Читать книгу Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - Исмоил Каримов - Страница 7
II боб. ТЕХНОЛОГИЯ ДАРСЛАРИ ЖАРАЁНИДА ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ИЖОДКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
§2.2. Технология дарслари жараёнида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг умумий масалалари
ОглавлениеРеспубликамизда таълимнинг асосий мақсади бизнинг демократик эркин давлат қураётганлигимиз, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш йўлига кирганлигимиз билан бевосита боғланади. Давлатнинг буюк келажаги фуқароларимизнинг маълумотлилигига, маданиятига, бунёдкорли-гига таянади. Зеро, эски таълим-тарбия асосига янги жамиятни қуриб бўлмайди. Шу муносабат билан таълим қуйидаги мақсадларни кўзда тутади:
– мустақиллигимизни, истиқлолимизни ҳис эта биладиган, ўзлигини англаб етган кишиларни тарбиялаш;
– республикамизнинг ақл-заковат ва илм борасидаги куч-қувватини ривожлантириш; оила, жамият, давлатимиз олдидаги масъулиятини англайдиган, ҳар жиҳатдан баркамол шахсни шакллантириш;
– ахлоқий пок, жисмоний бақувват, Ватан туйғуси билан суғорилган фидойи инсон, изланувчан, ташаббускор соғлом авлодни шакллантириш;
– фақат маълумот олиш, савод ўрганиш билан чегараланиб қолмайдиган, ўрганганларини ҳаётга татбиқ эта биладиган шахсни тарбиялаш;
– янги жамиятни қуриш, унда яшаш ишларини биладиган ёшларни тарбиялаш [209; 3-4-б.].
Бу мақсадларни амалга ошириш учун узлуксиз таълим тизимининг асосий бўғини ҳисобланган умумий ўрта таълим мактабларидаги таълим-тарбия масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, мактаб – жамият кўзгусидир. Биз мактаб яратганда ҳам шундай мактаб яратишимиз лозимки, бу қадимда бобокалонларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийлар яратган илму-маърифат ўчоғи сифатида ном қозониши даркор [128; 3-4-б.]. Бу илм ўчоғи миллат руҳи билан уйғунлашган даргоҳ бўлмоғи лозим. Миллатнинг келажаги – миллий мактабдир. Инсон дунёга икки бор келади, деб айтишади, яъни биринчи бор дунёни тушуниши ва идрок этиши лозим бўлган гўдак бўлиб, иккинчи бор эса беқиёс, кенг билимларни эгаллаган, ёрқин ҳаётий мақсадга эга ва энг мушкул вазиятдан ҳам чиқа оладиган мустақил инсон бўлиб яралади. Мана шундай мустақил шахсларни камол топтиришда умумтаълим мактаблари пойдевор бўлиб хизмат қилади. Мана шу пойдеворни мустаҳкам бўлиши учун билимни кўникма, малака билангина эмас, балки ижодкорлик билан ҳам қориштириш лозим. Пойдеворнинг мустаҳкам бўлиши, албатта уни қурувчиси бўлган ўқитувчиларга ҳам боғлиқдир. Бугунги бозор иқтисодиётига ўтиш даврининг асосий талаби малакали кадрлардир. Биз тарбиялаётган кадрлар тиришқоқ, талабчан, изланувчан, янгиликка интилувчан бўлмас экан, биз келажакка илдам қадам ташлай олмаймиз. Чунки бозор иқтисодиёти бир нуқтада тўхтаб қолмасдан, тез фурсатда ривожланишни талаб қилади. Бунинг учун биз тарбиялаётган кадрлар яратувчан, ижодкор шахслар бўлмоғи лозим. Бу кўникма ва малакаларни ўқувчилар умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган вақтларидаёқ эгаллашлари лозим. Умумтаълим мактабларида бошқа фанлардан фарқли равишда технология фани машғулотларида ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятларини шакллантиришда катта имкониятлар мавжуд. Сабаби, технология фани машғулотларида назарий таълим амалий таълим билан узвий боғлаб олиб борилади. Бу ўқувчиларнинг мустақил ишлашини, имконият даражасида ўз қобилиятини намоён этишни таъминлайди.
Ўқувчилар технология фани машғулотлари давомида ўзлари яратган буюмларни кўриб қувонади, ёнидаги ўртоқлари ясаган буюмлар билан таққослайди, ютуғидан мағрурланади, камчилиги бўлса тўғрилайди. Бу эса ўқувчиларни мустақил шахс камолотига илк қадамлари бўлади. Бошланғич, яъни 1-4-синфларда технология фани машғулотларида ўқувчилар оддий қоғоз, елим, пластилин, сомон парчалари, ўсимлик мевалари уруғлари, данаклар ва уларнинг пўчоқлари (ёнғоқ, бодом, ўрик шафтоли данаги, қовун, тарвуз уруғи ва ҳ.), тухумлардан фойланиб турли хил буюмлар ясайди.
Бошланғич синфдан 5-синфга ўтгач эса технология фанидаги машғулотлар мураккаблашади, яъни турли материалларга ишлов бериш йўли билан буюмлар ясалади. Масалан, ёғочга, пластмассага, металлга, газламага ишлов бериш технологиясини, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш ва таом тайёрлаш ишларини ҳам ўрганадилар. Булардан ташқари миллий ҳунармандчилигимизнинг ҳам нозик сир-асрорларини ўрганиб борадилар.
Бошланғич синфдан 5-синфга ўтган ўқувчилар анча қизиқувчан, интилувчан бўладилар. Аммо улар бошланғич синфларда кўп ҳолларда ўқитувчи фикрига тобе ҳолда билим олганликлари учун ҳамма вақт ҳам ўз фикрларини аниқ билдира олмайди. Шунинг учун ўқитувчилар жамоаси мана шу 5-синф ўқувчиларига катта эътибор қаратишлари, таълим бериш жараёнида илғор педагогик усуллардан фойдаланган ҳолда уларни мустақил фикрлашга ўргатишлари лозим. Айниқса технология фани машғулотларида бунга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Ўқувчилар технология фани машғулотларида материалларга ишлов бериш жараёнида буюмларни лойиҳалаш, конструкциялаш, моделлаштириш ишларини бажарадилар. Бундай вазиятларда ўқувчилардан мустақил фикрлаш, мустақил ишлай олиш, ижодкорлик талаб қилинади. Ўқувчилар ўзлари яратаётган буюмларни кундалик ҳаётдаги ўрни, аҳамияти, яратишдан мақсади, уни такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳам мустақил фикр юрита олишлари лозим. Мана шу 5-синф ўқувчиларида мустақил фикрлаш, ўз қобилиятларини имкон даражасида намоён этиш меҳнатга ижодий ёндошиш, яратувчанлик кўникма ва малакалари шакллантирилса, кейинги синфларда ижодий ишларда учрайдиган муаммоларни осонгина бартараф эта оладилар. Ўқувчилар юқори синфларда мураккаб буюмларни лойиҳалашда, моделлашда 5-7-синфларда олган билим, кўникма ва малакалари ёрдамида мустақил ижод қила одилар. Бу эса бозор иқтисодиёти даврида ишлаб чиқаришнинг асосий талаби эканлигини англатади.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришган дастлабки даврданоқ жаҳон цивилизацияси тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган миллий маънавиятимиз асосида келажаги буюк давлат барпо этиш бош мақсад қилиб белгиланди. Буюк мақсадга эришишда асосий эътиборни ёш авлодни баркамол, маънавий ва жисмонан соғлом, юқори малакали касб эгаси қилиб тарбиялашга қаратилгани эса миллий менталитетимизнинг, миллий анъаналаримизнинг ўзига хос тарзда ифодаланишидир. Ҳозирги пайтда меҳнат бозорининг ривожланиши ва реал ижтимоий-иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда аниқликлар киритиш зарурати ҳам юзага келди. Биз ушбу заруратнинг намоён бўлиш ҳолатларини умумий ўрта таълим мисолида ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни алоҳида қайд этишни ўринли деб топдик:
– умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларини касбга йўналтиришни педагогик-психологик ташхис қилиш ишларининг етарли илмий методик асослари ишлаб чиқилмагани ва татбиқ этилмагани;
– педагогик ва ахборот технологияларини таълим тизими амалиётига жорий этишнинг умумий назарий асослари яратилгани ҳолда уларни педагогик амалиётга татбиқ этишнинг илмий-методик асослари ишлаб чиқилмагани;
– етарлича касбий йўналтирилганликка, юқори мукаммалликка эга бўлмаган педагогик жараён маҳсули сифатида етишиб чиқаётган таълим муассасалари битирувчиларининг мутахассис сифатида мустақил ва ижодий ишлаш даражасига эриша олмаётгани.
Мазкур камчиликларни бартараф этилиши кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг кейинги босқичлардаги ишларни муваффақиятли амалга ошириш учун замин яратади. Шунингдек, таҳлил этилган муаммонинг долзарблиги шундан иборатки, миллий дастурни амалга оширишнинг иккинчи босқичида мажбурий умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ҳамда ўқувчиларнинг қобилият ва имкониятларига қараб табақалаштирилган таълимга ўтиш зарурлиги аниқ белгилаб берилган. Таълим муассасалари махсус тайёрланган малакали педагог кадрлар билан тўлдирилиб, уларнинг фаолиятида рақобатга асосланган муҳитни вужудга келтириш кўзда тутилган. Бироқ бу вазифаларни амалга оширишнинг илмий-назарий асослари етарлича ишлаб чиқилмаганини ҳам айтиш жоиз. Мазкур муаммоларни ҳал қилишда умумий ўрта таълимни амалга оширишнинг махсус педагогик технологияла-рини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Ватанимиз ва ҳорижий давлатларнинг олимлари бу борада маълум илмий тадқиқот ишларини амалга оширганлар. Бугунги кунда бундай тадқиқотлар қамрови кенгайиб, жумладан, технология фанида педагогик технологияларни қўллаш борасидаги тадқиқотларда бир бутун, якдил қарашлар пайдо бўлмоқда [87; 4-8-б.; 90; 138-140-б.]. Мазкур муаммо бўйича адабиётларни, диссертацияларни ўрганар эканмиз, таълим-тарбия ишлари жараёнида ўқувчиларда ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш масалалари деярли юз йилдан бери муҳим педагогик муаммолардан бири сифатида ўрганиб келинаётганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса, 1950—60 йилларда америкалик олимлар томонидан мазкур масала кенг ўрганилган. Жумладан Д. Ж.Гилфорд [49, 229], П. Торренс [231], М. Воллач ва Р. Коган [232] ҳамда бошқалар томонидан ўқувчиларда ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш бўйича айрим назариялар яратилган эди. Ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятлари бўйича олиб борилган тадқиқотлар натажасида ўтган асрнинг 60-йилларида америкалик тадқиқотчилар шундай хулосага келадилар: ижодий қобилиятлар таълим олишдаги қобилиятларга ўхшамайди, яъни синоним эмас. Шу билан бирга таълим олишдаги қобилият ва ижодий қобилиятни инсоннинг умумий ақлий салоҳияти билан боғлиқлиги ҳам бир хил эмас. Бундан келиб чиққан ҳолда Гилфорд ижодкорлик қобилиятини универсал қобилият сифатида қарайди ва уни креатив деган ном билан атайди. Гилфорд инсоннинг ижодий фикрлаш жараёнини иккита типга ажратади:
Конвергент фикрлаш (тафаккур қилиш). Бу фаолият турида масала моҳиятини изчил, мантиқий ўрганиш орқали ягона ечим топилади.
Дивергент фикрлаш (тафаккур қилиш). Бу фаолият турида масалага бир неча муқобил ечимлар, кутилмаган ҳолатлар, ички ҳиссиёт асосида ечим топилади [49; 67-б.]
Америкалик яна бир тадқиқотчи Поль Торренс эса ижодкорликни етишмовчиликларни бартараф этиш воситаси сифатида қарайди ва ижодкорикнинг қуйидаги босқичларини кўрсатади: муаммони тушуниш, англаш; муаммога ечим излаш; муаммо ечиминини топишга қаратилган ғояни яратиш ва ифодалаш; ғояни мослаштириш; натижани топиш [231; 151-б.]. Жоржия университети (АҚШ) профессори Марк Ранко ижодкорлик ҳақида фикр юритиб, ижодкорликни иккита йўналишга бўлиб кўрсатади: санъаткорлик бўйича ва ишлаб чиқариш-ясаш бўйича (Runco 2008, 2). Унинг таъкидлашича, ижодкорликнинг санъат бўйича кўриниш тури шуни тасдиқлайдики, ижодкорлик санъаткорлар фаолиятининг жуда катта қисмини ташкил этади. Буларга мисол тариқасида рассомлар, ҳайкалтарошлар, сураткашлар, раққосалар ва бастакорларни айтиш мумкин. Санъаткорлар одатда ижодкорликни ўзларининг санъаткорона намойишлари орқали, яъни, расм чизиш, ҳайкал ясаш, суратлар ёки саҳна кўринишлари мисолида кўрсатишади. Шунингдек, ижодкорликнинг 2-қараши бўйича, яъни ишлаб чиқариш-ясаш кўриниши ёрдамлашиш, ясаш, ихтиро қилиш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нарсаларни ишлаб чиқариш кабиларга боғлиқдир. Тармоқлар бўйича ғоялар ишлаб чиқарувчи назариётчи ва янги нарсалар ихтиро қиладиган ихтирочилар ушбу тоифага тааллуқлидир.
Бундай қарашлар орқали ижодкорлик масласига ёндашиш қулайдир ва бу одатда ҳисоблашда, назорат қилишда, солиштиришда ва баҳолашда соддаликни таъминлайди. Аммо доктор Ранко ижодкорликнинг ушбу икки тури, яъни «намойиш қилиш ва ясаш-ихтиро қилишга асосланган қарашлар инсондаги потенциал (бошланғич) ижодкорликни аниқлашда оқсоқликка учрайди» дейди. Чунки, унинг айтишича, кўпинча ёшларнинг бошланғич ижодини намоён қилишга кўникмалари етишмаслигига аҳамият берилмайди. Шу сабабли ёшлардаги ижодкорлик фаолияти ҳақида гап кетганда, доктор Ранко ўқитувчиларни санъаткорлик ва ишлаб чиқариш-ясаш (яратувчанлик) соҳаларидаги қарашларда ҳушёр бўлишга чақиради, уларнинг потенциал яратувчанлиги – яъни ёшларнинг илк ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.
Мазкур ғояларни ижодий давом эттирган ҳолда кейинги пайтларда ҳам бир гуруҳ америкалик тадқиқотчилар томонидан ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш масалалари ўрганиб келинмоқда. Жумладан Колорадо давлат университети тадқиқотчиси М.А.Моррель ўзининг илмий ишида ёшларда ижодкорлик кўникмаларини шакллантириш ҳақида фикр юритиб, женевалик психолог Жан Пиажанинг интеллект назариясига асосланган ҳолда «Ўқувчиларнинг ижодкорлик кўникмалари уларнинг когнитив ривожланиб боришига боғлиқ» деб, ҳисоблайди. Яъни Жан Пиажанинг интеллект назарияси бўйича болалар билимларни ўзларининг шахсий тажрибиларини тушуниш орқали эгаллай бошлайди. Бола ўсган сари унинг ўз тажрибаларидан олган билим ва кўникмалари ҳамда тушунишларига бўлган қобилиятига кўра ўзгариб, ривожланиб боради. Ҳар бир бола ўзининг тажрибаси билан англаб етиш қобилиятининг интерфаол алмашинуви натижасида улғайиб боради. Ж. Пиажа болаларнинг ёшларини ҳисобга олган ҳолда бу жараённи 4 босқичга бўлган:
1-босқич. Бу босқич сенсомотор даври деб аталади. Бунда бола туғилгандан бошлаб 2 ёшгача бўлган даврдаги шаклланиш жараёнида маълумотларни нарсаларга тегиниш орқали ўрганиб боради.
2-босқич. Бу босқич операциялардан олдинги тафаккур даври деб номланган бўлиб, бунда болада 2 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврда символли маълумотлар, белгилар ёки шунга ўхшаш ишоралар билан ишлаш қобилияти шаклланади.
3-босқич. Бу босқич аниқ операциялар даври бўлиб, бунда болада 7—8 ёшдан 11—12 ёшгача бўлган даврда аниқ маълумотлар устида мантиқий фикрлаши ошиб боради.
4-босқич. Бу формал (расмий) операциялар даври бўлиб, бунда 11—12 ёшдан бошлаб, яъни ўсмир ёшдаги болалар энди нафақат аниқ маълумотлар устида, балки тасаввуридаги ёки абстракт маълумотлар устида ҳам ишлай бошлайди [233; 78-б.].
Босқичлар ўртасида фарқлар болаларнинг ёши, уларнинг фикрлаши ва билим эгаллаш қобилиятига қараб ўзгариши мумкин. Болалар фақат ўзлари тушуниб еча оладиган маълумотлардан фойда олишлари мумкин. Бу маълумотлар уларнинг билимини ошишида ва уқиб олишида етакчи восита ёки манба бўлиб хизмат қилади.
Бошқа бир тадқиқотчи – Лиза Майер эса (Виржиния политехника университети, АҚШ) PhD доктори илмий даражасини олиш учун ёзган диссертациясида ўқувчиларга бериладиган амалий топшириқларни реал ҳаётда учрайдиган муаммолардан олиш кераклигини таъкидлаб ўтган [230, 97-б.]. Бинобарин кундалик турмушда учрайдиган амалий топшириқларни ечиш ўқувчиларнинг ижобий натижаларга эришишида энг муҳим воситалардан бири ҳисобланади. Таълим масканлари дарсликларида эса мураккаб ва аниқ қонун-қоидаларга асосланган топшириқлар берилади. Бу топшириқлар кундалик турмушда учрайдиган муаммоларга ўхшамайди. Бу ҳолат эса ўқувчиларни чалғитиши, зериктириши ёки уларда қизиқиш уйғотмаслиги мумкин. Шунингдек, ҳозирги пайтда АҚШнинг бошқа ўқув юртларида (Princeton university), бундан ташқари Япония (AICHI university of Education), Ҳиндистон (National Institute Of Technical Teachers Training And Research), Хитой (Shaansi Normal University), Германия (Belfield pedagogical university), Англия (National Advice on pedagogical technology), Россия (Таълим академияси), Ўзбекистон (ТДПУ, ҚДПИ) каби мамлакатларнинг олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларида ижодкорлик фаолиятини ривожлантириш масалалари бўйича тадқиқотлар, илмий изланишлар олиб борилмоқда. Жумладан россиялик тадқиқотчилардан Г.С.Альтшуллер [24], П.Н.Андрианов [25,26], А.В.Андриенко [27], Ю.Г.Бельмач [34], О.А.Белякина [35], Р.У.Богданова [38], Д.Б.Богоявленская [39], Г.Я.Буш [41], В.А.Горский [52], Д.П.Ельников [58], В.И.Коваленко ва В.В.Куленёнок [151], Д.М.Комский [153], В.Г.Разумовский [184], Н.С.Сайниев [190], Ю.С.Столяров [195], И.А.Торопов [205], Е.Е.Туник [207], О.В.Шелякина [223]; ватанмиз тадқиқотчиларидан Б. Адизов [17], В.Е.Алексеев [21], А. Алиев [22], Н. Алимов [23], Н.А.Бекмуратова [33], А.П.Худойберганов [212], Ш.С.Шарипов [216, 217, 220] ва бошқаларнинг илмий тадқиқот ишларида ижодкорлик, хусусан ўқувчилар ижодкорлик фаолиятини ташкил этишнинг турли томонлари очиб берилган. Булардан, айниқса, Ш.С.Шариповнинг «Ўқувчилар касбий ижодкорлиги узвийлигини таъминлашнинг назарияси ва амалиёти» мавзусида ёзган докторлик диссертацияси бизда катта қизиқиш уйғотди [220]. Диссертант мазкур илмий ишида ўқувчиларни ижодкорликка ўргатишни мактабдан бошлаб, уларнинг бу фаолиятини мактабдан кейинги таълим муассасаларида – КҲКларида ҳам давом эттириш керак, деган ғояни илгари суради. Яъни ўқувчиларнинг ижодкорлик ишларини узлуксиз давом эттириш зарурлигини таъкидлайди. Шу мақсадда диссертацияда зарур кўрсатмалар ва тавсиялар берилган.
Юқорида келтирилган илмий ишларни таҳлил қилар эканмиз, уларда ёритилган фикрларни 19-асрда яшаган машҳур педагог ва маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг «Берилaдигaн билимлaрнинг болa ёши вa билим дaрaжaсигa мос келиши, болaнинг билимлaрни онгли ўзлaштиришгa эришиши, билимнинг болaгa моддий вa мaънaвий фойдa келтириши» кераклиги тўғрисида айтган ўгитлари билан ҳамоҳанг эканлигини кўришимиз мумкин [162]. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, болаларни ўқитиш, тарбиялаш, хусусан, уларни ижодкорлик руҳида тарбиялаш – умуминсоний иш бўлиб, бу макон, миллат, ирқ ва жинс танламайди. У ҳар бир инсонга, ҳар бир болага тенг, тааллуқли бўлади.
Юқорида таъкидланганидек, ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш борасида кўплаб тадқиқот ишлари бажарилган бўлса-да, технология фани машғулотлари жараёнида ўқувчилар-нинг ижодкорлик қобилиятини таркиб топтириш ва ривожлантириш технологиясини ишлаб чиқиш муаммоси мажмуавий ҳолда ўз ечимини топмаган. Фикримизча бу муаммони ҳал қилишнинг энг мақбул ечимига технология фани дарсларида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологияларидан фойдаланиш ишларини амалга ошириш, унинг илмий-методик омилларини ишлаб чиқиш йўли билан эришиш мумкин [91; 144-145-б.; 103; 102-103-б.; 119; 76-77-б.; 130; 118-120-б.].
Бу ғояни илгари суришда қуйидагиларга таянилди: биринчидан, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг субъекти бўлган ўқувчи шахсини етук мутахассис сифатида шакллантириш учун аввало мактаб ўқувчиларини касбга йўналтириш ишлари педагогик-психологик ташхис қилишнинг замонавий технологияси асосида амалга оширилиши зарур. Хусусан ўқувчиларни келгусида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига ёки ҳунар мактабларига жалб этиш масалаларини чуқурроқ ўрганиш керак. Шунингдек, миллий менталитетимиз хусусиятларини ўзида акс эттирувчи замонавий ташхис методларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарур; иккинчидан, умумий ўрта таълим мактаби битирувчилари ўзлари эгалламоқчи бўлган мутахассислик, унга тайёрланишдаги таълим жараёни ва ишлаб чиқаришдаги амалий фаолият хусусиятлари тўғрисида атрофлича тушунчага эга бўлишлари лозим. Бу масаланинг ҳал этилиши кўп жиҳатдан битирувчи синф ўқувчилари билан ишлашдаги касбга йўналтириш ишлари самарадорлиги билан узвий боғлиқ. Чунончи, бугунги кунда юқори ўзлаштирувчи ўқувчиларнинг аксарияти халқ хўжалигида мавжуд эҳтиёжни эътиборга олмаган ҳолда бир нечта энг нуфузли олий ўқув юртларидагина ўқишга интиладилар. Бироқ битирувчи синф ўқувчилари нуфузли ва ватанимиз равнақи учун ниҳоятда муҳим, стратегик аҳамиятга эга бўлган тоғ-кон, металлургия, машинасозлик, радиотехника ва алоҳида таъкидлашни талаб этадиган аграр соҳадаги мутахассисликлар тўғрисида етарли тушунчага эга эмаслар. Бу борадаги муаммолар ечимини касбга йўналтириш ишларининг янги технологиясини илмий асосда ишлаб чиқиш орқали ҳал этиш мумкин бўлади, деб ҳисоблаймиз. Бинобарин бу масалани ижобий ҳал этилиши келусида ўқувчиларни қайси касбларда қандай ижодкорлик ишларини амалга ошириш йўналишларини аниқлаб олишга ҳам ёрдам беради; учинчидан, ижодкорлик фаолиятига тайёрлаш жараёнида ўқувчиларни ижодкорлик фаолиятига жалб қилишнинг моддий воситавий асосини таъминлаш билан бирга улардан самарали фойлаланишни таъмин этувчи илмий-методик асослар яратилмоғи лозим. Маълумки ҳар қандай соҳани жаҳон талаблари даражасида тараққий эттиришнинг энг асосий омили илғор технологиялари-дан фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Жумладан, техник ёки бадиий ижодкорлик фаолиятининг маҳсулини замон талаблари даражасида бўлиши учун энг сўнгги ахборотлардан фойдаланиш зарурати юзага келмоқда. Шу сабабли янги ахборот технологияларини мамлакатимиз ўқув юртлари эҳтиёжи ва имкониятларига мос келадиган педагогик-психологик асослаш ижодкор-лик технологиясини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши саналади; тўртинчидан, бўлажак ўқитувчи мутахассисларни тайёрлаш жараёнида уларни ўқувчиларни ижодкорликка ўргатиш бўйича билим ва кўникмаларни
пухта эгаллашларига эришиш лозим.
Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантириш орқали уларда ижодкорлик кўникмаларини шакллантиришда, табиийки, устозлар, педагогларнинг ўрни катта. Психологик нуқтаи назардан олганда аслида ҳамма инсон қобилиятли, истеъдодли бўлиб дунёга келади. Болани ёшлигиданоқ нимага мойиллиги, қобилияти борлигини ўз вақтида англаб, аниқлаб, уни ривожлантирсак, у ҳақиқий туғма истеъдод эгасига айланади. Агар вақтида буни ангалаб етмасак ва унинг қизиқишларига беэътибор бўлсак, ундаги истеъдод сўниб, худбин шахсга айланади. Шунинг учун педагоглар зиммасига катта вазифалар юклатилади. Педагог ходимларимиз ижодкор шахсларни тарбиялаш учун, ўқувчиларда ижодкорона ёндашишни шакллантириш учун қуйида ёритиладиган бир қатор педагогик талабларга жавоб беришлари, яъни таълим жараёнида қўлланиладиган айрим ўқитиш усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланишга эътибор қаратишлари лозим. Бошқа предметлар қатори умумтаълим мактабларида технология фани машғулотларида бунга жиддий эътибор қаратилмоғи лозим. Чунки технология фани машғулотларида ўқувчиларда ижодкорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд.
Умумий ўрта таълим мактабларида технология фани машғулотлари нисбатан мустақил, аммо ўзаро алоқада бўлган қисмларга бўлинади. Бу асосан назарий ва амалий ишлаб чиқариш таълими жараёнидир. Назарий таълим ўқувчиларни билимлар тизими билан қуроллантиришга қаратилган. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг учинчи босқичида таълим-тарбия тизимининг сифатини ошириш кўзда тутилган. Шу нуқтаи назардан қараганда таълим беришнинг фаоллаштирувчи шаклларидан бири бўлган модулли ўқитишни технология фани жараёнига жорий этиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Биз бу ҳақда мулоҳаза юритиб, модулли ўқитиш нима, у анъанавий дарс турларидан нимаси билан фарқланади, деган масалага эътиборни қаратамиз.
Маълумки, анъанавий дарс турларида таълим-тарбия жараёни марказида ўқитувчи туради. У ўқув материалини тушунтиради, сўрайди ва баҳолайди. Ўқувчилар эса ўқитиш жараёнининг суст иштирокчиси бўлиб, улар ўқитувчи тушунтиришини эшитадилар ва унинг саволларига жавоб бериш билан кифояланадилар. Модулли ўқитишда эса ўқувчилар мустақил равишда, билим, кўникма, малака эгаллаш билан бирга ўз фаолиятларини баҳолаш даражасига кўтариладилар. Модулли ўқитишнинг ижрочиси ўқувчидир. Ўқитувчи бунда таълим олишнинг ташкилотчиси, ўқувчининг ёрдамчиси сифатида қатнашади. Модулли ўқитишда ўқитувчининг кўпгина функциялари ўқувчиларга ўтади. Ташкилотчи сифатида ўқитувчининг функцияси аввал модулли ўқитиш дастурини яратишда намоён бўлади. Модулли ўқитишни амалга ошириш учун бундай дастурлар ўқувчиларга олдиндан тарқатилиши керак. Ҳозирги бозор иқтисодиётига ўтиш даврида кўпгина таълим муассасаларида модулли ўқитиш дастурларини тайёр ҳолатда ҳар бир ўқувчига тарқатиш мушкул. Шуни назарда тутиб, технология фани дарсларининг ҳар бир мавзусини ўтишдан олдин унинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларга вазифа бериш лозим. Бундай вазифаларни ўқувчилар томонидан мустақил бажарилиши модулли ўқитишни амалга оширишда қисман дастур ролини бажариши мумкин.
Модулли ўқитишни айрим мавзулар ёки боблар бўйича олиб бориш мумкин. Модулли ўқитишни ташкил этиш одатда технологик карта тузишдан бошланади. Унда ўқувчилар фаолиятининг мақсади аниқ кўрсатилади. Масалан газламаларга бағишланган мавзуни модулли ўқитишда ўқувчиларнинг фаолияти газламаларнинг тузилиши, хиллари, келиб чиқиши, аҳамияти, қандай соҳаларда ишлатилиши ҳақидаги билимларни эгаллаш, газламалардан ўз манфаатларида йўлида фойдаланиш, қўшимча адабиётлар билан ишлаш кўникмасига эга бўлишга қаратилади. модулли ўқитишда мақсадга эришиш учун ўқувчилар матн, ундаги расмлар билан танишишлари, айрим муаммоли масалалар, чунончи газламалар тайёрлаш тўғрисидаги тахминлар бўйича мунозара қилишлари, саволларга жавоб беришлари, тест топшириқларини бажаришлари лозим. Бу модулли ўқитишнинг биринчи босқичи ҳисобланади. модулли ўқитишнинг иккинчи босқичи қўйилган мақсадни амалга ошириш билан боғлиқ ўқувчиларнинг мустақил фаолиятини ташкил этишга бағишланади. модулли ўқитишнинг учинчи босқичида ўқувчилар ўзларининг билим ва кўникмаларини қай даражада эканлигини баҳолайдилар. Модулли ўқитишнинг тўртинчи босқичида ўқитувчи модули дастурига, унда бажарилган ишларга якун ясайди.
Жаҳон педагогикаси амалиётида қўлланиб яхши натижалар бераётган ўқитишнинг янги шакл ва усуллари республикамизнинг илғор ўқитувчилари томонидан ҳам қўлланилмоқда. Бундай усуллардан бири ўқитишнинг интерфаол усулларидир. Бу усулнинг асл моҳияти ўқувчини мустақил билим олишга, билим олиш учун эса изланишга, фикрлашга, дарслик ва қўшимча адабиётлар билан ишлашга йўналтиришдир. Дарс жараёнида қуйидаги интерфаол усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир: ақлий ҳужум, танқидий тафаккур, кичик гуруҳларда ишлаш, дебатлар, ўз нуқтаи назаринг бўлсин, ҳар ким ҳар кимга ўргатади, пресс услуби, бинго ўйини ва бошқалар. Ўқитишнинг бундай фаол шакллари ва усулларини қўллаш ўқувчиларга ўз навбатида ижтимоий ҳаётда қонунларни амалда қўллаш майлини туғдиради
ва имкон яратади.
«Қўлланмалар билан ишлаш» усулида эса дарс ўтиш жараёнида дарслик, қўшимча адабиёт, жадвал, шакллар етарли бўлиши ва ҳар бир ўқувчига берилиши керак. Умуман олганда энди технология дарсларида дарслик ва қўлланмлар билан ишлаш усулидан фойдаланиш учун катта имкониятлар яратилди. Жумладан технология фани бўйича 5-9-синфлар учун дарсликлар ва бошқа қўлланмалар яратилган [191, 206, 219, 221, 222].
Шунинг учун ҳам энди технология дарсларида ўқувчиларни адабиётлар билан ишлашга ўргатиш катта аҳамият касб этмоқда.
Қўлланмалар билан ишлашда ўқитувчи мавзуни эълон қилиб асосий мақсадни тушунтириб беради. Ўқувчилар дарслик, қўлланма, жадвал ва шакллардан фойдаланиб маълумот тўплашга, дарсни мустақил ўрганиб, сўнгра ўзаро кичик гуруҳ, жамоа бўлиб таҳлил қилиб чиқадилар. Бундай дарслар ўқувчиларни дарслик, қўлланмалардан фойдаланиб маълумот тўплашга, дунёқараши, билим ва кўникмасини оширишга, мустақил билим олишга ва мустақилликка ўргатади, шунингдек, шахсий психологик хусусиятларни, инсонийлик фазилатларини шакллантиришга ва ривожлантиришга ҳам ёрдам беради.
Технология фани ўқувчиларни муайян меҳнат жараёнларини бевосита амалга оширишга тайёрлаш, яъни уларнинг билимларини амалиётда қўллашга ўргатиш, дастлабки касбий кўникма ва малакаларни шакллантириш вазифасини қўяди. Меҳнат фаолиятида оддий бир ишни бажаришига йўналтирилган вазифанинг ҳар бир элементи меҳнат ҳаракати дейилади. Бу модулли ўқитишнинг иккинчи босқичига мос келади.
Технологик жараённинг бир типдаги асбоблар, мосламалар ва меҳнат усулларини қўшиб олиб борилиши орқали тугалланган қисми меҳнат операцияси деб аталади. Ҳар бир меҳнат операцияси меҳнат усулларининг бирга қўшиб олиб борилиши ёрдамида бажарилади. Усул бу ишчининг муайян бир мақсадга эга бўлиб, тугалланган меҳнат ҳаракатидир.
Назарий ва ишлаб чиқариш таълими вазифаларини бўлиниши шартли характерга эга, чунки назарий таълимда билимларни амалиётда қўллашга кўп эътибор берилади. Ишлаб чиқариш таълимида олинган билимлар назарий таълимда туркумлаштирилади, назарий таълим жараёнида ўрганилган кўникма ва малакалар эса ишлаб чиқариш фаолиятида қўлланиб мустаҳкамланади. Технология фанининг асосий вазифаси ўқувчиларни ижтимоий ва шахсий эҳтиёжларини қондирувчи ишлаб чиқариш меҳнатига тайёрлашдан иборатдир. Меҳнат унумдорлиги аввало ўқувчиларнинг танлаган касби бўйича ишга тайёрлиги, шахсий тажрибасига боғлиқ. шахс тажрибаси бу унинг томонидан эгалланган билим, малака ва одатлар йиғиндисидир. Умумий режада у киши маданиятини, касб фаолиятида эса тайёрланганлик даражасини белгилайди. Технология фани машғулотларида ўқув ишини тўғри ташкил қилиш, ўқувчиларнинг давлат таълим стандартларида кўзда тутилган ўқув материалларини тизимли ўрганиш ва пухта ўзлаштириши ҳамда миллий истиқлол ғояларига асосланган жамиятимизнинг онгли қурувчиларини тарбиялашга шароит яратади. Технология фани дарсларида ўқувчиларнинг ўқув ва ишлаб чиқариш фаолияти турли ташкилий шаклларда кечади. Технология фани машғулотларида ташкилий шакл деганда ўқув ишлаб чиқариш фаолияти учун ўқувчилар кичик гуруҳларини ташкил этиш йўллари, бу фаолиятга раҳбарлик қилиш шакллари, шунингдек ўқув машғулотларининг қурилиш структураси тушунилади. Технология фанидан ўқув жараёнида таълимнинг турли шакллари қўлланилади. Таълимнинг асосий шакли дарс ҳисобланади. Бу технология фанидаги ўқув ишини ташкил этишнинг назарий ва ишлаб чиқариш таълимидаги асосий шаклидир. Технология фани машғулотларида ўқитишнинг у ёки бу шаклини танлашда ўқувчиларни касбий билим, кўникма ва малакалар билан қуроллантириш жараёнида уларнинг мутлоқ мақсади ва яқин вазифалари, мазмун ҳамда методлари, шунингдек, моддий шароитини белгилайдиган асосий омилларининг у ёки бу шаклига боғлиқ. Ўқувчилар фаолияти ва таълимоти жараёнини, шунингдек амалий тайёргарликнинг методлари ва дидактик воситаларини тўғри танлаш қуйидагиларни таъминлайди:
– буюмлар тайёрлашдаги технологик жараёнларнинг оқилона кўриниши (варианти) ни танлашни асослаш учун назарий билимлардан мақсадга мувофиқ фойдаланиш ёки ишларни бажариш изчиллиги;
– ўқувчиларга педагог томонидан технологик жараённинг алоҳида операция ҳамда усулларини бажаришни, у ёки бу йўналиш учун характерли бўлган назорат-ўлчов асбоблари ва апаратларини қўллаш йўлларини, шунингдек ишлаб чиқариш илғорлари тажрибасини ҳар томонлама намойиш қилиш, касбларни ўқув дастурлари ва режаларига мувофиқ равишда тизимли ва изчиллик билан ўрганиш;
– ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш меҳнатига тезроқ қўшилиши;
– ўқув ишининг турли ташкилий шакллар тизимида ўқувчиларнинг педагог томонидан берилган уй вазифаларини мустақил бажаришлари муҳим аҳамиятга эга. Назарий таълимда ўқув маърузалари, семинарлар, лабаротория машғулотлари, практикумлардан фойдаланилади. ишлаб чиқариш таълимида эса муайян шароитларда ўқув ишининг кичик гуруҳ таълимига яқин бўлган шакли қўлланилади. Технология фани ўқитувчиси ўқув ишини ташкил этишда кўрсатилган шаклларнинг ҳар биридан фойдаланиши, зарур бўлганда уларни мувофиқлаштириши (алмаштириши ёки бирга қўшиб олиб бориши) мумкин. Бунда ўқув дастурларининг бажарилиши ўқувчиларни ишлаб чиқаришдаги мустақил ишга тайёргарлигини оширишни, улар томонидан янги техника, технологик жараёнлар ва меҳнатни ташкил этишни ўрганишини таъминлайди. Педагогнинг таълимни бу босқичдаги ўқув тарбиявий вазифалари, ўқув материалининг мазмунидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш характерини ҳисобга олган ҳолда гуруҳ ишлаб чиқариш таълимини ташкил этишнинг энг оқилона шаклларини белгилайди. Хусусан дарсни ёппа (фронтал), гуруҳ шаклларида ўқувчилар ўқув материалини бир вақтда бир хил ишларни бажарган ҳолда ўрганадилар. Бу шакл ўқитиш учун жуда қулай шароит яратади ва шунинг учун ундан биринчи навбатда фойдаланиш зарур.
Технология фанидаги ишлаб чиқариш таълими дастлабки пайтларда мактаб ўқув устахоналарида амалга оширилади. Ўқув устахоналарида ўқувчилар томонидан бажариладиган иш турларига қараб машғулотларнинг қуйидаги хилларини кўрсатиб ўтиш мумкин: машқ дарслари, ўқув-ишлаб чиқариш дарслари – буюмларини мустақил тайёрлаш дарслари, аралаш дарслар, инструктив ва назорат-текшириш дарслари.
Машқ қилиш машғулотлари даврида етакчи элемент – ўқувчилар томонидан машқларни ишлаб чиқариш жараёнида қайта бажариш ҳисобланади. Ўқув-ишлаб чиқариш, буюмларини мустақил тайёрлаш дарслари ишлаб чиқариш таълимининг асосий шарти сифатида ўтилади. Бунда ўқув ишларини мустақил бажариш якка (индивидуал), гуруҳ (звено, бригада) ли ва ёппа (фронтал) бўлиши мумкин. Бир хил иш қуроли ва айни бир асбобни қўллаб, бир хил ишни умумгуруҳ бажараётганда педагог гуруҳга фақат умумий раҳбарлик қилиши билан ҳар бир ўқувчига ёрдам беради.
Аралаш дарс деб барча айтиб ўтилган дарс хилларига хос бўлган
элементлар қўлланиладиган дарсга айтилади, ҳар бир дарснинг бош вазифаси
ва мақсади ўқувчилар томонидан дастур материалини онгли равишда ўзлаштирилишидир.
Назорат-текшириш дарслари одатда, ўқув даврининг охирида ўқувчиларнинг мустақил ишга бўлган қобилиятини, уларнинг ишлаб чиқаришга улгиришини баҳолаш, шунингдек ўқув ишлаб чиқаришда фақат ўқувчилар эмас, балки педагог фаолиятидаги камчилик ва ижобий томонларини ҳам ҳисобга олиш мақсадида ўтказилади. Ишлаб чиқариш таълими асосида ўз ичига қуйидагиларни олувчи тизим ётади: ўқувчиларни мазкур операцияни ташкил этувчи алоҳида ҳаракат ва усулларни бажаришдаги тренинг машқлар; операцияда ўзлаштирилган машқларни қўшиш, яъни мазкур операцияни ташкил этувчи ҳаракат усулларни комплекс
равишда ўрганиш; объектни ўрганишда муайян босқични ташкил этувчи бир неча асосий операцияларни ўрганиш ва ўзлаштириш; унча мураккаб бўлмаган, аммо мазкур буюмларга оид касб учун турдош бўлган буюмларни тайёрлашда бир неча ўрганилган операцияларни комплекс равишда изчил қўллаш; ўқувчилар томонидан ўқув-ишлаб чиқариш характерига эга бўлган буюмларни жуда мураккаб комплексларда ўрганиладиган операцияларнинг катта миқдорини қўшиб олиб борган ҳолда мустақил тайёрлаш.
Шундай қилиб, ўқувчилар давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мувофиқ режали равишда билимларни эгаллайдилар. Ўқув устахоналарида ўқувчиларга таълим беришнинг хусусияти шундаки, у ўқувчилар томонидан билимлар, кўникма ва малакаларни изчил ҳамда онгли ўзлаштириш тамойилларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Барча меҳнат ҳаракатлари, усуллари, операциялари ишларнинг ўсиб борадиган мураккаблиги ва аниқлиги тартибида ўрганилади. Ўқув устахоналарида ўқувчилар муайян меҳнат операциясига кирувчи алоҳида усул ва ҳаракатларни эгаллайдилар, операцияни бутунлигича, хусусиятлари билан ўзлаштириб, уни жуда оқилона ва маҳсулдор бажаришни ўрганадилар. Бундай амалий ишларни ўқувчиларни тўғри бажаришга ўргатишда инстрруктаж (йўл-йўриқ кўрсатиш) методидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамиятга эгадир [140; 248-254-б.]. Бинобарин инструктаж усули – уйғунлашган технология-ларнинг бир кўринишидир.