Читать книгу Самарадорликнинг 21 йўли - Брайан Трейси, Christina Tracy Stein, Ron Arden - Страница 4

Оглавление

Менинг ҳикоям

Келинг, ўзим ҳақимда ва ушбу китобчанинг тарихи ҳақида сизга бироз сўзлаб берай. Ёшлигимда қизиқувчан бўлганимни ҳисобга олмаса, фазилатларим жуда оз эди. Мактабда ёмон ўқирдим, битирмасдан ташлаб кетганман. Бир неча йил оғир меҳнат қилдим. Келажагим нурсиз кўринарди.

Йигитлик чоғимда юк ташувчи кемада иш бошладим ва дунёни кўришга отландим. Саккиз йил саёҳат қилдим, ишладим, ва яна саёҳатга чиқдим. Беш қитъадаги саксондан ортиқ мамлакатни кездим.

Жисмоний меҳнат соҳаларида иш топа олмаганимда ўзимни савдо-сотиққа урдим ва ишбай ҳақ олиб, кўп эшикларни тақиллатдим. Савдода атрофимга назар ташлаб, ўзимга шундай савол бермагунимча қийинчиликларга дуч келавердим: “Нима учун бошқалар мендан кўра яхшироқ натижаларга эришмоқда?”

Кейин ҳаётимни ўзгартириб юборган бир ишга қўл урдим. Омади чопган кишилардан уларнинг мендан кўра кўпроқ пул топаётгани ва ишлари самарадорлиги сирини сўрай бошладим. Улар ўз сирларини яширишмади. Мен улар айтгандай қилдим ва савдо-сотиғим борган сари юришиб борди. Охир-оқибат шунчалик муваффақиятга эришдимки, савдо менежери даражасигача кўтарилдим. Менежер сифатида ҳам эски услубдан фойдаландим. Тажрибали менежерлардан юқори натижаларга эришиш учун нималар қилишгани ҳақида сўрадим. Улар менга ўз сирларини очганда мен яна улар айтгандек ишладим. Қисқа фурсатда уларники сингари натижага эриша бошладим.

Ўрганиш ва ўрганганимни амалиётга татбиқ қилиш ҳаётимни ўзгартириб юборди. Мен бунинг қанчалар оддий эканлигидан ҳамон ҳайратдаман. Муваффақиятли инсонлар қандай ишлашини ўрганинг ва сиз ҳам айни ўшандай натижага эришмагунча давом этинг. Ўз касбининг усталаридан ўрганинг. Ана сизга ғоя!

Муваффақиятни аввалдан кўриш мумкин

Содда қилиб айтганда, баъзи одамлар кўпчилик қиладиган ишни ўзгачароқ йўсинда бажаргани учун бошқалардан кўра кўпроқ самарага эришади. Улар тўғри ишни тўғри йўсинда бажарадилар. Айниқса, муваффақиятли, бахтли, бадавлат инсонлар ўртача одамларга қараганда вақтдан анча унумли фойдаланади.

Мен ўртаҳол оилада улғайганман; норасолик ва етишмовчилик ҳисси билан яшар эдим. Кўпроқ ишни уддалаётганлар мендан кўра қобилиятлироқ, деган ишонч қопқонига тушиб қолган эдим. Кейин билдимки, бу мутлақо янглиш тасаввур экан. Улар биз қиладиган ишларни бошқачароқ услубда бажарар экан, холос. Улар ҳам буни ўрганган ва, табиийки, мен ҳам ўргана олдим.

Бу мен учун ажойиб кашфиёт бўлди – ҳайратда ва ҳаяжонда эдим. Ҳозир ҳам худди шу ҳолатдаман. Шуни англадимки, мен ҳам ўзим танлаган соҳада бошқалар каби ўрганишим, ўрганганимни ўз ҳаётимга татбиқ қилишим, ҳаётимни ўзгартиришим ва ўз кўзлаган мақсадимга эришишим мумкин экан.

Савдо ишини бошлаганим илк йиллардаёқ бу соҳанинг кўзга кўринган вакилларидан бирига айландим. Бир йил ўтиб менежерлик даражасига эришдим. Уч йилда олти мамлакатда 95 кишидан иборат савдо ходимлари бўлган жамоага вице-президент бўлдим. Ўша вақтда мен йигирма беш ёшда эдим.

Ўтган йилларда мен йигирма икки хил иш билан шуғулландим, кўплаб компанияларга асос солдим ва уларни ривожлантирдим, машҳур университетда бизнес бўйича даражага эга бўлдим. Француз, немис, испан тилларини ўргандим ҳамда мингдан ортиқ компанияларда маърузачи, мураббий, маслаҳатчи бўлиб ишладим. Ҳозир йилига 250 мингдан ортиқ кишига семинар ва маърузалар ўтяпман. Уларнинг айримларида қарийб 20 минг тингловчи иштирок этади.

Оддий ҳақиқат

Фаолиятим давомида бир оддий ҳақиқатга қайта ва қайта амин бўлдим: энг муҳим машғулотингга бор эътиборингни қарата олиш ва уни иштиёқ билан бажариб, охирига етказиш катта муваффақият, ютуқ, ҳурмат, қадр ва бахтнинг калити экан. Ушбу ҳақиқат китобнинг бош ғоясидир.

Китоб карьерангизда қандай илдамлашни ўргатиш билан бир вақтда шахсий ҳаётингизни мазмунан бойитиш усулларини кўрсатиш учун ҳам ёзилди. Унинг саҳифаларида шахсий самарадорликка эришишнинг ўзим кашф қилган йигирма бир энг кучли тамойили ифодаланган.

Ушбу метод, техника ва стратегиялар амалиётга татбиқ қилишга қулай, синовдан ўтган, тез таъсир қилувчи ёндашувлардир. Ишни кейинга суриш ва вақтни тўғри тақсимлай олмасликнинг турли психологик ва ҳиссий омилларига тўхталиб ўтирмайман. Тадқиқот ёки назария ичига чуқур кирмайман. Ўрганадиган нарсангиз тез натижа берадиган, оила аъзоларингиз билан бахтингизни мустаҳкамлайдиган  муайян қоидалардир.

Бу китобдаги ҳар бир ғоя сизнинг маҳоратингиз ҳамда иш унумингизни ўстиришга, ҳар бир ишингизда қадр-қимматингизни оширишга хизмат қилади. Бу ғояларнинг аксарини нафақат профессионал, балки шахсий ҳаётингизда ҳам қўллашингиз мумкин.

Йигирма бир усул ва техниканинг ҳар бири бошқасидан мустақил, бир бутундир. Уларнинг ҳаммаси бирдек зарур. Бир стратегия маълум бир ҳолатда самарали бўлса,  бошқасини бошқа бир юмушда қўллаш мумкин. Ҳаммаси жам бўлиб, ушбу йигирма бир ғоя шахсий самарадорлик усулларини ташкил этади. Сиз улардан исталган пайт, ўзингизга қулай тартибда фойдаланишингиз мумкин.

Муваффақият калити ҳаракатдадир. Ушбу тамойиллар иш жараёни ва унинг самарасини тез ва башорат қилса бўладиган даражада яхшилайди. Уларни қанчалик тез ўрганиб, амал қилсангиз, карьерангиз шунчалик тез олға силжийди. Бу кафолатланган!

Қандай қилиб “қурбақани паққос тушириш”ни ўрганганингиздан сўнг эришишингиз мумкин бўлган нарсаларнинг поёни бўлмай қолади.

Брайан Трейси


Самарадорликнинг 21 йўли

Подняться наверх