Читать книгу Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - Хайриддинмурод Абулфайзов - Страница 3

КИРИШ

Оглавление

«Дунёдаги исталган давлатда бизнеснинг қай даражада тараққий этганлигини у ердаги ОАВнинг ривожланиши билан ўлчаса бўлади. Матбуот – ривожланиш ойнасидир. Бошқача айтганда газета  бу жамият тараққиётининг индекси ҳисобланади.

Бироқ ҳар қандай шароитда матбуот ташқи ёки ички иқтисодий кўмаксиз ўзича фаолият юритиши қийин. Журналистика соҳаси амалиётда бизнес ёки сиёсат билан биргаликда, ҳамоҳангликда, тенг ҳамкорликка таянган ҳолда эркин фаолият юритиши мумкин.

Шундай экан, газеталарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи бизнес доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ёки ҳукумат институтлари албатта бўлиши керак».1

К. Шривастава,

Ҳиндистон оммавий коммуникациялар институти профессори


«Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда»2. Дарҳақиқат, «Матбуот  тараққиёт индекси»3. Бироқ уни тезкорлик бобида электрон ОАВга қиёслаб бўлмайди. Шу боис у замонавий медиабозорга мослашув жараёнида қатор муаммоларга юз тутмоқда.

Рақамлашув жараёнининг катта тўлқини босма нашрларнинг жамиятда тутган ўрнини бутунлай ўзгартириб юборди. ХХ асрда миллионлаб нусхада қомусдай қалинликда, юзлаб саҳифада чоп этилган газеталар муштарийларини телевизор олиб қўйган бўлса, XXI асрда интернетнинг оммалашуви бу жараённи энг авж нуқтасига чиқарди. Айни кундаги карантин босма нашрларга охирги қақшатқич зарбани бермоқда. Коронавирус сабабли юзага келган пандемия шароитида, умуман олганда, ундан олдин интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар оммалашуви натижасида босма нашрлар тақдири борасида қатор мулоҳазалар ўртага ташланаётган эди.

Мамлакатимизда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, туман ва шаҳарларда 673 номда газета, 341 номда журнал чоп этилмоқда. Шунингдек, 15 номда ахборотнома-бюллетень нашр этилаётир. Шулардан 482 номдагиси давлатга қарашли, 547 таси эса нодавлат ОАВ ҳисобланади. Уларнинг тиражи ҳақида гапирганда, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси сайтидаги маълумотга кўра, саноқлисигина ўн мингдан кўпроқ ададда чоп этиляпти. Ҳудудлардаги аксарият газеталар адади эса мингтага ҳам бормайди. Бу уларнинг фақат зарарга ишлаётганини кўрсатади.

Айни кунда Ўзбекистонда 107 та босма ОАВ сотувга қўйилган. Бу уларнинг иқтисодий муаммоларга учраётгани, фойда келтирмаётгани, ўз харажатларини ўзлари қоплай олмаётгани, босмахоналарнинг қарздорларига айланаётгани сабаблидир.

Бу масала биргина мамлакатимиз учун эмас, бутун дунёда долзарблигини қайд этиш жоиз. Масалан, айни кунда Австралияда 100 дан ортиқ газетани чоп этиш тўхтатилди4. Сабаби, босма нашрларнинг рекламадан келадиган даромади кескин пасайиб кетган. News Corp. медиакорпорациясининг Австралиядаги бўлинмаси раҳбари Майкл Миллернинг сўзларига кўра, 36 та газета бутунлай ёпилади, қолганлари эса 29 июндан рақамли шаклга ўтади. Шу пайтда корпорациянинг рақамли нашрлари аудиторияси 60 фоиз ўсган. The Daily Telegraph ва The Herald Sun каби газеталарни нашр этувчи News Corp. аввалроқ Буюк Британия ва Австралиядаги кўрсаткичлар пасайиб кетганлиги сабабли даромад 7,8 фоизга тушиб кетганини маълум қилганди.

Таъкидлаш керакки, инсоният тарихида босма нашрларнинг ўрни беқиёс бўлган. Босма оммавий ахборот воситалари одамларнинг мулоқотга эҳтиёжини қондириш воситаси сифатида пайдо бўлган. Узоқ йиллар босма даврий нашрлар, энг аввало, газета кишиларнинг шахслараро ва умумий мулоқотининг самарали воситаси ҳисобланиб келган. Газета минбарга, маслаҳатчига, маълумотномага ва асосийси, ўз ҳаётий масалаларини ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборот манбаига айланади.

Мулоқот, ахборот айирбошлаш ва уни олиш воситаси сифатида ҳаммага очиқлиги газетанинг демократиклигини, унинг хизматларидан жамиятнинг ҳар бир аъзоси фойдалана олиши имкониятини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «…соҳа ривожида ана шундай миқдор ўзгаришлари билан бирга сифат ўзгаришлари ҳам юз бермоқда… Кейинги пайтда оммавий ахборот воситалари ходимларининг демократик жараёнлар, фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва нуфузини, маҳаллий газеталар, теле-радиоканалларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, энг асосийси, матбуотда фикрлар, қарашлар хилма-хиллигини таъминлаш бўйича жиддий ишлар амалга оширилгани сизларга яхши маълум, албатта»5, деган сўзлари фуқаролик жамиятини барпо этиш, фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш жараёнида босма ОАВнинг улуши бошқа ахборот етказувчиларникидан асло кам эмаслигини кўрсатади.

Оммавий ахборот воситаларининг жамиятнинг барча қисм ва унсурлари ўртасида алоқа ўрнатувчи ижтимоий воситачи сифатидаги роли беқиёс. У исталган ижтимоий гуруҳ, исталган ижтимоий тузилма учун жамиятнинг бошқа аъзоларига мурожаат қилиш, улар билан алоқа ўрнатиш имкониятини очади. Бунинг учун шундай гуруҳнинг қарашлари, позицияси, дастурини ёритувчи газета ташкил қилишнинг ўзи етарлидир. Шу муносабат билан жамиятни бошқариш дастаги сифатида босма оммавий ахборот воситасининг роли алоҳида аҳамият касб этади.

Босма оммавий ахборот воситалари ижтимоий институт сифатида ҳокимият ва фуқаролар ўртасида боғловчи бўғин сифатида хизмат қилади. Бир томондан босма нашр давлат ҳокимияти органлари учун фуқароларга қонунлар, фармонлар, қарорлар кўринишидаги бошқарув ахборотини етказиш учун жамиятни бошқаришнинг самарали воситасига айланади. Иккинчи томондан эса фуқаролар босма оммавий ахборот воситаларидан ҳокимиятга – турли даражадаги давлат органларига ўз сўровлари ва талабларини, таклифлари ва уларнинг ишлари ҳақидаги фикрларини юбориш, давлатнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун фойдаланади. Чунончи, босма оммавий ахборот воситаларининг омма учун очиқлиги давлат тузилмаларининг барча ҳаракатлари ҳақидаги ахборотнинг эркинлигини таъминлайди. Шу муносабат билан «тўртинчи ҳокимият» сифатида намоён бўлувчи журналистика, оммавий ахборот воситалари концепцияси пайдо бўлди. У қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятлари каби ҳокимият функцияларига эга. Бироқ бу концепция ҳақиқий ҳолатни акс эттирмайди. Босма оммавий ахборот воситалари ҳам, бошқа ОАВлар каби, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилинишини таъминлай олмайди. Улар фақат бундай қарорларни оммага етказишга, эълон қилишга, фуқароларнинг таклифлари ва тавсияларини давлат органларига етказишга ҳамда уларни амалий ишларни бажариш учун ундашга ёрдам беришга лаёқатлидир.

Босма ва бошқа оммавий ахборот воситалари ҳокимият эмас, аммо жамоатчилик фикрини ифодаловчи ва реал ҳокимиятга таъсир қилувчи, ҳатто баъзан унинг имкониятларини чекловчи жуда катта кучдир. Журналистика ва босма оммавий ахборот воситаларини жамият ва давлат фойдаланадиган дастак сифатида тушуниш ҳақиқатга яқинроқ.

Ҳозирги босма оммавий ахборот воситаларига ижтимоий институт сифатида унинг мақоми ва ролининг икки хиллиги хосдир. Бир томондан улар жамият ёки унинг муайян қисмига ахборот хизмати кўрсатиш учун барпо этилган институт. Аммо иккинчи томондан мамлакатда ахборот бозорининг пайдо бўлиши билан босма ОАВ ва унинг таҳририяти – фаолияти фойда олишга қаратилган корхонадир.

Оммавий ахборот воситалари тизимида босма нашрлар. Газета биринчи, энг «кекса» оммавий ахборот воситасидир. Тўрт асрдан зиёд тарихи мобайнида газета журналлар билан бир қаторда кўп миллионлаб кишилар учун беқиёс ахборот манбаи бўлиб келди. Техника тараққиётининг жадаллашуви туфайли қиёфаси ва жамиятдаги мавқеи жиддий ўзгарди. Аввалига радио, кейинчалик эса телевидение навбати билан энг муҳим оммавий ахборот воситаларига айланди. Ниҳоят ХХ аср охирида янги электрон ва рақамли технологиялар, интернет кириб келиши билан ахборотни яратиш ва олишнинг илгари номаълум бўлган имкониятларини очиб берувчи тармоқ даврий нашрлари пайдо бўлди. Сифат жиҳатидан янги бўлган оммавий ахборот воситалари тизими юзага келди.

Бу тизим ривожланиши билан эски – даврий босма нашрларнинг йўқолиши муқаррарлиги ҳақидаги башоратлар тез-тез билдириладиган бўлди. Аммо бу башоратлар ўзини оқламади. Газета ўлмади, балки янги шароитга мослаша олди. Яшаш шароити ўзгариши билан газетанинг ўзи ҳам ўзгарди, мосланувчанлиги ва мослашишга қодирлигини намоён қилди. Газеталарнинг ихтисослашув жараёни кучайди: ҳамма учун мўлжалланган нашрлардан ташқари турли ижтимоий гуруҳлар ва тузилмалар, махсус ўқувчилар доираси учун мўлжалланган кўплаб газеталар пайдо бўлди.

Босма оммавий ахборот воситалари бошқа ОАВлар билан қиёслаганда муҳим афзалликка эга. Бу афзаллик қоғоз варағининг моддий экани билан боғлиқ. Газета хабари босилган қоғоз босма даврий нашр сонининг мазмунини узоқ вақт сақлашни таъминлайди. Газетани тўлиқ ёки қисман ўқиш, уйга олиб келиб охиригача ўқиш, архив учун олиб қўйиш ва у сақланиб турса, исталган вақтда олиб ўқиш мумкин.

Бугунги кунга келиб, босма оммавий ахборот воситалари, айниқса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг газета ва журналлари таҳририятларининг молиявий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг моддий эҳтиёжини таъминлаш бўйича муассислар зарур даражада амалий ёрдам бериши, таҳририятларда фаолият юритаётган ходимлар меҳнатини қадрлаш, журналистларга меҳнатига яраша кафолатланган ойлик маош бериш тизимини ташкил этиш ва уларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, даврий босма нашрларни янада оммалаштириш ва маълумот тарқатиш суръатини тезлаштириш мақсадида интернет тармоғида ҳам нашрларнинг электрон вариантларини шакллантириш эҳтиёжи юзага келмоқда.

Мана шулардан келиб чиққан ҳолда, босма нашрларнинг айни ҳолати, улар дуч келаётган молиявий-иқтисодий муаммоларни ўрганиш, медиаконвергенциялашув шароитида келгусидаги фаолиятини прогнозлаш долзарб вазифадир.

Тадқиқот объекти ва предмети. Бир қатор хорижий нашрлар, жумладан, АҚШ, Франция, Россиянинг босма нашрларига оид бир қатор материаллар, «Газеталар шарҳи» телеграм канали материаллари, тираж, аудитория масаласини ўрганишда «Халқ сўзи», «Ишонч», «Маҳалла», «Миллий такланиш», «Маърифат», «Маданият», «Тошкент ҳақиқати», «Ишонч – Доверия», «Правда Востока», «Ҳуррият», «Қишлоқ ҳаёти», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози», «Адолат», «Тошкент оқшоми», «Вечерний Ташкент», «Ўзбекистон футболи», «Спорт», «Спорт+», «Болалар спорти», «Ўзбекистон бунёдкори», «Тонг юлдузи», «Академия ёшлари», «Норма», «Норма маслаҳатчи», «Солиқ ва божхона хабарлари», «Налоговые и таможенные вести» ва бошқа оммавий ахборот воситаларига оид статистикалар, узатилган журналистик материаллар, экспертлар муносабатлари тадқиқот объекти ҳисобланади.

Тадқиқот предмети эса босма нашрлар истиқболи прогнози масаласидаги қарашлар, рақамлашув ва глобаллашув силсиласида матбуотнинг тақдири масаласидир.

Тадқиқот мақсади ва вазифалари. Босма нашрларнинг айни кундаги молиявий-иқтисодий ҳолати, капитали, фонди, бухгалтерлик ҳисоб-китоблари, маркетингини ўрганиш асносида медиаконвергенция шароитида газеталарнинг ахборот бозорига мослашуви бўйича юзага келаётган муаммоларни аниқлаш, жаҳон журналистика ва оммавий коммуникация фанида босма ОАВ истиқболи, прогнози бўйича қарашларни ўрганиш, янгиланишлар силсиласида олти асрлик тарихга эга бўлган матбуотни сақлаб қолиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсад қилинган. Уни амалга оширишда қуйидаги вазифалар бажарилади:

– Ўзбекистонда ҳукумат томонидан босма нашрларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар билан танишиш;

– медиа бозорида босма нашрларнинг ўрни ва тараққиёт тенденцияларини таҳлил этиш;

– босма ОАВнинг асосий муаммолари ва уларнинг ечимларини аниқ мисоллар ёрдамида аниқлаш;

– медиакомпаниялар самарадорлигини баҳолаш;

– дистрибуция бозори: ҳукумат қўллаб-қувватловисиз обунани сақлаш имкониятлари;

– интернет, рақамли технологиялар ва ижтимоий тармоқларнинг босма нашрлар фаолиятига таъсирини кўриб чиқиш;

– прогнозлар, таклиф этилаётган тараққиёт моделлари ва концепциялари асосида тавсиялар ишлаб чиқиш;

– босма нашрлар саноатини сақлаб қолиш, ривожлантириш истиқболини асослаш.

Илмий янгилиги. Медиаконвергенциялашув шароитида таҳририятлар иқтисодий бошқарувида кечаётган мураккаб жараён ва айрим инқирозли ҳолатлар босма оммавий ахборот воситалари соҳасида янги тадқиқотлар олиб боришни тақозо этмоқда. Интернет ва рақамли технологиялар таъсирида газета-журналларга қизиқиш тобора пасайиб бораётган бир пайтда босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий мураккаб ҳолатга тушиши таҳлили ва ундан чиқиш йўллари тадқиқига доир илмий изланишлар бошланғич босқичда тургани мавзунинг янгилигини белгилайди.

Тадқиқотнинг асосий масалалари ва фаразлари. Тадқиқотда интернет ва рақамли технологияларнинг босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий аҳволига таъсири, таҳририятларнинг моддий жиҳатдан мураккаб ҳолатга тушишига сабабчи бўлган бирламчи ҳолатлар, таҳририятлар иқтисодий менежментига доир масалалар ўрганилади. Босма нашрларни молиявий тангликдан олиб чиқишнинг йўллари сифатида таҳририятларнинг янги иқтисодий стратегияси ва редизайнини ишлаб чиқиб амалда қўллаш фараз сифатида илгари сурилган.

Тадқиқот мавзуси бўйича адабиётлар шарҳи (таҳлили). Мавзунинг назарий масалалари босма нашрлар таснифи, типи ва типологияси, медиаконвергенция, ОАВ бозоридаги тараққиёт тенденциялари акс этган бир қатор хорижий адабиётлар орқали ўрганилган. Жумладан, медиа иқтисоди6, медиамаркетинг7, медиаконвергенция8, реклама9 тушунчалари алоҳида адабиётларда ўрганилган. Шунингдек, Аллен П., Амблер Т., Банкин А., Ворошилов В. В., Гайкалов А., Гоголева В. В., Грабельников А.А, Гуревич С. М., Демина Ю., Дихтль Е., Хершген X., Дойль П., Засурский Я. Н., Колесниченко А., Коханова Ю., Курбанова Д., Маккуэйл Д., Оськин A.B., Смирнова О. В., Нейман А., Теллис Ж. ва бошқаларнинг тадқиқотларини киритиш мумкин. Ўзбекистонда эса С. Дониёров, Н. Тошпўлатова, Б. Алимов, Ҳ. Саидовнинг илмий изланишлари диққатга сазовор. Ш. Қудратхўжаев, К. Алламжонов, З. Бобожонованинг ОАВдаги публицистик чиқишлари ҳам аҳамиятли.

Шунга қарамай, айнан босма ОАВнинг айни кундаги молиявий аҳволини ўрганган, иқтисодий муаммоларини илмий таҳлил этган адабиётлар деярли учрамайди.

Тадқиқотда қўлланган методиканинг тавсифи. Тадқиқотларимизда кузатув, ҳужжатларни ўрганиш, солиштириш, тизимли таҳлил, контент анализ, социолингвистик таҳлил, моделлаштириш усулларидан фойдаланилган.

Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти шу билан белгиланадики, тадқиқот иши натижасида олинган хулосалардан Ўзбекистонда медиаконвергенция шароитида босма оммавий ахборот воситалари таҳририятининг моддий ҳолатини яхшилаш, нашрлардаги материалларнинг мазмунини бойитиш ва дизайнини янгилаш орқали аудитория қамровини ошириш, ишчи-ходимларнинг маошини ошириш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, ушбу мавзуни ўрганиш жаҳон босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий бошқаруви соҳасида кечаётган ўзгаришлар, тенденциялар, тамойилларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

1

https://www.pv.uz/uz/news/gazeta-taraiet-indeksimihttps://www.pv.uz/uz/news/gazeta-taraiet-indeksimi

2

http://uza.uz/oz/politics/matbuot-va-ommaviy-akhborot-vositalari-khodimlariga-27-06-2019

3

https://www.pv.uz/uz/news/gazeta-taraiet-indeksimi

4

https://m.kun.uz/news/2020/05/28/koronavirus-sababli-avstraliyada-100dan-ortiq-gazetani-chop-etish-toxtatiladi

5

http://uza.uz/oz/politics/matbuot-va-ommaviy-akhborot-vositalari-khodimlariga-27-06-2019

6

Киверин В. И. Экономика редакции газеты. Учебное издание. М.: Аспект Пресс, 2002. Основы медиабизнеса: учебник для студентов вузов / под ред. Е. Л. Вартановой / Е. Л. Вартанова, А. В. Вырковский, В. Л. Иваницкий и др. – Аспект Пресс Москва, 2014. – 400 с. ISBN 978-5-7567-0724-3 Демина И. Н. Экономика предприятий средств массовой информации. – Иркутск, 2001; Иваницкий В. Л. Основы бизнес-моделирования СМИ: Учеб. пособие для студентов вузов. – М.: Аспект-Пресс, 2010.

7

Аникеева-Науменко Л. О., Пересветова Е. Б. Международный маркетинг: Учебное пособие для бакалавров – М.: МГУПС (МИИТ), 2015. – 275 с., Авдюкова, А. Е. Интегрированные маркетинговые коммуникации. [Электронный ресурс]: учебное пособие / А. Е. Авдюкова; Урал. гос. пед. ун-т. – Электрон. дан. – Екатеринбург: [б. и.], 2018. – 1 электрон. опт. диск (CDROM)., Беляев В. И. Маркетинг: основы теории и практики: учебник / В. И. Беляев. – 4-е изд., перераб. и доп. – М.: КНОРУС, 2010. – 680 с. Бест, Роджер. Маркетинг от потребителя. Пер. с анг. – М.: Манн, Иванов и Фербер, 2018. – 696 с, Жарников Д. С. и. др. Маркетинговые коммуникации: Учебник / Под ред. И.Н.Красюк. -М.: ИНФРА – М, 2014. – 272 с, Эргашходжаева Ш. Ж., Самадов А. Н.,Алимходжаева, Н.Э., Шарипов И. Б. «Маркетинг коммуникацияси» Ўқув қўлланма. —Т.: «ИҚТИСОДИЁТ», 2019. 418 б.

8

Grant А., Wilkinson J. Understanding Media Convergence. N.Y.: Oxford University Press, 2008. 17. Quinn S. Convergent Journalism: The Fundamentals of Multimedia Reporting. New York: PeterLang, 2018. 23.Вартанова Е. Л. К чему ведет конвергенция СМИ? // Информационное общество. 1999. Вып. 5. С. 11—14. 72.Саенко А. Н. Электронная конвергенция электронных ПР-текстов. Вiсник ХНУ. 2009. №848.

9

Василев Г. А., Поляков В. А. Основы рекламы. Учеб. пособ. – Москва: ЮНИТИ-ДАНА, 2006. -132 с., Донцев А. И., Овчаренко А. Н. экономические результати рекламной восприимчивости. – Москва: Эксмо, 2007. -125 с., Ефремовой. Т., Ефремова Ф. Современный толковый словарь русского языка. http://dic.academic.ru/dic.nsf/efremova. 2000. Клод Хопкинс. Научная реклама. Телескоп: наблюдения за повседневной жизнью петербуржцев. – Москва, 2006. №4. С.45 —57 Каримова Л. И. Социально-психологические и этнопсихологические особенности социальных представление и устоновок личности по отношению к рекламе. Кандидатская диссертация.. – Ташкент, 2003. – 150 с.

Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар

Подняться наверх