Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) - - Страница 2

Кутилган ташриф

Оглавление

О, Ўлим жаноблари, келдиларми, марҳабо, марҳабо, қадамларига ҳасанот! Дилим кечадан бери нечукдир тушунуксиз хира эди. Бу ниманинг аломати экан, деб ўйлаятувдим. Қаранг, сизнинг ташрифи қудумингиз шабадасидан экан. Дил қурғурнинг ғашланиши аслида бекор нарса, негаки, мен сизни фоний дунё юзини кўрган, яъни туғилган кунимдан бери кутаман. Кимдандир эшитиб, сўнг “Девона” романида баён қилиб эдим: чақалоқ туғилиши билан: “Ана энди ўладиган бўлдим”, – деб йиғлар экан. Йиғидаги бу маънонинг ҳақиқатлигига кафил эмасман. Балки шунчаки қизиқарли бир ривоятдир. Аммо она қорнидаги болани Сиз – Ўлим жаноб-лари жуда кам ҳолларда оласиз… ё адашяпманми? Яратганнинг қудрати билан она ҳомиласида вужудга келаётган инсон белгили тақдир ёзуғи билан кўз очган ҳамон “Ана энди ўладиган бўлдим”, деб йиғласа не ажаб? Инсон боласининг бундан бўлак яна қандай сўнг манзили бор? Шундай экан, камина ҳам йигирманчи асрнинг қирқ олтинчи йили адоғида, қаҳратон қишда, оч мамлакатнинг бир ғариб гўшасида туғилган чоғи айни маънода йиғлагандирман балки? Жанггоҳдан узоқ бўлса-да, уруш нафасидан хароб бир бошкентда, тўрт боласи бор, аммо бошпанаси йўқ Абдумалик аканинг бешинчи фарзанди ўша онда дунёдан нима кутган эди? Чақалоққа шундай савол қўйилмоғи кулгили, биламан. Лекин икки ўғил ва икки қизни уйсиз-жойсиз бўлсалар-да, қаҳатчилик йилларидан, урушнинг совуқ нафасларидан омон сақлаб қолган отанинг бу кунги шодлиги не қадар бўлган экан? Ўзи етимликда она меҳрига зор ўсган, қорни нонга тўймаган, усти янги кўйлак кўрмаган Санобархон-чи? Яна бир фарзанд неъмати берган Тангри таолога шукурлар қилганларига шубҳа йўқ. Фарзанд берган, ризқини ҳам беражак, деган ишончли умид билан сабр камарини маҳкам боғлаганларига ҳам ишонч бор. Оч ватаннинг “бахтиёр” боласини киприкларида авайлаб кўтариб вояга етқизганларига, сиз Ўлим жаноблари эҳтимол гувоҳ эмасдирсиз. Чунки бу замонларда сиз ўз юмушингиз билан банд бўлгансиз. Тақдир ёзуғи узун йиллар давомида сизни бизнинг оиладан узоқ қилди. Оч эдик, лекин руҳимиз тўқ эди. Шу боис сиз оиламизга яқинлаша олмас эдингиз. Лекин ҳар бир бандага соя каби илашиб юришингизни кексаларнинг суҳбатларидан эшитиб, билган эдим.

“Сизни туғилганимдан бери кутаман”, демоғимнинг боиси ҳам шу. Зотан, агар юз йил ва агар биргина кун яшасанг ҳам, кўнгул очувчи бу қасрдан кетиш керак бўлур, демишлар.

Ўлим бирлаштирар бегоналарни,

Одамлар бир ёқдан йиғила келар.

Бир кўздан тикилар “жабрланган”га,

Фақат бир юракдан йиғилар келар.

Ўлим бирлаштирар бепарволарни

Кибру алдовларнинг ниқобин йиртар,

Йиртқичмас, душманмас одамга одам

биродар эканин эслатиб кетар.

…мана, бегоналар, бепарволар йўқ,

ниҳоят одамлар биродар-тенгдир.

Ўлимга бош эгдим,

қўрққанимданмас,

ҳурмат қилганимдан бошимни эгдим.


(Шавкат Раҳмондан)

Саноқсиз жонларни турли йўллар ва бир-бирига ўхшамаган сабаблар билан олган сиз – муҳтарам зотга гапларим балки ғалати туюлаётгандир? Кимлардир сизни кўргани ҳамон талвасага тушар? Дўстим айтиб эди: тузалмас дардга чалинганини билган қайнотаси ўғилларию куёвларини тўплабди-да, темир сандиғини очиб, умр бўйи тўплаган бойлигини ўртага қўйибди. Сиз ҳали бу хонадонга келишдан узоқроқ эдингиз. Аммо дард хабаридан қайғуга тушган бу хонадонга яқин орада ташриф буюражагингиз хусусида аломат шабадаси эса бошлаган эди. Шумхабар билан ташрифингиз орасида икки ой фурсат борлигини тасаввур қила олмас эдилар. Омонатни топширмоққа икки ойми ё икки ҳафтами, икки кунми ё икки соатми вақт бор экан, ҳар нафасни ғанимат билиб, ибодат қилиб олмоққа интилган банда бу дунёнинг саодатли охиратига етган бандадир. Аммо надоматким, ғофиллар тақдири ўзгача. Сизнинг ташрифингиз ташвишида талвасага тушган у одам бойлигини ўртага қўйиб, нима дебди, денг?

“Болажонларим, мана умр бўйи тўплаганларим, ўзимга насиб қилмади, сизларга қоляпти. Юз йил ётиб есанглар ҳам етади, фақат инсоф билан бўлишиб олинглар, савоб йўлида ақл билан ишлатинглар”, дебдими? Бе, “пул жигар қонидан яралган” деган ақида билан яшаган одамдан шунақа гап чиқармиди? У ҳолда “Болаларим, умр бўйи тўплаганим мана шу. Буларни маҳалладаги ҳожатмандларга улашиб чиқинг”, дебдими? Ол-а! Ҳаромдан ҳазар қилмай яшаган, бир бечоранинг чайнаб турган луқмасига кўз тикишдан уялмай умр кечирган одамнинг бундай ҳидоят кўчасига кириши мумкинми? Сиз – саноқсиз жонларни олган Ўлим жаноб-лари шунақасини ҳеч учратганмисиз?

Индамайсиз-а?

Бу дард илаки ўлармен, мараз чу зоҳир эмас,

Табиблар бу балоға не чора қилғойлар…


Хуллас, дўстимнинг қайнотаси кўзига ёш олиб, эридан калтак еган келинчак каби ҳўнграб туриб дебдики: “Мана сенларга пул, дунёнинг нариги чеккасидан бўлса ҳам, зўр дўхтирларни топиб келиб, жонимни сақлаб қолларинг. Яна ҳеч бўлмаганда ўн-ўн беш йил яшашим керак!”

Бу талаб сиз учун кулгили, а? Белгили умри сўнгги нуқтага етганда, ҳатто Луқмони Ҳакиму Ар-Розий, Ибн Сино ва бошқа улуғ табиблар ожиз қолганда, исроиллик бир жарроҳ тақдир ёзуғини ўзгартира оларканми? Бу масаланинг бир томони. Дейлик, у талаб қилгани яна ўн-ўн беш йил яшади. Яшаб, кимларга қандай яхшиликлар қилди? Соғайганидан кейин бир зиёфат ясаб, номини “эҳсон” ё “худойи” атагандир. Қуръони каримдан беш-олти оятни қироат қилиб берган тамагир имом-домла чўнтагига икки-уч юз долларни солиб қўйгандир. Кейин эса дўхтирларга, дори-дармонга кетган харажатларини қоплаш ҳаракатига тушгандир. “Эҳсон” дастурхони учун сарф этилган харажатлар ҳам осмонга учиб кетмайди, ўрни тўлдирилади. Талаб қилгани ўн-ўн беш йил ўтгандан сўнг сиз узоқдан бўлса-да, кўриниш берсангиз энди қандай аҳволга тушади?

“Ё Раббим, ўзингга шукур, менга шунча йил истиғфор учун қўшимча имконият бердинг, гуноҳларим учун тавба қилдим. Саховат эшикларини савоб неъмати учун кенг очдим. Тилимни ширин қилдим, силаи раҳм талабларини гўзал кўринишларда бажардим. Агар яна шунча умр берсанг, у фурсатни ҳам фақат ибодат билан ўтказгумдир” дейдими?

Шундай дея олгувчи банда саодат соҳибидир.

Акси-чи?

Яна яқинларини тўплаб, яна бойликларини ўртага уйиб “зўр дўхтир” топишларини талаб қиладими?

Биз нима ҳам дердик? Дунёнинг ўзи ажабтовур-да! Бу дунёдаги ризқи белгили эканини англамайдиган нодон бандалар оз эканми?

Қутлуғ табиатли шоҳ Жамшид бир булоқ бошидаги тош устига шундай ёздириб қўйган экан: “Бу булоқ тепасида бизлар сингари кўп кишилар келиб ўлтурдилар, кетдилар ва йўқ бўлдилар. Оламни мардлик ва зўрлик билан олдик, лекин ўзимиз билан гўрга элтмадик”. Шоҳ Искандарнинг васиятига кўра, бир қўлини тобутдан чиқариб қўйишган экан, бунинг маъноси: кўриб қўйинглар, дунёни олдик, аммо у дунёга бўш кетяпмиз, дегани экан. Подшоҳларки, қуруқ қўл билан кетишган экан, юз минг (балки миллион ёки ундан кўп) долларини ташлаб кетувчи банда нолаю фиғон қилмаса ҳам бўлар, а?

Вақти-соати етганда у сизни кўриб титрагандир, йиғлагандир, буниси каминага қоронғи. Сиз бунақа ҳолатларга дуч келганингизда “Банда мендан қўрқиб талвасага тушяпти”, деб ўйласангиз керак. Банданинг дилидагини билгувчи, Самиййул алийм – ёлғиз Аллоҳдир! Ҳатто сиз ҳам буни билмайсиз. Биз эса тахмин қилувчи ожизларданмиз. Тахминимиз адаш чиқиб, сўзларимиз туҳмат тўрларига ўралган бўлса, тавбалар қиламиз – астағфируллоҳ! Ўша дўстимнинг қайнотасининг сўнгги йиғиси бўйича тахминим шуки, у сизга жон топширишдан эмас, умр бўйи тўплагани бойлигининг қолиб кетаётганидан талвасага тушган бўлса эҳтимол.

Ким бу ерга келди, бир бино солди,

Ўзи жўнаб кетди, ўзгага қолди.

Бировлар қилса ҳам шунингдек ҳавас,

Иморат битмади, етмади нафас.


(Шайх Саъдийдан Ғафур Ғулом таржимаси)

Балки эшитгандирсиз, бир хотин умри адоғида йиғлаётган экан, уни“Ўлим – ҳақ, бу Аллоҳнинг иродаси, йиғламанг”, – деб овутишса, у: “Ўлимдан қўрқаётганим йўқ, мендан кейин эримга ким тегиб оларкин, шунинг ташвишидаман”, – деган экан.

Ҳаҳ, эзмалигим қурсин, касбим гап сотиш бўлгач, начора? Сиз узоқ йиллар кутилган азиз меҳмонсиз. Меҳмонни ҳеч бўлмаса гап билан сийлай деяпман-да. Балки мендан баттар эзмаларни ҳам кўргандирсиз. Балки уларнинг гапларига эътибор бермай, ишингизни бажариб кетавергандирсиз. Лекин нечундир гапларимни тинглаяпсиз – бу ҳам Аллоҳнинг менга кўрсатган улуғ марҳамати, Ўзигагина шукурларим бўлсин! Эҳтимол, Аллоҳнинг иродаси ила пича барвақт келиб қолгандирсиз, шу сабабли шошилмаётгандирсиз? Йўғ-е, сизнинг ишингизда ноаниқлик бўлиши мумкинмасдир…

Гапда ўтлаб кетдим, ўзимга қайтай:

“Сизни туғилганимдан бери кутаман” – дейишим ғалатироқ туюлаётгандир. Улғайиб, “Бошқалар каби менинг ҳам ўлишим аниқ, қачон, қандай сабаб билан, қай ҳолда Азроил алайҳиссалом билан учрашар эканман”, – деган фикр дастлаб неча ёшимда хаёлимга келганини эслолмайман. Аниқроқ айтсам, билмайман. Оғир, ҳаловатсиз йилда туғилганимни айтдим. Сиз туғилишлардан бехабар бўлсангиз керак. Отам ва онам Худонинг марҳамати билан акаларим ва опаларим қаторида мени ҳам таҳликали йиллардан соғ-омон олиб ўтишди. Гўдаклигимда хасталанган кезларим меҳрибон отам ва онам: “Болам ўлиб қолмаса эди”, – деб ташвишланганлари, Аллоҳдан менга умр ва бахт тилаб илтижо қилганлари шубҳасиз. Кичик акам Баҳодир сариқ касалга чалинганидаги аяжонимнинг изтироблари ҳали ҳам кўз ўнгимда. Уйдаги муолажалар натижа бермагач, акамни Турсунхўжа ака опичиб шифохонага олиб борган эдилар. Акамга Аллоҳ шифо берди. Ўша пайтда аяжоним акамни алоҳида меҳр билан парвариш қилдилар. Бутун диққат-эътиборлари акамга қаратилди. Оқибатда кейин ҳам бу эътибор сусаймади. Акам улғайиб, оила қурган пайтларида ҳам салгина хасталансалар, аяжоним ҳаловатларини йўқотар эдилар. Болалигимда мен онамнинг бу ҳолатини нотўғри тушуниб: “Аям фақат акамни яхши кўрадилар”, – деб ўйлар эдим. Йиллар ўтиши билан бу нодонликдан аста-секин қутулдим, лекин тан олиш керак, тўла қутулмадим.

Бу ҳақда кўп ўйлардим, Ўлим жаноблари. Айниқса, сиз аввал дадажонимни, сўнг аяжонимни олиб кетганингиздан сўнг бошимни қайси тошга уриб ёришни билмай, тўлғона-тўлғона ўйлардим. Барча ота-оналар каби менинг дунёга келишимга сабабчи бўлган дадажоним билан аяжонимнинг биров билган, биров билмаган бебаҳо фазилатлари бор эди. Бошқалар билган фазилатлари – ғоят ҳалол эдилар. Вақтингизни олсам ҳам, бошқа гапларга фурсатим қолмаса ҳам, фикримнинг исботи учун бир воқеа баёнини айтай:

Урушдан сўнг ҳарбийдан истеъфога чиққач, дадажоним яқин биродаларининг саъй-ҳаракатлари билан бозорга директор бўлибдилар. Аяжоним бир куни: “Дадангга бориб айт, гўшт олиб берсинлар”, – деб Ботир акамни бозорга жўнатибдилар. Акам бориб, аяжонимнинг топшириқларини етказгач, дадажоним: “Сен ўтириб тур”, – деб идораларидан чиқибдилар-у, дарров қайтмабдилар. Акам кута-кута бетоқатланиб, бозорга чиқиб қарасаларки, директор мартабасидаги дадажоним эл қатори навбатда турганмишлар. Шу каби “камчиликлари” туфайли дадажоним бу вазифадан тездагина истеъфога чиққан эканлар. Ўша дўстлари: “Сизга бозор тўғри келмас экан, мактабда ҳарбийдан дарс бериб юраверинг”, – дейишган экан. Табиатан мўмин бўлган дадажоним бу таклифга амал қилиб, салкам чорак аср мактабда ишладилар.

Куз ойлари ўнлаб араваларда мактабга кўмир ташиларди. Уйимиз мактабга яқин бўлса-да, биттагина арава биз томон бурилмас эди. Мактаб таъминоти тугагач, ўша давр таомилига кўра баҳордаги аризаларига биноан навбат етганда уйимизга кўмир келарди. Қиш қаттиқ келган йиллари олинган кўмир етмай қолиб, эрта баҳорни совуқ уйда қаршилар эдик.

Биров билмайдиган фазилатларидан энг улуғи дадажоним ҳам, аяжоним ҳам кўп ота-оналар каби Худога муножот қилиб, фарзандларига умр, бахт, иймон… тилаганлар. Бу арзимас, оддий нарса бўлиб туюлиши мумкин. Лекин гап шундаки, Ўлим жаноблари, улар умрни, бахтни ўзларига эмас, фарзандларига тилашган…

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ)

Подняться наверх