Читать книгу Ўзлик сари етти қадам - Жавлон Жўраев - Страница 3
Бошладик
ОглавлениеДунё яралибдики, одамзот бахтни излайди. Аммо, негадир, ўзини бахтли деб рост гапирадиганлар жуда кам. Жуда ғалати – одам ер остидаги темир рудаси ёки табиий газ заҳирасини топишга бир кун сарфлайди-ю, бахтни излаб топишга бутун тарих ҳам етарли эмас. Балки, биз нотўғри излаётгандирмиз-а? Бошқа усулда излаб кўрсакмикан? Ундай деса, кўплаб манбаларда бахтга эришишнинг минглаб йўллари келтирилган – лекин бундан бахтлилар сони кўпайгани йўқ. Биз бахтни нотўғри ердан излаётган бўлсак-чи? Бунга ҳам қарши далиллар бор – ҳар хил одам бахтни ҳар хил ердан излайди, аммо ҳаммаси ҳам топавермайди. Балки, бахт деган нарсанинг ўзи йўқдир? Бунга ишониш ҳаммасидан қийин – оддий инсоний бахт ҳам мавжуд бўлмаса, бу дунёнинг мукаммаллиги қаерга боради?
Бахтга интилишнинг хато йўлидан боришимиз рост. Бахтни излаш усулимиз чиндан ҳам нотўғри – айнан, излашимиз нотўғри. Буни қарангки, бахтни излаш керак эмас экан – уни кўзлаш, мўлжаллаш, кутиш, у учун курашиш, унга қурбонлар келтириш ҳаётнинг энг бахтсиз кўриниши экан аслида.
Бахтимизни қаердан излашда ҳам адашамиз. Бизнинг бахтимиз ташқи дунёда эмас, айнан бизнинг ичимизда, шахсиятимизнинг тубида жойлашган. Биз атроф дунёдан ўз бахтимизни талаб қилиб сарсон бўлиб юрарканмиз, бахтимиз кун келиб нигоҳимизини ўзимизга қаратишимиз, кутилмаганда ўз қалбимиздан чексиз ёрқин бахтни топиб олишимизни сабр билан кутаверади.
Яшаш санъати – бу бахтли бўлиш санъатидир. Бахт келгувчи ва кетгувчи эмас – у мудом биз билан юргувчи. Аслида биз унга гоҳи қараймиз, баъзан билиб-билмай ундан юз ўгирамиз. Ўз-ўзидан юз ўгирган одам – ўз бахтидан юз ўгирган, ўз қалби хотиржамлигини бошқа манфаатлар ҳақи қурбон қилган бахтсиздир.
Мана сизга биринчи сир: ўзи бахтли бўлмаган одам бошқа одамни бахтли қила олмайди. Буни шундоқ ҳам ҳамма билади дейсизми? Тўғри – бундан ҳамма хабардор, аммо камдан-кам одам бунинг асл маъносини билади. Майли, сизга бошқачароқ қилиб айтаман: ўзлигини англамаган одам, ўзгани тушуна олмайди. Бироз ойдинлашдими? Ахир, ҳар биримиз бизни кимдир тушунишини истаймиз. Бир одам бошқасига уни тушунибгина кўнгил хотиржамлигини инъом этиши мумкин. Бироқ бошқаларни тушуниш – биз ўйлаганчалик осон иш эмас.
Майли, бошқаларни тушуна олиш қобилияти – иккиламчи масала. Аввал ўзимизни, ўзлигимизни англаш ҳақида суҳбатлашайлик. Ушбу китобнинг ярмидан кўпроқғи айнан ана шунга бағишланади.