Читать книгу Маънавий олам мусаввири - Оқилжон Ғофуров - Страница 3

МАЪНАВИЙ ОЛАМ МУСАВВИРИ
ЁЛҒИЗЛИК АНАТОМИЯСИ

Оглавление

Яққол англаб турибман, муҳтарам эссесевар китобхон, хаёлингизда савқи-табиий билан атоқли америкалик ёзувчи Томас Вульф гавдаланди ва ичингизда иқрор бўлиб турганингиздек, онг-шуурингиз қатламларида ёқимли ҳам дилгир таассурот ғимирлаб қўйди; орадан кечган талай олағовур – балки сиз учун ҳузур-ҳаловат қучоғида кечган, моҳиятан хушбахт, осуда дамларни бахшида этган – йиллар мобайнида қалбингиз теранликларига оҳиста сингиб кетган ўша таниш ҳис-кечинмалар яна беихтиёр дилингизни қамрай бошлади. Модомики, мен жамики кулфат-изтиробимизнинг ягона манбаи бўлган ёлғизлик ҳисси руҳиятида ўта қақшатқич кечаётган, қалби ҳамиша оғир шубҳа-гумонлар, руҳий тушкунлик ва саросима исканжасида ўртанаётган, нигоҳи ва ақлидан яширин халос бўлиш йўлини тополмай овораи сарсон бўлаётган, азал қисмати танҳоликка маҳкум этилган тақдир жафокаши сифатида инсоннинг асосий азоб-уқубати – ёлғизлик ҳисси ҳақида ёзишга машҳур америкалик адиб каби ўзимни ҳақли инсон деб эътироф этаяпман ва бу кўнгилдалда машғулотим зинҳор аллақандай ўткинчи, яна маънодан маҳрум, асоссиз даъво сифатида талқин этилмаслиги лозим, негаки камина Худога астойдил ишонган ҳолда танҳолик лаҳзалари даҳшатини ҳар кун, ҳар вақт қисматдошим Вульфга қараганда ҳам икки ҳисса оғирроқ кечираяпман, икки ҳисса теранроқ ҳис этаяпман. Модомики, менинг ҳаётим ҳам бошқаларникига қараганда аксар танҳолик ва саргардонлик ичида ўтяпти, нега шундай бўлаяпти – сабабини тушунтириш жудаям маҳол, лекин ҳақиқатда шундай бўляпти – тамом-вассалом..

Ҳар ҳолда, мен ёлғизликнинг асл қиёфасини танҳоликни борлиқнинг асосий, муқаррар воқелиги деб тавсиф этган Томас Вульф каби имкон қадар тиниқроқ тасвирлашга аҳд қилдим, – дарвоқе, бу тарз фикр-мулоҳазаларимни асло кибр-ҳаво ва манманликка йўймассиз деб умид (балки илтимос) қиламан – ҳолбуки, Вульф поёнсиз надомат ҳиссиётлари билан иқрор бўлганидек, англашилмас шафқатсиз куч измида буткул ихтиёримдан ташқарида – таркидунёчиликда кечаётган табиатан некбин руҳиятимга номарғуб ҳаётимнинг дақиқалари, кунлари ва ойлари интиҳосиз туюлаётган зоҳидоналик кунлари уқубатларини, шикаста дилимни изтиробга солаётган ночор аянч ва яланғоч мажруҳлик ситамларини узоқ йиллар давомида муттасил бошдан кечираяпман. Ростига кўчганда, ҳар қандай инсон руҳиятини абгор қилувчи ва тубсиз тушкунлик қаърига улоқтириб юборувчи бу тарз зоҳидона ҳаёт тарзи кейинги пайтларда шундай ҳолдан тойдирдики, танҳоликдаги руҳий ҳолатларимни ўзгаларнинг тасаввур қилиши амримаҳол. Шунда баногоҳ Вульф азбаройи танҳоликда ҳис этганидай, ҳаёт йўқлик аро йўқлик томон ҳаракатланиш эканини янада равшан идрок этаман; «йўқотилган беҳисоб кунлар ва унутилган юзлаб чеҳралар ёдини яна қайта уйғотадиган хотиранинг хавфли ўсмаси» вужудимни кемира бошлайди; вақт эса ботинимдан дарё янглиғ бир маромда оқиб ўтаверади ва моҳиятан оқиб ўтаётган ана шу вақт оқимлари назаримда шиддат билан биёбондек ҳувиллаб қолган маҳзунҳол қалбимдаги муборак орзу-умидларга қўшиб тийнатимдаги жамики эзгу фазилатларни, яшаб ўтилган йилларда англанган ҳақиқат, маънавиятим таянчи бўлган мустаҳкам эътиқод ҳамда ўзимга бўлган қатъий ишончнинг мудофаа қўрғонларини ҳам яксон этиб оқизиб кетаётгандек, баногоҳ вужудимни изтироб чирмовуқлари чирмай бошлайди. Бинобарин, тўрт тарафимдан ҳазин руҳиятимни қуршаб олган қаттол ёлғизликнинг совуқ ва гунг девори елкаларимни харсангтошдай эзиб ётади ва ана шу соқов девор ичида банди этилганча исёнкор кечинмалар оғушида нажот туйнугини қидира бошлайман; умид ва ишонч борлиғимни буткул тарк этиши мени гўё айни лаҳзалардаёқ Яратган неъматларию руҳий осудаликдан мосуво ҳиссиз бир манқуртга айлантириб қўядигандек руҳим ларзага тушади. Бироқ мен энг эзгу ва инжа орзуларим барбод этилган дамларда ҳам умидли дунёда умидланаман, негаки «Одам боласининг энг эзгу ва инжа орзуси барбод этилган дамда ҳам Оллоҳ унга футувват кўрсатиб, яна бир бебаҳо муждасини – Умид отли неъматини ато этди. Ҳар бир барқарор ҳақиқатдан юз ўгирилган тақдирда ҳам халоскор Умид барҳаётлигини асло рад этиб бўлмайди. У шунчалар саркаш ва қудратлики, хастаҳол қалбнинг энг-энг оғриқли нуқталарида ҳам ўзига макон топиб, нафас олиб яшайверади. Умид инсонни ҳалокатлардан асраб қолади!» (Б. Рассель, «Озод инсон ибодати»).

Мен руҳиятимни ҳалокатлардан асраб қолувчи Умид қанотларига суянганча варақланаётган қисмат китобимнинг навбатдаги саҳифаларидан – Яратганга беҳад шукрона ўқиб – аён дарж этилмиш қутлуғ кунлар шукуҳини интиқ кутаман ва умид инсонни ҳеч қачон тарк этмаслигини ҳар қачонгидан теран идрок этаман, негаки учқур заковат соҳиби Б. Рассель эҳтирос билан таъкидлаганидек, инсон қалбида Умид ва Озодлик қуввати ҳамиша барқ уриб туради. Бироқ фараҳли дақиқаларда табиатимни равшан қилган халоскор умидбахш туйғулар вужудимни тарк этиб, туйқус тушкунлик ҳиссиётлари яна устимга кўчкидек ёпирилиб келади ва шум қисмат мени ёлғизлик бағрига мангу бадарға қилгандек, яна танҳоликнинг беҳаловат салтанатида руҳсиз-шуурсиз, далли-девона кеза бошлайман. Эртанги кун умиди ва ишонч-эътиқодим чилпарчин бўлиб, хаёлимда кўз илғамас уфқлар томон олислаб кетаётган тантанавор келажак манзараларига умидсиз ва забун термулиб қоламан; силлайи мадорим қуриб, самовий кайфиятим бир лаҳзада тумандек тарқаб кетади. Шикаста руҳиятим тушкунлик ва умидсизлик қаърига тобора чуқурроқ сингиб кетган бундай уқубатли дамларда ёдимда нечанчи бор Марио Варгас Льосанинг «Ёш романнависга мактуб» эссеси гавдаланади ва қиёслашда моҳият бошқа-бошқа бўлса-да, чангалида эзиб ётган мудҳиш танҳолик ҳисси безовта-бетаскин руҳиятимда ўзини-ўзи еб битираётган катоблепасдай бениҳоя эзгин таассурот уйғотади.

«Мустаҳкам ишончнинг тантанавор дақиқаларида шуни эътироф этишим керакки, мен Ёлғизликни дунёдаги ҳар қандай одамдан кўра яхши биламан ва теран ҳис этаман. Уни менинг туғишган жигарим деб атамоққа ҳаққим бор, ахир, ҳақиқатда шундай-ку!!!»


Худоё, ботинимдаги қайғу-изтироб манзараларини Томас Вульф аллақачон қоғозга тушириб улгурибди, эссени гўё менинг тилимдан битибди ёки ҳар ҳолда мазкур эссе қаҳрамони – қисмат танҳолик салтанатига мангу сургун этган ўзимдек худди!

Шундай. Ёлғизлик менинг ҳам туғишган жигарим. Вульф иқрор бўлганидек, вақтнинг улкан оқимлари аро оқиб ўтаётганимни сезиб турарканман, руҳиятимни чилпора этаётган танҳолик дамларида шиддатига дош бериб бўлмайдиган мубҳам хавотир тошқини устимга кўчкидек ёпирилиб келаверади ва мен машъум ёлғизлик ҳиссиётларига тамоман асир бўлмаслик учун ижодга, мутолаа сеҳрига шўнғийман…

Барибир, мен ўзимни ҳамиша танҳо ҳис этаман ва бу азобли ҳиссиёт чангалидан ҳаргиз қутулолмайман. Ўзим танҳо, руҳиятим – танҳо. Гўё бу дунёда борлиққа ўгай, ёлғизликка мангу маҳкум этилган ночор-нотавон кимсадек, эзгулик ва ёвузлик, маърифат ва жаҳолат абадий курашадиган алғов-далғов дунёда мудом ноаён сирли кучларга бўйсуниб яшайман. Агар шу ўринда Сартр ва Камю асарларига чуқурроқ мурожаат қилсак, ҳаётнинг маънисизлиги, инсоннинг борлиқда мавжуд эканлиги кулфатдан бошқа нарса эмас ва борлиққа тамоман ўгай, танҳоликка маҳкум этилган инсон умри моҳиятан бемаъни саробдан иборатдир…

Суҳбатдош Марио Варгас Льосанинг ёлғизлик мавзуси ҳақида берган саволига Маркес шундай жавоб беради: «Мен шу чоққача ўзини танҳо ҳис қилмаган ҳеч кимни билмайман. Шунинг учун ёлғизлик тушунчаси мени қизиқтиради… Одамзод танҳо яшамаслик учун нималар қилмасин ва қанчалик хоҳламасин, барибир ёлғиз. Чунки у шундай туғилган, шундай яшайди ва шундай ўлади… Менимча, у одамзоднинг бир бўлаги. Тўғрироғи, руҳияти. Руҳияти ҳамиша ёлғиз».

Демак, ёлғизлик – менинг бир бўлагим. Бу дунёда танҳо яшамаслик учун нимаики чора-тадбир қўлласам-да, руҳиятим барибир ёлғиз. Моҳиятан, тақдир мени унутиб қўйган, қувват вужудимни тарк этган, бор имконлар елга совурилган. Кунларим маҳзун, тунларим – беҳаловат. Лекин шундай тушкунлик кунларининг бирида вужудимда ҳаётга беҳад ишонч, бепоён муҳаббат ва мустаҳкам эътиқод пайдо бўлади ва қайноқ томирларимда жўшқинлик ҳиссиётлари мавж ура бошлайди. Бинобарин, «Бу ҳислар енгиб бўлмас ҳислар билан қуйилиб келади, дераза ойнасидан ёприлиб кириб, дунёсини сўнмас нур билан ёритади. Хотиржамлик, уйғунлик ҳислари уйғониб, кўнгли яна ғолибона ташналик билан ижод сари талпинади» (Т. Вульф).

Энди мен – Вульф нақл қилганидек – ўз ҳақиқатим ҳақида баралла сўзлайман; майли, бутун дунё тилимни қулфбанд этиб, «Ёлғон сўзлаяпсан!» – деб ҳайқирса, ҳайқираверсин, лек барибир ўз ҳақиқатимни тантанавор ишонч туйғулари билан бор овозда сўзлайвераман. Кўнглим яна ташналик билан ижодга, мутолаага шўнғийман. Китоб жавонимдан руҳиятимга яқин китобларни аста қўлга оламан-да, Пауло Коэльо сингари бундай лаҳзаларда ёлғиз эмаслигимни илоҳий лаззатли ҳиссиётлар оғушида яққол ҳис этаман. Ваҳоланки, ажойиб француз адибаси Франсуаза Саган самимий эътироф этганидек, «Мен китоб билан тирикман десам, кулманг. Ҳар бир янги китоб инсон умрига кириб келган алоҳида янгиликдир. Биз мутолаа орқали дунёнинг майда ташвишларидан фориғ бўламиз, ўткинчи ғам-андуҳлардан покланамиз» (Ф. Саган, «Китоб билан ғолиб бўламиз». «Китоб дунёси», №3, 2019).

Руҳиятимга сирли ҳаловат бағишлаган осуда тун қучоғида руҳиятимга яқин китобларни завқ-шавқ билан мутолаа қиламан ва сўз билан таърифлаб бўлмас илоҳий дақиқаларда руҳиятимдаги ёлғизлик девори қулаб тушади. Мутолаа жараёнида руҳиятим улуғвор «Одиссея», «Шоҳнома», «Фауст» асарлари бетакрор соҳир оламига сингиб кетади ва хаёлан замон ва макон қобиқларини ёриб, Ҳомер, Фирдавсий ҳамда Гёте асарлари қаҳрамонлари билан бирга яшайман; қувончларига шерик, дардларига ҳамдард бўламан. Китоблар – садоқатли ҳамроҳларим, бебаҳо бойликларим; мутолаа жараёнида қалбим, мавжудиятим беқиёс лаззат оғушида ажиб ҳаловат ҳис этади…

Франсуаза Саган ҳикматлари қулоғим остида янграр экан, тафаккурим ларзага тушади:

«Дунёда маънавият ва маърифат учун аёвсиз жанглар кечаётир. Аслида, Учинчи жаҳон уруши ҳам шу. Биз ушбу жаҳон урушида фақат китоблар билангина ғолиб бўламиз».

Ҳақиқатан, инсон онги ва қалбини эгаллаш учун бунёдкор ва вайронкор мафкуралар кураши муросасиз авж олаётган бугунги глобаллашув деб аталмиш таҳликали замонда китоблар билан инсоният Учинчи жаҳон урушида ғолиб чиқса, руҳияти танҳоликка маҳкум этилган инсон қалбида кечаётган Умид ва Тушкунлик жангида мудҳиш ёлғизлик ҳиссиётлари устидан муқаррар тарзда ғолиб чиқади ва Яратган истаганидек, нурли манзиллар сари дадил интилаверади…

2021 йил, июль.

Маънавий олам мусаввири

Подняться наверх