Читать книгу АСАРЛАР (III жилд) - - Страница 120
Шеърлар
БУҒДОЙБЎЙ ВАТАН
“ОЛТИН ҚАЛАМ” МАНЗУМАСИ
ОглавлениеҲаёт мангу этар давом,
Сўнмагай ҳеч меҳру карам.
Ёруғликка шиор бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Халқу Ватан, халқу Ватан,
Олтин даштим, олтин далам.
Сен элга дастиёр бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Тошқин солсин ҳар бир сухан,
Мисли ёмғир, селу жалам.
Дилларга навбаҳор бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Ватан – дуогўйим онам,
Ватан – бешикдаги болам,
Номус бўлгил, сен ор бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Гоҳи титраб кетар дунё,
Гоҳи қалқиб турар олам,
Сен огоҳ бўл, ҳушёр бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Рўйи замин, рўйи замин,
Унсин доим гулу лолам.
Эзгуликка сен ёр бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
Она юртим, она юртим,
Олтин қуёш, олтин далам.
Сен нурли ифтихор бўлгил,
“Олтин қалам”, “Олтин қалам”.
2009