Читать книгу ШАҲЗОДА ВА ГАДО - Марк Твен, ReadOn Classics, Charles Dudley Warner - Страница 1

Оглавление

МАРК ТВЕН

ШАҲЗОДА ВА ГАДО

Роман

Таржимон: Алишер САЪДУЛЛА

Бир одамдан тинглаганим ушбу қиссани у дадасидан, дадаси эса уни ўз отасидан ва униси ҳам ўзининг отасидан ва ҳоказо қандоқ кўринишда эшитган бўлсалар, мен ҳам худди ўшандоқ ҳолатда сизга ҳикоя қилиб бермоқчиман. Уч юз ва ҳаттоки ундан ҳам ортиқроқ йиллар давомида уни оталар ўз ўғилларига сўзлаб келганлар ҳамда ҳикоят келгуси авлодларга бекам-кўст етказиб берилган. Эҳтимол, бу тарихий кечмишдир, балким нақл ёхуд афсонадир. Хуллас, у ҳаётий воқеа ёки халқона тўқима, деб узил-кесил хулоса чиқармаганимиз маъқул. Ҳар ҳолда ушбу ишлар қачонлардир бўлиб ўтган бўлса ҳам ажабмас. Балки ўша қадим замонларда бу ривоятга донишмандлар ва олимлар ҳам қизиқиш билдиргандирлар, аммо лекигин унга фақат оддийгина, бесавод аҳли раият чин дилдан инонган ва севиб тинглаган бўлишлари шубҳасиз.

Муаллиф

Хуллас, замонанинг зайлими, ё тақдирнинг ҳазилими,ишқилиб 16 асрдаги англияда ҳукм сурган оғир ва шафқатсиз ижтимоий тузум иллатларининг бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш, аммо ўзаро ғирт бегона бўлган ва биргина тасодиф туфайли ҳаётда ўринлари алмашиб қолган икки нафар самимий ва софдил болакайлар ўз бошидан ўтказган гоҳи кулгили, гоҳида аянчли, баъзан қувончли, баъзида фожеавий саргузаштлари мисолида ақл бовар қилмас даражадаги ғаройиб ва ажойиб баёнидир.

Ёқимтой ва хуша[лоқ

фарзандларим −

Сузи ва Клара Клеменсга, чин

юракдан муҳаббат ҳисси ила

ушбу

китобни бағишловчи падари

бузургворларидан

СЎЗБОШИ

Бир одамдан тинглаганим ушбу қиссани у дадасидан, дадаси эса уни ўз отасидан ва униси ҳам ўзининг отасидан ва ҳоказо қандоқ кўринишда эшитган бўлсалар, мен ҳам худди ўшандоқ ҳолатда сизга ҳикоя қилиб бермоқчиман. Уч юз ва ҳаттоки ундан ҳам ортиқроқ йиллар давомида уни оталар ўз ўғилларига сўзлаб келганлар ҳамда ҳикоят келгуси авлодларга бекам-кўст етказиб берилган. Эҳтимол, бу тарихий кечмишдир, балким нақл ёхуд афсонадир. Хуллас, у ҳаётий воқеа ёки халқона тўқима, деб узил-кесил хулоса чиқармаганимиз маъқул. Ҳар ҳолда ушбу ишлар қачонлардир бўлиб ўтган бўлса ҳам ажабмас. Балки ўша қадим замонларда бу ривоятга донишмандлар ва олимлар ҳам қизиқиш билдиргандирлар, аммо лекигин унга фақат оддийгина, бесавод аҳли раият чин дилдан инонган ва севиб тинглаган бўлишлари шубҳасиз.

О, саховат!

Бормиш унда қўш ажр:

Марҳамат кўрсатгувчи ҳам,

Ва шафқатга ноил бўлмиш ҳам

Савобга дохил.

Қудратлилар илки

куч олар шафқатдан.

Ҳукмдорлар илтифоти –

ўзлари учун фазл:

У тож-тахтдан ҳам кўра

кўпроқ

Бағишлайди кўрк ва салобат.

Ш е к с п и р. “Венециялик

савдогар”1


I БОБ

ШАҲЗОДАНИНГ ТАВАЛЛУДИ ВА ГАДОНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИ

Бу воқеа ўн олтинчи юз йилликнинг иккинчи чораги охирида юз берди.

Куз кунларининг бирисида кўҳна Лондон шаҳрида қашшоқ Кентилар оиласида бир болакай бевақт дунёга келди. Айни ўша кунда давлатманд Тюдорлар хонадонида ҳам нафақат ўз яқинлари, балки бутун Англия сабрсизлик билан кутган ўғил таваллуд топди. Англия уни кўпдан буён орзуманд бўлиб кутган, шу ўғилни парвардигордан илтижо қилиб сўраган эди. Ниҳоят у олам юзини кўрганида эса, англияликлар қувончдан эсларидан айрилар ҳолатга келдилар. Ҳатто ўзаро нотаниш кишилар ҳам бир-бирларини қучиб-ўпиб, кўзларидан бахтиёрлик ёшларини тўкдилар. Ҳеч ким ишни ўйламайди, ҳаммалари байрам қилмоқдалар – камбағалу бойлар ҳам, ночору насабдорлар ҳам базми жамшид уюштириб, ўйин-кулгига берилиб, қўшиқлар айтиб, шаробхўрлик қиладилар. Бу маишатбозлик бир неча кун ва тун мобайнида тўхтовсиз давом этди. Кундуз куни Лондон ғаройиб томошахонага айланади: ҳар бир уйнинг айвончасида, томида рангдор байроқлар ҳилпирайди, кўчаларда тантанавор маросим нашидаси. Тунги манзара бундан ҳам гўзал: барча чорраҳаларда гулханлар гуриллайди, уларнинг атрофида эса беғам бекорчилар тўда-тўда бўлишиб кўнгилхушлик қиладилар. Бутун Англияда фақат ва фақат Уэльс шаҳзодаси, чақалоқ Эдуард Тюдор ҳақида гапиришади. Шаҳзода эса шоҳи-атлас йўргакларга бурканганича ётар экан, атрофида бўлаётган тўс-тўполонларни ҳам, атрофида олийнасаб тўралар ва хонимлар гирдикапалак бўлаётганларини ҳам сезмасдан-билмасдан бефарқ-бепарво пишиллаб ухлайверади. Лекин нариги гўдак ҳақида – эски увадаларга ўраб-чирмаб ташланган Том Кенти ҳақида бировдан ақалли биттагина сўз ҳам эшитмайсиз. Унинг тўғрисида фақат қашшоқ, ночор оиласидагина эслашиб, шунда ҳам шу чақалоқнинг туғилиши хонадонга ортиқча дахмаза, ададсиз ғам-ташвиш бўлганини сўзлардилар.

II БОБ

ТОМНИНГ БОЛАЛИГИ

Келинг, бир неча йил олдинга ҳам озроқ одимлаб қўяйлик.

Лондон ўн беш асрдан буён мавжуд бўлиб, ўша даврлар учун анча катта кентлардан ҳисобланарди. Унинг юз минг аҳолиси бор эди, баъзилар ҳатто икки юз минг киши яшаган ҳам дейишади. Кўчалари тор, қийшиқ-қинғир ва ифлос, айниқса Том Кенти яшайдиган Лондон кўприги яқинидаги жойларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Кулбалар ёғочдан тикланган; хонадонларнинг иккинчи қавати биринчисининг елкасига мингашиб олган, учинчи қаватнинг тўсинлари эса иккинчисининг пешанасидан туртиб чиқиб турибди. Уйлар қанчалик баланд бўлса, шунчалик кенгайиб ҳам кетган. Биноларнинг синчлари бир-бирига кўндаланг қилиб тикланган бақувват ходалардан тикланган; синчлар ораси қаттиқ жинслар билан тўлдирилиб, сирти сувоқ билан қопланган. Уйларнинг устунлари хонадон соҳибининг таъбига монанд қизил, кўк ёинким қора рангга бўялиб, уйларга ғоятда чиройлик манзара бахш этган. Деразалари кичкинагина, ойна катаклари майда бўлиб, ошиқ-мошиқлари эшик табақаларига ўхшаб ташқарига очилади.

Томнинг отаси истиқомат қилган уй Мечкайлар растасининг ортидаги бадбўй берккўчада жойлашган. Берккўча Сарқитлар Ҳовлиси деб аталади. Уй кичкина, эски, хароб, унинг ҳар бир тешик-тирқишидан қашшоқлик нафаси уфуриб туради. Кентилар оиласи учинчи қаватдаги бир хужрани эгаллаган. Томнинг ота-онаси озми-кўпми катга ўхшашроқ бир жиҳозга эга бўлиб қолишган. Аммо унинг ўзи, бувиси, иккита опаси – Бэт ва Нэнга бундай қулайлик насиб қилмаган: улар хона саҳнидаги истаган жойларида чўзилиб ухлайверишлари мумкин. Икки-учта увада чойшаб бўлаклари ва бир неча уюм эски, чириган, ифлосланган похол уларнинг ихтиёрларида бўлса-да, буларни ҳеч қанақасига тўшак деб аташ мумкин эмас. Бу тўшама ҳар куни эрталаб бир бурчакка уйиб қўйилади, тунга яқин ҳар ким ўзига маъқул увадани ажратиб олаверади.

Бэт билан Нэн − ўн беш яшарлик эгизак қизлар, мулойимгина иркитойлар бўлиб, жулдур кийимларда юришади, ўзлари ғирт бесавод. Оналари ҳам бу борада қизларидан унчалик фарқ қилмайди. Аммо отаси билан бувисини нақ иблиснинг ўзи дейсиз: улар имкон топган жойларида шароб ичиб олиб, бир-бирлари билан ёки рўпараларидан ким чиқиб қолса ўша билан уриш-жанжал қилишади. Икковлари маст ҳолларида ҳам, хушёр пайтларида ҳам ҳар қадамда оғизларидан сўкиш-қарғиш ва турли қўланса сўзлар чиқади. Жон Кенти ўғри, унинг онаси эса тиланчи эди. Улар болаларни тиланчилик қилишга мажбур қилишарди-ю, лекин ўғрилик қилишга ҳеч кўндира олмасдилар.

Уйни тўлдириб турган қашшоқлар ва ўғрилар орасида уларнинг сирасига кирмайдиган бир одам ҳам яшар эди. У хушфеъл кекса руҳоний бўлиб, қирол уни бир неча мис чақалик нафақа билан том маънода кўчага улоқтирганди. У кўпинча болаларни ота-оналарига билдирмасдан, яширинча ўз хонасига бошлаб кирар ва уларга эзгуликдан сабоқ берарди. Қария Томга ўқишни ва ёзишни ўргатди ва Том ундан лотин тили бўйича ҳам озроқ билим олди. Қария қизларга ҳам савод ўргатмоқчи бўлди-ю, лекин қизлар кўчадаги дугоналари уларнинг шу аҳволларига савод ўрганиб олганлари учун мазаҳ қилишлари тайинлигидан чўчишди.

Бутун Сарқитлар Ҳовлиси худди Кентилар яшаган уй каби ари уясининг нақ ўзи эди. Ичкиликбозлик, жанжал ва муштлашувлар бу ерда одатий ҳол. Тўс-тўполонлар ҳар кеч содир бўлиб, деярли тонгга қадар давом этади. Сўйилда чақилган каллалар ҳам бу ерда очлик ва қаҳатчилик каби кундалик ҳолат. Бу ерда туриш-турмуш шундоқ аянчлик эрса-да, митти Том ўзини ҳеч ҳам бахтсиз сезмасди. Аксар ҳолларда кичкина жони азобда қолиб турган тақдирда ҳам у бошига тушган уқубатларга унчалик аҳамият бериб ўтирмайди: Сарқитлар Ҳовлисидаги барча болаларнинг қисмати эди бу; шу боис болакай ўзгача ҳаётни тасаввур ҳам эта олмасди. Том кечки пайт уйига икки қўли бўш кириб борса, отаси бўралатиб сўка-сўка аямай калтаклашини, бувиси ҳам тинч турмаслиги, ярим тунда эса доимий оч-наҳор онаизори биқинибгина келиб, ўзи емасдан, боласи учун яшириб олиб қўйган қоқ нон бўлагиними ёки овқат қолдиғиними, астагина узатишини яхши билади. Ҳолбуки, шўрпешана аёл неча марталаб мана шу номақбул иши устидан қўлга тушиб, эвазига эрининг беаёв калтакларига дучор бўлган.

Гапнинг пўсткалласини айтсамиз, Томнинг ҳаётини жуда унақа оғир деб ҳам бўлмасди, масалан, ёз ойларида. У отасининг дўппослашларидан қутулиш учун кўчада ўлганининг кунидан, номигагина тиланиб қўярди. Чунки мамлакатда тиланчиликка қарши қонунлар жуда шафқатсиз бўлиб, жиноят устида қўлга тушган гадолар ниҳоятда қаттиқ жазоланар эдилар. Бола кўп-кўп соатларни роҳиб Эндрюнинг ёнида ўтказар, унинг девлар ва пакана одамлар, жодугарлар ва паризодлар, афсунлаб қўйилган қасрлар, олийжаноб подшоҳлар ва одампарвар шаҳзодалар ҳақидаги узундан узоқ қадимий афсоналари ва эртакларини тинглаб ўтирарди. Унинг онгию тасаввури ана шу ғаройиботлар билан тўла бўлиб, болакай кўпинча тун қоронғисида, баданни ачитиб ботадиган юпқагина похол тўшама устида, тинкаси қуриган, оч-наҳор, калтакланган ҳолда ётган кўйи ушалмас орзуларига эрк берар, тортган аламлари-ю изтиробларини тезда унутиб, ўзини подшоҳ саройидаги эрка шаҳзода сифатида тасаввур қилиб, роҳатбахш ҳаётнинг лаззатли манзараларини кўз олдига келтирарди. Туну кун уни биргина истак бетиним таъқиб этиб юрарди: қанийди бирорта ростакам шаҳзодани ўз кўзи билан кўрса. Бир сафар у ўзининг шу орзусини Сарқитлар Ҳовлисидаги ўртоқларига айтганди, улар бечорани масхаралаб, шу қадар бешафқат мазаҳ қилишдики, у бундан кейин ўз орзуларини ҳеч ким билан баҳам кўрмасликка шартта онт ичиб юборди.

Болакай роҳибнинг ҳузурида кўпинча қадимий китобларни ўқиб ўтирарди. Унинг илтимоси билан руҳоний бу китобларнинг маъносини тушунтирар, баъзан эса уларнинг мазмунини ўзининг ҳикоялари билан тўлдирарди. Тизгинсиз орзу-истаклар ва афсона китоблар Томнинг қалбида ўз изини қолдирди. Унинг хаёлотидаги аслзода қаҳрамонлар шу қадар назокатли ва салобатли ясан-тузан қилиб олган эдиларки, Том ўзининг жулдур кийимларидан, аъзойи баданининг иркитлигидан уяла бошлади ва тозароқ юриб, озодароқ кийинишни истаб қолди. Тўғри, у эндиликда ҳам бажонидил ахлатхона ичида егулик излаб юрар, аммо Темзада чўмилиш унинг учун фақат шунчаки эрмак эмасди: энди дарё сувлари унинг кирларини ювиб кетиши болага хуш ёқа бошлаганди.

Том Чипсайддаги май устуни2 атрофида ёинким байрамбозорларда ўзига ўзи эрмак топиб юрарди. Вақт-вақти билан у ҳам бирорта бебахт машҳур одам қамоқхонага олиб кетилаётган пайтларда бошқа барча лондонликлар каби ҳарбий намойишни томоша қилишга муваффақ бўлиб қоларди. Ёз кунларининг бирида Том Смитфилдда шўрпешана Энн Эскюни3 ва у билан бирга яна уч кишини гулханда ёндиришганига гувоҳ бўлган; у аллақандай собиқ черков бошлиғининг маҳкумларга узундан узоқ маъвиза қилганини эшитди-ю, лекин болани бу насиҳатлар унчалик қизиқтиргани ҳам йўқ… Ҳа, умуман олганда, Томнинг ҳаёти анчайин турли-туман томошаларга бой ва ёқимли эди.

Китобларни ўқиш ва шоҳона турмуш орзуси алал оқибат Томга шу қадар кучли таъсир кўрсатдики, у ўзи ҳам сезмаган ҳолда кўчадаги ўртоқларини қойил қолдирган ва роса кулдирган кўйи шаҳзода қиёфасида намоён бўла бошлади. Унинг нутқи ва хатти-ҳаракатлари тантанаворлик ва улуғворлик касб эта борди. Сарқитлар Ҳовлисида болакайнинг нуфузи ўсиб бораркан, тенгдошлари унга тобора худди олий мавжудотдай қараб, қойил бўлиб, эҳтиром билан муносабатда бўлишга кўника бошладилар. Уларга бу ўртоқлари гўё ниҳоятда кўп нарсани биладигандай, у гўё ғаройиб гапларга ва ишларга қодирдай туюларди. Томнинг ўзи ҳам жуда ақлли ва билимдон эди-да! Болалар Томнинг ҳар бир фикр-мулоҳазаси ва ҳар бир хатти-ҳаракати ҳақида катталарга сўзлаб беришарди. Тез орада катталар ҳам Том Кенти ҳақида гапириб, унга худди фавқулодда қобилиятли, ғайриоддий боладай қарай бошлашди. Катта ёшли кишилар муаммоли вазиятларда унга маслаҳат сўраб мурожаат этишар ва кўп ҳолларда унинг топағонлигидан ҳамда қарорларининг оқилона эканидан ҳайратга тушишар эди. Том бу орада ҳамма таниш-билишлари учун қаҳрамонга айланди, фақат яқинларигина унда ҳеч қандай ўзига хосликни кўрмас эдилар.

Унчалик кўп ҳам вақт ўтмасидан Том ҳақиқий шоҳона саройлик бўлиб олди! У энди “ростакам” шаҳзода эди: яқин ўртоқлари унинг муҳофизларига, камергерга, шталмейстерга, сарой аъёнларига, канизакларга ва подшоҳ оиласи аъзоларига айланишди-қўйишди. Ҳар куни сохта шаҳзодани Том қадимий романлардан ўқиб ўрганган тантанавор русумларга кўра кутиб олишади; ҳар куни унинг хаёлий салтанатига тегишли буюк ишлар қироллик кенгашида муҳокама этилади; ҳар куни сохта шаҳзода ҳазрати олийлари хаёлий лашкарлари, денгиз қўшини ва хорижий амлокдорларига буйруқлар берарди.

Кейин у эгнидаги ўша увадаларида тиланчилик қилишга чиқар, бир неча фартинг садақа қилишларини сўрар, қоқ нон ғажиб, калтак ва сўкишлардан кундалик насибасини олиб бўлгач, бадбўй похол уюми устига чўзилганича, яна ўзининг тасаввурида мавжуд бўлган буюклиги ҳақидаги орзуларга берилади. Ақалли бир мартагина бўлса ҳам ростакам шаҳзодани кўриш истаги кун сайин, ҳафта сайин кучайиб бориб, охир оқибат боланинг барча хоҳишларини тўсиб қўйди ва унинг ягона тилагига айланди.

Январ кунларидан бирида у ҳар кунгидай садақа сўраш учун кўчага йўл олди. Бир неча соат мобайнида ялангоёқ, совуқдан қақшаган, ғамга ботган кўйи Менсинг-Лейн ва Литтл-Ист-Чип атрофида санғиб, таомхоналарнинг деразасидан ичкарига мўраларкан, токчаларга териб қўйилган айниган қиймагўштлар ва одамзод ихтиро қилган бошқа ажаловар емишлардан сўлаклари оқиб кетди: бола учун булар фаришталаргагина насиб этувчи жаннатий таомлар эди. Ҳар ҳолда улар ҳидига кўра шундай туюларди – Том ҳали бунақа егуликларни тотиб ҳам кўрмаган. Муздай майда ёмғир шивалаб турибди; кун ҳам зерикарли ва рутубатли. Кечки пайт Том уйига шу қадар ивиган, тинкиси қуриган, очиққан ҳолда қайтдики, ҳатто дадаси билан бувиси ҳам гўё унга ачингандай эдилар – ўзларига хос аснода албатта: яъни уни савалаб, бўралаб сўкишлар билан тезгина сийлашдию, ухлашга рухсат этишди. Анча вақтгача оғриқ ва очлик, шунингдек қўшниларнинг жанжал-тўполонлари ва уриш-сўкишлари унга уйқи бермади, лекин охир-оқибат боланинг хаёллари олис ғаройиб ўлкалар томон парвоз қилди ва у бошларидан оёқларига қадар олтин-кумуш ҳамда қимматбаҳо тошлар билан безанган шаҳзодалар орасида уйқуга чўмди. Бу шаҳзодалар улкан саройларда истиқомат қиладилар, хизматкорлар эса итоаткорлик билан уларнинг атрофларида парвона бўладилар ёинким соҳибларининг фармойишларини адо этмоқлик учун зувиллаб учадилар. Кейин эса бола одатига кўра тушида ўзи ҳам шаҳзода эканини кўрди.

Тун бўйи Том ўзининг шоҳона улуғворлигидан лаззатланди; тонгга қадар у зодагонлар ва сарой хонимларининг қуршовида бўлди; ёрқин чироқлар ёруғида ўшаларнинг даврасида юраркан, ғаройиб хушбўйликлар исидан роҳат олади, ёқимли мусиқадан завқланиб, қаршисида унга йўл очиб бораётган оломоннинг эҳтиромли таъзимларига жавобан гоҳ табассум қилади, гоҳ шоҳона бош ирғаб қўяди.

Эрталаб, уйқисидан уйғониб, ўзини қуршаб турган қашшоқликка яна кўзи тушгач, атрофдаги ҳамма нарса, – ҳар доимгидай, шу каби тушлардан сўнг бўладигандай, – унга яна минг баробар расвороқ туюлиб кетди. Ғарибгинанинг юраги аламдан эзилиб, ўкинчидан йиғлаб юборди.

III БОБ

ТОМНИНГ ШАҲЗОДА БИЛАН УЧРАШУВИ

Том оч ҳолатида ўрнидан турди, очлигича уйидан имирсилаб чиқди, лекин ўй-тафаккури тунги тушларининг ғойибона ғаройиботлари билан банд эди. У паришонхаёллик билан кўчаларни кезиб юраркан, қаерга кетаётганини ҳам, атрофида нималар кечаётганини ҳам сезмасди. Кимлардир уни туртади, кимдир сўкади, лекин болакай ўз орзулари оғушида ҳеч нарсани кўрмайди ҳам, эшитмайди ҳам. Ниҳоят Том беихтиёр Темпл-Бар дарвозаси олдига келиб қолди. Бундан уёғига у ҳали ҳеч қачон ўтган эмасди. Бола жойида бир оз тўхтаб туриб, қаерга келиб қолганини англашга уринди. Кейин орзу-ўйлари уни яна ўз оғушига олиб, шаҳар деворларидан ташқарига чиқиб кетди. У вақтларда Стренд аллақачон қишлоқ йўли бўлмай қўйган ва ҳатто кўча деб аталадиган даражага етиб қолганди, – лекин аслида бундай аталишга ҳақли эмасди. Чунки Стренднинг бир тарафида деярли бир қатор уйлар чўзилиб кетган бўлса-да, бошқа тарафидаги иморатлар бир-биридан анча олисда жойлашган – булар давлатманд зодагонларнинг дарё бўйига тушиб борувчи катта боғлар билан ўралган хашаматли қасрлари эди. Бизнинг давримизда бу боғлар ўрнида тош ва ғиштдан қурилган файзсиз зич иморатлар чақиримлаб чўзилиб кетган.

Том Черинг қишлоғига келиб қолди ва қачонлардир ўтмишда рафиқасининг ўлимидан сўнг тул қолиб, мусибатга чўмган подшоҳ тиклаган чиройли хочнинг тагида ўтирди; кейин яна бўм-бўш ажойиб йўлдан шошмайгина юриб кетди. У кардиналнинг хашаматли қасридан ўтди ва янада маҳобатлироқ ва улуғворроқ Вестминстер саройи томон йўналди. Ҳайратга тушган ва бахтиёр ҳолда болакай қанотларини кенг ёйган улкан иншоотга, унинг ваҳимали қўрғонлари ва минораларига, панжаралари зарҳалланган улкан тош дарвозаларга, гранитдан йўнилган ҳайбатли шер ҳайкалларига ва инглиз подшоҳлик тузуми ҳукмронлигининг бошқа рамзларига боқди. Наҳотки унинг энг ардоқли орзуси рўёбга чиқадиган вақт етиб келган бўлса? Бу ахир подшоҳ саройи-ку. Балки қисмат Томга илтифот кўрсатиб, у ростакам шаҳзодани – хаёлийсини эмас, тирик шаҳзодани кўришга муваффақ бўлар?

Зарҳал дарвозанинг ҳар икки тарафида иккита тирик ҳайкал – бошидан оёғигача ялтироқ темир совутга бурканган тик ва ҳаракатсиз соқчилар туришарди. Саройдан анчагина нарида қирол оиласи аъзоларидан бирортасини ҳеч бўлмаса кўз қири билан кўриб қолиш истагидаги деҳқонлар ва шаҳарлик фақирлар кўзга ташланади. Ясаниб олган жаноблар ўтирган ва ташқи харрагида худди шундоқ тарзда олифта кийинтириб қўйилган хизматкорлар жойлашган кўшк-аробалар сарой қўрғонининг кўп сонли салобатли дарвозаларидан кириб-чиқиб турибди.

Увадаларни ёпиниб олган шўрлик кичкина Том қўрғонга яқинлашди ва соқчиларнинг ёнидан секинлик билан, қўрқибгина ўтиб олди; унинг юраги питирлаб урар, қалбида заифгина ишонч куртак оча бошлаганди. Ва у баногоҳ зарҳал панжара ортида шундай манзарага кўзи тушдики, қувончининг зўридан қичқириб юборишига бир баҳя қолди. Иҳота ортида ёқимтойгина бир болакай турарди: очиқ ҳаводаги ўйинлардан ва жисмоний бадантарбия машғулотларидан қорайган ва тобланган, ярқироқ қимматбаҳо тошлар билан безатилган шоҳи ва атлас либослар кийган; ёнбошида чақноқтошлар қадалган жажжигина қилич ва ханжар осиб олган; оёғида қизил пошнали, қўнжи баланд бежирим этик, бошида эса қимматбаҳо тош билан қадалган патлари елкасигача тушиб турган чиройли қирмизи қалпоқ. Унга яқинроқда башанг кийиниб олган бир нечта жаноблар туришибди – улар хойнахой болакайнинг хизматкорлари бўлиши керак. О, бу албатта шаҳзода! Ҳақиқиқй тирик подшоҳзода! Бунга шубҳанинг шарпаси ҳам бўлиши мумкин эмас. Ниҳоят қашшоқ боланинг ўтинчлари ижобатини топди!

Том энтикиб нафас ола бошлади, ҳайратдан ва қувончдан унинг кўзлари косасидан чиққудай катта-катта бўлиб кетди. Айни шу дақиқада унинг бутун вужуди барча бошқа туйғуларини ювиб кетган биргина кучли истак билан йўғрилган эди: шаҳзодага янада яқинроқ бориш ва унга тўйиб-тўйиб тикилиш. У нима қилаётганини ўзи ҳам англамаган ҳолда дарвоза панжарасига ёпишди. Лекин шу лаҳзадаёқ аскарлардан бири қўполлик билан болани қўрғондан нарига судраб, шундай куч билан қишлоқи бекорчилар ва шаҳарлик танбаллар тўдаси томон улоқтирдики, шўрлик худди пилдироқ каби чир айланиб кетди.

– Ўз жойингни бил, дайди! – пўписа қилди аскар.

Оломон ҳо-ҳолай бошлади, аммо ёш шаҳзода дарвоза ёнига югуриб келди, юзлари ёниб, кўзларидан ғазаб учқунларини чақнатган кўйи дўқ урди:

– Ночор ўспиринни ранжитишга қандай ҳаддинг сиғди? Қирол отамнинг ҳатто энг хароб фуқароси бўлган тақдирда ҳам, унга қўпол муносабатда бўлишга қандай журъат этдинг? Дарвозани оч, у ичкарига кирсин!

Беқарор, муте оломоннинг шаҳзодага таъзим учун бел букканини, бош кийимини ечиб, қуллуқ қилганини бир кўрсангиз эди! Омма қандай қувонч билан қичқириқ бошлаганини ўзингиз эшитсангиз эди: “Яшасин Уэлс шаҳзодаси!”

Аскарлар ойболталарини баланд кўтариб эҳтиром изҳор этгач, дарвозани очдилар ва уларнинг ёнгиналаридан Қашшоқлик ҳукмдори увадаларини шалвиратиб ўтиб, Туганмас Бойликлар шаҳзодаси билан қўл беришиб саломлашаётганида яна бир бор ҳурмат билдирдилар.

– Сен очиққан ва жуда ҳориганга ўхшайсан, – деди Эдуард Тюдор. – Боз устига ҳафа ҳам қилишди. Ортимдан юр.

Ўн нафардан ошиқ сарой мулозимлари олға югуриб кетишди – негалигини билолмадим: балки бўлаётган ишларга ўзларича қай тарздадир аралашмоқчи бўлишгандир. Лекин шаҳзода уларни ҳақиқий шоҳона қўл ҳаракати билан четлатди ва ҳаммалари шу ондаёқ жойларида худди ҳайкалдай тош қотдилар. Эдуард Томни саройдаги хашамат билан безалган хос хонага олиб кирди, уни хизмат хонаси деб атади. Подшоҳзоданинг буйруғи билан шунақанги ғаройиб егуликларни олиб келишдики, Том уларни умрида кўрган эмасди, айримлари ҳақида фақат китоблардан ўқиган холос. Эдуард қашшоқ меҳмонни ўзларининг нафратомуз нигоҳлари билан ноқулай аҳволга солмасликлари учун хизматкорларни шаҳзодаларга хос илтифот ва эҳтиром ила чиқариб юборди, ўзи эса Томнинг ёнига ўтирди ва у таомланаётган пайтида болани саволга тутди.

– Сенинг исминг нима, йигитча?

– Ижозатингиз билан Том Кенти4, жаноб.

– Исминг ғалати экан. Қаерда истиқомат қиласан?

– Лондонда, ҳазрати олийларига маълум қилишга журъат этганим учун узр сўрайман. Мечкайлар растаси ортидаги Сарқитлар Ҳовлисида яшайман.

– Сарқитлар Ҳовлиси! Яна бир ғалати ном!.. Сенинг ота-онанг борми?

– Ота-онам бор. Мен унчалик ёқтирмайдиган бувим ҳам бор, – агар бу ишим гуноҳ бўлса, парвардигор ўзи кечирсин!.. Яна менинг опаларим ҳам бор – Нэн ва Бэт, улар эгизаклар.

– Назаримда, бувинг сенга меҳрибон эмас, шекилли?

– Бувимнинг ҳеч кимга меҳри йўқ, буни сиз аъло ҳазратларига айтишга журъат этганим учун маъзур тутасиз. Кампирнинг юрагида эзгуликдан асар ҳам йўқ, у бутун кунини фақат ёвузлик қилиш билан ўтказади.

– У сени ҳафа қиладими?

– Бувим фақат ухлаган пайтида ёки мусалласдан мияси карахт бўлган пайтдагина мени хўрламайди. Лекин онги жиндайгина тиниқлаша бошласа, мени икки баравар қаттиқроқ савалайди.

Ёш шаҳзоданинг кўзлари ғазабдан чақнаб кетди.

– Қанақасига? Урадими? – қичқириб юборди у.

– Худди шундай, эътироф этмоққа рухсат бергайсиз, аълоҳазрат!

– Савалайди! Сени-я? Шундай заиф, кичкина болани-я! Менга қара! Ҳали тун зулмати тушмасидан туриб, уни кишанлашади ва Тауэр зиндонига ташлашади. Менинг қирол отам…

– Жаноб, менинг бувим паст табақадан эканини унутдингиз чоғи. Тауэр зиндони эса зодагонлар учун.

– Орий рост! Буниси хаёлимга келмабди. Лекин бувингни қандай жазолашни ўйлаб кўраман. Отанг сенга меҳр кўрсатадими?

– У ҳам Кенти бувимдан кўра меҳрибонроқ эмас, тақсир.

– Ўзи ҳамма оталар бир хил шекилли. Менинг падари бузургворим кўнгли бўшлардан деёлмайман. Мушти ҳам оғиргина, лекигин менга қўл кўтарган эмас. Аммо ростини айтсам, ўхшатиб бўралатиб сўкишдан унчалик ўзини тутиб ўтирмайди. Онангнинг сенга нисбатан муносабати қандай?

– У меҳрибон, тақсир, менга ҳеч қачон изтиробни ҳам, уқубатни ҳам раво кўрмайди. Нэн билан Бэт ҳам менга онам каби ғамхўр.

– Улар неча ёшда?

– Ижозатингиз билан, ўн бешда, жаноб.

– Менинг опам, ойимқиз Элизабет ўн тўрт ёшда. Жейн Грей, тоғамнинг қизи мен билан тенгдош; улар икковлари ҳам ёқимтой ва оқкўнгил қизлар; лекин менинг яна бир опам – ойимқиз Мэри жуда баджаҳл, юзи бирам тунд… Айтгин-чи, сенинг опаларинг чўриларнинг кулишини тақиқлашадими? Кулган одамнинг руҳи гуноҳ билан ифлосланармиш.

– Менинг опаларим-а? Тақсир, сиз уларнинг чўрилари бор деб ўйлаяпсизми?

Шаҳзода митти гадоваччага бир муддат ўйчан тикилиб турди, кейин астагина деди:

– Марҳамат қилиб айтгин-чи, улар чўриларсиз қандай яшашлари мумкин? Кечаси уйқуга ётишда уларнинг кийимларини ким ечиб қўяди? Эрталаб уйғонганларида либосларини ким кийдиради?

– Ҳеч ким. Жаноб, сиз уларнинг тунда худди ёввойи маҳлуқлар каби кийимсиз ухлашларини хоҳлайсизми?

– Кийимсиз? Наҳотки уларнинг фақат биттадан кўйлаклари бўлса?

– Эҳ, ҳазрати олийлари, уларга ортиқчасининг нима кераги бор? Ахир ҳеч бир одамнинг иккитадан танаси бўлмайди-ку.

– Қандай ғалати ва ғаройиб фикр! Кулганим учун маъзур тутасан; сени ҳафа қилиш ҳаёлимда ҳам йўқ эди. Сенинг оқкўнгил опаларинг Нэн ва Бэтнинг тез орада кўплаб кўйлаклари ва чўрилари бўлади: менинг хазиначим бу борада шахсан ғамхўрлик қилади. Миннатдорлик билдиришнинг ҳожати йўқ. Бу арзимаган нарса. Сен яхши гапираркансан, енгил ва чиройли. Фанларни ўрганганмисан?

– Нима дейишниям билмайман, тақсир. Илтифотли роҳиб Эндрю марҳамат кўрсатиб, ўз китобларидан менга сабоқ берган.

– Лотин тилини биласанми?

– Бу борада билимларим ниҳоятда саёз шекилли-да.

– Ўрганишинг керак, азизим – бу нарса бошланишида машаққатлироқ бўлади, холос. Юнон тили ундан кўра оғирроқ. Лекин назаримда лотинча ҳам, юнонча ҳам ва бошқа тиллар ҳам Элизабет хонимга ва тоғамнинг қизига ҳеч ҳам қийин эмас. Бу ёш хонимчалар ажнабий тилларда қандай сайрашларини бир эшитсанг эди! Сен яхшиси менга сизларнинг Сарқитлар Ҳовлиси ҳақида сўзлаб бер. У ерда ҳаётинг кўнгилхушликда ўтадими?

– Ижозатингиз билан айтишим мумкинки, у ер ҳақиқатан қувончларга бой, оч қолмаган пайтларимизда, албатта. Бизга Панч билан Жудини кўрсатишади, яна маймунчаларни ҳам. О, улар жуда томошабоп ҳайвонлар! Либослари шунақанги рангдор! Бундан ташқари, бизга турли бошқа томошалар ҳам кўрсатишади: актёрлар ўйнашади, қичқиришади, муштлашишади, кейин бир-бирларини ўлдиришади ва жонсиз ҳолда ерга қулашади. Жуда мириқиб кўрадиган томошалар-да. Нархиям бир фартинг, холос; лекин ўша фартингни топишнинг ўзи бўлмайди-да, агар ижозатингиз билан айтсам, аъло ҳазратлари.

– Яна сўзлаб бер!

– Биз болалар баъзан Сарқитлар Ҳовлисида худди халфалар каби таёқ қиличларда уруш-уруш ўйнаймиз.

Шаҳзоданинг кўзларидан ўт чақнаб кетди.

– О-ҳо! Мен ҳам жон деб ўйнаган бўлардим. Яна нималарни айта оласан?

– Яна қувлашмачоқ ўйнаймиз, тақсир, ким ўзарга югуришамиз.

– Роса менбоп кўнгилхушлик экан. Яна-чи?

– Ёзда-чи, тақсир, биз арналарда чўмиламиз, сузишамиз, бир-биримизга сув сачратамиз, ўртоқларимизнинг бўйнидан ушлаб, сув остига шўнғишга мажбур қиламиз, қичқиришамиз, сакрашамиз, яна…

– Мен бир мартагина шунақанги шўхлик қилиш учун падари бузургворимнинг бутун қироллигини ҳадя этиб юборган бўлардим. Илтимос, яна шунақа нарсалардан сўзлаб бер!

– Бизлар Чипсайддаги май устуни атрофида ўйнаймиз; бир-биримизни томоғимизгача қумга кўмиб қўямиз; лойдан ширинкулчалар ясаймиз… Бизнинг лойни худди хамир дейсиз! Дунёда ҳеч нарса ҳаммомпиш ўйинига етмайди. Биз балчиққа мириқиб ағанашамиз, гапимни кўнглингизга олмайсиз, тақсир.

– Бошқа ҳеч нарса дема, илтимос қиламан! Ҳаммаси ажойиб! Агар мен сенинг увадангга ўхшаган кийимга ўралиб олишнинг иложини топганимда эди, роса яёв юрардим, лойқа кўлмакка мириқиб думалардим. Бор-йўғи бир мартагина бўлса ҳам майли эди, фақат ҳеч ким уришмаса ва йўлимни тўсмаса бас, – эҳтимол, бунинг эвазига жон-жон деб тож-тахтимни бериб юборардим.

– Мен эса, бир марта бўлса ҳам сиз каби кийинсам эди, аъло ҳазратлари… бир мартагина бўлса ҳам рози эдим…

– Сен ҳали шунинг орзусида эдингми? Майли, сен истаганча бўлақолсин! Увадаларингни ечгин-да, мана бу башанг либосларни кийиб ол. Икковимиз ҳам қисқа муддатли бахтга эришамиз, лекин бу билан қувончимиз камайиб қолмайди! Имкон борида бир роҳатланиб шўхлик қиламиз, кейин бизга халақит бермасларидан олдин яна ўз кийимларимизни кийиб оламиз.

Беш дақиқа ҳам вақт ўтмасидан туриб, Уэлс шаҳзодаси Томнинг увадаларига бурканиб олди, митти Қашшоқлик шаҳзодаси эса – ажойиб, рангдор шоҳона либос кийиш бахтига муяссар бўлди. Икковлари катта кўзгу қаршисига келдилар ва – ана мўъжиза! – ўзларини гўё кийимлари ҳеч ҳам алмаштирилмагандай ҳис этдилар! Улар аввал бир-бирларига қарашди, сўнг кўзгуга тикилишди, кейин эса яна бир-бирларига. Ҳайратда қолган шаҳзода ниҳоят тилга кирди:

– Сен бунга нима дейсан?

– Эҳ, ҳазрати олийлари, бу саволингизга мендан жавоб талаб қилманг. Менинг насабимда бундай нарсалар ҳақида сўзлаш раво эмас.

– У ҳолда бу ҳақда мен айтаман. Сенинг сочларинг, кўзларинг, овозинг, қадам ташлашинг, бўй-бастинг, қаддинг, юзинг худди меникидай. Агар икковимиз ташқарига кийимсиз, биргаликда чиқсак, қай биримиз қашшоқ, қай биримиз Уэлс шаҳзодаси эканимизни ҳеч ким айтиб беролмаган бўларди. Ҳозир, сенинг кийиминг менинг эгнимда эканида, назаримда анави аскар сенга қўполлик қилганида сен нималарни ҳис этганингни сезаётгандайман… Менга қара, қўлингдаги мана бу қонталаш доғ ниманинг изи?

– Арзимаган нарса, ҳукмдорим! Сиз ҳазрати олийлари ўзингиз биласиз-ку, ҳалиги шўринг қурғур соқчи…

– Жим бўл! У шармандали ва бешафқат иш қилди! – дея бақирди яланг оёқлари билан ер тепиниб кичкина шаҳзода. − Агар қирол… Мен қайтгунимча жойингдан жила кўрма! Бу менинг буйруғим!

Бир лаҳзада у мизнинг устида турган, давлат аҳамиятига эга аллақандай буюмни олиб яширди-ю, эшикдан учиб чиқиб, эгнидаги чириган увадалар билан сарой хоналари бўйлаб югуриб кетди. Ҳукмдорваччанинг юзлари ёниб, кўзлари чақнаб турарди. Катта дарвоза ёнига югуриб бориб, дарвозанинг темир чивиқларига ёпишди ва уларни тортқилаб, дўқ ура бошлади:

– Эй! Дарвозани оч!

Ҳалигина Томни ҳафа қилган аскар бу талабни дарҳол бажарди; шоҳона ғазабдан нафаси бўғилиб турган шаҳзода баланд дарвозадан ташқарига югуриб чиқди, аскар эса уни шунақанги жарангдор шапалоқ билан сийладики, бола бечора ўмбалоқ ошганича йўлга ғилдиради.

– Аъло ҳазратларидан эшитган ҳақоратларим учун бу сенга қайтим, исқирт гадовачча! – бақирди аскар.

Оломон гувиллаб, қаҳқаҳа ура бошлади. Шаҳзода балчиқдан бир амаллаб чиқиб келди ва ғазаб билан дўқ урганича, соқчи томон югурди:

– Мен Уэлс шаҳзодасиман! Менинг шахсим муқаддас эрур, каминага қўл теккизишга журъат этганинг учун сени дорга осишади!

Аскар ойболтасини тик тутиб, унга масхараомуз эҳтиром намойиш этди ва ишшайиб туриб, деди:

– Саломатлик тилайман, соҳиби салтанат ҳазрати олийлари! – Кейин жаҳл билан дўқ урди: – Энди йўқол, мияси айниган чувринди!

Омма ҳо-ҳолаб, шўрликкина митти шаҳзоданинг теварагини қуршаб олди ва уни йўл бўйлаб қийқириқ ва чинқириқлар билан қува кетди:

– Соҳиби салтанат ҳукмдоримизга йўл беринглар! Уэлс шаҳзодасига йўл бўшатинг!

IV БОБ

ШАҲЗОДАНИНГ КЎРГИЛИКЛАРИ БОШЛАНЯПТИ

Оломон шаҳзодани кўп соатлар давомида ҳақоратлаб таъқиб этиб борди, кейин тарқалишиб, уни сазойи қилишни тўхтатди. Шаҳзода қора халқдан қуввати етганича жонҳолатда қутилишга ҳаракат қилиб, ҳукмдор сифатида уларни жазолашини эълон қиларди; у оломонга шоҳона буйруқ беришга уринаркан, бу нарса ҳамманинг кулгисига сабаб бўларди, аммо лекигин чарчоқнинг зўри шаҳзодани жим бўлишга мажбур қилгач, у ўзининг золимларини ҳеч қанақасига қизиқтирмай қўйди ва улар ўзларига бошқа эрмак топиш учун тарқалиб кетдилар. Шаҳзода теварак-атрофга қанча алангламасин, бу жойларни таний олмади; у ўзининг Лондонда эканини биларди холос. У оёғи тортган томонга йўл олди. Бир оз вақт ўтиб, уйлар сийраклаша бошлади, йўловчилар ҳам тобора камроқ кўзга ташланарди. У қонаб кетган оёқларини ҳозирги Фарингдон-стрит жойлашган ердан оқиб ўтган сойга ботириб, бир неча дақиқа нафасини ростлаб олди ва яна йўлга тушди. Тез орада тартибсиз қурилган бир неча бинолар ва улкан бир черков кўриниб турган хароба манзилга етиб келди. Шаҳзода бу ибодатгоҳни таниди. У ҳавозалар билан ўралган бўлиб, ҳамма жойда ишчилар иш билан банд эдилар: уни қайта қуришмоқда эди. Шаҳзода бир зумда тетиклашиб қолди. У ўз машаққатлари ниҳоят якунига етганини ҳис этди ва ўзига ўзи деди: “Бу – Тунд роҳибларнинг қадимий черкови. Менинг ҳукмдор отам ибодатгоҳни улардан тортиб олиб, ташландиқ ҳамда қаровсиз болалар учун бошпанага айлантириб, унга Масиҳ Қўнимгоҳи номини берган. Бу канисада тарбияланувчилар албатта ўзларига саҳоват ва марҳамат кўрсатган валинеъматларининг ўғлига хизмат қилмоқликдан мамнун бўладилар. Боз устига, камина ўғлон ҳам айни дамда худди шу манзилдан нажот топганлар ва келгусида ҳам паноҳ топгувчилар каби қувғинда ва қашшоқликда қолгандир”.

Тез орада у югураётган, сакраётган, тўп ўйнаётган, бир-бирининг устидан ошиб ўтаётган бир тўда болалар орасида пайдо бўлди: ҳар бир зумраша ўзи билганича шўхлик қилар, тирранчаларнинг тўс-тўполонлари қулоқни қоматга келтирарди. Улар ҳаммалари бир хил – ўша пайтдаги дастёрлар ва хизматкорлар киядиган кийимда эдилар. Ҳар бирининг бошида кичик тақсимчадек катталикдаги ясси қалпоқча – у билан бошни асраб ҳам бўлмайди, чунки ниҳоятда кичик; кишига зеб беради дейишга эса тил бормайди. Қалпоқча остидан доира шаклида кесилган, фарқ очилмаган сочлар тутами пешанага тушиб туради: бўйинларида роҳиблик мартабасига эга шахсларда бўладиган ёқалар; танага ёпишиб турадиган, тиззани бемалол ёпадиган даражада узун, енглари кенг кўк камзул; кенг қизил белбоғ, тиззадан тепароқда боғич билан боғланган ёрқин сариқ пайпоқ; катта темир тўқали ковуш. Бу анчайин бачкана хоскийим эди.

Болалар ўйинларини тўхтатиб, шаҳзоданинг теварагига тўпланишди. У эса туғма бир ғурур билан сўз қотди:

– Қадрли болакайлар, бошлиғингизга Уэлс шаҳзодаси Эдуард у билан сўзлашмоқчи эканини айтинглар.

Бу сўзлар шовқинли қичқириқлар билан кутиб олинди, битта сурбет ўспирин эса кесатиқ қилди:

– Ўзинг кимсан, чувринди, зоти олийларининг элчиларимисан?

Шаҳзоданинг юзлари ғазабдан қизариб кетди, доимий одатига кўра қўлини белига чўзди-ю, ханжарини тополмади.

Ҳаммалари бараварига ҳо-ҳолаб юборишди, болалардан бири унинг ҳаракатига изоҳ берди:

– Кўрдиларингми? У худди ростакам шаҳзодалар каби ёнида қиличи борлигига ўзиям ишониб юборди!

Бу мазаҳлаш навбатдаги қийқириқларга сабаб бўлди. Эдуард мағрурона кеккайди ва жавоб қилди:

– Ҳа, мен шаҳзодаман. Отамнинг садақасидан кун кўраётган сен гадоваччалар камина билан бундай муносабатда бўлмоқликка нолойиқсанлар.

Унинг сўзлари ниҳоят даражада кулгили туюлиб, тўдада яна қаҳқаҳа кўтарилди. Ҳаммадан олдин шаҳзодага сўз қотган ўспирин шерикларига қараб қичқирди:

– Ҳой, сиз чўчқалар, қора қуллар, зоти олийларининг падарларининг сарқитхўрлари, одоб-муомалани унутдингларми? Ҳамманг тиз чўкиб ерга тақиллатиб бош урларинг! Ҳазрат подшоҳзодага ҳамда зоти олийларининг увадаларига сажда қилларинг.

Ҳамма болалар шодон майнабозлик билан бараварига тиз чўкдилар ва ўз қурбонларини масхаралаб, сохта эҳтиром кўрсатган бўлишди.

Шаҳзода ўзига яқинроқдаги болани ўхшатиб туриб тепди ва қаҳр билан деди:

– Мана буниси санга ҳозирча сийлов, эртага эса муқаррар дорга торттираман!

Э, йўқ, буниси энди ҳазил эмасди! Жонни оғритадиган ҳазилга бало борми! Кулгилар шу заҳотиёқ тўхтади, қувноқлик ўрнини ғазаб эгаллади. Шумтакалардан ўнтачаси дод-вой кўтарди:

– Ушла буни! Ҳовуз томонга судраларинг! Итлар қани? Ғажиб ташла буни, Арслон! Кекирдагидан ол, Қозиқтиш!

Кейин эса Англия шу пайтга қадар гувоҳ бўлмаган манзара юзага келди: қора халқнинг болалари валиаҳд шаҳзода ҳазрати олийларига қўл кўтармоққа журъат этганлари етмагандай, тағин унга итларини гижгижлаб, ғажитиб ташламоқчи ҳам бўляптилар!

Тун пайти шаҳзода шаҳарнинг аҳоли гавжум қисмига етиб келди. Бутун аъзои бадани моматалоқ бўлиб кўкарган, қўллари шилиниб қонаган, эгнидаги увадалар лойга буланган. У тобора кўпроқ иродасидан айрилган кўйи шаҳар бўйлаб тентирайди, – тинкаси қуриган, беҳол, оёғини зўрға судраб босади. Аъло ҳазратлари энди йўловчиларга савол беришдан ҳам тийиларди, чунки жавобига улардан фақат сўкиш эшитяпти, холос. У ўзича минғирлаб боради:

– Сарқитлар Ҳовлиси! Йўлда йиқилиб қолмасдан ўша ергача етиб боролсам бас, шундагина нажот топишим мумкин. Ҳалиги боланинг қариндошлари мени саройга олиб боришади, уларнинг оиласига дахлдор эмаслигимни, ва ҳақиқий шаҳзода эканимни айтишади, сўнг камина яна асл мақомига қайтади.

Бола Масиҳ Қўнимгоҳидаги безорилар уни қандай хўрлаганларини дам-бадам эслаб борар экан, ўзига ўзи гапириб қадам ташлайди:

– Мен шоҳлик тахтига ўтирганимда уларни егулик ва бошпаналик бўлишдан ташқари, китоб ўқиб, илм олишга ҳам мажбур қиламан. Агар юрак ва ақл оч қолса, ошқозоннинг тўқлиги сариқ чақага ҳам арзимайди. Мен бу воқеаларни яхшилаб эслаб қоламан, зеро бугун камина олган сабоқлар бекор кетмаслиги ва менинг халқим жаҳолат машаққатини тортмаслиги лозим. Зеро, билим қалбларни юмшатиб, саховатга ва мурувватга ўргатгусидир.

Деразаларда чироқлар шуъласи кўрина бошлади. Шамол кўтарилиб, ёмғир бошланди. Рутубатли, совуқ тун кириб келди. Бошпанасиз шаҳзода − Англия тахтининг уй-жойсиз вориси қашшоқларнинг вайрона кулбалари зичлашиб кетган ифлос кўчаларнинг қинғир-қийшиқ йўлкаларидан тобора ичкарилаб бормоқда эди.

Бир пайт қандайдир барзанги, ғирт маст одам қўполлик билан унинг ёқасидан олиб, дўқ урди:

– Яна ярим кечагача изғиб юрдингми? Уйга эса сариқ чақа ҳам олиб келмаган бўлсанг керак?! Ҳали шошмай тур! Агар уйга пулсиз қайтган бўлсанг-у, чиллакдай ингичка қовурғаларингни уриб синдирмасам, Жон Кенти отимни бошқа қўяман!

Шаҳзода бу ароқхўрнинг чангалидан силтаниб чиқди ва унинг ифлос панжаси тегиб булғаган ва оғритган елкасини ижирғаниш билан силаган кўйи бақириб қолди:

– Э-ҳа, сен унинг отасимисан? Тақдирнинг марҳаматига шарафлар бўлгай! Мени ўз уйимга олиб бор, уни эса саройдан олиб кет.

– Унинг отаси? Нима демоқчи эканингни билолмадим, лекин сенинг отанг ўзим эканимни аниқ биламан… Яхшилаб адабингни берганимда бу дарров эсингга тушади…

– Менга ҳазиллашма, айёрлик қилма ҳамда вақтни ҳам чўзма! Мен чарчаганман, баданим моматалоқ, сабр қилишга қувватим етмайди. Мени қирол отамнинг ҳузурига олиб бор, у сени ҳатто энг ғаройиб тушларингга ҳам кирмаган бойликлар билан мукофотлайди. Менга ишон, ишонавер, сени алдаётганим йўқ, айни ҳақиқатни айтяпман! Менга ёрдам қўлингни чўз ва азоблардан қутқар! Камина ҳақиқатан ҳам Уэлс шаҳзодаси эрур!

Жон Кенти болага ҳайрат билан тикилди ва бошини сарак-сарак қилиб, минғирлади:

– Эсингдан айрилибсан, бола, худди ҳозиргина жиннихонадан чиқиб келаётганга ўхшайсан.

Кейин шаҳзодани яна ёқасидан олди-да, хирилдоқ овозда сўкина бошлади:

– Миянг айниганми, йўқми, лекин биз бувинг билан ҳар бир қовурғангни санаб чиқмасак, Жон Кенти отимни шартта ўзгартириб юбораман!

У ғазабланган шаҳзодани типирчилаб қаршилик кўрсатишига қарамасдан судраб кетди ва исқирт кўча дайдиларининг сершовқин шодон қичқириқлари остида у билан бирга яқин атрофдаги ҳовлиларнинг бирида ғойиб бўлди.

V БОБ

ТОМ – АСЛЗОДА

Том Кенти шаҳзоданинг хосхонасида ёлғиз қолгач, ўзининг одам нигоҳидан панада эканидан унумли фойдаланиб қолди. У катта кўзгу ёнида гоҳ ундай, гоҳ бундай туриб, ўзининг ғаройиб либосларидан завқланди, кейин шаҳзоданинг шоҳона қадам босишига тақлидан нари-бери юриб кўраркан, бунинг қанчалик салобат бағишлашини кузатиш учун ҳамма вақт нигоҳи кўзгуда бўлди. Сўнг эса чиройлигина қилични яланғочлади ва чуқур таъзим ила унинг тиғини ўпгач, бағрига маҳкам босди. Беш-олти ҳафталар муқаддам болакайнинг кўз ўнгида бир олийжаноб жўмардтўра5 Норфолк ва Саррей насабли машҳур лордларни қамоқхонага жойлаштириш учун Тауэрнинг комендантига топшираётганида унга шу тарзда эҳтиром кўрсатган эди. Том ёнбошига илинган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган ханжарни ўйнади, хосхонанинг ҳашаматли ҳамда қимматбаҳо жиҳозларини томоша қилди, зийнатли курсиларнинг ҳар бирига керилиб ўтириб кўрди ва агар Сарқитлар Ҳовлисида яшайдиган болалар бу ерга ҳеч бўлмаса эшик тирқишидан мўралаб, уни мана бундай салобатли ҳолда кўришса, ўзини қандай шоҳона тутган бўлишини тасаввур қила бошлади. Уйга қайтганида одамлар унинг ғаройиб ҳикояларига ишонишармикан ёки бошларини сарак-сарак қилиб, унинг хомхаёллари чегарадан чиқиб кетгани ва охир-оқибат ўзи ҳам ақлдан озиб қолганини бир-бирларига гапира бошлашармикан?

Шу тарзда ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Шундагина Том шаҳзода нима учундир ҳанузгача қайтмагани ҳақида ўйлаб қолди ва ўзини жуда ёлғиз ҳис этди. Тез орада эса атрофини қуршаб турган зийнат-безаклар болакайни қизиқтирмай қўйди: энди у ҳар бир товушга жонҳолатда қулоғини динг қила бошлади. Кичик Кенти аввалига ўзини нохуш сеза бошлади, кейин ҳавотирга тушди, оқибатда росмана ваҳимада қолди. Тўсатдан қандайдир одамлар кириб қолиб, уни шаҳзоданинг либосида кўриб қолишса-чи? Шаҳзода эса йўқ, уларга бор гапни айтиб берадиган гувоҳ қани? Чувриндини аввалига гапсиз-сўзсиз дорга осиб юборишади-да, кейингина бу бола саройга қандай келиб қолгани ҳақида суриштира бошлашади. Бунақа майда-чуйда ишларда сарой аъёнлари қарорни шартта чиқариб қўяқолишларини у эшитганди. Боланинг ташвиши тобора ортиб борарди. Том қалтираб-қақшаган кўйи қўшни хона эшигини асталик билан очди. Шаҳзодани тезроқ топмаса бўлмайди. Шаҳзода уни муҳофаза қилади ва саройдан чиқариб юборади. Башанг кийиниб олган, шаҳзоданинг мулозимлари мақомидаги олти нафар жаноблар ва таниқли насл-насабларга мансуб, худди капалаклардай ясанган икки маҳрам ўспиринлар ўринларидан сакраб туриб, Томга таъзим қилдилар. У шошилиб ортга чекинди ва эшикни ичкаридан ёпиб олди.

“Улар мени мазаҳ қилишяпти, – ўйлади у. – Ҳозир чиқиб, ҳаммасини овоза қилишади… Вой-эй, мени бу ерга ажалим ҳайдаб келган экан!”

Том ваҳиманинг зўридан хонанинг у бурчидан бу бурчига безовта юрар экан, атрофга қулоқ тутиб, ҳар бир шитирлашдан ҳам қалтираб қоларди. Бирдан эшик очилиб, ипак кийимли маҳрам эълон қилди:

– Жейн Грей хоним!

Эшик очилиб, башанг кийинган ёшгина қиз Томнинг ёнига сакраб-сакраб югуриб келди. У бирдан тўхтади ва афсус билан сўз қотди:

– О! Нега бунчалик ғамгинсан, валиаҳд?

Том эс-ҳушини йўқотаёзди, лекин ўзини тетикроқ тутишга уриниб, минғирлаб қўйди:

– Оҳ, менга раҳминг келсин, ойимқиз! Камина валиаҳд эмас, мен бор-йўғи Лондоннинг Сарқитлар Ҳовлисида тиланчилик билан кун кўриб юрган бечора Том Кентиман, холос. Сендан илтимос, шаҳзода билан кўришишимга имкон бер. У ўз марҳаматини дариғ тутмасдан менинг увадаларимни ўзимга қайтарса ва бу ердан тирик ҳамда соғ-саломат ҳолимда жуфтагимни ростлаб қолишимга имкон берса бас. О, менга илтифот кўрсатиб, офат-балодан қутқар, ойимқиз!

Бола тиз чўкди ва қиз томон қўлларини чўзди, у нафақат сўзлари билан, балки нигоҳи билан ҳам ундан марҳамат тилар эди. Қиз эса бир муддат даҳшатдан тош қотиб турди, кейин қичқириб юборди:

– О, валиаҳд, сен қаршимда тиз чўкдингми?! – сўнг ваҳима ичида қочиб кетди.

Том умидсизлик билан ўзини ерга ташлади ва ўзига ўзи деди:

“На ёрдам, на умид! Ҳозир соқчилар келишади-да, мени ҳибсга олишади”.

У қўрқувдан қалт-қалт титраб, ерда думалаб ётган айни пайтда сарой бўйлаб ғалати овоза тарқалди. Шивирлашлар хизматкордан чўрига, аъёнлардан хонимларга ўтиб борарди, – саройларда доимо пичирлаб гаплашишади, – узун даҳлизлар бўйлаб пастки қаватлардан юқори қаватларга, хонадан хонага миш-миш ёйилади: “Шаҳзода ақлдан озибди! Валиаҳд эсидан айрилганмиш!”. Тез орада ҳар бир меҳмонхонада, ҳар бир мармарли хонада ялтир-юлтирларга бурканган киборлар ва хонимлар ҳамда улар каби ясан-тусан қилган, аммо насаб сифатидан қуйироқ бўлган аъёнлар ҳам бир-бирлари билан жонҳолатда пичирлашишар ва ҳар бирининг юзида қайғу аломати зоҳир эди. Кутилмаганда башанг кийинган мулозим пайдо бўлди ва сокин қадам билан ҳар бир кишининг ёнидан ўтиб борар экан, тантанали равишда эълон қилди:

“ҚИРОЛ НОМИ БИЛАН!”

“Ўлим хавфи остида бу ёлғон ҳамда бемаъни хабарга қулоқ тутмоқлик, уни муҳокама этмоқлик ҳамда саройдан ташқарида тарқатмоқлик қатъиян тақиқланади! Қирол номи билан!”

Шивирлашлар дарҳол тўхтади, гўёки барча пичирлашаётганлар бирданига соқов бўлиб қолгандай эдилар.

Кўп ўтмай йўлаклар бўйлаб ари ғувиллашидай ғовур-ғувур бошланди.

– Шаҳзода! Қаранглар, шаҳзода келяпти!

Шўрлик Том ўзига таъзим учун эгилган сарой аъёнлари ёнидан имиллаб ўтиб борар экан, уларга жавобан айнан шундайин таъзим билан бош эгади ва бу ғалати вазиятга умидсиз кўзлари билан аянчли нигоҳ ташлайди. Икки нафар маҳрамлар икки томондан уни қўлтиғидан тутиб бормоқдалар, бу билан Томнинг қадамига тетиклик бағишлашга интиладилар. Унинг ортидан эса сарой табиблари ва бир неча хизматкорлар келишмоқда.

Сўнгра Том саройнинг ҳашамдор безалган хосхонасида пайдо бўлди ва ортидан эшик табақалари ёпилганини эшитди. Уни кузатиб келганлар дарров атрофига тизилишди.

Боланинг қаршисида, жудаям яқин масофада гўштдор юзли, нигоҳи қаҳрли, бир уюм хамир каби семиз одам ёнбошлаб ётарди. Одамнинг каттакон бошидаги сочлари мутлақо оппоқ; юзини қолиплаб турган чакка соқоли ҳам оппоқ. Эгнидаги либоси қимматбаҳо матодан тикилган, аммо эскириб, айрим ерлари титилиб ҳам кетибди. Шишиб кетган оёқлари – биттасига дока боғланган – ёстиқ устига ташланган. Хонада сукунат ҳукмрон, Томдан бошқа ҳамма итоат ила бош эгиб турибди. Юзидан заҳар томиб турган бу мажруҳ кимса қаҳрли Генриҳ VIII эди. У сўз бошлаши билан совуқ юзи мулойим қиёфага кириб қолди:

– Бу қанақаси, соҳиб Эдуард, азиз шаҳзодам? Менга бундоқ қайғулик ҳазил қилмоқлик фикри миянгга қаёқдан келиб қолди? Каминага – сени эркалаб суйгувчи меҳрибон қирол отангга-я?!

Том бу нутқнинг ибтидосини ўзининг саросимадаги ҳислари имкон бергани қадар тинглаб турди, лекин “меҳрибон қирол отанг” сўзлари мудроқ онгига етиб боргач, юзи оҳакдай оқариб кетди, бола худди ўқ теккандай тиззалаб қолди ва қўлларини юқори кўтариб нидо қилди:

– Сиз қиролмисиз? У ҳолда менинг паймонам тўлибди!

Ўғилнинг бу сўзлари қиролни гангитиб қўйди, унинг кўзлари ҳар томонга олазарак боқди ва ниҳоят боланинг юзига келиб тўхтади. Ҳафсаласи пир бўлиб, гап бошлади:

– Афсус, мен саройда тарқалган овозаларни шунчаки сафсата деб ўйлагандим. Аммо ростдан ҳам янглишибман, – подшоҳ оғир тин олди ва мулойимлик билан Томга мурожаат этди: – Отангга яқинроқ кел, бўтагинам. Тобинг бўлмаяптими?

Томнинг оёққа туришига ёрдамлашиб юборишди, унинг бутун вужуди қалтираб, Англия қироли аъло ҳазратларига журъатсизгина яқинлашди. Қирол боланинг чаккаларини икки қўли орасига олиб, қўрқув акс этган юзига меҳр ва синчковлик билан тикиларкан, унинг эси жойига қайтганлиги аломатларини умид билан излай бошлади. Кейин боланинг жингалак сочли бошини бағрига босди ва бармоқлари билан сийпалай бошлади.

– Наҳотки падари бузургворингни танимаётган бўлсанг, ўғлоним? – сўради у. – Кекса отангнинг юрагини тилкалама, мени таниётганингни айт! Мени танийсан-ку, шундай эмасми?

– Сиз менинг қаттиққўл ҳукмдоримсиз. Ҳукмдорим, парвардигор сизни ўз паноҳида асрасин!

– Тўғри… Орий рост… маъқул гап… Тинчлан, қалтирама. Бу ерда сени ҳеч ким ҳафа қилмайди, сени ҳаммамиз яхши кўрамиз. Шу топда аҳволинг анча яхши, ёмон туш кўрган бўлсанг, ҳаммаси ортда қолди, шундайми? Сен яна кимлигингни эслай бошладинг – кимлигингни биляпсан-ку, тўғрими? Ҳозиргина менга сен ўзингни бошқа ном билан атаганингни айтишди. Лекин энди сен ўзингни бошқа одам сифатида кўрсатмоқчи эмассан, шундай-а?

– Ўтиниб сўрайман, марҳаматингизни дариғ тутманг, улуғ ҳукмдорим: мен айни ҳақиқатни айтяпман. Мен аҳли раиятингиз орасидаги энг тубаниман, ғирт қашшоқ бўлиб дунёга келганман. Фақат мусибатли, алдамчи тасодифгина мени бу даргоҳга бошлаб келди, ҳолбуки, ўзим ҳеч қандоқ номақбул қилмишни содир этганим йўқ. Ўлимимга ҳали эрта, ҳозирча жуда ёшман. Биргина сўзингиз мен учун нажот бўлади. О, ҳаётбахш каломингизни айтинг, ҳукмдорим!

– Ўлим? Бундай сўзни айта кўрма, азиз шаҳзодам, тинчлан. Саросимадаги юрагингга хотиржамлик қўнсин… сен ўлмайсан.

Том қувончли қичқириқ билан тиз чўкди:

– Илтифотингиз учун сизни тангри ярлақасин, ҳукмдорим, мамлакат фаровонлиги учун умрингизни узоқ қилсин!

Том ирғиб оёққа турди ва юзларида қувонч балқиб, ўзини кузатиб келган мулозимлардан бирига мурожаат этди:

– Эшитдингми? Менга ҳаёт бахш этилди! Буни қиролнинг ўзи айтди!

Атрофдагилар маъюс бир эҳтиром ила бошларини эгишди, лекин ҳеч ким жойидан жилмади ва бирор сўз айтмади. Том озгина ҳижолат тортиб, бир муддат шундоқ турди, кейин подшоҳ томонга ўгирилганича қўрқибгина сўради:

– Энди кетаверсам бўладими?

– Кетсанг? Албатта, агар шуни истасанг. Балки яна бирор муддат шу ерда қоларсан? Агар кетсанг, қаёққа бормоқчисан?

Том кўзларини ерга тикди ва тортинибгина деди:

– Балки мен хато мулоҳазага боргандирман, лекин ўзимни озод деб ўйлагандим ва камина қашшоқликда туғилиб-ўсган, ҳозирда опаларим, онам истиқомат қилаётган хужрага қайтсам дегандим; ўша хужра – менинг уйим; мана бу дабдаба ва ҳашаматларга эса мен ўрганмаганман… Мурувватингиздан бенасиб қилманг, подшоҳим, кетишимга ижозат беринг!

Қирол сукутга чўмди ва бир оз вақт жим қолди. Юрагида кучайиб келаётган изтироб ва ташвиш унинг юзида акс этарди. Лекин у тилга кирганида, овозида заифгина умид оҳанги сезилгандай бўлди:

– Балки унинг тафаккури фақат битта фикрда оқсаётгандир ва бошқа нарсаларда унинг шуури аввалгидай равшанлигини йўқотмагандир? Ё, парвардигор, ишқилиб шундай бўлиб чиқсин-да! Биз буни синаб кўрамиз!

У Томга лотин тилида савол берди, Том амал-тақал қилиб лотинча жавоб қилди. Қирол бундан мамнун эканини яшириб ўтирмади. Аъёнлар ва табиблар ҳам бу жавобдан қониқиш ҳосил қилишди.

– Ўзининг илми ва салоҳияти даражасида, – эътироф этди қирол, – ўғлон бундан яхшироқ жавоб қайтармоққа ҳам қодир эди. Аммо ҳозирги суҳбат шундан далолат берадики, унинг онги жиндайгина хиралашибди холос, аммо лекигин тўлиғича ақлдан озмабди. Бу ҳақда фикрингиз қандай, афандим?

Ушбу сўзлар ўзига қаратилган табиб чуқур таъзим қилди ва жавоб қилди:

– Тахминингиз тўғри, ҳукмдорим, каминанинг фикри ила ҳамоҳанг.

Соҳиби салтанат донишманд ҳакимнинг эътирофидан шодланиб кетди шекилли, буёғига қувноқ овозда давом этди:

– Жуда соз! Шаҳзодани ҳамма кузатиб турсин. Уни синовдан ўтказишни тўхтатмаймиз.

Сўнг Томга ўз саволини француз тилида баён этди. Том ҳамманинг нигоҳи ўзига қаратилганидан ноқулай аҳволга тушиб, бир дақиқа жим турди, сўнг уялибгина деди:

– Эътироф этмоқликка ижозат бергайсиз, тақсир, бу ажнабий тил менга нотаниш.

Қирол яна ўзини ёстиққа ташлаб, ёнбошлаб олди. Бир нечта хизматкорлар унинг хизматига югуришди, лекин уларни қайтарди:

– Мени безовта қилманглар… вужудим озгина бўшашди, шу холос. Мени ўтқазиб қўйинглар-чи. Бўлди, ана шундай. Буёққа кел, бўтам, мияси айниган шўрлик бошингни отангнинг кўксига қўйгин-да, тинчлан! Тез орада соғайиб кетасан; бу вақтинчалик ғалатиликлар ўтиб кетади. Бундан қўрқма! Яқинда соғлом бола бўласан.

Сўнг у қаршисидагиларга ўгирилди ва ҳукмдорнинг мулойим юзида қаҳр намоён бўлди, кўзларида ғазаб учқунлари чақнади.

– Ҳаммангиз эшитиб олинг! – дўқ урди у. – Ўғлимнинг эс-ҳуши жойида эмас. Лекин бу телбалик вақтинчалик ҳол. Бу ҳолат машаққатли дарс машғулотлари ва ёлғизлик туфайли юзага келган. Ҳамма китобларни йўқотинг, муаллимларни ҳайданг! Ўғлимни турли ўйинлар билан чалғитинг, унинг куч-қувватини мустаҳкамлайдиган, саломатлигини тиклайдиган ҳаракатчан ўйинлар билан кўнглини хушланг.

Қирол ёстиғидан янаям баландроқ кўтарилди ва янада каттароқ руҳланиш ила сўзида давом этди:

– Боланинг ақли жойида эмас, аммо у менинг фарзандим ҳамда Англия тахтининг вориси. У соғлом ақл биланми, телбавор онги биланми, барибир ҳукмдорлик қилади! Амримни тингланг ва ҳамма ерда жар солинг: унинг саломатлиги ҳақида сўз очган ҳар бир кимса Британия салтанатининг тинчлигига ва осойишталигига таҳдид қилган ҳисобланади ва дарҳол сиртмоққа тортилади!… Ичишга бирор нима беринг… юрагим куйиб кетяпти… мусибат куч-қувватимни қирқиб ташлаяпти… Ана шундоқ. Мана бу қадаҳни кўз олдимдан йўқотинг… Мени қўлтиқлаб олинг. Ана шундоқ, маъқул. Зоти валадимиз телбами? Агар у минг баттар тентакроқ бўлганида ҳам – барибир Уэлс шаҳзодаси эрур. Камина, инглиз қироли буни оммавий равишда тасдиқлагай. Эндиликда эса барча қадимий анъаналаримизга риоя этилган ҳолда ўғлонимиз валиаҳд шаҳзода сифатида эълон қилингуси. Лорд Гертфорд, ҳозироқ маросимни бошлашингизни амр қиламан.

Аъёнлардан бири қирол тахти қаршисида итоаткорона тиз букди ва маълумот берди:

– Соҳиби салтанат ҳазрати олийларига яхши маълумдурким, Англия бош фармоначи гофмаршали6 Тауэр минорасига зиндонбанд этилган. Бинобарин, маҳкум бош фармоначи…

– Жим бўл! Бундоқ жирканч исмни ҳузуримизда талаффуз қилмоқликка журъат эта кўрма. Наҳотки ўша кимса ҳеч қачон ўлим топмаса? Наҳотки у менинг шоҳона истакларим рўёбга чиқмоқлигига умрбод ғов бўлса? Фақатгина Англия гофмаршали давлатга хиёнат қилиб, ўз номига доғ туширгани ва бош фармоначилик лавозимига нолойиқ экани туфайли ўғлимни валиаҳд деб эълон қилмоқликка ҳақсизлиги сабабидан шаҳзода ўзига тегишли бўлган рутбага тасдиқлана олмайдими? Йўқ, буюк қудрат эгаси бўлмиш тангри номи ила қасам ичаман! Парламентимни огоҳлантириб қўй, токи қуёш кўтарилгунига қадар Норфолкка ўлим ҳукмини чиқариб қўйсин. Акс ҳолда парламент қаттиқ жазога мустаҳиқ этилгай.

– Подшоҳ амри – вожиб! – дея қаддини тиклади тиз чўкиб турган лорд Гертфорд ва ўз жойига қайтди.

Аста-секинлик билан қиролнинг юзидаги ғазабнок ифода ҳам йўқола борди.

– Падари бузургворингни ўпиб қўй, шаҳзодам! – деди у. – Ана шундоқ… Нимадан қўрқяпсан? Мен ахир ўз отангман, сени бениҳоя яхши кўраман.

– Сиз менга меҳрибонсиз. Мен эса муруввватингизга номуносибман, қудратли ва марҳаматли ҳукмдор, бу ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо… лекигин… кимнингдир ўлимга маҳкум эканлиги мени изтиробга солмоқда, зеро…

– Мана энди ўзингга келдинг, мана энди шаҳзодага ўхшадинг! Ақлу шуурингга нуқсон теккан бўлса-да, қалбинг аслича қолганини кўнглим сезганди; юрагинг доимо меҳрга лиммо-лим эди. Аммо ўша герцог сен билан олий мақом-мартабанг ўртасида турибди. Мен унинг ўрнига бошқа одамни, ўз унвонини хиёнат фасоди билан булғамаган кишини қўймоқликни ихтиёр этдим. Сен ташвишланма, оқкўнгил шаҳзодам, шўрлик бошингни бу ғалвали иш билан банд қилма…

– Унинг ўлими мен туфайли тезлашмоқда-ку, шундай эмасми ҳукмдорим? Агар мен бўлмаганимда у яна қанча вақт умргузаронлик қилган бўларди?

– У ҳақда ўйлама, шаҳзодам! Хоин бунга номуносиб. Мени яна бир марта ўпиб қўйгин-да, ўз эрмакларинг ва кўнгилхушликларингга боравер! Дардим тинкамни қуритди, жуда толиқдим; менга озгина сокинлик керак. Гертфорд тоғанг билан ва ўз мулозимларинг билан боравер. Вужудим бир оз ором олиб, қувватга кирсам, яна ҳузуримга келарсан!

Том шоҳона ётоқдан кўнгил ғашлик билан чиқди, чунки ҳукмдорнинг сўнгги айтган сўзлари унинг юрагида ардоқлаб турган яширин умидларига ўқилган ўлим ҳукмидай бўлиб эшитилди – у ўзини озодликка чиқариб юборишади деган ўй-хаёлдан охиригача кўнгил узолмай турган эди. У яна шивир-шивир овозларни эшита бошлади: “Ана шаҳзода, шаҳзода келяпти!”

Том зарбофтга бурканган, икки қатор терилиб олишиб, ўзига энкайиб таъзим қилиб турган аъёнлар орасидан ичкарилаб боргани сайин баттарроқ тушкунликка тушар, ўзининг бу зодагонлар оламида банди экани, эҳтимол мана шу олтин қафасдан ҳеч қачон қутулиб кета олмаслигини чуқуррроқ англай бошлаганди – бирорта ҳам дилкаш дўсти йўқ бўлган бечора шаҳзода воситасида, парвардигорнинг ўзи марҳаматини дариғ тутмасдан, Томга озодлик неъматини ато этган тақдирдагина у нажот топмоғи мумкин эди.

Болакай қаерга юзини бурмасин, ҳамма ерда ўзига таънали нигоҳини қадаб, қаттиқ тикилиб турган Норфолк герцогининг кесилган боши ҳавода учиб бораётгандай бўлиб туюлаверарди.

Томнинг орзулари кечагина қандай ширин эди-я, ҳақиқий воқелик эса ниҳоятда шафқатсиз ва даҳшатли бўлиб чиқди!

VI БОБ

ТОМ УЧУН ЙЎЛ-ЙЎРИҚЛАР

Томни улкан хонага олиб киришди ва оромкурсига ўтқазишди. Аммо атрофида кекса ва аслзода кишилар тик турганларида, у ўтиргани учун ўзини ноқулай ҳис қилаётганди. Бола уларни ҳам ўтиришга таклиф этди, лекин аъёнлар унга енгилгина таъзим қилган ёки беназир илтифоти учун пичирлаб миннатдорлик изҳор қилганлари ҳолда барибир тик туравердилар. Том ўз илтимосини яна такрорлади, лекин “тоға”си граф Гертфорд унинг қулоғига шивирлади:

– Илтимос қиламан, уларни мажбур этма, соҳибим, сенинг ҳузурингда ўтирмоқлик улар учун ножоиз.

Лорд Сент-Жон келганини маълум қилишди. Томнинг қаршисида эҳтиром ила таъзим қилгач, лорд деди:

– Қирол мени маҳфий топшириқ билан жўнатди. Аъло ҳазратлари соҳиб граф Гертфордни истисно этган ҳолда бу ерда ҳозир бўлганларнинг барчаларининг кетмоқликларига ижозат беришни ихтиёр этмасмиканлар?

Том аъёнларни қандай кетказиб юборишни билмаслигини гўёки сезгандай, Гертфорд унга пичирлаб, агар сўзлашга хоҳиши бўлмаса, ўзини нутқ ила овора қилмасдан, қўли билан ишора қилиб қўяқолиши кифоя эканини билдирди.

Мулозимлар кетишгач, Сент-Жон сўзини давом эттирди:

– Ҳазрати олийлари шуни амр этадиларки, муҳим ва жиддий давлат аҳамиятига эга вазиятлар нуқтаи назаридан, аъло ҳазрат шаҳзода, токи дардлари ўтиб кетгунига қадар, ҳамда ўзларини худди аввалгидай соғ-саломат сезгунларича, имконлари доирасида ўз хасталикларини маҳфий тутмоқликлари жоиз эканмиш. Айнан: ўзининг ҳақиқий шаҳзода, буюк инглиз салтанати валиаҳди эканини ҳеч бир кимсанинг ҳузурида инкор этмаслик; ўзининг валиаҳд ҳукмдор сифатидаги нуфузига риоя этмоқлик ҳамда эгалик ҳуқуқи ва қадимий урфга мувофиқ ўзига нисбатан билдирилган итоаткорлик ва эҳтиром белгиларини ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилмоқлик; қиролимизнинг талабларига кўра, гўёки ўзининг паст насабдан экани ҳамда муҳтожликда бебахт турмуш кечиргани ҳақида ҳеч бир кимсага сўз очмаслик – зеро бу каби ҳикоётлар ҳаддан ташқари авж олиб кетган хаёлпарастлик асоратлари эрур; шаҳзода ўзи илгари таниган қиёфаларни тиришқоқлик билан заиф хотирасида тиклашга ҳаракат қилсин, бунинг уддасидан чиқмоқликнинг имкони бўлмай қолган вазиятларда эса у хотиржамликни сақласин, ҳайрат ёхудким хаёли фаромушликнинг бошқа аломатларини тилида ё юз ифодаси ила зуҳур этмасин; тантанали қабул чоғларида, агарким нима айтмоқлик ёкигим нима қилмоқлик лозимлигини билмай хижолатда қолса, синчков нигоҳлардан ўз саросимасини пинхон тутсин, аммо лекигин лорд Гертфорд билан, ёки камина – итоаткор қулингиз ила маслаҳат қилсин, зеро граф ҳамда камина ҳукмдор томонидан махсус равишда сиз зоти олийларининг ихтиёрига бириктирилганмиз ҳамда ушбу фармойиш бекор қилингунига қадар валиаҳднинг қўл ва кўз остида бўлурмиз. Қирол ҳазрати олийлари ушбуни амр этгани ҳолда валиаҳд ҳукмдорга соғинчлик саломлар йўлламоқдалар ва парвардигори олам ўз марҳамати ила сизга тезроқ шифои комил ато этмоғини тиламоқдалар ва сизни ўз иноятига олмоғини сўраб, дуои жонингизни қилмоқдалар.

Лорд Сент-Жон таъзим қилди ва чеккага ўтди. Том итоаткорона жавоб қилди:

– Бу – қиролнинг амри. Ҳукмдорнинг буйруқларига итоат этмасликка ёки буйруқлар ижро учун бир қадар қийинчилик туғдирадиган бўлса, уларни ўз манфаатига мослаб олиб талқин қилмоққа ҳеч қим ҳақли эмас. Қиролнинг истаги бажо келтирилгай.

Лорд Гертфорд ҳам буни маъқуллади:

– Модомики, ҳазрати олийлари сизни китоб мутолааси ёки шу каби машаққатли ишлар билан қийнаб қўймаслигимизни амр этган эканлар, сиз зоти олийлари кутилаётган зиёфатга қадар толиқиб қолмаслигингиз ва ўз саломатлигингизга путур етказиб қўймаслигингиз учун вақтингизни эрмак ўйинлар билан ўтказмоқни ихтиёр этсангизмикан?

Томнинг юзида ҳайрат ифодаси кўринди; у Сент-Жонга саволомуз боқиб қўйди ва ўзига қаратилган маъюс нигоҳга дуч келгач, уятдан қизариб кетди.

– Хотирангиз ҳануз шуурингизга бўйсунмоқдан бош тортмоқда, – деди лорд. – Шу боис лорд Гертфорднинг сўзлари сизга андаккина ғалатироқ туюлмоқда; аммо сиз ташвишланманг, шифо топишни бошлашингиз биланоқ бу ҳолат барҳам топажак. Лорд Гертфорд шаҳар раҳбарлари томонидан уюштирилаётган зиёфатни назарда тутмоқда; тахминан икки ойлар муқаддам қирол аъло ҳазратлари сиз зоти олийларининг унда иштирок этмоғингизни ваъда қилиб қўйган эдилар. Энди ёдингизга тушгандир?

– Ўкинч ила тан олмоғим лозимки, хотирам ҳақиқатан ҳам онгимни тарк этибди, − жавоб қилди Том ишончсизгина бир оҳангда ва яна юзлари қизариб кетди.

Айни шу чоғда мулозимлар Элизабет хоним ҳамда Жейн Грэй хонимнинг ташрифлари ҳақида маълум қилишди. Лордлар бир-бирларига маънодор қараш қилиб олишди ва Гертфорд тезда эшик томон йўналди. Ёш маликалар унинг ёнидан ўтиб боришаётган пайтда уларга аста пичирлади:

– Сизлардан ўтинаман, ойимчалар, шаҳзоданинг ғалати қилиқларини сезмаганликка олинг ва хотираси хиралашган пайтларда унга ҳайрат нигоҳи ила боқманг… сизлар ҳозирча унинг шууридаги бу ҳолатга надомат ила кўп бора гувоҳ бўласизлар.

Бу пайтда лорд Сент-Жон Томнинг қулоғига насиҳат сўзларни қуймоқда эди:

– Ўтиниб сўрайман, соҳибим, ҳазрати олийларининг амрларига қатъий риоя этинг: имкони бўлган ҳамма нарсани ёдингизга туширмоққа ҳаракат қилинг, ўзингизни гўё ҳамма нарсани эслаётгандай тутинг. Ўзгариб қолганингизни ойимчалар пайқашларига йўл қўйманг. Болалигингиздан сиз билан бирга ўйнаб улғайган маликалар сизни қанчалик яхши кўришларини биласиз-ку. Уларни ғамга ботирманг. Балки каминанинг ҳузурингизда қолмоғини истарсиз? … Мен билан тоғангиз ҳам қолсинларми?

Том ишора орқали ўзининг розилигини билдирди ва нимадир деб ғўлдираган бўлди. Яқиндагина бошидан кечирганлари унга яхшигина сабоқ бўлганди, бола соддадиллик билан қиролнинг фармойишини ўз имкони доирасида сидқидилдан бажармоқликкка аҳд қилди.

Барча эҳтиётгарчиликларга қарамасдан, Том билан маликалар ўртасидаги суҳбат баъзан анчайин оғир кечди. Ростини айтганда, Том бир неча маротаба ишнинг расвосини чиқаришга ҳам тайёр ҳолда ўзининг бундай машаққатли томошага ярамаслигини айтиб юборишга ҳам чоғланди-ю, лекин ҳар сафар уни малика Элизабетнинг фаҳм-фаросати бу фалокатдан асраб қолаверди. Лордларнинг ҳар икковлари ҳам ҳушёр туришарди, улар ҳам гўёки бехосдан гапириб юборган бўлиб, икки-учта сўзлар билан болани муваффақиятли қўллаб юборишди. Бир марта митти Жейн хоним Томга қуйидагича савол билан мурожаат этиб, уни қаттиқ ташвишга қўйди:

– Сиз бугун саломатлик тиламоқ учун қиролича ҳазрати олияларининг ҳузурларида бўлдингизми, соҳибим?

Том шалпайиб қолди, нима дейишини билолмай, хаёлига келган биринчи калимасини валдирамоқчи ҳам бўлди, лекин уни Сент-Жон қутқариб қолди, ҳар қандай қалтис вазиятдан чиқиш йўлини топиб кетишга ўрганиб қолган сарой аъёни сифатида боланинг ўрнига шартта жавоб бериб юборди:

– Бўлмасам-чи, бекам! Ҳазрати олиялари қирол ҳазратларининг саломатликлари яхши экани хушхабарини бериб, аъло ҳазратларининг дилларига қувонч бахш этдилар. Шундоқми, аъло ҳазратлари?

Том гўёки бу сўзларнинг тасдиғини билдирувчи алланималарни минғирлаб қўйган бўлди, лекин буёғи бундан мингбаттар бўлишини кўнгли сеза бошлади. Суҳбат давомида гап айланиб бориб унинг бирор муддатга ўз сабоқларини тўхтатишига келиб тақалди.

Кичик малика оҳ тортиб юборди:

– Оҳ, қандай кўнгилсизлик! Эсизгина-я! Сен шундай ютуқларга эришаётган эдинг-а! Майли, ҳечқиси йўқ, куюнма, бу вақтинчалик холос. Бир кун келиб сенинг ақлу заковатингни ҳам отангга насиб қилгани каби донишмандлик зиёси мунаввар этажак; у қанчалик кўп ажнабий тилларни билса, сен ҳам шунчасини эгаллайсан.

– Менинг отам? – ўзига қилинган насиҳатларни бир зумгина унутиб, эътироз билдирди Том. – Э, отам ўз тилида базўр гапирганидан унинг сўзларини балчиқдаги чўчқалар тушунади холос! Унинг донишмандлиги масаласида эса… – У кўзларини ердан узди ва лорд Сент-Жоннинг хўмрайган, ҳавотирли нигоҳини кўргач, жимиб қолди, юзи қизарди, кейин секингина ва маъюс ҳолда сўзида давом этди: – Оҳ, менинг дардим яна қўзишни бошлади шекилли, фикрларим ярим йўлда чувалашиб кетяпти. Мен ҳазрати олийларининг шаънларини ҳақоратламоқчи эмасдим.

– Буни биламиз, аълоҳазрат, – деди ҳурмат юзасидан малика Элизабет, сўнг “ука”сининг қўлини аста ушлади ва меҳр билан икки кафтининг орасига олди. – Бундан ташвишланма! Айбдор сен эмас, балки сенинг хасталигинг.

– Меҳрли сўзларинг қалбимни овунтирди, илтифотли бекам, – самимий ҳисларини изҳор этди Том, – ижозатинг ила, сенга чин юрагимдан миннатдорлик билдираман.

Бир мартасида эса қитмир Жейн хоним Томга қандайдир юнонча жўнгина жумла билан мурожаат этди. Зийрак малика Элизабет шаҳзоданинг юзидаги маъсум бир таажжубни кўриб, жумла ўз ўрнини топмаганини англади ва Томнинг ўрнига хотиржамлик билан жавоб тарзида бир қанча жарангдор юнонча жумлаларни териб ташлади, сўнг суҳбат ўзанини бошқа томонга буриб юборди.

Вақт ёқимли тарзда ўтиб борарди, суҳбат ҳам умуман силлиқ кечмоқда. Қалтис савол-жавоблар тобора камайиб борар, Том ҳамманинг ўзини қўллашга ва хатоларини сезмаганликка олишга интилаётганини кўриб, энди ўзини анча эркин сеза бошлади. Хонимойимчалар оқшомда Томни ҳоким жанобларининг зиёфатига кузатиб боришлари маълум бўлгач, боланинг юраги қувончдан ҳапқириб кетди ва у энди эркин тин олиб, бегона оломон ичида ёлғиз қолмаслигидан енгил тортди; ҳолбуки, маликалар ўзи билан бирга боришларини бир соат аввалроқ эшитганида, у тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада даҳшатга тушган бўлур эди.

Икковлон лордлар – Томнинг ҳимоячи валинеъматлари, бу даҳмаза суҳбатдан бошқа иштирокчиларга қараганда камроқ завқ олдилар. Улар ўзларини гўёки хавфли кўрфазда улкан кемани бошқариб бораётган ихтиёрсиз дарғалардай ҳис этишмоқда эди; ҳар лаҳза эҳтиёткор бўлмоқлари лозим, уларнинг бу мажбуриятлари болаларнинг безарар ўйинлари эмасди.

Алал оқибат ёш хонимчаларнинг ташрифлари ниҳоясига етиб, хизматкорлар лорд Гилфорд Дадлининг келганини хабар қилганларида, масъул лордлар ўз “шогирд”ларини жуда ҳам зўриқтириб қўйиш мумкин эмаслигини ва бундан ташқари бу беқарор мулоқотлар кемасини беихтиёр яна бошқа бир янги ўзанга йўллаб қўйсалар, тағин уни ортга қайтариш машаққати ҳам борлигини ўйлаб, Томга ушбу қабулга чуқур тавозеъ ила рад жавобини бермоқликни тавсия этишди. Томнинг ўзи ҳам бундан қувониб кетди, аммо Жейн хоним кўркам йигитнинг қабул қилинмаслигини билгач, аламдан қовоғи уйилди.

Ўртага жимлик инди. Гўёки ҳаммалари ниманидир кутмоқда эдилар. Айнан нима кутилаётганига шу топда Томнинг фаҳми етмай турибди. Бола лорд Гертфордга кўз тикди, у эса сирли ишора қилди. Лекин “валиаҳд” бу сирли ишоранинг маъносини тушунмади. Элизабет хоним ўзининг ҳар доимги топқирлиги билан уни қийин вазиятдан чиқаришга шошилди. Шаҳзодага нозик таъзим бажо келтирган ҳолда сўради:

– Аъло ҳазрат, муҳтарам иним, кетишимизга ижозат берасизми?

– Албатта, соҳиба хоним, истаган нарсангизга изн сўрамоқликка ҳақлисиз, – деди Том, – аммо мен бирор бошқа истагингизни бажонидил адо этган бўлардим, – чунки буниси каминанинг ихтиёридан ташқарида – аммо сизнинг нурафшон дийдорингиздан айрилмоқ менинг хоҳишимдаги иш эмас. Аммо на илож, борақолинглар, сизни парвардигор ярлақасин!

У мийиғида кулиб қўйди ва ўзича ўйлади: “Вақтимни китобларнинг саҳифаларидаги шаҳзодалар орасида ўтказганларим зойе кетмабди. Уларнинг баландпарвоз нутқларига тақлид қилишни яхшигина ўзлаштириб олибман!”

Олийнасаб хонимчалар кетишгач, Том ҳорғин аҳволда ўзининг “зиндонбон”ларига ўгирилди:

– Мендан мурувватингизни дариғ тутмагайсиз, афандилар, ижозатингиз билан шу ерда бирор кунжак-бурчакда ҳордиқ чиқариб олсам.

– Сиз аъло ҳазратларининг вазифангиз – буйруқ бермоқ, бизнинг бурчимиз эса – итоат этмоқликдир, – жавоб берди лорд Гертфорд. − Сиз ҳақиқатан оромга муҳтожсиз, зеро тез орада Лондонга сафар қилмоғингизга тўғри келади.

Лорд қўнғироқчани чалди, сарой маҳрами югуриб кирди ва жаноб Уилям Гербертни бу ерга таклиф этиш тўғрисида топшириқ олди. Жаноб Уилям тез орада етиб келди ва Томни саройнинг ички ётоқхонаси томон бошлади. Том эндигина сув солинган жомга қўл чўзишга чоғланган ҳам эдики, бахмал ва шоҳи либосларга бурканган маҳрам дарҳол жомга ёпишди, бир тиззасини букди, олтин лаганга қўйилган жомни шаҳзодага тутди.

Сўнг ҳолдан тойган банди ўринга ўтирди ва энди бошмоғини ечмоқчи бўлди-ю, ижозат сўрагандай журъатсизгина мўлтиради; аммо бахмал-шоҳига бурканган, хира пашшадай ёпишқоқ бошқа бир маҳрам уни бу юмушдан озод этиш учун шошилинч тиз букди. Том яна икки-уч марта ўзгалар ёрдамисиз бирор нарса қилишга уриниб кўрди-ю, лекин бирортасида ҳам муваффақиятга эриша олмади. У ниҳоят таслим бўлди ва итоаткор оҳангда минғирлаб қўйди:

– Шўрим қурсин-а, шўргинам қуриб кетсин-а! Ишқилиб бу одамлар менинг ўрнимга нафас олишга ҳам талабгорлик қилиб қолишмасин-да!

Шоҳона ковушда, башанг хилъатда у ниҳоят ором курсига ёнбошлади, аммо мизғишнинг иложи бўлмади: боланинг боши турли ўй-фикрлардан ғувиллар, хона эса одамларга тўла эди. Том хаёлларини қувишга уриниб кўрди, аммо улар боланинг онгини тарк этмадилар; “шаҳзода” хизматкорларни қандай чиқариб юборишни билмасди, бунингсиз эса улар хонани ўзларича тарк эта олмайдилар; хизматкорларнинг шаҳзода ҳузурида қолишлари Томга қанчалик ёқмаётган бўлса, уларнинг ўзлари учун ҳам бу ерда ипсиз боғланиб турмоқлик шунчалик ёқимсиз эди.

Том ётоққа кетгач, унинг олийнасаб васийлари ёлғиз қолишди. Бирор муддат икковлари ҳам унсиз ҳолатда бошларини сарак қилганларича хаёл оғушида хона бўйлаб мақсадсиз одимлай бошладилар. Ниҳоят Сент-Жон тилга кирди:

– Ростини айт-чи, бу ишлар ҳақида нима деб ўйлайсан?

– Ростини айтишим мумкин: қиролнинг куни битай деб қолди, жияним эса ақлдан озди, тож-тахтни тентак эгаллайди ва айнан шу тентак салтанат соҳиби бўлиб қолади. Англиямизни парвардигор ўз паноҳида асрасин! Тез орада мамлакат яратган эгамнинг марҳаматига муҳтож бўлиб қолади!

– Ҳақиқатан ҳам аҳвол шундоқ бўладиганга ўхшайди. Лекин… сен ўйлаб кўрмадингми… яъни… ҳалиги…

Тўсатдан у сўзлашдан тўхтади ва изҳори каломда давом этишга ботинолмай қолди: берилмоқчи бўлатурган савол ниҳоятда қалтис эди. Лорд Гертфорд Сент-Жоннинг қаршисида тўхтади, унинг юзига очиқ-ошкора нигоҳ билан тикилди:

– Гапир! Сўзларингни мендан бошқа ҳеч ким эшитмайди. Нимадан гумон қиляпсан?

– Миямга келган нарсани сўз билан очиқ ифодаламасам дегандим, афандим, зеро шаҳзода билан насл-насабингиз бир. Агар сўзларим сени ранжитса, маъзур тутасан, лекин телбалик уни буткул ўзгартириб қўйгани сенга ғалатироқ туюлмаяптими? Мен унинг нутқи ёки юриш-туришлари ўзининг шоҳона улуғворлигини йўқотган демоқчи эмасман. Аммо айрим ҳолатларда унинг ўзини тутиши илгариги хатти-ҳаракатларидан фарқланмоқда. Бу телбалик унинг хотирасидан ҳатто ўз падари бузургворининг қиёфасини ҳам ўчириб юборгани ажабланарли ҳол эмасми? Атрофдагилар унга кўрсатмоғи лозим бўлган ҳурмат-эҳтиром белгилари унга эриш туюлаётгани-чи? Хотирасида лотин тили сақланиб қолгани ҳолда юнончани ва фарангчани буткул унутгани таажжуб уйғотмаяптими? Кўнглингга олмагин-у, марҳаматли афандим, лекин юрагимдаги шубҳа-гумоннинг залворли тошларини олиб ташлагин-да, каминанинг самимий миннатдорлигини қабул эт! Унинг шаҳзода эмаслиги ҳақидаги сўзлари ҳеч хаёлимдан кетмаяпти, ва камина…

– Жим бўл, соҳиб афандим! Сен билдираётган фикрлар – хиёнат! Ёки қиролнинг фармони хаёлингдан фаромуш бўлдими? Шуни унутмагинки, сўзларингни тинглаш мени ҳам жиноятингнинг иштирокчисига айлантириб қўймоқда.

Сент-Жоннинг ранги оқариб, ўзини оқлашга шошилди:

– Мен хато қилдим, буни ўзим тан оламан. Марҳаматли ва илтифотли бўл, каминани фош этма! Мен энди ҳеч қачон бу ҳақда ўйламайман ҳам, сўз ҳам очмайман. Менга нисбатан шафқатсизлик қилма, у ҳолда мен ҳалок бўламан.

– Сўзларингдан қониқдим, афандим. Агар мана шу ҳақоратли муҳокамаларингни менга ҳам, бошқаларга ҳам қайтадан такрорламасанг, бўҳтон сўзларингни айтилмаган деб ҳисоблаймиз. Асоссиз шубҳаларингни бас қил. У менинг опамнинг ўғли: боланинг овози, чеҳраси, ташқи кўриниши менга унинг йўргакка ўралган вақтидан бери таниш эмасми ахир? Телбалик балоси жиянимнинг онгида фақат сен сезган ғалати зиддиятларнигина эмас, бошқа, бундан кўра ҳайратомуз тафовутларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Кекса барон Марли ақлдан озиб қолганида ўзининг олтмиш йиллик қиёфасини танимай қолгани ёдингдадир? У ўз афтини бегона деб ўйлагани етмагандай, ўзини гўёки Мария Магдаленанинг ўғли дея даъво қила бошлаганди; калласи испан шишасидан ишланганини айтиб – энг кулгилиси! – бирор бир қўполроқ қўл ўзининг ножўя ҳаракати билан шиша бошини синдириб қўйиши мумкинлигини айтиб юрарди. Сен ўз гумонларингни нарироқ қув, оқкўнгил афандим. У ҳақиқий шаҳзода, мен уни яхши биламан ва бу ўспирин тез орада сенинг подшоҳинг бўлади. Сен учун шу ҳақда ўйлаш фойдалироқ – барча бошқа вазиятлардан кўра шуниси муҳим.

Суҳбат давомида Сен-Жон кўп марталаб ўзининг нотўғри сўзларидан воз кечганини ва ҳақиқатни энди аниқ англаб етганини таъкидлаб, бошқа ҳеч қачон, ҳеч-ҳеч-ҳеч қачон номақбул шубҳа-гумонларга бормаслигини билдирди. Лорд Гертфорд ўзининг “зиндонбон” биродари билан хайрлашгач, шаҳзодани қўриқлаш ва назорат қилиш учун ёлғиз қолди. Тез орада у ўз ўй-хаёлларига чўмди ва қанча кўп ўйлагани сари ташвиш юки уни шунчалик кучлироқ эзаверди. Ниҳоят ўрнидан сакраб туриб, хонада бетўхтов одимлай бошлади.

– Сафсата! У шаҳзода экани аниқ! – ўзига-ўзи гапира бошлади у. – Мамлакатдаги ҳеч бир одам турли оилаларда дунёга келган, бир-бирига қони бегона иккита болакайнинг худди эгизаклар каби бир-бирига ниҳоятда ўхшаш бўлиши мумкинлигини тасдиқлашга ботина олмаган бўлурди. Агар шундай бўлганида-чи?! Қандайдир кутилмаган тасодиф уларнинг ўринлари алмашиб қолишига сабаб бўлишининг ўзи ақлга сиғмайдиган ҳодиса. Йўқ, бу – алаҳсираш, ақлсизлик, телбалик!

Бир оз ўзига келгач, лорд Гертфорд ўзича ўйлади.

– Агар у сохта шаҳзода бўлса-ю, ўзини валиаҳд деб даъво қилса – буни тушуниш мумкин эди; бунда албатта мантиқ бор. Лекин қирол ҳам, сарой аҳли ҳам – ҳамма уни шаҳзода деб улуғлаб турсаю, у эса ўз рутбасини инкор этиб, ўзига билдирилаётган эҳтиром ҳамда мулозаматларни кўра туриб, улардан бош тортиб турса, ҳеч замонда дунёда шунақанги нодон сохтагар бўлиши мумкинми? Йўқ! Онт ичиб айтаманки – йўқ! Бу болакай эсидан айрилган ҳақиқий шаҳзода!

VII БОБ

ТОМНИНГ БИРИНЧИ ШОҲОНА ТУШЛИГИ

Тушки соат бирларда Том тушлик учун либосларни алмаштириш маросимининг азобини бошдан ўтказди. Уни яна худди аввалгидай башанг либослар билан ясантиришди, лекин ҳамма нарсасини – ёқасидан пайпоғига қадар – битта қўймай алмаштиришди. Кейин Томни катта тантаналар билан улкан, ҳашамдор безатилган улкан хонага олиб кирдилар, у ерда бир киши учун дастурхон тузалган эди. Ҳамма идиш-товоқлар қуйма олтиндан бўлиб, ғаройиб тарзда зеб берилганлиги билан ниҳоятда бебаҳо эди: булар Бенвенуто7нинг ижод намуналари экани шубҳасиз. Хонада олийнасаб мулозимлар куйманишади. Руҳоний дуо ўқиди ва очидан ўлаёзган Том эндигина таомга ҳужум бошламоқчи эдики, уни граф соҳиб Беркли тўхтатиб қолди: шаҳзоданинг энгагига бўйинсочиқ боғлади – Уэлс шаҳзодаларининг бўйнига сочиқ боғлаш каби муҳим вазифа мажбурияти айнан шу лорд наслига сулолавий мерос эди. Тамадди хонасида шарбатдор ҳам бўлиб, Том ҳар сафар ўз қўли билан шароб қуйиб олмоқчи бўлганида ундан олдинроқ ҳаракат қилиб қоларди. Бу ерда яна бир жаноб – тотимчи, яъни ҳар бир таомни тановул қилиб кўрувчи ҳам бор эди: Уэлс шаҳзодаси аъло ҳазратлари ҳузурида барча шубҳали таомларни биринчи талаб бўлиши биланоқ еб кўриш учун махсус тотимчи сақланиб, шу тарзда ҳар онда заҳарланиб ўлиш хавфига гирифтор эди. Бу вақтга келиб тотимчи қироллик ошхонасида кераксиз мулозимга айланиб улгурганди, чунки ҳар доим ҳам ўз вазифасини бажаришига тўғри келавермасди: аммо Генрих VIII га қадар бир неча авлодлар давомида тотимчилик лавозими фавқулодда хатарли бўлиб қолган эдики, бутун аъёнлар орасида бундай “шарафли” мансабга даъвогарларни топиш осон бўлмай қолганди. Ажабланарлиси шунда эдики, бу мажбурият бирор хонаки кўппакнинг ёхуд ал-кимёгарнинг зиммасига эмас – айнан сарой урф-одатларини яхши ўзлаштирган мулозимнинг зиммасига юкланар эди! Бу ерда соҳиб афанди д’Арси – сарой кўнгилхушлик маросимлари мулозими ҳам бор эди. У нега ва қайси эҳтиёж юзасидан бу ерда бўлиши керак – буни ҳеч ким билмасди. Шу ердами – бўлди, ҳеч қандай изоҳ берилмайди! Бу ерда соҳиб афанди сарой оғаси ҳам ҳозир эди. У Томнинг ортида туриб бутун маросим энг майда қоидаларигача адо этилмоғини кузатиб туради. Маросимни яқин атрофдан бош югурдак соҳиб афанди ва бош ошпаз соҳиб афанди бошқариб туришибди. Булардан ташқари, Томнинг хизматида уч юз саксон тўрт нафар хизматкорлар тушлик учун дастёрликка шай турардилар. Лекин уларнинг ҳаммалари ҳам тамаддихонада эмасдилар, албатта: шунча югурдакларнинг чорак қисми бу тушликда банд эмас. Том уларнинг борликларини ҳатто билмас ҳам эди.

Ҳозир бўлганларнинг ҳаммалари олдиндан тайёрлик кўришган, бир соат давомида уларга шаҳзоданинг ақли вақтинча заифлашиб қолганини ёддан чиқармаслик ва унинг хурмача қилиқларига таажжубланмаслик уқдирилди. Тез орада бу “қилиқ”лар уларнинг кўз олдиларида тўлалигича намоён бўлди, аммо лекигин бу қусурлар уларнинг кулги-мазаҳларига эмас, балки ачинишларига ва қайғуришларига сабаб бўлди. Ўз севимли шаҳзодаларининг бундай руҳий хасталикка йўлиққанини кўриб туриш хизматкорлар учун ниҳоятда оғир эди.

Бечора Том егуликларни қўли билан олиб оғзига тиқар, лекин бирор кимса ишшайиб қўйишга ёки унинг ножўя ҳатти-ҳаракатларини кўриб турганини сездириб қўйишга ҳам журъат эта олмасди. Бола қаттиқ қизиқиш ва ўта синчковлик билан ўз бўйинсочиғини томоша қилди, чунки унинг матоси ниҳоятда нафис ва гўзал эди, ниҳоят соддадилллик билан деди:

– Илтимос, буни нарироқ олиб қўйинглар, тағин беҳосдан уни ифлос қилиб қўймайин.

Сулолавий бўйинсочиқ боғловчи мулозим ҳеч қандай эътирозсиз дарҳол сочиқни олиб қўйди.

Том қизиқувчанлик билан шолғомни ва коҳу баргини томоша қилиб ўтирди-да, кейин буларнинг нима эканини ва бу нарсалар ейиладиган ўсимликларми ёки йўқлигини сўради. Шолғомни ва коҳуни махсус тансиқ егулик сифатида Голландиядан келтириш яқиндагина тўхтатилган, улар энди Англиянинг ўзида етиштирила бошлаганди. Унинг саволларига мулозимлар ҳеч қандай ҳайронлик асарини ҳам кўрсатмаган ҳолда эҳтиром ила жиддий жавоб бериб турдилар. Ширинак8нинг “кунини кўрсатиб” бўлгач, у чўнтакларини ёнғоқларга тўлдириб олди; лекин ҳеч ким бу одобсизликка муносабат билдиргани йўқ – атрофдагиларнинг ҳаммалари ўзларини кўрмаганга олишди.

Бироқ тез орада жиддий бир хатога йўл қўйганини эса ҳатто Томнинг ўзи ҳам сезди. Бутун тушлик давомида биргина ишни ўз қўли билан ўзи бажаришига изн бериб қўйилганида эса у бениҳоя ўнғайсиз аҳволга тушиб қолди. Болага ўзининг қилган бу иши шоҳона мақомга муносиб бўлмаган шармандаликдай туюлиб кетди. Гап шундаки, бир пайт унинг бурун мушаклари пирпирай бошлади. Бурнининг учи буришиб, тепага қайрилаверди. Бу ҳолат давом этгани сайин Томнинг ташвиши ҳам орта борди. У атрофини қуршаб турган соҳиб афандиларнинг бир унисига, бир бунисига ўтинч билан термулади, бурун қичишишининг чидаб бўлмас қийноғидан ҳатто унинг кўзларига ёш келди. Аъёнлар юзларида ташвиш ифодаси билан унга яқинлашдилар, нима бўлганини айтишини ўтиниб сўрай бошладилар. Том овозида росмана азоб оҳанги билан ялина бошлади:

– Каминага раҳмингиз келсин соҳиб афандилар: бурним чидаб бўлмас даражада қичишиб кетяпти. Бундай фавқулодда вазиятларда саройда қандай таомил ва одатларга риоя қилиш керак? Илтимос, тезроқ жавоб беринглар, бу балога ортиқ чидолмайман!

Бундан ҳеч кимнинг кулгиси қистагани йўқ. Аксинча, ҳаммаларининг қиёфаларида ташвиш ва иккиланиш зуҳур топган, барчалари худди бир-бирларидан маслаҳат сўрагандай, теваракка ҳижолатли боқишади. Гўё қаршиларида баланд девор турибди-ю, аммо бутун Англия тарихида ундан қандай ошиб ўтиш намунаси кўрилмаган эди. Бош маросим оғаси кўринмайди, шу боис ушбу мавҳумлик денгизида урф-одат кемасини бошқаришга ҳеч ким журъат эта олмас, ҳеч ким ушбу муҳим, жиддий муаммони ўз зиммасига олмоққа ботинмасди. Афсус! Англияда сулолавий бурун қашувчи соҳиб афанди лавозими жорий этилмаган эди. Бу вақтга келиб ёш томчилари ўз соҳилларини ёриб ўтди ва Томнинг юзларидан оқиб туша бошлади. Бурун эса ўзини яхшилаб қашиб қўйиш талабини кучайтирмоқда. Ниҳоят табиий эҳтиёж сарой одоб-ахлоқи қоидаларини босиб-янчди ва Том фикран ўзининг хатоси учун (агар хатога йўл қўйган бўлса, албатта) тавба-тазарру қилди ва ўз бурнини ўзи қашиб, атрофидагиларнинг юрагидаги қайғу тошини олиб ташлади.

Тушлик маросими якунига етгач, аъёнлардан бири оғиз чайқамоқ ва бармоқларни чайиб олмоқлик учун соф олтиндан ишланган тақсимчада лиммо-лим гулоб келтирди. Сулолавий сочиқ тутувчи соҳиб афанди унинг ёнгинасида қўлсочиқни тайёрлаб турарди. Том бир муддат ҳайронлик билан тақсимчага тикилиб турди, сўнг уни қўлига олди, лабига яқинлаштирди, жиддий бир қиёфада ундан ҳўплади ва уни мулозим хизматкорга қайтарди:

– Йўқ, соҳиб афандим, бу ичимлик таъбимга тўғри келмади. Ўзи хушбўйгина-ку, аммо таъми мусаллас каби ўткир эмас экан.

Шаҳзоданинг бу янги тентаквор охони унинг ақли ҳақиқатан заифлашганини тасдиқлаб, барчанинг юрагига қайғу солди ва ҳеч кимга кулгили кўринмади.

Том эса, ўзи билмаган ҳолда, яна бир хатоликка йўл қўйди: сарой руҳонийси у ўтирган курси ортида туриб, қўлина баланд кўтариб, кўзини юқорига тиккан ҳолда энди шукроналик дуосини бошламоқчи бўлиб турган пайтда у ўрнидан туриб кетди. Лекин шаҳзода ғайриоддий хатти-ҳаракатлар қилаётганини гўё бу сафар ҳам ҳеч ким сезмаётгандай бўлди.

Кейин эса навқирон дўстимизни унинг қатъий илтимосига кўра Уэлс шаҳзодасининг хос хонасига олиб боришди ва ниҳоят ўз ҳолига қўйишди. Хосхона деворларидаги болут9 қопламаларда ажойиб олтин безакли ярқироқ пўлат қурол-аслаҳаларнинг турли бўлаклари кумуш илмоқларга илиб қўйилган эди. Барча ушбу аслаҳалар шаҳзодага тегишли бўлиб, буларни унга малика – Парр10 хоним ҳадя этган эди.

Том темир қўнжларни, қўлқопларни, патдор дубулғани ва ўзгаларнинг ёрдамисиз кийиш мумкин бўлган барча нарсаларни кийиб олди; у кийинишни якунига етказиш учун аъёнлардан бирортасини ёрдамга чақирмоқчи бўлди-ю, лекин тушликдан олиб келган ёнғоқлари эсига тушиб қолди. У ёнғоқларни ўзларининг сўралмаган хизматлари билан одамни безор қилиб юборгувчи мулозимлар оммасининг, ҳар турли буюк зодагонлар сулолалари вакилларининг назаридан холи ерда чақиб ейиш қувончлироқ бўлиши ҳақида ўйлади ва ноёб аслаҳаларнинг ҳаммасини шоша-пиша яна қайтадан ўз жойига илиб қўя бошлади. Тез орада у ёнғоқ чақиб ўтирганича, парвардигор уни айбу гуноҳлари учун подшоҳ ўғлига айлантириб қўйган дақиқалардан бери илк бор ўзини деярли бахтиёр ҳис этди. Ҳамма ёнғоқлар еб бўлинганида у жавончадаги қизиқарли номланган бир қанча китобларни кўриб қолди; улардан бири Англия саройи ахлоқ-одоб қоидаларига бағишланган экан. Бу энди росмана қимматли топилма эди! Бола ҳашамдор юмшоқ катга чўзилиб олди ва сидқидилдан одобиёт фанини ўзлаштиришга киришди. Вақти келгунча уни ўша ерда қолдира турайлик.

VIII БОБ

МУҲР МАСАЛАСИ

Соат саккизларга яқин Генрих VIII нотинч, оғир мудроқдан кўзини очди ва ўзича ғўлдиради:

– Тушларим ташвишли, ташвишли тушлар! Кунларим битиб боряпти, тушларим шундан аён бермоқда. Нафасимнинг заифлашуви тушларимдаги башоратнинг очиқ тасдиғидир.

Тўсатдан подшоҳнинг кўзларида ёвуз ўт чақнади ва у эшитилар-эшитилмас товушда ўз ҳукмини эълон қилди:

– Лекин у мендан аввал асфаласофилинга жўнайди!

Аъёнлар подшоҳ уйғонганини сезишди ва улардан бири онҳазратлари ёндош хонада ўз қабулини кутаётган муҳрдор-адлия бошлиғи11нинг кирмоғига ижозат этмоққа рўйхушлари бор-йўқлигини сўради.

– Кираверсин! Кираверсин! – сабрсизлик ила хитоб қилди подшоҳ.

Муҳрдор-авдлия бошлиғи кириб келди ва қирол тахти қаршисида тиз буккан ҳолида деди:

– Ҳазрати олийларининг фармонларига кўра қироллик пэрлари тантанавор либосларида суд хонасига ҳозир бўлдилар ва Норфолк герцогини ўлимга ҳукм этиб, кейинги фармойишларингизга мунтазир ҳолда итоаткорлик ила кутиб турибдилар.

Қиролнинг юзи ваҳшиёна қувончдан гўёки порлаб кетди.

– Мени турғазиб қўйинглар! – буюрди у. – Мен ўз парламентимнинг ҳузурида ҳозир бўламан ва мени нотинчликдан халос этувчи ҳукмга ўз қўлим билан муҳр босаман…

Унинг овози бўғилди, чаккаларидаги қизиллик оқиш қонсизлик билан алмашинди. Аъёнлар уни ёстиққа ётқизишди ва туркана малҳамлар билан ҳушига келтиришга шошилишди. Бир оз вақт ўтиб қирол маъюслик билан деди:

– Афсус, мен шу ширин онларга қанчалик ташна бўлгандим. Лекин бу фурсат жуда кеч етиб келди, узоқ вақт орзу қилган ҳодисадан лаззатланиш каминага насиб этмайдиган бўлди. Борақол, тезроқ бор – мен адо этишга ожиз бўлган бу қувончли бурчни ҳеч бўлмаса бошқалар бажаришсин. Мен ўзимнинг катта муҳримни махсус давлат кенгашига ишониб топшираман; бу кенгаш таркибига кирувчи лордларни ўзинг танла ва шу заҳотиёқ таомилни бошланглар. Тезроқ бўл дедим сенга! Қуёш чиқиб-ботгунига қадар менга Норфолкнинг бошини келтир, мен уни ўз кўзларим билан кўриб қолай.

– Подшоҳ амри адо этилгай. Таомилни амалга оширишим учун девон муҳрдорлари менга ҳозироқ катта муҳрни топширишларини буюрмоқликни ҳазрати олийлари ихтиёр этсалар маъқул бўлурди.

– Муҳр? Муҳр сенда сақланяпти-ку ахир!

– Маъзур тутинг, ҳазрати олийлари! Икки кун муқаддам сиз ўзингиз уни каминадан олдингиз ва токи Норфолк герцогининг ўлим ҳукмига шоҳона илкингиз ила шахсан муҳр босгунингизга қадар ҳеч ким унга тегинишга журъат этмаслигини амр этдингиз.

– Ҳа, эсладим… ҳақиқатан ҳам уни олганим рост… ёдимда… Лекин уни қаерга қўйдим?… Жуда заифлашиб қолдим… Охирги кунларда хотирам менга тобора кўпроқ панд бермоқда. Булар ҳаммаси жуда ғалати, ниҳоятда ғалати…

Қирол бир пайт тушунарсиз ғўлдирай бошлади, сочи оқарган бошини аста чайқаган кўйи, муҳрни нима қилганини эслашга ҳаракат қиларкан, уринишлари бесамар кетаверди.

Ниҳоят лорд Гертфорд тиз чўккан ҳолида унга эслатишга журъат этди:

– Ўзбошимчалик ила ҳазрати олийларига маълум қилмоғимга ижозат этгайсиз: шу ерда ҳозир бўлганларнинг кўпчилиги, шу жумладан камина ҳам, шуни эслаймизки, сиз катта давлат муҳрини Уэлс шаҳзодаси аълоҳазратларига топшириб, уни лозим кунгача сақлашини амр этгандингиз, токи…

– Рост, орий рост! – хитоб қилди подшоҳ. – Уни менга келтир! Тезроқ бўл: вақт кетяпти!

Лорд Гертфорд жон-жаҳди билан Томнинг ҳузурига югурди, лекин тез орада хижолатда, қўли бўш ҳолда қайтди ва деди:

– Қайғу ила сиз ҳукмдор қиролимга оғир ва нохуш хабарни етказмоғим жоиз: парвардигорнинг иродаси ўлароқ шаҳзодамизнинг хасталиги ҳануз барҳам топмабдиким, ўзига катта муҳр берилгани ёкигим берилмаганини эслай олмаяпти. Мен бу ҳақда сиз аъло ҳазратларини хабардор этмоқликка ошиқдим, зеро муҳрни аъло ҳазратларига тегишли кенг-мўл хобхоналарнинг беҳисоб ёндош қаторларидан излаш бефойда, деган фикрга бордим. Бу ҳолат қимматли вақтингиз зойе кетмоғига сабаб бўлурди ва…

Подшоҳнинг инграши унинг нутқини бўлиб қўйди. Қирол овозида чуқур қайғу билан сўзлади:

– Уни безовта қилмангизлар! Шўрлик бола. Қисматнинг оғир қўли норасидамизнинг елкасини эзиб қўйибди. Менинг юрагим унга бўлган муҳаббат ҳамда ачиниш ҳиссидан пора-пора бўлмоқда ва ғам-алам чекмоқда. Фарзандим хотиржам ва бахтиёр бўлмоқлиги учун унинг ташвишларини ўзимнинг кекса, таважжуҳлардан зада бўлган елкаларимга ололмаслигимдан қайғудаман.

Қирол кўзларини юмди, нималарнидир ғўлдиради ва жим бўлди. Сал вақт ўтиб унинг кўзлари яна очилди. Ҳукмдор теварак атрофга маъносиз тикилди ва ниҳоят унинг нигоҳи тиз букиб турган муҳрдор-адлия бошлиғида тўхтади. Шу заҳоти унинг юзи ғазабдан ловуллаб ёнди.

– Оббо, сен ҳали ҳам шу ердамисан? Яратган эгамнинг номи ила қасам ичаманки, агар сен шу бугуноқ хоинни жойи ростонига жўнатмасанг, эртага бошингдаги қалпоғинг бўш қолади, чунки елкангда уни киядиган каллангдан айрилган бўласан.

Муҳрдор, бутун вужуди қалтираб, дод солди:

– Раҳм қилинг, ҳазрати олийлари, менинг марҳаматли қиролим! Камина шу тобда шоҳона муҳрни келтиришларини кутмоқда.

– Сен ақлдин озибсан шекилли, биродари азиз! Мен илгари хорижий ўлкаларга ўзим билан олиб юрган кичик муҳр ҳозирда хазинамда сақланмоқда. Агар каттаси йўқолган бўлса, сенга кичикроғи кифоя эмасми? Жўна! Айтиб қўяй – эшитяпсанми? – хоиннинг бошисиз ҳузуримга қайтиб келма.

Шўринг қурғур муҳрдор ўта шошқалоқлик билан қиролнинг ажаловар ғазабидан қочиб қолди; ҳайъат эса лаганбардор парламент томонидан чиқарилган ҳукмни тасдиқлашни ва Англия биринчи пэрининг, бахтиқаро герцог Норфолкнинг қатли келаси куннинг тонгида ижро этилишини пайсалга солмади12.

IX БОБ

ДАРЁДА БАЙРАМ

Кечки соат тўққизда саройнинг дарёга қараган девори бошдан охиригача ёрқин машъалалардан ёришиб кетди. Дарё шаҳар тарафга қараб, то нигоҳингиз қамрай олганича балиқчиларнинг қайиқлари ва кўнгилхушликка мўлжалланган кемалар билан қопланган; ранг-баранг чироқлар билан безатилган кемалар жамланмаси тўлқинлар мавжидан сокин тебраниб турар ва худди ёзги шаббоданинг енгил эпкинидан гуллари майин титраётган бепоён жилвагар боғни эслатарди. Тош зинапоялари тўғри дарё ёқасига олиб борувчи ғаройиб очиқ супа шу қадар кенг эдики, унда бирор бир олмон князлигининг лашкари бемалол жойлашиб кетиши мумкин. Очиқ тошсупада подшоҳликнинг ойболта кўтарган аскарлари антиқа совутларда текис сафланиб туришибди. Сон-саноқсиз хизматкорлар сўнгги тайёрликларни шоша-пиша якунлаш учун тепага-пастга, олдинга-орқага тинимсиз елиб-югурмоқдалар.

Ва ниҳоят кимнингдир буйруғи янгради-ю, шу захотиёқ супада бирорта тирик жондан асар қолмади. Ҳатто борлиқни қамраб турган ҳаво ҳам интизорликдан зўриқиб, ҳаракатсиз тошқотиб қолгандай эди. Бутун дарё қайиқлар ичида тик туриб олганларича кўзларини ёрқин чироқ ва машъалаларнинг ўткир нурларидан кафтлари билан тўсиб, нигоҳларини сарой томонга тиккан тўда-тўда одамлар билан лиммо-лим тўлган.

Тошсупанинг зиналари пойига зарҳалланган сарой кемалари бирин-кетин сузиб келмоқда. Улар тахминан қирқта ёки элликта эди. Ҳар бирининг юқори кўтарилиб турган тумшуғи ва баланд қуйруғига ажойиб нақшлар ўйилган. Баъзи кемалар туғлар билан ва энсиз байроқчалар билан зийнатланган, бошқаларига аслзода аймоқнинг насл нишони кашталанган заррин парчадан ва бошқа хил рангдор матолардан зеб берилган, яна бирларида шоҳи байроқлар товланиб турибди. Ўша шоҳи байроқларга эса сон-саноқсиз кумуш қўнғироқчалар шу қадар кўп илиб ташланганки, салгина шабада эсиб қолиши биланоқ улардан ҳар томонга шўхчан оҳанглар гўёки кумуш томчилар бўлиб сочилади. Уэлс шаҳзодасининг аъён тўраларига тегишли кемалар янада тамтароқли бежаб ташланган: кема сиртларига турли насабларнинг рамз нишонлари туширилган нақшинкор қалқонлар илиб қўйилган. Бу кемаларнинг ҳар бирини кичик эшкакли кема тортиб келмоқда. Уларнинг ҳар бирида эшкакчилардан ташқари ялтироқ совут ва дубулға кийган аскарлар ҳамда машшоқлар ўтиришибди.

Бош дарбозада сабрсизлик ила кутилаётган тантанали намойишнинг энг олдида келаётган қўриқчилар – ойболтачи аскарлар бўлинмаси кўринди. «Ойболтачи аскарлар қўнғир чизиқли қора чолвор, ён томонига кумуш атиргул қадалган бахмал қалпоқ кийишган. Тўқ қизил ва мовий мовутдан тикилган чакмонларининг бел ва кўкрак томонида уч дона пат – шаҳзоданинг рамзий нишони кашталанган. Ойболталарининг сопи зарҳал чиннигул кашталанган шокилали қизил бахмал билан қопланган.

Ойболтачи аскарлар сафланган иккита узун қатор зинапоянинг икки томони бўйлаб сарой дарбозасидан то сув бўйига қадар чўзилиб келган. Шу иккита қаторнинг орасидан шаҳзоданинг заррин уқали қизил хоскийимдаги мулозимлари гиламга ўхшаш қалин матони пойандоз қилиб ёйдилар. Бу иш бажарилиб бўлиши биланоқ саройда карнай садолари янгради. Қайиқларга жойлашиб олган созандалар қувноқ сарахбор наволарини бошлаб юбордилар ва қўлларида оппоқ асо тутган тадбирбошилар шошмасдан, виқор билан одимлаганларича дарвозадан чиқиб келдилар. Уларнинг ортидан фуқаролик асойини тутган зобит одим ташлаб келмоқда; зобитдан кейинда шаҳарнинг рамзий қиличини кўтариб олган бошқа бир ҳарбий кўзга ташланади; бу зобитдан кейинроқда эса енгига қадамалар чекилган тўлиқ намойиш хоскийимидаги бир неча нафар соқчи ўнбошилар юриб бормоқдалар; улардан кейинги сафда совут устидан тақилган Чакмон боғичи нишонининг ҳеролдмейстери; ундан сўнг енгларига оппоқ тўр тикилган бир неча нафар Ҳаммом нишони соҳиблари бўлмиш жўмардтўралар; тўраларнинг изидан уларнинг қуролбардорлари; сўнг қизил чакмон ва қалпоқчалар кийган ҳукмфармо қозилар; уларнинг кейинида оқ сувсар мўйнаси билан ҳошияланган олранг чакмонининг барларини очиб олган Англия муҳрдор-адлия бошлиғи; ундан ортда ёрқин лоларанг ёпинчиқларда шаҳардаги турли уюшмаларнинг вакиллари ва ниҳоят тўлиқ тўпламдаги либосларни кийиб олган барча фуқаролик жамоатларининг раҳнамолари кўриндилар. Булардан нарироқда пайдо бўлган ва зинапоялардан пастга тушиб келган ўн икки нафар фаранг аслзодаларининг башанг либослари қавиб тикилган йўл-йўл зарҳалли оқ шоҳи нимчалардан, нафармон тафта астарли калта қизил бахмал ёпинчиқлардан ва нафармон рангли, тиззагача тушадиган чолвор − hauts-de-chaussesлардан иборат. Улар Фарангистон элчисининг аъёнлари гуруҳини ташкил этганлар. Буларга изма-из испан элчисининг аъёнлари бормоқдалар – ҳаммалари ҳеч қандай зеб-зийнатларсиз қора бахмал либос кийибмишлар. Уларга эргаш ҳолда бир неча нафар нуфузли инглиз зодагонлари ўз мулозимлари қуршовида кетиб бормоқдалар».

Саройда бурғи овозлари янгради, ва дарбозада шаҳзоданинг тоғаси, «зар билан тикилган қора нимча устидан кумуш ип билан тўрланиб, зардан гуллар чекилган тўқ пушти ранг атлас ёпинчиқ ташлаган» бўлғуси Сомерсет герцоги кўринди. У ортига ўгирилиб, патлар қадалган қалпоқчасини салгина кўтариб қўйди-да, тик қоматини эҳтиром аломати сифатида таъзим учун чуқур эгиб, ҳар бир зинапояда қайта-қайта таъзим бажо этган кўйи орқаси оломонга қараган ҳолатда пастга тушиб кела бошлади.

Унинг ортидан сурнайларнинг давомли садоларию, хитоблар янграй бошлади:

«Зоти олийлари қудратли лорд Эдуардга – Уэлс шаҳзодаси13га йўл берингизлар!»

Сарой деворларидан ҳам баландда оловнинг қип-қизил тиллари узун қатор бўлиб юқори ўрлади; худди момоқалдироқ гулдураги каби гумбурлаш эшитилди; дарёдаги улкан оломон оммаси шаҳзодани шарафлаб ҳайқириб юборди. Мана шу оммавий тантананинг сабабчиси ва қаҳрамони бўлмиш Том Кенти айвонда кўриниш бериб, бошини енгилгина шоҳона ирғаб қўйди.

Унинг эгнида «олмос кукуни сочилган қизил парчадан кўкрак камари тутилган ва оқ сувсар мўйнаси илинган ғаройиб оқ атлас нимча бор эди. Нимчасининг устидан эса мовий рангдаги атлас сирилган, ҳамма ерига инжу ҳамда бошқа қимматбаҳо тошлар қадаб безалган ҳамда олмос тўқа тақилган зарҳал йўлли оқ парчадан ёпинчиқ ташланган. Унинг бўйнида Боғич нишони ва кўплаб ажнабий нишонлар осилган» − ҳар сафар унга ёруғлик шуълалари тушганида қимматбаҳо тошлар кўзни қамаштирар даражада ярқираб кетади. О! Исқирт кулбада дунё юзини кўрган, Лондоннинг бадбўй ариқларидаги балчиқлар ичида ўсиб-улғайган, жулдурлик, қашшоқлик ва иркитлик намунаси бўлган Том Кенти ҳозир қандоқ бир тантанаворликни ифодалаб турибди-я!

Х БОБ

ШАҲЗОДАНИНГ КЎРГИЛИКЛАРИ

Жон Кенти қонуний шаҳзодани Сарқитлар Ҳовлисига судраб кетаётган, бадфеъл қорахалқ эса янги эрмак топилганидан қувониб, уларни таъқиб этиб бораётган пайтда бу воқеотни тарк этган эдик. Энди унинг давомини баён қиламиз. Бандини ҳимоя қилишга уринган фақат биргина одам топилди-ю, лекин бу кишининг гап-сўзларига биров парво қилгани ҳам йўқ. Қулоқни қоматга келтирадиган бунақанги тўс-тўполоннинг шовқинида уни ким ҳам эшитарди дейсиз. Шаҳзода ўз зулмкорининг шафқатсизлигидан қаҳрланиб, унинг чангалидан қутулишга беҳуда уриниш билан овора. Жон Кентининг ниҳоят сўнгги томчи сабри ҳам тугаб битди ва ғазаб билан шаҳзодага сўйил ўқталди. Боланинг ягона ҳимоячиси зарбанинг олдини олиш учун югуриб келди ва сўйилнинг зарби унинг қўлига тушди.

− Сен нега аралашяпсан? – бўкирди Жон Кенти. – Мана буниси энди сенга!

Зарба чақирилмаган ҳимоячининг калласига тушди – у оғир ингранди ва жонсиз тана ерга, томоша учун югуриб келган оломоннинг оёғи остига қулади. Орадан ҳеч қанча ҳам вақт ўтмай, мақтулнинг жасади қоронғида чўзилган кўйи ёлғиз қолаверди, оломон эса олдинга қараб югургилаб кетди – ҳозиргина содир бўлган машъум воқеа унинг хурсандчилилига халал бергани йўқ.

Шаҳзода тез орада Жон Кентининг кулбасида ўзига келди. Ташқи эшик барча бегоналардан паналаниш учун қулфлаб қўйилибди. Шиша идишга ўрнатилган ёғли шаъмнинг хира ёруғида шаҳзода жирканч вайронани ва унинг истиқоматчиларини қийинчилик билан илғай олди. Бир кунжакда худди шафқатсиз муомалага кўникиб қолган ҳайвонлар каби девор тагида букчайган кўйи икки нафар иркит қизлар ва ўрта ёшлардаги аёл ерда чўк тушиб ўтиришибди; улар қўрқув талвасасида аёвсиз калтакланишларини кутишмоқда. Бошқа бурчакдан сочию, қош-киприклари оқарган, жулдур, қоқсуяк қари алвасти кўзларини ваҳшиёна чақчайтирганича ўрмалаб чиқди.

− Нари тур, халал берма! – дея унга юзланди Жон Кенти. – Бу ерда жуда мароқли ҳангома бўляпти. Сен маза қилиб завқланиб бўлгунингча бир чеккада кутиб тур. Навбатинг келганида болани истаганингча дўппослайверасан. Қани, бу ёққа кел, азизим. Агар ҳали ёдингдан чиқмаган бўлса, бояги нутқингни бир такрорлаб бергин-чи. Исминг нимайди? Ўзингни ким деб айтувдинг?

Аламдан шаҳзоданинг қони юзига уриб кетди, ва у Жоннинг башарасига ғазабли нигоҳ ила қаҳрли тикилди.

− Сен сурбетсан! – деди у. – Менинг гапиришимни талаб қилишга ҳаққинг йўқ. Сенга яна бир бора такрор айтаман: камина Уэлс шаҳзодаси Эдуард эрур, бошқа ҳеч бир кимса эмасман.

Қари ялмоғиз бу жавобдан шу даражада ҳайратга тушдики, оёқлари гўё ерга михлаб қўйилган каби жойидан ҳам қимирлай олмай қолди; кампирнинг ҳатто нафаси томоғига тиқилди. У аҳмоқона бир ажабланиш билан шаҳзодага бақрайиб қолди, бу ҳолат кампирнинг ўғлига шу қадар кулгили туюлиб кетдики, ўзини тутолмай қаҳқаҳа отиб юборди.

Аммо Том Кентининг онасига ва опаларига шаҳзоданинг сўзлари буткул ўзгача таъсир қилди: бундан бир дақиқагина муқаддам улар шўрликни отаси майиб-мажруҳ қилиб қўйишидан қўрқиб туришганди, энди бу хавотир бошқа бир ташвиш билан алмашинди. Улар юзларида қайғу ва ташвиш ифодаси ила шаҳзоданинг ёнига югуриб келдилар ва нолишни бошладилар:

− Вой шўрлик Том, бечорагина бола!

Она шаҳзоданинг қаршисида чўккалаб қолди, ва унинг елкасига қўлини қўйиб, аччиқ ёшларини оқизган кўйи ташвиш билан унинг кўзларига ваҳима билан қараб қолди:

− Шўрликкина болажоним! – деди у. – Аҳмоқона китобларингнинг касофати ахийри миянгга урибди ва ақлу шуурингдан айирибди. Қаёқданам ўша асарларга кўнгил қўйиб қолган экансан-а?! Ҳолбуки, сени кўп марталаб огоҳлантирган эдим! Ниҳоят онангнинг юрагини тилка-пора қилдинг!

Шаҳзода унинг юзига боқди ва ҳурмат билан деди:

− Сенинг ўғлинг соғ-саломат, эс-ҳушидан ҳам айрилгани йўқ, эй муштипар аёл! Тинчлан! Мени ҳозирда ўғлинг шаҳзода бўлиб турган саройга қўйиб юбор ва менинг подшоҳ отам уни зудлик ила ўзингга қайтаргай.

− Тавба! Қирол − сенинг отанг эмиш! Э, болагинам! Сендан ўтинаман, сенга ўлим ва яқинларингга ҳалокат хавфини соладиган бундай сўзларни бошқа асло айта кўрма! Бу ёқимсиз тушни миянгдан сидириб чиқариб ташла. Хотиранг тўғри йўлдан адашибди, уни роҳи ростга тўғирлаб қўй. Кўзларимга қарагин, бўталоғим – мен ахир сени дунёга келтирган ва суйиб эркалагувчи онанг эмасманми?!

Шаҳзода бош силтаб, истамайгина жавоб қилди:

− Худо шоҳид, дилингга озор бермоқлик мен учун жудайла оғир, аммо рости шулким, сенинг чеҳрангни илгари ҳеч қачон кўрган эмасман.

Аёл яна ерга чўккалади ва юракни эзиб юборувчи чинқириш ва ариллашларга киришиб кетди.

− Наилож! Масхарабозликни давом эттираверинг! – қичқирди Кенти. – Эй, сизлар – Нэн ва Бэт! Адабсиз чувриндилар! Шаҳзода қаршисида бу қандай туриш бўлди? Тиз чўкларинг, қашшоқваччалар, соҳибларингга тузукроқ таъзим қилларинг! – Шу сўзларни айтгач, яна қўпол кулгиси бошланди.

Қизлар қўрқа-писа акаларини ҳимоя қилмоқчи бўлишди.

− Уни ухлашга жўнатақолинг, ота! – деди Нэн. – Тиниқиб ухлаб, дамини олсин. Тонггача эси жойига келиб қолар. Тезроқ ётиб ухлашни буюринг.

− Ҳа, тўғри, тезроқ жойига чўзилсин, − гапга қўшилди Бэт. – Бугун қанчалик силласи қуриганини кўрмаяпсизми? Шу тун ҳордиқ чиқариб олишига имкон берсангиз, у эртага ҳафсала билан садақа сўрашга тутинади ва ҳар ҳолда уйга қуруқ қўл билан қайтмасликка ҳаракат қилади.

Бу сўзлар отани хушёр торттирди ва шу ондаёқ унинг мастона қувноқлигидан асар ҳам қолмади. Унинг ўй-фикри тирикчилик ўзанига тушиб олди. Кенти жаҳл билан шаҳзодага ўгирилди ва тўнғиллади:

− Эртага биз мана шу вайронанинг эгасига икки пенс ижара ҳақи тўлашимиз лозим. Ярим йилга икки пенс… ҳазилакам тўлов эмас… Акс ҳолда ҳаммамизни кўчага улоқтиради. Бугун тўплаган пулингни кўрсат! Сен танбалга ўзи садақа сўраш ҳам доим малол келади.

Шаҳзода аччиқланди:

− Қўланса айбловларинг билан каминани ҳақорат этма! Сенга такрор айтаман: камина – подшоҳзода эрур.

Гурсиллаган товуш эшитилди – Жон Кентининг залворли қўли баланд кўтарилиб шаҳзоданинг елкасига тушди. Агар Томнинг онаси уни тутиб қолмаганида болакай ерга гумбирлаб йиқилган бўларди; мазлума аёл уни ўз бағрига маҳкам босиб муҳофаза қилганича, бетиним тушаётган мушт ва тепкиларга ўз танасини тутиб берди. Қўрқиб кетган қизлар ўзларини кунжакка уришди, ғазабдан бутун вужуди ёниб турган кампир эса ўғлига кўмакка шошилди. Шаҳзода шу пайтда Кенти хонимнинг қучоғидан отилиб чиқиб, қичқириб қолди:

− Сиз мен туфайли жабр кўрмаслигингиз даркор, хонимойим! Манави чўчқалар ёлғиз ўзимни хўрлайқолишсин.

Бу сўзларни эшитган “чўчқа”лар қайтадан шу қадар қутуриб кетишдики, қўққисдан шаҳзодага ташланиб, ўласи қилиб калтаклашди. Болага ачинган қизларни ва онани ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўбдан савалаб қўйишди.

− Энди эса, − амирона буйруқ берди Кенти, − ҳаммангиз ухланг! Бу томошадан ўзим ҳам зерикиб кетдим.

Мойчироқлар ўчирилиб, бутун оила уйқига кетди. Жон билан кампир хурракларини бошлагач, қизлар шаҳзода ётган жойга эмаклаб келишди ва уни совуқдан асраб, меҳрибонлик билан устига похол ва увадаларни ёпиб қўйишди. Кейин она ҳам шу тарафга ўрмалади ва боланинг сочларини силаган кўйи тушунарсиз алланималарни унинг қулоғига шивирлаганича, ачиниб йиғлаб, овутиб ўтирди. У “ўғли”га олиб қўйган озгина егуликни унинг оғзига тутди, аммо жони оғриб турган боланинг ҳозир иштаҳаси йўқ эди. Ҳар ҳолда қаттиқ, қоп-қора куйинди нон бўлаги уни ўзига жалб эта олмади.

Шаҳзода муштипар аёлнинг ҳамдардлиги ва мардона ҳимоясидан таъсирланди ва нафис ибораларда миннатдорлик изҳор этгач, унга энди ухлашни ва ўз қайғусини унутишни маслаҳат берди. Ва яна “қирол отаси унинг садоқати ва меҳрибонлигини мукофотсиз қолдирмаслиги”ни ҳам қўшиб қўйди. Ўғлининг бу янги телбавор “тутқаноғи” бечора онанинг юрагини қайтадан бурдалади; аёл уни қайта-қайта бағрига боса-боса ниҳоят кўз ёшларини оқизган кўйи ўз ўрнига томон кетди.

У барча бўлиб ўтган воқеаларни ўйлаб йиғлаб ётар экан, хаёлини бир фикр эгаллаб ола бошлади: бу болада қандайдир сезилмас, пинхоний бир нимадир борки, Том Кентида – у ақли расо бўладими ёхуд телбами, ушбу хислат мутлақо йўқ эди. Аёл айнан нима ўзида бундоқ шубҳа-гумон уйғотганини айтиб бера олмасди, аммо оналик туйғуси бу болакай унга бегона эканини ботинан билдириб турарди. Ростдан ҳам у ўзининг ўғли бўлмаса-чи? О, йўқ, бу бемаънилик! Она ўзидаги гумону қайғуларга қарамасдан, шу фикри учун хижолат бўлиб, бир жилмайиб қўйди. Лекин ўша фикр шуурини тарк этмаётганини тез орада фаҳмлаб етди. Бу хаёл уни таъқиб этиб юрар, уят ва номус ўтида ёндирар, азоблаб қийнар эди. Аёл бу фикрни ўз онгидан қувиб чиқаришга қодир эмасди. Ниҳоят у болани жиддий синовдан ўтказиб, унинг ўз ўғли ёки бегона эканини аниқламагунича узлуксиз ва азобли шубҳа-гумонлардан холи бўлолмаслигини тушунди. Ҳақиқатан ҳам барча ташвишлардан қутулишнинг ягона йўли айнан шу чора эди. Аёл энди қандай синовга қўл ургани маъқул эканини ўйлай бошлади; у ақлан қай бир йўсинни танламасин, ўзи ўйлаб топган синовларнинг бирортаси ҳам мутлақо тўғри ва мутлақо ишончли бўлиб туюлмасди. Қўлланадиган тадбир ишончли эмасми, демак яроқли ҳам эмас. Чамаси, у бекорчи нарсаларга бошини оғритяпти, яхшиси бу бу ғалвадан бош тортиб қўяқолади. Лекин айнан шу ачинарли хулосага келган лаҳзада боланинг енгил ва бир текис нафас олаётгани қулоғига кирди: унинг уйқуга кетганига шубҳа йўқ. Аёл боланинг сокин нафас олишига қулоқ тутиб ётди. Уйқудаги бола бир пайт паст овозда қичқириб юборди – одам фақат қўрқинчли туш кўрсагина додлаб қолиши мумкин. Мана шу тасодиф онанинг миясига барча режаларидан жўялироқ бир синов тадбирини жойлаб қўйди. У телбавор шошқалоқлик билан, аммо шовқин кўтармасдан шаъмни ёқар экан, тинмай минғирларди: “Агар у бақириб қолган пайтида кўриб улгурсам эди, ҳақиқатни дарровгина билиб олган бўлардим. У гўдак чоғидан бери – яъни кўз олдида оловкукун портлаган кундан бошлаб, кўзларини кафтининг ички томони билан эмас, балки ташқи томони билан ёпиб олиши одатга айланиб қолган. Ундан бошқа ҳеч ким юз-кўзини кафтининг ташқи томони билан ҳимояламайди. Том ухлаган пайтда ёки чуқур хаёлга толган маҳали қўққисдан чўчитиб юборилса, айнан мана шу ҳаракатини такрорлайди. Мен бунга юзлаб марта гувоҳ бўлганман; у доим шу тарзда, бир хил ҳаракатни амалга оширади. Энди мен уни таниб оламан, ҳақиқатни мана шу усулда аниқлайман!”

Аёл қўлида шаъм тутиб, унинг алангасини кафти билан тўсиб, ухлаётган болага асталик билан яқинлашди ва секингина унинг бошида энгашди. Ҳаяжонининг зўридан аранг нафас олиб, тезликда шаъмни боланинг кўзларига яқинлаштирди ва шу заҳотиёқ алангани тўсиб турган қўлини тортиб олиб, бармоқларини унинг қулоқлари ёнида қарс-қарс қилиб қаттиқ шақиллатди. Уйқудаги болакай чўчиб, кўзларини кенг очди, атрофга гарангсиб алаҳсираган кўйи тикилиб қаради, лекин бошқа ҳеч қанақа ўзига хос ҳаракатлар қилгани йўқ.

Шўрлик она ҳайрат ва қайғудан эс-ҳушини йўқотай деди, лекин ўз ташвишини яширишга уринган кўйи болани эркалаб тинчлантирди, ва у яна уйқига кетди. Кейин аёл ўз синов тадбирининг қўрқинчли оқибати ҳақида қайғули ўй-хаёлларга ботганича, боладан узоқлашди. У Том ўзининг телбалиги таъсирида одатий хатти-ҳаракатларини унутиб қўйганига ўзини ишонтирмоқчи бўларди-ю, аммо ҳеч бунинг уддасидан чиқа олмасди.

“Йўқ, − ўйлади у. – Боланинг ақли ноқис бўлиб қолгани билан қўллари ақлдан озиб қолмайди-ку?! Қўл деган нарса қисқа вақт ичида ўз кўникмаларидан айрилиши мумкин эмас. Оҳ, шу кун мен учун қанчалар ҳам оғир келди-я!”

Энди унинг юрагидаги саркаш шубҳалари худди шундоқ қайсар умид билан ўрин алмашди. Аёл аниқ-тиниқ билиб олган ҳақиқатига бўйин эгмоқликка ҳеч ўзини мажбурлай олмади. “Яна бир марта уриниб кўриш керак. Бу сафарги муваффақиятсизлик – шунчаки тасодиф”. Она шу туннинг ўзидаёқ орадан муайян бир муддатни ўрказиб, иккинчи марта ва кейин учинчи маротаба болани уйқисида қўққисдан чўчитиб кўрди. Лекин шаҳзода барибир талмовсираган ҳолатида ҳам қўли билан ҳеч қандай ҳаракатни амалга оширгани йўқ. Аёл қайғу-аламга ботиб, ўрнигача зўрға етиб олди ва силласи қуриган ҳолида аранг ухлай олди.

“Лекин барибир мен боламдан воз кеча олмиайман! Йўқ, хоҳламайман. Бунга иложим ҳам, истагим ҳам йўқ. Бу бола менинг ўғлим эмаслиги ҳақидаги фикрга йўл қўя олмайман”

Она шўрлик шаҳзодани ортиқ безовта қилмай қўйгач, боланинг қайғу-аламлари озгина бўлса ҳам тарқаб, чарчоқнинг зўри барча аҳволу руҳиятлардан устунлик қилди ва киприклари қаттиқ ва сокин уйқу учун маҳкам ёпилди. Соатлар ўтиб борар, у эса худди жонсиздай қимир этмай ухлаб ётарди. Тўрт ёки беш соат вақт шундай осудаликда ўтди. Кейин шаҳзоданинг карахтлиги тарқаб, уёқ-буёққа типирчилади ва уйқи орасида минғирлаб қўйди:

− Уилям афанди!

Бирор дақиқа вақт ўтгач яна:

− Уилям афанди!

Сўнг яна:

− Уилям Герберт афанди, ҳузуримга кел, қандай ғалати туш кўрганимни бир тинглагин-а… Бунақа тушни умримда ҳали кўрган эмасдим! Уилям афанди, эшитяпсанми? Гўёки мени бир гадовачча билан алмаштириб қўйишганмиш, мен чувриндига айланиб қолибман ва… Эй, бу ёққа! Соқчилар! Уилям афанди! Бу қандай тартибсизлик? Ётоқхонам остонасида навбатчи мулозим ҳам йўқми? Ҳали мендан кўрасизлар! Адабларингни бериб қўяман!…

− Сенга нима бўлди? – шивирлади шу пайт қандайдир нотаниш овоз. – Кимни ҳузурингга чорлаяпсан?

− Уилям Герберт афандини. Сен ўзинг кимсан?

− Менми? Опанг Нэн бўлмасдан яна ким ҳам бўлишим мумкин? Вой ўлай! Том, қара, бутунлай ёдимдан чиқиб кетибди! Сен ахир телба бўлиб қолгансан-ку! Бечора укагинам! Сенинг ақлдан озганингни кўрганимдан кўра уйғонмай қўяқолганим минг марта афзал эди. Лекин илтимос, тилингни тийиб юргин, акс ҳолда ҳаммамизни ўласи қилиб савалашади!

Шаҳзода ҳайрат ичида ердан даст кўтарилмоқчи бўлди-ю, лекин кечаги дўппослашларнинг қаттиқ оғриғи ўзини кўрсатгач, инграганича яна ифлос похолга ўзини ташлади.

− Афсус! Демак, булар ҳаммаси тушим эмас экан-да! – хитоб қилди у.

Қаттиқ уйқига кетган пайтида унут бўлган барча азобу кўргиликлари яна унинг шуурига қайтди: у энди ҳукмдорнинг суюкли ўғли эмаслигини, халойиқ ўзига ҳавас билан боқмаслигини; фақат ёввойи ҳайвонларгагина муносиб бўлган ифлос кулбада яшаётган, ўғри ва гадоларнинг жамоатида кун кўриб юргувчи қашшоқ, жулдур, келгинди банди эканини эслади.

Шу қайғули хаёлларга чўмган кўйи у яқин атрофда, қўшни уйлардан бирида кўтарилган шовқин-суронни тез англаб ололмади. Бир оздан сўнг уй эшиги қаттиқ тақиллади. Жон Кентининг хурраги тўхтаб, уйқисираган овози эшитилди:

− Эшигимни тарақлатаётган аблаҳ ким? Сенга нима керак?

У тарафдаги овоз жавоб қилди:

− Сен сўйил билан кимнинг суробини тўғри қилиб қўйганингни биласанми?

− Билмайманам, билишниям истамайман.

− Ҳозир кимлигини айтганимдан кейин бошқача сайраб қоласан. Агар бўйнинг сиртмоққа тиқилишини хоҳламасанг, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! Агар улгуролсанг албатта. Ўша одам жон таслим қиляпти. У бизнинг роҳибимиз – ҳазрат Эндрю экан.

− Тангрим, ўзинг асра! – қўрққанидан бўкириб юборди Кенти. У бутун оиласини уйғотди ва овози хириллаб буйруқ берди: − Ҳамманг тез ўрнингдан туриб, тирақайлаб қочларинг! Ким шу ерда қолса, жонидан айрилади!

Орадан беш дақиқа ҳам ўтмасдан Кенти оиласи ўз ҳаётини асраб қолиш учун тор кўчада шаталоқ отиб борарди. Жон Кенти шаҳзодани қўлидан ушлаб олганича, қоронғи тор йўлкадан судраб бораркан, тинмай бир гапни шивирлаб, боланинг қулоғига қуйиб кетмоқда:

− Ёдингда бўлсин, эси паст тентак, исм-шарифимизни ҳеч қаерда оғзингга ола кўрма. Миршаб кўппакларни чалғитиш учун мен ўзимга янги насл-насаб тўқиб оламан. Айтиб қўяй – тилгиначангни тийиб юр!

Кейин бошқаларга ириллади:

− Агар бир-биримизни йўқотиб қўйсак, ҳар биттанг Лондон кўпригига югурларинг. Энг чеккадаги мовутфурушнинг дўконига етиб боргач, ўша ерда бир-бирингни кутинглар. Кейин ҳаммамиз Саутворкка жўнаймиз.

Айни шу пайтда Кенти оиласи кутилмаганда қоронғиликдан чароғон ёруғликка чиқиб қолди ва Темзага уланиб кетган майдонга, оломон энг зич тўпланган жойга кириб келди. Омма куйлаган, рақс тушган, қийқирган; дарёнинг пастига ва юқорисига қараб чўзилган соҳилбўйи худди гулханлардан тортилган ҳошияга ўхшайди. Лондон кўприги кўзни қамаштирар даражада нурли ёритилган, Саутворк кўприги ҳам худди шундай кўринишда. Бутун Темза машъалаю шаъмларнинг ёлқинидан ярқирайди. Ҳар дақиқада кўкка интилган мушаклар қарсиллаб ёрилиб турибди, ва осмондан чақноқ учқунлар тўкилиб, туннинг зулматини кундузги ёруғликка айлантириб юбормоқда. Қаерга қараманг, кишилар сайр қилмоқдалар, кайф-сафо авжида, гўё бутун Лондон кўчаларга ёпирилиб чиққандай.

ШАҲЗОДА ВА ГАДО

Подняться наверх