Читать книгу Молхона - Джордж Оруэлл, George Orwell - Страница 4

III БОБ

Оглавление

Оҳ, улар йиғим-теримда қанчалар тер тўкдилар! Уларнинг заҳматлари зое кетмади, ҳосил улар кутганидан ҳам кўп эди.

Гоҳида иш кўплаб қийинчиликлар туғдирар эди: техника ҳайвонлар учун эмас, одамларга мўлжаллаб ясалган эди. Асосий тўсиқ шунда эдики, жониворларнинг ҳеч бири орқа оёқларида тик турганча ишлай олмасди. Бироқ чўчқалар бу тўсиқни четлаб ўтишнинг иложини топишди. Отларга келсак, улар даладаги ҳар бир ўнқир-чўнқирни билардилар, ўримни ва йиғим-теримни Жонс ва унинг бадмаст батракларидан яхшироқ тушунардилар. Чўчқаларнинг ўзлари амалда ҳеч бир иш қилмасдилар, уларнинг вазифаси ташкиллаштириш ва бошқариш эди. Табиийки, бу раҳбарий мавқе уларнинг юксак чўчқалик тафаккури билан таъминланган эди. Тулпорлар – Боксёр ва Кловер ўрим машинаси ёки механик хаскашларга қўшилган эдилар (албатта, бу мустақиллик, эркинлик даврида жиловда бўлиш, қамчин билан бошқариш ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди, мажбурий меҳнат тақиқланганди) ва саранжом-саришталик билан барча далаларни ўриб олдилар. Уларнинг ортидан бирор чўчқа юрар ва чинқириқ воситасида раҳбарлик қиларди: «Олдинга, ўртоқ!» Ёки «Ортга бос, биродар!» Ҳамма жон-жаҳди билан ишларди, ҳосилни йиғиб, ўриб борарди. Ҳатто товуқлар ва ўрдаклар ҳам у ён-бу ёнга ҳаракатланар, тумшукларида дон таширдилар. Алал-оқибат, ҳосил одатда мистер Жонс ўриб оладиганидан икки кун олдин йиғиштирилди. Бундан ташқари, бу қадар кўп ҳосилни молхона ҳали кўрмаган эди. Чунки ҳеч бир дон йўқолмади, товуқлар ва ўрдаклар ўткир нигоҳлари билан ҳар бир хасни териб олишди. Йиғим-терим даврида ҳеч бир жонивор бир ютумдан ортиқ донни ютиб юборишга жазм қилолмади.

Ёз бўйи барча ишлар соат механизмидай аниқ бажарилди. Ҳайвонободнинг жонивор аҳолиси шу пайтгача бу қадар роҳат қилиб ишлаш мумкинлигини билмаган эканлар. Хирмон юксалаётганини ҳар кўрганда, улар хаддан зиёд роҳатланар эдилар, чунки бу уларнинг ўзлари етиштирган ва ўзларининг таомланиши учун йиғиштирган озуқалари эди. Энди бу озуқани шафқатсиз одамзод тортиб ололмас эди. Текинхўр ва фойдасиз одамзод ҳукмронлигидан озод бўлгач, бошқа ҳеч ким уларнинг йиққан заҳираларига дахл қила олмасди. Албатта, ҳордиқ пайтлари кўп нарсаларни ўйлашга тўғри келди. Етарли тажрибаларга эга бўлмаганликлари сабаб улар муайян қийинчиликларга дуч келаётган эдилар. Масалан, улар донли экинларни йиғиштиришда эски замондагидай донни эзғилашар ва ўз нафаслари орқали дчорисидан ажратиш учун совуришарди. Чўчқаларнинг тафаккури ва Боксёрнинг қудратли мускуллари бу ишда қўл келарди. Тулпор Боксёр ҳаммани ҳайратга солди. У Жонс замонасида ҳам кўп ишларди. Энди, озодликдан сўнг эса, янада оғир ишларни қилар, уч ҳайвоннинг ишини бажараётган эди. Шундай кунлар бўлардики, молхонадаги барча ишлар унинг баҳайбат билакларига тушарди. У тонгдан кечгача, чарчоқни билмай ишларди ва ҳамиша энг оғир ишларни бажарар эди. Хўрозлардан бири билан уни ҳаммадан олдин уйғотишга келишиб қўйган эди, иш куни бошланишидан олдин аллақачон зарур жойда анча керакли ишни бажариб қўйган бўларди. Ҳар қандай оғирлик, муаммо билан юзма-юз келаркан, у фақат бир нарсани мудом ўзига айтар эди: «Мен янада кўп ишлашим керак». Бу унинг шахсий шиори эди.

Қолганлар ҳам бутун вужудлари билан ишга берилишган эди. Шундай қилиб, ҳатто товуқлар ва ўрдаклар ҳам хирмонга беш пуд буғдойни дона-доналаб ташидилар. Талон-торожликлар, меъёр борасидаги можаролар, жанжал ва низолар, рашк, яъни эски пайтда одатий бўлган барча нарса – ҳаммаси йўқ бўлди. Ҳеч ким, деярли ҳеч ким шикоят қилмади. Тўғри, Моллига эрталаб барвақт туриш ёқмасди, агар унинг шудгоридан тош чиқиб қолса, ишни ташлаб кетвориши мумкин эди. Мушукнинг хулқ-атвори ҳам анчайин ғалати эди. Тезда маълум бўлдики, ортга суриб бўлмайдиган бирор зарур юмуш чиқса, мушукни топиб бўлмай қоларди. У соатлаб йўқолиб қолар, аммо тушлик пайтида ва ишлар тугагач, кечки овқат пайти ҳеч нарса бўлмагандай ҳозир бўларди. Бироқ барча эътирозларга шунақа ишонарли баҳоналар топарди ва дилни ўртаб, миёвлардики, унга, унинг эзгу ниятларига ишонмасликнинг иложи йўқ эди. Кекса эшак Бенжамин, қўзғалон замонидан бери гўёки ҳеч ўзгармагандай эди. У ҳеч қачон бирор ишга ўзича уринмаган ва буюрилган бирор ишдан қочмаган эди. Аммо нима иш қилган бўлса, ҳаммаси худди мистер Жонс замонасиники каби сокин қайсарлик руҳига қоришган эди. Бенжамин исён ва у келтирган мустақиллик ҳақида гапирмасликни афзал кўрарди. Ундан мистер Жонсни ҳайдашганидан сўнг ҳаёт қанчалар яхшиланди, деб сўрашганида, у фақат минғирлаб қўярди: «Эшаклар узоқ яшайди. Сизларнинг ҳеч бирингиз ҳали ўлган эшакни кўрганингиз йўқ», қолганларнинг бу сирли жавобдан қониқишдан бошқа чоралари йўқ эди.

Якшанбада ҳамма дам оларди. Нонушта одатдаги кунлардан бир соатга кеч бўларди, кейин ҳамма ҳар ҳафта албатта ўтказиладиган тантанага шошиларди. Энг аввало тантанали тарзда байроқ кўтарилади. Сноуболл кичик омборда Жонс хонимнинг яшил дастурхонини топди ва унга туёқ ҳамда шох расмини чизди. Ҳар якшанба бу дастурхон-байроқ молхона боғида ерга қадалган тик ёғочга ўрнатиларди. Яшил ранг, тушунтирди Сноуболл, Англиянинг далалари рамзидир, туёқ ва шох бўлғуси Ҳайвонлар Республикасини англатади, ҳайвонлар давлати бутун дунёда одамзод инсонлар насли тугатилгандан кейин барпо этилади. Бутун дунё ҳайвонлари, бирлашингиз! Байроқ кўтарилгандан сўнг, ҳамма катта омборда Ассамблея деб аталадиган умумий кенгашни ўтказиш учун йиғиларди. Бу ерда келгуси ҳафтада қилинадиган ишлар режалаштириларди, турли ечимлар олдинга сурилар ва муҳокама қилинарди. Қоида тариқасида чўчқалар таклиф киритишарди. Қолган ҳамма қандай овоз бериш лозимлигини билар, аммо уларнинг миясига ҳеч қачон ўз таклифлари билан чиқиш фикри келмас эди. Сноуболл ва Наполеон мунозараларда фаол қатнашар эди. Бироқ шу нарсани сезишдики, улар ҳеч қачон бир битимга кела олмас эдилар: уларнинг биттаси нимани таклиф қилмасин, иккинчиси ҳамиша бунга қарши чиқарди. Ҳатто ҳамма нарса буткул тушунарли бўлган ва якдил муросага эришилган пайтда ҳам. Масалан, боғ орқасида кичикроқ майсазорни ишни эрта тугатган ҳайвонлар учун дам олиш жойи қилиб қолдиришга қарор қилинганда ҳамда ҳайвонларнинг ҳар бир тоифаси учун нафақа ёшини белгилаш чегаралари ҳақида жўшқин баҳслар юзага келарди. Ассамблея ҳар доим ҳайвонободликларнинг мадҳияси бўлган «Англия жониворлари» ни куйлаш билан якунланарди. Шундан сўнг ҳамма дам оларди.

Аввал абзаллар сақланган бинони чўчқалар ўзларининг штабхоналарига айлантиришди. Бу ерда улар молхонада топилган китоблар ёрдамида темирчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунарларни ўрганишарди. Сноуболл, бундан ташқари, ҳайвонлар қўмитаси деб аталадиган ташкилотларни тузиш билан шуғулланарди. Бу иш билан шуғулланиш унга чарчоқ билмас бир қувват бахш этарди. У товуқлар учун тухум ишлаб чиқариш Қўмитасини, сигирлар учун тоза думғозалар Лигасини, ёввойи ўртоқлар учун иккиламчи таълим Қўмитасини (унинг мақсади каламушлар ва қуёнларни қўлга ўргатиш эди), ёш қўйлар орасида тоза жун етиштириш Ҳаракатини, Ёш чўчқалар Иттифоқини ва бошқа кўплаб қўмиталарни ташкил этди. Ўқиш ва ёзиш курсларини айтмасак ҳам бўлади. Одатда барча бу тахлит лойиҳалар омадсизликка учрар эди. Масалан, ёввойиларни қўлга ўргатиш лойиҳаси дарҳол барбод бўлди. Барча ёввойи жониворлар барибир ўзларини ёввойиларча тутар, агар уларга атайин бағрикенглик билан ёндошилаётганини сезиб қолсалар, бу муносабатдан имкон қадар ўз манфаатлари учун фойдаланишга тушардилар. Мушук иккиламчи таълим қўмитасига кирди ва бир неча кун мобайнида катта фаоллик намоён қилди. Шу тариқа, уни бир куни томда ўтирган ва ундан бироз масофа сақлаб турган чумчуқлар билан суҳбатлашаётган ҳолда кўришди. Мушук чумчуқларга ҳамма ҳайвонлар биродарлар экани ва энди истаган чумчуқ унинг олдига келиб, тирноқли панжаларида ўтириши мумкинлигини сўзларди. Бироқ, чумчуқлар унинг бехосдан еб қўйишидан ҳайиқиб, олисроқ туришда давом этардилар.

Шунга қарамасдан, саводсизликни тугатиш курслари самарали давом этар, катта ютуқларга эришганди. Кузга келиб, барча ҳайвонлар у ёки бу даражада саводли бўлдилар.

Чўчқаларга келганда, улар эркин ўқиб, ёза олар эдилар. Кучуклар ўқишдан яхши натижа кўрсатдилар, бироқ уларни ҳайвонизмнинг етти арконидан бошқа нарса қизиқтирмасди. Эчки Мюриэл итлардан кўра яхши ўқий олар ва гоҳида кечқурунлари бошқаларга ахлат тўдасидан чиққан газета парчаларини ўқиб берарди. Бенжамин ҳам чўчқалар сингари ўқий олар, аммо қобилиятини ҳеч қачон намойиш қилмасди. Менга маълум бўлишича, дерди у, бизнинг асримизда ўқишга арзийдиган нарса ёзилгани йўқ. Кловер алифбони ўзлаштирди, аммо ҳарфлардан сўз ҳосил қилиш санъатини эгаллай олмади. Боксёр бор-йўғи Г ҳарфигача борди, холос. У ўзининг баҳайбат туёқлари билан тупроқ чангида А, Б, В, Г ҳарфларини чизар, қулоқларини сиқиб, вақт-вақти билан ёлини силкитиб, кейинги келадиган ҳарфни эслаб қолишга уринарди. Гоҳида у навбатдаги тўрт ҳарфни қатъий ўзлаштириб олар, аммо, одатда, олдинги тўрт ҳарфни эсдан чиқариб юборган бўларди. Охир-оқибат, у дастлабки тўрт ҳарф билан қаноатланишга қарор қилди ва бу ҳарфларни ҳар куни бир-икки марта ёзадиган бўлди. Бу унга хотирасини тозалашда ёрдам берди. Ўзининг исмини ташкил қилган тўртта ҳарфни ўзлаштирган Молли бошқа ҳарфларни ўрганишни рад этди. У ўз исмини шохчалар билан ясар, бир жуфт гул билан безатар ва ўз асарига шавқ билан термулганча, унинг атрофида айланиб юрарди.

Молхонанинг бошқа жониворлари А ҳарфидан нарига ўта олмадилар. Бундан ташқари, қўйлар, ўрдаклар ва товуқлар сингари энг ақлсиз ҳайвонлар ҳатто ҳайвонизмнинг етти арконини ҳам ёдлай олмасликлари аён бўлди. Узоқ мунозаралардан сўнг, Сноуболл еттита тамойил битта ҳикматга жамланиши мумкинлигини эълон қилди, у шундай жаранглар эди: «Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво». Ҳайвонизмнинг асосий тамойили, деди у, шу фикрда жамланган. Уни чуқур ўзлаштирган ҳайвон инсоннинг таъсиридан холос бўлган ҳисобланади. Бир қараганда, бу тамойил қушларни истисно қиларди, чунки уларнинг ҳам оёқлари иккита эди, аммо Сноуболл бунинг унақа эмаслигини исботлади.

– Қушларнинг қанотлари, ўртоқлар, – деди у, – бу ҳаракат аъзоси эмас, ҳаракатланиш аъзосидир. Демак, уларни оёқлар деб ҳисоблаш мумкин. Инсоннинг ўзига хос белгиси – унинг қўлларидир, бу қўл ёрдамида у ўзининг барча ёвузликларини амалга оширади.

Қушлар Сноуболлнинг узундан-узоқ баландпарвоз гапларини барибир тушунганлари йўқ, бироқ унинг шарҳлари маъносини англадилар, барча саводда қолоқ ҳайвонлар янги афоризмни тиришқоқлик билан ёдлашга киришдилар. Катта-катта ҳарфлар билан катта омборнинг орқа деворидаги еттита тамойилнинг тепасига янада катта ҳарфлар билан «Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво» деб ёзиб қўйишди. Ниҳоят, уни ўзлаштирган қўйлар янги ҳикматни олқишлаб қарши олдилар ва кўпинча, яйловда юрганда, ҳаммалари жўровоз бўлиб баърай бошладилар: «Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво! Тўрт оёқ – аъло, икки оёқ – расво!» Улар соатлаб, чарчоқ нималигини билмай, буни давом эттиришлари мумкин эди.

Наполеон Сноуболлнинг қўмиталарига ҳеч қанақа қизиқиш билдирмади. Унинг айтишича, кексалик томон яқинлашган авлод учун ўсиб келаётган ёш авлодни ўқитиш ҳар қандай бошқа ишдан муҳимдир. У ўз нуқтаи назарини айнан ҳосил йиғим-терими тугаб, Жесси ва Блюбелл тўлғоқда тўққизта кучукча туққан пайтда айтди. Улар эмизишдан чиққан куниёқ, Наполеон энди уларнинг таълим олишларига шахсан ўзи жавобгар эканини айтиб, кучукчаларни онасидан олиб қўйди. У кучук болаларини чордоққа жойлаштирди, бу ерга фақат чўчқаларнинг штабхонасидан зина орқали чиқиш мумкин эди. Кучукчаларни бошқалардан шу қадар қаттиқ иҳоталашдики, молхонанинг бошқа яшовчилари тез орада кучукчаларнинг мавжудлигини эсидан ҳам чиқариб юборди.

Молхона

Подняться наверх