Читать книгу Танланган асарлар: 1-жилд - - Страница 2

Қиссалар
Баҳор қайтмайди

Оглавление

Бўстон қишлоғига оғир-вазмин қадамлар билан куз кириб келди. Туманлик қўйнида жимгина мудраган тонглар, илк совуқ оғушида жунжикан серюлдуз оқшомлар бошланди. Ҳавога елпиғичдай қат-қат булутлар чиқди. Қуёшнинг илиқ, тансиқ нурлари одамларга хуш ёқадиган бўлиб қолди. Ҳавода ананас иси аралаш ёнғоқ хазонларининг Ўткир ҳиди гуркиради. Ёз бўйи мева тугиш дардида яшнаган боғлар, шодон шовуллаган теракзорлар ҳаётнинг мангу, бешафқат ҳақиқати олдида ўйчан, ғамгин бош эгди. Чор-атроф япроқларнинг мунгли шивир-шивирига тўлди.

Сумбула туғди. Қишлоқни ҳалқадай ўраб оқаётган анҳор бирдан тиниқлашди. Телба тўлқинлар энди жиловланиб, ювош бўлиб қолди.

Одамлар қиличини кўтариб келаётган қишдан чўчигандай шоша-пиша ҳаракатга тушдилар. Кимдир чорбоғида ўтин арралади, кимдир қўшнисининг том сувоғига ҳашарга чиқа бошлади.

Ҳамма ягона бир ташвиш билан, куз ташвиши билан туриб, куз ташвиши билан ётадиган бўлди.

Фақат битта ҳовлида – қишлоқ чеккасида, шундоққина анҳор ёқасида жойлашган ҳовлида сукунат ҳукм сурар, фақат бир киши ёлғиз ўз ташвиши билан банд эди.

* * *

У паст-баланд қоялар орасидан от чоптириб бораётганмиш. От елдек учармиш, тоғу тошлар чирпирак бўлиб орқада қолиб кетармиш. Бирдан ҳаммаёқни зулмат қоплабди. От алланимага қаттиқ қоқилибди-да, қоп-қоронғи жарликка мункиб кетибди. У отни бўйнидан маҳкам қучоқлаб олганча шувиллаб пастга тушиб кетаётганмишу ерга ҳеч етмасмиш. Нафаси бўғзига тиқилиб, даҳшатдан оёқ-қўллари тошдай қотиб қолганмиш…

– А-а-а!

Алимардон ўз овозидан ўзи чўчиб уйғониб кетди. Анчагача қаерда ётганини билолмай, кўзларини катта-катта очганча шифтга тикилиб қолди. Аъзойи бадани ўт бўлиб ёнар, пешанасини муздек тер босган, бир тутам сочи тер аралаш қошларига ёпишиб қоган эди.

У анчагача беҳуш тикилиб ётди-да, вассажуфтлари сарғайиб кетган шифтни, токчадаги лаган-товоқларни, бурчакдаги шкаф устида турган, чақа солинадиган ганч мушукчани кўриб секин уф тортди. Хайрият, уйда экан!

Бир лаҳзадан кейин кўз ўнгидаги нарсалар тағин сийрак туманлик ичида йўқолди-ю, яна алаҳлай бошлади. Зум ўтмай тағин кўзини очди. Бора-бора фикри тиниқлашиб, шифтга тикилиб қолди. Қаердандир бир қалдирғоч уйга отилиб кирди. Шифт тагида айлана-айлана вассажуфтдаги узун михга келиб қўнди. ўамгингина вижирлаб қўйди. Оқ-сарғиш бўйнини буриб Алимардонга қаради. Мунчоқдек кўзларини тикиб узоқ қараб турди-да, яна бир сайраб қанотини ёзди. Лип этиб пастга шўнғиди, деразанинг очиқ тавақасидан ҳовлига отилди.

Алимардон кўрпа остидан қўлларини машаққат билан суғуриб олди. Тирсагига таяниб, секин дераза томонга ўгирилди. Терлаб ётган баданига совуқ шамол тегди. Бўғилиб-бўғилиб йўтала бошлади. Ҳар йўталганида нафаси оғзига тиқилар, кўз ўнгида хира ҳалқачалар пирпирар, қулоқлари шанғиллар эди. Ниҳоят, секин-секин дамини ростлади, ҳовлига тикилганча бир текис, чуқур-чуқур нафас ола бошлади.

Очиқ деразадан тип-тиниқ осмоннинг бир чеккаси кўриниб турарди. Чекка-чеккадаги азамат ёнғоқлар шов-шув этиб, ўтиб кетган баҳорини эслагандай жимгина хаёлга толган, ўрикларнинг қондай қизарган япроқлари узилиб кетишдан чўчиб титраб турибди. Ёнғоқ шохида зағизғон сайради. Кейин ола қанотларини ёйиб, ҳавога кўтарилди-ю, узун думини ликиллатиб, этакдаги молхона томига бориб ўнди. Том устига ёйиб ташланган маккажўхориларни бир-икки чўқиган бўлди-да, яна қанотини ёйиб ҳавога кўтарилди. Девор ошиб қўшни ҳовлига ўтиб кетди.

Алимардон шу ёзда онаси ўлганидан кейин ҳовлидан файз кетганини ҳозир айниқса чуқур ҳис қилди. Онаси неча йилдирки, уни уйлантиришни орзу қилар, аммо Алимардон унамас эди. Рост, у кўп қизларни кўрган, лекин ҳеч бири билан бирга бўлишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. “Аввал консерваторияни битириб олай, у ёғи ўзи топилиб кетади” деб ўйларди. Алимардон диплом ёқлашидан бир ҳафта олдин онаси қазо қилди. У орзусига етолмади: келинининг қўлидан бир пиёла чой ича олмади.

Алимардон юрагининг бир бурчида уйғонган чидаб бўлмас ҳасратдан энтикиб қолди.

– Анвар ҳам келмабди, номард! – пичирлади у ғижиниб. Алимардон бетоб бўлиб қолганидан бери гоҳ Анвар, гоҳ онаси ҳар куни келиб унинг ҳолидан хабар олиб туришарди. Бугун келмабди. “Бировнинг гўрига биров тушармиди? Анварнинг мен билан нима иши бор!” У жаҳл билан кўзларини чирт юмиб, кўрпани бошига тортди.

Яна кўзи илинаётган эди, гурс-гурс қадам товуши эшитилди. Алимардон кўрпани кўтариб қарагунча, аллаким дераза ёнидан лип этиб эшик томонга ўтиб кетди.

“Анвар!” – Алимардон эшикнинг очилишини кутиб бурилиб қараб ётди.

Анвар пастак эшикдан бошини эгиб кирди-да, қўлидаги қоғоз халтани бир чеккага қўйиб, шимининг почасини қоқа бошлади.

Энгашиб турганча бошини кўтариб қаради-да, жилмайди.

– Тузукмисан?

Алимардон индамади. Қошини чимирганча тикилиб ётаверди.

Анвар ҳар келганида шундай жилмайиб қарар, худди шундай паст, меҳрибон овозда ундан ҳол сўрар эди.

Ҳозир Алимардон унинг тез юрганини, кўйлагининг тугмаларини ечиб юборганини, ичидаги майкаси терлаб баданига ёпишиб қолганини кўрди.

Анвар туфлисининг боғичини шоша-пиша ечиб, тез-тез юриб унинг тепасига келди. Каравот ёнига чўккалаб, пешанасига муздек кафтини қўйди.

– Иситманг йўқ-ку, – деди яна жилмайиб.

Алимардон унинг қўлини пешанасидан олиб ташлади. “Ёлғон айтяпти!”

– Йўлда ўлиб қолдингми, дегандим.

Анвар дўстининг бўғиқ овозидан унинг хафа бўлганини тушунди, кўз милкларининг чети тиришиб, қизариб кетди. Унинг сал нарсага қизариши ҳам, қизлардек тортинчоқлиги ҳам, чиройли чеҳраси ҳам кўпинча Алимардоннинг жиғига тегарди.

– Кеч қолдим-а? Тўғрими? – деди Анвар узр сўраган оҳангда.

Кейин бегуноҳ кўзларини Алимардондан узмай яна ўша паст, ўйчан оҳангда гапирди:

– Ишга бордим. Ҳеч иложини қилолмадим. Биринчи кун…

Алимардон унинг ўзига эмас, шифтнинг бир чеккасига қараб сўради:

– Ўша телестудиягами?

Анвар дўстининг гап бошлаганидан қувониб кетди.

– Ҳа. Биласанми, музика редакциясига! – У севинчдан чеҳраси ёришиб, ўрнидан турди. – Сен соғайишинг билан студияга борасан. Ҳозир у ердагилар ёш артистларга жуда муҳтож экан. – У дўстига синчиклаб қараб қўйди.

Алимардон мийиғида кулди-ю, индамади. Кўнглида ғижинишми, адоватми, аллақандай хира бир туйғу уйғонди. ўзидан олдин Анварнинг иш бошлагани, қувонч билан гапириши унга ёқмади.

Унинг ўзини ҳам шаҳардаги музика мактабига ўқитувчи қилиб тайинлашган, аммо ҳали иш бошламагн эди.

Анвар дўстини ранжитиб қўйганини пайқади шекилли, индамасдан бориб қоғоз халтани очди.

– Узум ейсанми? – деди турган ерида бурилиб қараб. Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай ҳовлига чиқиб кетди. Зум ўтмай тўрт бурчак патнисда икки бош узум кўтариб кирди. Яна каравот олдида чўккалади. – Ол, жуда ширин экан…

Алимардон кўз қири билан қараб қўйди. Сап-сариқ ҳусайнилар товланиб турар, шудрингдай сув томчилари таранг, текис узум доналари устида жилоланар эди.

Анвар икки дона узумни узиб олди.

– Оғзингни оч!

Алимардон узумни карсиллатиб ер экан, беихтиёр жилмайди.

– Шаҳарда нима гаплар?

– Тинчлик… – Анвар қизларникига ўхшаш тимқора кўзларини сузиб қўйди.

Алимардон унинг қизиқ бир янгилик айтишга оғиз жуфтлаб турганини сезди.

– Гапиравер! – деди жилмайиб.

Анвар ялт этиб унга қаради.

– Муқаддам шу ерга – Бўстон гузаридаги дўхтирхонага ҳамшира бўлиб келибди…

“Ҳа, шунинг учун оғзи қулоғида экан-да!” Алимардоннинг кўнглида яна ўша чалкаш туйғу уйғонди. Анвар бу қизни яхши кўришини кўп гапирар эди. “Бу ёғи ҳам беш бўлибди… Қизиқ, бир хил одамларнинг иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Меники-чи?” Алимардон ичидан хўрсиниб қўйди.

– Яхши! – деди хушчақчақ гапиришга уриниб. – Бизни келиннинг ўзи даволар экан-да?

– Айтдим унга… – Анвар бир шингил узумни унга тутқазди. – Бугундан бошлаб ҳар куни келиб туради. – У тўсатдан эсига тушгандек сўради… – Мастава қилиб берайми… Афтингни буриштирма, яхшилаб пишираман…

Салдан кейин Анварнинг ошхонада гурсиллаб ўтин ёргани эшитилди. Зум ўтмай дераза орқасида Анварнинг ўзи кўринди. У майкачан бўлиб олган эди.

– Ҳаммаёқ хазон бўлиб кетибди, супуриб ташлай, – деди у деразадан бошини суқиб. – Кейин молхона эшиги тагида ётган узун супургини олди-да, худди чалғида ўт ўраётгандай қулочкашлаб супара кетди.

Йирик-йирик ёнғоқ хазонлари қизғиш ўрик япроқларига қўшилиб, супургига эргашганча ҳавода ожизгина пирпираб учиб, анча нарига бориб тушар, ҳовлининг оппоқ сатҳи йўлакдай очилиб қолар эди. Анвар супургини ғайрат билан қаттиқ-қаттиқ силкитар, аммо зум ўтмай супурилган ерга яна хазонлар келиб қўнар, хуноби ошиб тағин орқага қайтар эди.

Алимардон япроқларнинг пирпираб учишини томоша қила-қила пинакка кетди…

* * *

Ошхона ичи тутунга тўлиб кетган эди. ўтин ўчакишгандай ёнмас, ҳадеб тутар эди. Анвар чўнқайиб олганча бор кучи билан пуфлайвериб томоқлари ачишиб кетди. Бўғилиб йўтала бошлади. Энди тоқати тоқ бўлганида ўтин лов этиб ёниб кетди.

Анвар тутундан бўғилиб ташарига отилди. Кўзларини узоқ ишқалади. Қўлини туширди-ю, кўча эшик олдида ўзига қараб турган Муқаддамни кўриб хижолатдан юзлари ловиллаб кетди. Муқаддам қизил кўйлак кийиб олган, қўлидаги ялтироқ стерилизаторни силкитганча ҳадеб куларди.

Анвар жилмайганча югуриб унинг олдига борди.

– Келдингизми? Қандоқ топдингиз?

– Ҳаммаёғингиз қоракуя бўлиб кетибди-ку! – Муқаддам эрка табассум билан унга қараб қўйди. – Қандоқ кираман, деб чўчиб турган эдим… Яхшиям ўзингиз бор экансиз!

…Муқаддам Анварга бошдан-оёқ қараб чиқди. Шу топда унинг чанг аралаш ис теккан қош-киприклари, майкачан бўлиб олиб, хижолатдан қизариб туриши ҳам кулгили, ҳам завқли эди. У Анварни ҳеч қачон ҳозиргидай содда, аммо кўнгилга яқин, дилкаш бир ҳолатда кўрмаган эди.

– Ошпазликни ҳам биласизми? – деди у Анварнинг қорайиб қолган пешанасига қараб.

Анвар соддагина жилмайиб қўйди-ю, Алимардон ётган уйга имо қилди.

– Кирайлик.

Кетма-кет уйга киришди. Девор олдидаги каравот ёнига Анвар биринчи бўлиб борди. Кўрпани кўтариб қаради-ю, Муқаддамга ўгирилиб шивирлади:

– Ухлаб қолибди-ку…

Муқаддам оёқ учида юриб келиб, беморнинг устига эгилди.

Ранги бир оз синиққан, аммо кўркам чеҳрасида қатъият балқиб турган йигит кўзларини чирт юмиб ухлаб ётарди. Муқаддам бир қарашдаёқ унинг чимирилган қошларида, маҳкам юмилган юпқа лабларида, кулгичи чуқур ботиб кирган иягида мағрур бир ифода борлигини пайқади. Негадир қип-қизариб кетди. Ўзининг ҳолатидан ўзи ийманиб, гуноҳ қилиб қўйган одамдек Анварга қаради. Анварнинг тикилганини кўриб баттар қизарди.

– Уйғотасизми? – деди секингина.

Анвар яланғоч елкаларини қисди.

– Ўзингиз биласиз…

Муқаддам бир лаҳза ўйланиб қолди.

– Майли, – деди пичирлаб. – Безовта қилмай қўя қолайлик. Стерилизаторни ташлаб кетаман. Эртага эрталаб кела қоламан.

Анвар бу сафар ҳам елкасини қисди.

– Майли…

Муқаддам эшик олдига борганида яна бир марта ўгирилиб қаради. Токчалардаги чойнак-пиёлаларга, шкаф устидаги ганч мушукчага, тахмондаги кўрпачаларга бир-бир назар ташлади-ю, тағин каравотга тикилиб қолди. Бемор ҳамон қошини чимирганча қимир этмай ётар, чеҳрасида ўша қатъият бор эди.

– Бронхит эканми? – деди Анварга қараб. Анвар бир қўлини баланд кўтариб эшик кесакисидан ушлаганча гоҳ Алимардонга, гоҳ Муқаддамга қараб турар эди.

– Болалигидан шунақа, – деди Анвар ачиниш тўла паст оҳангда. – Сал шамолласа ўпкаси қисади. Қайси куни анҳорда чўмилиб, тағин шамоллаб қолибди. Ўжар-да, ўжар. Касалхонага бормади. – У бир нафас жим қолди-да, яна Алимардон томонга қаради. – Ҳали билмайсиз… Жуда ажойиб йигит. Шунақа овози борки, шунақа яхши ашула айтадики…

– Эшитдим… Доктор айтган эди. – Муқаддам Анварга қараб жилмайди. – Кетаверайми?

Анвар унинг кўзларидан ўзига қадрдон бўлиб қолган илиқ меҳрни сезди-ю, қувониб кетди.

– Овқат пишсин… Кузатиб қўяман.

* * *

Улар анҳор ёқасидаги ёлғизоёқ йўлдан изма-из боришарди. Муқаддам олдинда кетар. Анвар уч қадамча орқада ундан кўз узмай борарди. Йўл кимсасиз бўлгани учун Муқаддам туфлисини ечиб, бармоқларига илиб олган, яланг оёқлари остидан кўтарилган чанг йўл чеккасидаги сарғая бошлаган ўтлар устига чўкар, этагининг шамолидан силкинган ғумайлар оҳиста бош силкиб қоларди. У чор-атрофни томоша қилиб борар, Анвар унинг чеҳрасини кўрмаса ҳам қувончдан жилмаяётганини, ҳаяжонланаётганини сезиб турарди.

Қишлоқ устида кузнинг атлас либоси ловиллаб ёнади, уфққа туташиб кетган полизлар, токзорлар гоҳ қизғиш, гоҳ қаҳрабо рангда товланади. Олисда, осмоннинг ер билан туташган жойида оловли бир ҳовур ичида қуёш ботиб борарди. Қаердадир бузоқлар маърайди, гузар томондан мактаб болаларининг қий-чув товушлари эшитилади.

Сўқмоқ бирдан ўнгга бурилди-ю, пастга анҳор устига шўнғиб кетди. Муқаддам тўхтаб қолди. “Энди қаёққа борамиз?” – дегандай Анварга қайрилиб қаради.

– Яккачўпдан ўтамиз… – Анвар Муқаддамни четлаб ўтди-да, тик сўқмоқдан пастга югуриб тушиб, қирғоқдаги толнинг ғадир-будир, йўғон гавдасини қўли билан ушлаб қолди. Анҳор соҳилида эркаклаб кетган баланд-баланд ялпизлар яшнаб ётар, қирғоқдаги икки туп азим тол атрофга оқшом соясини ташлаган эди. Анвар бурилиб қаради-ю, терак бўйи баландликда ўзига қараб жилмайиб турган Муқаддамни кўрди. Юқорида ҳали қуёш нури сўнмагани учун Муқаддамнинг қизил кўйлаги офтобда ярақлар, гўё унинг ўзи ҳам аланга оғушида ёнаётгандек эди.

У қўлларини ҳавода кенг ёзди-да, болаларча шодон оҳангда қичқирди:

– Ушланг, Анвар ака!

Анвар ҳушини йиғиб олгунча у чопқиллаб туша бошлади. Анварнинг юраги гупиллаб уриб етди. У Муқаддамнинг ҳозир бағрига келиб урилишини билиб турар, аммо қучоқлаб олишини ҳам, қўлидан тутиб қолишини ҳам билолмай иккиланарди. Анвар ҳушини тўплаб бўлгунча Муқаддам шиддат билан етиб келди. Анвар бирдан ўзини четга олди-да, унинг билагидан маҳкам тутиб қолди. Муқаддам кескин бурилганча унинг кўксига урилди. У негадир кўзларини юмганча ҳадеб кулар, Анвар эса ҳаяжондан нафаси тиқилиб, нима қилишини билмай қолган эди. Муқаддам унга ҳеч қачон шунчалик яқин турмаган, унинг сочлари ҳеч қачон Анварнинг юзига тегмаган эди. Анвар ҳаяжондан бўғилиб қолган, ўзи ҳам маъносини тушуниб етмаган алланимадан уялар эди.

Муқаддам қўлини тортиб олди-да, қошларини чимириб жилмайди.

– Ёмонсиз-а…

Анвар яна негадир ўзидан-ўзи уялиб, кўзларини олиб қочди.

Муқаддам туфлисини ялпизлар устига ташлаб, анҳорга оёғини осилтириб ўтирди. Анвар тикка тураверишини ҳам, унинг ёнига ўтиришини ҳам билмасди. Муқаддам елкаси оша бурилиб қаради. Худди унинг кўнглидагини билиб тургандай сўради:

– Ўтирмайсизми?

Анвар унинг ёнига ўтирди. Сувдан салқин, зах ҳаво гуркирар, нариги соҳилдаги тик қирғоқ, икки тол ўртасидан чўзилиб кетган ингичка яккачўпнинг сояси сув юзида лопиллар, анҳор тип-тиниқ бўлгани учун сув тагидаги тол хазонлари аниқ кўриниб турар эди.

Муқаддам Анварга бир қараб қўйди-да, энгашиб, ҳовучлаб сув олганча оёғини юва бошлади. Анварнинг юраги боягидан ҳам қаттиқроқ гупиллаб уриб кетди. Қулоқларигача ловиллаб юзини ўгирди.

– Бу ерда чўмилса бўладими?

Анвар ҳайрон бўлиб қаради. Муқаддам унга қарамасдан иккинчи оёғини ювар эди. Анвар муздек сувни ҳис қилиб, эти жунжикиб кетди.

– Совуқ-ку ҳозир…

– Совуқмас пайтда-чи?

– Бўлади. – Анвар сув тагида силкиниб турган хазонлардан кўз узмай жилмайди. – Бу ерда кўп чўмилганман… Болалигим шу ерда ўтган…

Икковлари ҳам жимиб қолишди.

Анҳор юзи секин-секин қорая бошлади. Қаердадир чигиртка чириллади. Анҳор бир шовуллаб, яна жимиб қолди. Анвар Муқаддамга бурилиб қаради. У тиззаларини қучоқлаб олганча нариги соҳилга тикилиб ўтирар, Анвар унинг нималарни ўйлаётганини билмаса ҳам чуқур хаёлга толганини ҳис этди. Муқаддам унинг қараб ўтирганини сезди шекилли, секин сўради:

– Алимардон билан бирга ўсганмисизлар?

Анвар ўша беғубор хотираларни эслаб жилмайди.

– Иккаламиз шу ерларда сигир боқардик, – у бирдан кулиб юборди, – Алимардон ўшанда ҳам шайтон эди… Бир марта анҳорнинг нариги бетидаги Собир чўлоқнинг полизига қовун ўғирликка тушганимизда мени роса дўппослатган… Мен чайла яқинига бориб Собир чўлоқни пойлаб турдим. Агар уйғониб қолса ҳуштак чалишим керак эди. Алимардон ҳам қовунни олиб чиққанидан кейин ҳуштак чалиб мени чақирмоқчи эди. – Анвар Муқаддамга қараб кулиб қўйди. – Ҳали ўтирибман, ҳали ўтирибман Алимардоннинг ҳуштагидан дарак йўқ. Бир маҳал биров елкамдан маҳкам ушлаб, тарсаки қўйиб юборса бўладими. Собир чўлоқнинг уйғонганини билмай қолибман… Уйга келсам, Алимардон аллақачон қовунга тўйиб, ухлаб ётибди. Ишини битириб, индамай кетаверган экан.

Муқаддам елкаларини силкитиб қаҳ-қаҳ уриб кулди.

– Сиз ўшанда ҳам бўшгина экансиз-да…

Анвар ювош жилмайди.

– Ким билсин…

Аста-секин оқшом қўна бошлади. Тол шохлари соядай қорайиб қолди. Шабада турди. Япроқлар дув тўкилиб, сув юзига чипиллаб туша бошлади.

– Дадам ўлганидан кейин биз шаҳар ҳовлига кўчиб кетдик, – деди Анвар ўйчан овозда. – Шунда ҳам мен ўнинчини битиргунча Бўстондан кетмадим. Мактабни битираётганда одам бошқача бўлади-ку… Мен шоирликни орзу қилгандим.

– Шоир бўлолмадингиз! – Муқаддам кулги тўла овозда унинг гапини кесди. Кейин юпатди: – Майли, журналист бўлдингиз-ку!

– Ким билсин ҳали… Ишни энди бошладик-ку! – У яна дўстини эслади. – Алимардон консерваторияни яхши битирди. Кўрасиз, ундан яхши бастакор, яхши артист чиқади…

Икковлари тағин жимиб қолишди. Муқаддам бемалол ўтирар, кетгиси келмаётганга ўхшар эди. Анвар кеч бўлиб кетаётганини кўриб ийманар, бу йўл камқатнов бўлса ҳам биров ўтиб қолишидан, “Бу ерда нима қилиб ўтирибсанлар?” – дейишидан истиҳола қиларди. Атрофни ғира-шира қоронғилик ўради. Сув юзига илк юлдузлар шўнғиди.

– Кетамизми? – деди Анвар ўрнидан туриб. – Қаранг, қоронғи тушиб кетди.

У Муқаддамни қўлидан ушлаб, лопиллаб турган яккачўпдан эҳтиёт билан олиб ўтди.

– Катта анҳор экан… – Муқаддам қирғоққа чиқиб енгил нафас олди. – Оти нима?

– Қонқус… – деди Анвар йўл бошлар экан.

Муқаддам таққа тўхтаб қолди.

– Қонқус?!

Анвар унинг орқада қолиб кетганини овозидан пайқади-ю, ўгирилиб қаради. Муқаддам беш-олти қадам орқада турар, қоронғиликда гавдаси элас-элас кўринарди.

Анвар қайтиб келиб шивирлади:

– Юринг! – Бир неча қадам босгандан кейин тушунтирди. – Эски ном-да…

Муқаддам оппоқ сўқмоқдан авайлаб қадам ташлаб бораракан, яна сўради:

– Нега унақа?

– Ҳар хил гаплар бор, – Анвар унга қараб қўйди. – Биттаси менга айниқса ёқади… Бир вақтлари бу ердан катта дарё ўтган, дейишади. Дарё бўйида шаҳар бор экан… Бир куни шаҳарга душман ҳужум қилиб қолибди. Шаҳар одамлари дарёнинг кўпригини бузиб ташлашибди… – У яна Муқаддамга бурилиб қаради. – Дарёнинг кечув жойи бор экан-у, уни шу шаҳардаги икки йигитдан бошқа ҳеч ким билмас экан. Иккала дўст битта қизни яхши кўришар экан.

Қамал бўлмасидан бир ҳафта илгари қиз йигитлардан бирига – ўз севганига теккан экан. Иккинчи йигит дўстидан қандай қилиб бўлмасин қасос олишга, қизни қўлга киритишга қасам ичган экан. Душман шаҳарни ўраб олиши билан ўша йигит хоинлик қилибди. Дарёдан сузиб ўтиб, душман саркардасига сирни айтибди: “Агар сен рақибимни ўлдириб севгилимни менга топширишга ваъда берсанг, йўлни кўрасатаман”, – дебди. Саркарда рози бўлибди. Душманлар кечувдан ўтиб, шаҳарни босиб олишибди. Қизнинг севгилиси урушда ўлибди. Саркарда хоинни чақириб, май тутибди. “Хизмат ҳақингни ол”, – дебди. Хоин май ичиб, охирги тилагини айтибди: “Мен сенинг буйруғингни бажардим. Энди сен ҳам менинг шартимни бажар. Одамларингга айт, севгилимни олиб келишсин”. Саркарда кулиб юборибди. “Севгилингни кўриш сенга насиб қилмайди, ҳозир ичганинг май эмас, заҳар! ўз дўстига хиёнат қилган одам менга дўст бўлолмайди. Сен қон қусиб ўласан!” – дебди. Хоин чиндан ҳам қон қусиб ўлибди.

Анвар жимиб қолди. Унинг қадам товушлари сўқмоқ устида текис гурсиллай бошлади.

– Қиз-чи, қиз нима бўпти?

Анвар Муқаддамнинг овозини эшитиб бурилиб қаради-ю, унинг ваҳимада катта-катта очилиб турган кўзларини қоронғиликда аниқ кўрди.

– Севгилисининг ўлганини эшитган замони ўзини дарёга ташлаган экан.

Муқаддам қўрқув тўла кўзларини терак бўйи пастликда жимгина оқаётган анҳорнинг қоп-қора сувларига тикди.

– Тезроқ юрайлик…

– Майли. Мен ҳам тезроқ қайтишим керак… Алимардон хуноб бўлиб ўтиргандир.

* * *

Алимардон уйғонди-ю, ўзидан бир неча қадам нарида турган қизни кўрди. Қиз бош яланг, сочлари турмакланган, оппоқ халат кийган эди. У катак-катак дастурхон ёпилган стол устида биқирлаб қайнаётган ялтироқ стерилизатордан пинцет билан игналарни авайлаб олар, совутиш учун бўлса керак, бир чеккага қўяр эди. Қиз ёнламаси тургани учун Алимардон унинг чеҳрасини яхши кўролмас, аммо деразадан ёғилаётган тонг нурида қирра бурни, силлиқ, хушбичим юзининг бир томони, майин тукли лаблари аниқ кўринарди.

“Муқаддам, – деб ўйлади у қиздан кўз узмай. – Анварнинг куйиб юрганича бор экан”.

У кўп қизларни кўрган, аммо бунақа жозибадор қизни учратмаганди. Юраги гупиллаб ура бошлаганини сезиб, бошини кўтарди. Қиз каравот ғичирлаганини эшитиб, бурилди.

– Уйғондингизми? – Қиз жилмайганида узун, қайрилма киприклари туташиб яна ҳам чиройли бўлиб кетди.

“Фариштадай экан…” – Алимардон ҳам беихтиёр жилмайди.

– Сиз Муқаддамхонсиз-а? – у яна нимадир дейиш кераклигини ўйлаб сўради. – Анвар кетдими?

– Мен келсам, кетган эканлар, – деди Муқаддам яна шприцларни олиб. – Ишга етган бўлсалар керак…

“Келганига анча бўлган экан-да…” – Алимардон нима учун қувонаётганини ўзи билмаса ҳам қиздан кўз узолмай қолди.

Муқаддам флакондаги дорини шприцга тортиб олди-да игнасини юқори кўтарди. Игна учидан тизиллаб дори отилди.

– Билагингизни чиқаринг… – деди у Алимардонга қарамай.

Алимардон унинг уялаётганини сезиб турарди.

– Қўрқаман-да, – у атайлаб кўрпага бурканиб олди. Кўрпа тагидан мўралаб қаради-ю, Муқаддамнинг қизариб кетганини, ўзини жиддий тутишга уринаётганини пайқади.

– Бўлинг! – Муқаддам ҳамон игна учидан отилаётган доридан кўз узмай, қуруққина буюрди. – Чанг қўнса, шприцларни бошқатдан қайнатишга тўғри келади.

Алимардон ҳамон ундан кўз узмай, кўйлагининг енгини шимарди.

– Ўлиб қолсам, ўзингиз жавоб берасиз!

У уколнинг оғриғини сезмади ҳам. Тепасида энгашиб турган Муқаддамга тикилиб ётаверди.

Муқаддам авайлаб дори юборар, қўллари билинар-билинмас титрар, Алимардоннинг эмас, ўзининг жони оғриётгандай лабининг бир бурчини қимтиб турарди. Алимардон унинг оппоқ юзидан кўз узолмас, халатининг очиқ ёқасидан кўринаётган бўйнидаги холи ҳам, кундуздай қошлари ҳам юрагини ўртар эди.

– Мана, бўлди. – Муқаддам игна ўрнини спиртли пахта билан артиб жилмайди. – Шунга қўрқиб ўтирибсиз....

У секин-секин стол олдига юриб борди-да, игнани чиқариб стерилизатор қопқоғига ташлади.

Алимардон унинг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатар, мияси ғувиллаб кетган, чалкаш туйғулар ичида тўлқинланар эди.

Муқаддам анжомларини йиғиштириб бўлгунича у бир қарорга келди-ю, чақирди:

– Нима қилиб қўйдингиз… – деди ҳаяжондан овози титраб. – Ҳамма ёғим олов бўлиб ёниб кетяпти-ку!

– Нима? – Муқаддам чўчиб ўгирилди. Унинг чеҳрасида қўрқув бор эди.

– Ишонмасангиз пешанамни ушлаб кўринг!

Муқаддам шошилиб келиб унинг пешанасига кафтини босди. У энди гапиришга оғиз жуфтлаган эди, Алимардон бўйнидан маҳкам қучди-ю, силтаб пастга тортди, лабларидан, юзидан ўпа бошлади.

Муқаддам бир лаҳза гангиб қолди. У ўзини йўқотиб қўйган, Алимардоннинг оғушида талпинар, аммо чиқиб кетолмас эди. Қизиқ, шунча ойлардан бери Анвардан кутиб юрган кескин ҳаракатларни Алимардон қилар, бу айёр йигитни уриб юборишини ҳам, индамаслигини ҳам билмасди. Аммо Анвар эслаши билан силтаниб қаддини росладида, Алимардоннинг юзига тарсаки туширди.

– Уятсиз! – У кўз ўнгини тўсган ёш пардасидан ҳеч нимани кўролмай, тусмоллаб стол ёнига борди.

Шоша-пиша стерилизаторни йиғиштираётганида орқа томондан Алимардоннинг бўғиқ овози келди.

– Кечиринг…

Муқаддам ёшли кўзлари билан унга қаради.

Алимардон каравотда маъюс бош эгиб ўтирарди.

– Кечиринг, Муқаддам, – деди у бўғиқ оҳангда. Кейин унга тик қараб туриб таъкидлади: – Мени, ифлослик қиляпти, деманг. Сиз бари бир меники бўласиз!

Муқаддам кўксини тошириб юбораётган йиғидан бўғилиб, ташқарига отилди.

Кўча эшик ғийқиллаб очилиб ёпилганидан кейин, Алимардон ўзини ёстиққа ташлади. Виждонининг туб-тубида енгил бир азоб уйғонди.

“Яхши бўлмади… – У шифтга бир лаҳза тикилиб ётди-да, ўзига тасалли берди. – Нима бўпти?! Қизлар ҳам мард йигитларни яхши кўради. ўша латтадан кам жойим борми?!”

… Шу куни тушда Иқбол хола ош олиб келганда Алимардон у билан совуққина саломлашди. Анварни сўрамади ҳам…

* * *

Муқаддам Анвар акаси билан нурли кўчадан борарди. Салқин сезилиб қолган, олди одамлар ёмғирпўш кийиб олишган эди. Каттакон шаҳар серюлдуз куз осмони тагида чироқларини яшнатиб ётар, йўлкалар у ёқдан-бу ёққа шошилиб ўтаётган кишилар билан гавжум эди. Одамлар ётиш олдидан шаҳар кезишади, чекка-чеккалардаги газсув дўконлари олдида навбат кутиб тўдаланиб туришади. Чор-атроф сайилчиларнинг ғовур-ғувури, трамвай-троллейбусларнинг шовқини билан тўлиб-тошган.

Улар йўловчилар дарёсига қўшилиб жимгина боришар. симёғочлар тагида ўз сояларига етиб олишар, уч-тўрт қадам юришлари билан соя яна олинга ўтиб кетар, келгуси симёғочга яқинлашган сайин орқага чекинар эди.

Меҳмонхона ёнидаги ер ости йўлидан ўтиб, гулзор майдонга чиқишди. Энг чеккадаги скамейкага бориб ўтиришди. Бу ерда ҳамма нарса – баланд-баланд бинолар пештоқидаги афишалар ҳам, шовуллаб отилаётган фаввора ҳам, скамейкалар ҳам камалак нурида товланади. Меҳмонхонанинг еттинчи қаватидаги ресторандан оркестр садоси, мастона қийқириқлар эшитилади. Тошкент ўзининг ташвишию қувончи, нурларию зулмати билан яшайди.

Муқаддам зимдан Анварга қараб қўйди. У фавворадан кўз узмай ўтирар, чеҳраси сув ичида айланаётган нурлар аксида гоҳ қизариб, гоҳ кўкариб кўринарди.

– Алимардонни кўриб турибсизми?

Муқаддамнинг юраги зирқираб кетди. Анварнинг ўзига қарамай гапирганидан шубҳага тушиб, иккиланиб қолди: “Сезибди! Айтайми, йўқми?” У яна бир лаҳза иккиланиб турди-да, ички бир ишонч билан ўзига далда берди: “Билса нима!”

– Ҳа бориб турибман… – У шундай деди-ю, икки юзининг ловиллаб кетганини сезиб, тилини тишлаб қолди.

Анвар ўгирилиб қаради. Унинг кўзларидан ювош табассум бор эди.

– Тузукми?

– Яхши… – Муқаддам елкаларини учириб қўйди. – ўзингиз бормадингизми ҳеч?

– Иш кўпайиб кетди, – деди Анвар чарчоқ оҳангда, – эртадан-кечгача югур-югур… Ҳали бастакор билан учраш, ҳали шеърларни муҳокама қил… Телевизорни кўраверарканмизу томошаларни тайёрлаш қанчалик машаққатли бўлишини билмас эканмиз.

Муқаддам унинг сидқидилдан гапираётганини пайқади.

Йўқ, Анвар қувлик-шумлики билмайди!

У Анваринг ўйчан кўзларига қараб, оҳиста хўрсинди. ўша кундан бери ўзининг кўнглида уйғонган муаммога жавоб топгандек бўлди. “ўзимнинг Анвар акам яхши!” – У хаёлида шундай деди-ю, аммо кўнглининг бир чеккасини аёвсиз кемираётган чидаб бўлмас бир куч тағин жунбушга келди. Муқаддам бу муаммонинг нима эканлигини тушуниб етолмас, аммо бир нарса аниқ эди: у Алимардоннинг нимасидир Анвардан устунроқ, кучлироқ эканини ҳис этар эди. Кўпдан буён Анварнинг алланимаси ўзига ёқмай келаётганини пайқаган, лекин бу нарса нима эканини аниқ билмас эди. Алимардонни учратганидан кейин билди. Анвар бўшанг экан, латта экан!

– Кетамизми?

Муқаддам унинг ювош овозини эшитди-ю, нима деганини пайқамай саволомуз қараб қўйди.

– Кеч бўлиб кетди, – деди Анвар ноқулай жилмайиб. – Уйингиздагилар хавотир олишади.

Улар тор кўча бошидаги каттакон харсангтош олдида хайрлашдилар. Кун бўйи тош устида писта сотиб ўтирадиган хотин аллақачон уйига кетган, чор-атрофда писта пўчоқлари сочилиб ётарди.

Анвар хайрлашиб қўл чўзаркан, Муқаддамнинг кўнглидаги бояги хижиллик йўқолди. Хаёлида яна ўша юпанчли, тиниқ фикр уйғонди: “Йўқ, ўзимнинг Анвар акам яхши!” Муқаддам унинг қўлини узоқ қисиб турди-да, ишонч тўла кўзларига қараганча хўрсиниб қўйди.

Кўча ичкарисидан аллакимнинг қадам товушлари эшитилди. Анвар дарров қўлини тортиб олди.

– Хайр…

Муқаддам шартта бурилди-да, қоронғи кўча ичига шўнғиб кетди.

Ажаб, қиз боланинг қалби ловиллаб ёнса-ю, йигит киши ҳадеб бўшашаверса…

Анвар Муқаддамнинг нимадандир кўнгли чўкканини сезди шекилли, кетидан гапириб қолди:

– Алимардондан хабар олиб туринг…

Муқаддам эшитса ҳам индамай кетаверди. Анварнинг қулоқлари остида кескин, асабий пошна садолари узоқ вақт қарсиллаб турди. Бора-бора қадам товушлари сусайиб, тинчиб қолди.

* * *

Муқаддам амбулаторияга кириб келганида анчагина одам тўпланиб қолган эди. У бири боласини овутаётган, бири тинимсиз йўталаётган беморлар орасидан ўтиб, йўлак охиридаги эшикни очди. Тўрдаги стол қаршисида сочлари оқарган доктор ўтирарди. Муқаддам ишга келган биринчи куниёқ бу аёл қишлоқда “Ҳури дўхтир” деб танилиб кетганини, одамлар уни қаттиқ ҳурмат қилишини эшитганди. Унинг ўзи ҳам бу аёлнинг оналардай меҳрибон муомаласини яхши кўриб қолганди.

– Мен келдим, опа… – деди у ичкари кириб.

Доктор ёзаётган касаллик варақасидан бош кўтариб, жилмайди. Ташқарида ёмғир ёғаётгани учун чироқ ёқиб қўйилган, стол устидаги шиша банкага солинган термометрлар ялтираб кўринарди.

– Бугун яна хонадонларга қатнайсиз, – деди доктор.

“Яна Алимардоннинг уйига бораманми?” – деб ўйлади Муқаддам. Ўша кунги воқеани, кеча Анвар акаси билан совуқ хайрлашганини эслади-ю, чойшаб тўшалган диваннинг бир чеккасига бўшашибгина ўтирди.

– Бошқа одам борса бўлмайдими? – деди у чойшабни ғижимлаб. Ҳури опа ўзига синчиклаб қараб турганини ҳис этса ҳам бошини кўтармай ўтираверди.

– Ким боради?

Муқаддам кўз қири билан қаради-ю, докторнинг кўзларидан ажабланаётганини пайқади.

– Хадича опангиз боролмайди-да, – деди доктор хотиржам оҳангда.

Муқаддам ўзининг лов этиб қизариб кетганини сезди. У ишга келган кунидан Хадича таътилга чиқиши керак эди. Аммо Муқаддам ҳали тажрибасиз бўлгани учун оғироёқлигига қарамай, у ҳамон қатнаб турар, иш ўргатарди.

Муқаддам стол устидаги шиша банкага, ташқарида деразага оҳиста урилаётган ёмғир томчиларига журъатсиз қараб қўйди-да, шивирлади:

– Уяламан…

Доктор шу қадар беғараз қаҳ-қаҳ уриб юбордики, Муқаддам беихтиёр бошини кўтариб қаради.

Доктор кула-кула халатининг енги билан кўзларини артди.

– Техникумда Ибн Синонинг гапини айтишмаганмиди? Бемордан сесканган табиб – табиб эмас. Сиз бировга она, бировга опа, бировга сингил бўлишингиз керак.

“У-чи, – деб ўйлади Муқаддам. – У шундоқлигини билармикан?” Алимардоннинг чиройли чеҳраси, чимирилган қошлари кўз ўнгига келди-ю, ҳам қўрқинчли, ҳам алланечук эркаловчи туйғулар ичида иккиланиб ўрнидан турди. Эшик олдига етганида негадир ўзининг ҳам ўша ёққа талпинаётганини сезиб, ҳаяжон ичида тутқични ушлади.

– Айтинг, навбатдаги одам кирсин, – деб қолди доктор унинг кетидан.

…Ёмғир ҳаммаёқни эзиб юборган эди. Қишлоқ жимиб қолган, пахса деворлар зах босиб кетган, ҳали кўмилмаган токлар эгри-бугри қизғиш гавдасини яширолмай, иймангандай осилиб ётарди. Чор-атрофда ёмғир аралаш намиққан хазон ҳиди гуркирарди.

Муқаддам ўша таниш, пастак эшик тагига етганидан кейингина тез юрганини, юраги аллақандай қарама-қарши туйғуларга тўлиб-тошганини пайқаб қолди. Эшикни қия очиб, ҳовлига кирди-да, ерда ётган бир қарич ёнғоқ чўпини олиб, туфлисига ёпишган лойни сидириб туширди.

Ҳовлидаги нарсалар деярли ўзгармабди. Фақат ёнғоқлар яп-яланғоч бўлиб қолибди. Шохларининг уч-учидаги битта-яримта япроқлар ёмирдан ивиган танини кўтаролмай ожиз силкинади. Молхона томидаги маккажўхорилар йиғиб олинибди, қамиш бўғотдан сизиб тушаётган йирик-йирик томчилар ора-чора ярақлайди.

У девор тагидаги қуруқ йўлкадан уч-тўрт қадам юриб, тўхтаб қолди. Ичкаридан рубоб овози эшитилди. Аввалига ҳиссиз, эринчоқ тинғиллаб турди-ю, кейин бирдан жўшқин садоларда жаранглаб кетди. Муқаддам бир нафас қулоқ солиб, бу куйни аввал ҳеч қаерда эшитмаганини сезди. Ҳа, бу куй янги куй эди. Унда эндигина ердан бош кўтарган бойчечакларнинг нозик шивирлаши ҳам, тантанавор баҳор шалолалари ҳам, қуёшдай тиниқ туйғулар ҳам бор эди.

Муқаддам беихтиёр жилмайди. “ўзи чаляпти”. У куй оғушида эркаланиб яна уч-тўрт қадам юрди. Энди дераза ёнига етганида куйга худди торларнинг ўзидай тиниқ бир овоз қўшилди. У қўшиқнинг биринчи сатрларини яхши англаб ололмади-ю, кейин аниқ эшита бошлади:

…Яхши қол, эй дилбарим, дилда кадар, кетмакдаман,

Ишқ аро энди ҳолим зеру забар кетмакдаман.

На ишончу, на қувончу, на кўнгилдан очма гап,

Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмакдаман!


Овоз шу қадар тиниқ, дилрабо эдики, Муқаддам ҳаяжондан энтикиб кетганини сезди. Қўшиқ уни аллалар, ширин туйғуларга ғарқ этарди. У ёқасидан муздек сув қуюлиб кираётганини анчадан кейин сезди. Бўғотдан бир қулочча чиқариб қўйилган тарнов тагида тўхтаб қолганини билиб, дераза олдига яқинроқ борди. Ичкари қоронғироқ бўлгани учун Алимардоннинг юзини аниқ кўролмаса ҳам, унинг каравот ёнида тик турганча рубоб чалаётганини кўрди. У ўз куйидан ўзи маст эди, дераза томонга қайрилиб ҳам қарамасди.

Мен қуёш юзлимга деб тун кечалар бердим юрак,

Оқибат отганда тонг қондир жигар, кетмакдаман.

Шунча кунлар ўтди, аммо сўрмадинг ҳолимни бир,

Охирида ҳол сўраб келсанг магар, кетмакдаман.


Муқаддам тўхтаб қололмади. Тез-тез юрди-да, йўлакдан ўтиб, эшикни очди. Алимардон уни кўриб, бир лаҳза тўхтади. Лекин зум ўтмай яна рубоб жарнглади. У қўшиқнинг охирги байтини Муқаддамдан кўз узмай айтди:

Келганингда дедиларки, бу йигит кони зарар,

Кетмагимдан охир, айт, борми зарар, кетмакдаман?


У негадир енгилгина хўрсиниб жилмайди.

– Муқаддам…

Муқаддам унинг қувонч тўла кўзлари парпираб кетганини, хўрсинганини сезди.

– … Келдингизми? – деди Алимардон, худди унинг албатта келишини билгандай.

Муқаддам ёмғирпўшини эшик олдидаги михга илди.

– Чалаверинг…

– Эшитасизми? – Алимардон шодлик тўла кўзлари билан унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. – ўтиринг. Ивиб кетибсиз…

Муқаддам катак-катак адёл тўшалган каравотнинг бир чеккасига ўтирди. Алимардон унинг ёнига оғир чўкди-да, қошларини чимирди.

– Чалайми?

Муқаддам индамасдан бош силкиди. Пастак шифт остида яна торлар нола чекди. Алимардоннинг қўллари пардадан пардага енгил кўчар, тошқин садолар текис парвоз этар эди.

Куй тамом бўлгандан кейин Алимардон унга яна қошларини чимириб қараб қўйди.

– Раҳмат! – Муқаддам унга меҳр билан тикилиб қолганини пайқаб, дарров кўзларини яширди.

– Ўша куни шунақаям урган экансизки, уч кунгача юзим ловиллаб юрди. – Алимардон кулди.

– Яхши чалар экансиз, – деди Муқаддам унга яна тезгина қараб олиб.

– Сиз куйдан ҳам яхшисиз…

Муқаддам унинг қўллари чаккасидаги сочларига текканини сезиб, чўғ теккандай сесканди. Аммо туриб кетмади.

– Мана шу ашула сиз учун ёзилган… – Алимардоннинг овози негадир титраб кетди. Муқаддам хавотирланиб унга ўгирилди-ю, шу ондаёқ Алимардоннинг қайноқ, титроқ лаблари ўзига ёпишганини ҳис этди. Муқаддам ожиз талпинар, аммо унинг оғушидан чиқиб кетолмасди. Бу дақиқалар унга ҳам лаззатли, ҳам азобли туюларди. Анчадан кейин у каравотдан сакраб турди-да, тескари қараб қўллари билан юзини яширди.

– Яхшимас, нима кераги бор, Алимардон ака… – деди бўғиқ овозда.

Шу ондаёқ елкаларига яна унинг оғир қўллари тушганини пайқади. Силтаниб, бурчакдаги шкаф тагига бориб олди. У юзларини кафти билан яширганча турар, оёқларидан мадор кетиб, қалтирарди.

– Муқад…

У Алимардоннинг овозини яна қулоқларининг тагида эшитиб, кафтини туширди-да, унинг аллақандай ҳаяжонли, ўт ёниб турган бежо кўзларини кўриб қўрқиб кетди.

– Қўйинг! – У Алимардоннинг кўкрагидан итариб юборди. – Худо ҳаққи, тегманг…

Лекин Алимардоннинг бақувват қўллари белига чирмашганини кўриб, даҳшат ичида шивирлади:

– Қочинг, ҳозир додлайман!

Икковлари гандираклаб бориб шкафга урилишди. Шкаф устидаги ганч мушукча ағдарилиб Алимардоннинг елкасига, ундан ерга тушди-да, чил-чил бўлди.

– Қочинг! Уятсиз! – У Алимардоннинг юз-кўзига урар, типирчиларди. Яна бир лаҳзадан кейин Муқаддам каравотга учиб тушди. – Нима қиляпсиз? – деди қўрқувдан кўзларини катта-катта очганча пичирлаб. Кейин кучи борича юлқина бошлади.

Алимардон уни бўшатмас, ҳадеб бир гапни қайтарарди:

– Муқад… Бари бир бирга бўламиз-ку… Муқад…

Муқаддам кучли эди. У узоқ олишди. Кейин бирдан бўшашди-ю, жимиб қолди. Ҳозиргина ўзи шилиб ташлаган Алимардоннинг юзларини силаб, кўзларини чирт юмиб олди. Энди у ҳеч нимани ўйламас, унга ҳамма нарса бари бир бўлиб қолган, фақат қўрқарди…

…Ярим соатлардан кейин у гандираклаб ўрнидан турди. Токчага суяб қўйилган ойна олдига секин-секин борди. Кўзгудан сочлари паришон тўзғиган, юзлари сўлғин бир қиз қараб турарди. Шу топда у ўзининг қадри бирданига пасайиб кетганини юрак-юракдан ҳис қилдию, ўкраб-ўкраб йиғлади. Алам ичида орқасига ўгирилиб қаради. Алимардон каравотга қўлларини тираганча бошини қуйи солиб ўтирарди.

Муқаддам чидаб туролмади.

– Энди нима бўлади, Алимардон ака?

Бирданига ўзига яқин, азиз бўлиб қолган кишисининг қучоғига ўзини отди. Унинг тиззаларидан қучоқлаб, юзларини яширди.

– Дадам сўйиб ташлайди мени!

Алимардон унинг сочларини силаб, хўрсинди.

– Бўлди… Йиғламанг.

Унинг овози негадир ҳиссиз, совуқ эди.

… Анчадан кейин Муқаддам чил-чил бўлган мушукчанинг синиқ бўлакларини босиб ўтиб, ёмғирпўшини кийди. Эшикдан чиқиб кетаётганида яна бир қайрилиб қаради. У мана шу пастак уйга, қошини чимириб ўтирган Алимардонга ўзининг бир умр боғланиб қолганини ҳис этар, кетгиси келмасди.

* * *

Тўсатдан келиб теккан ўқнинг зарби анчадан кейин билинаркан.

Муқаддам эшиги тагига етганидан кейингина ўзи қилиб қўйган гуноҳнинг бутун даҳшатини ҳис этди. Бу юк шундай оғир эдики, борган сайин унинг икки елкасидан қаттиқроқ эзар, ерга букиб, мажақлаб ташлаётгандай бўларди.

“Дадам сўйиб ташлайди!” У зах ҳиди анқиб турган кесакига суянганча лабларини маҳкам тишлаб, мункайиб қолди. Эшик гўрдай совуқ оғзини ланг очиб, қорайиб турарди. Зулмат қуюқлашиб борар, пастак булутлар қоп-қора этакларини судраб шаҳар устида кезиб юрар, ҳамон ўша совуқ, лоқайд томчиларини пуркар эди.

Муқаддам елкасидан муз ўтиб кетганини сезиб, секин мўралади. Ичкаридан тиқ этган товуш эшитилмас, фақат тарнов ғамгин шовулларди. Унинг қадам босишга мажоли қолмаган, ичкарига кириши биланоқ пичоқ кўтариб турган дадасига рўпара бўладигандай юраги зирилларди. У неча йиллардан бери ўқитувчилик қилиб, одамларга тарбия берган, пенсияга чиққанидан кейин ҳам домком раиси бўлиб элга бош-қошлик қилиб юрган, маҳалла-кўй “ғори ака” деб орқа-олдидан қаттиқ ҳурматлайдиган отаси ёлғиз қизининг шармандалагини кечирмаслигини биларди.

Йўлак томондан гурс-гуср қадам товушлари, кейин йўтал овози эшитилди.

“Дадам!” – Муқаддам юраги узилиб тушгандай тағин кесакига суяниб қолди.

– Муқад! – У дадасининг йўғон овозини эшитиб, бошини кўтарди, қоронғида унинг қалин, ҳали оқ ораламаган соқолини, қуюқ қошлари тагидан синчиклаб тикилиб турган кўзларини аниқ кўрди. – Нима қилиб турибсан? – Дадасининг баланд овози яна унинг қулоқларига михдай қоқилди.

– Ўзим, – деди Муқаддам бепарво гапиришга уриниб. – Ишдан келдим.

– Кир уйга! Шалаббо бўлиб кетибсан-ку!

Дадаси уни четлаб ўтди-ю, уч қадамча нарига бориб қўлидаги соябонини очди. Боши устида баланд кўтарганча тез-тез юриб, зулмат қўйнига сингиб кетди.

Муқаддам саросима ичида ҳовлига мўралади. Равон айвондан ёғилаётган нур кафтдаккина ҳовлини, бир туп ўрикнинг ёмғирдан қорайиб кетган пастак шохларини ёритиб турарди. Водопровод тагидаги ҳовузчага йиғилиб қолган ҳалқоб сув хира йилтирарди.

Муқаддам девор тагига ташлаб қўйилган япалоқ ғиштлар устидан сакраб-сакраб ўтиб, айвон эшигини шарақлатиб очди.

Токчадан алланимани олаётган Анзират хола чўчиб ўгирилди.

– Келдингми?… Ёмғир ҳам эзилди-ей…

Муқаддам онасининг касалманд юзига, шишиб кетган қовоқларига қаради-да, кўзларини яширди.

– Йиғладингми? – Онаси лаганни қучоқлаганча унинг олдига келди. – Нима бўлди?

Муқаддам даҳшат ичида эшикка ёпишди.

– Лобарларникига чиқаман…

* * *

Уй ичи қоронғи эди. Шифтдаги қандил ташқаридан тушиб турган ожиз нурда хира ялтирар, ёмғирнинг шивир-шивири эшитилиб турар, қаердадир соат чиқилларди.

Муқаддам болаликданоқ қадрдон бўлиб қолган бу уйга кўп чиқар эди. Шодлигини ҳам, аламини ҳам мана шу уйда, мана шу Лобарга тўкиб соларди. Аммо ҳозир у нима дейди? Қандоқ гапирсин?

Муқаддам шифтга тикилганча ётар, хаёли чувалашиб кетган, нимани ўйлаётганини ўзи билмасди.

Лобар ётган каравот ғирчирлади. Қоронғида унинг уф тортагни эшитилди.

– Муқад…

Муқаддам индамай ётарди.

– Муқад… – деди Лобар яна секингина.

– Нима дейсан? – деди у жеркиб.

– Ухлаганинг йўқми?

Муқаддам индамади.

Яна Лобарнинг хўрсингани эшитилди.

– ўлсин! Бошимни ювган эдим, сочим ҳеч турмаяпти.

Муқаддам қарамаса ҳам Лобарнинг туриб ўтирганини, семиз қўлларини иягидан ўтказиб, сочини ўраётганини аниқ тасаввур этди.

Анчадан кейин тағин каравот ғирчирлади. Лобар яна уф тортди.

– Жаҳонгир мени қишлоғига олиб кетаман, деяпти…

Муқаддам сарғиш жингалак сочли, серҳаракат, хушчақчақ йигитни эслади. Жаҳонгир Лобарни яхши кўрар, яқинда улар билан баравар техникумни битириб, фельдшер бўлган эди.

– Тегавер, – деди Муқаддам бепарво.

– Вой, опам турибди-ку..

– Бўлмаса сабр қил!

Муқаддам тескари қараб олди. Яна жимлик чўкди. Қаердадир чиқиллаётган соат Муқаддамнинг азобли дақиқаларини лоқайдлик билан битта-битта санай бошлади. Ташқарида ёмғир қаттиқроқ шивирлади.

– Муқад…

– Нима, нима?!

– Вуй, мунча, а! – Лобар сирли пичирлади. – Нимани ўйлаяпсан?

Муқаддам индамай ётаверди.

Лобарнинг пиқиллаб кулгани эшитилди.

– Биламан… Анварни…

“Анвар!” – Муқаддамнинг мияси зирқиллаб кетди. Елкасидан босиб ётган юк устига яна бир тоғ ағдарилди. “Анвар!” – деди у пичирлаб. Елкалари аввалига секин-секин титради. Кейин силкиниб-силкиниб йиғлаб юборди. У бугун негадир Анварни эсламаган экан. Шунча йиллик қадрдон Анвар акасини, Анвар акажонини ўйламаган экан.

Муқаддам овозини чиқармаслик учун кўрпачага бурканиб олди. Бир вақт Лобар кўрпани тортқилаётганини сезиб яна ҳам қаттиқроқ бурканди.

– Қоч! – деди нафаси бўғзига тиқилиб.

– Вой, жинни, нега йиғлайсан?

– Яқинда мен ўламан, Лобар! – у ҳайратдан оғзи очилиб қолган ўртоғига тик қараб қичқирди. – ўламан! Эшитдингми?!

* * *

Алимардон эрта уйғонди. Ёмғир тинганидан бери ҳаво тиниқлашиб, ерлар селгиб қолган эди. У ювингани анҳор бўйига тушди. Ҳали қуёш чиқмаган, сув юзида нозик туман пардаси силкиниб турарди. Алимардон сирғанчиқ соҳилдан авайлаб юриб, пастга тушди. Қумлоқ соҳилга чўнқайиб, муздек сувни кафтига олди-ю, совуқдан бармоқлари зирқираб кетди. Кейин билакларини шимариб олганча пишқириб-пишқириб ювина бошлади. Бир зумда қўллари, бўйни қип-қизариб кетди. Шимининг тиззаларига сув сачраб, шалаббо бўлди.

Кўнглида алланечук бир енгиллик сезиб сакраб турди-ю, бир чеккада, ҳўл ўтлар устида ётган сочиқ билан узоқ артинди. Қирғоқдан юқорига чиққунча қуёш кўринди. Ёнғоқларнинг яланғоч шохида чумчуқлар сайради. Ердан майин ҳовур кўтарила бошлади.

У енгил-енгил қадамлар билан ҳовли томонга юриб кетди.

Уч кундан бери Алимардон шод, руҳи тетик эди. Бутунлай соғайиб қолди. Бешёғочдаги музика мактабига бориб, дарс бера бошлади. Фақат ўша кундан бери Муқаддам кўринмаётгани кўнглини хижил қилиб турарди. Кеча ишга кетаётганида гузардаги дўхтирхонага киргиси келди-ю, тағин айниди: “Нима, ялиниб кираманми?” У яхши иш қилмаганини, бир қизни бахтиқаро қилиб қўйганини билар, уни соғинарди. “Бари бир уйланишим керак!” – ўша кундан буён унинг хаёлида шу фикр чарх урарди.

Ҳозир ҳам елкасига ташлаб олган сочиқнинг бир учидан ушлаганча шудринг босган сўқмоқдан юриб келаркан, яна Муқаддамни ўйлади: “Бугун дўхтирхонага кираман!”У кўча эшикни очиб ҳовлига кириши билан ўртадаги сўрининг темир панжарасига суяниб турган Анварни кўрди-ю, сесканиб тўхтаб қолди. Кўнглида уйғонган қўрқувми, уятми, аллақандай тушуниб бўлмас бир туйғудан ранги ўчиб кетганини ўзи ҳам сезиб, Анварга зимдан қараб қўйди. У Анварнинг ҳозироқ келиб ёқасидан олишини, уриб юборишини кутарди. Аммо Анвар ҳамон сўри панжарасига тирсагини тираганча, оёқларини чалиштириб хотиржам турарди.

“Билмабди! Ниманинг маъносига тушунарди бу!” Алимардон Анварнинг ҳолидан ҳузур қилиб ич-ичидан кулиб қўйди.

– Қачон келдинг!

Анвар секин-секин юриб келиб қўлини узатди. У куёвлардек ясаниб, янги костюм-шим кийибди. Кўкиш ялтироқ галстук тақиб олибди.

– Яна совуқ сувга ювиндингми? – деди у ёлғондака пўписа қилиб.

– Нима қипти? – Алимардон кулди. – Сенга ўхшаб ойимқиз бўлайми?

– Ким, ким шунақа? – Анварнинг кўзлари аламдан қисилиб кетди. – Қаҳрамон-эй! Бир ой инқиллаб ётмагин тағин…

– Бўпти! – Алимардон унинг ҳеч нимадан хабари йўқлигига тамоман ишонди-ю, елкасига шапиллатиб уриб қўйди. – Ҳазил, уйга кирайлик.

– Йўқ… – Анварнинг кўзларига жиддият чўкди. – Эртага эрталаб студияга боргин… Концерт бор. Сен ҳам чиқасан.

Алимардон кўпдан ўйлаб юрган орзуси чиндан ҳам рўёбга чиқаётганидан қувониб, юраги гурсиллаб уриб кетди. Ялт этиб Анварга қаради-ю, атайлаб талмовсиради:

– Қўйсанг-чи!

– Ҳазили йўқ! – Анвар астойдил тайинлади. – Мен дастурга киритиб қўйдим.

Алимардон ўзига соддалик билан тикилиб турган дўстига қараб, яна атайлаб бепарво гапирди:

– Мени бошларига уришармиди?

– Кутаман! – Анвар яна жиддият билан тайинлади-да, қўлини чўзди. – Хайр!

Унинг учи ингичка туфлиси селгиб қолган ҳовлида билинар-билинмас из қолдириб, кўча эшигига етганидан кейин Алимардон шодон табассум билан шивирлади: “Галварс!”

* * *

Тушга яқин Анвар уни телестудия эшиги олдида кутиб олди. Яна энг аввал Алимардоннинг кўзи унинг чиройли галстугига тушди.

– Рубобинг қани? – деди Анвар Алимардоннинг қуруқ келаётганини кўриб.

– Бошимни қотирмасанг-чи, нима деб чиқаман? – У ичида жон деб турса ҳам атайлаб тихирлик қилди.

– Майли, юравер-чи… – Анвар уни милиционер турган вестибюлдан олиб ўтиб, кенг, ёруғ йўлакка бошлаб кирди. пояндоз тўшалган зиналардан иккинчи қаватга кўтарилишди. Тепасига “Музика редакцияси” деб ёзилган эшик олдида тўхтаб қолишди.

– Юравер! – Анвар эшикни очиб, уни бошлаб кирди. Чоғроқ хонага ҳам худди зиналардагига ўхшаш қимматбаҳо гилам тўшалган, бир-бирига қаратиб қўйилган иккита стол бўш турарди.

Анвар юмшоқ ўриндиқли креслони Алимардоннинг олдига сурди.

– Ўтириб тур-чи…

– Сенинг столинг қайси?

– Ана… – Анвар бепарволик билан девор олдидаги столни кўрсатди. – Ҳозир тор топиб келаман. – У тез чиқиб кетди.

“Шунақа жойда ишларкан-да!” – Алимардон секин уф тортиб қўйди. Шу топда негадир унинг Анварга яна ҳасади келди, аммо нимагалигини ўзи ҳам билолмади.

Яна бир неча дақиқадан кейин Анвар садаф пардалари ярақлаб турган яп-янги тор кўтариб кирди. “Ажойиб тор экан! – Алимардон чолғунинг у ёқ-бу ёғини айлантириб кўраркан, тағин билинтирмай уф тортиб қўйди. – Пайти келсин, албатта, оламан!”

– Энди репетиция хонасига кириб машқ қиласан…

…Алимардон студия залининг бир чеккасидаги жажжигина стулга ўтирганча навбат кутарди. Бу ерга киришдан олдин қанчалик қўрққан бўлса, энди навбат тегишини шунчалик орзиқиб кута бошлади. Кимдир қўшиқ айтар, аллақандай қизлар рақс тушар, аммо у ҳеч кимни кўрмас, ҳеч нимани эшитмас эди. Шу топда хаёлида ёлғиз бир фикр чарх урар: “Ҳозир мени ҳамма кўради. Бутун республика кўради!”

Ниҳоят, пультда ўтирган қизнинг: “Навбат Алимардон Тўраевга”, – дегани эшитилди.

У бошқа ҳеч нимани эшитмади. Юзлари ловиллаб ёнаётганини, қулоқлари шанғиллаётганини ҳис этиб, секин ўрнидан турди. Оператор камерани аста-секин унинг олдига суриб кела бошлади. Ҳозир табассум қилиши кераклиги тўсатдан хаёлига келди-ю, камеранинг қизил чироқларига қараб жилмайди. Торни секин-секин черта бошлади. Кейин завқ билан, ҳарорат билан чалишга тушди. У яхши чалаётганини, тор ўзининг қўлида булбулдай сайраётганини билар, билган сайин завқ билан чертарди. Куй тамом бўлиши билан у қўшиқни, ўша – Муқаддамга айтиб берган – “Йигит қўшиғи”ни бошлаб юборди. Унинг овози жимжит студиянинг баланд шифтларига тегиб жаранглар, бугунги концертда ўзи ғолиб чиқаётганини, ажиб бир оҳангда айтаётганини билиб турарди.

Қўшиқ тамом бўлди-ю, у боягидай табассум билан оҳиста бош эгиб қўйди…

Йўлакка чиқиши билан Анварга дуч келди. Анварнинг кўзлари шодликдан чақнар, унинг қўлини маҳкам қисиб, ҳадеб бир гапни такрорларди:

– Жуда яхши чалдинг, дўстим! Жуда яхши.

Алимардон дўстининг шодликдан чақнаб кетган юзига қараб мийиғида кулиб қўйди. Шу ҳам чалиш бўптими? Ҳали шундай кунлар келадики, Алимардон Тўраев деган номни эшитганида бутун мамлакат ҳайратдан ёқа ушлаб қолади.

– Кетамизми? – деди у Анварга бепарво қараб.

– Юр… Мен ҳам Бўстонга боришим керак.

– Муқаддамнинг олдигами? – у қаҳ-қаҳ уриб юборишдан ўзини аранг тийиб, кўзларини сузди. – Майли, юравер…

Кўчада қуёш порлар, ҳаво илиқ, ҳузурбахш эди.

Алимардон такси тўхтатгиси келди. Анварнинг ҳай-ҳайлашига қарамай, кўчанинг ўртасига тушиб олиб қўл кўтарди, аммо машиналар тўхтамас, уни майна қилгандай ғизиллаб ўтиб кетарди.

Ниҳоят, бир “Волга” ўн қадамча нарига ўтиб тўхтади. Икковлари кетма-кет югуриб боришди.

– Қаёққа, биродар? – шопмўйлов таксичи машинанинг қия деразачасидан мўралади.

– Бўстонга обориб қўйинг! – деди Алимардон нафасини ростлаб ололмай.

Ҳайдовчи кулди.

– У ёққа “собственний” машинангизда борасиз, ука!

Алимардон парпарондай елиб кетган машинанинг орқасидан қараб, тишларини ғижирлатиб қолди: “Бўпти! ўз машинамда борганим бўлсин!”

* * *

Қишлоқ ёмғирдан ювилиб, яшнаб кетган эди. Деворлар тагида адашиб бош кўтарган мунис майсалар эртага қор остида қолишидан бехабар яшнаб турарди.

Алимардон олдинда кетар, Анвар дўстининг текис талпинаётган баланд гавдасига қараб борар, Алимардоннинг телевизорда чиққанида, бунда ўзининг ҳам хизмати борлигидан шод эди.

Катта кўчанинг муюлишидаги тут тагига етганда Алимардон бурилиб қаради.

– Дўхтирхонага бораман, деганмидинг?

Анвар ҳам тўхтаб, соатига қаради.

– Муқаддам кетмагандир ҳали?..

– Кўришинг шартми?

Анвар унинг чеҳрасида бир қалқиб ўчган масхарали табассумни ўзича тушунди.

– Соғиндим, – деди секин. Зах ерга ёпишиб ётган тут хазонларини оёғининг учи билан титкилади. Кейин дўстига қараб оҳиста хўрсинди. – Сен билмайсан-да… Ҳеч тушуниб бўлмайди бу қизга. Икки ҳафтадан бери гаплашмай қўйди. Нима бўлаётганини ўзим билмайман. – У бошини баланд кўтариб, куз осмонида кезиб юрган бир парча булутга тикилди. Унинг кўзларида ширин бир орзуми, энтикувчан табассумми бор эди.

Алимардон яна боягидай масхарали кулди. У энди бу қўймижоз ошнасидан оладиганини олиб бўлган, студиядагилар билан танишиб олган, яна телевизорда чиқиш учун Анварнинг ёрдами керак эмасди.

– Мен уйланяпман, – деди хотиржамлик билан.

Анвар ярқ этиб бурилиб қаради. У севинишдан кўра кўпроқ ҳайрон қолди.

– Қўйсанг-чи ҳазилингни!

Алимардоннинг юзида яна ўша қув табассум қалқди.

– Ҳазили йўқ, – деди совуққина қилиб.

–Шайтон-эй, нега айтмадинг? – Анвар энди ишонди. – Қачон? Кимга?

Алимардон ҳозир унинг юрагига бигиз санчишидан завқланар, ич-ичидан тошиб келган кулгисини аранг босиб турарди. Овозини иложи борича бепарво қилиб, қошини чимирди.

– Муқаддамга…

– А? Қайси Муқаддам? – Даҳшатга тўлиқ қисқа бир ҳайқириқ ҳавода фарёд солди. – Қайси Муқаддам?!

Анвар оёқларининг учигача музлаб кетганини ҳис қилиб, Алимардоннинг бепарво кўзларидан маъно қидириб қолди. Алимардон тағин бир марта кулиб қўйди.

– Ўша ўзинг билган Муқаддам-да! – У оёғининг учида кескин бурилиб кетаверди.

Алимардон бошини ғоз тутиб борар, жаҳонда ҳеч ниам ўзгармагандек, ҳамма нарса кўнгилхушлик билан бораётгандек эди.

У тутзор кўча ичига кириб кетганидан кейингина Анвар ўзига келди. Юрагини тилимлаб ташлаган хабарни ҳазилга йўйишга ҳаракат қилгандек шуурсиз жилмайди. Югуриб бориб, Алимардонни елкасидан ушлаб, ўзига қаратди.

– Овсар! Шунақа нарса билан ҳазиллашадими одам?!

Алимардон ҳайрон қолгандай қошини чимирди.

– Ўзинг биласан, ҳазилни ёмон кўраман.

Анвар унинг чиндан беҳазил гапираётганини тушунди. Биров бехосдан “онанг ўлди”, деганда киши қандай аҳволга тушса, ҳозир у ҳам худди шундай аҳволда қолди. Аъзойи бадани япроқдай қалтирай бошлаганини ҳис этиб, Алимардоннинг ёқасига ёпишди.

– Ёлғон айтасан, мараз!

Алимардон ҳузур қилиб кулди.

– Бор, ишонмасанг ўзидан сўра! –У Анварнинг қўлини ёқасидан олиб ташлаб, дона-дона қилиб таъкидлади: – У менга тегади, билдингми?! У менга тегишга мажбур! Мен уни ўзимники қилиб қўйдим!

– Туҳмат!

Анварнинг кўз ўнги қоронғилашиб кетди. Қошини чимириб турган Алимардон ҳам, яланғоч тутлар ҳам, осмонда кезиб юрган бир парча булут ҳам чирпирак бўлиб айланиб кетди.

У Алимардоннинг башарасига қачон мушт туширганини билолмай қолди. ўзига келганида, Алимардон кафтининг орқаси билан қоп-қора қонга бўялган оғзини артар, пастак тутга суяниб олганча ҳадеб тупурарди.

Анвар заранг ерни қарсиллатиб тепганча югуриб кетди. Мактабдан қий-чув кўтариб чиққан болалар орасидан, сўриларда чойхўрлар чордана қуриб ўтирган чойхона олдидан югуриб ўтди-ю, деразаларига оппоқ дарпардалар тутилган дўхтирхона эшигига бориб қолди. Шиддат билан йўлакка отилиб кирди. Навбат кутиб ўтирган одамларнинг ҳайҳайлашига қарамай, тепасига “Манипуляционная” деб ёзилган эшикни шахт билан силтаб тортди. Қарши томондаги деразанинг бир тавақаси даранглаб очилиб кетди.

– Муқаддам!

Унинг ҳайқириғи бутун дўхтирхонани жаранглатиб юборди. Устига оқ чойшаб ёпилган столга тирсагини таяганича кафтини пешанасига босиб ўтирган Муқаддам ўрнидан турди-ю, оёқларидан мадор кетгандай яна ўтириб қолди. Унинг ранги қув ўчиб кетган, кўзларида даҳшат бор эди.

Анвар кўксини тўлдирган нидони ялинчоқ ингроқ оҳангда айтди:

– Муқаддам… Айтинг… Ростми?

У Муқаддамнинг йўқ дейишини кутиб турар, шу бир оғиз сўз учун бутун борлиғини беришга тайёр эди.

Ваҳимали сукунатга тўлиқ бир неча дақиқа ўтди.

Муқаддам кафти билан юзини тўсиб йиғлаб юборди.

– Рост…

Анварнинг кўз ўнгида яна ҳамма нарса чирпирак бўлиб кетди. Оёқлари ўз-ўзидан бўшашиб, гандираклаб кетди-ю, эшикка суяниб қолди. Бу ердаги ҳамма оппоқ нарсалар бирданига қоп-қора тусга кирди-да, бошини солинтирганча тиашқарига қараб судралди.

У бирданига ҳаммасини тушунди. Муқаддам нима учун ўзига бегона бўлиб қолганини ҳам, энди ҳеч қачон қайтиб келмайдиган, умрбод насиб этмайдиган азиз бир нарсасидан жудо бўлганини ҳам, ўзининг софдиллиги, очиқкўнгиллиги ўз бошига бало бўлиб ёғилганини ҳам – ҳамма-ҳаммасини тушунди. Фақат бир нарсани тушуна олмасди. Шунча йиллик қадрдон дўсти нима учун хиёнат қилди унга? Шунчалар аблаҳлик қилишга уни нима мажбур этди экан?! Дунё пайдо бўлганидан бери нима учун одамлар боши устида хиёнат деган қоп-қора шарпа кезиб юради? Одамлар бунчалик қабиҳликни қаёқдан ўрганишаркин?!

У елкасига келиб тушган қақшатқич зарбадан мункиб кетгандай бошини қуйи солиб борар, қишлоқ оқшом тараддудидини кўрар, чойхона гавжум, мактабдан қий-чув солиб болалар чиқиб келишарди. Олисда – уфқ этагида қуёш ботиб борар, дарахтлар учида қонли шафақ ўйнарди.

* * *

Шанба оқшомида Бўстон қишлоғи ажиб бир жозиба кашф этди. Бу оқшом ой ҳам эрта чиқди. Тўлиб, қип-қизариб, яшнаб-яшнаб чиқди. Ноғоранинг шодон така-туми илиқ куз ҳавосини титратди. ўужғон ўйнаган юлдузлар тўйхона устида пасайиб рақс тушди.

Анвар Қонқус устидаги яккачўпда оёқларини осилтириб узоқ ўтирди. Анҳор жимжит, сув юзида юлдузлар қалқиб оқар эди.

Ноғорачи йигит уста экан! Шундай берилиб, шундай терга ботиб чалдики, осмон пардасини йиртиб юборгудай бўлди. ўз касбини яхши билар экан! Боплаб чалар экан! У фақат бир нарсани билмади. Ноғора чўпи билан ноғорани эмас, худди ўзига ўхшаш бир йигитнинг қалбини савалаётганини билмай қолди.

Шу куни ажойиб воқеа бўлди. Кимнингдир кўнглида баҳор гуллади. Кимдир кимгадир интизор бўлди. Кимнингдир қалбига қор ёғиб чиқди.

Тўйга бутун қишлоқ йиғилди. Фақат анҳор ўз ўзанидан чиқолмади. Қонқус тун бўйи ғазаб билан, алам билан тўлғаниб оқди.

* * *

Ҳаёт шунақа экан. Гоҳо кимнингдир мотами кимгадир байрам бўларкан!

Алимардон икки ойгача ана шу байрам роҳати билан гашт қилиб яшади. Муқаддам ўзи ўйлаганидан ҳам яхшироқ, меҳрибонроқ чиқиб қолди. Анвар бўлса ундан бутунлай узоқлашиб кетди. Телестудияда тўсатдан дуч келиб қолса, тескари бурилиб кетадиган бўлиб қолди. Аммо Алимардон парво қилмасди, бир вақтлар ўзига қадрдон бўлган бу йигитни энди бир пулга ҳам олмас, ўз қувончи, ўз бахтидан маст эди.

У шу икки ой ичида тўрт марта телевизорда чиқди. Ҳа, энди унинг омади юриша бошлаган эди. Узоқ сафарга чиқаётган одам бирон нарсасини унутиб қолдиришидан чўчиб, ўзини қанчалик текширса, Алимардон ҳам шунчалик пухта тайёрланарди. Ёнғоқзор боғ устида ҳар саҳар унинг янгроқ, дилбар овози парвоз этар, у қўшиқ бошлаганида табиатнинг ўзи ҳам тан бериб қулоқ солгандай бўлар, сўқмоқлар ҳам, анҳор ҳам бир нафас сукут сақлаб тингларди.

Алимардон ҳар ҳафтада янгидан-янги қўшиқлар ўрганар, шеърларга ўзи куй басталар эди.

Навбатдаги байрам арафасида уни яна студияга чақиришди. Шу куни Алимардон ўз кучига икки марта ишонч ҳосил қолди. Мусиқа таҳририятига кириб бориши билан Анварнинг ёрдамчиси – касалманд муҳаррир йигит унга учта конверт топширди.

– Сизга экан.

Алимардон ҳайрон бўлиб конвертлардан биттасини очди.

Оддий қора қалам билан ёзилган хатнинг биринчи сатрларини ўқиди-ю, ҳаяжондан кўз ўнги жимирлашиб кетди. У кўпдан орзу қтилиб юрган ниятига ета бошлаганидан маст, шод эди. Хатнинг охирги сатрларини ўқиркан, қўллари қалтираб кетди. “Биз колхозчилар Алимардон Тўраевнинг ажойиб овозини ҳар куни эшитсак деймиз…”

Мактуб ана шундай сўзлар билан тугалланган эди.

Шу куни у бешта қўшиқ айтди. Ҳар қайсисини ўзгача завқ билан, ўзининг дилбар оҳанги билан юрак-юракдан куйлади.

Концетдан кейин студия буфетига кирди. Икки қадаҳ коньяк ичди. Бугун унинг руҳи тетик, кайфи чоғ эди. Шаҳар янги либос кийган, кўчалар чароғон, ранг-баранг афишаларнинг оловли жимжимаси салқин ҳавода камалакдек товланади. У троллейбус бекатига чиққанида таниш бир овозни эшитиб, тўхтаб қолди.

“Ўзим! Ўзимнинг ашулам!” У тўрт қаватли каттакон бинонинг овоз келаётган деразасини топди. Қўшиқ биринчи қаватдаги ёрқин шуъла тушиб турган деразадан қуйилиб чиқиб, қанот қоқарди. Алимардон ҳаяжон ичида секин-секин юриб дераза тагига борди. Дераза пардалари тушириб қўйилагни учун ҳеч нима кўринмас, аммо ичкарида одам кўплиги соялардан билиниб турарди. Чамаси, бирон-бир кеча бўлаётган бўлса керак, ичкарида босинқи ғовур эшитилар, аммо қўшиқ товуши баралла, тиниқ янграр эди. Бу Алимардоннинг ўша биринчи “Йигит қўшиғи” эди.

“Магнитафонга ёзиб олишган экан”, деб ўйлади Алимардон нафас чиқармай. У бу бино талабалар ётоқхонаси эканини эслади. “Бошланди! Талабалар ёқтирдими, оммалашиш шу!” Алимардоннинг лабларида қувноқ табассум ўйнади. Ҳозир кириб: “ўша қўшиқни айтган Алимардон Тўраев мен бўламан”, деса ишонишармикан?..

У ёнғоқзор боғкўчага алламаҳалда етиб борди. Ҳали ой чиқмаган, аммо осмонда жимжима юлдузлар чарақлайди, оёқ остида хазон қирсиллайди. У пастак эшикни тақиллатаркан, негадир зарҳарханда билан жилмайди. “Алимардон Тўраев! Дурустроқ дарвозаси ҳам йўқ!”

* * *

Эрталабдан бери эзила-эзила ёққан ёмғир тушга бориб қорга айланди. Аввалига битта-яримта учқунлар ҳавода эринчоқлик билан кезиб юрди-ю, кейин бирдан тезлашиб кетди. Йирик-йирик лайлакқор қиялатиб уриб берди.

Алимардон дераза олдида тик турганча, биринчи қорнинг ёғишини томоша қиларди. Ҳаммаёқ табиатнинг улуғвор, аёвсиз ҳақиқати олдида қути ўчгандай жимжит бўлиб қолди. Ёмғир ёғаётганда шодон шовуллаган тарнов ҳам, бўғотдаги чумчуқлар ҳам бир нимадан чўчигандай овозсиз қотди. Ҳовлидаги сўрининг панжаралари, молхонанинг томи оппоқ бўлиб қолди. Ҳовли этагидаги азамат ёнғоқлар тақдирга тан бергандай маъюс бош эгди, яккам-дуккам япроқлар совуқдан дилдирай бошлади.

Бора-бора оқшом қўнди. Юракни эзувчи, кўнгилга ғашлик солувчи ғира-шира оқшом қўнди.

Нариги уйда Муқаддамнинг оёқ машинани шатиллатиб иш тикишга ўтиргани эшитилди. У оғироёқли бўлганидан бери кечалари ҳеч кимга сездирмай, чақалоқчага атаб кўйлакчалар тикадиган одат чиқарганди.

Кўча эшик тақиллади. Алимардон негадир чўчиб тушди. Эшик сукунат қўйнида янада қаттиқроқ гурсиллади. Муқаддамнинг машина шатиллатишдан тўхтагани эшитилди. Аммо Алимардон ундан олдинроқ ҳовлига тушди. Куёвликдан ёдгор бўлган беқасам чопони билан юзини қордан пана қилиб, йўлакка борди. Пастак эшикнинг ҳалқасидан ушлаб тортди.

Ғира-шира қоронғиликда икки киши турарди. Улардан бири новча, бош яланг, ёмғирпўш кийиб олган, совқотган бўлса керак, турган ерида ҳадеб депсинарди. Иккинчиси пакана, семиз, калта пальто кийиб олган, аммо чеҳраси аниқ кўринмасди.

“Йўлдан адашганлар бўлса керак”. Алимардон эшикни каттароқ очиб таклиф қилди:

– Келинглар.

– Сизни топадиган кун бор экан-ку, Алимардон ака! –Новча йигит эски танишлардай қуюқ сўрашди. Шериги ҳам қишлоқиларга хос тавозе билан қўшқўллаб унинг кафтини қисди.

Алимардон ҳеч нимани тушунмаган бўлса ҳам, яна таклиф қилди:

– Марҳамат…

– Йўқ, ака, – новча йигит яна дилкашлик билан шанғиллаб гапирди. – Биз бир хизмат билан келган эдик.

Алимардон улар тўйга айтиб келишганини тушунди-ю, атайлаб ўзини гўлликка солди.

– Қанақа хизмат?

– Мана шу дўстимиз, – йигит шеригига имо қилди. – Укасини уйлантираётган эди. Энди катталик эмас, эркалик, ака, бир хизмат қиласиз-да!

Шериги ҳам қўшқўллаб таъзим қилди.

– Энди йўқ демайсиз-да, ака! Хизмат ҳақингиз қанча бўлса розимиз. Олисдан келдик.

Алимардон “қанча берасиз” демоқчи бўлди-ю, айтмади.

– Йўқ… – у кескин бош чайқади. – Мен тўйга юрмайман… Ҳеч борган эмасман…

Тўй эгаси астойдил ялина бошлади:

– Хўп денг энди, ака. Оққўрғон деган жойдан дараклаб келдик, йўқ деманг…

Алимардон йигирма қадамча нарида, тумшуғи билан деразага қадалай деб турган “Волга”ни энди кўрди. Қорнинг қалин пардаси ортида унинг ранги кўринмас, шарпадай аранг кўзга чалинарди.

– Машина ўзингизникими?

Тўй эгасининг кўнглида умид уйғонди шекилли, қувониб кетди.

– Ўзимиздан, ака, ўзимиздан! Бирпасда етказиб олиб бораман.

– Йўқ, бўлмайди, – Алимардон тағин бош чайқади. – Эртага ишга боришим керак.

– Хўп денг, ака, биз ҳам тушунадиган одаммиз. Хафа қилмаймиз… – У Алимардоннинг ўйланиб туришини ўзича тушунди. “Фалонча берамиз”, деб катта пулни айтди.

Алимардон яна бир таранг қилса, қадри ошишини билиб ноилож қиёфада елкасини қисди.

– Боролмайман, дедим-ку, иложим йўқ.

Тўй эгаси бир лаҳза ўйланиб туриб қўл силтади.

– Майли, ака, – деб икки ҳисса кўпроқ “закалат” ваъда қилди.

Алимардон жилмаяётганини яшириш учун уф тортди.

– Ҳеч қўймадингиз-да!… Қайтиб келишим нима бўлади? Мен ҳам ишлик одамман.

– ўзим келтириб қўяман…

Алимардон яна юзини қордан пана қилиб, айвонга қайтди. Муқаддам унинг ҳаяллаб кетганидан хавотир олиб бўлса керак, эшик олдида турарди.

– Ким? – деди у эрининг кўзига тикилиб.

Алимардон бепарво қўл силтади.

– Меҳмонга чақириб келишибди.

– Борасизми? – Муқаддам секингина, ҳуркибгина сўради. Энди у турмушни тушуна бошлаган аксари хотинлардай ювош бўлиб қолганди.

– Албатта!

Кетма-кет уйга киришди. Муқаддам шифоньердан кийимларини олиб бериб турди. Алимардон бир оғиз ҳам гапирмай эшикка томон йўл олди. Фақат айвонга чиққанида бурилиб қаради:

– Эшикни занжирлаб ол!

У йўлда ҳам чурқ этмади. Машина қор бўрони орасида шиддат билан олға учар, ҳавода парпираган учқунлар олд томондаги ойнага чирсиллаб урилар, бир жуфт шуъла оқиш зулматни ёриб борарди.

Алимардон суянчиққа ўзини ташлаганча йўлдан кўз узмай кетар, мана шу кўримсиз, қўпол қишлоқида бор машина ўзида йўқлиги алам қиларди унга.

Бир соатчадан кейин чироқлар нурида чарақлаб ётган тўйхонага кириб боришди. Каттакон уй одамлар билан лиқ тўлган, меҳмонлар тўрт томондаги девор тагида чордана қуриб ўтиришар, дастурхон тўкин, арақ иси гуркирарди.

..Алимардон қўшиқ бошлаши билан ҳаммаёқ сув қуйгандай жимиб қолди. У ўз овозининг сеҳри билан тўйхонани ром этганини сезиб, завқ билан ашула айта бошлади. У қўшиқ айтар, қўпол этик, чопон кийган одамлар бошини секин-секин чайқаб, ҳузур қилиб эшитишар, шу топда дераза ортида ҳам бола-чақа, хотин-халаж тўлиб кет-ганини Алимардон билар, билган сайин завқланар эди.

Қўшиқ тугаши билан: “Яша!”, “Барака топ!” – деган қийқириқлар еру кўкни қоплади. Унинг олдида одамлар тизилиб кетди. Улар қадоқ қўллари билан унинг чаккасига пул қистиришга навбат кутишарди. Алимардон кўпдан буён шу қадар эҳтирос билан куйламаган эди. Шу қадар кўп ичмаган эди. Ҳа, у бугун маст бўлди. Аммо нимадан маст бўлганини ўзи ҳам билмади: майданми, олқишданми, пул исиданми…

* * *

Ташқарида шамол увиллайди, қор учқунларининг деразага чирсиллаб урилиши аниқ эшитилиб туради, аллақаерда ёнғоқ шохи аянчли инграйди. Муқаддам кўрпага ўралиб олганча, даҳшат ичида қорнинг шитирлашига қулоқ солиб ётар, муздек зулмат мўралаб турган деразага қарашга ботинолмас, юрагининг гуп-гуп уриши ўзига ҳам аниқ эшитилаверди.

Девордаги кўкиш тун чироғи ўлимтик нур сочади, ялтироқ капгирли соат гоҳ қаттиқ, гоҳ секин чиқиллайди, вақт имиллаб ўтади.

Қизиқ, балоғатга етган қиз муҳаббатни эмас, муҳаббатнинг ўзи уни излаб топади, деганлари рост экан. Муқаддам неча йиллардан бери Анвардан муҳаббат излаб юрарди. Бирданига Алимардоннинг севгиси уни излаб топди. У тўй олдидан қанчалик куйиб-ёнган, изтироб чеккан бўлса, тўйдан кейин шунчалик қувонч билан яшай бошлади. Отаси ҳам тўйга дарров рози бўла қолди. Алимардон унга бир дунё бахт ҳадя этди.

Муқаддам ҳамон гузардаги дўхтирхонада ишлар, ҳамкасб дугоналари унинг бахтига ҳаваси келганини яшириб ҳам ўтиришмасди. Муҳаббат тўшакда уйғонади, деганлари шу бўлса керак-да! Бора-бора Анварни унутди. “ўзимнинг Мардон акамни ҳеч кимга алишмайман!” Бўйида бўлганини сезганидан бери хаёлига шу фикр маҳкам ўрнашди. Аммо худди ўша кундан бошлаб тағин бир нарсани кўп ўйлайдиган бўлиб қолди.

Муқаддам бир вақтлар болалигида шаҳар ҳовлисининг йўлагида қизалоқлар билан чирчира ўйнашни яхши кўрарди. Ҳар куни уларнинг ҳовлисига қизлар тўлиб кетар, кечгача копток ўйнашарди. ўйиннинг қизиқ қоидаси бор эди.

Кимки чирчирни элликкача етказмай коптокни қўлидан қочириб юборса, ўйиндан чиқиб кетарди.

Кейинги кунларда унинг назарида Алимардон акаси ҳам худди коптокдай қўлидан чиқиб кетаётганга ўхшарди.

Аёл киши эркакнинг, оз бўлса-да, ўзидан совишини дарров пайқайди. Муқаддам Алимардон акасининг аввалгидай очиқ-сочиқ муомала қилмаётганини сезиб турарди. Кейинги пайтларда эри кўп ичадиган, сал нарсага жеркиб ташлайдиган одат чиқарди. “Еганинг олдингда, емаганинг кетингда, мен билан ишинг бўлмасин”, деган гапни кўп қайтарадиган бўлиб қолди. Ахир, одам дунёга фақат ейиш-ичиш, кийиниш учун келмайди-ку! Наҳотки, Алимардон акаси шуни билмаса! Муқаддам шуларни ўйлаган сари, эри кун сайин ўзидан узоқлашиб бораётганини ҳис қилар, бундан даҳшатга тушарди. Ҳозир ҳам ўша бешафқат туйғу юрагига бигиздай санчилди-ю, қалтираб кетди. “Йўқ, йўқ… ўзим ҳам ваҳима бўлиб қолибман” У кўрпага бурканди, ўзини мажбур қилиб кўзини юмди…

Муқаддам депсиниб уйғониб кетди. У ухладими, йўқми, билолмади, аммо ваҳимали бир туйғудан негадир вужуди титрай бошлади. Кўрпадан секин бошини чиқариб қулоқ солди. Ҳамон шамол увиллайди, қор учқунлари ҳамон зулмат қоплаган деразани савалайди. Бирдан ташқарида аллаким додлагандек бўлди. Муқаддам оёқ-қўллари бўшашиб, кўзларини катта-катта очганча, тахта бўлиб қолди. Бояги овоз тағин қайтарилди.

– Машина-ку, – деб пичирлади у қўрқув ичида, – уй орқасидан машина ўтяпти.

Шу ондаёқ кўча эшик қаттиқ тақиллади.

“Мардон акам!” – Вужудига ҳузурбахш илиқлик югурди. Алимардон акасининг занжирни тез-тез тақиллатишига ўрганиб қолган эди.

Муқаддам қушдай енгиллик билан сакраб турди, чироқни ёқди. Бошига Алимардон акасининг беқасам чопонини ёпганича айвонга чиқаркан, йўлакай девордаги соатга қараб олди. Соат миллари тўрт яримни кўрсатар эди.

Муқаддам ҳовлига тушган замони совуқ ҳаво нафасини қайтариб юборди. Калиши қорга тўлиб чиқди. Шу пайт эшик тағин қаттиқ тақиллади. У оёғининг игна санчиб ачишишига қарамай югурди. Тайғана-тайғана эшик тагига етиб келди.

– Ким? – деди ҳуркович оҳангди.

– Оч!

Муқаддам Алимардон акасининг овозини таниб, дарров занжирни туширди.

Алимардон энгашиб эшикдан кираркан, унга урилиб кетди.

– Ўлиб қолдингми? – Унинг оғзидан гупиллаб арақ иси келди.

“Ичибди!” – Муқаддам индамасдан эшикни тағин занжирлади.

Кетма-кет айвонга чиқишди. Алимардон телпагини ечиб, пальтосининг елкасига қўнган қорни қоқаркан, қошини чимириб Муқаддамга қараб қўйди. Унинг юзлари қизариб кетган, қисқа-қисқа нафас оларди.

– Битта чақирганда очсанг бўлмайдими? – деди у телпагини бурчакдаги диванга ташлаб.

Муқаддам унинг саволига савол билан жавоб берди:

– Тўйга бордингизми?

Алимардон унга елкаси оша қаради.

– Ҳа! Ёқадими?

Эрининг боя йўлакда айтган гапи Муқаддамнинг юрагини ўртаб юборган, икки йўл ўртасида ўтирган оғироёқли хотинига ўлимни раво кўргани ҳамон вужудини титратарди.

– Йўқ! – деди у овози титраб. – Ёқмайди!

– Ёқмаса… – Алимардон кинояли жилмайиб қошини чимирди. – Ёқмаса… Кета қол! Уйинг яқин…

– А?! – аламли бир ҳайқириқ Муқаддамнинг бўғзига тиқилиб қолди. Кўзлари бирдан жиққа ёшга тўлди. Титроқ қўллари билан эрининг бўйнига маҳкам осилиб йиғлаб юборди. – Қайтариб олинг сўзингизни… Жон Мардон ака, қайтариб олинг!..

Яна бир неча дақиқадан кейин у эрининг забардаст елкасидан маҳкам қучоқлаб бағрига босар, ҳозир уни биров тортиб олаётгандай қўйиб юборгиси келмасди.

“Маст-да, кайф устида айтиб юборди, – дерди у ўзига-ўзи тасалли бериб. – Эртага ўзи пушаймон ейди…”

* * *

Анвар машинка хонасидан чиқди-ю, қўлидаги қоғозни секин-секин силкитганча, ёруғ йўлакдаги гулдор пояндознинг бир чеккасидан бошини қуйи солганча юриб кетди. У иш кўплигидан хурсанд, фақат меҳнат билан овунар эди.

Бирйўла ҳам севгилисидан, ҳам дўстидан жудо бўлиш оғир экан. Алимардон билан Муқаддамнинг тўйи ўтганидан бери у одамларга ўзгача бир синчковлик, ички алам, ишончсизлик билан қарайдиган бўлиб қолди. Боғларда сайр қилиб юрган ошиқ-маъшуқларни кўрганида, уларнинг сирли шивирлашаётгани қулоғига тасодифан чалиниб қолганида ғаши келарди. “Бир-бирининг кўзига тикилиб алдашяпти”, – деб ўйларди у жирканч бир туйғудан ижирғаниб. – Мана шу қиз ҳозир бу йигитнинг қулоғига шивирлаяпти. Эртага лаби совумасдан туриб, бошқасини ўпса ажаб эмас…”

Иқбол хола ёз келиши билан тўй ҳаракатини бошлаб юборди. Узоқ холаваччасининг Эътибор деган қизини ҳадеб мақтайдиган бўлиб қолди. Анвар онасининг гапларини эшитганида заҳарханда кулиб қўя қоларди. “Рост-да, мақтаса-мақтайвермайдими, унга нима!”

Бугун эрталаб ҳам онаси ҳадеб гапиравериб, унинг жаҳлини чиқариб юборди.

Анвар онаси билан аччиқлашиб қолди. “Уйланмайман, вассалом!”

У ҳозир ҳам йўлакдан оғир-оғир қадамлар билан бораркан, ўша дилхунликни эслади. “Нима қилсин, ахир, онасида нима гуноҳ? У ҳам тўй кўрсам, орзуларим ушалса дейдида…”

Анвар мусиқа таҳририяти эшишига етганда, аллаким чақирганини эшитиб, тўхтаб қолди. Бурилиб қаради-ю, йўлак муюлишида, каттакон тошойна олдида турган Алимардонни кўриб, юраги сирқиллаб кетди. Алимардон концертга келган бўлса керак, қора костюм кийиб олган, ўша ҳақоратли табассум билан илжайиб, сигарета чекиб турарди.

Анвар ўшандан бери у билан гаплашмас, кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Уни одамларга нафрат билан қарашга ўргантган, бутун орзуларини чил-чил қилган, энг улуғ бахтини тортиб олган мана шу эмасми, ахир?! Дўст бўлиб қўйнига кириб, юрагини юлиб олган шу эмасми?!

Анвар қўли асабий қалтираётганини сезиб, ушлаб турган қоғозни шартта икки буклаб шимининг чўнтагига солиб олди-ю, унинг яқин келишини кутиб турди.

Алимардон ҳеч нима бўлмагандай жилмайиб яқинлашди-да, қўл узатди.

– Чақирсам ҳам қарамайсан… Шунчалик қасдинг борми?

Анварнинг кўзига у ҳозиргина ўлжасини еб, лабини ялаб турган бўридай кўриниб кетди. У билан пачакилашиб ўтиргиси келмади.

– Қўлингни торт!

У овози титраб кетганидан афсусланиб, юзини чирт ўгирди.

– Вой-бў! – Алимардон яна ҳеч нима бўлмагандай кулди. Унинг бепарво кулгиси Анварнинг юрагини ўртаб юборди. ўзини ғолиб ҳис қилаётганини овозидан билиб, азоб чека бошалди. – Қачон уйланасан?

Анвар нафрат билан бурилиб қаради-ю, Алимардоннинг ҳамон кулиб турган кўзларига тўқнаш келди.

– Ишинг бормиди? – деди у ғазабдан кўзларини қисиб.

Алимардон яна кулди.

– Тўйингда бир хизмат қилай деган эдим-да…

Анвар бир нафас иккиланиб турди-да, айтмаслигим керак, деб турган гапи оғзидан чиқиб кетди.

– Аввал катта пул бераётганларникига бориб тур-чи…

Бу гап Алимардонга шунчалик таъсир қилишини билмаган эди. Алимардоннинг кўзларидаги табассум бирдан ўчди. Атрофга сергакланиб қараб олди-да, кинояли оҳангда гап қилди:

– Нима, студия хўжайинларига чақмоқчимисан?

ғизиқ, бу нарса Анварнинг хаёлига ҳам келмаганди. У тўсатдан кўнглида бир енгиллик ҳис этди-ю, яна айтмаслиги керак бўлган фикрни айтиб юборди:

– Хотиржам бўл, хоинликни ёмон кўраман. Лекин ўзинг қанотинг чиқмасдан туриб узоққа учмоқчисан, бола! Эҳтиёт бўл, шўнғиб кетмагин тағин.

Кенг йўлакда яна Алимардоннинг ғолиб кулгиси янгради.

– Айтавер, қўрқадиган жойим йўқ. Телевизорга чиқмасам, бир ерим камайиб қолмайди. Аллақачон эстрадага ишга кирганман.

Анварнинг қулоқлари шанғиллай бошлади. Унинг охирги гапларини эшитмай, бурилиб кетаверди. У ўзини босиб ололмас, ҳадеб титрарди.

* * *

Ёзга чиқиб Алимардон ишни катта қилиб юборди. Ота-бобосидан қолган пахса деворли бир уй, бир айвонни буздириб, янги, саккиз хонали, олди ойнабанд айвонли уй солдирди. Пул бўлса чангалда шўрва, деб бежиз айтишмаган экан. ўша пастак, эски эшикни олдириб ташлаб, ўрнига яхши ният билан машина кирадиган дарвоза қурдирди. Баҳорда Анвар унга “бир куни шўнғиб кетасан”, деганда янглишган экан. Алимардон пастга эмас, кун сайин юқорига парвоз эта бошлади. Толе унинг олдида ҳамма гулшанларнинг дарвозасини баравар очиб юборди. Энди Алимардон Тўраевнинг номи кунора радиода янграр, телевизор экранида қошини хиёл чимириб, жилмайиб турган чиройли чеҳраси тез-тез кўриниб қолар, дилрабо овози билан одамларнинг юрагини ларзага солар, ҳар бир уйнинг деразасидан унинг тиниқ овози эшитилар, магнитафон ленталари Алимардоннинг қўшиқлари билан тўлиб кетган эди. Одамлар бир-бирини: “Юринг, фалончининг тўйига Алимардон Тўраев келармиш”, деб шоширишар эди. Ҳа, у камолот поғоналаридан тез, ишонч билан кўтарилиб борарди.

Бугун концерт йўқлиги учун Алимардон уйда қолди. Кун бўйи ўз хонасидан чиқмай янги қўшиқ машқ қилди.

Режиссёр, томошабинлар олдида ўзингизни яхши тутолмайсиз, деб койинганидан буён у тошойна қаршисида туриб, ашула айтишни қайта-қайта ўрганар эди. Ҳозир ҳам худди саҳнага чиққудек енгил одимлар билан юриб, бурчакдаги тошойна олдига келди. Кўзгудаги ўз аксига қараб оҳиста таъзим қилди-да, майин жилмайиб қўйди. Кейинги ойларда у тўлишган, салобатли бўлиб қолган, кўзларида бахтиёрлик нури барқ уриб турарди.

Уйнинг яқинда сирланган, бўёқ иси анқиб турган шифти остида тор садолари титраб кетди. Алимардон торни завқ билан берилиб-берилиб черта бошлади, бармоқлари пардалар устида кўз илғамас илдамлик билан кўчар, гўё куй ўз-ўзидан қуюлиб келарди. Яна бир лаҳзадан кейин тор садоларига унинг ширали овози уланиб кетди:

Дарё тўлқин, сувлар тошқин, ўтолмасман…

Отим ориқ манзилимга етолмасман…

Отгинамни ориқ қилган шу сойнинг тоши,

Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…


Алимардон қадим замонлардан буён халқ тилидан тушмай келаётган бу сатрларда ўзгача бир жозиба, яширин, иболи туйғулар борлигини дарҳол пайқаб олган, ўзи басталаётган куйда мана шу покиза туйғулар бутун гўзаллиги билан ярқ этиб кўринишини хоҳлар, юрак-юракдан тўлқинланиб айтарди:

Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…


У ҳамон тор чертаркан, орқа томондан Муқаддам келганини пайқади. Аммо чалишдан тўхтамади. Ниҳоят, қўшиқ тугади.

– Нима гап? – деди Алимардон Муқаддамнинг ўзига эмас, ойнадаги аксига қараб.

Муқаддам озиб, қорайиб кетган эди. Алимардон унинг елкалари осилиб тушган кўйлагига, ичига чўккан кўзларига бир лаҳза тикилиб қолди. Баҳорда Муқаддамнинг боласи тушган, ўшандан буён кўзларидан ана шундай маъюс бир ифода аримайдиган, камгап, ғамгин бўлиб қолганди. Аммо Муқаддам ҳар қанча ташвиш чекмасин, Алимардон парво қилмасди. Нима қипти? Фарзанд билан давлат – қўлнинг кири. Келаверади ҳам, кетаверади ҳам. Ишдан қолмаслик керак.

– Нима дейсан? – Алимардон кескин бурилиб қаради-ю, хотинининг лаблари пирпирай бошлаганидан, қўпол гапириб юборганини сезди. – Халақит бермагин-да, – деди майинроқ қилиб.

Муқаддам эридан кўз узмай туриб ютинди. Чамаси, бир амаллаб ўзини босиб олди шекилли, бўғиқ оҳангда, шивирлагудек бўлиб гапирди.

– Овқат совиб қолди.

– Ҳозир, ҳозир, – деди Алимардон бетоқат бўлгандек шошилиб.

Муқаддам индамасдан бурилиб кетди. Унинг шиппаги айвонда шап-шап қилиб турди-да, нариги хонанинг эшиги очилгани эшитилди. Алимардон тағин торни қўлига олди. Ҳамма нарсани унутиб, қўшиқни қайтадан бошлади.

* * *

Алимардон участкасини даранглатиб битириб олди. Қовун пўчоқ ерга тушди. Заъфарон қанотларини унсиз силкитиб яна куз кирди. Кўчалар устида чинорларнинг йирик-йирик япроқлари капалакдай пирпиради. Оқшомлари йўлкалар четида ёқилган хазоннинг юпқа тутуни ҳавода узоқ кезиб юрадиган бўлди, боғлар, хиёбонлар жимиб қолди. Шаҳарликларнинг кўпи теримга – ҳашарга жўнаб кетгани учун Тошкент хийла осуда, трамвайларда одам сийрак.

Алимардон трамвайдан тушди-да, Эстрада театри томонга енгил, дадил қадамлар билан юриб кетди. Қуёш эндигина ботган, концерт бошланай деб турар эди. У оёғи остида қирсиллаган хазонларни босиб-янчиб бораркан, театр биносининг олдидаги ойнабанд тахта қаршисида бир зум тўхтаб ўтди. Каттакон, рангли афишада бугун концерт берадиган артистларнинг номи ёзилган эди. У ўз расмини топди. Унинг номи артистларнинг энг охирига майда ҳарфлар билан тиркаб қўйилган эди.

Алимардон лабларини қимтиб ютинди. Касса олдида уймаланишган одамларга бир қаради-да, яна ўшандай енгил қадамлар билан театр биносини айланиб ўта бошлади.

Ёш чинор дарахтлари қалин хазон тўккан кичкинагина боғчадан ўтиб, театрнинг орқа эшигидан ичкари кирди. Шошиламсдан цемент зиналардан кўтарилди. Йўлаклар нимқоронғи, залдаги ҳашамлар бу ерда кўринмас, деворлар зах эди. Қаердадир доира тараклар, пианино товуши эшитилиб турарди.

“Репетиция қилишяпти”, деб ўйлади у саҳна томонга юриб бораркан. Яна бир йўлакдан ўтиб, ёнбошдаги эшикни тақиллатди. Ичкаридан йўғон, босинқи овоз эшитилди:

– Киринг!

Алимардон овоз эгасини таниди: “Зуфар Ходиевич! Ҳозир уришади!”

У эшикни шахт билан очди. Жажжигина хона биллур қандилдан ёғилаётган нурга тўлган, деворлардаги кекса артистларнинг суратлари рамкалар ойнаси ярақлаб турарди.

Зуфар Ходиевич каттакон стол орқасида креслога оғир гавдаси билан чўкиб ўтирар, сигарет тутатар, оппоқ, сийрак сочлари чироқ нурида ялтилларди. Унинг хиёл очиқ лабларидан оғзидаги уч-тўрт тилла тиши кўриниб турар, чеҳрасида чарчоқ бир ифода бор эди.

– Яна кеч қолдингизми? – Зуфар Ходиевич кафти билан тамаки тутинини ҳайдаб койиди. – Шу одатингизни қачон ташлайсиз?

Алимардон индамай тураверди. У театр бадиий рағбарининг қаттиққўллигини, унга гап қайтаролмаслигини билар, аммо унинг ёшларни яхши кўришидан ҳам хабардор эди. У Алимардонни ишга олаётганда ҳамма шароитни яратиб беришга, гастролларга олиб чиқишга ваъда берган эди. Чиндан ҳам ваъдасини бажарди. Алимардон ёз бўйи республиканинг ҳамма вилоятларига бориб келди…

У тағин нима деркин, деган хаёлда Зуфар Ходиевичдан кўз узмай тураверди.

– Гримхонага кирмайсизми? – Зуфар Ходиевич тағин ўша койиган оҳангда.

Алимардон ҳеч нима демай, кескин бурилди-да, чиқиб кетди.

У саҳна чеккасига суриб қўйилган парда олдига борганида концерт қизиб кетган эди. Яна иккита номердан кейин конферансье қиз шошилиб келиб, унинг қулоғига шипшиди: “Тайёрмисиз? Чиқинг!” У Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай саҳна ўртасига бориб эълон қилди:

– Навбат ёш хонанда Алимардон Тўраевга!

Гулдурос қарсаклар зални титратиб юборди. Унинг назарида одамлар қўшиқнинг номини эшитишга ҳам тоқат қилмай, ўзини кўришга ошиқардилар. Алимардон енгил, ишончли қадамлар билан саҳна ўртасига – микрофон олдига етиб борди. Ҳамон ҳавони қарсаклар титратар, у юриб эмас, мана шу қарсаклар қанотида учиб саҳнага чиққандек эди. Алимардон бир вақтлар саҳнада қай ҳолатда кўринишни орзу қилган бўлса, ҳозир худди ўша ҳолатда эди. У чуст дўппи, қора костюм-шим кийиб олган, оппоқ кўйлагининг крахмалланган ёқаси тагида чиройли ялтироқ галстук ёниб турарди. У бир вақтлар телестудияда илк бор қўлига ушлаб томоша қилганидан ҳам яхшироқ тор кўтариб турарди.

Алимардон қошини бир оз чимириб жилмайди-да, оҳиста таъзим қилди. Зал яна гувуллаб кетди. Торнинг жозибадор янгроқ садолари кунгурадор шифтларга урила бошлагач, зал секин-секин тинчиб қолди. Алимардон ўзи басталаган янги қўшиқни айта бошлади. Чеҳрасида ҳамон ўша табассум билан завқланиб, юрак-юракдан эриб айтди.

Қўшиқ тугаши билан зал яна денгиз тўлқинидай гувиллаб кетди. Алимардон оҳиста бурилиб кетаркан, тағин бир марта таъзим қилди. Аммо зал тинчиш ўрнига баттар тўлқинланиб, одамлар ўрнидан туриб кетди. Конферансье қиз уни қўлидан енгилгина тортиб, яна микрофон олдига етаклаб борди.

– “Йигит қўшиғи!” – деди у жарангдор овозда.

Зал сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Алимардон яна ўша табассум билан, яна ўша завқ билан куйлади.

Қўшиқ охирлаши билан шифтлар тағин ларзага келди. у бу сафар чуқур таъзим этди-да, парда орқасига ўтиб кетди.

Конферансье навбатдаги артистлар номини эълон қила бошлаган эди, томошабинлар гувуллаб, тартибсиз қарсак чалиб юборишди. Зум ўтмай қарсаклар бир меъёрда такрорланувчи гурс-гурс этган овозга айланиб кетди. Одамлар навбатда чиқаётган хонандаларнинг пешанасига мих қоқаётгандай баравар қарсак чалишар, Алимардоннинг ўзини талаб қилишарди.

Алимардон ҳаяжонланиб кетди. Конферансьенинг эълон қилишини ҳам кутмай, тез-тез юриб саҳнага чиқиб борди. Залга эмас, сутдек оқиш нур тўкиб турган қандилларга қараб янги қўшиқ бошлади.

У олқишлар остида саҳна четига чиқиши билан Зуфар Ходиевичнинг ғазабдан чақнаган кўзларига тўқнаш келди.

– Инсоф борми сизда? Санъаткорлик одоби борми?

Алимардон индамади. Унинг кўзларига дангал тикилиб туриб, масхарали кулиб қўйди.

Зуфар Ходиевич ўзини босиб ололмас, Алимардон бемалол жилмаяр, пастда эса зал ҳамон гувуллар, Алимардонни талаб қилиб қий-чув кўтарарди.

Алимардон мана шу саҳна тез кунда бутунлай ўзиники, ёлғиз ўзиники бўлиб қолишини ҳозир аниқ билди.

* * *

Алимардон саҳна чеккасида, оғир зангори бахмал парданинг тирқишидан зални кузатиб турарди. У ҳар сафар саҳнага чиқишдан олдин шунақа – бир чеккада туриб зални томоша қилади, кўнгли шодон туйғуларга лиммо-лим тўлиб кетади.

Залдаги каттакон қандил ҳали ўчмаган, томошабинлар қаторлар ўртасидаги йўлакдан шоша-пиша ўтиб, ўз ўринларини қидиришарди, ҳали очилмаган саҳна томонга орзиқиб қараб-қараб қўйишарди. Улар ҳар хил: ёш, қари, эркак, аёл… Қандайдир бир ярим-икки йил ичида бутун ўзбекистонни ҳайратга солиб қўйган Алимардон Тўраевни кўришга, дилдор овозини эшитишга узоқ-яқиндан келган одамлар шулар.

Алимардон мийиғида кулиб қўйди. Ҳа, у шод эди! У чиндан ҳам бутун ўзбекистонни забт этганини билар, билган сайин қувонарди. Одамлар бутунлай маҳлиё бўлиб қолганга ўхшарди. Унинг концертига энг чекка қишлоқлардан келишар, икки ҳафта илгари олиб қўйилмаса билетлар топилмас, шунда томшабинлар ҳар бир паттани ўн баробар баҳосига бўлса ҳам олиб тушишарди.

Алимардон ўзининг нима учун бунчалик тез танилиб кетганлигини билади. У одамларнинг юрагини қитиқлаш сирларини ўрганиб олди. Қўшиқдаги ҳар бир янги оҳанг томошабиннинг завқини тошириб юборишини, ҳар бир ҳаракат олам-олам олқиш ҳадя этиши аниқлигини тушуниб қолди. ўзи басталаётган куйларда қувонч билан изтироб, муҳаббат билан садоқат – ҳамма-ҳаммасини мужассам этишга уринди. Ҳар бир ашулада ҳеч қачон такрорланмас оҳанг бўлиши, қўшиқларнинг ҳар бир сўзи тингловчининг юрак-юрагига етиб бориши учун ҳаракат қилди. Шу туфайли шинавандалар уни эҳтирос билан олқишлайдиган бўлдилар.

Алимардон тўйларга ҳам кўп қатнайди, аммо арзон-гаровга эмас.

Залда гулдурос қарсаклар янгради. Алимардон яна парда тирқишидан мўралади. Олдинги қаторлар лиқ тўлган, орқароқда эса жойини тополмаган томошабинлар зир югуришар эди. У соатига қараб қўйди. Томоша бошланишига беш минут қолган. У бурилиб кетаётганида яна зал гувуллай бошлади.

Мана, икки йилдирки, Алимардон шу қарсаклар ҳавосида учиб юрибди. У худди ойга ўхшарди. Кун сайин тиниқлашиб, кун сайин ёрқинлашиб, баландлаб борарди. Унинг силлиқ таралган сочи устидан чуст дўппи кийиб, қошини хиёл чимириб, табассум қилиб турган сурати аллақачон ҳаммага таниш бўлиб қолган, афишалар номи ўқлоғидай ҳарфлар билан ёзилиб чиқар эди.

У пардозхонага кириб, ўзини яна бир марта кўзгуга солди-да, торини кўтариб қайтиб чиқди.

Саҳна пардаси секин-секин очила бошлади. Залдаги катта қандил ўчди. Чекка-чеккадаги эшиклар устида ёниб турган қизил чироқларгина қолди.

Конферансье эълон қилгандан кейин Алимардон саҳнага чиқди. Кунгурадор шифтлар қарсак садоларидан титраб кетди, бутун зал ҳаяжондан ларзага келди. Алимардон ҳар тарафга қараб таъзим қилди. Олқишлар яна ҳам кучайиб кетди. Шу кўйи беш дақиқагача тўхтамади.

Алимардон торини кўксига босиб, томошабинларга зимдан қараб қўйди. ўира-ширада ҳаяжондан қизарган чеҳралар кўринади, орқа қатордагилар ўрнидан туриб кетган, ҳамма баравар чапак чалар эди.

Тор садолари юракларни зириллатиб тилга кирганидан кейингина зал секин-секин тинчий бошлади. ўша ондаёқ Алимардоннинг тиниқ овози осуда парвоз этди:

… Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…


У кўзларини хиёл юмиб олганча қўшиқни завқ билан айтди. Ашула тугамасданоқ зал титраб кетди. Унинг саҳнадан жилишига ҳеч йўл қўймасдилар.

Концерт охирлаб қолганида у чарчади. Боши қизариб, тор симлари узра сурилган бармоқлари зирқирай бошлади. Аммо иккинчи бўлим тамом бўлгунича ҳам ҳеч кимга гал бермади. Бисотидаги янги қўшиқларнинг ҳаммасини айтди. Унинг дилрабо овозида гоҳ васл қувончи янграр, гоҳ ҳижрон изтироблари инграр, гоҳ шодон ҳазил оҳанглари мавжланарди.

Ниҳоят, конферансье концерт тамом бўлганини эълон қилди. У томошабинлар билан хайрлашиш учун саҳнага чиққанида ҳамамёқ яна денгиз тошқинидай гувуллаб кетди.

Саҳна четидаги зинадан гулдаста кўтарган қатор-қатор одамлар чиқиб келишарди. Энг аввал унинг олдига каттакон гулдаста кўтарган чиройли жувон етиб келди. Алимардонни қучоқлаб, қўлига гул тутқазди. Шу ондаёқ у чаккасида аёлнинг титроқ иссиқ лабларини туйди. Димоғига аллақандай хушбўй атир иси гупиллаб урилди.

Алимардон қайрилиб қарагунча, бошқа одамлар уни ўраб олди. У қучоғига тўлиб, кўз ўнгини тўсиб қолган гулларни қаерга қўйишини билмас, шу тобда оёғининг тагигача гулга тўлиб кетган эди.

Парда ёпилганидан кейин гулларни конферансье қизга топширди-да, нимқоронғи, тор йўлакдан ўтиб ҳовлига чиқди. Галстугини ечиб, чўнтагига солди-да, ёқасидаги тугмаларини тушириб, намхуш куз ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди.

Асфальт йўлкалар қорайиб қолганини, шивалаб ёмғир ёғаётганини шундагина билди.

Пошналари билан қоронғи сукунатни чарсиллатиб титратганча йўлкадан ўтиб, боғ чеккасидаги темир панжара олдига келди. Панжаранинг пастак эшикчасини очиб, ичкари кирди, “Волга”сини моторини гуруллатди.

Алимардон машина ҳайдашни мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ амакисидан ўрганиб олган эди. ўшанда ғалати ишлар бўлганди.

Бир йили колхоз раиси, бошида эри йўқ, деб унинг онасини анҳор ёқасидаги катта боққа қоровул қилиб қўйди. ўша йили узум яхши бўлди. Ёзда Алимардон ҳар кеча катта боғда ётиб қоларди. Бир кеча чайлада ухлаб ётганида амасики уйғотди: “Дарвоза ёнида машина турипти. Узумларнинг яхши-яхшисинидан танлаб уз…” – деди. Алимардон энди оғиз очмоқчи эди, амакиси гапиртирмади: “Айтганимни қилавергин, машина ҳайдашни ўргатаман”. Икковлари қўлчироқ ёқиб, ишкомга киришди. Амакиси машинани ҳайдаб кетар экан, тайинлади: “Ҳеч кимга айтма. Велопед олиб бераман!”

Ўша кундан бошлаб Алимардоннинг иши юришиб кетди. У онаси уйда қолган кечалари амакиси билан ишком оралаб, кундузлари “ГАЗ – 51”нинг кабинасидан чиқмайдиган бўлди.

Ўша йили кузда у еттинчи синфга соат тақиб, велосипед миниб борадиган бўлди.

Келгуси йил ёзида Алимардоннинг яна омади келди. Аммо энди у пишиқ бўлиб қолган эди. Амакисидан узум ҳақининг ярмисини талаб қиладиган бўлди. Ҳамма иш силлиқ бораётган эди-ю, кузда лоп этиб амакиси қамалиб кетди. Алимардон амакисининг шалтоғига ўзи ҳам тойиб кетишидан қўрқарди. Хайрият, ҳеч нима қилмади. Лекин энди уларни катта боққа яқин йўлатмай қўйишди. Қизиқ, амакиси ўн йилга қамалганини эшитганида ачинмади ҳам. Баҳонада ўзининг бир нималик бўлиб қолгани, машина ҳайдашни ўрганиб олганига суюнди.

Яқинда “Волга” сотиб олганида, ўшанда машина ҳайдашни ўрганиб қўйгани яна қўл келди. Наридан-бери ҳайдовчилик курсини битириб, гувоҳномалик бўлиб олди. У янги уйланганида Муқаддамни қанчалик яхши кўрган бўлса, энди машинасини ҳам шунчалик суярди. Ҳозир ҳам фараларнинг ёрқин нурида асфальт йўлакни ёритиб, машинани авайлаб катта кўчага олиб чиқди. Театрдан қайтаётган томошабинлар тўдасини ёриб ўтди, шиддат билан елиб кетди.

Муюлишга етганда икки қаватли уй олдида турган оқиш “Волга;ни кўрди. Машинанинг эшиги очилиб, оқ халат кийган киши тушди-да, кафти билан чироқдан кўзини пана қилиб чекинди. “Тез ёрдам” экан, деб ўйлади Алимардон йўлдан кўз узмай бораркан. Бир лаҳзада четлаб ўтишни ўйлади-ю, шу ондаёқ фикридан қайтди. Тезликни пасайтирмасдан елиб бораверди. Иккала машина ёнма-ён келганида йўл ўртасидаги ҳалқоб сув сачраб кетди. Алимардон “Тез ёрдам”га ёпишиб турган кишининг халати расво бўлганини, орқадан қўл силтаб алланима деб койиганини кўриб қолди. Лекин парво қилмади. “Жон керак бўлса четроқ турсин-да!”

* * *

Анвар Бўстонга қандай келиб қолганини ўзи тушунмасди. Ким билсин, балки ўтмиш хотиралари билан хайрлашиш учундир…

Қоронғи тушиб қолган, ҳаво булут, юракни қон қилиб юборувчи куз ёмғири бошланай-бошланай деб турарди. У қишлоқ кўчаларидан ўтиб бораркан, ҳаммаёқ ўзгариб кетганини кўрди. Аввалги эгри-бугри тор кўчалар ўрнида янги асфальт йўл очилган, қатор-қатор симёғочлар чўзилиб кетган эди. Негадир унга қишлоқнинг анча ўзгариб қолган янги манзараси ёқмади. Аввалги боғ-роғларнинг кўпи йўқ бўлиб кетибди. Кишининг нафасини қайтарувчи шаҳар ҳавоси сезилиб қолибди. Бир пайтлар ўзининг болалиги ўтган ҳовли ўрнида тўрт қаватли уй қурилибди. Ёнғоқзор йўқолиб кетибди.

У кўча четидан секин-секин юриб бораркан ҳозир Муқаддамни кўришини билар, аммо қай ҳолатда учратишни, ўзини кўрганда унинг қандай аҳволга тушишини тасаввур эта олмас эди.

Ҳар одамда ҳам бошқа ҳеч кимда тополмайдиган бирон фазилат бўларкан. У Эътибордан – ўша онаси кўп эслайдиган қиздан Муқаддамда йўқ бир фазилатни топди. Эътибор Ядро институтида ишлар, жиддийлиги, оқила қиз эканлиги билан Анварга ёққан эди. Анвар бу қиз ўзини яхши кўриб қолганини билар, аммо ўзи уни севадими, йўқми, билолмас эди… Бари бир, энди ҳамма нарса ҳал бўлган, ортиқча иккиланиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди.

У хаёл билан Алимардоннинг эшигига келиб қолди. Алимардон янги уй солганини эшитган, аммо бунчалик деб ўйламаган эди. Пишиқ ғиштдан болохонадор қилиб солинган каттакон уй қаддини баланд тутиб турар, деразаларига темир панжаралар тўсилган эди.

Анвар пештоқида чироқ ёниб турган жимжимадор дарвоза олдига етганида, бирдан юраги гупиллаб кетди. Шундагина кўнглининг бир чеккасида кул босиб ётган чўғ ҳамон ўчмаганини, бу ерга бекор келганини англади. Аммо ички бир куч – Муқаддамни кўриш орзусими, бошқа бир нарсами, мажбур этди-ю, эшикни тақиллата бошлади. Кейин дарвоза чеккасида оппоқ тугмача турганини кўриб қолди-да, хижолатдан тугмачани босди.

Ичкаридан калишнинг шап-шап этган товуши дарвозага яқинлашди. Зум ўтмай аёл кишининг товуши эшитилди.

– Мардон ака…

“Муқаддам!” – Анвар юрагининг аллақаерида нозик бир тор жаранглаб кетганини сезди. “Нега келдим? Майна бўлганими? Ё мақтанганими, қасос олганими?”

У томоғи қуриб, ютинолмай қолганини, лаблари ўз-ўзидан пирпирай бошлаганини пайқади-ю, қатъий пичирлади:

– Кетиш керак!

Йўқ, у кечикканди. Дарвоза ичига ўрнатилган эшик ғийқиллаб очилди.

– Вой!

Анвар Муқаддамнинг бирдан чўчиб кетганини, ҳуркиб бошини ичкари тортганини кўрди. Иккови бир-бирларига тикилиб қолишди. Анвар бир қарашдаёқ унинг ранги ўчиб кетганини, эшик тутқичидан ушлаб турган қўли титраганини сезди. Шундан кейингина унинг анча ориқлаб, қорайиб қолганини, кўзларида аввалги шодлик учқунлари йўқлигини пайқади. Муқаддам бошига капрон рўмол ташлаб, гулдор халат кийиб олибди.

Чамаси, у Анвардан кўра илгарироқ ўзига келди. Юзига илиқ бир қизиллик югурди-да, жилмайиб салом берди.

– Келинг.

У эшикни ланг очиб, икки қадам орқага чекинди.

– Келинг, – деди яна секингина.

Шу топда Анварнинг кўзи унинг тугмалари очиқ халатига тушди. “Иккиқат экан!”

Қизиқ, Анвар ўзида ҳали ҳеч сезилмаган ажиб бир енгиллик ҳис этди. Бу одам ўзига бутунлай бегона эканлигини, керак ҳам эмаслигини бутун вужуди билан бирданига тушунди-ю, қалбида ҳозиргина қайта ловиллаган ўт тўстадан сўнди. У қандайдир лоқайд, хотиржам бўлиб қолди.

– Алимардон қаерда? – деди босиқлик билан.

Муқаддам ҳам унинг кўнглидан кечганларнинг ҳаммасини бирдан тушунди шекилли, яна жилмайди. Бу табассум севгили кишисига эмас, кўпроқ сингилнинг акасига қарашидай эркин, сокин эди.

– Концертда эдилар…

– Шанба куни тўйга боринглар.

Анвар Муқаддамнинг чеҳрасида бир лаҳза ғам соясига ўхшаш аллақандай ҳайрат пайдо бўла бошлаганини пайқабди. Аммо шу ондаёқ у яна жилмайди.

– Табриклайман…

Анвар бу ерда узоқ турмаслиги кераклигини билиб, тезгина хайрлашди-да, жўнаб кетди. У Муқаддам орқасидан тикилиб турганини билар, шунинг учун қайрилиб қарамас эди. Анчадан кейин эшикнинг тарақлаб ёпилганини эшитиб, ўгирилиб қаради. Остона бўм-бўш эди.

– Иккиқат экан… – у юрагининг ярасига малҳам топилганидан шод бўлгандек, яна бир бор пичирлади.

Шивалаб ёмғир ёға бошлади. Ҳавода тупроқ иси гуркиради. У Қонқус бўйига келганда ёмғир тезлашиб кетди. Қишлоқ ўзгача тус олган бўлса ҳам анҳор ўзгармабди. Қирғоқда ҳамон ўшандай қамишзор шовуллаб ётар, сув ҳамон жимгина оқар эди. Анҳор бўйидаги толлар ҳам жойида турибди. Фақат биттасининг каттакон шохи синиб тушиб, бир учи сувга осилиб қолибди. Тўлқинлар ғира-шира зулмат қўйнида тол шохларига урилиб шовуллайди, ёмғир томчилари анҳорга унсиз шивалаб тушади.

Анвар ёмғирдан сирғанчиқ бўлиб кетган яккачўп устида анчагача сувга тикилиб турди-да, авайлаб юриб, нариги соҳилга ўтиб олди. Охирги марта анҳорга қараб қўйди-да, тез-тез юриб кетди.

* * *

Алимардон таъби тирриқ бўлиб келди. Машинасини ҳовлига олиб кирди-да, ўртадагаи цемент майдончада тўхтатиб, ерга тушди. Ёзлик шийпон пештоқидаги чироқни ёқди. Резинка ичакни водопровод жўмрагига улаб, машинани юва бошлади.

Ёмғир шивалаб ёғар, уст-боши шалаббо бўлиб кетган, нафаси қисар, аммо ўжарлик билан резинка ичакни қўйиб юбормасди.

– Лопқал пальто кийиб олсангиз-чи, шамоллаб қоласиз!

Алимардон хотинининг товушини эшитиб, бурилиб қаради. Муқаддам бир тавақаси очилган дарвоза олдида эрига ачиниб қараб турарди. У ўтган сафар қўрқиб қолгани учунми, энди бўйида бўлганидан бери ўзини айниқса эҳтиёт қилар, ишдан ҳам бўшаган эди.

– Пальтоингизни олиб чиқайми? – деди у ҳамон деразадан қараб тураркан.

– Керакмас! – Алимардон резинка ичакнинг учини қаттиқ қисди. Сув тизиллаб отилиб, машина эшигига ёпишган лойни ювиб туша бошлади.

Дераза тавақаси оҳиста ёпилди.

– Билганини қилмайдими! – пичирлади Муқаддам ўкинч билан. У диванга бориб ўтирди-да, чала қолган каштасини тика бошлади. У ўзини алаҳситишга, кўнглидаги ғам соясини ҳайдашга ҳаракат қиларди.

Мана, тўйдан буён икки йил ўтибдики, шу азоб. Алимардон ҳамиша у айтганининг тескарсиини қилади. Бир оғиз ортиқча гапириб кўрсин-чи! ўша қиш кечасида айтган гапини қайтаролмайди дейсизми?

Нима қилсин? Дардини кимга айтсин? Отасигами? Ё онасигами? “ўзинг кўнгил қўйиб теккансан”, дейишмайдими?

У баҳорда боласи тушганидан кейин жуда чўкиб қолган эди. Йўқ, хайриятки, толе яна фарзанд ато қилди. Фақат эрининг инсофга келмагани ўртайди Муқаддамни. Бугун Анвар келиб кетганидан кейин Мардон акасининг силтаб-силтаб гапириши нимагадир яна оғирроқ ботди унга…

…Алимардон машинасини гаражга киритиб қўйгунча ярим кечадан ошиб кетди. У ваннага тушди. Шалаббо бўлиб кетган кийимларини алмаштирди-да, ўз хонасига кирди.

Деворга қимматбаҳо гиламлар қоқилган, шифтдаги каттакон биллур қандил уй ичини мунис, эркаловчи нурларга тўлдирган эди.

Алимардон дераза олдида турган рояль қопқоғини очиб, чала бошлади. Машҳур “Оққуш кўли” балетининг жўшқин оҳанглари хонани тўлдириб юборди. Алимардон ундан ҳар гал янги оҳанг топар, куйнинг сеҳрли оламига кириб кетарди.

Бир маҳал у эшик очилганини кўриб, ёнламаси бурилиб қаради. Эшик олдида Муқаддам турар, афтидан, бир нима демоқчи бўлар, аммо эрига халақит беришдан чўчир эди.

– Нима гап? – деди Алимардон ниҳоят нотадан бош кўтариб.

– Ўртоғингиз келди…

Алимардон киприкларини пирпиратди:

– Ким?

Муқаддам бир нафас жим қолди-да, секингина айтди:

– Анвар.

– Ки-и-м? – деди Алимардон чўзиб. Кўзлари чақнаб кетди. Муқаддам индамай тураверди.

– Нима хизматлари бор экан?! – деди Алимардон жеркиб.

– Тўй қилаётган эмиш. – Муқаддам эрига хотиржам тикилиб туриб қўшиб қўйди: – Шанба куни…

Алимардон унинг кимга уйланаётганини билгиси келди-ю, сўрамади. “Менга нима?” У Муқаддамнинг билинар-билинмас доғлар пайдо бўлган чеҳрасидан маъно уқмоқчи бўлгандай кўзига қараб туриб сўради:

– Қачон келди?

– Ҳали, – деди Муқаддам яна ўша оҳангда.

Алимардон индамасдан рояль устига эгилди. Энди чала бошлаган эди, хотинининг нозик кафти елкасига текканини сезиб тўхтади.

– Борасизми? – Муқаддамнинг қайноқ нафаси унинг қулоғи остида пичирлади. – Тайинлаб кетди. – Муқаддам унинг сочларини бармоқлари орасига олиб силади. Чамаси, у бугун эрининг ўзига меҳрибонроқ бўлишини айниқса хоҳлар, бу нарса жуда муҳимдек туюларди.

Аммо Алимардон унинг қўлини силтаб туширди.

– Кўп суйкалаверма!

Муқаддамнинг хўрлиги келиб, кўзида ёш халқаланди. “Нега ҳадеб жеркийди? Нимага хор қилади? Ахир у ҳам умид билан уйим-жойим деб юрибди-ку!”

Муқаддам эрининг атайлаб шундай қилаётганини пайқади-да, бир амаллаб кўз ёшини ютиб юборди. Шунча пайтлардан буён юрагининг қайси бир кўчасида яшириниб ётган қайсар ғазаб туйғуси лоп этиб юзага чиқди.

– Нимага силтайсиз? – деди лаблари пирпираб.

Алимардон нотадан кўз узиб қаради-да, унинг гапини эшитмагандай эрмак қилиб кулди.

– Анвар акангизни меҳмон қилдингизми?

Муқаддам ғазабдан титраб пичирлади:

– Ҳа! Қилдим!

Алимардон боягидан ҳам ёйилиб кулди.

– Йиғлаб кўришгандирсизлар?.. Бир вақтлар яхши кўрардингиз… Соғиниб қолгансиз…

Муқаддам унинг юзига тарсаки қўйиб юборгиси келди-ю, зўр-базўр ўзини тийди. Алам билан ер тепиб чинқирди.

– Бўлди!

У жаҳлдан оёқ-қўллари қалтираб, эрининг тепасида турар, бошқа пайт бўлса йиғлаб юборган бўлар, лекин кўз ёши ҳам, ўкинчи ҳам аллақаёққа йўқолган, унинг кўнглида фақат ғазаб қолган эди.

– Ҳаммани ўзингизга ўхшатманг! – деди кўзлари ёниб.

Алимардоннинг ранги бир оқарди-ю, аммо яна ўша эрмак қилувчи кулги билан ўзини босди.

– Майли, бораман, ўша қўймижоз акангизнинг тўйига… Сизнинг ҳам кўнглингиз қолмасин…

Муқаддам ижирғаниб юзини бурди.

– Борманг! Ҳеч ким сизга зор эмас!

Алимардон стулдан секин турди-да, унинг худди қулоғи тагида таъкидлади:

– Мана шунинг учун ҳам бораман. Албатта, бораман!

Муқаддам қайрилиб ҳам қарамай, эшикни қарсиллатиб ёпиб, айвонга чиқди. Ҳамон ёмғир шивалаб ёғар, ҳовлидаги ёнғоқлар, ўртадаги шийпон захкаш зулмат қўйнида мунғайиб кўринар эди.

Муқаддам айвон деразасининг муздек қиррадор рахига пешанасини босди. Шу топди унинг кўнглида умид ҳам, қувонч ҳам қолмаган. Алимардон билан ўзининг ўртасида каттакон жарлик ётганини, бу жарлик кун сайин чуқурлашиб бораётганини сезиб турарди.

* * *

Концерт кеч тамом бўлди. Алимардон ҳар галгидай бу сафар ҳам буфетга кириб коньяк ичди. У фойега чиққанида ярим кеча бўлиб қолган, театрнинг чироқлари ўча бошлаган эди. У ташқарига чиқиб кетаётган эди, гардеробхонада бир аёл тикилиб турганини сезиб тўхтади. Катта қандиллар ўчгани учун фойе нимқоронғи, ҳеч ким йўқ эди. “Ким экан бу?”

Аёл илгакка осиқлик ёмғирпўшини олмоқчи бўлар, аммо бўйи етмас, оёғининг учида чўзилиб талпинарди. У Алимардонга бурилиб қаради-да, кўмак кутгандай жилмайиб қўйди. Алимардон бу тиниқ чеҳрани, бу илиқ табассумни қаердадир кўргандек бўлди-ю, аммо эслай олмади. “Дўндиқ экан!” Унинг юраги гурсиллаб уриб кетди. Аёл яна ёмғирпўшига талпинди-да, унга бурилиб жилмайганча уф тортиб қўйди.

“Атайлаб киляпти. Гардеробчи аллақачон кетиб қолган. Бу атайлаб кечиккан”. – Алимардоннинг хаёлига шу ўй келди-ю, тез-тез юриб аёлнинг ёнига борди.

– Олиб берайми?

– Майли… – аёл унга қараб тағин жилмайиб қўйди.

Алимардон ёмғирпўшни илгакдан чиқарди.

– Қани, қўлингизни узатиб юборинг…

Аёл ҳамон ўша табассум билан қўлини орқасига чўзди. Алимардон ёмғирпўшни кийгизди-да, бир лаҳза қўлларини унинг елкасига қўйиб, туриб қолди. Аёл ҳам унинг оғушидан чиқишни хоҳламагандай суяниб турганча тугмаларини қадар, негадир бармоқлари қалтирар эди.

“Барно қиз экан”, деб ўйлади Алимардон унинг елкаси оша чеҳрасига назар ташлаб. Аёл чиндан ҳам барно эди. Жажжигина қабариқ лаблари, попукдай қош-кўзи ниҳоятда ўзига ярашар, чиройли қилиб турмакланган сочининг бир чети пешанасида ярим доира ясаб, орқага қайрилиб кетган эди.

– Кузатиб қўйсам майлими? – сўради Алимардон у билан ёнма-ён эшик томон юриб бораркан. – Бир ўзингиз… Кеч қолиб кетибсиз.

Аёл унга шўх бир назар ташлади-ю, индамади. Алимардон шу боқишданоқ унинг рози эканлигини билди. Икковларининг қадам товуши паркетга урилиб, жимжит шифтлар остида акс-садо бериб турди-да, бора-бора тинди.

Ҳаво очилиб кетган, салқин шамол эсар, шундоққина телевидение минорасининг қир учида пуфакдай тўлин ой осилиб турарди.

– Бирпас туринг, мен… ҳозир… – Алимардон тез-тез юриб, театр биносини айланиб ўтди-да, машинаси турадиган темир панжара ичига кирди. Шоша-пиша чўнтагидан калит олиб, машина эшигини очди. Моторни гуриллатиб, кўз очиб-юмгунча ташқарига чиқди.

Аёл фараларнинг ёрқин нурида кўзини пана қилиб четлашди. Алимардон ўтирган ерида чўзилиб, ўнг тарафдаги эшикни очди.

– Ўтиринг.

Аёл ёмғирпўшини шилдиратиб унинг ёнига ўтирди.

– Сизни қаердадир кўрганга ўхшайман, – деди Алимардон йўлдан кўз узмай бораркан.

– Сиз биздақаларни кўрармидингиз!

Алимардоннинг кўнглидаги умид ишончга айланиб, жилмайиб қўйди.

– Отингиз нима?

– Клара…

Алимардон катта кўчага чиқиб олиш учун машинани чапга бурган эди. Клара сурилиб келиб унга урилди. Шу кўйи қайта нари сурилмади. Алимардон баданига тегиб турган ёш, таранг вужудни сезиб, ҳаяжонланиб кетди, юраги орзиқа бошлади.

Шу топда кўчалар айниқса кезишли бўлган, милиционерлар мотоцикли-ю, сув сепадиган машиналардан бошқа ҳеч нима йўқ, икки қатор чироқлар маржони машина истиқболиги югуриб келарди…

Хадрага етгандан кейингина қаёққа боришини сўраши кераклиги Алимардоннинг эсига келди.

– Қаёққа борасиз, Кларахон? – деди хотиржам оҳангда гапиришга уриниб.

– Чилонзор…

– Йўлимиз бир экан.

– Биламан.

Алимардон унга кўз қири билан қараб қўйди.

– Қаёқдан биласиз?

– Сизни билмаган одам борми? – Машина ичи ғира-шира қоронғи бўлса ҳам Алимардон Кларанинг чиройли кўзларини сузиб қўйганини пайқади.

– Фақат сиз ҳеч кимни билмайсиз… – Клара бир лаҳза жим кетди-да, негадир армонли оҳангда кулди. – Ҳар сафар концертингизга тушаман. Берган гулларимни оласизу қайрилиб ҳам қарамайсиз.

Алимардон бирданига концертда ўзини ўпган аёлни эслади. “Ҳа, шу экан-да…” – У индамай кулиб қўя қолди.

Беш қаватли панелли уйлардан бирининг олдига етганда Клара секингина шипшиди:

– Чапга юрасиз…

Машина парча-парча ой нури сочилиб ётган йўлакдан дарахтлар орасига кириб тўхтади. Бир эшикдан Алимардон, наригисидан Клара тушди.

– Раҳмат, – Клара қўл чўзди.

Алимардон унинг чиройли, дўмбоқ қўлини авайлабгина қисаркан, вужудида тағин енгил титроқ уйғонганини сезди.

– Зинангиз қоронғи экан, – деди у қоп-қора оғзини ланг очиб турган йўлак эшигига қараб. – Чиққани қўрқмайсизми?

– Сизга бари-бир эмасми? – Клара ҳамон унинг қўлини қўйиб юбормас, ойдинда чеҳраси бир оз рангсиз, аммо жозибали кўринарди. Алимардон унинг қўйиб юборгиси келмаётганини тушунди. Боядан бери хаёлида чарх ураётган фикр яна ғимирлади. “Беш кунлик дунёда хотинга хиёнат қилмаган эркак борми?”

Шартта қўлини бўшатиб, асабий ҳаракатлар билан машинани эшигини қулфлади-да, қайтиб келди, уни қўлтиқлади.

– Юринг.

Икковлари қоп-қоронғи цемент зиналардан чиқиб боришаркан, негадир Алимардоннинг кўнглида қўрқувгами, ғашликками ўхшаган туйғу уйғонди.

– Уйингизда ким бор? – деди қоронғида қаттиқ шивирлаб.

Клара пиқ этиб кулди.

– Шунақа қўрқоқмисиз?!

Учинчи қаватдаги эшиклардан бирини очишди. Клара “чиқ” этиб чироқни ёқди. Уй шинамгина, дид билан безатилган эди. Бурчакда, дераза олидда оёқли магнитола турар, қарши томондаги девор тагида диван-каравот қўйилган, бериги бурчакда каттакон шифоньер бор эди.

– Ўтиринг, – Клара ўртадаги стол ёнида турган стулни унинг олдига суриб қўйди. Алимардон ўтирмади. Девордаги ранг-баранг суратларни томоша қила бошлади. Булар журналлардан кесиб олинган расмлар, киноюлдузларнинг суратлари эди. Бирдан у ўртада ўзининг суратини кўриб қолди. Бу ўша – афишаларда чиққан чуст дўппили расми эди.

Алимардон ҳам қуворнч, ҳам завқ билан унга бурилиб қаради. Аммо Клара атайлаб магнитола устида куйманар, ленталарни танлаган киши бўларди. Алимардон яна суратларни томоша қила бошлади. Қуйироқда Кларанинг сурати осилган эди. У қора қош, сочлари жингалак, ёшгина йигитга суяниб турарди.

– Бу… акангизми? – У “Эрингизми?” демоқчи бўлди-ю, атайлаб айтмади.

Клара елкаси оша бепарво қараб қўйди.

– Ҳа… акам…

Алимардон ҳеч қайси сингил акаси билан бунақа туриб суратга тушмаслигини билгани учун мийиғида кулди.

– Яхши акангиз бор экан. Қаерда ҳозир?

– Ўлган… Музика эшитасизми? – Клара унинг жавобини кутмасданоқ магнитолани буради.

Денгиз тўлқинидай тиниқ бир куй янгради. “Штраус… Мовий Дунай вальси”, деб ўйлади Алимардон. Ҳар гал шу куйни эшитса, негадир қуёшнинг туманли нурларига тўлган ўрмон, ундан пастроқда ўзининг тўлқинларини оҳиста судраб оқаётган мовий дарё кўз ўнгига келарди. У ҳозир ҳам кўзларини чирт юмиб, ҳузур қилиб тинглай бошлади.

– ўтиринг, – деди Клара унинг елкасига оҳиста туртиб. – Ҳозир қаҳва қайнатамиз. Ичасизми?

Алимардон ўзи билмаган ҳолда бош силкиб қўя қолди.

…Клара шифоньернинг тошойнаси олдига бориб, ўзини ойнага солди. Алимардон унингг кўзгудаги аксини кўриб турарди.

– Қараманг, – Клара ширин жилмайиб, бармоғи билан пўписа қилди. – Уят бўлади.

Алимардон тентакларча бир эҳтирос вужудини ёндира бошлаганини сезиб, истамай тескари ўгирилди. Лекин ўша ондаёқ зимдан унинг ҳаркатларини кузата бошлади. Клара аёлларга хос чиройли ҳаракат билан сочини орқасига ташлаб юборди. Кейин ўз эри олдида тургандай бемалол ечина бошлади. Алимардон унинг мармардай оппоқ, таранг елкаларини кўрди-ю, беихтиёр ўрнидан турди. Югуриб бориб маҳкам қучоқлаб олди.

– Қочинг! Тегманг! – Клара негадир кўзларини яширар, аммо борган сайин унинг пинжига кириб борарди.

… Шу кеча Клара йиғлади. Ким билсин, балки тўнғич севгисини эслагандир…

Алимардон тонг қоронғисида зулмат зиналардан тушиб кетди. Унинг кўнгли ғаш, баланига аллақандай ифлос бир нарса ёпишиб қолгандай эди.

Машинасига ўтирди-ю, лоқайдлик билан ҳайдаб кетди.

Яна ярим соатдан кейин Алимардон уйда, диван-каравотда чалқанча ётар, Муқаддам унинг тепасида кўзига тикилиб ўтирарди. У ич кўйлак устидан халатини кийиб олган, сочлари паришон, кечаси билан ухламаган бўлса керак, кўзлари қизариб кетган, чеҳраси ҳорғин эди. Алимардон хотинининг оёқларига, халат остидан кўтарилиб турган қорнига, озғин, ҳорғин чеҳрасига қараб ижирғанди. “Оёғи мунча ингичка! Товуқникига ўхшайди. Уйланаётганимда кўзим қаёқда эди!”

У чуқур уф тортиб, тескари бурилди.

– Тўйдамидингиз? – деди Муқаддам ниҳоят уй ичидаги ўлик сукунатни бузиб.

“Қайси тўйни айтяпти? – Алимардон бир лаҳза ўйланиб қолди-ю, бирдан миясига гурсиллаб урилди: “Ҳа-а! Бугун Анварнинг тўйи эди-ку!” – У лабларини қимтиб олди. Бир лаҳза юзлари уятдан ловиллаб кетганини сезди. Лекин шу ондаёқ ўзига тасалли берди. “Нима, ўткизиб қўйибдими менга?! Тўйи менсиз ҳам ўтаверади!”

– Ҳа, тўйда эдим! – деди жеркиб.

* * *

Биринчи қор ёғиши билан Алимардоннинг эски дарди қўзиди. Бронхит тўшакка михлаб қўйди. Аксига олиб, бу йил қиш жуда қаттиқ келди. Қора аёз еру кўкни қаҳрига олиб қақшатар, кечалари даҳшатли совуқдан дарахтларнинг шохи қарсиллатиб синарди. Кейин гупиллатиб қор ёғди.

Муқаддам ой-куни яқинлашиб қолгани учун унинг ҳолидан яхшироқ хабар ололмасди. Охири Алимардон касалхонага тушди. Докторлар вақтинча қўшиқ айтмаслиги, ичмаслиги кераклигини айтишди. Лекин Алимардон соғайиб чиққанидан кейин Гаграга – курортга йўлланма олган жойида айниди: декабрь ойида театр Японияга гастролга бориши керак эди.

У яна ишини бошлаб юборди.

Алимардон ҳамон ойга ўхшар эди. У кун сайин тиниқлашиб, кун сайин ёрқинлашиб, заминдан узоқлашиб борарди-ю, бир насрани билмасди. Ой энг баланд нуқтасига етгандан кейин пастга шўнғишга мажбур бўлишидан бехабар эди.

У ҳамон аввалгидай қошини бир оз чимириб, табассум билан қўшиқ айтар, залнинг олдинги қаторида кўзлари ёниб ўтирган дўндиқ жувонлар ўзини хаёлан қучоқлаётганини билиб турар, деярли ҳар ҳафта Клара билан учрашар, янги-янги жазманларни топар, аммо энди аввалгидек ўзидан-ўзи жирканиб юрмас эди.

Фақат янги куйлар басталаш ҳам, олқишлар ҳам кўнглига сиғмай қолди. “Одамлар борини ҳазм қилиб турсин-чи!” Қизиқ, негадир одамлар ҳам уни аввалгидай олқишламас, шифтни кўчириб юборгудек қасрак чалишмасди.

Алимардон ишга жўнаётганида бугун ўзи учун ҳам энг мудҳиш, ҳам энг қувончли кун бўлишини ўйламаган эди.

У рулга ўтиргиси келмади. Троллейбусдан тушганида оқшом қўнган эди. Майдалаб қор ёғар, театр олдидаги боғча бутунлай кўмилиб кетган, пастак дарахтлар юкининг оғирлигидан нолигандай бош эгиб турарди. Унинг ўпкаси совуқ ҳавога тўлиб, яна нафаси қисди. Бир лаҳза тўхтаб қолди.

Боғ устидаги чироқлар бирин-сирин ёнди. Ҳаммаёқ алланечук гўзал, жозибадор бўлиб кетди. У кўпдан буён ўзи билан ўзи овора, табиатга мана шундай назар солмаган эди. Ҳозир ажиб бир манзарани кўрди. Ҳавода учқунлар кезар, чироқларнинг қалпоғи остидан элак-элак қор қуюлар, жимгина кузатиб турган одамга қор ерга тушаётгандек эмас, ернинг ўзи секин-секин осмони фалакка кўтарилиб кетаётгандек туюларди.

Унинг ёнида қўнғироқдек кулгу садоси янграб кетди. Боғ ичкарсидан тиззагача қор кечган қиз югуриб чиқди. Унинг рўмоли ҳам, пальтоси ҳам қорга бурканган, чироқ нурида қип-қизариб кетган чиройли чеҳраси яшнаб кўринади. Зум ўтмай унинг кетидан бир йигит югуриб чиқди. Йигитнинг ҳам пальтоси, кепкаси қорга бурканган.

Йўлка четида йигит қизни қувиб етди. Қўлидаги юмалоқланган коптокдай қорни баланд кўтариб, қизнинг пешанасига яқин олиб келди.

– Нима қилай, – деди у кулиб. – Қани, нима қилай?

Қиз ҳамон қўнғироқдек кулар, сокин боғ унинг шодон қаҳқаҳаси билан тўлган эди.

– Бўлди, – қиз кула-кула кафти билан юзини тўсди. – Бўлди, Марат ака, тавба қилдим…

Йигит қорни улоқтириб юборди-да, бурилиб қараб, йўлка ўртасида турган Алимардонни кўриб қолди. ғизни оҳиста қўлтиқлаб олди. Уларнинг бир-бирига монанд гавдаси чироқлар нурини кесиб ўтиб қоронғилик қўйнига сингиб кетди.

Алимардон севишганларнинг кетидан узоқ қараб қолди. Шу топда унга алам қиларди: ўзининг ҳеч қачон шундай юрмагани, энди ҳеч қачон юролмаслиги алам қиларди.

У ёлғизоёқ из тушган йўлдан юриб, боғдан чиқди. Театрнинг баланд пештоқида камалакдай нур порлар, чироқ остида яшнаётган афиша ойнаси ичида ўзининг сурати узоқдан яққол кўриниб турарди. Касса олдида одам сийрак эди.

Алимардон тез-тез юриб, орқа эшикдан ичкари кирди. Қоронғи йўлакдан ўтди, учраган ҳамкасбларининг саломига бошини билинар-билинмас қимирлатиб алик олиб, тўғри гримхона эшигини очди. Шошилмасдан кийинди.

Яна чорак соатдан кейин Алимардон Тўраевнинг номи зал устида қанот қоқди. У қарсаклар оғушида торини кўтариб, саҳнага чиқиб келаркан, нимқоронғи залга зимдан назар ташлаб қўйди. Одамлар сийраклигини кўрди-ю, негадир ҳафсаласи қайтди. Шундоқ бўлса ҳам ўша – одамларга таниш табассумни чеҳрасига қалқитиб чиқарди.

Зал устида тор садолари парвоз этди. Кетидан Алимардоннинг майин овози юмшоқ қанот силкиди. У биринчи қўшиқни яхши айтди. Лекин иккинчисининг авжига чиққанида нафаси қисила бошлади. Шунда ҳам қайсарлик билан учинчи ашулани бошлади. У нафаси бўғзига тиқилиб қолаётганини билар, пешанасидан тер қуюлар, аммо қўлида тор бўлгани учун артиб ололмасди.

Бир амллаб қўшиқни тугатди-да, парда орқасига ўтди.

Конференсье қиз энди навбатдаги қўшиқни эълон қилишга чиқиб келаётган эди, жаҳл билан шивир-лади:

– Бошқасига гал беринг!

Қиз ҳайрон бўлиб тўхтаб қолган эди, жеркиб берди:

– Нега анқаясиз? Бошқа одам чиқсин.

Конференсье қиз тушунди шекилли, тез-тез юриб микрофон олдига борди.

– Мутал Қодиров! – деди у баланд овоз билан.

Қорачадан келган, жингалак сочли, озғингина йигит Алимардоннинг олдидан ўтиб саҳнага чиқди.

Алимардон саҳна орқасига ўтиб кетаётган эди, гулдурос қарсакни эшитиб тўхтаб қолди. Одамлар гувиллаб чапак чалиб, ёш хонандани олқишлашарди.

“Иблис!” – Алимардон парда орқасидан секин мўралади. Мутал микрофон олдида туриб томошабинларга енгилгина таъзим қиларди.

“Иблис!” – деди Алимардон яна пичирлаб. У мана шу ёш бола ўзи билан рақобат қила бошлаганидан ғазабланар, унинг Ленинградда консерваторияни битириб келганини, ажойиб овози борлигини, одобли, билимдон артист эканини билар, аламдан қақшар эди.

Алимардон унинг овозини эшитмаслик учун тез-тез юриб, нимқоронғи йўлакка чиқди. Ёнбошидаги хонани тақиллатмасдан кириб борди. Зуфар Ходиевич бошини қуйи солганча стол устидаги аллақандай қоғозларни кавлаштириб ўтирар, уй ичи тамаки тутунига тўлган эди. Зуфар Ходиевич уни кўрди-ю, оғир, каттакон гавдасини аранг кўтаргандай шошиламсдан ўрнидан турди.

– Келинг, азизим! – У Алимардоннинг қўлини ўзининг семиз, юмшоқ кафти орасига олиб қисди. – Бутунлай соғайиб кетдингизми?

Алимардон ўтирмади. Зуфар Ходиевичнинг тилла тишларига тик қараб сўради:

– Японияга қачон кетамиз?

Зуфар Ходиевич хижолат чеккандай бир унга, бир стол устидаги қоғозларга қараганча жимиб қолди.

– Биласизми, – деди анчадан кейин узр сўраган оҳангда. – Бизлар Мутал Қодировни ёзиб қўйган эдик.

“Нима?” – Алимардоннинг кўзига мана шу тор хона зиндондек кўриниб кетди. ўша ёш артистнинг қорача чеҳраси кўз ўнгига келди-ю, аламдан тишларини ғижирлатди.

Зуфар Ходиевичнинг гапларини анчадан кейин эшитди.

– Сиз Болтиқ бўйига бордингиз. Бошқа республикаларда бўлдингиз… Ёшларга ҳам йўл беришимиз керак… – у бир лаҳза ўйланиб турди-да, қўшиб қўйди: – Уч кундан кейин Тожикистонга гуруҳ боради. ўзингиз бош бўласиз.

Алимардон шартта бурилди-да, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.

“Аблаҳ! – у Зуфар Ходиевичнинг юзига айтолмаган гапини пичирлаб ўзича такрорлади. – Аблаҳ! Аллақандай сўтакка алиштириб ўтирибсанми мени! Ҳали шундоқ додингни берайки, Театринг менсиз бир кун ҳам кун кўролмайди!”

Шу кетганича уйга етганида ўзига келди. Дарвоза пештоқидаги чироқ ёқилмаган, деразалар зимистон эди. У қўнғироқ тугмасини узоқ босиб турди. Ичкаридан садо чиқмади.

“Щлиб қолганми бу?” – Алимардон ғазаб билан яна узоқ босди. Ҳамон сукунат ҳукм сурар, қор уйни ҳам, Муқаддамни ҳам, ҳаётнинг ўзини ҳам оғир юки билан босиб қолгандай эди.

Бирдан унинг эсига тушиб қолди. “Калит! Калитни топиш керак!” Муқаддам у ёқ-бу ёққа чиқса, калитни дарвоза пештоқидаги тешикчага қўйиб кетгувчи эди. Алимардон қоронғида тимирскилаб калитнинг темир ҳалқасини топди. Тортиб олди-да, дарвоза ўртасига ўрнатилган эшикни очди. Қор босган йўлакдан ўтиб, айвонга, ундан ётоққа кирди-да, чироқни ёқди. Уй ичи нурга тўлди. Бурчакдаги тошойна, девордаги гиламлар яшнаб кетди. Диван-каравот бўш, Муқаддам йўқ эди.

“Қаёққа даф бўлибди!” – У ўз хонасига ўтди. Чироқ ёқди. Рояль қопқоғи ўстида турган бир варақ оқ қоғозни кўриб қолди, шошилиб борди. Юлиб олди-да, эгри-бугри қилиб ёзилган сўзларни ўқиди:

“Мардон ака, мени еттинчига олиб кетишди”.

Тўсатдан унинг хаёлига яшиндай фикр урилди:

“Еттинчи туғруқхонага кетган!”

У машинани гараждан олиб чиқаркан, пичирлади: “Еттинчи.. Еттинчи… Қаёқда эди?.. Ҳа, Чилонзорда. Чилонзорда!”

Алимардон машинани елдириб кетди. Қор тинган, аммо йўллар кўмилиб кетган, кўчалар сирғанчиқ эди. У туғруқхона эшигига етиб келганида ярим кечадан ошганди.

Алимардон машина эшигини қарсиллатиб ёпиб, ёруғ нур тушиб турган эшик олдига борди. Ойнага ёпиштириб қўйилган рўйхатни шоша-пиша ўқиб чиқди. Тўраева деган фамилия йўқ эди. У шиддат билан эшикни тақиллата бошлади.

Эшик ёнидаги жажжигина дарча очилиб, оқ халат кийиб олган семиз кампирнинг юзи кўринди.

– Нима дейсиз, болам? – деди кампир хаста оҳангда.

– Билиб чиқинг-чи, Тўраева нима бўлди экан…

Кампир Алимардоннинг илтижо билан тикилиб турган кўзларига қараб раҳми келди шекилли, дарчани очиқ қолдириб бурилиб кетди.

Алимардон анча кутди. Совуқ кучайган, атроф жимжит, узоқларда трамвайлар ғийқиллар, туннинг қаҳратон сукунатини бузишга аҳд қилгандай нола чекарди.

Анчадан кейин ичкаридан шип-шип этган қадам товуши эшитилди.

Алимардон тоқат қилолмай дарчадан бошини суқди.

– Ҳа?!

Кампирнинг семиз юзи шодликдан ёришиб кетган эди.

– Ўғил муборак бўлсин, болам! Ўғил! – деди у овози титраб. – Ҳозиргина кўзи ёриди. ўн олтинчи палатада ётибди.

Алимардон титроқ қўлларини чўнтагига солди-да, илашиб чиққан йигирма беш сўмликни кампирга узатди. Кампирнинг гапларини эшитиб ҳам ўтирмай, зиналардан чопиб тушиб кетди.

Машинани ғизиллатиб уйга қайтаркан, юраги нурли бир туйғудан тўлиб-тошган эди.

– Отини Шавкат қўяман, Шавкат! Шавкатли кунларимдан хотира бўлсин! – дерди у пичирлаб.

* * *

Аёл киши бир бева қолганида, бир кўзи ёриганида кўнгли нозик бўлади, дейишади. Бир ҳафтадан буён дадаси билан онаси, гоҳо Лобар туғруқхонага галма-гал келиб-кетишар, аммо Мардон акасидан дарак йўқ эди. Рост, у чақалоқ туғилган куннинг индинига бир марта келиб кетди. Муқаддам дераза олдига келиб ҳовлида турган эри билан билан имо-ишоралар қилиб гаплашди. Алимардон хурсанд кўринарди. Бошидаги кубанкасини ечиб олиб ҳадеб силкитар, жилмаяр эди.

Лекин ўшандан бери дараги йўқ.

Қайси куни онаси эринг Тожикистонга кетибди, деб гап топиб келди. “Нима, бир сафар гастролга бормаса, биров уришармиди? Уйда ҳеч ким бўлмаса? Бу ёқда паҳлавондек ўғил кўрган бўлса?.. Арзимабдими?” – Палатадаги хотинлар Муқаддам Алимардон Тўраевнинг хотини эканлигини билиб қолиб ҳар куни куни суриштиришар, “Ўртоғингиз келса бизларга кўрсатасиз”, деб илтимос қилишар эди.

Муқаддам дераза олдида тик турганча шуларни ўйлар, ўйлаган сайин кўнгли чўкарди.

Ҳовли қий-чув бўлиб кетди. Муқаддам дарпардани суриб мўралади. Неча кунлардан бери бугун қуёш чарақлаб кетган, қор зарралари нурли кукунлардай ярақлаб кўзни олар, дарахт шохларига қўнган учқунлар дув-дув тўкилиб тушарди.

Пишиқ ғиштдан баланд қилиб ўралган девор тагидаги тепаликда болакайлар чана учишарди. Ана, бҳйнини ола-була шарф билан ўраб олган қизалоқ, укаси бўлса керак, беш-олти ёшлардаги болакайни чанага ўтқазди-да, тепаликдан итариб юборди. Чана уч-тўрт қулоч сурилиб пастга тушди-ю, ёнбошига бурилиб ағдарилди. Болакай муккасидан йиқилиб, қорга думалаб кетди. Бир амллаб қордан чиқди-да, опасига ўгирилиб қараб йиғлай бошлади.

Муқаддам унинг дўмбоққина қўллари билан кўзини ишқалашини кўрди-ю, завқланиб кулиб юборди. Юқоридан опаси чопиб тушди. Болакайнинг телпакчасини ечиб, қорини қоқа бошлади. Бирон нарса ваъда қилиб овутди шекилли, укаси ҳали ёши қуримаган кўзларини катта-катта очиб, жилмайиб қўйди.

Мана, яна тўрт йилми, беш йилми ўтиб унинг ўғли ҳам худди шунақа йиқилиб-сурилиб, катта бўлиб қолади. Кейин жажжигина папка кўтариб мактабга боради. Ундан кейин… Муқаддам ширин хаёллар оғушида ҳузур қилиб дераза рахига суянди. Энди адаси ҳам инсофга кириб қолади. Ота бўлди, ахир. Аввалги ўдағайлашларини ташласа ажабмас… Шундай дейди-ку,унга ҳам қийин, ахир. Иши оғир, кўпчиликнинг кўнглини олиш осонми?

…Йўлакдан йиғи товуши эшитилди. Муқаддам чўчиб ўгирилди. У оналоарга хос ички бир сезги билан шунча чақалоқ орасидан ўғлининг овозини – баланд, азамат йиғисини дарров ажратиб оларди.

Димоғига оқ дока тутиб олган ёш ҳамшира қиз чақалоқни кўтариб кирди. Муқаддам унинг қўлидан ўғилчасини олди, меҳр билан бағрига босди. Чақалоқ кўзларини чирт юмиб, жаҳл билан йиғлар, ҳалитдан билиниб қолган қоши чимирилиб кетган эди.

“Худди адасининг ўзи, – ўйлади Муқаддам унга жилмайиб тикиларкан. – Жаҳлини кўрмайсизми бунинг!”

Ҳамшира қиз эмиб бўлган чақалоқни Муқаддамнинг қўлидан олаётганида ийманиб сўради:

– Кийимларингизни олиб келайми?

Муқаддам бугун кетиши кераклигини эрталаб доктордан эшитган эди.

– Майли, – деди хўрсиниб. – Ойимлар келгандирлар…

Унинг хўрлиги келди. Ҳозирги ҳолатини атрофдагилардан яшириш учун тескари қараб кийинди. Бир амаллаб ўзини хушчақчақ кўрсатиб хайрлашди-да, йўлакка чиқди.

Иссиқ адёлга ўралган ўғилчасини кўтариб олганча секин-секин юриб, йўлакдан ўтди. Туғруқхонанинг оғир, ойнабанд эшигини очиб, қор босган цемент зиналарга оёқ қўйди-ю, бирдан қувончдан қичқириб юборди:

– Мардон ака!

Алимардон зангори “Волга”сини кўча томонга буриб қўйганча, машина эшигини ланг очиб ўтирарди. Унинг бир оёғи машина ичида, иккинчиси ерда турар, ёнбоши билан руль чамбарагига суянганча сигарет тутатар эди.

У Муқаддамнинг овозини эшитиб, бурилиб қаради. Бирдан чеҳрасида қувончли табассум чарақлаб кетди. Машинадан сакраб тушиб, қўлларини олдинга чўзганча келди.

– Қаний, қаний! – У болаларча шодлик билан чақалоққа талпинар, ҳадеб жилмаяр эди.

Муқаддам ўғилчасини унинг қўлига тутқазди.

– Худди ўзингиз… – деди биров эшитиб қолиб уят қилишидан чўчиб шивирлаб.

Алимардон чақалоқни беўхшов қучоқлаб олганча, бир қўллаб юзини очди.

Чақалоқ биринчи марта кўраётгани учун қуёшдан кўзларини қамашиб, секин-секин юмиб-очар, қаёққадир жавдираб тикилмоқчи бўлар, Алимардон билан Муқаддам эса қувончдан кулишар, шу топда улар жаҳондаги энг бахтли одамлар эди.

– Қўйинг, – деди Муқаддам чақалоқнинг юзини беркитиб. – Шамоллатиб қўясиз!

* * *

Тақдир деган гапни одамлар ўзини юпатиш учун ўйлаб топган бўлса керак. Бошимизга оғир ташвиш тушса унинг оқибатини кўрамизу сабабини суриштириб ўтирмаймиз. Қисматдан нолиб қўя қоламиз. Кўпдан буён худди шу қисмат измимиздан қувиб юрганини, уни ўзимиз эргаштириб юрганимизни бўйнимизга олишдан қўрқамиз.

Алимардон ҳам ўз тақдирини ўзи эргаштириб юрганидан бехабар эди.

Эрта баҳор кунларидан бирида у концертга бормади: катта магазиннинг мудири қизини узатаётганини айтиб, қўярда-қўймай уни тўйга олиб кетди. Алимардон бу “ўғил бола” йигит билан кўпдан улфат эди. Бир нафас иккиланиб турди-да, рози бўлди: “Бир сафар концертни менсиз ҳам ўтказиб кўришсин-да!”

У эртасига эрта билан репетицияга ҳаммадан илгари етиб борди. Машинасини энди панжара ичига қўйиб чиқаётган эди, ўзига қараб секин-секин юриб келаётган Зуфар Ходиевични кўриб, тўхтаб қолди. Зуфар Ходиевич ёмғирпўшини ечиб елкасига ташлаб олган, бўйнида костюмига монанд жигарранг шарфи осилиб ётар, оғир гавдасини кўтаролмагандек хиёл эгилиб, вазмин-вазмин қадам ташлаб келарди.

“Ҳозир яна дийдиёсини бошлайди”, – деб ўйлади Алимардон ғижиниб. Кеча ўйлаб қўйган баҳонасини, тоби қочиб қолганини айтишга оғиз жуфтлаб турган эди, Зуфар Ходиевич унинг бармоқларини ўзининг юмшоқ кафтлари орасига олиб қисди-да, жилмайиб сўради:

– Машина яхши ишлаяптими?

“Нима демоқчи бу?” – Алимардон ўзининг ҳолатига мос бўлмаган тетик оҳангда кулди.

– Отдек!

– Кетдик бўлмаса! – Зуфар Ходиевич оҳиста юриб келиб, машинанинг орқа эшигини очди-да, ёмғирпўшини ўриндиққа ташлади. – Бир далаларни айланиб келайлик. Ҳавонинг тиниқлигини қаранг! – У кўзларини хиёл қисиб, қуёш чарақлаб ётган осмонга, панжаранинг нариги ёғидаги яккам-дуккам япроқ ёза бошлаган садақайрағочга қараб қўйди.

– Қаёққа борамиз? – деди Алимардон кабина пешанасидаги кафтдек ойнадан кўриниб турган зуфар Ходиевичнинг аксига қараб.

– Захариқдаги қирга чиқсакмикан, – деди Зуфар Ходиевич муштугига сигарет қистираркан.

Алимардон машинани елдириб бораркан, рақибининг биринчи бўлиб мушт туширишини кутиб турган боладек сергакланиб, унинг гап бошлашини кутар эди. Аммо Зуфар Ходиевич шаҳардан чиқишгунча бир оғиз ҳам гапирмади.

Бетон ётқизилган катта кўчага чиқишгандан кейин ўткинчи машиналар сийраклашиб қолди. Алимардон сочини тортқилаётган майин шамолдан роҳат қилиб, ёнбошидаги қия дарчани очиб қўйди.

– Ойнани тушиб қўяверинг, Зуфар ака! – деди орқасига бурилиб қараб.

Зуфар Ходиевич худди шуни кутиб тургандек эшик ойнасини туширди.

– Баҳор яхши-да! – деди атрофига аланглаб. – Бунақа пайтда ҳаммаям ёшлигини эсласа керак…

“Кайфияти жойида-ку”. – Алимардон мамнун жилмайиб қўйди-да, газни босди.

Улар йўлдан беш чақиримча узоқдаги баланд адир устида тўхтадилар. Икковлари баравар сакраб тушишди. Ҳавода эндигина эриб битган қор ҳиди кезар, ҳали селгимаган ердан бош кўтарган майин майсалар олис уфқларгача гилам тўшаб ташлаган, онда-сонда қуёш парчасидай қоқигуллар ярақлаб кўриниб қоларди.

Алимардон кўксини баланд тутганча тўйиб-тўйиб нафас олди. Кўклам қувончи бутун борлиғини ларзага солди-ю, югуриб пастга тушиб кетди. Шу топда унинг кўнгли болаларча шодликка лиммо-лим тўлган, юмшоқ майсалар силкиниб турган ер устидан қанот чиқаргандек учиб борарди. Анча жойга боргандан кейин чарчади. Шундоқ майса устига ўзини ташлади-да, чалқанча ётиб олди. Кўзларини ярим юмганча қуёшга, беғубор осмонга тикилиб узоқ ётди. Атроф жимжит, баланд осмонда муаллақ сузиб юрган якка-ёлғиз бургут ҳам қанот силкимас, бутун коинот туғилиш гашти билан ҳузур қилаётган табиатни сукунат ҳукмига топширгандай эди.

Анчадан кейин у оғир-оғир қадам товушини эшитиб, бурилиб қаради. Зуфар Ходиевич яқин келиб, ёмғирпўшини ерга ташлади-да, ёнбошлади. Чамаси, у чарчаган шекилли, чуқур-чуқур нафас олар эди.

Яна узоқ вақт икковларидан садо чиқмади. Алимардон қайрилиб қарамаса ҳам, Зуфар Ходиевич муштугига сигарет қўндирилганини, гугурт чизганини билиб ётди.

– Тўй яхши, ўтгандир?..

“Бари бир гап очди-я”, деб ўйлади Алимардон вужуди қақшаб. Ҳозирги қувончидан нишон ҳам қолмади. Бошини кўтариб бурилиб қаради. Зуфар Ходиевич ёмғирпўшига тирсагини қўйиб ёнбошлаб ётар, сигаретнинг тутутнига ўйчан тикилиб қолган эди.

Алимардон ўзи ўйлаб қўйган баҳона фойдасиз эканлигини тушунди-ю, ростини айтди:

– Қалин ўртоғим эди, ҳеч қўймади. – У бир нафас жим қолди-да, айбдор оҳангда қўшиб қўйди: – Биламан, Зуфар ака, одамлар концертга мени деб киришади. Кеча келмаганим ёмон бўлди.

– Шунақами?.. – Зуфар Ходиевич ҳамон сигаретдан кўз узмай, негадир кулди. Алимардон бу кулгида ҳар галгидек жаҳл ҳам, заҳарханда оҳанг ҳам йўқлигини сезди. – Йўқ, Алимардрон, одамлар концертга сизнинг ашулаларингизни эшитиш учунгина келмайди. – У Алимардоннинг кўзларига ўйчан тикилиб, яна қайтарди: – Фақат сизни деб келмайди…

Алимардон кейинги пайтларда одамлар ўзини илгаригидай олқишламаётганини эслади-ю, қайсарлик билан қошини чимирди.

– Бўлса бордир, концерт менсиз ҳам ўтдими ахир? Зуфар Ходиевич унинг киноясини пайқамагандек хотирдам ўтирар, унинг кўзларида Алимардон ҳали ҳеч кўрмаган бир туйғу – ачиниш тўла туйғу бор эди.

– Театрда ўттиз йилдан бери ишлайман, – деди у ҳамон ўша сокинлик билан. – Истеъдодини қурбон қилган кўп санъаткорларни кўрдим. Сиз ҳам шундай бўлманг, дейман-да…

Алимардон ҳали ҳеч кимдан эшитмаган, аммо юрагининг бир бурчи билан сезиб юрган ҳақиқатни бирдан ҳис қилди-ю, шиддат билан қаддини ростлаб ўтириб олди. Зуфар Ходиевич сигарет қолдиғини улоқтириб ташлади. Муштугини шимининг чўнтагига солиб, Алимардонга қараб қўйди.

– ўзингиз айтинг, бир йилдан буён лоақал битта янги қўшиқ айтдингизми? Томошаларингизда одамлар нима учун кун сайин камайиб бораётганини ўйлаб кўрдингизми?

Йўқ, Алимардон буларни ўйламаган эди. Аммо ғира-шира тушунарди. Шундай пайтларда ҳар доим ўзини битта нарса билан юпатарди. Ҳозир ҳам шуни айтди:

– Менга ҳақиқий томошабин керак. Санъатни тушунадиган томошабинлар керак.

Зуфар Ходиевич яна кулди. Аммо бу кулги аламли бир нидога ўхшар эди.

– Энг баланд карсак чаладиган, полни тепкилаб олқишлайдиган, гул тутадиган томошабинларми?

– Балки шунақадир, – деди Алимардон хотиржам гапиришга уриниб.

– Худди шунақа, энг қаттиқ қарсак чаладиган томошабинлар сизни энг аввал унутади. Ҳақиқий томошабинлар ҳақиқий санъатни олқишлайди.

“Бўлмаса меники қанақа санъат экан? Бўлмаса нима қилиб театр мени боғлаб олган?” – деб ўйлади Алимардон ғижиниб. Лекин ўзини босиб олди-ю, кулди:

– Мутал Қодировнинг санъатиними?!

Зуфар Ходиевич ўрнидан турди-да, увушган оёқларини уқалай-уқалай яна сигарет тутатди.

– Сизнинг санъатингиз ҳам яхши санъат эди. Ажойиб эди! ўзингиз уни тарбиялай олмадингиз. Айниб кетдингиз. Қўшиқларингизнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайдиган бўлиб қолди. – У бирдан гапидан тўхтади-да, шиддат билан Алимардоннинг устига эгилди. – Сиз истеъдодингизни чакана пуллайдиган бўлиб қолдингиз. Енгил-елпи мақтовлар овозингизни бўғиб қўйди.

Алимардон ижирғаниб юзини ўгирди.

– Бўлмаса нима қилиб ушлаб турибсиз мени? Нимага?

– Кечаги қилиғингиз учун сизни аллақачон ҳайдаш керак эди. Мен ачинганимдан гапиряпман. Раҳбар сифатида эмас, дўст сифатида айтаяпман…

– Раҳмат, – деди Алимардон ўрнидан тураркан. – Мен ҳеч кимнинг шафқатига зор эмасман…

У йўл-йўлакай бир оғиз ҳам гапирмади. Уйга қайтди-ю, тўппа-тўғри иш кабинетига кириб кетди. “Чучварани хом санабсан! – деб ўйлади у Зуфар Ходиевичнинг гапларидан бўғилиб. – Ҳали шунақа қўшиқлар ёзайки, ўзинг ҳам, ўша эркатойинг Мутал ҳам ёқа ушлаб қолларинг… Шундоқ ашулалар айтайки, залларингни томи кўчиб кетсин!”

У шу куниёқ янги куй топишга киришди. Ажаб, ҳарчанд уринса ҳам кўнглида на бир нурли туйғу, на илҳомбахш оҳанг топилмади. Охири чарчади. “Боши кесилган товуқдай питирлаб, нима қиламан, – деб юпатди у ўзини-ўзи. – Шунча қўшиқлар ҳам етади. Аввал борини ҳазм қилиб туришсин… – Диванга ёнбошлади-да, хотиржам жилмайиб қўйди. Шу топда ҳамма нарса бари бир эди унга.

* * *

Шавкатжон талпинчоқ бўлиб қолди. У уй бурчагидаги беланчакда майкачан ётар, ҳадеб қийиқриб кулар эди.

Алимардон бармоғи билан унинг жажжи қорнини қитиқлар, Шавкат дўмбоқ оёқ-қўлларини баравар силкитиб илжаяр, ҳали тиши чиқмаган оғзини очиб қийқирганча дадасига талпинарди.

– Муқад! Қара, қарагин! Оёғини велосипед қиляпти! – Алимардон деворга осиқли гиламни тозалаётган хотинига қичқирди. – Кўрсанг-чи, бунингни!

Муқаддам қўлидаги ҳўл латтани ташлаб яқин келди. Шавкат онасини таниди: янаям қаттиқроқ қийқириб қўлчаларини силкита бошлади.

– Вой сен-эй! – Алимардон яна бармоғи билан унинг қорнини қитиқлади. – Кулишини қара, кулишини!

– Қўйинг! – Муқаддам унинг қўлини суриб ташлади. – Болани қийнаманг!

Икковлари бир-бирларига қараб жилмайиб қўйишди.

Эшик қўнғироғи жиринглади. Муқаддам йўлакка югурди. Оёғига дуч келган калишни илиб, ҳовлига тушди. Ерлар селгиб қолган, аммо ҳали ҳавода эриган қор иси гуркирарди. У цементланган йўлакдан ҳалқоб сувларни босиб ўтиб, дарвоза эшигини очди.

– Вой, Лобар!

У қувончдан чеҳраси яшнаб кетган дугонасини қучоқлаб олди. Лобар ёмғирпўш кийиб олган, бошидаги ҳиндий рўмоли чарақлаган қуёш нурида ярқиллаб турарди.

Муқаддам унинг дўмбоқ қўлидан ушлаб ичкарига судради.

– Йўқ, кирмайман… Эринг бўлса кирмайман. – Лобар қайсарлик қилиб эшик олдида туриб олди. Унинг оқ сариқ юзи қизариб кетган эди.

– Эсинг борми, юрсанг-чи!

Лобар яна қўлини тортиб олди. Туфлисининг учи билан ҳали қуриб улгурмаган ерни чиза бошлади.

–Тўйга борасанми? – Унинг чеҳраси яна ҳам қизариб кетди.

– Вой, ростданми? – Муқаддам уни маҳкам қучоқлаб, у юзидан-бу юзидан ўпиб олди. – ўша… Жаҳонгиргами?

Лобар қувончини яширолмади шекилли, уялган бўлди.

– Ҳа… – деди секин бош силкиб.

* * *

Келинлар тушган автобус Ойнатоғ қишлоғига кунботар чоғи келиб тўхтади. Ёнбош томондаги тик кўтарилиб турган сип-силлиқ чўққи ботаётган қуёш нурида тарғил аланга бўлиб ёнар, бутун қишлоқ унинг шафағида ололвланиб кўринарди. Алланечук афсонавий, ҳазин бир манзара ҳали куртак ёзмаган дов-дарахтларга ҳам, пастак уйлар устига ҳам оловли соя ташлаб турарди.

“Ойнатоғ деганча бор экан!” – Муқаддам автобус деразасидан мўралаб, атрофни томоша қила бошлади.

Қишлоқ кичкинагина эди. Ярмигача тошдан девор урилган лой томли уйлар, эчки қийлари сочилиб ётган шағал, эгри-бугри кўчалар, катта-катта чинорлар ҳазин, ўйчан туйғулар уйғотарди унда. Қаердадир сой шовуллар, тоғ унгурларида ҳали қор эримаган бўлса керак, тезак иси аралаш совуқ шабада эсиб турарди.

Муқаддам кўпдан буён – бир вақтлар ўқувчилик пайтида синфдошлари билан саёҳатга чиққанидан бери тоғни кўрмаган, шунинг учунми, бу ернинг ранг-баранг манзараси унга қувонч бахш этарди. Аллақаерда радио карнайи шанғиллайди, сигирлар маърайди, қишлоқ аҳли оқшом тараддудида елиб-югуради.

Кўча ичкарисида сурнай товуши эшитилди. Муқаддам ёнида ўтирган Лобар ўзининг қўлини маҳкам ушлаб олганини сезиб, бурилиб қаради. У оппоқ рўмолга бурканиб, энгашиб олган эди.

– Куёвлар келишяпти, – деди Муқаддам рўмол устидан унинг қулоғига шивирлаб.

Лобар унинг қўлини тағин ҳам маҳкамроқ қисди.

– Қўрқаяпман.

Улар бошқа гаплаша олишмади. Гулдаста кўтарган йигитлар автобусни ўраб олишди. Пастдан ҳаяжонли қаттиқ-қаттиқ товушлар эшитилди.

– Келин тушмайдими?

– Олиб тушсанг-чи, Жаҳонгир!

Олд томондаги эшикдан каттакон гулдаста кўтариб куёв чиқди. У жингалак сарғиш сочи устидан чуст дўппи кийиб олган, кўкиш кўзларида ўт чақнаб жилмаяр эди.

Лобарни бир қўлидан куёв, иккинчисидан Муқаддам ушлаб, пастга олиб тушишди. Тор кўча одамлар билан тўлиб кетган, оёқ остини кўриб бўлмас, ҳали қуримаган силлиқ тошлар устидан сирғаниб-сирғаниб боришарди. Икки томондаги пастак деворлар ортидан хотин-халаж мўралашар, бақириб-чақириб келинни кўрсатишар эди.

Муқаддам бир қўлида Шавкатни кўтариб олгани учун қийналар, аммо Лобарнинг билагидан маҳкам тутиб борарди.

– Эҳтиёт бўл, қоқилма! – дерди у ҳадеб бир гапни такрорлаб.

Кичкина эшикдан кириб боришганида йигитлар қий-чув кўтариб “Тўйлар муборак”ни айтишди. Аллаким сочқи сочди. Кейин сурнай эзиб-эзиб нола чекди.

Бунақа пайтда ҳар бир жувон ўзининг келинлик дамини эслайди. Муқаддам ҳам ўзининг илк ёр-ёр билан Алимардон акасиникига кириб борганини эслади-ю, ҳаяжонланиб кетди.

Ҳовли ўртасида ловиллаб ёниб турган гулхан ёнидан ўтиб тўрга чиқишди. Ҳамма чапак чалиб, келин-куёвни олқишлади.

Муқаддам стол олдига ўтирганидан кейингина атрофга разм солди. Каттакон ҳовлининг тўрт чеккасидаги столларга меҳмонлар тизилишди. Ҳаво салқин, этак томондан – шовуллаётган сойдан совуқ шамол эсади. У шамоллаб қолишидан чўчиб, Шавкатни бағрига босди.

Тўй қизиб кетганида Шавкат ухлаб қолган эди. Муқаддам уни ҳамон бағрига босиб ўтирар, ора-чора Лобарни овқат ейишга қистаб қўярди.

Тоғ устида йирик-йирик юлдузлар ёнди. Қоп-қора тиниқ осмонда улар гавҳар доналардай яшнаб кўринади, жуда паст тушиб қолганга ўхшайди. Негадир Муқаддамнинг кўнгли хижил бўла бошлади. У уйига кетгиси келарди.

Келин тарафдан келган қиз-жувонлар ўртасида шивир-шивир гап юриб қолди.

– Автобус кетаётганмиш…

Муқаддам Лобарни билагидан оҳиста тутиб, секингина шипшиди:

– Мен ҳам кетаман.

– Ётиб қоламан, демаганмидинг? – Лобарнинг астойдил хафа бўлгани овозидан билиниб турарди.

Муқаддам чиндан ҳам Мардон акасига “Бугун қайтмайман” деган, ҳозир ҳам беқарорлик қилиб, Лобарни ташлаб кетгиси келмас, аммо қўлида ухлаб қолган Шавктани ўйлабми, кўнглида тушуниб бўлмас бир ғашлик уйғонгани учунми, фикридан қайтган эди.

– Йўқ, кетмасам бўлмайди.

У секин сирғалиб чиқди-ю, ташқарига йўл олган хотинларга эргашди.

Чорак соатлардан кейин автобус чироқлари пасту баланд тоғ йўлларини авайлаб пайпаслаганча юриб кетди.

* * *

Муқаддам ўз дарвозаси олдига етиб келганида тун ярмидан оғган, ой аллақачон ботиб кетган эди. Деразалари ҳам, дарвозада ҳам чироқ кўринмасди.

– Аданг ишдан келмабдилар, – деди Муқаддам худди тушунадигандай Шавкатга қараб. У йўлда уйғонган, аммо ғингшимай жимгина келаётганди.

Муқаддам дарвоза пештоқидаги тешикчага чўзилиб қўл суқди. Калит йўқ эди.

“Ташлаб кетмабдилар-да, – деди у пичирлаб. – Вой, эсим қурсин, ўзимда ҳам бор-ку”. У кетаётганида калитнинг биттасини ташлаб кетганини, иккинчисини ёмғирпўшининг чўнтагига солиб олганини эслади.

Ҳаво очиқ бўлгани учунми, салқин шамол эсиб турарди. Муқаддам боланинг шамоллаб қолишидан чўчиб, шоша-пиша эшикни очди. ўиштин зиналардан айвонга чиқди. Чироқни ёқди.

Худди шу пайт ётоқхона ичида чироқ ёнгани эшик ойнасидан кўринди. Ичкаридан калит шиқирлаб, эшик ланг очилиб кетди.

Муқаддам қўрққанидан бирдан орқага чекинди. Болани ташлаб юборай деди. Эшик олдида ич кийимдаги Алимардоннинг гавдаси кўринди.

– Одамнинг юрагини ёриб юборай дедингиз! – Муқаддам эркалаш оҳангига тўлган овоз билан Алимардонни койиди. Кейин жилмайиб Шавкатни баланд кўтарди. – Мана, бизлар келдик…

У Алимардоннинг чеҳрасига қаради-ю, қўрқиб кетди. Эрининг турқи шу топда даҳшатли бўлиб кетганди. Унинг ранги қув ўчган, негадир титрар, кўзларининнг қорачиғи кичрайиб, дум-думалоқ бўлиб қолганди. Ниҳоят, унинг тили калимага келди:

– Муқад…

Муқаддам ҳайрон бўлиб, ичкарига мўралади. Аввалига ҳеч нима тушунмади. Диван-каравот устида қўрқувдан шумшайиб ўтирган ярим-яланғоч хотинни кўрди-ю, бирдан ҳаммасига тушунди.

– А-а-а! – деб қичқириб юборганча, даҳшат ичида орқасига чекинди. Айвоннинг бурчак-бурчаклари, жимжит ҳовли изтиробли чинқириқдан ларзага келди.

– А-а-а!!

Шавкат қўрқиб кетиб, чириллаб йиғлай бошлади. Муқаддам уни бағрига босганча ҳовлига отилди…

… Алимардон турган ерида ҳайкалдай қотиб қолган, ҳозир нимадир қилиш кераклигини, қандайдир муҳим, жуда муҳим бир иш қилиш зарурлигини билар, аммо ўйлаб топа олмасди. Ҳа, топди! Шавкатни олиб қолиши керак!

У ўзи қилиб юрган ишлари учун қачондир жавоб беришга мажбур бўлишини олдиндан билар, аммо бу кун худди шу бугун етиб келишини билмаган эди. “Келмайман деб кетган одам қайтиб келишини ким билибди?” Бир лаҳзада унинг хаёлидан бир кечалик ҳузур учун Кларани уйига олиб келиб, кечирилмас хато қилиб қўйгани, энди ҳаммаси тамом бўлгани чақмоқдай ярақлаб ўтди. Бу хато бошқа бир фожиани бошлаб келишини, Муқаддам уни ҳеч қачон кечирмаслиги энди аниқ тушунди. Охирида энг катта фожиани ҳам тушунди. Йўқ, у ўғлини – ўзи учун шу қадар яқин бўлиб қолган, юрагининг бир парчасига айланган Шавкатни энди ҳеч қачон кўролмаслигини ўйлади-ю, зинадан яланг оёқ пастга отилди. Йўқ, ялиниб-ёлвориб бўлса ҳам тўхтатиб қолиш керак!

Алимардон зах ерда сакраб-сакраб Муқаддамнинг кетидан югурди. Дарвоза тагида етиб олди.

– Муқад… – деди ҳаллослаб.

Муқаддам кескин ўгирилиб қаради. У энтикиб нафас олар, қоронғида ўт бўлиб ёниб турган кўзлари чарақлар эди.

– Муқад… – деди Алимардон қўл чўзиб. – Мен…

– Қоч, виждонсиз! Йўқол, ифлос! Ювуқсиз! – деди Муқаддам чинқириб. Бирдан қўлидан Шавкат сирғалиб тушиб кетаётганини сезиб, кўтариб маҳкам бағрига босди.

Эшикдан отилиб чопиб чиқиб кетди. У йиғлагиси келар, аммо йиғлай олмас, туртиниб-туртиниб чопиб борар, бола чириллаб йиғларди. Бир ерга борганда оёғи тойиб кетди. Аммо Шавкатни қўйиб юбормади. Чўккалаб олганича болани маҳкамроқ бағрига босди. Беихтиёр орқасига қаради. Катта кон уй ваҳима ичида қорайиб кўринар, битта, фақат битта деразадан ифлос нур тўкилиб турарди.

Шундагина у Шавкатнинг бошига юзини босганча ўксиб-ўксиб йиғлаб юборди. Ҳа, у сезар эди. Эрининг саёқлигини, ўзига хиёнат қилаётганини сезарди. Аммо бу хаёлдан даҳшатга тушиб, ўзини алдар, уни пок деб ўйлашга мажбур этарди.

Бир вақтлар мана шу уйга ёр-ёр билан кириб келганини ҳалигина орзиқиб эсламаганмиди!

Ҳа, бу ювуқсиз бошидан уни бахтиқаро қилган эди. Охирида ҳам бахтсиз қилди! Шунча йиллардан бери бир сўзини икки қилмай ҳукмига бўйсуниб келганида, вақти келиб аллақандай хотинлар билан тўшагини ҳаром қилишини билганида эди!

Мунчалар шўр бўлмаса бу пешонаси!

У ҳамон ҳиқиллаб-ҳиқиллаб борар, қаёққа кетаётганини ўзи билмас, уйига қайтай деса, баджаҳл отасининг ғазабидан қўрқар, осмони фалакда осилиб турган юлдузлар совуқ кўз ёш тўкиб юм-юм йиғлар, фақат Шавкат овуниб қолган эди. У онасига нима бўлганини тушунмоқчидай қоронғида кўзларини жавдиратиб борарди.

* * *

Қуёш бахтидан энтикканларга ҳам, ғамидан бағри қон бўлганларга ҳам баравар нур сочаверар экан. Уч ҳафтадан буён Муқаддамларнинг ғам юкини кўтаролмай жимжит бўлиб қолган кафтдек ҳовлисида баҳор гуруллайди. Тип-тиниқ, чуқур осмонда тоғ-тоғ булутларни кўчириб юрган кўклам сабоси эл қатори бу ҳовлига ҳам илиқ томчилар пуркаб ўтди. Ҳовлидаги бир туп ўрик шохларида қинидан чиққан довуччалар мўралади. Бурчакдаги ошхона томида чучмомалар очилди. Ҳовузча олдида Муқаддам қизлигида дадасига жанжал қилиб эктирган бир тахта ўсма яна жонланиб қолди. Мана шу ўсмалар суви бир вақтлар унинг қундуз қошида яшнаган эди.

Энди-чи? У ўсмани нима қилсин? Кимга? Нимага? Ким учун қўяди?

Муқаддам афсус билан хўрсиниб қўйди. У Шавкатнинг яктакчаларини ювиб ўтирар, илиққина офтоб елкаларини қизитар, жомашовдаги оппоқ кўпик сачраб-сачраб кетарди.

Муқаддам ҳеч нимани ўйлагиси келмас, аммо ғамгин хаёллар юрагини ғижимларди.

Чиққан қиз чийириқдан ташқари, дейдилар. У қайтиб келган кунидан бошлаб Анзират холанинг бошига тоғдай ғам тушди. Она ҳар куни уни койийвериб чарчади. Муқаддам бўлган гапларнинг ҳаммасини айтиб берди. Энди ҳеч қачон қайтиб бормаслигини ҳам айтди. Рост-да, нимага борсин? Қайси қилган яхшиликларига? Тўйдан кейин уч-тўрт ой ўйнаб-кулгани бўлмаса…

Энди ўйлаб қараса, Алимардон уни қилча ҳам қадрламаган экан. Нима қилса ўзи учун қиларкан. Муқаддам унга бир оқсоч бўлиб қолган экан.

Йўқ, ҳечам қайтиб бормайди. Елкасининг чуқури кўрсин ўша уйни!

Муқаддамларнинг хонадони ўша кундан бошлаб яна бир қўрқинчли воқеани кутиб яшарди. Отаси бир ойча илгари Бойсунга – узоқ бир қариндошлариникига кетган, уйдаги гапдан бехабар эди. Она-бола эрта-индин қайтиши керак бўлган отани юрак ҳовучлаб кутишарди…

Ичкаридан бола йиғиси эшитилди. Муқаддам шоша-пиша қўлининг кўпигини бир чеккада ётган сочиққа артиб югурди. Ойнабанд айвонинг эшигини шарақлатиб очиб кирди.

Анзират хола икки букилганча Шавкатни беланчакдан олмоқчи бўлар, дока рўмоли сирғалиб елкасига тушиб қолган, оппоқ сочлари тўзғиб кетганди. У овозини баралла қўйиб Алимардонни қарғарди.

– Худоё йигит ўлсин. Йигитгина ўлмаса рози эмасман. Боланинг кўз ёши кўр қилмаса, рози эмасман!

Муқаддам йиғлаётган Шавкатни онасининг қўлидан олди-да, бағрига босди.

– Унгаям боққан бало бордир, йигитгина ўлгур! – Анзират хола боланинг ҳўл таглик кўрпачасини алмаштирди-ю, Муқаддамга зарда билан қараб қўйди. Муқаддам онасининг толиққан чеҳрасига, касалмандликдан милклари шишиб кетган кўзларига, оппоқ сочларига қараб туриб, раҳми келди. Шунча йиллар азоб чекиб, ўзини катта қилгани етмасмиди? Кексайганида, энди роҳат кўраман деганида, кўргани шу бўлдими!

– Қўйинг, – деди бир онасига, бир ўғлига қараб секингина, – қарғаманг. Нима фойдаси бор…

– Тағин қарғаманг дейди-я! Ҳали отанг келса, кўрасан томошани! – Анзират хола жаҳл билан бурилиб ташқарига чиқиб кетди. Ҳовли томондан унинг оҳ чеккани эшитилди. – Эй, фалак!

Муқаддам онасининг биригна шу ноласидан умр бўйи кўрган машаққатларининг бутун даҳшатини сезиб, юраги зирқираб кетди. ўзи ҳам билинтирмай уф тортиб қўйди. Кўкракка талпинган Шавкатининг қўнғир сочларини силади. У жимгина, тўйиб-тўйиб эмар, кўзларини сузиб турар, аммо қошлари чимирилиб кетган эди. “Худди ўшанинг ўзи! – Муқаддам беихтиёр жилмайди. – Қош-кўзи ҳам, ўжарлиги ҳам…” – У энгашиб ўғлининг юзидан авайлабгина ўпди.

* * *

Муқаддам Шавкат уйғонмасдан ишларини битириб олиш учун елиб-югурар эди. Анзират хола юраги қон бўлиб кетганини айтиб, эрта билан қўшниникига чиқиб кетди. Муқаддам идиш-товоқларни ювди, ҳовли супурди. ўсма олдида тўпланган ахлатларни пақирга солаётганида тўсатдан эшик тақиллаб қолди. Муқаддам таниди. Таниди-ю, қўлидан супурги тушиб кетди. “ўша! – Муқаддам унинг эшик қоқишини яхши билади. – ўша!”

У овоз чиқаришдан чўчигандек бир лаҳза нафасини ютиб, туриб қолди.

Эшик яна тақиллади.

Муқаддам оёқларидан мадор кетиб, қалтираб бораётганини сезар, ўзини босиб олишга уринар эди. Ниҳоят, у секин-секин бориб, занжирни туширди. Алимардонни кўрди-ю, бегона эркак қаршисида тургандек бармоқлари билан кўйлагининг ёқасини ғижимлаб, кўкрагини яширди.

Алимардоннинг кўзлари бир оз чўккан, аммо тик қараб турар, Муқаддамнинг кўнглидагини билиб олмоқчига ўхшарди. Ниҳоят, Муқаддам унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Алимардон эшик кесакисини ушлаб олган, кўк костюмининг енгидан чиқиб турган олтин соати ярақларди. Бу соатни яқинда икковлари биргалашиб олишган, Муқаддам ўз қўли билан унинг билагига солганди.

– Мана, мен келдим, Муқад…

У бу сўзларни шундай майин айтдики, Муқаддам унинг ҳеч қачон бундай мулойим, ялинчоқ оҳангда гапирганини эшитмаган эди. Йўқ, эшитганди, бир вақтлар, келин бўлмасидан илгари…

Муқаддам яна кўз ўнги хиралашиб кетаётганини, бир оғиз гапирса овози титраб кетишини билиб индамади. Яна унинг қўлларига, бармоқларининг устини майин тук қоплаган қўлларига қаради. Қачондир бу қўллар унинг сочларини силаган. Майин-майин силаган. Силаб туриб бахтига чанг солган… Бу қўллар ўша хотиннинг ҳам сочларини силаган-да. ўша хотиннинг ҳам елкаларини сийпалаган-да…

Муқаддам ғазабдан бўғилиб пичирлади:

– Нега келдингиз? Нима керак сизга?!

Алимардон Муқаддамга таниш, ўша маъноли оҳангда кулди.

– Бўл энди, Муқад…

Муқаддам аламдан лабларини тишлаб, деворга суяниб қолди.

“Бўл энди…” – У келинчак пайтида эрининг худди шу сўзларини, худди шу оҳангда кулиб айтганини ҳар кеча эшитарди. Ким билсин, яна кимлар эшитмади экан бу сўзларни…

Унинг вужудини бирдан ғазаб ёндирди-ю, нафрат билан пичирлади:

– Кетинг!

Шу топда у Алимардоннинг ялинишини, ёлворишини истар, ўша уйга бари бир қайтиб бормаслигини билиб турса ҳам, шунча изтироблари ҳақи уни тиз чўктиришни, қасос олишни хоҳларди.

Аммо Алимардон ялинмади. Унинг кўзларига хотиржам тикилиб турди-да, секин таъкидлади:

– Бола бор, эсингни йиғ…

Муқаддам ғазаб ичида қўллари қалтираб, эшикни қарсиллатиб ёпди-да, занжирлаб олди. Нима қилаётганини ўзи ҳам тушунмай, уйга отилиб кирди. Ухлаб ётган Шавкатни даст кўтарди-ю, биров тортиб олиб қўяётгандек маҳкам бағрига босди.

* * *

Шавкат туғилганидан бери Муқаддам уйқуси қуш уйқусидек зийрак бўлиб қолган эди. Ҳозир ҳам у энди кўзи илинганида кимдир шип-шип юриб ёнига келганини сезди-ю, уйғониб кетди. Бошида онаси энгашиб турарди. Уй ичи қоронғи бўлса ҳам у онасининг чеҳрасидаги хавотирни пайқади. Кўйлагининг кўкрак тугмаларини қадаркан, онасига тикилиб сўради:

– Нима бўлди, ойи?

Анзират хола жавоб бермади. Ташқарида шамол гувиллаб, деразанинг очиқ қолган бир тавақаси ғийқиллар, уй ичидаги сукунатни чуқурлаштиришга қасд қилгандай ҳорғин инграр эди.

Муқаддам Шавкатни уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёт билан ўрнидан турди.

– Нима бўлди? – деди тағин шивирлаб.

Она Муқаддамга гўдакликдан таниш бўлиб қолган хавотирли овозда пичирлади:

– Даданг келди… – Унинг юраги орқасига тортиб кетди, қўрқа-писа айвон томонга қараб қўйди. – Кўчадан эшитиб уйингга борибди. Эринг билан гаплашибди. Авзойи ёмон…

Муқаддам турган ерида қотиб қолди. Бир вақтлар қизалоқлик пайтида гуноҳ қилиб қўйса, дадаси уни аёвсиз калтаклар, ўшанда онаси худди ҳозиргидек титраб-қақшарди. Муқаддамнинг вужудини енгил бир титроқ силкитиб юборди. У дадасининг қаҳри қаттиқ эканини, “ғизинг эридан чиқиб келди”, деган иснодни кўтара олмаслигини билар эди. У дадасининг кўнглида борини билиб олмоқчидай айвон томонга қараб қўйди. Қия очиқ эшикдан уй ичидаги гиламга нур тўкилиб турар, аммо дадаси кўринмасди. Ташқарида ҳамон шамол гувиллайди, ўрик шохлари аянчли инграб, бир-бирига қарсиллаб урилади, битта-яримта ёмғир томчилаётганган бўлса керак, дераза ойналари чирсиллайди.

Муқаддам яна бир нафас иккиланиб турди-да, секин-секин бориб, эшикни очди. Тўрда, гулдор қоғоз ёпиштирилган девор тагидаги кўрпачада ўтирган отасига салом берди. Лекин овозини ўзи ҳам аранг эшитди. Дадаси ўсиқ қошлари остидан унга бир қараб қўйди-ю, алик олмади. Унинг озғин, серажин юзида қон қолмаган, ияги титраганидан қоп-қора соқолининг учи билинар-билинмас силкиниб турар, кўкимтир томирлари бўртиб кетган қўлини мушт қилиб олганча хонтахтага тираб ўтирарди.

Муқаддам отасидан кўз узмай, оёқ учида юриб келиб пойгоҳга чўккалади. Онаси ҳам шарпадай силжиб келди-ю, эридан кўз узмай икковларининг ўртасига ўтирди.

Ота ҳамон индамас, хонтахтанинг юпқаланиб кетган қиррасига тикилганча ўтирарди. Муқаддам мана шу даҳшатли сукунатнинг тезроқ тамом бўлишини кутар, нима бўлса ҳам отаси тезроқ гапиришини хоҳлар, ҳозир портлаш рўй беришини билиб азобланарди. Онаси гапир, аҳволини сўра, дегандай Муқаддамга имлаб қўйди. Аммо Муқаддам ҳозир отасининг аҳволини сўраса, баттар ловиллаб кетишини биларди. Шунинг учун индамай ўтираверди.

Ниҳоят, отаси унга қошини чимириб қараб қўйди.

– Эринг билан нега уришдинг?

Муқаддам дадасининг атайлаб юмшоқ гапирганини тушунди. Лекин жавоб бермади.

Онаси қўрқув ичида гоҳ қизига, гоҳ эрига қараб шошилиб гапирди:

– Сув бир лойқаланамсдан тинмайди… Эртага ўзингиз обориб қўясиз, бинойидай бўлиб кетади. – У Муқаддамга қараб хўп де, дегандай имлади.

Муқаддам бунақа гаплардан фойда чиқмаслигини билиб, паст, аммо қатъият тўла оҳангда юрагида борини айтди:

– Йўқ, ойи, мен қайтиб бормайман!

Она бечора олазарак бўлиб қолганини сезди-ю, яна қайтарди:

– Бекорга овора бўлманглар…

Отаси хонтахтага янаям пастроқ мункайиб, кўзларини тағин бир нуқтага тикиб тураверди.

Орага яна ўша таранг сукунат чўкди. Ташқаридаги шамол кучайиб кетди. Энди шамол муттасил ғувиллар, ўрик шохларининг ваҳимали вишиллаши аниқ эшитилиб турар, бўғотнинг аллақаери қирсиллар, шифтдаги лампокча секин-секин лопиллаб дадасининг соясини хонтахта устида у ёқ- бу ёққа силкитарди.

– Эринг билан гаплашдим. – Дадасининг овози сукунатда жаранглаб эшитилди. У ўзини босиб олди шекилли, анчадан кейин босиқ овозда қўшиб қўйди: – Қилмишидан пушаймон бўлиб ўтирибди. Ялиниб борсам, ўзи келмади, деяпти.

Ўзининг тўшагида ётган ўша жувон Муқаддамнинг кўз олдига келди-ю, ҳали эскирмаган, ҳеч эскирмайдиган алами яна ловиллаб кетди. “ғилғиликни қилиб қўйиб нега ялинади?!” – Бояги қўрқув аллақаёққа йўқолиб, ўрнини чидаб бўлмас нафрат эгаллади.

У индамай юзини ўгирди.

Яна онаси ўртага тушди.

– Урмаган, сўкмаган эр борми, болам? Битта болангни тирик етим қиласанми,

Муқаддам яхшилик учун ёлғон гапирган онасига маъносизгина қараб қўйди-ю, индамай ўтираверди.

– Авлодимизда эридан чиқиш одати йўқ, – деди отаси бўғиқ оҳангда. – Бутун маҳаллага ҳалитдан гап тарқалиб кетибди… Қайсарлик қилма, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолсин. Бошқа илож йўқ.

Муқаддам киноя билан кулиб қўйди. Бошқа илож йўқ эмиш?.. Нима, биров ундан ўтганини билармиди?

Онаси ота-болани муросага келтириш, Муқаддамнинг шахтини қайтариш учун тағин ўртага тушди:

– Ўзинг кўнгил қўйиб теккансан, қизим… Биров сени мажбур қилгани йўқ.

Муқаддам аёвсиз ҳақиқатни шундоққина рўпарасига келтириб қўйган онасига ярқ этиб қаради. “ўзим! ўзим! Ҳаммасига ўзим айбдорман! – У ўкинч билан бошини қуйи солди. – Кўнгил қўйиб… Кўнгил қўйибми, мажбур бўлибми?!” – У аллақачонлардан бери шу саволни ўйлар, аммо жавоб тополмасди. Боягина Алимардонни қовура бошлаган нафрат оловининг бир чети энди ўзини ҳам куйдириб ташлади. Онаси яна алланималар деди.. Аммо Муқаддам эшитмади. Энди унинг юрагини бешафқат бир қўл ғижимлар, лекин бу қўл Алимардонникими, ўзининг қўлими – ажрата олмас эди.

– Эртага у келади.

Муқаддам дадсининг сўзларини ярим-ёрти эшитди-ю, бурилиб қаради.

– Нима?!

– Эринг келиб, олиб кетади, – деди отаси юмшоқ, лекин қайсар оҳангда. Кейин яна ҳам юмшоқроқ қилиб қўшиб қўйди: – Уят бўлади. Гуноҳини бўйнига олиб турибди-ку. Илож қанча?

– Мен бормайман, – дадаси қанақа оҳангда гапирган бўлса, Муқаддам ҳам худди ўша оҳангда жавоб берди.

Отасининг қалин қоши остидаги кўзлари чақнаб кетди. Энди унинг қони қайнай бошлаган, ўз ҳукмига бўйсумаганларнинг жазосини берувчи асаблари таранг тортила бошлаган эди.

– Борасан! – деди чўрт кесиб. – Бормасанг, ўзим обориб қўяман.

– Бормайман!

– Борасан!

Отанинг қони гупиллаб кетди. Лекин Муқаддамнинг вужудида ҳам худди шу ота қони айланарди. У мўмин-қобил онасига эмас, худди шу отасига тортган эди.

– Бормайман! – деди у отасига тик қараб.

– Ҳай, дадаси, бола қўрқади! – она даҳшат ичида эрининг титрай бошлаган қўлларига ёпишди. – Қўйинг… Қўйинглар…

– Борасан, итвачча, борасан!

Муқаддам сакраб ўрнидан турди.

– Бормайман! Бекорга овора бўласизлар!

Отанинг кўзлари чақнаб кетди. Маҳсили оёғи билан хонтахтани тепиб юборди. Хонтахта Муқаддамнинг шундроққина олдидан учиб ўтиб, обрезга бориб тушди-ю, қарсиллаб синди.

Она чирқиллаб эрига ёпишди. У алланима деб ёлворар, аммо Муқаддам эшитмас эди.

– Йўқол кўзимдан, кўрнамак!

Муқаддам жаҳолатдан қақшаётган отасининг олдига тик юриб келди.

– Ҳайдамасангиз ҳам кетаман! – У кўксини тўлдириб келаётган йиғини аранг босиб, нимқоронғи уйга отилиб кирди-ю, ўғлини кўрпаси билан юлқиб каравотдан олди. Шавкат ғингшиб йиғлай бошлади. Муқаддам яна шиддат билан отилиб чиқди. ўғлини маҳкам бағрига босиб, айвон эшигига етди.

Она энди эрини қўйиб юбориб, йиғлаганча Муқаддамга ёпишди. У йиғи аралаш бир нималар дер, Муқаддамни олиб қоладиган танҳо умиди шудек Шавкатга талпинар, боланинг кўрпачасидан тортиқиларди. Муқаддам ҳеч нима эшитмади. Айвоннинг ойнабанд эшигини қарсиллатиб очди-да, ўзининг энг осуда дамлари кечган уйига бир қараб қўйди. Шу қарашда кўзларидан ёш тирқираб кетди.

– Тегма! Кетсин! – ҳайқирди отаси турган ерида япроқдай қалтираб. – Эл-юрт олдида шарманда қилгандан кўра, йўқолиб кетсин!

Муқаддам ғиштин зинадан ҳовлига сакраб тушди. Қаттиқ шамол нафасини қайтариб юборди. Рўмоли пирпираб, елкасидан сирғалиб учиб тушди, сочлари ёйилиб кетди.

Йўлак олдида онаси унга етиб олиб, билагига ёпишди.

– Жон болам, эсингин йиғ, жон болам! – деди у йиғлаб.

Муқаддам онасининг изтироб тўла йиғисини эшитиб, қайрилиб қаради. Аммо тўхтамади. Пастак дарвозадан бошини эгиб кўчага отилди, югуриб кетди.

Кўчаларда шамол ўкирар, симёғочлар учидаги лампочкалар шиддат билан лопиллар, чопиб бораётган Муқаддамнинг соясини у ёқдан-бу ёққа ирғитар эди.

Тошкент! Одамларнинг бахтини қанчалик бағрикенглик, сахийлик билан кўксига сиғдирса, бахтсизлигини ҳам шунчалик бағрикенглик, бепарволик билан қаршилайди!

Муқаддам кўксини тўлдирган йиғидан довдираб кўча бўйлаб бораркан, ўзини якка-ёлғиз, ожиз ҳис этар, одамлар аллақачон уй-уйларига кириб кетишган, қайси бир деразаларда чироқлар ўчган, кимлардир бахтидан энтикиб ҳаёт гаштини сурар, қайси бир деразалардан куй ёғилиб чиқар, кимлардир ўз оқшомини шодликка тўлдирган азиз бир одами билан суҳбат қурарди. Фақат у ёлғиз эди. Унинг қадам товушлари асфальт йўлкада қарсиллар, шамол аралаш қулоқни тешиб юборгудай олси-олисларга тарқалар эди. Ҳа, у билади! Отаси жаҳл устида шундоқ қилаётганини, зум ўтмай пушаймон бўлишини, бутун умидлари шу қизидан эканини билади. Онаси ҳозир алам ичида зир титраб, қўрқувдан бехуш бўлиб қолганини ҳам билади. Лекин отаси, онасига бўлган меҳрдан кўра ўз-ўзига бўлган нафрат зўр чиқиб, етаклаб кетяпти уни! Қаёққа? Мана шуни билмайди у…

Муқаддам катта кўчага чиқаверишдаги пастак уй тагида ётган харсангтошга кўзи тушди-ю, бирдан ҳуши жойига келгандай тўхтаб қолди. ўйлининг йиғлаётганини, ўзининг сочлари тўзиб кетганини энди пайқади. Чироқ нурида унсиз боқиб турган бу тош унинг кўзига олтин бўлиб кўриниб кетди. Илиқ, азиз хотираларнинг қуюни тўсатдан ёпирилиб келди-да, секингина тош устига ўтирди.

Бир вақтлар эри урушда ўлган хотин шу тош устида ўтириб, писта сотарди, Муқаддам қизалоқ дугоналари билан доим шу ерда ўйнарди.

Кейин… Кейин у оқшомлари ўзини кузатиб келган Анвар билан худди шу ерда ўтиргувчи эди…

Бирдан унинг кўз ўнгида ҳозирги эмас, ўша ўз Анвар акасининг уятчан, хаёлчан қиёфаси жонланди…

Мана, ҳозир ҳам ҳаммаёққа писта пўчоғи сочилиб ётибди. Чекка-чеккада оқариб ётган папирос қолдиқларини шамол эрмак қилиб пилдиратяпти…

ўзи ҳам бир вақтлар Анварнинг муҳаббатини эрмак қилган экан. Дунё ўзи шунақа экан. Киши ўзини ардоқлаганларга озор бераркану озор берганларни ардоқларкан…

У ўғли кўксини тортқилаётганини сезиб, эгилиб қаради. Шавкат овуниб қолган, аммо узун-узун киприклари орасида ёш ялтираб турар, жажжи қўлчалари билан онасининг сийнасига ёпишиб олган эди. У ўғлига бир қарашдаёқ ҳамма фикрлари изсиз йўқолиб кетди. Кўкси қуёшдай ягона, қуёшдай ёрқин оналик меҳри билан тўлиб-тошди. Шавкатни маҳкам бағрига босиб, негалигини ўзи ҳам тушунмай жилмайиб қўйди.

Кўча ичида шошилинч қадам товушлари эшитилди. Аллаким ҳаллослаб югуриб келарди. Муқаддам шошилиб, кўксини яширди. ўғлини бағрига маҳкамроқ босиб ўрнидан турди.

– Муқад!

Муқаддам зулмат ичидан чиқиб келаётган аёлни дафъатан таний олмади. Кейин тикилиб турди-ю, қичқириб юборди:

– Лобар!

Лобар югуриб келиб, уни қучоқлаб олди. У ҳарсиллар, тез чопганидан ранги ўчиб кетган эди.

– Жинни! – деди у Муқаддамга ўқрайиб. – Эсинг борми ўзи?! Нима қилиб ўтирибсан, Анзират холамни ўлдирмоқчимисан? – У Шавкатни кўтариб олмоқчи эди. Муқаддам бермади.

– Қўявер ўзим… – Муқаддам унинг келинлик латофати барқ уриб турган чеҳрасига, атир ҳиди гуркираётган атлас либосига қараб туриб, лоқайд сўради:

– Қачон келдинг?

– Вуй, одамнинг ўтакасини ёриб юборай дединг! – Лобар нафасини ростлаб жилмайди. – Ойим касалликларини эшитиб келган эдим… Узоқ йўл, энди келиб тургандим, холам йиғлаб чиқдилар… – У йўл бошлар экан, шамолдан юзини пана қилиб Муқаддамга қараб қўйди. – Жинни бўлиб қолдингми?

Муқаддам сирдош дугонасининг худди шу пайтда учраганидан кўнглида бир илиқлик уйғониб, унга эргашди. Лобарнинг шамолда хилпираётган этакларига, шошилиб қадам босишига қараб бораркан, дафъатан хаёлига қизиқ бир фикр келди. Бу хаёл умид чироғи сингари олдинга етаклагандай бўлиб кетди.

– Лобар, қишлоғингларда менга иш борми? – деди шошилиб.

Лобар таққа тўхтаб, бурилиб қаради. Яна юзини кафти билан шамолдан пана қилиб, узоқ қараб қолди.

– Нима, кетмоқчимисан? – деди ишонқирамай.

– Иш бўлса, бораман! – Муқаддам Шавкатни ўнглаб кўтариб, ўжар, қатъий оҳангда яна такрорлади: – Бутунлай кетаман!

Лобар унинг аниқ айтаётганини тушуниб, тағин бир нафас туриб қолди.

– Иш топилади, – деди ўйланиб. У дугонасининг ўз ёнида бўлишидан қувона бошлаган эди. – Ростдан қайтиб келмайсанми,

– Бутунлай кетаман! – Муқаддамнинг ўзи олдинга ўтиб, юриб кетди.

Зум ўтмай улар кўча ичига киришди. Икки жуфт пошна садоси шамол қанотида узоқ қарсиллаб турди.

Муқаддам бу кўчаларда ўзининг қадам товушлари энди янграмаслигини биларди.

* * *

Каттакон зал ҳам, балконлар ҳам томошабинлар билан лиқ тўлган. Чекка-чеккадаги эшиклар устида ёниб турган қизғиш, ўйчан нур остида одамларнинг чеҳраси шодон, ҳаяжонли кўринади.

Алимардон торини кўтариб олганча, саҳна чеккасига суриб қўйилган зангори бахмал парда орқасидан залга тикилиб турар, ижирғанар эди. Кунгурадор шифтлар остида Мутал Қодировнинг майин, дилкаш овози оҳиста парвоз этган, одамлар уни ҳаяжондан энтикиб тинглашади. Алимардоннинг назарида юзларча одамлар шу топда бир оҳангдан тебраниб, бир оҳанг оғушида тўлғанаётгандек эди. Баҳор сувларининг жарангдор кулгуси ҳам, илиқ қуёшнинг эрка нурлари ҳам, иболи юрак тўлқинлари ҳам – ҳамма-ҳаммаси шу оҳангда мужассам эди.

Залда даҳшатли қарсак кўтарилди-ю, Алимардоннинг юраги зириллаб кетди. У биринчи қаторда ўтирганларга ваҳима билан қараб қўйди. Одамлар бараварига қарсак чалишар, Алимардоннинг рақибини олқишлашарди.

Алимардон Муталнинг залга қараб енгилгина таъзим қилиб қўйганини кўриб турди. У томошабинларга яна бир марта ташаккур билдирди-да, саҳна четига чиқди. Конферансье қиз тез-тез юриб микрофон олдига борганида, қарсаклар яна кучайиб кетди. Аммо қиз ҳеч кимга парво қилмай баланд овоз билан қичқирди:

– Навбат таниқли, севимли хонандамиз Алимардон Тўраевга!

Алимардон торини қўлга олиб, чеҳрасига ўша таниш табассумни қалқитди-да, саҳнага чиқа бошлади. Аммо шу ондаёқ қарсак илгаригидан ҳам кучайиб кетди. Аввалига у одамлар мени олқишлаётибди, деб қувонди. Лекин микрофон олдига келганидан кейин чапак товушлари бир меъёрда гурс-гурс урилаётганини кўрди-ю, бир нафас қотиб қолди. Одамлар норозилик билан қарсак чалишар, залнинг чекка-чеккаларидан ҳуштак овозлари эшитилиб қоларди. Нима гап? Одамлар уни ҳайдашяптими? Муталнинг ўзини талаб қилишяптими?

У ваҳима ичида бир залга, бир бўзрайиб қолган конферансьега жавдираб қарай бошлади, аламдан лабалри титради. Шунда ҳам ўзини-ўзи мажбур қилиб қайта жилмайди. Томошабинларга қараб таъзим қилди-ю, торини кўтарди. Зал устида торнинг аламли садолари жаранглай кетди. Жаранглади-ю, шу ондаёқ гумбурлаган чапак торвушлари остида кўмилиб қолди. Одамлар ҳайдашар эди уни!

Алимардон бирдан чалишдан тўхтади. Ситам тўла кўзлари билан залга тикилиб қолди.

“Бу қандоқ шармандалик! Бу қандоқ шармандалик!”

Бир вақтлар момақалдироқдек гумбурлаб одамларнинг юрагини ларзага солган, чақмоқдек чақнаб кишиларнинг кўзини қамаштирган Алимардон Тўраевнинг қисмати шу бўлдими? Саҳна гулшанида қаноти капалакдек товланган Алимардоннинг умри шунчалар қисқа бўлдими?!

Ҳар сафар қийқириб олқишлаган томошабинлар қани? Балки ўшанда энг қаттиқ қарсак чалиб олқишлаган одамлар ҳозир ҳам энг қаттиқ қарсак чалиб уни ҳайдашаётгандир?! Наҳотки, Зуфар Ходиевичнинг гапалри тўғри чиққан бўлса!

У залга ўзининг энг ширин, энг бахтиёр дамларини бағрига яширган қадрдон залга, ночор термулиб турган тилсиз деворларга, мунис қандилларга охирги марта қаради-да, бирдан кўзларига ёш қуюлиб келди.

Турган ерида шартта бурилди-ю, чопганча саҳна четига чиқди. Ундан йўлакка ўтди-да, торини тўшалган пойандозга ташлаганча югуриб кетди.

Театр этагидаги боққа киргандагина ўзига келди. Чор атрофда баҳор яшнар, табиат ўзининг мангу, бузилмас қонунига амал қилиб кўкламни етаклаб келган эди. Боғ устида оромбахш шабада эсар, ҳавода кўкатлар иси анқир, кўклам шамоли майин япроқларни силкитар, ёмғир сувини эмиб тўйган ер эмин-эркин нафас оларди.

Ҳа, ер юзида қайта туғилиш, қайта гуллаш, қайта ҳаёт бошланган эди. Ёлғиз унинг – Алимардон Тўраевнинг баҳори ўтган эди.

Одам ўзи бахтиёр пайтида ўзгаларнинг бахтсизлигини тушуна олмас экан. Муқаддам уйидан қон-қақшаб чиқиб кетаётганида Алимардон унинг муштипарлигини тушунмаган экан. Мана, бугун ўзи бахтсизлик нима эканини пайқаганида бирданига тушунди. Ҳаммасини тушунди. Шу топда олдида бирон-бир юпанчи, бирон-бир суянчиғи қолмаганини ўйлади. ўйлади-ю, бутун вужуди билан мункиб кетди. Шу топда ўғлини, ўзининг ягона юпанчиғини бағрига босиб-босиб эркалатгиси, ўзи ҳам кимгадир эркалангиси, дардлашгиси келиб кетди!

Начора? Ҳаёт ниманики тақдим этган бўлса, ўшандан ортиғини қайтиб олмайди.

“Аҳмоқлар! – деб ўйлади у ўзини саҳнадан қувиб чиқарган одамларни ўйлаб. – Молфаҳмлар! Шулар санъаткорнинг дардини билишармиди? Санъат нималигини тушунишармиди?”

У бошини қуйи солганча секин-секин юриб борар, аламдан тишларини ғижирлатарди. У одамлардан нафратланар, куни кеча бир нафаслик ором учун чаккасига пул қистириб, бугун ўзини саҳнадан ҳайдаган енгил-елпи томошабинларни кўрарди-ю, чинакам санъатни қалбининг тўрида сақлашга қодир чинакам шинавандалар озмунча эмаслигини билмас, билишни хоҳламас эди.

У баҳор қувончига тўлган кўчалардан соядай судралиб борар, аммо ҳаёт ўзининг кичкинагина бир зарарчасининг фожиасига парво қилмас, яшаш гашти билан, туғилиш завқи билан маст эди.

* * *

Алимардон катта йўлдан бурилиб, тор кўчага кирди-да, ўн қадамча юриб тўхтаб қолди. Деворлар оша эгилиб ётган ўрик шохида данак қотирган довуччалар маржондек тизилган, оқариб қолган гилослар устида чумчуқлар парвона бўларди. Қуёш эндигина кўз очган, кечаси ёғиб ўтган жаланинг тароватли нафаси ҳали кетмаган, асфальт кўчанинг у ер-бу ерида сув ҳалқоб бўлиб ётарди. Ҳаммаёқ жим, ўткинчилар сийрак. Фақат кўча ичкарисида – ягона симёғоч тагидаги сайҳонликда икки қизалоқ копток ўйнайди. Уларнинг бири, калта қизил кўйлак кийган қиз томоша қилиб турар, иккинчиси, жажжи духоба нимча кийиб, сочига баргак тақиб олгани коптокни ерга уриб, гир-гир айланарди. Копток тўп-тўп этиб ерга урилади, ҳар айланганида қизалоқнинг баргаклари ёйилиб-ёйилиб кетади. Қизил кўйлакли қиз ўртоғининг айланишига ҳавас билан қараб, бир оҳангда санайди:

– Ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз…

Алимардон уларга қараб жилмайиб қўйди. Ҳаёт ўз йўлидан борар, баҳор болаларга ўз қувончи, ўз шодликларини сахийлик билан тақдим этган эди.

Алимардон қизалоқларнинг олдидан секин-секин юриб ўтиб кетди. Қизчалар парво қилишмади унга. У яна йигирма қадамча юриб, болохонали уй ёнбошидаги кўкиш эшикни кўриб тўхтади. Юрагининг бир бурчида шунча йиллардан бери мудраб ётган аллақандай пок, аммо азобли туйғулар бирдан туғён урди-ю, нафаси тиқилиб қолди. Бир вақтлари – бундан уч йил бурун у ўзининг дўстлари билан, ёшлик завқига тўлган йигитлар билан мана шу ердан бир кўча бўлиб ўтиб, кўкиш эшикдан кириб борган эди. Уни қучоқ очиб, фарзандим, деб кутиб олишган эди. Энди-чи…

У қўлга тушиб қолишдан чўчигандек оёқ учида юриб яқин борди. Эшик қия очиқ турарди. У бошини бир томонга эгиб аста мўралади. Ҳовли ўртасидаги водопровод жўмрагидан, сув шариллаб оқиб ётар, цемент ҳовузча тўлиб чиқиб, ариқча четидаги барқ уриб ётган ўсмаларга тошиб кетганди.

Унинг кўз ўнги қоронғилашиб, энтикиб кетди. Ҳамма нарсанинг қадри йўқолганидан кейин билинаркан. Шу топдагина, у Муқаддамни севганини, қаттиқ севганини тушунди. Тушунди-ю, енгил титраётган қўллари билан эшик занжирини қоқди.

Ичкаридан аёл кишининг “ҳу-ув” деган товуши эшитилди. Айвоннинг ойнабанд эшиги тарақлаб очилди-да, қайнонаси кўринди. У йўлакда турган одамни кўрмади шекилли, кафтини қуёшдан пана қилиб тикилди. Алимардон унинг қўллари хамир юқи эканини кўрди. Кампирнинг эгик гавдаси тағин ҳам кичрайган, мункиллаб қолган эди. Алимардон Муқаддамга уйланганидан кейин бу ҳовлига кам келган, қайнонасини ҳам, қайнотасини ҳам кам кўрган, улар уйига боришганида рўйхуш бермас эди. Ҳозир у кампирни ғам-ғусса адо қилганини пайқади.

– Келаверинг, – деди кампир паст, ожиз товуш билан.

Алимардон кирмади, киролмади. ўша, Муқаддам ҳайдаб юборганидан бери бу уйга қадам босишга ҳақи йўқлигини биларди.

Кампир жавоб бўлмаганидан ҳайрон қолди шекилли, зиналардан авайлаб қадам босиб ҳовлига тушди. Сув тошиб ётган ўсмаларни четлаб ўтиб, йўлак ёнига кела туриб, таққа тўхтаб қолди.

– Келинг, – деди у беихтиёр. Кейин бирдан ранги ўчди. Хира кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Бегона, қора ниятли одам олдида тургандай дока рўмолининг учи билан юзининг ярмини яширди. – Нега келдингиз? – деди овози титраб. – Нима керак сизга?

Алимардон шу бир оғиз сўздан – тубсиз алам, бир олам нафрат оҳангиданоқ ҳаммаси тамом бўлганини тушунди.

– Мен… – Алимардон қайнонасининг кўзларига қарай олмай тескари ўгирилди. – Ўғлим қани? – деди юрагидаги гапни айтиб.

Айвон эшиги яна шарақлади. “Муқаддам”. Алимардон юрагини титратиб юборган ҳаяжон ичида ярқ этиб ўша томонга қаради. Зинадан баланд гавдасини ғоз тутиб қайнотаси тушиб келарди. У ҳамон ўзгармаган эди. Ўсиқ қошлари остидан тикилиб қаради-ю, узоқдан Алимардонни таниди.

Алимардоннинг назарида унинг кўзлари ғазабдан чақнаб кетгандек бўлди. У, Қори ҳозир, ҳозирнинг ўзидаёқ ҳайдаб солишини ҳис этиб турар, энди битта умиди қолган эди. Алимардон ўғлини кўргиси келар, унинг овозини, лоақал йиғисини эшитиб қолишини орзу қиларди.

Қори катта-катта қадамлар билан юриб келиб Алимардонга рўпара бўлди. У қисқа-қисқа нафас олар, кулранг яктаги тагидаги сертук кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, соқоли асабий титрар, бурун парраклари қисилиб кетганди. У Алимардонга, мана шу нобакорга арзигулик бир оғиз сўз топа олмагандай анчагача тикилиб қолди.

– Нега келдингиз? – деди у ниҳоят тилга кириб.

Алимардон юрагини тўлдирган туйғуларни босиб олиб, совуққина:

– Муқад… – деган эди, Қори унинг гапини кесди:

– Муқадда нима ишингиз бор?

Алимардон ҳаммаси тамом бўлганини янада чуқурроқ ҳис этди. Гапни айлантириб ўтиришдан фойда йўқлигини билиб, кўнглидаги бор гапни айтди:

– Ўғлим қани?

– Ўғлингиз… – Қори лаблари титраб қайтарди: – Ўғлингиз йўқ… Муқад ҳам йўқ.

Алимардоннинг кўнглидаги изтироб ўрнини ғазаб эгаллади.

– Шавкат қани? Олиб кетаман!

– Шавкат йўқ! – Қори чертиб-чертиб таъкидлади. – Шавкатни онаси олиб кетган.

“Қаёққа?” – Алимардоннинг хаёлига шу фикр урилди-ю, аммо сўраб ўтирмади.

– Ҳақингиз йўқ, – деди бўғилиб. – Мен отаман.

– Бола туғдиришни билганларнинг ҳаммаси ота бўлавермайди!

Пастак эшик унинг юзи олдида қарсиллаб ёпилди. Занжир шиқирлади.

Алимардон ғазаб ўтида ловиллаб бир нафас турди-да, шартта бурилиб кетди.

У ҳеч нимани кўрмас, кўз ўнгини оёғини “велосипед” қилиб қийқираётган ўғли тўсиб олган, бошини қуйи солиб борар, нарироқда эса қизалоқлар ҳамон чирчира ўйнашарди.

* * *

Гоҳо зарурат бўлиб, эски лаш-лушлар билан тўлиб кетган ҳужрачани титкилаб қолсангиз, занглаб ётган пичоқчангизми, жияги титилиб кетган дўппингизми топилиб қолади. Шунда аллақачон йилларнинг гарди босиб, тусини йўқотган хотиралар тўсатдан ярқ этади-ю, тағин алангаланиб кетади, юрагингизнинг ўт бўлиб ёндириб юборади. Бир вақтлар ўша пичоқчада толдан ҳуштак ясаганингиз, ўша дўппига қаттиқ нон солиб, ариқ бўйида оқизоқ қилиб еганларингиз ёдингизга тушади. Кечмиш йилларингиз, ўша тонгдай мусаффо йилларингиз ҳозирги кунингизга қараганда анча беғубор, анча пок бўлганини аянчли бир ҳақиқатдай тан олишга мажбур бўласиз.

Алимардон Анварнинг Янги маҳалладаги шаҳар ҳовлисига кириб келганида худди шундай аҳволда эди. У бу ерга боши оғиб келиб қолди, аммо бари бир Анварнинг олдида бош эгишга мажбур бўлишини ўйлаб, ич-ичидан эзила бошлади.

Алимардон олди очиқ айвон тўрида – гулдор кўрпача устида ўтирганча атрофни соғинч билан тоомша қилар, бу ердаги ҳамма нарса унинг болалигини эслатар эди. Токчалардаги ялтироқ баркашлар ҳам, айвоннинг йўғон-йўғон, хийла сарғайиб қолган тўсинлари ҳам кўнглига яқин, қадрдон эди.

Бир вақтлар қиш кечаларида Алимардон далада зерикиб кетар, таътилда шу ерга келарди. Анвар билан кечгача уриниб ҳовли ўртасида қорбобо ясашар, кечалари худди шу айвон олдига чодир ташлаб қўйилар, улар танчага оёқ узатиб алламаҳалагача туршак чайнаб ўтиришарди. Тонг саҳарда уйғониб, ҳовондаги сопол товоқларни олишар, музлаган қаймоққа шоша-пиша қора нон бўктириб ейишарди.

У ўша дамларни эслаб, мийиғида кулиб қўйди. Ҳозир ҳам деярли ҳеч нима ўзгармаган. ўша айвон, ўша кафтдай ҳовли. ўртадаги ўша бир туп тут оқариб қолибди. Қарши томондаги болохонада Иқбол холанинг саришта қўллари билан ипга тизилган маржон-маржон гармдорилар осилиб турибди. Фақат болохона тагидаги уй ўзгарибди. Оқланибди, янги эшик ўрнатилибди, сирланган деразаларда келинлик нишони бўлган нафис дарпардалар…

Ошхонада Иқбол хола кўринди. У Алимардон кўникиб қолган майда-майда, чаққон одимлар билан келиб, лип этиб айвонга чиқди. Нон, қанд-қурс солинган патнисни Алимардоннинг олдига, хонтахта устига қўйди.

– Келганингиз қандоқ ярашиб турибди, – деди чўккалаб ўтириб нон ушатаркан. – Сантал раҳматлик шундоқ бўлиб кетганингизни кўрганида юраккинаси қоқ ушалмасмиди. Яратгандан ҳам айланай. Бандасини доим бир томондан қисиб қўяди-да! – У чой қуйиб узатди. – Олинг, айланай, бегоналарга ўхшаб ўтирманг.

Алимардон чойни оларкан, зимдан унга қараб қўйди.

“Анвар ўртамизда бўлиб ўтган гапларни айтганми, йўқми? – у Иқбол холанинг чеҳрасида ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини илғаб тинчиди. – Айтмаган…” – Иқбол хола деярли ўзгармаган эди. Ҳамон ўша меҳрибонлик, қоп-қора юзларида илиқлик. Фақат сочларининг оқи кўпайибди.

Алимардон кўпдан бери ерда – кўрпачада ўтирмагани учун оёқлари увиша бошлади. Кўзлари билан стул қидираркан, бирдан ўзининг ўзгариб кетганини, қандайдир бошқа одам бўлиб қолганини ўйлади.

– Анвар келиб қолармикан?

– Келади, ўргилай, ҳали-замон келиб қолади. – Иқбол хола овозини пасайтирди. – Келиннинг ойи – шу ой. Болам бояқиш хавотир олади-да. Ишдан чиқа солиб уйга югуради. Ўзиям бу уйда чақалоқ овози чиқмаганига иккам ўттиз йил бўляпти.

“Дарров болалик ҳам бўлишаётган экан-да!” – У бирдан яна ўзининг Шавкатини, унинг қийқириб кулишларини эслади-ю, юраги санчиб кетди. “Ҳозир йўлга киргандир”

Иқбол хола унинг чеҳрасидаги алам кўланкасини илғамади.

– Келин дўхтирга қатнаяпти. Эсон-омон қутулсин, кўп яхши чиқди-да, болам бояқиш… Сиз бемалол ўтириб туринг, қоқиндиқ! – Иқбол хола яна ўша илдамлик билан ўрнидан туриб, ҳовлига тушди.

Кунботар олдидан ҳаво қизиб кетган, дим эди. Чор-атрофдаги тунука томлардан чиққан ҳарорат ҳовли ичига қамалиб қолгандай туюлар, тутнинг қилт этган шабадага зор япроқлари ғамгин шалпайиб турарди.

Ҳовли юзида яна Иқбол хола кўринди. У кўйлагининг этагини липпасига қистириб олганча пақирлаб сув сепа бошлади қизиган тупроқнинг майин иси гуркиради. Бир ҳовуч сув айвоннинг пишиқ ғиштдан урилган пойдеворига сачради-да, шимилиб кетди.

Алимардон секин ўрнидан турди. Увушиб қолган оёқларини ёзиб, керишди. Унинг кетгиси келарди…

Алимардон Анварни қадам товушиданоқ таниди. Чеҳрасига қалқиб чиққан аламли ифодани яширишга уриниб, бурилиб қаради.

Анвар айвон олдидаги ғиштин йўлакнинг ўртасида таққа тўхтади. Унинг чеҳрасида ҳайрат ифодаси қотиб қолган, чамаси, Алимардоннинг келишини ҳеч кутмаган эди.

– Ол, қасдингни олмайсанми?! – пичирлади Алимардон ундан кўз узмай тураркан. Шу топда у Анварнинг тўлишиб, улуғвор бўлиб қолганини пайқади. У бошқаларнинг, айниқса, шу йигитнинг ўзидан устунроқ бўлишига чидаб туролмас эди.

– Кетайми? – деди у лабларини заҳарли қимтиб.

Анвар худди шу гапни кутиб тургандай яқин келди. Пастдан туриб қўл чўзди.

Алимардон унинг қўлини парвосизгина қисаркан, яна кинояли бир хаёл кўнглига шарпа солиб ўтди:

“Ўзбекчилик қиляпти. Бўлмаса аллақачон ҳайдаб юборарди”.

– Ўтир, – деди ниҳоят Анвар кўрпачага имо қилиб.

Икковлари ёнма-ён ўтиришди.

– Қачон келдинг?

“Тулкилик қилма!” – деб ўйлади Алимардон унга бурилиб қараб. Аммо Анварнинг хотиржам кўзларига кўзи тўқнашди-ю, бепарво жавоб берди:

– Ҳозир… Кетмоқчи бўлиб тургандим.

Анвар анчагача индамай ўтирди. У айвоннинг йўғон устунига тикилиб турар, чамаси, муҳим бир нарсани айтгиси келар, аммо керакли сўзларни топиб ололмасди. Ниҳоят, ҳовли томонга шошилинч қараб олди-да, Алимардоннинг кўзларига қараб сўради:

– Муқаддамда нима қасдинг бор эди?

Алимардон ич-ичидан сесканди. Истеҳзо билан кулиб кўзларини олиб қочди.

– Хурсанмисан?..

Анварнинг кўзлари чақнаб кетди. Ранги қув ўчиб, лабини тишлади. ўша тўйга айтиб борган куни Муқаддамнинг оғироёқ эканини кўрганида сўна бошлаган ўт, Эътибор оғироёқ бўлганидан бери бутунлай сўнган эди.

– Ҳалиям одам бўлмабсан!.. – деди у овози титраб. – Боланг бор, ахир…

У Алимардоннинг энг нозик ярасига тегиб кетди. Алимардон бу ерга ҳам фақат мана шунинг учун – боласи туфайли келган эди. У Анвардан енгила бошлаганини ҳис этиб, лов этиб ёнди.

– Жиғимга тегма! – деди тишлари қисирлаб.

Анвар унинг аҳволини тушунди. Анчагача ўйланиб ўтирди-да, шу топда айтиш керак бўлган энг зарур гапни топди:

– Юр, Муқаддамларникига борамиз… – у бир лаҳза ўйланиб давом этди: – Ё ойимлар борсинларми?

Алимардон бу ерга худди шунинг учун келган эди. У юрагининг бир бурчида, энг ашаддий душмани бўлса ҳам мана шу Анвар ёрдам бериши мумкинлигини биларди. Шунда ҳам ўзидан паст деб юрган кишисига бўйин эггиси келмади.

– Кераги йўқ!

Анвар унинг сидқидилдан гапирмаётганини тушунди шекилли, яна қистади:

– Кеч бўлиб кетяпти, тур…

Улар Иқбол холанинг тайёр ошини ташлаб чиқиб кетишди…

Тор кўчалар чанг-тўзон, болалар қий-чув солиб мактабдан қайтишарди.

Алимардон руль чамбарагидан ушлаганча кўча бошида турар, Анвар кириб кетган ўша кўкиш эшикка қараб-қараб қўяр, кетма-кет сигарет тутатарди. У ҳаммадан ҳам Муқаддамни кўрганида ўзини йўқотиб қўйишидан ваҳимага тушар, совуқ гаплашиб, унинг ўзини айбдор қилиб қўйиш, ялинтириш кераклигини ўйлар эди.

Оқшом қуюқлашиб кетди. Кун бўйи ўз ташвиши билан елиб-югурган шаҳар устига тунннинг қора қуши келиб қўнди. Одамлар бир оз тинчиб қолишди. Осмонда якка-ёлғиз шошқалоқ юлдузлар ёнди. Деразаларда чироқлар парпиради. Телевизорли уйлар дарчасидан кўкиш нур ёғила бошлади. Кўл четидаги боғда сурнай садолари янграб кетди. Шабада аллақаердан ёзлик кинотеатр карнайнинг овозини олиб келди. Ҳар ким ўз кўнгли тусаганча дам ола бошлаган эди.

Фақат битта ҳовлида – Анвар кириб кетган уйда тошдай сукунат қотган, тиқ этган товуш эшитилмас, гўё Анвар ҳовлига киргану аллаким қазиб қўйган тубсиз чуқурликка тушиб йўқолгандай эди.

Алимардон ғижиниб машинадан тушди. Энди олдинга бир қадам босган эди, эшик занжирнинг шиқирлагани эшитилди. У биров келиб ёқасидан оладигандай шошилиб машинага кирди. Эшикни тарақлатиб ёпиб олди.

Узоқдан Анварнинг оқ кўйлаги кўринди. У ёлғиз ўзи келар, ҳеч қаёққа қарамай, елкасидан оғир юк босган одамдай оғир-оғир қадам босарди.

“Йўқ дебди!” – Алимардон юзлари ўт бўлиб ёниб кетганини сезди-ю, ғазабдан томири тортишаётган қўллари билан моторни юргизди.

Анвар унинг ёнига оғир чўкди-да, индамай ўтираверди: Алимардон нимқоронғиликда унинг ранги ўчиб кетганини, кўзларида тубсиз бир ғусса борлигини сезди.

Машина бир сапчиб елиб кетди.

– Хўш? – Алимардон овози хириллаб сўради. – Нима деди?

Анвар яна узоқ жим кетди. У ўзини босиб олишга уринаётганини Алимардон билиб турарди.

Ҳозиргина сув сепиб ўтилган катта кўчага чиқиб олишгандан кейин Анвар унга қараб қўйди.

– Тўхтат машинангни! – деди овози хириллаб.

Алимардон тормозни таққа босди.

Анвар пешанаси билан олд томондаги ойнага урилиб кетай деди. Унинг кўзлари қоронғида чарақлар, важоҳати хунук эди.

– Муқаддам қишлоққа кетибди, – деди овози қалтираб. – Бутунлай кетибди – У боядан бери бўғзига тиқилиб турган гапни энди айтди: – Сенинг шунчалик ҳаромлигингни билганимда бу ерга келмасдим! Ҳайф сенга оталик!

Алимардоннинг қалбидаги энг нозик тор узилиб кетди. У фақат мана шу гапдан, биров ўғлини эслатишидан даҳшатга тушарди. ўазаб ичида Анварни ёқасидан олмоқчи бўлди-ю, кечикди. Анвар аллақачон ерга сакраб тушган, эшикни силтаб юборган эди. Эшик тутқичи Алимардоннинг қўлига қарсиллаб урилди. Зум ўтмай Анварнинг оқ кўйлаги зулмат ичига шўнғиди.

Танланган асарлар: 1-жилд

Подняться наверх