Читать книгу МАНТИҚУТ-ТАЙР - - Страница 1

Оглавление

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ

АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ ТИЛ ВА АДАБИЁТ

                  ИНСТИТУТИ

ЭРОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ

ЭЛЧИХОНАСИ МАДАНИЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА

ВАКОЛАТХОНАСИ

            ШАЙХ ФАРИДУДДИН АТТОР

                        НИШОПУРИЙ

             МАНТИҚУТ-ТАЙР

                   (Қуш тили)

Форсийдан

Ўзбекистон халқ шоири

Жамол КАМОЛ

таржимаси

Тошкент

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

«Фан» нашриёти

2006


Масъул муҳаррир

Жаъфар Муҳаммад

Муҳаррир

Воҳида Ҳамидова

Сўз боши муаллифи

филология фанлари доктори

Иброҳим Ҳаққул

Сўнг сўз муаллифи

филология фанлари доктори

Аббосали Вафоий

Мусаҳҳиҳ

Дилором

Ношир

Нуриллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Ушбу таржима

«Мантиқут-тайр»нинг филология фанлари доктори, профессор Маҳмуд Жавод Машкур томонидан тайёрланиб, 1968 йилда Теҳронда нашр этилган Маждий нусхаси асосида амалга оширилди.


НАВОИЙНИ МАФТУН АЙЛАГАН КИТОБ

                              Барча сўзлар мушкилидур бу ҳадис,

Безабонларнинг тилидур бу ҳадис

Алишер Навоий

Оллоҳсиз санъат нурсиз чироққа ўхшаб ҳар турли шавқдан йироқ ва ёлқиндан маҳрум бир санъат эрур. Чунки, ҳақиқий санъат азал-азалдан имонга суянган, ҳатто имондан туғилган маърифатдир. Масалан, шеър, мусиқа ва рақсни олайлик. Яхши маълумдирки, буларнинг ҳаммаси бошланғичда диний маросимлардан пайдо бўлган. Шу учун кўнгилларни улар буюк яратувчининг ишқи, илҳоми ва ҳайратлари билан тўлдирган. Айнан қудратли иймон-эътиқод соҳиблари атрофларидаги одамларга дилларидаги туйғу ва ҳаяжонни аввало шеър, мусиқа ва рақс билан ифодалашган. Тасаввуф ва тасаввуф адабиётидан шеър, мусиқа, рақсу самонинг муҳим ўрин эгаллашининг туб сабаларидан бир ҳам ана шунда.

Инсон яратганни билишга қизиқмаса, ҳаётининг мазмун-моҳиятини ундан ажратса, илоҳий гўзалликни чуқур ҳис қилишга уринмаса, унинг бахти – бахтсизлик, саодати – тубанликдир. Оллоҳдан йироқлик – нафсга, шайтонга, жаҳолат ва ёвузликка эрк бериш демак. Оллоҳни севиш эса руҳнинг зиёси, қалбнинг буюк қувончи ва ақлнинг ҳиммати эрур. Шу боисдан қадим Шарқ шоиру алломалари ҳар нарсадан аввал Ҳаққа таяниб, Ҳақ дардида ёниб, сўзни Ҳақ мадҳидан бошлаганлар, бир лаҳза бўлсин, Оллоҳ ва инсон муносабатини эътибордан четлаштирмаганлар. Эҳтимол шу учундурки, Шарқ тасаввуф адабиётидан ўрин олган ҳар бир мавжудлик, ҳар бир тимсол – ердаги гулу булбул дейсизми, кўкдаги ой, қуёш, юлдуз дейсизми – ҳамма-ҳаммаси Оллоҳни эслатиб, гўёки ишқдан, безавол санъат ва абадиятдан хабар етказиб туради.

Аҳли ирфон шунга иқрордурларки, йўқ бўлган бор бўлмайди, бор бўлган эса «йўқ» демак билан йўқолмайди. Кўринадиган барча мосиво (Оллоҳдан ўзга нарсалар)нинг мустақил вужуди йўқдир. Илоҳий зуҳурот, ҳаққоний сифатлар ила мавжуд ва сифатлангандир. Биз мосивони жаҳлимизла бор билиб, унга хусусий сифатлар бериб аслида ва ҳақиқатда йўқ нарсани бор деб ҳисоблаймиз. Мавжудлигига жаҳолатимиз туфайли ишонганларимизни йўқотиб ўртадан чиқариш лозим. Фақат Ҳақ тажаллиларининг йўқолмаслигини билиш эса ирфондир. Ирфон соҳиблари зоҳирда кўрганини ботинда ҳам кўргани учун уларнинг сийратида зоҳир ва ботин бирлашади. Бу ваҳдат – бирлик ҳоли Саноий, Аттор, Румий сингари ўнлаб ижодкорларни ишқнинг оламшумул нуфузи ва олий мақомлари тўғрисида чуқур мушоҳада юритишга илҳомлантирган.

Мансур Халлож ёзади: «Ҳар насрадан, яратиш ва яратма илмидан ҳам аввал Оллоҳ аҳадият мартабасида, каломсиз ва ҳарфсиз бир тарзда зотини зотида мушоҳада этди. Унинг ўз-ўзига ҳайронлиги ишқдан иборатдирки, бу ишқ бутун сифатларда покиза бўлган зотида зоти учун эди. Ушбу танзиҳият мартабасида Оллоҳ ўзини севди, ўзини шарафлади ва ўзининг зотида ишқи ила таайюн этди. Бу, ишқнинг зоти илоҳиядаги илк намоён бўлиши эди. Шу зайлда исм ва сифатларида касрат майдонга келди. Анча вақт кейин, Оллоҳ, зотида, зоти учун сўзлашмоқ мақсади ила ўзининг суратини кўришни истади. Азалга боқди ва «адам»дан барча сифат ва исмлари мажуд бир сурат яратдики, бу сурат Оллоҳнинг абадийлаштиргани Одам сурати эди…»

Бу сурат қанчалик гўзал бўлса, унга уфланган руҳ янада гўзал, қиёс қилиб бўлмас даражада латиф ва нафис эди. Руҳ вужудга киргани замон ўзини қафасда сезди, ҳижрон ва айрилиқдан ўртаниб – ёнди. Мумтоз адабиётимиздаги асарларнинг аксариятида шу ҳижрон «қисса»си бир-бирига ўхшамайдиган ранг ва оҳангларда бадиий талқин қилинган. Уларнинг орасида Шайх Фаридуддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» достони алоҳида мавқе ва нуфуз қозонган, деса, асло муболаға бўлмайди. Бу китобнинг дунёга шуҳрат таратиши бежиз бўлмаганидек, тенгсиз даҳо санъаткор Алишер Навоийни болаликдаёқ ўзига мафтун айлаши ҳам тасодиф эмасди.

Профессор Хелмут Риттер «Ислом Қомуси»даги Фаридуддин Атторга бағишланган мақоласида унинг ижодий фаолиятини уч босқичга ажратади: биринчи босқичда у моҳир ҳикоянавис, иккинчи босқичда ҳис-ҳаяжони юксак бир шоир, кейин эса ҳар қандай режадан фориғ бир ҳолда асарлар яратган эркин ижодкордир. Атторга нисбат берилган «Хусравнома», «Асрорнома», «Жавҳарнома», «Мусибатнома», «Илоҳийнома», «Мухторнома», «Мантиқ ут-тайр», «Девон», «Тазкират ул-авлиё» каби ўндан ортиқ нодир асарлар ана шу уч босқичда ёзилган. Аттор бошданоқ тасаввуф, ишқ ва маърифат сирлари билан қизиққан. Сўфий, дарвеш, фақру фано аҳлининг маънавий-руҳий ҳаётига оид китобларни у алоҳида диққат билан ўқиб-ўрганган. Атторнинг ўз эътирофига кўра валий ва эранларга бағишланган мингга яқин китобни мутолаа қилиб, бир қанча жойларни кезиб сўфийлар ҳақидаги ҳикояларни тўплаган. Буларнинг маълум бир қисми халқ оғзаки ижодига мансуб эди. Умуман олганда, Атторнинг бутун ижодиёти халқ оғзаки адабиёти билан боғланган, ҳатто айтиш мумкинки, фольклор моҳиятига эгадир. Зеро, буюк шоирнинг асарларидаги кўп ҳикоятлар ҳақиқатда ҳам халқ оғзаки меросидан олинган. Тўғри, улар қайси бир зайлда ўзгарган, қайси бир тарзда қайта ишланган, аммо, маъно ва моҳият «илдизи» сақланган, халқона соддалик, ифодадаги табиийлик ўзгариб кетмаган. Атторнинг тили Унсурий, Фирдавсий, Анварий ёки Саъдий ва Жомий каби шоирлар тилидан фарқланиши илмда қайд этилган. Чунки, ҳикоятларни халқдан тўплаган ва билимини кенг оммага етказишни кўзлаб, минг-минглаб кишиларнинг кўнгил ҳолини ўзгартиришга интилган шоир ўзига хос бир тасвир йўли ва услубга соҳиб бўлиши, халққа халқ тили билан сўзлаши табиий эди.

Кўп шоирлар, хусусан, Мавлоно Жалолиддин Румий Атторнинг ана шу санъатидан илҳомланган. Фақат «Маснавий»да эмас, балки «Девони Кабир»да ҳам у Аттор тажрибаларини ривожлантирган эди. Турк олими А.Гулпинорлининг ёзишича, «Халққа илми, ишончини ҳикоялар орқали ифодалаган, халқ билан айнан халқ тилида сўзлашган Атторга Мавлоно издошлик қилган ва унга буюк бир севгисини намоён айлаган». Ҳақиқатда ҳам «Мантиқ ут-тайр», хусусан, «Илоҳийнома»даги айрим ҳикоятлардан Мавлоно «Маснавий»да жуда моҳирлик ила фойдаланган. Албатта, Атторнинг ҳикоя тарзи билан Мавлононинг ҳикоя усули орасида муҳим фарқ ҳам кўзга ташланади. Аттор яратган ҳикоялар асосан кичик ҳажмли, улар орасида икки, уч байтлиси ҳам бор. У ҳикоядан ҳикояга ўтмайди. «Маорифи илоҳийя» дейилган фиқҳ, ҳадис, калом сингари мавзулардан баҳс очмайди.

Аттор фақри фано шоири. Борлиқ, мавжудлик сир-асрорини у йўқликдан, фаноликдан ахтаради, фоний нарсаларга кўнгил қўймаслик, башарий ўзликдан кечиш ва илоҳий ирода соҳиби бўлиш завқидан гапиради. Оллоҳни ахтариш, маъшуқи азал висолига восил бўлиш ғояси Атторнинг «Мухторнома, «Илоҳийнома» каби асарларида ҳам ёритилган бўлса-да, шоир уни «Мантиқ ут-тайр» достонида энг гўзал шаклда тасвирлашга эришгандир.

Машҳур тасаввуфшунос Абу Аъло Афифийнинг ёзишича, «Мантиқ ут-тайр»даги қушлар инсон нафсларидир. Симурғ эса Ҳақ Таоло эрур. Водийлар, сўфий йўлидаги мақомлардир. Достондаги қушлар на кўз ила кўрилур, на қўл била тутилур… Уларнинг йўлчилиги маънавий водийлардаги бутунлай маънавий йўлчиликдир. Бу сайру саёҳат асносида, нафснинг ғаройибликлари, ҳоллар ва улардаги қоронғулик, нур, дунё ишларига боғланиш, «энг муқаддас илоҳий Ёр» ишқига таслим бўлиш каби ҳолатлар мушоҳада этилур».

Дарҳақиқат, Аттор достонидаги бош мақсад, энг аввало нафсни таниш, нафсга қарши курашиш ва уни поклаш йўли билан Ҳаққа етишишдир. Бир гуруҳ олимларнинг эътирофларига кўра шайтон ва малакнинг инсонга таъсири, нафс ва руҳнинг ҳаракатидан пайдо бўлади. Нафс ҳаракатга тушиши билан, унинг асл жавҳаридан бир зулмат юзага келади. Бу қоронғулик қалбда ёмонликка чорловчи бир йўл ахтаради. Ана шунда шайтон қалбга кўз тикади ва уни ишғол айлашга киришади. Ва нафс жаҳолат, ғафлат, ҳавову ҳавасга таслим бўлади. Руҳ ҳаракат бошласа-чи? Унда руҳнинг сифатига уйғун порлоқ бир нур туғилади ва инсон маънавий ҳаёт завқига етишиб, олий ва улвий мақсадлардан чекинмай яшиш машаққатларини енгиб ўта олади. Қушлар тимсолида Аттор буни ниҳоятда ёрқин ва таъсирли манзараларда тасвирлаб бергандир.

Масалан, талаб водийсини олайлик. У зуҳд, норасо ва бераҳм дунёдан йироқлашиш ва бунинг асосий шарти бўлган «нафс ила мужоҳада» водийси ҳисобланади. Бу водийга тегишли фикр-мулоҳаза ва рамзий ифодаларда гўёки покланиш «методи» талқин қилинган.

Ишқ водийси эса, маъшуқи азал нурининг шуълалари таъсир ўтказгандан сўнг нафснинг Унингла бирлашиши учун кучли иштиёқ сезиш, ўзидан воз кечиш мақомини акс эттиради. Аслида ҳақиқий ошиқ ҳаёти ҳам худди шундан бошланади ва бу кашф босқичларнинг дастлабкисидир. Зеро, Шарқ мутасаввифлари, жумладан, Атторнинг ишонч-эътиқоди бўйича, инсон руҳи Оллоҳдан таралган бир нур. Бу нур «зоҳирий оламда» рангдан рангга, шаклдан шаклга, жисмдан жисмга ўтиб «комил»ларнинг вужудида тўла мукаммаллик топгандан кейин яна Оллоҳга қайтажак. Тоқ ва Мутлақ борлиққа сингиб – бирлашиб кетиш ошиқни ҳеч тасаввур қилиб бўлмас завққа толдиради. Лекин бундай саодат камдан-кам кишиларга насиб айлайди. Чунки илоҳий йўлни ўргатиш ва кўрсатишга мактабу мадрасаларда ўқитиладиган илмларнинг кучи ҳам, имконияти ҳам етишмайди. Бунинг учун ирфон зарурдир. Ҳақиқий илм ўлароқ тан олинган ирфон туйғу, сезги ва ишқ йўли билан ўрганиладиган билимдурки, у ўз нафсида Оллоҳни мушоҳада қилиш салоҳиятидир. Шу учун ҳам Муҳаммад Фузулий:

Ишқ эмиш ҳар не вор оламда,

Илм бир қийлу қол эмиш анжоқ,

деган Шу боисдан ҳам улуғ ва оташнафас Аттор ишқ водийсининг сир-асроридан теран баҳс юритган эди.

Албатта, Оллоҳни ҳар ким ўзича мушоҳада этади. Шунинг учун Оллоҳга бориладиган йўллар нафаслар қадар кўпдир, дейилган. Оллоҳ дийдорига восил бўлишга тўсқинлик қиладиган нафсоний ва зулмоний парда, яъни ҳижоблар ҳам беҳисоб. Маърифат водийсига тегишли гаплар шу пардаларнинг барҳам топиб, ҳар нафснинг Ҳақ Таоло қаришсида қайси мартабада эканини англагани тўғрисидадир. Бунда ҳол ва ҳақиқатлар бир-биридан фарқланади. Ўзаро зид, муноазарали туйғу ва тушунчалар ўртага қалқиб чиқмоғи мумкин-ки, бундан асло ажабланмаслик керак. Бироқ, Ҳақ жамолининг тажаллий айлаши билан ҳар турли даъволар ҳам, ўткинчи ашёлар барҳам топади. Солик ўзидан, ўзлигидан кечиб, энди илоҳий севгига ғарқ бўлади. Аттор Истиғно водийсини шу ҳақиқат талқинига бағишлаган.

Тавҳид аталмиш водийга келсак, шоир бунда касрат, яъни кўпликнинг фоне бўлиб, солик қалбида ҳақиқий Бирнинг тажаллий қилиш мақомининг тасвирини яратган. Касратнинг йўқолиши билан унинг замини ўлароқ мавжуд бўлган замон, макон ва чегараланишлар ҳам йўқолади. Ана шу нуқтада Ҳақ, ҳамма нарсани қуршаган, ҳар бир мавжудликни ишғол айлаган бир гўзаллик суратида ўзини кўрсатади. Илоҳий жазба ҳам шу манзилда майдонга келади.

Ҳайрат водийсига юксалган ошиқ, худди олам-жаҳонни унутгани сингари ўзини ҳам унутади. Фано нима, бақо нима – буни билмайди. Билгани ягона бир нарса – ошиқлик. Танигани эса – маъшуқасидир.

Охирги водийда ошиқ ила маъшуқ бирлашади. Бошқача айтганда томчи денгизга айланиб кетади. Бу – парчанинг бутунга дўниши ҳамдирки, аввалда ҳеч қандай айрилиқ ва ҳижрон бўлмаганини акс эттиради.

«Биз шаҳватга қул бўлган кимса ҳис қилмаган ҳурриятни идрок этамиз. Чунки биз, борлиққа ҳоким бўлган низомга иқрормиз. Бу эса борлиқнинг моҳиятини ва ундаги ўрнимизни билишнинг бир натижаси ўлароқ бизни қаноатлантиради», дейди Спиноза. Аттор достонида ифодаланган ҳуррият тушунчаси ҳам шунга жуда яқин: унда ҳам чинакам ҳуррияти, иродаси фақат илоҳий иродага бирлашажак даражада Оллоҳни севган кишига хосдир, деган хулоса келиб чиқади.

Маълумки, инсоннинг Оллоҳга сафари бевосита Йўл тимсоли билан алоқадордир. Қадимий хитой тилидаги Дао йўл мазмунини билдирган. Ҳиндларнинг «бхакти марго»си ҳам ишқ орқали ҳурликка юксалиш йўли деб таърифланган. Ҳазрати Исо «Мен йўлман», деганда инсонларни Оллоҳга томон бошлаш вазифасини назарда тутган экан. Шарқ мистикларидан бирининг эътирофи бўйича, Комил инсон малакдан кўп юксакдир. Негаки, малак турғун тургувчи, инсон эса юргувчидирки, у қалбан ва руҳан тинимсиз илгарилайди. Юксакка кўтарилади ва дунёни янгилайдиган ҳаракатларни таъминлай олади. Ибн Арабий бир ўринда авлиёларни Ақли куллнинг туялари деб таърифлайди. Чунки улар инсонларни Ҳақ йўлига чорлаб, ўз ортларидан эргаштирадилар. Аттор ўз достонида жон қушининг, улуҳият тимсоли бўлган Симурғ томон парвоз айлашини, Йўл ва йўлчилик захматларини шунчалик ёрқин тасвирлаганки, сезгир ўқувчи маънавий-руҳий йўлчиликда доимий инкишоф, нафснинг бир нурли очилиши мавжудлигини осон англайди. Ва ўз аслига қараб яқинлашаётган қушга «Эй жон қуши, уч, учгил, тўхтама», дегиси келади.

Атторнинг бу бетимсол достони тасаввуфий адабиётнинг тамал асарларидан бўлиб, қанча мутасаввиф ва шоирлар ундан илҳом олганлар. Алишер Навоийнинг «Лисонут тайр» достони ҳам таъсир ва илҳом мевасидир. Навоийнинг ўзи буни қуйидаги тарзда таъкидлаб ўтган:

      Шайх руҳидин етиб кўп эҳтимом,

      Қилдим оз фурсатда арқомин тамом.

      Сўз дақиқ эрдию маъни онда гум,

      Гарчи қилдим ўз-ўзумға уштулум.

      Шайх руҳидин вале етти кушод,

      Ким муродин топти ушбу номурод…

Аттор достонини ўқиш «Лисонут тайр»ни яхши англашга, Навоий достонини мутолаа қилиш «Мантиқут тайр»ни пухта ўқиб-ўрганишга ёрдам беради ва имкон очади. Аммо Атторнинг китоби ҳанузгача ўзбек тилига таржима қилинмаган эди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг Мумтоз адабиёти бўлими таклифи билан бу қийин ва сермашаққат ишни Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол амалга оширди. Демак, серғайрат, заҳматкаш шоиримиз форсий адабиётнинг яна бир ўлмас асари – Навоий бобомиз қалбларини ишқлантирган китоб таржимасини ўзбек китобхонига туҳфа этди. Бунинг учун Жамол Камолга чин дилдан миннатдорлик билдирамиз. Ўйлаймизки, адабиётга, илм, ижод ва китобга қизиқиш сусайган шундай замонда ҳам мутаржим меҳнатига холис ва муносиб баҳо беришдан қувнаб, фикр, муносабатини дариғ тутмайдиганлар топилажак.

                                    Иброҳим ҲАҚҚУЛ

                               филология фанлари доктори


БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ

            Офаринлар унга, ул Яздони пок

            Берди фармон, жону иймон топди ҳок.

            Аршни сув узра бунёд айлади,

      Одамий умрин шамолга жойлади.

      Кўкни юксалтди, забардаст этди ул,

      Ерни тубан айлади, паст этди ул.

      Ул бирига жону жунбуш берди чун,

      Бул бирига берди орому сукун.

5      Осмонни бесутун чодир қилиб,

      Ерни ёйди остига, ҳозир қилиб.

      Олти кунда етти анжум ўнглади,

      Бўл, деди, тўққиз фалакни тиклади.

      Кўкда юлдузларни яшнатди кейин,

      Ҳар кеча этди фалак бирлан ўйин.

      Тан тузоғин турфа аҳвол этди ул,

      Жон қушин тупроққа дунбол этди ул.

      Амридин денгиз эриб, сув бўлди, ёш,

      Ваҳмидин тош қотди буткул тоғу тош.

10 Сувсатиб денгизни андоқ этди хушк,

Тошни ёқут айлади ул, қонни мушк.

Тоққа юксак чўққи берди ҳам камар,

Токи мағрур юксалиб турсин ўшал.

Гоҳи оташ узра гуллар терди ул,

Гоҳи денгиз узра кўприк қурди ул.

Пашшани душман бошига жойлади,

Пашша тўрт юз йил уни қон айлади1.

            Ҳикматидин анкабут тўр солди, тор,

            Садри олам топди орому қарор2.

            Қилча бел берди чумолига, камар,

            Ул Сулаймон бирла бўлди ҳамсамар.

            Берди хилъат унга, аббосий туни,

            Бебадал «Тосин»га эш этди уни3.

            Бор эди Исода нина, кўрди Ул,

            Шул сабаб тўртинчи кўкда турди ул4.

            Лолалардин тоғни алвон айлади,

            Гумбази кўкни тутундин шайлади.

            Лахта-лахта қон этиб тупроқни тиғ,

            Олди қонлардин кейин лаълу ақиқ.

      20      Йўлларида токи ул ою қуёш

            Сажда этгайлар қўйиб тупроққа бош.

            Юзларида нур – нишони саждадир,

            Сажда гар йўқ эрса, талъат қайдадир?

            Сочди кундузларга шодликдин зиё,

            Этди андуҳ бирла тунларни қаро.

            Тўтига тақди чу маржони зари,

            Этди Ҳудҳудни хабарчи раҳбари.

            Кўйида гардун қуши силкиб қанот,

            Бош урар дарбозасига бот-бот.

      25      Чархи гардун айланур андин тутош,

            Тун кетиб, кундуз етиб, келгай маош.

            Дуд била кўпикни олам айлагай,

            Бир нафасдин лойни одам айлагай.

            Гоҳи тўрга ўтказар кўппакни ул,

            Гоҳ мушук боис очар мақсадга йўл.

            Итни шерри мардга қурбат ҳам этар,

            Шерри мардни итга нисбат ҳам этар.

            Гоҳи бир девга сулаймонликни ҳам,

            Гоҳ чумолига сухандонликни ҳам.

      30      Аждаҳо айлар асони гоҳи ул,

            Гоҳи тандир остидин тўфон келур.

            Қишда оламга кумуш этгай нисор,

            Кузда япроқларни айлар зарнигор.

            Кўкни ул тойчоққа ўхшаб сакратар,

            Унга ул зарин ҳилолни наъл этар5.

            Кўкни кўк аҳлига дастурхон қилур,

            Хон уза равшан қуёшни нон қилур.

            Қоятошдин теваю нор келтирар,

            Зар ҳўкиздин нолаю зор келтирар6.

      35      Руҳни пок сувратда кўрсатмиш, ажаб,

            Барча ишга бир ҳовуч тупроқ сабаб.

            Нафси саркаш бошини индирди ул,

            Танга жон, жонга имон сингдирди ул.

            Топди залвор тоғ унинг тадбиридин,

            Баҳр сув бўлди уят, ташвиридин.

            Ер унинг кўйида чун жонсадқадир,

            Кўк унинг дорбозасида ҳалқадир.


                  Меҳридин саккиз биҳишт эрмиш нишон,

            Етти дўзах унга оний, бир замон.

40      Жумла тавҳид ичра мустағрақ анга,

Дема мустағрақки, мавҳ мутлақ анга.

Гар киши пайкон отиб, қон айлагай7,

Ғунча қонин зеби пайкон айлагай.

Ё суманга кийдирар тожи саро,

Лола бошига илар қондин кулоҳ.

Қўндирар наргисга гоҳи тожи зар,

Сўнгра ул тожига шабнамдин гуҳар.

Ақлу ҳуш ҳайратда, дил сўзон анга,

Осмон саргашту ер ҳайрон анга.

45 Баҳру дарёда балиқ, то кўкда моҳ.

Ҳар не мавжуд, бергуси андин гувоҳ.

Ер паст, осмон баланддир қанчалар,

Ҳар бириси айрича бергай хабар.

Сув ва тупроқ, ел ва оташ айлагай,

Ҳар биридин сиррини фош айлагай.

Лой      қориб, балчиқ пишитди қирқ сабоҳ,

Жонга ором берди сўнгра тан аро.

Жонки кирди, тан тирикдир, зиндадир,

Ақлу ҳуш берди, кўришлик ундадир.

50 Ақлу ҳушдин жон кўришни бошлади,

Илму фан берди, танишни бошлади.

Бас, таниб, ажзига иқрор бўлди ул,

Ғарқи ҳайрат бўлди, ишга урди қўл.

Хоҳи душман бўл, хоҳи дўсту ёр,

Барчанинг андин юки, залвори бор.

Ҳикмати юклайди залвор барчага,

Бул ажабким, ул нигаҳдор барчага.

Кимсада гар ҳеч кору бор йўқ,

Барча ишда, кимсайи бекор йўқ.

55      Жузву Кулл пок зотининг бурҳонидир,

            Аршу фарш ҳам мулкидир, айвонидир.

            Тоғни мих этди заминга бир йўла,

            Ерни ювди сўнгра дарёлар била.

            Ер ҳўкиз остида сокин, пастида

            Бир балиқ тургай, ҳаводир остида.

            Ул ҳаво не узрадир? Ҳеч узра, бас,

            Барчаси сўнг ҳеч, ҳечдир, бошқамас.

            Боқ, фикр қил санъатин, ул подшо

            Ҳечу ҳечлардин яратмиш не бино.

      60      Бас-ки ҳечлардин яралмиш ул, демак,

            Жумла борлиқ ҳеч эрур бешубҳа шак.

            Арш сув узра, сув остинда ҳаво,

            Сув, ҳавони қўй, бутун борлиқ Худо.

            Аршу олам баски тилсимдир тамом,

            Барчаси Ундан иборат жисму ном.

            Боқ бу оламга, у оламга абад,

            Ўзга йўқдир ўртада,Улдир фақат.

            Жумла зарроту шакллар муттасиф,

            Жумла бир ҳарфу нақллар мухталиф8.

      65      Эр керак, бўлсин у ҳар дам шаҳшунос,

            Шаҳни билсин, бўлса-да ҳар не либос.

            Ул ғалат этмас, билар подшони чун,

            Бас, ҳама Улдир, яна айтмоқ нечун?

            Чун ғалат этмоқ бу аҳволнинг иши,

            Чин назар – марди муатталнинг иши9.

            Эй дариғо, йўк бировда сабру тоб,

            Дийдалар кўрдир, жаҳон пурофтоб.

            Жумла оламда Уни кўрса кўзинг,

            Гум бўлур ақлинг, йўқолгайсен ўзинг.

      70      Эй ажабким, барча қўлда домани,

            Узр айтурлар ва истарлар Ани.

            Эй ҳувайдову кўринмас Ҳувву Ҳай,

            Жумла оламсенку, кимса кўрмагай.

            Жон ниҳон тан ичра, жонда сен ниҳон,

            Эй ниҳон ичра ниҳон, эй жонажон,

            Ҳаммадин аввал ва охир сен ўзинг,

            Барчада ошкору зоҳир сен ўзинг.

            Эшигинг олдида посбону асас10,

            Бир яқинлашмоққа йўл топгайми кас?

      75      Ақлу жон зотингни истар, роҳ йўқ,

            Ҳам сифотингдин бирор огоҳ йўқ.

Жон аро ганжи ниҳон ҳам сен ўзинг,

Ошкори жисму жон ҳам сен ўзинг.

Жумла жонлар жавҳарингдин бенишон,

Анбиё хоки раҳингда жонфишон.

Ақл айтар борлиғингни эрта-кеч,

Лекин асрорингга ул етгайму ҳеч?

Мулки борлиқ ичра жовидсен мудом,

Боғламишсен жумла қўлларни тамом.

80 Эй ўзинг жон ичра, жондин ташқари,

Ҳар не айтсам, улсену ундан нари.

Эй хирад саргашта даргоҳингда чун,

Ақлу ҳуш гумдир йўлингда бус-бутун.

Гарчи сен-ла кўдим оламни аён,

Кўрмагум оламда лек сендин нишон.

Ҳар киши сендин нишоне берди боз,

Лек ўзингдин йўқ нишон, эй баҳри роз.

Гарчи гардун тикди кўзни, чекди дард,

Кўрмади хоки раҳингдин зарра гард.

      85      На замон топди нишон гардингдин ул,

            Сочди тупроқ бошига дардингдин ул.

            Офтоб шавқингдин айлаб тарки ҳуш,

            Ҳар кеча қўйгай қаро тупроққа тўш.

            Ой сенинг кўйингда ҳар ой чун гадо,

            Иштиёқинг бирла бўлгайдир адо.

            Баҳр ишқинг бирла солди гулдирос,

            Қолди лек тардоману лабташна боз.

            Тоғ сенинг йўлигда кўрмиш юз довон,

            Ботмиш ул балчиққа, қолмиш нотавон.

      90      Офтоб шавқинг била оташ эрур,

            Ўртаниб оташда чун, саркаш эрур.

            Ел сенинг кўйингда сарсондир басе,

            Кафтида тупроқ, паришондир басе.

            Сув сенинг ҳажрингда ўртанган кўйи

            Беқарордир, бошдин ошмишдир суйи.

            Сен учун тупроқ басе дармондадир,

            Хокисорлик ичра ул армондадир.

            Неча сўйлай, сенга ожиздир сифат,

            Не қилай, йўқ эрса менда маърифат?

95 Эй кўнгил, гар толиб эрсанг, йўлга юр,

Олду ортингга боқиб, огоҳ бўл.

Йўлчиларга боқ, нечук огоҳ улар,

Изма-из келгай сўйи даргоҳ улар.

Зарра борким, айру бир даргоҳи бор,

Зарранинг даргоҳга айру роҳи бор.

Не билурсен, ул нечук бир роҳ эрур,

Борса ул йўлдин нечук даргоҳ эрур?

Сен аён излар эсанг, бўлгай ниҳон,

Сен ниҳон излар эсанг, бўлгай аён.

110 Сен аён изла, ниҳондир ул нафас,

Сен ниҳон изла, аёндир ул нафас.

Изласанг ҳар иккисида, ул маҳал

Икки оламдин-да айродир ўшал.

Не йўқотдинг? Ҳеч вақое, излама,

Ҳар не дерсан, Ул эмас ул, сўзлама.

Ҳар не айтарсен, биларсен, хон, ўзинг,

Ўзни билгил, ўзни юз чандон ўзинг.

Сен ани андин таниб ол, қўй хирад,

Бошланиб йўл унга элтгайдир фақат.

105 Васф этарлар васфини, лек васфи, бас,

Лойиқи ҳар марду ҳар номард эмас.

Бўйла ожизликка эшдир маърифат,

Васфига етгайму ҳеч шарҳу сифат?

Халқнинг андин билгани ҳечдир, хаёл,

Бир хабар бермоққа борму бир мажол?

Васфида ҳар турли сўздин айтдилар,

Андин эрмас, балки ўздин айтдилар.

Илмдан юксак ва хорижи аён,

Зоти поки борлиқ ичра бенишон.

      110      Кимса андин бенишонлик топди, бас,

Чора излаб, жонфишонлик топди, бас.

Ҳар кишининг ҳуду беҳудлик аро

Айтгани «Оллоҳ лаззи»дир мутлақо11.

Зарра-зарра илғабон фаҳминг сенинг,

Ҳар не дерсан, ул фақат ваҳминг сенинг.

Ул турар манзилга жон етгайму ҳеч?

Ул маконни жон макон этгайму ҳеч?

Ақл истар кунжи васлин, роҳ йўқ,

Илм излар сиррини, огоҳ йўқ.

115 Неча юз минг феъли бор, жондин азиз,

Ҳар не истарсен, дегил ондин азиз.

Ақл ҳайрондир унинг савдосидин,

Жон-да ҳайрат ичрадир кимёсидин.

Жон унинг савдосида саргаштадир,

Дил эса қонлар била оғуштадир.

Ҳой, етар, этма қиёс, эй ҳақшунос,

Беқиёс бирлан нечук бўлгай қиёс?

Шавкатидин ақлу жон ҳайрон эрур,

Не эмиш ҳайронки, саргардон эрур.

      120      Ҳам камоли ақлу жонни этди лол,

Ақлу ҳуш ҳайрону жон афтодаҳол.

Не набийлар, не расуллар ўтмади,

Баҳри Куллдин бир насибе етмади.

Барчаси тупроққа юзни сурдилар,

Етмадик зотингга, деб оҳ урдилар.

Ким бўлибмен мен чу лоф ургувчи қул?

Кимки машғулдир тамом, билгувчи ул.

Ундан ўзга йўк эса оламда кас,

Кимга айларсен бу савдою ҳавас?

125 Дуру гавҳар денгизи бор мавж-мавж,

Воқиф эрмассен нечукдир унда авж.

Кимки ул денгизда гавҳар топмади,

Бўлди ло, Иллоҳ сари раҳ топмади.

Сиғса гар тавсифга ул Раҳмонмидир?

Васфини этмоқ унинг осонмидир?

Сиғмагай рамзу ишоратларга ул,

Урма дам, сиғмас иборатларга ул.

На ишорат тўғри келгай, на баён,

Зотидин йўқ кимсада илму нишон.

130 Сен ўзингдинг кеч, камол аслида шул,

Бир йўла йўқ бўл, висол аслида шул.

Унда йўқ бўлгил, ҳулулий шул демак,

Йўқса баҳс этма, фузулий шул демак12.

Иккиликдин воз кечиб, бир тусли бўл,

Бир кўнгил, бир қиблаву бир юзли бўл.

Эй халифазодайи бемаърифат,

Бўл маърифат ичра сен отанг сифат.

Ҳақ адамдин бор этиб, не этди фош,

Барчаси эгди унинг олдида бош.

135 Амри Ҳақ бирлан яралди фитрати,

Ҳақ уни юз парда бирлан чирмади.

Деди: эй Одам, чу баҳри жуд бўл,

Сажда этгайлар сенга, масжуд бўл…13

Этди саркашлик бири, бош эгмади,

Ул сабабдин бўлди малъун, лаънати.

Юз қаро бўлди, деди: эй бениёз,

Сен мени хор этма, корим ўнгла боз.

Ҳақ таоло деди: эй малъуни роҳ,

Ҳам халифа Одам ул, ҳам подшо.

140 Сен боқиб Одамга, ўртансанг бугун,

Эртага ўт ичра ёнгайсен бутун.

Жузв Кулл бўлди кириб жисм ичра жон,

Кимса бўйла тилсим этгайму аён?

Жон баланд эрдию тан паст эрди, хок,

Бас, қовушди хоки пасту жони пок.

Паст, баланд бундоқ қовушди ёр бўлиб,

Одамий келди ажиб асрор бўлиб.

Воқиф эрмас кимса, не асрор ул,

Ҳар гадонинг кори эрмас кор ул.

145 На билолдик, на таний олдик уни,

На кўнгиллардин нари солдик уни.

Баски хомушликдин ўзга роҳ йўқ,

Бир нафас чекмоққа ҳадди оҳ йўқ.

Кўрдилар денгиз юзини, сатҳини,

Кўрмади бир кимса лекин қаърини.

Ганж денгиз қаърида тилсим ҳануз,

Кутмагил, тан отли ул тилсимни буз.

Бузсанг ул тилсимни, ганж пайдо бўлур,

Кетса тан, жон ҳам сенга пайдо эрур.

150 Сўнгра жонинг ўзга тилсим бўлгуси,

Ғайб етиб жонингга, жисминг бўлгуси.

Бўйлаким йўл юр-да, поён истама,

Бўйла бир дардингга дармон истама.

Баҳри бепоёндир улким, қанчалар

Бўлдилар ғарқ, кимсадин йўқдир хабар.

Бўйла денгиздирки, баҳри аъзам ул,

Олам унда зарра, зарра олам ул.

Олам эрса зарра, боис қудрати,

Зарра олам эрса, боис ҳикмати.

155 Оламинг мўъжаз пуфакдир баҳраро,

Заррани ҳам бир пуфак бил мутлақо.

Зарраву олам агарда маҳв ўлур,

Баҳр аро икки пуфакча кам бўлур.

Кимса билмас, шу буюк баҳри амиқ

Ичра тош пора азизми ё ақиқ?

Ақлу жону дил ва динни бойладик,

Лек камолин зарра билдик, билмадик.

Юм даҳонинг, сўрма аршу курсини,

Баски йўқ билмоққа имконинг уни.

160 Битта қил олдида ақлинг нотавон,

Жоиз эрмасму басе юмсанг даҳон.

Битта зарра олдида лолсен тамом,

Борму боз сўрмакка ҳожат, вассалом.

Не эмиш кўк, бош эгиб ул пойдор,

Беқарорликка мудом этмиш қарор.

Чарх истарки, бу сирни англасин,

Улки саргардон эса, не англасин.

Буйла ҳол бирла нечук султондир ул,

Баски бундоқ зору саргардондир ул.

165 Кўйида саргашта, билмас қайдадир,

Парда узра пардадирким, пардадир.

Бўйла саргардонлик ичра ҳар замон,

Не билур ул парда ичра не ниҳон?

Чарх уриб лек орзуйи оташдадир,

Шул эшик атрофида саргаштадир.

Пардайи роз чун очилмасдир анга,

Пардайи асрор очилгайму сенга?

Кори олам бўйлаким ғайрат эрур,

Ҳайрат узра ҳайрату ҳайрат эрур.

170 Ҳар замон йўл янги поён ичрадир,

Халқ боқиб, ҳар лаҳза ҳайрон ичрадир.

Йўлчига йўл не кўрингай, шунга боқ,

Ким йироқ кўргай уни, кетгай йироқ.

Бениҳоятдир, адоғи йўқ унингн,

Беададдирким, саноғи йўк унинг.

Оламе кўрдик, ғаройибдир иши,

Жумла кўзлардан-да ғойибдир иши.

Кимсага сирри аслга роҳ йўқ,

Заррадин бир заррайи огоҳ йўқ.

175 Бўйладирким, ул йўқотмишдир йўлин,

Юз буриб деворга, тишлайдир қўлин.

Не улуғлар ушбу йўлни билдилар,

Йўлни билдирмоққа балки келдилар.

Жонларин, бас, ғарқи ҳайрат этдилар,

Жонга ҳамроҳ ажзу ҳасрат этдилар.

Аввало боқ, келган ул Одам эди,

Бошида дарду бало, мотам эди.

Кўр яна тўфонда қолган Нуҳни ҳам,

Чекди не йиллар у кофирдин алам.

108 Боқ чу Иброҳимга, соҳиб дил эди,

Унга ишқдин ўт-олов манзил эди.

Боз Исмоилга боқ, не англади,

Жонни ёр кўйида қурбон айлади.

Боз ўшал Яъқуби саргардонга боқ,

Ўғли-чун чекди неча ранжу фироқ.

Боқ Юсуфга, токи султон бўлди ул,

Чоҳга тушди, банди зиндон бўлди ул.

Сол яна Аюби собирга назар,

Не жафолар чекди куртлардин ўшал.

185 Кўр яна Юнусни, янглиш айлабон,

Бир балиқ қорнида тутди ул макон.

Боқ Мусони, бўлди не собит анга,

Фиръавн доя, бешик тобут анга.

Зирҳгар Довудни ҳам ёд айлаким,

Тафти дил бирлан темирни этди мум.

Беназир эрди Сулаймони хидев14,

Мулки барбод бўлди, тахтин олди дев.

Боқ Закариё чу эрди қалби ўт,

Арра тушди бошига, этди сукут15.

190 Кўр жамоат олдида Яҳёни ҳам,

Боши қирқилди мисоли сўхта шам.

Сен Исони кўр, уни кутганда дор,

Йўл топиб, қочди жуҳуддин неча бор.

Боқ, набийлар сарвари ул Мустафо

Кўрди кофирдин неча жабру жафо.

Сен буларни тутма кам, осон дема,

Жон бериш бирлан баробар бул ҳама.

Неча айтдим, айтгали сўз қолмади,

Неча тердим, лола, наргис қолмади.

195 Ўлдим ҳайрат ичра чун якбора мен,

Айладим бечораликни чора мен.

Эй хирад йўлингда ожиз тифли шир16,

Ахтариб, кўйингда ҳайрон ақли пир.

Мен чу аблаҳ, сенга етгаймен нечук?

Сен муназзаҳ, сенга етгаймен нечук?17

На илм зотингга етгай, на баён,

Сенга на суду зиёндин наф, зиён.

Сен биларсен ҳар гуноҳ, узримни чун,

Мен ёнармен, сенга ёнгаймен нечун?

200 Ташвишингдин қайнади қоним маним,

Лек жавонмардликни эплай олмадим.

Юз гуноҳ қилдим, вале боқмай анга,

Раҳматингни сен раво кўрдинг менга.

Подшоҳ, мискинга сен раҳм айлагил,

Не ёмонлик айласам, афв айлагил.

Билмайин қилдим, хатойимни кечир,

Сен қабул эт илтижойимни, кечир.

Бўлмаса жоним ниҳон ишқингда зор,

Кўзларимда нур бўлурму ошкор?

205 Холиқо, гар яхши қилдим ё ёмон,

Мен ўзим қилдим, ўзимдин ул ҳамон.

Эй Худо, дунҳимматимни афв қил,

Неча айбу журматимни мавҳ қил.

Хун тўла кўнглим сарига сол назар,

Ғам ила андуҳни кўнглимдин кўтар.

Мен ўзимга мубтало, ҳайрон сенга,

Яхшидирмен ё ёмон, қурбон сенга.

Мен ярим жузвингга айла бир назар,

Куллга айлангум назар солсанг агар.

210 Ким бўлурмен гар бўлолсам кас сенга?

Йўк бўлурмен гар эсам нокас сенга.

Кош бўлолсам эрди ҳиндуйинг сенинг,

Ҳиндуйи хоки сари кўйинг сенинг.

Эйки лутфингдин кўнгил новмид эмас,

Ҳалқайи доғингману жовид, бас.

Кимни гар шод этмаса дардинг сенинг,

Бўйладирким, ул эмас мардинг сенинг.

Зарра дардинг дорую дармон менга,

Йўқ эса дардинг, не эрмиш жон менга?

215      Куфри кофирга, дини диндорга бас,

Зарра дардинг етса, ул Атторга бас.

Сенга маълум нолайи зорим ҳама,

Тунларимни менга мотам айлама.

Мотамим бўлди зиёд, сурим керак18,

Зулмат ичра талъату нурим керак.

Лаззати нури мусулмонимни Бер,

Сен адамга нафси зулмонимни Бер.

Заррадирмен, бошим узра соя йўқ

Сендин ўзга кимсада сармоя йўқ.

220 Соямен, онҳазратим чун офтоб,

Риштамен, андин етишгай менга тоб19.

Чун кўйингда заррайи саргаштамен,

Бас, қутилгаймен тутолсам риштамен.

Дарча бор, мен андин ўтмоқ истарам,

Олами равшанга етмоқ истарам.

Мотамимда ёру ҳамдам бўл менга,

Бир кишим йўқ, раҳнамо ҳам бўл менга.

Эрта мендин холи қолгай масканим,

Кимсасиз эртамда ёрим бўл маним.

225 На Мусодин сенга етгайдир самар,

На Фиръавндин сенга етгай зарар.

Эй Худойи бениҳоят, ким яна?

Сен ўзинг беҳадду ғоят, ким яна?

Сенки бундоқ бениҳоят, беадад,

Зотинга қайдин етишсин бул хирад?

Эй жаҳон халқини ҳайрон айлаган,

Ўзни парда ичра пинҳон айлаган,

Парда очгил энди, жоним ёқмагил,

Парда ичра бер омоним, ёқмагил.

230 Баҳри ҳайрат ичра қолдим ногаҳон,

Тут қўлим, саргашталикдин бер омон.

Қонли денгиз ичрадирмен, ўтдамен,

Пардадин қолдим киролмай, четдамен.

Баҳри золим ичра солдинг бандани,

Бас, ўзинг солдинг, ўзинг қутқар мени.

Нафс тутиб илкимни, дасту пой менга,

Тутмасанг илкимни, Раббим, вой менга.

Қуршамиш жонимни чун беҳудалик,

Тоқатим тоқ этди бул олудалик20.

235      Истамам олудалик, пок айлагил,

Ёки тўк қонимнию хок айлагил.


Халқ сендин, мен ўзимдин қўрқамен,

Келди сендин яхшилик, мендин ёмон.

Чун ўликмен, олмамиш жисмимни хок,

Сен тирилт жонимни, эй жонбахшу пок.

Мўмину кофирни кўргил, қон ҳама,

Ёки саргашт, ёки юзтубан ҳама.

Гар чақирсанг, юз берур саргашталик,

Ҳайдасанг, келгай яна баргашталик21.

240 Подшоҳим, қон аро оғуштамен,

Осмондек чарх уриб, саргаштамен.

Бир-бировга қўшнию ҳамсоямиз,

Сен мисоли офтоб, биз соямиз.

Сендин айру тушмагаймиз субҳу шом,

Кўнгил ичра сен тилакдирсен тамом.

Не бўлурди, эй Худойи муҳтарам,

Қўшнилик ҳаққи, менга этсанг карам.

Дилда дарду жонда оҳим бор менинг,

Сенга бундоқ иштиёқим бор менинг.

245 Сўйласам дардимни, ҳеч поёни йўқ,

Кимсага арз айламак имкони йўқ.

Раҳбарим бўл, баски гумроҳмен, ўсал,

Давлатим бер, гарчи келдим бемаҳал.

Ҳар киши кўйингда давлатёр эрур,

Сенга сингиб, жонидин безор эрур.

Бор умидим чун, етар деб бегумон,

Менга ҳам ул баҳри лутфингдин нишон.

      ҲИКОЯТ

Тутди ўғри бир мусофир кимсани,

Сўнгра судраб, уйига элтди уни.

250 Бўйнини кесмоқчи эрди, шул замон

Хотини берди ғарибга бурда нон.

Ўғри келди тиғ била, бош кесгали,

Ул ғариб қўлида нон кўрди вале.

Сўрди: ҳой, ким берди нонни, сўйлагил?

Хотининг берди бу нонни, деди ул.

Бас, эшитди кимса бу сўзни, тамом,

Деди: ўлдирмак сени бўлди ҳаром.

Ҳар кишиким еса бурда нонимиз,

Унга тиғ чекмоққа йўқ имконимиз.

255 Нон егандин жонни тутмасмиз дариғ,

Бас, нетиб қонинг тўкармен, эй рафиқ?

      х х х

Холиқо, то йўлда ҳолим шул менинг,

Кўп едим нонингни суфрангдин сенинг.

Чун киши нонини синдиргай киши,

Ҳақгузорлик унга бўлгайдир иши.

Сендадир баҳри саховат тўлқини,

Кўп едим нонинг, риоят эт уни.

Ё Илоҳи оламийн, дармондамен,

Кема ҳайдаб даштаро, армондамен.

260 Тут қўлимдин, тобакай ғам остида,

Пашша янглиғ қўлларим бош устида?

Истасанг, бас, Холиқо, етгум анга,

Айлагайсен ёру ҳамроҳлик менга…

ҲАЗРАТИ РАСУЛИ АКРАМ САЛЛАЛЛОҲУ

АЛАЙҲИ ВАССАЛАМ ВАСФИДА

Хожаи дунёву дин, ганжи вафо,

Икки олам садру бадри Мустафо (с.а.в.)

Офтоби шарръу дарёйи яқин,

Нури олам, раҳмати ал-оламийн.

Пок жонлар пок жони хокидир,

Чун азалдин хоки жони покидир.

265 Икки олам сарвари, султони ул,

Икки олам жони ул, иймони ул.

Соҳиби меърожу садри коинот,

Сояйи Ҳақ, хожаи хуршид зот.

Икки олам боғлидир фитрокига22,

Аршу курси бош эгарлар хокига.

Пешвойи бул жаҳону ул жаҳон,

Муқтадойи ошкорову ниҳон.

Меҳтарину беҳтарини анбиё,

Раҳнамойи асфиёву авлиё.

270      Маҳди ислому ҳодийи сабил23,

Муфтийи ғайбу имоми жузву кулл.

Хожаким, ҳар не десам, андин баланд,

Барчадин устун, баланддин ҳам баланд.

Ўз-ўзин ул хожайи арсот демиш,

Аннамо он раҳмати муҳлот, демиш24.

Икки олам жисмидин ном топди, бас,

Исмидин Арш тинчу ором топди, бас.

Шабнам эрди, маскани ул баҳри жуд,

Икки олам топдилар андин вужуд.

275 Нури ул мақсуди мавжудот эди,

Асл мавжудоту маъдумот эди25.

Ҳақ этиб ул нури мутлақни зуҳур,

Сўнг яратди нуридин юз баҳри нур.

Ҳақ ўзига пок жонни шайлади,

Унга деб халқи жаҳонни шайлади.

Ҳаққа ундан ўзгаси мақсуд эмас,

Ул қадар покдомани мавжуд эмас.

Улки аввал жиби ғайбдин очди юз,

Нур эди, нури Муҳаммад шубҳасиз.

280      Нури олий баски чун чекди алам26,

Келди Аршу Курсию Лавҳу қалам.

Нури покдин бир нишон олам эрур,

Бир нишон ул гавҳари одам эрур.

Бўлди чун нури муаззам ошкор,

Саждага бош эгди, Ҳаққа интизор.

Шул сужуд ичра қарнлар кечдилар,

Шул руку ичра умрлар кечдилар.

Ўтди йиллар, бўлди машғули қиём,

Иштиёқ ичра кечиб умри тамом.

285 Чун сиғинди нури, ул дарёйи роз,

Фарз бўлди жумла умматга намоз.

Нурни Ҳақ ою қуёшдек асрабон,

Кечди шундоқ неча муҳлат, не замон.

Сўнг мурувват этди нурга, очди ул

Ногаҳон баҳри ҳақиқат сори йўл.

Курди нур не эрди мавжи баҳри роз,

Тошди андоқ, этди бир дам иззу ноз.

Чарх уриб айланди андоқ етти бор,

Етти осмон бўлди унга ошкор.

290 Ҳар назарким этди Ҳақ унга тўниб,

Ёнди кўк саҳнида бир юлдуз бўлиб.

Сўнгра тинчиб қолди, ором олди нур,

Арши олий, Курси деб ном олди нур.

Аршу Курси акси зотин истади,

Сўнг малоик ул сифотин истади.

Ҳақ нафасдин бўлди анвор ошкор27,

Кўнглидин оламга асрор ошкор.

Сирри руҳ фикр оламидин келди, бас,

Пас нафухт фиҳи мин руҳи нафас28.

295 Бўлди ул анфосу ул асрор жамъ,

Бул сабабдин бўлди нур бисёр жамъ.

Нури боис жумла уммат келди бул,

Келди Ҳақдин жумла умматларга ул.

Бўлди ул рўзи ҳисоб келгунча то29

Жумла халқларга паямбар, муқтадо.

Даъват айлаб ул, басе этди талаб,

Бўлди шайтони мусулмон ул сабаб.

Ул яна жинларни даъват айлади,

Лайлатул жинга уларни чорлади30.


300 Чорлади жумла Расул, қудсийни ҳам31,

Бўлдилар барча унинг олдида жамъ.

Даъват этди неча ҳайвонларки бор,

Шоҳид унга эчкию эчкиэмор.

Айтди сўз бутларга, бутларки тутош,

Барчаси қўйди унинг олдида бош.

Зарраларни даъват этди, ундади,

Кафтида тошлар Худони алқади.

Анбиёдин бул мақомга етди ким?

Барчани иймонга даъват этди ким?

305 Нури поки асли мавжудот эди,

Бор ҳама зотларга мунис зот эди.

Вожиб этди даватин икки жаҳон,

Ҳар нечук зарротки, ошкору ниҳон.

Жузву кулл чун унга уммат бўлдилар,

Ноили эъзозу ҳиммат бўлдилар.

Рўзи маҳшар беамал шу бандани

Умматим деб, авфини сўргай Ани.

Жони шул шамъи ҳидоят деб атай

Ҳақ унинг умматларини сийлагай.

310      Ҳар бир ишда комил устоз эрди ул,

Барча ҳожатмандга ҳамроз эрди ул.

Боқмамишди нарсаларга мутлақо,

Йиғласа ҳар нарсасига лек раво.

Ҳар не мавжуддир, паноҳи бирладир,

Ҳар не мақсуддир, ризоси бирладир.

Сирли олам эрди олам ичра, бас,

Хаста кўнгиларга малҳам ҳар нафас.

Не кўринмиш хислати кўзгусида,

Кўрмамишди ўзгалар уйқусида.

315      Ўзни кулл деб, куллни ўз деб билди ул,

Олдини кўргандек ортин кўрди ул.

Унга хатм этди нубувватни Худо,

Мўъжиза, хулқу футувватни Худо.


Даъватига ҳозир айлаб хосу ом,

Неъматин ҳам унга бахш этди тамом.

Берди кофирларга муҳлат, интихоб,

Бермади беҳуда озору азоб.

Дину дунёга паноҳдир ҳиммати,

Ул сабабдин файзёбдир уммати.

320      Ҳақ уни меърожга йўллаб, ул нафас,

Сирри кулл ёлғиз арода қолди, бас.

Икки қибла сори бош индирди ул,

Ғарбу шарқни шуълага тўлдирди ул.

Ҳақдин олди мўъжиза, уммул китоб,

Куллдин олди ул азиз, куллий ҳисоб.

Жумла мўмин она дер азвожини32,

Ҳурмат айлар мурсалин меърожини.

Бор набийлар эргашиб, ул пешво,

Уммати олимлари чун анбиё.

325      Ҳақ зиёда айлаб унга эҳтиром,

Ёзмиш андин Инжилу Тавротда ном.

Тош андин қадру қиймат топди, бас,

Қудрати Ҳақ бирла топди, бас.

Қибла бўлди хоки поки турбати,

Чун залолатдин қутулди уммати.

Ул сабаб бутлар йиқилди сарбасар,

Уммати умматлар ичра мўътабар.

Оғзи суйи қатрасидин етди юқ,

Сувга тўлди қақраган, сувсиз қудуқ.

330 Ой ёрилди, бермади амрига дош,

Амридин қалқди яна ботган қуёш.

Икки елка ўртасида шуълавор

Эрди ул муҳри нубувват ошкор.

Бўлди ул хайрул билодга раҳнамун,

Ва ҳува хайрул халқ фи хайрил қурун33.

Каъба андин бўлди байтуллоҳу нур,

Ким анга етди, омонлик топди ул.

Жабраил ҳам бўлди андин ҳирқадор,

Сўнг кўринди ул либосда ошкор.

335 Асрида тупроқда ортди вазну шан,

Бўлди масжид, баски поку тоза ҳам.

Зарралар асрори бўлди чун аён,

Ҳақ, ўқи, деди анга амр айлабон.

Ҳақ тили Аҳмад забони эрди, бас,

Ҳур замон Аҳмад замони эрди, бас.

Рўзи маҳшар барча тиллар ўлгуси,

Тил бўлиб Аҳмад забони қолгуси.

Токи сўнгги дамгача дарё мисол

Кўнглида Ҳақ иззатидин шавқу ҳол.

340 Ғарқ этаркан кўнглини ул баҳри роз

Жўш уриб, шу лаҳза айларди намоз.

Чунки кўнгли бир буюк дарё эди,

Мавж уриб, мавжи ажаб, зебо эди.

Гар сиқилса, дер: араҳни, ё Билол34,

Токи тарк этсин кўнгилни бу хаёл.

Гар жўшиб, жўшқинлик ичра эрди ул,

Каллимни, ё Ҳумайро, дерди ул35.

Бўйла ҳол сиррни билгайму хирад,

Бормикин юздан бирин билмоққа ҳад?

345 Хилвати сори ақлга роҳ эмас,

Илму фан давронидин огоҳ эмас.

Дўст ила хилвватда мажлис қурса гар,

Жабраил кирмас, қаноти кул бўлар.

Этса гар Симурғ жонин ошкор,

Ваҳм аро Мусо бўлур мусичавор.

Ул эшикка борди Мусо ҳам, шу тоб

Халъ наълаин, дебон етди хитоб36.

Ул сабаб андин йироққа кетди ул,

Водийи иймонда бўлди ғарқи нур.

350 Эрди чун меърожда шамъи Зулжалол,

Ул эшитди, етди овози Билол.

Гар Мусо Имроний эрди, подшо,

Топмади наълин бўлиб даргоҳга роҳ37.

Боқки, Ҳақ Аҳмадга не лутф айлади,

Ул туфайли чокарин ҳам сийлади38.

Гарчи наълин бўлса ҳамки, сўйига

Қўйди, марду маҳрам этди кўйига.

Кўрди Мусо бўйлаким иззат эрур,

Чокари Аҳмадга не қурбат эрур39.

355 Деди: ё Раб, унга уммат айлагил,

Қул бўлай Аҳмадга, ҳиммат айлагил.

Гар Мусода эрди бул ҳожат мудом,

Лек Исога етди ул олий мақом.

Қолмагай бас, тарки ул хилват этар,

Халқни Аҳмад динига даъват этар.

Чун тушиб тўртинчи кўкдин ерга ул,

Жонини шу кўйда қурбон айлаюр.

Унга қул бўлгач Масиҳи номдор,

Исмини қўйди Мубашшир Биру Бор40.

360 Гар биров деса, қани бир чорасоз

Кетса дунёдин ва изга қайтса боз.

Барча мушкулларни осон айласа,

Шубҳаю шакларни дилдан ҳайдаса.

Бил, раво айлаб у дунёдин дарак,

Қайтгучи бўлмас Муҳаммаддин бўлак.

Улки кўрди унда пешволик била,

Кимса ҳеч кўргайму донолик била?

Улки султон, қул ва маҳрамдир ҳама,

Улки шоҳ, тобе, мусалламдир ҳама.

365 Чун азиз бошиға тож қўндирди Ҳақ,

Эшиги олдида тупроқ бўлди халқ.

Мўйидин тушди жаҳонга атру мушк,

Соғиниб денгиз уни лабташна, хушк41.

Бўлмамиш ким ташнайи дийдор анга,

Тош, оғочлар ҳам севиб, хуштор анга.

Ҳар сафар минбар сари қўйса қадам,

Юксаларди нолайи Ҳаннона ҳам.

Осмони бесутунда нур эди,

Айрилиқдин ул сутун ранжур эди.

370 Васфига сўз йўқса, қандоқ айтамен?

Тергамас, ботдим уятдин қонга мен.

Ул фасиҳи оламу мен лол анга,

Мен нечук бергум чу шарҳи ҳол анга?

Васфига лойиқму мендек телба кас,

Васфини Халлоқи олам айтди, бас.

Бул жаҳон бору бисот-ла хокидир,

Юз жаҳон жон хоки жони покидир.

Анбиё ҳам васфида ҳайрон ҳама,

Сиршунослар борки, саргардон ҳама.

375 Эйки кулсанг, кўкда кулгай афтоб,

Йиғласанг, йиғлар булутлар ҳам шу тоб.

Икки олам хоки пойинг гардидир,

Бир гилам остида ётмоғинг надир?

Бир нафас бошинг чиқар, эй безавол,

Ул гиламни сен оёқ остига ол.

Жумла шаръ шаръинг ила маҳв бўлдилар,

Бор асл фаръингга мағлуб бўлдилар42.

То абад шаръинг ва аҳкоминг сенинг,

Ёдланур Ҳақдин кейин номинг сенинг.

380 Барча ўтган анбиё борким, Расул,

Барчаси динингни этгайлар қабул.

Келмади дунёга сендек кимса, ҳай,

Бўйлаким сендин кейин ҳам келмагай.

Олам ичра афзали олам ўзинг,

Аввал эрдинг бунда, охир ҳам ўзинг.

Борми бир гардингга етган, етди ким?

Ўзни ул юксакка ноил этди ким?


ҲАЗРАТИ РАСУЛИ АКРАМ САЛЛАЛЛОҲУ

АЛАЙҲИ ВАССАЛАМГА ИЛТИЖО

Аҳмади мурсални билким то абад

Икки олам сарвари этди Аҳад.

385 Ё Расулиллоҳ, машаққат тортибон,

Қўлда ел, бошимда тупроқмен ҳамон.

Жумла бекасларга ёрсен ҳар нафас,

Сендин ўзга йўк менга оламда кас.

Бир назар ҳолимга сол, оворамен,

Чора қил дардимга, чун бечорамен.

Мен умрни елга бердим бир йўла,

Ё Расул, Ҳақдин гуноҳимни тила.

«Ла таъман»дин келди қўрқув бас менга,

«Ла тайъасу»дин дарс менга43.

390 Кеча-кундуз бошим узра мотаме,

Айлагайсенму шафоат бир даме?

Эшигингдин бир шафоат етса ул,

Не гуноҳ этдим, савобга айланур.

Эйки сен ерсан ғарибларнинг ғамин,

Ёқ ўшал меҳру шафоатнинг шамин.

Токи бир парвона янглиғ талпиниб,

Мен борай шамъинг ўтиға пар уриб.

Ким кўрар шамъи жамолинг ошкор,

Жон фило айлар анга парвонавор.

395 Дийдайи жонга лиқойинг етса, бас,

Икки оламда ризойинг етса, бас.

Доруйи дарди дилим меҳринг сенинг,

Нури жоним хуршиди чеҳринг сенинг.

Жоним остонангдадир бойлаб камар,

Гавҳари тиғи забоним бор магар.

Ҳар гуҳар сочдим забонимдин уни

Йўлларингда, қаъри жонимдин уни.

Баҳри жоним бўлди чун гавҳарфишон,

Токи топгаймен дебон сендин нишон.

400 Гар нишонингдин нишон келгай менга,

Бенишонлик бир нишон бўлгай менга.

Ҳожатим улдирки, эй олий гуҳар,

Лутф этиб, ҳолимга солгайсен назар.

Ул назардин бенишонлик келгуси,

Бенишонлик, жовидонлик келгуси.

Ҳар нечук ширку гумонда йўк нажот,

Боридин пок эт мени, эй пок зот.

Юз қаро қилма гуноҳдин, этма хор,

Мен адашмен сенга, этгил эътибор.

405 Бир гўдакдирмен йўлингда, сувга ғарқ,

Шул қаро гирдоб аро андуҳга ғарқ.

Кўзларим тортмиш қаро сувдин қаро,

Тут қўлимдин, йўлга сол, эй муқтадо.

      ҲИКОЯТ

Сувга тушди бир анонинг боласи,

Кўкка учди ул сабабдин ноласи.

Сув оқарди, тўлқин ичра жонсарак,

Гоҳ чўкиб, қалқиб борар эрди гўдак.

Қўл-оёқ силкирди, боқмай зорига,

Элтар эрди сув тегирмон сорига.

410 Новга етганда ано кўрди уни,

Сувга отди ўзни, қутқарди уни.

Бағрига босди, ҳарорат этди бахш,

Сув бериб, жонига роҳат этди бахш.

Эйки меҳринг юз анодин ҳам зиёд,

Бизга бул ғарқи балодин бер нажот.

Ғарқ бўлиб гирдоби ҳайрат ичра биз,

Чун оқармиз оби ҳасрат ичра биз.

Ул гўдак янглиғ чўкиб, қалқиб шу тоб,

Талпинармиз, дилда дарду изтироб.

415 Сувга ғарқ бўлган гўдаклармиз магар,

Бир нафас аҳволимизга сол назар.

Раҳмат айлаб, эт фалокатдин халос,

Чорасизларни ҳалокатдин халос.

Бизга сут бер, тут мурувват сийнасин,

Тутма кам лутфу карамлар суфрасин.

Сен ҳама васфу сифатлардин баланд,

Ақли ҳуш қаршингда лолдир, мустаманд.

Кимса фатрокингни истаб чўзди қўл,

Етмади, кўйингда тупроқ бўлди ул.

420 Хокинг ул асҳоби покингдир сенинг,

Аҳли олам хоки хокингдир сенинг.

Кимки асҳобингга хок эрмас, ўшал,

Дўстларинг наздида душмандир тугал.

Аввали Бубакру охир Муртазо,

Чор рукни каъбайи сидқу сафо.

Ул бири сидқ ичра ҳамрозу вазир,

Бул бири адл ичра офтоби мунир44.

Ул бири баҳри камол, ҳилму ҳаё,

Бул бири илм аҳли ичра подшо.

ХАЛИФАЙИ АВВАЛИН, АМИРАЛ-МўМИНИН АБУБАКР-АС-

СИДДИҚ РОЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ВАСФИДА

425 Хўжайи аввалки аввал ёр эди

Ул Расулиллоҳга, маскан ғор эди.

Садри дин, сиддиқи Акбар, қутби Ҳақ,

Ҳаммадин ҳар нарсада олмиш сабақ.

Ҳар неким берди, насиб этди Худо,

Ҳар неким олди Муҳаммад Мустафо,

Тўкди Сиддиқ сийнасига борини,

Топди Сиддиқ ул буюк асрорини.

Бир нафасда икки олам чекди ул,

Оғзига тош солди, хуш дам чекди ул.

430 Ҳар кеча Сиддиққа одат бўлди шу,

Бош эгиб, то тонггача ҳув дерди, ҳув.

Ҳув етиб Чинга этарди бор-бор,

Оҳуйи тотор хунини мушкбор.

Шул сабабдин офтоби шаръу дин

Деди: илм излаб боринг то мулки Чин.

Ҳар нафас то Ҳувда бўлгай диққати,

Шул эди Сиддиқдаги тош ҳикмати.

Тангри номидин бўлак бир сўзни ул

Сўйламасликдин аломат эрди бул.

435 Тоши бўлса, кимса топгайдир виқор,

Тоши гар йўқ эрса, қайда эътибор?

Қадри олдида Умар ҳам эгди бош,

Деди: қил бўлсам унинг кўксида кош45.

Чун этарсен ҳадди иззатни қабул,

Бас, Расулдин сўнгра Сиддиқ эрди ул.

      ХАЛИФАЙИ СОНИЙ, АМИРАЛ-МўМИНИН УМАР

РОЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ВАСФИДА

            Хожайи шаръ, офтоби жамъи дин,

Зилли Ҳақ, форуқи аъзам, шамъи дин.

Адлу инсофни анга бермишди Ҳақ,

Боз фаросатдин яна этмиш сабақ.

440 Тоҳадин дарс етди унга илк бор46,

Йўлга тушди, бўлди поку беғубор.

Тоҳанинг ҳойи ҳаяжон этди бахш47,

Кимки етди, унга ул жон этди бахш.

Ким ўтар аввал Сиротдин бехатар?

Деди Пайғамбар: ул ўтгувчи – Умар.

Жаннатул маъвога илк боргувчи ул,

Ҳай, очинг, деб эшигин ургувчи ул.

Бошдаёқ Ҳақ тутди баским қўлидин,

Боргай ул то сўнгги дам Ҳақ йўлидин.

445 Дин безанди адлу инсофи била,

Тошди Нил, тинди, босилди зилзила.

Шамъи жаннат эрди ул эл ичраким,

Эл аро шамъ соясини кўрди ким?

Сояси йўқ эрса шамнинг, бас, нечун

Соясидин қочди ул шайтони дун?

Сўзга лаб очса, ҳақиқат ул замон

Тилга келгай, сўзда бўлгайди аён.

Дарди ишқдин гоҳи жони ўртанур,

Нутқи Ҳақдин гоҳ забони ўртанур.

450 Чун Набий кўрди, Умар ёнгайди зор,

Шамъи жаннатдир, деди, бул номдор.

УЧИНЧИ ХАЛИФА, АМИРАЛ-МЎМИНИН УСМОН

РОЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУ ВАСФИДА

Хожайи суннат, нури мутлақ эрур,

Икки нурга соҳиби барҳақ эрур48.

Улки ғарқи баҳри ирфон эрди, бас,

Садри дин, Усмони Аффон эрди, бас.

Дину иймон юксалиб, ўсди ажаб

Ул амирал мўминин Усмон сабаб.

Ҳам бу дунё, ҳамда ул дунёда ҳам

Икки нурдин бўлди равшан, муҳташам.

455 Юсуфи соний, бақавли Мустафо,

Баҳри тақвову ҳаё, кони вафо.

Бошини кесганда ўлтирмиш эди,

Қайғу, ҳасратлар била тўлмиш эди.

Адли бирлан бўлди иймон мунташир,

Ҳукми бирлан бўлди Қуръон мунташир49.

Бу жаҳонда ҳам ҳидоят, ҳам ҳунар

Топдилар равнақ у давронда, самар.

Ақрабосига этиб жонин фидо,

Ҳар не мушкул эрса, айларди адо.

460 Саййид-ус-содат демишди, борми шак,

Шарм айлар кўкда Усмондин малак.

Боз Расулиллоҳ демиш, очмиш ҳижоб:

Ҳақ таоло сўрмас Усмондин ҳисоб.

Ҳозир эрмас эрди байъат чоғи ул,

Ўрнига қўл узра қўл қўйди Расул50.

Бир киши дедики, кошки бўлмасам

Бунда мен ҳам, етса бундоқ бир карам.

Сарвари олам деди: айтай сенга,

Ҳар не этсин, энди қўрқув йўк анга.

ТЎРТИНЧИ ХАЛИФА, АМИРАЛ-МЎМИНИН АЛИ ИБНИ АБУ ТОЛИБ КАРРАМАЛЛОҲУ ВАЖҲАҲУ ВАСФИДА

465 Хожайи ҳақ, пешвойи ростин51,

Кони илму баҳри ҳилму қутби дин.

Соқийи кавсар, имоми раҳнамо,

Ибни амми Мустафо, шерри Худо.

Муртазойи мужтабо, жуфти Батул52,

Хожайи маъсуму домоди Расул.

Сўзи бирлан раҳнамун эрди мудом,

Соҳиби сирри салун эрди мудом53.

Муқтадойи дин эди, дарё кўнгил,

Муфтийи мутлақ, Алийи олим ул.

470 Тоқ эди Ҳақ оламида ончунон,

Ким унинг илмига этгайдир гумон?

Тўғри ҳукм этгувчи доим ул эди54,

Зоти Ҳақ бирлан мудом машғул эди.

Гар ўлик танни тирилтирди Исо,

Чун кесик қўлни тузатди Муртазо55.


Елкасин тутди Расул, чиқди Али,

Каъбада бутларни абгор этгали56.

Макнуноти ғайб эди кўнглида жам,

Етти офтобни чиқарди қўйнидан.

475 Етти офтоб этмасайди ошкор,

Илкига тушгайму эрди зулфиқор?57

Гоҳ жўшар эрди кўриб ўз корини,

Чоҳга айтарди гаҳи асрорини.

Термулиб оламга, ҳамдам топмади,

Кўнглига жо бўлди, маҳрам топмади.

ТААССУБ БАҲСИ

Эйки сен ҳар дам таассуб айлаган,

Дўсту душманликка ўзни бойлаган.

Айтганинг ул ақлу ҳушдин бўлса чун,

Дам урарсен, айт, таассубдин нечун?

480 Йўқ халофат ичра майл, эй бехабар,

Майл этгайму Абубакру Умар?

Майл агар бўлсайди, икки муқтадо

Ўғлини этмасму эрди пешво?

Гар улар урсайди ҳақсизликка қўл,

Бошқалар бермасди асло бунга йўл.

Манъ этишлар бўлмади, ёхуд улар

Тарки вожибни равоми кўрдилар?

Чун уларнинг манъ этилмабти иши,

Жумла каззоб, деб нечук айтар киши?

485 Баски каззоб эрса асҳоби Расул,

Сенга Пайғамбар сўзи эрмас қабул.

Деди: ҳар асҳоб-дурахшоним менинг,

Энг гўзал даврон – шу давроним менинг.

Энг асл халқ – дўсту ёримдир яна,

Ақрабойим, меҳри боримдир яна.

Яхшилар сенга ёмон эрса магар,

Ким сени оқил дегай, соҳибназар?

Чун раво кўргайсен, асҳоби Расул,

Бўйла бир ноҳақни этгайлар қабул?

490 Мустафо ўрнига қўйгайлар уни?

Йўқ, сира асҳоб раво кўрмас буни.

Гар уларга ихтиёр эрмас раво,

Ихтиёри жамъи Қуръон ҳам хато58.

Ҳар неким асҳоби Пайғамбар этар,

Тўғридир ул, лойиқу афзал этар.

Гар уларнинг биттасин хор айладинг,

Ўттиз уч мингини инкор айладинг.

Улки Ҳақдин айру бир дам тутмамиш,

Тева тизбоғи-да андин йитмамиш.

495 Ўзгалар ҳақига қўл чўзгай, дема,

Қўй бу гапни, бир гумоне айлама.

Майли ботил бўлса Сиддиқда агар,

Бул мақомга ул нечук лойиқ бўлар?

Гар Умарда майл бўлса, ҳар тугул,

Дарра бирлан ўғлин ўлдирмасди ул.

Сиддиқ эрса йўлчи эрди, раҳнамо,

Фикрида ҳар лаҳза даргоҳи Илоҳ.

Молу қиз ҳам жонни тикди ҳар маҳал,

Бўйла инсон зулм этарму? Ҳай, уял!

500 Йўқ эди қашри ривоят ичра ул59,

Ҳар нафас эрди ҳидоят ичра ул.

Минбар узра лофу қоф урмас эди,

Хўжаси ўрнига ўлтирмас эди.

Барча ёқдин барча кўргайди буни,

Бас, нечук ҳақсиз деб айтарсен уни?

Мисли форуқ ул адолат айлабон60,

Ғишт қуяр, янтоқ чопарди ҳар замон.

Сўнг ўтинни боғлар эрди дасталаб,

Сўнг шаҳарга элтар эрди орқалаб.

505 Ҳар куни бу нафс зиндонида хос

Етти луқма нон егай эрди, холос.

Суфрасида туз ва сирка, бас, эди,

Нонни байтул-молдин ул олмас эди.

Қум тўшакда ухлар эрди доимо,

Болиши тупроқ эди шому сабоҳ.

Елкада машкоб, борар сув бўйига,

Сув таширди кекса кампир уйига.

Тунлари элга нигаҳбон эрди ул,

Ухламай, лашкарга посбон эрди ул.

510 Сўрди: Ҳузайфа, Умарда сен магар

Кўрганинг борму нифоқдин бир асар?

Айбини айтдим юзига, ул ҳамон

Ранжимай, менга юборди армуғон…

Бўлса эрди бир хатоси, ҳийласи,

Эгнида бўлмасди эски ҳирқаси.

На гилам бор эрди унда, на равоқ,

Кийгани эрди ҳамиша юз ямоқ.

Баски подшоликда чун сабр айлагай,

Ўзгаларга ул нечук жабр айлагай?

515 Улки гоҳи ғишт кўтаргай, гоҳи лой,

Бул дағи изҳори ботилликми, ҳой?

Гар ҳукмронликни қилсайди ҳавас,

Шоҳ деб эълон этарди ўзни, бас.

Не шаҳарларким эди аҳкомида,

Топди иймонин унинг айёмида.

Гар таассуб айлагайсен бул сабаб,

Сенда инсоф йўқ, ёрил, эй беадаб.

Ўлмади ул сен кабилар қаҳридин,

Не ўларсен, тотмадинг-ку заҳридин?

520 Айлама, эй жоҳилу ҳақношунос,

Ул буюкларни ўзинг бирлан қиёс.

Ул буюклик сенга келсайди агар,

Ўт олиб, бағрингда куйгайди жигар.

Кимки олгайди халофат бўйнига61,

Олгай эрди бори офат бўйнига.

Йўқ, осон эрмасди, токи танда жон,

Халқ юки бўйнингда турса ҳар замон.

      ҲИКОЯТ

ҲАЗРАТИ УМАРНИНГ ХАЛИФАЛИКДАН ВОЗ

КЕЧГАНИ

Бир куни Вайс олдига келди Умар,

Дедиким, бездим халофатдин, етар.

Гар харидори топилса, бегумон,

Бир динор олтинга сотгаймен ҳамон.

Чун Увайс тинглаб бу сўзни, деди: бас,

Сен уни ташла, халос бўл шу нафас.

Йўлга от, бир кимса олгайдир уни,

Истаса, қўйнига солгайдир уни…

Тарқади, етди қулоқларга хабар,

Дўсту ёрон доду фарёд солдилар.

Дедилар: этма бу ишни, пешво,

Халқни сарсон айлама, баҳри Худо.

530 Салтанатни сенга Сиддиқ юклади,

Ҳар жиҳатни этди таҳқиқ, юклади.

Юз буриб, гар этмасанг фармонини,

Инжитарсен, ранжитарсен жонини…

Бу далил эгди Умарни мисли тош,

Бўйнига олди юмушни, эгди бош.

ҲИКОЯТ

ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ ЎЗ ҚОТИЛИГА ШАРБАТ

СУНГАНИ

Ногаҳон бир кимса, бадбахти қазо

Урди тиғ, қонга беланди Муртазо.

Тутдилар шарбат, вале сўрди карим:

Қайда ул қонимни тўккан душманим?

535 Мен ичармен сўнгра, аввал ичсин ул,

Шарбатим ичса, менга ҳамроҳ бўлур.

Шул замон хоинга шарбат тутдилар,

Деди: Ҳайдар менга бермоқчи заҳар…

Муртазо дедики, ичсайди уни,

Мен Худо ҳаққи, аниқ айтгум буни.

Етмагунча жаннатул маъво анга,

Бўлмас эрди жаннатул маъво менга…

Душмани истарки, ўлсин Муртазо,

Муртазо унга биҳишт кўргай раво.

540 Душманига меҳру шафқат этди чун,

Бубакрга қаҳру кин этгай нечун?

Душмани деб шунчалар ғам чекди ул,

Бас, нетиб Аътийққа душманлик қилур?

То жаҳон тургай, топилмас ҳеч қачон

Муртазодек унга дўсту меҳрибон.

Неча дерсанки, Али мазлум эди,

Чун халофат ҳаққидин маҳрум эди.

Шери Ҳақ эрди Али, бош узра тож,

Шерга ким айлар зулм, эй кўзни оч.

      ҲАЗРАТИ АЛИ ҲАҚИДА ЯНА БИР ҲИКОЯТ

545 Йўлда бир манзилга қўнмишди Расул,

Сув беринг лашкарга, деб амр этди ул.

Бир киши борди қудуққа, қайтди боз,

Деди: сув эрмас қудуқда, қон, холос.

Сўрдиким, билгаймисиз не борини?

Муртазо айтмиш анга асрорини…

Тинглабон чун ўртаниб, бўлмиш қуруқ,

Ложарам сўнг қонга тўлмишдир қудуқ…

Кимсаким, жонида бундоқ зори бор,

Бир чумолига нечук озори бор?

550 Ўртанур жонинг таассубдин ҳама,

Муртазода бўйла жон йўқ, сўйлама.

Муртазони этма аслингга қиёс,

Ҳаққа ғарқ эрди тамом ул ҳақшунос.

Бўйлаким мустағриқи кор эрди ул,

Қўй хаёлотингни, безор эрди ул.

Сен каби пуркийна эрса Муртазо,

Мустафо хайлига айларди низо.

Ул эди сендин кўра мардонароқ,

Этмамишди кимсага кийну нифоқ.

555 Бўйла ноҳақ эрса гар Сиддиқ, ажаб,

Улки барҳақ ҳақни айларди талаб.

Турдилар ул хайли Уммул-мўминин,

Динни четлаб, этдилар Ҳайдарга кийн.

Солдилар гар неча ғавғо, ғулғула,

Этди дафъ бу ишни Ҳайдар зўр ила.

Чун қизи-ла жанг қилолган бешу кам

Жанг қилар эрди атоси бирла ҳам.

Сен Алидин бехабарсен, эй ўғил,

Билганинг ул айну лому ё нуқул62.

560 Сенку жонинг ишқи бирлан беқарор,

Ул этарди юзта жонин ҳам нисор.


ҲАЗРАТИ АЛИ РОЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИНГ БУЮКЛИГИ, ОЛИЙЖАНОБЛИГИ ВАСФИДА

Аҳли асҳобдин ҳалок бўлса касе,

Ҳайдари Каррор чекарди ғам басе.

Мен нечун, дерди, тирикдирмен ҳануз,

Бўлди чун наздимда хор жони азиз?

Дерди Пайғамбар: сабр эт, ё Али,

Сенга ҳам келгай ҳалокатнинг Гали…

      ҲИКОЯТ

БИЛОЛНИНГ ДИНДАГИ САБОТИ

565 Бир куни шўрлик Билолнинг қалтироқ,

Нотавон жисмига тушди юз таёқ.

Бошига калтак ёғаркан беадад,

Йиғламасди ул, Аҳад, дерди, Аҳад…

Гар оёғингга тикан кирса, ҳамон

Бўлмагай сенда бировга майли жон.

Бир тикан заҳмига бош эгкан киши

Бўйла қавм бирлан нечук бўлгай иши?

Бас, улар ундоғу сен бундоқ, қараб,

Табакай бу ишга ҳайронсен, ажаб?

Гар тилингдин бутпараст орастадир,

Ул забонингдин саҳоба хастадир.

570 Дафтаринг этма қаро беҳуда, ҳай,

Тилни тийганда ютардинг ҳар қалай.

      ҲИКОЯТ

ҲАЗРАТИ АБУБАКР ВА ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ

ПАЙҒАМБАРГА САДОҚАТИ

Гар Али эрди, агар Сиддиқ эди,

Жонлари чун ғарқайи таҳқиқ эди63.

Ғор томон юрганда бир кун Мустафо,

Ўрнига бош қўйди, ётди Муртазо.

Жонни Ҳайдар айламишди чун нисор,

То омон қолгай деб ул садри кибор.

Ёри ғор олдида Сиддиқи жаҳон

Ҳозир эрди ҳар нафас, тикмишди жон.

575 Иккиси ҳам жонфидо эрди анга,

Жону дил бирлан адо эрди анга.

Сен таассуб қил, улар мардонавор

Айламишди жонни жононга нисор.

Гар унинг сен марди эрсанг ё бунинг,

Борму андоқ дардидек дардинг сенинг?

Ё улардек жонфидолик пеша қил,

Ёки жим бўл, тарки бул андиша қил.

Сен биларсен ким Бубакру ким Али,

Бехабардирсен Худойингдин вале.

580 Ковлама, не кечди, бўлди воқеа,

Марди Ҳақ бўл сен мисоли Робиа.

Ул аёл эрмасди, юз бир мард эди,

Бор вужуди бирла айни дард эди.

Ғарқи нури Ҳақ эди ул доимо,

Поку мустағрақ эди ул доимо.

Биттаси сўрдики, эй соҳиб қабул,

Сўйла не эрди ул асҳоби Расул?

Дедиким, Ҳақ бирладирмен ҳар маҳал,

Менда асҳобу ёрондин не хабар?

585 Бўлмасайдим Ҳаққа бундоқ ҳамдаме,

Ҳаққа парво айлар эрдим бир даме.

Мен эдим чун Ҳаққа сажда айлаган,

Кўзларимга ботди, санчилди тикан.

Кўзларимдин қонларим оқмиш равон,

Мен улардин бехабар эрдим тамом…

Улки кўнглида бу янглиғ дард эди,

Йўқ, сира хотин эмасди, мард эди64.

Боз дедиким, мен чу бўлдим ҳақшунос,

Ўзгаларни кимга айлармен қиёс?

590 Сен бу йўлда на Худосен, на Расул,

Торт қўлингни, этмагил радди қабул.

Қўй таваллою табарро, пок бўл,

Бир ҳовуч хоксен, бу йўлда хок бўл.

Бир ҳовуч хоксен, сўзинг хок айлагил,

Барчани покиза бил, пок айлагил.

      ҲИКОЯТ

Юзланиб деди Худовандга Расул:

Умматим корини менга юклагил.

То гуноҳин ўзга кимса билмасин,

Умматимнинг айби ҳеч очилмасин.

595 Ҳақ таоло дедиким, эй мўътабар,

Кўрсанг эрди ул гуноҳларни агар.

Тоб беролмасдинг боқиб, ҳайрон бўлиб,

Сўнг хижолатлар аро пинҳон бўлиб…

Эрди Ойша маҳбуби жонинг, ажаб,

Қолди кўнглинг, бўлди бир буҳтон сабаб.

Гарчи айтмишди уни аҳли мажоз,

Сен жўнатдинг қизни ўз уйига боз.

Севганингга этганинг иш мунчадир,

Умматинг ичра гуноҳкор қанчадир…

600 Тоб беролмассен гуноҳлар вазнига,

Умматингни қўй Худонинг измига.

Сен тиларсен, топмасин аҳли жаҳон

Умматинг этган гуноҳдин бир нишон.

Мен-да истармен, аё олий гуҳар,

Етмасин сенга гуноҳлардин хабар.

Ўртага тушма, чекил бир четга, ҳой,

Умматингни менга топшир, менга қўй…

Мустафога қолмамиш уммат иши,

Сенга қолмишму бу ташвиш, эй киши?

605 Қўй ўшал ҳукмингни, тийгил тилни ҳам,

Бетаассуб, тўғри йўлга бос қадам.

Бас, улар не айламиш, эт эҳтиром,

Соғ-саломат ўз йўлингда қил давом.

Ё садоқат ичра бўл Сиддиқвор,

Ё чу Форуқ эт адолат ихтиёр.

Ё чу Усмон пурҳаёву ҳилм бўл,

Ё Алидек баҳри жуду илм бўл.

Ё эшит пандимнию тутгил адаб,

Ёки бошингни олиб кет бир тараф.

610 Марди сидқу илм эмасдирсенки, бас,

Марди нафсдирсен ва кофир ҳар нафас.

Нафси куфринг ўлдириб, мўмин бўл,

Нафсни ўлдир-да, басе эмин бўл.

Сен таассуб ичра гўллик айлама,

Ўз бошинг бирлан расуллик айлама.

Пуч сухан бўлмас шариатда қабул,

Сўзлама ундоқ деб асҳоби Расул…

Менда йўк беҳуда сўзлар, эй Худо,

Бас, таассубдин йироқ тут доимо.

615 Фориғ айла, бўлмасин жонимда ул,

Бўлмасин бир зарра девонимда ул.

      ДЕБОЧА

ҚУШЛАРГА ХИТОБ

Марҳабо, Ҳудҳуд, ҳақиқат элчиси,

Жумла водийларда қушлар йўлчиси.

То Сабо етгунча ул сайринг на хуш,

Шоҳ бирлан мантиқут-тайринг на хуш65.

Соҳиби сирри Сулаймонсен, ажаб,

Ярқирар бошингда тожинг ул сабаб.

Девни тутгил, банди зиндон айлагил,

Не эмиш рози Сулаймон, тинглагил.

620 Дев қачонким банди зиндон ўлгуси,

Масканинг қасри Сулаймон ўлгуси…

Кел, гўзал мусича, эй мусосифат,

Янграсин созингда сози маърифат.

Нағма созинг жон дебон тинглайди жон,

Хилъатин сен унга этгайсен аён.

Чун Мусо кўрдинг оловни, нурни сен,

Сўнгра Тур тоғида бўлдинг қумри сен.

Қоч Фиръавндин, магар ҳайвондир ул,

Кел, мудом Тур тоғининг сайрони бўл.

625 Тинглагил сўзсиз, садосиз нағмани,

Ҳам қулоғингда ҳамиша тут ани…

Марҳабо, эй тўтийи Тубонишин,

Гул либосинг узра тавқи оташин.

Тавқи оташ дўзахийликдин нишон,

Гул либос жаннат, сахийликдин нишон.

Ким Халилдек бўлса Намруддин халос,

Шодланиб, оташда ўлтирмоғи рост.

Кес ўшал Намруд бошин чун қалам,

Сўнг Халилдек қўй олов узра қадам.

630 Ваҳми Намруддин этолсанг ўзни пок,

Ҳуллапўшсен, тавқи оташдин не бок…

Эй гўзал каклик, хиромон айлагил,

Сайри боғи илму ирфон айлагил.

Қаҳқаҳа ургил, бу йўлда янграсин,

Тут Худо дарвозасининг ҳалқасин.

Қўй бу тоғни, баҳридин ўтгил анинг,

Тева чиқсин қоятошингдин сенинг.

Тевани тутдингми, қаршингда ҳамон

Сут, асал ирмоқлари бўлгай равон.

635 Тева сур бу йўлда кеча-кундузи,

Қарши олгайдир сени Солиҳ ўзи…

Марҳабо, лочин, чақин кўз, дарғазаб,

Мунча юргайсен ғазаб ичра, ажаб?

Номайи ишқи амал пойингда банд,

Очмагил, турсин ўшал жойингда банд.

Сен ақлни айла кўнгилга бадал,

Бир йўла кўргил абад бирлан азал.

Чор чўби табъни синдир мардвор,

Сўнгра ваҳдат ғорида тутгил қарор66.

640 Ғори ваҳдат гар эса маскан сенга,

Садри олам бўлгуси ҳамдам сенга…

Эй гўзал дуррожи меърожи аласт67,

Не бало кўрдинг кўриб тожи аласт.

Тингладинг ишқу аластни жон ила,

Ҳайдагил нафси балони бир йўла.

Чун балойи нафс бало гирдобидир,

Не бўлур иш қолса гирдоб ичра ул?

Нафсни Исодек ёқишни ўйла сен,

Жонни жонон бирла равшан айла сен.

645 Нафсни ёқсанг, жон қушинг парвоз этар,

Йўлда Руҳилло уни пешвоз этар…

Марҳабо, булбул келиб ишқ боғидин,

Нола қил ишқ дарди, ҳижрон доғидин.

Дардинг айтиб, нола қил Довудвор,

Бўлсин ҳар дам сенга юзлаб жон нисор.

Довудий авж бирла маъноларни оч,

Халққа хилъатни баён эт, бер қувонч.

Унга зирҳ кийдирма, ўлсин нафси шум,

Сен Довуд янглиғ темирни айла мум.

650 Мум бўлиб тортса мулойим ул қаро,

Мисли Довуд ўт бўлурсен ишқ аро…

Эй товус, жаннатда тортиб наъралар,

Етти бош аждарни куйдирдинг магар.

Тутма суҳбат, қонга қоргайдир сени,

Ул илон жаннатдин ҳайдайдир сени.

Сидраю Тубога қўймас ул, аё,

Макр ила кўнглингни этгайдир сиёҳ.

Сен ҳалокат тиғини ургил анга,

Йўқса, бул асрор насиб этмас сенга.

655 Гар халос бўлсанг илондин, бил ани,

Одаминг жаннатга бошлайдур сени…

Кел, тазарв, кўзи йироқ кўргувчи қуш68,

Боқ, кўнгилни баҳри нур ғарқ айламиш.

Сен асири чоҳи зулматсен ҳануз,

Мубталойи ҳибсу туҳматсен ҳануз.

Чоҳи зулмонийни қўйгил, таркин эт,

Талпиниб, ул арши раҳмонийга ет.

Ҳамчу Юсуф айла тарк зиндону чоҳ,

Мисри иззатда ўзинг бўл подшо.

660 Бўйла мулкинг гар қўлингда жам бўлур,

Юсуфи сиддиқ сенга ҳамдам бўлур…

Эй гўзал қумри, ажаб дамсоз ўзинг,

Шод ўзинг, кўнгли синиқ ҳам боз ўзинг.

Танги дилсен, чунки дилхун ичрасен,

Ўйлаким, зиндони Зуннун ичрасен.

Эйки сен нафс аждарига мубтало,

Тобакай нафсингдин истарсен бало?

Кес унинг бошини, кутгайсен неча,

Сўнг кўтар бошингни ердин ойгача.

665 Айласанг гар аждари нафсинг ҳалок,

Муниси Юнус бўлурсен, зеби хок…

Кел, гўзал ғуррак, кўнгил зорингни тўк,

То гуҳар сочсин бошингга етти кўк.

Баски ул бўйнингдадир тавқи вафо,

Бевафолик этмагинг эрмас раво.

Борлиғингдин қолса қилдек бир ушоқ,

Бевафо дерман сени бошдин оёқ.

Кел, ўзингдин кеч, ўзингдин айру бўл,

Сен топарсен ақл ила маънога йўл.

670 Ҳам хираддин маънилар етгай сенга,

Ҳам Хизир оби ҳаёт тутгай сенга…

Қарчиғай, учганда қаддинг эрди тик,

Қайтганингда не учун бошинг эгик?

Бўлма саркаш, сарнигундирсен ҳамон,

Эт итоат, ғарқи хундирсен ҳамон.

Боғланибсен шу палид дунё била,

Қолмамишдир бир ишинг уқбо била.

Кеч ўшал дунёданам, уқбоданам,

Сўнг ўзингга бир назал сол, муҳтарам.

675 Бўлмаса ул иккига ройинг сенинг,

Дасти Искандар бўлур жойинг сенинг…

Марҳабо, заррина қуш, заррин Ҳумой,

Ўт бўлиб кел, очгил оташдин чирой.

Келса ким ёнингга, ёқ жон ўтидин,

Кўзни юм якбора махлуқ зотидин.

Гар ёқарсен кимки келгайдир сенга,

Нури Ҳақ ҳар дам ёғилгайдир сенга.

Баски кўнглинг билди не асрори Ҳақ

Воқиф эт ўзни, не эрмиш кори Ҳақ.

680 Ҳақ ишида марди Ҳақ эрсанг тамом,

Ҳақ қолур, сен қолмагайсен, вассалом.

            БИРИНЧИ МАҚОЛА

ҲУДҲУДНИНГ ҚУШЛАРГА ХИТОБ ЭТГАНИ

Бор жаҳоннинг қушлари жамъ бўлдилар,

Барча ошкору ниҳон тўпландилар.

Дедилар: этсанг жаҳонга эътибор,

Ҳар шаҳарнинг шоҳи бордир, шаҳриёр.

Не сабабдин юртимизда шоҳ йўқ,

Ул сабабдин бизга равшан роҳ йўқ.

Бир-бировга айлабон ёрдам, кўмак,

Излашайлик, бизга бир подшо керак.

685 Мамлакат подшосиз эрса, бас, тамом,

Қолмагай лашкарда тартибу низом.

Хулласи, шоҳ изламоқчи бўлдилар,

Жам бўлиб, шундай қарорга келдилар.

Ҳудҳуди ошуфта кўнгил, интизор,

Ўртага тушди шу онда беқарор.

Эгнида эрди тариқатдин либос,

Бошида тожи ҳақиқат эрди боз.

Зийрак эрди баски ул, доно эди,

Не эмиш яхши, ёмон, огоҳ эди.

690 Деди: қушлар, пайки ғайбдирмен ўзим69,

Сизга ғойибдин хабар бергай сўзим.

Ҳазрати Ҳақдин хабардормен яна,

Пайки фитрат, соҳибасрормен яна.

Улки бисмиллоҳдадир минқор анга,

Тонг эмаским, очса юз асрор анга.

Ғам аро мен кун кечиргувчи киши,

Кимсанинг мен бирла борму бир иши?

Қайду қуйдим йўқ жаҳонда халқ билан,

Бас, қутулмишдир халойиқ менданам.

695 Баски жоним ичра дарди подшо,

Не қилур кўнглимда ул дарди сипоҳ?

Сув топармен қай тараф қўйсам қадам,

Маҳрами асрор эдим аввалда ҳам.

Шоҳ Сулаймон бирла бўлдим неча бор,

Хайли ичра топдим иззат, эътибор.

Хайлидин бир кимса йўқ эрса, ажаб,

Қайда, деб ул кимса этмасди талаб.

Бўлмасам ёнида ҳозир бир замон,

Ул талаб айлаб, топинг, дерди ҳамон.

700 Ёнидин қўймасди айру бир нафас,

То қиёмат бул шараф Ҳудҳудга бас.

Номасин элтиб, баланд парвоз эдим,

Парда ортида анга ҳамроз эдим.

Кимсаким мақбули пайғамбар эрур,

Арзигай бош узра гар тож бўлса ул.

Кимни Ҳақ ул яхшидир деб зикр этар,

Кўкка парвоз этса, унга ким етар?

Неча йиллар баҳру барр сайр айладим,

Йўл босиб, этдим гузар, сайр айладим.

705 Водию тоғу биёбонлар кечиб,

Сирли олам ичра тўфонлар кечиб,

Шоҳ Сулаймон-ла сафар қилдим басе,

Не эмиш олам, кўриб, билдим басе.

Подшоҳим ким, аён бўлди менга,

Якка-ёлғиз етмоғим мушкул анга.

Менга ҳамроҳ бўлсангиз, собит қадам,

Шоҳга етгайсиз, ўшал даргоҳга ҳам.

Тобакай сиз нангу худбинлик аро,

Ёқилурсиз бўйла бединлик аро?

710 Ким анга жон тикди, жондин кечди ул,

Ёр дебон яхши, ёмондин кечди ул.

Йўл босинг жонлар тикиб жононага,

Етказинг бошни ўшал остонага.

Подшо тоғ ортида, бул бехилоф70,

Бир баланд тоғдирки, дерлар Куҳи Қоф.

Шоҳи Симурғдир ўшал султони тоғ,

Ул яқиндир бизга, биз андин йироқ.

Ўлтирур юксак ҳарамда номдор,

Исмини айтишга кимнинг ҳадди бор?

715 Неча юз минг парда қат-қат олдида,

Барча нуру барча зулмат олдида.

Икки олам ичра йўқдир одаме,

То етишгай ул мақомга бир даме.

Подшоким, ҳукми мутлақдир мудом,

Ўз камолу иззига ғарқдир мудом.

Фаҳму хушга йўқ учиб, етмоққа ҳад,

Қайданам етсин анга ақлу хирад?

На анга йўл, на сабрнинг жойидир,

Юз туман халқ кўйида савдойидир.

720 Васфини айтурга жони пок йўқ,

Ақлу ҳушга қобили идрок йўқ.

Ҳам ақл, ҳам жон сусту хийрадир,

Санъатин кўрмакка кўзлар тийрадир.

Бир буюк билгич камолин кўрмамин,

Бир буюк кўргич жамолин кўрмамиш.

Ул сари юрмоққа қурби етмади,

Бир бориб, кўрмоққа қурби етмади.

Билмади ул не камолу не жамол,

Билгани халқнинг фақат ваҳму хаёл.

725 Ул хаёлдин жон ошиб ўтгайму ҳеч?

Қўл чўзиб, ойга киши етгайму ҳеч?

Юз туман бошларки хирмон, ундадир,

Доду фарёд, оҳу афғон ундадир.

Йўлда кўп саҳрову денгиз, сони йўқ,

Чун йироқ йўлдир, унинг поении йўқ.

Эр керак шердек бу йўлда паҳлавон,

Йўл йироқ, денгиз чуқурдир ончунон.

Йўл босармиз баски ҳайронлик била,

Гоҳи хандон, гоҳи гирёнлик била.

730 Топсак андин бир нишоне, ҳой-ҳой,

Топмасак, ул ҳолимизга вой-вой.

Жонга жононсиз бу дунёйинг нима?

Йўқса жононинг магар, жон истама.

Мард керак бу йўлда қўймоққа қадам,

Жон фидо этмоқ керак манзилга ҳам.

Қўлни жондин ювмоғинг шарт мардвор,

То сени чин эр десинлар, мардикор71.

Жон фидо этсанг агар, ул дилнавоз

Юз туман жонингни бергай сенга боз.

735 Жонки жононсиз, абасдир, арзимас,

Эт фидо жонингни ул жононга, бас.

Жонни сен жононга топшир мардвор,

Сенга ҳам ул жонни этгайдир нисор.

ИККИНЧИ МАҚОЛА

ҲУДҲУД СИМУРҒНИ МАДҲ ЭТГАНИ

Ибтидо Ситмурғ ишига шул, жигар,

Тун ярим Чин узра бўлди жилвагар.

Битта пар тушди қанотидин ҳамон,

Тутди жумла шаҳру кўйларни сурон.

Ҳар кишиким кўрди, андин олди нақш,

Ҳар киши бир ўзга суврат солди, нақш.

740 Чиндаги пар – боиси ҳикмат эмиш,

Чинда эрса илм агар, ўрган, демиш…72

Бўлмасайди ул пари нақши аён,

Бунчалар ошуфта бўлмасди жахон.

Барча сувратлар сифоти бахшидин,

Барча жонлар ул қаноти нақшидин.

Боши йўқдир васфининг, поёни йўқ,

Бундан ортиқ сўйламак имкони йўқ.

Энди сиздан ким эса мардона ул,

Юз буринг йўлга, босинг мардона йўл…

745 Барча қушлар тинглашиб бул сўзки бор,

Бўлдилар шоҳ иззатидин беқарор.

Шавқи бирлан жумла жонлар тўлдилар,

Бир йўла бесабру ором бўлдилар.

Юрдилар Ҳудҳудга сўнг пайров бўлиб,

Унга ошиқ, ўзларига ёв бўлиб.

Йўл узун эрди вале, манзил йироқ,

Бул машаққат этди тоқатларни тоқ.

Йўл азоби баски бундоқ қийнади,

Ҳар бири бир узру маъзур сўйлади.

БУЛБУЛНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

750 Булбули шайдо кўринди маст-аласт,

Ишқ камоли бирла мажнун эрди, бас.

Унда бўйла маънили овоз эди,

Маънилар остида минг бир роз эди.

Маънилар сиррини ошкор айлади,

Бир йўла қушлар тилини бойлади.

Дедиким, менга аён асрори ишқ,

Хонишимда ҳар кеча такрори ишқ.

Воҳки, йўқ Довуд каби бир интизор,

Сўйласам севгим Забурин зор-зор.

755 Найдаги зор севги изҳорим менинг,

Чангдаги мунг нолаю зорим менинг.

Сайрасам, боғу чаман сархуш эрур,

Мен билан ошиқ кўнгиллар хуш эрур.

Сўйласам, ҳар лаҳза розим ўзгача,

Куйласам, ҳар дам овозим ўзгача.

Ишқ менинг жонимга савдо келтирур,

Мисли дарё шўру ғавғо келтирур.

Кимса туғёнимга тоқат айламас,

Гарчи ҳушёр эрди бўлгай масту маст.

760 Топмадим жонимга асло маҳраме,

Сўйласам рози дилимни бир даме.

Маъшуқи ёрим вале ҳар навбаҳор

Мушку атрин этса оламга нисор.

Шод бўлурмен, очилур баҳри дилим,

Ҳал бўлур ёр талъатидин мушкулим.

Маъшуқи ёрим чу пайдо бўлмагай,

Булбули шўрида гўё бўлмагай.

Розини ҳар кимга булбул айтмас ул,

Рози булбулни чаманда гул билур.

765 Боғ аро гул ишқида ғарқмен чунон,

Бўйла ғарқу маҳви мутлақмен чунон.

Ишқининг савдоси бўлса, менга бас,

Ул гули раъноси бўлса, менга бас.

Бас, нечук Симурғга бўлгай тоқатим,

Тоқатим йўқ, гулга бордир ҳожатим.

Чун гули садбарг у дилдорим менинг,

Ўзгаларга не эмиш корим менинг?

Гулки яшнаб, ўзни хандон айлагай,

Менга деб чун ўзни жонон айлагай.

770 Парда ортидин чиқиб, ҳозир эса,

Лабларида кулгуси зоҳир эса.

Бир кеча кечгайму булбул ишқидин,

Ҳар замон кулгувчи ул гул ишқидин?


ҲУДҲУДНИНГ БУЛБУЛГА ЖАВОБИ

Ҳудҳуд айтди: эйки сен сувратга қул,

Ишқи раънодин нарига ўтмагил.

Гулни севдинг, ул тиконлар шайлади,

Неча бир заҳму зиёнлар айлади.

Гул деган не эрмиш ул, соҳибжамол,

Ҳусни рўйи ҳафтада топгай завол.

775 Бўйла бир ишқдин завол келгай фақат,

Аҳли комилга малол келгай фақат.

Ҳар сафар кулганда гулёринг сенинг,

Учди андин нолаю зоринг сенинг.

Кеч у гулдин, гулбаҳор келганда гул

Сенгамас, кулгай сенинг ҳолингга ул.

Ору номус ошно эрса сенга,

Қаҳру заҳрингни сочар эрдинг анга.

      ҲИКОЯТ

БИР ФАҚИРНИНГ ШОҲ ҚИЗИГА ОШИҚ

      БЎЛГАНИ

Подшонинг бир қизи бор эрди, ой,

Ишқида олам чекарди оҳу вой.

780 Фитна бедорлик била пайваст эрур,

Уйқули кўзлар хумору маст эрур.

Орази гул эрди, сочи мушк эди,

Лабларидин оби ҳайвон хушк эди.

Гар жамолидин кўринса бир нишон,

Ақлу ҳуш мажнун бўларди шул замон.

Лаблари тотини тотсайди шакар,

Унда қолмасди шакарликдин асар.

Бенаво дарвеш ўтарди бир кези,

Ногаҳон ул ойга тўқнашди кўзи.

785 Қўлида бир бурда нон эрди, сахо,

Нонни бермишди анга бир нонво73.

Боқди дарвеш, кўрдиким не нозанин,

Йўлга тушди илкидин нони анинг.

Олдидин қиз ўтди гўё ўт бўлиб,

Бир қиёлаб боқдию кетди кулиб.

Ул гадо чун кўрди андоқ кулгуни,

Кўзидин қон оқди, гарқ этди уни.

Бор бисоти бурда нону бурда жон,

Иккисидин ҳам қутулди шул замон.

790 Кеча-кундуз йиғлади, кўз очмади

Ўртаниб куйди, вале сўз очмади.

Ёдига тушганда кулгу, гулузор,

Ул булутдек ёш тўкарди зор-зор.

Етти йил кўйида шайдо юрди ул,

Итлари бирлан-да ётди, турди ул.

Ул санамнинг чўри, хизматкорлари

Бўлдилар бу нарсадин воқиф бари.

Ул жафокорлар кейин жазм этдилар,

Бошини кесмоққа зуд азм этдилар.

795 Қиз уни пинҳона чорлаб, деди: ҳай,

Менга сендек бир гадо эш бўлмагай.

Ўлдирурлар бас сени, ўлтирма, кет,

Эшигим олдида ортиқ турма, кет.

Ул гадо айтди: сени кўргач, санам,

Қўлни ювганмен ҳамон жонимданам.

Неча минг жонларки мендек беқарор,

Бўлсин ул ойдек жамолингга нисор.

Бас, мени ўлдирмоқ истарлар шу тоб,

Бир саволимга, нигоро, бер жавоб.

800 Баски бошим кестирурсен бегумон,

Не сабабдин менга кулдинг ул замон?

Қиз дедиким, билмадингми сен магар,

Не учун кулдим сенга, эй бехабар?

Соч-соқолинг келтирур кулгим, аё,

Лек юзингмас, юзга кулмаклик хато.

Айтдию кетди, тутундек тарқади,

Аслида ҳам бор эмасди, йўк эди.

ТЎТИНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Келди тўти, оғзида шаҳду шакар,

Писта тўнли, бўйнида маржони зар.

805 Пашша шоҳ бўлмишди лутфи, фарридин,

Майса ранг олмиш қаноти, парридин.

Сўз, сухан айтурда шаккаррез эди,

Ҳам шакархўрликда аввалхез эди.

Деди: нокас, тошюрак улдирки, бас,

Мен каби қушни этар банди қафас.

Мен темир зиндонда андоқ нотавон,

Ташнайи оби зилолмен ҳар замон.

Жумла қушларга Хизирмен, сабзапўш,

Балки айлармен Хизир суйини нўш.

Йўл босармен, ўйлаким савдойимен,

Манзилим ҳар жойдадир, ҳар жойимен74.

Менда йўк Симурғ сари бормоққа тоб,

Менга бас оби ҳаётдин нўши ноб.

Етса гар оби ҳаётдин бир нишон,

Гарчи қулмен, шоҳу султонмен ҳамон.

ҲУДҲУДНИНГ ТЎТИГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: эйки давлатсиз, гадо,

Мард эмас ул этмас эрса жон фидо.

Жон нечук даркор учун келмиш сенга,

Ул висоли ёр учун келмиш сенга.

815 Оби ҳайвон истаюрсен, жонга дўст,

Жонга дўст бўлган бўлур бемағз пўст.

Не керакдир жон сенга, жононга бер,

Жонни жононга фидо айлайди эр.

      ҲИКОЯТ

ХИЗИРНИНГ ДЕВОНА БИЛАН СУҲБАТИ

Бор эди девона бир, олий мақом,

Хизр анга дедики, эй марди тамом75,

Истасанг, бўлгил анису ёр менга,

Деди: бу ёрлиғ нечун даркор менга?

Неча бор ичдинг ўшал оби нажот,

То қиёмат ерда сургайсен ҳаёт.

820 Мен этармен жонни жононга фидо,

Жон керакмас менга жонондин жудо.

Сенку жонинг асрагайсен ҳар куни,

Мен эсам жононга бахш этгум уни.

Яхшидир ул, бўйлаким қуш бирла дом,

Бир-бировдин айру турсак, вассалом.

ТОВУСНИНГ УР СЎРАГАНИ

Келди сўнгра ул товуским, зарнигор,

Парлари нақшида гул очмиш баҳор.

Чун келинчак ишваю ноз айлади,

Пар ёзиб, юз жилва оғоз айлади.

825 Деди: ғайб наққоши нақш чекди у дам,

Аҳли Чиннинг қўлидин тушди қалам.

Гарчи мен қушларга Жибрилмен ва лек

Тушди иш бошимга қисмат қаҳридек.

Дўст тутиндим бир илон бирлан давом,

Ул сабаб жаннатдин ҳайдалдим тамом.

Ҳайдалиб, хилватдаман, зулматдаман,

Ўз оёғимдир оёғимга кишан.

Кошки топсайдим ўзимга раҳбар ул,

Бошласа, топсам яна жаннатга йўл.

830 Шоҳга етмоқлик мурод эрмас менга,

Талпиниб, дарбонга етсам, бас менга.

Йўқ сира Симурғга парвойим менинг,

Бўлса басдир жаннат ул жойим менинг.

Етсам ул жаннатга, битгайдир Ишим,

Унда бул дунё била не ташвишим?..

ҲУДҲУДНИНГ ТОВУСГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Айтди Ҳудҳуд: эй адашган, гумроҳ,

Подшодин хона сўрмоқлик хато.

Жомаси инсондин ортиқму сенга?

Хонаси султондин ортиқму сенга?

835 Хонайи нафсдир у жаннат, пурҳавас,

Дил уйи байтул вафодир, ўзгамас.

Ҳазрати Ҳақ мисли дарёдир, азим,

Қатраси юз бита жаннатдир, наим.

Қатраси бордирки, чун дарёдир ул,

Бўлмаса дарё, қуруқ савдодир ул.

Етгали дарёга етгай қудратинг,

Бас, нечун шабнамда битмиш журъатинг?

Улки офтоб бирла айлар арзи ҳол,

Зарранинг олдида ҳеч тургайму лол?

840 Улки куллдир, жузвга не эрмиш иши?

Улки жондир, узвга не эрмиш иши?

Марди кулл эрсанг, ҳамиша куллни кўр,

Куллни изла, кулл бўлиб, буткулни кўр…

      ҲИКОЯТ

ТАЛАБАНИНГ УСТОЗДАН САВОЛ СЎРГАНИ

Сўрди устоздин чу шогирди тамиз:

Нега жаннатдин қувилди отамиз?

Деди: одам эрди чун олам гуҳар76,

Этди жаннат ичра кўп сайру сафар.

Келди ғойибдин бир овозе баланд:

Ҳой, нечун бўлдинг ўшал жаннатга банд?

845 Икки олам биздин айру эрса ким,

Биз яратган нарсага бош эгса ким,

Етказурмиз чун заволин унга, ҳай,

Токи дўстдин ўзгага қўл чўзмагай.

Жон не эрмиш, бўлмаса жононга ёр,

Ҳеч эмиш ул, гарчи бирмас, юз ҳазор.

Улки жононсиз жаҳонда зиндадир,

Гарчи инсондир, вале тубандадир.

Аҳли жаннатга, ҳадисдин бул хабар,

Жаннат ичра илк таом эрмиш жигар.

850 Аҳли жаннатким эмаслар аҳли роз,

Бас, киришгайлар жигархўрликка боз…

ҒОЗНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Пок, мусаффо ғоз чиқиб сувдин шу дам,

Ул жамоат олдига қўйди қадам.

Деди: мендирмен баланд овоза қуш,

Борму мендек покдоман, тоза қуш?

Ғусл этиб ҳар дам, бўлиб пок-покиза,

Жойнамозимни ёзармен сув уза.

Сув аро тургувчи мендек кимса йўқ,

Мен каромат айлар эрсам, шубҳа йўқ.

855      Жумла қушлар зоҳиди мен, пок рой77,

Пок дону пок жома, пок жой.

Бул жахон ичра ҳаётим сув била,

Ҳам ҳаётим, ҳам нажотим сув била.

Кўнглим ичра кўп эди дарду ғамим,

Ювди сув, дардим аритди ҳамдамим.

Сувсиз эрсам, тийра айёмим менинг,

Бас, қуруқлик ичра не комим менинг?

Сувки жоним ичра бундоқ сеҳри бор,

Бас, нетиб мен ўзни тортгаймен канор?

860 Не тирик эрса, тирикдир сув ичиб,

Ул тирик тургайму сувдин воз кечиб?

Йўқ, менинг водийдин ўтмоғим гумон,

Инчунин Симурғга етмоғим гумон.

Улки ҳар дам сувда топмишдир ҳаёт,

Унга ҳеч етгайму Симурғдин мурод?

ҲУДҲУДНИНГ ҒОЗГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: сув сени хуш айламиш,

Хуш надир, жонингни оташ айламиш.

Сув аро уйқу элитмишдир сени,

Қатра сув сувдин жудо этмиш сени.

865 Сув керак юзи ювиқсизларга ул,

Сен ювиқсизсен, бориб, сув излагил.

Тобакай ул тоза сувдек бор-бор,

Ҳар ювиқсиз сувга бўлгайсен дучор?

      ҲИКОЯТ

ДЕВОНАНИНГ ДУНЁ ВА ОХИРАТ ҲАҚИДА

      АЙТГАНЛАРИ

Кимса бир девонадин сўрди савол:

Не эмиш ул икки олам чун хаёл?

Деди: бу икки жаҳон болову паст78

Қатра сувдир, бор эмас ул, йўк эмас.

Қатрайи сув бўлди аввал ошкор,

Қатрада акс этди сўнг нақши нигор.

870 Ҳар неким сув эрди, кўр охир ҳисоб,

Гар темирдин эрса ҳам бўлди хароб.

Борму бир нарса темирдек қаттиқ ул?

Боқ, ўшал ҳам сув била ҳосил бўлур.

Ҳар неким ул авали сув эрди, бас,

Охири тупроқ бўлиб, топгай абас.

Сувда кўргайму киши сабру қарор?

Сувда тургайму иморат устувор?

КАКЛИКНИНГ УЗР СЎРАГАНИ


Келди каклик сўнг, хиромон келди ул,

Солланиб, сармасту хандон келди ул.

875 Чун шафақ тўнли, қизил минқор эди,

Қонга тўлган кўзлари ҳушёр эди.

Маскани гоҳ чўққи эрди, гоҳ камар,

Гоҳи тиғ олдида ожиз бош эгар…

Деди: конлар бошида парвонамен,

Лаъли гавҳар ишқи бирлан ёнамен.

Ул сабабдинким кезармен тоғу тош,

Гавҳарим тепмоққа айлармен талош.

Урди ўт жонимга гавҳар оташи,

Хуш дурур жонимни бундоқ ўрташи.

880 Ҳар сафар бошин кўтарса оташ ул,

Кўнглим ичра тошларимни хун қилур.

Боқки, оташ тошни ҳам хун айлагай,

Таъсир этгай-да, дигаргун айлагай.

Бас, асири тошу оташмен мудом,

Бенаводирмен, мушаввашмен мудом79.

Ўртаниб бундоқ, ютормен реза тош,

Сўнгра ухлармен қўйиб тош узра бош.

Эй ёронлар, бўйладир ҳолим менинг,

Бир кўринг, не тийра аҳволим менинг.

885 Улки тошга бош қўйиб, тош чайнагай,

Борму ҳожат, не учун жанг айлагай?

Қатма-қатдир дилда дарду ғамларим,

Тортадир тоғларга ишқи гавҳарим.

Кимга хуш гавҳардин ўзга бир вақо,

Илкидин кетгай вақоси, бебақо.

Мулки гавҳарда низоми жовидон,

Ул сабаб пайваста этдим унга жон.

Менки тоғ девонаси, марди гуҳар,

Улфатим ҳар лаҳза ул тоғу камар.

890 Тоғдадир гавҳар давому бардавом,

Бас, уни тоғлардин излармен мудом.

Ахтариб, гавҳарча гавҳар топмадим,

Ундин ортиқ йўқ, баробар топмадим.

Менга ул Симурғга етмоқ қайдадир?

Тошу гавҳар деб оёғим лойдадир.

Ул қавий кўнгилга мен қандоқ етай?

Чун оёғим лойга банд, қандоқ етай?

Мисли тош ўт ичрадирмен ҳар маҳал,

Ё ўлармен, ёки топгаймен гуҳар.

895 Гавҳарим дерманки бўлсин ошкор,

Гавҳари йўк эрга оламда не бор?

ҲУДҲУДНИНГ КАКЛИККА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Айтди Ҳдҳуд: эй гуҳардек турфаранг,

Неча бор дерсан бу янглиғ узри ланг80.

Пойи, минқоринг басе хуни жигар,

Сен ҳамон тошлардин изларсен гуҳар.

Не эмиш аслида гавҳар? Рангли тош,

Сен анга савдойидирсен, кўнгли тош.

Ранги кетса, гавҳаринг тошдир, қуруқ,

Улки рангдин ранга киргай, тоши йўқ81.

900 Ким асл тош эрса, ул ранг истамас,

Заргар ул истайди гавҳар, тош эмас.


ҲИКОЯТ

СУЛАЙМОН ШОҲНИНГ САЛТАНАТ ҲАҚИДА

      АЙТГАНЛАРИ

Энг асл гавҳар шу олам мулкида

Эрди ул шоҳи Сулаймон илкида.

Ул сабаб юксалди номи, юлдузи,

Бир ажиб, мўъжаз узук эрди ўзи.

Илкида эрканда ул гавҳар, нигин,

Ҳукмида эрди тамом рўйи замин.

Чун Сулаймон кўрди мулк қандоқ эди,

Измида мулки жаҳон, офоқ эди.

905 Қирқ фарсанг эрди шоҳнинг чодири,

Амрида ел эрди, толмас шотири.

Бўйла чодирда сафо сурмоғида,

Эрди мўъжаз бир узук бармоғида.

Деди: бўйла давлату бул кору бор

Шул кичик бир тош туфайли пойдор.

Истамасмен, токи бор дунёву дин,

Бўлмагай бир кимсада мулк инчунин.

Эй Худойим, мен этиб чун эътибор,

Офатин кўрдим бу мулкнинг ошкор.

910 Бермагил ҳеч кимсага бундоқ гуҳар,

Келмагай уқбода андин бир самар.

Йўқ менинг мулку сипоҳ бирлан ишим,

Ҳар куни замбил тўқишдир ташвишим…

Гарчи гавҳардин Сулаймон бўлди шоҳ,

Лек ўшал банд солди йўлга, кесди роҳ.

Ул сабаб жаннатга киргай ул тайин

Беш аср ўтгач набийлардин кейин.

Ул гуҳар солди Сулаймонга абас82,

Сен каби нодонни нелар айламас.

915 Чун гуҳар тошдир, қазиб, кон чекмагил,

Иста жонон, ўзгача жон чекмагил.

Дилни сен гавҳарга тўлдир, очма лаб,

Гавҳар изла, эт мудом гавҳар талаб.

ҲУМОНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Чун чиқиб келди Ҳумо ул, соябахш,

Подшолар бошига сармоябахш.

Бас, Ҳумо эрди, ҳумоюн келди ул,

Ҳаммадан ҳам ҳиммат афзун келди ул.

Деди: эй кезгувчисиз чўлу чаман,

Мен шу қушлардек эмасмен, бошқаман.

920 Ҳимматим олий, аёндир барчага,

Узлатим элдин баёндир барчага.

Нафс итин тупроққа қордим ложарам,

Топди мендин иззат Афридуну Жам.

Подшолар топди мендин парвариш,

Бўлмагай таъби гадолар менга эш.

Нафс итин олдига қўйгум устухон

Токи ул жонимга бергай деб омон.

Нафс итига устухон тутдим мудом,

Ул сабаб жонимда шул олий мақом.

925 Улки этгай сояси йўқсилни шоҳ,

Шавкату шаънига қайдин иштибоҳ?

Жумла истарлар менинг соямни, бас,

Зарраси ҳар дилда орзую ҳавас.

Қайданам бўлсин у Симурғ ёр менга,

Баски бул хусравнишонлик кор менга?

ҲУДҲУДНИНГ ҲУМОГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: эй ғурури бирла маст,

Солма соянгни, етар, кулдирма, бас.

Йўқ бугун хусравнишонликдин нишон,

Ит каби олдингда ёлғиз устухон.

930 Этмасайдинг шоҳни шоҳ кошкийди, боз

Устухондин ўзни айлардинг халос.

Ўйлаким, шоҳлар жаҳон ичра бутун

Бош кўтарса жумла соянгдин бугун,

Эртага бўлгайди шоҳликдин жудо,

Барчаси дарду балога мубтало.

Бўлмаса соянг, бўлурму шаҳриёр

Рўзи маҳшарда балоларга дучор?

      ҲИКОЯТ

БИРОВ ТУШИДА СУЛТОН МАҲМУДНИ

      КЎРГАНИ

Бор эди бир кимса пок рой, соф кўнгил,

Бир кеча Маҳмудни тушда кўрди ул83.

935 Сўрди: эй султони соҳиб иқтидор,

Бас, нечуксен, масканинг дорул қарор?

Деди: таъна бирла қоним тўкма, ҳой,

Подшолик маскани эрмас бу жой.

Салтанат қурдим, ғалат иш эрди ул,

Бир ҳовуч тупроққа чун лойиқми бул?

Ҳақки султони жаҳондордир фақат,

Салтанатга ул сазовордир фақат.

Чун кўриб ожизлигу ҳайронлигим,

Бас, уят бўлди ўшал султонлигим.

940 Мен паришонмен, чақирсанг, хон дема,

Улки султондир, мени султон дема.

Улки султон, мен адо бўлсам эди,

Кошки дунёда гадо бўлсам эди.

Хор бўлсам, соҳиби жоҳ бўлмасам,

Кошки фаррош бўлсаму шоҳ бўлмасам.

Ҳеч вақосиз, чорасиздирмен, хароб,

Шул забун ҳолимда сўргайлар ҳисоб.

Эй, Ҳумо қурсин, балога учрасин,

Солди ул бошимга бундоқ соясин…

ЛОЧИННИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Келди лочин тик тутиб бошин, дадил,

Маънилар асроридин сўз очди ул.

Лоф урарди, мен асл минқор, дебон,

Эл аро бошимда тожим бор, дебон.

Деди: шоҳ илкида кўрдим ўзни мен,

Юмдим ул халқи замондин кўзни мен.

Кўзни юмдим, боқмадим ҳеч афтига,

Токи қўнгаймен ҳукмдор кафтига.

Тарбият этдим ўзимни тер тўкиб,

Худди зоҳиддек риёзатлар чекиб.

950 Элтсалар шоҳ олдига бир кун мени,

То билай шоҳимга хизмат расмини.

Кирмамиш Симурғ тушимга, бас, шу тоб,

Мен нечун бормоққа этгаймен шитоб?

Подшоҳ кафти ғубори бас менга,

Бўйлаким бир эътибори бас менга.

Йўл босиб юрмоққа етмас қудратим,

Подшоҳ илкида ошгай шуҳратим.

Кимки ул султонга манзур бўлгуси,

Сўзласа, султонга маъқул бўлгуси.

955 Яхшидир султонга гар манзур эсам,

Қўйсам ул водийни, унга бормасам.

Шоҳ ҳузурида фароғатлар била,

Кечса умрим баски роҳатлар била.

Гоҳ шоҳ йўлида чексам интизор,

Гоҳ шавқ ичра юриб, этсам шикор.

ҲУДҲУДНИНГ ЛОЧИНГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Айтди Ҳудҳуд: эй гирифтори мажоз,

Сен сифатдин айру, суврат ичра без.

Шоҳга бир шерик чиқаркан, айт менга,

Подшолик ҳеч ярашгайму анга?

960 Салтанат соҳиби ул Симурғ, холос,

Баски беҳамто, шоҳлик унга хос.

Шоҳ эрмас улки, ҳар кишварда ул

Ўзни нодонлик била подшо қилур.

Подшо улдирки, беҳамто киши,

Чин вафо бирлан мадородир иши.

Шоҳи дунё гар вафолар айлагай,

Дам ўтиб, жабру жафолар айлагай.

Кимса гар унга яқинроқ боргуси,

Йўқ ажабким, бир балога қолгуси.

965 Доимо ваҳм ичра айтур ал-ҳазар,

Жонига пайвастадир хавфу хатар.

Шоҳи дунё мисли бир оташ эрур,

Гар йироқ юрсанг, ўзингга хуш эрур.

Ул сабабдин шоҳлар посбони бор,

Тур йироқ, деб қичқирурлар бор-бор…

      ҲИКОЯТ

ПОДШО ВА УНИНГ СЕВИМЛИ ҚУЛИ

Бор эди бир подшоҳ, олам гуҳар,

Бир қулига меҳри тушди ул қадар.

Ул қадар севди, анга дил берди, бас,

Ўлтиролмасди унингсиз бир нафас.

970 Қуллар ичра беназир эрди ғулом,

Шоҳ кўзи ўнгида эрди ул мудом.

Шоҳ камондин ўқ узар бўлса, у чоғ,

Қулни чин қўрқув босарди, қалтироқ.

Шоҳ қўйиб бир олма қулнинг бошига,

Сўнг камондин ўқ узар эрди анга.

Шоҳ узаркан ўқни, ул шўрлик ҳамон

Сарғайиб, ранги бўларди заъфарон.

Сўрди қулдин бир кишиким, бехабар:

Не сабабдин сарғайибсен бул қадар?

975 Подшо олдида қадринг ончунон,

Нега чеҳранг сўлғину рангинг сомон?

Деди: шоҳ бошимга қўйгай олмани,

Отгали мўлжалга олгай сўнг ани.

Ўқ агар бошимга тегса, дерки ул:

Қулларим ичра ёмони эрди бул.

Ўқ агар мўлжалга тегса, йўқ гумон,

Подшонинг бахти, дерлар шул замон.

Ўртанурмен бўйла икки ғам аро,

Ҳар куни бошимда бундоқ можаро…


БУТИМОР ҚУШНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

980 Бутимор қуш келди, ул сайрон эди84,

Мен ўзим бирлан ҳамиша банд, деди.

Сув била кечгай қишу ёзим менинг,

Туймади ҳеч кимса овозим менинг.

Баски беозор эрурмен эрта-кеч,

Чекмади бир кимса озоримни ҳеч.

Масканим дарё бўйи, мен дардманд,

Ҳар қачон андуҳлидирмен, мустаманд.

Дилни сув орзуси бирлан хун этай,

Қизғанурмен сувни дунёдин, нетай?

985 Чун эмасмен аҳли дарёйи ажаб,

Сув бўйида жон берурмен хушклаб.

Чайқалур пойимда денгиз дамба-дам,

Лек ичолмасмен ани бир қатра ҳам.

Кетса денгиз қатраси, ҳолим хароб,

Ўртаниб, бағримни айлармен кабоб.

Мавжи денгиздин шу ғавғо менга бас,

Ишқидин бошимда савдо менга бас.

Ҳар нафас денгиз ғамидин роҳатим,

Бир нафас Симурғга борму тоқатим?

990 Улки асли қатрайи оби зилол,

Қайда бўлгай унга Симурғдин висол?

ҲУДҲУДНИНГ БУТИМОРГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: эй денгиздин бехабар,

Не наҳанглар унда, не-не жонвар.

Баҳр аро сув гоҳи аччиқ, гоҳи шўр,

Тўлқини гоҳ сусту ором, гоҳи зўр.

Гоҳ тинар, гоҳ ҳайқириб елгай яна,

Гоҳ кетар, гоҳ гулдираб келгай яна.

Унда не-не кемалар ғарқ бўлдилар,

Неча жонлар қаърида маҳв ўлдилар.

995 Неча ғаввослар унинг қўрқусида,

Ютдилар дам жонлари қайғусида.

Ким унинг қаърида чекса бир нафас,

Ўлдириб, отгай баландга мисли хас.

Баски ул денгизда йўқдир ҳеч вафо,

Айламак уммид андин нораво.

Чекмасанг андин канор, не бўлгуси?

Ул муқаррарким сени ўлдиргуси.

Ёр шавқи бирла чун жўшгай гаҳи,

Мавж уриб гоҳ, қайнагай, тошгай гаҳи.

1000 Ул ўзига топмамиш чун коми дил,

Қайда топмоқлик сенга ороми дил?

Чашмадир денгиз ўшал ёр кўйидин,

Сен нечун юзни бурарсен сўйидин?

      ҲИКОЯТ

БИР КИШИНИНГ ДЕНГИЗДАН САВОЛ

      СЎРГАНИ

Бир киши денгизга чўкди, сўрди ул:

Мунча мовийсен, сирингни сўйлагил?

Не учун устингда бул мотам тўни,

Ўт-олов йўқ, қайнагайсен ҳар куни?

Берди денгиз ул жавонмардга жавоб:

Ёр фироқида чекармен изтироб.

1005 Эр бўлиб мен унга лойиқ бўлмадим,

Ул сабаб устимда мотамлиғ тўним.

Ўлтирибмен ташналаб, мадҳуш, бас,

Ишқ ўти бирлан жўшармен ҳар нафас.

Тотсам эрди кавсаридин қатра тот,

Эшиги олдида топгайдим ҳаёт.

Кўйида мендек гадолар юз ҳазор,

Кеча-кундуз жон берурлар бор-бор…

БОЙҚУШНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Келди Бойқуш, ўйлаким девона ул,

Деди: тутган масканим вайрона ул.

1010 Чун харобот ичра очдим кўзни мен,

Кўрдим ул вайрона ичра ўзни мен.

Не иморатларки чун кошонадир,

Оқибат кўрдим, бари вайронадир.

Кимки бир мажлиси маъно истаюр,

Маст каби борсин хароботларга ул.

Тикладим жой анда айлаб жонга ранж,

Чун хароботхона эрмиш жойи ганж.

Ишқи ганжим бошлади вайронага,

Ўзга йўл йўқ етгали жононага.

1015 Элга ошкор этмадим ранжимни мен,

Токи очгаймен дебон ганжимни мен.

Ногаҳон ганжга оёғим ботгуси,

Нотавон кўнглим муродга етгуси.

Ишқи Симурғ ўйлаким афсонадир,

Унга кўнгил бойлаган девонадир.

Менга ул мардона ишқи не ҳавас,

Ишқи ганжим бирла шул вайрона, бас.


ҲУДҲУДНИНГ БОЙҚУШГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: эйки ганж ишқи-ла маст,

Ўйлаким, топдинг ўшал ганжи ҳавас.

1020 Мурда бил ганж устида ўзни тамом,

Умринг ўтгайдир, вале йўл нотамом.

Ишқи ганжу ишқи зар кофир иши,

Зарга бош эгмоқлик ул Сомир иши.

Зарпарастлик келди кофир қавмидин,

Сен магар келдингму Сомир қавмидин?

Ким кўнгил бергай кумуш, олтинга ул,

Рўзи маҳшар ўзга бир суврат олур.

      ҲИКОЯТ

БИР ЎҒИЛНИНГ МАРҲУМ ОТАСИНИ

ТУШИДА КЎРГАНИ

Ҳуққада зар йиғди марди бехабар85,

Ўлди ул, қолди ўшал бир ҳуққа зар.

1025 Бир йил ўтгач, кўрди чун фарзанди туш,

Отаси зор йиғлаган сичқон эмиш.

Айланармиш гир чу топмоқ қасдида,

Ул кўмлган ҳуққа, олтин устида.

Сўрди фарзанди: нечун бу ҳолдасен,

Нега келдинг бунда бул аҳволда сен?

Дедиким, кўмган эдим мен бунда зар,

Бормикин ул ё биров олмиш магар?

Сўрди: қайдин сенга сичқон суврати?

Дедиким, бордир бунинг бир ҳикмати.

1030 Гар киши олтинга бергайдир кўнгил,

Айланур маҳшар куни сичқонга ул.

Симу зарга этма меҳрингни увол,

Эй ўғил, сен бу сабоқдин ибрат ол.

САЪВАНИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Келди Саъва дил заифу тан низор,

Жонсарак эрди, оловдек беқарор.

Деди: мен ҳайрону фартут келмишам86,

Бедилу беқуввату қут келмишам.

Йўқ менинг бир филча қурбим, қудратим,

Бир чумолидек эмасдир қувватим.

1035 Борми, йўқ қўлу қанотим, белгисиз,

Мен нечук Симурғга етгум, эй азиз?

Қушки ожиздир, ҳаво этгай нечук?

Саъва Симурғ олдига етгай нечук?

Бу жаҳон ичра талабгор унга мўл,

Қайда менга ул сари бормоққа йўл?

Бас, насиб этмас менга андин висол,

Йўл босиб бормоқ малол узра малол.

Ерга юз сурмоқ бўлиб даргоҳида,

Ё ўлармен, ё ёнармен роҳида.

1040 Бас, йироқдирмен ўшал даргоҳдин,

Ўз Юсуфимни тилармен чоҳдин.

Чун йўқотдим чоҳда Юсуфимни мен,

Ахтариб, бир кун муқаррар топгамен.

Гар тополсам, унда жоним борича

Ёр ила парвоз этармен ойгача.

ҲУДҲУДНИНГ САЪВАГА ЖАВОБ БЕРГАНИ

Деди Ҳудҳуд: эйки шўхликдир ишинг,

Шўхлик ичра баски саркашлик ишинг.

Ҳийладир, макру риёдир айтганинг,

Айтганингга эътибор этгаймидим?

1045 Йўлга туш, дам урма ортиқ, юм даҳон,

Ёқсалар, турма кутиб, ёнгил ҳамон.

Филмасал, сен Яъқуб эрсанг ҳам магар,

Этма найранг, Юсуфинг бермас улар.

Рашк, ҳасад ўтдирки, ёнгайдир мудом,

Ишқи Юсуф жумла оламга ҳаром…

      ҲИКОЯТ

ЯЪҚУБНИНГ ЎҒЛИГА МУҲАББАТИ

Баски Яъқуб бўлди Юсуфдин жудо,

Бебасар бўлди, фироқ ичра адо87.

Кўздин оқди қонли ёши, тинмади,

Ҳар замон айтар сўзи Юсуф эди.

1050 Келди Жаброил, деди Ҳақ амрини:

Тилга олсанг қайта Юсуф исмини,

Маҳв этгаймиз азиз жонингни, ҳай,

Анбиёлар ичра номинг бўлмагай.

Эгди Яъқуб бошини, дам урмади,

Юсуф исмин тилга у келтирмади.

Қўйди тилдин, чунки бор эрди ваҳим,

Лекин ул жон ичра эрди мустақим.

Бир кеча туш кўрди Яъқуб ўғлини,

Қўлни чўзди, чорламоқ бўлди уни.

1055 Эслади лек амри Ҳақни шул шамон,

Ҳушни жамлаб, ўзни тийди ул ҳамон.

Тоқати тоқ бўлди аммо, чун адо,

Ногаҳон оқ чекди ўтлиғ, дардли оҳ…

Уйқудин уйғонди, турди ўрнидан,

Жабраил юзланди амри Ҳақ билан.

Гарчи сен Юсуфни тилга олмадинг,

Не эди ул хўрсиниб, оҳ урганинг?

Оҳ уриб, кўнгилда зикр этдинг уни,

Бас, ҳақиқат улки, буздинг тавбани.

1060 Айтмиш эрдик, исмидин дам урма деб,

Топшир Оллоҳга уни, қайғурма деб.

Ишқбозлик, боқ, не ғавғо келтирур,

Ақлу ҳуш бошига савдо келтирур.

ҚУШЛАРНИНГ УЗР СЎРАШГАНИ

Бошқа қушлар ҳам келиб чун галма-гал,

Бўйлаким бир узру маъзур айтдилар.

Ҳар бири андоқ жаҳолатманд эди,

Айтди ул даҳлизни, тўрни айтмади.

Сўйласам, бир-бир баён этсам ани,

Гап чўзилгай, баски маъзур тут мени.

1065 Улки ул узру баҳона айлагай,

Бас, нетиб боргай-да, анқо овлагай?

Жондин истарса, бўлур анқога ёр,

Кимки кечгай жонидин мардонавор.

Ошиёни ичра ўттиз дони йўқ,

Симурғ изларму? Бунинг имкони йўқ.

Битта дон излашга етмас ҳафсала,

Қайда юзлашмоққа куч Симурғ ила?

Бир қадаҳ май бирла битгай суҳбатинг,

Қайда ул майпаҳлавон-ла ишратинг?

1070 Заррага йўқ сенда зарра сабру тоб,

Қайда сенга васли ганжи офтоб?

Ғарқ бўлурсен қатрайи шабнамда хор,

Бас, нетиб денгиз тиларсен беканор?

Борни йўқ дерсан магарким, ёзни қиш,

Ҳар ювиқсизнинг иши эрмас бу иш…

УЧИНЧИ МАҚОЛА

ҚУШЛАРНИНГ ҲУДҲУДДАН САВОЛ

      СЎРАШГАНИ

Жумла қушлар кўрдилар не эрди ҳол,

Сўрдилар ул барча Ҳудҳуддин савол.

Эйки бизга раҳбари устоз ўзинг,

Балки сарварликда ҳам мумтоз ўзинг,

1075 Биз ҳама бундоқ заифу нотавон,

Қўл-қанотсиз, бир ҳовуч пар, хаста жон.

Не замон етгаймиз ул Симурғга чун,

Биттамиз етсак-да басдир биз учун.

Сўйла бизга не эрур нисбатда ул,

Кўр киши асрорни қандоқ излаюр?

Бизда мавжуд эрса гар нисбат анга,

Кўнглимизда қўзғалур рағбат анга.

Ул Сулаймон, биз чумоли, майдамиз,

Сол назар, ул қайдаю биз қайдамиз?

1080 Чун қудуқ банди чумолига тўсиқ,

Биз баланд Симурғга етгаймиз нечук?

Келмагай биз бенаволардин бу иш,

Бўлмагай шоҳлик гадолик бирла эш.

ҲУДҲУДНИНГ ҚУШЛАРГА ЖАВОБ

      БЕРГАНИ

Айтди Ҳудҳуд: эй қуруқ, афтодалар,

Ул бузуқ дилларга ишқдин не самар?

Эй гадолар, бесамарлик энди бас,

Ишқ ила кўнгли бузуқлик мос эмас.

Ишқ аро ким кўз очиб, топди сурур,

Ул оёғин ўйнатиб, жонбоз эрур.

1085 Билки, ул Симурғ очиб юздин ниқоб,

Ўзни гар этса аён чун офтоб,

Соялар бўлгай бари тупроққа жо,

Сояйи Симурғ қолур майдон аро.

Соясин оламга ул этгач нисор,

Неча қуш ҳар дам бўлурлар ошкор.

Жумла қушлар сувратин ҳам сарбасар

Сояйи Симурғ бил, эй бехабар.

Сен шуни бил аввало, шу билганинг

Ул буюк ҳазратга юзни бурганинг.

1090 Сўнгра огоҳ бўлгани этгил талош,

Баски бўлдинг, айлама бу сирни фош.

Кимки Ул бўлди, чу мустағрақ эрур,

Хошааллоҳ, унга ҳамдам Ҳақ эрур.

Шунга етсанг, гар эмассен ҳақ мудом,

Лек бўлурсен Ҳаққа мустағрақ мудом.

Марди мустағрақ ҳулулий бўлмағай,

Бул сухан қавли Фузулий бўлмагай.

Сояйи кимсен, шуни билдингми бот,

Гар ўликсен, гар тирик, топдинг нажот.

1095 Бўлмасайди гар Симурғ ошкор,

Даҳр аро қайдин бўлурди соявор?

Боз агар Симурғ бўлсайди ниҳон,

Соясин кўрмасди ҳар гиз бул жаҳон.

Ҳар неким солгай кўланка бунда ул,

Аввало бўлгай ҳувайдо унда ул.

Йўқса гар Симурғни кўргувчи кўзинг,

Кўзгудек равшан дилинг йўқ, юлдузинг.

Кимсада кўз йўкки, кўрса ул нигор,

Ки жамоли олди бул сабру қарор.

1100 Ҳуснига ишқ бойламак мушкул эрур,

Айламиш лутфу камолин кўзгу ул.

Кўзгу кўнгилдир, кўнгилга сол назар,

Токи кўргайсен жамолин, эй башар.

ҲИКОЯТ

ПОДШОНИНГ ОЙНАБАНД ҚАСР

      ҚУРГАНИ

Подшоҳ бор эрди чун соҳибжамол,

Ҳусни дунё ичра андоқ бемисол.

Мулки олам мусҳафи оёт анга,

Дилраболик парчами роёт анга.

Субҳи содиқ – чеҳрасидин бир нишон,

Руҳи қуддус – атридин анбарфишон.

1105 Жаннатул маъво унинг тимсоли, бас,

Ҳуснидин бир нусха эрди, бошқамас.

Лек бирор кимса жаҳонда бормикан

Ки ўшал ҳусну жамолдин баҳраманд?

Даҳр аро андин басе ғавғо эди,

Ишқидин эл бошида савдо эди.

Отланиб гоҳо чиқар эрди шитоб,

Юзига тортиб неча гулгун ниқоб.

Ул ниқобга кимса гар солса нигоҳ,

Бошидин ажрарди, гарчи бегуноҳ.

1110 Номини гар тилга олса қай бири,

Тонг эмас, дарҳол кесилгайди тили.

Васлини ким айлар эрса орзу,

Ақлу жонидин жудо бўлгайди у.

Ишқида жон бермоқ эрди мўътабар,

Юз умрдин яхшироқ эрди ўшал.

Ҳар куни кўйида минглаб жон нисор,

Бўйла ишқ эрди жаҳонда, бўйла кор.

Ишқида на сабру бардош бир даме,

Кўйида на тобу тоқатдин ғаме.

1115 Ким унинг кўрса жамолин ошкор,

Жон берар эрди соғинчдин зор-зор.

Бесабр эрди улус васлин сўраб,

На висоли, на фироқига, ажаб.

Гар бири сабр айласайди бир замон,

Шоҳ анга айлар эди васлин аён.

Лек бирида тобу тоқат йўқ эди,

Кутгали сабру қаноат йўқ эди.

Бўлмади бир кимса чун марди анинг,

Жон берарди, кўнглида дарди анинг.

1120 Ойина қурмоққа фармон берди шоҳ,

Токи ҳар дам унга солгай ул нигоҳ.

Шоҳни деб кошона бунёд этдилар,

Сўнгра ул ойинани ўрнатдилар.

Киргай эрди ул қасрга подшоҳ,

Ойина сорига ташларди нигоҳ.

Чеҳраси ойинада порлаб чунон,

Ҳар киши андин топар эрди нишон.

Сенда гар эрса жамоли ёри дўст,

Билки, дил – ойинайи дийдори дўст.

1125 Сен кўнгилга боқ, жамолин кўр анинг,

Жонни эт кўзгу, жалолин кўр анинг.

Подшоҳнинг маскани қасри жалол,

Нур таратгай унда офтоби жамол.

Ҳар кўнгил сори эрур подшоҳга йўл,

Лек топилмас ҳеч дили гумроҳга йўл.

Ул буюк шоҳингни сен кўнгилда кўр,

Аршни бир заррайи ҳосилда кўр.

Ҳар либоским, дашту саҳрода гўзал,

Соядир, солмиш уни Симурғ тугал.

1130 Сенга гар Симурғ кўрсатса жамол,

Соясин Симурғ деб айтгил бемалол.

Гар ҳама чил мурғу гар си мурғ эрур,

Неча кўрдим, сояйи Симурғ эрур88

МАНТИҚУТ-ТАЙР

Подняться наверх