Читать книгу Етти буюк пайғамбарлар қиссалари - Раҳматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 6
3. ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ
ОглавлениеИБРОҲИМ (АВРААМ) АЛАЙҲИССАЛОМ. Тахминан мил. авв. ХХI – XIX асрларда яшаганлар. Зотан у зот Халилур Роҳман, Анбиёлар отаси, Улул азм пайғамбарларнинг бири, ҳам яҳудийлик, ҳам насронийлик, ҳам Исломда катта мартаба соҳиби бир зотдирлар. Иброҳим алайҳиссалом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта боболаридирлар.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ. Таврот китобининг Ибтидо қисми 10- бобида Иброҳим алайҳиссаломнинг Нуҳ алайҳиссаломдан бошлаб ўтган аждодлари қуйидаги тартибда келтирилади: Ной, Сим, Арфаксад, Каинан, Сала, Евера, Фалек, Рагава, Серух, Нахор, Фарра, Авраам. Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар, боболарининг исми Ноҳур, катта боболарининг исми Соруғ бўлган ва У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сомга етиб боради дейилади.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ ВА УЛҒАЙИШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом Бобилда, ҳозирги Ироқ ҳудудида таваллуд топганлар. Иброҳим алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган эканлар. Иброҳим алайҳиссалом бош фарзанд бўлганлар.
Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган бузуқ бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли мустабид, золим подшоҳ ҳукмдорлик қилар эди. У ернинг одамлари молу-дунё ва айшу-ишратга берилган эдилар. Шу билан бирга ширк эътиқодида бўлиб, буту-санамларга сиғинар эдилар. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ, ўзини Худо деб эълон қилган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўсиб улғайган сари бу номаъқулчиликларга қаршиликлари ҳам кучайиб борди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ОДАМЛАРГА ИМОМ ҚИЛИНИШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом ёшликларидан ширк, зулм ва истибдодга қарши бўлиб ўсдилар. Вақти соати келганда Худованди Карим Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди: «Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман» деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» деди. У зот: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмаслар», деди». (Бақара сураси 124 оят). Худованди Карим Иброҳим алайҳиссаломга бир қанча ишларга амрлар қилди ва бир қанчаларидан қайтарди. Иброҳим алайҳиссалом вафодор банда сифатида у калималарни кам-кўстсиз адо этдилар. Мукофот тариқасида Худованди Карим у кишига: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман», деди. Худованди Карим Иброҳим алайҳиссаломни одамларга пешво, бошлиқ, раҳнамо қилмоқчи эканини билдирди. Шу пайтда Иброҳим аллайҳиссаломнинг инсонлик табиатлари ўзини кўрсатди: оддий бир инсон сифатида болалари, набиралари, зурриётларини ўйладиларда: «Зурриётимдан ҳамми?» дедилар. Тангри субҳонаҳу ва таоло бу саволга бевосита жавоб бермади, балки умумий қоидани айтди: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмайдилар», деди». «Золимлар» кимлар? Зулм, золимлик турлича бўлади. Куфр, ширк ва гуноҳ ишлар қилиш билан, диний кўрсатмалардан чиқиш билан ўзига ўзи зулм қилиш ҳам золимлик, ўзга кишиларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб зулм қилиш ҳам золимликдир.
КУРАШГА ШАЙЛАНИШЛАРИ ВА ШИРККА ҚАРШИ КУРАШГАНЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом бу ишлардан кейин ширк ва мушрикларга қарши кураш, тавҳид ақийдасини тарқатиш учун тинимсиз курашга уринишлари керак эди. Бу жиҳодни қилиш учун эса мушрик ва кофирлар билан талашиб-тортишиш, ҳужжат далил суриштириш керак бўлар эди. Шунинг учун ўз тажрибалари асосида ўша замон ва унинг муҳитида ўзлари дуч келиши муқаррар бўлган баъзи саволларга Худованднинг Ўзидан жавоб олиш, баъзи нарсаларни тажрибадан ўтказиб олиш мақсадида Роббил оламинга қуйидаги нидони қилдилар: Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда» Бу савол мўмин банданинг ўз Роббининг қудратини кўриб қувониши, иймонига иймон қўшилиши учун бўлган саволдир. Ваҳоланки, Иброҳим алайҳиссалом Яратганнинг ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Тангри таоло: «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди». Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Худованди Каримнинг қудратига қоил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек, маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар. Худованд Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларидаги бу шавқни қондириш учун саволга амалий жавоб беришни ирода қилди ва бу тажрибада савол берувчининг ўзини ҳам иштирок этдирди. «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин» (Бақара сураси 260 оят), Тангри таоло Иброҳим алайҳиссаломга тўртта қуш олишни ва уларни майдалаб ташлашни буюрди. Ва яна, у қушларни ўзингга торт, деди. Яъни, уларга яқиндан қараб, яхшилаб кўриб, таниб олишни амр этди. Қайси қуш қанақа, ранги қандай, қаноти, думи ва бошқа аломатлари қандай? Буларни таниб олишдан мақсад шуки, кесиб майдалаб ташланган қушлар қайта тирилтирилганда, аломатлари аввалги ҳолатларига мос келишини кўришдир. Сўнгра кесиб-майдаланган қушларнинг бўлакларини атрофдаги тоғларга сочиб юборишга, аралаштириб, ҳар жойларга тарқатишига амр қилди. «Кейин уларни ҳузурингга чақир», деди. Шундай қилса, қушларнинг майдалаб ташланган бўлаклари қайтадан бирлашиб, асл ҳолига қайтиб, тирилган ҳолида тезлаб келишларини айтди. Шу тариқа Иброҳим алайҳиссалату вассаллом ўз тажрибаларида Худованди Карим ўликларни қандай қилиб тирилтиришини кўрдилар. «Ва билгинки, албатта, Яратган эгам азиз ва ҳаким зотдир». У азизлигидан, хоҳлаган ишини қилади, Унга ҳеч бир зот тўсиқ бўла олмайди. У ҳаким бўлганидан, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Унинг беҳикмат иши йўқ.
Барча тайёргарликлар кўриб бўлингандан кейин Иброҳим алайҳиссалом ширкка қарши курашни бошладилар. Бу улкан курашни у зот аввал ўз оилаларидан бошладилар. Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда ўзларининг мушрик оталарини ширкни тарк қилишга даъват қилдилар. Ота эътироз билдирди. Орада мунозара бўлди. Ана ўша ҳолни «Марям» сурасида қуйидагича васф қилинади: «Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди». (Марям 41 оят). Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» маъносини ҳам англатади. «Қачонки у отасига: „Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан? Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман. Эй отажон, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир. Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман“, деган эди». (Марям 42—45 оят). Ушбу тўрт ояти Каримада «Пайғамбарлар отаси» лақабини олмиш зот, Яратганнинг улуғ Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарини ширкни тарк этиб, Худованднинг ибодатини қилишга чақиришлари баён қилинмоқда.
Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари, шу жумладан, оталари ҳам, ўзлари ясаб олган жонсиз бутларга ибодат қилишар эди. Табиийки, бутлар ҳаётсиз бўлганларидан, ҳеч нарсани эшитмайди ва кўрмайди. Шу боисдан ўзига ибодат қилаётган мушрикларни кўрмаслиги, уларнинг дуоларини эшитмаслиги табиий. Жонсиз, ҳиссиз нарса, бировга на фойда, на зиён етказа олади. Иброҳим алайҳиссалом жўяли савол ила ушбу ҳақиқатни оталарига эслатдилар. Аслида, инсоннинг ибодати унинг ўзидан кўра олий, олим ва қудратли зотга таважжуҳ этиш—юз тутиш ила бўлмоғи лозим. Ана шунда инсон ўз мақомидан чандон юқори мақомга юзланади. Инсоннинг ҳайвондан ҳам тубан, жонсиз бир нарсага юзланиши, ёлбориши, розилигини топишга уриниши, унга қурбонликлар келтириши ўз қадрини ерга уриш, ўзини жонсиз нарсалардан ҳам паст деб тан олишидир. Бу иш инсоният учун улуғ исноддир. «Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди». Яъни, менга ваҳий йўли билан Худони таниш, сифатларини англаш, Унга қандай ибодат қилиш илми—сен билмаган илм келди. Бу гапларни ўзимча тўқиб эмас, менга келган илм асосида гапирмоқдаман, демоқдалар. «Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман». Чунки мен сен билмаган нарсани биламан. Демак, дин-диёнат ишида ёши катта ёки ота-бола деган мулоҳаза бўлмас экан. Кичик ўзидан каттага, бола ўз отасига залолат йўлини тарк этиб, ҳидоят йўлида юришни англатиши зарур. «Эй отажон, шайтонга ибодат қилма». Яъни, шайтоннинг айтганини қилма, унинг йўлига юрма. Бутга сиғиниш ҳам шайтоннинг иши. Бу ботил амалга шайтон бошлайди. Бинобарин, бутга ибодат қилиш шайтонга ибодат қилишдир. «Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир». Роҳманга осий бўлган шайтонга банда қандай ибодат қилиши мумкин? У ҳолда шайтондан ҳам тубан бўлиб қолади-ку?! Ҳа, Яратганнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаганлар, фақат Унинг кўрсатмалари асосида яшамаганлар шайтондан ҳам баттардирлар. «Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман». деган эди. (Марям 45 оят) Иброҳим алайҳиссаломнинг лутф ила қилаётган куюнчакликлари отанинг тош қотган мушрик қалбига таъсир қилмади. Ўғлининг пурҳикмат гапларига қўполлик, дағаллик ва таҳдид ила жавоб берди: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени, албатта, тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» деди». (Марям 46 оят). Бундай қаттиқ таҳдиддан кейин ҳам Иброҳим алайҳиссалом жаҳл қилмадилар. Босиқлик билан гапларида давом этдилар: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга жуда ҳам лутфи марҳаматлидир». (Марям 47 оят) Яъни, нима десанг ҳам майли, омон бўл. Сен билмай жоҳиллик қиляпсан. Энди мен Роббимдан сенинг гуноҳингни кечиришини, гумроҳлигинг жазоси сифатида залолатда бардавом қолдирмасдан, ҳидоят йўлига ўтишинг учун имконият яратишини сўрайман. У зот доимо менга марҳаматли бўлган. Қачон бир нарсани сўраб дуо қилсам, ижобот айлаган. Бу гал ҳам шундай бўлса, ажаб эмас. Агар менинг даъватим сизларга ёқмаётган бўлса, сизларнинг орангизда туришимни хоҳламаётган бўлсангиз: «Сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», деди». (Марям 48 оят).
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ МУШРИК ҚАВМ БИЛАН МУНОЗАРАЛАРИ. Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермаганидан сўнг, оталарига қўшиб қавмга ҳам хитоб қилишга ўтдилар. У зотнинг мушрик қавм ила олиб борган мунозараларидан бир кўринишни «Анбиё» сурасида қуйидагича баён қилинади: «Батаҳқиқ, илгари Биз Иброҳимга рушди ҳидоятни берган эдик. Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик». (Анбиё 51 оят). Биз Иброҳимнинг рушди ҳидоятга, Пайғамбар бўлишга лойиқ зотлигини яхши билар эдик. «Ўшанда у отасига ва қавмига: «Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима?» деган эди. (Анбиё 52 оят)
Иброҳим алайҳиссалом Тангри таолонинг рушди туфайли отаси ва қавми сиғинаётган ҳайкаллар—ҳеч нарса эмаслигини ва улар ибодатга лойиқ эмаслигини англаганларидан кейин, уларга ушбу инкорий саволни бердилар. «Улар: „Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз“, дедилар». (Анбиё 53 оят) У кишининг оталари ҳам, қавмлари ҳам юқоридаги саволга тўғри жавоб бера олмасди. Чунки нима учун ҳайкалларга сиғинаётганларини уларнинг ўзлари ҳам тушунмасди. Улар ота-боболаридан кўриб, ҳайкалларга ибодат қилмоқдалар. Аммо ақлларини ишлатиб кўришмаган. Иброҳим алайҳиссалом эса, Тангрининг рушди ҳидояти туфайли бу ишнинг—ҳайкалга топинишнинг очиқ-ойдин залолат эканини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам мушриклардан ушбу жавобни эшитганларида: «У: „Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар“, деди». (Анбиё 54 оят) Бу дунёдаги ҳақиқат, тўғри йўл ота-боболарнинг қилган иши билан эмас, Худованднинг кўрсатган йўлланмаси билан белгиланади. Иброҳим алайҳиссаломнинг бундай кескин гапига жавобан: «Улар: „Сен бизга ҳақ ила келдингми ёки ўйин қилгувчиларданмисан?“ дедилар». (Анбиё 55 оят). Эътиқодлари пуч бўлганидан, дарҳол шак-шубҳага тушиб, иккиланиб қолдилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг эса, иккиланадиган жойлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам тўла ишонч билан гапирдилар: «У: „Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир. У зот уларни яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман“. (Анбиё 56 оят) Яъни, сизга ўхшаб иккиланиб ўтиришга ўрин йўқ! Сиз Унинг ҳақида иккиланиб турган, „Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир“. Ўша зот сизнинг Роббингиз, яратувчингиз, ризқ берувчингиз ва тарбиячингиз бўлгани каби, ҳамма осмонлару ернинг ва улардаги нарсаларнинг ҳам Роббидир. „У зот уларни яратгандир“. Уларнинг ҳаммасини ўша Робб сифатига эга зот—Худованд яратгандир, йўқдан бор қилгандир. „Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман“. Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом уларга ва бутларига қарши аёвсиз кураш олиб боришларини очиқ айтдилар: „Яратганга қасамки, сизлар ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қиламан“, деди». (Анбиё 57 оят).
ЯГОНА АЛЛОҲНИНГ ЎЗИГА ИЙМОНГА ДАЪВАТ. Ўтган умматлар орасида Аллоҳга ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматлари эди. Улар нафақат буту-санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби нарсаларга ҳам сиғинишар эди. Иброҳим алайҳиссалом уларга бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа, Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват қилдилар. Бу даъватни таъсирли чиқиши учун ўша қавмга таъсир қиладиган турли услубларни қўлладилар. Ана ўшандоқ тасарруфлардан бирини «Анъом» сурасида ажойиб бир услубда баён қилинади: «Иброҳимнинг отаси Озарга: „Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман“, деганини эсла». (Анъом 74 оят). Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари—Ироқ халдонийлари орасида ўсиб улғайди. Ақлини танигач, қараса, отаси ҳам, қавмнинг бошқа аҳли ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларга сиғинмоқдалар. Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Ўзи ақлсиз нарса ўзгаларга ақл бера олмаслигини, ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса ўзгалардан зарарни қайтара олмаслигини англаган ёш Иброҳим алайҳиссалом отасини ва унинг қавмини очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди.
Иброҳим алайҳиссалом қиссасининг тафсилоти қуйидагича: «Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатурмиз». (Анъом 75 оят) Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз. Шунда у бут ва санамларга ибодат қилишни инкор этиш даражасидан, Аллоҳга шаксиз ишонувчилик даражасига кўтарилади.
Энди Иброҳим алайҳиссалом ўз қавми худо деб эътиқод қиладиган нарсалардан каттароғларига ҳам бир-бир назар ташлаб, уларга бу нарсалар ҳам худоликка мутлақо ярамаслигини тушинтириб чиқмоқчи бўлди. Маълумки, халдонийлар юлдузни ҳам худо деб эътиқод қилар эдилар. Кишини тун ўраб олганида кўзига яққол кўринадиган порлоқ жисм—юлдуз бўлади. «Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди». Бепоён осмонда, баланд-баландларда нур сочиб турибди. У ҳаммани кўриб турган бўлиши мумкин. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми ҳам беҳудага юлдузга ибодат қилмаётгандир? Шунинг учун ҳам юлдуз худо бўлиши мумкинлигини жиддий ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, ҳақиқатдан ҳам мана шу юлдуз Роббдир?! Аммо… аммо… ботиб кетди-ку? Худо бўлса, ботармиди? Худо бўлса, маълум вақтда кўриниб, маълум вақтда кўринмай қолармиди? Вақти келганда чиқиб, белгиланган вақти етганда ботиб кетармиди? Ботувчилар худо бўла олмайди. «У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди». (Анъом 76 оят) Бут ва санамлар худо бўла олиши мумкин эмаслиги бир боқишдаёқ аён бўлди. Хўш, бу ҳам худо бўла олмаса, худо қани? Бошқа ёқдан излаш керак. Қани, бир қараб кўрсин-чи, эҳтимол, топилиб қолар. Иброҳим атрофга қараб: «Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди. (Анъом 77 оят). «Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди. Аммо у ҳам ботади. У ҳам маълум қоидага бўйинсунади. У ҳам худо бўла олмайди. «У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди. (Анъом 78 оят). Демак, қавмнинг худо деб эътиқод қилаётган нарсаларининг ҳаммасидан воз кечиш лозим. «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим». Менинг улар билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен улардан покман. Менинг юзланадиган Роббим бор: «Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. (Анъом 79 оят) Бу иқрор Иброҳим алайҳиссаломнинг мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар Унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ой-у юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг Ўзигагина юзланганини эълон қилишларидир. У кишининг бу юзланишлари, – ушбу йўллари миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу дегани – фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.
Албатта, мушрик қавм Иброҳимдан буни эшитиб индамай кетавермади. Одатдагидек, ботил фикрларини ҳимоя қилиб, у киши билан баҳслашишни бошладилар. «Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?» деди». (Анъом 80 оят) «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми?» деди. Мени ҳидоятга солган Зот ҳақида мен билан тортишасизларми? Менга У Ўзини танитди. Мен ақлим, виждоним ва бутун вужудим ила Уни танидим. Энди эса, сизлар Уни борми-йўқми деб мен билан гап талашасизларми? «Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман». Ўзингиз ёғоч ёки тошдан ясаб олган бутлардан, юлдуз, ой ва қуёшдан ва шунга ўхшаш сиз худо деб Аллоҳга шерик қилаётган нарсадан қўрқмайман. Уларнинг ҳаммасини менинг Роббим яратган, улар бировга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсалардир. «Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин». Яъни, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгадан қўрқишнинг ҳеч ҳожати йўқ. «Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган». Аллоҳнинг илмидан ташқари ҳеч қандай илм йўқ. «Эсласангиз бўлмасми?» Ана ўшанда ширк эмас, якка ва ягона Аллоҳга ибодат келтирган бўлар эдингиз. «Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай. Ҳолбуки, сиз ўзингизга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у? Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?! (Анъом 81 оят) Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни Унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, нима учун мен сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?! «Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!» Ким ўзини эмин санашга ҳақлироқ? Айтинг! Агар сиз айтмасангиз, мен айтай: «Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир. (Анъом 82 оят) Демак, хотиржам бўлиш, турли азоб-уқубатлардан омонда бўлиш учун иймон лозим ва бу иймонга зулм аралаштирмаслик керак. Ушбу ояти каримадаги зулмдан мурод—ширкдир.
Албатта, Аллоҳга иймон келтирган, ихлос қилган ҳамда эътиқодда, ибодатда ва амалда Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганлар ҳар бир нарсага қодир Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар. Ундай Зотнинг ҳимоясидаги одам эса, доим хотиржам ва омонликдадир. Ана ўшалар ҳидоят топганлар бўлади. «Ана ўшалар, Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». (Анъом 83 оят) Мушрик қавм билан тортишган Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг Ўзи «Айт» деган хитоблар билан қавмга қарши қандай ҳужжат-далиллар келтиришини ўргатиб турди. Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим алайҳиссалом тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди. «Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». Шунинг учун У кимга ҳужжат беришни, кимни ғолиб қилишни яхши билади ва ҳикмати ила йўлга солади.
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ БАРКАМОЛ СИФАТЛАРИ БАЁНИ. Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмларига фақат Аллоҳ таолонинг борлигини айтиб кифояланмадилар. Балки уларга Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларини ҳам батафсил баён қилиб бердилар. Мушрикларни санамларга ибодатлари сабабини пардали қилиб баён этдилар: «Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар». (Шуаро 74 оят) Яъни, йўқ, санамлар бизнинг илтижоларимизни эшитмайдилар, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдилар. Аммо ота-боболаримизнинг санамларга шундай ибодат қилаётганларини кўрдик ва биз ҳам уларга ўхшатиб ибодат этмоқдамиз, дедилар. Бунинг отини кўр-кўрона тақлид дейилади. Ўз ақлини ишлатмай, бировга тақлид қилавериш оқилона тасарруфли одамнинг иши эмас. Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан бу жавобни эшитгач, уларга ўйиб-ўйиб оладиган гапларни айтдилар. «У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?! Сиз ва қадимги оталарингиз?! (Шуаро 75—76 оятлар) Яъни, нимага ибодат қилаётганингизни ҳеч ўйлаб кўрдингизми ўзи? «Албатта, оламлар Роббидан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди». (Шуаро 77 оят) Иброҳим алайҳиссалом санамлар ҳеч бир ишга қодир эмаслигини мушрикларга билдириб қўйиш учун улар ўзларига душман эканлигини кўпчилик олдида ошкора эълон этдилар.
Сўнгра уларга Роббул Оламийн бўлган Аллоҳ таолони васф қилишга ўтдилар: «У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 78 оят) Мени йўқдан бор қилган зот ўша Роббул Оламийндир. Энди мени тўғри йўлга ҳам Ўша зотнинг Ўзи бошлайди. «Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 79 оят) Менинг ризқимни Унинг Ўзи беради. Ўша Роббул Оламийннинг Ўзи мени едириб, ичиради. «Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 80 оят). «Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 81 оят) Бу дунёда жонимни олиб ўлдирадиган ҳам, у дунёда қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. «Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи». (Шуаро 82 оят) Чунки у кунда Роббул Оламийндан ўзга ҳукмдор бўлмайди. Фақат Унинг Ўзигина ҳукм чиқаради. Бандаларни мағфират қилиш ҳам фақат унинг ихтиёрида бўлади. Демак, мушрикларнинг илтижони эшита олмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган санамларидан фарқли ўлароқ Роббул Оламийн ҳамма нарсага қодирдир. У одамларни ва бошқа нарсаларни йўқдан бор қилиб яратади, ҳидоятга солади, таомлантиради, сув беради, даволайди, ўлдиради, қайта тирилтиради, қиёмат куни мағфират қилади. Шунинг учун санамлардан воз кечиб, Роббул Оламийнга ибодат қилиш керак. Фақат Унинг Ўзига илтижо этиш лозим.
МУШРИК ПОДШОҲ ИБРОҲИМНИ МУНОЗАРАГА ЧОРЛАШИ. Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақтдаги худолик даъвосини қилган подшоҳига етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага чорлади. Ана шу машҳур мунозара «Бақара» сурасида қуйидагича васф қилинади: «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: „Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради“, деганда, у: „Мен тирилтираман ва ўлдираман“, деди. Иброҳим: „Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргинчи“, деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас». (Бақара 258 оят) Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади.
Тортишув Парвардигори олам ҳақида бўлган. У кофир подшоҳ, гапига қараганда, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилмайди, балки Унинг сифатларига шубҳа қилади. Аммо уни бундай тасарруфга олиб келган нарса нима? Нима сабабдан шунчалик даражада ноқобул бўлиб, Аллоҳнинг улул азим Пайғамбарларидан бўлган Иброҳим алайҳиссалом билан Парвардигори олам ҳақида тортишди экан? «Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан…» Аслини олганда, Аллоҳ унга подшоҳлик, мулк берганига шукр қилиши керак эди. Лекин кофирлик ёмон нарса, шунинг учун кофирга султон, ҳукм, подшоҳлик берилса, ҳаддидан ошади, туғёнга кетади. Ҳатто худолик даъвосини қилади. Ўзининг ожиз банда эканини унутади. Унга неъматни ким берганини билмайди. Шукр қилиш ўрнига, ношукрлик қилади. Аллоҳ берган катта неъмат сабабидан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиб, Унга қарши чиқиш қандай ҳам ёмон иш! Тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳ таолога боғлиқ сифат. Бу сифатига ҳеч ким, ҳеч қандай даражада яқин ҳам кела олмайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом ушбу сифатларни айнан кофир подшоҳ билан бўлган тортишувда зикр қилдилар. Бу гапни эшитган кофир подшоҳ: «…мен тирилтираман ва ўлдираман», деди». Подшоҳлик қилиб, ўз халқи устидан ҳоким бўлиб турган одам иймонли, тақводор бўлмаса, туғёнга кетади. Ўзининг айтгани бўлиб турганини кўргандан кейин, ҳаддидан ошади. Фуқароларга маош беришга амр қилиб, мен ризқ беряпман, деб ўйлайди. Бировга мусибатида кўмак берса, уни мен балодан сақлаб қолдим, дейди. Унинг кофирлиги борган сари туғёнга олиб бораверади. Охири, ҳамма иш менинг ихтиёрим билан бўлади, демак, тирилтириш ва ўлдириш ҳам менинг ихтиёримда, дейишгача етиб боради. Худонинг сифатларини ўзига нисбат беради. Одатда бундай кишилар туғёнга кетганлари сабабидан оқилона гапларга ҳам эътибор бермай, ўзларини оқилликда тенги йўқ ҳисоблаб қоладилар. Улар фақат пешоналари тўқиллаб қаттиқроқ нарсага урилгандагина бир оз ўзларига келадилар. Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳга тириклик нимаю ўлим нима эканини майдалаб тушунтириб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри пешонасига тўқиллатиб: «…албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргинчи?» деди». Қуёшнинг машриқдан чиқиб мағрибга ботиши доимо такрорланиб турадиган жараёндир. Даврий муддати йигирма тўрт соатдир. Эътибор берилса, бу ҳол улкан мўъжизадир, Аллоҳнинг чексиз қудратига далилдир. Аллоҳ томонидан жорий этилган бу интизомни ким ўзгартира олади? Аллоҳнинг сифатларига шерикликни даъво қилиб, «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деб айтиб, ҳаддидан ошаётган кофир подшоҳми? Агар қўлидан келса, даъвоси тўғри бўлса, мана, таклиф бўлди: Аллоҳнинг низомини бузсин-чи. Қуёшни мағрибдан чиқарсин-чи. Ҳолбуки: «Бас, куфр келтирган лол қолди». Чунки, таклиф қилинган нарсани амалга ошириш қўлидан келмайди. Жим қолишдан бошқа иложи йўқ. У набокор очиқ-ойдин ишни тушуниб етмади. Таслим бўлиб, иймон келтириш ўрнига, куфр келтириб, талашиб-тортишишди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ БУТЛАРНИ ПАРЧАЛАШЛАРИ. Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми байрамларида боғларга, сайлгоҳларга, ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар эди. Чиқишдан олдин эса, сохта худолари ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишар эди. Ўйин-кулги ва кайфу сафодан кейин келиб, ўша таомларни муборак таом сифатида қайтариб олишар эди. Нобакор қавмнинг тўғри йўлга юришидан умиди узилганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўзларича бир режа тузиб, мазкур байрам кунини кутди. Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у кишини ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда У: «Албатта, мен беморман», деди». (Соффаат 89) Юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганини айтди. Қавмига куявериб, қалби дардга тўлганини билдирди. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди. «Дарҳол, ундан юз ўгириб юриб кетдилар». (Соффаат 90 оят) Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом дарҳол мушрикларнинг ибодатхонасидаги бут ва санамларига қараб, уларнинг олдидаги, одамлар қўйган таомларни кўрсатиб: «Қани, емайсизларми?! Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!» деди. (Соффаат 91—92 оятлар). “ Эй худолар! Сизга нима бўлди ўзи?! Жим турибсиз?! Савол берса ҳам жавоб бермайсизлар?» Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади. (Соффаат 93 оят) Яъни, Иброҳим алайҳиссалом бут ва санамларга яқинлашиб, уларни ўнг қўлидаги болта билан уриб синдира бошлади. «Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Анбиё сураси 58 оят) Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар. Қавм байрамдан қайтиб келиб, бутларини парчаланган ҳолда кўриб, даҳшатга тушди ва: Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар. (Анбиё сураси 59 оят) Ва бу саволга жавоб излай бошладилар. Худоларимизни ёмонлик ила эслаб юрган бир йигит ҳақида эшитган эдик. Унинг исми Иброҳим эди. Эҳтимол, бу ишни ўша Иброҳим қилгандир, дейишди. «Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар. (Анбиё 60—61 оят) Мушриклар худоларини синдирган шахснинг адабини бериб қўйишга қарор қилдилар. Улар бу жазо чорасининг бошқа одамлар кўзи олдида бўлишини афзал кўрдилар. Шоядки бошқалар кўриб, ибрат олиб, бундан кейин ҳеч ким худоларимизга қўл текизмаса, деб ўйладилар. Ва ниҳоят Иброҳим алайҳиссаломни одамлар қошига келтириб, сўроқ қила бошладилар. «Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар. (Анбиё 62) Уларнинг бу саволига жавобан: У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди. (Анбиё 63). Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гапларида ҳар қандай жоҳилнинг ҳам ҳушини жойига келтирадиган ҳақиқат бор эди. Ақли кирганда ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бутларни «худо» деб юрганлари нотўғри эканлигини тан олсалар-да, ақли кетиб, яна эски ҳолларига қайтдилар ва Иброҳим алайҳиссаломга ҳужумни давом эттирдилар: «Сен худоларимизнинг гапирмаслигини олдиндан билар эдинг. Яна нимага бизларга, агар улар гапирадиган бўлсалар, ўзларидан сўранглар, деяпсан», деб дўқ уришди. Шунда, Иброҳим алайҳиссалом ҳам очиқчасига ўтдилар: «У: «Сиз, Аллоҳни қўйиб, ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қиласизми?! Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритиб кўрмайсизларми?!» деди. (Анбиё 66—67) Яъни, ўйлаб кўрмайсизларми? Буларнинг нимасига сиғиняпсиз ўзи?! Булар сизга фойда ҳам бермаса, зиён ҳам етказа олмаса, нима учун фойда берадиган, зиён етказа оладиган Аллоҳни қўйиб, буларга топинмоқдасизлар?! Сизга ҳам суф! Аллоҳни қўйиб ибодатини қилаётган «худо»ларингизга ҳам суф! Ақл юритиб кўрмайсизларми?! Ақл ва мантиқ бобида мағлубиятга учраган мушрик қавм, одатдагидек, ўз рақибини жисмоний йўқ қилиш йўлига ўтдилар. «Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринг!» дедилар». (Анбиё 68) Яъни, мушриклар бир-бирларига, Иброҳимни куйдириб, худоларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади, дедилар. Лекин улар гапларида катта нуқсон борлигини, бу талаблари худоларининг сохта эканини исбот этишини ўйлаб кўришмас эди. Бандасининг ёрдамига муҳтож худо қандай қилиб худо бўлиши мумкинлиги устида фикр юритишмас эди.
ОЛОВНИ ИБРОҲИМГА САЛҚИН ВА САЛОМАТЛИК БЎЛИШИ. Нобакор қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги гапларидан тўғри хулоса чиқариб олмади. Кофирларнинг доимий одатлари бўйича, ақлий ва мантиқий баҳсда енгилганларидан кейин куч ишлатишга ўтишди. «Улар: „Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!“ дедилар». (Соффаат 97 оят) Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига, Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар, унга олов ёқиб, Иброҳимни гулханга отинглар, дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отдилар. «Биз: „Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!“ дедик». (Анбиё 69) Олов Иброҳим алайҳиссаломга салқин бўлди, саломатлик бўлди ва унга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.
Лекин оловга ёндириш хусусиятини берган зот унга: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» деб амр этди. Шунда оловнинг куйдириш хусусияти йўқолиб, ўрнига салқинлик хусусияти келди. Олов Иброҳим алайҳиссалом учун нафақат салқинлик, балки саломатлик ҳам бўлди.
Мушрикларни эса, зиёнга учратдик. Уларни мислсиз азобга дучор қилдик.
ИБРОҲИМНИ ҲИЖРАТГА КЕТИШИ. Аллоҳнинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавимга ҳам таъсир қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмни кучайтирдилар. Даъватчига турли ёмонликлар қилдилар. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлдилар. Охир-оқибат бориб уни жисмонан йўқ қилишга уриндилар. Чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқардилар. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман», (Соффаат 99) деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрди. Соф ниятини тушунмаган нобакор қавмдан, эски, ўзлари ўрганиб қолган одатларни Аллоҳ учун ватанини, аҳлини, яқинларини, манфаатларини бутунлай ташлаб кетишга қарор қилди. тарк этишни хоҳламаётган золим шахслардан воз кечишни хоҳлади. Фақат Аллоҳ билан қолиш, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш ва фақат Аллоҳ айтганидек яшашни ихтиёр қилди. Шунинг учун ҳам ишонч билан: «У мени ҳидоят қилур». Аллоҳ Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди, деди. Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом халойиқлардан биринчи бўлиб Биби Сора билан Шом ерларига ҳижрат қилган зотдирлар. Шундай қилиб ҳижрат юзага келди. Бир ҳолатдан иккинчи бошқа бир ҳолатга ажраб чиқилди. Турли-туман алоқалар ва боғланишлар бутунлай тарк этилиб, улардан ажраб, фақат битта алоқа, битта боғланиш, яъни, Аллоҳ таоло билан алоқа ва боғланиш қолди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ УЧТА «ЁЛҒОНИ». Иброҳим алайҳиссалом Биби Сора билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерга золим бир шахс подшоҳлик қилар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақат учта ёлғони бўлган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида; «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида», деган гапларидан зинҳор ва зинҳор Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»да сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.
Эсимизда бўлса, Иброҳим алайҳиссалом «Мен беморман», деган гапни мушриклар у кишини байрамга бирга боришга таклиф қилганларида айтган ва сиртда жисмоний беморлик тушинилса ҳам аслида руҳий қийин ҳолатни кўзда тутилган эди. «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди» деган гапни эса, парчаланиб ётган бутларни кўрган бутпараст қавм, бизнинг олиҳаларимизни ким бундоқ қилди, деганларида айтган эдилар. Унда агар буларни худо деган гапингиз тўғри бўлса, «буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган маъно бор эди. Албатта, бу ёмон, гуноҳ маънодаги ёлғон доирасига кирмаслиги ҳаммага маълум. Сора ҳақидаги «ёлғон»нинг нима эканлиги ушбу ривоятнинг ўзида баён қилиб берилмоқда. «Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У (Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга: «Албатта, манабу жаббор сени менинг хотиним эканингни билса сен учун мендан устун бўлади. Шунинг учун агар сендан сўраб қолса менинг синглим эканингни айтган. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди». Демак, бу ерда сиртдан насаб бўйича сингиллик бўлиб кўринса ҳам аслда дин қордошлиги кўзда тутилган. Бу ҳам, албатта, ёлғонга кирмайди.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИ ХУДОДАН ФАРЗАНД СЎРАШЛАРИ.
Биби Сора золим подшоҳ ўзларига совға қилган чўри Ҳожарни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. У киши ўзларининг туғмасликларини бир оз бўлса ҳам эсдан чиқариш учун эрлари бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар ажаб эрмас.
Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эди. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳдан фарзанд сўради. «Роббим, менга солиҳлардан ато эт» деди. Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик». (Саффот 100—101). Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун жуда буюк бир хушхабар эди бу. Биби Ҳожар ҳомиладор бўлиб ўғил туғдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эканлар.
Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди! Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Биби Соранинг рашклари қўзиди. Иш охири бориб Биби Ҳожарни гўдаги билан бошқа томонга олиб бориб қўйишга келишилди.
БАЙТУЛ ҲАРОМНИНГ ЁНИГА ЗУРРИЁТНИ ЖОЙЛАШТИРИШ. Иброҳим алайҳиссалом йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб ҳозирги Каъбаи Муаззаманинг ўрнига Биби Ҳожар билан гўдак Исмоилни қолдириб ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб, У киши она болани кўрадиган улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб, Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар: «Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим 37 оят)
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойнию аҳолисини, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамасдан, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди. Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб, улғайиб борди.
АЛЛОҲНИНГ СИНОВИ ВА МУКОФОТИ. «Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: „Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?“ деди. У: „Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан“, деди». (Соффаат 102 оят).
Кексайиб қолганда кўрган жигарбандини отанинг ўзи сўймоқчи! Аллоҳнинг йўлида сўймоқчи! Тушида шуни кўрибди. Ота тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Чунки Пайғамбарларнинг туши ваҳийдир. Бир марта эмас, бир неча бор кўрибди. Бу иш Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта синов эди. Умр бўйи дину диёнат йўлида турли синовлардан ўтиб келган шахсга яна бир бор улкан синов рўбарў бўлди. Мўмин, мухлис банда Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўзига хос босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олди. Иккиланмади, қандай бўлар экан, деб ўйлаб ўтирмади, қутулиш учун бошқа чора изламади. Лекин масаланинг иккинчи томони бор эди. Сўйилиши лозим бўлган қурбонлик ҳам одам эди. Жони бор, қони бор, эси-ҳуши, ақли бор эди.
Ҳа, бу нафақат отанинг ўзига, балки боласига ҳам синов эди. Ота узоқ умри давомида кўпгина синовлардан ўтган. Ўғил эса, энди биринчи бор жиддий синовга рўбарў бўлаётган эди. Шу билан бирга, ўғил Аллоҳ таоло у туғилишидан олдин хабар бериб қўйганидек ҳалим ўғил эди. Ҳар қандай оғирликни ҳам чидам билан қарши олишга тайёр фарзанд эди. Шундай бўлди ҳам, Исмоил отасига: «Эй отажон! Сенга мени сўйиш амр қилинган бўлса, мени сўй; болажонимни сўйсам, у нима қилар экан, деб ўйлаб ўтирма; мен Аллоҳ хоҳласа, сабр этаман, сабр қилувчи бандалардан бўлишга ҳаракат қиламан», деди. Нақадар буюк жасорат! Нақадар улкан одоб! Нақадар Аллоҳнинг амрига ажойиб итоат! «Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида. Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз». (Соффаат 103—105 оятлар).
Ота-бола қуруқ гап билангина кифояланмадилар фидокорликларини оғзидагина бажармадилар. Амалга ўтдилар. Ота-бола: «Икковлари таслим бўлиб…» Аллоҳнинг амрига бўйсиниб, итоат қилиб, амрни адо этишга тайёр эканликларини тилда айтганларидан сўнг, уни амалга оширишга ўтдилар ва ота: «уни пешонасича ётқизганида…» Сўйиш вақтида кўз кўзга тушмасин деб болажонини ерга қаратиб ётқизиб, уни сўйишга шайланиб, бўйнига пичоқ тортаётган бир пайтда: «Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг!» Сен тушингда кўрган амрни тасдиқлаб амалга оширдинг. Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, болангни сўйишга жазм қилдинг. Амрдан кўзланган мақсад ҳосил бўлди. У ҳам бўлса, бандаларнинг тамомила Аллоҳга таслим бўлишлари эди.
Ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат этишлари, фақат Унинг розилигини кўзлаб иш қилишлари эди. Ана ўша мақсад амалга ошди. Аллоҳга бандаларнинг жони керак эмас. Аллоҳга бандаларнинг қони ҳам керак эмас. «Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб унга нидосини давом этдирди Аллоҳ. Ҳа, Аллоҳ таоло Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, дедики: Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофотлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофотдир. Чунки шу синовлар орқали улар ажр-савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофот борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса, мукофотдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди. «Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир». (Соффаат 106 оят).
Яъни, Иброҳимга ўғлини қурбонликка сўйиш амри очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у яхши ўтди. Унинг ўғли саломат қолди. «Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик». (Соффаат 107 оят). Яъни, биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан чиқарилган катта бир қурбонликни фидо қилдик. Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди. Бу ишлар Минода-ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди. Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди.
Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар. Бу улуғ фидокорлик қиссасини ўзлари қайтадан яшайдилар. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломдек Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Бу ҳаракатлари билан иймон байроғини янада юқори кўтарадилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар. Аллоҳга таслим бўлишни тажрибаларидан ўтказадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло яна айтадики: «Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик». (Соффаат 108 оят). Дунё тургунча келадиган авлодлар уни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик. «Иброҳимга салом бўлсин!» (Соффаат 109 оят). Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ салом айтмоқда! Саломини қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръонни Карим орқали эълон қилмоқда! Бу ҳол зот алайҳиссаломнинг қадрлари нақадар юксаклигини яна бир бор кўрсатади.
ХУДО БИЛАН АҲДЛАШУВ БЕЛГИСИ – ХАТНА. Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 17- бобида Худованди Карим билан Иброҳим алайҳиссаломнинг мазкур аҳди қуйидагича ҳикоя қилинади: Абрам тўқсон тўққиз ёшга кирган эди. Худованд унга зоҳир бўлиб деди: «Мен Қодир Тангриман. Менинг олдимда покдил бўлиб юргин. Мен сен билан аҳд-паймон қиламан, сени жуда ҳам кўпайтираман». Абрам юз тубан ерга йиқилди. Худо у билан гаплашиб деди: «Мен сен билан аҳд қилиб, сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қиламан. Сенинг исминг энди Абрам эмас, балки Абраам бўлади; зеро сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим. Сени жуда ҳам баракали қилиб, сендан эл-халқлар вужудга келтираман. Сенинг уруғингдан подшоҳлар келиб чиқадилар. Мен сен билан ва сендан кейинги авлодларинг билан наслдан-наслга ўтиб барқарор бўладиган абадий аҳдимни тузаман. Сенинг ва сендан кейинги авлодларингнинг Худоси Мен бўламан. Сен ҳозир мусофирларча яшаётган мамлакатни – бутун Канъон ерини сенга ва сендан кейинги авлодларингга абадий мулк қилиб бераман. Уларнинг Худоси Мен бўламан».
Худо Абраамга яна деди: «Энди сен ва сендан кейин туғиладиган барча авлодларинг ҳам Менинг аҳдимга риоя қилиб юринглар. Сенга ва сендан кейинги авлодларингга қуйидаги аҳдга риоя қилишингизни буюраман: орангиздаги ҳар бир эркак хатна қилинсин. Сизлар аъзонгиз учидаги терини кестириб, суннат бўлинглар. Ана шу Мен билан сизларнинг орангиздаги аҳднинг белгиси бўлади. Бундан буён наслингиздан туғиладиган ҳар бир ўғил болангиз, шу жумладан уйда туғилган ва бегона уруғдан бўлиб, сотиб олинган барча ўғил болалар ҳам саккиз кунлигида хатна қилинсинлар.
Хоҳ уйингизда туғилсин, хоҳ сотиб олинсин, сўзсиз хатна қилинсинлар. Менинг аҳдим ўз танангизда муҳрланган абадий аҳд бўлади. Аъзосини кестирмай, суннатсиз тураверган эркак эса ўз қавми орасидан йўқ қилинсин. Бундай киши Менинг аҳдимни бузган ҳисобланади».
Худо Абраамга яна: – Хотининг Сорайни энди Сорай деб чақирма; унинг исми Соро (яъни Бека) бўлсин. Мен уни баракали қилиб, ундан сенга ўғил ҳам бераман. Уни шундай баракали қиламанки, у эл-халқларнинг онаси бўлади. Ундан ҳатто халқларнинг подшоҳлари туғиладилар, – деди. Абраам буни эшитиб, юз тубан ерга йиқилди. «Наҳотки юз ёшга кирган эркакдан бола бўлса? Наҳотки тўқсон яшар Соро бола туғса?» – деб кўнглидан ўтказди ва кулиб юборди.
Сўнг Абраам Худога: – Кошки Измаил Сенинг лутфу караминг остида яшаса эди! – деди. Худо деди: – Хотининг Соро сенга ўғил туғиб бериши муқаррар. Унга Исаак деб исм қўясан. Ундан кейинги авлод учун ҳам абадий аҳд бўлсин, деб Мен у билан аҳдлашмоқчиман. Бироқ, Измаил ҳақида айтган сўзингга ҳам қулоқ бердим. Мен уни баракали қиламан ва жуда ҳам кўпайтираман. Ундан ўн икки қабила йўлбошчиси келиб чиқади. Мен ундан буюк халқ вужудга келтираман. Аммо Ўз аҳдимни эса келаси йил шу вақтнинг ўзида Соро сенга туғиб берадиган Исаак орқали амалга ошираман. Худо Абраам билан гапини тамомлаб, унинг олдидан юқорига кўтарилди. Абраам эса, Худо унга буюрганидек, ўша куннинг ўзида ўғли Измаилни ва унинг хонадонида туғилган ҳамда сотиб олинган бутун эркакларни хатна қилди. Абраам ўзи хатна қилинганида тўқсон тўққиз ёшда эди. Унинг ўғли Измаил хатна қилинганида ўн уч ёшда эди. Улар иккаласи ўша куннинг ўзида суннат қилиндилар. Шунингдек, Абраам билан бирга унинг хонадонидаги барча эркаклар – уйда туғилганлар билан бегона уруғдан сотиб олинганлар ҳам барчаси хатна қилиндилар.
ИБРОҲИМ ВА ИСМОИЛ АЛАЙҲИСАЛОМЛАРНИНГ БАЙТУЛЛОҲНИ ҚУРИШИ. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қиссада, жумладан шундай дейилган: «Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди. Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди. «Сен ёрдам берасанми?» деди. «Ёрдам бераман», деди. «Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош таширдилар, ота қурардилар». «Бақара» сурасида бу жараён қуйидагича ёритилади: «Иброҳим билан Исмоил «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.
«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан». (Бақара 127—129 оятлар). Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади. Ота-бола Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар.
Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар: «Роббимиз, икковимизни сенга мусулмон бўлганлардан қил…» Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умиди. Ва улар шу билан бирга ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан, зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар: «…ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил», демоқдалар. Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар. Улар яна Аллоҳдан: «Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар. Бу дуода, мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат, деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти: «Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан». Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат—зурриётларига ўз ичларидан Пайғамбар юборишини сўрамоқдалар. «Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор». «Ҳикмат»нинг маъноси—ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш демакдир. Уламоларимиз «ҳикмат»дан мурод—Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири—уларни поклашдир. Яъни, ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам. Чин дилдан қилинган дуо, албатта, қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос.
ИБРОҲИМНИ ҲАЖ ИБОДАТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШИ. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди.
Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг Ўзининг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган. «Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб…» Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма…» Яъни, Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ. «…Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин». (Ҳаж 26) Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга мусулмонлар ҳақлидирлар. «Одамларни ҳажга чақир…». Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. «…улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар». (Ҳаж 27). Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, бировнинг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ. «Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар». Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган. «Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда). Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар». Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳни йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади. «Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар». (Ҳаж 28) Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.
«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда «…ўзларидаги кирларни кетказсинлар…» дейишдан мақсад шу. «…ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар». (Ҳаж 29) «Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.
Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қариган чоғларида ато этган ҳалим ўғил Исмоилга боғлиқ ҳодисалар ана шулардан иборат.
ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МЕҲМОНЛАРИ. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоилдан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарини ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди. Бу ҳолни бизга «Заарийаат» сурасидаги оятлар очиқлаб беради: «Сенга Иброҳимнинг карамли меҳмонларининг хабари келмадими?» (Заарийаат 24 оят). Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келган меҳмонлар ёш, хушрўй йигитлар сувратидаги фаришталар эди. Уларни Аллоҳ таоло «карамли» деб сифатлади, чунки улар Аллоҳнинг ҳузурларида мукаррам эдилар. Иброҳим алайҳисаломнинг бундан хабарлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар кириб у зотга салом берганларида алик олдилар-да, танимаётганларини изҳор қилдилар. «Улар унинг ҳузурига кириб, „Салом“ деганларида, у „Салом, нотаниш қавмлар“, деди». (Заарийаат 25 оят) Сўнгра: «Аҳлига бориб, семиз бузоқни (пишириб) келтирди». (Заарийаат 26 оят). Меҳмонлар олдиларига қўйилган гўштни емай ўтираверганларидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бузоқ гўштини уларга яқинроқ суриб, «Емайсизларми?» дедилар. (Заарийаат 27 оят). Фаришталар овқат емайдилар, шунинг учун улар яна овқатни емай ўтиравердилар. Одатда, меҳмон мезбондан норози бўлса, унга ёмонликни раво кўрса, овқатини емайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом: «Улардан хавфсиради. Улар „қўрқма“, дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар». (Заарийаат 28 оят). Бу гапларни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эшитиб турган эканлар. «Бас, хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб, „қари, туғмас хотин-а?!“ деди». (Заарийаат 29 оят). «Улар: „Сенинг Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи ҳаким ва олимдир“, дедилар». (Заарийаат 30 оят). Яъни, фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг аёлларига: «Бунақа даҳшатга тушма, ажабланма ҳам, бу гапларни сенинг Парвардигоринг айтди, у ҳамма нарсага қодир-хоҳласа, туғмасга ҳам, қари кампирга ҳам фарзанд бераверади», деган маънодаги гапни айтдилар. Дарҳақиқат шундай ҳам бўлди. Аллоҳ катта ёшдаги икки қари бандасига илмли, кейинчалик Пайғамбар бўладиган Исҳоқ исмли ўғил фарзанд берди. Аллоҳ таоло ота-онанинг қўшилишидан фарзанд дунёга келишини асосий қоида қилиб қўйган. Бу қоидага кишилар шунчалик ўрганиб кетишганки, кўплари ҳақиқий яратувчи Аллоҳ эканини унутиб, иш фақат эру хотин билан битаверади, деган бузуқ ақидага ҳам борадилар. Бандалар Аллоҳни эсдан чиқармасликлари учун яратганнинг Ўзи баъзи ҳолларда юқоридаги қоидани «бузиб» туради. Баъзи кишиларга фақат ўғил беради, қизга зор қилиб қўяди. Баъзиларга фақат қиз беради, улар ўғилга зор бўлишади. Баъзиларга ўғил қизни аралаш беради. Баъзиларни эса бутунлай фарзандсиз қилиб қўяди. Демак, эр-хотиннинг қўшилиши асосий омил эмас, Аллоҳнинг иродаси асос эканини мазкур ҳолатлар доимо эсимизга солиб турмоғи лозим.
Лекин улуғ Пайғамбар бўлган у зот бу фаришталарни бошқа ишлари борлигини сезиб турган бўлсалар керак. Улардан, «Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир?» деб сўрадилар. «Улар: „Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз“. (Заарийаат 32 оят). „Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун. Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни“, дедилар». (Заарийаат 33—34 оятлар). Оятдаги «жиноятчи қавм» дан мурод Лут қавмидир. Ўша жиноятчи қавмга Аллоҳ таоло ирода қилган азобни етказиш ушбу, Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашиб турган фаришталарга топширилган эди. Шу билан бирга уларга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга илмли ўғил башоратини бериб ўтиш ҳам топширилган эди.
ИБРОҲИМГА ЎҒИЛ ХАБАРИНИ БЕРГАН ФАРИШТАЛАР. Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 18- бобида фаришталарнинг Авраамгаа меҳмон бўлиши ва ўғил хабарини бериши қуйидагича тасвирланган: Куннинг жазирама иссиқ вақтида Авраам чодирининг эшиги олдида ўтирган эди. Бирданига Худованд Мамре болутзори ичидан унга зоҳир бўлди. Авраам бир қараб, рўпарада уч киши турганини кўрди. Авраам уларни кўриши биланоқ чодир эшигидан туриб, уларни кутиб олгани чопди-да, ергача эгилганча таъзим қилди. – Ҳазратим, – деди, – Агар мендан рози бўлсанг, бандангдан юз ўгириб кетма. Бир оз сув келтирсин, оёқларингизни ювинглар, шу дарахт тагида ёнбошлаб дам олинглар. Мен бир луқма нон олиб келай. Дилингизга қувват киритиб, яна сафарни давом эттирасизлар. Бандангиз томон йўлингиз тушибди, ахир. – Хўп, худди айтганингдек қилавер! – деди улар.
Авраам чодирга, Соранинг ёнига шошилиб кирди-да: – Тез бўл, уч тоғора майда ун олиб, хамир қил ва патир ёп, – деди. Сўнг Авраам пода томон чопди-ю, битта яхши, ёш бузоқни олиб, хизматчи йигитга берди. Йигит эса дарҳол бузоқни сўйиб пиширишга қўл урди. Шу орада Авраам сариёғ билан сут келтирди. Бузоқ пишгач, уни ҳам меҳмонлар олдига қўйди.
Улар овқатланар эканлар, Авраам дарахтнинг тагида ҳозир бўлиб турарди. Улар Авраамдан сўрашди: – Хотининг Соро қаерда? – Шу ерда, чодирда, – деди Авраам. Улардан Бири: – Келгуси йил шу вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, хотининг Соронинг бир ўғли бўлади, – деди. Соро эса Унинг орқа томонида, чодирнинг эшиги олдида гапни тинглаб турарди. У бу гапни эшитиб, ич-ичидан кулиб юборди. Чунки Авраам билан Соро энди жуда қариб қолишган, умрлари охирлаб қолган, Сорода хотинларга хос хусусият ҳам тугаган эди. «Қариганимдан кейин мен яна гаштимни сурар эканман-да! Жанобим ҳам қариб қолганлар-ку, ахир», – деб кўнглидан кечирди. Худованд Авраамга деди: – Нима учун Соро кулиб, «Мен қариганимда яна бола туғсам бўлармикин», деб айтди? Худованд учун имконсиз нарса борми? Келгуси йил белгиланган вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, Соронинг бир ўғли бўлади, – деди.
ИБРОҲИМГА ИСҲОҚНИНГ БЕРИЛИШИ. Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди. Бу маънони «Соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади: «Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». (Соффаат 112 оят). Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан кифояланиб қолмади. Аллоҳ таоло у кишига яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, Пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди. Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди: «Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ-ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур». (Соффаат 113 оят).
Таврот китобининг Ибтидо қисмининг 35 бобида Исҳоқнинг ўғли Яқуб (Исроил) алайҳиссалом, унинг ўғли эса Юсуф алайҳиссалом эканлиги келтирилган.
ХУДОНИНГ АВРААМГА ИСААКНИ ҚУРБОН ҚИЛ ДЕБ СИНАШИ. Таврот китобининг Ибтидо қисми 22 бобида бу ҳодиса қуйидагича ҳикоя қилинади: Худо Авраамни синаб, унга: – Авраам! – деди. – Лаббай! – деди у. Худо: – Ўзинг севадиган ягона ўғлинг Исаакни олиб Мўриё ерига кет. У ерда Мен сенга айтадиган тоққа чиқиб, ўғлингни қурбон қил, – деди. Авраам эрта билан туриб, эшагини эгарлаб, қурбонлик куйдириш учун ўтин ҳам майдалади-да, қулваччалардан иккитасини ва ўғли Исаакни ўзи билан олди, Худо унга айтган жойга қараб равона бўлди. Уч кун юришгандан кейин Авраам нарига бир кўз ташлади, ўша жойни узоқдан кўрди. У йигитларига: – Сизлар эшак билан бу ерда ўтириб кутиб туринглар. Мен ўсмир билан у ёққа бориб сажда қилиб, яна ёнингизга қайтиб келамиз, – деди. Авраам қурбон куйдиришга ярайдиган ўтинни ўғли Исаакнинг елкасига ортди. Ўт ва пичоқни эса ўзи қўлига олиб, икковлари бирга жўнаб кетдилар. Шу орада Исаак отаси Авраамга: – Отажон! – деди. – Лаббай, ўғлим, – деди у. – Мана, ўт бор, ўтин бор, лекин қурбон қўзиси қани? – деб сўради. Авраам: – Ўғлим, қурбон қўзисини Худо Ўзи беради, – деди. Шундай қилиб, икковлари йўлда давом этдилар. Худо Авраамга айтган жойга келганларида, у қурбонгоҳ тиклаб, ўтинни қалади. Сўнг ўғли Исаакни боғлаб, уни қурбонгоҳ устига, ўтинларнинг устига ётқизди. Авраам пичоққа қўл солиб, ўғли Исаакни бўғизламоқчи бўлган ҳам эдики, бирданига осмондан Худованднинг фариштаси унга хитоб қилди: – Авраам! Авраам! – Лаббай, – деди у. Фаришта: – Ўсмирга қарши қўл кўтарма, унга ҳеч ёмонлик қилма. Мен энди биламанки, сен Худодан қўрқасан, яккаю ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг, – деди. Авраам бир орқасига бурилиб қараса, чакалакда шохлари ўралиб қолган қўчқорни кўрди. Авраам, қўчқорни олиб келди ва уни ўғли ўрнига сўйиб куйдирди. Худованднинг фариштаси иккинчи гал осмондан Авраамга хитоб қилди: – Мен Зотим ҳақи қасамёд қиламанки, Худованд гапирмоқда: сен бу ишни қилиб, ягона ўғлингни аямаганинг учун, Мен сенга қут-барака бераман. Насл-насабингни кўкдаги юлдузлардай ва денгиз соҳилидаги қумдай кўпайтириб юбораман. Сенинг ўғил- набираларинг ўз душманларининг шаҳарларини оладилар. Сен гапимга қулоқ солганинг учун, ер юзидаги барча халқлар сенинг наслингдан барака топадилар, – деди.