Читать книгу Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм - Ибадулла Самандарович Байджанов - Страница 6
Қадимги шарқ архитектура назарияси
ОглавлениеЎрта Осиёда фанлар тарихини ўрганиш соҳасидаги ютуқлар талайгина. Бироқ, ХХ- асрнинг 60-йилларига қадар меъморшунослик фанига ўзларининг ҳиссаларини қўшган. Ўрта Шарқ мамлакатларида яшаб ижод этган ўрта аср олимларининг меъморчиликка доир асарлари фанга маълум эмас эди. Бу эса ўз навбатида, Ўрта Осиё меъморчилик санъатининг ўтмишда назарий асослари бўлганми ёки йўқми? деган саволни келтириб чикарган эди.
Аксарият Ғарб олимлари бу саволга жавоб излаб нафақат Ўрта Осиё, балки Ўрта Шарқ мамлакатлари архитектурасининг ҳам назарий асослари бўлмаган, деган фикрга келиб колган эдилар. Бирок бу тушунчага ўрта аср Шарқ олимларининг ишлари ўрганилгач, чек қўйилди. Биз қуйида ана шундай тарихий манбаларнинг айримларига тўхтаб ўтамиз.
Бизга маълум бўлган қомусий асарлар орасида ХV асрда яшаб, асилзодалар авлодига мансуб бўлган катта амалдорлардан бири Вожид Алининг «Матла ул-улум ва мажма ул-фунун» («Фаннинг келиб чикиши ва техника билимларининг тўплами») номли асари муҳим аҳамиятга моликдир. Китобнинг 31-бобидаги меъморлар санъати қисмида иморат қуришнинг қуйидаги 14 моддадан иборат қоидалари берилган [5.– 42 б]:
1. Қурилиш учун жой танлаш (1-модда). Ер қатлами зич ва қаттик бўлиши керак, лекин асло қумлик ва таги бўш бўлмаслиги лозим.
2. Ер майдони (4, 10-моддалар). Ер майдони тўғри чизиқли бўлиши керак. Агарда уй қурулиши кўзда тутилаётган ер майдони учбурчак шаклида бўлса, иморатни шундай жойлаштириш керакки, ҳовли тўғри бурчак шаклини олсин. Учбурчак ромб ва параллелограмм шакллари хўнук кўриниб, дидга мос эмас. Номувофиқ қисмларини бартараф қилган ҳолда квадрат, тўғри бурчакли, олти бурчакли ёки саккиз бурчакли ҳовлига эга бўлиши мумкин.
3. Пойдевор (2-модда). Бино пойдеворининг кенглиги ва чуқурлиги унинг катта -кичиклигига муносиб бўлиши керак. Агар иморат бир қаватлик бўлиб, унчалик катта бўлмаса, пойдеворнинг эни 1 ёки 1,5 газ чуқурлиги эса шунга муносиб бўлиши лозим. Агарда иморатнинг баланд бўлиши 2 ёки 3 қаватга кўтарилиши кўзда тутилса, унинг пойдеворини шунга муносиб бўлиши ҳисобга олиниши керак. Бу ҳолда ғиштларни шундай териш керакки, бино пойдеворига сув киришнинг барча ҳолларидан мустасно бўлсин.
4. Иморат курсиси (13-модда). Бино курсиси баланд бўлиши керак. Шунда бино ҳашаматли ва салобатли кўринишга эга булади.
5. Деворлар ҳакида (8-9- моддалар).Бино деворининг эни пойдевори энидан камрок бўлади. Биринчи қаватнинг охиригача девор қалинлиги бир хилда қолса иккинчи қават деворларининг қалинлиги пастки қаватдаги деворга нисбатан озрок камайтирилади. Бунда девор қалинлигини камайтириш усули кейинги қаватга кўтарилган сари ортиб боради. Девор бурчакларини шундай бириктириш керакки, токи ундан ғишт бирикмаларида ҳосил бўлган излар кўринмасин (1-расм).
6. Устини ёпиш (7-14- моддалар). Иморат шипидаги тўсинлар сони ток бўлиши керак, чунки жуфт сон ёмон белги деб ҳисобланган. Иморат томи мустаҳкам ва сув ўтказмайдиган бўлиши керак.
7. Иморат режаси ва мутаносиблиги (3-5-6-12-моддалар). Хонанинг баландлиги унинг кенглигига мувофиқ тушиши керак. Масалан агар йўлак ёки ёпилган йўлнинг кенглиги 4 газга тенг бўлса унинг гумбази ёки томонининг баландлиги кўпрок бўлиши керак. Акс ҳолда номутаносиблик вужудга келади ва бинонинг кўриниши ёмон таасуротга эга бўлади.
Хонанинг йуналиши қайси томонга қараган бўлишига қарамасдан, бўйи энига қараганда кенг бўлиши керак. Иморатнинг ташки дарвозасини ҳовлининг бўйига нисбатан паралель жойлашган деворига қуриш керак, шунингдек, дарвозанинг олд томонини жанубга каратмаслик керак, бу гуёки бахтсизликларни тўсолмас эмиш. Ёпик йўллардаги дарвозаларни кенг ва баланд қилиб қуриш керак.
Иморатга кириш учун қурилган асосий дарвозани эса ички эшикларга нисбатан кенг ва баланд қилиш керак, чунки иморатнинг қадр-қиймати, асосан ташқи дарвозанинг гўзаллиги ва салобатида намоён бўлади. Паст дарвоза ҳаддан ташқари ёмон таассурот қолдиради.
– Шамоллатиш (1- модда). Хонанинг ички қисмини ҳаво бемалол кириб- чиқиб турадиган қилиш керак. Хонанинг бундай энг муҳим сифатини бузиш, ҳар хил буғланишларнинг алмашинувига олиб келиб, турли касалликларга сабаб бўладиган буғуқ ҳаво ҳосил қилади ва ҳакоза.
Юқоридаги қоидалар бир мунча умумлаштирилиб берилишига қарамасдан, ўтмишда ҳам ҳар ҳолда иморат қуришдан олдин уни ҳар тарафлама муҳитга ва қурилаётган жойга мувофиқлаштириш, уйғунлаштириш ва ҳисоблаш ишлари олиб борилганлигидан далолат беради.
Шарқнинг таниқли қомусий олими ва мухандиси Ёкуб ибн Исхок ал Кинди (801—866) уйғунлик хусусида маҳсус асар ёзади ва уни «Уйғунлик ҳақидаги катта китоб» деб номлайди. Ал – Кинди уйғунликка изох берар экан, у «муносабатларни ўрганишдан ва бир сонни бошқасига айлантиришдан, мутаносиблик ва номутаносибликни фарқлашдан иборатдир» деб тушунтиради [26. -97 б].
1-расм. Бибихоним масжидининг қурилиши. Расм юқорисидаги бош меъмор қўлида бино макети кўрсатилган. «Зафарнома"га ишланган миниатюрадан олинган
Машҳур Шарк файласуфи Абу Наср Фаробийнинг Х асрда ёзган «Геометрик шаклларнинг нафислиги ҳақидаги маънавий гўзал усуллар ва табиий сирлар китоби» меъморларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Фаробий энг яхши мутаносибликлар ҳақидаги ижодий изланишларни, гўзал нисбатларда қараб чиққан ва санъат асарларининг хандасавий уйғунлиги билан боғлик бўлган гўзаллик сирларини очиб берган.
Фаробийнинг ушбу асарини рус тилига таржима қилган олимлар бу асарни Абул Вафо Бузжонийнинг Фаробийдан кейин ёзган «Ҳунармандларга хандасавий ясамалардан нималар зарурлиги ҳақида"ги китобига деярли тўлиқ мос келишини айтиб ўтган.
Ушбу китоб муқаддима ва ўн бобдан иборат бўлиб, уларда геометрик шакллар ва уларнинг ясалиш услублари ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, етти бурчакларни таркибий қуриш, кўпбурчакларни шаклнинг берилган томони ва бошқа параметрлари бўйича ясаш; айлана ичига тенг томонли учбурчак, квадрат, беш, олти, етти, тўққиз ва ўн икки бурчакларни чизишга асосланган ясалишлар ҳамда хандасавий қуриш бўйича бошқа зарур маълумотлар келтирилган. Фаробий ўзининг «Фозил шаҳар аҳолисининг қарашлари ҳақида"ги рисоласида «шаҳарни ҳам, уйни хам инсон қоматига таққослаш зарур» деб ёзади [6.– 34 б]. Бу билан олим фозил шаҳарнинг соф инсон қоматига ҳамоҳанг ва мос тарзда қурилишини орзу қилади. Унинг фикрича, «гўзаллик ва фойдалилик”ни бир- биридан ажратиб бўлмайди, уларнинг қўшилиши эса уйғунликка олиб келади [6.– 35 б].
Маълумки, Шарқда нафақат бинокорлик санъати, балки боғ- истироҳатчилик ҳам кенг ривож топган. Хиротлик Розил Херавий ХVI асрда агротехника ва меъморий боғларни яратиш бўйича саккиз бобдан иборат ажойиб асар ёзди.
Унинг саккизинчи боби «Дарахтларни боғ режасига мослаб экиш ҳақида» деб аталиб, унда боғларни мунтазам режа асосида тўғри бурчакли бўлишлиги, уфк томонларига ориентацияланиши, боғ девор билан айлантирилган ва периметри бўйлаб тўғри қатор толлар экилишига кўрсатма берилган [17.– 89 б].
Бош хиёбоннинг боғ саройига туташтирилиши зарур. Боғ худудини тежамли суғориш ва боғ ичига сув олиб кириш, хиёбонлар бўйлаб ариқ ўтказиш, сарой (кушк) олдига ховуз бунёд этиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Боғ атрофи ички тарафидан ариқ билан айлантирилиши зарур бўлган.
Боғ экинлари учун манзарали ва мевали дарахтлар таклиф этилган. Гуллар турини танлаш масаласи шундай ечилганки, токи боғда гуллар эрта баҳордан то кеч кузгача узлуксиз очилиб турсин [8.-74 б].
Меъморлар ва боғбонлар учун нафақат ана шундай рисолалар ёзилган, балки Х-ХV асрларда меъморлар томонидан тайёрланган чизмалар, «намунавий"лойиҳа ўрамлари ҳатто махсус мураккаб (альбом) лар ҳам мавжуд бўлган. Илк бор Н.Б.Бакланов томонидан ўрганилиб нашр этилган ХVI аср Бухоро меъморининг чизмалари фикримизнинг далилидир. Унда Г. А. Пугаченкова айтганидек, хонакох, сардоба, карвон сарой ва работларнинг бир неча намунавий лойиҳалари, шунингдек, ғишткор безаклар, гирихлар ва муқарнасларнинг чизмалари ҳам акс эттирилган [18.-67 б].
Хуллас, шуни таъкидлаш зарурки, ўрта асрдаги Ўрта Осиё меъморчилиги ва бизгача қолган тарихий ёдгорликларнинг қурилиши ўзининг чуқур назарий асосларига эга бўлган ва бу назарий билимлар ўрта аср муаллимлари томонидан ёзиб қолдирилган асарларда бизгача етиб келган.
Бу асарларни ўрганишда замондош меъморлар, олимларимиз М.С.Булатов, Г.А.Пугаченкова, П. Ш. Зохидов, М.К.Ахмедов ва А. С. Ураловларнинг хизмати катта. Шундай экан бу улкан меросдан замонавий «Архитектура"таълими тизимида унумли фойдаланишимизнинг бўлғуси меъморларни касбга ўргатишимизда бундай назариядан уларни ҳам хабардор килишимиз фойдадан холи иш эмасдир.
«Чор унсур» тушунчаси ва унинг мазмуни
Жаҳон халқларини ўз фалсафаси, дини, эътиқоди, удум ва анъаналари, тили билан бойитиб келган Ўрта Осиё халқларининг нафосат дунёси ва маънавияти ҳам кўп қирралидир. Бу қирраларнинг бири ўрганилган, бошқаси эса энди ўрганилмокда. Шарқ халқлари тафаккурига мансуб мукаддас «Чор унсур «фалсафаси хам ана шундай азалий маънавият маҳсулидир.
Унинг ёши Авестога ва ундан ҳам олдинги узоқ қадимий даврларга тўғри келади. Авесто таълимоти ҳам «Чор унсур» фалсафаси билан суғорилган. Авестога асосланган зардуштийлик дини эса дунёдаги динлар орасидаги энг қадимгиси ҳисобланиб, инсоният тараққиётига бевосита ва билвосита жуда катта таъсир кўрсатган. Бу таълимот Ғарб давлатларига кенг тарқалиб, юнонча"зороасризим» тарзида зикир этилган. Демак «Чор унсур» фалсафаси ушбу дин орқали Ғарб давлатларига тарқалган.
«Чор унсур" жамики фанларнинг асоси, Авесто ва жаҳоний динларнинг пойдевори, Ислом фалсафаси ва Шарқ халқлари имон-эътиқодининг мазмуни ҳисобланган. «Чор унсур» ҳақида китоблар ёзилган. Улардан бири Мирзо Абдулқодир Бедилнинг (1644—1721) айнан шу номдаги асари -«Чор унсур» дир [19.-23 б].
Бедилнинг ёзишича, ҳали Авесто дунёга келмасдан бурун бутун шарқ халқлари, хусусан Ўрта Осиёлик аждодларимиз бутун борлиқ ва тирик жонзотларни чор унсурдан, яъни -тупрок (хок), сув (об), нур (нор), ҳаво (бод) каби яралганларнинг қўшилишидан яратилган деб билганлар [19.-37 б].
Абу Наср Фаробий (VIII—X асрларда) ҳам ўзининг «Илмларнинг келиб чиқиши» асарида ердага барча нарсалар тупроқ, сув, олов ҳавонинг турли миқдорда қўшилишидан ташкил топади, осмон жисмларини ҳам алоҳида, мустақил нарсалар деб эмас, шу тўрт унсурдан таркиб топади, дейди [7. -42 б].
Материкнинг турли минтақаларида ана шундай тўрт унсурнинг миқдори турлича бўлишлиги ушбу минтақаларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳам, ҳайвонот ва наботот оламини ҳам, инсонларнинг яшаш турмуши, мижози ва урф одатларини ҳам турли туман қилиб юборган.
Демак, «Чор унсур"ни бутун оламнинг моддий асоси, оламдаги барча ўзгаришлар ва ҳаракатларни эса ушбу тўрт унсурнинг ўзаро турлича бирикувидан вужудга келган воқеликдир, деб тушуниш мумкин.
Чор унсур таълимотининг моҳияти эса ушбу тўрт унсурнинг бирикуви, ўзаро таъсирида ва яхлитлигида муайян қонуниятларнинг ётиши ва уларнинг ҳам ўз навбатида коинот уйғунлигига боғлик эканлигидадир. Зеро чор унсур ана шу уйғунлик бағрида воқедир. Инсон турмуши ва ҳаёти, унинг бунёдкорлик ишларининг асоси ҳам айнан шу уйғунлик ва мутаносибликка алоқадордир.
Шарқ сарзаминида фалсафий мушоҳада кўп минг йиллик тамаддун ҳосиласи ўларок, аввалбошдан Миср, Сурия, Ироқ, Марказий Осиё, Ҳинд ва Эрон халқларига хос бўлган. Шарқ цивилизацияда ҳеч қачон дин ва фалсафа бир-биридан ажратилмаган. Фалсафа диний таълимот мағзига жо булган.
Шунинг учун шарқ халқлари фалсафасини, унинг тамойил ва мезонларини юнон фалсафасига қўлланган ёндошувлар тизимидан келиб чиқиб ўрганиш нотўғри бўлади. Шарқликларнинг дунёвий қарашлари ўша даврлар шароитига мос бўлган кўринишда, содда мулоҳаза, тушунча ва ривоятлардек туюлса-да, рамз ва ишоратларга бой, чуқур маънога эга бўлган.
Албатта, мулоҳазалар фалсафа эмас, аммо уларнинг шарҳи фалсафага хос мантиқий ёндошувларга олиб келади. Уларнинг асосида шарқ халқларининг бизга номаълум оламларни тушуниш ва талқин қилиш ҳаракати ётадики, бу ўша даврларнинг фалсафаси эди. Буни биз мистика ёхуд илоҳиёт деб аташга одатланганмиз.
Бу илмни ўша тамаддун даражаси ва диний-илохий қарашлар тизимини шакллантирган шарқ шароитларидан келиб чиқиб ўрганиш жуда муҳумдир. Зеро, улардаги айрим етакчи ғоялар ер юзининг турли минтақаларида, турли даврларда, турли кўриниш ва шаклларда учрайдиган диний илоҳий назарияларда бир хиллигини кўрамиз.
Веда ҳақиқатларидан суйлаган ва Рухларнинг ўлмаслиги таълимотини ёйган файласуф брахманлар, Худонинг инсонда зуҳр этиш ғоясини тарғиб этган, христианлар, барча фалсафий-диний қарашларни зардуштийлик асосига қуйиб, Нур ва Зулмат манбаларини кўрсатишга ҳаракат қилган монийлик тарафдорлари юқорида зикр этилган даврларда қадимдан яшаб келганлар. Уларнинг қарашлари нафақат бир-бирига таъсир этган, балки бири иккинчисидан озиқланган. Шундай қилиб, қадимда Шарқда шаклланган «Чор унсур» таълимоти Ғарб давлатларида яшовчи халқлар тафаккурига ҳам таъсир қилган [27.– 64 б].
«Чор унсур» таълимотига хос уйғунлик
Ҳалкимизда Аллоҳ илк инсонни (Одам ота ва Момо ҳавони) лойдан, яъни тупрокдан яратган, сўнгилари эса сувдан яралган деган ибора бор. Қуръони каримнинг «Торик» сураси, 5—7 оятида инсон сувдан яратилгандир, деб айтилган. Дарҳақиқат, соғлом инсон организмида Чор унсур (тупроқ, сув, ҳаво, нур) нинг ўзига хос нисбатдаги уйғун мутаносиблиги мавжудки, буни инкор этиб бўлмайди.
Чунки ушбу мутаносиблик бузилса инсон саломатлиги ҳам бузилади. Нафақат инсонлар балки ер юзидаги барча жонзотлар ва моддалар ҳам Чор унсурнинг муайян уйғунликдаги аралашмасидан таркиб топганлар. Табиатга хам ана шундай уйғунлик хосдир [23.-76 б].
«Бу дунё бир чархпалак» (чархи ёки гардиши фалак) дейишади ҳалкимиз. «Чор унсур» табиат ва бутун оламнинг даврий ҳаракатини чархпалак сингари айланиб туришини англатган. Йилнинг тўрт фаслини, яъни буржини Чор унсурнинг ҳаракатидан деб, қуйидагича изоҳлашган:
– Буржи обий -сувли (ёмғирли) баҳор фасли;
– Буржи норий -нурли (самовий оташли) ёз фасли;
– Буржи бодий -боди ҳаволи, мезон шамолли, куз фасли;
– Буржи хокий -ўсимлик ва жониворларни чиритиб тупроқка айлантирувчи қиш фасли [19.– 32 б].
Фалак чархи (бахт ва ҳаёт рамзи) ана шу тўрт фаслга нисбатлаштирилгандир. Йилнинг тўрт фасли давомида қуёш, ой ва юлдузлар ҳаракатини жуда қадим замонлардаёқ билган аждодларимиз Ўрта Осиёда «шамсий -қуёш тақвимига»(календарига) асос солганлар. Аждодларимиз ернинг тўрт томони -Жануб, Шимол, Шарқ, Ғарб борлигини қадимдан яхши билишган.
Қадимги зардуштийлар эътиқодида ҳам табиатнинг тўрт унсури – куёш (олов),сув, ер ва ҳаво энг муқаддас ҳисобланган. Беруний ва Ибн Сино каби олимларимизнинг билимларини бойитган шарқ фалсафаси ҳам маълум маънода шу «Чор унсур «ҳисобланган. Жумладан, қадимий табобат оламида тўрт фаслнинг инсон саломатлигига тўрт хил таъсир қилиши ҳақида айтиб ўтилган. Масалан, баҳорни қон босими касалликлари даври, яъни «хун «даври,
Чор унсур ва шакллар гармонияси
ёзни саратон билан боғлиқ касалликлар, яъни «сафро» ғалаёни фасли дейилса, кузни меъзон шамоли эсиб турадиган рухий касалликлар фасли, яъни «савдо"даври деб ҳисобланган.
Соғлом одам ҳақида эса «Тўрт мучаси соғ», деб аташган. «Соғ танада соғлом ақл» дейишган Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда «Соғлом авлод учун» шиорининг қуйилиши бежиз эмас. Арастунинг инсон мижозини тўртга (халерик, сангвиник, мелонхолик ва флегматик) бўлиши ҳам Чор унсур фалсафасига асосланган бўлса ажаб эмас.
Иссиқ ва совуқ мижоздан: иссиқ ҳўл, иссиқ-қуруқ, совуқ-ҳўл, совуқ-қуруқли мижозлар келиб чиққан. Булар табиий иқлим шароитларига ҳам боғлиқ бўлган. Табиий-иқлим шароитлари эса яна ўша чор унсурга бориб тақалади, чунки бу унсурларнинг ўзаро мувозанати турли ўлкаларда турличадир.
Демак, Чор унсур элементларига хос бўлган уйғунлик бутун олам ва коинот уйғунлигини, бу эса ўз навбатида инсонларнинг турмуш тарзи, ҳаёт ва урф-одатларигача бўлган жиҳатларини, ҳатто йилнинг тўрт фасли ва улардан келиб чиқувчи инсоний мижозларнинг, жойлардаги табиий-иқлим шароитларининг шаклланишига таъсир кўрсатган ва шу маънода жамиятнинг турмуши ва ижтимоий эҳтиёжлари асоси бўлмиш меъморий иморатларнинг қурилишини ўзида акс эттирган (2,3,4- расмлар).
Шундай қилиб, Чор унсур таълимотининг жамиятдаги мавқеи, ўрни ва роли ўта кенг тушуниш даркор. Унинг хатто жамият мафкурасини, эстетика ва этикасини шакллантиришда ҳам ўзига хос ўрни бор [23. -42 б].
Маълумки, масжид, мадраса ва бошқа иморатлардаги бадиий воситалар ҳам биринчи ўринда жамият мафкурасини акс эттирган. Бу анъаналардан биз миллий истиқлол мафкурасини шакллантиришда, Президентимиз айтганларидек «қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб беришда» фойдаланмоғимиз даркор [3.-7 б].
4-расм. «Чор унсур» таълимотига асосланиб квадрат катаклар ичига чизилган гирих ва ислимий нақшлар тасвири.
Антик Юнонистон маданияти
Антик давр маданияти – жаҳон цивилизациясининг бешиги бўлиб, у даврда философия, маданият фан сифатида шаклланди. Ўша давр юнонларнинг турмуш тарзи, фикрлаши, маънавияти ҳозиргача ҳам инсонларни ҳаяжонга солиб келмоқда.
Антик Европа маданиятининг шаклланишига Месопотамия ва Миср маданиятининг, айниқса арифметика, астрономия, мифология ва теология соҳаларида эришилган дастлабки муҳим ютуқларнинг аҳамияти катта бўлди.
Қадимги Юнон маданияти эр. авв. ХХVIII асрдан эр. авв. II асргача давом этди. Юнонлар ўзларининг ватанини Эллада деб атаганлар. Қадимги Юнон маданиятининг энг юқори даражага кўтарилган даври эр. авв. V—IV асрларга тўғри келади. Қадимги Юнон маданияти жаҳон маданияти тарихида фавқулодда ҳодиса сифатида ўзини намоён этди.
Эллада ҳозирги замон давлатларининг бошқарув шакли – республика ва демократиянинг ватанига айланди. Унинг намунавий шакли Перикл (443- 429 йй) ҳисобланади. Юнонистонда жисмоний ва ақлий меҳнат иккига ажралади. Жисмоний меҳнат бу қулларга, ақлий меҳнат қилиш эса озод кишиларга тааллуқли эди.
Юнонлар давлат ва шахсий мулк, жамоа ва шахсий манфаатларни ўзаро жуда моҳирона боғлай олганлар. Аристократия одоби – мусобақа тамойиллари асосида биринчилардан бўлишга интилиш қадрияти кенг қулоч ёйди. Бундай ўйинлар саҳнаси: Олимпия ўйинлари,1 мунозара, жанг майдони, театр саҳналари эди.
Юнонлар учун эркинлик энг юқори қадрият ҳисобланиб, унинг учун ҳатто ўлимга ҳам тик борганлар. Леонид жасорати ёки Прометей ҳақида афсона бунга мисолдир.
Юнонларнинг турмуш тарзи ҳақиқат, гўзаллик, меҳрибонлик каби категориялар уйғунлиги билан белгиланган. Улар учун меъёр тушунчаси муҳим аҳамиятга эга эди. Шунинг учун юнонларда мулк эркин киши учун ажралмас атрибут бўлса, иккинчи томондан очкўзлик, молпарастликни қоралаганлар.
Инсонни тарбиялаш учун икки йўналиш бўйича таълим тизими вужудга келтирилган: а) «гимнастика»; ва б) ақлий йўналишдаги барча маданият турлари, чунончи, табиий фанлар, фалсафа, нотиқликни ўрганиш. Озод юнонларнинг болалари 7 ёшдан бошлаб бошланғич мактабга борганлар. Бадавлат кишиларнинг болалари эса 18 ёшгача гимназияларда ўқишни давом эттирганлар.
Болалар мактабларда чиройли ёзишга, аниқ ва равон сўзлашга ўргатилган. Улар Гомер, Гесиод ва бошқа шоирларнинг шеърларини ва достонларини ёд олганлар. Юнонлар ашула айтиш, рақсга тушиш, лира созини чалишни билмайдиганларни ўқимишли деб ҳисобламаганлар.
Болалар улғая борган сари югуриш, курашга тушиш, сакраш, диск, найза отиш ва қилич чопиш билан шуғулланганлар. Шу тариқа, улар ватан ҳимоячилари сифатида тайёрланган.
Айниқса, бу соҳада Спарта мактаби ажралиб турган ҳар қандай эркин юнон полис (шаҳар) давлатини энг олий эҳсон деб қабул қилган ва унинг ватанпарвари бўлган. Биринчи юнон файласуфи Фалес бўлиб, у сувни оламдаги барча моддий борлиқнинг асоси деб ҳисоблаган. Юнон фалсафасининг энг юксак намояндалари сифатида Суқрот, Платон ва Аристотель ҳисобланганлар.
Юнонистонда оламни фалсафий мушоҳада қилиш—мантиқ ва тасдиқлашга таянган илмий ва рационал фикрлаш методи орқали билиш мумкинлигига асос солинган. Пифагор, Евклид ва Архимедлар математика ва математик фанлар – геометрия, оптика, гидростатика фанларининг асосчилари ҳисобланади. Астрономия соҳасида Аристарх биринчи бўлиб геоцентризм ғоясини илгари сурди. Гиппократ – медицина фанига асос солди.
Геродот тарих фанининг отаси ҳисобланади. Аристотель асарлари маданият назарияси бўйича биринчи фундаментал илмий ишлар қаторидан ўрин олган эди. Деярли ҳозирги замон маданиятининг жанрлари қадимги Юнонистонда пайдо бўлди. Баъзилари ўша даврнинг ўзида жуда юқори даражага кўтарилди.
Фидий бошчилигида бадиий тасвирий санъат асарлари, Зевснинг катта ҳайкали бунга мисол бўла олади. Юнонлар биргина яратувчилик билан шуғулланиб қолмай, шу билан бирга гўзаллик қонунлари билан яшашни ҳам ҳоҳлар эдилар. Шунингдек, юнонларда ибтидоий дин шакллари – тотемизм, анимизм ва фетишизм тасаввурлари кучли бўлган.
Ибтидоий жамоа тузумидан синфий жамиятга ўтиш давомида юнонларнинг диний тасаввурлари ҳам ўзгариб борган. Уларда ҳар бир йирик ҳодиса, касби-корнинг ўз худолари – хомийлари бўлган.
Зевс – юнонларнинг энг муқаддас бош худоси ҳисобланган. У осмон, момақалдироқ, чақмоқ ва ёмғир худоси бўлган. Уни одамлар жингалак сочли, бақувват, серсоқол, қудратли, қўлида чақмоқ ушлаган, басавлат киши сифатида тасаввур қилганлар.
Зевснинг укаси Пасейдонни «ерни тебратувчи» даҳшатли денгиз худоларидан бири деб билганлар. Гелиос қуёш худоси бўлиб, оппоқ отлар қўшилган олтин аравасида осмонга чиққанда кундуз бошланади деб фикр юритганлар.
Апполон эса ёруғлик ва санъат худоси саналган. Деметрий ҳам илоҳий тимсол сифатида ўсимликларнинг униб чиқиши, ўсиши, сарғайиши гўёки унга боғлиқ бўлган. Ер ости ҳукмдори – ҳомийси Аид бўлган. Дионис виночилик, Афродита аввал ҳосилдорлик, кейинчалик севги ва гўзаллик ҳамда денгиз сайёҳлари ҳомийси бўлган.
Зевснинг қизи Афина, юнон афсоналарига кўра уруш, ғалаба, санъат, билим ва донолик маъбудаси бўлган. У Афина шаҳрининг ҳомийси бўлиб, ҳайкалтарош Фидий томонидан шаҳардаги Парфенон ибодатхонаси олдида унинг ажойиб ҳайкали ишланган. Юнон худоларидан бири, Зевс ва Геранинг ўғли Гефест темирчилик ҳомийси ҳисобланган, Вулқон лаваларининг отилиши ҳам унинг ер остидаги темирчилик устахонасининг маҳсули деб ҳисоблашган. Гермес савдо-сотиқ худоси сифатида эътироф этилган.
Юнонларнинг фикрича, уларнинг Зевс бошлиқ худолари баланд Олимп тоғларида яшаганлар ва бадавлат кишилардай ҳаёт кечирганлар. Улар ҳам одамлар каби шуҳратпараст, ҳокимиятпараст, шафқатсиз ва қасоскор бўлганлар. Юнон худоларининг одамлардан фарқлари шундаки, биринчидан улар умрбоқий, иккинчидан, улар Гефестдан ташқари 2 гўзал ва қадди қомати келишган бўлишган.
Юнон худолари ҳам севишган, хурсанд ёки ғамгин, ғазабли ҳолатларда намоён бўлганлар. Ердаги аёллар билан худолар қовушувидан қаҳрамонлар дунёга келганлар.
Юнонлар ўз худоларига ишонишган, сиғинишган, уларга атаб ибодатхоналар қуришган ва қурбонликлар қилишган. Лекин юнонларда худоларга кўр-кўрона сажда қилиш, мутаассиблик даражасида бўлмаган.
Масалан, Прометей худолар иродасига қарши одамларга осмондан оловни ўғирлаб олиб тушиб берган (Прометей афсонасидан).
Юнон мифологиясида биргина худоларни эмас, ердаги инсонларни ҳам улуғлаганлар. Бунга Софоклнинг «Дунёда буюклар кўп. Лекин, инсондан бошқа табиатда кучлиси йўқ», ёки Архимеднинг «Менга таянч нуқтасини топиб беринглар, мен дунёни остин-устун қилиб ташлайман» деган ибораларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Қадимги Юнон маданияти бешта даврга бўлинади:
Эгей маданияти (эр. авв. 2800—1100 йиллар);
Гомер даври (эр. авв. ХI—IХ асрлар);
Архаик маданият даври (эр. авв. VIII—VI асрлар);
Классик (юқори даражадаги) даври (эр. авв. V—IV асрлар);
Эллинизм даври (эр. авв. 323—146 йиллар).
Эгей маданиятини кўпинча Крит-Микен маданияти деб ҳам аташади. Бунинг сабаби Крит ороли ва Микен Юнон маданиятининг асосий марказлари саналган. Шунингдек бу даврни афсонавий подшо Миноснинг номи билан Миной маданияти деб ҳам аташади.
Эрамиздан аввалги уч мингинчи йилларнинг охири, икки мингинчи йилларнинг бошларида Крит оролида Кносс, Феста, Мали ва Като-Закро шаҳар давлатлари вужудга келди. Шаҳарларнинг тутган ўрнини ҳисобга олиниб, баъзида уларни «Сарой маданияти» деб ҳам аташади. Бу даврда асосий машғулот қишлоқ хўжалиги бўлиб, бунда дон, узум, зайтун етиштирилган. Хўжаликда чорвачилик, хунармандчилик ва савдо ҳам муҳим ўрин тутган.
Крит маданиятига тааллуқли Кнос саройи «Лабиринт» номи билан тарихга кирган бўлиб, унинг биринчи қаватигина сақланиб қолган. У кўп қаватли иншоот бўлиб, 300 хонадан иборат, бир гектардан кўпроқ ерни эгаллаган. Саройда сув ўтказувчи мослама (водопровод), канализация ва ванналар, ҳунармандчилик устахоналари бўлган. Саройнинг маҳфий хонасидан аёл худонинг қўлида илонни ушлаб турган ҳайкалчаси топилган. Саройнинг деворларида ҳозиргача «Гуллар терувчи», «Қушни тутишга шайланаётган мушук», «Хўкиз билан ўйин» каби расм манзаралари сақланиб қолган.
Крит ўзининг чизиқли ҳарфларидан иборат ўз ёзувига эга бўлган. Лекин бу ёзувни ҳанузгача ҳеч бир олим ўқиб чиқишга эга бўлмаган.
XI—IX асрларнинг Гомер асри деб аталиши сабаби шуки, бу даврни ёритиб берувчи асосий манба Гомернинг «Одиссея», «Иллиада» достонлари бўлган. Бу даврда давлатчилик, шаҳар – сарой турмуш маданияти ва ёзув йўқ бўлиб боради, меҳнат қуролларини темирдан ясашга ўтилиши натижасида меҳнат унумдорлиги анча ўсади, деҳқончилик ва чорвачилик ривож топади. Савдо-сотиқда эса айирбошлаш воситаси қорамоллар ҳисобланган.
Архаик даврга хос хусусияти шундаки, Юнонистонда уч аср давомида қишлоқдан шаҳарга, уруғ-қабилачилик, патриархат муносабатларидан классик қулчилик босқичига ўтиш учун замин етилади.
Шаҳар – давлат ижтимоий ҳаётининг асосий шакли бўлиб қолади. Давлат тузумининг шакллари – монархия, олигархия, аристократик ва демократик республика бўлган. Юнонлар финикияликларнинг ёзуви асосида 24 ҳарфдан иборат ўз алифболарини яратганлар. Бу алифбода ҳам ундош, ҳам унли товушларни ифодаловчи 24 харф бўлган.
Юнонистонда таълим тизимининг ютуғи туфайли полиснинг эркин кишилари орасида саводсизлар йўқ эди. Жамият қадриятлари ва аҳлоқий нормалар шакллана боради. Бунда ватанпарварлик ва фуқаролик муҳим ўрин тутган. Ўз шаҳрини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи ҳисобланган. Худди шу даврда инсон танаси билан руҳ ўртасида уйғунликни ифодаловчи идеал инсон тўғрисидаги ғоя шаклланади.
Фалсафа ва бошқа фанлар вужудга келади. Фалсафа фанига Фалес, Пифагор эса математикага асос солади. Аввал ёғочдан, кейинчалик тошдан фойдаланиб ясаладиган монументал ҳайкалтарошликка асос солинади. Шулардан кўпроқ тарқалгани: 1) яланғоч ҳолдаги эркакларнинг ҳайкаллари – «курос»; 2) тикка турган аёллар ҳайкаллари – «кора».
Поэзия соҳасида Гомернинг «Иллиада» ва «Одиссея» достонлари яратилади. Кейинроқ шоир Гесиод томонидан «Теогония» ва «Аёллар каталоги» поэмаларида антик мифология ўзининг классик даражасига кўтарилади. Антик шоирлар орасида Архилох (лирик поэзия асосчиси), ҳамда шоира С.О.Лесбос ижодлари алоҳида ўрин тутади. Гўзаллик, севги, ҳузур-ҳаловатни куйлаган Анакреонта ижоди А.С.Пушкин ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган.
«Греция мўъжизаси» номи билан тарихга кирган классик даврда (эр. авв. V—IVасрлар) қадимги юнон цивилизацияси ва маданияти яшнаб энг юқори чўққига чиқди. Бу даврда юнонлар эронликлар устидан ғалабага эришгач, иқтисодиёт, савдо кенг ривожланади. Афина Ўрта Ер денгизида энг катта савдо марказига айланади. Афина, Миср, Карфаген, Крит, Сурия, Финикияликлар билан савдо алоқаларини олиб боради.
Юнон фалсафаси юқори даражага кўтарилади. Шу даврда антик давр ақллилик даҳолари Суқрот, Платон, Аристотель каби буюк файласуфлар яшаб ижод қилганлар. Суқрот биринчи бўлиб инсон ҳаёти, яхшилик, ёмонлик, адолат каби муаммоларни мушоҳада қилишга асосий ўрин берди.
Суқротнинг шогирди Платон (эр. авв. 429—347 йй) Афина аристократиясининг вакили эди. У эр. авв. 385 йили Академия номи билан файласуфлар мактабини ташкил қилган. Платон ўзининг идеал давлат тўғрисидаги ғояларини мунозара шаклида ёзган. Унингча идеал шаҳар давлатни оиласи, хусусий мулки бўлмаган файласуфлар бошқариши зарур эди.
Идеал шаҳарнинг аҳолиси жангчилар ва оддий халқ (ҳунармандлар ва деҳқонлар) га бўлинар эди. Келиб чиқиши чет эллик бўлган қуллар ҳам бор эди. Платон тизимини Аристотель (эр. авв. 384—322 йй.) танқид остига олган эди. Унинг «Сиёсат» номли машҳур асарида ўша даврда маълум бўлган билимларни алоҳида соҳаларга – ботаника, физика, сиёсат, тарих каби номларга биринчи бор бўлинган эди.
У «Метафизика» асарида фалсафа фанининг метафизик йўналишига асос солган. У Македония подшоси Александр Македонскийнинг устози бўлиб, «Биринчи муаллим» номи билан машҳур бўлган.
Худди шу даврларда «Тарих фанининг отаси» Геродот (эр. авв. 490—430 йй), атом назариясининг асосчиси Демокрит (эр. авв. 460- 370 йй), машҳур табиб, 72 та китоб муаллифи Гиппократ (эр. авв. 460—375 йй) каби машҳур олимлар яшаб ижод қилганлар.
Архитектура ва шаҳар қурилиши бўйича Милетлик Гипподам томонидан шаҳарларнинг режалаштириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра шаҳар жамоа маркази, яшаш учун уй-жой ҳамда ишлаб чиқариш ва порт зоналаридан иборат бўлиши керак эди. Монументал қурилишнинг асосий тури ибодатхоналар бўлган.
Архитекторлар – Гектин ва Каликратлар томонидан қурилган Афина Акрополи жаҳон архитектурасининг ноёб намуналаридан бири ҳисобланиб, унда 46 та устун ва ҳайкаллар мавжуд бўлган.
Таниқли архитектура иншоотлари ичида дунёнинг етти мўъжизасидан бири Эфесдаги Артемида ибодатхонаси бўлиб, унга ёвузлик тимсоли бўлмиш Герострат томонидан ўт қўйилган эди. Қайта тикланган ибодатхона қурилишида ҳайкалтарошлар Праксител ва Скопаслар томонидан ишланган 127 та устун ажойиб ҳайкаллар ва расмлар акс эттирилган эди.
Классик даврда юнон ҳайкалтарошлик санъати «Эллада» етакчи ўринни эгаллаган эди. Ҳайкалтарошлар ичида энг таниқлиси Фидий бўлиб, унинг Олимпияда яратган Зевс ҳайкали (бўйи 14 метр) оламнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланган.
Унинг Афина ҳайкали (бўйи 12 метр) Афина Акрополининг марказига қўйилган. Промахос (Афина жангчиси) ҳайкали (бўйи 9 метр) жангчи кийимини кийган, найза ушлаб турган аёл худо қиёфасида тасвирланган бўлиб, у Афинанинг ҳарбий қудратини ифодалаган. Фидий Афина Акрополи қурилишида ҳам иштирок этган.
Пифагор Регийский «Оёғидан тиконни чиқараётган бола», Мирон «Дискабол» ва «Афина ва Марсий», Поликлет «Дорифора» ва «Яраланган Амазонка» каби ҳайкалларни яратганлар. Поликлет инсон танасининг мутаносиблиги ҳақида «Қанон» асарини ёзган.
Пракситель, Скопас, Лиссил қуйи классика давр намояндаларидир. Пракситель юнон ҳайкалтарошлигида биринчи бўлиб яланғоч аёл образи – «Афродита Книдская» ҳайкалини яратган. Пракситель ижоди учун дид, нозик гўзаллик хос бўлиб, улар «Мусаллас қуяётган сатир», «Эрот» ҳайкалларида айниқса ёрқин намоён бўлган.
Скопас Пракситель билан биргаликда Эфесдаги ибодатхона ва Галикарнасдаги Артемида мақбарасини бунёд этишда иштирок этганлар. Сарой рассоми Лиссип Александр Македонскийнинг ҳайкалини яратган. У инсоннинг ички дунёси, кечинмаларини ўз асарлари орқали намоён қилган. Бунга «Ором олаётган Гермес», «Шиппагини боғлаётган Гермес», «Эрот» асарлари мисол бўла олади.
Поэзия соҳасида Афина демократиясини қабул қила олмай, аристократия табақасини ўз асарларида улуғлаб куйлаган шоир Пиндар Олимпия ўйинлари ғолибларига атаб қасидалар, қўшиқлар ёзган. Қадимги Юнон маданиятидаги театр соҳасида трагедия, комедия жанрларининг пайдо бўлиши ва равнақи муҳим воқеа ҳисобланади.
Юнон театри қишлоқ хўжалиги ҳомийси бўлган Дионис шарафига ўтказиладиган байрамлар вақтида ижро этиладиган халқ қўшиқлари ва ўйинлари асосида вужудга келган. Дионис байрамлари токлар, дарахтлар барг чиқарган баҳорда ва кузда ўтказилган. «Трагедиялар отаси» Эсхил (525—458 йй) 90 дан ортиқ трагедия ёзган.
Эсхил ўз трагедияларида афсонавий воқеалардан фойдаланган бўлсада, уларда ўз даврининг муҳим масалалари кенг ўрин тутган. Масалан, ҳалок бўлиб бораётган матриархат билан патриархат ўртасидаги зиддиятлар масаласига бағишланган «Орестея» трилогияси: «Агамемнон», «Хоэфорлар» ва «Авменида» асарларидан иборат. Унинг энг машҳур трагедиялари бўлса «Занжирбанд Прометей» ва «Форслар"дир. «Занжирбанд Прометей» асари инсоннинг куч-қудрати, иродаси буюклиги тимсолидир.
Жумладан, Зевс томонидан юборилган Гермесга Прометей қандай азоб-уқубатлар билан жазо берилишини эшитгач, шундай дейди:
Ва на қатл, ва на макр қилмас асло кор,
Айтмасман Зевсга ҳеч қандай сир-асрор,
Чақмоқ чақиб, майли ўтда куйдирсин.
Осмону фалакни оппоқ қуюндек,
ҳаммасини батамом-буткул қуритсин:
Аммо иродамни буколмас асло,
Жаҳаннам ўтини қилса ҳам пайдо.
Ким унинг ҳокимлигини этишин бекор,
Хомтама бўлмасин, айтмасман зинҳор.
Эсхилнинг «Форслар» трагедиясида Юнонистон – Эрон урушларида юнонларнинг қаҳрамонона кураши ва ғалабаси акс этган. Яна бир буюк трагедия шоирларидан бири Софокл (496—406йй) бўлиб, у 120 дан ортиқ трагедиялар ёзган. Улардан бизгача еттитаси етиб келган, холос. Афина театрида дастлаб қўйилган «Антигона», «Шоҳ Эдип» асарлари унга шон-шуҳрат келтирган.
Трагедия жанри билан биргаликда комедия7 жанри ҳам вужудга келиб, ривожланади. Комедия жанрининг отаси Аристофан (450—388 йй) бўлиб, унинг асарлари содда, тушунарли, халқ тилида ёзилган ва ҳаётнинг муҳим масалалари, жумладан, тинчлик муаммоси акс эттирилган. Жумладан, унинг «Тинчлик», «Аёллар халқ йиғинида», «Суворийлар» асарлари ўз даврида машҳур бўлган.
Қадимги Юнон маданиятининг сўнгги даври бу Эллинизм (323—146йй.) дир. Бу даврда маданиятнинг баъзи соҳаларида, жумладан, фалсафада эришилган ютуқлар даражасидан пасайиш ҳолатлари юз беради. Бу даврда юнон маданиятининг бошқа мамлакатларга, жумладан, Ўрта Осиёга таъсири кучаяди. ҳатто бу жараён Юнонистоннинг Римга қарам бўлганидан кейин ҳам давом этади. Рим Юнонистонни сиёсий жиҳатдан тобе этади.
Фан соҳасида бу даврда етакчи ўринни математика эгаллайди. Унинг асосчилари Евклид ва Архимед каби олимларнинг ижоди туфайли математикадан механика, оптика, қурилиш соҳаларида фойдаланиладиган бўлинди. Астрономия, медицина ва география соҳаларида муҳим ютуқлар қўлга киритилди.
Бу даврда архитектура соҳасида кўплаб ҳашаматли саройлар, кутубхоналар, гимназиялар, уй-жойлар қурилди. Жумладан, Александрияда 799 минг ўрамли китоблар турадиган кутубхона қурилган. Архитектор Состратнинг лойиҳаси асосида дунёнинг етти мўъжизасидан бири, 120 метр баландликдаги Александр маёғи барпо этилган.
Ҳайкалтарошлик соҳасида Эллинизм даврида баъзида йирик шакллардаги ҳайкаллар ҳам яратилган. Хусусан, Херос томонидан яратилган қуёш худоси Гелиос ҳайкали, ёхуд дунёнинг етти мўъжизасидан бири 36 метр баландликда бўлган Родос оролидаги Колосс Родосский ҳайкали бунга мисолдир (мазкур ҳайкал ер силкинишлари натижасида қулаб тушган). Ўша даврда яратилган Афродита (Венера), Милосская ва Ника Самосская ҳайкаллари ҳозиргача дунё маданиятининг ноёб дурдоналари ҳисобланади.
Қадимги Юнонистон маданияти жаҳон маданиятига катта таъсирини ўтказди ва ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Юнон маданиятисиз ҳозирги Европа маданиятини тасаввур қилиб бўлмайди. Шунингдек Шарқ дунёси ҳам Эллинизм маданиятисиз бошқачароқ кўринишга эга бўлган бўларди