Читать книгу КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР - Коллектив авторов, Ю. Д. Земенков, Koostaja: Ajakiri New Scientist - Страница 3

ЯНГИ АСР ИЛҲОМ ПАРИСИ
(Замонавий эртак)

Оглавление

Салом, янги аср илҳом париси!

Ханс Христиан Андерсен

Ҳа, ўз асрининг эндигина туғилган илҳом парисини буюк эртакчи Андерсен шундай самимий ва дилбар саломлар билан кутиб, уни шарафлаган эди. Биз эса ХХI асрга қадам қўйяпмиз. Нечун бугунги кунда ер юзининг турфа жойларида мунажжимликни даъво килаётганлар ХХI асрнинг гўзал илҳом париси туғилганлиги ҳақида бонг урмаяптилар, нечун билағон «валийлар» унинг қиёфаси, мақсади ва заминга ташрифи мазмунини тасвирлай олмаяптилар. Ҳаттоки англаёлмаяптилар ҳам. Ўтган асрлардагидек бизнинг замонда ҳам ярқироқ юлдузлар унинг латиф чеҳрасини соат сайин чизиб, имлаётсалар ҳам, уқувсиз мунажжимларимиз илғамаётган, балки билишга ҳам ақллари етмас самовий тасвирга нигоҳлари тушмаётган бўлса, ажаб эмас. Унинг заминидаги чинқироқ йиғиси ва олам аҳлига ўзининг келаётгани ҳақидаги хушхабарни бераётган ажойиб қуғирчоқлар жарангини давримизнинг қудратли машиналари ғовури, асабий одамларнинг овози босиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Ахир бу илҳом париси бизда ниҳоятда тараққиёт олға силжиган, фаннинг шошқалоқ паравозлари ўнқир-чўнқир жойлардан тап тортмай ўз гудокларини баралла ҳайкиртирётган замонда туғилди-да, Уни илғаш ва шарафлаш учун эса Андерсен каби сахий қалбли, мунаввар руҳияти қанотларини тун сокинликлари аро гавҳар юлдузларга қадай олиш ва улардан сир-саноат олиш қудратига эга бўлиш керак-да.

Донишманд китобларда башорат қилишича, ҳар бир аср сўнгида табиат инсониятга янги аср учун илҳом париси инъом этаркан. Бу илҳом париси замондошларини янги кашфиётлар сари илҳомлантирар экан. У ўз ғояси, ишлари билан ўз даври тараққиётининг машъал чароғбони бўлар экан.

Ҳай, майли, ҳарқалай илҳом париси туғилди ва улғая бошлади.

Ер юзининг қай саодатли маскани, унинг ватани бўлар экан, қай оилада туғилиш насиб этар экан, қайси бахтли ота унинг учун анвойи ва чиройли ўйинчоқлар сотиб олар экан, қай бахтли она унга тунлар аллаю эртак айтиб, меҳр ва эзгулик сабоғидан дарс берар экан.

Юлдузлардан умид ва илтижо билан бу саволларимга жавоб кутиб кўз тикаман ва улар шунда секин жойларини алмаштириб сўз туза бошлайдилар.

Илҳом париси ўта замонавий, билимдон, ўқимишли оилада туғилади. Отаси даврнинг олд зиёлиларидан бири бўлишга ҳаракат қилувчи, жамиятнинг олий табақасига мансуб илғор фикрли инсон бўлса, онаси ҳам ўта меҳрибон, ўқимишли аёллардан бўлади.

Унинг макони қаер бўлади, дейлик. Майли, у гўзал эртаклар диёри Калифорнияда туғилар, балки Парижда, балки Рум, ё булмаса Урта Осиёнинг гавжум масканларидами, ёхуд бундан 660 йил муқаддам буюк жаҳонгир Амир Темурдек зоти шарифга Ватан бўлган, унинг киндик қони томган муқаддас тупроқ Қашқадарёнинг қай бир иссиқ чўлларими, ё Кавказ, Хитойдами… У қаерда яшамасин, унинг овози ва етук фаолияти, ижоди, кашфиётидан ер юзи аҳли ва албатта, янги асрда биз ҳам баҳра оламизми, демак, у бизнинг ҳам илҳом паримиз.

Юлдузлар унинг суратини чизар эканлар, юракда бироз ҳадик ва хавотир ила сўрайман.

– Бағоят нафис, бағоят гўзал экан бу илҳом париси, ер юзининг ҳозир шунақанги ёввойи жойлари борки, балки ўта даҳшатли масканларига насибаси қўшилган илҳом парисининг тақдири қандай бўлади. У жойларда улуғ санъатга ошуфта қалбининг сирли садосини илғай оладиган илғор ва зукко инсонлар бўлармикин, ёки адолатсиз давр ва муҳитнинг мудҳиш, янглиш хатолари сабаб узоқ вақт юз кўрсата олмаса-чи?

Ҳа, юлдузлар шаклан жой алмаштириб менга ҳамсуҳбат инсон қиёфасини чизадилар ва самимий кўз қисиб қўядилар.

– Сен, азизам, уни бағоят гўзал дединг. Гўзал қалбли инсонларга гўзал кўринур, хунук назарга хунук, қўпол назарга қўпол кўринур. У ўзини ўзи муҳофаза этиш қудратига эга бўлур. Унинг миннатдарона қарашлари, самимий илтифотига сазовор бўлганларга мангу толе кулиб боқар.

Баттар қизиқсиниб сўрайман.

– Унинг илтифоти ва назарига қандай мушарраф бўлиш мумкин?

– Эзгу, савоб, хайрли ишлар билан, мазмунли кунлар, файзли умр билан- да, – шивирлайди юлдузлар.

– Бу илҳом парисининг бошқа давр ва аср париларидан фарқи нимада, –юлдузлар ҳозирок саволимни жавобсиз қолдириб, кўз ўнгимда ғойиб бўладигандек туюлиб, шошилиб сўрайвераман.

– Нигоҳлари билан даволаш хислатига эга эканлигида, ундан қандай фойдаланиш инсонларнинг ўзига боғлиқ бўлур.

– Ие, ажиб сирли экан бу хусусият. Илҳом парисининг кўзига фақат яхши инсон бўлибгина кўриниш керак экан-да, буни қаранг-а.

Юлдузлар жилмайиб қўядилар ва бирин-сирин узоқлашаркан, дейдилар:

– Ҳой, сен заминнинг эзма ва ёлғончи боласи, яхшиси, илҳом парисини кўришни орзу қил, вассалом.

Кўзларимни қаттиқ юмиб уйқуга кетаман. Тушларимда гўзал ўрмон намоён бўлади. Чиройли оппоқ қайин дарахтига суянганча менинг севимли эртакчим Андерсен қандайдир чолғуда куйлаётганмиш.

Буюк эртакчим Андерсен!

Ахир болалигимданоқ мен унинг эртаклари билан улғайдим- да.

У шундай чиройли куй чалаётганмишки, ўрмондаги турфа қушлар ҳам унга монанд, ҳамоҳанг сайрашга ҳаракат қилаётганмиш. Менга нигоҳи тушган Андерсен ўта меҳрибон ва хушвақт қўл силкитганча дермиш:

– Қўявер, қўзичоғим, одам боласини жамики ёвуз ниятлардан қайтаргувчи, дилларига эзгу ишлар уруғини қадагувчи, маҳзун дамларида умид шамини зимистон юракларида ёқгувчи жамики ёлғонлар, эртак ва ривоятлар кечиримлидир.

Тонг ёришди. Мунаввар ёғдули кун менга қучоқ очиб, эркалайди. Ўрнимдан енгил тураман. Юрагимда ажиб бир хушвақтлик, завқдан лиммо- лим истаклар ила қайларгадир югургим, бор товушим билан ҳайқиргим келади.

Тунги юлдузлар жилоси ила чизилган лаҳзаларни ким биландир ўртоқлашиш учун йўлга чиққим, гўзал башоратларимни бу мураккаб ва чигал давр тўфонларидан, биз мудом тушуниб ета олмаётган зиддиятлар ва бесаранжомликлардан омон қолишини истаган ҳолда қучоқ очиб кутиб олгим ва ардоқлагим келади.

Салом, ХХI аср илҳом париси! Сенга абадий шон ва шарафлар булсин!

КУНДАЛИК ДАФТАРДАН САҲИФАЛАР

Подняться наверх