Читать книгу ДУРР УЛ–МАЖОЛИС - - Страница 1

Оглавление

Сайф уз–Зафар Навбаҳорий

ДУРР УЛ–МАЖОЛИС

Таржимон ва нашрга тайёрловчилар:

Ҳайдарбек Бобобеков,

Маҳмуд Ҳасаний

Масъул муҳаррир – Беруний мукофоти лауреати, филология фанлари доктори, профессор Исматулла Абдуллаев

Тошкент

“Мерос” нашриёти 1992

МАЖЛИСЛАР ДУРДОНАСИ

Биринчи боб

Меҳтар1 (улуғ, олий, бузруквор) Одамнинг

яратилиши ҳақида

Ҳазрати Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ўзининг қудрати билан меҳтар Одамни йўқлигидан борлиқ оламда пайдо қилмоқчи бўлиб, шундай нидо қилди:

Мен бир мавжудот яратмоқчиманки, у ҳузуримдаги энг яқинларимдан бўлади, яна унинг зурриётидан бандалар яратажакманки, улар мени дўст тутадилар. Мен ўзимнинг камоли қудратим билан уларни бахтиёр ва сарафроз қилажакман, – деб “юҳиббуҳум ва юҳиббунаҳу”2 (2”Уларни яхши кўради, уни ҳам яхши кўрадилар”) нидосин қилди.

Арш деди:

– Эй Худо, бундай бахтиёр бандани мендан пайдо қил сен мени улуғ Арш қилиб яратдинг,“ва ҳува арш ул–азим”3 (3 Ва у улуғ Аршдир) дединг, махлуқ ва мавжудотларнинг нимаики яратган бўлсанг, ҳаммасини мендан яратдинг.

Курси деди:

– Эй пок парвардигорим, мени ўз лутфинг била “васиъа курсиюс самовоти ва–л–арз”4 (4 “Унинг Курсиси осмону ердан ҳам кенгдир”) деб ёд қилдинг, ўша саодатли қулингни мендан яратгил.

Осмон эса:

– Сен мени юлдузлар билан безадинг ва ўз Қуръонингда: “Ва лақад заййаннас самоа ад дунё би масобиҳа”5 (5 “Ва дунё осмонини чироқлар билан зийнатлади”) дебсан, бу давлатманд бандангни ўз муҳаббатинг билан сарафроз қилар экансан, уни мендан яратгил, токи мен учун шодлик бўлсин, деди.

Хуллас, ҳар бири ўз арзини айтиб, мақсудларини изҳор қилар эдилар. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан фармон бўлди.

Эй ер, Одам алайҳис салом сендан яратилишини нега орзу қилмайсан?

Ер деди:

– Эй илоҳим, сен ўзинг доносан ва биносан1 (1 кўриб турувчисан), Аршинг ўзининг улканлиги билан ноз қилади, осмон юлдузлари билан мақтанади, мен эса барча мавжудотларнинг оёғи остидаман, мен шунчалик заиф ва бечора бўла туриб, шундай улуғ хилқатни қандай қилиб ўзимга раво кўрай?

Воҳиб ул–атоё2 (2ато қилувчи, яъни Худо) дан фармон бўлди.

– Эй Ер, сен шунчалик ожиз ва шикасталик изҳор қилдинг, мен дўсти ҳабибимни сендан яратажакман.


Байт:


Ҳар кишиким тутса ўзини ратил3(3 оғир),

Ҳам худойим лутф айлар, ҳам халил4 (4дўст).


Ривоят қилишларича, Меҳтар сулаймон алайҳис салом қўлига подшолик узугини тақмоқчи бўлганида беш бармоқлари сўзга кирди. Бири деди:

– У мен орқали икки саховат қилади, шунинг учун икки узук менга муносиб.

Бири деди:

– Мен кўрсаткич бармоқман, сизлардан азизроқман, менга муносиб.

Кичик бармоқ барчасидан ўзини паст тутиб турди. Шунда Воҳиб ул–атоёдан фармон бўлди:

– Эй Сулаймон, кичик бармоғингдан сўра, у нима учун жим турибди?

Меҳтар Сулаймон алайҳис салом сўради. Кичик бармоқ шундай деди:

Эй пайғамбар, улар паст тутганлиги учун Рабб ул–иззат5 (5 ғолиблик эгаси, яъни Худо) дан фармон келди:

– Эй сулаймон, подшолик узугини кичик бармоғингга тақ, чунки у ўзини барчадан пастроқ ва зубунроқ тутди.

Ал–ғараз1 (1 хуллас, хулоса) бир кун Боязид2 (2 Ўтмишда яшаган улуғ шайхлардан бири) Аллоҳ унинг сирларини муқаддас қилсин, ҳазрати Зул–Жалол3 (3улуғлик эгаси, яъни Худо)дан сўради:

Илоҳим, сенинг ҳузурингда азизроқ нарса нима?

Худойи таоло деди:

– Эй Боязид, менинг даргоҳимда азизроқ нарса, биринчиси – синиқлик, иккинчиси – узр сўраш, учинчиси – ожизлик ва бечоралик.

Ал–ғараз, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Одам алайҳис саломни яратишга киришар экан, осмондаги фаришталарга:

– Эй Худоё, лавҳ ул–маҳфуз4 (4 одамнинг тақдири, қиладиган ишлари ёзиб қўйилган китоб)да кўришимизча, Одамнинг ўзи фармонга бўйсунмайди, фарзандлари эса ноҳақ қон тўкишиб, ёмон ишларни қилишаркан, Сен бизларни пок деб ёдга олган эдинг? – дейишди.

Шунда ҳазрати Зул–Жалолдан фармон бўлди:

– Эй фаришталар, мен билган нарсани сизлар билмайсизлар. “Қола, инни аъламу ма ла яъламуна”5 (5 “Айтди: “Улар билмайдиган нарсани мен биламан”).

Сўнг Воҳиб ул–атоё фармон қилди:

– Эй Жаброил, ердан бир ҳовуқ тупроқ олиб кел.

Жаброил алайҳис салом ердан тупроқ олмоқчи бўлди ва шунда ер титраб тилга кирди:

– Эй Жаброил, Худо сизни, мени, барча махлуқлар ва барча нарсаларни яратди, уларнинг ҳаққи ҳурмати учун мендан тупроқ олманг.

Жаброил қайтиб бориб, Худога мурожаат қилди:

– Илоҳим, сен доносан в биносан, Ер менга онт ичирди.

Шунда: “Ердан тупроқ олиб кел”, деб Мекоилга6 (6 тўрт улуғ фаришталардан бири) фармон бўлди. Ер ҳазрати Мекоилга ҳам Худойи таолонинг ҳаққи ҳурматидан онт берди. У ҳам қайтиб келиб, Худойи таолога аҳволини арз қилди. Сўнг “Ердан тупроқ келтир” деб, Меҳтар Исрофилга1 (1 тўрт улуғ фаришталардан бири) фармон бўлди. Унга ҳам ер онт берди. Исрофил ҳам қайтиб бориб, Худойи таолога аҳволини айтди. Шундан сўнг тупроқ келтиришни Азроилга буюрди. Азроил алайҳис салом Ер қошига келди. Ер унга ҳам онт берди. Шунда Азроил:

Мен Худойи таолонинг буйруғини бузмайман, деб Ер юзидан бир сиқим тупроқ олиб, Худойи таолонинг даргоҳига олиб борди, Парвардигори оламдан шундай фармон бўлди:

– Эй Азроил, Ер менинг ҳаққи ҳурматимдан онт берди, нега унга раҳм қилмадинг?

Азроил деди:


Эй парвардигорим, мен сенинг ғазабингдан қўрқиб, Ерга раҳм қилмадим.

Худойи таолодан фармон бўлди:

– Сен Ерга раҳм қилмадинг, энди қобиз ул–арвоҳ2 (2жон олувчи, яъни Азроил) тупроқ олиб, Маккаи Муаззам била Тойиф ўртасига қўйгил.

Ер ўзидан тупроқ беришни ҳоҳламаганининг ҳикмати нимада эди? Ҳикмати шунда эдики, Одам ердан яратилгач, бефармонлик қилиб, мени шарманда қилиб ҳижолат қилади, деб ўйлади.

Тупроқ хамир қилиниб, Одам ясалгач, фаришталарнинг улуғи Азроил ўзича: “Бориб Одамнинг тупроғини кўрай, на мақому, на манзилда турган экан” деб, Одам ёнига келди ва унинг ичига кирди. Қараса, тупроқдан бир ҳуққа3 (3 сандиқча, тақинчоқлар сақланадиган кичкина идиш) ясаб қўйилибди. У қанча мулоҳаза қилмасин, унинг нима эканини барибир билолмади. Сўнг ўзича: “Мен ошиқман десам, мендан ҳам ошиқроқ пайдо бўлибди, аммо мен нурдан у эса, тупроқдан яратилган” деб ўйлади.

Ер юзида бир от бор эди. Иблис:

– Отни олиб келай, бу тупроқни бузсин, деди.

Шундай деб отга хабар берди.

Шу пайт Одам алайҳис салом гавдасига жон киргизилди. Одам аксирди ва “алҳамду лиллоҳи раббиоламин”1 (1оламлар–нинг парвардигори) деди. Парвардигори оламдан: “Яркамуллоҳу ва яшфийка”2 (2 “Аллоҳ сенга раҳм қилсин ва шифо берсин”) деган жавоб эшитилди.

Фаришталар:

– Илоҳо, Одам сени таниб, бандалик лаззатини тотмай туриб ярҳамукаллоҳ жавобини эшитди. Бизлар неча йилдирки, даргоҳингда тасбиҳу таҳлилга3 (3ло илоҳа иллаллоҳ жумласини такрорлаш) машғулдирмиз, бироқ бизга бундай иноят бўлмаган, дедилар.

Худодан жавоб келди.

– Тупроққа кўрсатган лутфу карамим ҳеч қачон сизларга бўлмайди, Одам бандалик завқини тотмаган бўлса–да, менга ҳамду сано айтди…

Ҳақ субҳонаҳу ва таоло яна фаришталарга деди:

– Мен бандаларимнинг вужудида бир неча нарса пайдо қилибманки, бу нарсалар сизларда йўқ: биринчиси – ейиш, иккинчиси – шаҳват4 (4жинсий алоқа истаги) туғёни, учинчиси – ҳирс ва ҳасад, тўртинчиси – ҳою ҳавас, бешинчиси – шайтон васвасаси, олтинчиси – маккор дунё иштиёқи. Эй фаришталар, агар бу нарсалар сизларда бўлса эди, албатта, гуноҳ қилган бўлар эдингиз. Эй Арш ва фаришталар, сизлар жаннат ва дўзахни кўз билан аниқ кўрасизлар. Одам фарзандларидан ҳеч ким уни аниқ кўрмайди, бироқ менинг борлигимга кўрмай иймон келтирадилар.

ҲИКОЯТ


Ривоят қилишларича, Зулайҳо Юсуф алайҳис саломга етишиши учун шундай бетоқат бўлдики, уни етти қаср ичига киргизиб, эшикларни беркитди ва ўзи унга арз қилиб деди:

– Эй Юсуф, менинг муродимни ҳосил қил. Ҳазрати Юсуф алайҳис салом юзини ўгирди. Зулайҳо унга деди:

– Эй Юсуф, менинг дилим орзусини ҳосил қилмагунингча қўймасман.

Юсуф алайҳис салом Зулайҳодан бу сўзни эшитиб, деди:

– Эй Зулайҳо, бу сўзни этмаки, менинг Худойим ҳозирдир.

Зулайҳо:

Эй Юсуф, буларнинг ичида Худо қандай қилиб кўради? – деди.

Юсуф:

Эй Зулайҳо, билмайсанми, сенинг ва менинг барча аъзоларимиз гўр ичида банд–бандидан жудо бўлажак, танамиз тупроққа айланажак, деб Худойи таолодан қўрқиб қочишга тушди. Ҳазрати Юсуфни тутмоқчи бўлиб, қўлларини узатди. Ҳазрати Юсуфнинг кўйлаги йиртилди. Шу пайт Худойи таолодан барча фаришталарга мурожаат келди.

Эй малоиклар1 (1Фаришта) сизлар “одам зино қилади, одам бузуқлик қилади” деб айтган эдингиз, мана кўринг, Юсуф менинг қўрқинчимдан, азобимдан, ҳайбатимдан Зулайҳога қандай муомала қилди?

Ал–қисса ривоят қилишларича, Юнус алайҳис салом фармон билан бир балиқнинг ичига тушиб қолди, у балиқни эса яна бир балиқ ютиб юборди. Аввало, дарнинг қоронғилиги, иккинчи – туннинг қоронғилиги, учинчи – балиқ ичининг қоронғилигида қирқ кеча–кундуз турди. Шу ҳолатида Юнус алайҳис салом балиқнинг ичида таҳрима намозини2 (2 Намозда такбир айтиш, асл маъноси – барча нарсани ўзига харом қилиш, фақат Худони ўйлаш) ўқиди. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло фаришталарга:

Эй фаришталар, сизлар биз ҳамду сано айтамиз, дер эдингиз, Юнуснинг ишига қарангиз, қоронғилик ичида менга қандай ҳамду сано айтмоқда. Эй фаришталар, сизларда, Арш курсида, Лавҳу Қалам ва дўзахда ҳеч бир ғуссаю меҳнат йўқ. Агар бундай оғирликни сизларга берсам, мени бутунлай унутасизлар, деди.

Ҳазрати Парвардигордан фармон бўлдики:

Энди Одамни эъзозу икром билан тахтга ўтирғизиб, сажда қилинглар.

Шунда барча фаришталар сажда қилдилар, аммо Иблис лаъин сажда қилмади. Фармон бўлдики: “Эй иблис, фармонимга бўйсунмадинг, менинг дўстимга сажда қилмадинг, такаббурлик қилдинг, мен эса такаббурликни дўст тутмайман”.

БАЙТ:

Агар бўлсин бошингда ақл, эй ёр,

Такаббур қилмағил, эй ёр, зинҳор,

Такаббур қилди ул Шайтони мардуд1 (1 ҳайдалган қувилган),

Сазойи ланъат они қилди маъбуд2(2яратувчи, илоҳ).

– Эй малъун, билгилки, ланъатга сазовор бўлдинг, сени абадий мардуд қилдим.

Шайтон деди:

Илоҳим, етмиш юз минг йил сенга тоат қилдим, аммо на қилайки, бадбахтлик ва хорлик менга юз тутди. Шу қадар боқий саодат ва абадий лутфу марҳамат тупроқдан ясалган Одамга насиб этибди. Эй Худойим, энди шунча йиллик қилган ибодатимнинг мукофотини бер. Фармон бўлди:

– Нима тилайсан?

Шайтон деди:

Худоё, менинг абадий мардуд бўлишимга бадбахтлигим сабаб бўлди, энди улардан то қиёматгача ўчимни олай.

Фармон бўлди:

– Бердим, аммо, айт–чи, улардан қандай қилиб ўч олмоқчисан?

Шайтон деди:

– Ҳар бир мўъминга ҳар куни етмиш–юз марта ҳамла қиламан.

Аллоҳдан фармон бўлди:

– Эй малъун, ўз карамим бирла ҳар бир мўъминга ҳар куни бир юз олтмиш марта раҳмат назарим бирла боқаман.

Шайтон деди:

– Илоҳим, мен уларга шундай васваса соламанки, ўлгунларича фармонингдан бўйин товлайдилар, айтмайдиган гапларни айтадилар, эшитмайдиган нарсаларни эшитадилар.

Аллоҳдан яна фармон бўлди:

– Эй малъун, мен ўз қулимга иймон ато қилсам, қиёмат кунида фармон қилурманки, бандаларим қайси аъзоси билан гуноҳ қилган бўлса, гўрга қўйганларида бир–биридан узилган барча аъзолари ҳар бир қилган гуноҳларига каффорат1 (1 гуноҳни ювиш) бўлажак. Юборган фаришталарим гўр ичида улардан менинг бирлигим ва кимлигимни сўрайдилар. Улар менинг иноятим бирла жавоб бергайлар ва қиёмат куни бегуноҳ бўлиб тирилгайлар.

Шундан сўнг фармон бўлди:

– Эй Одам, сен Ҳаво билан жаннатда яшаб, биҳишт неъматларини еб–ичиб юринглар. Аммо, буғдой дарахтининг мевасини есангиз ўзларингизга зулм қилган бўласизлар…

Ал–қисса, ривоят қилишларича, Одам сафиуллоҳнинг сабру оромлари қолмай, ўша мевадан олиб, оғзига солган эди, ҳануз тамоғидан ўтмай туриб, нидо эшитди. Бошидан карам тожи кетди, баданидан ҳамла тушди. Шармисор бўлиб, ҳар томонга югурди, ҳар дарахтдан барг сўради.

“Гумроҳ ва осий бўлдинг” деб барг бермадилар. Охири анжир барг берди. Авратларини2 (2уят жой) ёпдилар. Худодан анжир дарахтига фармон бўлди:

– Ўзга дарахтлар Одамга барг бермади, сен нега авратпўш3 (3 уят жойни ёпадиган нарса) бердинг ва фармонга бўйин товладинг?

Дарахт деди:


Илоҳим, сен Одамни пайдо қилмоқчи бўлиб, дедингки, мен бир мавжудот пайдо қилурман, у мени дўст тутади ва менинг лутфим билан ҳамиша сарафроз бўлади. Илоҳим, мен шу назарингни мулоҳаза қилиб, унга паноҳ бердим. Илоҳим, бир кимсани азизу ҳурматли қилиб, даргоҳингга лойиқ қилсанг–у, нега орқасидан хорлик билан мардуд қилурсан?

Байт:

Агар бўлса кишига фазли Аллоҳ,

Қачон бўлғуси бу давлатга гумроҳ.

Шундан сўнг анжир дарахтига фармон бўлди:

Сени барча дарахтлардан ортиқ кўриб, фазилатлар ато қилдим, кимки сенинг мевангдан еса ҳадду ҳисобсиз савоб топгай.

Рабб ул–иззат1 (1 Улуғлик эгаси) (Аллоҳдан) фармон бўлди:

– Эй одам, бефармонлик қилдинг, жаннатдан чиқ, жаннат бефармонлик қилувчиларнинг жойи эмас.

Одам бу дунёга келгач, қилган гуноҳининг шармандалигидан беш юз йил осмонга боқа олмади, кеча–кундуз эса йиғидан бўшамади. Бир куни қушлар йиғилиб, Одам йиғлаган кўз ёшидан ичиб: “Биз бундай лазиз ва ширин сувни ҳеч қачон ичган эмасмиз”, дедилар. Одам алайҳис саломнинг кўнглида: “Бу қушлар менинг кўз ёшимни масхара қиляптилар, эй илоҳим, бу қулингни жони чиқишга етди”, деди.

Парвардигори оламдан нидо келди:

– Кимки бизнинг даргоҳимизда йиғласа, кўзининг ёши шаҳду шакардан ҳам тотлироқ бўлади.

Бу нидони эшитгач, кўнгли тасалли топиб, осмонга боқди ва Арши азимда “Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ” деган ёзувни кўрди. Одам алайҳис салом ҳасратда қолиб деди:

Илоҳим, бу қайси бахтли қулингни номидур, ўзингни отинг билан ёнма–ён турибди?

Фармон бўлди:

– Эй Одам, Муҳаммад сенинг фарзандингдур, агар уни яратмасам, дунёни яратмас эдим. Худолигимни ошкор қилмаган бўлардим.

Одам алайҳис салом бу фарзандининг улуғлигини эшитгач, деди:

– Илоҳим, бу калимайи шарифни ҳаққи ҳурматидан гуноҳимни кечиргайсан.

Фармон бўлди:

– Эй, Одам, бизнинг даргоҳимизга яхши шафиъ келтирдинг, гуноҳингни кечирдим, яна сенинг фарзандларингни ҳам ярлақадим. Ҳар ким бу калимайи шарифни эътиқод ва ихлос билан айтса, гуноҳларини кечирса, ажойиб ва ғаройиблиги йўқ.

Байт:

Гар десанг “Ло илоҳа иллаллоҳ”,

Ҳар гуноҳни бағишлагай Аллоҳ.

Иккинчи боб

МЕҲТАР ИБРОҲИМ АЛАЙҲИС САЛОМ САХОВАТЛАРИ БАЁНИДА

Ривоят қилишларича, Ҳақ субҳонаҳу ва Таоло Иброҳим алайҳис саломни саховат фазилати билан шундай ораста қилган эдики, у меҳмонсиз асло таом емас эди. Бир куни бир дарвиш: “менга таом бергил”, деди. Иброҳим унга:

– Сен кофирга таомим йўқ, деди.

Дарвиш ноумид бўлиб қайтди. Ўша онда Жаброил Рабб–ул–иззат (Аллоҳ) дан хитоб келтирди:

– Ўша кофир неча йиллардан буён бутпарастлик қилиб келади, бир соат ҳам унинг ризқини кам қилмадим, сендан бир марта таом сўради, таъна қилдинг.

Иброҳим алайҳис салом бу хитобни Парвидигордан эшитиб, шу онда кофирнинг орқасидан югурди. Унга етиб, узрлар айтди. “Не таом тиласанг, берай” деди.

Кофир унга:

– Эй Иброҳим, нечун мунча узрлар айтиб, менга таом бермоқчи бўляпсан? деди.

Иброҳим ҳалиллуллоҳ1 (Аллоҳнинг дўсти) деди:

– Сени деб Худойим менга ғазаб қилди ва дедики: Эй Иброҳим, менинг қулимни нобуд қилдинг, етмиш йилдирки, у бегоналик қилиб, бутга топинади, аммо мен ўз карамим билан бир кун ҳам унинг ризқини кам қилмадим, сен не учун бир марта бўлса ҳам таом бермадинг, кўнглини оғритдинг?

Ғайридин дарвиш бу сўзни эшитиб:

– Нақадар яхши худойинг бор экан, менингдек душманни деб сенингдек дўстига ғазаб қилибди.

Сўнг деди:


Эй Ҳалиллуллоҳ, менга иймонни баён қил, токи мусулмон бўлайин. Бу кофирликдан безор бўлдим.

Шу онда иймон келтирди.

Байт:

Кўринг, бу кофирни ҳафтод сола1 (1етмиш йил умр кўрган),

Тилогоч лутфини топди зиёда.

Бир куни яхудийларнинг бир гуруҳ киши халил–ур–раҳмон (Иброҳим) нинг олдиларига келиб:

– Эй Иброҳим, бизга таом бергил, деди.

Ҳазрати Иброҳим таом бериб, иззат ва икром қилдилар. Таомдин бўшаганларидан сўнг Меҳтар Иброҳим алайҳис салом деди:

– Менинг худойим неъматини единглар, сажда қилинглар.

Яхудийлар сўровни қабул қилиб, барчаси сажда қилди. Халил–ур–раҳмон (Иброҳим) қўл кўтариб дуо қилдилар:

– Бошларини саждага келтирдим, энди кўнгилларини имонга мушарраф қилурни ўзинг билурсан.

Бу дуони қилишлари билан яҳудийлар бошларини кўтариб, дедилар:

– Эй Ҳалиллуллоҳ, бизга лутф қилиб, иймон арза қил. Барчалари иймон айтиб, мусулмон бўлдилар.

Байт:

Ки ул утф бирла Ҳаййи тавоно2 (2Қодир худо),

Ўзига қилди кофирларни жўё3. (3қудирувчи)

Иброҳим алайҳис саломнинг тамоми ҳиммати шунга қаратилган эдики, меҳмонсиз асло таом емас эди. Бир гал уч кунгача меҳмон келмай, асло таом емади. Кўнглида: “Дунё юзида мендек одам бормикин?” деди. Шу онда Жаброил ҳазрати Рабб–ул–оламин1 (1бутун оламлар парвардигори) дан келиб деди:

– Эй ҳалиллуллоҳ, кўнглингдан ўтган фикр бизга маълум эди, тур шаҳардан чиқ. Худойи таолонинг хос бандаларини кўр. Худойи таолонинг ризолиги учун қандай ишлар қилаётганини бил.

Ҳазрати Иброҳим алайҳис салом бу ваҳийни эшитиб, биёбон сари равона бўлдилар. Ногоҳ савмаъа2 (2 зоҳидлар уйи; ҳужра)да ибодат қилаётган бир кишини кўрдилар. У киши ҳазрати Иброҳимни кўриб деди:

– Эй Иброҳим, хуш келибсиз, меҳмон учун мунтазир эдим. Сўнг қўл кўтариб деди: Илоҳим сенга шукурлар бўлсинки, рўза тамом бўлганда меҳмон юбординг, ёлғиз ифтор қилмайдиган бўлдим.

Меҳтар Иброҳим деди:

– Эй банда, бу сўзни маъноси нима? Тушунтириб бер.

У деди:

– Эй Иброҳим, ўттиз кун тамом бўлди, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло сендек азиз одамни меҳмон қилиб юбордиким, бундай азиз одам билан ифтор қилурман.

Бу сўзни Ҳазрати Иброҳим эшитгач, кўнглига: “Худойи таолога меҳмонсиз ёмонман”, деган фикр келди. Шундан сўнг Иброҳим алайҳис салом деди:

– Эй банда, Худонинг сендан ҳам обидроқ3 (3Ибодатлироқ) ва зоҳидроқ бандасини кўрганмисиз?

Зоҳид деди:

– Фалон тоғда бир зоҳид бор, мендан ҳам яхшироқдир.

Шундан сўнг Иброим ўша зоҳидни бориб зиёрат қилди. Ул азиз кўзини осмонга тикиб ўтирган экан. Ҳазрати Иброҳим келиб салом берди. Зоҳид ҳам салом қилиб, сўнг икки қўлини кўтариб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолога сано айтиб деди:

– Ё раб, сенга шукрлар бўлсинким, меҳмонсиз ифтор қилдирмадинг, бундай азиз кишини менга муяссар этиб, саодатманд қилдинг.

Иброҳим алайҳис салом сўради:

– Эй, Худо бандаси менга айт, бу сўзингни маъноси нима?

Зоҳид деди:

– Эй меҳмон, олтмиш кундирки рўзаман. Меҳмонсиз таом емайман, деб ваъда қилган эдим, шу сабабли шукр қилдим.

Шундан сўнг Иброҳим ҳалилуллоҳ деди:

– Эй Зоҳид, сендан обидроқ киши борми?

Зоҳид деди:

– Фалон ғорда бир зоҳид бор, унинг мартабаси мендан зиёдароқдир.

Иброҳим алайҳис салом ўша зоҳидни кўргани қасд қилди. Унга мушарраф бўлиб ўтирган эди, Зоҳид деди:

– Эй меҳмон, сенинг учун мунтазир бўлиб ўтирган эдим. Дарҳол қўлини очиб дуо қилди: “Илоҳим, караминг била менга мундоқ меҳмон ато қилдинг”.

Меҳтар Иброҳим деди:

– Бу сўзингнинг маъноси нима? Менга тушунтириб бер.

Зоҳид деди:

– Тўқсон кунда ифтор қилиб, оғиз очаман, деб назр қилган эдим. Назр бугун охирига етди.

Шундан сўнг шом намозини ўқиб ўтирган эди, бир тўда кийиклар елди. Бу зоҳид ориф1 (1Аллоҳдан хабардор, билимдон) эди, айтди:

Эй кийиклар, меҳмон келибди, уни меҳмон қилайин. Шу онда тўдадан бир кийик ажралиб чиқди. Ориф деди:

– Эй кийик, бисмил2 (2сўймоқ) бўл.

Дарҳол бисмил бўлди ва ерга йиқилди. Ориф унга:

“Бирён3 (3Пишмоқ, қовурмоқ) бўл” деди. Оловсиз бирён бўлди.

Сўнг: “товоққа туш”, деди. Осмондан бир қизил дастурхон ва дастурхон устида эса қизил ёқутдан бир товоқ пайдо бўлди. Бирён гўшт товоқларга тушди.

Ориф деди:

– Эй меҳмон, энди егил.

Едилар, шунда у дуойи такбир илди. Иброҳим алайҳис салом кўнглида деди: “Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳига яқин кишилар бор экан”. Сўнг Орифга деди:

– Эй, бузруквор, Худойи таолонинг даргоҳида мени дуо билан ёд қилғил.

Ориф деди:

Қирқ йилдирки, доимо Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг мулоқотини тилайман. Асло мустажоб1 (1қабул бўлиш) бўлмайди, ундай экан, сенга нима деб дуо қилгайман – Ориф давом этди: Бир куни биёбонда кетаётган эдим, тасодифан бир неча қўйни кўриб қолдим. “Бу қўйлар кимники?” – деб сўрадим. “Бу қўйлар Иброҳим ҳалиллуллоҳнинг қўйлари”, – деб жавоб берилди. Иброҳим ҳалиллуллоҳнинг муборак номларини эшитиб, ўзимга дедим: “Субҳоналлоҳ қандай саодатманд бандаларки, мен кеча–кундуз ўша пайғамбарнинг жамолини кўрмагунимча бу дунёдан кетқизма, деб доимо Худойи таолодан тилар эдим”. Меҳтар Иброҳим бу сўзни эшитиб деди:

– Эй зоҳид, сенинг дуойинг мустажоб бўлди, мен ўша Иброҳим ҳалиллуллоҳман.

Зоҳид шодланиб кетди, ўрнидан сакраб туриб, Меҳтар Иброҳим билан кўришди ва деди:

Эй пайғамбари Худо, карам қилиб, бир пас тур, токи мен икки ракаат шукр намозини ўқиб олай. У саждага бошини қўйиб:

– Илоҳим, ҳалил–ур–раҳмон (Иброҳим) жамолига етқиздинг, энди тўлиқ караминг билан дийдорингни насиб эт, деди–ю, жонини Ҳақ субҳонаҳу ва таолога таслим қилди.

ҲИКОЯТ


Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ Муборак Каъбага бормоқчи бўлди. Бағдодга етганда бир мурдор қуш2 (2Гўшти харом қуш) ни қўйнига солиб кетаётган аёлни кўрди. Абдуллоҳ Муборак ундан:

– Эй хотин, бу мурдорни нима қиласан? – деб сўради.

Хотин деди:

Бир неча фарзандим бор, бугун уч кундурки, ҳеч нарса ейишмаган. Бу қушни сўйиб, гўштини уларга едираман. Чунки, бу ҳазрати пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассаллам сўзи бўйича мубоҳ1 (1 Рухсатли, қилса бўладиган иш) дир.

Абдуллоҳ Муборак бу сўзни эшитиб, кўп ғамгин бўлди. Ўзига: “Эй, Абдуллоҳ, агар Каъбани тавоф қилиш керак бўлса, мана шу заифани кўнглини шод қил”, дея барча йўл озиғини ўша хотинга бериб юборди.

Байт:

Кўнгил олмоқ ҳажжи акбар2 (2 улуғ ҳаж, пайғамбар туғилган кунига тўғри келадиган ҳаж) ўлди,

Ки юз минг Каъбадин бу беҳтар3 (3 яхши, соз) ўлди.

Ҳожилар ҳажни тавоф қилиб қайтганларида Абдуллоҳ Муборак деди:

– Каъбани тавоф қилиб олмаганимга яраша, ҳожиларни тавоф қилайин.

У шундай деб ҳожиларнинг мулозаматига келди. Қараса, бир жамоа ҳожилар карвони келяпти, бориб уларни зиёрат қилди, Ҳожилар ундан:

– Эй Абдуллоҳ, биз сени Каъбада кўрдик. Бағдодга қачон келдик? – деб сўрашди.

Абдуллоҳ бу сўзни эшитиб, таажжуб қилди ва ўзича: “Худонинг ҳикмати шундай бўларкан–да”, деб мулоҳаза билан уйига борди. Кечаси тушида унга дейишди:

– Эй Абдуллоҳ, нега ҳайрон бўласан, ҳожилар рост айтяптилар, лутфингни ўша аёлга кўрсатган эдинг, бир фариштани сенинг суратингда қилиб ҳажга юборилди. Бу ҳожиларнинг ҳажи ҳам сенинг лутфинг туфайли қабул бўлди.

Барча мўминларга маълум бўлсинки, хайру саховат сабабли кишининг мартабаси Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳида шундай муаззам ва мукаррам бўлажакдир.

Ривоят қилишларича, бир мазлума мусулмон аёл яҳудийлар маҳалласида яшар эди. Бу аёлнинг бир неча норасида болалари бўлиб, камбағаллиги сабабли бир–икки кун егали таом тополмади. Ўғлонлари бир куни унинг олдига югуриб келишиб; “Она, нима келтирдинг?” – дейишди.

Аёл:

– Жигаргўшаларим, мен мусулмон, булар кофир, нима қилай булар ҳеч нарса бермади, деди.

Ўғиллари йиғлашиб:

– Яна бир марта боргин, шоядки бу гал бирор нарса беришса, дейишди.

Аёл ўғилларининг кўнгли учун бир яҳудийнинг уйига борди. Яҳудий, у аёл ўғирликка келибди, деб у билан сўзлашмади. Аёл паришон бўлиб, яҳудийнинг уйидан чиқиб, ўз уйига келди. Яҳудий ҳам аёлнинг орқасидан то уйгача кузатиб борди ва аёлнинг болалари югуриб чиқишганини ва ундан “Эй она, нима олиб келдингиз?” деганини эшитди.

Аёл деди:

– Эй фарзандларим, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг даргоҳида сабр қилинглар, шунда сизларга қиёмат куни жаннат ичида хилма–хил таомлар беради.

Яҳудий бу сўзни эшитиб, уйига қайтиб келди ва хилма–хил таомларни олиб, уларга келтириб берди. Узр айтиб: “Мен буларни билмас эдим” деб ортига қайтди.

Аёл бошини саждага қўйиб деди:

– Илоҳим, бу яҳудий бизга таом берди, сен ўз лутфу караминг билан унга иймон ато қилгайсан.

Аёл ҳануз бошини саждадан кўтармаган эдики, овоз келди:

– Эй заифа, бошингни кўтар, дуойинг мустажоб бўлди.

Бошини дарҳол саждадан кўтарди. Ул яҳудийни кўрди, зуннорини ташлаб, содиқ ихлос билан мусулмон бўлди.

Байт:

Иноят қилди ул дам лутф Аллоҳ,

Саодатга мушарраф бўлди гумроҳ.

Яхудий мусулмон бўлиб уйига борди. Хотини кўриб:

– Эй ёри мувофиқ1 (1 мос, лойиқ эр), бугун юзингни ғоятда нуроний кўрмоқдаман.

Яҳудий деди:

Эй хотин, мен иймон халқига мушарроф бўлдим.

Хотин деди:

– Менга ҳам иймон арза қил.

У ҳам иймон келтириб, мусулмон бўлди. Демак, мўъмин банда шундай бўлиши керакки, ҳамиша саховатли бўлсин.

Аллоҳ иноят ва тавфиқ бериб, мен шикаста дуогўйни ва барча мўъминларни саховатпеша қилиб, тинчлик давлатидан маҳрум қилмағай.

Учинчи боб

МЕҲТАР ШУАЙБ АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ ҲАҚИДА

Ривоят қилишларича, меҳтар Шуайб алайҳис салом Худойи таолонинг қўрқинчидан шундай йиғлар эканки, охири кўз кўр бўлиб қолди. Ҳазрати Воҳиб ул–атоё (Аллоҳ) дан фармон бўлди:

– Эй Шуайб, нега йиғларсан?

Ҳазрати Шуайб деди:

– Худовандо, дўзахнинг олови мени йиғлатмоқда.

Худойи таолодан фармон бўлди:

– Эй Шуайб, барча пайғамбарларга дўзах ўтини бекор қилдим. Кўзингни равшан қилиб, ўзингга лутфимни ато қилурман.

Меҳтар Жаброил унинг кўзига қанотини суртди, кўзлари очилди. Неча вақтдан кейин яна йиғлай бошлади. Шунчалар йиғладики, яна икки кўзи кўр бўлди. Жаброил алайҳис салом ундан:

Эй Шуайб, энди нечун йиғларсан? – деб сўради. Ҳазрат Шуайб жавоб берди:

Эй Жаброил, энди Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг жамоли орзусида йиғларман, шоядки, унинг боқий дийдорини кўрсам. Фармон бўлди:

– Эй Шуайб, ҳар доим йиғлагилки, кўз ёшининг мукофоти дийдордир.

Байт:

Жамоли шавқидин гар йиғласанг зор,

Жазо1 (1 мукофот) бергай санга Аллоҳ дийдор.

ҲИКОЯТ

Келтирилишларича, ҳазрати пайғамбар замонида бир соҳоба бор эди. Икки кўзи кўр эди. Бир куни ҳазрати пайғамбар қошиға келди ва деди:

Ё расулуллоҳ, масжидга бориб, жамоат намозинининг савобини олай десам, қўлимдан тутиб, етаклаб юрувчи киши йўқ.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассалам унинг уйидан то масжидгача таноб тортиб қўйишни тайинлади. Таноб тортдилар. Шу тариқа намозни масжидда ўқий бошладилар.

Аммо бир неча мунофиқлар: “Бу кўр бўлса ҳам Муҳаммаднинг суҳбатидан қолмайди” дер эдилар. Бир куни пичоқ келтириб, танобга боғлаб қўйдилар. Саҳоба танобни ушлаб, намозга кетаётганида пичоқ қўлини кесиб, манглайига тегиб қонатди. Ҳазрати Расулуллоҳнинг олдиларига келди. Расул алайҳис салом дедилар:

– Сенга нима бўлди?

Кўр деди:

– Ё Расуллуллоҳ, душманлар сенинг суҳбатингни менга раво кўрмаяптилар, бу соадатдан мени маҳрум қилмоқчилар.

Пайғамбар алайҳис салом бу сўзни эшитиб, маҳзун бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳис салом келиб деди:

– Эй, Муҳаммад, фармон бўлдики, бу киши онасининг қорнида ҳам кўр, дунёда ҳам кўр, гўр ичида ҳам кўр, қиёмат куни ҳам кўр, гўрдан чиққанда ҳам кўр, сирот кўпригидан ўтганда ҳам кўр бўлади. Аммо жаннатга етгач, ўз карамим билан кўзини равшан қилиб жамолимга мушарраф қилурман. Энди кўрдан сўра, қайси бирини ихтиёр қилади? Агар бу дунёда кўзининг очилишини хоҳласа, охиратда менинг дийдоримга барча мўъминдан кейин мушарраф бўлади.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи вассаллам бу хабарни кўрга етқизди. Кўр деди:

– Ё Расуллаллоҳ, менинг юз минг бундай кўзим ўша ваъданинг фидоси бўлсин.

Байт:

Зиҳи ҳар бандаки истар жамолин,

Иноят бирла лутф этса висолин.

– Қиёмат куни ул абадий саодат ва боқий давлатга мушарраф бўлғайман....

Тўртинчи боб

МЕҲТАР МУСО АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАЁНИДА

Келтиришларича, бир куни Меҳтар Мусо алайҳис салом Тур тоғининг тепасига чиқди. Саттор–ул–уйуб1 (1 айбларни яширувчи) (Аллоҳ) дан фармон бўлди:

– Эй Мусо, бизга ҳамду сано айтгил.

Мусо алайҳис салом Худойи таолони ўша ондаёқ тўрт юз ном билан ёд қилди. Хаёлидан “Қандай ажойиб саодату давлатки, Худойи таолони тўрт юз ном билан ёд қилдим”, деган фикр ўтди. Фармон бўлди:

– Эй Мусо, Тур тоғининг этагига туш, сенинг хаёлингдан ўтган фикрни биз илми қадим билан билдик.

Меҳтар Мусо алайҳис салом Тур тоғидан тушди. Саҳро каби бир ғорни кўрдики, унда дарахтлар ўсиб ётарди. Мусо алайҳис салом деди:

– Бу дарахтнинг тагида бир оз ёнбошлаб олай.

Ногоҳ дарахт устида ўтирган бир жониворни кўрди. У Аллоҳу таолога ҳамду сано айтарди. Меҳтар Мусо алайҳис салом жониворнинг ҳамду саносига қулоқ солди. У Худойи таолони минг исм билан ёд қилди. Мусо алайҳис салом буни кўриб ҳайронликда қолди. Шунда Худойи таолодан нидо келди:


Эй Мусо, сен мени тўрт юз ном билан ёд қилдинг. Кўнглида эса: “Мен қандай ажойиб бандаманки, Худойи таолони тўрт юз ном билан ёд қилдим, мендек ёд қилувчи бирор кимса бормикин?” – дединг. Эй Мусо, бу жониворни қараки, ҳар соатда мени тўрт минг ном билан ёд қилади.

Мусо алайҳис салом мурожаат қилиб деди:

Илоҳим, бу жониворни менга сўзлатгил, то мен у билан суҳбатлашай.

Фармон бўлди:

– Эй Мусо, мен бу жониворни яратганимдан буён менинг отимдан ўзга сўзни тилга олмаган, майли, сенинг дуойингни мустажоб қилдим.

Мусо алайҳис салом:

– Эй жонивор, сўзлагил, деди.

Жонивор.

– Ассаломму алайкум, ё Расуллуллоҳ. Тўрт юз йилдирки, бу дарахтнинг шохида ўтирибман, менинг таомим Худойи таолонинг зикридир.

Мусо алайҳис салом деди:

– Тўрт юз йилдан бери бу дарахтни устида ўтирган бўлсанг, ҳеч нарса емадингми?

Жонивор деди:

– Эй Мусо, ўттиз йилдирки, кўнглимда тумшуғимни сувга ётқизсам деган бир орзу бор.

Мусо алайҳис алом деди:

– Бу дарахтнинг тубида катта булоқ бор, нега ундан ичмадинг?

Жонивор Мусо алайҳис саломдан сувнинг отини эшитиб деди:

– Ул Худонинг буюклик ва улуғлик ҳаққи ҳурмати сабабидан тўрт юз йил бўлибдики, унинг зикрига ғарқ бўлганимдан кўнглимга бу хаёл келган эмас. Борди–ю , сувдан ичишга тушсам, Азроил келиб жонимни олса, Худойи таолонинг зикридан ғофил қоламан, деб қўрқаман.

Мусо алайҳис салом бу сўзни эшитиб, Худойи таолонинг сепоси1 (1 мақтов, ҳамд)га машғул бўлди…

Ал–қисса, Мусо алайҳис салом меърож шарафига муяссар бўлгач, Аллоҳ каломи қулоғига етиб, ажойиб сўзларни эшитиб, ғаройиб нарсаларни кўриб, орқасига қайтди.

Унга:

– Фиръавн лаъинни иймонга даъват эт, деди.

Мусо алайҳис салом илоҳий фармон билан Фиръавн лаъиннинг олдига бориб деди:

– Эй Фиръавн, токайгача Худойи таолодан бегона бўлиб, куфр гумроҳлигига мубтало ҳолда юрасан?

Бир марта бўлса–да, ибрат кўзини очиб, назар қилгилки, шундай баланд осмонни устунсиз тутиб турибди, юлдузлар билан зийнат берибди. Эй Фиръавн, иймон келтир. Сен Худойи таолонинг неъматини ейсан, нечун кўнглингни қорайтириб, зулму туғён қиласан.

Фиръавн деди:

– Эй Мусо, охират Худойингни мулки бўлса, бу дунё менинг мулкимдир. Бу дунёда нима иш қилиб, нима ҳукм қилсам, ўша бўлади.

Мусо деди:

Эй Фиръавн, сен ожизу бечорасан, ўз қудратинг билан нима қила оласан?

Фиръавн:

– Нил дарёси менинг қудратим билан қуриб, яна оқади. Бундан менинг қодирлигим сенга маълум бўлсин, деди.

Мусо алайҳис салом деди:

– Эй Фиръавн, сенинг сўзларинг ва ишларингдан таажжуб қиламан, Худойи таолонинг ишлари бунга асло ўхшамас. Менинг подшоҳ Худойим шундай шоҳдирки, осмонлар билан Ерни пайдо қилди, Ой ва Кун ҳамда кеча–кундузни яратди. Ўн саккиз минг оламни мавжуд қилди. Сен Нил дарёсини қандай равон қиласан?

Фиръавн деди:

– Эй Мусо, бугун қайт, эртага барча халойиққа нидо қиламан, менинг худолигимни ўшанда тамошо қиласан.

Мусо алайҳис салом бу ярамас сўзларни эшитиб, орқасига қайтди ва ҳужраларига келди. Шундан сўнг Фиръавн юзини қиблага қаратиб, оёғига занжир солиб, бошини қуйи солиб, зору тазарру билан муножот қилди: “Илоҳим, менинг кўп айбим бор, беайб даргоҳингга юзимни қўйибман”. У ўз айбларини Худо даргоҳида бир–бир айтаверди: “Ул боқий мулкни бу фоний жаҳонга алишибман, Мусо билан жам бўлиб келган халқим олдида эртага шарманда қилмагил, фармоним билан Нил дарёсини равон айлагил”, деб йиғлади.

Олим ул–ғайб1 (1ҳар қандай яширин нарсаларни билувчи) (Аллоҳ)дан фармон келди:

– Фиръавн, Нил дарёсини сенинг фармонингга бўйсундирдим.

Фиръавн бу хабарни эшитиб шодмон бўлди. Қасридан чиқиб нидо қилди:

– Миср халқи йиғилсин, менинг маъбудлигимни2 (2 Худо, ибодат қилинадиган нарса) кўрсин.

Бу кофирнинг олдида Мусо ва жами халойиқ ҳозир бўлди, Фиръавн деди:

– Эй, Мусо, менинг қудратимни тамошо қил. У Нил дарёсига қараб: “Дарё равон бўл”, деди. Шу онда Нил равон бўлди. Фиръавн қайси томонга ишора қилса, дарё ўша томонга оқарди. Бу ҳолни Мусо ва барча халойиқ кўрди. Унинг қавмидан бўлган халқнинг баъзилари “Агар Фиръавн Худо бўлмаса, Нил унинг ҳукми билан юрмаган бўларди”, дейишди.

Байт:

Инояти илоҳни кўрингиз,

Алтофи3 (3Лутфлар, карамлар. Бу ерда “Ҳадя” маносида келяпти) шоҳни кўрингиз…

Мусо алайҳис салом бу ишни кўриб, муножот қилиб деди:

– Илоҳим, иймонга даъват қил, деб буюрдинг, бу ишнинг сабаби недур?

Ўша онда Меҳтар Жаброил тушди ва деди:

– Эй Мусо, Худойингни зоти покида бахиллик йўқ, дўсту душман ҳар на тиласа рад этмас. Фиръавн бўйнига занжир солиб тиладики, истагини рад қилмади, Нил дарёсини унинг ҳукми билан равон қилди. Эй Мусо, сенинг дуойинг билан Фиръавн Нил дарёсида ҳалок бўлғусидир.

Ал–қисса, айтганидек, уни Нилда ҳалок этди.

Ривоят қилишларича, бир куни Мусо алайҳис салом биёбонда юрар экан, ногоҳ Малак–ул–мавт1 (1Ўлим фариштаси, Азроининг лақаби) (Азроил) пайдо бўлиб унга деди:

– Мусо, жонингни олиш учун менга фармон бўлди.

Мусо деди:

– Эй, Азроил, Худойи таоло мени дўстим деган, дўст ўз дўстини жонсиз қилмас.

Меҳтар Азроил бу ҳақда Худойи таоло даргоҳига арз қилди ва яна қайтиб келиб деди;

– Эй Мусо, Рабб–ул–иззат2 (2иззат–икром парвардигори) (Аллоҳдан); “Ҳеч дўст ўз дўстидан жонини аямас, дўст дўстсиз орому қарор топмас”, деган фармон келди.

Байт:

Кўринг парвонани ўтдин тиярму,

Киши жононадин жонни аярму?

Меҳтар Мусо алайҳис салом сўради:

– Эй Азроил, жонимни қайси еримдан оласан?

Азроил деди:

– Оғзингдан олурман.

Ҳазрати Мусо:

Бу оғзим билан Тур тоғида роз айтишганман, деди.

Унда кўзингдан олурман, деди Азроил.

Бу кўзим билан тажаллий нурини кўрганман, деди Мусо.

– Унда қулоғингдан олурман, деди Азроил.

Мусо эса:

Қулоғим билан Тур тоғида роз эшитганман, деди.

– Унда ўнг қўлингдан олурман, деди Азроил.

– Ҳазрати Мусо:

Ўнг қўлим билан Таврот китобини олганман.

Унда оёғингдан олурман, деди Азроил.

– Оёқларим билан Тур тоғига чиққанман, деди Мусор.

Малак ул–мавт қайси аъзони айтса, Мусо юқоридаги сингари жавобларни бераверди. Азроил:

Бориб, Аллоҳу Таолога арз қиламан, деди.

Эй Азроил, жон бермак ғоят оғир, деб ижозат олди–ю, уйига келди. Онаси Ҳазрати Мусони бу ҳолда кўриб:

– Эй кўзимнинг нури, жигаримнинг парчаси, не сабабдан сарғайибсан? – деб сўради.

Мусо деди:

– Эй Каъбаи мақсудим, алвидо, менга охират сафари яқин қолди.

Бу сўзни эшитиб онаси паришон бўлди. Ҳазрати Мусонинг хотини ҳазрати Шуайбнинг қизи бўлиб, исми Сора эди. Мусодан сўради:

– Нега бунчалик ҳасрат, андуҳдасан?

Мусонинг онаси:

– Мусога охират сафари яқин қолибди!деди.

Мусо алайҳис саломнинг авлодларининг ҳаммаси: “Шундай азизу ширин пайғамбар дорул–фанодан1 (1 ўткинчи олам, яъни бу дунё) дорул бақога2 (2 боқий, абадий олам, у дунё) рихлат қилар экан” деб доду фарёд қилдилар.

Ҳазрати Мусо алайҳис салом фарзандлари учун ғамгин бўлиб кўнгли хиралашди. Шунда фармон етди:

– Эй Мусо, ҳассани тошга ургил.

Ҳазрати Мусо ҳассасини тошга урди, тош иккига бўлиниб, ичидан оғзидан кўкат тишлаб, Аллоҳга ҳамду сано айтиб турган қурт чиқди. Рабб–ул–иззат (Аллоҳ)дан фармон бўлди:

– Эй Мусо, тош ичидаги бу қуртга ризқ етказибманки, қандай қилиб фарзандларингни бебаҳра қолдирурман?

Биби Сора бу ваҳийни эшитиб шод бўлди. Шундай қилиб, Мусо алайҳис салом аҳли оиласи билан хўшлашиб, Азроил билан учрашган жойига борди. Қараса, икки киши гўр қазиб турибди. Мусо алайҳис салом:

– Бу гўрни кимга қазияпсизлар? – деб сўради.

Улар:

– Кимки Аллоҳу таолонинг дўсти бўлса, ўша одамга! – дедилар.

Мусо алайҳис салом бу сўзни эшитиб:

– Бу гўрга кирган одамга шодликлар бўлсин! – деди.

Шу онда Жаброил алайҳис саломга

“Мусога бир олма элтиб бер!” – деган фармон бўлди. Мусога олма бердилар. Мусо олмани ҳидлаган эдики, Азроил унинг жонини олди. Ўша икки гўрковдан бири Жаброил, Мекоил эди.

Илоҳим, барча пайғамбарлар ҳаққи ҳурмати, мен шикастани, барча мўминларни қиёмат куни лутфу караминг бирла дўзах азобидан асраб, беҳишти анбар сиришт1 (1 анбар ҳиди келиб турадиган жаннат) дан насиб этгайсан. Ё илоҳ ал–оламин, ё хайр ан–носирин!2 (2 Эй оламларнинг худоси, эй ёрдам қилувчиларнинг энг яхшиси”).

Бешинчи боб

ҲАЗРАТИ СУЛАЙМОННИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАЁНИДА

Ривоят қилишларича, Меҳтар Сулаймон тахтини шамол учириб юрарди. Бир гуруҳ қизлар ўйнаб юриб, унинг тахтини кўрдилар ва бу кимнинг тахти деб сўрадилар.

Сулаймоннинг тахти! – дейишди уларга. Қизларнинг орасида балиқчининг қизи бор эди. У дугоналарига:

– Мени Сулаймон олса қандай соз бўлар эди! – деб қолди.

Дугоналари унга:

– Ўзингга ярашадиган гапни гапир! – дейишди ва уни шундай маломат қилишдики, қиз айтган гапига пушаймонлар еди. Бироздан сўнг бошини кўтариб: Мунча маломат қилмасаларингиз, мени унга бераман деса, Худо қодирдир! деди.

Меҳтар Сулаймон тахти билан бир шаҳарга етди. Қараса, бир қария ўтин кўтариб боряпти. Меҳтар Сулаймон ундан:

Эй қария, отинг нима? – деб сўради.

– Сулаймон! – деди у.

Ҳазрати Сулаймон ўзича: “Субҳоналлоҳ, бир Сулаймон мен эдим, ер юзи халқи менинг фармоним остидадирлар деб билардим, ўтин ташиб, тирикчилик қиладиган бу Сулаймон ким бўлди экан?” – деб ўйлади. Сўнг бошидаги тожидан бир қимматбаҳо лаълни олиб, унга берди. Қария ўтинини ташлаб, туҳфани олди, хурсанд бўлиб, лаълга тикилганича:

Қандай қодир Худодирки, бир парча тошга сув бериб, баҳосини орттирибди! – деди.

Ногоҳ осмондан бир қуш келиб, чолнинг қўлидан лаълни тортиб олдию учиб кетди. Қария ҳайронликда қолди, хомуш тортди:

Лаъл қўлимдан кетди, болаларимнинг насибаси қирқилди, деди. Сўнг ўтинни қолдирган жойга борди, қараса, уни ҳам олиб кетишибди. Ўша куни уйига борибди. Тонг отганда яна ўтин йиға бошлабди. Тасодифан Сулаймон яна ўша ердан ўтиб қолди ва ўтинчи қарияни кўрди. У қарияни ҳузурига чорлаб:

– Эй қария, кеча мен сенга бир лаъл берган эдим, у бир юрт хирожга тенг бўлиб, фарзандларингдан фарзандларингга етар эди! – деди.

Қария:

– Эй пайғамбар, бир жонивор лаълни қўлимдан олиб, ҳавога учиб кетди. Мен фарзандларимдан уялиб, уйга ҳам бормадим, ўтинимни олгани келсам, уни ҳам олиб кетишибди! – деди.

Меҳтар Сулаймон бу сўзни эшитиб, раҳми келди. Унга яна битта лаъл берди. Қария лаълни олиб, уйига равона бўлди. Йўлда кетаётиб, бир ариқдан сакраган эди, оёғи тойиб, ариққа йиқилиб тушди, чиқишга уринган эди, лаъл қўлидан тушиб кетди. Не машаққатлар билан ариқдан чиқиб, ўйга толди ва ўзича: “Бу лаъл ҳам қўлимдан кетди, энди бориб ўтинимни олай”, дея изига қайтди. Қараса ўтин жойида йўқ. Қария: “Бунчалар расво бўлмасам!” деб чуқур ғамга ботди ва ўтин йиғишга киришди.

Меҳтар Сулаймон уни кўриб:

– Яна нима гап? – деди.

Қария деди:

– Сувга йиқилиб тушдим, бу лаъл ҳам қўлимдан кетди, жоним чиқар ҳолатда қирғоққа чиқиб олдим. Бугун уч кундирки, шармандаликдан фарзандларимнинг олдига боролмайман, билмадим, уларнинг ҳоли не кечди! – деди.

Меҳтар Сулаймон шафқат қилиб, яна битта бебаҳо лаъл берди. Қария йўқотиб қўйишдан қўрқиб, лаълни салласига ўради ва йўлга тушди. Бироз юргач, қаршисидан бир отлиқ пайдо бўлди, саллага чанг солиб олиб қочди. Қария зор–зор йиғлаб, яна Сулаймоннинг олдига борди ва деди:

– Эй пайғамбари Худо, бу лаълни ҳам қароқчи уриб кетди, ўзинг восита бўлиб, мени камбағалликдан қутқар!

Ҳазрати Сулаймон деди:

– Эй қария, мен нима қилай, Худойи таоло юқтирмаганини мен қандай қилиб берай! – деди.

Қария уялиб уйига келди.

Ҳазрати Сулаймон эса турган еридан кўчиб кетди. Яна янги манзилга бориб тушди. Ғуслга эҳтиёж тушди. Сулаймон алайҳис салом узугини тахтининг қирғоғига қўйди. Бундан бир неча дев хабардор эди, узукни олиб, дарёга ташлади. Сулаймон пайғамбарнинг ходиму чўрилари кетган эди, ёлғиз қолиб, ғамга чўмди. Бир неча кундан сўнг бир балиқчига ҳаммоллик қилди. Уйимга олиб бор деб, балиқчи унга бир неча балиқ берди. Ҳазрати Сулаймон балиқларни кўтариб, унинг уйига келтирди. Балиқчи хотинига:

– Эй хотин, бу йигит хушхулқ ва диёнатли кишидир, анчадан буён мен билан ҳамроҳ, ундан ҳеч қандай хиёнатли иш содир бўлмади, қизимни унга берсам! – деди.

Қизни Сулаймонга никоҳлаб бердилар. Қизлар “ўзингга қараб гапир!” деб таъна қилганлари шу қиз эди. Қизнинг отаси Сулаймонга иккита балиқ берди. Сулаймон балиқларни хотинига бериб: “Ичини тозала!” – деди. Хотини балиқнинг ичини ёрди. Қараса, балиқлардан бирининг ичида узук бор экан. Узукни олиб ҳайрон бўлиб қолди. Нима қилишини билмай, охири уни Сулаймонга берди. Сулаймон бармоғига солган эди, девлар, парилар, ҳайвонлар, қушларнинг барчаси унинг хизматига ҳозир бўлдилар. Тожу тахт ва подшолик анжомлари муҳайё бўлди. Шаҳар ҳалқи буни кўриб, таажжубга тушди.

Қиз ундан:

– Бу давлатни қаердан олдинг ва унга қандай мушарраф бўлдинг? – деди.

У деди:

– Мен Сулаймонман. Худойи таоло барча халқни шу узук туфайли менга бўйсундириб берган эди, девлар ўғирлаб, дарёга ташлаб юборган эдилар. Худойи таоло уни менга яна қайтарди!

Хотин деди:

– Эй пайғамбари Худо, бир куни сен ҳашамат ва салтанат билан борар эдинг, бу кимнинг тахти деб сўрадим. “Сулаймоннинг тахти” дейишди. Шунда мен: “Парвардигорим, бу иш жуда душвордир”, аммо сенга осондир, мени шу тахт эгасига жуфти ҳалол қилсанг ва пайғамбарнинг никоҳида хизмат қилсам, на бўлгай!” деган эдим. Ҳамроҳларим менга таъна қилган эдилар, айтганимга пушаймон бўлиб, шарманда бўлган эдим. Парвардигорга юз минг шукрлар бўлсинки, мени сендек пайғамбарга мушарраф қилди.

Сўнг ўша қизларни чақириб, уларга деди:

– Мана кўринг, Худой таолодан тилаган нарсамга ўз лутфу карами билан муяссар қилди, мақсадимга етдим, демак, ҳар ким пок эътиқоди билан Худойи таолодин тиласа, берар экан!

Сулаймон алайҳис салом кекса ўтинкаш шаҳридан ўтаётиб, бўлган воқеалар эсига тушди. Кекса ўтинчини келтиринг, деб буюрди. Одамлар унинг олдига бориб: “Пайғамбар сени чорламоқда!” – дейишди.

Қария: “Қуллуқдан сўнг Сулаймонга айтингларки, мен пиёда боролмайман!” – деди.

Сулаймонга бу сўзни етказганларида у ажабланиб, бир отни юборди. Кекса ўтинкаш отда келди. Сулаймон алайҳис салом қараса, кекса ўтинкаш ажойиб хилъатлар кийиб, салтанат билан кириб келяпти. Ҳазрати Сулаймон ундан:

Бу ашёларни қайдан олдинг? – деб сўради.

Қария деди:

– Эй пайғамбари Худо, сен олдимдан кетганингдан кейин Худойи таолога нола–ю зор қилдим. Дедимки, Худоё парвардигор, барча ишда Сен ўзинг доно ва бийносан, Сенинг пайғамбаринг мени камбағаллик балосидан қутқара олмади, бу балодан халос бўлмадим, ўзинг бермагунингча бу балодан қутула олмайман, деб ўтин теришга чиқдим. Бир дарахтда қушнинг ини бор экан, қарасам не кўз билан кўрайки, сен берган ўша уч лаъл ўша инда турган экан. Олдиму Худога бениҳоя шукрлар қилдим!

Демак, ҳар бир мўъмин ҳар вақт, ҳар бир ишда Аллоҳнинг ўзидан ўзга нарсага кўнгил боғламаслиги керак, шунда Аллоҳ таоло унга дунё ва охират ишини муҳайё қилади, иншоаллоҳ таоло, Рабб–ул–оламин.

Илоҳим, пок ҳазратингдан, пок қулларингни ҳаққи ҳурматидан бу заиф шикаста бечора билан барча мўъминларнинг дунё ва охиратини камоли қудратинг билан маъмур қилиб, беҳишти анбар сириштин насиб этгайсан, ё илоҳ–ал–оламин, ё хайр–ан–носирин.

Олтинчи боб

МЕҲТАР ИСО АЛАЙҲИС САЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ БАЁНИДА

Ривоят қилишларича, Исо алайҳис саломнинг мўъжизаси шу эдики, тўрт юз йилги ўликни дуо қилиб, Худойи таолонинг фармони билан тирилтирар эди. Шундан сўнг ул банда сўрар эдики: “Эй, Исо, менга дуо қил, бу дунёда тирик юргунча ўлайин, ажал шарбатини бир марта ичибманки, унинг аччиғи, ҳануз кетгани йўқ, гўр азобига эса менда тоқат йўқ!” Исо алайҳис салом дуо қилар, тирилган ўлик яна ўлар эди. Кофирлар буни кўриб, ҳазрати Исонинг сеҳргар дер эдилар. Баъзилари эса Худонинг ўғли дер эдилар.

Бу сўзларни эшитган Исо шаҳардан чиқиб, биёбонларни ихтиёр қилар эди. Бир куни у биёбондан ўтаётганида етти кечаю кундуз ёмғир ёғди. Ҳазрати Исо алайҳис салом пана жой тополмай, бир қуён ковагига кириб ётди ва нидо қилди: “Эй Худоё, бир қуёнга паноҳ бердинг, Марям ўғлига паноҳ бермассан!”. Яна деди: “шукр ва сабр ул Худогаким, нима юз берса, унинг қудратидан юз беради. Бундай неъматни ҳеч кимга бермайди, фақат дўстларига ато қилади.” Шу онда Жаброил алайҳис салом тушди ва деди:

– Эй Исо, шундай фармон бўлдики, қиёмат куни саксон минг соҳибжамол хурни бергайман, ул ҳурлар тирноғининг равшанлиги икки дунёга етгай, улар билан айшу фароғатлар қилгайсан, у сурурлар бу дунё маишатидан юз чандон яхшироқ бўлгай ва барчалари сенинг хизматингда бўлурлар, боиси шуки, бу дунё машаққатларига тоқат қилдинг, бир неча кун кўнглингни хуш тутгил. Охират азоби абадий мавжуддир, ундан асло халос бўлмагайлар.

Шундан сўнг, Исо алайис салом бир гўристондан ўтиб кетаётган эдилар, қараса бир киши бир гўрнинг қошида йиғлаб ўтирибди. Исо алайҳис салом ундан:

– Бу кимнинг гўри, нега йиғлаб ўтирибсан? – деб сўради.

У киши:

– Эй Исо руҳуллоҳ1 (1 Аллоҳ руҳи, Исо пайғамбарнинг лақаби) бу хотинимнинг гўри, у билан аҳд қилиб, агар сен мендан аввал ўлсанг, то ўлгунимча қабринг устида ўтираман, деган эдим! – деди.

Ҳазрати Исо бу сўзни эшитиб, раҳми келди ва унга:

– Эй йигит, агар хотининг аввалгидек тирик бўлса, унга нима берар эдинг? – деди.

Йигит:

– Қолган умримнинг ярмини берар эдим! – деди.

Исо алайҳис салом дуо қилди. Гўр иккига ажралиб, ичидан хотин тирилиб чиқди. Йигитни шодлик қоплади. Исо алайҳис салом бу ердан жўнади. Эру хотин эса қолдилар. Тасодифан шу ердан подшозода ўтиб қолди ва хотини олдида ухлаб ётган бир кишини кўрди. Шунда подшозода:

– Ётган киши ким? – деб хотиндан сўради.

Хотин:

– Мени бу киши ўғирлаб келган! – деди.

Подшозода унга:

– Эй раъно, мен сенга ошиқ бўлдим, агар рози бўлсанг, сени шаҳарга олиб борай! – деди.

Хотин унга:

– Аввал буни ўлдир, сўнг мени олиб кет, бу ёмон ва айёр кишидир! – деди.

Подшозода:

– Мендан оломайди! – деб уни олиб кетаверди.

Баногоҳ ҳалиги киши уйғониб, хотинининг кетаётганини кўрди. Оҳ уриб югурди ва бир баландликка чиқиб қараса, бир неча отлиқ кетиб боряпти. Уларга яқинлашиб: “Тўхтатинглар!деди. Улар тўхтаганда ҳалиги киши: “Менинг хотинимни қаёққа олиб кетяпсизлар? Худойи таолодан қўрқмайсизларми?" деди.

Хотин:

– Мен сизларга бу айёр ва таррор1 (ўғри, юлгич) деб айтмаганмидим? Сизлар эса ишонмадингизлар, деди уларга.

Подшозода:

Отнинг қуйруғига боғлаб, шаҳарга элтинглар! – деб буюрди. Ўзи келиб, воқеани подшога тушунтирди. Подшо:

– Эр билан хотинни келтиринглар! –деди.

Дарҳол олиб келдилар, подшо эркакдан:

– Бу хотин сенга ким бўлади! – деди киши.

Хотин эса:

– Бу киши мени ўғирлаб қочган! – деди.

Подшо:

– Сен хотиним дейсан, хотин сени ўғри дейди! – деб таажжубда қолди.

Ҳалиги киши:

– Эй подшо, мени танийдиган гувоҳларим бор! – деди.

Подшо:

Гувоҳинг ким? – деб сўради.

– Ҳазрати Исо пайғамбар! –деди у.

Подшо:

– Бўлмаса уни олиб кел! – деб буюрди. Киши йўлга тушди.

Шунда хотин:

– Эй подшоҳ, бундай айёру таррор жаҳонда бўлмас, сизлар унинг сўзига ишониб, рост хаёл қилдингиз, у қайтиб келмайди, ҳийла найранглар билан ўзини озод қилди! – деди.

Подшо дарҳол бир неча кишини унинг орқасидан юборди. Бу фақир киши пора йўл юргач, кўнглига: “Исо пайғамбар кўпинча биёбонда юрар эди, уни қандай топаман?” деган хаёл келди. Бир ерда ётиб, уйқуга кетди ва туш кўрди. Тушида Исо алайҳис салом : “Эй фақир, кўп ғамгин бўлма, тонгда келаман”, деди. У ҳали уйқуда экан, подшоҳ юборган одамлар етиб келишди ва унга “ Яхшиям уйқуда экансан, Исо алайҳис салом қани? Тур ўрнингдан, олдимизга туш, подшоҳ сени чақирмоқда!” дейишди.

Бечора подшонинг олдига борди. Подшо ундан:

– Исо қани? – деб сўради.

Дарвиш:

– Мен сизнинг олдингизга кетаётиб, кўп фикр қилдим, музтар бўлиб, Исо алайҳис саломни қаердан топаман деб, ётиб ухлаб қолибман. Туш кўрдим, тушимда Исо алайҳис салом хабар бердилар: “Тур қайтиб бор, эртага у ерда ҳозир бўламан”, дедилар. Ҳали уйқудан уйғонмаган эдимки, ногоҳ булар келиб, тутиб олдилар! – деди.

Подшо вазирга боқди, вазир:

– Бир кеча сабр қилмоқ керак! – деди.

Бу фақирга бир кеча муҳлат бердилар. Агар унинг сўзи ёлғон бўлса, хоҳлаган жазоларини бермоқчи бўлдилар.

Эртасига биёбонда бир нур пайдо бўлди. Қарасалар, Исо алайҳис салом тўлин ойдек тулуъ1 (1чиқмоқ, мас: Ой ва Қуёш чиқиши) қилиб келаяптилар. Подшо тахтидан тушиб, истиқболига пешвоз чиқди ва иззату икром бажо келтирди. Подшо деди:

– Эй пайғамбари Худо, подшозода овга бориб, бир эр–хотинни ўзи билан олиб келди. Сўрасам, эр бу менинг хотиним дейди, хотин эса бу эркак мени ўғирлади, дейди. Бу киши сизни гувоҳ қилмоқчи. Бу воқеани тушунтириб берсангиз!

Меҳтар Исо алайҳис салом:

– Ҳар икковини ҳозир қилинг! – деди.

Ҳозир қилдилар. Исо алайҳис салом:

Эй хотин, воқеани баён қил! – деди ва қиблага қараб ўтиришни буюрди. Хотин қиблага қараб ўтирди. Исо алайҳис салом давом этди:

Эрингни умрини қайтариб бердингми?

Хотин:

– Бердим! – деди ва бу сўзни айтиб улгурмасдан бир тўда тупроққа айланди.

Шунда подшо:

– Эй пайғамбари Худо, бу сўзлар сизга маълум, бизга эса номаълум! – деди.

Ҳазрати Исо алайҳис салом воқеани тушунтириб бердилар.

Ривоят қилишларича, бир куни Исо алайҳис салом бир биёбондан ўтиб борар эди. Қараса, икки эру хотин ўтирибди. Исо алайҳис салом:

– Сизлар ким бўласизлар? – деб сўради.

Улар:

– Эру хотинмиз, бу ўғлимиз бўлади. Эй руҳулуллоҳ, жуда ҳам камбағалмиз, ноиложлик сабабидан бозорга бора олмаймиз. Бу учовимизнинг орамизда фақат чопон бор, навбат билан кийиб, шаҳарга борамиз. Эй руҳулуллоҳ, Худо сизни бизнинг олдимизга юборибди, бизнинг тилагимизни Худойи таолодан тилаб беринг, токи уччовимиз очлик балосидан нажот топайлик! – дейишди.

Исо алайҳис салом муножат қилиб деди:

– Эй бор Худоё, бу бандаларингни очлик балосидан қутқар!

Фармон бўлди:

– Эй Исо, азалда бу уч кишига тақдир қалами шуни ёзган.

Исо қайтиб келиб, бу хабарни уларга айтган эди, улар:

– Қалам унинг қўлидами ёки қўли қаламдами? – дейишди.

Исо алайҳис салом бу сўзни бениёз даргоҳга арз этди. Парвардигори оламдан ҳукм бўлди:

– Субҳи содиқ1 (1Ҳақиқий тонг, бу субҳи козиб, яъни ёлғон тонгнинг акси) да нима тиласалар қабул этаман!

Ҳазрати Исо алайҳс салом шод бўлдилар. Шунда хотин эрига деди:

– Биз нима тиласак, Худойи таоло берадиган бўлди, сен нима тилайсан?

Эри деди:

– Менинг тилагим сенинг висолингдир!

Эри хотинидан:

– Сен нима тилайсан? – деб сўради.

Хотин деди:

– Ёшликни тилайман. Менга шундай ҳусну жамол берсаки, бу ҳусну жамол мендан бошқа ҳеч кимда бўлмаса!

Шундай қилиб, субҳи содиқ ҳам бўлди. Аёл булоқ лабига бориб, таҳоратини янгилади, икки ракаат намоз ўқиб, бошини саждага қўйди, тилагини айтиб тугатмасдан Худойи таоло унга шундай ҳусну жамол ато қилдики, ҳақиқатан ҳам бундай ҳусну жамол ҳеч кимда йўқ эди. Шу пайтда подшо овга чиққан бўлиб, аёлнинг юзидан таралаётган нурнинг шуъласини кўрди ва ошиқи беқарор      бўлиб қолди. Унга деди:

– Эй жони жаҳон, сарви равон, сен одаммисан ёки паримисан?

Хотин:

– Одам фарзандиман! – деб жавоб берди.

Подшо деди:

– Агар мени қабул қилсанг, сени маҳрам1

ДУРР УЛ–МАЖОЛИС

Подняться наверх