Читать книгу Самарадорликнинг 21 йўли - Брайан Трейси, Christina Tracy Stein, Ron Arden - Страница 6

Оглавление

1-БОБ

Ғалабага эришиш учун керак бўлган фазилат мақсаднинг аниқлиги, нимани истаётганингизни билиш ва унга эришиш йўлида собитқадамликдир.

Наполеон Ҳилл

Ўз “қурбақангизни” билиш ва уни паққос туширишдан аввал сиз ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳасида нимага эришишни хоҳлаётганингизни аниқлаб олмоғингиз лозим. Аниқлик шахсий самарадорликдаги энг муҳим тушунчадир, эҳтимол. Баъзи одамларнинг кўп нарсага улгуришининг биринчи сабаби уларнинг қатъий мақсад ва режаси борлиги ва ўша мақсаддан чалғимаслигидир.

Хоҳлаётган нарсангизни қўлга киритиш учун қанчалик дадил қадам ташласангиз, ишингизни ортга сурмасангиз, ўз “қурбақангизни” паққос тушириш ва режаланган ишни амалга ошириш шунчалик осон бўлади.

Ишни ортга суриш ва иштиёқнинг сустлигига асосий сабаб мужмаллик, чалкашлик ва нима қилмоқчилигингиз, уни қай тартибда ва нима учун қилмоқчилигингиз ҳақида аниқ фикрга эга бўлмасликдир. Бор кучингиз билан бу каби ҳолатлар олдини олишингиз лозим. Муҳим мақсад ва вазифаларингиз йўлида имкон қадар ишонч билан ҳаракат қилишингиз керак.

Муваффақият учун зарур қоида шундай: “Фикрларингизни қоғозга туширинг”

Атиги 3 фоиз кишиларгина аниқ режа тузиб, уни қоғозга туширади. Бошқалар улар қатори ёки улардан билимлироқ ва қобилиятлироқ бўлиши мумкин, бироқ нимани исташларини қайд этиш учун вақт ажратмайдилар. Натижада улар беш, ҳатто ўн баробар камроқ ишга улгурадилар.

Қўйган мақсадингизга эришиш учун ҳаётингизнинг қолган қисмида қўллашингиз мумкин бўлган кучли формула мавжуд. У етти босқичдан иборат. Агар сиз айни пайтда уларга амал қилмаётган бўлсангиз, бу босқичларнинг исталган бири иш самарадорлигингизни икки ёки уч баробар ўстириши мумкин. Тингловчиларимнинг кўпчилиги бир неча йил ва ҳатто бир неча ой ичида ушбу етти босқичдан иборат усул ёрдамида даромадларини сезиларли даражада оширишди.

Биринчи қадам: Нимани хоҳлашингизни аниқлаб олинг.

Бунга ўзингиз ойдинлик киритинг ёки сиздан нима кутилаётгани ва бу йўлдаги устувор мақсадлар тартиби аниқ-равшан белгиланмагунча, раҳбарингиз билан муҳокама қилинг. Қанчадан-қанча инсонлар ҳар куни тер тўкиб, аҳамиятсиз вазифалар учун вақт сарфлаётгани ачинарлидир. Чунки улар раҳбарлари билан бу муҳим масалани муҳокама қилмаганлар.

Қоида: “Кераксиз ишни қойилмақом даражада бажариш вақтни исроф қилишдир”

Стивен Кови шундай дейди: “Муваффақият нарвонига чиқишдан олдин, у тўғри бинога тиралганига ишонч ҳосил қилинг”

Иккинчи қадам: Ёзиб боринг.

Фикрларингизни қоғозга туширинг. Мақсадингизни қайд этганингизда сиз уни мустаҳкамлайсиз ва унга аниқ шакл берасиз. Шу билан ҳис қилиш ва кўриш мумкин бўлган маълум бир нарса яратасиз. Таъбир жоиз бўлса, ёзиб қўйилмаган режа ёки мақсад, орзу ёки ҳавас, холос. У ҳеч қандай кучга эга эмас. Қайд этилмаган мақсадлар чалкашлик, ноаниқлик, адашиш ва яна талай хатоларга сабаб бўлади.

Учинчи қадам: Мақсадингизга муддат белгиланг. Лозим бўлса, уни қисмларга ажратиб ҳар бирига алоҳида муддат қўйиб чиқинг.

Муддат қўйилмаган мақсад ёки қарор ижроси ортга сурилади. Унинг асл ибтидоси ва интиҳоси мавжуд эмас. Тайинланган вазифа, уни ниҳоясига етказиш масъулияти ва аниқ муддат бўлмаса, табиийки, сиз ишни орқага сураверасиз ва амалда жуда оз самарага эришасиз.

Тўртинчи қадам: Мақсадингизга етиш учун бажаришингиз лозим бўлган ишлар рўйхатини тузинг.

Янги машғулотлар ҳақида ўйласангиз, уларни рўйхатингизга қўшинг. Рўйхат тўлиқ бўлмагунча, уни такомиллаштиришда давом этинг. Бу рўйхат сизга каттароқ вазифа ёки режанинг тиниқ тасвирини кўрсатади. У қадам ташлашда давом этиш учун йўлак вазифасини бажаради. Сиз ниятингизни аниқлаштирганингиз ва режадагидек кетаётганингиз боис бу йўл мақсадга эришиш эҳтимолини оширади

Бешинчи қадам: Рўйхатни режага айлантиринг.

Тузган жадвалингизни муҳимлик даражаси бўйича кетма-кетликда тартибга солинг. Аввал нимани ва кейинроқ нима қилишни аниқлаб олиш учун бир муддат ўйлаб кўринг. Аввал қайси вазифа бажарилиши, ундан сўнг нима қилишни режаланг. Ўз режангизни қоғозга кўринарли қилиб, бир гуруҳ тўртбурчак ва айланалар ҳамда ҳар бир режанинг ўзаро алоқадорлигини кўрсатувчи чизиқ ва стрелкаларни чизган ҳолда акс эттирсангиз, унданда аълороқ бўлади. Мақсадингизни алоҳида қисмларга бўлиб чиққанингизда унга эришиш қанчалар осон эканини кўриб, ўзингиз ҳам лол қоласиз.

Қоғозга муҳрланган мақсад ва ҳаракатларингизнинг тартибли режаси орқали сиз ўз фикрларини хаёлида олиб юрганлардан кўра анча самаралироқ ва унумлироқ ишлайсиз.

Олтинчи қадам: Режангизни бажаришга дарҳол киришинг.

Нима биландир ишни бошланг. Исталган нарса. Ғайрат билан бажарилган ўртача режа умуман бажарилмаган зўр режадан анча фойдалироқ. Амалий ҳаракат сиз учун мақсадга етишиш йўлидаги энг асосий омил бўлади.

Еттинчи қадам: Ҳар куни асосий мақсадингизга яқинлаштирадиган нимадир қилишга аҳд қилинг.

Буни кун тартибингизга киритинг. Сиз маълум мавзуда белгиланган миқдорда бир неча саҳифа мутолаа қилишингиз, бир нечта керакли манзил ёки харидорникига боришингиз, маълум муддат жисмоний машқ билан шуғулланишингиз ёки чет тилида бир қанча сўзни ёд олишингиз мумкин. Нима қилишингиздан қатъи назар, кунни беҳуда ўтказмаслигингиз шарт. Олдинга силжишда давом этинг. Ҳаракатни бошлаган экансиз, олға юришда давом этинг. Тўхтаб қолманг. Бу қарор ва тартибнинг ўзи мақсадга эришишни тезлаштиради, шахсий самарадорлигингизни сезиларли даражада яхшилайди.

Ёзилган мақсадлар кучи

Аниқ ёзиб қўйилган мақсадлар сизнинг фикрлашингизга кучли таъсир кўрсатади. Улар сизни руҳлантиради ва ишга киришишга ундайди. Сизда яратувчанлик ҳиссини уйғотади, қувватингизга эрк беради ва бошқа омиллар сингари ишни ортга суришни бартараф этишингизда кўмаклашади.

Мақсадлар муваффақият учун ёқилғи демакдир. Улар нақадар улкан ва равшан бўлса, уларга етишишдан шу қадар завқланасиз. Мақсадлар ҳақида қанчалик кўп ўйласангиз, уларни амалга ошириш йўлида сиздаги хоҳиш ва ички туртки шунчалик қудратли бўлади.

Мақсадларингиз ҳақида мулоҳаза қилинг ва ҳар куни уларни қайта кўриб чиқинг. Ҳар тонгни қарши олганингизда, айни пайтдаги энг зарур мақсадингизга яқинлаштирадиган муҳим вазифа устида ишлашга бел боғланг.

Ушбу қурбақани паққос туширинг!

1. Ҳозироқ бир варақ тоза қоғоз олинг ва келгуси йил учун ўнта мақсадингиз рўйхатини тузинг. Худди бир йил ўтиб кетгандек ва бу мақсадлар амалга ошгандек ёзинг. Улар шу заҳотиёқ шуурингиздан жой олиши учун ҳозирги замон феълидан, ижобий ва ўзингизга алоқадор вазиятлардан фойдаланинг. Масалан, шундай ёзишингиз мумкин: “Мен ҳар йили х (шунча) доллар миқдорида пул ишлаб топаман” ёки “Менинг оғирлигим х (шунча) килограмм” ёки “Мен шундай машинада юраман”

2. Рўйхатингизни яна бир бор кўздан кечиринг ва шундай мақсадни танлангки, агар унга эришсангиз, бу ҳаётингизга жуда катта ижобий таъсир кўрсата олсин. У қандай мақсад бўлишидан қатъи назар алоҳида қоғозга ёзинг, унга муддат белгиланг, режа тузинг, режа бўйича ишланг ва ҳар куни сизни мақсадингиз томон яқинлаштирадиган нимадир амалга оширинг. Шу машқнинг ўзи ҳам ҳаётингизни ўзгартиришга қодир!

Самарадорликнинг 21 йўли

Подняться наверх