Читать книгу Стив Жобс - Уолтер Айзексон - Страница 33

12-боб. Дизайн. Ҳақиқий рассомлар соддалаштиради
Баухаус эстетикаси

Оглавление

Эйхлер лойиҳаси бўйича қурилган уйларда ўсган кўпчилик болалардан фарқли равишда Жобс бундай уйларнинг моҳиятини тушунарди ва уларга муносиб баҳо бера оларди. Унга кенг оммага мўлжалланган оддий ва функционал модернизм ёқарди. Яна у отаси автомобилларнинг концептуал хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришини яхши кўрарди. Apple’га асос солингандан буён Стив ўйлаб топилган саноат дизайни, яъни турли рангдаги оддий логотип, Apple II’нинг ёйма корпуси компанияни бошқа рақобатчилардан ажратиб туришига ва маҳсулотни танитишига ишонарди.

Apple’нинг биринчи офиси (Жобсларнинг гаражидан кейинги офиси) кичик бинода жойлашганди, ўша ерда Sony сотув бўлими ҳам қўним топганди. Унинг маҳсулотлари эсда қоларли, бошқаларга ўхшамайдиган ўз услуби ва дизайни билан машҳур эди. Жобс реклама материалларини кўздан кечириш учун тез-тез у ерга кириб турарди. “У, одатдагидек, пала-партиш кийимда кириб келар, бизнинг рисолаларимизни варақлар, дизайни ҳақида сўрарди, – эслайди Sony’нинг собиқ ходими Дэниел Левин. – Баъзан буклетни ўзи билан олиб кетишга рухсат сўрарди”. 1980 йилда Жобс Левинни Apple’га ишга олади.

Бироқ 1981 йилнинг июнига келиб, Стив Аспенда ҳар йили ўтказиладиган Дизайн бўйича халқаро конференцияга боришни бошлагач, кўпинча қорамтир рангларда безатилган Sony маҳсулотларига бўлган қизиқиши сўнди. Ўша йилги конференция итальянча услубга бағишланганди; унда архитектор ва дизайнер Марио Беллини, режиссер Бернардо Бертолуччи, автомобиль ишлаб чиқарувчи Сержио Пининфарина ҳамда сиёсатчи ва Fiat меросхўри Сюзанна Аньелли иштирок этди. “Олдинга ўзиш” фильмидаги итальян байкерларидан завқ олаётган йигитча каби менда аста-секин италиялик дизайнерларга ҳурмат уйғонди, – деб эслайди Жобс. – Конференция мен учун илҳом манбаига ва ноёб кашфиётлар маконига айланди”.

Аспенда у баухаус оқимининг оддий ва функционал дизайни билан танишди. Бу услуб Герберт Бауэр томонидан қурилган биноларда, люкс кошоналарида, кертма белгисиз шрифтларда ва Аспен институтининг жиҳозларида намоён этилганди. Бауэр ўзининг устози Вальтер Гропиус ва Людвиг Мис ван дер Роэ каби санъат ва амалий саноат дизайни ўртасида тафовутлар бўлмаслиги керак деб ҳисобларди. Модернистик интернационал услуб, унинг энг ёрқин тимсоли баухаус эди, оддий, лекин шу билан бирга, экспрессив дизайнни назарда тутарди. Чизиқлар ва шаклларнинг софлиги рационаллик ва функционалликка ҳамоҳанг эди. Ушбу услубнинг Мис ван дер Роэ ва Гропиус томонидан яратилган қоидасида шундай дейилади: “Худо деталларда” ва “Камроқ дегани кўпроқ дегани”. Эйхлер меъморий услубида бўлгани каби эстетика бу ерда оммавий ишлаб чиқариш мумкинлигини истисно этмайди.

Баухаус услуби ҳақидаги ўз тушунчасини Жобс 1983 йили Аспенда ўтказилган конференцияда сўзлаган нутқида айтиб берди. Маъруза “Келажак ўтмишга ўхшамайди” деб номланарди. Унинг чиқиши мусиқий павильонда бўлиб ўтди, ўз нутқида Жобс баухауснинг оддийлиги Sony услуби ўрнини босиши ҳақида башорат қилди. “Саноат дизайнининг замонавий оқими, Sony услубидаги хай-тек, жез-кул ранг ва қора ранг – буларнинг барчаси бесўнақай кўринади, – деганди Жобс. – Буни такрорлаш қийин эмас. Лекин бунинг қизиғи йўқ”. Бунинг ўрнига Стив баухаус томонидан яратилган муқобил вариантни таклиф қилди. У Apple маҳсулотларининг функционаллигига ва характерига кўпроқ мос келарди: “Биз юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни режалаштиряпмиз. Уларнинг дизайнига қараб у нима экани ва нима учун экани дарров аён бўлади. Биз улар учун кичик қутилар танлаймиз, маҳсулотнинг ўзи оқ ва чиройли бўлади, худди Braun электроникаси каби”.

Жобс Apple маҳсулоти оддий ва ишчан бўлишига бир неча бор урғу берди. “Бизнинг буюмларимиз ёрқин, тоза бўлади, шунинг учун дарҳол бу юқори технологиялар эканлиги аён бўлади. Бизни Sony’нинг қўпол қора қутилари қаноатлантирмайди, – деб фикр юритди у. – Биз ҳаммаси имкон қадар оддий бўлиши керак деб ҳисоблаймиз, лекин оддийлик Замонавий санъат музейига ярашади. Ҳамма нарсада оддийлик – мана бизнинг шиоримиз: компанияни бошқаришда, маҳсулотлар дизайнида, рекламада. Шунчаки оддийлик”. Apple принциплари компания илк реклама буклетининг муқовасига босилган қуйидаги иборага мос келади: “Оддийлик – юксак донолик”.

Жобс у ёки бу маҳсулотдан қандай фойдаланишни бир қарашдаёқ илғаб олиш – дизайн оддийлигининг асосий мезони деб ҳисоблаган. Лекин бу ҳар доим ҳам бир-бирига боғлиқ эмас. Ҳаддан ортиқ равон ва оддий дизайн харидорни чўчитиши мумкин ва харидор товарни қандай ишлатишни билмай қолиши мумкин. “Биз интилишимиз керак бўлган асосий нарса – маҳсулотимиз интуитив равишда тушунарли бўлиши керак”, – деб айтади Жобс дизайн даҳоларига. Macintosh’да акс эттирилган иш столига ўхшашликни ҳам тилга олиб ўтади. “Биз ҳаммамиз иш столида нима қилишни биламиз. Хонага кирсак, столда қоғозлар ётади. Тепада – энг муҳимлари. Одамлар устуворликни аниқлашни билади. Компьютерлар яратаётиб, биз иш столи билан ўхшашликни асос қилиб олганимизнинг сабабларидан бири – мавжуд тажрибадан самарали фойдаланишдир”.

Ўша чоршанбада Жобс билан бир вақтда, лекин кичикроқ аудиторияда йигирма уч ёшли Майя Лин ҳам маъруза қилди. Бундан бир йил аввал ноябрда Вашингтонда Вьетнамдаги уруш фахрийларига атаб унинг лойиҳаси бўйича мемориал очилганди. Жобс ва Лин дўстлашиб қолади ва Стив уни Apple’га таклиф қилади. Лин каби одамлар олдида Жобс ҳадиксирарди, шунинг учун Деби Коулмандан Маяга компанияни кўрсатишда ёрдам беришини сўради. “Мен Стив билан бир ҳафта ишладим, – эслайди Лин. – Ундан “Нима учун компьютерлар телевизорлар каби бесўнақай кўринади? Нима учун юпқа, блокнот каби текис компьютер ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ?” деб сўрадим. Жобс технологиялар бунга имкон берса, айнан шуни рўёбга чиқармоқчи эканини айтди.

Саноат дизайни соҳасида у вақт қизиқ воқеа юз бермаётганди. Жобсга Ричард Саппернинг чироқлари, Чарльз ва Рэй Имз жиҳозлари, Braun маҳсулоти, Дитер Рамс дизайни ёқарди. Лекин саноат дизайнерлари орасида Раймонд Лоуи ва Герберт Бауэр даражасидек шахслар йўқ эди. “Саноат дизайнидаги ишлар, шу жумладан Силикон водийсида ҳам зерикарли эди ва Стив буни ўзгартиришни хоҳларди, – деб эслайди Лин. – Унга ёйма, лекин жуда ҳам силлиқ бўлмаган истеҳзоли услуб ёқарди. Стивнинг минимализмга бўлган муҳаббати буддизмнинг оддийликка интилишига бориб тақаларди, устига-устак Жобс ўз маҳсулоти совуқ ва ўлик бўлишини хоҳламасди. Маҳсулот мароқ берадиган бўлиши керак. Стив – қизиқ табиатли инсон, у дизайнга жуда жиддий қарайди, лекин айни вақтда унга ҳазил ҳам бегона эмас.

Йиллар ўтгани сайин Стивнинг диди мураккаблашиб борди, айниқса у японча услубни хуш кўрарди, Иссе Мияке ва Йо Минг Пей каби юлдузлар билан мулоқот қила бошлади. Жобсга буддизмни ўрганиш ҳам катта таъсир кўрсатди. “Мен ҳар доим буддизмни, айниқса, японча дзен-буддизмни услубий мукаммалликнинг чўққиси деб ҳисоблаганман, – дейди Жобс. – Киото боғларидан ажойиб манзарани ҳеч қачон кўрмаганман. Мен дзен-буддизмга бориб тақаладиган бу маданият мевасидан завқ оламан”.

Стив Жобс

Подняться наверх