Читать книгу Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - Исмоил Каримов - Страница 4
I боб. УМУМИЙ ЎРТА ТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИДА ТЕХНОЛОГИЯ ФАНИ ДАРСЛАРИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ВА УНИНГ ТАҲЛИЛИ
§1.2. Технология фани бўйича давлат таълим стандарти ҳамда ўқув дастурларининг асосий йўналишлари ва уларнинг таҳлили
ОглавлениеМаълумки, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбеклар жаҳондаги энг қадимий халқлар сирасига кириб, улар жаҳон фани, илмий-маърифий ва маданий ривожланишга бебаҳо ҳисса қўшганлар.
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби – кўҳна ёзма ёдгорлигимиз бўлган «Авесто”да Ўрта Осиё ҳамда Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг энг қадимги (эрамиздан аввалги II минг йилликнинг охиридан I минг йилликнинг кейинги асрларигача бўлган) даврдаги тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, турмуши, урф-одатлари, диний-эътиқоди, халқ ҳунармандчилиги, касб-кори, қўшни халқлари билан ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий муносабатлари ёритилган. «Авесто”да болаларни ахлоқий, диний тарбиялашдан ташқари, уларни ўқитиш, илм-маърифат эгаси қилиб тарбиялаш ва ҳунармадчиликнинг сир-синоатларини ўргатиш ҳам таъкидланган.
Чингизхон истилоси даврида Ўрта Осиёда илм-фан ва маданиятнинг ривожланиши юз йиллар ортда қолган бўлса-да, Темурийлар даврига келиб илм-фан ва таълим бериш соҳалари юқори чўққиларга чиқди. Бунга мисол қилиб ана шу даврнинг ёрқин намоёндалари бўлган Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Бобур каби алломаларимизни кўрсатиш мумкин. Ана шу даврларда ҳам болаларни ўқитиш ва уларга таълим-тарбия бериш учун маълум дастурлар, услуб ва йўриқномалар яратилган [162].
1999 йил 16 августда ВМ томонидан умумтаълим мактабларида ўқитиладиган фанлар, шу жумладан, технология (меҳнат таълими) ўқув фани бўйича ҳам ДТС қабул қилинди. 2006, 2010 йилларда бу стандартлар янги таҳрирда фойдаланишга киритилди [165, 198, 209].
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ги қонунида [8] мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўқитиш жараёнини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларидаги технология фанини ўқитиш жараёнига янгича ёндошиш, дарс самардорлигини оширишга эътибор қаратилган. Ўқувчиларни меҳнатга тайёрлаш жараёнида касб-ҳунарга йўналтиришни янада кучайтириш, уларни замонавий ишлаб чиқариш асослари ёғочга, металлга ва газламага ишлов бериш технологияси, пазандачилик ва қишлоқ хўжалиги асослари, бадиий меҳнат технологияси ва машина элементлари йўналишлари бўйича билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари кўзда тутилган. Технология фанини ўқитиш жараёнига янгича ёндашиш, дарс самарадорлигини ошириш мақсадида технология фани йўналишида Давлат таълим стандарти асосида тузилган ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасида технология ўқув фанига 5-7-синфларда ҳафтасига 2 соатдан, 8-9-синфларда эса 1 соатдан вақт ажратилган [209, 12-б.]. Мавзулар ўқувчиларнинг ёши, қобилияти, истеъдоди, қизиқишлари, зеҳни, уқуви, билим даражаси ва бошқа психологик, физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқилиши лозим.
Тавсия этилган ўқув дастурлари ичидаги мавзуларни ўқувчиларнинг
ёши, билим даражалари ва бошқа психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қиладиган бўлсак, ажратилган вақт давомида мавзуларнинг тақсимланишида муаммолар кўзга ташланади. Маълумотларни қабул қилиши даражасини ҳисобга олган ҳолда йўналишлар бўйича бериладиган баъзи мавзулар ўқувчиларни толиқтиради. Берилган айрим мавзулар ҳажми ўқувчилар билими қамровига нисбатан кўп. Ўқув дастурини 5-синф мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур дастурда айрим мураккаб мавзулар танланган. Масалан, Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналишининг «Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси» бўлимида «Бичиш ва тикиш ҳақида маълумот, гавдадан ўлчов олиш, масштабли линейка, фартук ва рўмол чизмасини чизиш» мавзулари берилган бўлиб, уларни ўрганишга 2 соатдан вақт ажратилган. Юқорида кўрсатиб ўтилган мавзулар 5-синф ўқувчилари учун мураккаблик қилади. Сабаби улар чизмачилик фани ва материалшуносликдан ҳали етарли билимга эга эмаслиги учун юқоридаги мавзуларни ўзлаштиришлари қийин бўлади. Юқоридаги мавзуларни ўзлаштириш учун берилган соат миқдори камлик қилади. Бундан ташқари буюмни конструкциялаш ва моделлаш учун ҳам ажратилган соат камлик қилади. Сабаби, ўқувчилар чизмачилик элементларига оид билим ва кўникмаларга эга бўлмаганликлари учун конструкциялаш элементларини ўзлаштириш қийинчилик туғдиради. Масалан, Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналиши дастурида «Фартук конструкциясини тузиш ва моделлаш» мавзусида ҳам чизиқ турлари, ҳам буюмларни масштаб бўйича катталаштириш ва кичрайтириш, ҳам буюм деталларини симметрик ва ассимметрик жойлаштириш каби билим ва кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Бунинг учун эса кўпроқ ўқув соатлари ажратилиши лозим. Бундай камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаса – ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам бир қанча қийинчиликлар юзага келади.
Технология фани бўйича ДТС, ўқув дастуридаги айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақида. Давлатимизда таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар секин-аста ўз самарасини бермоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълимни босқичма-босқич ислоҳ қилиш жараёнида ютуқлар билан бир қаторида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Буни меъёрий ҳужжат сифатида тузилган Давлат таълим стандартлари мисолида ҳам кузатишимиз мумкин. Стандартдаги технология фани ўқув дастурини таҳлил қилиб чиқиб юқоридаги хулосага келдик. 1999 йилда тузилган Давлат таълими стандартини таълим тизимида қўлланилганда бир қанча муаммолар юзага келди. Педагоглар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2006, 2010 йилларда янги таҳрирдаги стандарт жорий қилинди. Янги таҳрирдаги ДТС асосида тузилган ўқув дастурлари, олдинги стандартдаги ўқув дастурларига нисбатан анча кенгайтирилган, аммо бу камчиликлардан ҳоли дегани эмас [123; 14-15-б.]. Масалан, 5-синф бўйича ўқув дастурларини ўрганиб чиқилганда айрим камчиликлар борлиги аниқланди. Буни, хусусан, 5-синфда Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналиши ўқув дастури бўйича таҳлил қилиб кўрсак.
1. Материалшунослик бўлимини ўрганишга 4 соат берилган бўлиб, бунда ўқувчиларга биринчи машғулотда хавфсизлик техникаси қоидалари, санитария-гигиена талаблари ўргатилади. Табиий толали газламлардан пахта ва зиғир толаларидан тўқилган газламалар, уларнинг хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилади. 2-машғулотда эса саржа (полотно) тўқиш, газламаларнинг ўнг ва тескари томонларини, бўйлама ва кўндаланг ипларини аниқлаш бўйича амалий ишлар бажарилади. Умуман олганда ўқувчиларга 4 соат мобайнида газламалар ҳақида етарли маълумот бериш мумкин.
2. Асбоб-ускуналар, мосламалар ва улардан фойдаланиш бўлимини ўрганишга 4 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчиларга қўл ишлари ва уларни бажаришда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ҳақида умумий маълумот берилади, 3-назорат иши ўтказилади. Кейинги машғулот амалий машғулот бўлиб, бунда ўқувчилар қўл чокларидан намуналар ва ушлагич тайёрлаш ишлари балан шуғулланадилар. Шу билан бирга дазмол билан ишлаш ва дазмоллаш ишларини ҳам ўрганишлари кўзда тутилган. Бироқ, тажриблар-нинг кўрсатишича, бунда ўқувчиларни дазмоллаш ишларини пухта ўрганиш-лари учун вақт етмайди, бу ишни уйга вазифа қилиб бериш ҳам маъқул эмас. Умуман олганда бу дарсларда ўқувчиларга газламаларга ишлов бериш жараёнида қўлланиладиган асбоб-усуналарни, мосламаларни тузилиши, ишлатилиши ҳақида маълумотлар берилади. Бундан ташқари ўқувчиларга иш ўрнини ташкиллаш, меҳнат хавфсизлиги ва санитария-гигиена қоидалари риоя қилиш ишлари ҳам ўргатилади. Бунга ажратилган вақт мобайнида юқоридаги маълумотларни беришга улгуриш мумкин.
3. Машина, механизм, станоклар ва улардан фойдаланиш бўлимига ўрганишга 4 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчилар қўл юритмали тикув машиналарининг тузилишини, ишлатилишини, тикув машинасида юзага келган содда носозликларни бартараф этиш ишларини бажаришни ўрганадилар, ипсиз тикишни машқ қиладилар. Берилган вақт
ичида бу маълумотларни ҳам ўқувчиларга етказиб бериш мумкин.
4. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси бўлимини ўрганиш-га 36 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчиларга газламага ишлов бериш технологияси, буюмларни конструкциялаш ва моделлаштириш, буюмларни тайёрлаш, тикув машинасида ишлаш, бахя ва буклама чоклар ҳақида билимлар берилади. Амалий мустақил ишларда фартукни конструкциялаш ва моделлашни бажарадилар. Фартук тайёрлаш технологиясини босқичма-босқич амалга оширадилар. Бу маълумотларни 14 соат ичида бажариш учун ўқитувчидан анча моҳирлик талаб этилади. Чунки бу машғулотларда ўқувчилар фартукни конструкциялашда, чизмачилик фанига оид айрим тушунчаларни, яъни чизиқ турлари, симметрик ва ассимметрик расмлар, чизмачилик асбобларини тузилиши, қўлланилиши, буюмларни проекциялари, техник чизмалари ҳақидаги маълумотларга эга бўлмаганлиги учун буюм чизмасини лойиҳалаш, конструкциялаш, моделлаштириш ишларини бажараётганларида муаммо туғилади. Шунинг учун 2 соат вақт чизиқ турлари, чизмачилик асбобларини тузилиши, қўлланилиши, симметрик ва ассимметрик расмларни фарқлашни ўргатишга ажратилса, яна 2 соат вақт мобайнида буюмларни проекциялаш, масштаб бўйича катталаштириш, кичрайтириш ва буюмларни техник расмларини чизишни ўрганадилар. Ўқув дастурида буюмни конструкциялаш учун ҳам кам вақт ажратилган, биз ўқув дастурини стандартдаги ўқув дастурига нисбатан бошқача тузиб, шу асосда тажриба синфларида синовдан ўтказдик. Натижа ўз самарасини берди.
5-синфда сервис хизмати йўналиши бўйича ўқув дастури ва ДТСларни
қуйидагича таҳрирда берилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
Газламага ишлов бериш технологияси
Материалшунослик (4 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Газламаларнинг турлари ва халқ хўжалигидаги аҳамияти, газламанинг хусусиятлари. Газламадан тайёрланадиган буюмлар ва уларнинг элементлари. Тикувчилик буюмларини тайёрлаш технологияси. Махсус, ички, устки ва тантаналарга кийиладиган кийимларнинг вазифаси, турлари ва уларга бўлган эстетик талаблар.
Амалий мустақил ишлар: Газламаларнинг турлари, хусусиятлари, хоссалари, қўлланиш ва ишлаб чиқариш технологияларига оид маълумотлар тўплаш. Табиий толалардан тайёрланган газлама хусусиятлари.
Асбоб-ускуналар, мосламалар ва улардан фойдаланиш (6 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Газламага ишлов беришда қўлланиладиган асбоб-ускуналар. Уларнинг турлари, тузилиши, қўллаш қоидалари ва ҳавфсизлик техникаси. Тикувчилик буюмларини тайёрлашда (нам-иссиқлик ишлови беришда) қўлланиладиган асбоб-ускуналар. Уларнинг турлари, тузилиши, қўллаш қоидалари. Ўқув манекени. Буюмлар чизмалари, андозалари ва намуналари.
Амалий мустақил ишлар: Иш ўрнини ташкил қилиш. Меҳнат хавфсизлиги ва санитария-гигиена қоидаларини ўргатиш.
Машина, механизм, станоклар ва улардан фойдаланиш (6 соат)
Шакллантирадиган билимлар: қўл юритмали тикув машиналари.
Уларнинг техник-технологик тавсифи, ишлаш усуллари. Замонавий тикув машиналари моделлари. Тикув машиналарининг тузилиши ва ишлаш тамойиллари.
Амалий мустақил ишлар: Тикув машинасининг асосий қисмларининг тузилиши. Машинани ишга тайёрлаш ва ишлаш. Содда носозликларни бартараф этиш.
Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси (18 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Чизмачилик элементлари. Чизиқ турлари. Чизмачилик асбобларини тузилиши ва ишлашини ўрганиш. Масштбали линейка. Буюмларни проекциялари. Буюмларни техник расмларини лойиҳалаш ва чизиш. Газламага ишлов бериш технологияси, конструкциялаш ва моделлаштириш, буюмларни тайёрлаш, тикув машинасида ишлаш. Бахя ва буклама чоклар.
Амалий мустақил ишлар: чизмачилик асбоблари, чизиқ турлари ва уларни қўллнилиши; буюмларни тасвирлаш усулларини ўрганиш. Махсус кийим, тунги кўйлак, ўқув, ишлаб чиқариш ва уй-рўзғор ишларини бажариш учун фартук, рўмол бичиш ва тикиш. Машина чоклари (бахя ва буклама) нинг намуналарини бажара олиш.
Халқ ҳунармандчилиги технологияси (16 соат)
Шакллантириладиган билимлар: Газламага ишлов беришга оид ҳунармандчилик касблари (каштачилик, зардўзлик, попопчилик ва б.). Каштачиликнинг ўзига хос хусусиятлари. Каштачилик мактаблари. Каштачилик асосида ишлаб чиқарилаётган буюмлар турлари.
Амалий мустақил ишлар: Каштачилик ишларига хос буюмлар чизмаларининг андозалари ва буюмларни тайёрлаш.
Таянч маълумотлар: Иш ўрнини ташкил қилишда санитария-гигиена
талаблари ва меҳнат хавфсизлиги қоидалари.
Хулоса. Юқоридаги фикрларга асосланиб, Газламаларга ишлов технологияси йўналиши бўйича йиллик тақвим-мавзули режалаштиришнинг «Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси» бўлимининг 25-28-машғулотларига қуйидаги ўзгартиришларни киритиш зарур деб ҳисоблаймиз.
Шакллантириладиган билимлар қисмига: Чизмачилик элементлари. Чизиқ турлари. Чизмачилик асбобларини тузилиши ва ишлашини ўрганиш. Масштбали линейка – 2 соат. Буюмларнинг проекциялари. Буюмларни техник расмларини лойиҳалаш ва чизиш – 2 соат.
Амалий мустақил ишлар қисмига: чизмачилик асбоблари, чизиқ турлари ва уларни қўлланилиши; буюмларни тасвирлаш усулларини ўрганиш – 2 соат.
Бундай фикрларни бошқа синфлар учун ҳам билдириш мумкин. Жумладан 6-синфда маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси қисмида асосан юбка тикиш ишларини бажариш кўзда тутилган ва бунга жами 18 соат вақт берилган. Бу мавзуларни ўрганишда ҳам чизмачиликка оид тушунчалардан фойдаланишга ҳамда ўқувчиларнинг эътборини модельер, дизайнер каби касбларга қаратишга тўғри келади [134, 135, 142]. 7-синфда ҳам мазкур қисм бўйича асосий эътибор аёлларнинг миллий либосларига қаратилган ва бу ишларни ўрганишга жами 16 соат вақт ажратилган. Бу ишларда юқоридаги таклифлар билан бирга миллий кийимлар ҳақидаги тарихий маълумотлардан фойдаланишни таклиф қиламиз [107, 119].
5-7-синфларда ўтиладиган технология ва дизайн йўналиши бўйича ҳам
айрим таклифларни билдириш мумкин. Фикримизча, бунда асосан учта ҳолатни ажратиб кўрсатиш зарур. 1-ҳолат – дастурда 5-7-синфлар кесимида уй-рўзғор буюмлари ясаш, ёғочга ва металга ишлов бериш бўйича халқ ҳунармандчилигига оид иш усулларини ўрганиш ва буюмлар тайёрлаш каби мавзулар киритилган. Бунда айнан қайси буюм, қайси ҳунармандчилик, қайси иш турларини ўрганиш аниқ кўрсатилмаган, уларни танлаш ўқитувчига ҳавола қилинган [209; 29-30-б.]. Бу бир томондан ўқитувчиган қулай, яхши бўлиши мумкин. Лекин, иккинчи томондан, турли ҳудудларда ўқитувчилар ўзлари билганларича иш юритишлари сабабли дастурнинг мазмуни ўзгариб кетиши ҳам мумкин.
2-ҳолат: дастурда кўп ҳолларда уй-рўзғор буюмлари (масалан, ўқлов,
нон тахта, чекич, жува ва ҳ.) тайёрлаш кўзда тутилган. Бироқ, тажрибаларнинг кўрсатишича, ҳар доим ҳам ўқувчиларда бундай уй-рўзғор буюмларини тайёрлашга қизиқиш бўлавермас экан. Балки уларда автомобиль, самолёт, кема, ракета, поезд каби кўринишлардаги буюмларни тайёрлашга бўлган қизиқиш кўпроқ эканлиги маълум бўлди. Шунинг учун биз технология фанидан 6-7-синфлар учун ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлашда мана шу ҳолатларни ҳисобга олдик [112, 128, 129, 136, 137, 145].
3-ҳолат: 5-7-синфларда элктротехника ишлари бўлими мавжуд бўлиб, дастурга асосан бунда ўқувчиларга электр энергияси, уни ҳосил қилиш ва узатиш, электр истеъмолчилари, улардан фойдаланиш, ХТҚ, элетротехника соҳасига оид касблар ҳақида маълумот бериш, айрим иш турларини ўрганиш
кўзда тутилган. Бироқ, айниқса, 5-синфда ўқувчилар бундай маълумотларга расмий равишда биринчи марта дуч келадилар. Шунинг учун ўқитувчи томонидан бундай маълумотларни ўқувчиларга етказиш осон бўлмайди. Шу сабабли бу машғулотларда ўқитувчи ўқитишнинг турли фаол усулларидан унумли фойдаланишига тўғри келади [99, 100, 101].