Читать книгу Инсон бугун ва эртага… - Оқилжон Ахмедович Ғофуров - Страница 4
ИНСОН БУГУН ВА ЭРТАГА…
ГОГОЛНИНГ ФИЛЕМОН ВА БАВКИДАСИ
ОглавлениеСевимли китоб, севимли асар ҳақида ҳамиша эҳтирос билан сўзлагимиз келади. Зеро, севимли асар инсон қалбига беқиёс маънавий озуқа бериб, тасаввур оламини бойитади, тафаккур уфқларини кенгайтиради. Инсон руҳияти, ботиний оламида соҳир ҳиссиётлар, латиф кечинмалар мавжга келади.
Мен буюк рус ёзувчиси Николай Васильевич Гоголнинг дилимда чуқур, завқли таассуротлар уйғотган «Диканька қишлоғи оқшомлари» ҳамда «Миргород» тўпламидан жой олган ҳикоя ва қиссаларини ҳар сафар айрича мароқ билан мутолаа қиламан. Айниқса, «Май кечаси ёки сув қизи», «Даҳшатли интиқом», «Қадимги замон помешчиклари», «Тарас Бульба», «Иван Иванович билан Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтмиш жанжаллар ҳикояти», «Вий» каби қиссалар сеҳр-жозибаси бутун фикру зикримни оҳанрабодай ўзига тортади; Гоголь оламининг кўз илғамас кенгликларида руҳиятимни ажиб ҳиссиётлар чулғаб олади.