Читать книгу АСАРЛАР (II жилд) - - Страница 160

ШЕЪРЛАР
ВАТАННИ ЎРГАНИШ

Оглавление

«Қадр билмас ёр олдида қадрим надир…»

Қадр билмас ёр олдида қадрим надир?

Изтиробим, ихлосим ҳам дардим надир?

Туфроқ бўлсам бу йўлларда гардим надир?

Увол этдим, эсиз, дилнинг дарёсини.


Балдоғидай ялтироқдир оламлари,

Жондин ўтди миннатлари, аламлари.

Доғларимнинг кўмиридан қаламлари,

Кўзга суртди, лек билмади маъносини.


Кўнгил у кун адирларда йиғлар эди,

Тошқинлари тошлар аро ухлар эди.

Кўклам ҳар қир, ҳар ўнгирда тахлар эди

Менинг бағир қонларимдан сарпосини.


Бир осмонни бир юлдузга зор этди ёр,

Бу дунёни ўз кўзига тор этди ёр,

Менинг тупроқ остонамни хор этди ёр,

Топсин энди остонанинг тиллосини.


1992

ВАТАН ЁДИ

Эпкинлари кўзларимга ёш урган,

Товонимга тикон кирган, тош урган.

Сўқмоқлари тизларимга суйкалиб,

Адирлари оёғимга бош урган.


Ҳар хасида юз минг боғнинг қиссаси,

Чинорлари осмонларнинг ҳассаси.

Мамасайид бобомнинг обдастаси

Сўрисида зору интизор турган.


Мозорлари шомлар ичра қарориб,

Юлдузлари нурли ҳикмат юбориб,

Туфроғига Оллоёрлар шеър қориб,

Термизийлар хаёл сурган, ўй сурган.


Майсаларнинг тили, сувлар бадани

Қандай гўзал тушунгайлар Ватанни.

Эй, зангламас қиличларнинг мадфани,

Бўронлари тулпорларга соч ўрган.


Мозийлардан тинглаб ҳақир сўзимни,

Бир юз келиб куйдироди юзимни.

Очай десам, очолмайман кўзимни,

Қалдирғочлар қабоғимга ин қурган.


1992

ОҚ РЎМОЛЛАР

Завол балқиб уммонимда, наҳримда,

Шарму ҳаё танқис бўлган давримда,

Оқ рўмоллар пайдо бўлди шаҳримда,

Ҳайрон этиб кўникмаган кўзларни.


Бунча очиқ, бунча беҳаё дунё,

Алар уч… тўрт… алар ҳозирча танҳо,

Фаришталар ташлаб кетдимикан ё

Тун чоғида танлаб тоза қизларни?


Шунча йиллар фақат офат келдими?

Оқ рўмоллар бирлан иффат келдими?

Юртдан кетган ул латофат келдими?

Не қалтироқ босди ногоҳ тизларни?


Хаёлларим менинг ғамдан қорарди,

Кўксимдаги доғлар илдиз ёрарди,

Бир муслима ҳаётимга қарарди,

Ҳижоб ичра айтолмай бир сўзларни.


Келгусидир, кетгусидир шамоллар,

Пок бўлсинлар бундан кейин аъмоллар,

Қандай гўзал кўрингай оқ рўмоллар

Беркитганда айниқса оқ юзларни.


1992

«Э Худойим, душманим мард бўлса бас…»

Э Худойим, душманим мард бўлса бас,

Кўксим ичра бир улуғ дард бўлса бас.

Кипригимга Мавлавийдан бир ғубор,

Яссавийдан зарра бир гард бўлса бас.


1992

ВАТАНДОШЛАР

Туркистонлик муҳожирларга

Андижондан Бобур оҳин дуди келар,

Самарқанддан Улуғбекнинг ёди келар.

Шамол турса, Туркистоннинг ҳиди келар,

Шунча йиллар шамол кутган ватандошлар.


Кўринганлар менинг тоғу тузум бўлди,

Айрилиқ ҳам шунчаларми узун бўлди?

Ўз юртимда қаро менинг юзум бўлди,

Юртдан кетиб, ғурбат ютган ватандошлар.


Мен ким, дардин ичга ютган бир шоирман,

Куйиб на кул бўлдим, йиғлаб на ёмғирман,

Сизлар эмас, аслида мен муҳожирман,

Сийнасида Ватан кетган ватандошлар.


Ўз юртига сиғмай кетган ўгайларим,

Айтаберсам, зирқирайдир кўкайларим.

Сиз Фурқатим, сиз Мустафо Чўқайларим,

Қисмат шўрин таъмин тотган ватандошлар.


Сизга тушди дунёнинг бор жабрлари,

Сиз япроқлар, тоғларчалик сабрлари,

Йиғлаб ётар Яссавийнинг қабрлари,

Йўлларига тикон битган ватандошлар.


Сиз ғурбатда нурамаган минорларсиз,

Гарчи гоҳи хаста, гоҳи беморларсиз,

Томирлари бунда қолган чинорларсиз,

Жисмлари сарсон ўтган ватандошлар.


Талон бўлди бу мулк, кетди хазиналар,

Минорларга боқсам, бунча ҳазин алар.

Ватан бўлди сизга Макка, Мадиналар,

Олислардан дуо этган ватандошлар.


Мен-чи, мен ўз боғимга соз қаролмадим.

Топтадилар, сизлар ким, деб сўролмадим.

Ҳеч бўлмаса бир ҳижратга яролмадим,

Ҳижратлари ҳикмат айтган ватандошлар.


Сиз кексайган, вале юртнинг баҳорисиз,

Туркистоннинг тўзғиб кетган ғуборисиз,

Андижоний, Туркистоний, Бухорийсиз,

Ватан номин асраб ўтган ватандошлар.


1992

КУЛГИЧЛАР

Фалак тоши бошим узра айланади,

Кўнглим сенга бир кун ипсиз бойланади.

Тақдир менга ўйин қилиб келди азал,

Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.


Агар кўзлар юз мулкининг шоҳидирлар,

Алар мендай ғарибларнинг чоҳидирлар.

Бунда ғариб ҳар қандайин шеъру ғазал,

Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.


Раҳмим келар ўз ҳолимга, йиғлайдирман,

Ўз-ўзимдан бу дунёга сиғмайдирман.

Не бўлди бу, оҳ қандайин мушкул масал,

Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.


Иложим йўқ, лекин боғлиқ бўлиб қолдим,

Кўп доғ эдим, яна доғлик бўлиб қолдим.

Ўнгланмайин ўтсам керак энди бу гал,

Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.


Дудоғларинг, ухласанг гар, гулдайдирлар,

Кулгичларинг бунча гўзал ухлайдилар.

Бу бир хаёл, менинг умрим хаёл тугал,

Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.


Ақлу ҳушдин айро, бўзлаб яшадим мен,

Хаёлимда фақат гўзал яшадим мен.

Ишқ, муҳаббат деганларим бўлди чигал,

Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.


Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.

Тақдир менга ўйин қилиб келди азал.

Сен бир кулсанг, умрим гўзал савол бўлгай,

Армон билан ўлиб кетсам, увол бўлгай.


1992

АЛАМ

Боғлари мунғайди орзуларимни,

Қаролиғ чулғади уйқуларимни,

Қувнаб, тўй-тўйлашиб қайғуларимни,

Эй сиз, қаро сочлар, юлдуз қароғлар,

Нима топдингиз?


Ҳар хасни кўзимга бир гиёҳ айлаб,

Келдингиз аввали бир нигоҳ айлаб,

Ўз қоним ўзимга сўнг сиёҳ айлаб,

Эй сиз, анор юзлар, ақиқ дудоқлар,

Нима топдингиз?


Мижгонлар сир сақлар – йиллардай узун,

Кўксимда йиғлайди бир қирмиз узум.

Юзим куймоқдадир, куйдимми ўзим,

Эй, сиз, оташ қўллар, олов бармоқлар,

Нима топдингиз?


Мавзун қаддингизда надин титроқлар?

Сиз букун аламли сўлғин япроқлар.

Эй сиз, юпқа томоқ, бодом қабоқлар,

Осмондай кўнглимга солиб ямоқлар,

Нима топдингиз?


1992

«Сочларингни майдалай…»

Сочларингни майдалай,

Бу дунё бир маталдай.

Туш десанг аёни йўқ,

Ҳуш десанг поёни йўқ.


Сочларингни майдалай,

Бу дунё бир масалдай.

Бир боқсанг бандаликдир,

Бир боқсанг андалибдир.


Сочларингни майдалай,

Бу дунё бир майсадай.

Биз кўзлари намлармиз,

Майсада шабнамлармиз.


Сочларингни майдалай,

Бу дунё бир ғазалдай.

Бир байтида мен хорман,

Бир байтида сен зорсан.


Бу дунё бир маталдай.

Мажнунлари қайдалар?

Сочларингни майдалаб,

Майли мен ҳам ҳайдалай.


1992

СЕНИНГ УМРИНГ

Ойларинг ўрнини чақинлар олар,

Сойларинг ўрнини тошқинлар олар.

Бир кун атрофингда фақат ер қолар,

Бошингдан юлдузли осмонинг кетар.


Гулгун кунларингни ортига ташлаб,

Гоҳ яшнаб, гоҳида қиличдай чақнаб,

Адирлар ортидан қулундай кишнаб,

Бир беғам, безавол давронинг кетар.


Баҳоринг кетгайдир аста қўлингдан,

Хаслар ҳикмат сўйлар юрган йўлингдан.

Муҳаббат кетса гар ул кун дилингдан,

Пойингдан устивор нарвонинг кетар.


Дийдаларинг аро кетмай ним кулгу,

Аларга ўрнашиб олмишдир қайғу.

Ярми кўк, ярмиси сарғайган орзу

Мисоли бир барги хазонинг кетар.


Нолакор янграгай ногоҳ созларинг,

Сароб севгиларда куймиш ёзларинг.

Учгайлар видоли ўрдак, ғозларинг,

Кўкларда нолаю афғонинг кетар.


Сенга кам дегандай шунча мотамни,

Йиллар йиқитгайлар бир кун отангни.

Муз шамол тилгайдир нохос бетингни,

Кўксингни тўсган ул қалқонинг кетар.


Ҳазинлик қоплагай майсазорингни,

Боғларинг чорламас тоғда қорингни.

Сени ёр англамас, сен-чи ёрингни,

Мижгонлари айтган достонинг кетар.


Шудрингдан саодат кутгай йигитлик.

Ўт ютиб, вале гул тутгай йигитлик,

Шамшир шуъласидай ўтгай йигитлик,

Шу оний шуълада карвонинг кетар.


1992

АФСУС

Бу ёруғ дунёда юрганлар бари,

Ярмин зўри борлар, ярмисин зари,

Сарв санамлари, гул дилбарлари –

Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.


Кўксида ёз эмас, қишлари борлар,

Кўзларин тубида тишлари борлар,

Ҳаттоки кўнглимга ишлари борлар –

Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.


У бир уй ва ёки хонадонмиди?

Ёки очиқ турган жамадонмиди?

Ў, қандай озода бир макон эди!

Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.


Эй малак, сен минг йил иболар қилгил,

Минг бор ўлдиргилу бинолар қилгил,

Кўнглим қон бўлди, сен хинолар қилгил,

Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.


Онажон, рангингиз бунчалар синиқ,

Ҳовлида дўл урган ғунчалар синиқ,

Кўксимда бир қамиш куй чалар – синиқ,

Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.


Унда фароғат кам, алам кўпроқдир,

Ёруғ ёлқинлари кулдир, тупроқдир.

Мисли қуюнлардан чиққан япроқдир,

Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.


1992

«Ой нурлари ёйилади сайҳонларга…»

Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,

Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.

Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар

Нечун маъюс тикилади осмонларга?


Бу айвонлар кўз олдимдан кетмай қолди,

Ойлар, йиллар тўхтаб, гўё ўтмай қолди.

Кўнгил, сенинг гўзал доғинг битмай қолди,

Нечун бунча дўст бўлдинг сен армонларга?


Мен онамнинг тушларига кирган ўғил,

Кўксим ичра аламларим шиғил-шиғил.

Эй дунё, сен меҳру мурувватинг қўйгил,

Йўргакладинг мени ҳажру ҳижронларга.


Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,

Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.

Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар

Нечун маъюс тикилади осмонларга?


Қанча райҳон хаёлларим пайҳон бўлар,

Сайҳонлар қир, қирлар текис сайҳон бўлар.

Эй дил, бир кун теграларинг райҳон бўлар,

Ишим бўлмас менинг ул кун райҳонларга.


1992

ОЙ

Тунлар япроқ янглиғ юпқалашган пайт,

Дил ичра аламлар қуйқалашган пайт,

Мунглуғ деразамга ой келди яна,

Ой келди, йўлларда уринганмикин?


Эсиз, муҳаббатим гуллаган мавсум,

Ой нечун бунчалар турибдир маҳзун?

Доғларин билардим, унга ҳам менинг

Кўксимдаги доғлар кўринганмикин?


1992

БОР-ЙЎҒИ

Ш. Ж.

Овозим авжини сиз билардингиз,

Овозим чиқса сиз зирқирардингиз.

Етти иқлимларга таралса созим,

Етти газ ер ичра сиз кирардингиз.

Сиздай бадбинлардан олисдирман мен,

Гоҳо қаршингизда ожиздирман мен.

Бор-йўғи бир куйган ҳофиздирман мен,

Бобур бўлганимда не қилардингиз?!


1992

ҲАЖР

Найсон чечагидай тоза хаёллар,

Мен билан туғилган озод шамоллар.

Букун қолиб кетмиш беиз, бедарак,

Қайси бир тоғларнинг дараларида.


Энди гул ҳам солгай дилга ғуссалар,

Ул ўтлуғ, мунаввар, гўзал қиссалар

Ёшдай қолиб кетмиш беному нишон

Қай бир мижгонларнинг ораларида.


1992

ФАСЛ

Юлдузлардан муҳаббатнинг олис иси келмоқда,

Еру осмон хайрлашар, видо кези келмоқда.

Эй дил, шайлан, баҳор ўтиб, кўнгил кузи келмоқда,

Кўнгил, бу не фасл бўлди, бу не янглиғ маъволар?


Дунёларнинг замирида сирлар ухлар гўдакдек,

Шабнамларнинг ялтираши ёр тақмаган зиракдек.

Бир сипоҳи яқинлашар кўриниши кузакдек,

Нафасидан боғлар титраб, жимирлайди дарёлар.


Тоғлардаги бургут, дерлар ўғлон қалбин иниси,

Ҳар бир қалбнинг бўлсин экан ўз меҳрибон муниси.

Дарду алам бўлса агар йигитликнинг аниси,

Қай тоғларга бориб йиғлар, кимга айлар даъволар?


Ой паҳлавон қояларга сут эмизган тунларда,

Ошиқ кўнгил ёнар яна ўшал қадим мунгларда,

Мажнунларнинг бағирлари ҳануз доғу хунларда,

Бу доғлардин сурма, қондин хино айланг, Лайлолар.


Бу айёмнинг кўрки надир, надир шарҳу баёни?

У ёни бир яшил қирғоқ, заъфарондир бу ёни,

На ниҳони ниҳондиру на аёндир аёни,

Ўйингда не ғамлар бордир, кўйингда не савдолар?


Кеча нелар ўтди бошдан, нелар сўйлар ҳозиринг?

Ёшликдаги ёрлар энди сўрар сендан розилик.

Меваларин тўкар боғлар, қани сенинг ҳосилинг?

Қиёс қилса, дўст бўлгайлар сенга фақат саҳролар.


Барглар аро ёлғиз юлдуз кўнгил сўраб тикилгай,

Ҳаловатнинг чодирлари чок-чокидан сўкилгай,

Кўнгил бир кун хазонлардай унсизгина тўкилгай,

Маъносидан ҳикмат топмай, дунёсидан маънолар.


1992

ОҚСАРОЙ

Зиёратга келдим саҳар чоғ, сарой,

Мунғайиб турарди ҳаммаёқ, сарой.

Буюк салтанатнинг заволи сенми?

Кўксимда доғ узра унди доғ, сарой.


Нақшлар музтариб, деворлар яро,

Бул мажруҳ муқаддас оятлар аро

Келди мозийлардан бир мунглуғ садо,

Ул менинг бағримни қилди чоҳ, сарой.


Манглайимни босиб муздайин ғиштга

Йиғладим ҳар ўтган, ўтмаган ишга.

Қадим нафасингни ютибон ичга

Турардинг ҳолимдан сен огоҳ, сарой.


Турардинг абадий шавкату шондай,

Осмонлар қаъридан бўлиб осмондай,

Кексайган, нуроний соҳибқирондай

Бир оқ булут тушди баногоҳ, сарой!


Дилим равоқларга уриниб кетди,

Замонлар бир лаҳза суриниб кетди.

Боқсам Самарқандлар кўриниб кетди,

Турардинг бир ўзинг танҳо, тоқ, сарой.


Норасо авлодлар ишрат ила банд,

Эли қон ютгайдир, каззоблари қанд.

Жафокаш бу мулкнинг дардин англаган

На бир хон келдию, на бир шоҳ, сарой.


Сен ҳамон ўшандай улуғвордирсан,

Дунё туганди, сен устивордирсан.

Балки бир юпанчга сен ҳам зордирсан,

Эй, Амир Темурдан қолган оҳ, сарой!


1992

БУ ЙЎЛЛАРДА

Бу йўлларда бошим эгик,

Боши эгик гуллар, гуллар.

Охир туфроқ бўлдим сизга

Қўшилишиб йўллар, йўллар.

Мендан на бир баҳор қолди,

Мендан фақат ғубор қолди,

Билмам қайга элтар мени,

Қайга сочар еллар, еллар.


Қуёш ботар, шом чўкади,

Борлиқ чекар алам, алам.

Жудолиғларнинг тўридан

Тўқилган бу олам, олам.

Бу йўлларда севгим йўқдир,

Кезгим йўқдир, кезгим йўқдир,

Фақат уфқлар ортидан

Бир мунг келар: “Болам, болам…”


Бу йўлларда шундай кўйга

Тушдим наҳот ёна-ёна?

Кўнгил кўзгум қум бўлди-ку,

Ун бўлди-ку сина-сина.

Эсаверар шафқат билмай,

Эсар айём шамоллари,

Кўзингизга гардлар қўнса,

Ўшал менман она, она…


1992

АСАРЛАР (II жилд)

Подняться наверх