Читать книгу Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари - - Страница 4
Адабиётга таъзим
ОглавлениеОлтинчи синфни битиргач, яна бошоқ теришга чиқдик. Даладан кўтариб келганим тўрт боғлам бошоқ билан бир дўппи бурчоқни эски шолчанинг устига яйратиб, Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўздавнашр” тамғаси қўйилган ҳикоялар тўпламини ўқиётиб пинакка кетибман. Бир маҳал товонимга биров бигиз санчгандай бўлди. Сапчиб ўрнимдан қўзғалай десам, елкамдан кимдир ерга босиб турарди. Товонларим жазиллаб ачишарди. Гўё тушимда босинқирагандай. Ўгирилсам, Аббосхон тоғам икки елкамдан босгани ҳолда онам ҳандалакдай ёрилиб кетган товонларимга индов ёғини доғлаб пиёздоқ босарди. Ҳар тугул кўп ўтмай жоним ором топиб яна ухлаб қолибман. Қўшнимиз, синфдошим Абдурайимжоннинг: – Ошна, туринг Заркентга кино кўргани борамиз, – деган овозидан кейин уйғондим. Даладаги чўгаллар туфайли тарамушга айланиб кетган оёқларим ипакдай мулойим бўлиб қолибди. Онам қовуриб берган бурчоқни Абдурайимжон билан баҳам кўриб, уларнинг уйига чиқиб, қатиқ ичдик. Кейин Олимжон, Исмонжон оғаларим етакчилигида оқшом Дўнгошардан ўтиб, Заркентда “Степан Разин” деган кинофильмни томоша қилиб қайтдик. Ўшанда маҳалладошимиз Очил ака Исмоновга Степан тахаллусини бергандик.
Бошоқ териш мавсуми охирлаб қолганди. Давронбой акамнинг укаси ошнам Абдуназар: – Сени Омонов домла сўрадилар, – деб қолди. Дарҳол уйларига бордим. Мохоркани бурқситиб ўтирган эканлар:– Бормисан, Назар айтдими? Қани, ўтир. Мана бу газетадаги мақолани бирга ўқиймиз. Домла “Қизил Ўзбекистон” газетасининг охирги саҳифасидаги Ҳоди Зариф имзоси билан босилган мақолани ошиқмай ўқиб бўлгач, газетани қўлимга тутқазди.
– Бу иш сенинг қўлингдан келади. Қишлоғимиздаги тўйларга келиб юрадиган достончи Олим бахши Пешқўрғон қишлоғида туради. Уни қўшниларинг Эргашвой акадан суриштириб ол, – деб тайинлади.
Уйга келиб, ўша мақолани яна бир сидра ўқиб чиқдим. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти фольклор сектори мудирининг мухтасар мақоласида халқ оғзаки ижодини тўплаш, бахшилардан достонларни ёзиб олиш долзарб вазифалардан бири эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилганди. Демак, Олим бахши Сойиббоевдан “Ёзи билан Зебо” достонини ёзиб олишим шарт. Фикр ва мулоҳазаларимни қоғозга тушириб вожатийимиз Сотимбой Ҳатамовнинг уйларига бориб, Тошкентга Ҳоди Зарифовнинг номига мактуб битиб, Заркент орқали хатни жўнатдим. Орадан ўн икки кун ўтганда жавоб мактубини олдик. Устоз Ҳ.Зарифов жавоб хатида ёзиб олинажак асар бахши томонидан қай тарзда айтилган бўлса, ўша ҳолатда қўшиб-нетмай қоғозга туширилиши ва айтиш усули, тахаллуси ва манзили аниқ бўлишини илтимос қилганди.
Олим бахшининг манзилини сўраб, ўн бешта дафтар, бешта қаламни сафархалтамга жойлаб, Янгиқўрғонга амал-тақал қилиб етиб олдим. У ёғига бир муддат пиёда юрдим. Чортоққа дон топшириб қайтаётган аравада Пешқўрғондан бахши бобонинг уйларини топдим. Нима мақсадда келганимни Хайринисо холага айтдим. Хола дуо қилиб, дастурхонга зоғора билан бир товоқ ўрик қўйгач: – Бахши бувангиз Сизлар тарафда, Арқит деган овулда икки ҳафтадан буён пахсакашлик қилаяпти, – деб гапнинг индаллосини айтди. Тамадди қилгач изимга қайтдим. Хайринисо буви чит дуррага ўрик ва зоғорани тугиб, кузатиб қўйди. Қишлоққа қайтиб, икки кундан сўнг Каравонга равона бўлдим. Бу ерда дадамнинг қадрдон дўсти, асли қирғизқўрғонлик Қаюм қора Ҳусанов деган бағрикенг инсон чойхонани бошқарарди. Қаюм тоға мақсадимни тушуниб, уловини қўмлаб, мени йўлга солиб қўйди. Арқит билан Каравоннинг ораси йигирма чақирим. Марказдаги дўкончадан пешқўрғонлик пахсакашларни сўрадим. Улар Қапчиғай деган қўқти-жилға орқали сўқмоқ йўлдан юришимни уқтиришди. Қўқийбелим довонидан ўтишим билан менга таниш, қишлоғимиздаги тўй-тўркинларда эшитиб юрганим “Ёзи билан Зебо” достонидаги қуйидаги мисралар тоғларга қўшилиб акс-садо бера бошлади:
Қовун экиб Тошбулоқнинг тошига,
Суғорганман кўзларимнинг ёшига.
Ўкчи баланд ковушингдан Зебижон,
Менга қилган ровушингдан Зебижон.
Мен Қапчиғайга етиб келганимда тушлик тугаб, қимизхўрлик авжида экан. Фотиҳадан кейин, ўзимни таништириб, газетадаги мақолани, Тошкентдан келган хатни Олим бахшига ўқиб бердим. У киши ўз навбатида Сафед Булондаги Муталлиб улоқчини, хешлари Эргашвой, Йўлдошвой амакиларнинг саломатлигини сўради. Кейин, достонни қай тарзда ёзиб олишни келишиб олдик. Отанинг икки шогирдлари билан ёнма-ён лой пишитишда кўмаклашиб, дам олиш чоғида, оқшом пайтларида “Ёзи билан Зебо”ни дафтарга тушира бошладим. Тўрт печдан иборат пахса деворли қўрғон ўн икки кун деганда қад ростлади. Мен ҳам шу орада ўн икки варақдан иборат ўнта дафтарга достонни ёзиб бўлдим. Олим бахшига юртдошлари бекорга “Ҳакка” лақабини беришмаган экан. Сабаби, ўта чаққонлик билан лойхонадан печга, печдан лойхонага сакраб чиқиб, сакраб тушиб ишни маромига етказарди. Кўнглим тоғдек кўтарилиб, қишлоққа қайтдим. Бир ҳафта давомида достонни умумий дафтарга кўчириб Тошкентга жўнатдим. Юқорида баён этганимдек, А.Қаҳҳорнинг ҳикояларини яна бир сидра ўқиб, устоз адибга шеърий мактуб ёздим. Чунки мазкур китобга наманганликлар ҳаётидан олиб ёзилган “Тешик дастурхон” деб номланган ҳикояси нега кирмай қолганлигини сўрагандим. Кейинроқ, Ғафур Ғулом табдилида А.Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини ўқиб, бўлар-бўлмас саволларим билан у кишининг ҳам бошини қотирганман. Улуғ устозлардан олган жавобларим мактабимиз миқёсида анча шов-шувларга сабаб бўлган эди.
Бу орада китобхонликда бизга ўрнак бўлган уста Исроил Эшматов бошчилигида домламиз Юсуфжон Низомовнинг уйини икки ҳафта давомида сувадик. Эшонхон ака Зокировнинг ўн минг дона гуваласини қуйиб бердим. Хўжалигимиз етакчиси Эгамберди Ўрмонов билан фирқа бошлиғи Эргаш ака Қосимовнинг илтимосларига биноан ҳовлимизда пишиб етилган олмурут ва шафтолиларни хирмонда ишлаётганлар билан бартер қилдим. Хуллас, оиламизни моддий жиҳатдан бироз тиклаб олдик.
Еттинчи синфда ўқий бошлаган кунларимда Тошкентдан мен учун ўта қадрли бўлган фольклоршунос олимадан қуйидаги мактубни олдим. “Қимматли Турсунбой Адашбоев! Олим бахшидан ёзиб олинган “Ёзи билан Зебо” достонини каталокка киритиб, рўйхатдан ўтказдик. Яқин кунларда бахшига ва Сизга маълум миқдорда қалам ҳақи жўнатамиз. Ҳурмат билан Музайяна Алавия”. Бу менинг учун навбатдаги кутилмаган рағбат эди. Изтироб ва қувонч ғолиб келган паллада тилингизни учида турган сўзлар шеърий мисраларга айланиб, дафтарга тўкилади. Ўзим билан ўзим якка гаплашадиган дамлар бошланди. Бобомнинг боғидан ўғирланган шафтолиларнинг озорини, онамнинг ёрилган товонларимга пиёздоқ сурганларини дастлабки машқларимда акс эттиришга ҳаракат қилдим. Имкон топишим билан Силлиқтошга чопаман. Машқларимни овоз чиқариб ўқийман. Шу тарзда адабиёт оламига шўнғиб кетдим. Икки овулга хизмат қиладиган Подаклик почтачи Тўхтаназар ака одатдагидек яна қувончли хабар олиб келди. Олим бахшидан ёзиб олган достон учун 130 сўм ақчага имзо чекдим. Бу ўша даврнинг нуқтаи-назаридан қараганда катта пул эди. Дарҳол онамга суюнчиладим, пешонамдан ўпиб, дуо қилдилар.
Ўқишни Оққўрғондаги ўрта мактабда давом эттирдим. Бахтимга Қирғизбой Нурқулов, Ҳайдарали Бозоралиев ва Дадахон Қозоқов сингари бағрикенг, тажрибали муаллимлар сабоқ бера бошлади. Ўрта мактабда ўқигани қўшни қишлоқлардан қирғиз, тожик ва чечен миллатига мансуб болалар келишди. Улар билан бирга яшаб, бирга билим олдик. Оқибатда қардош тилларни маълум даражада ўрганишимизга тўғри келди. Қирғиз фарзанди Асқар Рисмамбетов, тожик ўғлони Рафиқжон Жўраев, Орифжон ҳожи Ҳусанов, чечен йигит Ризвон Дилхаевлар билан дўст тутундик. Ёзган машқларим, мақолаларим, “Колхоз турмуши”, “Жалалабад жанғириғи” каби газеталарда чиқиб турди. Бу борада М.Бекмуротов, У.Султонов, Н.Атамқулов, ака-ука Бекболот ҳамда Орзимат Ўсканбоевлар менга далда бўлишди.
Тўққизинчи синфни битириш арафасида, имтиҳонларга тайёргарлик кўрилаётган кезларда кутилмаган воқеа юз берди. Математика фанидан консультация соат иккига белгиланган эди. Ётоқхонада егулик нарса қолмаганлиги учун эрталаб соат ўнларда синфдошларим Н.Азибоев, Ш.Жаҳонгиров, Ҳ.Ғаффоров, А.Жўраев ва камина балиқ овига бордик. Овимиз бароридан келди, икки челак ўлжани кўтариб йўлга тушдик. Аммо консультациядан ярим соат кечиккандик. Ўқитувчимиз Юсуфжон Мамажонов машғулотни йўлнинг четидаги хонага кўчириб, бизни деразадан кузатиб турган экан. Домла пешвоз чиқиб барчамизни досканинг олдига сафга териб, икки челакдаги балиқлар тугагунга қадар башарамизга уриб, “Сафед Булонлик каллахўрлар” деб таҳқирлай бошлади. Мен бундай хўрликка бардош беролмай, хонадан дарҳол чиқиб, ётоққа келиб, халта-хуржунимни кўтариб, қишлоққа йўл олдим. Айб ўзимизда эди, машғулотга кечиккандик… Онам раҳматли билан маслаҳатлашиб бисотимиздаги маккажўхорини тегирмондан чиқариб, уйдаги ками-кўстни бутлаб, Шаҳанд туманидаги Қирғизқўрғон қишлоғига жўнадим. Чунки, бу ерда дадамнинг қаҳатчилик йилларида орттирган қадрдон дўстлари Чоривой бобо Раҳмонов, Турғунбой мироб Мирзабоев ва адабиёт ўқитувчиси Йигитали Усмоновлар истиқомат қилишарди. Бўлган воқеани уларга айтдим. Ўринбой тоға битта ҳужрасини менинг учун созлаб берди. Улар дастлаб бодиринг, ҳандалак ва қовун чопишнинг сирларини ўргатишди. Девор урдим, сувоқчилик қилдим. Шоли ўташнинг ҳадисини олдим. Ҳатто тўйларда гўлахиликни ҳам эпладим. Вақти-вақти билан топган-тутганимни яширин тарзда қишлоққа етказиб турдим. Шоли ўримидан тортиб, уч ой дарё бўйидаги сувжувозда шоли оқладим, қўшни қишлоқлардаги кутубхоналардан тилхат эвазига китоб олиб мутолаа қилдим. Шундай қилиб, бир йилдан сўнг, оиламизга яраша даромад билан Сафед Булонга қайтиб, ўқишни қолган жойидан бошладим. Меҳрибон устозларнинг рағбати менга қанот бағишлади. 1957 йилнинг январь ойидан республика пойтахтида ўзбек тилида “Қирғизистон ҳақиқати” номли газета чиқа бошлади. Кейинги тақдирим ана шу матбуот билан билвосита кечди. Бишкекда, Ўшда, Тошкентда ишлашимга тўғри келди. Тангри ёрлақаб, қадримни ўрнига қўядиган қайлиқ билан турмуш қурдим, бири-биридан диёнатли фарзандлар, набиралар кўрдим. Ўзбек ва қирғиз тилларида бир талай китобларим босилиб чиқди. Ҳар икки тилдаги дарсликларга, Анталогияларга асарларим киритилди. Икки республиканинг давлат мукофотларига сазовор бўлдим. Кўп дўстлар орттирдим, минг афсуски, айримларини йўқотдим…