Читать книгу Етти буюк пайғамбарлар қиссалари - Раҳматулла Асадуллаевич Усманов - Страница 5
2.НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ
ОглавлениеНУҲ АЛАЙҲИССАЛОМ. Тахминан мил. авв. 4—3 минг йилликда яшаганлар. Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган, ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлганлар, пайғамбарларнинг шайхи номини олганлар ва ул Зот алайҳиссалом улул-азм беш пайғамбарнинг (Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Муҳаммад) биридирлар.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ. Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 5- бобида келтирилган Одам авлодларининг китобига кўра, яратилишдан тўфонгача тўққиз авлод ўтган бўлиб, ўнинчиси Нуҳ алайҳиссаломдирлар ва У кишининг аждодлари энг юқорисидан бошлаб қуйидагилардир: Одам, Шит, Энўш, Қенан, Маҳолалил, Ёред, Ҳанўх, Матушалоҳ, Ламак. Демак, Нуҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ламак, энг катта боболари – Одам ота бўлган. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган.
ОДАМЗОТНИНГ БУЗИЛИШИ. Худо Одам ота билан момо Ҳавони жаннатдан ерга туширгач, уларнинг зурриётлари тезда кўпайиб, касбу-кор ўрганиб, хайрли ишлар қилиб яшай бошладилар. Улар отамиз Одам алайҳиссаломнинг динига эътиқод қилиб, ягона Худога ибодат қилишар эди. Одам отанинг авлодлари ичида Худодан қўрқадиган, тақводор, атрофдагилар ҳурмат қиладиган, солиҳ кишилар ҳам бўлган эди. Улар куни битиб ўлганларидан кейин, шайтон ҳийла ишлатиб қолган кишиларга: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва эслаб туришни хоҳласаларингиз уларни суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди. Одамларга бу гап маъқул бўлиб, уларнинг суратларини чиздириб осиб қўйишди. Кишилар аввалига суратларга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар ясаб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Ҳар бир солиҳ киши вафот этгандан сўнг, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди, ҳайкалларни буту-санамларга айлантириб олишди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар. Ҳар бир қавм ўз Худосига эга бўлди. Ягона Худодан кўп Худоликка сиғиниш ва ер юзида инсонларга зарурий маҳсулотларни (ресурсларни) бир текис жойланмаганлиги ҳамда уларни чекланганлигидан қавмлар орасида қарама қаршиликлар вужудга келди. Зодагонларнинг ўз шахсий манфаатларини қавм манфаатларидан устун қўйиши, Худодан қўрқмасдан ҳаром-харишдан бойлик ортириши ҳамда фоҳишабозлик қилиб гуноҳ орттириши, охир-оқибат одамларнинг бирдамлигини йўқолишига ва жамиятни бузилишига олиб келди. Бундай ҳолат Худони ғазабини келтирди.
ЯНГИ ПАЙҒАМБАРЛАР ЮБОРИШ ЗАРУРАТИ. Одамларни Яратганга эмас ўзлари ясаб олган ҳайкалларга сиғиниши, бир томондан, қавмлар задогонлари ва ҳукмдорларининг ўз манфаатларини қавм аҳли манфаатларидан устун қўйиши, ўзларидан кетиб, Худодан қўрқмасдан ҳаром-ҳаришдан турмуш кечириши, ва бу етмагандек бу ишлари билан фахрланиб мақтаниши, иккинчи томондан, кўпчилик одамларнинг аранг тирикчиликни ўтказишлари ва ночор кун кечиришларига Худо раҳм қилиб, адашган бандаларига тўғри йўлни кўрсатиш, яратган Тангрига ширк келтирмасдан ёлғиз унинг ўзигагина ибодат қилишлари ҳамда қавм аҳлини ижтимоий муҳофаза қилиш учун янги Пайғамбар юборишни ирода қилди.
Парвардигор бу Пайғамбар одамларнинг ўзларидан, ўзларига ўхшаш бир одам бўлишини хоҳлади. Шунда Пайғамбарга ҳам одамларга ҳам осон бўлади. Чунки, Пайғамбар ўз қавмининг тилини, урф-одатини, яшаш тарзини, шароитларни ва бошқа жиҳатларини яхши билади. Бандалари ҳам Пайғамбар бўлиб келган зотнинг шахсини яхши танийдилар. Ундан ташқари Пайғамбар Худонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга ўз ҳаётига татбиқ қилиб одамларга ўрнак бўлиши ҳам зарур эди.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ЮБОРИЛИШЛАРИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг насаблари Одам алайҳиссаломга бориб тақалади. Одам авлодининг китобидан ҳисобланганда, Одам отадан Нуҳ алайҳиссалом давридаги тўфонгача бўлган вақт 1700 йил атрофида бўлган. Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмлари бут-санамларга ибодат қилиб уларга сиғинар эдилар. Ўша замону маконда яшаган кишилар ичида бой, задогонлари кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғри сўз, омонатли, меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломга ваҳий тушириб, ўз қавмини ягона Аллоҳга ибодат қилиш учун чақиришга ва Ундан ўзгага ибодат қилишдан қайтариишга юборди ва қавмини динга чақиришга буюрди.
Нуҳ алайҳиссалом, мен сизга пайғамбар бўлдим, деб ўз қавмларига мурожаат қилганларида, баъзилар «Бу қачондан бери Пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку», дейишди.
Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлиб битган эканми?» дейишди.
Бошқа бировлар эса: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дедилар.
Шундай қилиб, Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади. Лекин фақат саноқли кишилар иймонга келдилар, холос. Бу мўминлар ҳалол касблари билан ҳаёт кечирувчи кишилар эдилар. Бойлар эса: «Ялангоёқ, мискинларга ошно бўлмаймиз», дейишди.
Бу ҳолатни Аллоҳ таоло «Нуҳ» сурасида қуйидагича баён этади: «Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб расул қилиб, юбордик». (Нуҳ сураси 1 оят). Нуҳ алайҳиссалом Арабистон ярим оролига Пайғамбар этиб юборилган. У қавмга: «Эй қавмим! Албатта, мен сизларга юборилган аниқ огоҳлантирувчидирман (Нуҳ 2- оят) деди.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДАЪВАТЛАРИ ВА ХАСРАТЛАРИ. Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини динга чақириш бўйича Алоҳу таолони буйруғини бажаришга киришдилар. У: «Эй қавмим, албатта, мен сиз учун очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. Аллоҳга ибодат қилинглар, Унга тақво қилинглар ва менга итоат қилинглар. У сизларнинг гуноҳларингиздан мағфират қиладир ва сизни белгиланган ажалгача қўйиб қўядир. Агар билсангиз, албатта, Аллоҳнинг ажали орқага сурилмайдир», деди. (Нуҳ 2—4 оятлар).
Нуҳ алайҳиссалом Алоҳга мурожаат қилиб ўз қавмларидан саркашлари билан олиб борган даъват ишларини қуйидагича баён қилади. У: «Роббим, мен ўз қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Менинг чақириғим уларда қочишдан бошқа нарсани зиёда қилмади. Ва албатта, қачонки мен уларни Сенинг мағфират қилишинг учун чақирсам, улар бармоқларини қулоқларига тиқдилар ва кийимларига бурканиб олдилар, ҳамда (кофирликда) собит бўлдилар ва ниҳоятда улкан такаббурлик қилдилар. Сўнгра албатта, мен уларни жаҳрий даъват қилдим. Сўнгра албатта, мен уларга ошкора ва яширин (даъват) қилдим.», деди. (Нуҳ 5—9).
Шу билан бирга уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилдилар: «Бас, Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир» (Нуҳ 10 оят), деди. Агар бу оятга амал қилсангиз… «У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир», дедилар. (Нуҳ 11—12).
Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида қалб поклиги, диндорлик ва ҳидоятда юришдан ризқнинг мўллиги, фаровонлик ва серобчилик келиб чиқиши таъкидланган. Жумладан «Аъроф» сурасида: «Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик» (Аъроф 96 оят), дейилади. Бундан Аллоҳ таоладан қўрққан, яхши амалларни қилган, адолат ва омонликни жорий қилган халқ фаровонлик, тараққиёт ва бахтли ҳаётга эришади. Инсонларга осмон ва заминдан баракот эшиклари очилиши учун биргина шарт кифоя, яъни инсон иймонли ва тақволи бўлиши лозим экан. Ана ўшанда, унга осмону заминдан баракотлар эшиги ланг очиб қўйилади. Чунки иймон инсонни баракотли ҳаёт йўлига бошлайди, тақво эса уни фаравон ҳаёт йўлига солади. Иймон билан тақво бир-бирига чамбарчас боғлик бўлганидек, баракот ҳам уларга боғлиқдир.
Нуҳ сурасидаги кейинги оятда Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига Аллоҳнинг азаматини ўйлаши лозимлиги хитоб қилинади: «Сизларга нима бўлдики, Аллоҳнинг азаматини ўйлаб кўрмайсизлар? Ҳолбуки, сизларни ҳолатма-ҳолат яратди. Аллоҳ етти осмонни қандоқ қилиб табақама-табақа яратиб қўйганини кўрмадингизми? Ва улар ичида ойни нур ва қуёшни чироқ қилиб қўйганини (кўрмадингизми)?» (Нуҳ 13—16). Одамларнинг ҳолатма-ҳолат яратилиши, етти осмоннинг табақама-табақа халқ қилиниши, ойнинг нур ва қуёшнинг чироқ қилиб қўйилиши ҳар бир банда учун Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далил бўлиб хизмат қилади. Ҳар бир банда мазкур нарсалардан ўзига керакли хулосани чиқариб олиб, Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Унга иймон келтириб, итоат ва ибодат қилиши лозим бўлади.
Кейинги оятларда ҳам банда Аллоҳнинг азаматини ўйлаши, Аллоҳ тамонидан унга берилган неъматларни шукрини қилиши лозимлиги ҳақида сўз кетади. Ҳар бир жонзод, шу жумладан, одамзот ҳам набототларга ва уларга боғлиқ бўлган нарсалардан озиқланиб яшайди, шу сабабдан кейинги оятда: «Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқарадир». (Нуҳ 17), дейиляпти. Банда ўзини ердан ўстириб қўйган зотга иймон келтириши, Унинг азаматидан қўрқиши, Унга итоат ва ибодат қилиши лозим. Чунки, «Сўнгра сизларни унга қайтарадир ва яна чиқарадир». (Нуҳ 18).
Сизни ердан ўстирган Зот сизни яна ерга қайта киритади. Охиратда эса қайта тирилтириб, сизни яна ердан чиқаради. Шунинг учун ҳам сиз доимо Унинг азаматини ўйлаб иш қилишингиз лозим. Бу иш қиёмат куни сизни қайта тирилтириш билан бўлади. Ана ўшанда бу дунёдаги зарра оғирлигидаги яхшию ёмон ҳамма амалларимиз ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога иймон келтириш, Унга итоат ва ибодат қилиш керак.
Аллоҳ таоло сизни фақат яратибгина қўймаган балки, бу дунёда яшашингиз учун ҳамма шароитни муҳайё қилиб берган. «Ва Аллоҳ сизларга ерни гиламдек тўшаб қўйди. Унда сиз кенг йўллардан юришингиз учун», деб айтди». (Нуҳ 19—20). Аллоҳ таоло ерда ҳамма шароитларни яратиб, одамлар бу дунёда бекаму куст-яшашлари ва ҳаёт кечиришларини таъминлаб қўйганини эслатганидан сўнг ҳам Нуҳ қавми ўз залолатидан қайтмади.
Шунда Нуҳ алайҳиссалом исёнкор қавм билан қилаётган ишлари ва дардларидан ҳасратландилар. «Нуҳ деди: «Роббим, албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси хусрондан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар». Яъни, бойларга эргашдилар. «Ва ниҳоятда улкан макр қилдилар». (Нуҳ 21—22). Нуҳ алайҳиссалом қавмидаги мутакаббир бойларнинг қилган улкан макрлари ҳамда шайтон васвасаси туфайли кишиларнинг Худо деб эътиқод қилган ва ибодат қилган ҳайкалларга сиғиниши қуйида келадиган оятда баён қилинади. «Ва: «Олиҳаларингизни ҳеч тарк қилманглар, ва, албатта, Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам тарк қилманглар», дедилар». (Нуҳ 23).
НУҲНИ ҚАВМИ ИЛА ТОРТИШУВИ. Нуҳ алайҳиссаломнинг мақсади – қиёмат кунининг азобига бандаларнинг гирифтор бўлмаслиги. Ўшал кун азобига дучор бўлмаслик учун Аллоҳга ибодат қилиш, Унга иймон келтириб, бу дунёда Унинг ҳукмларини адо этиб яшаш керак. Ҳаётнинг ҳамма жабҳасида Унинг айтганларини қилиш, қисқаси, Унинг ҳақ динига мукаммал амал қилиш банданинг бирламчи вазифаси. Чунки бу дунёнинг мутлақ ҳокими—Унинг Ўзи. «Унинг қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, биз сени очиқ-ойдин залолатда эканингни кўряпмиз», (Аъроф 60) дедилар. Ҳар бир қавмнинг ўз зодагонлари бўлади. Уларни зодагон қилган, мол-дунёси, пули, куч-қудрати, маккорлиги ва устамонлиги бўлади. Бу зотлар қавм номидан гапириш ҳаққини ўзларига ўзлари берганлар.
Нуҳ алайҳиссалом қавмларидан ношойиста жавобни эшитган бўлишларига қарамай, уларга ҳақиқатни англатишга ҳаракат қилдилар ва уларнинг кўнгилларини овлаш учун: «Эй қавмим, менда залолат йўқ…», дедилар. Нуҳ (алайҳиссалом) ўзларидан ботил туҳматларни даф этдилар ва тўрт сифатга эга эканликларини таъкидлаб ўтдилар:
1. «Балки мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган Пайғамбарман!», яъни, менда залолат ёки адашиш йўқ, мен оламлар Раббиси томонидан сизларни Унинг ёлғиз Ўзига ибодат қилишга ва Ундан ўзгага сиғинишдан қайтариш учун юборилганман.
2. «Мен сизларга Парвардигоримнинг вазифаларини етказурман», Яъни, амр-буйруқ, қайтариқ, панд-насиҳатлардан иборат бўлган ва мен Аллоҳ томонидан қилинган ваҳийни етказаман.
3. «Сизларга насиҳат қилурман», яъни, сизларни камол топтирадиган, бахт-саодатга етказадиган насиҳатларни таълим бераман.
4. «Мен Аллоҳ тарафидан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман», яъни, Аллоҳ таоло ўз фазлу карами билан менга сизлар билмайдиган нарсаларни билдирди ва мен ўша илм билан сизларни огоҳлантираман.
Барча оламларнинг Робби мени сизларга Пайғамбар қилиб юборди. Ўша улуғ вазифани адо этиб мен: «Сизларга Роббимнинг юборганларини етказаман». Аллоҳ таоло икки дунё саодатига эришишингиз учун нималар қилишингиз лозимлигини баён қилиб сизларга кўрсатмалар—амрлар, наҳийлар, турли ҳукмлар йўллади. Юборилган бу кўрсатмаларни сизга мен етказяпман, холос. Шу билан бирга, керак бўлиб қолганда, сизларга ўз томонимдан: «насиҳат қиламан». Чунки мен: «Аллоҳ томонидан сиз билмаган нарсани биламан». (Аъроф 61—62). Кейин, оятнинг давомида Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларининг у кишининг Пайғамбар бўлиб келганларидан ажабланганликлари ноўрин эканини ҳамда Пайғамбарликнинг асл мақсадини баён қилдилар: «Ўзингиздан бўлган бир кишига, сизларни огоҳлантириш учун ва тақво қилиб, шояд раҳматга эришсангиз деб Роббингиздан эслатма келганидан ажабланасизларми?!» деди». (Аъроф 63).
Нуҳ алайҳиссаломдан бу гапларни эшитган кофир қавм ақлий тортишувда енгилиб, ўз одатларича, дўқ қилишга ўтдилар: " Эй Нуҳ, агар тўхтамасанг, албатта, тошбўрон қилинганлардан бўласан», дедилар. (Шуаро сураси 116).
Нуҳ алайҳиссалом уларга куюниб тушунтиришларига қарамай: Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Ҳамда бу ноқулай ҳолат мисли кўрилмаган даражада узоқ давом этди. «Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди» (Анкабут 14) Аллоҳнинг Пайғамбари Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина одамдан бошқа ҳеч ким иймонга келмади.
НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ. «Дарҳақиқат улар кўпларини адаштирдилар. Ва Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма», деди». (Нуҳ 24) Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмларига қилган ушбу дуоибадни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга: сенинг қавмингдан ҳозир иймонга келганларидан ўзгаси зинҳор иймонга келмас, деб хабар берганидан сўнг, уларнинг иймонларидан ноумид бўлиб туриб қилганлар.
Кейинги оятда эса очиқ-ойдин жавоб келади: « (Улар) хатолари туфайли ғарқ қилиндилар, бас, оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар». (Нуҳ 25).Уламоларимиз ушбу оятни қабр азобига далилдир, деганлар.
Шундай бўлса ҳам, Нуҳ алайҳиссалом яна бир марта даъват қилдилар. Саркаш қавм эса, «Биз билан кўп тортишдинг, гапинг рост бўлса, ваъда қилаётган азобни келтир», деди. Нуҳ алайҳиссаломнинг умидлари узилди, ғазаблари келди ва Нуҳ: «Эй Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта ҳам ҳаракатланувчини қўймагин. Албатта, Сен уларни тек қўйсанг, бандаларингни адаштирурлар ва фожиру кофирдан бошқа туғмаслар». (Нуҳ 26—27).
Нуҳ алайҳиссалом энди келадиган оятда мўминларни дуои хайр қиладилар. «Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма», деди». (Нуҳ 28). Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди.
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмининг ўта кетган саркашлигини ҳамда залолатга маҳкам ёпишиб олганини, уларга ваъз—насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етдилар. Шунча йиллар ўтса ҳам, кофирлар иймонга келмадилар. Уларнинг иймонга келишига ҳеч қанай умид қолмагандан сўнг Нуҳ алайҳиссалом охирги дуоибадни қилишга мажбур бўлдилар. Шунинг учун илтижо ила Аллоҳ таолога нидо айлаб: (У) «Роббим, шубҳасиз, қавмим мени ёлғончи қилдилар. Бас, Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин» (Шуаро сураси 117—118 оятлар), деб дуо қилдилар.
ДУО ҚАБУЛ ВА КЕМА ЯСАШГА АМР. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул қилди. «Ва Нуҳга: „Қавмингдан аввал иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир“, деб ваҳий қилдик». (Ҳуд сураси 36—37 оятлар). Керагича даъват қилинди, тушунтирилди, иймонга келадиганлар келиб бўлди. Қолганлар гап-сўз, насиҳат таъсир қилмайдиганлардир. Ўзинг эса: «Бизнинг риоятимиз ва ваҳиймиз ила кема ясагин». Кема ясашингни Биз риоямизга оламиз ва Ўзимиз ваҳий орқали ўргатиб турамиз. Қиссамизни шу жойидан Тавротни биринчи китоби Ибтидо китобининг 6 бобидан давом эттирамиз.
Худо Нойга: Сен ўзингга шамшод ёғочидан кема ясагин. Кемани хона-хона қилиб, ичкаридан ва ташқаридан қатронлагин. Кеманинг узунлиги уч юз газ, кенглиги эллик газ, баландлиги эса ўттиз газ бўлсин. Кемада туйнук очиб, устини бир газ юқорироқда том билан ёпиб қўйгин. Кеманинг эшигини унинг ён томонида жойлаштиргин. Кемани пастки, ўрта ва юқори қаватли қилиб қургин.
У киши кема ясамоқдалар-у: «Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар». Кечагина, Пайғамбарман, Аллоҳдан менга ваҳий келди, деб юрган одам бугун нажжорлик қилиб кема ясаши улар учун кулгили эди. Лекин Нуҳ алайҳиссалом бу ишни ўзларича қилаётганлари йўқ. Кема ясаш ҳам Аллоҳнинг ваҳийси ила бўлмоқда. Шунинг учун у зот мутлақо жиддийлик билан ишламоқдалар ва мутлақо мустаҳкам ишонч ила: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизни масхара қиламиз», дедилар. Чунки у зот Аллоҳдан келган ваҳий орқали ўзларининг қутулиб қолишларини ва масхара қилаётган кофирларнинг ғарқ бўлишларини яхши биладилар. Шунинг учун сўзларининг давомида: «Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди». Азоб кимга келади, бизгами, сизгами, ўшанда кўрамиз. Ана ўшанда ҳақиқий масхара қилиш вақти келади.
Яна Худо Нойга: «Мен ер юзини тўфон билан бостириб, фалак остида ҳаёт руҳига эга бўлган ҳамма махлуқларни маҳв этаман. Ерда яшовчи борлиқ мавжудот ҳалок бўлади. Мен фақат сен билан аҳд тузиб, шундай шарт қўяман: сен билан ўғилларинг, хотининг ва келинларинг кемага кириб қутуласизлар. Шунингдек, сен билан тирик қолишлари учун ҳамма жонзодлардан кемага киргизгин: ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан иккитадан олиб киргизгин. Парранда, чорва, ерда қимирловчи жониворларнинг ҳаммасидан иккитадан сен билан борсин ва тирик қолсинлар. Бундан ташқари, ейиладиган ҳар хил озиқ-овқатдан ҳам етарли ғамлаб олгин. У Сен ва жониворлар учун емиш бўлсин», – деди.
Худо нимаики буюрган бўлса, Ной ҳаммасини худди шундай бажо келтирди.
ТЎФОН ФАЛОКАТИ. Худо Нойга: «Сен бутун хонадонинг билан кемага киринглар. Чунки бу насл орасидан Менинг назаримда солиҳ бўлган ёлғиз сени топдим, – деди. Ҳалол бўлган ҳар бир чорва туёғининг эркак ва урғочи жинсидан еттитадан, ҳаром бўлган чорванинг эркак ва урғочи жинсидан эса иккитадан олиб, ўзинг билан кемага киргизгин. Осмондаги паррандаларнинг ҳам эркак ва урғочи жинсидан еттитадан олиб киргизгин, токи бутун ер юзида яшовчи ҳар хил жониворлардан тирик қолганлар бўлсин. Чунки етти кундан кейин Мен ерга қирқ кечаю қирқ кундуз давом этадиган ёмғир ёғдираман. Ўзим бунёд этган барча мавжудотни ер юзидан қириб ташлайман». Ной эса Худо буюрган ҳамма нарсани бажо келтирди. Ной олти юз ёшда бўлганда, ер юзини тўфон сувлари босди. Ной ва унинг ўғиллари, хотини, келинлари у билан бирга тўфондан қочиб, кемага кирдилар. Худо Нойга буюрганидек, ҳалол ҳамда ҳаром чорва туёқларининг, паррандалар ва барча ерда қимирловчи ҳайвонларнинг эркак ва урғочи жинсидан жуфт-жуфт бўлиб Нойнинг олдига кемага кирдилар. Ўша етти кун ўтгандан сўнг ер юзини тўфон сувлари босди. Ной умрининг олти юзинчи йили, иккинчи ойининг нақ ўн еттинчи кунида улкан тубсизлик булоқлари бари қайнай бошлаб, осмон қопқалари очилиб кетди. Кетидан ер юзига қирқ кечаю қирқ кундуз ёмғир ёғди. Ана шу куннинг ўзида Ной ва унинг ўғиллари Сима, Хама ва Иафета, Нойнинг хотини билан учта келини ҳаммаси бирга кемага кирдилар. Улар билан бирга барча ёввойи ҳайвон, чорва ва ерда қимирловчи майда жониворлар турлари, шунингдек, барча парранда турларидан хилма-хил патли қушлар кемага кирдилар. Ҳаёт руҳига эга бўлган ҳар бир махлуқдан жуфт-жуфт бўлиб Нойнинг олдига, кемага кирдилар. Худо Нойга буюрганидек, кемага кирган ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан бор эди. Охирида Худо Нойнинг кетидан эшикни ёпиб қўйди. Қирқ кун давомида ер юзини тўфон босди, сувлар тошиб, кемани ердан юқорига кўтарди. Ер юзини босаётган сув тошқини тобора кучайиб борар экан, кема сув юзида сузиб юрар эди. Ер юзидаги сув тошқини беҳад кучайиб, осмону фалак остидаги баланд тоғларнинг ҳаммасини қоплаб олди. Сув тошқини тоғу тепаликдан ўн беш газ юқорироқ кўтарилиб, ҳамма ёқни кўмиб ташлади. Ер юзида ҳаракат қилувчи ҳар бир махлуқ – парранда ҳам, чорва ҳам, ёввойи ҳайвонлар ҳам, ерда қимирловчи майда жониворлар ҳам, одамлар ҳам бирдан ҳалок бўлдилар. Қуруқликда яшовчи димоғида ҳаёт нафаси бор бўлган ҳар бир жонзод ўлиб кетди. Ерда бор бўлган бутун мавжудот қирилди. Одамдан тортиб чорвагача, ерда қимирловчи махлуқдан тортиб кўкда учувчи қушгача бари ер юзидан қирилди. Фақат Ной ва у билан бирга кемада бўлганлар тирик қолдилар. Ер юзидаги сув тошқини эса бир юз эллик кун давом этди.
ТЎФОНДАН ҚУТИЛИШ, НOЙНИНГ ҚУРБОНГОҲИ ВА ХУДОНИНГ ВАЪДАСИ. Тўфондан қутилиш, Нуҳнинг қурбогоҳи ва Худонинг ваъдаси Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 8- бобида қуйидагича тасвирланади. Нoй ва у билан бирга кема ичида бўлган ёввойи ҳайвонлар ва чорванинг ҳаммаси Худонинг хотирида бўлиб, У ер юзи устидан шамол эстирди. Шундан сўнг сувлар пасая бошлади. Тубсизлик булоқлари тугаб, осмон қопқалари ёпилиб, ёғаётган ёмғир тиниб қолди. Сув бора-бора ер юзидан қайтиб, камайиб кетди, кема Арарат тоғлиги устига келиб тўхтаб қолди. Ной умрининг олти юз биринчи йили, биринчи ойининг биринчи кунида ерни қоплаган сув қуриб кетди. Худо Нойга хитоб қилиб: «Сен хотининг, ўғилларинг ва келинларинг билан кемадан чиқиб кетинглар! Сен билан бирга бўлган ҳайвонларнинг ҳаммасини, парранда, чорва туёқлари, ерда ҳаракат қилувчи махлуқлар қанча бўлмасин, ўзинг билан ташқарига чиқаргин. Улар ер юзида баракали бўлиб кўпайсин, ер бўйлаб қайнаб боришсин», – деди.
Шунда Ной билан ўғиллари, хотини ва келинлари ташқарига чиқдилар. Улар билан барча ёввойи ҳайвонлар, майда жониворлар, паррандалар – ер юзида ҳаракат қилувчи махлуқлар қанча бўлмаса-да, ҳаммаси оила- оила бўлиб кемадан чиқиб кетдилар. Сўнгра Ной Худо шаънига қурбонгоҳ қурди. Ҳар бир ҳалол чорвадан, ҳар бир ҳалол паррандадан олиб, қурбонгоҳ устида сўйиб куйдирди.
Худо қурбонлик тутунининг хуш ҳидини искаб, Ўз кўнглида деди: «Мен ерни одамзод туфайли бошқа лаънатламайман. Зероки одамзод кўнглидаги фикр-хаёл ёшлигиданоқ бузуқдир. Мен аввал қилганимдек, энди бошқа ҳамма жониворларни уриб нобуд қилмайман. Бундан кейин ер бор экан, экин-тикин, ўрим- йиғим, совуқ билан иссиқ, ёз билан қиш, кун билан тун тугамайди».
ХУДОНИНГ НOЙ ВА УНИНГ ЎҒИЛЛАРИ БИЛАН ҚИЛГАН АҲДИ. Таврот китоби ―Ибтидо қисмининг 9- бобида Худонинг Ной ва унинг ўғиллари билан қилган аҳди қуйидагича ҳикоя қилинади:
Худо Ной билан ўғилларини муборак қилиб, деди: «Баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзини тўлғазинглар. Ердаги ҳамма ҳайвонлар, осмондаги барча паррандалар, бутун ер юзида ҳаракат қилувчи махлуқлар ва бутун денгиздаги балиқлар сизлардан қўрқиб, даҳшатга тушадилар. Ана, улар қўлингизга топширилган. Яшаётган ҳар бир жонивор сизлар учун емиш бўлади; кўк ўт каби буларнинг ҳаммасини ҳам сизларга бердим. Фақат этни ўз жони, яъни қони билан еманглар.
Айниқса сизнинг жонингизни олгандан Мен хун талаб қиламан. Одам жонини олган ҳар бир ҳайвондан, шунингдек, ўз қон-қардошининг жонини олган ҳар бир одамдан Мен хун талаб қиламан. Ким одам қонини тўкса, унинг қони одам қўли билан тўкилур. Зеро одам Худо суратида яратилгандир. Сизлар баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзида тарқалиб, кўпайиб боринглар».
Яна Худо Ной билан ўғилларига деди: «Мен сизлар билан ва сизлардан кейинги насллар билан аҳд-паймон қиламан. Шунингдек, сизлар билан бўлган парранда, чорва, ҳар бир тирик жон билан, яъни кемадан чиқиб, орангизда яшаётган ернинг ҳамма ҳайвонлари билан аҳд-паймон қиламан.
Сизлар билан қилаётган аҳдим ана шу мазмунда: энди ҳеч қачон тўфон сувлари билан бутун махлуқот қирилмайди, энди ҳеч қачон ерни хароб қилувчи тўфон юз бермайди. Ўзим билан ер орасидаги аҳдимнинг аломати сифатида Мен булутларда ёйимни (камалак) пайдо қиламан». Худо яна бир бор Нойга: «Менинг ердаги ҳар бир махлуқ билан қилган аҳдимнинг аломати ана шу бўлади», – деди.
Ной АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ АВЛОДЛАРИ. Ной алайҳиссалом билан нажот кемасида саксон киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада бир юз эллик кун бўлганлар. Нойнинг кемадан чиққан ўғиллари – Сима, Хама ва Иафета эдилар. Нойнинг бу учала ўғлидан одамзод тарқаб, бутун ер юзи бўйлаб ўрнашди. Ной тўфондан сўнг яна уч юз эллик йил яшади. Ной жами бўлиб тўққиз юз эллик ёш умр кўриб, ўлди.
Нойнинг ўғиллари – Сима, Хама ва Иафетадан: Сималар авлоди, Ҳамалар авлоди, Иафеталар авлоди вужудга келиб, Нойдан тарқалган дунё халқларини ташкил қилган. Буларнинг ҳаммаси Ной насл-насаби сифатида ўз элати, ўз қабиласини ташкил этган. Тўфондан сўнг булардан бир неча халқлар бўлиниб, бутун ер юзига тарқалиб кетган.
Ной алайҳиссалом тўфондан сўнг яна уч юз эллик йил яшади ва жами бўлиб тўққиз юз эллик ёш умр кўриб, ўлди. Ной алайҳиссалом бу дунёда энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар.