Читать книгу Маънавий олам мусаввири - Оқилжон Ғофуров - Страница 5
МАЪНАВИЙ ОЛАМ МУСАВВИРИ
МАЪНАВИЙ ОЛАМ МУСАВВИРИ
Оглавление* * *
Алоҳида қайд этиш керакки, ёш Александр қалбида нафис адабиётга буюк муҳаббатнинг пайдо бўлишида мураббия энагаси, халқнинг урф-одатлари, руҳияти, қўшиқлари ва эртакларини жуда яхши биладиган Арина Родионовна кучли таъсир кўрсатган. Умуман, Пушкин маънавиятининг шаклланишида бу оқила аёл муҳим ўрин тутади. Фольклор мотивлари билан суғорилган «Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак», «Шоҳ Салтан ҳақида эртак», «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак», «Олтин хўрозча ҳақида эртак» сингари шеърий асарлари дунё болалари маънавий-руҳий дунёсини, беғубор хаёлотини бойитиб келмоқда.
Руҳиятини ҳазин, мунгли кайфият чулғаган кезларда шоир суюкли энагаси Арина Родионовнани хотирлаб, ўтмиш хотираларидан бесаранжом туйғуларига малҳам излайди. «Қиш оқшоми», «Энагамга», «Яна келдим» каби шеърларида шоир қалбини ўртаётган беадад соғинч туйғулари, дардчил ва лаззатли ҳис-кечинмалар ёрқин ифодасини топган.
«Оғир кунлардаги ягона ҳамдам,
Эй менинг суюкли, кекса энагам!
Хилват қарағайзор гўшасидасан,
Кўпдан мени ёлғиз кутасан».
(«Энагамга». 90 саҳифа. Миртемир таржимаси)
Ёпирилиб келаётган ғамгин хотиралар қуюни ичра шоир кўз олдида хилват қарағайзор гўшасидаги кўҳна, ғариб уй гавдаланади.
Табиат манзаралари шоир кайфияти, руҳий ҳолати билан уйғунликда тасвирланади: осмонни зулмат тутган, ҳамма ёқда қор, бўрон увиллайди. Шу рутубатли зулмат қўйнида энагаси ойнак олдида жимжит, маъюс термулиб турибди. Фикрдаги риторик сўроқ ёрдамида ўқувчи эътибори муайян ҳодисалар моҳияти сари йўналтирилади:
«Чарчатдими бўрон увлаши,
Зерикдингми, бувим, ё эса?
Ё, мудратган дугинг товуши,
Ҳоридингми ёки бўлмаса?»
(«Қиш оқшоми». 84 бет. Миртемир таржимаси)
Пушкин шеърияти маъно чуқурлиги, фалсафий теранлиги, қалбида туғилган ҳис-туйғуларнинг жонли образини яратиш билан китобхон қалби, онгини бойитиб, таҳайюл кенгликларида янги оламлар яратади. Асарларининг халқчиллик касб этган муҳим хусусияти шундаки, шоирнинг эзгу мақсадлари, юксак ғоялари бадиий мукаммал шакл воситасида юзага чиқади; ҳаётни даврнинг илғор идеаллари нуқтаи назаридан ҳаққоний акс эттиради. Асарларида халқ руҳи ва ҳаёти акс этади; тасвирланаётган ҳодисаларга рус халқи кўзи билан қарайди; халқ оммаси учун муҳим ва эътиборли воқеа-ҳодисалар ва характерларни маҳорат билан тасвирлаб беради. Шу боис, Пушкин асарлари умуминсоний аҳамият касб этади.