Описание книги
Истиқлол қаддимизни ростлаб, ақлимизни пешлаб қарамликдан озод этди. Ўзлик, тафаккур ва маънавиятимизнинг тикланиши тарихимизнинг қора деб кўрсатилган жиҳатларини тўғри англашимиз, махфийликка маҳкум этилган воқеликнинг рўёбга чиқаришимиз имконини берди. Ушбу тадқиқот мана шу буюк имконият маҳсули – муаллифнинг кейинги бир неча йиллик изланишлари самараси ила дунёга келди. Унда Бухоро амирлигида чоракам икки аср давомида тўпланган беҳад катта ва беҳисоб олтин хазинасининг қисман тарихи ва тахминий миқдори, тақдир ва қисмати тарихий ҳужжат ҳамда чоп этилган бошқа манбалар асосида биринчи маротаба илмий жиҳатдан ўрганилиб, умумлаштирилган. Шунинг билан бирга хазина ҳақидаги ҳар хил мақсадда тарқатилган ёлғон ва уйдирмалар имкон даражасида таҳлил қилиниб, тарих фанига ҳозиргача маълум бўлмаган, хазина билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар ҳам берилган.Мазкур монографик асар илмий-оммабоп усулда ёзилган бўлиб, ўз мазмуни ва моҳиятига кўра, тарихчи ва иқтисод тарихи мутахасислари, банк ва молия ходимлари, тадбиркорлар, олий ўқув юртлари талабалари, умуман кенг китобхонларнинг илмий-маънавий эҳтиёж ва талабларини қондиришга хизмат қилади, деган умиддамиз.