар банд қилган.
– Устоз, амирнинг юраги қувватсиз экани аниқ, – деди Ҳусайн.
– Хасталик хуруж қилганда шундай бўлмоғи тайин.
– Юракнинг бир бўшлиғида Тангри томонидан руҳга ўрин берилган. Бу руҳ барча нафсоний қувватларни бошқаргай33.
Ал-Қумрий шогирдига ажабланиб қаради. Кекса олим шу пайтгача бундай дадил фикрни ҳеч кимдан эшитмаган эди.
– Ҳусайн, бул мунозаралиғ масала, – деди.
– Фикрламоқ лозим, – Ҳусайн ўйланиб қолди. – Амирнинг хасталиги сабабини ҳам шул жумбоқдан изламоқ жоиздур?
Ал-Қумрий унинг бу гапидан янада ҳайратланди. “Ё Оллоҳ! – ўйлар эди у. – Бул навжувонга Эгамнинг назари тушган! Унинг фикратида маҳдудлик34 йўқдир. Ўйининг меҳробларида35 яна нелар борлиғин мен, аллома табиб ҳам билмаётирмен”.
Бу пайтда улар бозор рўпарасидан ўтаётган эдилар. Ҳунармандлар дўконлари қаршисида деҳқоннамо кийинган йигитлар издиҳоми тўпланган. Улар шошиб бораётган икки кимсага ажабланиб қарашди.
– Гиёҳлар билан сўзлашадургон табиб-ку! – деди кимдир баланд овозда.
– Сарой томон бараётирлар!
– Наҳотки?!
– Шундайга ўхшайди…
Ал-Қумрий билан Ҳусайн бу гапларни эшитмас эдилар ёки эшитсалар ҳам эътибор бермадилар. Айни пайтда уларни на атрофдаги одамлар, на яна чак-чак тома бошлаган ёмғир тахайюлларидан чалғита олмади. Ботинларида уммон тўлқинларидек жўш ураётган туғён фақат ўзларига аён. Ал-Қумрий ҳукмдор ҳузурида бўлажак воқеалар, фарзона шогирдининг тақдири қайғусида. Ҳусайн эса сарбаланд табибларнинг китобларида ўқиганларини бир-бир хотирлаб, ўзини масъулиятли синовга ҳозирлайди.
Регистон майдонидан ўтиб, “Дари регистон” дарвозасига келганларида қўнғир булутлар қоплаган осмонда чақмоқ чақди. Бирдан шаррос ёмғир қуйиб юборди. Улар ўзларини нақшинкор гумбаз остига олишга базўр улгурдилар.
Маҳобатли дарвозани уч нафар бақувват, мўйловдор навкарлар қўриқлашар эди. Баланд бўйли, девқомат бири қоқ ўртада туриб олган. Унинг бошида дубулға, кўксини қоплаган кумуш совут, белидаги қини шарқона нақшлар билан безалган қилич, ўнг қўлидаги тош терилган ерга тираб олган найзаси кишида ваҳима уйғотади. У ал-Қумрийни танир эди. Кекса табибнинг қаватидаги озғин, қотма навжувонга ажабсиниб кўз қирини ташлади. Ал-Қумрий унинг олдига бориб, амир талаб қилган табиб шу йигит эканини айтди. Соқчи у табиб деб таништирган йигитчанинг жуссасига қараб янаям кўпроқ ҳайратланди. Бироқ ўша заҳоти ёнидаги шеригига ишора қилди. У сипоҳиларга хос шиддат билан ортига бурилиб, ичкарига кириб кетди. Ҳусайннинг қалъага илк бор келиши эди. Бу ажиб вазиятни қизиқувчанлик билан кузатиб турди.
Озгина фурсат ўтиб, дарвоза ёнбошидаги эшикдан навкар бошлиғи бўлган сипоҳдор салобат билан чиқиб келди. Унга сарой табибининг ёш шогирди билан киритиш ҳақида фармойиш берилган экан. Ал-Қумрий билан Ҳусайнни дарҳол ичкарига олиб кириб кетди. Дарвоза орти нимқоронғи, узун ва кенг йўлак – долон эди. Долонни йўлак охиридан тушаётган ёруғлик нимгина ёритади. Икки четдаги баҳайбат устунларнинг ҳар бири олдида тиш-тирноғигача қуролланган биттадан сипоҳ қаддини ғоз тутиб турибди. Бу қоронғи йўлак киши кўнглида совуқ ваҳима уйғотади. Ҳар бир устунидан қон ҳиди келаётганга ўхшайди. Соқчиларнинг кўзлари йиртқич жониворнинг кўзларидек ғазаб учқунларини сочади.
Сипоҳдор ал-Қумрий билан Ҳусайнни чап тарафдаги биринчи ҳужрага олиб кирди. Бу ерда уларни обдан текширди. Чўнтаклари, кийимларининг ҳар бир бурчини қўли билан пайпаслаб кўрди. Шундан сўнг ёнбошдаги ҳужрадан икки сипоҳи йигитни чақирди-да, амир саройига бошлаб боришни буюрди.
Ҳусайн Аркнинг бундай қоидаларига илк бор дуч келди. Долондан ўтиб, очиқ майдонга чиққанларида енгил нафас олди. Ёмғир тинганди. Беқарор баҳор булутлари орасидан қуёш мўралади. “Буларнинг бари яхшиликка бўлсин, – ўйлади у. – Устозимнинг амир олдидаги сўзларига муносиб бўлмоқ вожиб. Оллоҳим, ўзинг мадад бер!”
Навкарлардан бири уларнинг олдиларида, иккинчиси Абу Алининг ортида тўғрига қараб, гап-сўзсиз йўл бошлаб боришар эди. Саломхонадан ўтиб, амирнинг ҳашаматли саройига келдилар. Сарой эшигида ҳам икки соқчи тек қотган. Берироқда чўққисоқол бир кимса безовталаниб турибди.
– Бул зот бош табиб Ғайс ибн Ваққос бўладилар, – деди ал-Қумрий паст овозда.
Бош табибнинг нигоҳи ал-Қумрий билан Ҳусайнга тушди-ю, ёвга дуч келгандек бир зум бақрайиб қолди. Ҳусайн унинг совуқ тикилган кўзларида ғазаб учқуни йилт этиб, шу лаҳзанинг ўзида тиришган қобоқлари ортига яширинганини пайқади. “Бул кимса устозимга дўст эмас экан”, деган хаёлга борди.
Ал-Қумрий, унга эргашиб Ҳусайн ҳам қўлларини қовуштириб бош табибга салом бердилар. У истеҳзоли табассум билан алик олди.
– Ал-Қумрий жаноблари, навжувон шогирдингизни амир ҳазратлари ҳузурига олиб келибсиз-да, – деди
– Шундай, тақсир. Амиримизнинг изнларига биноан келдик.
– Унда, марҳамат қилсинлар! Мен андак вақт ўтиб кирурмен.
Бош табиб шундай деб нари қараб кета бошлади. Ал-Қумрий бир муддат унинг ортидан тикилиб турди. Ҳусайн устозининг хотиржам юз-кўзида ҳеч қандай ифода кўрмади.
Икки навкар уларни сарой соқчиларига топшириб, ортларига қайтишди. Сарой соқчиларидан ёши улуғроғи ал-Қумрийни танир экан; қўлини кўксига қўйиб салом берди. Унинг шогирди билан ташрифи борасида буйруқ олганларини айтди. Ҳусайнга бир қараб олди-да, сарой эшигини оҳиста очиб, ичкарига кириб кетди. Ҳусайн бошига дубулға кийган,пахмоқ соқол, ғўлабирдан келган соқчининг доира шаклидаги темир қалқонини маҳкам тутганича залворли қадам ташлашини қизиқиш билан кузатиб турди.
Соқчи тез қайтиб чиқди. Ал-Қумрийни ичкарига киришга ишора қилиб, яна ўз жойига туриб олди. Уларни саройда амирнинг яна бир хос соқчиси қарши олди. Соқчи мўйлаби эндигина сабза урган, ёш, кўркам йигит эди. У икки табибни улкан даҳлизга очилган эшиклардан бирига олиб кирди. Бир нечта хонадан ўтиб, ўзларини бошлаб келган соқчига жуда-жуда ўхшаган яна бир навкар қўриқлаётган эшик қаршисида тўхташди.
– Амирнинг хосхонаси, – деди ал-Қумрий паст овозда. – Бу уйга Нуҳ ибн Мансурдан ўзга кимса қадам босмайдур. Айни дамда табиблар ва хизматчилар бундан мустасно.
Уларни олиб кирган соқчи эшикни секин чертиб, томоғини қирди-да ичкарига кирди. Бир зумда қайтиб чиқиб, “Кирмоғингизни буюрдилар”, – деди.
Аввал ал-Қумрий, унинг ортидан Ҳусайн соқчи очиб турган эшикдан ичкарига киришди. Бу хона жуда кенг ва ҳашаматли эди. Хона деворлари ганчкор ислими нақшлар билан безалган. Вассажуфт қилиб ишланган баланд шифтга ҳам анвойи ранг бериб, зарҳал нақшлар чизилган. Тўрдаги тутқичларига тилла суви югуртирилган улкан катда36 Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур ёнбошлаб ётибди. Елкасига нилий ранг зардўзи чопонини елвагай ташлаган. Сербезак чопоннинг тиллойи ипаклари ҳозиргина ёқилган шамларнинг нурида ялтираб кўзни олади. Амирнинг бошидаги оқ шоҳи саллага олтин гардишли ёқути баҳрий37 қадалган. Бармоғида олмос кўзли узук. Буларнинг бари қанчалар улуғвор ва серҳашам бўлмасин, ҳали қирчиллама ёшдаги амирнинг қуриган чўпдек озиб кетгани, узоқ давом этган хасталик туфайли заъфарон юзида қотиб қолган изтиробни яшира олмасди. Ҳусайн буларни зумлик кўз югуртиришда пайқаб олди. Амирга қанчалар зеҳн солса, Нуҳ ибн Мансур ҳам ёш табибни унданда ортиқ қизиқиб кузатар эди. Бошига ихчам салла ўраган, муллача кўйлак устидан енгил оқиш авра чопон, оёғига калта қўнжли сариқ ағдарма махси кийган озғин йигитнинг бўй-басти, қарашларидан ақл-заковат нури ёғилиб турарди. Унинг кўриниши хасталикдан азобланаётган амирда хуш таассурот уйғотди чамаси, чеҳраси бироз очилди.
Ал-Қумрий билан Ҳусайн таъзим қилдилар. Амир Ҳусайннинг одоб билан устозидан бироз ортга чекиниб турганига ҳам эътибор қилди. Бошини енгил қимирлатиб, саломига алик олган бўлди.
– Яқин кел, – деди Ҳусайнга.
Унинг заиф овози торнинг сўниб бораётган титроқ оҳанги мисол хилватхона деворларига сингиб кетди. Ҳусайн халтасидан енгил чопон чиқариб, чаққонлик билан эгнидагини алмаштирди. Қўлини қовуштириб, катга яқинлашди. Юмшоқ хоразмий гиламга чўк тушди. Нуҳ ибн Мансур ҳамон хона ўртасида турган ал-Қумрийга қаради. Бу қарашнинг маъносини ҳушёрлик билан англаган кекса табиб енгил таъзим қилиб, чиқиб кетди.
Хосхонада улуғ амир ва ёш Ҳусайн ёлғиз қолдилар. Ҳусайн соқчилар билан хонадан хонага ўтиш давомида пайдо бўлган ҳаяжонини босиб олди. Қаршисида ўзи одатда муолажа қиладиган беморни тасаввур қилиб, шу ҳақда фикрлади.
– Мени даволай оласизми? – деди амир мулойимлик билан.
Энди у Ҳусайнни “сиз”лай бошлаганди. Чеҳраси очилиб, диққат билан тикилди. Бу унинг ёш табибга беихтиёр мойил бўлганидан далолат эди. Нуҳ ибн Мансурдан хасталик белгиларини излаб, кузатаётган Ҳусайн янада дадиллашди.
– Шифосиз дард йўқдир, амирим, – у қўлини кўксига қўйди.
– Боракалло! Истиҳола қилманг, биз ёлғизмиз. Табиблиғ аъмолини бошлайверинг.
Ҳусайн чаққон ўрнидан туриб, амирнинг елкасидаги зар чопонини олди. Авайлаб тахлаб, ўриннинг бош томонига қўйди.
– Амирим, шифтга қараб ётмоғингизни илтижо қилмоққа изн берсангиз?
Бу нозик муомала амирга хуш келди. У юмшоқ пар тўшагига оҳиста ётиб олди. Ҳусайн унинг чўпдек озиб кетган билак томирига бармоқларини босди. Диққатини жамлаб, шу ҳолатда бироз жим бўлиб қолди. Унинг нигоҳи улкан, сербезак хонанинг нақшинкор деворига қадалиб, қоп-қора қошлари ўртасида чизиқ пайдо бўлди. Амир эса кўзларини юмиб олди. Ҳусайн бу табибга бўйсуниш аломати эканини билар эди. Шу боис ҳеч иккиланмасдан, зудлик билан хасталик аломатларини излашга киришди.
– Озор етказсам узримни қабул айланг, – деди-да, оқ шоҳи кўйлак устидан амирнинг қорнига кафтини қўйди. Ички аъзоларни бир-бир силаб чиқар экан, чап биқинни оҳиста босганида амир сесканди.
– Қабзият безовта қилурми, амирим?
– Шундай.
– Ичаклар фаолиятини эшитишимга ижозат этсангиз?
– Ихтиёрингиз, майли.
Амирнинг қорни озғин танага ярашмаган ҳолатда шишган эди. Ҳусайн халтасидан ёнғоқ ёғочидан ишланган ноксимон асбобини олди. Асбобнинг кенгайган томонини қориннинг ҳар-ҳар жойига қўйиб, найсимон торайиб борган иккинчи учига қулоғини тутиб эшита бошлади. Бу амал анча давом этди. У қаршисида ётган хаста подшоҳ эканини унутиб юборгандек эди. Қаҳридан бутун Бухоро аҳли титрайдиган Нуҳ ибн Мансур ҳам бунга кўниб, осойишта ётибди. Шу дамда навжувон табиб қиёфасида соҳиб карам ҳаким – ўзи зор-зор бўлиб кутган эзгулик элчисини кўрган бўлса ажаб эмас.
Ниҳоят Ҳусайн бошини кўтариб, амирга қаради. Нуҳ ибн Мансур ҳамон унга тикилиб ётар эди.
– Сизни ортиқ безовта қилмасмен.
– Дардим не эркан?
– Ичакларда ҳазми таом бузилган.
– Ҳарорат-чи? Ҳар кун тушдан сўнг иситма хуруж қилмоқда.
– Кучли дорулар танани жунбушга келтирган. Ҳарорат шунинг натижаси. Айни шароитда ул муолажалардан воз кечмоқ лозим.
Ёш табибнинг нозик муомаласи, одоби Нуҳ ибн Мансурни лол қилганди. Унинг билимдонлигига беихтиёр тан берди:
– Ихтиёр сизда.
Амирнинг ишончи Ҳусайнни янаям руҳлантирди. Энди сира чўчимасдан тавсиялар бермоққа киришди:
– Улуғ амирим, наҳорга икки дирҳам найшакарни кашнич билан истеъмол қилмоғингиз фойдадан ҳоли бўлмас. Бу аъмол ҳароратни бартараф этмоғи тайин. Қадимнинг машҳур табиби Буқрот38 “Табиат даволайди – табиб эса ёрдам беради”, деганлар.
– Дардимға даво борми?!
– Албатта бор, амирим.
– Амалингиз шулми?
– Тоза мўмиб39 истеъмол қилмоққа бошласангиз ичаклар, шунинг баробарида жигарга фойда.
– Дуруст.
– Унноб40 меваси оғриқларни қолдириш баробарида танага қувват бағишлагай. Зира чойи ҳам шундай хусусиятга эга.
Амир унинг сўзларини диққат билан тинглаб, шифтга чизилган анвойи нақшларга тикилиб ётарди. Ҳусайн амирнинг ботинидаги хавотирни сезди.
– Амирим, маъжун41 тайёрлаб келмоққа ижозат берсангиз? Иншооллоҳ, маъжун дарҳол таъсир кўрсатгай. Ундан сўнг ихтиёрингиз билан яна бир тадбир кўрурмиз.
Ёш табибнинг ишонч билан айтганлари Нуҳ ибн Мансурга таъсирини ўтказмай қолмади. Юз-кўзларида жонланиш пайдо бўлди. Овози дадиллашиб, Ҳусайнга сўз қотди:
– Зудлик билан амалингизни бошланг! Сарой дорихонаси ихтиёрингизда бўлгай. Шул дақиқадан истаган пайтингизда ҳузуримизга келмоққа ижозат бердик.
* * *
Ҳусайн кексайиб қолган ал-Қумрий билан қалъадан қайтар экан, амир ҳузуридаги суҳбат хаёлида жонланди. Энди амирнинг хасталиги унга беш қўлдек аён эди. Отаси ваҳимага тушган, устози масъулиятидан эгилган қалъага ташрифлари эзгулик ила якун топмоғига қатъий ишонди.
Ёғиб ўтган баҳор ёмғири Бухоро кўчаларининг чангини босган. Йўл четларидаги ўрикларнинг япроқлари ҳам ёмғир томчиларида ювиниб, ороланган. Булутлар ортидан чарақлаб чиққан қуёшнинг илиқ нурлари жим ва шошиб бораётган икки йўловчининг бошларини ардоқлаб силайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор, гарчи бу шаҳарда сир бўлмасада, бирор кимсага амирнинг хасталигини айтмоқ мумкин эмас. Бухоронинг гавжум гузарлари-ю, тор кўчаларида изғиб юрган хуфиялар бисёр. Ал-Қумрийни бош табиб Ғайс ибн Ваққоснинг ғайирлик билан қилган муомаласи янада чўчитиб қўйди.
Ҳусайн амирнинг хосхонасидан чиққанида ал-Қумрий “Уйда сўзлашурмиз”, деган эди. Ҳусайн устозининг ишорасини дарҳол тушунди. Фақат сарой дорихонасидан маъжун тайёрлаш учун гиёҳлар олишга ижозат сўради.
Дорихона Арк табибхонаси ортида, киши кўзига ташланмайдиган бурчакда эди. Энди улар қалъа ҳудудида ҳеч қандай монеликсиз ҳаракатланишарди. Ал-Қумрий Ҳусайнни дорихонага бошлаб келди. У илк бор бу қадар бой дорихонани кўрди. Салқин ва нимқоронғи хоналардаги саноқсиз токчаларда етти иқлимдан олиб келинган дори-ю гиёҳлар тартиб билан терилган. Алоҳида токчаларда ноёб ҳаб дорилар, мор заҳридан тортиб йироқ мамлакатлардан келтирилган малҳамлар ҳам сақланади. Бошига ихчам салла ўраган кекса доручи уларни хушнудлик билан қарши олди. У ёш табибнинг ташрифи борасида фармойиш берилганини айтди. Ҳусайн денгиз пиёзи билан Рум райҳонидан керакли миқдорда олди.
Аркдан чиққанларида устоз ва шогирднинг чеҳралари очиқ эди. Ҳусайн амир ҳузурига ташрифи натижасидан мамнун. Тезроқ уйга етиб олишса-ю, устозига Нуҳ ибн Мансурнинг номдор табиблар аниқлай олмаган сирли хасталиги борасидаги фикрларини баён қилса. Аммо ал-Қумрий доимгидек ҳушёр эди.
– Бош табибдан эҳтиёт бўл, – деди оҳиста.
– Ғайс ибн Ваққосданми?
– Ҳа.
– Нечун?
– Елкасини кўтариб, ер “чизиб” юрадургон бул зот ўзидан ўтганни қулатмоққа ишқибоз.
– Бундай аъмол табибга муносиб эмас.
– Сен илму урфон ҳазорасининг туб-тубинда ғаввосдек сузмоқдасен. Шундан масрурсен. Аммо, билмайсенки, ҳасадкор, ичи қаролар мудом сенга шум ният ила кўз тиккайлар.
* * *
Йиллар ўтган сари Абдуллоҳ ибн Ҳасан ўзи туғилиб-ўсган Балх шаҳрини тез-тез ёдга оладиган бўлди. Баъзан хаёлида Балх кўчаларида югуриб юрган болакайга айланиб ҳам қолади. Сомонийлар ҳукмронлиги даврида Бухорога келиб қолган кунларини ҳам бот-бот эслайди. Ўшанда Бухоро амири Нуҳ ибн Мансур уни Хурмитан қишлоғига молия амалдори қилиб тайинлаган эди. Бахти кулиб, Афшона қишлоғилик Ситорабонуга уйланди, бола-чақа орттириб, палак ёзди. Бухорода ака-ука, яқин уруғ-аймоқлари бўлмагани учун ишонгани оиласи, фақат икки фарзанди бўлиб, бор меҳрини уларга берди. Кичик ўғли Маҳмуднинг илмга ихлоси йўқ. Тўнғичи Ҳусайн эса фавқулодда зеҳн соҳиби. Айниқса, табобат илмида Бухоронинг номдор табибларидан ҳам илғорлаб кетди. Абдуллоҳ ўзидан кейин оиланинг суянчиғи, ота авлодининг номини улуғловчи ҳам тўнғич фарзанди эканини яхши билади. Бугун амир ҳузурига чақирилган ал-Қумрий билан Ҳусайнни ботиний ваҳима билан кутаётир. Завжаси Ситорабону бу безовталикнинг боисини қайта-қайта ёлбориб сўради. Аммо, соч-соқолига “қиров тушган” Абдуллоҳ тўнини тескари кийиб олган мисол беун. У тез-тез дарвозага бориб келади. Кўчага мўралаб термилади. “Уф” тортиб, ортига қайтади. Бир пайт дарвоза томонда узоқ қолиб кетди. Ситорабону хавотир олиб, ичкари ҳовли эшигидан қулоқ солиб турди. Долондан ал-Қумрий билан Ҳусайннинг овозлари эшитилди. Шундан кейин “Оллоҳимга шукр”, деб уйига кириб кетди.
Абдуллоҳ йўл пойлаб толиққан эди. Узоқдан ўғли билан ал-Қумрий кўринганда ёш боладек севинди. Долонда кутиб олиб, дастурхон тузалган меҳмонхонага етаклади. Ёш йигитлардек уларга хизмат қилгиси келарди. Патнисдаги кўзачага қўл юборганида Ҳусайн бунга йўл қўймади. Ўзи мева шарбатидан қуйиб, тавозеъ билан отасига узатди. Отаси пиёлани олмади, ал-Қумрий томонга ишора қилди. Ҳусайн аввал устозига, отасига, ундан сўнг ўзига шарбат қуйди.
– Тақсир, сизларни ботиним ёниб, муштоқ бўлиб кутдим, сўзланг, қандай хабар бор?! – пиёладаги шарбатни бир ҳўплаган Абдуллоҳ ал-Қумрийга юзланди.
– Буни ёш табиб ҳазратларидан сўраймиз? – ал-Қумрий мамнун жилмайиб, нигоҳи қўлидаги пиёлага қадалган шогирдига ишора қилди.– Мана энди Ҳусайн бизга бор гапни сўзлаб бермоғи мумкин.
Ҳусайн саройда Нуҳ ибн Мансур билан бўлган суҳбатларини шошмасдан, бир-бир айтиб берди. Амирнинг хасталиги тафсилотини гапира бошлаганида ал-Қумрий ҳаяжонланиб кетди. Беихтиёр қўлларини бир-бирига ишқалай бошлади.
– Неларни аниқладинг, айт?! – деди унга безовта тикилиб.
Бир маромда, хотиржам сўзлаётган Ҳусайн ажабланиб ал-Қумрийга қаради. У сермулоҳаза, босиқ феълли устозини ҳеч қачон бундай ҳолатда кўрмаган эди.
– Фикримча, сарой табиблари билган аразларни42 мен ҳам кўрдим. Танда ҳароратнинг кўтарилмоғи, шишган қориндаги оғриқлар, ичаклар қулдираши, қабзият…
– Сарой табиблари бунданда мукаммал таҳлилларга эга, – унинг гапини бўлди ал-Қумрий. – Бироқ, аниқ ташҳис қўя олишмаётир. Дастгир43 муолажалар фойда бермади, қўлланган амаллар елга учмоқда.
– Тўғри ичакнинг торайгани, унда шиш борлигин билурмилар?
– Не дединг?! – ал-Қумрий ҳаяжонланиб кафтини лабларига босди. Кўзларини ола-кула қилиб, Ҳусайнга тикилди. – Демоқчисан-ки…
– Ҳа, устоз, амир бедаво дардга йўлиққан. Бу саратон хасталиги!
– Эҳтиёт бўл!
– Ҳали белда оғриқлар йўқ. Тери ҳам рутубатин буткул йўқотмаган. Муолажа натижа бермоғига ишонса бўлур.
– Агарки, бул дард саратон бўлса, муолажанинг нафи ҳам вақтинчалик, – деди ал-Қумрий бўшашиб.
– Устоз, таълим берганингиздек, хастани сўнгги онларгача даволамоқ табибнинг бурчи. Амир ҳам табиб учун хастадан ўзга эмасдур.
– Шундай-шундай, Ҳусайн! Бироқ сен оддий хастани эмас, юрт подшосини даволамоқдасен! Бу ташҳисни сарой табибларидан бирортаси билган бўлмоғи мумкин… Аммо улар бош табибга ишонмаслар. Борки иллат мана шунда. Афсус, сен билган белгилар хасталик авж паллада эканидан далолат бермоқда.
– Сиз ҳақсиз, устоз. Аввалроқ аниқланганида буткул муолажага умид боғламоқ мумкин бўлурди. Энди оғриқларни бартараф этмоқ, ҳазми таомни яхшиламоқ зарур. Хастанинг умрига умр қўшиш энг мақбул йўл. Қолгани Яратганга аён.
Ал-Қумрий билан Ҳусайн хасталик хусусидаги қизғин суҳбатга берилиб кетишди. Иккилари ҳам амирни даволаш йўлларини излашарди. Абдуллоҳ ибн Ҳасан бир ўғлига, бир унинг кекса устозига термилиб ўтирди. Уларни чуқур уммон остида жавоҳир тераётган моҳир сузгичларга ўхшатди. Баҳсларининг моҳиятини тўлиқ англамади. Фақат амирнинг дарди оғир эканини фаҳмлади.
Меҳмонхона эшиги очилиб, ноз-неъматлар тўла патнис кўтарган Маҳмуд кирди.
Ал-Қумрий билан Ҳусайн енгил тушлик қилиб олишди. Шундан сўнг қўл очиб дуо қилинди ва дарҳол ўринларидан туришди. Маслаҳатлашиб, меҳмонхонага туташ икки хонадан иборат уйга кирдилар. Бу уйда бир пайтлар Нотилий хасталарни кўрган. Энди кираверишдаги катта хонада Ҳусайн муолажа ишлари билан шуғулланади. Иккинчиси турли суюқлик, кукунлар солинган сонсиз-саноқсиз идишлар, қуритилган гиёҳлар тахланган қават-қават токчалардан иборат дорихона. Шу хонага кирганларида Ҳусайн устозига қалъа дорихонасидан олиб келган гиёҳларини кўрсатди.
– Мана бу денгиз пиёзи, буниси Рум райҳони-ку? – ажабланди ал-Қумрий.
– Ҳа, устоз, биз амирнинг муолажаси учун маъжун тайёрламоғимиз лозим.
– Балли! – Ал-Қумрий шогирдининг фикрини тасдиқлади. – Бундай маъжун асал билан қўшиб тайёрланганда тандаги хилт ва чиқиндиларни суриб чиқаргай, саратонга ҳам фойда қилур44.
– Шунинг баробарида хастанинг аҳволи яхшиланур. Ундан сўнг амирни қувватга киритиш муҳим. Устоз, Буқрот ҳазратлари табиб хасталикни эмас, хаста кишини даволамоғи лозим, деганларини ўзингиз кўп бор такрорлар эдингиз.
– Ёдимда, Ҳусайн. Бироқ бу бедаво дард…
– Мен буни англаб етдим. Буткул даволамоқнинг йўли – фикримча, қўл амалидур45. Аммо, дард ўтказиб юборилган, биз бунга ожизмиз.
Табиблар чуқур ўйга толдилар. Айни дамда ҳар бирлари табобат илмининг чексиз-чегарасиз пучмоқларига фикран парвоз қилишар, ечмоқ мушкул бўлган жумбоққа жавоб излашар эди.
* * *
Абу Мансур Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрий бош табиблик лавозимидан мосуво бўлган эсада, амирнинг хос табибларидан бири бўлиб қолган эди. Амирнинг хасталигини даволаш унинг зиммасига катта масъулият юклашини яхши билади. Шу куни амирга аталган маъжунни Ҳусайн билан ҳамкорликда тайёрладилар ва зудлик билан яна қалъага йўл олишди.
Улар аср намозига қадар Нуҳ ибн Мансур ҳузурига киришга шошилардилар. Ал-Қумрий кексалиги боис оҳиста қадам ташлаб борар, йўл четидаги шотутлар соясида дам-бадам нафас ростлаб оларди. Ҳусайн бундай пайтларда кўкка бўй чўзиб, узоқдан ҳам кўриниб турган маҳобатли ва сирли Арк минораларига тикилиб қолади. Бу қалъанинг не-не ҳукмдорларга ошён бўлгани, бироқ фоний дунёда уларнинг бирортасига вафо қилмагани ҳақида ўйлайди. Оламнинг яралиши, ундаги борки жонзотлар устидан ҳукмронлик қилаётган одамлар тийнатидаги турфаликларни тушунмоқни истайди. Уларнинг бирлари қул, бошқалари ҳукмдор. Шаҳристондаги мана шу улкан тепалик ҳам мозийнинг минг йил ва балки ундан ҳам аввалида қуллар вужудидан сув бўлиб оққан реза-реза терлар билан шиббалаб барпо этилган. Арк тепалигининг тупроғи обу гилгина46 эмас, тўкилган қонлар билан ҳам Бухоро заминида тошдек қотган… Ҳусайн шотут новдаларига қўниб олган читтак, майналарнинг чуғурлашига қулоқ тутар экан, улуғ устозининг кексаликка бўй бериб қолганини сезди. Ал-Қумрий битган “Китоб илал ал илал”47, “Мажмуайи кабир дар адвияйи муфрида”48, “Рисола дар иложи амрози садр”49 каби асарларини бир-бир ёдга олди. Шундай буюк олимнинг шогирди экани, амир ҳузурига у билан ёнма-ён бораётгани ўзига нақадар катта масъулият юклашини чуқур ҳис қилди.
Регистон майдонига кирганларида осмонда қуёш чарақлаб турарди. Девор ёқалаб қатор экилган арғувонлар50 қийғос гулга кирган. Шохлари-ю, танасини безаган қизғиш-пушти гуллар жилоси улуғвор майдонга бениҳоя кўрк бағишлаган. Ҳусайн бу мафтункор манзарадан зақланиб, устозига қаради. Нечундир ўйчан бўлиб қолган ал-Қумрий қалъа томонга оҳиста одимларди.
Ал-Қумрий билан Ҳусайннинг шу кунги илк ташрифлари, қанчалик сир тутилмасин, Аркда катта шов-шувга сабаб бўлган эди. “Дари регистон” дарвозасининг соқчилари бири кекса, иккинчиси навжувон табибларни узоқдан таниган эдилар. Улар тош зиналардан кўтарилганларида дарча олдидаги соқчи дарҳол эшикни очди. Беўхшов илжайиб қўйди-да, яна ўз ўрнига туриб олди. Хуш мўйлаб, озғин, рангпар бу йигит ўттиз ёшларда эди. Унинг ҳаракатлари бироз ғайритабиий бўлгани учун Ҳусайн синчков бир назар ташлади. Ичкарига кирганларида:
– Бул йигит афюний51 эркан, – деди секин.
Ал-Қумрий индамади. Долондаги соқчилардан узоқлашганларида паст овозда тушунтирди:
– Ул бечора афюнга ўрганиб бўлган. Умри шунинг оқибатида якун топмоғи тайин. Бундайлар қалъада ягона эмас. Афюн, май истеъмол қилурлар, сипоҳхонада бузуқликлар билан машғул бўлурлар. Кўпларида на оила, на фарзанд бор. Уларнинг орасида сабийлик пайтида турли юртлардан олиб келинганлар ҳам талайгина. Соқчиликдан, сипоҳий машқлардан бўшаганларида ишратга берилурлар. Бир кун жангу жадалларда шаҳидлик тақдирлари эканин ҳам билурлар.
Қалъадаги атрофига садалар экилган ҳовузга яқинлашиб қолган эдилар. Аллақаерда жилдираб сув оқаётгани эшитилди. Олдинда бош табиб Ғайс ибн Ваққос кўринганида ал-Қумрий жимиб қолди. “Пойлоқчи қўйғон эркан-да-а”, – деди секин. Чунки, уларнинг Аркка кириб келаётганларини Ғайс ибн Ваққос аввалдан билгани бежиз эмас. Қалъа хизматчиларининг ҳар иккитасидан бири хуфиялик билан шуғулланишини эса ал-Қумрий яхши биларди.
Аркнинг шарқий ва ғарбий дарвозаларини туташтирган йўл бўйлаб амирлик девонлари жойлашган. Бу серҳашам иморатларга ихчам саллали ёш-қари мулозимлар тинмай кириб-чиқишмоқда. Улар ўз ишлари билан банд бўлиб, бу икки ташрифчига эътибор беришмади.
Ғайс ибн Ваққос икки табибни тасодифан кўриб қолгандек, юриб келаётган жойида тўхтади. Одати шундай чамаси, қорамтир юзига ярашмаган чўққи соқолини силаб қўйди. Юзма-юз келганларида истеҳзо билан кулди:
– Саройга серқатновсиз, ал-Қумрий жаноблари?
– Амир ҳазратларининг топшириқларини бажармоқдамен.
– Ёнингиздаги навжувон ҳамми?
– Билурсиз, Ҳусайн ибн Абдуллоҳ менинг шогирдим.
– Шогирдингиз соясида эътибор қозонмоқ сиздек фузало52 табибға ярашмайдур, – чақиб олди ибн Ваққос.
– Амиримизнинг сиҳатлари ҳар недин улуғдир. Қандай амал лозим бўлса, шуни бажарурмиз. Шундай эмасми?
Ал-Қумрийнинг нозик жавобини эшитиб, бош табибнинг кўзлари ғазабдан ёнди. Бу ҳолатни яширмоқ учун улкан салла пастга эгилди.
– Шундай! – деди хириллаб ва терс бурилиб, тез-тез юриб нари кетди. Қалъанинг зиндон тарафидан ингроққа ўхшаш зорланган товуш келди. Ҳусайннинг юраги сирқиради. Ер остидаги зулматда жон таслим қилаётган бандининг қиёфаси хаёлида жонланди… У оғир дарддан изтироб чекаётган хасталарнинг ана шундай зорли нолаларини кўп эшитган, бир нечасининг оғриқларига даво ҳам топиб, бундан ўзи ҳам енгил тортган ва умрини ҳакимликка бағишлашга узил-кесил азму қарорга келгани ҳам шундан эди. Бироқ, зиндондаги мана бу дардмандларга ким дармон бўлади? Ғаддор дунёнинг ишлари бунчалар чалкаш…
Улар Аркнинг равон йўлагидан юриб боришарди. Девонхона, амири лашкар53, вазирлар, мулозимларнинг қароргоҳлари қалъанинг шимолида жойлашган. Саломхонага туташган ҳашаматли саройда Бухоро амири оиласи, канизлари, беҳисоб хазматкорлари билан истиқомат қилади. Сарой меъморий безакларининг заргарона ишлангани кишини ҳайратга солади. Бу ердаги ҳар бир ёғоч устунга ислими ва гириҳ нақшлар ўйилган. Деворларни Бухоро ва Самарқанднинг энг моҳир ганчкорлари анвойи шакллар бериб безаганлар.
Саломхонани супуриб-сидираётган хизматкорлар ал-Қумрийни дарҳол танишди. Табибга ҳурмат юзасидан четга ўтиб, таъзим қилдилар. Баногоҳ сарой ёнбошидан бир оппоқ ит отилиб чиқди. Ҳусайн кўзлари қизил, жуссаси катта бўлмаса ҳам ниҳоятда бақувват, чаққонлиги кўриниб турган бундай итни Бухорода сира кўрмаган эди. Хизматкорлардан бири “Балтир, тур, ёт!”, деб итни жойига қайтарди. Ҳусайн қалъага илк келганида бу ердаги шарт-шароитларга эътибор бермаган экан. Ҳозир эса серҳашам саройнинг рангин деворлари-ю, зарғалдоқ сирланган деразаларига зеҳн солиб бир-бир қараб олди.
Хосхонанинг ёш соқчиси уларга илтифот билан бош эгди.
– Амир ҳазратлари сизларни кутмоқдалар, – деди ширали овозда.
Ал-Қумрий хосхона эшигини қия очиб, товуш берди:
– Амир ҳазратлари, кирмоққа ижозат берурларми?
Бир фурсат ўтиб, “киринг” деган овоз эшитилди.
Ал-Қумрий “Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳи-ийм”, дея ичкари кирди. Ҳусайн устозининг ортидан эргашди. Кўз олдида ним ёритилган ҳашаматли хона пайдо бўлганда амир ёлғиз эмаслигини кўрди. Кунгай томондаги дарча очиб қўйилган. Ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги кўркам бир йигитча кенг катдаги пар тўшакда ёнбошлаб ётган, қора соқолли, рангпар амирнинг елкасини уқалар эди. Йигитчанинг эгнида калта қизил шоҳи чопон. Бошида ихчам кулоҳ, устидан шоҳи салла ўраган. Амир унга секин нимадир деди. Йигитча ўрнидан туриб амирга таъзим қилди-да, ганчкор девор олдига бориб, бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлди. Унинг ҳаракатларини зимдан кузатган Ҳусайн бу сарой сирлар макони эканлиги ҳақидаги гапларни эслади. У хосхонанинг нақшинкор деворида товушсиз очиладиган махфий эшик борлигини фаҳмлади.
– Маъжун келтирдингизму? – амирнинг овози эшитилди.
– Келтирдик, амирим! – Ҳусайн таъзим қилди.
– Шифо бўлмоғига инонурмисиз? – Нуҳ ибн Мансур унинг ёнида қўлини қовуштириб турган ал-Қумрийга ўткир нигоҳини қадади.