Читать книгу Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (БИРИНЧИ КИТОБ) - - Страница 4
Биринчи бўлим
АЖДОДЛАР ДУНЁСИ
ОглавлениеДуо қилдилар:
“Бошинг тошдан бўлсин”.
Қалбинг тош бўлмаса бас.
Ўтмиш донолари дедиларки:
– Сиз ўтган умрингизга қараб: “Тўғри яшай олдимми?” – деб ўз-ўзингизга савол берганмисиз? Агар ишонч билан: “Ҳа!” – деб жавоб қайтара олсангиз, буюк ишлар қилибсиз экан. Кишининг оқилона китоблар битиши шарт эмас, аммо ҳаётда ўзини оқилона тута билиши мутлақо зарур! Зеро, Одам боласининг энг улуғ ижоди – оқиллик билан умр кечирмоқликдир. Қолганлари: мансаб йўлида сарсари кезиш, бойлик орттириш, шоҳона қасрлар қуриш каби ишлар ўз кўнглини тўйдиришга уринишдан бошқа нарса эмас. Қани эди, кўнгил қурғур тўя қолса…
Азизлар, баён этилажак сатрларни охиригача сабр билан ўқиб чиққанингиздан сўнг: “Тоҳир Малик тўғри яшай олдими?” – деган саволга биргаликда жавоб топамиз. Албатта, жавобнинг энг тўғриси, адолатлиси сизники бўлади. Агар манманликни, худбинликни, шахсиятпарастлик ва шу каби қатор иллатларни енга олган бўлсам, менинг жавобим ҳам ҳақиқатга яқинроқ туради, инша Аллоҳ!
“Ўзингни ўзинг англаб ет!” – дейишади. Хўш, қандай англамоқ мумкин? Бунинг учун киши ўзига қараши, ўзини ўзи идора этмоғи лозимми? Ўз-ўзини англамоқ учун бу кифоя эмас. Бунинг биринчи шарти: одам атрофидагиларни зийраклик билан кузатмоғи шарт: яъни ўз кучини, зеҳнини, идрокини бошқаларники билан таққосласин, манфаатларини ўзгалар манфаатига солиштирсин-да, уларнинг назарида ўзининг қандай кўринишда эканини тасаввур этсин. “Менда бошқаларни қойил қолдирувчи ҳеч афзаллик йўқ”, демоққа куч топсагина, ўзини англашни бошлайди.
Азизлар, ўқиш жараёнида диққат қилинг-а, мен шундай куч топганмикинман?
Ҳикмат аҳлидан бири: “Кунлар ўқ, инсонлар эса нишондир. Эй инсон, замон, ҳар кун сени ўқлар билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб кечаю кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин? Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, келиб кетган у кунлардан ўтаканг ёрилар, сўнг эса югуриб кетардинг. Тез келиб кетган соатларинг нималарга сарфланганини кўриб, жирканардинг. Лекин Аллоҳнинг тадбири тадбирларнинг аълосидир. Дунё ташвишларидан узоқ бўлинганда ҳаёт тотли кўринади, албатта, лекин аслида сен завқ деб ўйлаган нарсалар, кимёгарнинг ханталдан олган аччиғидан ҳам аччиқдир. Ҳавойи нафсга берилиб яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шу қадар кўпдирки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар. Аллоҳим, сен бизни тўғри йўлга сол!”
“Иҳдинас сиротал мустақийм” – “Эй Парвардигоро, бизни тўғри йўлга солгил”, шу муножот билан яшадим. Оқибатини билгувчи Аллоҳнинг ўзидир.
Ҳикмат аҳлининг бири бўлмиш мўътабар донишмандга мурожаат қилиб, дунё ҳаётини тавсифлашни сўрашганида у зот мазкур жавобни берган эканлар:
“Дунё ҳаёти – сен ичида бўлган ОНдан иборатдир. Чунки ўтган ўтмиш бўлиб қолади. Ортиқ ҳеч нарсалик бўлолмайсан. Келажагинг эса қандай бўлишини билмайсан. Вақт шундай нарсаки, тун кундузнинг ўлимидан хабар беради. Туннинг бошланиши у куннинг завол топганини билдирувчи бир ишоратдир. Тинимсиз келиб кетган ҳодисалар инсонларни ўзгартиради, эскитади, қаритади. Вақтнинг вазифаси жамоаларни сочиб ташламоқ, сараламоқ ва неъматларни йўқотмоқдан иборатдир. Амал узун, умр қисқа, ҳар нарса эса ёлғиз Аллоҳга қайтади…”
Унга қадар ўзимизга ўзимиз ҳисоб берайлик-чи… Донишманд дер эканки: мен кунда уч марта ўзимни ўзим тергайман: одамлар учун ҳалол ва холис хизмат қиляпманми, дўстлар билан суҳбатда риё йўқми менда, муносабатим самимийми, устозлар таълимини такрорлаб турибманми?
“Қазисан, қартасан,
ўз аслингга тортасан”.
Наслинг ўзи ким?
Энди муддаога ўтайин:
Аллоҳ таолонинг улуғ инояти билан тарих минг тўққиз юз қирқ олтинчи йилнинг охирги ҳафтасида, тизза бўйи қор ёққан кунда туғилган эканман. Ўтмишдаги одат бўйича ифода этилса, насабим бундай кўринадир: Тоҳир ибн Абдумалик ибн Ҳобил ибн Мирсоли. Ҳужжатларда “Хабилов” шаклида ёзилганким, кўпчиликни таажжубга соладир. “Тоҳир” ўрнига “Тахир” ёзилганига кўпам эътибор беришмайди (тилимдан тахир сўзларнинг кўп учиши балки шундандир). Ҳужжатлаштириш идораларида ўзбекчадан бехабар ё рус, ё татар ходимлар хизмат қилганлари учун кўплаб насаблар русча талаффузга мосланиб ёзилгани ҳаммага маълум. “Ходжаев”, “Кариев”, “Кадиров”, “Таджиев”… каби ёзувлар ҳали-ҳануз ўзгартирилгани йўқким, бу янада афсусли ҳолдир. Бир синглимизнинг насаблари “Борисовна” деб ёзилибди, билсак, аслида “Боисовна” экан. Фақат тилини эмас, ақлини ҳам қарға чўқиган ходима бу синглимизнинг отасини биратўла рус қилиб қўя қолибди. Шунга ўхшаш бизнинг насабимиз “Ҳобилов” ўрнига бир опамда “Кабилова”, яна бирида “Кабулова”, бизда эса “Хабилов” бўлиб қолган. Таассуфки, Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг ўғиллари Қобил ва Ҳобил воқеасини баъзилар билмайдилар. Қобил укаси Ҳобилни ўлдирган. Бизда нечундир ана шу “Қобил” исми кенг тарқалган. Яхши одамлар исмларини қўйиш одатига кўра, “Ҳобил” кўпроқ бўлиши керак эди. “Муса(о)” исмлари кўп, лекин ҳеч ким “Фиръавн” деб қўймайди-ку?
Ўзим Тошкентда туғилган бўлсам-да, ота шаҳрим Марғилон ҳисоб-ланур, нединким, раҳматли дадажоним Марғилонда ҳунарманд оила-сида таваллуд топганлар. Раҳматли опоқ дадамиз Мирсоли шаҳар ҳунар-мандларининг оқсоқоли бўлган эканлар. Атлас каби матолари билан машҳур Марғилон қадим шаҳарлардан. Бу хусусда Мирзо Бобур тарих китобларида ёзмишларки: “Қасабалардин яна бири Марғинондур. Андижоннинг ғарбидадур, Андижондин етти йиғоч йўлдур. Яхши қасаба воқе бўлубтур, пур неъмат; анори ва ўруги асру кўп ва хўб бўлур. Бир жинс анор бўлур, “дона калон” дерлар, чучуклигида зардолу майхушлиғидин андак чошни бор. Самнон анорлариға таржеҳ қилса бўлур. Яна бир жинс ўрук бўлурким, донасини олиб, ичига мағз солиб қурутурлар, “субҳо-ний” дерлар, бисёр лазиздур. Ови қуши яхшидур, оқ кийик ёвуқта бў-лур. Эли сорттур ва муштзан ва пуршару шўр элдур. Жангаралиқ расми Мовароуннаҳрда шоеъдур, Самарқанд ва Бухорода номдор жангаралар аксар Марғинонийдур. Соҳиби “Ҳидоя” Марғиноннинг Рушдон отлиқ кентидиндур”.
Ота томондан қариндошларимиз, асосан, Марғилонда истиқомат қи-лишади. Ҳобил опоқдадамизнинг биргина акалари бўлгани, ул киши Шаҳартепада деҳқончилик қилганларини эшитганман, бошқа маълумот йўқ. Шаҳар аҳли томонидан “Отинча хола”, деб эъзозланган бувижонимиз Тожинисо отин мен туғилмасимдан олдин, дадажоним ҳарбийдалик пайтларида 1942 йилда вафот этган эканлар, Аллоҳ мағфират этсин. Бувижонимизнинг София исмлиқ опалари бўлиб, зурриётлари билан қа-риндошлик ришталари ҳозиргача сақланиб қолган. Дадажонимизнинг Буважон ва Шокиржон исмли тоғалари ҳам бўлган. Кичик тоғаларининг зурриётлари ҳозир Янгийўлда истиқомат қилишади. Дадажонимнинг акалари Тошматжон ака ҳам тўқувчи бўлган эканлар. Урушда фронт орти батальонига хизматга олиниб, Урал томонлардаги оғир шароитларда худди қул мисол ишлатилганлар, ўша ерда хасталанганлари туфайли 1944 йилда Марғилонга қайтиб, вафот этган эканлар. Ўзим кўрмаган амакимнинг Шаҳодат исмли қизлари бор эди. Акаларининг вафотидан кейин дадажонимиз жиянларини Тошкентга олиб келиб, кейин қовунчилик (Янгийўл илгари шундай аталган) йигитга турмушга узатганлар. Биз Шаҳодат опани ўз туғишган опамиз каби билардик, ўзаро меҳр ҳам шу даражада эди. Дадажонимнинг тоғаваччаларини “опоқ дада”, холаваччаларини “амма”, деб улғайганмиз. Аяжонимнинг ўгай оналарини ҳам “катта буви”, ҳатто у кишининг кейинги эрларини “опоқ дада” дердик. Бизни шундай тарбия қилишган ва опоқ дадалар, аммалару бувилар бизларни ўз набираларидай севишарди.
Аяжонимиз – Санобархон бинти Исмоилхўжа Андижонда, айрим гап-ларга кўра, Ўшда таваллуд топганлар. Бу мавҳумликка сабаб, каттаопоқ дадамиз Муҳаммадалихўжа ҳожининг бу икки шаҳарда уйлари, Булоқбошида ерлари бўлган экан. Аяжоним бу уйларнинг қай бирида, қайси йили туғилганлар, ўзлари ҳам билмасликлари табиий ҳолдир. Демак, Андижон ва Ўшни “она шаҳрим” десам янглишмайманким, тарих китобларида Мирзо Бобур ҳазратлари ажиб меҳр ила тасвир этмишлар:
“Жанубий тарафидағи қасабалар бир Андижондурким, васатта воқе бўлубтур. Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарвозаси бор. Арки жануб тарафида воқе бўлубтур. Тўққуз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас. Қалъанинг гирдо-гирди хандақнинг тош ёни сангрезалик шоҳроҳ тушубтур. Қалъанинг гирдо-гирди тамом маҳаллоттур. Бу маҳалла оила қалъаға фосила ушбу хандақ ёқасидоғи шоҳроҳтур. Ови қуши доғи кўп бўлур, қирғовули беҳад семиз бўлур. Андақ ривоят қилдиларким, бир қирғовулни ускунасини тўрт киши еб тугата олмайдур. Эли туркдур. Шаҳр ва бозорисида турки билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирийда нашъу намо топибтур, бу тил биладур. Элининг орасида ҳусни хейли бордур. Юсуф Ҳожаким, мусиқида машҳурдир, Андижонийдур. Ҳавосининг уфунати бор. Кузлар эл безгак кўп бўлур.
Яна бир Ўш қасабасидур. Андижоннинг шарқи-жанубий тарафидур, шарққа мойил, Андижондин тўрт йиғоч йўлдур. Ҳавоси хўб ва оқар суйи фаровондур. Баҳори бисёр яхши бўлур. Ўшнинг фазилатида хейли аҳодис ворид бўлубтур. Қўрғонининг шарқи жанубий жонибида бир мавзун тоғ тушубтур. Барокўҳға мавсум. Бу тоғнинг қулласида Султон Маҳмудхон бир ҳужра солибтур, ул ҳужрадин қуйироқ ушбу тоғнинг тумшуғида тарих тўққуз юз иккида мен бир айвонлиқ ҳужра солдим. Агарчи ул ҳужра мундин муртафеъдур, вале бу ҳужра бисёр яхшироқ воқе бўлубтур: тамом шаҳр ва маҳаллот оёғ остидадур. Андижон руди Ўшнинг маҳаллотининг ичи била ўтуб, Андижонға борур. Бу руднинг ҳар икки жониби боғот тушубтур, тамом боғлари рудқа мушрифтур, бинафшаси бисёр латиф бўлур. Оқар сувлари бор, баҳори бисёр яхши бўлур, қалин лола ва гуллар очилур. Барокўҳ тоғи доманасида шаҳр била тоғнинг орасида бир масжид тушуптур, масжиди Жавзо отлиқ, Тоғ тарафидин бир улуғ шаҳжўй оқар. Ушбу масжиднинг ташқари саҳни нишеброқ, себаргалик, пурсоя, сафолиқ майдон воқе бўлубтур. Ҳар мусофир ва раҳгузар келса, анда истироҳат қилур. Ўш авбошининг зарафоти будурким, ҳар ким анда уйқуласа, ул шаҳжўйдин сув қуярлар. Умаршайх мирзонинг охир замонларида қизил била оқ мавжлиқ тош ушбу тоғда пайдо бўлди: пичоқ дастаси ва такбанд ва баъзи нималар қилурлар, хейли яхши тошдур. Фарғона вилоятида сафо ва ҳавода Ўш чоғлиқ қасаба йўқтур”.
Ҳужрага доир сатрларни ажратиб ёзганим бежиз эмас. Болалик кезларимда Бобурнинг ҳужраси ҳақида кўп ҳикоялар эшитганман. Аяжоним Ўшга ҳар борганларида бу жойларни зиёрат қилар эканлар. Сулаймонтоғдаги “қилкўприк” деб ном берилган қияликдан ўтмоқчи бўлган кишининг гуноҳи кўп бўлса – пастга йиқиларкан, гуноҳсиз бўлса –ўтиб оларкан. Бу албатта, бир афсона, чунки неча минглаб гуноҳкорлар “қилкўприкдан” осонгина ўтиб олгач, гуноҳли ишларини бемалол давом эттираверганлар. Одамзод Қиёматдаги ҳақиқий қилкўприкдан ўтиш учун бу дунёда ёмонликлардан тийилиб яшаши керак. Мирзо Бобур ҳужрасини олтмишинчи йилларнинг аввалида бузиб ташлашга фармон берганлар тоғдаги “қилкўприк”дан ўтганларми ё йўқми, билмайман, Қиёматдаги қилкўприкдан ўтишда бу кабира гуноҳлари оқибатини кўрармикинлар, бу ҳам бандага номаълум. Лекин бу дунёда халқнинг лаънатига қолганлари аниқ. Аяжонимнинг ҳикояларидан завқланган қўшни аёллар биргалашиб Ўш зиёратига бориб келишгач, ҳужранинг бузиб ташланганидан афсуслана-афсуслана бу ишга қўл урганларни роса қарғашган эди. Гуноҳкорларнинг бошига неча юз минг қарғиш ёғилган экан, Худо билади. Ҳужранинг нимаси коммунистларга ёқмаган экан, мен ҳануз тушунмайман. Бу аҳмоқона иш шунчаки оғзаки фармон билан эмас, партия раҳбарларининг қарорига асосан амалга оширилган. Бу бадбахтларнинг айёрлигини қаранг: вилоят ва шаҳар партия қўмиталари раҳбарлари асосан қирғиз ва рус коммунистлари бўлгани ҳолда, қарорга фақат ўзбек амалдорларига имзо чектиришган. Ташаббус кимдан чиққану, ким имзо чеккан?! Бу айёрлар кимнидир йўқ қилишни истасалар, гулханга ўтин тўплайдилар, бир бечорани занжирбанд қиладилар, аммо ўзлари олов ёқмайдилар, гугуртни қайсидир овсарнинг қўлига берадилар. Ҳужранинг бузилиш тарихи худди шундай. Етмишинчи йилларнинг ўрталарида халқ бу ҳужрани тиклади. Ёшлар пастдан то тоғ тепасига қадар турнақатор бўлиб, қўлма-қўл ғишт узатдилар. Ҳужранинг тиклангани қувонарли ҳол, аммо у аслининг ўрнини боса олмайди. Ўзбеклар учун зиёратгоҳ бўлган бу ҳужраларнинг бузиб ташланганидан юраги зардобга тўлган шоир Шавкат Раҳмон алам ва армон билан бу сатрларни битган эди:
…Ўйладим
юксакка чиққан чоғимда
ўз зотин, ўз отин унутганларни,
қадимий булоқлар кўзини кўмиб,
азим дарёларни қуритганларни.
Ўлсам-да ёдимдан чиқмайди бири:
кибру ҳаво билан пастни кузатиб,
буздириб ташлади ярим кечаси
тўрт юзу олтмиш йил турган ҳужрани.
Тўрт юз олтмиш йиллик
қуёш ҳам, сув ҳам,
энг қаттол душман ҳам қилмаган ишни
тўнғизфеъл бир нокас бажариб кетди,
авлод-аждодига олиб қарғишни.
Бундайлар ким ўзи –
Абадиятнинг
нурли изларини йўқотаётганлар,
элнинг қалбин бузиб,
ёдини бузиб,
қарғишу лаънатга ботиб ётганлар?!
Юксакда бўлса-да
бошим эгилган,
юрагим йиғлайди, Барокўҳ тоғим.
Кўриб бўлармикан бу нокасларнинг
қора курсиларга ўтирар чоғин?
Аммо тўлармикин кўнгил шу билан,
шу билан кетарми хотирдан ғашлик,
юраклар куларми,
куларми буткул
шу билан юксакда ўсган пасткашлик?
Агар мен бақирсам, ёрилар осмон –
ҳар дамим оламнинг дамин тўзитар.
Аммо Барокўҳда бошим эгилди,
қарашга ор қилдим
элнинг кўзига.
Эй Мирзо,
Бошимни қандоқ кўтарай?!
Эй Мирзо,
эгикдир мирзолар боши –
кўтариб бўлмайди, оёқ тагида
бўлса-да баҳайбат тоғларнинг тоши.
Шоир қарғишу лаънатга кўмилган нокасларнинг қора курсиларгаўтиришини, жазога тортилишини орзу қилган эди. Афсуски, бундай бўл-мади. 1990 йилдаги ва орадан роппа-роса йигирма йил ўтгач такрорланган Ўш фожиаларини ана ўша лаънатиларнинг авлодлари қилишди. Эҳтимол, фожиаларни бошлашга уларнинг ўзлари фатво беришгандир? Бу ҳақда кейинроқ алоҳида сўз юритаман.
Баъзи учрашувларда ёки издиҳомларда: “Асли қаерликсиз?” – деб сўраганларида ҳазил тариқасида: “Ота томондан марғилонликман, она томондан андижонликман, хотин томондан тошкентликман”, – деб жавоб бераман. Йигирма йилча муқаддам Андижон адабиёт музейидагилар: “Сизҳақингизда алоҳида кўргазма қиламиз”, – дейишди. Таклифлари учун мин-натдорлик билдириб дедимки: “Музей кўргазмалари Андижонда туғи-либ, Андижон учун хизмати сингган ўтмишдаги ва ҳозирдаги ижодкорлар ҳақида ҳикоя қилиш керак. Мен ёшим йигирмадан ошганда Андижонни кўрганман, йилда бир-икки бораман, “андижонлик ёзувчи” деган мартабага лойиқ эмасман”.
Бир куни тоғам – Мирзакалон Исмоилий тошкентликларнинг кўк ду-хоба дўпписини кийиб ўтирган эканлар. “Тоға, тошкентлик бўлиб қолиб-сиз-ку, нега Андижон дўппи киймайсиз?”, – деб ҳазиллашдим. Тоғам мийиғларида кулиб: “Тошкентда ўқидим, уйландим, болаларим туғилди, урушдан кейин ҳам, қамоқдан чиққанимда ҳам Тошкентга интилдим, Тошкентнинг сувини ичяпман, ҳавосида нафас оляпман, нонини еяпман, менам Тошкентликман-да”, – деган эдилар.
Ҳар турли давраларда одамлар бир-бирлари билан танишиш пайтида “қаерликсиз?” деб сўрашади. Мен шу саволни ёқтирмайман. Чунки бу менга маҳаллийчиликнинг аввалбоши бўлиб туюлади.
Ҳарфлар жамланса, бир сўз бўлади,
сўзлар бирлашганда англатар маъно –
қачон жумла бўлажакмиз биз?
– Қаерликсиз?
– Қашқадарёликман.
– Ие, менам қашқадарёликман, қайси туманидансиз?
– Чироқчидан.
– Бахтимдан ўргилай, менам чироқчиликман, қайси қишлоқдансиз…
Бунақа савол-жавобларга кўп гувоҳ бўламиз. Бир-бирини билиб қўйиш зарарли эмас. Лекин шундан сўнг маҳаллийчилик бошланса, ёмон.
Ўтмишдаги ноиттифоқлик хасталигидан қалам аҳлининг қалби зир-зир титраган ва дардларини, ҳасратларини йиғлаб-йиғлаб қоғозга туширган. Сиёҳ билан эмас, юрак қони билан ёзилган сатрлар озми? Мумтоз адабиётимизни варақласак, қулоғимиз остида улуғлар оҳу фарёди жаранглайди.
Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбек юртидур, тенглик қилинг…
Шоир Турди бу сатрларни уч юз йил илгари эмас, бугун ёзгандай туюлмаяптими?
Маҳаллийчилик миллатчиликдан ҳам баттар. Биз “миллатчилик” атамасини салбий маънода ишлатишга ўрганиб қолганмиз. Аслида бу атама ижобий маънони англатади. Яъни, миллатчи – бошқа миллатга нафрат кўзи билан қараб ўз миллатини кўкларга кўтариб мақтовчи эмас, балки миллати учун хизмат қиладиган, миллати учун жонини фидо қилишга тайёр шахс. Ўзга миллатга душманлик назари билан қаровчи одам нодондир, бадбахтдир. Чунки одам боласи, миллатидан, тилидан қатъи назар –Аллоҳнинг бандаси. Ҳар миллатда яхши одам бор, ёмони бор. Битта-иккита ёмонига қараб ҳаммасини ёмонга чиқариш ақлсизликдир. Чунки бошқа миллат вакили биздаги ёмонларга қараб, барчамизга нотўғри баҳо берса, қандай бўлади?
Бу масалаларни ҳал этиш фақат сиётсатчиларнинг вазифаси эмас. Бадиий адабиёт зиммасида ҳам улуғ вазифалар бор. Рауф Парфи ёзганларки: “Адабиёт инсониятга миллий асосда туриб, умуминсоний қад-риятларни улуғлаш, дунёдаги барча миллатлар тенг, барча миллатлар бир хил мавқега эга, барча халқлар учун имтиёз бир хил берилишини таъкидлаш учун керак”.
Шаклланган миллат руҳи нималарда кўринади? Биринчи галда аҳил-ликда, бир-бирига бўлган меҳр-оқибатда. Бир-бирининг тақдирига ло-қайд қарамасликда. Аслида дунёда яшаётган ҳар бир одам миллати, ирқидан қатъи назар, бир-бирига меҳрибон бўлиши шарт. Не афсуски, битта Ер юзида туғилиб, яшасалар-да, турли мамлакатларга бўлиниб олиб, ораларига чегаралар тортиб, таъбир жоиз бўлса, Аллоҳнинг мулкини ўзларича бўлиб-бўлиб олганлар. Бу ҳолатдан кўнглимиз оғригани билан ожиз бандамиз, бирлаштириш қўлимиздан келмайди. Агар Аллоҳ ихтиёр этса, бир кунмас-бир кун барча бандаларини меҳр-муҳаббат занжирлари билан бирлаштириб қўяр…
Унгача эса… Дунёга назар солсак, турли мамлакатлардаги миллат руҳи ўзига яраша – бир жойда шаклланган, бошқа жойда одамлар бир-бирини қириб ётибди. 2010 йилда дунё аҳли Чили мамлакатидаги шахтада қамалиб қолган шахтёрларни қутқариб олиш жараёнини қизиқиб кузатди. Икки ойдан ортиқроқ вақт мобайнида дунё ахборот воситалари диққати шу жараёнга қаратилди. Бир неча минг метр чуқурликка йўл очилиб, ишчиларни бирма-бир ер юзасига чиқариш бошланганда Чили халқи уйда ўтиролмади. Кечасию кундузи Худога нола қилиб, бечораларни қутқаришни сўради. Мамлакат раҳбарияти ҳам қутқариш жараёни бошланган жойга етиб келиб, сўнгги ишчи қутқариб олинмагунча жойидан жилмади. Ҳар бир ишчини ўз жигаридай қаршилаб қучоқлади. Мамлакатнинг миллионлаб аҳолиси бу ишчиларни танимасди. Лекин миллатни бир-бирига боғлаб турувчи қалб меҳри ватандошлари тақдирига лоқайд қарашга йўл қўймади. Бу жонларнинг қутқарилиши миллат байрамига айланди. Камина бу жараёнларни телеэкранда кўриб, оддий байрам қувончига эмас, балки шаклланган миллат руҳи тантанасига гувоҳ бўлдим.
2012 йилда Мисрда Ҳусни Муборак раҳбарлигига қарши ғалаёнлар бошланди. Одамлар жонларини хатарга қўйиб, сиёсий талаблар биланмайдонга чиқдилар. Бунақа ходисалар дунёда тез-тез учраб туради. Сиёсий жараёндан фойдаланиб, дўконларга ҳужум қилаётган, талончилик қилаётган муттаҳамларни ҳам телеэкранларда кўрганмиз. Мисрдаҳам шундай бўлди. Ҳатто миллат руҳини акс эттирувчи, муқаддас ҳи-собланган масканларга даф қилувчилар ҳам топилди. Қохирадаги Тарих музейи дунёдаги энг бой масканлардан ҳисобланади. Ғалаёнчилар музей ёнида жойлашган партия қароргоҳига ўт қўйишганда, одамлар музей ҳимоясига ташланишди. То аскарлар етиб келмагунча тирик девор ҳосил қилиб, музейнинг таланишига йўл қўймадилар. Шунда ўрта ёшлардаги бир араб мухбирнинг саволига кўзда ёш билан жавоб қайтарди: “Биз мисрликмиз! Бу жойда миллатимизнинг руҳи жойлашган. Бу ерни таламоқчи бўлганлар олдин бизнинг жонимизни суғуриб олишсин!” Шу манзарани кўра туриб: “Миллат руҳи учун жон куйдирувчилар бор экан, бундай миллат ўлмайди”, – деган фикр хаёлимга келган эди. Ҳусни Муборак тахтдан тушиб, ғалаёнлар давом этавергач, фикрим ўзгарди.
Шаҳар сайрига чиққан подшоҳ рўбарўсида гадо пайдо бўлиб тиланди. Подшоҳ унга битта олтин танга бериб, ўзининг сахийлигидан ўзи мамнун ҳолда жилмайди. Гадо эса, норози оҳангда:
– Эй подшоҳим, ҳисобсиз хазинанг бўлгани ҳолда ўз укангга биттагина танга беришдан уялмадингми? – деди.
Бу гапдан подшоҳ ажабланди:
– Ие, қачондан бери сен менинг укам бўлиб қолдинг?
– Нечун ҳайрону лолсан подшоҳим, ахир сенинг насабинг Одам Ато билан Момо Ҳавводан бошланмайдими? – деди гадо.
– Ори-ори, сўзларинг рост, – деди подшоҳ.
– Менинг насабим ҳам шундай: икковимизнинг ота-онамиз Одам Ато билан Момо Ҳавво бўлгач, оға-ини ҳисобланмаймизми?
Баён қилганим тиланчининг гапи латифанамо ривоятга ўхшагани билан исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир. Буни илм тилида “аксиома” дейдилар.
Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳудан: “Сенинг отанг ким?” – деб сўраш-ганида у зот: “Менинг отамга малоикалар сажда қилишган”, – деб жавоб қайтарган эканлар.
Алқисса, дунёда яшаб турган одам болалари ватанлари, миллатлари, ирқларидан қатъи назар, оға-инидирлар. Бу ҳақиқатни барча идрок қилар, деб ўйлайман. Мени ажаблантирган нарса: асли насаблари бир эканини билганлари ҳолда одамлар ўзаро ёвлашадилар. Катта-кичик урушларни бошлашдан чарчамайдилар. Ажабланарлиси шуки, жанг майдонининг у томонидагиси ҳам, бу томонидагиси ҳам Худога бир хилда муножот этади: ўзига омонлик, рўпарасидагиларга эса ўлим тилайди. У душман деб ҳисоблаб, ўлим тилаётган одамининг ким эканлигини билмайди. Унинг ҳам оиласи, фарзанди тақдирини ўйлаб, руҳан азоб чекаётгани ҳам номаълум. Уруш қайси бир томон учун ғалаба билан якун топади, аммо жонини гаровга тиккан, муҳораба азобларини тотган жангчи учун ҳеч қандай манфаат йўқ. У қиёмат жанглардан омон чиққанига шукур қилади, холос.
Аллоҳ “урушманглар, бир-бирларингга зулм қилманглар”, деб буюргани билан урушаверадилар, уруша туриб Яратгандан паноҳ сўрайдилар, қирадилар, қириладилар.
Маккаи мукаррамада, Байтуллоҳда кузатиб эдим: ҳажарул-асвад қар-шисида икки ҳожи ёнма-ён ибодат қилишарди. Уларнинг бирлари эронлик, иккинчиси Ироқдан эди. Бир дин, ҳатто бир мазҳабдаги бу икки одам неча йил аввал ўз мамлакатлари манфаатлари учун қўлга қурол олган эдилар. Жанг майдонининг икки томонидан туриб олиб бир-бирларини ўлдирмоқ қасдида ўқ узган эдилар. Улуғ марҳаматли Аллоҳ уларнинг жонини сақлаб қолиб, бу муқаддас уйда уларни учраштирди. Ибодатдан сўнг улар бир-бирларига салом бериб, туғишган биродарлар каби қучоқлашиб кўришдилар.
Одам болалари ҳамиша шундай яшасалар бўлмасми экан?
Донишмандлардан бири: “Биз бу дунёга бир парча кафанлик ишлаб топиш учун келганмиз”, – деган экан. Топганимиз, оқибат бизга насиб этувчи шу нарса экан, талашмоқдан, зулм қилмоқдан, зулм кўрмоқдан қандай наф бор?
Демоқчиманки, тарихга ёки Қиёмат кунидаги вақт ўлчовига нисбат қилиб олганда бир неча сонияга тенг келадиган умримизда меҳр-муҳаббат билан яшамоқлиқ саодатига етишмоқлик барчамизга насиб этсин. Қиёматда, ҳисоб-китоб кунида бир-биримизга кўрсатган шу меҳр-оқибат ўзимизга шафоат бўлар, инша Аллоҳ!
Маҳаллийчилик миллатни ичдан кемирадиган иллат. “А” мамлакати “Б” мамлакатига уруш очмоқ учун тадорик бошлади. Шунда махфийлари хабар бердиларки, бу мамлакатда маҳаллийчилик кучли экан. “А” мамлакатининг ҳукмдори уруш тадоригини тўхтатиб дедики: “Улар билан жанг қилиб қон тўкмоқға ҳожат йўқ, улар шусиз ҳам бир-бирларини еб адо қилурлар”.
Ўзбек ойим киярмиди қора
бир-бирин заҳарламаса
фарзандлар…
Ўттиз йил муқаддам Фарғона вилоятидаги бир қишлоқда кўнгилни хира қиладиган суҳбатга гувоҳ бўлиб эдим. Ўшанда беш-олти зиёлииштирокида мактаб директорлиги вазифасига номзодлар норасмий равишда муҳокама қилинган эди. Бу мансабга юқори идора лойиқ топаётган номзодни зиёлилар давраси кескин рад эди. “У яхши мутахассис, лекин бизнинг қишлоқдан эмас. Мактаб бизнинг қишлоқ ерида жойлашганидан кейин директор ҳам бизнинг қишлоқдан бўлиши керак!” Ана холос! Қишлоқ зиёлисининг онги шу қадар торми?! Бу даъвони маъқуллаётганларнинг иккитаси Тошкентда керилиб юрадиган зиёлилардан, бунисига нима деймиз? Номзоди рад этилаётган муаллим бошқа вилоятдан, ўзга тумандан эмас, суҳбат бўлаётган чойхонадан беш юз қадам нарида яшайди. Мактабда икки қишлоқ фарзандлари ўқийди. Икки қишлоқнинг чегараси – бир қулоч кенгликда оқувчи ариқ. Ана сизга маҳаллийчиликнинг энг тубан кўриниши!
1993 йил эди шекилли, маҳалламизда жойлашган масжид қавми орасида бундан-да ачинарли муҳокама бўлиб эди. Диний идора имомликка бир домлани юборди. Бундан маҳалла аҳли норизо бўлиб, бомдоддан сўнг ўзларича муҳокама издиҳомини ўтқаздилар. “Маҳалла масжидига ўзимизнинг маҳаллалик одам имом бўлиши керак!” – асосий масала шу. Агар шу маҳаллалик одам ислом илмини пухта биладиганлардан бўлса, талаб инкор этилмаслиги керак. Лекин имомликка даъвогар, бу ғалвани бошлаётган одамнинг билими ниҳоятда саёз, тажвиди ҳам норасо. Лекин талаб қилувчиларни бу қизиқтирмайди, чаламулла бўлса-да, шу маҳалла одами имомлик қилсин. Бу талабда маҳаллийчиликдан ташқари жоҳиллик ҳам зоҳир эди. Менинг фикрим билан қизиқишган эди, дедим-ки, агар намоз аввалида имомликка икки киши даъвогар бўлса, ислом одатига кўра уларнинг билимлироғи ўтади. Имомнинг қаерлик экани эмас, билими даражаси муҳим. “Ўзимиздан бўлсин!” деган талабингизни нима учун масжид қурилиши пайтида айтмадингиз? Маҳалламизда усталар кўп эди-ку, нега хоразмликлар ғишт теришди? Сантехникларимиз ҳам кўп, нега ароқхўр рус ишчиларини ишлатдингиз? Муҳтарам ҳожи ота-лар, ҳажга борганингизда нега бошқа мазҳабдаги араб имомига иқтидо қилиб намоз ўқидингиз, шу маҳаллалик имомингизни бирга олиб кетсангиз бўлмасмиди?”
Бизнинг бу гапимиз таъсир этмади, ўшанда маҳаллийчилик ва жо-ҳиллик устун келди, афсусимиз шундан. Лекин вақт – олий ҳакам, чаламулланинг имомлик фаолияти узоққа чўзилмади.
“Шу йигитни ишга олайлик, ўзимизнинг Бухородан”, “Бўш ўринга ўзимизнинг чустлик қизнинг номзодини кўрсатиш керак”, “Ўғлим бойсунлик қизни яхши кўриб қолибди, унга уйлантирмайман, ўзимизнинг Деновда шунча гўзаллар турганда Бойсунга бош эгиб бораманми?”…
Бу каби нодонликлар қачонгача давом этаркин, ҳайронман!
Бугун келажакда буюк давлат бўлиш умиди билан яшаётган эканмиз, тилимиздаги “Қаерликсиз?” деган саволдан воз кечайлик. “Биз бир миллатмиз!” деган руҳ вужудимизга сингмас экан, орзу орзулигида қолиб кетаверади.
* * *
Нима учун ёзувчи бўлганим сабаби билан қизиқишади, билганлар: “Тоғаси ёзувчи бўлгани учун шу йўлни танлаган”, – дейишади. Бу гап ҳам ўринли. Тоғамнинг яна йигирмата жиянлари бор, лекин уларнинг барчаси адабиётдан ғоятда узоқ. Афсус билан айтаманки, ҳатто китоб ўқимайдиганлари ҳам бор. Тақдир Аллоҳ томонидан белгиланади. Касбга доир қобилият берилади. Дейдиларки, “Агар Аллоҳ бермаган бўлса, эшак бозорига даллол ҳам бўлолмайсан”. Аллоҳ бировнинг тақдирига заргарликни, бошқасига кимёгарликни битади. Шунга яраша иқтидор беради. Ёзувчилик ҳам шундай. Русларнинг адиби: “Ёзувчиликнинг бир фоизи истеъдод, тўқсон тўққиз фоизи меҳнат”, – деган экан. Ёзувчи учун истеъдод ҳам керак, тинимсиз меҳнат ҳам лозим. Лекин “1%+99%” тарзида эмас. Балки мутаносиблик “100%+100%” бўлиши керак. Лекин ҳаётда бу мутаносибликнинг бузилиш ҳоллари кўп кузатилади. Истеъдоднинг қай даражада берилиши ҳам Аллоҳнинг ихтиёридадир. Лекин озми-кўпми бўлган бу истеъдоднинг қандай ишлатилиши банданинг ақлига боғлиқ. Кузатамизки, қайсидир касб эгасига Аллоҳ улуғ истеъдод берган, лекин у ўзининг танбаллиги ёки мансабпарастлиги ёки маишатпарастлиги ёки дунёпарастлиги туфайли бу истеъдодни исроф қилади. Билиш жоизки, нон исрофи қанчалик гуноҳ бўлса, Аллоҳ берган истеъдодни исроф қилиш ҳам шунчалик гуноҳдир.
Баёним аввалида ўз уйимиз бўлмагани, беш фарзанд ижара уйларда туғилганини айтиб эдим. Акаларим ва опаларимдан фарқли ўлароқ, мен ижара уйда эмас, тоғамнинг хонадонларида туғилган эканман. Тоғам – Мирзакалон Исмоилий Иккинчи жаҳон урушида Сталинграддан Берлинга қадар бориб, сўнг маълум муддат у ерда хизматда қолганлар, аниқроғи, Берлинда ўзбек тилида газета чиқарганлар. У ерда хизматда қолишлари муносабати билан оилаларини ҳам Берлинга кўчириб кетганлар. Ёлғиз қолган Исмоилхўжа опоқ дадамга, хусусан, тоғамнинг ҳовли-жойларига қараб туриш мақсадида оиламиз Дархондаги уйга кўчиб келишган. Мен ёзувчининг уйида туғилганим учун Аллоҳ тақдиримга шу йўлни битгандир? Ҳар ҳолда мен шундай фикр қиламан. Аммо билгувчи Аллоҳдир!
Берлиндан қайтишгач, биз Кўкчадаги бир уйни ижарага олиб кўчиб келдик. Етти жон бир хонада яшай бошлаганимиз ёдимда. Бозорқўмликни эплолмаган дадажоним 40-мактабда ҳарбийдан дарс берардилар. Директорнинг марҳамати билан мактабнинг битта синфи бизга уй қилиб берилди. Ёнма-ён жойлашган синфларнинг бирида биз, иккинчисида қоровул билан фаррошнинг кичик оиласи яшарди. Турсунхўжа ака билан Махсума опа паркентлик эдилар. Аллоҳ уларга фарзанд берарди-ку, лекин болалигидаёқ омонатини оларди. Кўнгиллари яримта эди бечораларнинг. Бизни, айниқса, кичкинтой бўлганим учун мени яхши кўришарди. Ўз боласидай эркалашарди. Турсунхўжа ака шоп мўйловли бақувват киши эдилар. 1949 йилда ҳукумат кўп қатори бизга ҳам уй қуриш учун жой ажратганда Турсунхўжа ака пахса уриб берган эдилар. Биз, катта акам бошчиликларида лой тепиб берган эдик. Пойдеворсиз бу уйда ҳозиргача яшаймиз. Турсунхўжа акани, Махсума опаларни кўп эслаб, ҳақларига дуо қиламан. Биз уйни чала-ярим битириб кўчиб кетганимиздан кейин Турсунхўжа аканинг кўзлари кўрмай қолди. Шунинг учун ўзларига уй қура олмадилар. Улар бир қизни асраб олиб Холида деб исм қўйдилар. Ҳукумат уларга ҳам жой берган эди. Ўзлари қуролмаганликлари учун оқтепалик бир одамнинг кичикроқ уйига алмаштирдилар. Махсума опамиз шу уйда байрам куни тўсатдан жон таслим қилдилар. Шундан сўнг қариндошлар Турсунхўжа акани Паркентга олиб кетдилар. Узоқ йиллар дарак бўлмади. 1970 йилда ҳарбийда паркентлик йигитлар билан бирга хизмат қилиб, улардан суриштирдим, танишар экан. Ҳарбийдан қайтганимдан кейин зиёратларига бордим.
Жониворларни, айниқса ит боқишни ёқтирардим. Ҳозиргача бу қизиқиш сўнмаган. Ит боққим келади, лекин барча оилаларда бўлганидек, бизникида ҳам аёллар бу хоҳишимга йўл бермайдилар (Эҳтимол “Ит – вафо, хотин – жафо” мақоли бекорга тўқилмагандир).
Мактабда яшаётганимизда дайди бир кучукчани олиб келиб боқдим, “Жек” деб ном бердим. Бу кучукча наслдор экан, тез ойларда катта бўлиб кетди. “Немис овчаркаси”, – дейишди. Жуда ақлли ит эди. Мактаб директори: “Ўқувчи болаларни тишлаб олмасин, йўқотинг”, – дегач, дадажоним уни Турсунхўжа аканинг қариндошларига бериб юбордилар. Икки кун йиғладим. Учинчи кун эрта тонгда итнинг ғингшиган овозидан уйғониб кетдим. Чиқиб қарасам, Жек мўлтиллаб қараб турибди. Қувончдан думларини ликиллатиб, бетларимни ялаб ташлади. Бўйнига боғланган қалин арқонни ғажиб-ғажиб узиб, Паркентдан Тошкентга қайтиб келибди. Олти ёшли бола учун бу улуғ мўъжиза эди. Жекни ўз уйчасига олиб бориб, ингичка арқонга боғлаб қўйдим. Менга итоат билан бўйсунди. Дадажонимни кўрганда вовуллади. Директорни кўрганда ириллади, лекин ташланмади. Икки кун жойидан жилмади. Овқат емади, сув ҳам ичмади. “Касал бўлиб қолган”, – дейишди. Менинг назаримда касалга ўхшамасди. Учинчи кун эрталаб чиқиб қарасам, Жек йўқ. Ўзи кетиб қолганми, ё директор йўқотиш чорасини қилганми, билмайман. Йиғлаганимда: “Паркентга бериб юборганимиз учун хафа бўлиб кетиб қолди, кутгин, балки яна қайтиб келар”, – дейишди. Кўп кутдим. Ҳатто ҳозир ҳам баъзан тушимда кўраман. Ислом дини талабига кўра уйда ит боқиш маъқулланмайди. Мушукка ижозат бор. Русларда мушукни ўпиш мумкин эмас, лекин итнинг тумшуғидан ўпишга ижозат бор, шунга ҳайронман. Итнинг яхши томонлари кўп, ҳатто айрим Сўфийлар: “Итга берган фазилатларингдан бизга ҳам бер”, – деб дуо қилишаркан. Яъни, итдаги вафо, сабр, итоат… айрим одамларда йўқ. Саёқ итлар ахлат титишдан ҳам қайтишмайди, шу сабабли уларнинг тумшуғи кийимга тегса ёки ҳидласа таҳорат бузилади, дейишади. Мен у пайтда буларни билмасдим, эҳтимол, болаликларида эски мактабда ўқиган дадажоним билгандирлар?
Ҳозир Амир Темур ҳайкали ўрнатилган жой, рус подшоҳи даврида боғ бўлган экан, унинг эшиги тепасига: “Итлар ва маҳаллий аҳолининг кириши мумкин эмас”, – деган эълон осиб қўйилган экан. Зулмкорлар халқимизни ана шундай хорлаганлар. Бугун айрим оилаларда, айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчилар орасида ит боқиш расм бўлган. Улар итларини истаган жойларида, ҳатто истироҳат боғларида ҳам сайр эттирадилар.
Англияда қабристонларга итлар билан кириш тақиқланган экан. Бир корчалон ўлганидан кейин қимматбаҳо ити йўқолиб қолибди. Қидира-қидира, қабристонга боришса, ит хўжайинининг қабри тепасида ётиб ўлиб қолган экан. Итнинг бу вафодорлиги инглизларга таъсир қилиб, қабристонга итлар билан киришга рухсат этувчи қонун қабул қилишибди.
Бу хабарни газетада ўқиб: “Инглизлар адибимиз Шукур Холмирзаевнинг овчи ити ҳақидаги ҳикоясини ўқиганларида бу қонунларини олтмишинчи йиллардаёқ қабул қилишармиди”, – деган ҳазилнамо хаёлга бордим. Шукур аканинг бу ҳикояларини ёш йигит чоғимда ўқиб ғоят таъсирлаган эдим. Мазмуни ҳалигача ёдимда…
Ўзини олий ирқ сановчи инглизларга тушуна олмайман. Итларга жон куйдирадилар, яқинда бойларнинг ов чоғи итлардан фойдаланишларини ман этувчи қонун қабул қилдилар. Мушукларга ачинадилар…
Яқинда Англия жамоатчилиги ғазабланди: бир аёл қўшнисининг мушугини ахлат қутисига ташлаб юборибди! “Қандай бераҳмлик!” – деб айюҳаннос солдилар. Ҳолбуки, инглиз аскарлари Ироқда, Афғонистонда мингларча бегуноҳларнинг қонларини тўкди. Ҳимоясиз хотинлар ўлдирил-япти, норасидалар ўлдириляпти, қариялар ўлдириляпти… Бу фақат йигирма биринчи асрнинг манзараси эмас, юз йиллар мобайнида шундай бўлиб келган. Ўтган асрнинг биринчи ярмида “исёнчи” деб қирган эдилар. Энди улар анча “маданий” бўлиб қолишган. Энди “террорчи” деган тамға билан аёвсиз ўлдирилаётган кезларда бир мушукни ахлат қутисига ташлаб юборган хотиннинг бераҳмликда айбланиши ғоят ажабланарли!
Ҳовлига кўчиб келганимизда ҳам дайди итни олиб келиб боқдим. Товуқлардан бирини еб қўйган экан, аяжоним ғазабланиб шу қадар урдилар-ки, бечора акиллай-акиллай жонҳолатда арқонни узиб қочиб кетди-ю, қайтмади. Унга ҳам ачинаман… Ажабки, ўзим итдан жуда қўрқаман, лекин уйда боққим келаверади. Ити бор қўшниларникига чиқишдан қўрқардим, айниқса, кечки пайт маҳалла итларига “озодлик” берилиб “итлар базми” бошлангач, кўчага чиқмас эдим. Бир қўшнимизнинг ити тўпиғимни тишлаб олгач, бу қўрқув янада ошган. Етмишинчи йилларнинг охирроғида Аҳмаджон исмли синфдош дўстим мени ит уриштириш маросимига олиб борди. Қиш пайти эди. Бир-бирини ғажиган итларнинг яраси қуртлаб кетмасин, тезроқ битсин, деб совуқда уриштиришарди. Итбозлар жониворларни йил бўйи боқиб, бундай жангларга тайёрлашарди. Ит уриштириш шунчаки томоша эмас, пул тикиларди, яъни қиморнинг бир тури эди. Шаҳар четидаги майдон сайил кўринишини олганди. Ошпазлар, сомсапазлар, кабобпазларнинг бозори чаққон. Шаҳар дўконларида топилмайдиган ароқ-виноларни икки-уч баравар қиммат нархда сотиб олиб, тик турганча ичадилар. Ит уриштириш бошланмай туриб, баъзилар шу зайлда итдан баттар кўринишга кирадилар. Хўроз, бедана, қўчқор уриштиришлар ҳам очиқчасига авжга чиқди. Ит уриштиришга ижозат йўқ, лекин турли тадбирларда хўроз, қўчқор уриштиришлар телевидение орқали ҳам кўрсатилади. Бу қадрият эмас, бу жоҳиллик, янада аниқ айтсак, ваҳшийликдир. Мен бир-бирининг жағини ғажиб ташлаётган, қулоғини узиб олаётган, кекирдагини чайнаган… қонга беланган итларни кўриб, кўнглим беҳузур бўлди. Бу томоша ташкилотчиларидан нафратландим. Кейинчалик бу манзарани “Шайтанат”га кўчирганман, эҳтимол танишгандирсиз?
* * *
Мактабда яшаганимиз менга ижобий таъсир этди. Кичкина бўлганим учун муаллимлар ҳам эркалашарди, истаган синфга кириб ўтираверардим. Кейин билсам, муаллимлар “ана катта комиссия келди”, деб кулишаркан. Мен кўпинча Дамира опамнинг синфларига кириб ёнларида ўтирардим. Замира опам ҳуда-беҳудага уравергани учун, ундан узоқроқ юришга уринардим. Дамира опам дарс тайёрлаётганларида ҳам бирга эдим. Ёдлашлари керак бўлган шеърларни мен дарров “илиб олиб” ёдлардим. Сўнг столнинг устига чиқиб айтиб берардим. Шеърларнинг кўпи “озод Совет ватани” ва “доҳий Сталин” ҳақида бўларди. Шу тарзда ёшим олтига етмай, ўқиб-ёзишни ўрганиб олдим. Натижада етти ёшга тўлмай, биринчи синфга бордим. Биринчи муаллимамиз Пўлатой опа эдилар. Гарчи минг тўққиз юз эллик учинчи йилнинг биринчи сентябрь куни биринчи синфга борганимда ўқиш-ёзишни билган бўлсам-да, биринчи ҳарфни ўргатган устозим деб мен шу истарали, мулойим аёлни биламан ва унинг ҳақига дуолар қиламан.
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Устозлар ҳақида гап кетганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мумкинмикин?
Дунёда исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатлар кўп, Устоз ҳазрати олийларининг улуғлиги ана шундай ҳақиқатлардан бири. Ҳозир ўқувчилар, талабалар ўқитувчиларни “устоз” деб шарафлашади. Биз ўқиган пайтда ундай эмасди. Шу боис илм даргоҳларидаги бу одоб мени кўп хушнуд этади.
Мен оиламизни “муаллимлар оиласи” деб ҳамиша фахрланиб юраман. Раҳматли дадажоним ва аяжоним ўқитувчи бўлганлар. Опаларим ҳам ўқитувчилик қилишди, акаларим институтда, аҳли аёлим ва қудаларим мактабларда устозлик қилдилар. Бугунги кунда қизларим ўқитувчи ва ниҳоят камина ҳам ўқитувчи… Набираларим ҳам шу касбни танлашса ажаб эмас. Демоқчиманки, ўқитувчилик заҳмати ва шарафи бизга бегона эмас.
Баъзан нотаниш йигит-қизлар тўйга таклиф қилиб келишади. “Булар кимлар?” – деб сўрайман аҳли аёлимдан. “Ўқувчиларим”, – дейди у фахр билан. Мактабни битирганларига беш-олти йил бўлса-да, устозларини эслаб, тўйга таклиф қилиб келишларида мен икки хил саодат кўраман: биринчиси, устознинг шодлиги – демак, унинг меҳнати самарасиз кетмабди, иккинчиси – шогирднинг одоби, гўзал фазилати – демак, устознинг ҳақини унутмабди. Мана шу фазилат уни ҳаётда камолотга етказувчи бир қанотдир.
Киши ҳаёти давомида кўп одамлар билан учрашади, танишади, вақт ўтиши билан эса айримларининг ўзини ҳам, исмини ҳам унутади. Лекин боғчадаги мураббиянинг, илм даргоҳидаги устознинг исмини ҳеч ким унутмаса керак. Афсус шундаки, исмини унутмаслик баробарида: “У мени дарсда қийнарди, ҳеч яхши баҳо қўймас эди”, – деб таъна билан эслайдиган ношукурлар ҳам учрайди. Арзимаган кичик бир хизмат билан кўнглини олишни ўйламайди. Устознинг талабчанлиги ўқувчилик кезлари ҳаммага “қийнаш” бўлиб туюлади. Ҳолбуки, ўша “қийнаш” оқибатда ширин мева беради. Камина мактабда ўқиб юрган кезларим ҳикояларим матбуотда босилиб турарди. Аммо адабиёт фанидан устозим раҳматли Саъдулла ака Исматов кўпинча “уч” баҳо қўярдилар. Дадажонимнинг шу мактабда директор ўринбосари, яна устоз билан улфат эканликларига қарамай “аъло” баҳо олмаслигим менга ҳам ортиқча қийнаш бўлиб кўринарди. Бу хулосанинг хато эканини дорулфунунга имтиҳон топшириб “аъло” баҳо олганимда англаган эдим.
Мени ёки аҳли аёлимни шогирдлар иззат қилиб йўқлаб келишса ёки тўйга таклиф этишса: “Мен устозларимни иззат қила олдимми?” – деб ўзимни ўзим сўроққа тутаман. Ҳа, ҳазрат Навоий айтмоқчи, кичик бир қийинчилик ила ҳарф ўргатган устознинг ҳақини дунё бойлиги билан адо этиб бўлмайди. Зотан, устоз биздан дунёнинг жавҳару олтинларини талаб этмайди. Уларни бир салом билан йўқлаб қўйсак ҳам бошлари осмонга етади. Қайсидир йили устозларимдан бирининг туғилган кунларида радио орқали синфдошлар номидан табриклаб, мусиқали салом йўллаганимда уйларига тўпланган меҳмонларига: “Мен дунёдаги энг бахтли одамман”, – деган эканлар. Ҳолбуки, радиода ишлаганим сабабли шу хизмат учун икки-уч дақиқа вақт сарф қилган эдим. Қаранг: устоз шогирд учун соатлар эмас, ойлар ҳатто йилларни сарф этадилар, аммо миннат қилмайдилар. Шу меҳнатлари туфайли шогирднинг икки ёки уч дақиқали хизмати учун эса ўзларини дунёдаги энг бахтли одам ҳисоблайдилар.
Бир куни дадажоним раҳматли: “Вақтинг бўлса Ҳайитбой акани кўриб келайлик, тоби йўқ экан”, – дедилар. Ҳайитбой ака – мактабимиз директори эдилар. Бу вақтда дадам ҳам, Ҳайитбой ака ҳам ишламас эдилар. Лекин хизмат чоғидаги қадрдонликлари узилмаганди. Бордик. “Тоҳирни олиб келиб яхши қилибсиз, соғинган эдим”, – дедилар. Орадан бир ҳафта ўтиб, жанозаларига бордик… Устознинг менга меҳр билан тикилиб қараганлари ҳали-ҳали кўз олдимдан кетмайди. Энди бу қараш менга “даданг бошлаб келмаганларида ўзингча келармидинг?” деб савол бераётгандай туюлади. Бошқа устозларникига ҳам дадажонимнинг даъватлари билан борган эдим. Дадажоним ўзлари ҳам боришлари мумкин эди, мени бошлаб бориш билан зиммамдаги вазифани эслатмоқчи бўлган эканлар.
Устозларини йўқлаётган, тўйларига таклиф этаётган шогирдларгаҳавасим келади ва айни дамда армон билан ўкинаман. Чунки менинг йўқлайдиган, тўйга таклиф этадиган устозларим бу фоний дунёни тарк этганлар. Уларнинг руҳларига дуо йўллашдан ўзга хизматим йўқ. Ҳаётда топган савобларимдан ул зотларнинг аъмол номаларига ёзиб қўйишни Аллоҳдан тилайман ҳамиша.
Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссалом устозлар хусусида: “Ким бировга бир нарса ўргатса, ундан ўрганиб, амал қилган одам савобича савоб олади”, – деб марҳамат қилганлар. Яна таъкид этганларким: “Инсонларга яхшиликни ўргатиб, ўзини унутган киши инсонларга ёруғлик таратиб, ўзини эритган мум кабидир”.
Киши икки турлуг киши отанур
Бири ўгратигли, бири ўгранур.
Икидин нару борча йилқи сони,
Тиласа муни тут, тиласа они.
“Қутадғу билиг”да таъкид этиляпти: инсонлар бири ўргатувчи яна бири ўрганувчи деб икки турли бўлур. Бу иккисидин қолганини йилқи санаб, истасанг бу йўлни, истасанг у йўлни тут. Бу фикрнинг баъзи биродарларимизга қўпол туюлиши эҳтимоли бор. Лекин холис ўйлаб кўрайлик, киши бир нарсани бошқаларга ўргатмаса, ўзи ўзгалардан ўрганмаса, унинг ҳайвондан нима фарқи қолади? Инсоннинг бошқа жонзотлардан фарқларидан бири шунда эмасми?
Бола туғилиб, беш-олти кунлик бўлганида оналари уни бешикка соладилар. Кеча ва кундуз тинмасдан ҳаракат қилиб, кўкрак сутлари ила тарбия қиладилар. Қачонки болалар олти-етти ёшга етсалар, мактабга берадилар. Мактабда муаллимлар юрак меҳрлари билан тарбия қиладилар. Шу боис мактабни “илм бешиги”, деб ҳам атайдилар. Бу бешикда илм ва одоб ўрганиб, ақл ва фикрларини ўстирадилар. Бола учун тан саломатлиги қанча зарур бўлса, ақли ва фикрининг саломатлиги ҳам муҳимдир. Чунки ақл ва фикрсиз танадан на ўзи учун, на бошқалар учун фойда бор. Шунга кўра, биринчи бешикка қараганда иккинчиси афзал кўринади. Биринчи бешикда сут ва таом бериб боққан она ва ота қанчалик азиз бўлса, иккинчисида илм ва одоб ўргатиб тарбия берган муаллим ундан ортиқ азиздир.
Тарихга шон-шараф берган буюк давлат арбоблари улуғ устозлар парваришида етишган эдилар. Бу устозлар ўз тарбиясидагилар қалбига масъулият ва марҳамат туйғулари жойлаштирганлар. Инсоният тарихида ўтган шоҳу султонларнинг сон-саноғи йўқ. Лекин уларнинг оз қисмигина кишилик хотирасида қолган. Тарих зарварақларида номлари нақш этилган шахслар ҳаётига разм солсак, уларнинг доно устозлардан сабоқ олганларига гувоҳ бўламиз. Доно устоздан сабоқ олмоқ бир масала, бу сабоққа амал қилмоқ янада муҳимроқ масала. Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур… ҳазратларининг устозларга кўрсатган меҳр-илтифотлари бизга маълум. Мирзо Улуғбек ёшлик чоғларида, гарчи шаҳзодаларга хос одат бўлмаса-да, устозлари Қозизодаи Румий ҳазратларининг тўнлари этагини ўпган эканлар. Мирзо Бобур Самарқандга лашкар тортиб келганларида Хўжа Аҳрор Валий ҳазратларининг беҳуда қон тўкмаслик хусусидаги ўгитларига амал қилиб, жанг қилмай изларига қайтганлар. Туркиядаги Усмонли давлатининг асосчиси Усмон Ғозийга оталари Эртурғул Ғозий шундай васият қилган эканлар:
“Эй ўғил!
*Шайх Адабалини асло хафа қилма.
*У бизнинг қавмимизнинг машъалидир. Тарозуси бир дирҳамга ҳам адашмайди.
*Менга қарши келсанг ҳам унга қарши келма!
*Менга қарши чиқсанг – хафа бўламан. Унга қарши келсанг – кўзларим сенга боқмайдиган, боқса ҳам сени кўрмайдиган бўлади.
*Бу сўзларим шайх Адабали учун эмас, сен учундир.
*Бу гапларимни васиятим ўрнида кўр”.
Бу гапларни ўқиб ўйланиб қолдим: оталаридан сўнг тахтга ўтириб, саройдаги илм аҳлининг, хусусан устозларнинг қадрига етмай, хорлаганлар ва оқибатда ўзлари хорланганларга шундай васият қилинмаганмикин? Қилингандир. Устозларининг қадрига етган подшоҳ уларнинг келажагини ўйлаши табиий ҳолдир. Кўзлари хазинадаги олтин жилосидан кўр бўлган тахт ворислари бу васиятни назар-писанд қилмаганлар. Натижада, тириклик чоқлари элнинг қарғишига қолдилар, ўлгач, номлари қора билан ёзилди…
Истанбулда бўлганимда султон Айюб масжидининг яқинидаги “Бухоро” деб номланган қаҳвахонага кирдим. Девордаги тилла ҳал юритилган ёзув эътиборимни тортди, ўқидим: Эртурғул Ғозийнинг васияти экан. Қаҳвахона деворига устозни эҳтиром қилишга доир васиятнинг ёзиб қўйилиши менга ажабланарли туюлди. Кейин бу ишда улуғ бир доноликни кўрдим.
Искандар Румийнинг (Александр Македонский) Арасту (Аристотель) исмли устози бор эди. Ундан бемаслаҳат иш қилмасди. Устози саройга кириб келса, ўрнидан туриб, иззат билан кутиб оларди. Ҳатто уни ўз отасидан ҳам ортиқроқ кўрарди. Бир куни Искандар Румийдан: “Нечун Арастуни отангиздан ортиқ иззат қиласиз?” – деб сўрадилар. Ул дедики: “Отам гўёки мени осмондан ерга туширди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни, отам менинг дунёга келмоғимга сабабчидир. Устозим ўргатган илм ва одоб эса мартаба ва иззатимнинг ортмоғига асос бўлди”.
Ислом қўшинлари Истанбулни фатҳ этгач, Фотиҳ Султон Меҳметхон оппоқ отга миниб қўшин бошида Тўпқопи дарвозасидан ҳашамат билан кириб борарди. Бизанс (Византия) халқи ғолибларни олқишлар билан қаршиларди. Қизлар қўлларида гулдаста билан подшоҳни олқишлаш учун пешвоз чиқиб: “Истанбулни забт этган саркарда ким?” – деб сўрашарди. Иттифоқо улар оппоқ соқолли, виқорли ва салобатли Оқшамсуддин ҳазратларини кўриб қолдилару уни подшоҳ гумон қилиб гулларни узатдилар. Подшоҳнинг устози бўлмиш Ҳазрат бу қутловдан хижолат бўлиб, отларини четга сурдилар-да:
– Янги санани очган ҳукмдор Султон Меҳметхон ана удир, гулларни унга беринг, – дедилар.
Фотиҳ Султон Меҳметхон эса гул тутаётган қизларга Оқшамсуддин ҳазратларини кўрсатиб деди:
– Боринг-да, бу гулларни оппоқ соқолли муҳтарам ул зотга беринг, бу ҳурмат ул зотнинг ҳақидир. Филҳақиқат, ул менинг устозимдир. Бу эъзозга у зот лойиқдир. Чунки бу фазилатларни, бу жаҳонгирликни, бу қаҳрамонликни мен муҳтарам устозимдан ўргандим. Унинг илми ва фазилати соясида Истанбулни фатҳ этиш шарафига эришдим.
Яна ҳукмдорлардан бири Султон Салим Мисрни забт этиб, Истанбулга қайтаётган эди. У қўшин олдида устозлари, мулозимлари, шайхул-исломлар қуршовида эди. Зафар машқлари чалинганда ибн Камолнинг оти ҳуркиб, сакради-ю, Султоннинг сут каби оппоқ либосига лой сачради. Буни кўрган ибн Камол қўрқиб кетди. Бошқалар ҳам подшоҳнинг ғазабланишини кутдилар. Аммо Султон Салим дедики:
– Бу либосимни олиб, сақлаб қўйинг. Бу либос шундайлигича, лойи билан сақлансин!
Вазирлар бу буйруқ ҳикматини, сабабини сўраганларида Султон Салим шундай жавоб берди:
– Муҳтарам зот отининг оёғидан сачраган лой бизнинг шарафимиздир, у охиратда васиқаи баротимиз бўладир. Либосимизга теккан лойни кўриб, авлодимиз ҳам ибрат олсинлар, устоз отининг оёғидан сачраган лой бизнинг назаримизда қанчалик қадрли эканлигини дунё тургунча авлодимиз хотирласин.
Не афсуски, устозлар ҳақини адо этишни ўйламайдиганлар ҳам бор. Мактабларда устозларни ранжитувчи ўқувчиларни учратиб турамиз. Айрим ота-оналар фарзандлари олдида устозларни ҳақорат қилишдан ҳам тоймайдилар. Устозига меҳр ва ҳурмат кўрсатишни билмайдиган ва ўрганишни истамайдиган бахтсиз талаба бир умр фақат ўзигагина меҳрибон ва фақат ўзинигина ҳурмат қилувчи худбин бўлиб қолади. Саҳро тиканини экиб, гул оламан, деган одам ақлли одам эмасдир. Ўзига илм-ирфон ўргатувчи устозининг қадрини билмаган одам Ватан, миллат учун фойдали бир одам бўла олмайди. Ислом дини нуқтаи назаридан қаралса, адо этиб, тугатиб бўлмайдиган ҳақлар орасида устоз ҳузуридаги қарздорлик ҳам бордир.
Шу ҳикоятлар баҳонасида икки мазмун англатувчи бир мақолга изоҳбермоқ зарурати туғилди. Устозларнинг мавқеи ҳақида гап кетгандаайримлар бу мақолни “Устоз отангдан улуғ”, тарзида, бошқалар эса “Устоз отангдек улуғ” шаклида баён қиладилар. Бунга сиз нима дейсиз? Қайси бири тўғри? Фарзанд учун одамлар орасида отанинг мавқеидан баланд зот йўқ. Лекин ота ўрнида кўриб ҳурмат қилинадиганлар бор. Демак, устоз отадек улуғ экан. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: ота фарзандини боқишга, тарбия қилишга мажбур. Лекин устоз айнан шу фарзандга илм беришга мажбур эмас. Агар: “Бу болани ўқитмайман”, деса айбли саналмайди. Шу боис ҳам унинг отага нисбатан улуғлиги мавжуд. Ҳазрат Али (р.а.): “Менга бир ҳарф ўргатган кишининг хизматкори бўлишга тайёрман”, – деганлар.
Ҳамонки устоз отадан улуғ экан, “Ота рози – Худо рози”, деган мақолни “Устоз рози – Худо рози” деган маънода ҳам англашимиз ва шунга яраша ҳаракат қилишимиз шарт экан. Кимки, устозининг розилигига етишибди, демак, у бахтиёрдир!
Яқинда соҳибқирони акбар Амир Темур ҳазратларининг баёнларини ўқиб, ундаги бу сатрлар диққатимни тортди:
“Мени ёшлигимда ўқитган мулла Алибек деган кишининг оғзида тиши йўқ бўлса ҳам, маҳалла болаларига Қуръон таълими бериб, хат ёзишни ўргатар эди. Мен етти ёшимда бу одамнинг мадрасасидан чиқиб, Шайх Шамсиддиннинг мактабхонасида ўқиганман. Мен Кеш шаҳрини бино қилдираётган чоғимда у одамнинг вафот этганига хийла вақт ўтиб кетган эди. Устозларимдан Шайх Шамсиддиндан қолган фарзандларининг ҳаёт вазияти ёмон эмас бўлса ҳам, Мулла Алибекнинг фарзандларида қийинчилик борлиги кўрунур эди. Бу аҳволни кўзда тутуб, устозим Мулла Алибекнинг фарзандларининг ҳар бирига бир донадан уй солиб бериш билан, уларни узилмас маош билан таъминлашни волийларимга таъкидлаб амр берган эдим.
Шу мавзу устида Шом шаҳрида кўрушганим Ибн Холдун деган зотнинг бир ҳикматли сўзи ҳамон ёдимда эди. У одам бундоғ дер эди: “Аллоҳ таоло инсонларга берган саломатлик неъматидан кейинги неъмати, улуғ одамлар билан дўст қилмоқ неъматидур. Чунки улуғ одамнинг дўстлиги орқасидаги кишилар, тилак ва орзуларига эришиб, халқ орасидаги ўрни ва ҳашамати ҳам юқорилайдур”, – деб эди. Бу ҳикматли сўздан ташқари ўз идрокимда шундай бир ғоя ҳукмфармо эдики, менга нисбатан ҳар қандай жиҳатдан дўстлиги зоҳир бўлган, озу кўп хизматлари сабоқ айтган зотларнинг ўзларигина эмас, авлодлари ҳам маишат тўғрисидан қийналар экан, бу менинг паст фитратлигимга далил бўлғай, деб тушунар эдим. Бу умумий кўз қараш орқасида ёлғиз Мулла Алибекнинг авлод афродларигина эмас, киндигим қони тўкилган, кўзим очилганда биринчи марта шу шаҳарни кўрган, мен билан бирга бу шаҳарда ҳаёт кечирган эркак-хотунларнинг барчасининг устозларим каби зиммамда ҳақлари бор эди. Буларнинг бир ҳамшаҳарлари дунёга ҳоким бўла туриб, буларнинг қийинчилик ичида яшамоғлари муносиб бўлмағай, деган фикрда илгаридан Кеш шаҳрининг бўлиб келган ўз қуввату лоёмутига ҳожатманд қадим ерлик кишилардан бўлмоғи шарти билан туғулган шаҳримда бирорта фақир одам бўлмаслиги учун доимий ойлик тайин қилдим. Бирор одам оила таъминотидан қийинчилик кўриб ғамлик бошини тиззасига қўймаслигини тадбирини кўрдим”.
Улуғлар шаънига мақтов сўзлари айтишимиз, уларни шарафлашимиз яхши. Аммо уларнинг ҳаётидан, яхши ишларидан ибрат олганимиз, улар фазилатини ўзимизда тарбия этмоғимиз афзалроқдир. Чунки улар мақтовларга муҳтож эмас, уларни Аллоҳ мақтаб қўйгандир. Улар ўз яхшиликларининг, ўз фазилатларининг авлодларда давом этишига муҳтожлар. Бу садақатул жориядур, биз уларнинг яхшиликларини давом эттира олсак, аъмол номаларига савоб ёзилиб турадур.
* * *
Иккинчи синфни тугатиш арафасида, эллик бешинчи йилнинг баҳорида чала бўлса ҳам битган уйимизга кўчиб бордик. Уйимиз билан 40-мактаб орасидаги йўл ҳозир икки чақиримдир. У пайтда битта арава аранг сиғадиган жинкўчалардан бориларди, демак, икки ярим чақирим йўлни тўпиққа қадар тупроқ, баҳор, куз, қишда тиззага қадар лойни босиб боришга тўғри келарди. Шу йўл азоби назарга олиниб, мени уйимиз яқинидаги 132-мактабга кўчиришди. Бошланғич синфни Санобар опа, Суръат опалар устозлигида битирдим. Еттинчи синфга қадар адабиётдан Мурод ака Шарафуддинов деган устоз дарс берардилар. Адабиётга бўлган меҳримнинг ортишига бу кишининг хизматлари катта. У киши дарслик режасига амал қилмасдилар, она тили дарсида ҳам адабиёт ҳақида сўз бўларди. Шу боисмикин, она тили грамматикаси деган сабоқда заиф эдим. Саккизинчи синфда 40-мактабга қайтиб борганимда анча қийналдим. Бу қийинчилик университетда ҳам давом этди. Лекин мен у кишидан ранжимайман. Чунки бадиий адабиётни севишни ўргатдилар. Деярли ҳар дарсда шеър ёдлатар эдилар. Шу одатларини синфдошларим ҳозирга қадар норози бўлиб эслайдилар. Ҳар қанча уринсалар ҳам, Мурод ака уларда адабиётга қизиқиш уйғота олмадилар. Кўпчилиги мактабни тугатгандан бери қўлига китоб олмаган. Етмиш ёшига қадар ҳам китоб ўқимаган одамнинг маънавий даражасини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Лекин мен уларни айблашдан йироқман, чунки улар менинг болаликдаги дўстларим, қандай бўлишларидан қатъи назар, менинг қадрдонларим. Халқ тилида улар “Қиёматли ошна” ёки “тобуткаш”, деб аталадилар. Уларни қадрлаганим ҳолда баъзан жиддий, баъзан ҳазил тариқасида танбеҳ бериб тураман.
Бир куни тобим йўқ, ётган эдим. Дўстим келиб:
– Ҳа, яна бошинг оғрияптими, мен сенга миллион марта айтдим, кўп китоб ўқима, деб. Мана мен битта ҳам китоб ўқимаганман, бошим бир марта ҳам оғримайди, – деди.
– Бошингнинг оғримаслиги китоб ўқимаганингдан эмас, бош оғриши учун одамда бош бўлиши керак. Китоб ўқимаган бошни бош демайдилар. Нима дейилишини ўзинг биласан, – дедим.
Бу суҳбатдан сал олдин, “гап” деб аталмиш дўстлар даврасида у: “Мен бир йиллик қовоқни кўрдим. Балкондаги сўри тагида қолиб кетган экан, айнимай турибди”, – деб қолди.
– Бир йиллик қовоқни кўриб, энди бизнинг бошимизни ачитиб, мақтаняпсанми, мен эллик беш йиллик қовоқни кўрганман, – дедим.
– Олиб қочма, қаерда кўргансан? – деди у ишонқирамай.
– Ана, елкангнинг устида турибди, китоб ўқимайдиган бошнинг қовоқдан нима фарқи бор?
Қовоқ ва калла: муштараклик бор гўё бунда,
Аммо бир маза бордир қовоқда.
Қовоқ каллада-чи?
Янги уйга кўчиб келиш барчамиз учун ҳам улуғ бахт эди. Бир уй, бир даҳлиз биз учун подшоҳ саройидан кўра ҳам аълороқ эди. Пойдеворига пишиқ ғишт теришга, томига тунука эмас, лоақал шифер ёпишга ҳам моддий имконият йўқ эди. Пойдеворига бир қатор тош ётқизилиб пахса урилган. Томига нима топилса, ўша ёпилган: “тўл” деб аталмиш сақичланган қора қоғоз ҳам, эски фанер ҳам… бор эди. Кузда, ёмғир ёға бошлаганда бу томнинг “фазилати”ни кўрдик. Кейинги ёзга қадар чакка билан олишиб чиқдик. Кичкина бўлганим учун томга мени чиқаришарди. Чакка ўтаётган жойларга тоғоралар қўйиб тушардим. Шифтдан тупроқ тўкилмасин, деб қоғоз ёпиштирилган эди. Чакка ўтганда қоғоз ивиб, чопқиллаб юрган сичқонлардан бири пастга тушиб кетди. Овқатланиб ўтирган эдик, жонивор косадаги шўрвага тушиб бизни аввал чўчитди, кейин кулги уйғотди…
Бугун қурилаётган ҳашаматли уйларга боқиб, эллигинчи йиллар манзарасини эслайман. Бизга ўхшаган бечораҳоллар кўп эди. Ҳатто биздан-да баттарлар бор эди. “Шайтанат”ни ўқиганлар эътибор беришгандир, Асадбекнинг туғилган кунида дўсти Жалил унга эски калиш совға қилади. Бу совғанинг маъноси: ўтмишингни унутма! Жалил образида икки дўстим ҳаёти ва одатлари мужассам бўлганини айтиб эдим. Шулардан бири синфдошим, қўшним Тўра. Отаси ногирон эди, Тўра оилада учинчи фарзанд, яна беш укаси бор. Қишни битта танчада ўтқазишади. Тўра билан укаси Собирга битта калиш. Собир мактабдан келгунча Тўра уйда кутиб ўтиради. Қиш аввалида лой кўчадан келишда бир пой калиш тушиб қолган. Совуқда оёғи қотгани учун Собир буни пайқамаган. Ўшанда кўпчилик бўлиб кўчада лой орасидан калиш қидирган эдик. Ҳозирги кунда ўша воқеаларни эслаб куламиз. Нолиш сўзлари ўшанда ҳам тилимиздан учмаган, ҳозир ҳам шундай. Ота-оналаримизнинг ношукур бўлганларини эслолмаймиз. Ўзимиз ҳам “ҳаёт шундай экан”, деган тушунчада ҳамма нарсага чидардик.
Мол-мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда, Ҳазрат Умар (р.а.) Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар:
– Қандай турдаги нарсани мол қилай?
Аллоҳнинг расули (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
– Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳ таолони зикр этувчи тилни ва унга шукур қилувчи қалбни мол қилингиз!
Ана! Уйимиздаги қўша-қўша гиламу биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукур қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлиги экан. Эллигинчи йилларда ота-оналаримизда ана шу бойлик мавжуд эди. Тилла, биллурлар омонат бойлик. Кишига вафо қилмайдиган бойлик. Ҳатто… дўзахга етаклаши мумкин бўлган бойлик. Зикр ва шукур билан банд бўлган тил ва қалб бойлиги садоқатлидир, омонат эмасдир, жаннат дарвозасининг калитидир. Бу калитни олишга интилмаслик ақлсизлик эмасми?
Нималарни олтин қиммати билан ўлчаб бўлмайди: ота-она дуосини, ота-она меҳрини, ота-она юзидаги нурни. Яна чин дўстни, ёрнинг вафосини, фарзанднинг кулгусини. Бир қоп олтини бор одам булардан бебаҳра бўлса бу дунёси ҳам, у дунёси ҳам куйган, деяверинг.
Бугунги кунимизда билиб-билмай ношукурлик қилувчиларнинг хо-надонига кўз ташласак, камида бир ҳафталик емак-ичмак ғамлаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Автомобиль, турфа гиламлар, биллур қандиллар, ишлатилмаса-да, жавонга териб қўйилган ажиб идишлар… Шундай хонадондан шукур ўрнига норизолик гаплари учиб туради:
– Фалон нарсани Хитойдан ҳам топа олишмабди.
– Фалон нарсанинг нархи ошиб кетибди…
– Тўйимга фалончи ашулачи келишини ният қилувдим, умидим ушалмади…
Аслида: Хитойда ҳам топилмаган ўша нарсасиз ҳам бахтли ҳаёт кечириш мумкин. Нархи ошган бўлса, ўз чўнтагига тушаётган даромади ҳам ошган-ку? Фалончи ашулачи келмаса ҳам тўйи ўтди-ку? Турли сабаблар билан тўйга етишолмай юрганлар озми?
Кеча бойиб гердайган, бугун бойлиги қўлдан кетиб нола қилиб юрганлар ўйлаб кўрсинлар: бойлик берилганда қанча шукур қилишди экан? Шукур қилдилармикин ё: “Бугун минг доллар фойда қилибман, ҳолбуки икки минг доллар фойда олсам ҳам бўларди”, – деб ачинганмикинлар? Ношукурлик – ёшларга тез юқадиган хасталик. Уларга ҳар бир нарса камдай туюлаверади. Қизлар, келинлар бу борада анча пешқадамлар. Улар кўнгилларини ҳавасга бутунлай бўшатиб бериб, шукроналикка жой қолдирмайдилар. Оқибатда ўз кўнгилларини ўзлари синдириб, азобланиб юрадилар.
Бир одам: “Яшаш жуда қийин бўлиб кетди”, – деб нолиб қолди. Устида Франциянинг костюми, оёғида Италиянинг қимматбаҳо чарм туфлиси. Олти ўғлига алоҳида-алоҳида уй қуриб берган. Умумий ҳисобда саккизта енгил автомобили бор, “бечора”нинг.
Бир одам йўлда пиёда кетар экан, аҳволига ачиниб, ўз-ўзига:
– Бу ерда, бу саҳрои биёбонда мендан ожизроқ, бечорароқ, паришонроқ яна ким бор? – деб йиғлади.
Шу яқиндан ўтиб бораётган, устига оғир юк ортилган эшак унинг нолаю фиғонини эшитиб деди:
– Эй ақлсиз одам! Нега ҳолингдан бундай шикоят қиласан? Аллоҳга шукур айтиб йўлингда кетавер. Эшакка минмагансан, аммо мен каби юк остида эмассан-ку? Ҳолингга шукур қилсанг-чи!
Ҳа, эшакнинг тили йўқ. Бўлганда эди, кўп ҳолларда, кўп кишиларга шундай хитоб қилиши аниқ эди. Худо унга тил берса-ку, айтар, лекин ношукур одам эшитиб, амал қилармикин? Масала шунда!
Шайтон йўриғидаги банданинг шукур қилмоғи анча қийин бўлади. Аллоҳ таборак ва таоло Қудсий ҳадисда марҳамат қилиб, бандаларига танбеҳ берадики: “Эй Одам фарзанди, мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди (ношукурчилик қилавериб жағинг чарчамайди-я!)”.
Бир мамлакатнинг обод шаҳри ҳукмдоридан одамлар ҳамиша шикоят қилаверар эканлар. Подшоҳ шикоятлардан безиб, ҳукмдорни вазифасидан озод этибди-да, ўрнига бошқа одамни тайин этибди. Одамларнинг ношукурликлари эвазига аввалги ҳукмдордан жоҳилроқ, золимроқ киши уларга насиб бўлибди. Янги ҳукмдордан жабр кўравериб толиққан аҳолининг боши қотибди; яна подшоҳга мурожаат қилиб, ҳукмдорни ўзгартириб беринг, дейишга журъатлари етмабди. Шунда бир дононинг маслаҳати билан аҳоли шамчироқларни ёқибди-да, кундузлари кўчаларда изғиб юраверибди. Шаҳар аҳлининг куппа-кундуз куни чироқ ёқиб юришидан хабар топган подшоҳ ажабланиб, сабабини вазиридан сўрабди. Доно вазир жавоб берибди:
– Шаҳар аҳли ношукурлиги учун жазосини олди. Энди кундузи ҳам чироқ ёқиб, аввалги ҳукмдорларини қидириб юришибди…
Қудсий ҳадисдаги илоҳий сўзлар балки ана шундай қавмга аталгандир: “Эй Одам фарзанди, албатта сен мени ёд этиб ва неъматларимга шукур қилиб юрсанг, мен эҳсонимни яна зиёда қилавераман. Агар мени ёд этмай, эсдан чиқарсанг ва неъматларимга шукур қилмай, куфр қилсанг, бериб турган инъом ва эҳсонимни ҳам тўсиб қўяман”. Шундайлардан бўлишдан Аллоҳ сақласин!
Суқрот ҳаким: “Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукур бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукур қилиш давлат ва осойишталикнинг қўпайишига сабаб бўлади”, – деганлар. Одам Ато жон кириши билан аксириб: “Алҳамдулиллаҳ!” – деганлар. Шукур айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос.
Ношукурлик хорликни келтириб чиқаришини билмайдиганлар орамизда борми? “Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукур қилувчи –донодир”, – деган мақолни-чи? Кўпчилик билади бу ҳикматларни. Аммо не ажабки, билатуриб ношукурлик қилаверамиз. Халқимизда яна: “Еб туриб маърайди-я!” – деган ҳикмат ҳам бор. Баъзан кузатаман: тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч-тўрт хил таомларни тўйиб еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Бировда ўн-ўн беш, бошқада эллик-олтмиш сидра кийим-бош бор. Лекин униси ҳам, буниси ҳам қийинчиликдан нолийди. Бири кўйлагининг элликтага етмаганидан, бошқаси шимининг юзтага етмаганидан афсусда юрибди. Тўғрими?
Кишиким, розилиқ томинда бўлса,
Қилур шукур аждаҳо коминда бўлса.
Ҳазрат Сўфий Оллоҳёр демоқчиларки: Аллоҳ таолонинг ризолигини истамоқ завқида бўлса, аждаҳо комида туриб ҳам Тангри таолога шукур айтади, ҳамиша розилигини сўрайди (биринчи сатрдаги “том” сўзи бу ўринда “завқ” ёки “ишқ” маъносида қўлланилган).
Бугунги ношукурчиликларнинг сабаби – Аллоҳ белгилаб берган ризққа қаноат қилиш тарбиясининг сустлигидандир. Тангри таоло: “ЭйОдам фарзанди, албатта, мен сени онанг қорнида куч-қувватсиз ва ҳаракатсиз ётган вақтингда тарбия қилдим ва онанг қорнидан саломатчиқардим. Токи сен оёққа тургунинггача онангнинг дилини сенга раҳмли ва меҳрибон этиб, сенга мойил қилиб қўйдим. Сен, шу зайлда, каттабўлдинг. Ундан сўнг токи мени ақл билан таниб, қувват билан ибодат қиларсан, деган умидда сенга куч-қувват бердим. Аммо сен катта бўлганингдан сўнг менинг ибодатларимдан юз ўгириб, мен тақсимлаб қўйган ризқнинг талаби билан машғул бўлдинг. Бас, ўзимнинг азиз ва улуғ деган сифатларимга қасамёд қиламанки, агар дунё ахтариб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам, ўзим тақсим қилиб қўйган ўшал ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман”, – деб огоҳлантиради. Яна дейдики: “Эй Одам фарзандлари, баданларингиз нозик (яъни Менинг азобларимга бардош беролмайди), сафарларингиз узоқ, йўллар оғир, Сирот кўприги қилдан тез ва қози бўлиб сўроқ қилгувчи оламнинг Парвардигори бор… Шуларни била туриб, бу ўткинчи дунё ва беҳуда неъматларга ва адо бўлиб тугайдиган ҳаётга қандоқ рағбат қиласизлар?”
Ўттизинчи йиллардаги қаҳатчиликни, уруш давридаги азобни, кейинги машаққатларни кўрган, сабр ила чидаган бобо-бувиларимиз, ота-оналаримиз эҳтимол буларни китоблардан ўқимагандирлар, чунки диний китоблар ман қилинган, ўқиганлар ёки даъват этувчилар қамоққа олинарди. Аллоҳ амрларини аслини сўзма-сўз билмасалар ҳам, болаликларида сабр, шукур тарбиясини олганлар ва шу фазилатлари билан оғирчиликларни енгганлар.
Баъзан учрашувларда: “Болалигида қийинчилик кўрганлар ёзувчи бўлар экан, шу тўғрими?” – деб савол беришади. Мен: “Тўғри эмас”, – деб жавоб қайтараман. Ҳазрат Навоий, Бобур, овруполик ёзувчилар, хусусан, лорд Байрон, Пушкин, Лермонтов, Толстой… бой оиланинг фарзандлари. Тўғри, ёзувчиларнинг биздан катта авлоди болалик чоқларида ҳаётнинг барча азобларини тотиб кўришган. Лекин буни ёзувчи бўлишларига асосий сабаб, дея олмайман. Ўша азобли кунларнинг ўз асарларида тасвир этилиши бошқа масала.
Мен турмуш қийинчиликларининг оз қисмини кўрганман, акаларим, опаларим мендан кўра кўпроқ қийналишган. Бир кесимдан (юз грамм) нон ейиш учун кечалари билан нон дўкони олдида навбатда туришган. Самарқандлик бир киши ўша даврларни эслаб дедики: “Очарчилик йиллари уйдаги озгина ундан онам нон ёпиб бир саватга солиб сотиш учун акам икковимизни кўчага чиқардилар. Совуқ эди. Дийдираб қолдик. Қарасам, сават иссиққина. Устига ўтириб олдим. Шу пайт онам келиб қолдилар, нонлар эзилиб кетган эди, аҳволни кўриб йиғлаб юбордилар. У пайтда ноннинг чиройига қаралмасди, барибир сотилди. Лекин ўша ишим учун ҳозирга қадар изтиробдаман”.
Шоир дўстим Сабриддин Садриддинов бундан-да аянчлироқ воқеани айтиб берган эди:
Нон дўкони ёнида туни билан навбатда туришни яна кўз олдимизга келтирайлик: ёзми ё қаҳратон қишми, ёмғирми ё қор бўроними – фарқи йўқ, каттами ё кичикми – фарқсиз, навбатда турилади. Баъзан навбат тартиби сақланиши учун кафтга қаламда рақамлар ёзиб чиқилади. Сабриддиннинг кафтига ҳам рақамни ёзишган. Ўшанда кимёвий қалам бўларди, агар сув тегса қалам сиёҳга айланарди. Ёмғир ёғаётгани сабабли Сабриддин кафтидаги ёзув ўчиб кетмаслиги учун муштимини қаттиқ сиқиб олган. Лекин қўли терлаганми ё панжалари орасидан ёмғир суви сизиб кирганми, ҳар ҳолда ёзув чапланиб, ўчиб кетибди. Тонг отгач, навбат тартиби текширилаётганда Сабриддиннинг кафтида ёзув йўқлигини кўриб, уни навбатдан чиқариб юборишибди. Боланинг зорли ноласига ҳеч ким қулоқ солмабди. Туни билан ёнма-ён турганлар ҳам, кафтига рақам ёзган йигит ҳам: “Бунинг навбати бор”, – демабди. Энг ачинарлиси, Сабриддиннинг отаси – Садриддин мақсум Тошкентдаги эътиборли уламолардан бўлганлар. Шу маҳаллага хизмат қилганлар, чақалоқнинг қулоғига азон айтиш ҳам, никоҳ ёки жаноза ўқиш ҳам шу кишининг зиммасида бўлган. Шунга қарамай, нонга тезроқ етишиш учун битта болани ноҳақдан ноҳақ навбатдан чиқариб юборишдан ўзларини тия олмаганлар. Садриддин мақсум ўша адолатсиз одамларнинг бири қулоғига азон айтганлар, бирининг никоҳини ўқиганлар, йиллар ўтиб жанозасини ҳам ўқиганлар. Жаноза намозида уларнинг гуноҳини кечиришни илтижо қилиб сўраганлар…
Афсусим шундаки, бундай фожиаларни ҳозир унута бошладик. Турмуш қийинчиликларини эслаш ёшларнинг энсасини қотирадиган бўлиб қолди. Мен эсам бундан ғашланганим ҳолда, барибир кўп хотирлайман. Баъзан “Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми?” деб ўзимга ўзим савол бераман. Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юборилади, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйилмайди. Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса: “Янгиси йўқми?” – деб сўрайди. Баъзан нон бўлаклари, баъзан бутун-бутун нонлар моғорлаб кетади. Пўчоққа ташланади. Маҳаллаларда чорваси бор хонадонлар мол-қўйга берадилар. Кўп қаватли уйларда эса ахлатга ташланади. Мана шу ҳол “нонкўрлик” дейилади. Ким нонни хор қилибди, Худо уни бир тишлам нонга зор қилиб қўйишидан қўрқсин.
Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Болалигимизда ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон гилам устига тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча, пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, – деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий жиҳатдан эканини кейинроқ тушуниб етдик. Ҳозирги азиз ёшларимиз-чи, буни англайдиларми?
Аллоҳ ўзининг расулига хитобан дейди: “Қавми қариндошга, мискин ва йўловчига хайру эҳсон билан уларнинг ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Раббига ўта ношукур бўлгандир” (Исро сурасидан). Уламоларимиз бу оятларни шундай тафсир қиладилар: исрофчилар неъматнинг қадрига етмайди. Агар шукур этса, ўшани исроф этмасди. Неъмат берувчи Зотнинг розилиги йўлида сарф этган бўларди. Исрофчи ношукур бўлгани сабабли ўзига берилган неъматни ботилга, ноҳаққа, ҳаром-ҳаришга, маъсият ва ёмонликка сарф қилади ва бу борада шайтонга биродар бўлади. Шайтоннинг эса ношукурлик бобида тенги йўқ. Шундай экан, исрофчининг бошига ҳам ўз биродари шайтони лаъиннинг бошига тушган бало-офатлар тушиши турган гап. Бундайлар тарихда кўп учраганларига қадим донишмандларнинг китоблари гувоҳлик беради.
“Э Одам фарзандлари! – деб хитоб қилинади Қуръони каримнинг Аъроф сурасида. – Ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас”.
Еб-ичиш – гуноҳ эмас. Исроф қилиш гуноҳ. Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар. Бизда “озиқ-овқатни исроф қилиш” деганда емай, ташлаб юборишни тушунадилар. Бу аслида тўғри, аммо керагидан ортиқ ейиш ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмонга муносиб эмас. Ҳозирги кўп касалликларнинг келиб чиқишига ана шу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Саҳобалардан бирлари яҳудийга: “Қуръоннинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган”, – деб айни шу оятни ўқиган эканлар.
Фақат нон эмас, овқатлар ҳам исроф бўляпти. Бир киши: “Қотган нон, ачиган овқат исроф бўлмайди, молга берилади”, – дейди. Ҳа, шундай ҳоллар бор. Бироқ, биринчидан, молга берилмай, ахлатга ташланаётган нон ва таомлар озми? Иккинчидан, нон ва овқат инсон учун берилган неъмат! Молу қўйнинг насибаси, емиши бошқа. Шундай экан, унутмаслик керакки, ким исрофдан тийила олса, бошқаларга муҳтож бўлмай яшайди. Исрофнинг энг ҳурматли оилаларни бузганига, энг бой уйларни вайрон қилганига, энг юқори мансаблардан тубан туширганига, энг шуҳратли ному насабга эга бўлганларни хор-зор қилганига тарих гувоҳ. Шу сабабли исрофдан сақланиш, ҳар бир ишда тежам ва иқтисодга риоя қилиш борасида кўп даъватлар қилинади.
Нон қадри, нон исрофи ҳақида кўп гапирилади. Хаёлни ёритиб ўтган бир воқеа каминани бу мавзуга яна қайтишга ундади. Бундай воқеани сиз ҳам учратгандирсиз. Ошхонада таомланиб ўтирганимизда иттифоқо рўпарадаги стол атрофида давра қурган қизларга кўзим тушиб қолди. Даврадаги тўрт қиз овқатларини еб бўлишгач, бир тўғрамдан нон олишиб, бўёқлари чапланган лабларини артишди. Ниҳоятда ҳунук қилиқ, ниҳоятда хунук манзара, тўғрими?
Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нондир. Айрим неъматларни бир ҳафта, бир ой ёки йил истеъмол қилмай юриш ҳам мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. Энг тотли неъматларни ҳам икки кун кетма-кет истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча махлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган.
Мен қизлар даврасидаги хунук манзарани тилга олдим. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди?
Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадри эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам хайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз…
Нон исрофи – ношукурликдан келиб чиқади. Ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукур этмоқлик ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз?
Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар:
Ўзбекистон кузидай бугун дастурхон тўкин,
Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб,
Қора нон навбатида турганларнинг ҳаққи ҳам,
Улуғ жанг йўлларида кўксидан қон сизилиб,
Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам
Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда.
Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак.
Бу йўллар
кўп қадим йўллар,
Беш миллион,
ўн миллион
юз миллион нафар
қуллар ва туллар,
Гарданда чўяндан қуйилган занжир,
Ерларда ҳашарот каби
Очликдан,
зорликдан гезариб лаби,
Ожиз,
маҳкум,
хор ва бетадбир:
– Нон! – дея,
– Нон! – дея
суриниб кечмишдир.
Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир? Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқса ёмон бўлмас эди.
Тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай гапирилади, лекин амал қилинмайди. Одамлар тўй ёки маърака қилиб савоб топиш ўрнига гуноҳга ботаётганларини тушунишлари шунчалар қийинми?
Боғча ва мактаб, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки, беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларга нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга хижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз.
Ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни кузатсангиз керак. Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “Бизни ҳам тўйга етказсин”, – деган ниятда синдирилармиш. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Яқиндагина, совет давридаги тўй ташвишлари ва машаққатларини унутдикми? Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти: “Сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, – дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз? Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам… Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса…” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда, виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди.
Замонлар бўлган – ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан: “Нон неча пул?” – деб сўраймиз. Нархини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир…
* * *
Тунги навбатларда туриш ёшига етганимда бу қийинчиликлар барҳам топган эди. Лекин тўкинлик даври бошланмаган эди. Маҳалла дўконига нон келганда улгурганлар оларди, билмай қолганларга эса қийин эди. Шу боис мени дўкон олдида пойлашга масъул қилиб қўйишган эди. Нон ташийдиган машинани кўришим билан уйга хабар қилишим, агар пул беришган бўлса, ўзим сотиб олишим шарт эди. Тўрт-беш бола навбатчилик қилардик. Машина кўриниши билан уйга ошиқмай, кўчама-кўча юриб, “Нон келди!”, “Нон келди!” деб бақирардик. Гўё шодлик хабарини улашардик, бундан ўзимиз ҳам қувонардик. Хабарлаб келгунимизча дўкон олдида турнақатор навбат пайдо бўларди, аслида биз биринчи бўлсак-да, орқада туришга мажбур қилишарди. Баъзан нон етмай, уйга қуруқ қайтиб, қулоқчўзмадан баҳраманд бўлсак-да, эртасига яна “Нон келди!” деб хабарлашни давом эттирардик. Дўкончи йигит шу маҳаллада яшарди, ундаги кибр шаҳзодаларникидан кам эмасди. Агар нон пешинга яқин келса, тушириб, жойларди-ю, “обед”, деб уйига жўнаб қоларди. Ўттиз-қирқ ёки ундан кўп одам унинг овқатланиб, дам олиб чиқишини кутарди. Одамларни офтоб куйдирадими ё совуқда қақшайдими, ёмғирда шалаббо бўладими – парвойига келмасди. Ҳам тарозидан, ҳам қайтимдан уриб қолса-да, одамлар нонга етишганларига шукур қилибми ё маҳалладошлиги ҳурматиданми, индашмасди. Ҳаром йўл билан пул йиға-йиға тўй қилди. “Зўр тўй қилди-я!” – деб мақтадилар. У одам ҳозир қариб қолган, ўзининг аҳмоқона кибрини эслайдими ё йўқми, билмайман, лекин уни кўчада ҳар кўрганимда мен ўша ҳолатни хотирлайман. Кўчадаги шундай учрашувлардан кейин ён дафтарига буни ёзиб қўйган эканман:
“Бу дўкондор ҳамма нарсани виждонига қўшиб сотади”, деган гап менга мантиқсиз туюлди. Чунки виждонини сотишга тайёр одамда аслида виждон бўлмайди. “Виждони бор” деб тасаввур қилинган тақдирда ҳам виждонсизнинг виждонини сотиб оладиган покиза виждон эгаси топилармикин?”
Бундай инсофсизнинг қиёфасини кейинроқ “Ажаб дунё” деган ҳикояда тасвирлашга уринганман. Баъзи муаллимларнинг айтишларига қараганда, мактабда нон ҳақида суҳбат бўлса, шу ҳикоядан мисол келтиришаркан. Мазкур ҳикоя араб тилига таржима қилинган экан, фаластинлик адибнинг мақтовига лойиқ бўлибди, шукур.
Мен учун болаликдан қолган бир муаммо бор, одамларнинг табиатига ҳозирга қадар ҳам тушунмайман. Бир қарасангиз, меҳр-оқибатли қўшнилар, бир қарсангиз, айниқса орага нафс аралашса, қорин ғами устун келса, бир-бирини танимайдиган бўлиб кетади.
Кўп маҳсулотлар камёб бўларди, навбатда туриб, баъзан жанжаллашиб олишга тўғри келарди. Бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлган қўшнилар икки кило гуруч ёки ун, ёки гўшт олиш учун бир-бирларини танимай қолардилар. Ҳаётда сурбетликдан ҳазар қилмайдиганлар ҳам учрайди. Бундайлар ўзларининг асл қиёфаларини айнан шундай навбатда кўрсатадилар. Қўшниларидан уялмайдилар: “Менинг навбатим бор эди”, – дея олдинга суқиладилар. Бир марта олишга қаноат қилмай, иккинчи ва учинчи марта суқиладилар. Ўша ун ёки гуруч ён қўшнисига етмай қолиши билан ишлари йўқ.
Бир куни ишдан қайтаётиб қарасам, гўшт дўкони олди ҳудди чумоли инига ўхшайди. Навбатда турай деб борсам, дадажоним пештахтага яқинлашиб қолибдилар. Навбатлари келганда бир сурбет киши одамлар орасини ёриб кириб, дадажонимнинг устларидан қўл узатди-да, пулни бериб, дадажоним учун тортилган гўштни олди. “Абдумалик ака, сизга ҳам етади гўшт”, – деб овутган бўлди. Дадажоним табиатан ювош бўлганлари учун унга индамадилар. Бошқалар эса танбеҳ билан чекланмай, уни ҳақоратладилар ҳам. Лекин у гўшт олганига қувониб, иржайиб кетаверди. Ўшанда унга нисбатан менда кучли бир нафрат уйғонди, гўшт олгани учун эмас, дадажонимни беҳурмат қилгани учун нафратландим. Шу кундан эътиборан унга салом бермай қўйдим. То умрининг охиригача кўчада учратсам, салом бермадим. Ҳатто уйимиздаги тўй-ҳашамларга келганда ҳам ундан юзимни ўгирдим. Биламан, бу менинг хатоим, ҳар қандай ҳолатда салом бериш керак. Лекин уни кечира олмадим. Кечирай десам, пештахта олдида сиқилиб турган дадажонимнинг маъюс чеҳралари кўз олдимга келаверади. Биз “шу сурбет билан тенг келаманми”, деб ўзимизни тиямиз. Улар эса “андишанинг оти қўрқоқ”, деб билиб, иллатлар ботқоғига ботиб бораверадилар.
Ҳар бир маҳалла, қишлоқда уч-тўрттами ё ундан кўпми, ёмонлар, сурбетлар топилади. Турли ҳолатларда қўшниларнинг айблари очилиб турса-да, мен яхши маҳалла, яхши қўшнилар неъматини берган Аллоҳга шукурлар қиламан. Саккиз ёшимга қадар мактабда яшаганимизда биттагина қўшнини билардим. Кейинчалик “Илғор” деб атала бошланган маҳаллага кўчиб келганимиздан сўнг қўшниларга бой бўлиб, қувондим. Бир томонимизда Карим Сўфий исмли отахон бир ўғил, келини ва кичик-кичик набиралари билан яшардилар. Узумзорлари бор эди. Чиройли сўриларга терилган токлардаги узумлар марварид шодаларидай бўлиб, кўзни қувонтирарди. Акаларим, опаларим ўзлари журъат этмай, узум ўғирлашга мени зўрлашди. Мен эсам ўғирликни боплай олганимдан ўзимни қаҳрамон ҳис қилдим. Иккинчи марта тушганимда ўғирлик ошкор бўлди, лекин Сўфий ота қаттиқ гапирмадилар: “Ҳой, ҳой!” – дейиш билан чекландилар. Оиланинг рўзғори шу узумларни сотишдан тушадиган пулга боғлиқ бўлгани учун келинлари қаттиқ қарғаб қолдилар. “Узум ўғирлайдиган қўлинг акашак бўлсин!” – деган қарғишларини эшитдим. Қўшни келин ойи бошқа қарғишни билмагани учун балки шундай дегандир. “Акашак” нималигини билмасдим, балки “қўлинг оғрисин”, демоқчи бўлгандир. Қарғиш астойдил бўлмагани, юракдан чиқмагани, шунчаки пўписа учун айтилгани учунми қўлим сира оғримади. Лекин ўша куниёқ қаҳрамонлигимдан хабар топган аяжоним аввал шапалоқ билан сийладилар. Кейин насиҳат қилдилар.
Ўзбекистонимизнинг шаҳар-қишлоқларидаги кўчаларга ҳам мевали дарахтлар экилган. Арча каби манзарали дарахт экиш энди расм бўляпти. Кўчага тўкилган ёки пастак шохлардаги меваларни олиб ейишни ҳеч ким ҳаром демайди. Ҳолбуки, эгасининг рухсатисиз бир дона олчани олиб оғизга солиш ҳам тақиқланган. Шу талаб болаликдан сингдирилса, мен каби “қаҳрамонлар” бировнинг узумзорига тушмаган бўларди. Ўшанда Карим отадан икки бош узум сўраганимда ўзлари яхши пишганидан тўрт-беш бошини узиб берган бўлардилар.
Ариқдаги сувда оқиб келган олмадан бир тишлаб, сўнг ризолик сўраган йигитнинг тарихини уламоларимизнинг мароқли суҳбатларида кўп эшитганмиз. Томоғимиздан ўтгувчи луқманинг ҳалол бўлмоғи лозимлиги ҳақида ояти карималар, ҳадиси шарифлардан ташқари яна кўплаб ибратли ривоятлар мавжудким, буларни ҳам озми-кўпми эшитганмиз. Аммо, афсуским, айрим ҳолларда эшитиш билан кифояланиб қоламиз. Амал қилишга рағбат бўлмайди. Ўзимиз амал қилмаганимиздан кейин болаларимизга бу борада тарбия бера оламизми?
Камина “Одамийлик мулки” деб аталмиш ахлоқ китобини ёзишга тайёргарлик кўриб юрган дамларда кутилмаган бир хайрли воқеа содир бўлдиким, ўқиганларга фойдаси тегар, деган мақсадда болалик йилларимдан бугунга кўчиб, баён этмоққа жазм этдим.
Ўша куни бомдод намозидан кейинги мутолаада мана бу ривоятни ўқидим:
Ҳазрати Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) суюкли саҳобаларидан бўлмиш Абу Дардо (р.а.) барча намозларини Масжиди набавияда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ортларида туриб ўқишга ҳаракат қилардилар. Шунинг учун масжидга эрта келиб, кеч қайтардилар. Расули акрамнинг (с.а.в.) намоздан кейинги суҳбатларини диққат билан тинглардилар. Бироқ хурмо териш мавсуми бошланганида Абу Дардо аввалгидан намозга кечроқ келиб, эртароқ кетадиган бўлдилар. Бу ҳол Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) диққатларини тортди. Абу Дардони ёнларига чақириб, сўрадилар:
– Сенинг масжидга келиб-кетишингда бир ўзгариш кўряпман, нима бўлди?
Абу Дардо шундай жавоб қилдилар:
– Шу кунларда қўшнимизнинг хурмо дарахти меваларини тўка бошлади. Хурмолар бизнинг ҳовлига ҳам тушяпти. Болаларим қўшнимдан бесўроқ еб қўйишмасин, деган хавотирдаман. Бомдодга келишдан олдин тўкилган хурмоларни тўплаб, қўшнимнинг боғига ўтказиб қўяман. Шу сабаб масжидга кеч келяпман. Мен масжиддалигимда ҳам дарахтлардан хурмо тўкилади. Уларни йиғиб қўшнимникига қўйиш учун шошиламан. Шундай қилсам, болаларим ҳаром емайди, қўшнимга ҳам зарар етмайди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардонинг бу сўзларидан мамнун бўлдилар ва унинг ҳаққига дуо қилдилар.
Шу ривоятдан таъсирланиб, Жумъа намозига чиқдим. Ажабки, жумъамаърузаси ҳам шу мавзуда бўлди. Янада ажабланарлиси намоздан қайтишда бўлди. Бир неча дақиқа илгари ҳалол луқма хусусида ваъз тинглаган биродарларимизнинг айримлари кўчадаги дарахтларнинг шохларини эгиб, мевасидан баҳраманд бўлиб борардилар. Биз болалардан ранжиймиз. Аслида болалардан эмас, уларга ҳалолликдан дарс бермаётган ва ёмон ўрнак кўрсатаётган катталардан ранжишимиз керак.
Уйга қайтганимда менга нотаниш бир йигит қўнғироқ қилиб, учрашиши зарурлигини билдирди. Уйга таклиф қилдим. Нотаниш йигит айтилган вақтда келдилар. Ўзларини таништириб муддаоларини айтдилар:
– Бир дўстимизнинг таклифлари билан амакиларининг Чорвоқдаги боғига бордик. Калитни унутиб қолдирганлари учун сизнинг боғингиздаги шийпонда ҳордиқ чиқардик. Билишимизча, сизнинг эшигингиз доимо очиқ тураркан. Олхўрингиз ғарқ пишган экан, мен ҳам ерга тўкилганларидан олиб едим. Келишимдан мақсад: ўша ейилган мевалар учун сиздан розилик сўраш. Уларни ейиш мен учун ҳалол эмасди.
Бу гапдан хайратга тушдим. Йигит мен учун замондош эмас, балки ўтмиш ривоятларидаги покиза дилли бир инсон бўлиб кўриндилар. Йигитни хижолатликдан чиқариш учун дедимки:
– Ризолик сўраб келмаганингиз тақдирда ҳам у мевалар сиз учун ҳалол эди. Чунки “мевалардан ким еса есин, розиман”, деб аввалдан айтиб қўйганман, эшикнинг очиқ қолдиришим ҳам шундан. Боғдаги мевалар сотиш учун эмас, ейиш учун. Оиламиз учун ортиқчалик қилади. Ким еб лаззат олса, биз учун савоб-да, – дедим.
Йигит яна қайта-қайта розилик сўрадилар. Ҳар сафар розилигимни такрорладим. Сезиб турибманки, йигитнинг кўнгли равшанлашмаяпти. Шундан сўнг ҳалол луқма ҳақидаги ривоятлардан сўзлаб бердим, унинг ота-оналари ҳаққига дуо қилдим. Йигит уйига таклиф этди. Бордим, дадалари билан танишдим.
Энди муддаога ўтсам, демоқчиманки, ҳамма ҳам кўчадаги меваларни узиб еб кетавермайди. Орамизда ҳалол-ҳаромни фарқига борадиганлар кўпким, бунинг учун ҳам Аллоҳга шукурлар қиламиз. Фақат шукурлар қилиб қолмай, шундай ҳалол йигитлардан аввало ўзимиз ўрнак олишимиз, фарзандларимизни, қариндошларимизни, қўшниларимизни ҳам шу йигит каби тарбия топишига ҳиссамизни қўшишимиз керак. Ҳалол луқма фақат ўзимизга фойда эмас, балки жамиятимизнинг поклигига ҳам хизмат қилади. Шуни унутмасак бас.
* * *
Бир томонимизда маҳалланинг эски масжиди бор эди. Масжид бор, Сўфий ота ҳам бор, лекин азон айтилмасди, намоз ўқилмасди. Эллик бешинчи йилда масжид бузилиб, ўрнига уй қурилди.
Биз кўчиб келган жой боғ эди. Октябрь тўнтаришидан аввал кўнчи бойники бўлган экан. Ер ислоҳотидан сўнг деҳқонларга бўлиб берилган. Бойнинг уйи, шийпони эса аввал етимхонага, кейин мактабга айлантирилган. Еттинчи синфга қадар шу мактабда ўқидим. Йигирманчи йилларда деҳқонларга бўлиб берилган ер урушдан кейин қайта тақсимланиб, тўрт-олти сўтихдан қилиб шаҳарлик хизматчиларга улашилган. Устомонлар йўл топиб, бир эмас, икки, ҳатто уч ҳовлидан олишган (буни “участка”, дейишарди, вилоятларда ҳозир “чек” дейишади). Биттасини сотиб, пулига уй қуриб олишган. Дадажоним у пайтда ҳарбий комиссариатда ишлаганлар, иккита ҳовли олиш имкониятлари бўла туриб, биттасига қаноат қилганлари учун аяжонимдан кўп дакки эшитардилар. Сўфий ота ҳам иккитани “эплаштирган” эканлар, узумзор томонни сотдилар. Ўша йили токлар чопиб ташланиб, каминанинг “ўғрилик” фаолияти бутунлай якун топди. Ўнг томонимиздаги ҳовли ҳам сотилди. Аллоҳ раҳмат қилсин, икки ҳовлини сотиб олган ака-укалар яхши одам эдилар. Уларнинг исмларига “бойвачча” сифатини қўшиб айтиш расм бўлган эди. Тез фурсатда данғиллама иморат солдилар. Агар бугунги бойлар билан солиштирилса, у бойваччалар “ўрта ҳол” даражада бўлишлари мумкин. Агар тузум йўл берса, улар ҳам миллионер даражасига етишлари мумкин эди. Лекин озгина бойлик тўплаб, қўрқиб яшардилар. Айниқса, Хрушчёв даврида, 1962–64-йилларда улар анча беҳаловат бўлдилар. Меҳнатсиз даромад топган, деб кўпларини қамадилар, уйларини мусодара қилдилар. Ўша йиллари бизнинг уйимиз оҳори тўкилмаган гиламларга, ялтироқ жавонларга ва турли биллур, чинни идиш-товоқларга тўлиб кетган эди. “Сизларни текширишмайди”, деб бойликларини олиб чиқиб қўйишарди. Шу даражада бўлди-ки, жавонларнинг оғирлигидан уй поли чўкиб кетди.
Бир куни ярим тунда кўча эшигимиз қаттиқ тақиллади. Келган киши бетоқатроқ эканми, дадажоним чиққунларича қайта-қайта тақиллатди. Ўшлик қариндошларимиз “ўнинчи июлда сизларникига кетяпмиз”, деб телеграмма юборишган экан. Қариндошларнинг келишлари биз учун янгилик эмас. Уй тор бўлгани билан кўнгил кенг эди. Ҳатто мактабдаги синф хонасида турганимизда ҳам меҳмондан безор бўлмаганмиз. У воқеанинг ёдда қолганига сабаб: меҳмонлар телеграммаларидан бир кун олдин келиб бўлишган эди. Ваҳимачи почтачи телеграммани бераётган дамда қўшниларнинг дарвозалари ҳам очилди. У кетгач: “Абдумалик ака, тинчликми?” деб ҳол сўрашди. Тинчлик эканини билишгач, уйларига кириб кетишди. Билмадим, қимматбаҳо моллари бизникида бўлмаганида ташвишланиб чиқишармиди ё йўқми?.. “Камбағалнинг пули йўқ, бойнинг эса тинчи йўқ”, деганлари бежиз эмас. Хрушчёв ишдан олиниб, бу таъқиблар тўхтагач, улар енгил нафас олиб, бойликларини олиб чиқиб кетишди. Уйимиз ҳувиллаб, яна эски шолчаларда қолдик. Гиламларни олиб чиқиб қўйишгани билан ерга тўшамаган эдик, иккитаси деворга қоқилган бўлса, қолгани бўзга ўралганича нафталинда турган. Бир қўшнимиз гиламини бошқа танишиникига ҳам қўйган экан, улар яхши қарашмаганми, бир учи чириб тушибди. Ўша гиламни бизга арзонга, энг муҳими насияга сотишди.
Ён томонларимиздаги ҳовлини сотиб олган ака-укаларнинг каттасига олти сўтих ер тор кўриниб, дадажонимни авраб дебдики: “Ҳовлингизни узунасига ярмини менга сотинг. Пулига уйингизни яхшилаб оласиз”. Дадажоним соддаликлари учунми ё бунақа нарсаларга яхши тушунмаганларми, ҳар ҳолда кўнибдилар. Эрталаб усталар ҳовлининг энини ўлчаб, қозиқ қоқаётганларига ажабланган аяжоним ҳақиқатни билиб қолиб бақириб бердилар. Дадажоним ҳеч қачон бировга қаттиқ гапирмаганлар, ғазабланганларини ҳам сезиш қийин эди. Томоқ қириб қўйиш билан чекланардилар. Аяжоним эса аксинча, ғазабда ўзларини тия олмасдилар.
“Бизни сиқилиб ўлсин, деяпсанларми!”, “Камбағалнинг уйи куйсинми!”
Аяжоним қарғаганлари йўқ, норозиликларини юрак дарди билан ифода этдилар, холос. Бу усталарга таъсир қилиб, ишни тўхтатдилар. Бой қўшнимиз ҳам ҳовлини бўлиб олиш фикридан қайтди.
Дуоибад қилмоқ, яъни бандага Аллоҳдан ёмонлик тиламоқ мусулмон фарзандига хос эмас. Баъзан қарғишларни эшитиб қоламиз: банда кўзларининг кўр ёки оёқ-қўлларининг шол бўлиб қолиши сўралади Аллоҳдан. Бу каби қарғишларда икки хил нодонлик мавжуд: агар банда айбдор бўлса унга қандай жазо беришни Яратганнинг ўзи билади. Жазо тури банда томонидан белгиланмайди. Фараз қилайликки, қарғиш тегиб, ўша одам кўр бўлди. Хўш, бундан дуоибад қилган одамга бирон наф борми? Фақат кўнгил қувончи бор. Бу кўнгил қувончининг эгаси эса иблисдир.
Баъзилар ўзлари ёмон деб фараз қилувчи кишиларнинг ўлимини ҳам истайдилар. Аввало ўлим баддуо билан бўлмайди. Бу тақдир ёзуғидир. Хўш, ўша одам дунёни тарк этса, дуоибад қилғувчининг ҳаёти чиройлироқ бўлиб қоладими?
Ёмон ниятли дуодан кўра хайрли –яхши дуо қилмоқлик Одам фарзанди учун фойдалироқ эмасми? Ёмон деб ўйлаганимиз одамга Аллоҳдан инсоф, ҳидоят сўрасак-да дуоларимиз ижобат бўлиб у киши яхшилик йўлига ўтса, фақат бизга эмас, жамиятга фойда-ку!
Дуоибад учун савоб йўқ. Аллоҳ яратган бандаларининг бир-бирларига яхшилик қилишини истайди ва шу мақсаддаги хайрли дуолар учун ажр беради. Яхши мукофотдан юз ўгириш нодонликдир.
Бу масалада яна бир мулоҳаза бор: кимнингдир кўр ёки шол бўлишини ёки тезроқ ўлишини истовчи банданинг дили қандай экан? Кир ва қора эмасмикин? У ҳолда бошқа бир дили қора уни дуоибад қилиб ўтирмаганмикин?
Иморат баланд қилиб тиклангани етмагандай, томни ҳаддан зиёд кўтариб юборишганда ҳам аяжоним бир ғазабландилар. Уй соҳиби: “Кеннойим ранжияптилар, томни пасайтирайликми?” – деб сўраган экан, дадажоним: “Энди тахталарни қоқиб қўйибсизлар, бузиб ўтирасизларми, тураверсин”, – дебдилар. Шу тарзда икки қаватли уй баландлигидаги иморат тикланиб, ҳовлимизга офтоб тушмайдиган бўлиб қолган. Хрушчёв таъқиби бошланган кезларда уй дарвозасини беркитиб ташлашди, кейин бошқа кишига сотишди. Уйнинг янги соҳиби ҳам томнинг баландлигидан хижолат бўлиб гап очилганда “бузайликми?” деди. Лекин “Бу иморатни сиз тикламагансиз, овора бўлманг”, – дедилар.
Чап томонимизга ҳам баланд иморат тушди. Ўша давр учун бу иморатлар ғоят ҳашаматли эди (Ҳозир янги авлод бу уйларни таг-туги билан бузиб, ҳақиқий ҳашаматли иморатлар тиклашяпти. Ҳалолидан топиб қуришаётган бўлишса, манманликка берилишмаса, “буюрсин”, деб дуо қиламиз). Бу қўшни иморатини Сўфий ота томонга орқа қилиб тиклагани учун улар ғоят ранжишди, кўп жанжаллар қилишди, ҳатто ариқ сувини иморат пойдевори томон буриб, ертўлани сувга тўлдираверишди. Оқибатда уй захлайверади ва жанжал кучайгандан-кучайди. Бир қарасангиз, иккови ҳам ҳаққа ўхшайди. “Пул меники, ер меники, уни қандай қурсам қуравераман”, – дейди бири. “Ҳовли меники, экин меники, қандай суғорсам суғоравераман”, – дейди иккинчиси. Бу жанжалнинг боши – манманлик. Бироқ унга ҳасад аралашди-ю, яра фасод боғлади.
Икки қўшни бир парча ерни “Бу меники! Йўқ, меники!” деб талашаётганида ер тилга кириб, “талашмаларинг, икковинг ҳам меникисанлар, икковинг ҳам бағримга кирасанлар”, деган экан. Ҳамонки, одам вафот топгач, бир хил либосда, бир хил лаҳадда, бир хил ҳолатда ётар экан, озгинагина умрини жанжал билан ўтказмай яшаса бўлмас эканми, деб ўйлайман.
Жанжал оқибатида том бузилиб, пастлатилди-ю, икки қўшни орасида иттифоқ битими имзолангандай бўлди. Лекин олдинги жанжаллар иттифоқчилик чиннисини синдирган, чегалангани билан изи қолган эди.
Шу каби келишмовчиликларга қарамасдан, қўни-қўшнилар орасидаги меҳр-оқибат яхши эди, дейман. Тўй-маросимларда қўшнилар қариндошдан афзал хизмат қилардилар. Ҳайит байрами арафасида ҳар бир хонадонда одатдагидан кўпроқ ош дамланарди. Биз – болалар ўн-ўн беш қўшниникига косада ош тарқатардик. Имкони бўлганлар, қозонда ўзлари учун гўшт қолмаса ҳам, майда-майда тўғраб косаларга солиб берардилар. Имкон тополмаганлар гўшт ўрнига беҳи ё шолғом, баъзан картошка тўғраб солардилар. Имкон топганлар тандирда нон ёпиб, коса устига биттадан қўярдилар. Иккитадан бўғирсоқ, қуштили ҳам қўйиларди. Қўшнининг байрам дастурхонига шу тарзда ҳисса қўшиларди. Ҳозир, афсусларким, ундай эмас. Икки, кўпи билан уч хонадон бир-бирига косада ош чиқаради. Ёшларимиз бу одатнинг гўзал маъносини фаҳм этмай: “Қўшнининг ошига ҳожатимиз йўқ”, – деб адашяптилар. Баъзи хонадонлар “ош чиқармаймиз”, деб ўзаро келишиб ҳам олишармиш. Меҳр-оқибат рамзи бўлган одатни шундай бемаъни келишув остида йўққа чиқаришлари нодонликдир. Бу одатни уч-тўрт қўшни ўзаро ўйлаб топмаган ва ўзаро йўққа чиқаришлари ҳам мумкин эмаслигини, бу одатга риоя қилишда савоб борлигини ёшларимиз унутмасинлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Шўрва пиширганингизда сувини кўпроқ қилинг. Кейин қўшниларингиздан хабар олинг ва уларга мувофиқ равишда шўрвадан солиб беринг”, – деб марҳамат қилганлар. Ойиша онамиз (р.а.) Расулуллоҳнинг (с.а.в.) ўзлари кўпинча шундай қилганларини таъкидлаганлар. Овқат қизғанилмайди, Худога шукур, йигирма-ўттиз қўшнини йўқлашга ҳар бир хонадоннинг имконияти бор. Фақат… аёлларимиз салгина эътиборсизлар, салгина ялқовлар, салгина меҳрсизлар. Эрларнинг эса бу билан ишлари йўқ!
Луқмони ҳаким айтганлар: “Оғир тош кўтардим, темир кўтардим, аммо ёмон қўшнидан оғирроқ нарса кўрмадим”.
Биз ўз хонадонимиз аҳли билан қандай яхши муомала қилсак, қўшнилар билан ҳам шундай муроса қилишга буюрилганмиз. Ота-она ва фарзанд бурчлари қандай бўлса, қўшнининг қўшни олдидаги бурчи ҳам ўшандай даражададир. “Қўшнинг ёмон бўлса кўчиб қутуласан”, – деган мақол барчага маълум. Лекин қўшним ёмон экан, деб тинмай кўчиб юрилаверилмайди. Дардни ичга ютиб, жаҳаннам азобида яшайверишдан ўзга чора қолмайди. Қандайдир ҳолатларда эса муроса қилишга ҳам тўғри келади. Мазкур мақол кимдир томонидан шунчаки тўқилмаган, балки шарафли ҳадис асосида айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қилиб юрадиган дуоларидан бири бундай бўлган: “Э Аллоҳ! Мен яшайдиган ердаги ёмон қўшнининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Чунки фоний дунёдаги ёмон қўшнидан кўчибгина қутулиш мумкин”. Ёмон қўшнининг ёмонлиги ҳамиша бўлавермаса ҳам, ёмонлиги бўлиб қолишидан чўчиб яшашнинг ўзи ҳам катта азиятдир.
Бир маҳаллага ўт кетиб, деярли барча уйлар ёнибди. Бу хабарни эшитган одам хавотирланиб, югуриб келаётган экан, қўшниси пешвоз чиқиб:
– Ташвишланманг, бутун маҳалла ёнди, аммо сизнинг уйингизга ҳам, дўконингизга ҳам ўт етмади, – деб суюнчилабди.
Бу хушхабарни эшитган одам беихтиёр равишда:
– Аллоҳим, менинг мулкимни омон сақлабсан, ўзингга шукур, – деб қувонибди. Аммо уч-тўрт қадам юргач, қандай гуноҳга ботганини англаб, йиғлаб юборибди-ю, саждага бош қўйиб истиғфор айта бошлабди.
Аллоҳ унинг мол-мулкини асрагани учун ҳамд айтган эди. Энди нечун тавба қиляпти?
Гап шундаки, унинг шукронаси замирида худбинлик мавжуд. Яъни, маҳалланинг куйиб кул бўлгани уни ташвишга солмаган, биродарларига ачинмаган, у ўзининг уйи омон қолгани учунгина хурсанд эди. Аввалига билмадики, Аллоҳ уни синаш учун мулкини омон сақлади. Эртами-индин янада азоблироқ синов юбориши мумкин. Яъни, бутун маҳаллани омон сақлаб, унинг мулкини кулга айлантирмоғи ҳам эҳтимол. У киши шу ҳақиқатни англаб, мулкини жабрдийдаларга улашиб, сўнгги нафасига қадар тавба қилган экан.
У киши-ку гуноҳини англабди.
Англамаганлар қанча? “Отилган ўқ тўнкага санчиладими ёки қўшнимнинг кўксигами – мен учун фарқи йўқ, менга тегмаса бас”, – дейдиганлар озми?
Бундайларга деймизки, “Нодонлик қилманг, биродар, қўшнингизга ўқ узган тўппонча тепкиси яна бир марта босилиши мумкин, балки иккинчиси тўнкага ҳам эмас, қўшнингизга ҳам эмас, айнан сизнинг кўксингизга аталгандир? Сиз Аллоҳдан: “Қўшнимни паноҳингда асра!” – деб сўранг. Йиғлаб-йиғлаб юракдан сўранг. Шунда Аллоҳ сизни ҳам асрайди. “Қўшнимнинг ризқига барака бер”, – деб сўранг. Аллоҳ сизнинг ризқингизга ҳам барака беради.
Биродари уйи ёнганда
йўқламади, сўрамади ҳол.
Иймонига ўзи ўт қўйди.
Бир кишининг уйида сичқонлар кўпайиб кетибди. Дўсти мушук сотиб олинг, деб маслаҳат берибди. “Йўқ, биродар, мушук олсам, сичқонлар қўшнимникига қочиб чиқиб, уларни безовта қилади”, – дебди у одам. Яна бир одам қўшнисининг камчиқим бўлиб қолганини сезса, ҳадисга риоя қилиб, уйида уч-тўрт кун қозон осдирмас экан. “Биздаги таомнинг ҳиди уларнинг димоғига урилиб, қийнамасин”, – дер экан.
Сиз балки “Ундан кўра қўшнисига пул берса ёки таом чиқарса бўлмайдими?” дерсиз? Гап шундаки, жоҳил қўшни ҳадя, эҳсонни радэтиб, “мен сизга гадоманми?” деб ўжарлик қилар экан. Бунақа ҳолларда “Мен бердиму сен ноз қилдингми, баттар бўл”, деб маишатиниқилаверадиганлар ҳам бор. Булар Аллоҳнинг синовини англамаган гуноҳкор бандалардир. “Йа Аллоҳ, бундайларга ўзинг ҳидоят бер!” – деб дуо қилайлик.
Халқимизда: “Қўшнинг тинч – сен тинч”, – деган мақол бор. Бу ҳикмат-нинг мазмуни ойдек равшан, мулоҳазага ўрин йўқдек кўринади. Лекин “Қўшнинг тинч бўлмоғи учун ўзинг нима қилишинг керак?” деган савол қўйилса, ҳар бир одам ўйланиб қолади. Қадим-қадимдан қўшничилик муаммоси донишмандлар диққат-эътиборида бўлган. Ҳозиргина эслаганим мақол бекорга вужудга келмаган: Қўшнинг тинч – сен тинч! Бу демак, агар сен осойишталигингни истасанг, аввал қўшнингни осойишталик билан таъминла. Аввал ўзингни эмас, қўшнингни ўйла, дейилмоқчи. Бу мақол замирида одамларни биродарликка, меҳр-оқибатли бўлишга ундаш ётади. Оилада ота-онасига, акалари-укаларига меҳрли бўлиб улғайган одам, шубҳасиз, қўшнига ҳам меҳрли бўлади. Ота ва онасини беҳурмат қилувчи одам қўшнини ҳам сариқ чақага олмайди.
Ёмон қўшнидан қутулишнинг йўлларидан бири – ҳар бир одамнинг ўзи яхши қўшни бўлишга ҳаракат қилиши керак. Яъни, бировга қилинажак ёмонлик ҳам, яхшилик ҳам қўшнидан бошланади. Ҳатто Ватанни сотиш ҳам қўшнини сотишдан бошланади. Қўшнисини ёмонлаб имзосиз хатлар ёзадиган одам Ватанини сотмайди, деб ким кафолат беради? “Қўшнингга қасд этма, баст эт” (баст – қувонтириш маъносида) деган ҳикматга барча бирдай амал қилганда эди… Набий муҳтарамдан (с.а.в.) сўрадилар: “Э Расулаллоҳ! Фалончи хотин кечалари туриб ибодат қилади. Кундузлари рўза тутади ва одамларга хайр-эҳсон улашади ва бошқа яхши ишларни ҳам қилади. Лекин қўшниларига тили билан озор беради. Бунинг оқибати қандай бўлади?” Расулуллоҳ (с.а.в) жавоб бердилар: “Бу хотинда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”. Яна сўрадилар: “Фалоний хотин фарз намозларини ўқийди ва борини, арзимас бўлса ҳам, садақа қилади. Шу билан бирга у ҳеч кимга озор бермайди”. Аллоҳнинг расули (с.а.в.) жавоб бердилар: “Бу хотин жаннат аҳлидандир”.
Мазкур шарафли ҳадисни ўқигач, ён-атрофдаги қўшнилар орасида озор берувчи хотинларни кўз олдингизга келтириб, уларнинг бўлажак қисматига ачингандирсиз? Ачинганингиз яхши, лекин Аллоҳ таолога ёлбориб бундайларни ислоҳ қилишини сўрасангиз, янада яхши. Дуоларимизни Аллоҳ таоло ижобат этиб, қўшниларига тили билан озор етказувчи нодонларга ҳидоят берсин!
Ўзига тилаган нарсасини ўзгаларга, хусусан, қўшнисига тилайдиган, ўзига муносиб кўрмаган нарсани бошқаларга ҳам муносиб кўрмайдиган одамни иймонли, эътиқодли дейиш мумкин. Ким қўшнисига бало-қазо ёғилишини истаса – нодондир. Тасаввур қилингки, “қўшнимнинг уйини куйдир!” деб ният қилган одамнинг ноласи қабул этилди – қўшнининг уйи ёнди. Оқибат нима бўлди? Қўшнига офат тилаган нодоннинг уйи ҳам қўшилиб ёнди!
Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Аллоҳ номи билан қасамки, қўшнисини безовта қилувчи одам мусулмон бўла олмайди!” Яна дедилар: “Ким ўзи тўйиб овқат есаю, қўшниси оч ўтирса – иймонсиздир”. (Бошқа бир ривоятда: “Қўшнисининг очлигини била туриб, ўзи тўқ ётган одам тўлиқ иймон келтирган ҳисобланмайди”.)
Тарихга назар ташласак, тақводор одамлар Расулуллоҳнинг (с.а.в.) йўл-йўриқларига ҳамиша амал қилиб келганлар. Тансиқ овқатларидан албатта қўшниларига чиқарганлар. Агар қўшнилари муҳтож эканини билсалар-у, унга ёрдам беришга қурбилари етмаса, таомнинг ҳиди чиқиб қўшнимга озор бермасин, деган хижолатда ўз уйларида овқат пиширтирмаган одамлар ҳозир ҳам бор. Қадимда муборак ҳаж ибодатига отланган одам қариндошлари ва бола-чақалари билан бир қаторда қўни-қўшниларни ҳам моддий томондан таъминлаб, ризолигини олар экан.
Шарқ ривоятларидан бирида бундай ҳикоя қилинади: Бир одам чоғроқ шолча устида ўтирган экан. Ёнига қўшнисини чорлабди. Қўшниси: “Э биродар, шолчангиз бир парчагина-ю, яна менга иззат кўрсатмоқчи бўласиз-а”, – деб кулибди. Шунда лутф кўрсатган қўшни дебди:
– Бир-бирига душманлик қилувчи ноаҳил қўшнилар бутун дунёгаҳам сиғишмайди. Аҳил қўшнилар бир парча шолчага сиғиб, роҳат кўраверадилар. Гап шолчанинг торлигида эмас, кўнгилнинг кенглигида.
Яна бир ривоятда айтилишича, бир бургут човут солиб ҳовлидаги қуённи кўтариб кетибди. Ўша ҳовлида яшайдиган чумчуқ қуёнга ачиниш ўрнига мазах қилиб чириллабди:
– Эй чопағон қуён! Чопағонлигинг ёрдам бермадими?!
Чумчуқнинг чирқиллашини эшитган қирғий учиб келибди-ю, уничовутига илибди. Шунда қуён унга қараб: “Жуда тез учардинг-ку, қанотларинг фойда бермадими?” – деган экан.
Масалдан олинадиган маъно шуки, қўшни бошига келган фалокатдан кулиб, мазах қилиш ярамайди. Балки қўшни оғир аҳволга тушса, унга ёрдам бериб, бундан қутқариш керак. Қўшни бошига келган фалокатдан қувонган кишининг ўзи ҳам бирор фалокатга учраши тайин.
Қўни-қўшнилар орасидаги нохуш ҳолларга кўпинча манманлик сабаб бўлади. Нисбатан тўқроқ, бойроқ одам гердайса, керилса, менсимаса яхши оқибатга олиб келмайди. Айтадиларки, Қиёмат куни камбағал қўшни бой қўшнининг ёқасига ёпишади ва дейдики: “Э Раббим, Ўзинг сўра бундан! Нечун, шариатга кўра менга бериши лозим бўлган нарсани бермади, менга эшигини ёпди?”
Камбағалроқ қўшнида ҳасад, ичқоралик бўлса ундан яхши оқибат кутманг. Қўшнисини норози қилган бойроқ одам Аллоҳ таолонинг истаги билан эртага бойлигидан ажралиб қолиши, қўшнисига ҳасад қилиб иғво тарқатган эса эртага эл-юрт олдида обрўсизланиши, шарманда бўлиши мумкин. Суқрот ҳаким: “Икки нарсани ислоҳга келтириш жуда қийин: қариндош-уруғларнинг бир-бирларига бўлган адоватларини ва қўшниларнинг ҳасадини”, – деганлар.
Кишининг бошига кулфат тушса, биринчи навбатда қўшни ярайди. Шодлигингизни ҳам энг биринчи қўшнингиз баҳам кўради. Қишлоқларда, маҳаллаларда қўни-қўшничиликнинг гўзал анъаналари шаклланган. Доно қариялар бу анъаналарнинг асраб-авайланишини кузатиб туришади. Бироқ, афсуски, кўп қаватли уйларда яшовчилар яхши анъаналарга амал қилишмайди. Бу даъво, айниқса, ёш оилаларга тегишли. Бир йўлакда тўрт-беш йил мобайнида қўшни бўлиб яшаган оилалар бир-бирларини яхши танишмайди. Эрталаб ишга кетиш чоғларида ёки ишдан қайтишларида икки-уч кунда тасодифан бир кўришиб қолишлари мумкин. Сўнг уйларига кириб кетишгач, ташқарига чиқмайдилар. Қўшниникида нима гап –ишлари йўқ. Бунақа одамлар бошига бир нохуш иш тушса қўшнининг қадрига етади. Аммо кечиккан бўлишади. Аттанг, дейишади-ю, фойда бермайди.
Қўшничилик – бир чинни идиш кабидир. Дарз кетса, изи қолади. Шу сабабли яхши қўшничилик муносабатини эъзозлаган маъқул. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўшни ҳақини аниқ ва равшан тарзда белгилаб берганлар: “Биласизми, қўшнининг ҳақи нима? – дедилар ва бу саволларига ўзлари бундай жавоб қилдилар:
– Иона истаса – иона берасиз. Ёрдам сўраса – ёрдам берасиз. Қарз сўраса – қарз берасиз. Камбағаллашса – рўзғорига мадад бериб турасиз. Хасталанса – зиёратига борасиз. Вафот этса – жанозасига қўшиласиз. Омад кулиб боқса – уни қутланг. Бошига мусибат тушса – таъзиясида биргабўлинг. Ундан рухсат бўлмаса, уйингизни унинг уйидан баланд қилиб қурманг. Чунки уйингизни баланд қилиб қурсангиз унинг нимасигадир тўсқинлик қилган бўласиз. Унга азоб берманг. Бирон мева олган пайтингизда унга ҳам беринг. Агар бермоқчи бўлмасангиз, уйга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирон мева бериб ташқарига чиқариб юбормангки, қўшнининг боласи шундай нарсага эга бўлмагунча бундан ўпкаланиб юрмасин. Қозонингизда қайнатган гўшт ҳиди билан уларни нотинч қилманг. Агар келтирган гўштингиздан бир парчасини унга кесиб берган бўлсангиз, гўшт ҳиди таралишининг айби йўқ. Биласизми, қўшнининг ҳаққи нима? Аллоҳга қасамки, қўшни ҳаққини фақат Аллоҳ марҳаматига ноил бўлган кимсаларгина ўтай олади”.
Бу ибратли сўзлардан аёнки, ҳар биримизнинг зиммамизда масъулият бор. Бу масъулиятни тўғри адо этсаккина яхши хулқ эгаси бўламиз ва Аллоҳ таолонинг раҳматига эришамиз.
Мазкур сатрлар ёзилаётган кунларда Руссиядаги бир воқеани эшитиб, даҳшатга тушдим. Ёшга етмаган чақалоғи ва икки ёшли боласини уйда қолдириб, кўчага чиққан бир жувонни автомашина босиб ўлдиради. Ҳужжати бўлмагани учун марҳуманинг кимлигини аниқлаш қийин кечади. Бу орада уйда қолган икки гўдак йиғлай-йиғлай очдан ўлади. Қўшнилар эса уларнинг йиғиларига аҳамият бермайдилар. Болаларнинг ўликларидан ҳид чиқа бошлаганда “газнинг ҳиди чиқаётгандир”, деб яна эътибор бермаганлар…
Худога шукур, бизда бу даражадаги бемеҳрлик, беоқибатлик йўқ, бўлмасин ҳам! Лекин бунақаси йўқ, деб хотиржам бўлишимиз ҳам дуруст эмас.
Баъзи келинларимиз кўчага сув сепиб-супиришганда қўшни чегарасидан бир қарич ҳам ўтмайдилар. Дарвозалари ёнма-ён бўлса-да, қўшни дарвозаси олдини супуришдан ё эринадилар, ё бу хизматнинг савоб эканини билмайдилар.
Исломда қўшни ҳаққига катта аҳамият берилади. Расулуллоҳ (с.а.в.)бу хусусда дедиларки: “Ҳазрат Жаброил қўшни ҳаққига риоя этмоқ тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдиларки, мен қўшнини ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим”. Мазкур шарафли ҳадиснинг таъкиди ўлароқ, Мужоҳид ҳикоя қилади:
“Бир куни Абдуллоҳибн Умарнинг (р.а.) уйида эдим. Ўғли қўй сўйиб, терисини шилаётган эди. Абдуллоҳ: “Қўйни сўйиб бўлганингдан кейин, қўшниларга беришни ёнимиздаги яҳудий қўшнидан бошла”, – деб топшириғини бир неча марта такрорлади. Охири ўғли: “Неча марта айтасиз, ота?” – деб ажабланди. Шунда Абдуллоҳ дедики:
– Расулуллоҳ қўшничилик ҳаққига шу қадар кўп ўгит берардиларки, биз қўшнини қўшнига ворис қиладилар шекилли, деб ўйлардик”.
Шарафли ҳадисларда марҳамат қилинган талабларни ҳар бир муслим ва муслима бажариши шарт. Бажариш учун эса бу талабларни билиши керак.
Бир куни Ойиша онамиз (р.а.) нон ёпдилару бир сабаб бўлиб, бу нонни қўшнининг қўйи ея бошлади. Ойиша онамиз (р.а.) қўй оғзидан нонни олмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ (с.а.в.): “Майли, ундан қолгани ҳам бизга кифоя қилади, қўйнинг бу иши тўғрисида гапириб, қўшнига озор бермагин”, – дедилар.
Қуръони каримнинг Нисо сурасида яхшилик қилиш ҳақидаги оятда “яқин қўшниларга” ва “ён қўшниларга” дейилган. Уламолар “яқин қўшни”ни “қариндош қўшни”, “ён қўшни”ни эса яқинлиги йўқ, яъни бегона қўшни, деб тафсир қиладилар. Набий муҳтарам (с.а.в.) бу борада марҳамат қилдиларки: “Қўшнилар уч хил бўлади: битта ҳаққи бор қўшни – ҳаққи энг кам қўшнидир; иккита ҳаққи бор қўшни ва учта ҳаққи бор қўшни – буниси энг кўп ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшнилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса –мусулмон ва қариндош қўшнидир. Унинг қўшнилик, мусулмонлик ва қариндошлик ҳақлари бор”.
Ҳазрати Ойиша онамиз (р.а.): “Ҳадяни икки қўшнидан қай бирига берайин?” деб сўраганларида Аллоҳнинг расули (с.а.в.): “Қайси бирининг эшиги сенга яқинроқ бўлса, ўшанга бер”, – деб марҳамат қилдилар.
Этибор қилинса, қўшнилар сифатларига, яъни бой ёки камбағалликларига, чиройларига, ширин сўзларига қараб ажратилмайди. Биз ҳаётимизда айнан шу нуқтада хатоликларга йўл қўямиз. Девор-дармиён қўшнимизнинг бир қилиғи ёқмагани учун ундан узоқроқ бўлишга интиламиз. Ўн дарвоза наридаги қўшни билан апоқ-чапоқ бўлгимиз келади. Дарвоқе, дарвозаларнинг яқин ёки узоқлигига қараб нечта хонадон қўшни саналади? Ҳасан Басрий ҳазратлари шарафли ҳадисга асосланиб, ҳовлингизнинг олд томонидан қирқ ҳовли, орқа томонидан яна қирқ, ўнг томонидан яна қирқ, чап томонидан яна қирқ ҳовлининг ҳаммаси қўшни ҳисобланишини таъкидлаганлар. Демак, кичикроқ бир қишлоқ ёки маҳалла аҳли бир-бирига яқин қўшни ҳисобланар экан. Айрим ривоятларда қўшниларнинг адади ўн ҳовли миқдорида белгиланган. Яна айрим ривоятларда маҳалла чегараси, дейилган. Бу борада баҳслашмай, афзалини олавериш керак. Кимнинг қирқ хонадон билан яхши қўшничилик алоқасини ўрнатишга имконияти бўлса, қуввати етса, барака топсин! Кимнинг имконияти чегараланган экан, қўшни ҳаққига риоя қилиши шу доирада бўлаверади.
Ҳасан Басрий ҳазратларига бир аёл келиб аҳволидан шикоят қилди. “Уйинг қаерда?” – деб сўрадилар. “Сизнинг уйингиздан етти эшик нарида”, – деди аёл. Ҳасан Басрий ҳазратлари бор пулларини санаб кўрсалар етти танга экан. Ҳаммасини бердилар. “Ё Аллоҳ, ҳалокатга учрашимга оз қолибди-я!” – дедилар. У зот етти хонадон наридаги қўшниларининг оғир аҳволда эканидан бехабарликларини ҳалокат деб билганлар.
Бир одам муҳтожликдан қийналаётган қўшнисининг уйини сотиб олди. Кечаси йиғи овозини эшитди. “Ким йиғлаяпти?” – деб сўради. “Сотилган уйнинг эгалари”, – деб жавоб беришди. “Уларни чақириб айтинглар, қалблари эзилмасин, сотган уйларини қайтардим, ўзларига буюрсин, мендан олган пуллари уларга ҳадя”.
Бундай саховат эгалари ҳозир ҳам борми ё ривоятларда қолиб кетганми? Балки турган жойи кўзига тор кўриниб, қўшнисининг ҳовлиси эвазига кенгайтирмоқчи бўлган юраги торлар бордир орамизда?
Кунлардан бир куни Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) деворлари қулади. Шогирдларидан бирининг қўшни томондан бир оз тупроқ олиб, лой қорганини кўриб қолдилар-да, у шогирдни “менга ярамайсан”, деб ҳузурларидан нари қилдилар. Девор учун бошқа лой қордирдилар.
Қўшни ҳовлисидаги бир сиқим тупроқнинг ҳақи не эканини биладиганлар борми ҳозир сафимизда?
Баъзи бировлар яқин қўшни эканини пеш қилиб, индамай кириб келаверадилар. Улар балки номаҳрам назар нима эканини билмаслар? Беижозат кириб келишлари оқибатида қўшнини хижолат қилиб қўйишлари мумкинлигини ўйламаслар? Қаранг-да, агар қўшнининг индамай кириб келаверишига ижозат бўлса, эшик қуришга не ҳожат бор эди? Даврада шундай саволни айтганимда кимдир: “Ўғри кирмаслиги учун”, – деб жавоб берди. “Уй эгаси минг пойласин, ўғри бир пойласин”, деган мақол айни ҳақиқат. Дарвоза ёки эшик энг қалин темирдан, ўн қават қилиб ишланганда ҳам, қасд қилган ўғрига бу тўсиқ ҳеч гапмас.
Набий муҳтарам (с.а.в.) дедилар: “Суҳбатдошларнинг энг яхшиси –хушфеъл ва кўнгилга маъқули ва қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига муносабатда мумтозидир”. Яна дедилар: “Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси – қўшнисига яхшилик қилганидир”.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бир одам келиб қўшнисидан шикоят қилди. Набий муҳтарам (с.а.в.) унга: “Сабр қил!” – дедилар. Орадан кунлар ўтиб, иккинчи ва учинчи марта шикоят билан келганида ҳам сабр қилишга даъват этдилар. Тўртинчи марта келганида:
– Уйдаги ашёларингни кўчага чиқариб ташла! – дедилар.
У одам шундай қилди. Йўлдан ўтувчилар: “Сенга нима бўлди?” – деб сўрашса, “Қўшним мени шу аҳволга солди, тинмай азоб беряпти”, – деяверди. Шунда одамлар: “Бундай озорли қўшни Аллоҳнинг лаънатига учрагай”, – дейдиган бўлишди. Бу кўргиликдан ноқулай аҳволга тушган қўшни узр билан чиқди ва деди:
– Ашёларингни йиғиб ол. Аллоҳга қасамки, энди сени сира нотинч қилмайман.
Набий муҳтарам баракот ва баракотсизлик хотинда, масканда ва отда бўлишини айтдилар. Масканнинг баракоти – тураржойининг кенглиги ва қўшниларининг яхши инсонлар бўлишидир. Бебаракалиги – тураржойининг торлиги ва қўшниларининг ёмон феъл-атворли инсонлар бўлиши билан боғлиқ.
Ўтдайин куймас эдим, куйдирди-да, ён қўшним,
Гулдайин сўлмас эдим, сўлдирди-да, ён қўшним,
Ўғлим, қизим бахтидан айирди-да, ён қўшним…
Қўшничилик бурчи фақат қўшнига азоб бермасликдангина иборат эмас. Қўшни учун қандайдир қийинчиликни зиммага олиш ҳам керак бўлади. Чунки қўшнига азоб бермасликнинг ўзи, ҳали бурч ўталди, деган гап эмас. Бунинг учун ҳатто маълум бир қийинчилик ё ноқулай аҳволга чидаш ҳам камлик қилади. Чунки, шу билан биргаликда қўшнига яхши (меҳр билан) ва мулойим муомала қилиш, унга хайр-садақа қўлини узатиш керакдир. Шу ўринда бир оз қайтариқдай туюлса ҳам, қўшни бурчи ҳақидаги фикрларни яна давом эттирайин.
Ғаззолий ҳазратлари шарафли ҳадиснинг тафсири сифатида бундай баён қиладилар:
“Қўшни билан учрашганда салом билан сўз бошламоқ, гаплашганда гапни чўзмаслик, кўп савол бермаслик, касал бўлганда кўргани бориш, бошига мусибат тушганда таъзиясида унинг билан бирга сабрли бўлиш, севинчли онларида қутлаш – унинг севинчи билан севиниш, хатоларини кўрмасликка олиш, уйини жосусларча кузатмаслик, деворига бир нарсалар қўйиб ёки осиб ғашини келтирмаслик, унга тегишли жойдан сув олмаслик, уйининг олдига ахлат ва супиринди тўкмаслик, ўтиш йўлларини торайтирмаслик, бирон баҳона билан уйига қарамаслик, қулоққа чалинган оилавий сирларини ёймаслик, у йўқлигида уйини қўриқлаш, унга қарши айтилган сўзларга қулоқ солмаслик, маҳрамига оид хусусларда кўз юммоқ, хизматчисига қарамаслик, боласига ширин сўзлар айтиш, диний ва дунёвий масалаларда билмаганларини ўргатиш…”
Қўшни ҳаққи – қўлдан келганича унга яхшилик қилишда экан. Шу боис ҳам Набий муҳтарам (с.а.в.): “Қўшнига яхшилик қил, тинч-саломат бўласан… Кимнинг Аллоҳга ва Қиёмат кунига иймони бўлса, қўшнисига нисбатан иззат-икромда бўлсин”, – деб марҳамат қилганлар. Халқимизда бу шарафли ҳадисдаги маънони давом эттирувчи мақоллар ҳам бор: “Қўшнингни янима, киноя сўз доғ этар, қурбинг етса кўмаклаш, эшигинг-ни боғ этар”. “Қўшнинг ёмон бўлса – ёмонлик келар, қўшнинг яхши бўлса –омонлик”.
Ҳозир турли кўринишда, услубда, ҳажмда янги уйлар қуриляпти. Айрим уйларнинг пастки қаватида дўкон, тўйхона, қаҳвахона ёки ҳунармандлик устахонаси мавжуд. Дўкон, қаҳвахона ҳам, устахона ҳам қўшнига озор бермайдиган бўлиши керак. Тасаввур қилинг, магнитофондан эртаю кеч ашула жаранглаб турса, темирчи босқонда уриб турса, тутун бурқсиб турса… Ёки устахонадан таралаётган бўёқнинг ўткир ҳиди қўшнининг димоғини ачитиб турса. Бир қўшни болохона қургани учун иккинчисидан ранжиди. “Болохонани ўзимнинг еримга қурдим, сенинг нима ишинг бор?” – дейди у қўшни. Зимдан қаралса, гапида жон бор. Лекин ўша болохонадан туриб қўшнининг ҳовлисига номаҳрам назар тушиб туриши-чи? Бу томони ўйланмайдими? Донолар деганларки: “Кўчага, қўшним томонга мағзава тўкканимдан кўра, бу мағзавани ўз устимга тўкканим афзал”. Бу ҳикматни тушуниш қийин эмасдир?
Маълум бўлдики, ўзини иймонли санаган ҳар бир мусулмон қўшничиликка доир бурчларини оғишмай адо этиши зарур экан. Бу борада эр ва аёлнинг масъулияти орасида фарқ кўрамиз. Эрлар майда-чуйда нарсаларга кўпда эътибор бермайдилар. Аксинча, қўшнилар орасининг бузилиши хотинларнинг ўзаро чиқишмаслиги, миш-мишлари, ғийбатлари туфайлидир. Қўшнининг келини аразлаб кетиб қолса ёки қизи қайтиб келса, қувонадиганлар озми ёки кўпми?
Шундай ҳикматли гап бор: “Фалончиникида қўш ноғора қизиб, тайёр туради. Қўшнисиникида бир гап бўлса ноғора қоқиб, элга ошкор қилади”. Шундай одамлар ҳам ўзларини иймонли ҳисоблайдиларми? Бир хонақоҳда намоз ўқиб, ибодатдан сўнг тескари қараб кетадиган қўшнилар-чи? Агар улар “У қўшни бу қўшнининг бегуноҳлигига амин бўлмаса, бу қўшнининг иймони шубҳа остида бўлади… Қиёмат куни биринчи бўлиб, ёвлашиб қолган қўшнилар муҳокамага қўйилади”, – деган шарафли ҳадисни билганларида эҳтимол бундай қилмаган бўлардилар. Қўшнисининг уйига мўралашни яхши кўрадиганлар-чи? Агар улар “Изнсиз бировнинг уйига мўралаган одамнинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади”, деган ҳадиси шарифни билганларида эҳтимол ўзларини бу гуноҳ ишдан тўхтатган бўлардилар.
Ҳа, бу борада ҳаммамизнинг ўйлаб кўрадиган ишларимиз бор. Абдуллоҳ ибн Умар айтадилар: “Бизнинг ёшлигимизда кўрганимиз шундай эдики, у вақтда ҳеч бир киши ўз олтин-кумушини бошқа мусулмон биродаридан азизроқ ҳисобламас эди. Ҳозир эса, ҳар биримиз учун олтин-кумуш ҳар қандай мусулмон биродаримиздан яхшироқ бўлиб қолди”.
Бир куни Аллоҳнинг расули (с.а.в.) саҳобалари билан йўлда кетаётганларида: “Қўшниларига азият етказганлар биз билан бирга юрмасин”, –дедилар. Саҳобалардан бири буни эшитиб: “Мен қўшнимнинг девори остига таҳорат ушатиб эдим”, – деб афсусланди. Набий муҳтарам унга қараб: “Сен сафимиздан чиқ”, – дедилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаларидан сўрадилар: “Ўғрилик тўғрисида нима биласизлар?” Саҳобалар жавоб бердилар: “Ўғрилик – ҳаром. Уни Аллоҳ таоло ва Унинг расули ҳаром деб атаганлар”. Набий муҳтарам дедилар: “Ўнта хонадондан ўғрилик қилиш битта қўшни уйидан ўғрилик қилишдан енгилроқдир”.
Нима учун қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга кўп аҳамият берилади? Сабаби: ён қўшнисига меҳрибон бўлолмаган одамдан узоқдаги нотаниш мусулмон биродарига меҳр-оқибат кутиш қийин. Қўшниларга яхшилик қилиш – жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли-қудратли қилишга хизмат этади. Донишманднинг: “Қўш-ниси яхши қаримас”, – деган ҳикмати айни ҳақиқатдир. Ёмонга қўшни бўлган одам денгиз сайёҳига ўхшайди. У ғарқ бўлишдан қутулса ҳам, қўрқувдан қутула олмайди. Ҳасан Басрий ҳазратлари айтдиларки: “Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшайдиган қўшнидир”. Бу ҳикмат асосида ҳар биримиз ўзимизнинг хулқимизга четдан назар ташлаб кўрсак яхши бўларди. Қўшнимиздан яхшиликни талаб қилаверамиз ёки унинг ёмонлигидан нолийверамиз. Хўш, ўзимиз яхшимизми? Бизнинг ёмонлигимиздан қўшнимиз ўзгаларга ҳасрат қилмаётибдими? “Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ” мақоли айни бизга аталмаганмикин?
Бир одам қўшнисидан нарвон сўраганда бермаса, ё бирон баҳона қилса, у ҳам вақти келганда ўша қўшнисига кетмонини бериб турмайди. Бу ҳол қўшнилар орасидаги соғлом муносабатни бузади. Қуръони каримда: “Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам кишилардан ман этадиган кимсалардир” (Моъувн сурасидан. “Моъувн” – рўзғор буюмлари маъносини беради.) дейилади. Ибн Касир бу ояти каримани бундай тафсир қилганлар: “Яъни улар Раббиларига ибодатни яхши адо этишмайди, риёкорлик қилишади ва У зот яратганларга ҳам манфаат беришмайди”.
Нарвон ҳам, кетмон ҳам ейилиб қолмайди. Тўғри, синиб қолиш эҳтимоли бор. Аммо бу фожиа эмас. Тузатса бўлади ёки янгисини сотиб олиш мумкин. Синган буюм эгаси саховатли бўлса, қўшнисини хижолат қилмайди: “Ўзи синай-синай деб турувди, келган бало-қазо шунга урсин”, – деб қўя қолади. Иймони заиф бўлса, қўшнисига маломат тошлари ёғдириб, буюмнинг янгисини сотиб олиб беришини талаб қилади. Агар синган нарвон эгаси камхаржроқ бўлса, тўлашни талаб қилмаса ҳам, синдирган қўшни инсоф юзасидан янгисини сотиб олиб бергани дуруст.
Қўшни бирон нарса сўраб чиққанида бериб турилса савоб. Қўшнидан бирон буюмни қизғаниш мўминларнинг хулқидан эмас. Балки Қиёмат кунидаги ҳисоб-китобни ёлғон дейдиган риёкор кишиларнинг ишидир. Лекин бу гўзал хулқни суиистеъмол қилиш ҳам яхши эмас. Шундай хонадонлар борки, тез-тез ишлатиб туриладиган рўзғорталаб буюмларни ўзлари сотиб олмайдилар. Қўшнилардан қайта-қайта сўрайверадилар. Дазмол куйиб қолганида то тузатилгунича ёки янгиси олингунича сўрашнинг айби йўқ. Лекин бу сўраш узлуксиз давом этмаслиги керак. Айрим хонадонларда това ёки гўшт майдалагич йўқ. Ҳолбуки, шу буюмларни сотиб олишга қурбилари етади. Бир латифа бор: ота ўғлига “Қўшнидан теша олиб чиқ”, деб буюради. Ўғил “қўшнимиз тешасини бермади”, деб қуруқ қайтганда ота аччиқланиб дейди: “Жуда баҳил-да, булар! Бор, ертўладан ўзимизнинг янги тешани олиб чиқ!”
Хонадонга келин бўлиб тушувчи қизларимиз бу масалада, айниқса, зийрак бўлишлари шарт. Қайнона-қайноталари ёки хонадоннинг бошқа аъзоларига қандай ширин муомала қилсалар, қўшнилар билан ҳам ўшандай, балки ундан зиёда хушмуомалада бўлишлари талаб этилади. Уйдаги муомалаларида хатоликка йўл қўйсалар, бир-икки танбеҳ билан масала ҳал бўлади. Лекин қўшниларга нисбатан бирон бурчни бажармасалар, бир камчиликлари ёнига яна бештаси қўшилиб, атрофга достон қилинади. Шундан эҳтиёт бўлсалар – марра уларники!
* * *
Қўшниларимизнинг ҳозирги оилаларга нисбатан афзал фазилатларидан бири шукроналикда кўринишини айтдим. Ҳозиргилар ёш оилалар аҳамият берадиган яна бир жиҳати – қўшниларимизнинг деярли барчалари “кўп болалик оила” ҳисобланардилар. Ўша давр қоидасига кўра “Қаҳрамон она” унвони берилганлар ҳам бор эди. Рўпарамиздаги Мушарраф опоқимиз, сўнг Нури, Рисолат, Маъфират… опоқиларимизнинг ҳар бирлари 10–12 фарзанднинг суюкли оналари эдилар. Булар орасида беш фарзанддан иборат бизнинг оила “кам болалик” ҳисобланарди. Қайсидир йили Москвада дўкондан гўшт олмоқчи эдим. Уч киши навбатда турган экан. Мен тўртинчиси бўлдим. Шунда бир одам келиб: “Мен кўп болаликман, бенавбат оламан”, – деди. “Нечта боланг бор?” – деб сўрадим. “Иккита” – деди ғурур билан. “Менинг учта болам бор, навбатга тур”, – дедим. Унинг ғурурланиши бежиз эмас, у томонларда бешта-ўнта фарзанд у ёқда турсин, уч болалик оилалар ҳам кам эди. Рус халқининг тобора камайиб бориши ҳақидаги ташвишли суҳбатлар ўша замонда бошланиб, ҳозирга қадар давом этяпти. Авваллари кичик давраларда гапириларди, энди раҳбарлари ҳам бонг уряпти. Бу муаммо деярли барча ривожланган мамлакатларни ташвишга солган. Уларда “миллатнинг қариши” деган муаммо пайдо бўлган.
Саксонинчи йилнинг бошларида Москвада фантаст ёзувчиларнинг кенгашида Бестужев-Лада деган социология профессори шу ҳақда гапириб, “фантастлар космосга қарайвермасдан Ер муаммоларини ҳам ечишлари керак”, деди. Мен сўзга чиққанимда шарқ фантастикаси ҳақида гапиргач, унга жавобан дедимки: “Муҳтарам профессор, сиз таъкидлаган муаммо фақат Ғарбга, яъни Европага хосдир. Бизнинг Осиёда бу муаммо йўқдир. Ўзбеклар бола туғилиши бўйича биринчи ўринда турадилар, ўзбек эркаклари номидан ваъда қиламанки, бу илғорликни йигирма биринчи асрда ҳам қўлдан бермаймиз”. Ҳақиқатга асосланган бу ҳазилга кулдилар. Мендан кейин сўзга чиққан тожикистонлик адиб эса: “Ўзбеклар туғилиш бўйича биринчи эмаслар, биринчилик Туркманистонда”, – деб гапни жиддий томонга бурди. Ундан сўнг сўзга чиққан москвалик адиб: “Тоҳир Малик ҳазилнамо қилиб айтган бўлса ҳам, унинг гапи тўғри, Ўзбекистон умумий сон жиҳатдан олдинда, Туркманистон эса жон бошига ҳисоблаганда биринчи”, – деб масалага ойдинлик киритганди.
Набий (с.а.в.): “Уйланинглар ва ўз нуфузларингизни зиёда қилингларким, Қиёмат куни мен сизларнинг кўплигингиз билан фахр қиламан”, –деганлар. Бу бежиз эмас. Чунки миллатларнинг куч ва шавкату эътибори уларнинг нуфузига ҳам боғлиқ. Европаликлар буни яхши англаганлари учун ҳам доимий равишда аҳолиси ўсишини кузатиб борадилар. Ўсиш етарли бўлмаса, олимлари: “Ҳой ватандошлар! Кўзингизни очинг, миллатимизнинг шарафу эътибори сусаймоқда. Бу кетишда миллатимиз нест-нобуд бўлади. Шарафимизни, ватан ва миллатимизни ҳимоя қилиш учун арзанда фарзандларни кўпайтиринглар!” – деб жар соладилар. Тарихда Пол Демар исмли француз социологи ва иқтисодчиси яшаган. У миллатининг ўн тўққизинчи асрдаги, яъни юз йиллик давридаги сонини тадқиқ қилган экан. Унинг ҳисобича, аҳолининг ўсиши бўйича французлар инглиз ёки олмонлардан ортда қолишибди. 1810 йилда Франция аҳолиси 28 миллион, Англияники 10, Олмон аҳолисининг сони 18 миллион экан. Йигирманчи аср бошига келиб Олмон аҳолиси 59, Англия аҳолиси 62 миллионга етибди. Франция аҳолиси эса 39 миллионга етибди. Бу дегани 80–90 йил мобайнида инглизлар 52, олмонлар 41 миллион ошганлари ҳолда французлар 11 миллионга ошибди. Олимни бу ҳисоб қониқтирмай, миллат қайғусида шундай ёзган экан: “Агар аҳвол шундай давом этаверса, биз нафақат Ватан муҳофазасидан, балки ҳаёт орзусидан ҳам маҳрум бўламиз. Бугун биз – французларнинг мамлакати ва миллати жар лабига келиб қолган. Бу чуқурга тушиб кетишимизга оз қолибди. Лекин ҳали ҳам кеч эмас, миллат ва ватанни бу ҳалокатдан қутқариш учун ҳимматимиз ва саъй-ҳаракатимиз керак”. Европа олимлари миллатларининг камайишидан шу даражада қўрқадилар. Энди Пол Демарнинг тадқиқотини давом эттирсак, бу ҳолатга дуч келамиз: ўтган асрнинг етмишинчи йилларига келиб Англиядаги аҳоли сони 45,3 миллион, Германияда 76,5 миллион, Францияда эса 53 миллионни ташкил этган. Бу рақамларни солиштиришдан аввал орада икки марта Жаҳон уруши бўлиб ўтганини, миллионлаб одамлар ўлдирилганини ҳисобга олишимиз керак. Демак, кейинги 60–70 йил ичида Англия аҳолиси камайибди, олмонлар ва французлар эса кўпайибди. Лекин шунга қарамай, уларнинг олимлари ҳануз ташвиш билан бонг урадилар. Чунки кўпайиш айни шу миллат вакиллари ҳисобига бўлмаяпти. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу мамлакатларга бошқа қитъалардан одамларнинг кўчиб келиши кўпайди. Гарчи миллионлаб осиёликлар, африкаликлар ҳам шу мамлакат фуқароси ҳисоблансалар-да, айни шу миллат шаънини белгиламайдилар. Фикримнинг исботи учун шу мамлакатлар футбол терма командаларига назар ташлайлик: асл инглиз ёки французларга нисбатан келгинди халқлар вакилини кўпроқ учратамиз. Илгари бу мамлакатларнинг мустамлакачилари осиёлик ва африкаликларни зўрлаб, қул қилиб ҳайдаб келган бўлсалар, эндиликда бу қитъалардан ёпирилиб келаётганларнинг йўлини тўсолмай гаранглар. Таъбир жоиз бўлса, қадим қулларнинг авлодлари бугунга келиб қулдорлар юртини забт этяптилар.
Мазкур баён оққа кўчирилаётган пайтда Германияда чиқадиган “Вельт” газетаси ўтказган бир тадқиқот билан танишиб қолдим. Бу тадқиқотда 35 ёшгача бўлган немис аёллари иштирок этганлар. Мухбирлар уларга биттагина савол билан мурожаат этишган: немис аёлллари нима учун фарзанд кўришни мумкин қадар орқага чўзишади (пайсалга солишади)? Бу савол бекорга кун тартибига қўйилмаган. Кузатувларга қараганда, немис аёллари кейинги йилларда биринчи фарзандларини 29 ёшга етганларида кўришар экан. Ваҳоланки, ўн беш йил муқаддам бу кўрсатгич анча паст бўлган. Сўровга жавоб берганларнинг 44 фоизи эр ва аёлларнинг бир-бирига бўлган ишончсизлигини ва ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги бандлигини асосий сабаб сифатида кўрсатишган. Германия ҳукумати фарзанд кўраётган оналарнинг ижтимоий ҳимоясини йилдан-йилга кучайтириб боришига қарамай, аҳволнинг бу даражага тушиб қолиши жамиятни ташвишга соляпти. Чунки Германия демографик кўпайиш жиҳатидан дунёдаги охирги ўринлардан бирига тушиб қолибди. “Наҳотки пул топишга бўлган қизиқиш оилавий бахтдан юқори турса?” “Берлинер цайтунг” газетаси жамият ташвишини шу савол орқали кун тартибига қўйибди.
1982 йилда Латвияда бўлганимда, шу ерлик бир ёзувчи: “Яқин юз йил ичида менинг миллатимдан ном-нишон қолмайди”, – деб афсусланган эди. Чиндан ҳам ўша пайтда латвияликлар сони бир миллионни ташкил қилар, туғилиш даражаси эса паст эди. Миллатни сақлаб қолиш учун ҳар оила камида уч фарзандни дунёга келтириши керак. Иккита фарзанд – ўринга ўрин қолди, демак. Битта фарзанд – миллатнинг кескин камайишидан дарак. Фарзандсиз оила – миллатнинг фожиаси. Европа олимлари ўз миллатларининг тақдиридан ташвишланиб, кўпайиш жиҳатдан суръати тез миллатларда туғилишни камайтириш чораларини кўришга ҳаракат қиладилар. Шу ниятда турли халқаро анжуманларга йиғилишиб, талай халқаро битимлар, қарорлар имзолайдилар.
Шулардан бири аёлларнинг ҳомиладор бўлишлари олдини олиш, абортга расмий рухсат берувчи қонунлар қабул қилишга даъват этиш каби уринишлардир. Бу ҳаракатларга Ислом олами қатъий қаршилик билдирди. Рим папаси ҳам бу уринишларни Худонинг хоҳишига қарши ҳаракат сифатида баҳолади. Зотан, хотин ва фарзанд Худованди Каримнинг улуғ неъматларидан саналгани учун бу неъматларга куфр келтирмоқликдан сақланиш шарт.
Агар диққат қилиб кузатсак, бугунги жамиятларда адолатли мувозанатларнинг бузилиши кузатилмоқда. Ғарбда аёллар ўта ахлоқсиз, беҳаё бўлиб кетишган. Юз йил аввал бунақалар камроқ эди десак, энди кишининг ақли ҳисобдан адашиб кетади. Бундай ҳолатларни хорижга қилган сафарларим даврида кузатдим. Ғарбнинг кинофильмлари ҳам фикримни исботлайди. Ғарб аёллари ўзларини эрлар билан тенг ҳуқуқли деб билишади. Ислом динида бундай эмас. Оилада эр ва аёлнинг ўз ўрни мувозанат ва адолат билан белгилаб берилган. Бу мувозанат бузилган жамиятларда “эркин муҳаббат” деган аҳмоқона, айтиш мумкинки, ҳайвонларга хос тушунчалар туғилди. Яъни эр-хотин биргаликда яшайверади, аммо хотин кўнгли тусаган эркак билан, эр эса кўнглига ёққан аёл билан зино қилаверади. Агар бола туғилса, қайси эрдан туғилганини аниқлаш учун ирсият соҳасидаги мутахассисларга мурожаат қилишади. Бу ҳам етмагандай эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан никоҳларини расмийлаштириш бошланди ва бу ҳайвоний қўшилишни ҳам муқаддас ном – “оила” деб атаяптилар.
Афсусларким, ҳаётда фарзандидан кечувчи нопок оналар ҳам бор, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинувчилар ҳам бор. Жамият фақат ўз нафси учун яшаётган, ароқхўр ёки фоҳишаларни “она” деган шарафли номдан маҳрум қилади. Айримлар болани туғиб сўнг ундан юз ўгирадилар. Айримлар эса болани туғилмасидан аввал ўлдирадилар. Буни маданий-тиббий тилда “аборт”, ўзбекчасига оддийгина қилиб “бола олдириш”, дейишади, биз “қотиллик” десак тўғри бўлади. Отасини ўлдирганлар “падаркуш” дейилади, фарзандини ўлдирганлар-чи? “Фарзандкуш”ми? Афсуски, фарзандкушларга бу ҳаётда, бу жамиятда жазо йўқ. Қиёматдаги жазо эса тайин. Фарзандини ўлдирувчилар ёки кечувчилар ўз гуноҳларини, аниқроқ айтсак, бузуқликларини беркитиш учун шундай ёвузликни амалга оширадилар. Бутун дунёдаги онгли одамлар она қорнидаги тирик жонни мажбуран олиб ташлашни жиноят деб ҳисоблаб, қатъий қоралайдилар. Барча динларнинг олимлари бу жиноятга қарши курашадилар. Аммо… уни ёқловчилар ҳам бор. Баъзан телевизорда хориждаги намойишларни кўриб қоламан. Ҳукуматнинг абортни ман этиш ҳақидаги қонунларидан норози бўлганлар ё ақлдан озган кимсалар, ёки фоҳишалардир. Бузуқликни яшириш мақсадида қилинаётган абортларнинг жиноят эканини тан олувчилар кўп. Аммо бу ҳақиқатга қарши турувчилар сони ошиб боряпти. Чунки пашшалар ахлат устида озиқланганлари каби, ғафлат аҳли ҳам ўзларининг қўланса дунёсида бузғунчиликларини бахт, деб биладилар. АҚШнинг аввалги президенти Буш абортга қарши бўлгани учун унга норозилик билдириб, юз мингларча одамлар намойишга чиққан эдилар.
Онанинг саломатлигига хавф солинган дамларда абортнинг зарурлигини ҳеч ким инкор этмайди. Лекин баъзи ҳолларда аборт бузуқликни яшириш учун амалга ошириладики, бу ҳол билан муроса қилиш мутлақо мумкин эмас. Жаҳоннинг кўп мамлакатларида бу қонун йўли билан тақиқланган ва тўғри қилинган. Рус императори даврида аборт қатъий тақиқланган. Ленин эса бу жиноятга рухсат берди. Аёлларни қулликдан қутқаришда, унинг телба фикрича, бу муҳим аҳамият касб этар экан. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Сталин абортни яна тақиқлади. У фаҳш йўлини тўсиш учун эмас, балки урушда ўлганлар ўрнини тўлдириш учун туғилишни кўпайтиришни ўйлади. Орадан йиллар ўтиб, совет жамияти бу жиноятга яна йўл очиб берди. Ҳозир Россияда бир чақалоқ туғилса, икки одам ўлиб турганини биларсиз. Маълумотларга кўра, у ерда кунда ярим миллион аборт қилинади. Демак, ярим миллион қотиллик! Бу дунёда жазо қўлланилмаётган жиноят!
Жоҳилият замонида араблар кўп фарзанд кўрсалар “боқа олмаймиз”, деб ўлдирар эканлар. Аллоҳ бундай бандаларга қараб: “…болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирамиз”, деб амр қилади. Бу ояти карима фақат ўтмиш арабларига эмас, бугун “аборт” деб аталмиш қотилликдан қайтмаётган аёлларга ҳам тааллуқли. Ана шундай иймонсиз аёлларга Саҳл ибн Ҳанзалиянинг (р.а.) сўзларини ибрат сифатида эслатсак: у зот ҳеч фарзанд кўрмаган эканлар. Аллоҳга муножот қилиб дер эканларки: “Аллоҳ таоло менга чала туғилса ҳам бир фарзанд берса-ю, кейин уни раҳматига олса ва мен фарзанд доғига сабр этиб, шунга Аллоҳдан бўладиган савобни умид қилсам, бу мен учун бутун дунёдан ва ундаги ҳамма нарсалардан ҳам яхшироқ бўлар эди…”
Кунлардан бир кун қўшиқчи синглимизнинг телемухбир билан қилган суҳбатлари кишини таажжубга солди. Синглимиз санъат чўққисини кўзлаб, шаҳарга келибдилар. Эрлари билан ажралишибдилар. Уч ёшли фарзандлари қишлоқда, оналари тарбиясида экан. “Уйга борсам, болам мени танимайди”, – деб кулдилар. (Ақлли она бундай ҳолда йиғлаши керакмасми?) “Оиламни нима қилай?” деган саволларига жавобан устоз қўшиқчи опаларидан: “Сен санъатни ўйла”, – деган “доно” насиҳатни олибдилар.
Ҳеч ким “аввало она бўлинг”, демабди.
Ҳозир “уйга борсам болам танимайди”, –
деб куляптилар.
Кейинчи, йиллар ўтиб йиғламайдилармикин?
Икки туяқуш оила қуриб, кўпайиш илинжида тухум қўярканлар-у, оғирликлари туфайли уни синдириб, кейин фиғон чекарканлар. Охири улар доно туяқушдан маслаҳат олмоқ учун неча куну неча тун йўл босиб, саҳронинг нариги четига борибдилар-да:
– Бизга ёрдам беринг, биздан ҳам насл қолсин, – деб ялинишибди.
Уларнинг изтиробларини тинглаган доно туяқуш:
– Насл қолдириш учун фақат истак-хоҳишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу осон иш эмас, машаққатни енгишингиз лозим бўлади, – дебди
– Қандай машаққатлигини айтинг, биз ҳаммасига тайёрмиз, – дейишибди икки туяқуш.
– Ундай бўлса, диққат билан тинглангу, ёдингизга муҳрланг: насл қолдиришнинг энг муҳим шарти – юрак тафтидир. Қўйган тухумингизга фақат юрагингизнинг ҳароратигина жон бера олади. Шунинг учун унга энг қадрли, энг азиз нарсадай муносабатда бўлинг ва эҳтиётланг.
Эр-хотин туяқуш бу маслаҳатга амал қилишибди. Тухум қўйилгач, ҳар қандай роҳатдан воз кечиб, фақат унинг учун парвона бўлишибди. Очлик, сувсизликка ҳам чидашибди. Оқибат улуғ мукофотга эришишибди – тухум ёрилиб, жажжи туяқушнинг бошчаси кўринибди…
Ашулачи синглимизга Худо овоз берибди, фарзанд ҳам берибди-ю, юрагига ҳарорат бермабди-да, аттанг…
Инсон табиати кўп ғалатидир: бойлигини йўқотса, қайғуради, дунё кўзларига қоронғу кўринади. Аммо, ҳаётининг кунлари мангуга йўқолаётгани билан иши йўқ…
Бир куни каттақўрғонлик нотаниш йигит қўнғироқ қилиб мен билан учрашмоғи ғоят зарур эканини айтди. “Келинг”, – дедим. Ўша куниёқ асрдан кейин етиб келди. “Асрни ўқиб олай”, – деди. Намозни ўқиб олгунича дастурхонга чой-нон келтиришди. Йигит бир пиёла чой ичгач, кетишга ижозат сўради. Ажабландим, шошқич келишининг сабабини сўрадим. Ҳозир таом пишишини, овқатланмай туриб кетишига ижозат бермаслигимни айтдим. “Ака, мен тижоратчиман, сизни бекорга безовта қилибман”, – деди. Мақсадини тушундим: унинг тижорати орқага кетиб, қарз бўлиб қолгандир. Мени бой ёзувчи деб ўйлаб, ёрдам истаб келган. Аммо данғиллама иморатда эмас, отамдан қолган эски уйда яшашимни кўриб, бу ҳақда оғиз очишни истамай қолган.
– Афсуски, моддий томондан ёрдам бера олмайман. Тўғри йўл кўрсатиб, маслаҳат ҳам бера олмайман, чунки тижорат соҳасида билимсизман. Бу соҳада иқтидорим мутлақо йўқ.
Йигит “билиб турибман”, дегандай бош ирғади-ю, гапирмади. Таом келгунча суҳбат қовушмаса-да, ҳали боғдан, ҳали тоғдан, дегандай гаплашиб ўтирдик. Овқатдан сўнг у яна бир дардини айтди:
– Хотиним яна ҳомиладор… бу аҳволда тўртта болани боқа олмаймиз. Хотиним аборт қилдирмоқчи.
Мен Қуръони каримда зикр этилган ояти каримани айтиб, каттақўрғонлик йигитга насиҳат қилдим. У бош эгганича жимгина тинглади. Қарорини айтмай, кетишга изн сўради.
Орадан икки йил ўтиб, у йигит яна келди.
– Насиҳатингизни хотинимга етказган эдим, у гуноҳдан қайтди. Худо бизга ўғил берди. Ҳукуматдан суюнчи пули олдик. Мен шу пулни тижоратга сарф қилган эдим, баракали бўлди, қарзлардан қутулдим, ҳозир дастурхонимиз тўлди. Сизга раҳмат.
– Аллоҳга шукур қилинг. Дастурхонингизнинг тўкинлиги тўртинчи фарзандингизга қўшиб берилган ризқу насиба. Аллоҳ амрига қарши чиқмаганингиз учун хонадонингиз қут-баракали бўлган, – дедим.
Бизнинг қўшниларимиз, камбағалчиликларидан нолимаган ҳолда, ҳомиладаги болани олдириб ташлашни ўйламаганлар. Ҳозир хонадон аҳлидан бири тўй қилса, тўйхона қариндошларнинг ўзи билан тўлиб қолади. Бу ҳам Аллоҳнинг буюк неъматларидан биридир.
Бахт надир – бойликмикин, айт,
Бойлик надир –вафоли бахтми,
Синов жарлигидан ўта оларми?
Донишмандлар: “Бахтиёрлик ичра сен бахтсизликка учрашдан қўрққил”, – демишлар. Биз эса қўрқмаймиз. Бахтни бир умрлик инъом сифатида қабул қиламиз. Ўйламаймизки, бахт – меҳмондир. Меҳмон бир соат ўтирадими ё ўн кунми – оқибат изига қайтади. Бахтиёрликни иззат билан кутиб олиб, сўнг кузатмоққа шай турмоқ керак. Уйимизга келувчи меҳмонларнинг шакл-шамойиллари турлича бўлганидек, “бахт” деб аталмиш меҳмон ўрнига келувчи янги меҳмон унингдек бўлмайди. Бахт ўрнига келгувчи меҳмоннинг номи – “бахтсизликдир”. Ҳа, айнан шундай. Бахтсизлик ҳам меҳмондир. Унинг ҳам иззатини жойига қўйиб кутиб олмоқ ва кузатиш тадоригини кўрмоқ лозимдир. Бахтсизликнинг ўрнига келажак меҳмон, шубҳасиз – бахтиёрликдир. Масъудликка кўникмаслик ва маҳлиё бўлмаслик керак, чунки у ўткинчидир, боқий эмасдир. “Ким масъуддир – ундан ажралмоқликни ўргансин, ким бахтлидир – қайғурмоқликни ўргансин”, – деган эканлар.
Ота-оналаримиз, хусусан ўзимиз ҳам бундай “келди-кетди”ларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Бахт келганда шодланганмиз, кетганида маъюсланганмиз, лекин ношукур бўлмаганмиз, бахтнинг қайтишини сабр билан кутганмиз.
Киши дунёда бой бўлиш учун эмас, балки бахтли бўлиш учун яшайди.
Зотан қуш парвоз учун, инсон эса бахтиёр бўлиш учун яралгандир.
Бахт нима ўзи? Унинг ўлчови, миқдори борми? Кимни бахтли, кимни эса бахтсиз деймиз?
Инсоният бу саволларга минг йиллардан бери жавоб излайди. Ягона жавоб эса йўқ. Дунёда неча миллиард одам яшаётган бўлса, бахт ҳақидаги тушунча ҳам шунчадир. Одамларнинг бу масаладаги қарашларида фарқ бўлиши табиий. Қуръони каримда амр этилган фазилатларга амал қилмоқлик – бахтиёрликнинг пойдеворини, ўзгачароқ таъбир билан айтсак, ўқ илдизни ташкил қилади. Инсон ўзини муҳофаза этишга ҳамда бахтиёр бўлишга интилувчи таъсирчан, сезгир, ақлли ва фикрловчи мавжудот саналади. Тўла-тўкис бахт одамзодга насиб бўлувчи юксак даражадаги ҳузур-ҳаловатдир, бахтсизлик эса юксак даражадаги мусибатдир.
Ҳузур-ҳаловат дейилганда фақат моддий маъно англашилмаслиги керак. Агар ҳузур-ҳаловат фақат нафсни қондиришдан иборатгина бўлса, емиш топган жониворларнинг барчасини бахтли, оч қолганини бахтсиз дейишимизга тўғри келади. Биз жониворларда шундай тушунча, туйғу бор ёки йўқлигини билмаймиз. Фақат бордир, деб тахмин қиламиз ёки “йўқ” деб инкор этамиз. Бизнингча, жониворларга хос бўлган бахтлилик ҳам фақат қорин ғамига бориб тақалмайди. Масалан, уйда боқилаётган итга эгаси томонидан ташланган суяк бахтли ҳолат саналса, эркни ҳеч нарсага алмашмайдиган бўри учун бу бахт эмас, балки бир хорликдир. Эгаси ташлаган бир ҳовуч донга қаноат қилувчи товуқ катакда туғилиб, катакда жон беришни эҳтимол бахт деб ҳисоблар. Чўққида туғилиб, осмонда эркин парвоз қилишга ўрганган бургут учун эса бу тубанликдир. Аслида Аллоҳ барча жониворларни эркин қилиб яратган. Фақат айримлари эркларини емишга алмашганлар. Буларни биз “уй ҳайвонлари” деймиз. Эркни ҳар нарсадан аъло қўйганларини эса “ёввойи ҳайвонлар” деб атаймиз. Демоқчиманки, бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ. Агар фақат моддий томони билан чеклансак, барча камбағаллар бахтсиз, бойлар эса бахтли деган маъно келиб чиқади. У ҳолда “Мерседес” каби автомашиналарда юрувчи кимса дунёдаги энг бахтли инсону, тиқин автобусда хизматига шошаётган одам бахтсизми? Балки аксинчадир? Автобусдаги одам кўнглида ҳаловат бор. Уни бойлигини йўқотиб қўйиш хавотири таъқиб қилмайди. Ўтмиш донишмандлар шу боис ҳам Аллоҳдан руҳ ҳаловатини истаб, бойлик бермагани учун шукурлар қилганлар. “Мерседес” каби автомашиналарда юрувчи биродарлар каминадан ранжимасинлар. Мен уларни айбламоқчи эмасман. Ҳалолдан топган бўлсалар бахтли кунларида буюрсин. Шундай уловларда юриш мусулмонларга ҳам ярашади, деб ҳисоблайман. Лекин бунинг роҳати мавжудлиги баробаринда хавотири ҳам бор-да. Агар автомашина бузилиб қолса, ёки (Аллоҳ сақласин!) ўғирланса, ёки бирон фалокатга учраса, улов эгасининг кўзига дунё тор бўлиб кетиши аниқ-ку? Доноларнинг фикрича, бахтни моддий бойликдан эмас, руҳ бойлигидан излаган афзал. Кимки “пулни – бахт, бахтни эса – пул”, деб ўйлаётган бўлса, демак янглиш ҳаёт кечираётган экан. Аммо моддий бойликни бутунлай инкор этиш ҳам дуруст эмас. Тўғри, бойликсиз яшаш мумкин. Бироқ, фаровонлик – бахтиёр яшаш учун зарур шартлардан бири ҳисобланишини инкор ҳам этолмаймиз. Биз бу ўринда фақат ҳалоллик билан топилган бойликни назарда тутяпмиз. Ҳаром йўл билан топилган бойлик фаровонлик эмас, аксинча, ҳасрат бўлгани туфайли масъудликка бегонадир.
Дуоларимизда кўпинча бахт ва саодат тилаймиз. Бахт нима? Саодат-чи? Иккаласи бир маънони англатадими? Йўқ. “Бахт” торроқ маънодаги тушунча. Ҳар бир одам бахтли бўла олиши мумкин. Биров йўқотган минг сўмини топиб олса, ўзини бахтли ҳис қилади. Бошқа биров набира кўрган куни ўзини дунёдаги энг бахтиёр инсон деб ҳисоблайди. Одамлар ўзлари учун кутилмаганда бахтли бўладилар. Саодат эса Аллоҳнинг раҳматига, марҳаматига етишмоқликдир. Саодатга пул топиб олган каби етишилмайди. Гўзал хулқ ва солиҳ амаллар саодат саройининг калитидир.
Аллоҳ ҳар бир бандасига бахтни мўл-мўл беради. Бу худди ёмғир томчиларига ўхшайди. Биров томчиларга кафтини тутади, бошқаси тадбир ишлатиб кўпроқ тўплайди. Худо ёғдираётган бахтга эга бўлиш учун киши Ҳақ талабидаги фазилатларига эга бўлиши керак. Ҳалоллик, поклик, атрофидагиларга меҳр-муҳаббатда бўлиш… каби фазилатларсиз бу бахтга эга чиқиш мушкул.
Шуларни ўйлайману: “Ота-онам бахтли бўлган эдилар”, – деган тўхтамга келаман. Улар қашшоқликнинг турли азобларини кўрганлар, лекин озгина пул учун гўзал фазилатларини қурбон қилмаганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Фақирлигим – фахрим”, – деганлар. Мазкур шарафли ҳадисни таҳлил қилиб, теранроқ англашга уринсак, кўп хайрли маънолар чиқади. Фақирликда сабр, шукур, умид, тўғрилик, сабот каби яхши фазилатлар мужассамдир.
Бир нарсадан афсусланаман, ота-онам, тоғамдан “ҳаётингизни гапириб беринг”, деб сўрамаганман, уларнинг ҳикояларини тинглаб, қоғозни қоралаб қўймаганман. Тоғамнинг қамоқдаги ҳаётларини билгим келарди, лекин саволлар бериб, азобли яраларини тирнаб, янгилаб қўйишдан чўчирдим. Уларнинг машаққатли, лекин бахтли ҳаётларини кичик-кичик воқеалар баёнидан билиб олганман.
Аяжоним камбағалликдан қийналиб кетган дамларида дадажонимни бўшангликда айблардилар. Айниқса, бирон қариндошимизникида тўй бўлса, бизникида тўёна ва тугун ташвиши бошланарди. Аяжоним кўпроқ ташвишланардилар. Дадажоним эса “сиз пахта дейсиз, мен тахта”, деб иморатнинг чалалигига ишора қилиб кулардилар. Шунақа пайтларда аяжоним: “Ўшанда лапашанглик қилмай, иккита тилла тангани иккита чўнтагингизга ташлаб олсангиз, бунчалик хароб яшамаган бўлардик”, –деб таъна қилардилар. Дадажоним ҳарбийда ўқиб юрган кезлари, йигирманчи йилнинг бошларида амалиёт учунми ё бошқа мақсаддами Бухоро томонларга олиб боришган экан. Қайсидир бойнинг уйи тинтув қилинганда бир хум тилла чиққан экан. Командир чўнтагини тўлдириб олгач, қолганини дадажонимга бериб, штабга олиб боришни амр этган экан. Дадажоним омонатга хиёнат қилмай, олиб бориб топширган эканлар. Аяжоним ана шундан куйган бўлардилар, аслида эса ҳалол эрлари борлигидан рози эдилар. Тўғри-да, иккита эмас, йигирмата тилла тангани яшириб қолган бўлсалар ҳам у қанчага етарди? Икки қоп бўлса, тўкин ҳаёт ҳақида гапирса бўларди – бу менинг болаликдаги фикрим.
Ўша давр ҳақида сўз кетганда менга бошқа воқеалар баёни кўпроқ таъсир қилади. 1971 йилда Бойсунга борганимда йўлдаги кичкина мармартош – лавҳага битилган ёзувларни ўқиб ажабланган эдим. Унда айтилишича, бу ерларда советларнинг машҳур маршали Будённий бўлган экан. Ажабланганимнинг сабаби шуки, йигирманчи йилларда Фрунзе ва Куйбишевларнинг юртимизда олиб борган жанглари ҳақида тарих китобларида маълумот бор, лекин Будённий ҳеч ерда эсланмасди. Бунинг сабабини бойсунлик оқсоқоллар тушунтириб беришди. У шопмўйлов қизил командир чопон кийиб, салла ўраган эркакларни “босмачи” гумон қилиб, қиличдан аёвсиз ўтказаверган экан. Унинг бу ваҳшийлигини яшириш мақсадида у тарих сира эсланмас экан. Дадажоним Бухоро томонларга борганларида татар командирлари қишлоқ аҳолисидан беш-ўнтасини душман гумон қилиб, отишга ҳукм этибди. Бегуноҳ одамлар орқа қилиб туришган экан. “Отилсин!” деган буйруқ янграганда ўгирилиб қарашаркан. Кўз-кўзга тушгач, курсант-аскарлар милтиқ тепкисини босолмай қолишаркан. Бу ҳол бир неча марта такрорлангач, отда ўтирган командир “оналарингни!..” деб сўкиниб, қиличини шартта яланғочлабди-ю, бегуноҳ маҳкумларга яқинлашиб, худди машқ пайтида ёғочга қўндирилган қовоқларни чопгандай, бир-бир уларнинг каллаларини узиб ташлабди. Икки кундан сўнг дадажоним соқчиликда турганларида узоқдан бир одам от қўйиб кела бошлабди, яқинлашганда қиличини яланғочлаб: “Отма, сен ҳам мусулмонсан, мен ҳам мусулмонман, биз қариндошлармиз!” – деб ҳайқирибди. Гапига қараганда, ёмон нияти йўқ, лекин қилич ўйнатишидан қўрққулик. У ҳайқирмаса ҳам, дадажоним тирик одамга қараб ўқ уза олмасдилар. У киши яқинлашиб, қилич уришга шайланганида оти мункиб, ўзи эгардан учиб кетиб жон таслим қилган экан. Командир буни кўриб: “Отиб ўлдирганингда мукофотланардинг”, деб танбеҳ бергач, ўликка қараб ўқ узиб: “Майли, соқчиликдаги зийраклигинг учун сени мукофотга тавсия этаман”, – деган экан.
Ўшанда бегуноҳларга қараб ўқ узмаганлари учун Аллоҳ ҳаётларини сақлаб қолган бўлса керак, деб ўйлардим.
Агар одам бошқалардан бирон нимани илҳақ кутмаётган бўлса, ўзгаларнинг марҳаматига муҳтож эмас экан, бир асаларига иккинчиси, бир арғумоққа бошқаси хатарли бўлмаганидек, одамлар ҳам унга даҳшатли ёки ёвуз бўлиб туюлмайди. Агар унинг бахту иқболи бошқалар измида бўлса, одамлардан қўрқа бошлайди.
Демак, яшамоқнинг қоидасини бу тарзда белгиламоқ афзал: ўзимизники бўлмаган барча нарсалардан воз кечмоғимиз шарт. Токи ўзимизники бўлмаган бу нарсалар ўзимизга хожа бўлиб олишмасин. Аъзойи баданимизнинг хоҳиш-истакларига қулоқ солмайлик, унинг инжиқлик-лари бузуқлик жари томон етаклаши мумкин; бойликка муҳаббат уйғонишидан сақланайлик, бу муҳаббат ҳалок қилғувчидир; шон-шуҳрат, мансаб, эҳтиромлар эшик қоқса, “хуш келибсиз, мен сизга мунтазир эдим”, деб қучоқ очмайлик. Бу ўринда дониш аҳли дерки: фарзандларинг, хотининг, ака-укаларингдан ҳам воз кечгил. Лекин бу талабни сўзма-сўз тушунмоқ дуруст эмас. Яқинлардан воз кечмоқлик – уларни кўчага чиқариб ташламоқлик ёки тўнни елкага ташлаб “ҳайт!” деб чиқиб кетмоқлик эмас. Гап бу ерда яқин кишиларнинг нафс балосига учраб қолишидан қайтариш ҳақида кетяпти. Кишининг яқинлари нафс ботқоғига бота бошладими, истасин-истамасин ўзи ҳам улар изидан бораверади. Ўзини сақлаб, уларнинг ҳалок бўлишларини кузатиб туриши эса виждондан эмас.
Аввалги фикрни давом эттирсам: ўзимизга тегишли бўлмаган нар-салардан воз кечар эканмиз, одамларнинг зулмини зулм билан қайтармоғимизга ҳожат қолмайди. Дейлик: рўпарамизда қамоқхона турибди. Унинг мавжудлиги руҳингизга қандай зарар етказиши мумкин? Нима учун уни бузишга киришмоғингиз керак? Нима учун ундаги одамларни ўлдира бошлаш лозим? Бу қамоқхона, ундаги кишанлар ўз хизматига эга. Ўзига тегишли бўлмаган нарсалардан воз кечган инсон агар бу кишанга банди қилинса ҳам, фақат жисми боғланади, руҳи эса озод ҳолда қолаверади. Руҳига ҳеч ким дахл қила олмайди ва у ўз хоҳишича яшайверади.
У одам бунга қандай эришади? У ўзининг иродасини букиб, Аллоҳнинг иродаси қаршисида тиз чўктирган. Агар Аллоҳ унинг безгакдан титрашини истаса, у одамнинг ўзи ҳам буни истайди. Агар Яратган Тангри бу ишни истаса, у одам ҳам айнан шуни ихтиёр этади. Агар Рабби бирор ҳодиса юз бермоғини хоҳласа, у одам ҳам истайди. Тангри истамади, у ҳам хоҳламайди. Агар Қодирул Ҳолиқ унинг азоб чекишини, оқибат ўлим топишини тақдир этдими, у одам ҳам шундай азоб чекмоқни ва жон бермоқни орзу этади. Айнан шу фазилат одамнинг бошқалардан қўрқмай яшамоғига имкон беради.
Дадажонимнинг ҳарбий офицер бўлганларини ҳалигача тасаввуримга сиғдира олмайман. Бировга бақира олмайдиган, пашшани ҳам ўлдира олмайдиган одам қанақасига ҳарбийда хизмат қилди экан, деб ўйлайман. Офицерларнинг ғоят бешафқат ва бемеҳр бўлишларини, қўполликлари, сўконғич эканликларини эшитардик. Дадажонимда бу каби иллатлар йўқ эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳарбийда кўп хизмат қилмаганлар, Самарқанддаги Ўзбек дивизиясида бир қанча муддат хизмат қилгач, захирага чиққанлар. Совет даврида “ДОСААФ” деб номланган ярим ҳарбий идора ўттизинчи йилларда “ОСОАВИАХИМ” (Обшество содействия обороне, авиационному и химическому строительству – мудофаа, авиация ва кимёвий қурилишга кўмаклашувчи жамият) деб аталган. Захирага чиққач, шу жамият хизматига юборилганлар. “Бахт йўқ эди, бахтсизлик ёрдам берди”, деганларидек, хизматдан вақтида кетган эканлар. Кўп ўтмай, Файзулла Хўжаев, Акмал Икромов ва унга яқин бўлган комдив (генерал майор даражаси) Миркомил Миршаропов халқ душманлари деб эълон қилиниб қамоққа олиндилар ва отилдилар. Ўзбек дивизияси тарқатилиб, барча офицерлари қамоққа олинган. Пулемётчилар ротасининг командири бўлган Собир Раҳимов ҳам қамалган, урушдан аввал озод этилиб, кейин жангга кетган. Ўзбек дивизиясидаги бир неча взвод командирларига эса тегишмаган, улар кейинчалик ҳарбийда эмас, балки нозик идоранинг полковниги даражасига қадар хизмат қилишган. Мен буни кейинроқ билганман. Дадажоним бир шаҳарда яшасалар ҳам, негадир у дўстлари билан борди-келдилари йўқ эди. Уруш бошлангач, яна хизматга қайтарилганлар. Свердловскдаги (қадимда ва ҳозир Екатеринбург аталади) қурилиш батальонида рота командири бўлиб хизмат қилганлар. Ўшандаги аскарлар урушдан анча йил ўтиб ҳам дадажонимни йўқлаб келишарди, айримларининг ёши каттароқ бўлса-да “ота”, деб лутф қилишарди. Шундан билардимки, урушнинг қаҳратон кунларида дадажоним оғир меҳнатга тортилган аскарларга меҳр кўрсатган эканлар. Урушнинг охирида Тошкентга қайтарилиб, ҳарбий комиссариатга хизматга тайинланганлар. Баъзилар уруш пайтида ҳам фронтдан қолишнинг бир иложини топганлар. Бунда шубҳасиз, комиссариат ходимининг ҳиссаси бўлган ва шунга яраша “мукофоти”ни олган. Урушдан кейин ҳам ҳарбий хизматга чақирилиш оиланинг катта фожиаси ҳисобланган. Демакки, чақирувдан четда қолиш баҳоналари изланган. Бешта боласи билан ижарадаги уйда турувчи офицер учун бу ҳолат фойдали йўлларни кўрсатарди. Лекин дадажоним бу йўлдан юрмадилар. Юз грамм қора нонга сабр этиб яшадилар. Бизларни ҳам шунга ўргатдилар. Илтимослар, талаблар дўли остида хизмат қилиш ҳалол одам учун осон эмасди. Шу туфайли ариза ёзиб истеъфога чиқдилар.
Тўғриликни ўзи учун шараф тожи деб ҳисоблаган офицернинг узоқ давом этмаган ҳарбий хизмати шу тарзда ниҳоясига етди.
Кейинчалик Совет ҳукумати қарори билан Фуқаролар уруши иштирокчиларига имтиёзлар берилди, хусусан, пенсиялари оширилди. Курсантлик пайтларидаги хизмат ҳам шу доирага кирар экан. У пайтдаги кўп ҳужжатлар йўқолиб кетгани сабабли хизматдошларидан уч кишининг ёзиб берган далолатномаси ҳисобга ўтаркан. Бир неча киши келиб дадажонимдан шундай далолатнома ёздириб кетди. Ўзлари улардан ҳам ёздириб олиб қолсалар бўларди, лекин бу имтиёздан фойдаланишни истамадилар, комсомол ҳужжатларини ҳам тикламадилар.
Дадажонимнинг фитратларида ҳарбий ҳаётга нисбатан санъатга мойиллик кучлироқ эди. Ўсмирликларидаёқ санъатга муҳаббат қўйиб, дутор чалишни, қўшиқ айтишни машқ қилган эканлар. Ҳарбий ўқишда, Ўзбек дивизиясида ҳам ҳаваскорлар гуруҳида иштирок этганлар, санъаткорлар билан яқин алоқада бўлганлар. Айниқса 30–50-йиллардаги машҳур ҳофизлардан бўлган Бобораҳим Мирзаев билан дўстликлари узоқ давом этган. Радиода Бобораҳим Мирзаев ижро этган қўшиқ янграб қолса, мижжалари намланарди. Радиода ишлаб юрган кезларим “Талабларга мувофиқ концерт”да дадажоним учун бу қўшиқларни эшиттиришларини илтимос қилардим. Кекса санъаткорларнинг ашулалари ёзилган пластинкаларни олиб келиб берардим.
Етмишинчи йилларда “Мамат ҳофиз” номи билан машҳур бўлган Муҳаммаджон Каримовга улфат эдилар. Маҳалладаги қўни-қўшниларнинг “гап” деб аталмиш улфатларига ҳофиз таклиф қилиниб, қўшиқларини мириқиб тинглашарди. Тарқалишда уй эгаси унга озгина пул берарди. Ҳофиз бошқа санъаткорлар каби индамай кетмасдан, улфатнинг аъзоси сифатида уларни уйларига чақириб “гап” берардилар. У кишининг фақат қўшиқлари эмас, хулқи ҳам ёқимли эди. Бир одамнинг тўйида икки сўри қўйилган бўлиб, биттасини уламолар, иккинчисини Муҳаммаджон ҳофиз ва унинг созандалари эгаллашган экан. Тўйхона тўлганда ёш уламолардан бири савлат тўкиб кириб келибди. Уламолар ўтирган сўрида жой бўлмагани учун қўшни сўрига таклиф қилишса, у: “Мен ҳофизлар билан бирга ўтирмайман”, – дебди. Ҳофизнинг кўнгли оғриса-да, индамабдилар. Тўйдаги хизматларини қилибдилар. Тарқаш пайтида ўша кибрли уламони четга тортиб: “Тақсир, “ҳофизлар билан бирга ўтирмайман”, деб кўнглимизни ранжитдингиз. Биз урушдаги жанггоҳларда намозни қазо қилмаганмиз. Тупроқда таяммум қилиб бўлса-да, вақтида адо этган-миз”, – дебдилар.
Тўғрилик Мусо алайҳиссаломнинг ҳассалари кабидир. Эгрилик эса сеҳргарларнинг сеҳрига ўхшайди. Тўғрилик ўртага чиқиши билан уларнинг ҳаммасини ютади. Тўғрининг ёрдамига чопган – Аллоҳ таолонинг ёрдамига чопган. Ҳар бир сохталик иймонсизликка етаклайди, ҳар бир тўғрилик иймондандир.
Инсондаги ажойиб хулқлардан бири ростлик – тўғриликдир. Тўғрилик одамдаги барча ишларнинг тартиб ва маромда кетишини таъминлайди. Тўғрилик издан чиқдими, демак, ҳамма ишларнинг тартиби бузилади. Хоҳ катта ва улуғ ишлар бўлсин, хоҳ кичкина ва арзимас амаллар бўлсин, агар диққат кўзи билан қаралса, уларда тўғрилик йўқ экан, ҳаммаси хароб бўлади. Барча турдаги ишларнинг бари тўғрилик билан барқарор, шу ишларни амалга оширувчилар эса тўғрилик билан бардам ва устувордирлар. Ҳаётда одамнинг узоқ яшаши эмас, тўғри яшамоғи муҳимроқ. Тўғриликка ишонмаган ақлнинг ўткир бўлганидан фойда йўқ. Соатнинг ҳам югуриб кетиши эмас, тўғри юриши муҳимроқ. “Сен то қувватинг бор экан, доимо ростлик ва тўғрилик йўлини тут, – дейди дониш аҳли. – Шунда сен саодат чаманидан муддао гулини терасан. Ўқни қара, тўғри бўлгани учун юзи доим гулгун. Камон эгри бўлгани учун каноп билан боғланиб, банди қилинган”.
Халифа Хорун ар-Рашид янги сарой бино қилишни ихтиёр этди. Унинг истаги бўйича сарой ўртасига тўғри бир устун қўйиш зарурати туғилди. Халифанинг буйруғига кўра, шундай устунбоп ёғочни қидира-қидира Бағдодга яқин бир қишлоқдан топдилар. Устунбоп ёғоч Бағдодга келтирилганда Хорун ар-Рашид ёнига амалдорларини олиб, устунни кўрмоқ мақсадида қурилиш майдонига келди. Амалдорлар орасида донишманд Баҳлул ҳам бор эди. У устунга яқин келиб, энгашди-да, нимадир деб пичирлади. Сўнг янада энгашиб, устунга қулоғини тутди.
Унинг бу қилиғидан барча таажжубланди. Халифа эса бу ҳаракатининг сабабини сўради. Донишманд бундай жавоб берди:
– Мен устундан: “Ўзинг бир ёғоч бўлсанг-да, халифа жаноблари сенга пешвоз чиқиб, кўргани келдилар. Бундай иззат ва ҳурматга лойиқ бўлишинг сабаби недир?” – деб сўраган эдим, бундай жавоб қайтарди: “Менэгри бўлмадим, тўппа-тўғри ўсдим, тўғрилигим туфайли шундай иззатга муносиб кўрилдим. Эгри бўлсам эдим, майдалаб, ўтин қилиб ёқиб юборардилар. Тўғри ўсганим учун мени экиб, парваришлаган кишининг хонадонини ҳам бойитдим”.
1948 йилдан эътиборан дадажоним Навоий номидаги мактабда ҳар-бий муаллим вазифасида ишладилар. Бу фан ўқитилиши бекор қилингач, директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари (русчасига қисқартириб “завхоз” – “хўжалик мудири” деб аталарди) вазифасида 1968 йилга қадар ишладилар. Бу даврда дадажонимнинг меҳнат таътилига чиққанларини эслай олмайман. Ҳатто якшанба кунлари ҳам уйда ўтирмас эдилар. Одатларига кўра барвақт туриб, ишга кетардилар. Мактабда дарслар якунланиб, фаррошлар синфларни тозалаб бўлишгач, уйга қайтардилар. Мактаб ҳовлиси боғга, гулзорга айлантирилган эди. Дарслар бошлангунича ҳовли топ-тоза қилиб қўйиларди. Қишда эса синфлардаги печлар ёқилиб, иситиларди. Қоровул, фаррош, боғбон, электромонтёр, дурадгор… барчаларининг ишларини кузатиб, вазифаларини аниқ бажарилишини талаб қилардилар. Агар барвақт бормасалар, қоровул эринибми, ҳовлини супуриб сув сепмаслиги ҳам мумкин эди. Синфлар тозалиги ва иссиқлиги кўнгилдагидай бўлгач, ҳовли супурилиб сувлар сепилгач, қоровул, боғбон билан ўтириб бирга нонушта қилишарди. Бу бажарилиши шарт бўлган одатга айланиб қолган эди. Баъзилар тонг-саҳарда туриш, ўз вазифасини сидқидилдан вақтида бажариш ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш ҳарбий интизомга одатланиш самараси бўлса керак, дейишарди. Ундай эмас, бу фазилатларга болалик ва ўсмирлик чоғида одатланганлар. У даврларда болалар кун ёйилгунча тантиқланиб ётмаганлар. Барвақт туриб, дадалари, акалари билан бомдод намозини ўқиганлар. Намоздан сўнг нонушта қилиб, деҳқонлар далага чиқиб кетганлар, ҳунармандлар дўконларида (тўқув дастгоҳлари “дўкон” деб аталган) иш бошлаганлар. Ҳобил опоқ дадамизнинг фожиали ўлимларига қадар дадажонимнинг кун тартиблари, барча тенгдошлари каби шу тарзда бошланган. Кейин Фарғонадаги, сўнг Тошкентдаги ҳарбий мактабларда бу тартиб давом этган.
Совет даврида ҳар бир одам, албатта, бир жойда ишлаши шарт эди. Ишламаса, “текинхўр” деган айб билан жиноий жавобгарликка тортиларди (Жиноят кодексида “За тунеядство” деган модда бор эди). Шу сабабли айрим ҳунармандлар мактаб ёки боғчаларга қоровул, дурадгор, монтёр каби вазифаларга ишга жойлашишарди. Уларнинг асосий даромадлари ҳунарларидан келарди. Билишимча, айрим завхозлар бундан фойдаланиб, уларнинг маошларига шерик бўлишаркан. Айниқса, оиласидан ажрашган, болаларига нафақа тўлайдиганлар деярли маош олмас эканлар. Дадажонимда бундай ҳаромхўрлик йўқ эди. “Алимент” аталмиш нафақани почтага олиб бориб тўлаб, квитанциясини эгасига кўрсатиб, сўнг ҳужжатларга тикиб қўярдилар. Қолган маошини эса тўлалигича берардилар. Ўзларининг маошлари кўп эмасди, 1961 йилда пул янгилангандан кейин 55 сўм олардилар, бу ҳозирги ҳисобда 55 долларга тенг. Бу пулга биринчи навли ундан уч ярим қоп олиш мумкин эди. Шу пулга қаноат қилардилар. Аяжонимнинг дўппи тикиб сотишдан, баъзи-баъзида новвойликдан даромадлари бўлмаса, оиланинг аҳволи нақадар ночор бўлишини тасаввур этиш ҳам қийин.
Ҳалол киши қорни тўймаса-да, бу фазилати учун улуғ бир неъматга – одамларнинг меҳри-ҳурматига эришади. Дадажоним пенсияга чиққанларидан кейин яна йигирма йил яшадилар. Бу вақт мобайнида бирга ишлаган муаллимлар, қоровуллар, фаррошлар йўқлаб туришарди. Бир одам тўртта нон кўтариб келиб саломлашганда танимадилар. У киши эллик биринчи йили мактабда беш ой қоровул бўлиб ишлаган экан…
Ҳозир мактаб билан ота-оналар орасида тез-тез келишмовчиликлар чиқиб туради. Ота-оналар мактаб томонидан ҳар хил баҳоналар билан пул талаб қилинишидан норози бўладилар. Айниқса, ёзги таътил олдидан таъмирлаш – бўяш, оқлаш учун пул сўралади. 2013 йили 40-мактаб ўқитувчисига “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди. 1 сентябрь арафасида табриклагани бордим. Мактабнинг ташқариси иккинчи қаватга қадар оқланган, юқори қисмининг ранги ўчиб турибди. Ота-оналардан тўпланган пул бино сатҳини тўлалигича оқлашга етмаган эмиш. Қаҳрамонлик бериш ҳақида фармон эълон қилингач, Маориф вазири, шаҳар, туман ҳокимлари келишибди. Ўқув йили бошлангунига қадар таъмирлаб қўйиш ҳокимиятга топширилибди, ҳокимият ваъда берибди. Кузда борсам, ҳеч нарса ўзгармаган, назаримда ҳокимиятнинг бундан зарурроқ юмушлари кўп бўлса керак-да. Битта мактаб биносини оқлаб қўйишдан уларга қандай наф бор? Янги тайинланган директор эса ота-оналардан яна пул йиғиб олишдан хижолат бўлган. Мазкур рисола оққа кўчирилаётган пайтда – 2014 йилнинг июнь ойида ҳам мактабнинг ташқи кўриниши ўтган йилдаги аҳволда – ола-була эди. Бу манзарани оқ шим кийиб, елкасига жулдур тўн ташлаб олган одамга ўхшатиш мумкин.
Дадажоним ишлаган пайтларда ота-оналардан пул йиғиш деган гап бўлмас эди. Ўзим 1963 йилга қадар шу мактабда ўқиганим, 1965–66-йилда ишлаганим учун буни аниқ биламан. Ёзда таъмирлаш ишлари кенг кўламда олиб бориларди. Бўёқлар ва шунга ўхшаш керакли ашёлар тўла-тўкис бўларди. Қўшни мактаб завхози: “Абдумалик ака, ўн кило бўёқ олиш учун бир ой сарсон бўлдим, сиз шунча бўёқни қандай ундирдингиз?” – деб сўраганини эшитган эдим. Дадажоним одатлари бўйича бу саволга кулимсираб қўйиш билан жавоб қайтарган эдилар. Мен эса буни билардим.
Эллигинчи йилларнинг бошларида канализация деган қулайлик йўқ эди. Мактаб ҳожатхонаси вақти-вақти билан махсус машиналарда тозаланарди. Совуқ кунларнинг бирида бир машина олиб кетилибди, хизматчи йигит эса унинг қайтишини кутиши керак экан. Дадажоним қарасалар, у ҳожатхона ичида дийдираб турганмиш. Уни синфдаги уйимизга таклиф қилибдилар. У устининг ифлослигидан уялиб кўнмаса ҳам, билагидан ушлаб, мажбурлаб бошлаб кирибдилар. Иссиқ чой берибдилар. У йигит институтда ўқиб, баъзан шу ишда ишлаб даромадини яхшилаб оларкан. Кечга томон йигит хизматини якунлаб, сўнгги машина билан кетибди. Орадан бир неча йиллар ўтиб, май ойининг ўрталарида мактабга яхши кийинган бир одам келиб, дадажонимни сўрабди. Дадажоним уни танимабдилар. У ўша йигит экан, ўзини танитибди. Институтни битириб, хизмат пиллапояларидан аста-секин кўтарилиб, ниҳоят, Ўрта Осиё миқёсидаги бир идорага бошлиқ ўринбосари бўлиб келибди. Бу идора ҳозир йўқ, ўшанда мактабдан узоқ бўлмаган Оқилон маҳалласидаги икки қаватли иморатда жойлашган эди. У киши дадажонимдан ҳол-аҳвол сўраб, уйнинг битган-битмагани билан қизиқибди, “қанақа ёрдам керак бўлса айтинг”, дебди. Дадажоним уйнинг аҳволидан сўз очмай, мактабни таъмирлашга ёрдам сўрабдилар. Ўша йилдан бошлаб, мактаб таъминоти аъло даражада бўлгани барчага маълум. Уйимизга бир банка бўёқ ёки ярим челак оҳак келмаганини эса ўзимиз биламиз. Мактабни таъмирлаш ишлари вақтида ва аъло даражада бажариларди. Уйнинг ишларига эса эътибор бермасдилар. Шундай бўлганки, ёзда ё эрта кузда қуриб қўйиш мумкин бўлган печ қиш совуғи бошланганда қурилган. Ҳолбуки, печ қурувчи уста шу мактабда қоровул, хотини фаррош бўлиб ишларди. Печни ярим кунда қуриб битирганлари эсимда. Ёддан кўтарилмайдиган воқеа тўй куни бўлган. Ботир акам марғилонлик яқин қариндошимизнинг қизларига уйланганлар. Алихон тоғам Тўйтепада колхоз гаражида ишлардилар. Раиснинг марҳамати билан бир юк машинаси берилиб, келин сеплари билан ўша машинада олиб келинган. Қамчиқ довонидаги йўл эндигина қурилган йиллар эди, ўша довонни ошиб келишган. Келин, келинни кузатиб келган аёллар, куёв ва унинг дўстлари юк машинада тоғ ошиб келиб роса чарчашган. Уйда эса… девор оқланяпти… Қўшнимиз Мушарраф опоқи келинни ва меҳмонларни уйларига бошлаган эдилар.
Дадажонимизнинг шунақа беғамликлари ҳам бор эди. Бу фазилат бўлмаса-да, дадажонимизни айблашга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Дадажоним ҳусни хулқ эгаси эдилар: бировнинг кўнглини оғритмаганлар, ҳамиша ҳаромдан жирканганлар, ҳалолликни ардоқлаганлар, ёлғон гапирмаган-лар, ғийбат қилмаганлар, ёмондан йироқ, яхшига яқин юрганлар, қўллари очиқ, саховатли эдилар, топганларини ўртада баҳам кўрардилар. Зиқналик нималигини билмасдилар. Хилм – мулойимлик, ширинсуханлик бисёр бўлгани ҳолда шижоат, қатъийлик, тадбиркорлик, чўрткесарлик фазилатларида етишмовчилик бор эди.
Бир мухбир менинг камчиликларим ҳақида қизиққанда: “Мен курашувчан эмасман. Адолатсизликни кўрганимда уни бартараф этиш учун курашмай, чекинавераман”, – деб айбимни тан олган эдим. Курашиш фазилати аяжонимда бор эди, бу борада мен дадажонимга тортганман.
Ҳаётларининг охирги йилини бот-бот эслаб, “ғайратсизликлари туфайли хасталикни енга олмадилармикин?” деб ўйлайман. Сабрга кўп даъват қилинади. Сабрли бўлиш бошқаларга муте бўлишни англатмайди. Кези келганда одам ўзини, оиласини, дўстларини ва ниҳоят Ватанини ҳимоя қилиши шарт. Бундай ҳолатларда ғайрат ва шижоат сабрга муқобил бўлмайди. Болалигимда бир воқеа кўнглимни ғоятда ранжитган эди. Эллик бешинчи йил эди шекилли. Тоғамникидан қайтаётгандик. Чорсуда бир трамвайдан тушиб, Кўкчага бориш учун иккинчисига чиқишимиз керак эди. Қоронғу тушиб қолган. Кўчада рўпарадан келаётган икки маст йигит хиралик қилди. Биттаси дадажонимнинг юзларига шапалоқ тортиб юборди. Дадажоним индамадилар. Тоғамнинг божалари ҳам бор эди, улар ҳам аралашмадилар. Дадажоним баланд бўйли, кучли эдилар. Ҳарбийда қилич ўйнатган билакдаги қувват ҳали тарк этмаган эди. Мен маст йигитларни ура-ура пачоқ қилиб ташлашларини истадим. Лекин… ўшанда бу шижоатсизлик бўлиб туюлган эди. Энди билсам, инсонийлик фазилати мукаммал бўлгани учун маст йигитлар билан ўчакишмаган эканлар…
1987 йилда Маданият вазирлигининг Санъат бошқармасида Бош муҳаррир вазифасида ишлардим. Москвага, бир ойлик малака ошириш ўқишига боришимни айтишди. Бунақа йиғинларни жиним суймаса-да, ноилож отландим. Бориб, СССР Маданият вазирлигининг ётоқхонасига жойлашдим. Қозоғистонлик ҳамкасбим билан ҳамхона бўлдим. Ўша кун-лари кутубхоначилар ҳам малака ошириш ўқишига келишган экан. Ҳамхонам сувга тушган балиқдай ҳузурланди-ю, маишат бўйича “малака ошириш”ни бошлаб юборди. Мен бир кечага аранг чидадим. Эртасига Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт жамғармасига бориб, шаҳар ташқарисидаги Голицино ижод уйига йўлланма сотиб олдим. Малака оширишдаги ўқув жараёни менга ҳеч қандай янгилик бермас экан, Москва театрларидаги тўрт-беш спектаклни кўриб, таҳлил қилиб, фикрларимни баён этиб бериш билан чеклансам ҳам бўлар экан. Жияним Маъруфжон Голицинода жойлашган танк дивизиясида хизмат қилаётган эди. Бундан аввал икки марта кўргани бориб узоқ ўтира олмаган эдим. Ижод уйига жойлашгач, ўзи ва командирларини меҳмон қиламан, деган ниятим ҳам бор эди. Ижод уйи ўрмон этагида, ғоят тинч жой эди. Қишлоқ кўчаларида “Шовқин солманг, ёзувчилар ижод билан бандлар” – деган ёзувлар бор эди. Бир ҳикоянинг хомаки баёни хаёлимда пишиб етилгандай эди. Ўша кеча иш бошладим. Тонгга қадар ёздим. Бу “Ажаб дунё” деб номланган ҳикоя эди. Дастлабки саҳифаларда урушда оёқдан ажраб қайтган Йигиталининг машаққатини тасвирладим. Кесилган оёқдаги оғриқ баёнини ёзаётган чоғим вужудимда алланечук тушунуксиз ҳол юз берди. Ҳикоя қаҳрамонига юрак-юракдан ачиндим. Тонгдан нонуштага қадар ухлаган бўлиб, кейин кўчага чиқдим. Ҳарбий қисмга боришдан олдин почтахонага кириб, уйга қўнғироқ қилдим. Уйимизда телефон йўқлиги сабабли, қўшнимиз Мушарраф опоқини безовта қилдим. “Қаёқларда юрибсан?” – дедилар. Гаплари оҳангида норозиликни сездим: “Тинчликми?” – деб сўрадим. Айтмоқчи бўлган гапларини айтгилари келмай: “Ҳозир хотинингни чақириб бераман”, – дедилар. Аҳли аёлим салом бергач: “Адаси, қайтиб кела қолинг”, – деди. Кейин дадажонимнинг йиқилиб тушганларини айтди. “Қаттиқ хавотир олманг, яхшилар-у, қайтиб кела қолинг”, –деди. Ўша заҳоти қайтиш тадоригини кўрдим. Самолётга чипта олиш осонмас, поезд эса уч кечаю икки кундузда етиб боради. Ҳозиргидай ён телефонлар йўқ… Тунни Домодедово аэропортида умид билан ўтказдим. Москвалик таржимон дўстимнинг аэропорт милициясида таниши бор экан, кечки самолётда жўнатди.
Дадажоним уйда бошлари айланиб, йиқилиб тушган эканлар. Чап сонлари дарз кетибди. Мен Ижод уйида ҳикоя қаҳрамони оёғидаги оғриқни баён қилиб ўтирганимда, дадажоним уйда оёқ оғриғидан азоб чекиб ётган эканлар. Ҳикоя ёзилиш чоғидаги тушунуксиз ҳолатимни англадим. Травмотология шифохонасига олиб бордик, тўпиқдан гипслаб қўйишди. Шу тарзда қимирламай ётдилар. Ўшанда, ҳужжатга кўра, ёшлари саксон учда эди. Лекин ўзлари тўқсондан ошганман, дердилар. Бу ёшда суякнинг битиши қийин бўларкан. Октябрнинг бошларида қўйилган гипс янги йилда олинди. Аста-аста турғизишга уриндик. Юришга қўрқдилар. Мен аравача олиб келдим. Баҳорда айвонга, ҳовлига олиб чиқардим. Бўйнимга осилиб, бир- икки қадам ташлашга уринардилар-у, чарчадим, деб ўтириб олардилар. Шу зайлда бир йилу бир ой ётдилар. Аввалига кундузи аяжоним ва аҳли аёлим, кечалари мен қарадим. Ботир акам: “Тоҳирнинг бир ўзига қийин”, – деб навбатчилик ташкил қилдилар. Ўзлари, Баҳодир акам, жияним Бобир, Улуғбек, сўнгроқ ҳарбий хизматдан қайтган Маъруфжон навбатчилик қилардик. Баҳодир акам “ҳадеб ётаверманг, туриб юринг”, деб тергаганлари учун “Прокурор” деб ном қўйган эдилар. Кечалари нав-батчилик қилиш менга оғир эмасди, чунки мен тунда ижод қилишга одатланган эдим. Ўша навбатчилик кезлари “Ажаб дунё”ни давом эттирдим. Ҳикояни қарийб бир йил давомида ёзиб тугатдим. Қуш уйқусида бўлган дадажоним бир тунда кўзларини очиб: “Нималарни ёзяпсан?” – деб сўрадилар. “Сизга ўхшаган бир тўғри одам ҳақида ёзяпман”, – дедим. “Ҳа… яхши”, – дедилар.
Пенсияга чиққанларидан кейин китоб ўқишга одатланган эдилар.Мен уруш воқеалари баён қилинган китобларни топиб берардим. Бир кўзлари кўрмай қолган, иккинчи кўзларига қалин кўзойнак тутиб ҳиж-жалаб ўқирдилар. Менинг ёзганларим фантастика тарзида бўлгани учун қизиқмасдилар. “Сомон йўли элчилари” нашрдан чиққанда қувона-қу-вона ўқишга бериб эдим. Бир ой давомида ўқиб чиқдилар-да, “китобинг нима ҳақда эди?” деб сўрадилар. Тушунмаганларини англаб, бошқа китоб-ларимни ўқишга таклиф этмай қўйдим. Ўша тунда кўнглимни кўтариш учун сўраган, кейин “Ҳа… яхши…” деганларини англадим. Афсусларимки, дадажонимга ёқадиган китоблар кейинроқ ёзилди. “Шайтанат” балки ёқарди, балки йўқ, аниқ айта олмайман. Лекин “Сўнгги ўқ”, “Иблис девори”, айниқса, “Одамийлик мулки”ни ўқиганларида астойдил мақтаган бўлардилар, деб ишонаман.
Дадажоним ҳамиша врач назоратида бўлишни, доимий равишда дори ичиб юришни ёқтирардилар. Қайси врач кўп дори ёзиб берса, дадажонимнинг назарларида ўша “энг яхши дўхтир” мартабасида юрарди. Мен: “Дадажон, ошқозонингиз дорихонанинг омборига айланиб кетди-я!” – деб ҳазиллашардим (Бекорга шундай ҳазил қилган эканман, ҳозир ўзим ҳам шунақаман). Бир куни Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникасига олиб бордим. Оиламизга қарайдиган врач йўқ экан, бош врачнинг ўзи қабул қилди. Кўриб бўлгач, мени ташқарига имлаб чақирди:
– Нега олиб келдингиз, соппа-соғлар-ку?
– Айтганларида олиб келмасам, ранжир эдилар. Дорихонадан топиладиган оддийроқ бирон дори ёзиб бера қолинг.
Врач хонасига қайтиб, “Оддийроқ нимани ёзиб берсам экан?” деб ўйланди шекилли, столи устидаги китобни варақлади. Китобга қараб туриб дори номини ёзиб берди. Қайтишда дадажоним: “Бу дўхтиринг бўлмади, ўзимизнинг Собиржон яхши эди”, – дедилар.
– Бу одам фан номзоди, сизга нимаси ёқмади? – дедим ажабланиб.
– Фан номзоди бўлса ҳам, ҳеч нима билмас экан, рецептни китобга қараб ёзди. Собиржоннинг унвони бўлмаса ҳам тажрибаси зўр эди.
“Собиржон” деганлари амбулатория врачи эди. Дадажоним негадир шу кишига ихлос қўйган эдилар. Лекин камина бу фикрда эмас эдим.
1973 йили май ойи эди шекилли, эрталаб уйқудан уйғониб турмоқчи бўлдиму бошим айланиб йиқилиб тушдим. “Ўзбекона одат”га кўра, “ўтиб кетар”, деб икки кун ётдим. Ўзгариш бўлмади. Бошимни қимирлатишим билан еру осмон чирпирак бўлиб қўшилиб кетгандай бўлаверди. Оқибатда Собиржон акамизни чақиртирдик. Барча врачлар каби биринчи галда қон босимимни ўлчадилар. Кейин мижжаларимни қайриб кўрдилар… Хуллас, бирон хасталикни аниқлашга асос топилмади шекилли, ўйланиб қолдилар. Мен китоб жавони ёнида ётган эдим. Териб қўйилган китобларга қараб туриб:
– Шу книгаларнинг ҳаммасини ўқиганмисиз? – деб сўрадилар.
– Баъзиларини охиригача ўқиб чиққанман, айримлари билан қисман танишман, – дедим.
“Яхши”, деб чиқиб кетдилар. Бир оздан кейин аҳли аёлим кириб менга маъюс қараб, бирон сўз айтмай чиқиб кетди. Кейин аяжоним кириб тикилиб ўтирдилар, бошимни силадилар. Хуллас, кейин маълум бўлдики, дадажоним ихлос қўйган врач: “Кўп китоб ўқийверганидан ўғлингизнинг мияси айниб қолганга ўхшайди, психиатрга олиб боринглар”, – дебди. Ажабки, унинг гапига амал қилиб, психиатрга ҳам олиб боришди. Ботир акам билагимдан ушлаб олганлар, бошим айланиб кетмаслиги учун бир нуқтага тикилиб юраман. Буни кўриб психиатр мени кўзи ожиз деб ўйлабди. “Нега олиб келдинглар?” – деб ажабланди. Акам врачнинг йўлланмасини кўрсатдилар. Унинг жаҳли тез экан: “Ўша врачни олдимга олиб келинглар, ўзини даволаш керак”, – деб бобиллаб берди. Бу воқеани кўп эслайман, аҳли аёлимга ҳазил тариқасида таъна ҳам қиламан. Ўшанда кундалик дафтаримга буларни ёзиб қўйган эканман:
“Ажаб! Ҳисоблаб кўрилса, одам танасидаги аъзолар йигирма-ўттизта чиқар, балки сал кўпроқдир. Аммо шу танага шифо беришга мўл-жалланган юзлаб, балки минглаб дорилар бор. Ҳеч қайси дори, айниқса кимёвий дори хасталикни батамом даволай олмайди. Оддий мантиқ будир: агар даволай олганида ўлим бўлмас эди. Дори хасталик азобини бир оз ортга чекинтира олади, холос.
Замонавий медицина, асосан, Европа шароитини ҳисобга олган. У томонларнинг табиати, қуёши, ҳарорати бизникидан фарқ қилади. Ишлаб чиқарилаётган дорилар ҳам ўша ернинг тажрибасидан ўтади. Ўша ердаги беморларда синалади. Ҳолбуки, дард ва унга шифо масаласида ҳаво, сув, қуёш, тупроқ каби омиллар орасида жиддий фарқлар бор. Биргина мисол: Европа медицинасида “иссиқ ёки совуқ мижоз” деган тушунча йўқ. Иссиқ мижозли беморга ҳам, совуқ мижозлига ҳам бир хил дори. Айни бир дорининг баъзиларга ижобий, бошқаларга салбий таъсири айнан шундандир. Бизнинг табобатимизда эса бу нарса муҳим аҳамиятли саналади. Замонавий медицина яна бир нарсани эътибордан четда қолдиради: тан хасталигини келтириб чиқарувчи омил – руҳ хасталигидир. Руҳ хасталиги эса руҳнинг нопоклигидан келиб чиқади. Руҳ покланмай туриб шифога умид қилмаса ҳам бўлади”.
1988 йил ноябрь ойининг биринчи кунлари дадажоним ухламасалар-да, алаҳсирай бошладилар. Девор томондан кўзларига аждодлари кўриниб, улар билан суҳбатлашдилар. Кейин ўзлари қаттиқ ухлаб қолдилар. Мен Қори акани чақириб келдим. У киши аввал дадажонимга, кейин менга қараб: “Аллоҳдан умид қиламиз”, – деб пичирладилар-да, “Ёсин”ни ўқий бошладилар. Учинчи “мубийн”дан сўнг дадажоним чўчиб тушгандай кўзларини очдилар. Аввалига ҳеч нимага тушунмадилар. Менга тикилиб ётдилар, кейин Қори акага қарадилар-да: “Ёсин”ни ўқияптими?”– деб сўрадилар. Жавобни кутмай, бошларини девор томон ўгириб, кимлар биландир гаплаша кетдилар. Қори ака дам солишни ниҳоясига етказган пайтларида яна ухлаб қолдилар. Шунда Қори ака бир неча нафас ҳаракатсиз ўтирдилар-да: “Умид ёлғиз Аллоҳдан”, – деб пичирлагач, менга юзландилар:
– Ўғлим, қаранг, бурун катаклари кенгайиб, тепага тортиляпти. Умид Аллоҳдан, аммо зийрак бўлинглар, – дедилар.
Яқинда бир воқеани айтиб беришди: тақводор бир одам оғир хасталикка учраб, худди дадажонимга ўхшаб, уйқуга кетибди. Ўғиллари мураттаб қори эканлар, “Ёсин”ни ўқий бошлабдилар. Бир марта ўқиб, дам солганларида дадалари уйғониб: “Ҳа, ўғлим сизмисиз?” дебдилар-у яна уйқуга кетибдилар. Иккинчи марта ўқиб дам солганларида ҳам шу ҳол такрорланибди. Учинчисида яна уйғониб, ўғилларига қараб, мамнун равишда жилмайибдилар:
– Ўғлим, Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Аянгиз мени олиб кетгани келган эдилар, энди эргашган пайтимда сизнинг овозингиз келиб, изимга қайтдим. Сўнг яна аянгизга эргашдим, яна қайтардингиз. Энди учинчи марта қайтдим. Аянгиз узоққа кетганлари йўқ, интиқ кутяптилар, Аллоҳнинг изнига қарши бора олмаймиз, – дебдилар-у, ўша жилмайиш билан мангу уйқуга кетибдилар.
Бу воқеани эшитиб, дадажонимнинг сўнгги нафасларини эсладим. Аяжоним, Худога шукур, ҳаёт эдилар. Дадажонимнинг кўзларига кимлар кўринди экан? Уйқу аралаш “дада” деб ғўдираганлари ҳали ҳам қулоғим остида жаранглайди. Балки масжид остонасида қонга беланиб ётган дадалари кўрингандирлар? Балки онажонлари йўқлаб келгандирлар.
Эҳтимол шундайдир, билгувчи Аллоҳ! Хасталик мени қийноққа олган тунларда тушимга кўпроқ аяжоним кирадилар, пешонамни силайдилар. Дадажонимни ҳам кўраман, лекин улар мени чорлашмайди. Хирургларнинг қўлларидан омон чиқаётганимнинг ишораси шундадир.
Бунга ўхшаган ҳолатларни “Шайтанат”да баён қилганман:
Элчин тўппонча оғзидан сачраган оловни кўрди, сўнг… чуқур қудуққа ағанади. Юраги қинидан чиққудай бўлиб шитоб билан тубсизлик сари учаверди. Учаверди, учаверди… қудуқнинг тубидан эса дарак йўқ. Сўнг… қоронғулик чекиниб, атрофи ёриша борди. Ғалати манзаралар кўринди. Кейин бирдан… харобгина бостирма ёнида ота-онасини кўриб, титраб кетди. Волидайн тажрибахонада киядиган оқ либосларида эдилар. Элчин шум хабарни эшитибоқ мактабдан етиб келганида улар қўланса ҳидли тажрибахонада шу кийимда, жонсиз ҳолатда ётар эдилар. Уларнинг кимёвий тажриба ўтказаётиб заҳарланишганини кейинроқ билди. Шу пайтгача бирон марта бўлсин “заҳарланишганмиди ё ҳасадчи ҳамкасблари заҳарлашганмиди?” деб сира ўйламаган эди. Ҳозир тубсизлик сари учиб бораётганида нечукдир шу савол хаёлига келди. Пича тўхтаб, сўроғини сўради, аммо жавоб ўрнига бошқа гап эшитди:
– Сен бу ерда тўхтама, сени Ноила кутяпти, – деди онаси жойидан жилмай.
– Нима учун бу хароб бостирмада яшаяпсизлар? – деб сўради Элчин.
– Ҳар ким амалига яраша ажр олар экан, – деди отаси.
Элчин бу гапнинг маъносини тушунмади.
– Мени ахийри отишди, – деди Элчин. – Ойи, эсингиздами, қамоқдалигимда келиб, бошимни силардингиз, ўзим ҳимоя қиламан, дердингиз?
– Ҳимоя фақат Яратгандандир. Биз Тангримнинг хоҳиши билан сени ҳимоя қилар эдик. Бизга берилган бундай ҳуқуқ кучи бугун қирқилди. Биз сендан ҳар он дуолар кутдик. Ақалли бир мартагина пешананг саждага тегиб, ҳаққимизга дуо қилсанг, бизларни бу хорликдан оз бўлса-да, қутқарар эдинг.
– Имконим бўлмади.
– Имкон ўз қўлингда эди. Сен ҳам биз каби Тангридан йироқлашдинг. –Бўлди, бас, тўхтама, энди Қиёматда дийдор кўришамиз.
– Мен… ўлдим… энди сизлар билан бирга бўлишни истайман.
– Йўқ, болам, бу бахтдан бизлар бенасибмиз.
…Бу аёвсиз ҳукмни эшитиб, Элчин инграб юборди. Куёвининг ҳаракатсиз гавдаси узра энгашган Асадбек шу аламли, азобли инграшни эшитган эди…
…Ота-онаси бағрига сиғмаган Элчин яна уча бошлади. Сўнг яйдоқ далада, ўтлари, чечаклари топталган кенгликда Ноиласи кўринди. Ўша кўйлакда, аммо… кўкрагида қонли доғ йўқ. Ўша пичоқ… кўкрагида эмас, қўлида… учидан қон томиб турибди. Қамоқда эканида, тушларида кўрганида бу кўйлакда қонли доғ бўлгувчи эди. Энди эса топ-тоза…
– Ноилам, ниҳоят келдим, энди ҳамиша бирга бўламиз. Отишганидан хурсандман. Лекин афсусим ҳам бор… Охиригача қасос ололмадим. Фақат биттасини ўлдирдим… Нега индамайсан, Ноила?
– Биттасини ўлдирдингиз… бир бегуноҳ бокира қизни эса, булғаб ташладингиз. Бу камми сизга?!
– Бу – қасос, Ноила! Ахир эсингдами, тушларимга кириб, қасосга ундар эдинг?
– У мен эмас эдим.
– Нима учун бундай деяпсан, тушларимга киргучи сен эдинг!
– Йўқ, адашяпсиз, у – қалбингиздаги шайтон эди. Менинг қиёфамга кириб сизга кўринар эди. Ўйлаб кўрмадингизми, бир қизни булғашга мен сизни даъват этишим мумкинмиди? Мен сизни ҳеч ёмонликка қараб ундаганманми? Мана бу топталган чечакларни кўряпсизми? Буларнинг бари булғанган қизлар. Зайнаб ҳам бир куни шу ерга келади. Мен сизни деб бир неча дақиқага турдим, ҳадемай яна чечакка айланаман.
– Мен келдим, Ноила, у дунёда зурриёдим қолмади. Ёлғиз ўғил эдим, уруғимиз қуриди.
– Фарзанд кўришни ўзингиз истамадингиз, ёшликда ўйнаб қолайлик, дедингиз. Ўйнаб-ўйнаб шу мартабага етдингиз.
– Гуноҳларим кўп, биламан, Ноила, энди иложисизман. Энди биз бирга бўламиз.
– Йўқ, сизнинг жойингиз бошқа. Сиз изингизга қайтасиз.
– Ноила, мени ота-онам ҳам ҳайдашди, сен ҳайдама. Мен энди айрилиқ азобига чидай олмайман.
– Сизни ҳайдовчи мен эмасман. Сиз Зайнабга қайтинг.
– Ундай дема, Ноила, қайтмайман. Ҳайдама мени… Биламан, сенинг олдингда гуноҳкорман.
– Сиз Аллоҳ олдида гуноҳкорсиз. Мен сиздан розиман, аммо Аллоҳ рози бўладими-йўқми, билмайман. Қайтинг!
– Ҳайдама! Ноила!
– Сизни ҳайдагувчи мен эмасман.
Шундай деб Ноила кўздан йўқолди – чечакка айланди. Элчин фарёдли овози билан чақирди:
– Ноила!
Унинг ноласи саҳро бағрига томган томчи каби самарасиз бўлди. Кўкрагида алам илони тўлғониб, ингради.
* * *
Ўшанда бир дўстимни ранжитганман, ранжитишга мажбур бўлганман. 3 ноябрь куни дадажонимнинг аҳволлари янада оғирлашиб, “Тез ёрдам” чақирдим. Ўша пайтда дўстим келиб: “Балконимга ясатган ромни ўрнатиб беринг”, – деб илтимос қилди. Шу онда врач чиқиб: “Дадил бўлинг, хафа бўлсангиз ҳам айтаман, эрталабгача бормайдилар”, – деди. Бу ҳукмни дўстим ҳам эшитди. Врачнинг гапи эсимни тескари қилиб юборди. Юрагим тўхтаб қолгандай бўлди. Врачнинг гапи Қори аканинг огоҳлантиришини ҳукмга айлантирди. Бўғзимга бир нима тиқилди, тақдир ёзуғига бўйсинишдан ўзга чорам йўқ эди. Шу ҳолда турганимда ўша дўстим: “Эртага ўрнатиб беринг, индинга менинг вақтим йўқ”, –деди. Чорасизликдан эзилиб турган юрагим бир қалқиб тушди. “Бугун ҳам, эртага ҳам бора олмайман”, – дедим. У вазиятни тушуниб, менга руҳий далда бериш ўрнига “Вой-бў, бир марта ишим тушувди, тарозига соласиз-а”, деб бурилди… Жанозага келмади… Ўзи тирик, қалби ўлик дўстдан ажралиш шунақа бўларкан.
Дадажонимнинг жанозалари ўзлари ишлаган, обод қилган мактабнинг рўпарасидаги Кўкча масжидида, 4 ноябрь, жума намозидан сўнг ўқилди. Ўзлари севган мактабнинг яқингинасида, шайх Зайниддин бува зиёратгоҳининг пойида ётибдилар…
Дадам ўлди,
гўё чўкди тоғ,
шамол йўли очилиб кетди.
Қучоқладик бир-биримизни,
ўткир совуқ
суякка етди.
Шундагина англадик, қандай
оғир бўлган унинг аҳволи,
Тоғдай жисми билан у тўсиб
турган экан барча шамолни.
Бўшлиқ эзди юрагимизни,
Оғушида сўзлатди қайғу:
“Биз ғафлатда яшар эканмиз.
Қандай улуғ одам эди у”.
(Шавкат Раҳмондан)
Шомдан кейин акаларим, бошқа ҳассакашлар уйларига кетишди (Авваллари марҳумнинг яқинлари тобут олдида ҳасса ушлаган ҳолда борардилар. Баъзи жойларда бу одат ҳали ҳам бор. Дарахт навдаларидан таёқ ясаб олишади. Дафн маросими тугагач, ҳассалар қабр тепасига ташланади. Тошкент томонларда бу одат энди йўқ, лекин “ҳассакаш” атамаси “дардкаш” – “ҳамдард” маъносида сақланиб қолган. “Ҳассакаш” араб ва форс тилидаги сўзлардан ясалган, олдинда йўл бошлаб борувчи маъносини англатади. Тўй маросимида хизмат қилувчи қариндошлар, яқинлар ҳам “ҳассакаш” аталади). Хуфтондан сўнг кўча эшигини ёпиш учун бордим. Эшикни беркитишга, айниқса, қулфлашга қўлим бормади. Дадажоним худди эшик ортида маъюс тургандай эдилар. Кўчага чиқиб Кўкча томонга қараб турдим. Ҳолатимни сездилар шекилли, аяжоним чақирдилар. Эшикни қия ёпдим, қулфламадим. Субҳи содиқда туриб, эшикни очиб қўйдим. Бу вазифани ҳамиша дадажоним бажарардилар. Энди бу иш менинг зиммамда эканини англадим. Ўшандан бери эрта тонгда дарвозага яқинлашаман, Ўз паноҳида асрагани учун Тангри таолога шукурларимни изҳор этгач, эшикни очаман, ўзимизга, қўшниларга ҳаловат беришини сўраб дуо қиламан.
1988 йил 5 ноябрдан эътиборан менинг кун тартибим ўзгарди. Аввал барча ухлагандан кейин ёзув столига ўтирар эдим. Баъзан тонгга қадар жойимдан жилмасдим. Дадажоним туриб, бомдодни ўқиганларидан кейин мен уйқуга ётардим. Тонгда кўча эшигини очиш вазифаси зиммамга тушгач, ижод вақти ҳам тонгга кўчди. Энди хуфтондан сўнг уйқуга ётиб, субҳи козибдан аввалроқ, тунги учда туриб иш бошлашга одатландим. Тенгдошларим эрталаб ухлаб ётишимни гапириб, масхара ҳам қилишарди. Айниқса, наҳордаги тўй ёки маърака ошига кечиксам, уларга гап топиларди. 1988 йилдан эътиборан кулишларига асос қолмади.
Отанинг ёки онанинг ёки икковининг хасталаниб ётиб қолиши бемор учун ҳам, унинг фарзандлари учун ҳам ҳаётдаги энг асосий имтиҳонлардан бири саналади. Хазонрезги фаслига кирган қарияларнинг Аллоҳга илтижо қилиб: “Селдай келиб, елдай олсин жонимни” ёки “Илойим ётқизиқлиқ қилмасин” ёки “Қариганимда бошқаларга муҳтож қилма”, деган дуоларини эшитиб турамиз. Ажал фариштасининг бирданига келиб, осонгина жон олишини ҳамма истайди. Яширмайман, менинг бу кунлардаги умидим ҳам шу. Пешонаси саждага қўйилганича жон берганларга ҳавас қиламан. Афсусларки… пиёласига тўлдирилган ароқнинг иккинчи қултумини ютолмай жон берганлар ҳам, ўйнашининг уйида жағи очилиб, кўзлари олайиб қолганларни ҳам эшитганмиз. Европадаги тунги ресторанларнинг томи босиб қолгани, ўнлаб ёшларнинг ўлгани ҳақида ҳам хабарлар тарқатиб турилади.
Гап қандай жон беришда эмас, боқий дунёга покиза руҳ билан боришда, иймон калимасини айтишга улгуришда. Қандай жон бериш одамнинг истаги билан эмас, тақдир ёзуғига ёзилган Аллоҳнинг амри билан бўлади. Хасталикка одамлар турлича муносабатда бўладилар. Бировлар “Қилган гуноҳларининг жазоси” сифатида қарайди. Бировлар эса: “Аллоҳ менга оғир хасталик бериб синаяпти”, – дейди. Қайси бири тўғрилигини ҳам Яратганнинг Ўзи билади. Қудсий ҳадисда марҳамат қиладики: “Эй бандаларим, мен бир мўмин бандамни (бирон касаллик билан) мубтало (имтиҳон) қилсам ва Менинг (мубтало қилганимни) ўзини зиёрат этиб келувчиларга шикоят қилмаса, мен у бандамни асирлар қаторидан (жаҳаннам асирлари ёки турлича касаллик асирлари қаторидан) халос этаман”. Яна айтадики: “Эй бандаларим, мен бандаларимдан бирортасининг баданига ёки боласига ёки мол-дунёсига мусибат юборсам, у менинг мусибатимни сабр билан кутиб олса, Мен Қиёмат кунида унинг номига тарози тикишдан ёки унинг амал дафтарини очишдан ҳаё қиламан (чунки унинг амаллари тарозига сиғмайди, амал дафтарини Мен фазли карамим билан нуқсонларини беркитаман) ва азоб бермайман”.
Булардан шундай маъно оламизки, хасталик сабр имтиҳони экан. Бу ўринда фақат бемор эмас, фарзандлар ҳам сабр имтиҳонидан ўтадилар. Қуръони карим оятларига диққат қилайлик:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, не азобда туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Энди у қачон вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Парвардигорим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукур қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта, мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва, албатта, мен мусулмонлардандирман”, – деди (Аҳқоф сурасидан).
“Раббинг фақат Унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Раббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сурасидан).
“Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга яхшилик қилинглар!” (Нисо сурасидан).
Ота ёки она ёки иккови тўшакка ётиб қолгудай бўлса, фарзандлар “Уфф” демасликлари, балки уларга чиройли хизмат қилишлари лозим экан. Узоқ ётиб қолган беморга қараш осон эмас. Бировлар чидам билан қарайди, кимдир бурнини чийиради, бошқаси “уфф”лайди. Беморнинг зийрак нигоҳи барча ҳолатни сезиб туради. Шунга яраша дуо қилади. Беморнинг дуосини ижобат қилишга Аллоҳнинг ваъдаси бордир.
Ўтган йиллардан мисол: қариб қолган отанинг бир ўғил ва бир қизи бор. Ўғилнинг турмуши тўкин, жамиятдаги мавқеи ҳам баландроқ. Қизининг оиласи бир амаллаб кун кўради. Ота хасталаниб касалхонага тушганида бу фарзандларнинг меҳр-оқибати аниқ кўринади. Ўғил ишда банд эканлигини баҳона қилиб кам келади. Ўғилнинг меҳри шундай бўлгач, оиласиники қандай бўларди? Қиз эса кунда икки-уч қатнайди. Шунда ота қўлларини баланд кўтариб, қизни дуо қилади. Қиз кетгач, жони узилади. Ўша дуо – отанинг розилиги эди. Аллоҳ ҳам ундан рози бўлди. Ўғилнинг оиласидан барака кўтарила бошлади. Бошига кўп ташвишлар тушди. Қариганида фарзандлари ёнида бўлса ҳам, сутга ивитилган бир қошиқ нонни оғзига тутгувчи меҳрибон топилмади. Касалхона фаррошининг қўлида жон берди. Фаррош мусулмонлик қоидаларини билмагани сабабли жағлари, оёқ-қўллари боғланмай, ғассолни ҳам анча қийнади. Ғассол қанча уринмасин, жағ очиқлигича кетди. Бемор ота дуосини олган қизнинг оиласи эса кундан-кун яшнай берди. Қиз кексалик ёшига етганида, хасталанганида фарзандлари қўлларида кўтариб юрганларини ўзим кўрдим. Жон беришлари ҳам мўъжиза каби юз берди. Фарзандлари даврасида, гапларидан адашмай, яхши насиҳатлар қилиб, бир нафас билан енгилгина жон бердилар.
Шу кунларда, шу дақиқаларда ҳам кимнинг отаси ёки онаси шифохонада ётгандир. Уларни йўқлаб ҳар куни боряпмизми? Билишимиз жоизким, уларга докторнинг дориси эмас, бизнинг иссиқ юзимизни кўриш даводир. Кунда бир борамизми? Нима учун икки марта бормаймиз? Борганда ҳам неча дақиқа ўтирамиз? Ўн дақиқами ё ярим соатми? Ҳа… биз ишга банд одамлармиз. Ишимиз кўп. Энди диққат қилайлик: ишимиз кўп, аммо ота-онамиз кўп эмас. Биттагина! Бугунги ишни эртага бажарсак ҳам бўлади. Бугунги мажлисга кирмаслик ҳам мумкин. Бироқ ота-она ғанимат, бугун кўргани келолмасангиз эртага иссиқ юзларини эмас, совуган жасадларини кўришингиз мумкин. Аллоҳ сақласин! Ҳар нафас ғанимат, ҳар дақиқа ғанимат. Дийдор онларини қўлдан чиқарсангиз то ўлгунингизча армонда яшайсиз. Қиёматда қандай ҳолда дийдор кўришасиз? Жаннатда жам бўласизми ота-онангиз билан ёки дўзахда армон ўтида ёнасизми?
Азизим, эҳтимол шу сатрларни ўқиётганингизда отангиз ёки онангиз шифохонададирлар. Аллоҳ уларга шифо берсин. Сиз эса… қўлингиздаги китобни қўйинг. Уларни йўқлашга шошилинг, ҳузурларига боринг, дуоларини олинг. Эҳтимол ота-онангиз соғдир (ҳамиша соғ бўлсинлар), аммо бошқа маҳаллада ёки бошқа шаҳарда яшашар. Бошқа шаҳарда бўлишса қўнғироқ қилинг, ёки икки оғиз ширин сўзингизни оқ қоғозга тушириб, йўлланг. Бу ҳам савоб…
Сабр имтиҳонидан ўтган фарзандлар Аллоҳнинг марҳаматига эришадилар. Мен, акаларим, опаларим, жиянларим шундай мартабага эриша олдикми? Бу ҳам бизларга маълум эмас, шундай даражага етказишни Аллоҳдан илтижо қилиб сўраб яшаяпмиз. Атрофимиздаги воқеаларни кузатганда кўриб, ёки бошқалардан бундай мартабага эриша олиши гумон бўлган фарзандлар ҳақидаги гапларни эшитиб, афсусланаман. Фарзандларнинг нодонликларидан афсусланаман. Булар ҳақида ҳам кўп ўйлайман, айрим издиҳомларда ёшларга ибрат бўлсин учун, гапириб бераман.
Бир биродаримиз кўзида ёш билан айтиб эди: отаси хаста экан. Катта акаси ақиқа маросимига тайёрланаётган экан. Бизда бунақа одат кўп учрайди. “Отам (ёки онам) кўриб қолсинлар”, деб тўй ёки бошқа маросимни тезлатамиз. Бу, албатта, яхши ният. Аммо бу ният ортида “отам (ёки онам) ўлса, тўйим қолиб кетади (ёки тўйга атаганларим азага ишлатилиб кетадими)” деган ҳадик ҳам бўлади, буни яширмайлик. Хуллас, биродаримизнинг акаси ақиқа дастурхонига олинажак неъматларни рўйхат қилиб ўтирганида хаста ота: “Қуюлтирилган ширин сут ҳам олиб келгин”, – деб илтимос қилибди. Шунда нодон ўғил ўйламай-нетмай: “Бунақа сут ҳозир отлиққа йўқ, қаердан топаман”, – дебди. Хаста ота индамабди. Ўша пайтда бу нарсанинг топилиши чиндан ҳам қийин эди. Аммо ўғил отанинг кўнгли учун “албатта топамиз”, деса кифоя эди. “Худонинг марҳаматини қарангки, – дейди биродаримиз, – акамнинг бу гапларидан ранжиб турганимда бир дўстим дадамни йўқлаб, иккита нон билан ўша сўралган қуюлтирилган ширин сутдан олиб келди. “Мана, дада, сўраганингиз, очиб берайми?” – деб сўрадим. Дадам банкани қўлларига олиб, ҳудди гўдак бошини силагандай силардилар-да: “Кейин очасан”, – дедилар. Ақиқадан сўнг дадам ҳушларини йўқотдилар ва кўп ўтмай бу фоний дунёни тарк этдилар. Аёллар дадам истаган қуюлтирилган сутни очиб, ширинликлар пишириб, маърака дастурхонига қўйдилар…”
Шунга ўхшаган воқеалар оз бўлса ҳам учраб турадики, ундан кўзюммоқлик мусулмон боласига хос эмас. Ота-оналарини иззат қилувчиларни ҳаётда кўп учратамиз ва бундан кўнгилларимиз шодланади. “Менинг фарзандларим ҳам шундай солиҳ бўлсин”, деб ният қиламиз. Ният қилишимиз яхши, аммо шунинг ўзи кифоя эмас. Фарзанднинг олижаноб, фазилатли бўлиши фақат унинг насл-насабига тааллуқли бўлиб қолмайди.
Баъзи беморларнинг нафси ниманидир талаб қилади. Бу талаб кўпинча ўткинчи бўлади. Ўша нарса топиб келинганда егиси, ичгиси келмай қолади. Бобур Мирзо ўлим тўшагида ётганларида Андижон қовунини егилари келган экан. Баъзи беморларнинг хаёллари чалғиб қолади. Нимадаъво қилаётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Ҳикматхон катта бувимизнинг бетобликларини эшитиб, Тўйтепага бордим. Овқатланиб ўтир-ган эканлар. “Келиним менга гўшт бермайди”, – деб нолиб қолдилар. Шўрванинг сувини ичиб олганлар, битта картошка билан иккита сергўшт устихонга ҳали навбат келмаган… Фотимахон янгамиз бу гапдан уялиб кетдилар. Мен бу қарилик сабабидан хаёлнинг чалғиши эканини айтиб, хижолатликдан чиқаргандай бўлдим. Агар киши соғ пайтида шундай деса, туҳматга киради ва унга жавобан бир нима дейиш мумкин. Лекин бу андишали ҳолатни сабр сукути билан енгиш, беморга норизо сўз айтмаслик, кўнглини оғритмаслик керак бўлади.
Ўз уйида фарзандларининг меҳрибонликларини кўриб ётган беморни бахтли дейиш мумкин. Чунки айни дамда “Қариялар уйи” деб номланмиш жойларда ўз ўлимларини кутиб ётган беморлар ҳам бор. У бечораларнинг фарзандлари ҳақида нима деймиз? Бундан ўттиз-қирқ йил аввал бундай уйларда ўзбекларни кўрсак ажабланардик. Энди ажабланмайдиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, биз ажабланиш нима экан, фарёд уришимиз керак! Отаси ёки онасини шундай жойга юборган аблаҳнинг ёқасидан олишимиз керак. Ўша аблаҳ қайси биримизнинг яқин қариндошимиз, ён қўшнимиз, ёки маҳалладошимиз, ёки бирга ишлайдиган ҳамкасбимиз-ку? Нега индамаймиз?
Биз жамиятдаги ана шундай фожиага шоҳидмиз. Нечун жиммиз? Нечун бундайлар билан муроса қиламиз? Нечун уларнинг дастурхони атрофида ўтириб, таомидан еймиз? Сиз қариялар уйидаги бечораларнинг кўзларидаги ёшларни кўрганмисиз? Кўрмаган бўлсангиз, тасаввур қила оларсиз? “Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганларидан далолат беради ва бу эса катта гуноҳлардандир”, деган ҳадиси шарифни била туриб, нечун уларни огоҳ этмаймиз? Ота-онага оқ бўлиш гуноҳларнинг энг катталаридан бири эканлиги ҳақидаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак сўзларини нега етказмаймиз у нодонларнинг онгига?
Оқ бўлиш – ота-онага озор бериш, ранжитиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Ота ёки онанинг ноқобил фарзандига қараб: “Сени оқ қилдим”, – деб эълон қилиши шарт эмас экан. “Диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлишидир”, – дейдилар. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – ажралишдир. Яъни фарзанд ота-онасидан тириклайин ажраляпти, демак. “Қариялар уйи”да отаси ёки онасига жой ҳозирлаётганлар унутмасинларким, улар айни чоқда дўзахдан ўзларига ўтли жой тайёрлаяптилар. Зотан, дўзахнинг “ҳасрат қудуғи” деб номланган энг ёмон жойи ота-онасини хорлаганлар учун эканлиги мўътабар китобларда алоҳида зикр этилган.
Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани судида бундан-да аянчлироқ воқеага шоҳид бўлган эдим: ота қизини судга бериб, оғир жазо беришни талаб қиляпти. Ажабланяпсизми? Мен ҳам дастлаб ажабланган эдим, сўнг ғазабландим. Гувоҳликка келганлардан бири: “Агар одилман, десангиз, бу қизни энг олий жазо – отишга ҳукм қилинг, ҳукмни халқ олдида ижро этинг. Ноқобил фарзандлар бундан ўрнак олсин!” – деди. Ўлим жазосига лойиқ кўрилаётган қиз отанинг ёлғиз фарзанди экан. Онадан ёш етим қолибди. Қизининг бахтини ўйлаб, ота бошқа уйланмабди. Қизини орзу-ҳавас билан куёвга узатибди. Хасталаниб, шифохонага ётганида нафсига банди қизи ота номидан қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, уйни сотиб юборибди. Ота шифохонадан қайтсаки, уй йўқ… Қолгани сизга маълум. Албатта, суд бу фарзандни ўлимга ҳукм қилмайди. Товламачилиги учун бир неча йилга қамар ёки аёллигини эътиборга олиб, озодликдан шартли равишда маҳрум қилар. Лекин Аллоҳнинг жазоси қаттиқ бўлади. У фарзандни суд ўлимга ҳукм қилмаса ҳам, у аллақачон ўлган, тирик ўликка айланган. Ундан энди ер ҳам ҳазар қилади. Эсини йиғиб тавба қилса қилди, бўлмаса охирати тамоман куяди. У-ку, тавба қилар, аммо ота рози бўлармикин ундан?
Бир йигит Расулуллоҳга (с.а.в.) шикоят қилиб дедики:
– Отам қариб, жуда бевош бўлиб кетганлар. Ақлдан озганларми, деб қўрқаман. Уйимга келиб, қўлларига нима илинса, шуни олиб чиқиб кетаверадилар.
Сарвари коинот (с.а.в.) отани чақиртирдилар. Ҳузурларига келганқари, бечораҳол, уст-бошлари хароб одамдан: “Ўғлингнинг гаплари тўғрими?” – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўғри, – деди чол. – Мен ўғлимни ўзим тарбия этганман. Онаси барвақт вафот этган эди. Ўзим емай – ўғлимга едирдим, ўзим киймай – ўғлимга кийдирдим. Қариганимда боқар, деб умид қилдим. Аммо у бераҳм чиқди. Мендан хабар олмайди. Ўзим уйига келиб, қўлимга илинган нарсани олиб чиқиб сотаман-да пулига овқат олиб ейман. Ё Расулаллоҳ! Шу ишим дурустми ё дуруст эмасми?
Отанинг бу гапларини эшитиб Расулуллоҳ (с.а.в.) ўғилнинг елкасидан маҳкам ушладилар-да, дедилар: “Топган нарсаларинг, ҳатто сенинг ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Агар топган мулкинг етмаса, отанг сенинг ўзингни сотиб пулини емоқликка ҳаққи бор. Сен ўйламагинки, топган мулкларимга ўзим моликману отамнинг унга алоқаси йўқ, деб. Ҳаммасига отанг эгадир!”
Бир қўшиқ радиода, тўй оши маросимларида ҳам кўп айтилади. Ундаги “Эй ўғил, ҳаддингда тур, отанг сени сотганда ҳам” сатрига ёшларнинг ҳамиша эътибор қаратишларини истар эдим.
Не шодки, бизнинг юртимизда ота-онасини ҳурмат қилувчилар кўп. Камина истиқомат қилувчи “Илғор” маҳалласида Япония мамлакатидан келган бир ёш олим ижтимоий тадқиқот олиб борди. У маҳалладаги барча маросимларда иштирок этишга ҳаракат қилди. Унинг зийрак фаҳми фарзандларнинг ота-оналарини беқиёс тарзда ҳурмат қилишларини англабди. Бир куни у билан суҳбат чоғида дунёга машҳур япон адибларининг асарларидан гап очдим.
– Ҳа, Япония улуғ ёзувчиларга бой мамлакат. Менинг юртим илм-фанда ҳам илгарилаб кетган, – деди у. – Аммо ҳар бир халқ илм-фанда ёки адабиётда худди шундай, балки бундан ҳам аълороқ ютуққа эртами-кечми эришиши мумкин. Лекин сизнинг халқингиз эришган бойликкаҳамма ҳам эриша олмайди. Айниқса, ҳозирги кунларда, ҳамма нарса илм-фан тараққиёти мезони билан ўлчаниб, маънавий оламдан узоқла-шилаётган асрда қийин, ғоят қийин. Мен фарзандларнинг ота-оналарига меҳрибонлигини назарда тутяпман. Бу мен учун янги оламдай туюляпти. Чунки мен бу оламни йўқотганман. Ҳозир ота-онам хаста. Акам қўшни оролда яшайди. Лекин бир неча ойлаб келиб кўролмайди. Келса, ишдан қолади. Ишдан қолса, вазифасидан ҳайдалади…
Япониялик меҳмон шундай деб хўрсиниб, кўзига ёш олган эди…
Муҳтарам ва азиз мухлисимиз, китобнинг шу сатрига қадар мен билан ғойибони сирдош бўлиб келаётганингиз учун миннатдорлик билдираман. Гап ота ва она ҳақида кетаётгани учун хотиранинг бу ўрнида бир хайрли дуога эҳтиёж сездим. Келинг, биргаликда Аллоҳга муножот қилайлик:
– Ё Аллоҳим, ё Раббим! Гуноҳларимизни афв эт. Кимники отаси ёки онаси, ёки икковлари ҳаёт бўлса, уларнинг умрларига-ризқларига барака бер. Дардмандларининг дардларига даво бер. Фарзанду набиралари бахти иқболини кўриш саодатини насиб айла. Фарзандларини гўдаклик чоғида қандай раҳм ва шафқат билан тарбия этган бўлсалар, Сен ҳам уларни шундай шафқатинг билан паноҳингда асра. Ҳақ йўлингдаги ота-оналарнинг фарзандлари ҳаққига қилган хайрли дуоларини даргоҳингда қабул ва мақбул айла. Ҳақ йўлингдан адашганлар орасидаги ота-оналарга ҳидоят бер. Ота-онасини Ўзингнинг байтинг – Каъбатуллоҳ зиёратига олиббормоқни ният қилиб юрган фарзандларнинг ниятларини амалга ошир. Оталари ёки оналари, ёки икковлари билан ёнма-ён юриб, “лаббайка!”ни айтиб Ҳаж ибодатларни солиҳ равишда амалга оширмоқларини насиб айла. Ота-оналарининг қадрига етмай юрганларнинг қалбини юмшат, кўзларини оч, инсофу тафвиқ ва ҳидоят бер. То Қиёматга қадар туғилиб, яшовчи зурриётларни бизлар йўл қўйган хато ва гуноҳлардан асраб, ота-оналарга иззатда бўлувчи солиҳ фарзандлардан қил.
Кимнинг отаси ёки онаси, ёки икковлари бу фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилишган бўлишса, уларни мағфиратингга ол. Уларнинг изидан қилинаётган дуоларни даргоҳингда мақбул айла. Уларнинг тавбаларини ва улар учун фарзандлар қилаётган тавбаларни ҳам қабул этиб, то Қиёматга қадар қабр азобларидан асра. Қиёматда Ўзинг “бандам!” деб, аъмол номаларини ўнг қўлларидан олмоқликларини насиб айла, жаноб расули акрам Муҳаммаднинг (с.а.в.) шафоатларини насиб этиб, Ўзингнинг жамолингни кўриш бахтини бер. Кимки бурчини солиҳ фарзандлар қаторида адо эта олмаган бўлса, кимки отаси ёки онасини, ёки икковининг кўнглини ранжитган бўлса-ю, энди надоматлар чекаётган бўлса, уларнинг ҳам тавбаларини қабул этиб, лутфи караминг билан гуноҳларини кечир. Қиёматда волидайнга очиқ юз билан рўпара келишларини ва жаннатда бирга бўлмоқларини насиб айла. Омийн йа Раб ал-оламийн!
Онангдан бош товлама,
ошмасин дарди,
Ҳаёт тожи эрур оёғин гарди.
(Рудакий)
“Жаннат оналар оёғи остидадир”, мазмунли ҳадиси шарифни эшитмаган одам йўқдир. Аммо унинг маъносини ҳамма ҳам билавермаса керак. Онасини ёлғиз ташлаб, мушриклар билан урушга отланган йигитни Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтариб, шундай деганлар. Яъни, жаннатга тушиш учун ғазотда жон бериб, шаҳидлик мартабасига етиш шарт эмас. Онангнинг хизматини қилиб, розилигини олсанг бас, шу топган савобинг сенга жаннат йўлини очади, дейилмоқчи.
“Аяжонимнинг хизматларини етарли даражада адо эта олдимми, розиликларига эришдимми?” – деган савол мени ҳеч тинч қўймайди. Бундай савол онажонини боқий дунёга кузатган ҳар бир фарзандни қийнаса керак? На иложки, ҳеч ким бу саволга фоний дунёда жавоб топа олмайди. Аниқ жавобни Қиёмат куни биламиз. Унгача эса ота-онамиз билан Жаннатда учраштиришни Аллоҳдан илтижо қилиб яшаймиз.
Японларнинг кўп қисмли “Ошин” кинофильмини кўриб, аяжоним ҳаётлари асосида шундай асар ёзишни орзу қилиб эдим. Ҳозирча бу иш қўлимдан келмай турибди, аммо орзуим кучи сусайганича йўқ, инша Аллоҳким, умидим ушалиб қолар. Сабр ҳақида кўп гапирилади. Агар бу руҳий қувватни жисмоний шаклда кўрсатиш мумкин бўлиб, ҳайкал ўрнатилса, мен бу ҳайкални аяжоним тимсолида кўраман.
…Барг устида ўрмалаётган ипак қурти бир зумгина тўхтаб, бошини кўтарди-ю, атрофида ҳаёт жўш ураётганини кўрди: кимдир чириллаб қўшиқ айтарди, кимдир сакраб қувнарди, кимдир роҳатланиб учарди… Атрофдаги ҳамма тинимсиз ҳаракатда эди. Фақат у бечорагина учолмасди, қўшиқ ҳам айтолмасди. Ўрмалашдан ўзга юмуш қўлидан келмасди. Бир баргни кемириб адо қилиб, иккинчисига ўтгунча ўз назарида дунёни айланиб чиққандай бўларди. Бироқ шунга қарамасдан у тақдиридан нолимасди, бошқаларга ҳавас ҳам қилмасди, “ҳар ким ўз иши билан шуғулланмоғи лозим”, деб ҳисобларди. Ҳафталар ўтиб, ўзига ипакдан ажойиб уй тўқишга навбат етди. У ошиқча мулоҳаза қилиб ўтирмай, ўзига буюрилган юмушни адо этишга киришди – атрофини ипак толалари билан ўраб чиқди-да:
– Яна нима қилай? – деб сўради.
– Сабр қил, – деган овоз эшитилди, – ҳаммаси ўз навбати билан.
Вақти келиб ипак қурти уйғонди, у энди аранг ўрмаловчи қурт эмас, гўзал капалак бўлиб кўз очди. Ўзининг ипак саройидан чаққонлик билан ёруғ дунёга чиқиб, чиройли қанотларини қоққан ҳолда уча бошлади…
Сабр гадони подшоҳ даражасига кўтариши мумкин. Сабрсизликподшоҳни гадолик ботқоғига ботиради. Қудсий ҳадисда: “Эй Одам фар-занди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўта-раман”, – деб марҳамат қилинган.
Фарзандларимизни, яқинларимизни дуо қилганимизда бахт-саодат тилаймиз-у, аммо сабр-тоқат, қаноат тилашни унутамиз. Сабр-қаноатсиз бахт-саодатга етиб бўлмаслигини биламизми? Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш аъло фазилатлардан. Қудсий ҳадисда дейиладики: “Эй бандаларим, мен бандаларим ичидан бир мўмин кишини бирон мусибат етказиб имтиҳон қилсам, у менга ҳамд айтиб, менинг имтиҳонимга сабр қилса, у ўша жойдан турганида хато-гуноҳлардан онаси туққан кунидек пок бўлиб туради”. Мусибатга чидаш қийин бўлганидан унга сабр қилувчиларга ана шундай мукофот ваъда қилиняпти! Мусибат сабрли одамга бир, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлади. Мусибат кўрганида кишининг илк сўзлари: “Аллоҳим, мени собирлардан қилгин. Мусибатнинг ажрига муваффақ қил”, – деган дуо бўлса хайрлидир. Бироқ, афсуски, айрим биродарларимиз мусибат тоши остида эзилиб, тилларидан қандай сўзлар учаётганини билмайдилар, Аллоҳга қарши исён қиладиган даражага бориб етадиларки, шу боис уларга сабр тиламоғимиз, Имом Ғаззолий ҳазратларининг: “Бало фақат гуноҳ ва куфрдан келади. Мусибатлар асл бало эмас, уларнинг ичида сен билмайдиган яхшиликлар бордир”, деган ҳикматларини эслатиш дурустдир. Аммо сабр фақат мусибатли кундагина керакми? Бу саволга ҳар биримиздан жавоб лозим.
Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари ундан-да кўпроқ.
Ҳаёти давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробаринда турли хил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик – танглик ҳам, тўқлик – очлик ҳам, ғалаба –мағлубият ҳам, шодлик – мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.
Буқрот ҳаким илми ҳикматда равнақ топгач, узлатни ихтиёр этдилар. Бир куни подшоҳ хасталаниб, ул зотни ҳузурига чақиртирди. Буқрот ҳаким подшоҳнинг даъватини қабул қилмадилар. Шунда ул зотнинг ҳузурига вазирнинг ўзи келди. Қарасаки, Буқрот ҳакимнинг емишлари турли гиёҳлар экан. Вазир подшоҳнинг амрини айтиб, ялинса ҳам, ҳаким кўнмадилар. Шунда вазир аччиқланиб дедики:
– Подшоҳларнинг хизматини қилишни ўрганганингда бунақа гиёҳ еб ўтирмас эдинг.
Бу дашномни эшитган ҳаким кулдилар ва дедиларки:
– Агар сен гиёҳ еб яшашга қаноат қилишни ўрганганингда жонингни хатарга қўйиб, подшоҳ хизматини қилмас эдинг.
Донолар деганларки: “Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси”. Ҳикмат аҳли барча нарсадан айнан шу сабр азобини аъло кўрганларки, ажрлари юқори бўлгай, инша Аллоҳ! Ҳазрат Навоий айтганларидек: “Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ”. Чунки: “…уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: “Сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар” (Раъд сураси).
Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканлигини сўрадилар.
– Билмайман, – деб жавоб берди Диоген, – менга фақат унинг пули кўплиги маълум.
– Пули кўп бўлса, демак, бой экан-да?
– Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш – бир нарса эмас, – деб жавоб берди Диоген. – Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.
Кутиш ва сабр қилиш бир хил тушунчами? Масалан, омадни кутиш ва омадсизликка сабр қилиш – бирми? Йўқ, менингча, кутиш бошқа, сабр қилиш бошқа. Сабр – фазилат. Кутишда фазилат кам. Унда ғайратсизлик ҳам мавжуд. Сабр дегани барча ёмонликларга чидаш эмас, сабр адолат учун курашни инкор этмайди.
Баҳодир акамни ҳарбий хизматга кузатиш чоғида аяжоним йиғладилар. Шунда тоғам: “Нега йиғлайсан? Эринг урушга кетди, кутдинг. Аканг урушга кетди – кутдинг. Азобли йилларда кутишга сабринг чидаган, бунисига ҳам чидайсан”, – деган эдилар. Уч йил соғина-соғина кутдилар. Ойда икки-уч марта байрам шодиёнаси бўларди – акамдан келган мактубни қайта-қайта ўқирдилар.
Ким ҳар қайда хабардор биздан,
Умид билан овутар ўзин,
Ким у бизнинг юзларимиздан
Уза олмас ёш тўла кўзин?
О, бу она, сенсан, онажон!
Мактабда яшаётганимизда мен аяжонимнинг ёнларида ётардим. Баъзан кечалари уйғониб кетардим. Аяжонимнинг тиззаларида дўппи, тепчиб ўтирибдилар. Кўзларида эса ёш. Қамоқдаги тоғамни соғиниб йиғлаганларини кейинроқ билганман. Бир куни пешинга ош пиширдилар-да, тўрт-беш кишига етадиган миқдорда сирланган тоғорачага солиб, дастурхонга ўрадилар. “Қолган ошни ўзинглар сузиб еяверинглар”, – деб шошилганча кетдилар. Қош қорайганда маъюс ҳолда қайтдилар. Бир оз индамай ўтирдилар-да, сўнг йиғлаб юбордилар. Акаларим-опаларим қучоқлаб: “Нима бўлди, тоғамни кўрдингизми?” – деб сўрашди. “Тоғангни кўрсатишмади, “ошни ўзимиз берамиз”, дейишди, лекин қорнинг тешилгурлар деворнинг орқасида ўзлари еб олишди…”
Қарилик ёшига етганларида аяжонимда букрилик бошланди. Бу эгилиб ўтириб дўппи тикишнинг натижаси эди. Аяжонимда тиним йўқ эди. Биз – фарзандларнинг қорин ғами-ю, уст-боши, хуллас, рўзғор аталмиш барча ташвиш аяжонимнинг зиммаларида эди. Ҳар якшанба бўладиган бозорга беш-олти дўппи тикишга улгуриш учун тинмас эдилар. Ўзлари тепчирдилар, акаларим, опаларим пилталашарди. Мен кичкина бўлганим учун бу ишлардан озод эдим. Кейинроқ улғайиб, кучга тўла бошлаганимда дазмол қилишга ёрдамлашардим. Оғир чўян дазмол ичига ўт қалаб, қиздириб, елимлаб қуритилган дўппиларга дазмол урардик. Ҳафта давомидаги азоб дўппи тикиш билан кифояланмас эди, уни сотиш керак,бозорнинг хўжайини бўлган қориндор милиционерлар таъқибидан қочиб юриб сотиш керак. У дамларда ҳунармандлар таъқиб остида эдилар. Қонунга кўра, улар “текин даромад топувчилар” деб саналарди. Новвойми, заргарми, кўнчими, маҳсидўзми, дурадгорми, наққошми, ўймакорми… ҳаммалари меҳнат қилсалар-да, советнинг кўзига текинхўр бўлиб кўринардилар. Маҳалла раислари, участка инспекторлари уларнинг фаолиятидан “кўз юмиб” индамай юрганлари учун вақтида чўтал олиб туришарди. Бозордаги милиционерлар еб-тўймасликда улардан ошиб тушарди. Шунинг учун кўпинча Баҳодир акам бозорга бирга тушардилар, вазифалари – пойлоқчилик. Кейинроқ бу вазифа менга юкланди. Дўппиларни ушлаб, бир четда қунушиб тураман. Битта дўппини сотиб бўлгач, аяжоним иккинчисига келадилар. Милиция ушлаб олса, дўппиларни олиб қўяди. Ҳеч қанақа хат-ҳужжатсиз олиб қўяверади. Қонунни билмаган одамлар милициянинг шундай қилишга ҳаққи бор, деб ўйлаб, қамамай қўйиб юборганига қувониб кетаверадилар. Мен ҳам ўшаларнинг биттаси эдим, милиция ушлаб олиб қамаб қўймасин, деган қўрқувда ўтирардим. Агар дўппиларнинг ҳаммаси сотилса, чойхонада ўтириб бир чойнак чой, биттадан сомса олиб ердик. Эрталаб нонушта қилмай, Ҳастимомдаги бозорга пиёда борардик. Пешинга қадар дам офтоб тиғи остида, дам совуқда, дам ёмғирда туриб, аяжоним жуда-жуда ҳолдан тоярдилар. Лекин ҳориганларини сездирмасдилар. Чой ичиб, сомсани еяётганларида қўллари нима учун титраётганини ўшанда билмаганман. Энди биламан. Ўша ҳолатни эсласам, вужудим фиғон ўтида куя бошлайди, бўғзимга йиғи келади.
Киши улғайган сайин болалигидаги ночорлик уни руҳ азобига сола бошлайди. Чорсуда дадажонимни урган маст йигит, аяжонимнинг иккита дўппиларини олиб қўйган қориндор милиционер, тоғажонимга аталган ошни еб қўйганлар… Агар йигитлик чоғимда мўъжиза юз бериб шулар менга рўпара бўлишганда тепкилаб-тепкилаб хумордан чиқардимми, деб ўйлайман.
“Шайтанат”даги Асадбек улғайганида отасини қамоққа олиб кетган-ларни топади ва қасосини олади. Аслида ўзим шундай қилишни истарэдим… Боланинг кўз ўнгида отаси ёки онасини хорлаган кимсалар оқибатда жазосиз қолмасликлари керак, деб ўйлайман.
Афсуски, бола чорасиз, лекин адолатсизликка қарши қалбида бир вулқон куч тўплайди. Ривоят қиладиларки, ўғри ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшоҳ ҳузурига келиб, тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди:
– Отамнинг қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт фарзандлари бор. Онамиз касалвандлар, бизларни боқа олмайдилар. Агар отамизнинг қўлларини кестирсангиз, ҳаммамиз очдан ўламиз. Бизларга раҳм қилинг, отамизнинг қўлларини кестирманг. Агар қўл кесмасликнинг бошқа иложи бўл-маса, у ҳолда отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кеса қолинг.
Подшоҳ бу гапни эшитиб, кичкинагина қизнинг ота-онасига муҳаббати бу қадар улуғлигидан ҳайратда қолди. Қизни синамоқ мақсадида унга:
– Майли, отанг қўли ўрнига сенинг қўлингни кестираман. Қўлингни бугун эмас, эртага кесишади. Эртагача яхшилаб ўйлагин, кейин яна пушаймон еб юрмагин, – деди.
Эртаси куни жазо майдонида яна одам тўпланди. Қизнинг отасини келтирдилар. Қиз ҳам ҳозир бўлиб, отасига деди:
– Отажон, сира қўрқманг, мен подшоҳга: “Отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кестиринг”, – деб ялиндим. Илтимосим қабул бўлди. Ҳозир менинг қўлимни кесиб, сизни озод қилишади.
Қиз шундай деб, кундага қўлини қўйди. Бу ҳолатдан подшоҳ ҳам, тўпланганлар ҳам кўз ёши тўкдилар. Қизнинг отаси озод этилди. Ота-болага илтифотлар кўрсатилди. Подшоҳнинг амри билан жазо майдонидаги кунда олиб ташланиб, унинг ўрнига бир мармартош тикланди-да, бу сўзлар ўйиб ёзилди:
“Бир ёшгина қиз отасининг қўли ўрнига ўз қўлини фидо этишни истади. Шу қиздек фарзандга эга бўлган ота-она жуда-жуда бахтиёрдир…”.
Болалигидаги адодатсизликдан ўртанган ҳар ким шу қизча жасоратини такрорлаши мумкин, деб ўйлайман.
“Меҳри чексиз, бутун дунёни кўкраги билан боққан аёлни – ОНАни шарафлайлик! Инсондаги бутун гўзаллик қуёш нурлари-ю ва Она меҳридан! Жаҳоннинг бутун ғурури оналардан, Қуёшсиз гуллар очилмайди, севгисиз бахт йўқ. Аёлсиз муҳаббат йўқ, онасиз шоир ҳам, қаҳрамон ҳам бўлмайди”, деган эди донишмандлардан бири. “Она қалби битмас-туганмас мўъжизалар манбаидир”, – деган эди яна бир доно.
Бола ҳали Худони танимасдан туриб, Онани танийди. Улғайган онида Онасини унутса, Худони унутган бўлади. “Битта қалбга икки муҳаббат сиғмайди”, – дейдилар. Бу ҳикмат никоҳ тўшагига бошлаб борувчи эр ва хотин севгисига доирдир. Аммо инсон юраги Аллоҳга бўлган ишқ ва Онага бўлган муҳаббатни ўзига сиғдиради. Янада аниқроқ айтилса, бу икки муҳаббат бир юракда жо бўлмас экан, юрак эгасини инсон деб атамоқ мушкул. Бу икки муҳаббатни ўзига жо қилмаган юрак фақат қон ҳайдаш билан машғул бўлади. Бундай юракдан Ватанга, дўстга… муҳаббатни излаб овора бўлманг. Аллоҳнинг инсонга бахш этган илк неъмати – онамуҳаббати бўлади. Шу сабабли ҳам Яратган ўз бандаларидан онага муҳаббатли бўлишни талаб этади. Аллоҳга бўлган Ишқ билан онага бўлган муҳаббат ўзаро боғланган. Яъни биринчиси бўлмаса – иккинчиси ҳам йўқ (ёки аксинча). Киши миллати ёки динидан қатъи назар Яратганни сева олса, ўз онасини хорлаб қўймайди. Чунки бу ўринда “севиш” Аллоҳ буйруғини бажариш билан ифодаланади.
Оналарга шараф ва шонлар бўлсин! Биз – фарзандлар ҳамиша улар олдида қарздормиз. Оналар ҳақида неча юз минг сатр шеър ёзилган экан? Миллиардлаб сатр ёзилганда ҳам Онанинг шаънини етарли даражада улуғлай олмаймиз. Доғистонлик машҳур шоир Расул Ҳамзатовнинг ёзишича, авар шоирларининг ижодини кузатса, ўтмишда уларнинг биронтаси, ҳатто шоирнинг отаси Ҳамзат Цадаса ҳам Она ҳақида шеър ёзмаган экан. Бутун дунёга ибрат қилинадиган рус адабиёти тарихи ҳам бу мавзуда қашшоқ экан. Қаранг, Некрасовга қадар ҳеч бир шоир Онани шеърда мадҳ этмабди. Ҳатто дунё олқишидаги Пушкин ва Лермонтовда ҳам йўқ экан бундай шеър. Пушкин ўз энагасини тилга олган-у, Онасига атаб меҳр сатрларини битмаган экан.
Худога шукур, бизнинг адабиётимиз бу соҳада барчага ибрат бўларли даражада. Навоий ҳазратларининг “Жисмни қил садқа ано бошиға” сатрларини билмайдиган одам кам, десам янглишмайман. “Онангнинг муборак боши учун бутун жисмингни садақа қилиб юборсанг, яъни жонингни берсанг арзийди”, дейилмоқчи. Бизнинг адабиётимизда бундай мисоллар оз эмас. Бунинг сабаби – мумтоз адабиётимиз баҳраманд бўлган булоқнинг суви ижод аҳлига гўзал илҳомлар берган.
Онанинг фарзандга меҳри фитратида – яралишида бор, десак хато қилмаган бўламиз. Бундай меҳрни биз ҳатто жониворларда ҳам кўрамиз. Далада кузатган эдим: она совлиқ боғланган. Қўзичоқ ўйнаб юрибди. Бир маҳал ўзидан каттароқ қўзи билан сузишмоқчи бўлди. Бундан совлиқ безовта бўлиб маърайверди. Арқондан қутулишга уринди. Қўзиси биқинидан бир-икки зарба еб йиқилгач, совлиқ қаттиқ силтанди-да, арқонни узди. Бу ҳолатни “она меҳри арқонни узди”, деб сифатласак ҳам бўлар. Сиз ювош кўринган мушукнинг боласини олишга уриниб кўринг-чи, таламасмикин?
Оналарга хос бўлган меҳр фақат ўз фарзандларига аталмаган. Улар бегоналарга, ҳатто дин ва миллатини фарқламай меҳр кўрсатадилар. Дейлик, бир мусофир сизникида қўноқ эканида хасталаниб қолди. Албатта, сиз унинг ҳолидан хабар оласиз. Аммо онангиз ёки бувингиз сиздан кўра кўпроқ ачинадилар. Даволаш учун зарур ҳамма чораларни бажарадилар. Мусофир миннатдорлик белгиси сифатида ҳадя берса олмайдилар, шундай эмасми? Бу ҳам она қалбидаги меҳрдан.
Бир сабаб билан гўдаклар етим қолишса, уларни биринчи галда тоға ёки амаки эмас, амма ёки хола ўз бағрига олади. Аяжоним ҳам шундай қилганлар. Исмоилхўжа опоқ дадам Ҳикматхон катта бувимизни талоқ қилганда замон оғир экан. Катта бувимиз болаларни боқишга қийналиб, етимхонага берган эканлар. Бундан хабар топган аяжоним: “Онаси бошқа-ку, менга нима, ўзим бир ижарадаги уйда зўрға яшаётган бўлсам”, – демай, кичик укалари Алихон тоғамни етимхонадан олиб, ўзлари боққан эканлар. Тоғам ўшанда тўнғич ўғил мавқеида бўлганлари учун ҳам катта акам билан опам “Тоға” демай, “ака” деб мурожаат қилишарди. Умиджон тоғам ҳам, Алихон тоғам ҳам баъзан ўша онларни эслаб катта бувимга таъналар қилишса, аяжоним уларни тўхтатардилар. “У кунларни эслама, бувимни айблама, кўнгилларини оғритма, замон оғир эди”, – деб насиҳат қилардилар.
Ким меҳрибон сўзласа ҳаргиз
Гапларига қулоқ солмаймиз.
Кимнинг сўзин унутамиз тез,
Юракларда сақлаёлмаймиз.
О, бу она, сенсан, онажон.
Фарзанднинг ҳаётига сабаб бўладиган биринчи қувват – она жисмидаги қондир. Чақалоқ шу қондан озиқланиб, ҳаётини сақлайди. (“Сут билан кирган жон билан чиқади” деган мақолни “Қон билан кирган жон билан чиқади” деганимиз тўғрироқ бўлади.) Бола биринчи сўзни онадан эшитади ва ундан ўрганади. Шунинг учун ҳам биз “ота тили” демай “она тили” деб сифатлаймиз. Болани ўстиришда, тарбия қилишда отага қараганда она кўпроқ ҳисса қўшади. Шунинг учун бўлса керак, ёш болалар отадан кўра онага кўпроқ майл этадилар. Улғайганларидан кейин ҳам сирларини аввало онага айтиб, маслаҳат сўрайдилар. Она фарзанди учун ўзини фидо қилишга тайёр туради. Баъзи бировлар ўз оналаридан эмас, бошқалардан маслаҳат сўрайдиларким, мен бундан ажабланаман.
Муовия ибн Ҳаййида (р.а.) айтадилар: “Расулулоҳдан (с.а.в.) “Эй Расулаллоҳ, мен яхшилигимни кимга қилсам бўлади?” – деб сўрадим. “Онангга”, – дедилар. Мен бу саволни уч марта қайтарсам ҳам Расулуллоҳ “Онангга”, деявердилар. Тўртинчи марта сўраганимда: “Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга”, – дедилар. Фарзандда онанинг ҳақи отаникидан кўпроқ бўлиши бежиз эмас, “…онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтаради” (Луқмон сураси), деган ояти каримага диққат қилсак, бунинг сабабини янада ойдинроқ англаймиз. Яъни, она ҳомиладорлик пайтида ҳам, эмизиш даври деб белгилаган икки йил мобайнида ҳам катта қийинчиликларни бошдан ўтказади. Шоирларнинг илҳомига ҳам айнан шу ҳолатлар қувват берса керак.
Агар она қад-қоматини бир дарахтга ўхшатсак, фарзанд шу дарахтнинг ширин бир меваси. Бир йигит она қадрига етмас эди. Она кўз ёшлари унга таъсир этмас эди. Бир куни она бешикни олиб, ўғли қаршисига қўйиб деди:
– Эй ёшлик, чақалоқлик пайтини унутган ноинсоф! Мана бу бешикни кўряпсанми? Чақалоқ чоғингда шу бешикка михланиб, тунги уйқуларни мен ўзимга ҳаром этдим. Бешикда ётганингда юзингга битта пашша ёки чивин қўнса, уни қувишга имконинг бўлмай йиғлар эдинг. Мен сени хира пашшалардан асраб, бешигингни тебратар эдим. Йиғидан тўхтамасанг, сени ечиб олиб, бағримга босардим. Сени деб барча машаққатларга чидадим. Куч-қувватимни сенинг камолинг учун сарф этдим. Мана энди катта бўлиб, куч-қувватга тўлдинг. Чақалоқлик, болалик, ёшлик пайтларингни унутиб қўйдинг. Энди эса мени ранжитяпсан. Лекин бир куни келиб, албатта бу дунёдан ўтасан. Қабрнинг тубига, қоронғулик қаърига кирасан. Ўшанда Аллоҳдан раҳмат нури ололмайсан…
Биз бешикларни кўп кўрамиз. Аммо қачондир шу каби бешикда ётганимизни, онамиз тунлари бедор алла айтиб чиққанларини ўйлаб кўрамизми? Агар ўйламасак, эсламасак, унда ноинсоф фарзанд эканмиз. У ҳолда уйимиз тўрига бешик суратини чиздириб, остига “Унутма!” деган хитобни ёзиб қўйганимиз лозимдир?
Баён қилинмиш ривоятда шарқнинг буюк мутафаккири Шайх Саъдий оналик ҳақининг нозик жиҳатларига эътиборни тортганлар. Дунёда валинеъматларини билмаганлар Ҳаққа исён қилган бўлишади. Оналарга хизмат қилиш эса жаннатий амаллардандир. Шубҳасизки, она ҳақини тўлалигича, бекаму кўст адо қилмоқ бу дунёда мумкин эмас. У бешикдаги гўдагини минг турли ниёзлар билан ўстириши фарзанди устидаги энг катта ҳақидир.
Бир киши Муҳаммад алайҳиссаломдан:
– Мен онамни кўтариб Маккани зиёрат қилдирдим, ҳақини адо этдимми? – деб сўради.
Расулуллоҳ (с.а.в.) унга жавоб бердилар:
– Йўқ, у сени қучоғида олиб юрганда “фарзандим униб-ўссин, катта бўлсин”, – деб ўйлаганди. Сен эса кўтариб юрган пайтингда онангнинг ўлими ҳақида ўйлардинг…
Фарзандлардан ўтинчимиз шуки, оналарингиз ҳузурларида турганингизда Саъдийнинг бешик ҳақидаги ривоятларини доимо ёдда тутинг.
Абдуллоҳ Ибн Умар бир яманлик одамнинг ўз онасини опичлаб, хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрдилар. У одам бир байтни оҳанг билан ўқиркан:
Онаизорим учун бўйнимни эгкан теваман (туяман),
Тевага минган онам ҳорсаларда, мен чарчамам.
У шуни ўқиб туриб, Абдуллоҳга қаради-да: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Мана шу хизматим билан мен онамнинг хизматини қила олдимми?” – деб сўради. “Йўқ, бу хизматинг сени туғиш вақтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларининг биттасига ҳам баробар эмас”, – дедилар”.
Бу ўринда Ҳазрат шайх Увайс Қараний (қоддасаллоҳу сирраҳул азиз) ибратларини эслашнинг ўзи кифоя. Увайс Қараний ҳазратлари Расулуллоҳни кўрмай туриб ҳам севганлар. Кофирлар Уҳуд жангида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) жанобимизнинг тишларини синдиргани хабарини эшитиб, бундан қалбан куйиб, ўз оғизларидаги барча тишларини синдирган эканлар. Ҳазрат Увайс аввал бир тишларини тош билан уриб синдириб: “Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) синган тишлари балки бу ўриндагиси эмасдир”, – деб бошқасини синдирдилар. Шу зайлда барча тишларини синдириб чиқдилар. Икки жаҳон қуёши – Пайғамбаримиз салавотуллоҳу алайҳи ва саломуҳу жанобимиз Увайс Қараний ҳазратларининг мадҳида: “Ямандан менга Аллоҳ ошиғининг иси келур”, – деб марҳамат этганлар. Бу мўъжизани қарангки, Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ошиқни кўрмай туриб, у ҳақда эшитмай туриб билганлар. Саҳобаи гузин (танланган саҳобалар) Расулуллоҳ жанобимиздан Увайснинг қаерда эканини сўраганларида: “Яман вилоятининг Қарн қишлоғида”, – деб марҳамат этдилар.
– Ё Расулаллоҳ! Увайс зоти рисолатпаноҳларини (яъни сизни) кўрганми? – деб сўрадилар.
– Кўрган ва лекин зоҳирда кўрмаган, – деб марҳамат қилдилар.
– Бул қандай ошиқдирки, Сизни кўрмас?
– Икки сабаби бор: биринчиси – ҳол ғалабасидан, иккинчиси – шариат азаматидан, яъни кўзи ожиз онаси бор уйни ёлғиз қолдириб келмади. Шариат амрини тутди, оналик ҳақига риоя этди.
Расули акрам жанобимиз охират дунёсига рихлат қилар эканлар, Ҳазрат Умар ва Ҳазрат Алига (р.а.) муборак мураққаъларини (кийимларини) бериб, Увайс ҳазратларига элтмоқликни васият қилдилар ва Ҳазрат Увайснинг кўринишларини таъриф этдилар: “Бадани юнглидир, ўнг қўлининг панжасида оппоқ, бир тангачалик хол бордир. Мендан салом айтингиз. Мураққаъни кийиб, умматимни дуо қилсин…”
Пайғамбар алайҳиссаломни қанчалар севмасинлар, қалбан интилмасинлар, оналарини ёлғиз ташламадилар ва бу фазилатлари Аллоҳ ва Унинг расули томонидан мукофотланди.
Бир биродаримизнинг ҳикоялари менга ғоят таъсир қилган эди, шуни сиз, азизлар билан баҳам кўрмоқчиман:
– Ҳайит арафасида онам билан бирга бозорга тушдик. Ниятимга кўра энг аввал онажонимга янги маҳси олиб бердим. Ўша ернинг ўзида янги маҳсини кийдириб қўйдим. Кейин кавушларини ҳам янгиладим. Сўнг таглик-патак олиб келиб кавушларига солдим. Кейин Туркиянинг янги пайпоғидан ҳам олиб бердим. Онажоним тураётганларида: “Энди рўмол олиб берсам, бош-оёқ сарпо қилган бўларканман”, – деб ҳазиллашдим. Онам: “Ҳа, ҳа”, – деб кулиб қўйдилар. Гап-сўзларимизни эшитиб турган маҳсидўз: “Онахон, бу йигит ўғлингизмилар?” – деб сўрадилар. “Ҳа”, – дедилар онам. Шунда маҳсидўз: “Ҳозир жуда улуғ иш рўй берди. Розилик билан шундай жилмайдингизки, мана шу кулгингиз ўғлингиз учун еру осмоннинг гулга тўлганидан ҳам яхшироқ бўлди. Дунёда Аллоҳга иймон келтиргандан кейин ота-онанинг хизматини қилиб, дилини хушнуд этишдан улуғроқ иш борми?! Кўриб турибманки, ўғлингиз хизматингизни сидқидилдан қиляпти, мен бу ишларга қиёматда гувоҳлик бераман, ҳозир шу ерда фарзандингиз ҳаққига дуо қилинг, чунки шу соатда Аллоҳнинг даргоҳи очиқ турибди, инша Аллоҳ!” – деган гапларни айтди. Мен маҳсидўзнинг илм эгаси эканини англадим. Гапларидан қалбим сел бўлиб оқди. Онажоним шу бозорнинг ўртасида узоқ дуо қилдилар… Ўша воқеадан сўнг қачон онамнинг хизматларини қилсам, аввал ҳеч ҳис этмаганим бир ажиб улуғворликни сезадиган, чарчоғим тарқайдиган, таним роҳатланадиган, дилим яйрайдиган бўлди. Ишқилиб Аллоҳим мен бу роҳатдан бемаврид жудо этиб қўймасин-да…
Бу ҳикоя кишини ўйга толдиради: тасаввур қилайлик, айни дамдақанча ота-она совуқ уйларда, совуқ ёлғизликдан ёки фарзандларининг совуқ муомалаларидан дийдираб ўтирибдилар экан? Қани эди, ўша совуқ муомалали фарзандлар шу йигитдан озгинагина ибрат олишса-ю дуогўйларининг қадрини билишса, жаннатлари йўлларини топиб олишса.
Битта ҳақиқат бор, унутмаслик керак: ким Она дуосидан маҳрум бўлибди, жаннатдан маҳрум бўлибди. Аллоҳ сақласин!
Қишлоқлардан бирида бу воқеага гувоҳ бўлган эдим: биродаримизникида меҳмонда эдик. Қўшниси эҳсонга таклиф этди. Чиқдик. Жуда кўп меҳмон айтилган экан. Биз ҳовлида, тут дарахти соясидаги сўридан жой олдик. Рўпарамизда ошхона, унинг ёнида бир пастак ҳужра бор эди. Агар ўша ҳужрадан хаста овоз чиқмаса унда одам яшашига ишонмас эдим. Ўша ҳужрага кўп тикилаётганимни сезган биродарим: “У ерда соҳиби эҳсоннинг волидалари яшайди, бир оз хасталар”, – деб изоҳ берди. Мен меҳмонларга жой ҳозирлаш учун каттароқ уйдан бу ҳужрага вақтинчалик олиб чиқилгандир, деган ўйда эдим. Аммо эҳсон якунига етгунича ҳам биров у ҳужрадан хабар олмади. Бир пиёла иссиқ чой ёки бир бурда иссиқ нон олиб кирмади. Шундан сўнг биродаримдан: “Доим шу уйда яшайдиларми?” – деб сўрашга мажбур бўлдим. Биродарим қўшнисининг сирини очаётганидан хижолат бўлибми, аста “ҳа”, деб қўя қолди, бошқа изоҳ бермади. Бошқачароқ изоҳга ҳожат ҳам йўқ эди. Бу тез-тез учрайдиган воқеа эмас. Мен ҳам ваҳима қилмоқчи эмасман. Лекин бу даҳшатдан (ҳа, айнан даҳшат, айнан ёвузлик дейман) кўз юма олмайман. Ақлни лол қолдирадиган даражада эҳсон дастурхонларига меҳмонларни чорлаганлари ҳолда, оталари ёки оналарига ўзларининг эски кийимларини кийинтириб қўядиганлар озми ё кўпми? Бир зах ҳужрага ташлаб қўйилган она фарзандини нима деб дуо қилган экан? Орадан йиллар ўтиб, йўлим яна шу қишлоққа тушганда онасини хорлаб қўйган одам тақдири билан қизиқдим. Аллоҳнинг бандаларига берадиган энг улуғ неъматларидан бири – фарзандлари камоли ва роҳатини кўриш. Онасини хорлаган ўша одамни Аллоҳ шу неъматдан сиқиб қўйибди (астағфируллоҳ!). Шомда дўстлари билан улфатчиликка кетган тўнғич ўғлининг жасадини тонгда олиб келишибди. Мастликда дўстлари билан муштлашиб жон берибди. Бир қизини яқин қариндошининг ўғлига унаштирганда у хуштори билан қочиб кетибди, иккинчи қизи ундан-да баттар шармандаликка учрабди: эрга тегмасдан ҳомиладор бўлиб қолибди. Кенжа ўғли гиёҳвандлик иллати билан вафот топибди. Ўзи ҳам оғир хасталикка учраб, қийнала-қийнала жон берибди, қариндошлар ҳам, ғассол ҳам кўзларини юма олишмабди. Кўзлари очиқ кетибди…
Яна бир воқеа: муборак Умра сафари чоғида кўнгилларни хира қилувчи воқеа юз берди: фарғоналик бир одам онасини қутлуғ зиёратга олиб борибди. Албатта, бу таҳсинга лойиқ иш. Кўпчилик ота-онасини шундай улуғ зиёратларга олиб бормоқликни ният қилади. Айримлар эса бу каби зиёрат ота-оналарига насиб этмай, вафот этиб кетганларидан армонда юрадилар. Фарғоналик йигитнинг онасига бўлган қўпол, қўрс муомаласи барчани ранжитди. Она бечора умрида биринчи марта қишлоғидан четга бориши бўлса керак, самолётга ёки автобусга қандай чиқиш, ўтиришни билмай тараддудланади, баъзан шошиб қолади, баъзан нимагадир улгурмайди. Ўғил эса унга ёрдам бериш ўрнига дўқ уради: “Мени шарманда қиляпсиз!” – дейди. Билмайдики, унинг шармандалиги онасининг ҳаракатида эмас, балки ўзининг феълида, муомаласида. Кўпчилик “Онангни бу ерга олиб келиб хунук муомала қилганингдан кўра ўз уйингда ширин муомала билан кўнглини олсанг савоблироқ бўлармиди! Онани кўпчилик ҳузурида беҳурмат қилишинг – Каъбани вайрон қилиш гуноҳи билан баробар эмасми?” – деб тўғри танбеҳ бердилар. Эҳтимол, ўғилнинг асосий нияти онасини зиёратга олиб келиш бўлмагандир. Бундай дейилишга сабаб: уларнинг бу масканда қариндошлари кўп экан. Йигит улар берган совға-саломлар билан овора бўлиб қолди. Балки онани олиб келишни ўша қариндошлар талаб қилишгандир. Шу талаб бўлмаса йигит онани олиб келишни хаёлига ҳам келтирмас… Яна Худо билади…
Ёлғиз қолиб кулбада, ким у,
Ҳар кун бизга тайёрлар таом.
Улкан меҳр туҳфасидир бу,
Аммо бизга ширинмас тамом?..
О, бу она, сенсан онажон!
1992 йилда Ҳаж ибодатига, кейинроқ Умра ибодатига борганимда қари оталари ёки оналарини аравачада олиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳавасим келган эди. Дадажоним вафот этганларида Ҳажга боришни фақат орзу қилиш мумкин эди. Советлар замонида бутун иттифоқ бўйича 20–30 одам, Худога эмас, партия ташкилотларига ёққан одамлар борарди. 1992 йилдаги менинг сафарим кутилмаганда бўлди, йўлга чиқишим лозимлигини бир неча соат аввал маълум қилишди. Ўшанда аяжоним бемор эдилар. Олиб боришнинг имкони йўқ эди. Ўзим Умра ибодатини бажаргач, яна қайта-қайта шаҳарга кираверишдаги махсус белгиланган жойга бориб, ғусл қилиб, эҳромга ўралдим, дадажоним, аяжоним, тоғажоним учун умра ибодатини бажардим. Дамира опам иккинчи марта Ҳажга борганларида аяжоним учун ҳаж бадал қилибдилар, Аллоҳ рози бўлсин. Деярли ҳар куни чиғаноқ антенна орқали Каъбатуллоҳни кўриб тураман. Ҳозир ҳам қари ота-оналарини аравачада олиб юрган солиҳ фарзандларни кўриб юрагим ўртанади.
Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) Тайсала ибн Миёсдан: “Дўзахдан қўрқиб жаннатга киришни хоҳлайсанми?” – деб сўрадилар. “Албатта хоҳлайман”, дедилар Тайсала. “Ота-онанг тирикми?” – деб сўрадилар. “Отам вафот этганлар, аммо онам борлар”, – дедилар Тайсала. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар дедиларки: “Катта гуноҳлардан ўзингни сақлаганингдан кейин онангга қаттиқ гапирмасанг, унинг об-овқатини бериб турсанг, албатта жаннатга кирасан”, – дедилар.
Ривоят қиладиларким, бир киши Ҳажга бормоқчи бўлди. Аммо кекса онасини ёлғиз ташлаб кетишга кўзи қиймади. “Устозга бораман, нима десалар шу”, деб Ҳазрат шайх Абу Ҳозими Маданий ҳузурларига келди. Шайх ҳазратлари ухлаётган эдилар. Уйғониб дедиларки: “Ушбу дам тушимда Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) кўрдим. Дедиларки: “Ҳажга кетмоқдан кўра она ҳаққини сақламоқ сенга яхшироқдир”. Сен онангнинг ризосини истаки, Аллоҳнинг ризоси шундадир”.
Онасини бир эмас, юз марта Ҳажга олиб бориб, бошқа пайт кўнглини ранжитувчилар шу ҳикматлар мағзини чақиб кўрсалар ёмон бўлмас. Онасини ранжитган бир қизга қараб Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат сени қорнида тарбия этган ким? Ўлим жари ёқасига келиб, сени туққан ким? Сени икки йил эмизган ким? Сени балоғатга етказиб узатган ким? Шу онанг! Агар шу онангни рози қилмасанг, жаннат сенга ҳаром!..”
Ҳа! Кўрнамак фарзанд бегонадан ёмон. У жиноятчидир, чунки онага нисбатан эътиборсиз бўлишга фарзанднинг ҳаққи йўқ!
Она муҳаббатидан муқаддасроқ ва беғаразроқ ҳеч нарса йўқ; ҳар қандай меҳр-муҳаббат, ҳар қандай эҳтирос унга нисбатан ё ожиз ё ғаразлидир. Киши болаликдан она кўзларига боқиб, улардаги ташвиш ва ҳаловатни, тинчлик ва ҳаяжонни кўришга ўрганмаган экан, бир умрга ахлоқий жиҳатдан ногирон бўлиб қолади.
Қабристондаги тошларга “Онажон, Худо раҳмат қилсин!” каби ёзувларни ўқиш мумкин. Марҳумаларга атаб қимматбаҳо тошлар қўйишади. Баъзи танишлар келиб: “Онамга тош қўймоқчиман, чиройли сўзлар ёзиб беринг”, – дейишади. “Ажаб! Наҳот ўзининг қалбида онасига аталган чиройли сўзлар йўқ бўлса?” – деб ўйлайман. Онанинг ўлимидан сўнг қанчалик чиройли сўзлар тўқимасин, бу сўзларни энг қимматбаҳо мармартошга тилла билан ёздирмасин, тириклигида бир бурда қотган нон билан йўқлаши ўрнини боса олмайди.
Ҳар йили баҳор қувончи Оналар байрами севинчидин бошланади. 8 март арафасида деярли барча ишхоналарда дастурхон тузалиб, тантана қилинади. Ёқимли гаплар кўпроқ гапирилади, табриклар янграйди. Байрамни ҳар ким ҳар хил кутади. Байрам ҳақидаги тасаввури ҳам турлича. Мен бундай байрамларни инсонийлик бурчни яна бир карра эслатиб турувчи кун сифатида қадрлайман. Бугун иш жамоаларида ҳамкасб аёлларни табриклагач, оналарни табриклаш ҳам жоизлигини унутмаймизми? Баъзиларимизнинг оналаримиз бошқа шаҳарда яшайдилар. Бо- риб табриклашга имконимиз бўлмаса, бир ҳафта олдин табрик хати жўнатдикми ё танишларимиз орқали ҳеч бўлмаса битта рўмолчани совға қилиб юбордикми? Бу кунни байрам деймиз. Шу байрамда марҳум оналарни, опа ёки сингилларни эслаймизми? Она қабрига борамизми?
Булар ҳақида ҳам ўйлаб туришимиз керак.
Биз – ўзбекларнинг яхши одатларидан бири – таниш билан сўрашганда албатта: “Ота-онанг яхши юришибдими?” – деб сўрашади. “Ҳа”, деб жавоб берилса: “Ота-онанг омон экан, сен дунёдаги энг бахтиёр, энг бой одамсан”, – деб дуо қилишади.
Майса қайта кўклар, йўллар қайта ўрлар,
Дарахт қайта гуллар кўклам кўк пайти.
Биргина одамлар, пешонаси шўрлар
Кетганча кетади, келмайди қайтиб.
Атрофда осойиш, сокиндир тўрт ёнинг,
Сен шошил, онангнинг оёқларин ўп.
Сочлари оқариб жим ўтирган онанг
Қайтмас йўлда кетиб бормоқда шип-шип…
Сени ўпаётиб, устинг ёпаётиб
Ширин таъмлар тотиб онанг кетмоқда.
Тунда тошдан қаттиқ боши ёстиғига
Болишига ботиб онанг кетмоқда.
Огоҳ бўл! Қачонки биз ундан толамиз,
У қушдай беозор учиб кетар жон.
Учарки, учганин сезмай қоламиз.
Қувиб етолмаймиз кейин ҳеч қачон…
(Ҳалима Худойбердиевадан)
Фарзанд ўз бахтини, ўз бойлигини асраши учун ўз бурчини тўла адо этиши шарт. Ҳар кун, ҳар соат, ҳар нафасда бу бурчига содиқ бўлмоғи зарур!
Баъзилар оналарини кечира олмасликларини айтадилар. Тоғаларимнинг катта бувимга нисбатан таъналарини айтдим. Радиода ишлаганимда рус таҳрирятида Самохвалова деган аёл ишларди. Исми Елена, лекин ҳамма уни “Лола” деб атарди. Айтишларича, ёшлигида Ғафур Ғуломнинг эътиборини тортиб, “Лола” исми жисмига монанд топилган бу гўзал хоним энг маҳоратли радио мухбир саналарди. Касбда аълочи бўлгани билан одобда ғоят қолоқ эди. Бир куни сигаретни тутата туриб онаси Киевдаги “Қариялар уйида” эканини айтди. Бу аёл ҳар йили ёзда опаси билан Қримга дам олгани борарди. Поччаси нозик идораларга яхши хизмат қилувчи ижодкорлардан бўлгани учун ёзувчиларнинг денгиз бўйидаги ижод уйига боришарди. Навбатдаги шундай сафарга отланаётганида мен: “Йўл-йўлакай онангизни ҳам зиёрат қиласизми?” – деб сўрадим. “Йўқ, –деди у бамайлихотир, – онамни кўрмаганимга анча йил бўлди, хат ҳам ёзмайман. Очиғини айтсам, тирикми ё ўлганми аниқ билмайман”. Бу гапдан ҳайратга тушдим. У эркак бўлганида сўкиб юборишим тайин эди. “Сен Лола эмас, шумғия экансан!” – дегим келди. Ғазабланганимни фаҳмлаган Самохвалова: “Сен онамга ачинма, у шундай азобга лойиқ аёл. У опам иккимизни етимхонага топшириб, ўзи урушга кетган”, – деди. Маълум бўлишича, эри жангда ҳалок бўлганини билган аёл икки қизини етимхонага бериб, ўзи қасос олиш мақсадида урушга кетган экан. Урушдан кейин қизларини етимхонадан олиб бирга яшаган, лекин бағритош қизлар уч йиллик умрининг етимхонада ўтгани учун онани кечиришмас экан. Бу ҳар қандай лаънатга лойиқ ҳолат эди. Онаси “Қариялар уйи”да жон беришдан олдин уларни қарғаганми ё йўқми, билмайман. Лекин бу аҳмоқ хотинни Худо урганига кўпчилик гувоҳ бўлди. Аввало зурриёт қолдирмади, изсиз кетди. Ёлғиз яшар эди, ўлганини қўшнилари ҳам билмай қолишибди…
Бу воқеаларни эслашимдан сабаб: ҳозирги доруломон кунларда ҳамболаларни етимхонага берадилар. Етимхонанинг эндиги номи – “Меҳрибонлик уйи”. Номи ўзгарди, шароитлари ҳам яхши. Лекин етимнинг номини ўзгартириб бўлмайди. Унинг қалб жароҳати ҳам ўзгаришсиз қолаверади. “Меҳрибонлик уйи”даги тўкин дастурхон, чиройли кийимлар… бу қалб жароҳатига малҳам бўла олмайди. Она меҳри ўрнини ҳеч нима босолмайди. Оналар гўдакларини чап кўкракларига – юракларига босиб кўтарадилар. Она юрагиниинг тафти гўдак қалбига эҳтимол шу тарзда кўчар. Оталар эса ўнг кўкракларига босадилар, бу ҳам ажиб ҳол! Ачинарлиси эса, “Меҳрибонлик уйлари”даги болалар ғирт етим эмаслар. Ота-оналари бор. “Ғирт етим” дейилгувчи болаларни оналари туғиб ташлаб кетган. Вақти-соати келиб, у оналар ҳам, бу оналар ҳам афсус дўллари остида азоб чекмасмикинлар?
Тарк этамиз кимни доимо,
Оғушида бир зум қолмаймиз.
Кимни олис ҳижронда, ҳатто
Соғинмаймиз ёдга олмаймиз?
О, бу она, сенсан, онажон.
Меҳрибонлик уйларида болалар ота-она меҳрига ташна бўлиб яшайдилар. Бир етим бола: “Адам билан ойим келмайдилар, бобожоним келиб турадилар”, – дейди. Ота-онаси тирик бўла туриб етим қолган бу боланинг ўкинч тўла юрагида яна қанчалар нафрат бор экан! Унинг ота-онаси эҳтимол ажрашиб кетгандир, сўнг ҳар бири бошқа оила қургандир. Бошқа оиладан фарзандлари бордир. Юракнинг бир парчаси бўлган болани етимхонага ташлаб қўйиб хотиржам яшовчиларни одам дейишга тил бормайди. Булар-ку майли, наҳот ўша етимларнинг амакилари ёки тоғалари, аммалари ёки холалари бўлмаса?! Жиянларини бағирларига олиб, ўз фарзандлари қаторида вояга етказиш савобидан нечун улар бебаҳралар?
Яқинда Самарқанддаги “Меҳрибонлик уйи”га бораётганимизда мухбир синглимиз: “Қадимда “Меҳрибонлик уйи” нима деб аталган?” деб сўради. Жавобим қисқа бўлди: “Бизда илгари етимхоналар йўқ эди. Бизда иймон эгалари кўпроқ эди…”
Фарзандларининг бемеҳрлигидан шикоят қилувчилар ҳам бор. Шулардан бири: “Мен отам ўлганида йиғламадим, онам ўлганида йиғламадим, ич-ичимдан эзилдим. Энди шу ёшга кириб, болаларимдан меҳр кўрмай йиғлаяпман”, – деди.
Мен у кишининг ёшлигини, кейинги ҳаётини ҳам билардим. Уйлангач, алоҳида уй қилиб чиқиб кетган, ота-онасидан ойда бир хабар оларди, бўлмаса йўқ. Баҳонаси: “Илмий ишлар билан бандман!” Балки ота-онаси билан видолашаётганда йиғлаганида – ҳозир ўз қадрига йиғламасмиди… Ота-онанинг ўлимидан сўнг ука-сингиллари билан ҳам узоқлашди…
Отани хорлади, онани солди қайғуга,
юз ўгирди қариндошдан ҳам.
Тамумга сафари муборак бўлсин.
Фарзандларидан нолийдиган одамлар оз эмас. Отанинг фарзандданнолишига ҳаққи борми? Йўқ. Боғбон шафтоли данагини экиб ниҳол ундирса, сўнг бошқа нав шафтолининг новдасини олиб келиб, пайванд қилса, сўнг парваришласа-ю, у дарахт ширин эмас, аччиқ ёки нордон мева тугса. Бунга дарахт айбли бўладими ёки ўша мевами? Боғбон қандай данак эккан эди, аниқ билармиди? Қандай новда улади, сувдан вақтида хабар олиб турдими, кераксиз новдачаларни кесиб қўйдими, дарахт барглари офтоб нуридан етарли баҳра олдими?
Фарзанд отанинг пуштикамаридан дунёга келган бўлса, уни отанинг ўзи тарбия қилгани ҳолда яна нолиса? Илмий жиҳатдан, ирсият қонунлари нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ота-онанинг феъли, табиати фарзандига ўтади. Меҳрибон одамдан бемеҳр бола туғилмайди. Тўғри, кейинчалик атроф-муҳит бола онгига, хулқига таъсир қилади. Лекин ота-она ана шу таъсирни ҳам бошқаришлари шарт. Агар ота бўлмиш ўзининг ота-онасига, ака-укалари, опа-сингилларига меҳрибон бўлса, ширинсўз бўлса, уларнинг қадрига етса ва буни боласи кўриб, билиб турса бу фарзандга ортиқча гапнинг ҳожати йўқ.
Биз фарзандимиздан нолишдан олдин: “Ўзимиз фарзанд бўлиб ота-онамизга қандай ҳунарлар кўрсатган эдик?” – деб ўйлаб кўрайлик. Балкиота-онамизга қилган қилиғимиз энди фарзандимиз воситаси билан ўзимизга қайтаётгандир? Балки орадан йиллар ўтиб ҳаёт кўзгусида ўзимизни ўзимиз кўраётгандирмиз?
Франциядаги бир аянчли воқеани сизлар ҳам эшитгандирсиз?
Бир аёл вафот этган укаси учун қабр қаздиргани мозорга келиб, хилхонасига қараса, гўр устида ўғлининг номи ёзилган. Суриштириб билса, ўғли бир йил олдин вафот этиб, шаҳар ҳокимияти шу ерга кўмдирган экан. “Нега ўғлимнинг ўлими ҳақида менга хабар бермадиларинг?” – дебҳокимиятга даъво қилибди. Қаранг, бир йил мобайнида ўғил битта шаҳарда яшовчи онасини бирон марта йўқламаган, ҳеч бўлмаса телефонда ҳол-аҳвол сўрамаган. Она эса: “Ўғлим нега жимиб қолди, тинчимикин ишқилиб?” – деб ташвишланмаган. Бундай бемеҳрлик у жамият учун янгилик эмас. Одамлари бунақа воқеага дуч келишганда хайратланишмайди, ғазабланишмайди. Албер Камю деган ёзувчининг “Бегона” деган асарига Нобель мукофоти берилган эди. Ҳажми унча катта бўлмаган бу асарга оламга сиғдириб бўлмайдиган бугунги дунё муаммоси сингдирилган эди. “Қариялар уйи”да яшовчи аёл ўлгач, бошқа шаҳарда турувчи ўғлига хабар берадилар. Дафн маросими “Қариялар уйи” ҳисобидан. Раҳбари ўғилдан “Онангизни қайси қабристонга қўямиз?” – деса, у: “Менга барибир”, – дейди. Асар қаҳрамони ҳатто ўзининг онаси ўлимига ҳам бефарқ, севги ҳам унинг қалбини юмшата олмайди, хуллас у ҳар қандай меҳр-мурувватдан бегона, руҳсиз бир тана. Асар қаҳрамони оддий бир йигит эмас, балки бугунги Европанинг рамзий тимсоли. Меҳрсизлик оламининг аянчли манзарасини акс эттиргани учун ҳам бу асар мукофотга сазовор бўлган эди.
Франциядаги воқеа таъсирида юрганимда қўлимга бир шеър тушди. Самарқандлик ижодкор Тўра Муроднинг “Онам мени кутади” деган шеърини ўқиб кўзимга ёш келди. Бир нусхасини олдим. Малака ошириш ўқишига келган олти юз милиция ходими билан бўлган учрашувда адабиёт ҳақидаги суҳбатдан кейин шу шеърни ўқиб бердим. Йиғлаб юбормаслик учун бир неча марта чой ҳўплашимга тўғри келди. Ўқиб бўлиб қарасам, офицерларнинг кўпи йиғлаб ўтирибди. Бошқа жойлардаги кейинги учрашувларда ҳам бу манзара такрорланди. Аяжонимни эслаш баҳонасида оналар ҳақидаги фикрларни баён қилаётиб бу шеър ёдимга тушди ва уни сиз – азизларга илиндим. Агар онангиз акангиз ёки укангиз билан яшаётган бўлса-ю, сиз ҳар куни зиёрат қилсангиз ҳам кетадиган пайтингизда: “Энди қачон келасан?” – деб сўрайди, тўғрими? Кеча оқшомда зиёрат қилиб, бугун чошгоҳда телефонда ҳол сўрасангиз ҳам: “Болам, қачон келасан?” – деб сўрайди. “Кеча бордим-ку, онажон”, десангиз, “Бугун ҳам келгин, ҳар куни келгин, болажоним, хўпми…”деб зорланади. Шеър ана шундай суҳбатлардан биридан таъсирланиб ёзилган:
Энди шоҳи, атлас киймайди онам,
Энди кимхоб, адрас киймайди онам,
Энди зар олиб бер, демайди онам,
Энди онам фақат мени кутади.
Катта шаҳарларга борай демайди,
Париж, Лондон, Римни кўрай демайди.
Япон боғларида юрай демайди,
Энди онам фақат мени кутади.
Сархил таомларга хуши йўқ энди,
Тандир кабобларга тиши йўқ энди.
Зиёфатлар билан иши йўқ энди,
Энди онам фақат мени кутади.
Ёқмас тўй-ҳашамлар шовқин-сурони,
Ёқмас неваралар тўс-тўпалони.
Сўрамайди кунни, обу ҳавони
Энди онам фақат мени кутади.
У-бу олиб кел, деб ҳеч сўрамайди,
Олган нарсамга ҳам бир қарамайди.
Дер: “Кеп турсанг онанг бил, қаримайди”,
Энди онам фақат мени кутади.
“Болам, бўйингни бир кўрсам бас”, – дейди.
“Суҳбатлашиб ўтир, кел, бирпас”, – дейди.
“Менга бошқа нарса керакмас”, – дейди,
Энди онам фақат мени кутади.
Бормаган бир куним ўн кунга ўтар,
Мен борар йўлларнинг бошида кутар.
Мени кўрса дилдан ғамлари кетар.
Энди онам фақат мени кутади.
Дейди: “Болам, бугун айт, келасанми?
Агар келсанг, ётиб ҳам қоласанми?
Жуда соғинганман, сен биласанми?”
Энди онам фақат мени кутади.
Энди шоҳи, атлас киймайди онам,
Энди кимхоб, адрас киймайди онам.
Тиллолар олиб бер, демайди онам,
Энди онам фақат мени кутади.
Мен-чи?
Кошки, ҳар куни бора олсайдим…
Азизларим, эсласангиз, халқимизда “Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада”, деган мақол бор. Бу шунчаки бир ҳикматли гап эмас, балки бемеҳр, лоқайд фарзанд тош юрагининг манзарасидир. Агар айни чоқда бу шеърни ўқиганингизда юрагингиз бир қалқиб тушган бўлса, уни ёд олинг, фарзандларингиз ҳам ёд олсин, унутмасин…