Читать книгу АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд) - - Страница 67

ШЕЪРЛАР
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
БИР ИДИШ

Оглавление

Одам танасида қориндан ёмонроқ

идиш йўқдир…

Ҳадисдан

Ҳар кимсанинг иншосида

Келиш бордир ҳам кетиш.

Идиш-товоқ дунёсида

Одамзот ҳам бир идиш.


Олам катта ошхонадир,

Ярим фақир, ярим бой.

Битта қисми айшхонадир,

Битта қисми – қоринбой.


Келмоқ, кетмоқдан муддао –

Ейиш эмас ё ичиш.

Гарчи инсон эрур, аммо

Одамзот ҳам бир идиш.


Гарчи оғиз-бурун берган,

Гарчи берган қош, қабоқ.

Тикилсангиз, олиб юрган

Бош эмасдир – ошқовоқ.


Нафсин қўзғар такрор-такрор

Молу дунё ишваси.

Лекин кўнгил косаси бор,

Бордир кўнгил шишаси.


Дунё – бир келиб кетишдир,

Гоҳ қувонч, гоҳ ғам идиш.

Одамзот ҳам бир идишдир,

Одамзот ҳам бир идиш.


Кир босгайдир уни, ҳар дам

Нафсин қувиб турмаса.

Тонгу пешин, асру шом ҳам

Хуфтон ювиб турмаса.


Ўзинг инсоф бер, Худойим,

Камол топсин боласи.

Пок ва тоза бўлсин доим

Унинг кўнгил косаси.


2007

АСАРЛАР ТЎПЛАМИ (3-жилд)

Подняться наверх