Читать книгу ҲАЁТ ҚОИДАЛАРИ - Баҳром Бахтиёрович Ниёзматов - Страница 21
13-ҚОИДА. ФАҚАТ ЎЗИГА ИШОНИШ
ОглавлениеОмадли инсонлардан нима учун улар муваффақиятли бўлганликларини сўра
Уларнинг жавоблари кишилик олмошлари билан тўлиб тошган бўлади: мен, мени, мен билан ва ҳ.к., ва фақат баъзида биз.
Улардан нима учун баъзи нарсалар амалга ошмаганини сўраб кўр. Кўпчилик муваффақиятсиз одамлар, болаликда бўлгани каби, муаммолардан инстинктив узоқлашишади, ва ўйинчоғини синдириб қўйган болакай каби “Менинг ўйинчоғим бузилиб қолди” деб жавоб беришади. Муваффақиятли одамлар “Мен ўйинчоғимни синдириб қўйдим” деб айтишади.
Муваффақиятсизлар иқтисодиёт инқирозга юз тутди, бозор ҳали тайёр эмас эди, етказиб берувчилар зарур нарсаларни таъминлай олишмади деб айтишади. Улар ўз хатоларидан хулоса чиқаришмайди ва ўз омадсизликлари учун кўплаб сабаблар ва важлар ўйлаб топишади.
Нима учун биз ўзимизни кўпинча ожиздай ҳис қиламиз?
Чунки биз ўзимизни шунга ишонтирганмиз. Биз бизга кимдир нимадир, бунинг устига беғараз, беришини истаймиз. Аммо бу ҳаётда бепул пишлоқ фақат қопқонда бўлади.
Бугунги маданиятнинг буюк уйдирмаларидан бири шундан иборатки, худди сен катта ҳаётга қадам қўйиш ҳуқуқини олгансанда, аммо лекин қаердадир, кимдир ҳаётингга бахтни, турли-туман бизнес ва лавозим пиллапояларини, саодатли муносабатларни етказиб бериш учун масъулдек.
Айбдорларни излаш
Ўз ҳаётингнинг омадсиз траекториясида айбдорларни излаш осон эмас, балки жуда ҳам осон.
Ота-онанг мерос бўйича даҳолик генларини беришмади, тасодифан ўтган генларни эса мактаб конвейери бераҳмларча топтаб ташлади.
Болалик қийин кечган, пирогни ҳар куни беришмаса ҳам, уй вазифасини ҳар куни беришган. Бундан ташқари кўчанинг зарарли таъсири мурғак қалбни батамом йўлдан урди ва кино, шароб ва доминога ўргатди.
Ўлганнинг устига тепган бўлиб, буларнинг барчаси тарбияга ҳеч бир ёрдам кўрсатмаган, аксинча ёш синчков ақлга тўғаноқ бўлган нотўғри тузум ва ноадекват ҳукумат мавжуд мамлакатда содир бўлди.
Эҳтимол, одам бўлиб кетиш учун ҳали имконият бор эди, аммо у ҳаётнинг барча шодликларига узил-кесил нуқта қўйган франкмасонлар томонидан маккарона ўғирланди, энди фақат ичиш ва ароқнинг нархини яна кўтарганларни сўкишдан бошқа нарса қолмади.
Қурбон мақоми
Сен ўзингга доимий равишда қурбон мақомини берасан. Ҳолатинг қандай бўлишидан қатъи назар, сен ҳар доим бунда ташқи кучларни – тарихни, давлатни, раҳбариятни, ирқингни, ота-онангни, ой фазаларини, болалигингни айблайсан – рўйхат жуда кенг ва зерикарли.
Бировга айбни юклаётган пайтингда, сен бирор нарсани ўзгартиришга бўлган ўз қатъиятингга путур етказасан, иродангни фалаж қилиб қўясан ва иблислар ва сафсатабозлар уни тўлдиришни жуда ҳам истайдиган масъулиятсизлик бўшлиғини кенгайтирасан.
Ҳаммасига ўзинг айбдорсан
Ҳақиқат шундан иборатки, ҳаётинг сифати учун фақат битта жавобгар шахс мавжуд – бу одам эса ўзингсан. Агар биз ҳақиқатан ҳам бирор нарсани истасак, биз бу ҳақда ўзимиз қайғуришимиз керак. Яхшигина ишлашимиз керак.
Албатта, баъзида сенинг назоратингдан ташқари турган нарсалар омадсизлигингга сабаб бўлиши мумкин. Аммо кўплаб ҳолатларда ўз омадсизлигингга фақат ўзинг айбдорсан.
Умуман олганда, ҳаётни фақат унинг жозибадорлиги учун эмас, балки қийинчиликлари учун ҳам ҳурмат қилиш зурур. Улар ўйиннинг бир қисмини ташкил қилади ва улар алдамчилик эмасликлари – энг яхши нарса.
Ҳар сафар умидсизликда ёки умидсизлик ёқасида турганингда, кўнгилсизлик ва қийинчиликлар юз берганда эсда тут: бу Ҳаёт сен билан ўзига яхши маълум бўлган тилда гаплашаётганидан далолат.
Ўзингни қабул қил
Нимаики кўриб турган бўлсанг, ўзинг яратгансан, ҳатто беъмани бўлса ҳам бу сенинг ижодинг, уни қабул қил ва унда нимани ўзгартириш кераклигини аниқла.
Ўзингни ўзгартир
Вазиятни ўзгартириш учун ўз фикрлаш тарзингни, сўнгра эса хулқ-атворинг моделини ўзгартиришинг зарур. Бу ҳар доим мураккаб, аммо ҳеч ким буни сен учун қилиб бермайди.
Агар дунё ўзгаришини истасанг – ўзинг ўша ўзгариш бўл. Агар фикрларингни ўзгартирсанг, у ҳолда ҳисларинг ва хатти-ҳаракатларинг ҳам ўзгаради. Бунинг шарофати билан атрофингдаги дунё ҳам ўзгаради. Чунки ички ўзгаришлар олдин аввалги фикрлаш тарзингга таяниб қилмаган ишингни қилишга имкон беради.
Агар тухум ташқи куч томонидан синса, ҳаёт барҳам топади.
Агар тухум ички куч томонидан синса, ҳаёт бошланади.
Ҳамма буюк нарсалар ҳар доим ичдан бошланади.
Энг Яхши Кун – бу ҳаётинг фақат Ўзингники эканлиги ҳақида хулоса қилган кунинг
Ҳеч қандай узрлар ва важлар керак эмас. Ҳеч кимга ишонма, ҳеч кимга суянма ва ҳеч кимни айблама. Фақат Сен Ўзинг учун масъулсан. Бу Тақдирнинг ҳақиқий совғаси. Бу ҳаётинг чинакамига бошланадиган тарихий Кун.
Ҳаммаси ўз қўлингда
Ҳар кунинг қандай бўлиши об-ҳавога, кайфиятингга боғлиқ эмас, айниқса у сени атрофингдагиларга боғлиқ эмас. Ҳаммаси фақат Сенинг идрокингга ва нима қилмоқчи бўлаётганингга боғлиқ.
Шамол йўналишини ўзгартиришга бизнинг кучимиз етмайди, аммо биз елкан ҳолатини ўзгартиришимиз мумкин.
Ўз тақдиринг учун жавобгарликни Ўз қўлингга ол
Бу дунёда ҳеч ким сендан қарздор эмас. Бегона амакига ишонма. Ўзингдан ташқари сен ҳақингда ҳеч ким ғамхўрлик қилмайди.
Агар биз ўз келажагимизни қурмасак. У ҳолда унга чидашимизга тўғри келади.
Сенга ҳеч ким қарздор эмас
Ҳеч ким ҳеч кимдан қарздор эмас. Ҳаётнинг қаттиққўл қонуни. Жавобгарликни бошқалар елкасига юклама. Ўз хатоларингни ўзинг тузат. Боқиманда бўлма. Ўзингга ўзинг ёрдам бер. Сенга керакми – ўзинг қил. Ҳеч кимни айблама ва ўзингни ҳам оқлама.
Фақат ўзингга, ўз ақлингга ишон.
Ўзингни бу ҳаётда ҳамма ҳуқуққа эгаман деб ҳис қилма
Дунё, иш берувчи ёки турмуш ўртоғинг ҳар доим ва ҳар қандай вақтда сенга маош тўлаб туришга ва умуман қулай ҳаёт тақдим этишга мажбур деб ўйлашни бас қил. Бошқалар сен ҳақингда қайғуришлари кераклиги ёки дунё сендан қарздор эканлиги ҳақидаги фикр билан яшашни бас қил. Бунинг ўрнига ўз қадр-қимматингга ва имкониятларингга асосланган имкониятларни қидир.
Ўз муаммоларингни ўзинг еч
Қачонки ўз саволларингга ўзинг жавоб топа бошласанг, тўғри ечимларнинг мустақил манбасига айланасан, сен рақобатбардош бўлиб борасан. Қадимий шарқ мақолида айтилганидек “Доно одам – ўз-ўзига маслаҳатчи”.
Ўз куч манбаингга суян
Ўз куч манбаингни инкор қилсанг, сен хўжайин ёки етаклаб юрувчини излашга маҳкумсан, ишончинг комил бўлсин, улар албатта топилади. Агар сен ўз ҳаётинг билан нима қилишни билмасанг, буни сен учун қиладиганлар жуда ҳам тез топилади.
Яшаб қолишинг – ўз ишинг
Биз тамаддун туфайли тантиқлашиб кетганмиз ва ўзимизни фақат шаҳар шароитларида сувдаги балиқдек ҳис қиламиз, аммо олдинда сени нима кутиб турганини билишнинг иложиси йўқ. Тақдир тақозоси билан кутилмаган жойда пайдо бўлиб қолишинг мумкин – вазифанг ҳар қандай шароитларда ҳам яшаб қолиш. Сен ўз қўлинг билан таом тайёрлай олиш, гугуртсиз олов ёқиш қобилиятингга ишонишинг керак. Айиқни қуролсиз енгиш – олқишланади. Сен дунёни мустақил бошқаришинг лозим.
Ҳеч ким бизни халос қила олмайди – на Тангри, на шоҳ ва на қаҳрамон.
Мўъжизалар фақат бошқа одамлар билан юз беради. Ўз мўъжизангни пухталик билан ва олдиндан тайёрлашинг керак.
Инсон ўз найзаларини ўзи ясаши даркор.
Агар сиз баландликка кўтарилишни истасангиз, ўз оёқларингиздан фойдаланинг. Ўзингизни ташишларига йўл қўйманг, бегона елкаларга ва бошларга ўтирманг.
Одамлар кечирмайдиган ягона нарса, бу охир-оқибат уларсиз уддалай олганимиз.
Сиз бошқалар изидан борадиган бўлсангиз, фанда, бизнесда ёки бирор бошқа соҳада ҳеч қачон муваффақиятга эришмайсиз. Масура Ибука, Sony компаниясининг асосчиларидан бири
Ҳаётни назорат қилиш қоидалари
Ўз келажагинг устидан назоратни бировга бериб қўйма
На бошлиғинга, на мижозларга, на турмуш ўртоғингга, на болаларингга. Ҳеч кимга. Сен ва фақат сен ўз қарорларинг учун масъулсан. Барча қолганлар фақат ниманидир шипшитиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳам ҳар доим эмас.
Болаларинг устидан назоратни ҳеч кимга берма
Болаларинг ким бўлиб чиқиши мактаб учун фарқи йўқ. Университет ва боғчани-ку гапирмаса ҳам бўлади. Мактабда ва кўчада нимаики юз бермасин – ўз боланг учун жавобгарлик бутунлай сенинг бўйнингда. Ҳаммаси учун. Таълим даражаси учун. Ривожланиш даражаси учун. Эмоционал ҳолати учун. Ҳаммаси учун.
Соғлиғинг устидан назоратни ҳеч кимга берма
Врачлар – бу маслаҳатчилар. Ундан ортиқ эмас. Врачдан ташхисни олдингми, бошқасида текширтир. Уни ҳис эт, таҳлил қил. Гиппократ аллақачонлар “Тиббиёт санъати учта унсурдан иборат: хасталик, бемор ва врач” деганди. Бир тез ёрдам врачи ибораси билан айтганда, “агар бемор тузалишга қарор қилса, бу йўлда ҳеч қайси доктор унга халақит қила олмайди”.
Ҳеч қачон ҳеч кимга пулларинг устидан назоратни бериб қўйма
Юзлаб газета ва журналлар таниқли спортчилар ёки актёрларнинг “профессионаллар”га ишониб, барча бойликларидан “бирдан” мосуво бўлиб қолганликлари ҳақидаги мақолалар билан тўлиб-тошган. Тайсон банкрот бўлди, ҳозир чуқур молиявий чоҳда. Профессионал молиявий маслаҳатчилар пулларингни токи улар тугамагунча бошқариб туришади. “Жин урсин, ахир қанчалар кўп қизиқарли ғоялар бор эди-я!…”.
Ўз юридик ишларинг устидан назоратни ҳеч кимга бериб қўйма.
Юристларинг сўзига ишонмаслик керак. Улар шунинг учун ҳам юристлар. Уларга эркакнинг қатъий сўзи эмас, балки қоғозда ёзилган ва муҳрланган матн муҳимроқ.
Шахсий ҳаётинг устидан назоратни ҳеч кимга бериб қўйма
Бу борада ҳатто ҳеч кимга ишониш мумкин эмас. Энг яхши дугонанг – бу тотли ва жазосиз секс имконияти пайдо бўлиши билан ғарқ бўладиган афсона.
Демак:
Ўз ҳаётинг, бизнесинг, оиланг ва соғлиғинг учун 100% жавобгарликни ўз бўйнингга ол
Нолишни бас қил
Зорланишни бас қил. Ҳеч нарса қилмайдиган, аммо атрофида кўп шовқин яратувчи ангиллайдиган кучукка ўхшаб қолма. Бу ўзгаришлар бошланишининг биринчиси. Биз салбий нарсага диққатимизни тўплаб турсак, ўзимиз ҳам салбий ахборотни тарқатамиз. Ўзинг тўғрингда энг яхши фикрлар билан ўйла. Бошқалар ҳақида энг яхши фикрлар билан ўйла. Маълумки, нима эксанг – шуни ўрасан!
Қурбон ролидан воз кеч
Вақтингни ўзингга-ўзинг ачиниш билан йўқотма. Иродаси кучли одамнинг ўз қайғули ҳолатига мотам тутиб ўтиргани, вазиятни айблаётгани ёки унга ноҳақ муомила қилишгани учун хафа бўлганини ҳеч қачон кўрганмисан? Йўқ, чунки бундай одам ўз ҳаракати ва уларнинг оқибатлари учун жавобгарликни бўйнига ола билади, ҳаёт ҳар доим ҳам адолатли эмаслиги ҳақиқатини тушунади ва қабул қилади. У синовдан шараф билан, сабоқ чиқарган ва бунинг учун ҳаётдан миннатдор бўлган ҳолда чиқа олади. Вазият ёмонлаша бошласа муваффақиятли одам “Нима ҳам дердик” ёки шунчаки “Ҳаммаси ўткинчи!” деб жавоб беради.
Учта нарсани қилмасликка риоя қиламиз: шикоят қилмаслик, айбламаслик, ўзини оқламаслик.
Бинафшаранг билагузук
Оддий руҳоний бўлган Уилл Боуэн одамлар ва уларнинг хулқ-атворини ўрганиб, фикрларимиз биз нимани ва қандай гапиришиизга боғлиқ эканлиги борасида хулосага келди, улар ўз навбатида эса бизнинг ҳиссиётларимизга ва ишларимизга таъсир қилади. Маълум бўлишича, биз барчамиз жуда тез-тез нолирканмиз, қораларканмиз, ғийбатлашарканмиз. Ишонмайсанми? Текшириб кўришинг мумкин.
Уилл Боуэн ўз ҳаётларини яхши томонга ўзгартиришни ҳоҳлайдиган барчага оддий бинафшаранг билагузук тақишни ва навбатдаги 21 кун давомида шикоятлар, танқид, ғийбат ва норозиликларсиз яшашни таклиф қилди. Агар шу кунлар ичида одам буни эсдан чиқарса ва “тақиқланган” сўзни айтиб қўйса, у билагузукни тақилган қўлидан олиб бошқа қўлига ўтқазиши ва кунлар ҳисобини янгидан бошлаши лозим эди. Мазкур ишни билагузук қаторасига 21 кун битта қўлда тургунга қадар давом эттириш керак бўларди.
Бу тажрибанинг самараси кутилганидан ҳам аъло бўлди! Бу дастур орқали ўтган одамлар таниб бўлмас даражада ўзгаришди. Тажриба эътибордан четда қолмади ва уларнинг яқинлари ва дўстлари ҳам унга қўшилиб, қўлларига билагузук тақишди ва яхши томонга ўзгаришди.
Нима учун нолишсиз ҳаёт каби оддий усул, бу қадар самарали?
Биринчидан, унга созлана олишнинг ўзи муҳим. Ўйғонган заҳотиёқ сен салбий нарсалар ҳақида гапиришинг мумкин эмаслигини биласан, бунинг энг яхши чораси – бу ўзингда, атрофингдаги одамларда ва дунёда ижобий хисларларни пайқай бошлаш.
Иккинчидан, ўзинг, фикрларинг ва айтаётган нарсаларинг устидан ўз-ўзини назорат қилиш ортиб боради, бу эса ҳар қандай инсон учун жуда муҳим. Ҳозир сен фақат ўрганяпсан, аммо кун сайин англайдиган ҳам бўлиб борасан.
Учинчидан, сен мазкур тажриба вақтида ўзинг ҳақингда, ўз фикрлашинг ва ҳаёт тарзинг ҳақида жуда кўп янги нарсаларни билиб оласан.
Ҳаммага ижобий фикрлашнинг кучи ҳақида биладигандек туюлади, аммо ҳаётдан нолиш ва норозилик нимагадир камаймаяпти.
Сен ҳам бу тажрибани ўзингда синаб кўрармидинг?
Сўра, аммо шафқат ўйғотишга ҳаракат қилма
Агар сенга бирор нарса керак бўлса, у ҳолда шунчаки сўраб кўр, аммо ҳеч қачон раҳм-шавқат ўйғотишга ҳаракат қилма.
Шикоят қилма ва сўрама. Таклиф қил.
Ўз муаммо ва омадсизликларинг ҳақида шикоят қилишдан маъно йўқ. Амалда одамларга муаммоинг уч пулга қиммат. Зорланадиган ва тиланадиганлар билан эмас, таклиф қиладиганлар билан ишлашади.
Ишонма, қўрқма, сўрама. Таклиф қил.
Ўзингга-ўзинг адвокат бўл
Айбловчи ҳам эмас, қораловчи ҳам эмас, балки ҳимоячи бўл. Бу аёвсиз дунёда ҳеч ким сенинг ёнингни олмайди ва камчиликларингни бартараф қилмайди. Сен ўз хавфсизлигинг ва обрў-эътиборинг учун ўзинг жавоб берасан. Сен маломатлар ва нафратлардан ўзингни-ўзинг ҳимоя қилишинг керак.
Сиёсатчиларга ишонма
Сиёсатчиларга ишонма, яъни баъзида улар орасида ҳам ахмоқлар ёки виждонсизлар учраб тургани учун эмас, балки уларнинг иш кўлами кенглиги учун ҳам, чунки ораларидан энг яхшилари ҳам ўзларига юклатиладиган ҳамма ишни тўлиқ бажара олмайдилар. Улар ижтимоий мушкул аҳволни бир оз юмшатишлари мумкин, аммо уни таг-туби билан йўқота олишмайди. Улар томонидан яхшиланган ҳолат қанчалик сезиларли бўлмасин, бир дона бўлса ҳам, бу яхшиликдан наф олмаган одамлар ҳар доим топилади. Масалан сен.
Мўжизани кутиш
Мана кўрасиз, эртага ҳаммаси бутунлай бошқача бўлади. Ҳаёт меҳварида нимадир ўзгаради ва атрофимизда алвон атиргуллари барқ урган гўзал боғ пайдо бўлади. Фақат бугун эмас. Аммо тез орада, жуда тез орада. Ўта тез даражада эмас, аммо албатта бўлади.
Агар шу каби боғимиз бўлишини истасак, уни яратишимиз лозимлиги мияга негадир ҳеч келмайди.
Умиднинг зарари ва умидсизликнинг фойдаси ҳақида
Умид – ғалати нарса. У ҳаракатларингни фалажлаб қўяди, у мўъжизани, яъни четдан келадиган мўжизани кутишга ундайди. У сенда қатъиятсизлик ва сустликни туғдиради.
У сенга ҳамма нарсани яхши қилиб кўрсатади. Ҳақиқий ҳаёт ўзининг асосли сўзини айтганда, ҳисоб-китобларинг ўзини оқламаганда – умидсизлик келади. Умидсизлик – бу нореал кутишлар натижаси. Шу сабабли, бу сенга ёқиш ёки ёқмаслигидан қатъий назар, ҳаётни, аслида қандай бўлса шундай қабул қилиш керак.
Ҳеч кимдан ва ҳеч қаердан ёрдам кутма, ҳеч ким ёрдамга келмайди. Кўпчилик ваъда беради – аммо, ҳеч ким чин кўнгилдан ёрдам бермайди. Ўзингга фақат ўзинг ёрдам бера оласан. Сенга ҳеч ким ёрдам беришга мажбур ҳам эмас. Буни тушуниб ет ва четдан ёрдам олиш умидидан умидингни уз. Агар ўзингга ўзинг ёрдам бермасанг, у ҳолда ким?
Худонинг бизга умидсизликни жўнатишдан мақсади – бизни ўлдириш эмас, балки ботинимизда янги ҳаёт ўйғотишдир.
Умид ўлади – Мақсад туғилади!
Мана шуни ҳақиқий Эркинлик дейдилар! Бу Эркинлик ва Мустақилликка эга бўлишинг учун ботинингда чуқур яширилган Буюк Қувватни очиб беради.
Эркинлик ва Мустақиллик
Ахир сен қалбингнинг туб-тубида айнан шуни истамайсанми?! Бу сенинг асосий қадриятинг-ку!
Сен ҳаттоки пулни ҳам хохламайсан. Пул – бу эркинлик ва мустақилликка эришиш учун восита.
Кучланишнинг баҳоси ҳақида
Кунлардан бир кун пилланинг юзида кичкина тирқиш пайдо бўлди, шу ердан тасодифан ўтиб кетаётган одам бу кичкина ёриқдан капалак чиқишга уринаётганини соатлаб туриб кузатди. Анча вақт ўтди, капалак ўз ҳаракатларини тўхтатгандаек бўлди, тирқиш эса ҳам ўша-ўша кичкина ҳолда эди. Капалак қўлдан келган ҳамма нарсани қилди шекилли, гўёки бошқа ортиқча нарсага унда ортиқ куч қолмагандек туюлди.
Шунда одам капалакка ёрдам бергиси келди, у кичкина чопқини олиб, пиллани кесди. Капалак дарҳол чиқди. Аммо унинг танаси заиф ва кучсиз эди, нозик қанотлари ҳарир бўлиб, зўрға қимирларди.
Одам капалакнинг қанотлари ҳадемай кучга тўлиб ёйилади ва учиб кетади деб ўйлаганча кузатишда давом этди. Аммо ҳеч нарса бўлмади!
Капалак умрининг қолган қисмини заиф танасини, ёйилмаган қанотларини судраб ўтказди. У барибир уча олмади.
Нима учун бундай бўлди? Чунки танасидаги суюқлик қанотларига ўтиши ва уча олиши учун капалакка пилланинг тор тирқишидан чиқишга сарфланадиган куч керак эди. Буни одам тушунмади.
Ҳаёт капалак учиши ва ривожланиши учун бу қобиқни қийинчилик билан тарк этишга мажбур қилганди.
Баъзида ҳаётда бизга айнан кучланиш керак бўлади. Агар умуман қийинчиликларсиз яшаганимизда, насибамиздан бебаҳра қолардик. Ҳозиргидек кучли бўла олмасдик. Ҳеч қачон парвоз завқини туймасдик.
Аслида сен ёлғизсан
Дўстларим менга ёрдам беришади деб ўйлаш – катта гумроҳлик. Асло бундай эмас, буни англа ва тушун. Биз дўстларимиз деб атайдиган кишилар ҳам бизга ўхшаш одамлар ва уларнинг ҳам ўз муаммолари бор.
Сен олдингга ҳаракат қилишда давом этаркансан, улардан кўпчилиги ўтмишда қолиб кетади…
Дўстлик, муносиблари жуда кам бўлган кишилар билан ҳақиқий дўстлик – тиришқоқликни талаб қилади. Агар дўстлик ташлаб қўйилса – у сўлади. Дўстларингни эсла, дўстларингни сев, дўстларингни қадрла. Уларнинг хатоларига кўзингни юм. Аммо, фақат ўзингга ишон.
Ёлғиз парвоз қилишдан қўрқма: барчамиз бу Оламда ёлғизлигимизни эсда тут. Сен бир ўзинг дунёга келгансан ва бир ўзинг дунёдан кетасан.
Феълинг қанчалик кучли бўлса, ҳақиқий дўстлар шунча камроқ бўлади.
Қўйиб юборишни ўрган
Ҳаётинг давомида кўплаб кишиларни учратишингга тўғри келди. Сен ҳар доим ёнимда бўлади деб ҳисоблаган дўстни ҳам учратдинг, аммо сўнгра нимадир юз берди ва йўлларингиз бир умрга ажралиб кетди. Ҳаётинг йўлида сен билан охиригача боришга қодир бўлмаган ёки буни истамайдиган одамлар учрайди – бу аслида унчалик ёмон эмас. Ҳаёт – бу турли воқеаларнинг кетма-кетлиги бўлиб, баъзан бир-бирларини кесиб ўтишлари билан ҳам мафтункор. Баъзида йўлимизда ҳаёти тарихи бизники билан охирига қадар чатишиб кетган одамлар учрайди, баъзида эса улар ҳаёт китобимизнинг бор-йўғи бир-икки боби давомида биз билан бирга бўлишади. Ушбу бобнинг ниҳоясига етганини тушуниш ва янги варақни очишга куч топиш учун ҳақиқатан ҳам жасур одам бўлиш керак. Мард бўл. Биров билан видолашганда қайғурма, чунки ҳар бир хайрлашув ортидан янги дийдорлашув келади.
Ёлғизликдан қўрқма
Руҳияти кучли одамлар ёлғизликдан баҳра олишади. Улар ёлғизликдан ўз ўтмишларини чиғириқдан ўтказиш ва келажакни режалаштириш учун фойдаланишади. Яна энг муҳими шуки, уларнинг бахти ва кайфияти бошқа одамларнинг феъл-атворига боғлиқ бўлмайди. Улар бошқа одамлар билан биргаликда ҳам, ёлғизликда ҳам бахтли бўла олишади.
Сен ёлғизликни кўтара олмайдиган одамларни биласанми? Улар битта муносиб бўлмаган муносабатдан қутилиб, яна шундай номуносиб муносабатни боғлашади.
Нима учун? Чунки улар бошқа одамларга жуда ҳам кучли боғланиб қолишган. Улар ҳиссий, эҳтимол, молиявий кўмаксиз яшай олишмайди.
Сен ҳар қандай муносабатларда ҳам биричи ўринда турадиган шахс бўлиб қолишинг лозим. Бу шуни англатадики, сен маълум бир муносабатлардан роҳатланишинг мумкин, аммо буни бирдан-бир мақсад қилиб олишинг керак эмас.
Маънавий кучли одамлар ёлғизликда яшай олишади, улар сукунатдан қўрқишмайди. Улар ўз фикрлари билан ёлғизликда бўлишдан қўрқишмайди, улар унумдорликни ошириш учун тин олиш вақтидан фойдаланишади. Улар ўз-ўзи билан мулоқотдан баҳра олишади ва бошқа одамлар, дўстлар, муносабатлар ва кўнгил очишлар измида туришмайди, аксинча ёлғизликда ҳам бахтиёр бўла олишади.