Читать книгу Ўзлик сари етти қадам - Жавлон Жўраев - Страница 4
Душанба – Шахсият
Сиз кимсиз?
Оглавление– Сирдош, сизга ажойиб саволим бор.
– Хўш-хўш?
– Сиз кимсиз?
– Бу нима деганингиз?
– Яъни сиз «мен» деганда кимни назарда тутасиз?
– Ўзимни. Мен – Сирдошман.
– Демак, сиз – бу сизнинг исмингиз экан-да?
– Фақат исмим эмас. Мен кимнингдир фарзанди, кимнингдир дўсти, кимнингдир севгани, яна кимнингдир душманиман.
– Демак, сиз – бу сиз кимгадир нисбатан тутган ўрнингиз, ролингиз экан-да?
– Шунақа деса ҳам бўлади. Яна мен романтикман, шоирман, бир оз дангасаман, қизиққонман – хуллас, ҳар хил фазилат-у камчиликларга эга оддий одамман.
– Туғилишингиздан аввал ҳам ўшандай оддий одам эдингзими? Ўлимдан сўнг ҳам худди шундай бўлиб қоласизми?
– Билмадим…
Бу суҳбатни тўлиқ ёзадиган бўлсам – битта китобга сиғмайди. Лекин айнан «Мен кимман?» деган саволга қай даражада аниқ жавоб бера олишимиз ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.
Қадим замонлардан буён буюк мутафаккирлар одамзотнинг бу дунёда тутган ўрни ҳақида бош қотириб келган. Бирлари йиллар давомида табиат ва жамиятни кузатиб, одамзот бу улкан оламда атиги бир зарра эканини англаб етишган. Бошқалари одамзотни бутун дунёни ўзгартиришга қодир мавжудот эканига яққол далилларга дуч келишган. Хўш, улардан қай бири ҳақ?
Ҳар бири ва ҳеч бири.
Уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳақ – чунки улар ўз ҳақиқатларини ҳақиқий мисоллар билан тасдиқлай олишади. Ўзингиз ўйлаб кўринг – минг қилса ҳам, биз табиат қонунларига бўйсуниб, бу коинотнинг бир зарраси бўлиб яшаймиз (ҳар ҳолда, ҳаммамиз ер тортиш кучи таъсиридамиз). Аммо бошқа томондан, биз атроф дунёга сезиларли даражада таъсир ўтказа оламиз – буни исботлаш учун сўнгги асрда атроф-муҳитга етказган зараримизни чамалаб кўрсак бўлгани. Шундай экан, қарама-қарши икки ғояни ёқловчилар ҳам ҳақ.
Аммо одамзотни денгиздан бир томчи деганлар ҳақиқати инсонни улуғлаганлар ҳақиқатига тўғри келмайди ва аксинча. Исталган ҳақиқатни инкор этувчилар албатта топилади. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳеч бири ҳақ эмас.
Бошингизни қотириб юбордимми? Майли, соддароқ гапираман.
Яхшиси, сизга навбатдаги сирни очишдан бошлай. Уни қарангки, бу дунёда сиз тўғри деб ўйлаган ва ишонган нарса айнан сиз учун ҳақиқат экан. Бу биргина сизнинг ҳақиқатингиз ва у баъзида бошқаларникига мос келмайди. Шу мос келмаган ҳақиқатлар боис шахсий келишмовчиликлардан тортиб, уруш ва инқилобларгача келиб чиқади.
Дунё шунчалар мукаммал яратилганки, у ҳар ким уни қандай кўрмоқчи бўлса – айнан унга шундай намоён бўлади. Нима – ишонмайсизми? Мана сизга исбот.
Квант физикаси деган физиканинг энг ёш бўлими бор. Унда олимлар атомнинг элементар заррачалари бўлган электрон, нейтрон ва протонларни янада майдароқ заррача – квантларга парчалаб ўрганишади. Ана ўша энг майда заррачаларни ўрганишда физиклар ажойиб ҳолатда дуч келишган.
Ишониш қийин, аммо квантлар кузатувчи фикрига қараб ўз хусусиятларини ўзгартирар экан. Яъни, айтайлик, сиз физик олимсиз ва сиз квантни махсус суперускуналар билан кузатмоқчисиз. Агар сиз квант ўзини майда заррача сифатида намоён қилади деб ўйласангиз – квант сизга майда заррача сифатида намоён бўлади. Агар сиз квант сизга тўлқин сифатида кўринишини кутсангиз – худди ўша квант сизга тўлқин тарзида кўринади.
Хўш, ҳали ҳам шубҳаланяпсизми? Майли, мана сизга навбатдаги исбот.
Физиологлар, яъни одам танаси тузилиши ва хусусиятларини ўрганувчи олимлар, жуда қизиқарли тажриба ўтказишган. Бир аёлни одам миясидаги жараёнларни кузатиб турадиган ускунага жойлаштириб қўйишган.
Шундан сўнг олимлар аёлга «Ҳозир биз сизнинг бармоғингизни муздек сувга соламиз» деб айтишган. Бироқ улар аслида аёл бармоғини хона ҳароратидаги сувга солишган, фақат бунда аёлнинг қўлига совутилган металл парчасини яқинлаштиришган. Кейин, улар аёлга «Энди биз сизнинг бармоғингизни қайноқ сувга соламиз» дейишган. Бироқ улар тағин аёл бармоғини хона ҳароратидаги сувга солишган – фақат бу сафар аёл қўлига қиздирилган темир яқин келтирилган.
Биринчи ҳолатда аёл миясида совуқликни сезиб, унга реаксия берадиган ҳужайралар кенгайган – яъни аёл ростдан ҳам яхдек сувни сезган. Иккинчи ҳолатда эса аёл бармоғи сувга тегиши билан уни тортиб олган – аёл оғриқни сезган ва бармоғини куйдириб олганига ишонган…
Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо буларнинг бари нимадан далолат беришини англаш – ҳаммасидан ҳам қизиқарли.
Сиз – бу сиз ишонган ҳақиқатлар жамламаси. Сиз ўзингизни ким деб билсангиз – танангизни ташкил қилган ҳар бир квант шунга монанд ҳаракат қилади. Сиз ишингизни билиб қилишингизга ишонсангиз – демак, сиз ишбилармонсиз. Сиз унча-мунча касалликларга қарши тура олишингизга ишонасизми – демак, сиз соғлом ва тетиксиз. Сиз ўз иммунитетингизга унча ишонмайсизми – демак, сиз мудом беморсиз. Сиз омаднинг ортидан қувасизми – демак, сиз шундоқ ҳам омадли эканингизга ишонмайсиз, омадни тутиб олишим керак деб ўйлайсиз ва омадсиз ҳаёт кечираверасиз. Сиз тўғри маслаҳатлар бера олишингизга ишонасизми – демак, сизга қулоқ тутадиганлар талайгина. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Сиз – бу сиз ўзингиз ҳақингизда тасаввур қилган шахс. Фақат сиз бу тасаввурингизни шубҳа-ю ишончсизлик билан булғаб қўясиз. Сиз учун ҳаяжонли ҳолат бўлганда ҳаяжонланишга, хафа бўлиш керак бўлган ҳолатда хафа бўлишга программалаштирилгансиз. Буни тан оласизми йўқми – сиз жамият ва ўзингиз сиз учун тузиб берган дастурлар жамламасидан бошқа нарса эмассиз.
Аммо бу ҳолатни ўзгартириш мумкин. Бунинг учун бир оз очиқ фикрлилик ва сабр талаб этилади. Сабр сизга аввалига керак бўлади – кейинчалик ўзингиз ҳақингизда янги кашфиётлар қилишга шу даражада қизиқиб кетасизки, сизда бунга иштиёқ пайдо бўлади. Иштиёқ бор жойда эса сабрга ҳожат йўқ.