Читать книгу Етти буюк пайғамбарлар қиссалари - Раҳматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 2

СЎЗ БOШИ

Оглавление

Субутий ва Зотий сифатларга эга бўлган Роббимиз (Худо – Аллоҳ) ўз ҳикмати билан инсонга яхши ёмонни, бузуқ тузуқни ажратишга ақл бериб, бу икки йўлнинг қайси бирига бўлсин, ўз ихтиёри бўйича юришга эрклик қилиб яратгандир. Савоб ишларни қилиб жаннатга кириш, гуноҳ ишларни қилиб дўзахга тушиш банданинг ихтиёрига боғлиқдир. Шайтон йўлида йўқотган кучни раҳмон йўлида ишлатиш банданинг ўз қўлидадир.

Худо битта, унинг ўхшаши йўқ, фақат у бизнинг қалбимиз эҳтиёжларимизни қондира олади, фақат у мақтов ва садоқатга лойиқдир. Худо солиҳ, у гуноҳни эътиборсиз қолдиролмайди. Худо бизни гуноҳларимизни кечириши учун Ийсо алайҳиссалом Худонинг жазосини ўз зиммасига олди. Одам Яратганнинг ердаги халифаси бўлганлигидан У одамларни севади ва ҳар бири билан бўлишни ҳоҳлайди. Шу сабабдан одамлар Уни улуғлаши ва севиши, ибодатлари ягона Худога бўлиши керак.

Инсонларга диний ишларда йўлбошчилик қилиш учун Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборди. Буларнинг биринчиси Отамиз Одам Сафиюллоҳ, энг сўнгиси Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бу икки орада ўтганлар бир ривоятда бир юз йигирма тўрт минг, иккинчи ривоятда икки юз йигирма тўрт минг пайғамбардир. Барчаларининг диний асослари уч нарсага қаралган эди:

Биринчиси, Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига (ягоналигига) имон келтириш;

Иккинчиси, ўлгандан кейин яна қайтадан тирилишга ишонмоқ;

Учинчиси, қиёмат кунининг бўлишига ва барча инсонлар бу дунёда қилган ишлари учун сўроқ қилиниши ҳамда тегишлича мукофот ёки жазоланиши муқарарлигига ишонмоқдир.

Мана шу хабарларни бутун инсонларга етказиш учун Аллоҳ таоло шунча кўп пайғамбарларни юборгандир.

Аллоҳ адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиш, Аллоҳнинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб ўрнак бўлиши учун Парвардигор танланаётган Пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини ҳоҳлади.

Худо ҳамма нарсани: ўтмиш, ҳозирги ва келажакни, ҳатто бизнинг фикримизни ва келажакда нима қилмоқчилигимизни билгани учун унинг Пайғамбар танлаши адолатли ва мукаммалдир.

Ушбу китобни ёруғликка чиқишида, менга ҳар томонлама беғараз ёрдам берган, «Ridero» нашриёти платформаси ходимларига, раҳматлар айтиб ўзимни чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Китобни яратилиш жараёнида, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб туришган, рафиқам Аллаёрова Муҳайё, ўғилларим Музаффар ва Равшанларнинг беқиёс хизматларини миннатдорчилик билан таъкидлашни ўз бурчим деб ҳисоблайман.

Етти буюк пайғамбарлар қиссалари

Подняться наверх