Читать книгу Маънавий олам мусаввири - Оқилжон Ғофуров - Страница 2

МАЪНАВИЙ ОЛАМ МУСАВВИРИ
ГЁТЕ, «ФАУСТ» ВА ЭРКИН ВОҲИДОВ

Оглавление

Эркин Воҳидов – ўзининг сирли-соҳир, нафис оҳангларга йўғрилган бетакрор шеърияти, драматик асарлари, публицистик ва адабий-танқидий мақолалари ҳамда жаҳон адабиёти машҳур намояндалари ижодидан қилган таржималари билан ўзбек адабиёти хазинасига улкан ҳисса қўшган йирик сўз санъаткоридир. Айниқса, Ватан, жонажон Ўзбекистон, Истиқлол ҳақида битилган шеърий асарларида юртга фидойи шоир қалбида сўнгсиз фахр, ифтихор туйғулари жилоланиб туради.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, қадимги Юнонистонда Аристофан комедияларини, французлар «Тартюф», «Дон Жуан», «Мизантроп» (Мольер), руслар «Ревизор» (Н.В.Гоголь) комедияларини саҳналаштириб, қанчалар севиб томоша қилса, халқимиз «Олтин девор» комедиясини шунчалик мароқ билан томоша қилади. Хусусан, ушбу қувноқ комедия жаҳоннинг қатор тилларига таржима қилиниб, театрларда саҳналаштирилди, ўзбек драматургияси нуфузини оламга ёйди.

Беназир шоир Эркин Воҳидовнинг таржимонлик фаолияти ҳам унинг ижодида катта салмоққа эга. У Йоҳанн Вольфганг Гёте, Расул Ҳамзатов, Сергей Есенин, Михаил Светлов ва Александр Блок сингари кўплаб машҳур жаҳон шоирларининг нодир шеърий асарларини ўзбек тилига юксак маҳорат билан таржима қилди. Жумладан, улуғ немис шоири Й.В.Гёте қаламига мансуб «Фауст» асари таржимаси адабиётимизда ва маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлди.

Йоҳанн Вольфганг Гёте (1749—1832) – улуғ немис ёзувчиси, даҳо шоир, етук драматург, файласуф, адабиётшунос ва давлат арбобидир. У, шунингдек, ҳуқуқшунос, табиатшунос, шарқшунос ва мусаввир сифатида теран заковат, қомусий билим соҳибидир. У жаҳон адабиёти хазинасини «Фауст», «Ёш Вертернинг изтироблари», «Ғарбу Шарқ девони», «Ҳамроз диллар» каби умрбоқий асарлар билан бойитган улуғ сиймодир. Хусусан, «Фауст» трагедияси жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналаридан бири саналади.

«Фауст» – мутолааси қалбимни тўлқинлантирган энг севимли асарларимдан биридир. Қачонки, такрор-такрор мутолаа қилар эканман, ушбу ҳайратомуз асар бот-бот ҳаёт муаммолари, одам ва олам тўғрисида, хилқат ва абадият ҳақида чуқур мушоҳада қаърига чорлайверади; унинг ақл бовар қилмас теранликларида инсон хаёлини мудом банд қилиб келган азалий ва абадий саволларга жавоб излайман; борлиқнинг тилсимот каби сиру асрорларидан воқиф бўлмоқ истайман. Зеро, дунё китобхонлари тафаккурини ҳамон ларзага келтираётган «Фауст» фожиасида яхшилик ва ёвузлик каби икки мангу қарама-қарши куч курашади.

Инсон ҳаётининг маъноси, умрнинг вазифаси нимадан иборат? Табиат ва коинотнинг қудратли кучларини инсон иродасига бўйсундириш, унинг қонунларини синчков ўрганиш ва тилсимли олам сир-асрорларини инсоният фойдасига хизмат қилдириш доимий орзуси бўлган учқур тафаккур соҳиби шу муаммо устида узоқ бош қотирди. Бинобарин, Гёте буюк қаҳрамон Фауст тимсолида файласуф Гётенинг қалбидаги эзгу ва порлоқ орзу-умидлар рўёбга чиқди.

Бу кўҳна дунё, бу сирли очун моҳиятини чуқур англаб етмоқ мақсадида теран заковат соҳиби Й.В.Гёте немис халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган ақлли инсон Доктор Фауст ва шайтон Мефистофель ҳақидаги ривоятлардаги афсонавий образларга ижодий ёндошган ҳолда бадиий фантазия ва чуқур билимига таяниб, улуғвор «Фауст» асарини дунёга келтирди. Даҳо адиб шоҳ асарини яратиш учун салкам олтмиш йил заҳмат-машаққат чекди! Кўзланган ғоя ва мақсадини рўёбга чиқариш учун Гёте шоҳ асарида қадимги Ҳинд, Миср, Рим ва Юнон мифологияларига ижодий ёндошди. Даҳо ижодкорнинг зукко нигоҳидан ҳатто Шимол халқлари тасаввурлари, афсоналардаги марҳумлар руҳи билан гаплаша оладиган саҳҳор (сеҳргар) Георг Сабелликус, Товит («Таврот») ҳақидаги яҳудий афсонаси-ю, Одам Ато ва Лилит ҳақидаги коббалистик афсона ҳам четда қолмади.

Коббалистик афсонада ёзилишича, Лилит Одам Атонинг Момо Ҳаводан олдинги хотини бўлган экан. Эмишки, Лилит Одам Атодан дунёга келган фарзандларини битта қўймай ўлдирган ва шу сабабдан ҳайдалган экан…

Бироз чекиниш қилиб айтиш жоизки, Доктор Фауст ва Мефистофель ҳақидаги ривоят ва афсоналарнинг туб замини немис халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ. Шу баробар, Европа халқлари орасида ҳам донишманд ва адолатпарвар, ҳар ишда омилкор Доктор Фауст ҳақидаги машҳур ривоятлар сақланган. XVI асрда яшаб ўтган машҳур инглиз драматурги Кристофер Марло 1588—1589 йилларда яратган «Доктор Фаустнинг фожиавий ҳаёти ва вафоти тарихи» номли фожиасига немисча Фауст ҳақидаги халқ китоби асос бўлган. Шунингдек, Фауст ҳақидаги афсонадан ижодий фойдаланган немис маърифатпарвар ёзувчиси, драматург Фридрих Клингер 1791 йилда ўзининг «Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши» номли романини яратди. Мазкур роман Маҳкам Маҳмудов ва Абдунаби Абдулқодировлар томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, «Жаҳон адабиёти» журнали 2014 йил сонлари саҳифаларида эълон қилинган. Кристофер Марло трагедияси ва Фридрих Клингер романидан фарқли равишда, Гёте ижод этган «Фауст» фожиасида Фауст образи умуминсоний мақомга кўтарилади.

«Фауст”да икки қарама-қарши куч – эзгулик ва ёвузлик курашади. Зеро, энг сирли тилсимот бўлган инсон қалби, ботинида ҳам икки куч – яхшилик ва ёмонлик ўзаро курашади. Асар қаҳрамони Доктор Фауст илм-фан ва ақл-идрок ёрдамида борлиқ, табиат сир-асрорларини тушуниш учун интилади; чин инсоний ҳузур-ҳаловат, руҳий-маънавий қаноатни илму ижодда, бунёдкорона меҳнатда кўради. Ҳаёт ва тараққиёт душмани шайтон Мефистофелнинг асл мақсади эса инсон ботинидаги ижобий куч – яхшиликни маҳв этиб, ёмон ва қинғир йўлларга буриб юбориш. Арши аълода иблис Мефистофель Тангри билан Фауст тўғрисида мунозарага киришади. Мефистофель фикрича, абадул-абад азоб-уқубатда яшашга маҳкум этилган инсон коиноти азимда ожиз бир нарса. Зеро, иблис коинот ва табиат сир-асрорларини илм-фан ва ақл-идрок кучи билан билиб олишга интилаётган Фаустга шубҳа назари билан қарайди. Суҳбат чоғида агар Тангри ваколат берса, ундан инсонни тортиб олажагини, уни бир йўлга солажагини айтади. Фаустни нафс бандасига айлантириб, қинғир йўлларга бошлай олишини комил ишонч билан айтади. Инсонга ақл-заковат ато этганини нотўғри йўл ҳисоблаб, Тангрига таъна қилади:

«Инсон – коинотда кичкина Худо,

Шундай яралган у азал ибтидо».


(Й.В.Гёте, «Фауст». «Янги асар авлоди», Тошкент – 2015. 17 бет.)

Тангри эса, ўз қарашида мутлақо ҳақ: инсон гоҳида адашиб-улоқиб, азоб-уқубатда яшаса ҳам, алал-оқибат, тинимсиз изланиш ва қидиришлар натижасида кўзланган камолот чўққиси томон дадил интилаверади. Тангри жавобан, инсон тирик экан, Мефистофель уни синаб кўришини, изланиш бор ерда адашиш ҳам борлигини айтади. Шайтоннинг нияти ҳам маълум: у Фаустни нурли йўлдан чалғитиб, қинғир йўлларга етакламоқчи; нафсини қўзғаб, гуноҳ ишларга ғарқ қилмоқчи.

Шундай қилиб, Тангри инсонни Мефистофель ихтиёрига топширди: қани, ҳар қанча тубанлик бўлса, бошласин, инсон унга қанчалик эргашар экан! Лекин Мефистофель Тангри билан гаровда баҳсни сўзсиз бой бермадимикин?

«Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён,

Зулматдан йўл топиб чиқолур инсон.

Унга чироқ бўлур мен берган идрок».


(Ўша нашр, 19 саҳифа.)

Лекин Мефистофелнинг ўзига мутлоқ ишончи комил: у одамзодни таслим этиб, тупроққа қориштириб, барбод қилмоқчи. Тангри шайтонга шундай жавоб беради:

«Инсон табиати уйқуга мойил,

Сен унга қутқу сол, туртиб тур доим.

Атрофида айлан, қўзғат эрта-кеч,

Ҳар замон бедор тут, ором берма ҳеч».


(Ўша саҳифа)

Алоҳа, иблис Мефистофелга илм-маърифат ва комиллик рамзи, энг пок руҳ ҳисобланган авлиё-руҳоний Фаустни йўлдан уриш, чалғитиш ҳақи берилади…

Хуллас, шайтон Фауст билан ҳам гаров ўйнайди. Гаров шартига кўра, агар Фауст дунёдаги нафсоний лаззатлардан қаноатланса, шайтон ғолиб чиққан ҳисобланади ва инсон унга ўз жонини беришга рози:

«Майли, қўлни бер!

Агар мен бир онни улуғлар бўлсам,

«Тўхта, эй сония!» – деб айтсам агар,

Сенинг тутқунингман майли ўша дам,

Сен сайёд бўлурсан – овга муяссар.

Ихтиёр сеники бўлур у кунда,

Менинг ихтиёрим – ҳукмингни кутмоқ.

Тўхтасин умримнинг соати шунда,

Мен учун чалинсин сўнгги қўнғироқ».


(69 бет.)

Эзгулик ва ёвузлик, адолат ва қабоҳат кураши зўр маҳорат билан тасвирланган «Фауст» фожиаси – том маънодаги инсон фалсафасидир. Асарда гавдаланган турли-туман тимсоллар Гётенинг ғоявий мақсадидан келиб чиқиб, маълум маънода фалсафий юк ташийди. Асарнинг иккинчи фаслида олам яралиши хусусида қадимги юнон файласуфлари Анаксагор ва Фалес ўзаро қизғин баҳс-мунозарага киришади. Анаксагор: «Ўт, вулқондан бўлди тоғ бунёд», – деб ўз қарашларини илгари сурса, Фалес: «Сувдан келиб чиқади ҳаёт», – дея, ўз қарашларида собит туради. Моҳиятан олиб қарасак, бу икки файласуф орасидаги баҳс-мунозара воситасида нептунизм тарафдори бўлган файласуф Гёте бу борада ўзининг олам яралиши хусусидаги геологик қарашларини ифода этади…


Асар ҳақида фикр-мулоҳазаларимизни давом эттирсак, Фауст – эзгулик, тараққиёт, адолат курашчиси сифатида бўй кўрсатса, Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт душмани, тараққиёт кушандаси сифатида бор бўй-басти билан намоён бўлади. Фауст – бутун мавжудиятида ҳаётсеварлик, табиатга, тирикликка поёнсиз муҳаббат ҳислари жўш ураётган хилқат; Мефистофель – башарий тамаддун ёви, зулм-залолат тимсолидир.

«Ул инсон бахтликим, бу зулмат аро

Ҳидоят йўлини излар дамо-дам.

Аён нарсалардан фойда йўқ асло,

Сирлар дунёсига интилар одам»,


 дейди Фауст шогирди Вагнер билан суҳбат асноси. (Йоҳанн Вольфганг Гёте. «Фауст». «Янги аср авлоди», Тошкент – 2015, 48-бет.) Модомики, Фауст бутун борлиғи билан тараққиёт сари, сирлар дунёси сари интилади; ҳаёт куйчиси Фауст қалбидаги эзгу инсоний туйғулар сарҳад билмас орзулар билан ҳамоҳанг:

«Не учун, не учун йўқ менда қанот?

Қуёшнинг кетидан қувлашиб учсам,

Алвон шуълаларга чўмиб борлиғим,

Юксак тоғлар узра этсаму парвоз,

Ҳам соф ирмоқларга бўлолсам ҳамроз,

Ҳис этсам қуш каби бахтиёрлигим».


(Ўша нашр, ўша саҳифа.)

Равшан англашилиб турганидек, ҳаётсеварлик, эзгулик, жумла олам тартиботига меҳр-муҳаббат туйғулари доктор Фаустнинг қалб меҳваридир. Вагнернинг ҳам устози каби орзулари мўл. Лекин унинг ҳаваслари бошқа, ўзгача. Унинг дилини на ўрмон, на кўл банд этади; қуш бўлиб учмоқ ҳам муроди эмас.

«Кўнглим тилагидир хаёл парвози,

Юрагим дардига китобдир малҳам.

Китоб ўйларимнинг ёлғиз ҳамрози,

Унга ошинодир кечаларим ҳам.

Қувончдан осмонда учарман агар

Қўлга тушиб қолса нодир бир асар».


Англашиладики, Вагнер тимсолида Гётенинг бой руҳий-маънавий олами бўй кўрсатади. Китобга буюк муҳаббат, мутолаага ташналик – эзгу фазилат.

Мефистофель, аксинча, нурли ҳаёт кушандаси, тамаддун ёви сифатида доктор Фауст билан илк тўқнашув жараёнида ўзининг инкор руҳи эканлигини талқин этади:

«Мен инкор руҳиман, инкор қилишни

Касб қилиб олганман – коинот абас,

Тангри не яратмиш бари керакмас,

Барини йўқотмоқ истагим-сўзим

Хуллас, сиз ёмонлик дея атаган —

Бузиш беомонлик дея атаган

Куч – менинг ўзим».


(Ўша китоб, 57-бет.)

Шу тариқа Мефистофель Фаустни йўлдан оздириш, қалбига эга чиқиш мақсадида турли йўлларга бошлаб боради. Дастлаб Лейпцигдаги Ауэрбах ертўласига бошлаб киради ва у ерда кайф-сафо билан машғул бўлган Фрош, Брандер, Зибель ҳамда Альтмайер каби улфатлар кўз ўнгида ғаройиб нағма-жодулар кўрсатади. Сўнгра икковлашиб «Алвастининг ошхонаси”га ташриф буюришади; у ерда алвасти кампир косага шароб қуйиб, Фаустга тутқазади. Мефистофелнинг асл мақсади – Фауст қалбини севги-муҳаббатга тўлдирмоқ. Фауст шайтоннинг афсуни билан навқирон йигитга айланиб, кўзига «Еленадек соҳиби жамол» бўлиб кўринган Маргарита (Гретхен) исмли халқ орасидан чиққан содда қизга ошиқу шайдо бўлиб қолади. Фауст билан учрашган Маргарита ҳам оромини тамом йўқотади. Бир-бирига кўнгил боғлаган ошиқ-маъшуқлар вақти-вақти билан учрашиб, қўл ушлашиб боғда сайр қилиб юришади; севги-муҳаббат мавзусида узоқ суҳбатлар қуришади. Кун келиб ораларида фарзанд дунёга келади. Лекин қаҳри қаттиқ, мутаассиб руҳонийлар жазосидан қўрққан боёқиш Маргарита боласини сувга чўкдириб юборади. Оқибат, машъум сирдан воқиф бўлган черков ходимлари шўрлик Маргаритани кишанбанд этиб, зиндонга ташлайдилар. Изтироблар оташида қовурилаётган Фауст Гретхенни зиндондан халос қилиш мақсадида тун маҳали Мефистофель ҳамроҳлигида қора тулпорларда ҳибсхона томон елиб боришади. Бироқ аёлни қутқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар зое кетади, чунки кучли руҳий изтироблар юрагини пора-пора қилган шўрлик аёл ақлидан озиб қолганди. Ҳолбуки, Маргарита ким кўзига кўринса, жаллод деб ўйлаб, талвасага тушади. Фаустни ҳам қатл қилгани келган жаллод деб ўйлаб, ёнидан ҳайдайди. Фауст эса, зўр бериб ўзини танитишга, англатишга уринади. Шунда ҳам Маргарита ўз маҳбубини таниб-таниёлмайди. Фақат чуқур ҳам-андуҳга ботиб, нола чекади:

«Мен ўлдириб қўйдим онамни,

Сувга отдим туққан боламни.

У фарзандинг эди сенинг ҳам,

У келтирди толе эмас, ғам».


(193 бет.)

Надоматлар бўлсинким, ўз ошиғи васлига етиш ниятида телбавор ҳаракатлар қилиб, волидасини уйқу дори бериб ҳалок этган, ўзи туққан фарзандини сувга улоқтириб нобуд қилган муҳаббат асираси, шўрлик Маргарита энди тақдир қаршисида энг шафқатсиз жазоларга мустаҳиқ. Алоҳа, қисматидаги кўргуликларни содда юраги кўтара олмаган Маргарита фожиали тарзда ҳалок бўлади. Бу жудоликдан руҳан қаттиқ изтироб чеккан Фауст ғам-аламлар оташида қовурила бошлайди. Мана, у роҳатбахш оқшом чоғида гул-гиёҳлар очилган бир далада ётибди. Вужуди ҳорғин, кўзлари мудроқ, лекин юраги нотинч. Атрофида кичкина руҳлар қўшиқ айтмоқда; майин сабо эсган паллада Ариэль Сабо арфаси (Эоль арфаси) нинг оҳанги остида куйламоқда:

«Сиз унинг бошида бўлинг парвона,

Меҳру шафқатингиз кўргузиб яна —

Хаста бу жонига берингиз ором.

Виждон азобидан юрак бағри хун,

Малҳам бўлсин унга бул осуда шом».


Чин, руҳияти абгор бўлган Фауст энди ором олиши, чарчоқ вужуди тўйиб тин олиши керак. Сўнгсиз қайғулардан жони фориғ бўлиб, нурли дунёга қайтиши керак. Унинг азал қисмати шу…

«Кўксини тўлдириб яна зиёга,

Қайтарингиз уни ёруғ дунёга».


(202 саҳифа.)

Руҳлар ҳам жўр бўлиб, янги кун янги орзулар ҳадя этишини астойдил тилаб, инсон теграсида ҳаётбахш қўшиқ куйлади… Руҳафзо майин сабо эсган паллада тиниб ором олган инсон ҳаёт қаршисига яна шодон пешвоз чиқди. Кўксида яна ёниқ истаклар уйғонди, орзулар кўкида парвоз қилмоқ иштиёқи бутун мавжудиятини қамраб олди; тозарган юрак ҳаёт чўққисига интила бошлади. Бироқ шайтон ва инсон ўртасидаги баҳс-мунозара ҳали давом этарди…

Гаров бойлашган ҳамроҳлар энди император саройидаги муҳташам кошоналарда уюштирилган дабдабали базму жамшидларда иштирок этишади, лекин руҳи фаолият ва қайноқ ижодга мойил Фауст бундаги лаззатлардан кўнглида заррача қаноат ҳисси туймайди. Ўйлай-ўйлай, энсаси қотган Мефистофель Фаустнинг қалбини гўзаллик билан мафтун қилиш мақсадида уни қадимги Юнонистонга сайр эттиради. Фауст у ерда Спарта маликаси, подшоҳ Менелайнинг ҳуснда беназир хотини Еленага ошиқу шайдо бўлиб қолади. У соҳибжамол аёлнинг ҳар қандай истагини бажо келтиришга ҳозиру нозир…

«Менга бу поёнсиз мамлакатингда

Бирга ҳоким бўлиш ҳуқуқини бер.

Бўлай сенга содиқ хизматкор, қулинг,

Асиринг, қўриқчинг… не десанг, бўлай».


(398 бет.)

Чин, бешафқат тақдир Еленани эркаклар қалбининг офати қилиб яратди…

«О бешафқат тақдир, не учун мени

Эркаклар қалбининг офати қилиб,

Бошларига бало қилиб яратдинг?

Неча баҳодирлар, Тангри, иблислар

Беомон жанг қилиб бир-бири билан,

Бир-бирини алдаб, сўйиб, банд этиб,

Бир-биридан мени олиб қочдилар».


(394 бет.)

Юнон афсоналарида ёзилишича, Троя шаҳзодаси Парис садоқатли дўсти Эней билан Спарта подшоҳи Менелайнинг саройига меҳмон бўлиб келади. Шоҳ Менелай азиз меҳмонларни бағоят иззат-икром ва очиқ чеҳра билан кутиб олади. Саройда ҳашаматли зиёфатлар, тантанали базмлар уюштиради. Зиёфат пайтида Парис Еленанинг илоҳий ҳуснига маҳлиё бўлиб қолади. Келишган қадди-қоматига эгнидаги ҳашаматли Шарқ либослари янада кўрк бағишлаган Парис ҳам Еленани мафтун этади. Шу кунларда Менелай шошилинч равишда Крит оролига жўнаб кетади. Тақдир туҳфа этган имкониятдан фойдаланган Парис Афродита ёрдамида ширин-шакар сўзлар билан Еленани авраб, кемасига хуфиёна олиб чиқади; меҳмондўст Менелайнинг гўзал хотинини, бутун хазинасини Трояга ўғирлаб олиб кетади. Парисга мафтун бўлган Елена қадрдон Спарта диёрини ҳам, эри ва қизи Ҳермионани ҳам унутиб юборади…

Мусибатдан огоҳ этилган Менелай дарҳол Спартага қайтиб келади. Париснинг кўрнамаклиги ва Еленанинг хиёнатидан дарғазаб бўлиб, азоб-уқубат чекади. Юрагида дам сайин интиқом олови гуркирайди. Зудлик билан оғаси Агамемнон ҳузурига боради ва қандай интиқом олиш хусусида маслаҳат сўрайди. Интиҳо, бутун Юнон ўлкасидаги подшоҳлар машварат қуриб, жабрдийда шоҳнинг акаси, Микен подшоҳи Агамемнонни бош саркарда тайинлаб, сафарга шай қилинган кемаларда Троя устига бостириб борадилар. Шу тариқа, Еленанинг Парис томонидан ўғирланиши бевосита Троя муҳорабасига сабаб бўлади…

Аввалги мулоҳазаларимизни давом эттириб айтсак, Фауст билан Еленадан Эвфорион исмли фарзанд дунёга келади. Лекин асов табиатли Эвфорион ўзини эрта ҳалок этади. Модомики, йигитчанинг бебок юраги, жиловланмаган истаклари баландларга учиб, кўкни қучишни истайди; у тоғ-ўрмонлар кезишни, довонлар ошишни ҳавас қилади, бебош хаёллар измида қоядан-қояга сакраб, аста юқорига кўтарилади. Мана, унинг қаршисида беором денгиз, кўрк очиб турган Пелопс юрти…

Пировардида, навқирон қалби шараф томон, шон томон олға интилишни истаган Эвфорион :

«Ким шонли бурчин

Билиб ҳар замон,

Она юрт учун

Фидо қилса жон,

Ким элга яраб,

Жангга қилса жаҳд.

Уники шараф

Уникидир бахт», – дея қоядан ўзини пастга отади.


(417 бет.)

«Кийими уни бир лаҳза ҳавода тутиб туради. Боши устида нур кўринади. Унинг ортида шуълали из қолади… Гўзал йигит ота-онасининг оёқларига йиқилади. Унинг юзида таниш белгилар бор…»

(419 бет.)

Эвфорион доғида бағри қон ютган «Еленанинг кийимлари булутга айланиб Фаустни ўрайди ва баландга кўтариб олиб кетади».

(421 бет)

Охир-оқибат, афсонавий Елена ҳам кўздан ғойиб бўлади. Асар руҳидан келиб чиққанда, доктор Фауст билан антик дунёнинг гўзаллик тимсоли сифатида гавдаланган соҳибжамол Елена ўртасидаги муҳаббат замон ва макон нуқтаи назаридан рамзий маъно касб этади. Бинобарин, мазкур хаёлий ишқ-муҳаббат қиссаси файласуф Гётенинг ғоявий мақсадларини амалга оширишга бўйсундирилган. Жумладан, таржима асар юзасидан қайд этилган «Изоҳлар”да шундай жумлалар мавжуд: «… айрим тадқиқотчилар Фауст билан Еленанинг ўғли Эвфорион сиймосида Гёте ўз замондоши Байронни ва унинг фожиали ҳалокатини тасвирлаган дейдилар…»

(530 бет.)


Дарҳақиқат, ҳайратлар силсиласи пойдеворига қурилган, бир-бирини инкор қилувчи кучлар кураши тенгсиз заковат кучи билан акс эттирилган «Фауст» фожиаси инсониятнинг бебаҳо маънавий бойлиги, битмас-туганмас тафаккур булоғи, жаҳон адабиётининг асл дурдонасидир. Асарда ўз халқини маърифатли қилиш, илм-маърифат кучи билан одамзод учун эзгулик ахтариш, узлуксиз ҳаракат, бунёдкорликни ҳаётий шиори деб билган буюк олим, ижодкор инсон ва ёруғлик тимсоли бўлиб гавдаланган Фауст ўзига қарши турган улкан инкор этувчи куч – иблис Мефистофель билан баҳс-мунозарада ғолиб чиқади. Фаустни йўлдан уриб, олижаноб интилишларидан чалғитиб, қалбидан озодлик, яратувчанлик туйғуларини батамом сидириб ташлаб, нафсоний лаззатлар қулига айлантиришни мақсад қилган иблис Мефистофель бу курашда мағлуб бўлади. Лекин ҳақиқатки, шайтон инсонни ғаразли мақсад йўлида дам зулмат қўйнига тортди, залолат ва сафолат кўчаларига етаклаб кирди, гоҳо гуноҳ ишларга ундаб, ақл-идрок кўзини беркитмоқчи бўлди. Лекин шайтон юраги соф, покдомон Фаустнинг қалбини забт этолмади. Мукаррам инсон Тангри ато этган ақл-идрок чироғи билан зулматдан йўл топиб чиқди. Модомики, иблис Мефистофель Арши аълода, Тангри билан баҳс-мунозарада гаровни аввалдан сўзсиз бой берган эди. Зеро, «Сен гаровни сўзсиз бой бердинг, аён» деганида, Тангри инсонга ато этилган ақл-идрок қудратини назарда тутганди.

Изланиш, фикрлаш, кураш ва адашишлар йўлида маънавий олами қарор топган Фауст ақлий камолотга эришади. У ҳаётининг олий лаҳзаларида шу ҳақиқатга тушуниб етдики, севги ва гўзаллик ўткинчи нарса, инсоннинг дунёга келишдан ва яшашдан мақсади эса ўз халқига, ватанига ҳалол меҳнат қилишдир. Инсон ҳаётининг маъноси ўйин-кулгу, кайф-сафо, ҳою-ҳавас эмас. Қалбида жўш урган улуғвор туйғулардан руҳияти юксалган Фауст ғайрат-шижоат отига миниб, денгиз чеккасида ажойиб шаҳар бунёд қилишга астойил енг шимаради; бу ишга атрофидаги меҳнатсевар инсонларни сафарбар этади.

«Менинг ниятимдир эзгу муқаддас.

Миллион одамларни чорлаб у томон

Бир юрт барпо этай янги, беадад.

Гарчи бунда хатар бўлгай ёнма-ён

Эллар ҳур меҳнатдан топурлар мадад»


(489 бет.)

Чин, ҳаётсевар Фаустнинг бутун хаёли шу эзгу мақсадларга банд: курашчан инсон қудратидан бу ер замин жаннати бўлур…

Узоқ ҳаёт йўлини босиб ўтган, қалби мудом юксакларга интилган Фауст ғоят гўзал дақиқаларда ўзи ахтарган чуқур ҳақиқатни, ОЛАМ ҲИКМАТИни тугал англаб етади:

«Ким – эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун —

Эрку ҳаёт учун ўша муносиб.

Худди шундай меҳнат, кураш ва ҳавас

Банд айласа – ёшу кекса – ҳар кимни,

Шундай кунда кўрсам эдим бир нафас

Озод диёримни, озод халқимни.

Шунда мен айтардим баралла, шаксиз,

Тўхта эй дақиқа, гўзалсан ғоят!»


(489 бет.)

Ҳаётининг энг олий лаҳзасида турганини ҳис этган Фауст одамзоднинг бахт-саодати йўлидаги машаққатли меҳнат самарасидан қониқиш ҳисси туяди ва фоний дунёни тарк этади; унинг жонини фаришталар осмонга олиб чиқиб кетади. Зеро, иблис Мефистофель билан баҳс-мунозара чоғида хитоб қилганидек:

«Мен кимман ҳам нечук бўлурман одам,

Агарда одамзод қилгувчи ҳавас —

Орзулар тожига ета билмасам?»


(73 бет.)

Ҳақиқатан, буюк қаҳрамон Фауст тимсолида буюк Гёте ҳам орзулар тожига етди – салкам олтмиш йиллик заҳмат-машаққатлар, изланишлар поёнига етиб, адиб умрининг мазмунини белгилаб берди. Ҳаётда Гёте қолдирган из абадул-абад ўчмай қолажак!

Фауст» – чуқур драматизм ва психологизмларга тўлиқ, архитектоникаси ғоят мураккаб асар. Гётедай даҳо ижодкорнинг тенгсиз тафаккур кучи бунёд этган мазмунан ва шаклан буюк асарни таржима қилиш фақат айтишга осон. Бу янглиғ шоҳ асарлар мутаржимдан чуқур билим, кенг қамровли тафаккур тарзи, улкан салоҳият, сўз бойлиги, қунт-сабот ва кучли иштиёқ талаб этади. Шу маънода мутаржим Эркин Воҳидов «Фауст» таржимасига бағишлаб ёзган кириш мақоласида таржимаолди қалб кечинмаларини шундай изоҳлайди: «Мен «Фауст”ни жуда улкан қасрга ўхшатаман. Унинг умум қурилмасидан тортиб, ҳар бир нақшигача абадият учун мукаммал қилиб яратилган. Ахир Гёте каби улуғ ва заҳматкаш даҳо бу асарни олтмиш йил ёзган! Ўн беш минг мисрага яқин бу мўъжизани инсоният тарихининг мағзи дейиш мумкин… Рости, ҳаяжонландим. «Фауст”дек қаср устунларидан ўзбек заминида тикланадиган иншоот содда ва жўн бўлиб қолмайдими, деган андишани қилдим…» (Ўша нашр, 3-4-бетлар.)

Қарангки, «Фауст”дек ҳайбатли тафаккур қасри устунлари қаршисида андишага борган Э. Воҳидов ўзининг қудратли таржимонлик салоҳияти билан ўзбек заминида улкан сўз иншооти бунёд эта олди! (Асар русчадан таржима қилинган) Даҳо мутафаккирнинг бадиий тафаккури жозибасини сақлай олди; ички, ботиний оламини, таҳайюл кенгликларини очиб беришга муваффақ бўлди; асарнинг полифоник хусусиятини ўзбек тилида акс эттира олди. «Фауст» таржимаси муваффақиятлари калити ҳақида сўзласак, таржимон эътироф этганидек, «Гётенинг Шарқ фалсафасига яқинлиги менинг йўлимниёритиб турди, руҳимга мадад бўлди…» (Ўша китоб, 4-саҳифа.)

Чиндан ҳам, жаҳон адабиётининг чуқур билимдони бўлган Й.В.Гёте Оноре де Бальзак, Виктор-Мари Гюго, Дени Дидро, Франсуа-Мари Аруэ Вольтер, Жорж Гордон Байрон каби жаҳоншумул сиймоларнинг дурдона асарларини узлуксиз мутолаа қилиш баробарида Шарқ адабиётига ҳам мурожаат этган. Манбалардан маълумки, Хожа Ҳофиз девонини мутаржим Жозеф фон Ҳаммер Бургстал ўгирмасида мутолаа этган Гёте фавқулодда кучли таъсир оғушида қолади ва Ҳофиз орқали бутун Шарққа чексиз муҳаббат боғлайди; у руҳ ва ижод манбаи сифатида Жалолиддин Румий, Абулқосим Фирдавсий, Муслиҳиддин Саъдий Шерозий, Умар Хайём, Хожа Ҳофиз Шерозий каби Шарқ адабиётининг буюк сиймолари ижодини қунт билан ўрганади. Шу тариқа «Ғарбу Шарқ девони» деб аталмиш бадиий ганжина дунёга келади.

Айтиш жоизки, «Фауст» асарида гавдаланган мифологик образлар – илоҳлар, маъбудлар, афсонавий қаҳрамонлар, ғаройиб махлуқот ва мавжудотлар борлиқ, тараққиёт фалсафасини ўзида мужассам этади; мазкур символик образлар фонида башариятнинг асрий муаммолари, чигал зиддиятлари синтезлашиб зуҳур этади. Бу ҳақда таржимон ўз «Изоҳлар”ида шундай ёзади: «Гёте дунё тараққиётини тўла гавдалантириш мақсадида бўлса керак, энг қадимги Ҳинд (грифлар), Миср (сфинкслар) мифологияси яратган махлуқотлардан сўнг кейинроқ тараққий қилган Юнон мифологиясига ўтади…» (Ўша нашр, 522-бет.)

Қадимги юнон мифологиясидан олинган уч илоҳа – Аглая, Гегелона ва Ефросина ҳаёт гўзаллиги рамзи бўлса, фуриялар, яъни бузғунчи қасоскор илоҳалар – Алекто, Тизифона ва Мегера, худди шунингдек, даҳшатли, ёвуз хотинлар – чўлоқ, ажина хотин Эмпуза, боши аёллар бошига ўхшаш қуш бўлган гарпиялар, жодугар аёл Эрихто ва Ламиялар ёвузлик, қабоҳат тимсолларидир. Афсонавий қаҳрамон Геракл маҳв этган мис қанотли, одамхўр Стимфалида қушлари, тўққиз бошли даҳшатли Лерней аждарлари ҳам ҳаётдаги ёвузлик ва қабоҳат тимсолларидир. Родос тельхинлари эса, илму ижод, яратиш ва бунёдкорлик тимсолидир. Юнон мифологиясидаги денгиз пири Форкиснинг уч қизи, ғоят бадбашара Форкиадалар ҳаётдаги хунуклик, жисман ва маънаван мажруҳлик рамзидир. Асарнинг иккинчи қисм, биринчи фасл, «Ниқоб базми”да юнон афсонасининг қаҳрамонларини чақирган церемонимейстер мақомидаги Герольд фурияларни шундай таништиради:

«Бу гўзал қизларни фуриялар деб,

Балки бирор кимса қилмайдир гумон.

Аммо сўзлашсангиз яқинроқ келиб —

Билурсиз – бу ҳурлар илондир, илон».


(229 бет.)

Ёки айтайлик, бузғунчи, қасоскор илоҳалардан бири Мегера ҳаётдаги асл мақсадини шундай ифода этади:

«Кимки бир-бирига дўсту ёр бўлур,

Кимки бир-бирига азиз меҳрибон,

Уларга кун йўқдир мендан ҳеч қачон,

Асмодей ёнимда мададкор бўлур».


(230 бет.)

Ҳа, ҳаётда аҳил-иноқ, бир-бирига азиз, меҳрибон, дўсту ёр бўлган оилаларга бузғунчи Мегералардан кун йўқ. Мегераларнинг мададкори ҳам – оилаларга бузғунчилик ва талафот келтирувчи иблис Асмодейдир.

Аглая, Гегелона ва Ефросина эса, мудом ҳаёт гўзаллигини куйлайди:

Аглая

Ҳаёт учун шавқ,, лаззат,

Бағишлагай назокат.

Гегелона

Шавқ, лаззат туйганда ҳам

Назокат бўлсин ҳамдам.

Ефросина

Ким бу шавқдан миннатдор —

Назокатга бўлур ёр».


(230 бет.)

Бу каби мисолларни «Фауст» фалсафаси тагқатламларидан исталганча келтириш мумкин.

Назаримда, «Фауст» трагедияси тагқатламларида яна мен англаб-англаёлмаётган яна недир сир-синоат пинҳондай туюлаверади. Асар моҳиятини тўлиқ англаш учун филология фанлари доктори, профессор Нажмиддин Комиловнинг ушбу талқинига мурожаат этамиз: «Фауст» да И.В.Гётенинг ҳусни рағбати ким томонида – доктор Фаустдами ё Мефистофелдами? Мефистофелни салбий образ деёлмаймиз, худди шунингдек, Фауст «идеал» қаҳрамон эмас. Улар инсон моҳиятининг, вужуднинг, руҳнинг икки бўлаги – бир-биридан ажралмас икки қисм («қарама-қаршиликлар бирлиги»). Улар бири иккинчисиз яшай олмайди, бир-бирига эҳтиёжманд, ўзаро боғлиқликдаги кучлар…» («Тафаккур карвонлари», «Шарқ» НМАК, Тошкент – 2011; 241-саҳифа.)

Бинобарин, ушбу талқинни шундай англамоқ керак: ошиқ Фауст иблис Мефистофель қутқуси билан маҳбубаси Маргарита Гретхеннинг акаси саллот Валентиннинг кўксига ханжар уриб, оғир гуноҳга ботади. Ҳайҳот, Мефистофель Тангридан одамзодни ботинидаги ижобий куч – яхшиликни маҳв этиб, ёмон ва қинғир йўлларга бошлаш учун тортиб олмаганмиди? Шу маънода Фауст мутлоқ идеал эмас, худди шунингдек, «ҳаргиз ёмонлик тилаб, яхшилик қилгувчи» Мефистофель ҳам мутлоқ салбий образ эмас; у «Фауст» тагқатламлари аро ранглар талошида кўрина бошлайди. Моҳиятан, инсон ботинида ўзаро курашадиган ижобий ва салбий икки куч – яхшилик ва ёмонлик бири иккинчисисиз яшай олмайдиган ўзаро боғлиқликдаги эҳтиёжманд кучлардир. Зеро, инсон қалби учун курашда эзгулик ва ёвузлик, адолат ва қабоҳат зўр маҳорат билан тасвирланган улуғвор «Фауст”да Инсон деб аталмиш яратиқнинг нақадар мураккаб хилқат эканлиги чигал, мураккаб тақдирлар, зиддиятлар, борлиқ оламга муносабатларда яққол англашилиб туради…

Хулоса ўрнида айтганда, Эркин Воҳидов «Фауст”дек дунё адабиётининг ноёб дурдонасини кучли иштиёқ ва маҳорат билан ўзбек тилига ўгириб, улкан маънавий жасорат кўрсатди. Наздимда, Гёте, Эркин Воҳидов ҳамда «Фауст» фожиаси таржимаси орасида илоҳий тақдир ришталари бордек. Эркин Воҳидов туфайли китобсевар халқимиз Гётенинг тафаккур меваларидан баҳраманд бўлмоқда.

2017 йил, январь.

Тўлдирилди: 2019 йил, октябрь.

Маънавий олам мусаввири

Подняться наверх