Читать книгу Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - Жавлон Жўраев - Страница 5

Душанба – Шахсият
Тирик жон

Оглавление

Шахс ва давлат ўртасидаги мураккаб муносабатларни таҳлил қилишга киришишдан аввал, келинг, давлат ўз моҳиятига кўра қандай тузилма эканини англаб олишга уриниб кўрайлик. Бунинг учун хаёлан давлатнинг яралиш тарихига саёҳат қиламиз.

Қадимги аждодларимиз тўдаларга бирлаша бошлаганларида, улар ўзаро аҳил яшаш ва тараққий этиш учун умумий қоидаларни жорий қилганлар. Тўда ичида меҳнат тақсимоти юзага келган ва жамоа яшаб қолиши учун тегишли қоидалар ўрнатилган.

Ҳамма амал қилиши керак бўлган қоидалар жорий қилиниши билан бирга, ана шу умумий қоидаларга бўйсунишни истамайдиганлар пайдо бўлган. Умумий қоидаларга таяниб, бир маромда кечиб бораётган жамоа ҳаётига халал берадиган ҳаракатлар қиладиган бундай аъзоларни тартибга чақириш эҳтиёжи пайдо бўлган. Шунда жамоа орасидан бақувват аъзолар қоидага бўйсунмаганларни куч ишлатиб бўлса ҳам тарбиялашни, тарбия кор келмаса – қоидабузарни жазолаш ёки жамоадан ҳайдашни ўз зиммаларига олганлар. Вақти келиб, бу кучли аъзолар гуруҳи жамоани бошқа қабилалардан ҳимоя қилишга ҳам жавобгар бўлишган. Ички тартиб ва жамоа хавфсизлигини таъминлаганликлари эвазига бу кучлилар гуруҳини бутун жамоа ўз меҳнати ҳисобидан боққан ва кийинтирган. Энг содда кўринишда давлат ана шундай вужудга келган.

Яшаб қолиш учун ички тартиб ва хавфсизликни таъминлаш учун тузилган аскар гуруҳлар – илк давлат одамларидир. Кейинчалик, уларни озиқ-овқат, кийим-бош ва бошпана билан таъминлашга масъул тузилмалар ҳам юзага келган. Жамоанинг йиллик ҳосилидан ва ов ўлжаларидан аскарларга тегишли улушини ажратиб олиш, бу захираларни сақлаш ва аскарларга етказишга жавобгар аъзолар (илк солиқчилар) ҳам ибтидоий давлат ходимларига айланишган.

Шу тарзда давлат тузилмаси аста-секин кенгайиб, мураккаблашиб борган. Жамиятнинг янги ва янги эҳтиёжларини қоплаш учун давлатнинг шу эҳтиёжларга жавобгар бўлимлари шаклланиб борган. Шу билан бирга, у ёки бу соҳани тартибга солиш учун ҳамма учун мажбурий қоидалар – кейинчалик эса қонунлар таъсис этила бошлаган.

Давлатни кўпинча турғун механизмга ўхшатадилар. Яъни, унинг ишлаш тартиби, алоҳида қисмлари ва бу қисмлар учун ҳаракат қоидалари белгилаб қўйилган. Бу қараш давлатни жамиятдан айри ва мустақил иродага эга, ўз қонуни бўйича ҳаракат қилувчи машина деб билади. Унга кўра, давлат алоҳида шахс истак ва иродасини ўзига бўйсундиради ва уни ўз механизмидаги бир парракка айлантиради.

Аммо давлатнинг келиб чиқиши ва ривожланишига қарасак, давлатни ўзгармас механизм сифатида баҳолаб бўлмайди. Агар давлат механизм бўлса – унинг ҳар бир қисми (ҳар бир паррак) бутун тизим билан мутаносиб ишлаши керак. Агар бир қисм ишдан чиқса ёки бир паррак нотўғри томонга айлана бошласа (масалан, давлатнинг ходими бўлган битта шахс ноқонуний иш қила бошласа) – бу бутун механизм фаолиятини издан чиқаради.

Советлар худди шундай «механик» давлат тузилмаси жорий қилишга уринганлар. Улар кучли мафкура ёрдамида ҳар бир шахсни улкан давлат механизмида ўз ўрнига эга «парракча» бўлишга даъват қилганлар. Бу давлат механизми яратилаётган пайтда (ўтган асрнинг 30 40-йилларида) шу тузилмага мос келмаган «парракчалар» бартараф этилган (қатағон қилинган). Жуда катта қурбонлар эвазига шиддатли назорат остида қурилган бу давлат механизми қанчадир муддат самарали ишлаган. Давлат механизмидаги ўз ўрни ва вазифасидан ташқарига чиқмайдиган шахслар меҳнати билан сезиларли иқтисодий ўсишга ҳам эришилган.

Аммо узоқ йиллар давомида бир текис ишлаб келган механизм тепасига Михаил Горбачёв келади ва битта мурватни кескин буради. У йиллар давомида бир томонга айланиб, қотиб бўлган давлат тузилмаси фаолиятини кескин ўзгартирмоқчи бўлади. Натижада эса бутун тизим издан чиқади ва давлат механизми қулайди.

Бу мисол бизга давлат механизм тарзида ишлай олмаслиги, ишласа ҳам – уни қуриш ва таъминлаш ўта катта куч ва манба талаб этишини кўрсатади.

Боб бошида давлатнинг ривожланишини бежиз эволюция деб атамадим. Менинг фикримча, давлат – бу тирик организм. У ҳам яралади, ўсади, ривожланади ва куни келиб нобуд бўлади. Унинг қанчалик узоқ муддат яшаши ва кучли бўлиши у туғилган муҳит, ривожланиш усули ва бошқа давлатлар билан муносабатларига боғлиқ бўлади. Тарих давомида у ҳам, худди тирик жонлар каби, ўзгариб, янги шароитларга мослашиб, янги билимларни ўрганиб борган. Давлат – жамият билан бирга улғайган.

Давлат организми алоҳида шахслар – ҳужайралардан ташкил топган. Ҳар бир ҳужайра ўз ҳаётини таъминлаш билан биргаликда, умумий организм фаолиятига ўз ҳиссасини қўшишни уддалайди. Давлат организмида уни ташқи хавфлардан ҳимоя қиладиган, касалланган ҳужайраларни даволайдиган, бошқа давлатлар билан мулоқот қиладиган, озиқ-овқатни вужуднинг барча қисмларига етказадиган, жисмоний ёки ақлий меҳнат билан шуғулланадиган миллионлаб ҳужайралар бор. Ҳар бир шахс бу организмда ўз қобилияти ва табиий мойиллигига қараб тегишли вазифани бажаради. Агар алоҳида шахс бошқа шахс ёки бутун давлат организми фаолиятига зарар келтирадиган хатти-ҳаракат қилса, бу шахсни тартибга чақирадиган – кескин ҳолда уни жамиятдан узоқлаштирадиган ҳужайралар ҳам бор. Хуллас, давлат – бу ўзини ўзи таъминлай оладиган мукаммалликка яқин борган бир организм.

Албатта, юқоридаги мисолга мос келадиган давлатни топиш қийин. Аммо узоқни кўзлаган давлат ана шундай тузилмани ўзига асос қилиши ва давлатни механизмлаштиришдан нари туриши даркор. Тарихда механизм тамойили асосида қурилган давлатлар охир оқибат кичик ва оддий сабабларга кўра таназзулга юз тутганлар.

Давлатнинг тирик организмга ўхшашлиги ҳақидаги қарашдан яна бир хулоса келиб чиқади: давлат – статик (турғун) тузилма эмас, у доим ўзгариб, янгиланиб, ислоҳ бўлиб боради. Жамиятнинг талабларига кўра янги кўникмалар орттиради, ўзини оқламаган тартибларни бекор қилади ёки янгиларига алиштиради. Ўз-ўзини тинимсиз ислоҳ қилиш – соғлом давлатнинг хислатидир.

Давлат организми алоҳида ҳужайралардан ташкил топган. Яъни, ҳар қандай давлат жамиятни ташкил қилган алоҳида шахслар йиғиндисидир. Шахс ва давлат ўртасидаги муносабатларда шахс бирламчи ўринни эгаллайди. Чунки шахс бўлмаса – давлат ҳам, унга зарурат ҳам мавжуд бўлмайди. Давлат билан олди-бердиларингиз ҳақида ўйлаганда мана шу тамойил ёдингизда бўлсин.

Давлатимиз қанчалик кучли бўлиши, бизнинг манфаатларимизга қанчалик хизмат қилиши ҳар биримизнинг шахсий кучимизга боғлиқ. Биз умумий организмни ташкил қилган ҳужайралармиз. Бу тузилмада ҳар биримизнинг ҳаётий ўрнимиз, ўз вазифамиз бор. Ҳаммамизнинг кичик-кичик ҳиссаларимиз бир бўлиб, давлат ва жамият ҳаётини таъминлайдиган буюк куч юзага келади.

Давлатнинг кучи қуроллари, армияси ёки бойликларида эмас. Ҳар қандай ҳарбий кучни бошқа ҳарбий куч енгиши мумкин. Ҳар қандай кучли иқтисодни битта инқироз синдириши мумкин. Давлатнинг кучи – уни ташкил қилган шахсларнинг кучига боғлиқ. Кучли шахслардан ташкил топган давлатгина чиндан кучлидир.

Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат

Подняться наверх