Читать книгу КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР - Коллектив авторов, Ю. Д. Земенков, Koostaja: Ajakiri New Scientist - Страница 2

АЁЛ

Оглавление

Ўлим – ҳаёт тўфонининг умидсизлик майдонида иложсиз қотган ва ундан мағлуб бўлган ожиз, иродасиз кишилар талпинадиган адолатсиз истакдир. Яшаш ва бахтга интилиш, энг оғир дамларда ҳам ҳаёт лаззатини ҳис эта олиш эса олий неъмат. Бу каби гўзал туйғуларни юрагида жо қила олган инсон энг, энг бахтлидир.

Жамила қишлоқ поликлиникасида бош врач бўлиб ишларди. У ишдан ҳар галгидек шошилмасдан қайтаркан, канал ёқалаб тик тушган, камқатнов йўлда рўпарасидан чиққан йигит-қизни кўрдию, қотиб қолди. Хаёл биланми, бугунги ўтган воқеалар таъсиридами улар шу қадар яқинлашгунча пайқамабди-я.

«Қарилик ёки паришонхотирлигим қурсин». Қотмадан келган, қорачароқ, узун бўйли йигит қизнинг қўлини қўйиб юборди-ю, яхши юрибсизми, тинчмисизлар, деганча секин, жуда секин тўхтаб унга яқинлашган каби бўлди-ю, лекин юриб кетди. Йигит иккиланган қадамлари-ла анча узоқлашгач хиёл бурилиб ортига қаради-ю, қизга алланималарни тушунтирган бўлди. Севишганлар йўлнинг чап томонига бурилдилар ва кўздан ғойиб бўлдилар. Аёл эса ҳушини йиғиштиргач, қўлидаги унча огир бўлмаган чиройли сумкачасини бир дам ерга қўйиб, дастрўмолини олди-да, юз-кўзини қоплаган терларни артди. Сўнг йўл-йўлакай лаҳзада юз берган кутилмаган бу учрашувни таҳлил қилишга киришди.

«Ўғлим, менинг бегона ўғлим. Эҳ, худо. Бу сўзни ҳатто ўз-ўзимга айтишга ҳам бунчалар қўрқамаи. Қани у ўн беш йил олдинги журъат, дадиллик. Ёш эди, кучи бор эди, имкони ҳам. Нега ёлғиз ўғли учун талашиб-тортишмади, олишмади. Ахир ўшандан буён неча туну кун, ою йилларни шу ёлғизи, ўғли учун бедор, адоқсиз соғинч, дард билан ўтказаяпти-ку».

Аллақандай алдамчи ҳислар уни ўз гирдобига тортгани энди билинмоқда.

Шундай бўлса ҳам, начора, қўл етмас даражада узоқлашаёттан дийдорга яна негадир ўзини ишонтиргиси келарди. “Салом берди, –ҳамон изтироб билан ўйларкан, қиз билан йигитнинг шу пайтдаги туришлари, кўз қарашлари маъноси энди унга аниқроқ кўрина бошлади. – Ленин сўришишга журъат қилмади, негаки қиз ҳам шу маҳалладаи, улар тарихи билан яхши таниш, шу сабабдан болагинам мен билан илиқ-иссиқ сўрашишдан истиҳола қилди, қиз олдида ғурури йўл қўймади”.

Ўғлини оқлай бошлади хаёллари. “Эҳ, худо. Болам нега энди шу пайтгача меҳридан йироқ бўлган аёлга, гўё одамлар назарида оқибат кўрсатолмаган, оналик учун курашолмаган бу аёлга бош эгиши, қуюқ сўрашиши керак. Ўғлим ор-номусли. – Кутилмаганда қувониб ҳам кетди. – Ажабо, у кимларга тортдийкан, отаси ундай эмас эди. Айниқса, фотиҳали, эрта-индин тўй қилнб уйланадиган кизи олдида…

Тўғри қилди. Бўлажак умр йўлдошига нақадар ғурури кучли эканлигини кўрсатди. Ҳали бу ҳаётда, турмушида хотини билан муносабатларида жуда асқотади. Қиз-чи? Саломга зўрға очилган лаблари… лекин кўзлари ачиниш билан қаради шекилли.

Майлига, худо хоҳласа, ҳаммасини уларга ётиги билан тушунтирадиган дийдор кунлари яқинлашиб келаяпти”.

Шу ўйлар билан аёл уйига қандай етиб келганини ҳам сезмай қолди. Ҳар галгидек катта-кичик жиянчалари қаршисига югуриб, сумкачасини тортқилай бошлашди. Аёл эса ҳозирги ўтган воқеалардан чалғиб уларни эркалашга тушди:

– Дўмбоқчаларим, болажонларим менинг…

– Амма, ойим мени урдилар, – шикоят қилди олти ёшли Дилшод.

– Ўзи менинг велосипедимга чиқаверади, судрайверади, – чучук тили билан тушунтирган бўлди кичкина Ёрқиной.

– Ҳозир, ҳозир, – аёлнинг юзнга табассум югурди. Улар билан ади-бади айтишиш унга жуда ёқарди, – ҳозир, мен кийинволай, ёмонлик қилганларнинг ҳаммасига укол қиламан. Мана бу сенларга, – у болалар тортқилаётган сумкачасини очиб сақичлар олдида, бир-бир тарқатди.

Болаларнинг шу топдаги бахтиёр чеҳрасига, завқли кўзларига қараб беихтиёр йиғлагиси келди.

“Ўғилчасига, – аёл боласининг беш-олти ёшли пайтларини эслади, ундан бошқа хотиралар ҳам йўқ эди, – бундай шодликлар ато этиш унга насиб қилмади. Нега? Нима учун?”

Шовқин солиб югургилаб кетаётган болалар ортидан ғамгин тикиларкан, кафтлари билан юзларини тўсганча йиғлаб юборди. Яхшиям ҳеч ким йўқ. Укалари қанчалар ўйловли, ёлғиз опалари рўзғоридан тинчимай ажрашгач, унинг кайфиятини, касбини эътиборга олишиб кенг боғнинг энг яхши, энг қулай бурчидан уй солиб беришган, кўчага чиқадиган алоҳида эшиги ҳам бор, иккита катта уй, олди шинам айвон. Чиройли шакл берилиб, буталанган қалин дарахтлар у билан бир ҳовлида яшайдиган кенжа укасининг уйини ажратиб туради. Жамилани қўли енгил дўхтир дейишади. Шунга яраша ҳамма жойда обрўси баланд, маҳалла-кўй, таниш-билйшларнинг кадами, балки ноиложликдандир, унинг уйидан узилмайди.

Ўзининг эса уйда танҳо, ёлғиз қолар пайтлари жуда оз эди. Фақат қоронғу тун. Тун эса нима бўпти?

Бундай нозик касб билан андармон аёлга тун ўтиши нақадар осон. Кун бўйи одамлар билан мулоқотдан, ҳар хил ташвиш, асабийликлардан чарчаб юмилган киприклар то тонггача унинг бир жуфт шаҳло кўзларини астойдил беркитар, уни маъюс, гамгин хотиралардан авайлаб-асрашга қодир эди. Худди шу шароитгина аёлга ўғли учун талашмаганини энди билдирмоқда, энди алам қилмоқда. Начора, вақт кафгири айлана-айлана ундан йироқлашаркан, дийдор, у ҳамиша интилган, орзиқиб кутган энг ажойиб, хаёлан ўзи учун кашф этган дийдор ҳам у билан кетаверган. Баъзан у ўйларди: “Агар у бошқа касб соҳиби булганда бўш вақтлари кўп бўлар, бу вақтлар эса ўғлини соғинишга имкон яратар, ҳозир ҳар ёққа тарқаган хаёлларини бир жойга тўплаб, балки бахтли қила олган бўлар эди”.

Ҳа, укаси Сарвар нақадар ҳақ экан, жияни учун озмунча талашдими?

“Тавба, ўзи ҳам қарши бўпти-я, – навбатдаги оғриққа нишон бўла бошлади у. Ажралишганларидан сўнг тўрт ойлар чамаси ўтгач, Сарвар жияни Жасурни ўғирлаб келиб икки кун уйларида сақлаган эди. Бола эса ҳадеб момом, дадам, деб йиғлайвергач Жамила қувониб ҳам кетганди. Улар ахир боламни шунчалар яхши кўришмаса, шунчалар меҳрини беришмаса, болам “момо, дадам” дермиди. Йўқса, уларга тармашарди-да.

– Қўявер, – деганди укасига, – болага ота керак, – кўряпсан-ку ҳеч қолгиси йўқ, майли улар билан яшайверсин. Мен эса унинг соғ-саломат ўсишини Аллоҳдан тилаб, уни кузатиб яшайвераман. Меи унга содиқман, бегуноҳлигимни шундай исботлайман. Ўғлим ота деган бахтдан маҳрум бўлмаслиги керак.

Ҳатто қайнонасининг, эрининг ўғли учун қилган жанжаллари юрагига нақадар ёқимли туюлганди ҳам. Севади ўғлимни, Жасурсиз яшолмайдилар, унга боғланиб қолишган, – ўйлаганди у, – ўғлим эса ҳар лаҳза уларга мени эслатиб туради”.

Ўзига кашф этган бу қийноқлардан эри нақадар азоб тортиши, бир вақтлар умрбод, гўзал муҳаббат туюлган ширин хотиралар уни муттасил эзишини хаёлан тасаввур қилиб қувонганди.

“Эҳ, ношуд аёл, бунчалар ҳам содда бўлмасанг. Майли, бўлар иш бўлди”. У уй кийимларини кийгач, беихтиёр катта тошойнага яқинлашди. Қирқдан ошибди. Лекин нимагадир ўзини ёшга ўхшатди. Рўпарасида чиройли, ҳали бахтга чанқоқ, ардоқ ва меҳрга, севгига ташна бир аёл маъюсгина кулимсираб турарди. Ўнг қоши устида изи қолгаи кичкина чизиқ эса истамаган ҳолда ўта ғамгин хотирани эсига тушириб қўйди…

Ҳамид акаси билан севишиб турмуш қуришган эди. Ушанда Жамила медицина институтининг охирги курсида ўқир, Ҳамид эса технология институтини тугаллаб саноат соҳаларидан бирида ишларди. Асли иккисининг турмуш қуришларига қайнонаси жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатди. У беваликда ўстирган ўғлига бошқа бир қизни кўз остига олиб юрарди. Лекин тақдир экан, тўйдан сўнг ҳам қайнона кели-нига илимади. Ҳамид акасига муҳаббати кучли бўлган Жамила буларни эътиборга олмас, бахтли турмушининг бахтли онларидан мает эди гўё. Қайнона ишдан кеч қайтган келинига касби-корини писанда қилар, ҳар хил пичинг гаплар билан узиб-узиб оларди. Бу орада ўғилчаси Жасур туғилиб, келишмовчиликлар бироз босилгандек бўлди. Боласи олтига кирди. Ундан кейин туғилган икки гўдаги чақалоқ чоғида нобуд бўлди. Булардан ҳар хил уйдирма, гумон тўқиган қайнона энди Ҳамидгаям таъсир қила бошлаган эди. У ичиш, чекишни одат қилди. Жамиланинг бошқа фарзанд кўрмаслигини эшитгач (охирги боласини операция билан туққанди) қайнона бутунлай бошқа йўлга ўтди.

Жасур жуда нимжон ўсар, ёлғиз ўғлини биттагина нимжон бола билан, суймаган келини билан умр ўтказишига қайнона ҳеч тоби-тоқат килолмасди. Болага кўзи оч қайнонаси ниҳоят муродига етди. Улар ажралишиб кетдилар. Кўп ўтмай қайнопа ўғлига худди ўзи кўзлаган қизни олиб берди.

Бир кун кўчада ўғилчасини кўриб қолганди. Янги ажралишган, ўғлини соғиниб азобли дардлар оғушида юрган пайти эди. Жасурнинг кийимлари расво, кир, чангга беланган, кўзлари эса мунғайиб тургандек туюлди унга. Онасини кўриши биланоқ қочиб қолганди.

“Болагинам, – ўйлади Жамила унинг кетидан юм-юм кўз ёш тўкаркан, – минг қилсаям ўгай ўгайда, қарармиди боламга”.

У шу куни магазиндан жемпер, кўйлакчалар сотиб олди, кечаси билан ухламай ички кййимлар тикди. Эртаси ишдан қайтгач тугунчасини олиб йўлга тушди.

Ҳар доим ўғли ўртоқлари билан ўйнаб ўтирадиган кўча четидаги дарахт тагини эслаб юраги орзиқиб кетди. “Жасур мени кўриб қочиб кетса-я, илоҳим, ўша алвасти кампир кўрмасин-да учрашганимизни”.

У қайнонасини эслаб ваҳимага тушар, ёлғиз ўғлининг бирозгина дийдорига тўйишига ҳеч ним халақит бермаслигини истарди.

Кўча муюлишига етганда ўша жойда турган ўғлини кўриб онанинг кўзлари шодликдан порлаб кетди. Ўғли ёлғиз эди. Ҳеч ким йўқ. Ҳозир боради-да, боласини маҳкам бағрига босиб эркалайди. Қанчадан буён кўрмаган унинг қадрдон чеҳрасини. Юзларидан ўпади-да, “Ўғлим, менда айб йўқ, – дейди, – ҳаммасини ўша бувинг қилган. Агар у яхши бўлганида мен, сен, даданг бу кўйларга тушмаган бўлардик. Мен ҳеч қачон сени ташлаб кетмаганман, бувинг зўрдан олиб қолган, сен менинг жонимсан-ку, болажоним. Ҳали катта бўласан, ҳаммасини тушунтираман. Бегуноҳлигимни ўтаётган ёлғиз умрим билан исботлайман. Бор имкониятимни сени бу дунёда энг бахтли қилишга еарфлайман, набираларимни боқсам армоним йўқ…”. Яна куп гапларни айтади. Тўғри, ҳозирча боласи бу гапларни тушунмайди, лекин у ишонади, маҳзун, хаста, шикаста онасининг кўксида ўчмас бир яра бор у туфайли. Ўғли унинг ёнига келиб қўлларидан тутган кун, “Онажон, сизда айб йўқ, мен ишондим, бу қисматнинг хатоси, сизларнинг тақдирларингиз”, деган кун тузалади бу яра. У ўшандагина енгил нафас олади. Умрим бекор ўтмабди дейди.

“Келади, – ўзини қаттиқ ишонтирди аёл, – барибир келади ўша кун”.

Дилида бир олам эркалашлар билан аёл ўғлига яқинлашди. Мана беш-олти қадам масофа бор жигаргўшаси орасида. Жасур тошлардан қўрғонми, аллақандай шакл ясаб ўтирарди.

Масофалар яқинлашарди. Шу пайт дарвоза ёнидан “Жасур, қоч, болам, бу ёққа, ур уни. Сени опкетгани келаяпти, ур тош билан, ур”, деган чинқириқ эшитилди. Жамила тўсатдан бўлган бу ҳужумдан эти увишганча тахта бўлиб қолди, ранги оқариб, нафаси бўғзига тиқилди. Юраги уришдан тўхтагандек, вужудидан жон чиққандек сезди ўзини, карахт бошини кўтарди-ю тепасида қўзлари чақчайган, афти буришган қайнонасини кўрди. Сўнг боласи, бегона боласи ялт этиб онасига тикилди. Нигоҳлар тўкнашди. Қайноқ меҳр билан нафрат. Бола бувисининг важоҳатидан шошиб қолди, онаси ҳақида эшитган бувисининг даҳшатли эртаклари чинга айланди гўё. Рўпарасида турган чин «эртак»ка, бола ўзи ҳам билмасдан, жон ҳолатда ёнида турган катта тошни олди-ю улоқтирди.

“Вой, кўзим!”. Жамила ўнг кўзини қўллари билан чангаллаганча нима бўлаётганига ақли ҳам етмай ортига югурди. Қайнонасининг нафратли қарғишларини гўё ўзи билан олиб кетаётгандек боши хам эди.

Қисмат уни яна бир ноҳақ зарба билан сийлаган эди. Келиб ойнага тикилди. Ўнг кўзи билан қоши ўртаси узун чизиқ бўйлаб кўкариб кетган эди. Севимли, ёлғиз ўғлининг дийдорини бир кўришга интиқ бўлиб борган онага боласининг “совғаси” эди бу. Нотўғри тарбиянинг натижаси, ўз туқ-қан онасига нафрат билан ўстирилган етти ёш гўдакнинг ҳаётидаги энг оғир гуноҳи эди бу.

– Кеддингизми, опа, мунча кеч? – дея келини кириб келди, ҳозиргина Жамила ечиб стул суянчигига ташлаб қўйган ажабтовур ялтироқ кўйлакни кўриб қизиқсиниб қўлига олди. “Вой, шу кўйлагингизни кийдингизми бугун?”

Келини бола мисол ҳавас билан кўйлакни ёруққа тутиб кўра бошлади. Жамиланинг юзига ҳам нимҳолгина табассум югурди.

Ҳа, ҳамма материалини қаердан олдингиз, ким тикди, деб ҳоли-жонимга қўйишмайди, тавба, одамлар ҳам қизиқ.

– Шу кўйлагингиз сизга жуда ярашади, вой опа, сиз бу кўйлакда ҳаммани куйдириб ўлдирасиз, – тиззаларига шаппатилаб беўхшов қийқириб юборди келини.

Унинг беғараз, содда гаплари Жамилага жуда ёқарди. Ҳар сафаргидек кўнгли ёришиб, кароватга ўтирди. Ёстиғи тагидан шапалоқдек ойна олиб ўзини кўзгуга солди. Табассум унга жуда ярашарди. Ойнага қараб кўнгли тўлди.

– Куйдирадиган ҳолимиз қолдими? Худо хоҳласа, яқинда буви бўламан ахир.

Келиннинг эсига нимадир тушиб ҳушёр тортаркан, шошиб деди:

– Ҳа, айтганча келаси ҳафтада Жасурнинг тўйига айтиб кетишди.

–Ким? – хавотирланиб қолди аёл.

– Иккита сингилчаси.

– Ундай бўлса… – тутилиб қолди Жамила. Неча йиллардан буён ёлғиз ўғлининг тўйини қанчалар интиқ кутган аёл фақат ўзигагина маълум бўлган алланималардан таҳликага тушмоқда эди.

Ҳознр бу ўйларнинг мавриди эмаслиги, юрагида кечаётган нохуш фикрларни келинига билдириб қўймаслик учун гапни бошқа ёққа буришга ҳаракат қилди.

– Ҳалиги Муса найнов дердик, синфдошим, танийсиз-а, – беихтиёр ошиқлари тарихини варақлай бошлади аёл.

– Ҳа, Хоразмдан уйланганми, ҳозир автобазада ишлайди, шекилли?

– Тунов куни автобазада кўрувдим. Шундай қараб қолса бўладими, бечора, раҳмим келиб кетди.

Қандай ёлғон тўқиганини ўзи ҳам билмай қолди. Аслида эса Муса унга ҳеч бир маъно акс этмаган кўзлари билан қисқагина сўрашиб ўтиб кетганди холос.

Лекин Жамила шу топ унда нимадир ўзи учун излагандек бўлди. Гўзал аёлларнинг кўпчилиги ҳамиша шундай кайфиятда бўладилар. Олдинги ошиқларини эслаш, уларнинг ҳозир ҳам уни унутолмай минг азобда зўрма-зўраки турмуш қилиб юрганларини кўриш улар учун роҳат.

Соҳибжамоллар ҳар доим ана шундай адолатсиз ҳисларга ўзлари ҳам билмай ошно бўлиб қоладилар. Турмушда орзуларига амалий куч бағишлай олмаган, ғойибдан бахт ва тўкинлик, илоҳий севги ва бойлик кутиб яшаётган бу каби жувонлар учун эри бечора бекаму кўст ҳаёт яратолмайдигандек туюлаверади.

Ўзгалардан хаёлий бахт кутиш юракларини тарк этмайди. Худди шу сингарн Жамила ҳам шу топ хушторларини кўз олдига келтираркан, уларнинг нотавон юзларида, кўзларида ўзнга ҳамон илҳақлик аксини кўришга эҳтиёж сезмоқда эди. Гўё шугина уни баъзан умидсизликлардан олиб қочар, яшашга куч, қандайдир илинж уйғотарди.

– Вой ўлай, уч-тўрт болали кап-катта эркак ҳалиям бошқа аёлга кўз сузиб юрса-я, – келини негадир бу сафар гўзал қайинопасининг ҳалиям ўзгалар эътиборида эканлигидан кувонмади, – хотини узоқ жойдан, ўзи яхши кўриб, севиб олган дейишади, – ўзининг ҳам мусофирлиги эсига тушиб келини эзилиб қолди.

Жамила тушунди. Қаршисида анчадан буён қариндошларини соғиниб, боришга илож тополмай юрган бошқа туманлик бу соддагина келини хоразмлик аёл ўрнига ўзини қўйиб кўрмоқда эди.

Оғзидан чиққан гапга Жамила пушаймон бўлди. Билади. Муса анчагача унинг ортидан юриб рад жавобини олгач, Тошкентга ўқишга кетиб, у ерда ўша қиз билан танишган, севиб уйланган. Болалари бор, ўз бахтидан ўзи сархуш. Лекин, лекин аёл кўнгли нега бунча очилмас сир? Нега бунча бемаъни ўйлар келаверади. Балки ўзини овутиш учунми ё кўролмаслик, ҳасадми? Муса эса уни аллақачон унутган, унутганига юришлари, кўзларида чақнаган ҳаётидан мамнунлик ўти далил эмасми?

У аллақачон бахтиёр. Жамила эса…

– Искандар ака-чи? Ҳалиям кеп-кетиб юрибдими? – келини уни қийноқ ўйлардан қутқариб қолди.

– Шунинг учун айтаманда бу дунёда совги йўқ деб. Раҳматли хотини билан лайли-мажнун эди. Маҳалла-кўй билади улар тарихини. Хотини касал бўлиб ўлганда ҳозир еттига кирган қизчаси бир яшар эди. Ўшани ўзи боқиб катта қилди. Ўғли тўққизга кирди. Шунча оғир кунларни ўтказгаи одамга энди хотин керак бўлиб қолибди.

– Ҳалиги… уйларига хотинининг суратларини осиб ташлаган дейишади.

– Ўзим кўрганман, ўғли шамоллаганда борувдим. Уй жиҳозлариям хотини қандай қўйган бўлса шундай турибди.

– Узил-кесил уздингизми энди?

– Ҳм, аллақачон жавобини берганман. Шундаям ўзи келиб-кетиб юрибди, – беихтиёр яна ёлғон тўқиб юборди. – Нима, хотинини бир умр эслаб йиғлаб юришига шерик қилмоқчими мени. Мен фақатгина ўғлимга керакман…

Узоқдан боласининг йиғлаганн эшитилиб, келини сапчнб туриб эшикка отилди.

– Майли, опа, мен бора қолай…

Холи қолгач, сандиқни очиб ўғли, келинига қилган сепларни бир-бир кўздан кечирди. Атаб олган тилла буюмларни хаёлан келинига, ўғлига тақдим этишини ҳис этаркан, ўшанда ўғли хотинининг олдида қанчалар қувонишини кўз олдига келтирди. Шу каби ҳамманинг ҳам қурби етавермайдиган қимматбаҳо совғалар олиб беришга қодир одами борлигидаи қайлиғи олдида қанчалар мағрурланарди. Бу ўйлардан ўзини енгил ҳис қилиб, боққа йўл олди.

Шу зайл уч кун ўтди. Бугун эса ўғлининг тўйи. Аёл ишга ҳам оёғи тортмади. Кун бўйи уйдан чиқмади. Укаси эса бугунги кун улар учун оғир бўлишини сездими ёки севимли опасининг юзларидаги изтиробларга тоқат қилолмасданми, ё тараддуди шу кунга тўғри келдими, хотини, икки боласини олиб қайнотасиникига жўнаб кетди.

Ҳайҳотдек ҳовлида аёл ёлғиз қолди. Сўнгсиз дардли ўйлари билан “Наҳотки келмаса ўғлим, икки сингилчасининг айтиб кетгани ҳисобга ўтиб кетаверадими? Наҳотки, ўғли шунчалар тошбағир, беоқибат. Бунчалар бепарволик, туққан онасига нисбатан нафратни у қаердан олди?! Ахир уни кўчаю мактабида, ҳатто узоққа ўқишга кетиб, бир келиб-кетар найтлариям йўл пойлаганлари, бўйига термулиб интилганларини наҳотки сезмаса?

Наҳотки, шунча ҳаракатлари билан ҳам оналик меҳр-муҳаббати, содиқлиги, интизорлигини билдиролмаган бўлса? Ўғли эса ҳамон қочади, ҳамон бепарво.

Қуёш ботиш арафасига келди. Аёлга гўё ҳозир ҳам ўғли уйига кириб келадигандай, уни тўйига бошлаб кетадигандек туюларди. Тўй дараги чиққандан буён аёл ҳамон шунга ишонар, ҳамон шуни кутарди.

Ўғли келади-да:

– Онажон, юринг, менинг энг бахтли куним, сиз учун ҳам бахтли кун. Тўйимга олиб кетгани келдим, —дейди.

– Йўғ-е, – жавоб қилади у, ичида севинч гулхани ловиллаётган бўлса ҳам сир бой бермай, – мен қандоқ бораркинман. Бувинг, даданг, ўгай онанг мени сиғдиришармикин, жоним болам?

– Қўйсангиз-чи,—дейди ўғли унинг бағрига бош қўйиб гуноҳкорона, – сизсиз менинг тўйим ўтармиди. Биламан, ҳаммасини биламан, сиз мени яхши кўрасиз, сизда айб йўқ. Улар ҳеч қачон менга снздек қадрдон, сиздек азиз бўлолмайди. Кечиринг мени, ёш эдим, олдин тушунмаганманда…

Жамила ўшандан кейин “ҳозир, ҳозир” дея ўғлининг пешонасидан ўпади, сўнг тайёргарлик кўради. Улар учун атаб олган қимматбаҳо сарполарни, тақинчоқларни олиб ўғли билан бирга кетади. Боришгач келинига, ўғлига атаганларини ҳамманинг олдида тақдим этади. Сўнг ўғлининг чан ёнига ўтиради.

Бирозгина, бирозгина.

Ўша дақиқалар учун у умрини қурбон қилишға ҳам тайёр. Энг лаззатли, энг ажойиб дамлари бўлиб қолади ўша дакиқалар.

Аёл ҳовлида бетоқат юра бошлади. Атрофга тун зулмат кўрпасини ёярди.

Худди ҳозир ҳам ўғли кириб келадигандек, юқоридаги сўзларни айтиб уни бошлаб кетадигандек.

Узоқдан тўй садолари – инсон энг омадли, энг бахтли онларида ўз шодликларини у билан баҳам кўргувчи, у билангина қувончини тўлдиргувчи мусиқалар эшитила бошлади. Бир хонадон бахт оғушида, орзу-ҳавасларини рўёбга чиқарган, атаганлари тўйга буюрган кун эди.

Аёл айвон устунига суянганча ўйланиб қолди.

Мана, отасн Жасурни соғлом ўстирди, ўқитди, янги уй солди, бугун эса севган қизига данғиллама тўй қилиб уйлантираяпти. Кейинги хотини, ўн боласидан ортиб, Жасурни шу даражага етказиши осон кечмагандир ахир. Эри ҳақида ўйлаб қолди.

“Уни нима мажбур қилди экан, қайси куч таъсирида ўғлига бунча хизматларни ато этдийкин? Ё умри оз муҳаббати ҳаққи-ҳурматими, ундан ёдгор қолган ўғлини суйганиданми, ё дўсту душманлари олдида Жамиласиз ҳам ўғил тарбиялаш бунақа бўлади дея мағрурланиш учунми?

Тушунмайди, тушунмайди.

Аммо юрагида ён бергиси келарди: “Раҳмат, шунисигаям”.

Қайнонаси, болага кўзи оч қайнонаси-чи, келини ўн бола туғиб, ҳовлини тўлдириб ташлади.

У орзуларига етди. Лекин эри-чи? Ҳамид бахтлимикан, хотини билан жанжаллари ҳеч тинмайди дейишарди-ку. Хаёлан мурожаат этди. “Бир этак бола билан онанг сени бахтли қила олдими, Ҳамид? Ахир, ахир, – кўз ёшлари юзларини ювиб кетди, – биз битта ўғлимиз билан ҳам қанчалар бахтли бўлишимиз мумкин эди-ку!” Ўғлини уйлантиришарди. Кейин набираларини боқиб ўтиришарди. “Менинг айбим нима, наҳотки ёлғизгина ўғлимни менга нисбатан бирозгина оқибатли қилиб тарбиялай олмадинг, Ҳамид? Ахир сени қанчалар яхши кўрардим, қанчалар ардоқлардим, ўғлнм иккингга дунёнинг энг яхши тилакларини, хотиржамликларини тилаб келаяпман-ку шу пайтгача. Нега бунча лоқайд, бетуйғусан, Ҳамид!

Жамиланинг дилидан чиқаётган ёлворишлар тўсатдан нафратга айланиб кетди. Кўз ёшлариям таққа тўхтади.

“Бораман, – ўжарона такрорлади у, – кўраман уларнинг тўйларини”. Шу аҳволда кўчага чиқди.

Тўйхонага яқинилашган сайин юраги ҳаприқиб, безовталана бошлади. Фақат бир нарса, уни неча йиллар ўз домига тортган, хаёлий ширин эртакка ишонтирган вафосиз ҳислар олами уни олдинга ундарди.

Бир гал у ортига қайтмоқчи ҳам бўлди. “Йўқ, йўқ, Жасурнинг шу пайтдаги қиёфасини биргина кўришим керак…”.

Аёл қий-чув қилаётган томошабин болалар кетидан келиб секингина даврага разм солди. Кўп кишилик давра, қатор-қатор столларга ноз-неъматлар, ичимликлар тизиб қўйилган, давра ўртасида шўхчан мусиқага ҳамоҳанг ўйин-кулгилар. Ўтирганларнинг кайфиятини ифодалагандек тепада катта-катта лампочкалар ёғду тўкиб порларди.

Ҳамма шод, ҳамма хурсанд. Ана, давра оралаб кекса қайнонаси юрибди. Оқ чорси рўмол бошида, қадамлари илдам, меҳмонлар билан сўрашаркан, Жамила унинг бужмайган юзларидаги ифодани баралла ўқиди: «Шу кунларга етказганингга шукур, эгам».

Ана, кундоши. Қўлида кичик боласиям бор. Бесўнақай семириб, мўйлов қўйиб олган одам эса унинг бир вақтлар ҳаёти мазмунига, шодлигига айланган, энди эса бегона Ҳамид акаси.

Нафрат пардаси аёл кўзларини бир лаҳза қоплаб олди, сўнг бу туман тарқаб у ўғлига тикнлди. Жасур куёвлик либосида кайфи жуда баланд, қайлиғи билан ниманидир гаплашарди. Кулгили гап айтди шекилли, келин (келиним дея олмади) секин кулимсиради. Шу пайт орқадан кимдир, каттароқ болалардан шекилли, уни туртиб юборди. Жамила олдинга мункиб, йиқилишига сал қолди. Азоб, ширин бир азоб билан яна ўғлига термулди.

Болагинаси. Уни яқиндан кўрмагани, ўша бўйларига тикилмаганига, сочларидан силаб эркаламаганига неча йиллар бўпти. Неча йилларни тубсиз соғинч билан ўтказибди-я. Ҳарқалай Жаеурнинг – ўғлининг юрагида унинг юраги тафти бор, томирларида онанинг ҳам қони оқаяпти, унинг кўзларида она кўз корачиғининг нури ёниб турибди. Унинг борлиғи она жисмида жунбушга келаётган ҳарорату бўйдан, илк севгисининг бахтли онларидан яралган. Жамила кўзларини юмиб, лабларини қаттиқ тишлади. Оппоқ, ҳалиям тиниқ юзларига ёш дурлари тўкилди. У ўғлининг дунёга келган кунини эслади. Бундаи роппа-роса йигирма икки йил бурун худди шундай илиқ май кунлари эди. Севинчлари бир дунё эди. Ҳамид акаси билан қандоқ қувонишган эди-я. Чақалоқнинг юзларидан, беғубор кўзларидан, момиқ қўлчаларидан ўпишар, хуллас иккаласининг тоза, пок муҳаббатидан бунёд бўлган бу жажжи инсонни бағирларига босишар, еру кўкка ишонишмасди. Ўшанда Жамила энг бахтли эди. Энди эса ўғли, ўша боласи бетона. Қачон? Нима сабаб? Қай ҳолда йўқотди уни? Нимада хато қилди. Билмайди, билолмайди. Онасига ёвлик, нафрат билан ўстирилган ўғли энди ҳеч қачон унга қайтмаслигига, кўксига бош қўйиб эркаланмаслигига ишониб қолди.

Даҳшатли ишонч, унинг энг сўнгги орзулари саробга айланди. У жим-жит кўчага югуриб чиқди. Бу ерда ортиқ қололмайди. Шу пайт юраги қаттиқ санчаётганини сезиб қолди. Майли. У энди ҳеч кимга керакмас. Ҳаётда ортиқча. У ўлиши керак. Фақат ўлимгина бу азоблардан уни қутқарадиган, барча изтиробларига якун ясайдиган буюк куч. Ўлим, ўлим. Телбамисол чопиб кетаркан, тўй олиб борувчининг ширали овоздаги шеъри эшитилди:

Фарз эрур ҳар кимсага

Дўст-ёрни меҳмон қилиш.

Тую дастурхон ёзиб,

Эл дилин осмон қилиш.

Ё насиб, ҳар кимсага

Фарзанд – ўғил берсин фалак…


Аёл ингради, фалак унга ўғил это этганди. Кимлар уни эгаллаб олди. Барига ўзи айбдор. Гуноҳ унинг бўйнида, отасиз ўсмасин девди. Отаси эса уни янги оналик ҳам қилди. У унутилган, унга фақат ўлим керак. Тамом.

Уйига бир амаллаб етиб олди. Ҳовли жим-жит. Кирасолиб ўзини кароватга ташлади. Юраги эса гўё олов эди. Дорисини ичиши керак, тез-тез кўзғаб турадиган касали бу.

Оғриқ зўридан стол устидаги каттакон уколлар, дорилар солинган қутига яқинлашди. Шу пайт яна кўз олдида бегона тўй жонланди-ю, алам билан қутига тикилди.

«Бу сафар сен ҳам мени қутултиролмайсан, меига ўлим керак». Алам билан катта-кичик шишалардаги дори-уколлар жойлашган қутини баланд кўтариб полга отди. Жаранглаган укол синиқлари, дори шишалари оёқлари остига сочилиб чилпарчин бўлди. Сўнг кароватга беҳол ўтириб бошини маҳкам чангаллади. Изтиробли ўйлар уни тинимсиз таъқиб этар, шусиз ҳам таранг тортиб келаётган юрагини беаёв ёндирарди. Икки томонлама оғриқ зўридан юзи қизариб кетди. Ғазабдан нима қилишни билмай полда сочилиб ётган дориларни тўкилиб синмай қодган шишаларини тепиб синдира бошлади. Огриқ эса баттар сиқиб келаркан, тўсатдаи Искан-дарни, унинг дўмбоққина, етти ёшли қизчасини, тўққиз ёшли ўғлини эслаб қолди. Ажабо!

«Бизга ая бўлинг, мен сизни жудаям яхши кўрардим, аяжон дердим», – қизчанинг бидирлашлари шу дақиқаларда жуда ёқимли туюлди унга. Шу пайтгача ўзига номаълум бўлган, балки истамаган, рўпара келишдан қўрқиб юрган бир ҳақиқат уни сиқувга ола бошлади.

“Ёмон кўрувдинг-а Искандарни. У ҳақида нималар хаёлингга келмовди. Бевафоликда айбловдинг. Бу дунёда севги йўқ деб кулувдинг. Унинг шу ҳолатини тасаввур қил, бағритош аёл. Искандарнинг йиғлаб-йиғлаб ўзини зўрға тутган каби кўзлари деразага, булутларга, аллақаёқларга ғамгин тикилиб турарди. Унинг шу ҳолатга тушишига, қаёқдаги бир аёлга болаларини етаклаб қўлини сўраб келишини худодан тиловмиди. Аччиқ қисмат унга шуии раво кўрган бўлса, кимда айб?

Ахир у раҳматли озғингина хотинини қанчалар севарди, қанчалар авайларди. Буни ҳамма-ҳамма билади”. Унинг шу топдаги аҳволини мана энди тушуняпти. Искандарнинг бир оғиз ҳам гапирмай, унинг тилидан болалари гапиришлари… “Эй аёл, сенинг ёнингга эзркаклик эҳтиросимни қондириш мақсадида хотин тилаб эмас, мана шу икки норасида гўдак-ларим кемтик ютагини тўлдириш, «ая» деган сўзга нақадар интиқлигини билгачгнна ёнингда бўйин эгиб турганимни билмайсан.

Кўзларим айтиб турибди-ку, сени ҳеч қачон севмайман, ҳеч қачон раҳматли хотинимга айтган сўзларни сенга айтмайман… Айтмайман. Фақат… Болаларим тилаги, улар қалбида онасизлик дардини ёлғиз ўзим тўлдиришга ожиз эканимни ниҳоят тан олганимдан кейингина келдим».

Ҳа-ҳа, худди шундай деган эди қизчасининг сочларини силаб туриб бир жуфт дардли, ўжар кўзлар…

Нега йўқ дедим? Нега икки гўдак дилини вайрон қилдим?

Минг азоб, изтироб билан остонамга қадам қўйган бу эркакнинг ақалли бир оғиз ширин сўз билан кўнглини кўтаришга ярамадим.

Мен шунчалар бағритошмидим? Шунчалар тилсизмидим, ё парвардигор…

Энди ичидан чиқаётган иссиқ олов аёлнинг томоғини бўға бошлади.

У дўхтир. Ўз_ касали қачон бошланиб, қай тарзда ўтиши, сал эътиборсизликдан эса у дунёга равона бўлиши ҳам мумкинлигини жуда яхши билади. Бироз енгил бўлар деган мақсадда жон ҳолатда рўмолини, кўйлагини ечиб ташлади. Кароватдан гурсиллаб полга тушди. Фақаг ич кўйлакдаги ярим яланғоч бахтсиз аёл ҳозиргина ўзи синдирган шиша синиқлари устига тушганди. Баданига игнадай санчилган шиша парчалари хуруж билан зўраяётган касаллиги, даҳшатли ўйлари соясида билинмай ҳам кетди.

«Ҳозир, ҳозир қалтироқ бошланади. Кейин, кейин ҳаммаси тамом. Эҳ, Аллоҳим. Ўзинг мадад бер. Дориларни қаёққа отдим-а, содда, гўл банда, наҳотки шундай хорликда ўлиб кетсам, шармандали ўлим топсам. Одамлар нима дейди?

Бечора ўғлининг тўйи купи аламидан, куйганидан ўлиб қопти дейди.

Эҳ, парвардигор, мен заиф бандангга қувват это этгайсан, омонат жонимни ўзимга қолдир, шу аҳволда ўлишни хоҳламайман!

Дақиқалар тиғиз эди, ҳар лаҳза ғанимат. Аёл сўнгги кучини тўплаб чалқанча ётиб олди, телбамисол пайпасланиб, ҳозиргина ўзи тепиб синдирган шиша синиқлари орасидан керакли дорисини ахтарди.

Топса топди. Мабодо топмаса… Судраларкан баданига ботган шиша тилган жойлардан қон оқа бошлади. Мана бири очиқ кўкрагига тиғдай қадалди. Уколнинг қиррадор синиғи. Қандай куч келди, ўзи ҳам билмай, оҳ деганча чалқанча ётиб олди.

Бевақт синиб хор бўлган дорилар энди аёлдан беаёв ўчини олмоқчи каби орқаларига қадалди. У тўлғанди. Кўкрагидаги қонни қўллари билан сидириб ташлади, қон эса ҳали-вери тўхтай демасди.

Энди унга бир дам ҳамма нарса барибирдай туюлиб қолди. Лекин ҳар галгидан фарқли ўлароқ, қалтироқ бу сафар бироз тўхтаб-тўхтаб келарди. У буниям Аллоҳнинг бир инояти ҳисоблаб, музлаб бораётан оёқларига, ўзига итоат қилмай қўяётган қўлларига бир оз дам бергиси келгани каби, шу кўйи ётиб қолди. Ўлим! Ўлимнинг совуқ шарпасини ҳие этган аёл умрининг сўнгида ҳаётининг энг ёрқин, энг ажойиб дамларини эслашга ҳаракат қилди.

Беғубор, ташвишсиз болалиги, онаси, отаси, укалари…

Сўнг Ҳамид акаси. Йўқ-йўқ, бугун ўғил уйлантираётган қирқ беш ёшли эркакни эмас, ўзининг йигирма тўрт ёшли кўркам эрини эслади.

Студентлик йиллари. Парк, анҳор, ғира-шира оқшомлар, эҳтнросли бўсалар.

– Сен менинг бахтим, қувончимсан, Жамила! Фақат сен мени бахтли қила оласан!

– Да, – қучоғнда шивирлайди қиз, – биз қанчалар бахтлимпз…

Сўнг тўйлари, кейин жажжи ўғилчаси, унинг ўша пайтдаги туришлари, қилнкларини қайта-қайта қўмсади. Иложсиз.

«Эҳ, Ҳамид, сенинг-ку ўн боланг бор, нега менинг ёлғизгина боламни менга нисбатан бунчалар меҳрсиз, оқибатсиз қилиб ўстирдинг. Боламдан, ёлғиз қувончимдан жудо қилдинг. Минг лаънат сенга. Минг лаънат. Қолдирдим сенга шу дунёни. Ол, ол! Тўйгунингча яша».

Аёл йиғлолмасди. Қўзларида нафрат гулхани ловиллади. Эртага уни сўнгги йўлга кузатишади.

«Ўғлимии эса ҳали чиллалисан» деб уйдан ҳам чиқазмайсизлар. Эҳ, парвардигорим, сенда ҳеч айб йўқ, аччиқ қисматимни ўзим танлаганман, ўзим.

Шу чоқ ярқ этиб кўз олдига бошини қуйи солган Искандар келди. Оналарини эслатиб турувчи ўғил-қизчаси… Чопиб келаётган оппоқ кўйлакчали жажжи қизча, акасиниям қўлидан судраб Жамила томон ундайди.

– Бизга ая бўлинг, хўпми, биз сизни яхши кўрамиз, дадамга ҳар купи ая опкелинг дейман. Дадам бўлсалар, мана мен ҳам аянг, ҳам даданг дейдилар. Мен эса, йўқ, Қундуз дугонамникидақа ая опкеласиз, дейман. Юринг бизникига. Сизни ҳеч хафа қилмаймиз. Ая бўласиз-а?

Ҳа, қаёкқадир қочиб кетгиси келаётган, севимли хотинидан ёдгор икки фарзанди тилаги учунгина бош эгиб тургаи Искандар.

Жамиланинг эсига нимадир тушиб чинқириб юборди.

– Йўқ. Ўлмайман, ўлишни хоҳламайман. Ахир мен кимлар учундир керакман.

Ҳалиям кеч эмас. Эртагаёқ Искандарнинг олдига ўзи боради. Болаларига ҳали унинг юрагида қанчалар оналик меҳри яшириниб ётганини, уларни севишга қанчалар қодирлигиии исботлайди. Искандарга эса…

У бир умр унутолмайдиган оғриқли дардини салгина енгиллатишга ҳисса қўшса ҳам бахтли ҳисоблайди ўзини. Бу каби яхши тилаклар ижобатга ўтиб вужудига куч ингандай бўлди. Сўнгги бор уриниб дорисини пайпаслай кетди.

Ва ниҳоят… топди. Топди.

Жамиланинг девонавор кўзлари қинидан чнққудек дориии тутамлаб очиқ сийналарига босди.

Гўё қоп-қоронғу тун қаъридан бир бадбашара махлуқ деразадан кира солиб унинг қўлидан дорисиии тортиб оладигандек даҳшатга тушди. Ютоқиб огзига олиб борди. Оғзи қуриб қолган, ичидаги нссиқлик лаблариниям куйдириб борарди. Қандай бўлмасин ичиш керак. Сал намлаб ютиш керак. Акс ҳолда. Шайтон… Деразадан шафқатснзларча бўйлаб турган тун, бадбашара махлуқ. Аёл сесканиб кетди. Хуруж авжига олиб, юрагини бир оғриқ беаёв ғижимлаб кела бошлади. Кўзлари каттариб, қорачиғига нимадир тўлгандек бўлди. Иложсиз, кўкрагидан окаётган қонни сидириб дорини оғзига сола бошлади.

Ҳар нави нам-да. «Майли, – ўйларди у, – кўпроқ қонайверсайди кўкракларим». Бир вақтлар Ҳамид акаси суйиб бош кўйган, ўғилчаси икки-уч ёшгача эмиб, кейин ҳам кечалари тимирскиланиб ушлаб, уйқуларида ором топган кўкракларн. Бир амаллаб дорини ютди. Энди юз-кўзидан оқаётган шўр терларниям сидириб оғзига сола бошлади. Сал вақтдан сўнг қинидан чиқиб кетгудек потирлаётган юрагини ғижимлаётган аллақандай дард секин-секин қўйиб юбора бошлади. Ҳолдан тойган аёл телбаларча кулди: «Энди ўлмайман, ўзингга шукр, эгам». Бошини ён томонга буриб, мадорсиз кўзларини юмди…

Атроф сокин. Кўк уммони узра ярим ой булутлар тўдаси оша заминга мўралаб турарди. Майнинг илиқ тафти уфураётган бу кеча аёлни бутунлай бошқа қиёфага солганди.

У хонада бетартиб сочилган шиша синиқлари устида ухларди. Бола туғиб она номини қўлга киритолмаган бир томондан мағлуб, бахтсиз аёл, бир томондан омонсиз ўлим билан олиша-олиша ғолиб келган бир аёл мадорсизликдан қотиб ухларди.

Ташқарида эса оппоқ, одамзод ҳамиша унга ташна интилгувчи, фараҳбахш, мўъжизавий тонг отиб келарди.

Армонлар… Умидлар… Соғинчлар тонги.

КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР

Подняться наверх