Читать книгу Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - Исмоил Каримов - Страница 8
II боб. ТЕХНОЛОГИЯ ДАРСЛАРИ ЖАРАЁНИДА ЎҚУВЧИЛАРНИНГ ИЖОДКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ
§2.3. Технология дарслари жараёнида ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришнинг педагогик, психофизиологик хусусиятлари
ОглавлениеПедагогик адабиётларни, шу жумладан, диссертацияларни ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш бўйича кўпгина тадқиқотлар ўтказилган бўлиб, уларда ўқувчиларнинг ижодий фаолиятини ташкил этишнинг турли хил шакл ва усуллари очиб берилган. Ўрганилган ҳамма тадқиқотларда ижодий фаолият орқали шахсни тарбиялашда катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланган. Психологияга оид адабиётларда таъкидланишича, умумий ҳолда фаолият деганда кишининг англанган мақсад билан бошқарилиб туриладиган ички (психик) ва ташқи (жисмоний) фаоллигига айтилади [179 78-б.;, 180; 89-б.; 181; 118-б.]. Инсон фаолиятининг мазмуни шу фаолиятни вужудга келтирадиган эҳтиёжларнинг бир ўзи билан эмас, балки фаолият мотивлари билан ҳам белгиланади. Мақсадга эришиш фаоллик талаб қилади. Бу фаоллик эса ирода билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам фаолият воқеаликка бўлган фаол муносабатларни шундай шартидирки, яшаб турган одам ва олам ўртасида реал алоқа ўрнатади. Фаолият ўйин фаолияти, таълим фаолияти ва меҳнат фаолияти турларига бўлинади. Ўйин фаолияти ҳаракатли ва ақлий ўйинлардан ташкил топади. Бу фаолият имкониятларидан таълим-тарбия жараёнларида ҳам унумли фойдаланиш мумкин [181; 118-б]. Таълим фаолияти эса субъектни ўрганиш мақсад қилиб олинган ўзига хос фаолият бўлиб, бу фаолият билим олиш, кўникма ва малакалар ҳосил қилиш билан якунланади. Меҳнат фаолияти эса маълум бир ижтимоий фойдали моддий ё маънавий маҳсулотни ишлаб чиқаришга йўналтирилган фаолият туридир.
Ижодий фаолият анча кенг маънодаги тушунчадир. Бу фаолият меҳнатнинг ижодий йўналиши (меҳнатни ташкил этиш, унинг мазмуни, усулларини тадқиқ этиш) билан тавсифланади. Ижодий фаолият ечими илгари маълум бўлмаган масалаларни қўйишни ёки фикрларни шакллантиришни тақозо этади. Муаммони ечишга қаратилган ижодий фаолият муаммонинг ечимларини топиш, таққослаш ва танлаш – изланувчанлик кўринишига эгадир.
Конструкторлик ва технологик фаолият эса инсон томонидан ижодий масалаларни бажариш, бунда буюмни конструкциялаш, уни тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни билдиради. Бу ишларнинг натижаси сифатида юзага келадиган янгилик субъектив ва объектив, яъни ўзи учун ёки жамият учун бўлиши мумкин. Турли вақтларда турли соҳа тадқиқотчилари, масалан, педагоглар, психологлар, физиологлар, социологлар ва бошқалар ижодий фаолият жараёнининг турли аспектларини – қирраларини ўрганадилар ва бу соҳанинг ўзига хос қонуниятларини очдилар. Масалан, рус физиологлари И.П.Павлов ва И.М.Сеченовларнинг тадқиқотларига кўра, ижодкорлик физиологик-психологик асосга эга бўлиб, ўзига хос мураккаб психологик жараённи ташкил этади [178, 194]. Физиологларнинг нуқтаи назарича, ижодий ғоя инсон мия-асаб фаолиятининг янги тизими ҳисобланади. И.П.Павловнинг аниқлашича, олий мия-асаб тизими ташқи воқеа-ҳодисаларни ва турли нарсаларни фақатгина қабул қилувчигина эмас, балки уларни аналитик-синтетик таҳлил этиш хусусиятига ҳам эгадир [178; 65-б.]. Бунинг натижасида турли хил воқеа-ҳодисаларнинг, буюмларнинг фарқини, алоҳида томонларини, ўзига хос хусусиятларини, шартли боғлиқлик томонларини ажратиш имконияти юзага келади. Бу эса ўз навбатида инсонга буюм ва ҳодисалардаги янги ўхшашликларни илғай олиш, олдиндан маълум бўлган тушунчалар асосида уларга турли хил янгича қарашларни юзага келтиришда қўл келади. Бундай қарашларнинг вужудга келиши эса турли объектлар ва бошқа буюмларни лойиҳалаш, тайёрлаш жараёнлари билан боғлиқ бўлган ижодий фаолият учун асос бўлиб хизмат қилади. Умуман олганда, ижодий фаолият ёки ижодкорлик ниҳоятда кенг тушунча бўлиб, у илмий, бадиий, техник, амалий ижодкорлик каби соҳаларга бўлиниб кетади. Ижодий фаолиятнинг бу соҳалари умумий асосга эга бўлган ҳолда ўзига хос хусусиятларга ҳам эгадир. Жумладан техник ижодкорлик ҳам ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, атоқли психолог С.Л.Рубинштейн ихтирочиларнинг фаолиятини таҳлил этиб, шундай фикр билдирган эди: «Ихтирочиларнинг бошқа ақлий фаолиятлардан ажратиб турадиган хусусияти шундан иборатки, бунда маълум муаммони ҳал этадиган аниқ буюм, механизм ёки усулни яратиш туради. Ихтирочининг ижодий иши ўзига хослиги воқеа ва ҳодисалар жараёнига қандайдир янгилик киритиши билан аниқланади» [187; 201-б.]. Ижодкорлик жараёнида инсоннинг асаб-мия тизимига хос бўлган, мавжуд вақтинчалик маълумотларни умумлаштиришга ва янгиларини яратишга имкон берадиган хусусиятлари яққол намоён бўлади. В.С.Василейский [43], А.Н.Лук [158], Б.М.Теплов ва П.М.Якобсон [193] каби психологларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра ижодий жараён ўзига хос маълум қонуниятлар асосида юз беради. Жумладан П. М.Якобсон ҳам ихтирочилариннг фаолиятини ўрганар экан, «ҳар қандай кутилмаган ички четланишлар маълум қонуниятлар асосида юзага келади», – деган фикрни билдирган эди [193; 132-б].