Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - Жавлон Жўраев - Страница 3

Муаллифдан

Оглавление

Азиз Китобхон,

Мана, бир оз дам олиб, яна суҳбатга чоғландик. Охирги суҳбатимиздан бери ҳаётингизда фақат яхши ўзгаришлар юз берди деган умиддаман.

Бу галги суҳбатимиз шахс ва давлат ўртасидаги муносабатлар – кучли шахс бу муносабатларда ўзини қандай тутиши ҳақида бўлади. Унда сиз билан яна сирлашамиз – яна эски қадриятларга янгича қарашга уриниб кўрамиз.

Китоб сизга шахсий ўсишда давлатнинг тутган ўрни ҳақида баён қилади. Жамият биздан нималар кутиши, бу умидларни оқлаш учун нималарга эътибор бериш кераклиги, шахсий бахт ва жамият ўртасида зиддият пайдо бўлмаслиги учун нималар қилиш лозимлигини муҳокама қиламиз.

Ушбу – бешинчи китоб – туркумнинг энг сиёсий китоби. Унда давлат тушунчаси муҳокама қилингани учун ҳам у жуда сиёсий. Сиёсий мавзуларда гаплашиш яхши эмас деган ишонч билан яшаётган бўлсангиз, китобни ўқиш сизга ёқимсиз бўлиши мумкин. Лекин кучли шахс ҳар қандай мавзуда ўз қарашига ва қадриятларига эга бўлиши керак. Шундай экан, сиёсий мавзуларни четлаб юриб, биз ўзимизни ўсишда чекламаслигимиз даркор.

Китоб анъанавий тарзда ҳафта кунларига атаб бобларга ажратилган. Уни ўқишда сиздан шошилмасликни, айтилган фикрларни тўлиқ ўйлаб кўрибгина хулосалар чиқаришни сўрайман. Чунки сизни чуқур мавзулар кутмоқда – чуқур мавзуларда эса тезкор хулосалар чиқариш тўғри эмас.

Даврамизга энди келиб қўшилганларга бу китобни ўқишдан олдин туркумдаги аввалги китоблар билан танишиб чиқишни тавсия қиламан. Шундагина сиз китобдаги фикрларнинг тўлиқ мазмуни ва гўзаллигидан баҳраманд бўласиз.

Хўш, кучли шахсият сари навбатдаги қадамга тайёрмисиз?

Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат

Подняться наверх