Читать книгу Ишққа оид 40 қоида - Элиф Шафак, Elif Shafak - Страница 4

СЎЗБОШИ

Оглавление

Диний зиддиятлар, сиёсий баҳслар ва ҳокимият учун олиб борилган тинимсиз курашлар туфайли ўн учинчи асрда Анатолияда аҳвол жуда суронли эди.

Ғарбда салибчилар Иерусалимга кетаётиб, Константинополни (Римнинг шарқий империяси – Византиянинг пойтахти бўлган ҳозирги Истанбулни) босиб олган ва талон-торож қилган эдилар, бу эса Византия империясининг инқирозга юз тутишига олиб келган эди. Шарқдан эса ҳарбий даҳо Чингизхон бошчилигидаги қўшин жадал олға силжиб келаётган эди. Марказда эса, Византия ўзининг йўқотган куч-қудратини қайта тиклашга уринаётган чоғида, турк қабилалари ўзаро жанг қилишарди. Бу христианлар христианлар билан, христианлар мусулмонлар билан, мусулмонлар мусулмонлар билан жанг олиб бораётган бемисл хаос (бошбошдоқлик, тартибсизлик) даври эди. Қаёққа қараманг, ҳаммаёқдан нафрат ва азобу уқубат, боз устига келажак ваҳимаси ҳам уфуриб турарди.

Мана шу хаоснинг марказида таниқли ислом уламоси Жалолиддин Румий яшар эди. Уни Мавлоно – «Устоз» деб атар эдилар, чунки Коньянинг ўзида ва ундан ташқарида унинг минглаб шогирдлари бор эди ва барча мусулмонлар уни ўзларининг йўлчи юлдузлари деб ҳисоблар эдилар.

1244 йил Румий ўзининг ғайриоддий хулқу атвори ва ношаръий нутқлари билан ажралиб турадиган, дарбадар дарвиш – Шамс билан учрашади. Бу учрашув ҳар иккисининг ҳам ҳаётини ўзгартириб юборади.

Айни пайтда бу учрашув, сўфийлар икки уммоннинг бирлашувига қиёс этган, мустаҳкам ва ҳайратланарли дўстликнинг бошланишига ҳам олиб келади. Бу ғалати инсон билан танишгач, Румий ўз таълимотининг бош йўналишидан четлашиб, эҳтиросли суфий шоирга, ишқ тарғиботчисига ва дарвишлар экстатик ҳолга олиб келувчи рақс услубининг яратувчисига айланади. Омма онгига фанатизм (мутаассиблик) ўта сингдирилган ва шу билан боғлиқ зиддиятлар ва тўқнашувлар даврида Румий барча инсонларни бир-биридан (эътиқоди бўйича) ажратмайдиган ялпи умумий маънавиятни ёқлаб чиқди. Ўша вақтда ҳам ҳозирги кунлардагидай, эътиқоди бошқа одамларга қарши ташқи жангни жиҳод деб ҳисоблайдиган кўпчиликнинг қарашларига қарши ўлароқ, Румий инсонни ўз сохта «мен» ига, ўз нафсига қарши ички жанг олиб бориши ва ғалабасига олиб келадиган жиҳодни ҳимоя қилди.

Бу ғояларни ёқловчилар унча кўп эмас эди, шунингдек ҳамма ҳам ўз қалбини ишқ учун оча олмас эди.

Шамс билан Румий ораларидаги маънавий боғланиш турли ғийбатлар, эгри қарашлар ва ҳужумлар манбаига айланди. Уларни тушунишмас, уларга ҳасад қилишар, балчиққа булар эдилар ва охир-оқибат энг яқин кишилари уларга хиёнат қилишди. Биринчи учрашувларидан кейин уч йил ўтгач, улар фожиали тарзда бир-бирлари билан ажрашдилар.

Лекин бу тугалланган воқеа эмас.

Аслида бу тарихнинг ниҳояси йўқ. Ва ҳозир, саккиз асрдан кейин ҳам, Шамс ва Румий руҳлари ҳамон тирик ва ораларимизда уфуриб турибди.

Қотил

1252 йил, ноябрь. Александрия.

Бечора мурда ётипти. Устида қалин сув қатлами.

Лекин кўрар кўзлари чарақлаб турипти, бамисоли, қаёққа бормайин, осмонлардан туриб мени даҳшат билан кузатиб юрган икки қора юлдуз каби. Мен энди Александриядаман ва яна саёҳат қилсам мени арралаётган бу хотиралардан, қулоқларимга эшитилиб турган бу инграшдан, сўйилган одамнинг сўнгги нафаси чиқишидан олдин айтган, унинг охирги калимаси «кечир» деган видолашув ҳайқириғидан қутуламан, деб умид қиламан.

Бировни ўлдирсанг, у одамдан нимадир ўзингга ўтади – унинг охирги нафаси, охирги қилган ҳаракати.

Мен буни қурбон бўлган одамнинг «тавқи лаънати» дейман. Ўша «нарса» сенга ёпишиб олади, терингнинг остига, юрагингга киради ва ичингда яшайди. Мени кўчада кўраётган одамлар бу ҳақида билишмайди ва лекин мен ўзим ўлдирган барча одамлардан нималарнидир ўз ичимда сақлаб юраман. Уларни мен худди кўринмас маржон каби бўйнимга осиб юраман, уларнинг менинг вужудимга оғир тегинишларини ҳис этиб тураман. Гарчи ёқимсиз эса-да, мен бу юк билан яшашга ўрганиб қолганман ва буни ўз ишимнинг бир қисми деб ҳисоблайман. Кобил Ҳобилни ўлдирганидан буён ҳар битта қотилда унинг ўлдирган одами нафас олади. Мен учун бу янгилик эмас. Мен бундан ҳатто хафа бўлмайман. Хафа бўлмай қолганман. Лекин нега мен бу охирги қатлдан кейин сира ўзимга кела олмаяпман?

Бу сафар ҳаммаси бошқача бўлди, аввалбошдан ҳаммаси нотўғри кетди. Масалан, мен бу ишни қандай олган эдим? Ёки, тўғрироғи, бу иш мени қандай топган эди? 1248 йил эрта баҳорида мен Коньядаги ишратхонанинг эгаси бўлган, жаҳлдор эркакшода аёлнинг хизматида эдим. Фоҳишаларни итоатда сақлаш ва ўзини тўғри тутишни истамайдиган ташриф буюрувчиларни тийиб қўйиш менинг хизмат вазифамга кирар эди.

Ўша кунни худди кечагина бўлгандай эслайман.

Менга Худони излаш истагида ишратхонадан қочиб кетган фоҳишани топиб келиш буюрилган эди. Бу каби жононалар менинг юрагимни кўп марта вайрон қилишган, шунинг учун жаҳлим чиқиб, уни тутиб олиб, юзини биронта эркак ҳатто қарагиси келмайдиган қилиб, дабдаласини чиқармоқчи бўлиб турган эдим. Бу аҳмоқ хотинни энди қўлга киритай деб турганимда бирдан уйим остонасида сирли хат пайдо бўлди. Саводсиз бўлганим учун уни мадрасада ўқийдиган талабага олиб бориб, унга пул бериб ўқитдим.

Хат муаллифи яширин (аноним) эди, «Бир нечта чин эътиқод эгалари» деган имзо қўйилган эди.

«Бизга сенинг қаердан келганинг ва аввал нима билан шуғулланганинг ишончли манбадан маълум. Сен Қотиллар жамоасининг аъзоси бўлгансан! (Қотиллар ёки Ассасианлар жамоаси (1096–1252) – салибчиларни ўлдириш учун диний ва сиёсий арбоб Ҳасан Ибн Саббоҳ томонидан тузилган фанатик-мусулмонлар жамоаси).

Бизга шунингдек, Ҳасан Ибн Саббоҳнинг ўлимидан кейин ва жамоангиз раҳбарлари турмага қамалганидан кейин жамоанинг мавқеи ўзгаргани ҳам маълум. Сен Коньяга жазодан қочиб келгансан, шундан буён яшириниб юрибсан». Ва хатдан уларга бир иш юзасидан менинг хизматим шошилинч керак бўлиб қолганини билдим. Шунингдек, менга бу иш учун катта ҳақ тўланиши ваъда қилинган ва агар мен рози бўлсам, қоронғу тушганда шаҳардаги маълум қовоқхонага боришим кераклиги айтилган эди. У ерга киргач, мен деразага энг яқин стол ёнига, эшикка орқа ўгириб, фақат полни кўриш мумкин бўлган ҳолда бошимни эгиб ўтиришим керак эди. Шундан кейин бир ёки бир неча одам менинг ёнимга келиб ўтиради ва мен билан узил-кесил битимга келади. Мен улардан ҳамма керакли маълумотни оламан. Улар ёнимга келаётганларида ҳам, суҳбат вақтида ҳам, кетаётганларида ҳам мен бошимни кўтармаслигим ва уларнинг бетларига қарамаслигим керак эди.

Ғалати мактуб эди у. Аммо мен шу пайтгача буюртмачиларнинг инжиқликларига ўрганиб кетган эдим.


Кўп йиллар мобайнида турли одамлар мени ишга ёллаган ва кўпчилиги ўз исмларининг сир сақланишини истар эдилар. Ўз тажрибамдан билар эдимки, буюртмачи ўз исмини қанчалик қаттиқ яширса, у қурбон этилувчига шунча яқин бўлиб чиқарди. Лекин менинг бу билан ишим бўлмаган. Менинг ишим ўлдириш. Аламут (Аламут – жойнинг номи, маъноси: бургут уяси. Қотиллар жамоасининг қалъаси)дан кетгач, мен ўзим учун шундай ҳаётни танлаган эдим.

Ишққа оид 40 қоида

Подняться наверх