Описание книги
Ушбу романга (асл номи «Лаҳад») 90-йилларнинг бошида сўнгги нуқта қўйилган эди. Шу сабабли ундан деворларини зах босган, қулаш арафасига келиб қолган, инсоннинг ботиний қувватини сўриш эвазига яшаган тузумнинг бадбўй ҳидлари анқиб турибди. Ўтган йиллар давомида мен асарни фақат таҳрир қилиш билан шуғулландим, холос. Неча бор уринмай, уни қайта ёзиш, воқеликни бошқа изга солишга кучим етмади. Ўтган йиллар ичида роман сифатида ўзини оқламайди деб, ичидаги баъзи бир бобларни мустақил ҳикоя сифатида эълон ҳам қилдим. Узоқ иккиланишлардан сўнг уни қай тарзда яралган бўлса, ўша ҳолатда қолгани маъқул, деган хулосага келдим. Ўзининг тириклигини, мавжудлигини исботлаб беролмаган, инсоннинг тириклиги ва мавжудлигини тан олмаган, инсонийлик шаън ва ғурурини хўрлаш ва ҳақоратлаш эвазига яшаган мустабид тузумдан чиқариладиган кичик бир сабоқ бўлиб қолиши учунгина уни барибир эълон қилишга жазм этдим.