Читать книгу Меъморлар маскани. Китоб билим юрти ташкил этилганлигининг 30 йиллигига боғишланади - Ибадулла Самандарович Байджанов - Страница 3

Хоразм бунёдкорлар эли

Оглавление

Халқимизнинг ажойиб удумлари бор. Яхши кунларда, тўй-томошаларда бир-бирларини чин дилдан қутлайдилар. Кўнгилдаги эзгу ниятларини изҳор қилиб, аввало эл-юртга тинчлик, омонлик, фаровонлик, дастурхонларга қут-барака тилайдилар. Албатта, бундай самимий қутловлар бирон-бир катта иншоот, замонавий бинолар қурилиб фойдаланишга топширилганида ёхуд ҳовли тўйларида ҳам тез-тез қулоққа чалиниб туради. Ана шундай лаҳзаларда қурувчилик, меъморлик касби ниҳоятда фахрли ва шарафли касб эканлигидан қувонаман. Бутун вужудимни ифтихор туйғулари чулғайди. Элдошларимнинг яшашлари, ўқиш, дам олиш, меҳнат қилиш учун хизмат қиладиган қанчадан-қанча бинолар қурилишида иштирок этдим. Уларни фойдаланишга топшириш тантаналарида қатнашдим. Ўша бахтиёр лаҳзаларда хаёлимдан қадим аждодларимиз томонидан бунёд этилган мухташам иморатлару, салобатли деворлар, сарою қасрлар, масжид мадрасалар, минораю карвонсаройлар ўтади. Уларни қуриш учун чекилган заҳматлар, машаққатлар ташвишларни ҳис қиларканман, бир эзгу фикр уйғонади: меъморлар меҳнати азал-азал эл эътибори ва эъзозида бўлган! Бу меҳнат халқимиз кўз ўнгида яхшилик ва гўзаллик тимсоли бўлиб гавдаланаверади.

Қадрдон колледжимизнинг ўттиз йиллик тўйи арафасида бу туйғулар яна бир бор қалбимда туғён урди, қўлимга қалам тутказди. Бобомерос касбу кор – меъмор қурувчилик, унинг қадим тарихию бугунги аҳволи тўғрисида ҳикоя қилишга ундади. Қадимги Хоразм илмий манбаларда қайд қилинишича Ўрта Осиёнинг Амударё этакларидаги қудратли давлати бўлган. Жуда қадим замонларданоқ (Қадимги Хоразм маданий тараққиёти неолит давридан – эрамиздан аввалги 4—6 минг йилликнинг бошлари) каналлар қазилиб, суғориш ишларининг авж олиши, турмуш тарзининг яхшилани боришига, тўкин-сочинликка, биробарин маданиятнинг гуллаб-яшнашига замин яратган. Қурилиш-меъморчилик жабҳасида улкан ўзгаришлар бўлганлиги археологларнинг илмий изланишлари хулосаларида қайд этилган. Жумладан, Ахмонийлар давлати томонидан илгари сурилган шаҳар қурилиши ўзига хос: Улар шаҳарни баланд деворлар билан ўраб олиш ҳар бурчакда минора ва дарвозалар бўлиши зарурлигини таъкидлаб, буни ўзлари амалда жорий қилдилар. Пировардида бу ғоя кейинчалик янада ривожлантирилиб, салобатли деворлар билан қуршаб олинган тўғри бурчак шаклидаги қудратли шаҳар-қальалар тикланишига олиб келган. Тарихнинг гувоҳлик беришича, ўша давр обидаларини, иморатларини яратган меъморлар, қурувчилар хандаса (геометрия) илмини чуқур билганлар. Қурилишда мутаносибликнинг турли услубларидан самарали фойдаланганлар.

Милоддан аввалги 1 минг йиллик ўрталаридан араб истилосигача ўтган давр мобайнида Хоразмда монументал меъморчилик тараққий топган. Жонбосқальа, Қўйқирилган қальа, Тупроққальа қолдиқлари шуни кўрсатидики, хоразмлик меъморлар ва тасвирий санъат усталари ниҳоятда юксак дид ва маҳорат билан ишлаганлар. Хукмдорлар яшайдиган қароргоҳлар, саройлардаги ҳашамдор безаклар архитектура иншоотларига уйғун ҳолда ишланган.

Меъморлар маскани. Китоб билим юрти ташкил этилганлигининг 30 йиллигига боғишланади

Подняться наверх