Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 103

Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
ИЛК ОҒРИҚ

Оглавление

Болаликдан, ёронлар,

Ҳар ишга моҳир бўлдим.

Булутларга чўпону

Шамолга шофир бўлдим.


Осмонларни хушладим,

Чақмоқларни ушладим

Ва тоғларга улашдим,

Бир кенжа ботир бўлдим.


Гулдираклар гулдираб,

Дилга кирди ғўлдираб,

Кўкрагимни тўлдириб,

Гоҳ дарё, гоҳ қир бўлдим.


Қайга қадам қўйдим сўнг?

Бир лолани суйдим сўнг.

Майса янглиғ куйдим сўнг,

Ё сеҳр, ё сир бўлдим.


Менга болиш – тоғ, саҳро,

Хаёлимда – гул Узро.

У – ердаги бир Зуҳро,

Мен эса Тоҳир бўлдим.


Ойлар тўлиб айланди,

Тақдирларим бойланди.

Дўстим унга уйланди,

Мен озроқ оғир бўлдим.


Севгим чала қолди-да.

Ўзим ўсган ҳовлида,

Ўз кўнглимнинг олдида,

Дўстлар, мусофир бўлдим.


Бургутларни “сен” дердим,

Чўққиларга тенг эдим,

Самолардай кенг эдим,

Тупроқ билан бир бўлдим.


Билмадим бу савдода

Олдми ё охир бўлдим.

Дўстим хотинли бўлди,

Мен – катта шоир бўлдим.


2007

АСАРЛАР (III жилд)

Подняться наверх