Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - Жавлон Жўраев - Страница 7

Душанба – Шахсият
Соғлом ҳужайралар

Оглавление

Нима деб ўйлайсиз: организм қачон соғлом бўлади? Бу саволга турлича жавоб берса бўлади, шундай эмасми? Лекин умумий тарзда тахминан қуйидагича жавоб бериш мумкин: организм уни ташкил қилган барча ҳужайралар соғлом бўлсагина соғлом бўлади.

Демак, соғлом жамият маънавий соғлом шахслардан ташкил топиши керак. Хўш, жамиятни ташкил қилган ҳужайралар соғломлигини нима белгилайди? Улар бахтли ва ўз ҳаётидан мамнун бўлса – мана шу соғлом шахслардир. Одам ўз ҳаётидан мамнун бўлса, унда бузғунчи ишлар қилишга интилиш пайдо бўлмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳаётидан мамнун одамга пора бериш, кимгадир ғайирлик қилиш, бир нималарни талашиш керакми? Албатта йўқ. Демак, жамият қонунларига амал қиладиган одамлар одатда бахтли одамлардир.

Хўш, қачон одам ўз ҳаётидан мамнун бўлади? Ушбу туркум китоблари орқали суҳбатларимиз бу саволга жавоб беришга қаратилган. Одам бахтли яшаши учун унга сергаклик керак, у ўзи севган касби билан машғул бўлиши керак, мақсадларини аниқ билиши ва шу мақсадлари томон хотиржам бориши керак.

Одамлар сергак бўлиш ва ўз шахсиятларини кучайтиришга ўзлари масъуллар. Ана шундай масъулиятини ўз қўлига ола билганлар қаторида биз ҳам шу китобни ёзяпмиз ва ўқияпмиз.

Аммо иккинчи шарт бажарилиши учун (биз севган касбимиз билан шуғулланишимиз учун), давлат ва жамият бунга шароит яратиши лозим. Мана шу ерда давлатнинг алоҳида шахсларга бўлган муносабати тўғри йўлга қўйилмаган бўлса – унда жамиятни ташкил қилган ҳужайралар касалланади. Яъни ҳар ким ўзи севган касбни эгаллай олмайди.

Ўзи қизиқмаган ва суймаган иши билан шуғулланган одам худди ўз имконидан ташқари ишни қилаётган ҳужайрага ўхшайди. Қондаги кислород ташувчи ҳужайралар айнан тананинг барча қисмига қувват манбайини етказишга мослашган – агар улар бошқа вазифани бажаришига тўғри келса, улар буни самарали уддалай олмайдилар ва тана соғлиги хавф остида қолади.

Агар давлат қайсидир соҳаларни тарғиб қилишга ўта катта аҳамият бериб, бошқа соҳаларни эътиборсиз қолдирса, жамиятда шу тарғиб қилинган соҳага сунъий қизиқиш пайдо бўлади. Айтайлик, давлат ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларни тарбиялашга кўпроқ урғу бериши мумкин. Бунда аслида иқтисод ёки ҳуқуқ соҳасига қизиқиши бўлмаган ёшлар ҳам шу соҳаларни эгаллашга уринадилар. Ваҳоланки, сунъий қизиқиш ортидан иқтисод ёки ҳуқуқни танлаган ёшларнинг орасида муҳандислик ёки микробиологияга кучли мойиллиги бор иқтидор эгалари бўлиши мумкин. Жамиятга муҳандислар ва микробиологлар ҳам керак – жуда керак. Уларнинг аҳамияти иқтисодчи ёки ҳуқуқшуносларникидан асло кам эмас.

Жамиятдаги муҳит бир нечта соҳаларни ёқлайдиган бўлмаслиги лозим. Чунки бундай муҳитда муҳим деб билинган соҳа бўйича кўплаб самарасиз ва сифатсиз мутахассислар тарбияланади. Ҳаётий зарур бўлган бошқа соҳалар эса ривожланишда оқсай бошлайди. Жамият организмида бир гуруҳ ҳужайралар сустлашса – бу бутун вужудни касаллантиради.

Инсон танасида турли хил вирус ва бактерияларга қарши курашадиган лейкоцит деб номланадиган ҳужайралар бор. Уларни оқ қон таначалари деб ҳам атайдилар. Агар нимадир сабаб билан қонда лейкоцитлар миқдори ошиб кетса, одам лейкоцитоз ёки кескин ҳолларда оққон касаллиги билан оғрий бошлайди. Жамиятда ҳам бир соҳа вакиллари ҳаддан ошиқ кўпайиб кетса, улар ўз соҳалари бўйича самарали ишлаш ўрнига, жамиятга зарар етказа бошлайдилар.

Демак, шахслар ўз кўнглига қараб касб-ҳунар танлашини таъминлаш жамият соғлом ва мувозанатда бўлишини белгилайди. Алоҳида соҳаларга катта аҳамият бериш шу соҳа вакиллари кучсизлашишига, бутун жамият ва иқтисод зарар кўришига олиб келади.

Ўз кўнгли мойиллигига қараб касб танлашнинг яна бир ажойиб афзаллиги бор: бундай мутахассиснинг қадри доим баланд бўлади. Бугун ёшлар орасида шундай ишонч мавжуд – ҳар қанча истеъдодли бўлса ҳам, таниш-билишлари ва таъсир доираси бўлмаган мутахассис қадр топиши қийин. Бу узоқни кўра билмай айтилган хулосадир. Чунки ўз ишининг устаси бўлган одам ўз ишини моҳирона бажаради – сифатли қилинган ишнинг қадри эса ҳеч қачон тушмайди.

Бой танишингиз отасининг дастаги билан катта корхонага ишга жойлашади. Лекин у корхонага ишдан натижа керак бўлсаю, ходим уни етказиб бера олмаса – куни келиб иш берувчи шу вазифани юқори сифатда уддалайдиган мутахассисни излаб топади.

Сиз ўз соҳангизда ана шундай тенги йўқ маҳоратга эришинг, токи асоссиз сабабларга кўра чала мутахассисларни ишга олиб оғзи куйган иш берувчи охири сизни излаб келсин.

Мақсадларга эришиш ҳақида учинчи китобда суҳбатлашган эдик. Эсингизда бўлса, мақсад сизники бўлса ва у бут мақсад бўлса – унга эришиш учун сизда ҳамма имкониятлар борлигини таъкидлаган эдик. Севган касбини танлаш ва шу касбда юқори савияли мутахассис бўлишни мақсад қилиш ва унга интилишда ҳам ана шу тамойилга амал қилиш даркор.

Кўпчилик ёшлар касб танлашда шу касбнинг «обрўсини» чамалашга уринадилар. Қанча обрўли касб бўлса, шунча яхши. Негадир, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш учун одамга етук ақлий қобилиятлар керак эмас деган хато тушунча ҳалигача жуда кенг тарқалган. Ҳар бир соҳада ақл керак – ахир, ақл самарадорликка эришиш учун энг зўр қурол. Ақлини ишлата билмаган агроном ёки чорвадор ҳосилни нобуд қилиши ёки одамларни заҳарлаб қўйиши мумкин. Зеҳн билан иш тутган агроном ёки чорвадор ўз ишида шундай самарага эришадики, унинг тажрибасини керак бўлса оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққанлар келиб ўрганади.

Алоҳида шахслар ўз истакларига кўра соҳа ва касб танлашлари учун давлатдан кўп нарса талаб этилмайди. Давлат бу жараёнга халал бермаса ва ҳар ким ўзи қизиққан соҳасини ўрганиши учун зарур шароитларни яратиб берса бўлгани. Қолганини ҳужайраларнинг ўзи бажаради. Албатта, ҳамма шароит мавжуд бўлса ҳам, баъзи одамлар муҳимликка берилиб, нотўғри касбни танлаши мумкин. Лекин кучли шахсият эгаси бўлишни тарғиб қилиб, биз сергакликни одат қиламиз ва касбимизни ҳам ўз кўнглимиз амрига қараб танлаймиз.

Баъзи ҳолларда танлаган касбимизга интилишимизга бошқа одамлар қаршилик қилмоқчи бўлади. Улар бизга бу касб келажаги йўқлигини, бу касб билан ҳеч бир ютуққа эриша олмаслигимизни айтадилар. Бу касбдан даромад яхши эмаслигини важ қилиб кўрсатадилар.

Лекин ҳар қандай бунёдкор касб борки, у ҳеч қачон қадрини йўқотмайди. Сергакликни сақлаб қолсангиз, севган касбингизда юқори марраларга эришишингиз учун йўллар очилади, шахсий кучингиз сабаб керакли одамлар сизга керакли ёрдамни кўрсатади. Шахсияти кучли одамнинг ҳар қандай соҳада ҳам иши баракали, самарали ва фойдали бўлади.

Бирдан ошиқ соҳага қизиқсангиз – бирини асосий, иккинчисини қўшимча касб қилиб танлашингиз мумкин. Бунинг ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Қайтанга, бир касбингизда иқтисодий муаммолар бўлса, бошқасига суянишингиз осон бўлади. Одатда ўта иқтидорли одамлар кўп соҳада тенгданига фаолият юритишни истайдилар – улар ҳамма нарсани қилиб кўргилари келади. Агар ўзингизда бирдан ортиқ касбга мойиллик сезсангиз – бу иқтидордан тўлиқ фойдаланинг ва ўзингизга икки соҳада ҳам кучли мутахассис бўлишга имкон беринг. Бу билан сиз ўзингиз ва жамиятга икки баробар наф келтирасиз. Бу билан сиз соғлом жамиятнинг соғлом аъзосига айланасиз.

Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат

Подняться наверх