Читать книгу Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм - Ибадулла Самандарович Байджанов - Страница 7

Қадимги юнон назарияси. Гипподам

Оглавление

Юнонистон шаҳарсозлигида асосий уч давр мавжуд: архаика (мил. ав.VIII—VI асрлар); классика (мил. ав.. V—IV асрлар) ва Эллинизм (мил. ав. IV—I асрлар). Полисларнинг майдони турлича бўлган. Масалан: Спарта 8400 км2, Афина 2550 км2 ҳудудни эгаллаган эди. Афина аҳолиси 300 минг кишини ташкил қилган, унинг учдан бир қисми қуллар эди.

Селенунт акрополи композициясида полихромия қўлланилган, тарҳида мунтазамлик мавжуд, шаҳарни Карфаген бир неча марта бузган. Пестум шаҳри, буюк Грецияда жойлашган, шаҳар ўртасида думалоқ бассейн бўлган.

Олимп муқаддасгоҳи Алтис дейилган. мил. ав. 776 йилда дастлабки олимпия ўйинлари ўтказилган, бу жойда асосий ибодатхона Зевсга бағишланган эди. Зевс саждагоҳида ёрқин олов ушлаб туришган, ибодатхона қаршисида «ехо» стоаси бўлган. кейинчалик акора пайдо бўлади, Алтис ёнида 40 минг ўринли стадион бўлган, яқинидаги Алфей дарёси ёқасида ипподром бўлган.

Алтис атрофида гимнасий, палестра булевтерий каби иморатлар бўлган, шаҳарнинг ўзи кичкина эди, Олимпия ўйинларига қуллар киргазилмаган, Алтис архаика даврида тузилган бўлсада, мунтазам эмас, балки эркин тархли қилиб қурилган.

Мил. ав. VII—VI аср денгизчилик, савдо-сотиқ, аҳолининг ўсиши колонизация ривожига олиб келди, дастлабки колонизация маркази Эвбея ороли эди, кейин Коринф, Мегара ва Родос шаҳарлари колонияларини қурдилар, баъзан колонияларнинг ўзлари ҳам ривожланиб, колония туздилар.

Милетликлар 80 колония (янги шаҳарлар) қурдилар, шу жумладан Қора денгизда Истрия, Одесса, Олвия, Феодосия, Пантикапей, Диоскуриада шаҳарларини барпо этдилар. Янги шаҳар учун керакли шартлар қуйидагилар ҳисобланган: кема учун кўрфаз яқинлиги, тоза сув, унумли ер, муҳофаза учун рельеф қулайлиги, шамоллар тарзи, ёмғир сувларининг оқиши учун нишаблик ва бошқалар.

Милетлик Гипподам мил. ав. V асрда ижод этган меъмор ва математикдир. шаҳарсозликдаги мунтазамлилик мил. ав. VII—VI асрларда ҳам маълум эди. Этрусклар ва Финикияликлар ҳам уни ишлатганлар, лекин Гипподам уларни янгича функциялар ва эстетик мазмунда қўллаган. Арасту маълумотига кўра, Гипподам Пирей шаҳри қурилишида қатнашган, у Милетни қайта қурган (А. Геркан бўйича). иккала шаҳарда янги ва умумий хусусиятлардан бири шундан иборатки, уларда зоналар, савдо маркази, жамоат маркази ва икки даҳага ажратилган.

Пирейда Гипподам номли майдон икки бандаргоҳ орасида ташкил этилган, ғарброқда омборхона ва порт ҳудуди мавжуд, даҳалар шимоли-шарқда ва жануби-ғарбда жойлашган, Бошқа иккинчи умумий жиҳати асосий кўча жануби-ғарбдан шимоли-шарққа йўналганлигидан иборат, кварталларнинг нисбатлари Гипподамгача чўзинчоқ эди, кейин эса квадратга яқинлашди, Гипподамга иккиламчи кўчалар эни 3,5 м бўлган. Милетдаги асосий кўча – 7 м, Пирейда —15 м эди демак, мавқейи муҳимроқ кўча эни 2 баробар энлироқ қилиб олинган.

Милет шаҳри маркази икки йўналишда ривожланган: биринчи йўналиш бўйича – гимнасий, стадион, парк жойлашган; иккинчи йўналиш бўйича – савдо ва жамоат марказлари (икки агора, ўртасида булевтерий, фуқаролар қасам ичишлари учун саждагоҳ ва яна гимнасий) жойлашган эди, тахмин бўйича шимолий кварталлар классик даврда қурилган бўлса, жанубийликларнинг қурилиши Эллинизм даврига тўғри келади. Милет катта шаҳар бўлган, аҳолиси 100 минг киши атрофида эди, бу ерда йирик олим ва файласуфлар ижод этган, Пифагор ҳам шу ерга яқин бўлган Самос оролида яшаган.

Бундай мунтазам тизимдаги шаҳарлар «очиқ» зийнатга (кўринишга) эга эди, қўрғон девор шаҳарни беркитиб қўймаган, унинг даҳаларини ҳам, марказини ҳам кенгайтириш ва ривожлантириш имконияти бор эди, шаҳарлар табиат билан боғланган бўлган.

Ривоятларга кўра, Зевс ернинг марказини билиш учун икки кабутарни учирган, учрашган жойини ернинг маркази сифатида белгилаган, махсус тош-омфал шу ерни, яъни ер киндиги – дельфани билдиради деб ҳисоблаган, дельфалилик коҳинлар қайси ерда, қандай ер ўзлаштириш кераклигини башорат қилишган.

Дельфадаги Апполон муқаддасгоҳи, икки тоғ орасида барпо бўлган, асосий кираверишда турли қабила (полис) ларнинг хазинахонаси, устунлар ва ҳайкаллар жойлашган, мазкур эгри йўлдан бош ибодатхонага борилган. Адитонида коҳин аёл сўровларга жавоб берарди, уни ёзиб шеър тарзида сўровчига етказилар эди, мажмуада театр ҳам бор бўлган.

Афина ёрқин шаҳарсозлик намунасидир, Пирейни режалаш учун Милетдан Гипподам чақиртирилади. Фемистокл (мил. ав. 525—460-й.) даврида деворлар, жумладан, узун деворлар қурилди, Афина денгиз иттифоқини тузишда бошчилик қилди, шаҳар Перикл (мил. ав. 443—429-й.) даврида ривож топди, халқ мажлисларида ҳар 20 ёшга тўлган эркин фуқаро қатнашган. Бу бутун аҳолининг 20% эди. Мажлис қатнашчилари 10 фил (раён) дан сайланган, 500 кишидан иборат кенгаш бўлган, Перикл даврида Афина ғарбдан-шарққа 1,5 км га чўзилган эди.

Тепаликлар икки кичиккина дарё оралиғида эди, шаҳар мил. ав. VI асрда қурилган акведикдан сув ичган, бош савдо ва жамоат агораси акропол билан дипилон дарвоза оралиғида эди. Агора атрофида баъзи маълумотларга кўра, чинорлар ўтқазилган эди. Лимна, Мелите, Керамик каби даҳалари бўлган, турар жойлар ёғоч ва хом ғиштдан қурилар эди.

Акропол бир вақтлар қалъа ва ўрда вазифасини ўтаган, узунлиги, тахминан, 300 м, эни 150 м. атрофидадир, ривожи вақтида Афинада Геродот, Эсхил, Софокл, Эвпирид, Фидий, Иктин, Калликрат, Мнесикл каби алломалар ижод этган. Аввалги Гекотомпедон ибодатхонаси вайронага айланган эди, қайта қуриш вақтида Акрополда уч ғоя ўз ифодасини топди: 1 – Юнон оламида Афинанинг эътиборини эътироф этиш; 2 – Аттиканинг иқтисодий ва маданий тараққиётини акс эттириш; 3 – демократик тузумни ифода этиш.

Акрополда диний функция ватанпарварлик билан уйғунлашиб кетган, аввал, Афина Промахос ҳайкали қурилди, кейин – Парфенон ибодатхонаси, Пропиллея ҳамда Ника Аптерос ва Эрехтеён ибодатхоналари қад кўтарди. Парфенон ҳам олимпиядаги Зевс ҳамда Дельфадаги Апполон ибодатхоналари каби умумюнон ибодатхонаси бўлган, у ҳарбий ва фуқаролик шуҳрат ёдгорлиги каби кўринишга эга эди, унда архитектура ва ҳайкалтарошлик чамбарчас боғлиқдир.

Панафинея байрамлари тўрт йилда бир марта ўтказилган, маҳаллий Афинея байрами ҳар йили ўтказилган. Панафинея байрами эса олимпия ўйинлар каби қадимий бўлмай мил. ав.VI аср ўрталарида шаҳар мавқеини кўтариш мақсадида жорий этилган, июл ойининг охирида бир неча кун давом этган, иштирокчилар кечга яқин агорага йиғилган, байрам қўшиқ ва рақс билан бошланган, кейин байрам иштирокчилари Акропол томон юришган. орасида турли маросимлар ўтказилган.

Қуёш чиқиш вақтида тепаликнинг шарқига етилган, қуёш Парфеноннинг селласига бир неча дақиқа кириб Хрисоелефантин ҳайкалини ярқиратган, кейин маросим тепаликнинг жанубий, Дионис театри ва Перикл одеонида (мусиқа биносида) қўшиқ-рақс билан давом этган, куннинг иккинчи ярмисида пропиллея орқали Акрополга чиқилган, маросим Парфеноннинг зофорида акс этилган, унда эътиборли оиладан чиққан қизлар пеплос кўтаришган, улардан кейин оқсоқоллар, бошқа шаҳар элчилари совға кўтариб ўз хизматкорлари билан атлетлар, руҳонийлар, қурбонликка ҳайвонлар етаклашган ҳолатлари тасвирланган, маросим қуёш йўли билан ҳамоҳанг равишда ўтказилган.

Афлотун (мил. ав. 428—348 й.), Арасту (мил. ав. 384—322 й.) полис (шаҳар-давлат) тузилишига оид изланишларга яқин боришди, уларнинг қарашлари бир хил бўлмаган.

Афлотун зодагонлар билан боғлиқ эди, у баён этган ҳикояда Атлантида давлатини подшо ва архонтлар бошқаради, Аллотуннинг идеал шаҳар-давлат тўғрисида фикрлари унинг «давлат» ва «қонунлар» китобларида берилган.

Шаҳар давлатда жамият – 3 табақага бўлинган: давлат бошқарувини бажарадиган файласуфлар, муҳофаза қилувчи навкарлар ва моддий бойлик яратувчи демпурглар (ҳунарманд, деҳқон ва савдогарлар) булардан ташқари, қуллар бор, улар Афлотун наздида «меҳнат қуроллари»дир.

Шаҳар-давлат аҳолисига 12 моли тенг гуруҳ (фил) га бўлинади ва ҳар бири ўз жойига эга, улар 5040 ер бўлинмаларга ажралади, ҳар ер бўлмалари яна иккига бўлинади: бири шаҳар четида, бири мамлакат четида жойлашган бош шаҳар ўртасида Акропол қурилади.

Бош шаҳар теварагида бир хилда тарқалган деҳқончилик ерларининг маркази бўлган 12 қасаба жойланади. шаҳар аҳолиси чамаси 3040 минг киши бўлиши керак. Аҳоли сони доимий бўлиши зарур, кўпайса янги давлат тузилиши зарурати туғилади, ҳоким Клисфен (мил. ав. 510— 509 й.) уруғ қабилага қараб шаҳарни – 4 филга бўлган.

Аттика 10 филга қайта тақсимланган, Аттикани 3 зонага ажратди (Афина, Месагея – ўрта аттика, паралиям – аттика чети) ҳар 10 фил ҳар уч зонада ўз ерига эга эди демак, Афлотун ғоялари ўтиб бўлинган йўл эди, шунга қарамай, уйғониш ва янги замон олимлари кўп маротаба унинг ғояларига мурожаат этишган.

Арасту фикрлари устозиникидан анча фарқ қилган. Афлотунда шаҳар ташқи дунёдан, айниқса, денгиз савдосидан ҳоли бўлиши керак, унинг тушунчаси бўйича, полис ўз ҳожатини ўзи чиқариши лозим, Арастуга кўра эса шаҳарнинг денгиз бўйида жойлашуви ривожнинг гаровидир.

Афлотун шаҳар режасида мунтазамлик ва уйларнинг бирхиллигини маъқул кўрган, Арасту буни ортиқча қаттиқлик деб билади у шундай дейди: «бус-бутун шаҳарни тўғри режали қилиш яхши эмас, шаҳарнинг айрим қисмлари ва маҳалла (квартал) ларигина тўғри режали бўлиши лозим, шундай ҳолатгина шаҳарнинг мудофааси ва кўриниши учун мақбулдир» (сиёсат, VII, 10—11). Арасту бўйича, шаҳарнинг баъзи майдонларини савдо ихтиёрига бериб, уларнинг атрофига базилика, корхона ва суд маҳкамаларини жойлаштириш зарур.

Бошқа – «покиза» майдонларда эса ибодатхона, гимнасий ва бошқа жамоат бинолари қуриш лозим, хуллас, Арасту шаҳри Афлотунникидан эркинроқ ва ҳаётийроқ эди, Арасту тасаввуридаги шаҳарда ўша вақтдаги (мил. ав. IV а.) Афинанинг баъзи хусусиятларини ҳам кўриш мумкин.

Арастунинг классик давридаги эстетик қарашларга якун ясаб, янги – Эллинизм санъатига асос бўлди, Арастунинг эстетик тушунчаларига кўра, гўзаллик мутаносиблик ва тартибдир; уйғунлик – бутуннинг ўз қисмлари билан боғлиқлигидир, бу боғлиқлик ўхшаш бўлган унсурлар нисбат орқали ифодаланади; ўлчов – бутуннинг бошланғич ва бўлинмас бирлигидир, бу қарашлар ўша вақтнинг бадиий муаммоларини фалсафий умумлаштириш натижаси эди.

Шаҳарга оид фикрлар бошқа олимлар томонидан ҳам илгари сурилган, Гиппократ (мил. ав. 460—377 й.) ҳаким (табиб) бўлиб, «ҳаво, сув, жой» деган рисола битган, Фукидид (мил. ав. 460—400 й.) тарихчи эди, у умуман шаҳарлар тарихига ва Афина тарихига оид асарлар ёзган эди.


Антик ёдгорликлар. Қадимги Юнонистон меъморчилиги


Қадимги Милет шаҳри


Қадимги Афина шаҳри ёдгорликлари


Қадимги Афина шаҳри ёдгорликлари


Архитектура назарияси. Ўқув қўлланма. Биринчи қисм

Подняться наверх