Читать книгу Ҳаёт қайиғи (2 китоб) - - Страница 9
Биринчи қисм
ИККИНЧИ ТУҒИЛИШ
Фёдоровнинг кўз ёшлари
ОглавлениеМен эсам, стадионга шошилдим. Биринчи ўйин Гуржистон жамоаси билан эди. Болалар жуда яхши ўйнашди. “Шайба”дан ўтган Олмос Абдуллаев билан грек боласи (исмини унутибман, узр. Хадзипанагис табиатан қувноқ, серғайрат бўлса, ҳатто ўйин пайтида ҳам юнонча қувноқ қўшиқларни айтса, бу бола ғоят камгап ва ювош, аммо, майдонда сергак ва жасоратли эди) майдонда илк бор кўришаётган бўлишса-да, марказий ҳимояни маҳкам ушлашди. Ҳужумда Хадзипанагис, Фёдоров гуржиларни гангитиб қўйишди. Владимир гуржи дарвозабони билан бирга-бир чиқиб, дарвозага тўп кирита олмагач, Базанов ғазабланиб, ўн бешинчи дақиқадаёқ уни ўйиндан чиқариб, ўрнига Рустам Мирсодиқовни (“Шайба”дан ўтган) туширди. Келажакда машҳур футболчи бўлиб етишадиган болани Базанов шундай хорлади. Владимир майдондан бош эгиб чиқди, захирадаги ўртоқлари ёнига бормай, дарвоза ортида ўтириб йиғлаб юборди. Оқшомда мусобақаларнинг расмий очилиш маросими бўлиши керак эди. Болалар ётган хонага кирсам, Фёдоров яна йиғлаб ўтирибди. Базанов унга очилиш байрамида қатнашмайсан, деган экан. Мен жамоа раҳбари ҳисобланган комсомол вакилига айтган эдим, Базановнинг қарорини бекор қилди. Фёдоров байрамда ўртоқлари билан шодланди. Лекин қаҳри қаттиқ Базанов уни кейинги ўйинларга қўймади. Володя ҳар сафар йиғлар эди, “сиз айтинг, ўйнатсин”, деб менга ҳам ялинарди. Базанов “Ўйинга мен жавобгарман, сизлар аралашманглар”, деб менинг илтимосимни, комсомол вакилини талабини қулоққа олмади. Владимир Фёдоров шуҳрат шоҳсупасига кўтарилганида Базанов уни эсладимикин? “Пахтакор” жамоаси авиаҳалокатда ҳалок бўлганида кўнгли эзилганмикин? Базановни эслаганимда болалар билан ишловчи тренерларнинг савияси, педагогик маҳорати ҳақида кўп ўйлайман, бу борада камчиликлар ҳозирги кунда ҳам кўп бўлгани сабабли ташвишланаман.
Спортнинг у ёки бу турига қизиқиб тўгаракка (спортчилар ва спорт журналистлари тилида “секция” дейилади. Каминага “тўгарак” дейилгани маъқул кўринди) келган болаларнинг барчаси ҳам чемпионлик шоҳсупасига қараб интилмайди. Баъзилари уч-тўрт марта қатнашиб, кейин бормай қўяди. Сабаб?
Тўгарак иши учун зарур шароит йўқми? Болага етарли эътибор берилмаганми? Тўгарак раҳбари (тренер) боладаги қизиқиш чўғини алангага айлантира олмаганми? Балки тўгарак раҳбари ўзининг нотўғри муомаласи билан болани бездириб қўйгандир?
Бунинг сабаби билан ким қизиқиши керак?
Бу ўринда асосий айбдор ўша тўгарак раҳбари, деган одам янглишмайди. Тўгарак раҳбари кечаги яхши футболчи ёки яхши боксчидир. Лекин унда бу ишда ғоят муҳим ҳисобланмиш тарбиячилик иқтидори йўқдир. Спортга меҳри аълодир, бироқ, болаларга меҳри саёздир. Бошқа иш йўқлигидан шу тўгаракка келгандир. Бундай одамларни ўз соҳаларидаги юксак маҳоратларидан қатъи назар, болалар билан ишлашга жалб этмаган маъқулроқ. Вақтида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган, энди тренерликни касб этган одам агар сабрли бўлмаса, болаларга хос феъл-атворни билмаса, болалар руҳиятини англай олмаса, болалардаги қайсарлик каби иллатларга чидами етмаса бу соҳада ишлай олмайди. Болага катта талаб қўяди. Бола бажара олмаса, бақиради, ҳақорат қилади. Оқибат эса аён. Баъзан эса болани тўгаракдан раҳбарларнинг ўзлари ҳайдаб юборадилар. Бу ишлари учун ҳеч кимга ҳисобот бермайдилар. Чунки бола ҳайдалгани билан рўйхатда иштирокчи сифатида тураверади. Мактаб бола ҳар қанча ёмон бўлмасин, уни ҳайдай олмайди. Чунки мажбурий таълим ҳақида қонун бор, бола ҳайдалса қонун бузилади. Бу қонун тўгаракка тааллуқли эмас. Ҳайдаса бўлаверади. Мактаб боланинг ота-онаси билан доимий алоқада. Боланинг хулқи масаласида отани ёки онани тез-тез йўқлаб туради. Мактабда “Ота-оналар қўмитаси”, “ота-оналар мажлиси” деган гаплар бор. Тўгаракда эса булар йўқ. Тўгарак раҳбари шогирдининг оилавий аҳволини деярли билмайди. Бу борада тадқиқот ўтказиш чоғида мен шунга амин бўлдим. “Шунча бола тўгарагингизга келмай қўйибди, сабаби билан қизиқмадингизми?” деган саволимга тайинли жавоб ололмадим.
Тўгаракларда ишлаётганлар ўзларини энг аввалотарбиячи деб ҳисоблашлари шарт. Уларнинг моҳир рассом, наққош, боксчи ёки футболчи эканликлари иккинчи даражали масала. Афсуски, бизда бундай талаб қўйилмаган. Тўгарак раҳбарларидан “Тўгарагингизда нечта бола бор, нечтаси мусобақада ғолиб келди?” деган ҳисобот сўралади. “Тарбияга доир нима иш қилдинг?” деб сўралмайди. Тўгарак раҳбари: “Мактабда қандай ўқияпсан, машғулотдан чиқиб тўғри уйга кетяпсанми ёки бирор овлоқдаги болаларга қўшилиб бевошлик қиляпсанми?” деб қизиқмайди. Айни чоғда ота ёки оналарнинг аксари “Болам кимдан нимани ўргангани қаерга боряпти, машғулотларни канда қилмай қатнашяптими ёки тўгарак баҳонасида уйдан чиқиб санқиб юрибдими?” деб суриштиришмайди. Бола мактабдаги ўқишдан қолса, ота-онасига дарров хабар боришини билади ва интизомга бўйинсунишга мажбур бўлади. Тўгаракда интизом йўқлигини ҳам билади ва бундан усталик билан фойдаланади.
Тўгарак раҳбари бола қалбини кашф эта олиш маҳоратига эга бўлиши шарт. Унда мактаб ўқитувчисида бўлмаган имконият ва имтиёз мавжуд. Бола у ёки бу фанни ёқтирмаса ҳам шу дарсда ўтиришга мажбур. Лекин тўгаракка ўзи келган, демак ундаги айни шу хоҳишни ўлдиришдан эҳтиёт бўлишга тўғри келади. Пойтахт атрофидаги тўгараклардан айримларини ўрганганимда тўгарак раҳбарларидан 55-60 фоизигина ўргатаётган мутахассислиги бўйича олий маълумотли экани аниқланди. Буларнинг ҳам ярмидан кўпи педагогика фанидан бебаҳра. Тўгарак раҳбарлари орасида ўрта маълумотлилар ҳам анчагина. Энг ачинарлиси, бу тўгарак раҳбарларининг ярмидан сал кўпроғигина ўз соҳасида муқим ишлайди. Бир йил, ҳатто ярим йил ишлаб кетувчилар ҳам бор. Ана энди болаларнинг қизиқишини ошириш қандай аҳволда эканини тасаввур этаверинг.
Бу соҳадаги жиддий камчиликлардан бири – мактаб билан тўгараклар орасида алоқа, боғлиқлик йўқ. Тўгарак раҳбари мактабга келмайди, ўқитувчи тўгарак билан қизиқмайди. Талаб қилинган маълумотномаларни тўлдириш учун синф раҳбари ўқувчиларнинг қандай тўгаракларга қатнашиши билан номигагина қизиқади.
Болалар билан иш олиб боришга мутлақо яроқсиз одамлар ҳам учрайди. Ҳадеб бошқа соҳаларни танқид қилавермай, мисолни ўзимиздан олсак, бир адабиёт тўгарагининг раҳбари, шоир биродаримиз машғулотдан кейин ўсмир йигитлар билан пивохўрликка бораркан. Бу одам билан бирга юрган болалардан шоир чиқадими ё йўқми, билмайман. Аммо майхўр чиқиши ҳақиқатга яқинроқ. Бунга ўхшаган мисолларни спорт соҳасидан кўпроқ келтиришим мумкин. Болалар қамоқхонасида ўтирган беш ўсмир тренери билан улфатчиликдан кейин йўлтўсарлик қилиб қўлга тушишган. Қонунга биноан тренер ҳам жазоланган. Лекин вақт ўтгандан кейин бериладиган жазодан наф борми?