Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 107

Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
КОБУЛДА БАҲОР

Оглавление

“Сабзаю гуллар била жаннат бўлур Кобул баҳор…”

Заҳириддин Муҳаммад Бобур

На елда қарору на селда қарор,

На булбулда ором, на гулда қарор,

Эй дил, қачон топдинг ой-йилда қарор?

На дилда қарору на элда қарор –

Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.


Найсон, суйинг билан ювиб суй мени,

Майса, кипригингга суяб қўй мени.

Ўзинг тирилтиргин, ўзинг сўй мени,

Мен каби дунёда борми интизор?

Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.


Фалак, мадрасангда дарс қилолмадим,

Қиличларинг кесди, арз қилолмадим.

Мен шу қиличларга бас келолмадим,

Қайда йигитлигу завқу ихтиёр?

Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.


Қолдим кўклам аро хор, сарғариброқ,

Ҳар зору ғарибдан мен зор, ғариброқ.

У қирғоқ йироқдир, бу қирғоқ – фироқ,

Сиз қайда қолдингиз, эй ёру диёр?

Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.


Кобулда баҳору ғамим ортади,

Ҳасрат умрим аро черик тортади.

Мусофир савдолар мени ўртади,

Бу гулшан ичра мен бир тирик мозор,

Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.


Лоланинг жомига тегиб синди жом,

Кўксимдан лолага бориб инди жон.

Гўёки жон эмас – томди Андижон,

Шунчалар кўпми шоҳ Бобурга озор?

Кобулда баҳордир, Кобулда баҳор.


2007

АСАРЛАР (III жилд)

Подняться наверх