Читать книгу Самарадорликнинг 21 йўли - Брайан Трейси, Christina Tracy Stein, Ron Arden - Страница 5

Оглавление

Кириш

Ҳозир айни фурсати. Мақсадларингизга эришиш учун бугунгидек имкониятлар бўлмаган. Сиз аслида имкониятлар ичида сузиб юрибсиз. Балки бундай фурсат инсоният тарихининг ҳеч бир палласида кузатилмагандир. Дангал айтганда, қилишингиз мумкин бўлган яхши ишлар шунчалик кўпки, улардан қай бирини танлашингиз ҳаётда эришажак ютуқларингиз омили бўлиши мумкин.

Агар бугунги аксарият одамларга ўхшаб йўл тутсангиз, ишингиз кўплиги, вақтингиз озлиги сабабли ташвишга кўмилиб қоласиз. Буларнинг ҳаммасига улгуришга уринганингиз сари янги мажбурият ва юмушлар денгиз тўлқини каби шитоб босиб келаверади. Шу боис, режалаган ишларингизнинг ҳаммасини бажара олмайсиз. Уларни ҳаммасига улгуриш имкони бўлмайди. Юмуш ва мажбуриятларингизнинг баъзилари, эҳтимол кўпчилиги, бажарилмай қолиб кетаверади.

Тўғри танловга эҳтиёж

Бугунги кунда муҳим ишни номуҳимдан ажрата олиш, уни тез ва сифатли бажара олиш бошқа кўникмаларга қараганда муваффақиятингизда кўпроқ асқатиши мумкин.

Аниқ, устувор мақсадларни қўя билган ва энг муҳим ишларни вақтида охирига етказа оладиган одам сўзамол, ажойиб режалар тузадиган, лекин жуда оз ишга улгурадиган ақлли одамдан кўра кўпроғига эришади.

Қурбақалар ҳақидаги ҳақиқат

Марк Твен айтган эди: “Тонгда уйқудан туриб илк қиладиган ишинг тирик қурбақани тановул қилиш бўлса, буни ўша кунни кун давомида содир бўлиши мумкин бўлган энг ёмон вазият эканлигидан мамнун бўлиб ўтказишинг мумкин.”

“Қурбақангиз” сизнинг энг оғир, энг муҳим юмушингиз ҳисобланади. Агар бирор чорасини кўрмасангиз уни кейинга қолдириш эҳтимолингиз жуда юқори. Ана шу вазифа ҳаётингиз ва ютуқларингизга энг катта ижобий таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир.

Қурбақани тановул қилишнинг биринчи қоидаси: “Агар бир вақтда икки қурбақани паққос туширишга тўғри келиб қолса, биринчи бўлиб энг хунугидан бошланг.”

Бошқача қилиб айтганда, агар олдингизда икки муҳим вазифа турган бўлса, энг оғир, қийин ва энг муҳимини биринчи бўлиб бажаринг. Ишни дарҳол бошлашга ва бошқа ишга кўчишдан аввал уни охирига етказиб қўйишга ўзингизни одатлантиринг.

Буни бир синов тариқасида қабул қилинг. Аввал осон ишни қилишга бўлган иштиёқингизни жиловланг. Агар барча юмушларингизни якунига етказмоқчи бўлсангиз, қайси ишни зудлик билан бажариш ва қай бирини кейинга қолдириш ҳақидаги танловингиз кунлик қабул қиладиган энг муҳим қарорларингиздан бири эканини ёдда тутинг.

Қурбақани тановул қилишнинг иккинчи қоидаси: “Агар тирик қурбақани паққос туширишга бел боғлаган бўлсангиз, ўтириб, унга узоқ термилиб туришдан наф йўқ.”

Самарадорликнинг юқори даражасига эришишда асосий калит – ҳар тонгда энг асосий ишларингизни аниқлаб олишни одат тусига айлантиришдир. Бошқа ишга ўтишдан аввал кўп ўйламасдан “қурбақангизни паққос туширадиган” кун тартибини тузиб олишингиз керак.

Дарҳол ишга киришинг

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўп маош оладиган ва тез ўсадиган эркак ва аёллар ҳар бир ишида “ҳаракатчанлик” хусусияти билан ажралиб туради. Муваффақиятли ва самарадор кишилар дарҳол асосий ишга киришиб, уни тугатмагунча чалғимайди, бир текисда ишлайди.

Бизнинг дунёмизда, айниқса, бизнес оламида, тайинли натижа кўрсатсангиз, ҳақ тўлашади ва юқорига кўтариласиз. Қўшган қимматли ҳиссангиз учун, айниқса, сиздан кутилган энг муҳим вазифани бажарганингиз учун ҳақ оласиз.

“Ижродаги муваффақиятсизлик” кўплаб ташкилотлардаги энг долзарб бошоғриқлардан бири саналади. Кўпчилик ишлаш билан ижро этишни чалкаштиради. Улар доимий учрашувлар ўтказишади, мулоқот қилишади, пухта режалар тузишади, аммо иш сўнгида ҳеч ким уни ижро этишни зиммасига олмайди. Оқибатда керакли натижага эришилмайди.

Муваффақиятга етакловчи кўникмаларни шакллантиринг

Ҳаётдаги муваффақиятингиз вақт ўтгани сари шакллантирадиган кўникмаларингизга боғлиқ. Муҳим мақсадларни қўя олиш, уларни кечиктирмаслик ва энг муҳим вазифангизни бажаришга одатланиш ҳам ақлий, ҳам жисмоний маҳоратдир. Шундай экан, ушбу кўникмани ҳосил қилиш мумкин. Бунинг учун у онгостингизга жойлашиб, хулқ-атворингизнинг ажралмас бўлагига айлангунча қайта ва қайта машқ қилиш даркор. Агар у одатга айланса, беихтиёр амалга ошаверади.

Ишни муҳимидан бошлаш ва уни чала қолдирмаслик тез, доимий натижа берувчи омилдир. Сиз ақлий ва ҳиссий жиҳатдан шундай тузилгансизки, ишни якунлаш сизга ёқимли ҳиссиёт беради. У сизни хурсанд қилади. Ўзингизни ғолиблардай ҳис қилишингизни таъминлайди.

Аҳамияти ва катта-кичиклигидан қатъи назар, бирор бир вазифани бажарган пайт сизда куч-ғайрат, иштиёқ ва ўзингизга нисбатан ҳурмат ҳисси пайдо бўлади. Тугалланган вазифа қанчалик муҳим бўлса, ўзингизни шунчалик бахтли ва бардам ҳис этасиз. Ўзингизга нисбатан ишончингиз ортади.

Муҳим ишларни якунига етказиш миянгизда эндорфинлар ишлаб чиқариш жараёнини қўзғатади. Ушбу эндорфинлар кайфиятингизда табиий “сармастлик”ни пайдо қилади. Ҳар қадай вазифани муваффақиятли бажарганингиздан сўнг содир бўлувчи эндорфин ажралиш жараёни, сизни янада ижобий, ишчан ва ўзига ишонган одамга айлантиради.

Ижобий майлларни шакллантиринг

Мана муваффақиятнинг яна бир энг муҳим сирларидан бири. Сиз эндорфинларга ва улар қўзғатадиган ўзингизга ишонч ва маҳоратга бўлган “ижобий майл”ни шакллантира оласиз. Ушбу “майл”ни шакллантирганингизда, беихтиёр ҳаётингизни шундай тартибга солишни бошлайсизки, муҳимроқ вазифалар ва лойиҳаларни йўлга қўйиб, уларни охирига етказишга ўрганасиз. Сиз аслида муваффақиятга ижобий маънода мубтало бўласиз.

Муҳим ишларга бел боғлаб, уларни якунига етказишга одатланиш, мазмунли ҳаёт кечириш, юксак мартабага эришиш ва ўзингизни яхши ҳис қилиш калитидир. Ўша паллада бу одат хулқингизнинг узвий бўлагига айланади, сиз учун муҳим вазифаларни бажармасликдан кўра бажариш осонроқ бўлиб қолади.

Енгилга ўрин йўқ

Нью-Йорк кўчаларидан бирида мусиқачини тўхтатиб, Карнеги Холл қаердалигини сўраган киши ҳақидаги ҳикояни эсланг. Мусиқачи шундай жавоб қайтарган эди: “Машқ қил, оғайни, машқ.”

Машқ қилиш ҳар қандай маҳоратни маромига етказиш калитидир. Зеро, онгингиз ҳам мисоли мушак. Фойдаланган сари мустаҳкамланиб, такомиллашиб бораверади. Машқ қилиш орқали керакли ҳар қандай кўникмани ривожлантиришингиз ёки исталган хулқ-атворни касб этишингиз мумкин.

Янги кўникмани шакллантиришда керакли уч хусусият

Диққат ва фикрни жамлаш кўникмасини такомиллаштириш учун уч асосий хусусиятга эга бўлишингиз керак. Уларнинг барчасини ўрганиш мумкин. Улар: қарор, интизом ва қатъиятдир.

Аввало, ишни ниҳоясига етказишга қарор қилинг ва буни одатга айлантиринг. Иккинчидан, ўрганмоқчи бўлган тамойилларингиз одат тусига кирмагунча уларни машқ қилиш интизомини шакллантиринг.

Учинчидан, бу одат шахсиятингизнинг ажралмас қисмига айлангунча қатъиятли бўлинг.

Қандай бўлишни хоҳласангиз ўзингизни шундай тасаввур қилинг

Ўзингиз хоҳлагандай самарали ва муваффақиятли инсонга айланишни тезлаштирадиган махсус услуб мавжуд. Бу ишчан, тезкор ва диққатли инсон бўлишнинг фойда ҳамда устунликлари ҳақида тинимсиз ўйлашдан иборат. Ўзингизни муҳим вазифаларни доимий, тез ва самарали бажарадиган одам деб ҳисобланг.

Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз хулқ-атворингизга катта таъсир кўрсатади. Келажакда ким бўлишни хоҳласангиз, ўзингизни шундай тасаввур қилинг. Ўзингиз ҳақингиздаги тасаввурингиз кўп жиҳатдан ташқи оламдаги ҳаракатларингизни белгилаб беради. Ташқи ҳаётингиздаги барча ўзгаришлар руҳий оламингиздаги ички тасвирнинг яхшиланишидан бошланади.

Янги кўникма, одат ҳамда қобилиятни эгаллаш ва ривожлантириш учун сизда деярли чексиз имконият мавжуд. Такрорлаш ва машқ орқали ўзингизни тарбияласангиз, юмушларингизни ортга суришни бартараф этсангиз, ҳаётингиз ва карьерангизда тезкор қадамлар билан илдамлай бошлайсиз.

Ушбу қурбақани паққос туширинг!

Самарадорликнинг 21 йўли

Подняться наверх